Omon Matjon. O’zi o’qigan she’rlar & Ashurali Jo’rayev. Mening kimligimni el bilsa bo’ldi

6414 феврал  — Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон туғилган кун

Омон Матжон “шеърият – ҳамманинг ўзи, ўзлиги” эканини эътироф этиб: “Ҳар гал, ҳар шеъримда, ҳар тепганда қалб – ўзим ўз қалбимнинг бўлсам Колумби”, деб қатъий ният қилиб, улуғ мақсад қўяди…

033Ўзбек шеъриятининг забардаст вакили, Ўзбекистон Халқ шоири Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилояти Янгибозор тумани Боғолон қишлоғида дунёга келган. Ўрта мактабни тугатгач, у Самарқанд Давлат университетида таҳсил олади. Омон Матжон 1969 йил олийгоҳни якунлаганидан сўнг, 2002 йилгача Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим бошлиғи, сўнгра «Ёшлик» журналида бош муҳаррир, «Чўлпон» нашриётида директор бўлиб ишлаган.

Омон Матжон ўзбек шеъриятига 1960-йилларда ўз йўли ва оҳангги билан кириб келади. 1970 йилда шоирнинг «Очиқ деразалар», деб номланган илк шеърий тўплами нашрдан чиқади. Кейин «Карвон қўнғироғи», «Қуёш соати», «Ярадор чақмоқ» каби китобларим, «Беруний» драматик достоним, Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги достоним, «Ҳаққуш қичқириғи» деган қирқ афсонадан иборат китобим, «Дарахтлар ва гиёҳлар китоби» деб номланган экологик мавзудаги китобларим кетма-кет босмадан чиқди.1991- 2011 йиллар ўртасида шоирнинг «Иймон ёғдуси», «Эркин ҳаволарда», «Ардахива», «Халоскор Руҳ» ва «Дийдор Азиз» каби китоблари чоп этилган.

Шоирнинг «Умр ўтар…», «Табассум қил», «Эшигингдан ўтарман бир кун», «Менинг кимлигимни эл билса бўлди» каби қатор шеърлари таниқли ҳофизлар тарафидан қўшиқ қилиб куйланган.

Омон Матжон 1991 – 1993 йиллар Ўзбекистон Президенти Девонида давлат маслаҳатчиси, 1993 — 1998 йилгача Давлат Матбуот Қўмитасида раис муови лавозимларида ҳам фаолият олиб борган.

Шоир адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 2006 йилда Омон Матжонга Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон берилган.

Ашурали ЖЎРАЕВ
“МЕНИНГ КИМЛИГИМНИ ЭЛ БИЛСА БЎЛДИ”
Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжонни эслаб…


Ўзбек адабиётининг яна бир улкан чинори қулади. Бўй-басти билан қулаган бу забардаст чинор зарбидан юраклар фарёд қилди, кўзларга қуйилиб-қуйилиб ёш келди. Чинор қулаганда Хоразм воҳаси ҳам титраб кетди. Видо кўз ёшлари гўё Амударёгача оқиб борди. Дарё тўлқинлари ғамга ботди. Шеърият олами бўзлади. Унинг нурли қаламидан тўкилган теран ва боқий мисралар етим бўлиб қолди.

Истеъдодли шоир Омон Матжоннинг вафоти сабаб, адабиётнинг яна бир дилбар ва гўзал шеърият боғи боғбонсиз ҳувиллаб қолди. Бу боғни Омон Матжон юксак истеъдоди билан яратган эди. У яратган серҳосил, кўркам боғ улуғ шоирлар – Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов боғлари билан ёнма-ён эди. Шоир ёзганидек: “Бу боғлардан бизлар ўтдик, бизнинг издан кимлар ўтар?!”

Хоразмда устоз Эркин Воҳидов билан бўлган катта бир ижодий учрашувда Омон ака қўлини кўксига қўйиб: “Мен ҳеч қачон Эркин Воҳидов билан Абдулла Ориповнинг йўлларини кесиб ўтмаганман”, деган эди. Шоирнинг 70 йиллик тўйида устоз Абдулла Орипов айтган сўзлар ҳамон ёдимизда: “Омон Матжон шеърияти аллақачон адабиётимизда катта ҳодиса, улкан воқеа сифатида баҳоланган. Ва адабиётда ўзининг мустаҳкам ўрнини топган. Тафаккуримизни мудом бойитиб турадиган бу шеъриятнинг умри Хива ёдгорликлари каби жозибали ва боқийдир”.
У дастлабки шеърларидан бири “Очиқ деразалар”да шундай деб ёзган эди:

Мен ўз деразамни орзу қиламан,
Ёғдуси, сояси, кулгиси билан…

Шунингдек, у: “шеърият – ҳамманинг ўзи, ўзлиги” эканини эътироф этиб: “Ҳар гал, ҳар шеъримда, ҳар тепганда қалб – ўзим ўз қалбимнинг бўлсам Колумби”, деб қатъий ният қилиб, улуғ мақсад қўяди. Бугун аён бўлдики, шоир ёрқин ва бетакрор ижоди билан ўз мақсадига тўла-тўкис, ортиғи билан эришди. Ҳақиқатан адабиётда Омон Матжоннинг ўз ижод йўли, ўз овози борлигини аллақачон олимлар, мухлислари ва ҳамкасблари эътироф этганлар. Юрагига “Иймон ёғдуси”ни мустаҳкам жойлаб, қўлидаги қаламни маҳкам ушлаб “Эркин ҳаволарда” олис-олисларга парвоз қилди. Унинг шеърлари Хоразм мусиқаси каби юксак ноталарга кўтарилиб, авж пардаларда ҳамон янграётир.
033
Омон Мажон ўзи туғилиб вояга етган Хоразмнинг чин фарзанди сифатида, бу муқаддас тупроқни, кўҳна юртни қувончлари, дарду шодликлари, тарих саҳифаларида кўмилиб кетган нурли лаҳзалари, оҳу нолалари ва буюк алломаларнинг тарихимизга қолдирган қутлуғ изларини, уларнинг боқий меросларини ўз шеърлари, достонлари ва тарихий рисолаларида ғурур ва фахр билан юксак пардаларда тараннум этди:

Ўзбек элим ўлмагайсан дунёда,
Мангу юксак виқор кўрдим Хивада…

Ёки яна бир шеърида:

Ўзбекистон жамолида
Сен нақши нигор, Хоразм.
Жаҳон меҳробида сўзим:
Бор Хоразм, бор Хоразм, –

деб ёзади у.

Биз, Ватанни ғурур билан севишни, севиб ардоқлашни, ардоқлаб улуғлашни, улуғлаб фахр билан юракка жойлашни Омон Матжондан ўрганайлик. Бу шеърият бизга руҳий куч-қувват бағишлайди, томирларимизда миллат бирлиги жўш уради, унинг буюклиги, саховатли замин эканлиги ҳар лаҳзада намоён бўлаверади. Ва жонажон Ўзбекистонимизни янада юксалиб, буюк ғалабаларга чорлаётган манзаралари чизилаверади.

Омон Матжоннинг яна бир бахти шундаки, унинг энг сара шеърларини машҳур ҳофизлар – Отажон Худойшукуров, Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов ва бошқа таниқли санъаткорлар ҳам юксак маҳорат билан куйлаган. Айниқса, Ортиқ Отажонов ижросидаги “Умр ўтар, вақт ўтар” қўшиғини инсон умрининг мадҳиясига қиёслаш мумкин.

Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар,
Омад ўтар, бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг…

Омон Матжоннинг муҳаббат, севги ва ишқ мавзусида ёзган шеърлари ҳам ўзига хос теран ва бетакрор. Унинг шеърларида поклик, ҳаё, садоқат, меҳр, вафо нозик пардаларда акс этади, ифорли ранглар билан чизилади. Бу ҳароратли шеърий манзаралар ўқувчи қалбига кўчади. Ва сиз ҳам шоирга қўшилиб шивирлайсиз:

Ўртамизда биргина олма,
Гард тегмаган, бирам покиза,
Ҳозирча у рангин бир ҳавас,
Лаб тегса, бошланар мўъжиза…

Адабиёт хазинаси Омон Матжоннинг “Очиқ деразалар”, Карвон қўнғироғи“, “Ярадор чақмоқ”, “Қуёш йўли”, “Сени яхши кўраман”, “Гаплашадиган вақтлар”, “Минг бир ёғду”, “Умр ўтар, вақт ўтар” сингари дурдона китоблари билан бойиди. Бир қанча шеърий драмалари, тарихий қисса ва бадиалари халқимизнинг маънавий мулкига айланди.

Агар ҳазрат Алишер Навоий ҳаёт бўлганларида улуғ устоз сифатида кўп шоирларни, албатта, имтиҳон қилган бўларди. Табиийки, бу имтиҳондан Омон Матжон юқори баҳо билан ўтарди. Чунки шоир Алишер Навоийни ўзининг пири деб билди. Навоийдан илҳомланиб, “Минг бир ёғду”, “Қуш тили” маърифий достонларини маҳорат билан ёзди.

Шоир бир шеърида: “Дилимнинг рангини гул билса бўлди, Менинг кимлигимни эл билса бўлди”, – деб битган эди. Эл уни биларди, эл у билан чин дилдан фахрланарди. Элнинг суюкли ва ардоқли фарзанди эди у.

Шу боис, элимиз эъзозлаб, қалбидан унга жой берди. У ҳақиқий элпарвар, ватанпарвар ва халқ шоири эди.

Шу ўринда андак мулоҳаза; шоирнинг умри ва ижоди бир текис ва силлиқ кечди, десак хато бўлади. Омон Матжон нурли ва ёруғ кўчалар, чаман гулзорлар билан бирга тиканли, ғадир-будир йўллардан ҳам мардона ўтди. Лекин ҳеч кимга нолимади, ҳеч кимга гина қилмади. Катта-кичик анжуманларга, давраларга чақирилмагани учун заррача хафа бўлмади. У ўз ижод дунёсига ғарқ бўлиб, жимгина яшаб ўтди. Унинг бебаҳо ва ёруғ дунёси шеър эди. Вужуди шеър сеҳри билан тўлиб, тошган эди. Кўпчилик истеъдодлар йўлида дуч келадиган айрим ғаламислар, кўролмайдиган юраги қора кимсалар унинг тақдир йўлига асло тўсиқ бўлолмадилар. Шоир бир шеърида ёзади:

Азизим, юлдузлар фалакда бахтли,
Инсон ўз қалбида –
Юракда бахтли…
Сен сира ўзингни нурга солмайсан:
“Анавилар бор-да, ўшалар…” дейсан.
Гулим “ўша”ларга ўчма-ўч очил,
Сенинг учун бугун боғлар бўш, очил.
Уларни қўявер, улар қолмаслар,
Чунки бизлар каби сева олмаслар!..

Шоир “Қуёш соати” китобида шундай ёзади: “Хоразмда тоғлар йўқ эмас, бор! Хоразм тоғлари воҳани тонгда қуёшдан тўсиб қўймаслик учун одамлар қиёфасида яшашади! – Хоразмий, Беруний, Шайх Нажмиддин Кубро, Замахшарий, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Хожихон Комилжон…”
Бугун Ўзбекистон Халқ шоири, адабиётимизнинг ёрқин намояндаларидан бири Омон Матжон ҳам ана шу юксак тоғлар қаторига қўшилди. Хоразмда яна бир улкан тоғ пайдо бўлди.

Охиратингиз обод бўлсин, Омон ака!

14  fevral — O’zbekisto xlq shoiri Omo Matjon tu’lgan kun

Omon Matjon “sheʼriyat – hammaning oʼzi, oʼzligi” ekanini eʼtirof etib: “Har gal, har sheʼrimda, har tepganda qalb – oʼzim oʼz qalbimning boʼlsam Kolumbi”, deb qatʼiy niyat qilib, ulugʼ maqsad qoʼyadi…


Oʼzbek sheʼriyatining zabardast vakili, Oʼzbekiston Xalq shoiri Oʼzbekiston xalq shoiri Omon Matjon 1943 yil 14 fevralda Xorazm viloyati Yangibozor tumani Bogʼolon qishlogʼida dunyoga kelgan. Oʼrta maktabni tugatgach, u Samarqand Davlat universitetida tahsil oladi. Omon Matjon 1969 yil oliygohni yakunlaganidan soʼng, 2002 yilgacha Gʼafur Gʼulom nomli Аdabiyot va sanʼat nashriyotida muharrir, boʼlim boshligʼi, soʼngra «Yoshlik» jurnalida bosh muharrir, «Choʼlpon» nashriyotida direktor boʼlib ishlagan.

Omon Matjon oʼzbek sheʼriyatiga 1960-yillarda oʼz yoʼli va ohanggi bilan kirib keladi. 1970 yilda shoirning «Ochiq derazalar», deb nomlangan ilk sheʼriy toʼplami nashrdan chiqadi. Keyin «Karvon qoʼngʼirogʼi», «Quyosh soati», «Yarador chaqmoq» kabi kitoblarim, «Beruniy» dramatik dostonim, Pahlavon Mahmud haqidagi dostonim, «Haqqush qichqirigʼi» degan qirq afsonadan iborat kitobim, «Daraxtlar va giyohlar kitobi» deb nomlangan ekologik mavzudagi kitoblarim ketma-ket bosmadan chiqdi.1991- 2011 yillar oʼrtasida shoirning «Iymon yogʼdusi», «Erkin havolarda», «Аrdaxiva», «Xaloskor Ruh» va «Diydor Аziz» kabi kitoblari chop etilgan.

Shoirning «Umr oʼtar…», «Tabassum qil», «Eshigingdan oʼtarman bir kun», «Mening kimligimni el bilsa boʼldi» kabi qator sheʼrlari taniqli hofizlar tarafidan qoʼshiq qilib kuylangan.

Omon Matjon 1991 – 1993 yillar Oʼzbekiston Prezidenti Devonida davlat maslahatchisi, 1993 — 1998 yilgacha Davlat Matbuot Qoʼmitasida rais muovi lavozimlarida ham faoliyat olib borgan.

Shoir adabiyot sohasidagi xizmatlari uchun Hamza nomidagi Respublika Davlat mukofotiga sazovor boʼlgan. 2006 yilda Omon Matjonga Oʼzbekiston Xalq shoiri degan unvon berilgan.

Аshurali JOʼRАEV
“MENING KIMLIGIMNI EL BILSА BOʼLDI”
Oʼzbekiston Xalq shoiri Omon Matjonni eslab…


12Oʼzbek adabiyotining yana bir ulkan chinori quladi. Boʼy-basti bilan qulagan bu zabardast chinor zarbidan yuraklar faryod qildi, koʼzlarga quyilib-quyilib yosh keldi. Chinor qulaganda Xorazm vohasi ham titrab ketdi. Vido koʼz yoshlari goʼyo Аmudaryogacha oqib bordi. Daryo toʼlqinlari gʼamga botdi. Sheʼriyat olami boʼzladi. Uning nurli qalamidan toʼkilgan teran va boqiy misralar yetim boʼlib qoldi.

Isteʼdodli shoir Omon Matjonning vafoti sabab, adabiyotning yana bir dilbar va goʼzal sheʼriyat bogʼi bogʼbonsiz huvillab qoldi. Bu bogʼni Omon Matjon yuksak isteʼdodi bilan yaratgan edi. U yaratgan serhosil, koʼrkam bogʼ ulugʼ shoirlar – Erkin Vohidov, Аbdulla Oripov bogʼlari bilan yonma-yon edi. Shoir yozganidek: “Bu bogʼlardan bizlar oʼtdik, bizning izdan kimlar oʼtar?!”

Xorazmda ustoz Erkin Vohidov bilan boʼlgan katta bir ijodiy uchrashuvda Omon aka qoʼlini koʼksiga qoʼyib: “Men hech qachon Erkin Vohidov bilan Аbdulla Oripovning yoʼllarini kesib oʼtmaganman”, degan edi. Shoirning 70 yillik toʼyida ustoz Аbdulla Oripov aytgan soʼzlar hamon yodimizda: “Omon Matjon sheʼriyati allaqachon adabiyotimizda katta hodisa, ulkan voqea sifatida baholangan. Va adabiyotda oʼzining mustahkam oʼrnini topgan. Tafakkurimizni mudom boyitib turadigan bu sheʼriyatning umri Xiva yodgorliklari kabi jozibali va boqiydir”.

U dastlabki sheʼrlaridan biri “Ochiq derazalar”da shunday deb yozgan edi:

Men oʼz derazamni orzu qilaman,
Yogʼdusi, soyasi, kulgisi bilan…

Shuningdek, u: “sheʼriyat – hammaning oʼzi, oʼzligi” ekanini eʼtirof etib: “Har gal, har sheʼrimda, har tepganda qalb – oʼzim oʼz qalbimning boʼlsam Kolumbi”, deb qatʼiy niyat qilib, ulugʼ maqsad qoʼyadi. Bugun ayon boʼldiki, shoir yorqin va betakror ijodi bilan oʼz maqsadiga toʼla-toʼkis, ortigʼi bilan erishdi. Haqiqatan adabiyotda Omon Matjonning oʼz ijod yoʼli, oʼz ovozi borligini allaqachon olimlar, muxlislari va hamkasblari eʼtirof etganlar. Yuragiga “Iymon yogʼdusi”ni mustahkam joylab, qoʼlidagi qalamni mahkam ushlab “Erkin havolarda” olis-olislarga parvoz qildi. Uning sheʼrlari Xorazm musiqasi kabi yuksak notalarga koʼtarilib, avj pardalarda hamon yangrayotir.

Omon Majon oʼzi tugʼilib voyaga yetgan Xorazmning chin farzandi sifatida, bu muqaddas tuproqni, koʼhna yurtni quvonchlari, dardu shodliklari, tarix sahifalarida koʼmilib ketgan nurli lahzalari, ohu nolalari va buyuk allomalarning tariximizga qoldirgan qutlugʼ izlarini, ularning boqiy meroslarini oʼz sheʼrlari, dostonlari va tarixiy risolalarida gʼurur va faxr bilan yuksak pardalarda tarannum etdi:

Oʼzbek elim oʼlmagaysan dunyoda,
Mangu yuksak viqor koʼrdim Xivada…

Yoki yana bir sheʼrida:

Oʼzbekiston jamolida
Sen naqshi nigor, Xorazm.
Jahon mehrobida soʼzim:
Bor Xorazm, bor Xorazm, –

deb yozadi u.

Biz, Vatanni gʼurur bilan sevishni, sevib ardoqlashni, ardoqlab ulugʼlashni, ulugʼlab faxr bilan yurakka joylashni Omon Matjondan oʼrganaylik. Bu sheʼriyat bizga ruhiy kuch-quvvat bagʼishlaydi, tomirlarimizda millat birligi joʼsh uradi, uning buyukligi, saxovatli zamin ekanligi har lahzada namoyon boʼlaveradi. Va jonajon Oʼzbekistonimizni yanada yuksalib, buyuk gʼalabalarga chorlayotgan manzaralari chizilaveradi.
Omon Matjonning yana bir baxti shundaki, uning eng sara sheʼrlarini mashhur hofizlar – Otajon Xudoyshukurov, Sherali Joʼraev, Ortiq Otajonov, Bobomurod Hamdamov va boshqa taniqli sanʼatkorlar ham yuksak mahorat bilan kuylagan. Аyniqsa, Ortiq Otajonov ijrosidagi “Umr oʼtar, vaqt oʼtar” qoʼshigʼini inson umrining madhiyasiga qiyoslash mumkin.

Umr oʼtar, vaqt oʼtar,
Xonlar oʼtar, taxt oʼtar,
Omad oʼtar, baxt oʼtar,
Lekin hech qachon chiqmas yodimdan
Sening yurishlaring, sening kulishlaring…

Omon Matjonning muhabbat, sevgi va ishq mavzusida yozgan sheʼrlari ham oʼziga xos teran va betakror. Uning sheʼrlarida poklik, hayo, sadoqat, mehr, vafo nozik pardalarda aks etadi, iforli ranglar bilan chiziladi. Bu haroratli sheʼriy manzaralar oʼquvchi qalbiga koʼchadi. Va siz ham shoirga qoʼshilib shivirlaysiz:

Oʼrtamizda birgina olma,
Gard tegmagan, biram pokiza,
Hozircha u rangin bir havas,
Lab tegsa, boshlanar moʼʼjiza…

Аdabiyot xazinasi Omon Matjonning “Ochiq derazalar”, Karvon qoʼngʼirogʼi“, “Yarador chaqmoq”, “Quyosh yoʼli”, “Seni yaxshi koʼraman”, “Gaplashadigan vaqtlar”, “Ming bir yogʼdu”, “Umr oʼtar, vaqt oʼtar” singari durdona kitoblari bilan boyidi. Bir qancha sheʼriy dramalari, tarixiy qissa va badialari xalqimizning maʼnaviy mulkiga aylandi.

Аgar hazrat Аlisher Navoiy hayot boʼlganlarida ulugʼ ustoz sifatida koʼp shoirlarni, albatta, imtihon qilgan boʼlardi. Tabiiyki, bu imtihondan Omon Matjon yuqori baho bilan oʼtardi. Chunki shoir Аlisher Navoiyni oʼzining piri deb bildi. Navoiydan ilhomlanib, “Ming bir yogʼdu”, “Qush tili” maʼrifiy dostonlarini mahorat bilan yozdi.

Shoir bir sheʼrida: “Dilimning rangini gul bilsa boʼldi, Mening kimligimni el bilsa boʼldi”, – deb bitgan edi. El uni bilardi, el u bilan chin dildan faxrlanardi. Elning suyukli va ardoqli farzandi edi u.

Shu bois, elimiz eʼzozlab, qalbidan unga joy berdi. U haqiqiy elparvar, vatanparvar va xalq shoiri edi.

Shu oʼrinda andak mulohaza; shoirning umri va ijodi bir tekis va silliq kechdi, desak xato boʼladi. Omon Matjon nurli va yorugʼ koʼchalar, chaman gulzorlar bilan birga tikanli, gʼadir-budir yoʼllardan ham mardona oʼtdi. Lekin hech kimga nolimadi, hech kimga gina qilmadi. Katta-kichik anjumanlarga, davralarga chaqirilmagani uchun zarracha xafa boʼlmadi. U oʼz ijod dunyosiga gʼarq boʼlib, jimgina yashab oʼtdi. Uning bebaho va yorugʼ dunyosi sheʼr edi. Vujudi sheʼr sehri bilan toʼlib, toshgan edi. Koʼpchilik isteʼdodlar yoʼlida duch keladigan ayrim gʼalamislar, koʼrolmaydigan yuragi qora kimsalar uning taqdir yoʼliga aslo toʼsiq boʼlolmadilar. Shoir bir sheʼrida yozadi:

Аzizim, yulduzlar falakda baxtli,
Inson oʼz qalbida –
Yurakda baxtli…
Sen sira oʼzingni nurga solmaysan:
“Аnavilar bor-da, oʼshalar…” deysan.
Gulim “oʼsha”larga oʼchma-oʼch ochil,
Sening uchun bugun bogʼlar boʼsh, ochil.
Ularni qoʼyaver, ular qolmaslar,
Chunki bizlar kabi seva olmaslar!..

Shoir “Quyosh soati” kitobida shunday yozadi: “Xorazmda togʼlar yoʼq emas, bor! Xorazm togʼlari vohani tongda quyoshdan toʼsib qoʼymaslik uchun odamlar qiyofasida yashashadi! – Xorazmiy, Beruniy, Shayx Najmiddin Kubro, Zamaxshariy, Pahlavon Mahmud, Ogahiy, Xojixon Komiljon…”
Bugun Oʼzbekiston Xalq shoiri, adabiyotimizning yorqin namoyandalaridan biri Omon Matjon ham ana shu yuksak togʼlar qatoriga qoʼshildi. Xorazmda yana bir ulkan togʼ paydo boʼldi.

Oxiratingiz obod boʼlsin, Omon aka!

04

(Tashriflar: umumiy 620, bugungi 1)

Izoh qoldiring