Nazar Eshonqul. Og’riq lazzati & Bepoyon osmon. Audiohikoya & «Qora kitob»dagi tagiga chizib o’qiladigan satrlar

001   Бугун ўзбек прозасига янги нафас олиб кирган ёзувчи Назар Эшонқул 60 ёшга тўлди. Муборак бўлсин!

Одам фақат яратганда шундай қиёфага киради, одам фақат бирор нарса яратган лаҳзалардагина яратувчининг нақадар улуғлиги ва қудратини ҳис этади. Бу ҳис ҳар бир одамга таниш. Бизнинг ишларимиз ўша Яратган яратганнинг яратганларидир…

Назар ЭШОНҚУЛ
ОҒРИҚ ЛАЗЗАТИ
065

04    Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ» ва бошқа асарлари нашр этилган. «Гўрўғли» романининг журнал варианти эълн қилинган. Хуан Карлос. Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

065

Дўстим билан шаҳар ўртасидаги майдонга кириб борганимизда, улар қатор тизилиб ўтиришарди. Таналари яра-чақадан гезарган, азбаройи оғриқ ва азобдан деярли шилиниб тушган елкаларидаги яғирга қуёш шуълалари тушганда ялтираб кетар, оёқларини олдинга чўзганча туришга ҳам мадорлари келмай забун бўлиб ўтиришарди. Текин томоша кўришни истовчи эртаю кеч майдондан кетмай уларнинг фарёд ва фиғонга тўла ҳолатини зериккунча тамоша қилишар, ҳатто тунлари ҳам бу ерда хоҳлаганча томошабин топилар эди. Азобга маҳкумлар исқирт вва увада кийимларига ўралганча бир муддат мизғиб олишар, сўнг яна уқубатли ҳунарларини бошлашарди. Фиғонлар қанчалик мудҳиш, ҳасратомуз чиқмасин, бунга ҳеч ким эътибор ҳам бермас, аксинча, бир неча фиғон ичидан ким кўпроқ оҳ-воҳ қилаётибди, кимнинг товуши баланд, кимники зўраки-ю кимники самимий дея баҳслашардилар. Мабодо биронтаси фиғон қилишдан тўхтаб қолса, худди айбдордек, яралар беҳад азоб бераётган шерикларига ҳасад аралаш кўз ташлар ва назоратчиларни имларди; назоратчи қўлида қамчи билан етиб келар ва кўкара бошлаган яралар устидан савалашга тушарди. Агар бу ҳам кор қилмаса, катта нағалли этиги билан тананинг тўғри келган ерини топтай бошларди. Назоратчилар азоб беришнинг хилма-хил усулларини қўллар эдилар; улар ўз ишларининг айтиш мумкинки, устаси фаранглари эди. Аммо назоратчиларнинг оғриқ қўзғатишдаги тажрибалари қанчалик ошаётган бўлса, майдондагиларнинг қониқмасликлари ҳам шунчалик кучайиб борарди. Айримлар бош назоратчи келганда усулларнинг тез эскириб, танага кор қилмай қолаётганидан шикоят қилишарди. Бошлиқдан танбеҳ эшитган назоратчилар бироз кенгашиб олгач, важоатли қиёфада яна маҳкумлар олдида пайдо бўлишар ва аввал оёқларининг, сўнг қўлларининг бармоқларини бирма-бир, бўғинма-бўғин синдира бошлашарди: оғриқ қўзғатиш мумкин бўлган барча усулларни қўллашга рухсат берилганди; назоратчилар аввал маҳкумларни этлари шилингунча савалаб чиқишар, кейин яралар устига туз сепишарди. Бу фақат бошланғич босқич эди. Бора-бора туз ҳам танадан оғриқ қўзғатмай қўярди, шундан сўнггина назоратчилар бошқа аъзоларга оғриқ қўзғатиш тараддудига тушардилар.

Бармоғи синган маҳкум ўкириб юборар, юзида азобли ифода пайдо бўлиб, кўзидан ёш чиқиб кетарди, аммо қисиб олган лабларига баайни зулмат ичида ёниб турган шамдек бир заиф табассум қалқиб чиқарди, оғриқ кучайган сайин бу табассум бутун юзни эгаллаб оларди. Кимнинг юзида азоб ўрнида тўлиқ табассум пайдо бўлса, тамошабинлар ўшани кўрсатиб, қийқиришарди. Бу уларнинг олқиши эди. Маҳкумларнинг юзига булутлар остидан чиқиб келаётган қуёш каби табассум ёйила борар, бундан завқланган назоратчилар уларнинг бармоқларини шарт-шурт синдира бошлашар эди. Гарчи оломон қийқириб турган бўлса ҳамки, бармоқларнинг синиши бутун майдонга эшитилар эди. Юзида табассум балқиган маҳкум шу ҳолда кўзини юмганча узоқ жилмайиб ётарди – айни шу сония унинг масту мустарлик палласи эди. Унга ҳеч нарса оғриқ лаззатчалик фароғат бахш эта олмасди; ёйилиб кетган лабларини, милкларидан оқиб тушаётган ёшларни, исқирт, ювиқсиз ва қаровсиз юзига истара бахш этган табассумни ва унинг жангда ғолиб чиқиб, ухлаб ётган қадим паҳлавондек бахтиёр қиёфасини кўриб, у айнан шу лаҳзани ҳеч қайси жаннатга алмаштирмайди, уни ҳеч қайси пайғамбар, ҳеч қайси муқаддас китоб бу лаззатдан маҳрум этолмайди, деб ўйлардингиз, зеро, унинг айни шу лаҳзадаги саодатманд қиёфасини ҳеч нарса билан ифодалаб ҳам бўлмасди. Шу сабабли улар атрофида ҳамиша томошабинлар қийқириб туришар, маҳкумлар эса, бир-биридан ўтказиб ўз санъатларини намойиш этиш учун назоратчиларни ўзларига кўпроқ азоб беришга чорлашарди. Назоратчи энди унинг тиззаси устида сакрар ва юзи аралаш қамчи туширарди. Суяк қарсиллаб кетарди; маҳкум эса саодатнавиш жилмаяр, ёрилиб кетган лаб ва бурундан оқаётган қон унинг табассумига заррача бўлсин гард юқтира олмас, аксинча, маҳкум азобу оғриқдан фароғатланиб турган шу сонияда яна ҳам салобатли ва илоҳий туюларди.

– Санъат, бу санъат, – деб бақиришарди оломон маҳкумнинг юзини кўрсатиб.
– Қойил қилишаяпти, – чийилларди орқадагилар ҳам. – Бунақаси камдан-кам учрайди.

Оғриқ санъати ҳам санъатга хос барча сифатларга эга эди, ҳатто улардан мукаммалроқ ҳам эди; унинг ҳар бир ҳаракати, ҳолати, овози, ижроси, манзараси шундай изчил тартибга эга эдики, бири иккинчисиз содир бўлмасди ва энг улкан рассомлар ҳам энг улуғ асари устида маҳкумлар каби завқланган, лаззатланган эмас ва улар ҳам бу манзарани чизишга ожиз қолардилар. Оғриқ ва оғриқ пайдо қилишнинг тури, усуллари шунчалик хилма-хил эдики, бу соҳада ҳар қандай санъат тури билан баҳс бойлаша оларди, бинобарин, бу санъатдан ҳам бошқа санъат турлари каби маҳкумлик мавжуд ва бунинг ҳам ўз томошабинлари бор эди. «Оғриқ лаззати – энг олий лаззат, – деб ёзишарди маҳкумлар билан қилган суҳбатларда, – бу лаззатни фақат оғриққа маҳкум бўлгач сезиш мумкин». Бу санъатнинг бошқа санъатлардан фарқи шуки, унга маҳкум этилган умр бўйи унинг шайдоси бўлиб қолар, ундан ҳеч қачон қутилиб кета олмасди. Ташлаб кетганлар салдан сўнг яна қайтиб келишарди. Чунки оғриқ лаззатидан татиган, кўчасидан бир марта ўтган киши усиз яшай олмаслигини англарди. Оғриқ маҳкумлар учун саодат эди. Маҳкумлар қанчалик азоб чекишса, шунчалик завқланишар ва оғриқ лаззатига ҳар маҳал ташна туришар, оғриқ хумор қилиб, таналарини ўзлари ҳам юлиб-ялқаб ташлашарди. Улар оғриқ учун туғилган, оғриқ ва азобнинг олий мақомига етишган эдилар – уларни оғриқ ва азобдан бошқа ҳолатда тасаввур қилиб бўлмасди. Азоб санъат асари яратишнинг энг қулай воситаси эканлигини маҳкумлар ҳам, назоратчилар ҳам ҳис қилишар, шу сабабли назоратчилар оғриқ ва азоб беришни ўзларининг бурчлари дея ҳисоблардилар.

Газеталар ҳар куни маҳкумларнинг янги-янги муваффақиятлар тўғрисида саҳифа-саҳифа мақола, хабарлар беришар, томошабинлар эса эртага маҳкумлар билан бўладиган янги томошани орзиқиб кутганча тонг оттиришар, сал бўш вақт топилса, майдонга қараб чопишарди. Улар санъат шайдоларига, санъатдан завқ олишнинг хуморпарастларига айлангандилар. Санъат ва санъаткорларга бундай садоқатли ихлосмандликни бошқа жойда топиш мушкул эди. Шу сабабли назоратчилар ҳам майдондагиларни ўз мухлислари билан беҳад фахрланишар, майдонда одам қанча кўп бўлса, уларнинг ҳаракатлари ҳам, нағмалари ҳам шунча санъаткорона тус оларди. Оғриқ туфайли келадиган лаззатдан ўзга олийроқ фароғат йўқ эди; яра-чақа тошган таналар, исқирт ва увада кийимлар ҳам бу манзарани хиралаштиролмас, азоб-уқубат чекавериб, мурданики каби қонсиз ва ифодасиз юзлар нақ хулё офтоби ёритиб турган, фақат таҳаюлгина яратиш мумкин бўлган хаёлий қиёфаларга ўхшаб кетарди. Фақат санъат асари яратаётгандагина юз шундай улуғвор ҳолатга кириши мумкин.

Биз шаҳарнинг қайси бурчагига бормайлик, мўъжизавий санъаткорликка ва уни олқишлаётган мухлислар оломонига дуч келардик. Айрим мухлислар ўзларининг санъат фидойиси эканлигини кўрсатиш учун назоратчилар сафига келиб қўшилар ва улуғ санъат намунаси яратишда ўз ҳиссаларини қўшишни исташарди; улар санъатга фидойиликлари туфайли ҳам маҳкумларни кўпроқ азоблаш керак, шунда улар яна улуғроқ асарлар яратадилар дейишар ва назоратчи сифатида маҳкумга ташланиб, уни бир пасда оғиз-бурнини қонга бўяр, тузни шусиз ҳам ҳалвираб қолган яралар устига сепарди. Фидойилар газетларда бу санъатнинг равнақ топиши ҳақида баҳс, мунозаралар уюштиришарди. «Инсонни хўрлаш мумкин эмас, – деб ёзишарди улар мунозараларда, – инсон фақат улуғланиши керак. Чунки у улуғ нарсалар яратишга қодирдир». Кейинги ойларда оғриқ санъати билан шуулланувчи тадқиқотчилар ҳам пайдо бўлганди. Улар бу санъат инсон яратган энг улуғ санъатлардан бири эканлигини эътироф этишар, аммо бу санъат тафаккур маҳсулими ёки тана деган масала юзасидан ҳеч келиша олмасдилар. Ҳар бирининг ўзига хос далил ва исботлари бор эди. Бу мунозарага шаҳар аҳли ҳам қўшилгач, тарафлар жанжали яна ҳам авж олди. «Бу тафаккур масули, йўқса, улар тананинг бу қадар азобига дош беролмасди. Фақат тафаккур шундай улуғ санъат ярата олади», – дея баҳслашардилар тафаккурчилар. «Йўқ, бу санъат фақат тананики. Унинг янгилиги ҳам шунда. Инсоннинг жисмоний имконияти чексиздир», деб уларнинг фикрини рад қиларди бошқалари. Баҳс-мунозаралар шунчалик авж олдики, оқибат сал бўлмаса, икки ўртада жанжал чиқиб кетаёзди. Шаҳар раҳбарлари аралашуви билан икки томон ярашди ва энди улар «Бу инсондаги жисмоний ва тафаккур қувватининг маҳсули», деган якдил тўхтамга келдилар. Шундай кунларда газеталарда Тўртинчи маҳкум ҳақида шов-шув бошланди. Унинг азоб-уқубатга бениҳоя қобилиятли эканлиги, санъати ҳам ўзининг нафис ва гўзаллиги билан ажралиб туриши ҳақида ёзишарди, дарвоқе, уни нафосат оламининг сўнмас гулига қиёслашар эди. Тўртинчи маҳкум – у марказий майдондаги маҳкумлар ичида эди – қотмадан келган, узунбўй, қилтириқ ва юзида доим табассум балқиб турадиган йигит эди. У маҳкумлар ичида ўзининг дардга чидамлилиги билан ажралиб турар, бармоқлари синдирилаётганда ёки оғриқ бутун танасини қалтиратиб юборганда у худди маъшуқасига табассум қилаётгандай жилмайиб қўяр, сўнг яна ҳам назокатлироқ қилиб назоратчига миннаддорона бош ирғарди. Назоратчилар ҳам унга шундай муносабатда бўлишга интилишар, учи ўткир, махсус санчқисини гўё тош йўнаётган ҳайкалтарошдай танага иштиёқ билан санчар, сўнг ўша тошга бу гўзал санъатнинг намунаси бўлган ўзига хос нақш солиб чиқишарди. Назоратчиларнинг Тўртинчига эътибор ва ҳурмати зўрлигидан ҳафсала билан азоб беришаётгани кўриниб турарди. Ваҳоланки, уларга оғриқ қўзғатиш учун хоҳлаганча қўполлик қилиш ҳуқуқи берилганди. Тўртинчи оёқларининг суяги синдирилаётганда ҳам табассум қилишни тарк этмади: гўё у бу оғриқларни назарига илмаётгандай эди; оғриқ юзини бир зум кўкартириб юборса ҳам у бир неча сонияда ўзини тутиб олар ва хумор қилиб тамаки тутатаётгандай оғриқнинг танасига сингаётганидан лаззатланиб, лабининг бир четида жилмайганча мағрур ва шарафли алфозда турарди. Унинг шу туришиёқ ўзи бир санъат асари эди; унинг юзида беҳад азоб-уқубат акс этган, қиёфаси яқинда қирғин-барот тугаган ва ҳамма нарса вайрон қилинган майдонни эслатарди. Бу юзида ҳақорат ва хўрликдан, мусибат ва аламдан асар ҳам йўқ, лабининг четидаги табассум эса, ҳаётининг қоронғу кўчаларида қолиб кетган, ўша олис дориламон кунларнинг бир синиқ парчаси, ўзини томоша қилаётган, олқишлаётган оламон олдига кийиб чиққан ниқоби эди, ана шу табассумгина уни майдондагилар ичида улуғвор ва мағрур кўрсатиб турарди.

У ўзининг озурдалиги билан менга жуда ёқиб қолганди, дарвоқе, биз майдонма-майдон югуришни бас қилиб, энди фақат Тўртинчи турган майдонга борар, кечгача ўша ерда қолиб кетардик; Тўртинчининг худди май тўлатилган қадаҳ каби оғриқ тўла юзини кўрганда кунлар қандай кеч бўлганини ҳам билмай қолардик. Тўртинчи ғаройиб сабр-тоқати ва назокати билан ҳаммани ҳайратга солган эди. Унинг ғолиб табассумини кўрганда азбаройи завқланганимиздан уни ғажиб ташлагудек қудрат сезардик ўзимизда. Уни ғажиганда ҳам шундай ғажиш керакки, у тилка-пора этилаётгандаги оғриқдан яна ҳам буюклашсин ва бу буюк оғриқ инсониятнинг абадул-абад турадиган санъат асарига айлансин, зеро, Тўртинчи абадийлик қадар буюк асар яратишга қодирдир, дердим дўстимга. Мен айнан шу Тўртинчи маҳкум туфайли дўстим билан қаттиқ тортишиб қолгандим.– У бир олифта – дерди у, – ўзи ҳозир тўкилиб тушаман деяпдию дағдағасини қаранг, нуқул мадорсиз қоматини тутаман деб чиранади. Ундан кўра менга нариги майдондаги бурнига халқа ўрнатилгани кўпроқ ёқади. Халқага қўшиб бурнини қанча бурасанг ҳам жилмайиб тураверади.

Мен Тўртинчини қанчалик мақтамайин дўстим ўз сўзида туриб олди. Биз гарчи ўзимизни фидойи деб ҳисобламасак ҳам талабалик давримизда кўпроқ нарсаларни кўриб қолайлик деб, майдонга ҳар куни келардик ва уларнинг маҳорати кўриб биз ҳам оломон ичида туриб олқишлардик. Кейинги кунларда синов бошланиб, биз майдонга боролмай қолган бўлсак-да, дўстим билан бутун синов муддати тугагунча – уч ҳафтача Тўртинчи ҳақида тортишиб юрдик. Биз тўғри келган ерда – хоҳ даҳлиз, хоҳ хонада бўлсин баҳсга киришиб кетардик.

– Унинг ичкариси мустаҳкам, – дердим мен, – гап танада эмас, у ўзини мустаҳкам ушлаб туришга қудратни ўша ичкаридан олаяпти.

Дўстим уни нуқул олифта дерди. Унга Тўртинчининг табассуми ёқмасди. – Ҳаммаси зўраки, – дерди у, – кулгуси масхара қилайтганга ўхшаб чиқади.

Бир фикрга келолмасак ҳам биз синов тугаши билан майдонга қараб югурдик. У ерда оломон яна ҳам гавжумлашганди. Санъат асарига шунчалик ихлосманд одамлар кўплигидан биз фахрланиб қўярдик. Дўстим санъатни севган халқ – буюк халқ деб исботлашга ҳаракат қиларди ва шу сабабли майдондаги мухлисларни кўрганда беҳад қувониб кетарди.

Шаҳар Тўртинчининг янги мўъжизаларини ҳазм қилиб улгурмасди. У кейинги кунларнинг шубҳасиз, ягона қаҳрамонига айланди. Майдонга борганимизда биз яна бир янги гап эшитдик: Тўртинчи ўзининг юрагини суғуриб олишга рухсат берибди. Бундай ғаройиб томоша ҳали маҳкумлар ичида содир бўлмаганди. Мен бироз енгил тортдим. Дўстим билан баҳсимиз шу билан ниҳоясига етганди. Бу гапни эшитгач, дўстим бироз ишонқирамай турдию, сўнг индамай қўя қолди. Сукути менинг ғалабамдан дарак берарди. Шу сабабли биз Тўртинчининг янги-янги мўъжизаларини кўриш учун майдонга қараб йўл олардик. Тўртинчининг юраги кесиб олинадиган куни майдон томошабинларга тўлиб кетди. Улар Тўртинчига ўз муҳаббатларини изҳор қилгани келгандилар. Ўртада синган оёқлари ва бармоқлари шишиб кетган Тўртинчи ўша алфозда – мағрур ўтирарди. Энди унинг юзи ҳам гезара бошлаган, оғриқ силласини қуритган эди, аммо у ҳали ўзини тетик ва бардам тутиб турар, оғриқ ҳали уни буткул енголмаганди. Танадаги яраларига ёпишиб қолавергач, унинг уст-бошини ечиб ташлашган, ялонғоч пайти у яна ҳам озғин бўлиб кўринарди. Мухлислар уни тинмай олқишлашарди – улар ҳозир энг улуғ санъатга воқиф бўлажакларидан ҳаяжонга тушгандилар; уларнинг кўпчилиги ўзлари билан шиорлар ёзилган лавҳалар, эндигина узилган гуллар кўтариб олишган, лавҳаларда «Биз сен билан фахрланамиз», «Сенга омад тилаймиз» деган ёзувлар кўзга ташланарди; гуллар эса бир-биридан чиройли эди – майдонда турфа рангдаги қўлбола гулзор пайдо бўлганди.

Майдонга тўртта назоратчи кириб келгач, газетчилар шақирлатиб суратга тушира бошлашди. Назоратчилар томошабинлар ҳайқириғи остида ишга киришдилар: улар макумнинг юзи майдонга яхшироқ кўриниб туриши учун юракни орқа томондан чиқариб олишга қарор қилдилар. Биттаси маҳкумнинг қўлидан ушлаб турғизди ва уни томошабинларга қаратди. Қолган иккитаси умуртқа суякни арралай бошлашди. Маҳкум ғоз қотиб ўтирар, арра суякларини кесиб ўтаётгандагина кўзларини юмиб олар, юзи қоп-қора тер аралаш буришиб кетар, бироқ тезда кўзини очар ва ўша синиқ табассум билан оломонга қараб жилмайиб қўярди. У худди шу лаҳзада оғриқдан беҳад лаззатланаётганлиги кўриниб турарди – кўзлари хушнудликдан йилтиллаб кетганди. Оғриқ уни ниҳоят лаззатнинг олий мақомига олиб чиққанди – назоратчилар юракка туташ томирларни қайчилашар экан, маҳкумнинг юзидаги табассум яна ҳам улуғворлашди – шу сониядаги лаззатни у қачондан бери кутган, муштоқ бўлган эди. У фароғатнинг олий чўққисида туриб ўзини томоша қилаётганларни беписанд кузатиб турар, ўзи эса ҳамон лаззат диёрида парвоз қиларди. Бошқа маҳкумлар ҳам оҳ-воҳ қилишни бас қилиб, унга ҳасад билан боқиб туришар, томошабинлар эса «Офарин», «Қойил», «Жуда боплаяпти», дея ҳайқиришар, газетчилар маҳкумнинг юзида пайдо бўлган лаззат ифодасини тезроқ суратга олиш учун бир-бирига бир нималар деб бақиришарди. Орқада турган назоратчилардан биттаси билқиллаб турган юракни қўлига олиб, майдондагиларга кўрсатганда оломон гувурлаб юборди. Энг сўнгги нафасгача маҳкумнинг юзидаги табассум йўқолмади, у қалтираётган, юраксиз танасини тик тутганча ҳамон табассум қилиб турарди, тўғрироғи, унинг жонсиз юзида табассум қотиб қолган эди – у фароғат қучоғида ҳамон парвоз қилар, ўз санъатининг ақл бовар қилмас улуғворлигини кўрсатиш учун учишга чоғланган бургутдек шиддатли қиёфага кирганди. Унинг табассуми секин-аста сўна бошлади. Табассум сўниши билан тана ҳам гупиллаб ерга қулади. Бир дам сукут чўкди. Сўнг бирдан мухлислар тана устига яшнаб турган гулларини ирғитдилар ва улуғ санъатга гувоҳ бўлганларидан қувончлари ичига сиғмай бир-бирини қучоқлаб кетдилар. Мен ҳам ғолиб алфозда дўстимни қучиб олдим. Тана гуллар ичида кўринмай қолди. Қўлида юрак билқиллаётган назоратчи бу улуғ санъаткор олдида аввал тиз чўкди, сўнг юракни оҳиста унинг кўкраги устига қўйди. Шундагина биз оғриқ-фароғатидан сўнг ҳам, ўзимиз турган заминга тушмаганини англадик – у нариги ёқда, лаззат юртида қолган эди – унинг жонсиз танаси ҳам санъат асарига айланган ва яшноқ гулларга кўмилиб ётарди.

ОДАМ, ОРЗУ, ХАЁЛ ВА ГЎЗАЛЛИК ҲАҚИДА
Назар Эшонқулнинг “Қора китоб” қиссасида
тагига чизиб ўқиладиган сатрлар
065

Назар Эшонқулнинг “Қора китоб” қиссасида инсон маънавияти масаласи етакчи ўринда туради. Асарни ўқир экансиз, унинг қаҳрамони билан юзма-юз мулоқот қилаётгандай бўласиз. Қиссада қаҳрамонлар ҳаётидаги воқеликлардан кўра улар руҳиятидаги, тафаккуридаги тезланиш кучли эканини англайсиз. Шунингдек, қисса қаҳрамони бир пайтнинг ўзида ҳам гуноҳкор банда, ҳам шу гуноҳкорнинг қораловчиси, ҳам жабрдийда шаклида намоён бўлади. У фаол, ўзини англаб етгани, ҳаёт йўли ҳақида якуний хулосага келгани билан бошқалардан кескин фарқ қилади. Асар мутолааси давомида китобхон қаҳрамоннинг “мен”и нега шу аҳволга тушганини тезда англаб олиши қийин. Воқеаларнинг фавқулодда, кескин ва сирли содир бўлиши эса асарни янада ўқишли қилади. Ниҳоят, асар қаҳрамони қаерда хатога йўл қўйганини англаб етади. Аммо ҳаётини ўзгартиришга қурби етмаслиги, вақтни ортга қайтара олмаслигини билгач, ўзи каби миллионлаб инсонларни хато йўлдан тийишга чоғланади. Асар қаҳрамонининг ягона исёни — шу. Бу ўзини англаш, ўзлигини топиш исёни. Асар ниҳоясида у ўзининг дунёдаги сўнгги қурбон, сўнгги хато бўлишини чин дилдан истайди. Токи, унинг тақдир йўлига бошқалар бўйламасин.

Қуйида асардаги тагига чизиб ўқиладиган айрим сатрларни сараладик.

065

Одам ҳайвонлар ичида яшаса, ҳайвонга, ҳашаротлар ичида яшаса, ҳашаротга айланади…

* * *

Вайсақилик қобилият эмас, одам ўз бахтсизлигини яшириш учун қиладиган ниқоб…

* * *

Ҳар қандай гўзаллик ортида ваҳшийлик яширинган бўлади, гўзаллик ваҳшийликнинг ювош кўринишидир… Мана бу гул қандай нафис дейишингиз билан кўнглингизда шу гулни узиб олиш истаги пайдо бўлади.

* * *

Китоб мени қанчалар телба қилди, қанчалар жунунваш қилди, у мени болаликнинг тор кўчаларидан ақл-­идрокнинг чўққилари сари етаклаб ўтди.

* * *

Ўлим бемаънилик эмас, тақсирим, ўлим маъно… Ўлаётган одам ўз умрининг неча пулга арзишини билиб ўлади.

* * *

Одам бирдан тушкун бўлиб қолмайди, у энг охирги имкониятгача кутади ва у ҳам бой берилгач, тушкунлик саҳросига йўл олади.

* * *

Санъатдан хабарингиз бўлса, у жуда машаққатли касб, у қийноқлар, адашишлар, изтироблар эвазига дунёга келади. Қайси санъаткор адашиб, ўзи изтиробига қоврилиб, яратмаса, у ҳақиқий санъаткор эмас. Адашмай санъатда тўғри йўлни бирдан топганлар ё ёлғон санъаткор ёки даҳо бўлади. Ҳатто даҳолар ҳам ўзларининг юксак шон­-шавкатларига адашиб­-адашиб етиб келадилар. Адашаётган одам йўл излаётган одамдир.

* * *

Одам фақат яратганда шундай қиёфага киради, одам фақат бирор нарса яратган лаҳзалардагина яратувчининг нақадар улуғлиги ва қудратини ҳис этади. Бу ҳис ҳар бир одамга таниш. Бизнинг ишларимиз ўша Яратган яратганнинг яратганларидир.

* * *

Зўрлик кишида ҳамиша нохушлик уйғотади. Зўрликни, ўлимни севиш ва унга ўзликни бахшида қилиш учун одам ақлдан озишдан ташқари яна бир нарсага эга бўлиши керак: иблиснинг юрагига…

* * *

Фақат у худбинлигини зиёлинамо сукут билан яшириб юради.

* * *

Мен ўзимни қуруқ мақташларини сезиб тураман, бу менинг ғазабимни қўзғайди, ғазабни яшириш учун киброна жилмайиб қўяман.

* * *

Минглаб, юз минглаб одамларга нисбатан ўзингнинг кучли ва фарқли эканингни англашнинг ўзиёқ кишига саодат бағишлайди.

* * *

Инсон ўзини тўла кашф қилмагани туфайли ҳам ожиздир.

* * *

Унинг руҳи синиқ эди ва, албатта, унга аталган ҳаёт шамлари пирпираб қолганини, яқин кунларда эсажак шабада бу шамларни буткул ўчириб кетишини ич­-ичимдан сезиб турардим, лекин унга ўзимни ҳам, уни ҳам алдаб далда берардим.

* * *

Парвардигор тақиқлаган нарсалар бизни ўзига тортаверади, у нафратлан, деган нарсаларни севиб қолаверамиз. Хўш, айтинг-чи, чархи дуннинг қайси бурчагида ёлғон йўқ, қайси бурчагида жаҳолат, нодонлик, хиёнат, тубанлик йўқ? Бу ғафлатдаги оломон қачон уйғонади?

* * *

Ёлғизликда одам виждон билан, ўтган кунлар ва хотиралар билан юзма­-юз келади; айниқса, қабристон сукунати чўккан уйимда тунлари виждон ҳайқириғи баралла эшитилади ­ у худди тун бағрини ёритиб юборган ҳилолдай бутун умримни, қилмишу қидирмишимни ёритиб юборарди.

* * *

Асбоб бузилса, уни яратган устага олиб бориб тузатамиз. Одамзоднинг ҳам бузилган қалбини уни Яратгангина тузата олади. Ким усталикка даъвогар бўлса, ким уни мен тузатаман деса, уни фақат яна ҳам кўпроқ вайрон қилишга олиб келади. Ҳар ким ўзи яратган нарсага усталик қилгани маъқул.

* * *

Дунёни ларзага солиб, масту мустар ҳайқираман: майли, менинг бу ҳайқириғим дунёнинг адашган сўнгги ҳайқириғи бўлиб қолсин.

* * *

Оилани жамиятнинг бир бўлаги дейишади. Демак, менинг оилам бир жамият ва мен ана шу жамият ахлоқи учун ҳамиша жавобгарман.

* * *

Йиғи билан дунёни қутқариб бўлмайди.

* * *

Мен ўғлимнинг мусиқаси қандай қилиб олқишга сазовор бўлаётганини тушунмасдим: ё мен ёки одамлар ақлдан озган эди: ахир зўрлик ва сизни майиб қилишга мўлжалланган мусиқани қандай қилиб мусиқа деб аташ, уни олқишлаш мумкин.

* * *

Бу ҳаёт инсонга яшаш учун курашга берилган.

* * *

Одам сифатида одамзодга келтирган зарарларим учун, одамзод олдидаги гуноҳларим учун тазарру қилмоқчиман.

* * *

Инсон ёвузликнинг ижодкори. Баъзан инсон яратган ёвузликлар Яратганни ҳам лол қолдирса керак деган шубҳага бораман.

* * *

Одамни муқаррар таназзулдан хаёл ва орзу қутқаради, гўзаллик қалбга чўксагина инсон халос бўлади.

Замира РЎЗИЕВА тайёрлаган

Манба: www.qashqadaryogz.uz

«Қора китоб» қиссасини саҳифа пастида тўлиқ ҳолда мутолаа қилишингиз мумкин

   Odam faqat yaratganda shunday qiyofaga kiradi, odam faqat biror narsa yaratgan lahzalardagina yaratuvchining naqadar ulug’ligi va qudratini his etadi. Bu his har bir odamga tanish. Bizning ishlarimiz o’sha Yaratgan yaratganning yaratganlaridir…

Nazar ESHONQUL
OG’RIQ LAZZATI
065

04Nazar Eshonqul 1962 yil 15 iyunda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1986). Dastlabki asari — «Urush odamlari» 1988 yilida nashr etilgan. Shundan so’ng yozuvchining «Momo ko’shiq», «Maymun yetaklagan odam», «Shamolni tutib bo’lmaydi», «Momo qo’shiq» va boshqa asarlari nashr etilgan. «Go’ro’g’li» romanining jurnal varianti e’ln qilingan. Xuan Karlos. Onettining «Hikoyalar va qissalar»ini, Alber Kamyuning «Esselar»ini, Chexovning «Boloxonali uy» hikoyasini va boshqa ko’plab dunyo adabiyoti namunalarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

065

Do’stim bilan shahar o’rtasidagi maydonga kirib borganimizda, ular qator tizilib o’tirishardi. Tanalari yara-chaqadan gezargan, azbaroyi og’riq va azobdan deyarli shilinib tushgan yelkalaridagi yag’irga quyosh shu’lalari tushganda yaltirab ketar, oyoqlarini oldinga cho’zgancha turishga ham madorlari kelmay zabun bo’lib o’tirishardi. Tekin tomosha ko’rishni istovchi ertayu kech maydondan ketmay ularning faryod va fig’onga to’la holatini zerikkuncha tamosha qilishar, hatto tunlari ham bu yerda xohlagancha tomoshabin topilar edi. Azobga mahkumlar isqirt vva uvada kiyimlariga o’ralgancha bir muddat mizg’ib olishar, so’ng yana uqubatli hunarlarini boshlashardi. Fig’onlar qanchalik mudhish, hasratomuz chiqmasin, bunga hech kim e’tibor ham bermas, aksincha, bir necha fig’on ichidan kim ko’proq oh-voh qilayotibdi, kimning tovushi baland, kimniki zo’raki-yu kimniki samimiy deya bahslashardilar. Mabodo birontasi fig’on qilishdan to’xtab qolsa, xuddi aybdordek, yaralar behad azob berayotgan sheriklariga hasad aralash ko’z tashlar va nazoratchilarni imlardi; nazoratchi qo’lida qamchi bilan yetib kelar va ko’kara boshlagan yaralar ustidan savalashga tushardi. Agar bu ham kor qilmasa, katta nag’alli etigi bilan tananing to’g’ri kelgan yerini toptay boshlardi. Nazoratchilar azob berishning xilma-xil usullarini qo’llar edilar; ular o’z ishlarining aytish mumkinki, ustasi faranglari edi. Ammo nazoratchilarning og’riq qo’zg’atishdagi tajribalari qanchalik oshayotgan bo’lsa, maydondagilarning qoniqmasliklari ham shunchalik kuchayib borardi. Ayrimlar bosh nazoratchi kelganda usullarning tez eskirib, tanaga kor qilmay qolayotganidan shikoyat qilishardi. Boshliqdan tanbeh eshitgan nazoratchilar biroz kengashib olgach, vajoatli qiyofada yana mahkumlar oldida paydo bo’lishar va avval oyoqlarining, so’ng qo’llarining barmoqlarini birma-bir, bo’g’inma-bo’g’in sindira boshlashardi: og’riq qo’zg’atish mumkin bo’lgan barcha usullarni qo’llashga ruxsat berilgandi; nazoratchilar avval mahkumlarni etlari shilinguncha savalab chiqishar, keyin yaralar ustiga tuz sepishardi. Bu faqat boshlang’ich bosqich edi. Bora-bora tuz ham tanadan og’riq qo’zg’atmay qo’yardi, shundan so’nggina nazoratchilar boshqa a’zolarga og’riq qo’zg’atish taraddudiga tushardilar.

Barmog’i singan mahkum o’kirib yuborar, yuzida azobli ifoda paydo bo’lib, ko’zidan yosh chiqib ketardi, ammo qisib olgan lablariga baayni zulmat ichida yonib turgan shamdek bir zaif tabassum qalqib chiqardi, og’riq kuchaygan sayin bu tabassum butun yuzni egallab olardi. Kimning yuzida azob o’rnida to’liq tabassum paydo bo’lsa, tamoshabinlar o’shani ko’rsatib, qiyqirishardi. Bu ularning olqishi edi. Mahkumlarning yuziga bulutlar ostidan chiqib kelayotgan quyosh kabi tabassum yoyila borar, bundan zavqlangan nazoratchilar ularning barmoqlarini shart-shurt sindira boshlashar edi. Garchi olomon qiyqirib turgan bo’lsa hamki, barmoqlarning sinishi butun maydonga eshitilar edi. Yuzida tabassum balqigan mahkum shu holda ko’zini yumgancha uzoq jilmayib yotardi – ayni shu soniya uning mastu mustarlik pallasi edi. Unga hech narsa og’riq lazzatchalik farog’at baxsh eta olmasdi; yoyilib ketgan lablarini, milklaridan oqib tushayotgan yoshlarni, isqirt, yuviqsiz va qarovsiz yuziga istara baxsh etgan tabassumni va uning jangda g’olib chiqib, uxlab yotgan qadim pahlavondek baxtiyor qiyofasini ko’rib, u aynan shu lahzani hech qaysi jannatga almashtirmaydi, uni hech qaysi payg’ambar, hech qaysi muqaddas kitob bu lazzatdan mahrum etolmaydi, deb o’ylardingiz, zero, uning ayni shu lahzadagi saodatmand qiyofasini hech narsa bilan ifodalab ham bo’lmasdi. Shu sababli ular atrofida hamisha tomoshabinlar qiyqirib turishar, mahkumlar esa, bir-biridan o’tkazib o’z san’atlarini namoyish etish uchun nazoratchilarni o’zlariga ko’proq azob berishga chorlashardi. Nazoratchi endi uning tizzasi ustida sakrar va yuzi aralash qamchi tushirardi. Suyak qarsillab ketardi; mahkum esa saodatnavish jilmayar, yorilib ketgan lab va burundan oqayotgan qon uning tabassumiga zarracha bo’lsin gard yuqtira olmas, aksincha, mahkum azobu og’riqdan farog’atlanib turgan shu soniyada yana ham salobatli va ilohiy tuyulardi.

– San’at, bu san’at, – deb baqirishardi olomon mahkumning yuzini ko’rsatib.
– Qoyil qilishayapti, – chiyillardi orqadagilar ham. – Bunaqasi kamdan-kam uchraydi.

Og’riq san’ati ham san’atga xos barcha sifatlarga ega edi, hatto ulardan mukammalroq ham edi; uning har bir harakati, holati, ovozi, ijrosi, manzarasi shunday izchil tartibga ega ediki, biri ikkinchisiz sodir bo’lmasdi va eng ulkan rassomlar ham eng ulug’ asari ustida mahkumlar kabi zavqlangan, lazzatlangan emas va ular ham bu manzarani chizishga ojiz qolardilar. Og’riq va og’riq paydo qilishning turi, usullari shunchalik xilma-xil ediki, bu sohada har qanday san’at turi bilan bahs boylasha olardi, binobarin, bu san’atdan ham boshqa san’at turlari kabi mahkumlik mavjud va buning ham o’z tomoshabinlari bor edi. «Og’riq lazzati – eng oliy lazzat, – deb yozishardi mahkumlar bilan qilgan suhbatlarda, – bu lazzatni faqat og’riqqa mahkum bo’lgach sezish mumkin». Bu san’atning boshqa san’atlardan farqi shuki, unga mahkum etilgan umr bo’yi uning shaydosi bo’lib qolar, undan hech qachon qutilib keta olmasdi. Tashlab ketganlar saldan so’ng yana qaytib kelishardi. Chunki og’riq lazzatidan tatigan, ko’chasidan bir marta o’tgan kishi usiz yashay olmasligini anglardi. Og’riq mahkumlar uchun saodat edi. Mahkumlar qanchalik azob chekishsa, shunchalik zavqlanishar va og’riq lazzatiga har mahal tashna turishar, og’riq xumor qilib, tanalarini o’zlari ham yulib-yalqab tashlashardi. Ular og’riq uchun tug’ilgan, og’riq va azobning oliy maqomiga yetishgan edilar – ularni og’riq va azobdan boshqa holatda tasavvur qilib bo’lmasdi. Azob san’at asari yaratishning eng qulay vositasi ekanligini mahkumlar ham, nazoratchilar ham his qilishar, shu sababli nazoratchilar og’riq va azob berishni o’zlarining burchlari deya hisoblardilar.

Gazetalar har kuni mahkumlarning yangi-yangi muvaffaqiyatlar to’g’risida sahifa-sahifa maqola, xabarlar berishar, tomoshabinlar esa ertaga mahkumlar bilan bo’ladigan yangi tomoshani orziqib kutgancha tong ottirishar, sal bo’sh vaqt topilsa, maydonga qarab chopishardi. Ular san’at shaydolariga, san’atdan zavq olishning xumorparastlariga aylangandilar. San’at va san’atkorlarga bunday sadoqatli ixlosmandlikni boshqa joyda topish mushkul edi. Shu sababli nazoratchilar ham maydondagilarni o’z muxlislari bilan behad faxrlanishar, maydonda odam qancha ko’p bo’lsa, ularning harakatlari ham, nag’malari ham shuncha san’atkorona tus olardi. Og’riq tufayli keladigan lazzatdan o’zga oliyroq farog’at yo’q edi; yara-chaqa toshgan tanalar, isqirt va uvada kiyimlar ham bu manzarani xiralashtirolmas, azob-uqubat chekaverib, murdaniki kabi qonsiz va ifodasiz yuzlar naq xulyo oftobi yoritib turgan, faqat tahayulgina yaratish mumkin bo’lgan xayoliy qiyofalarga o’xshab ketardi. Faqat san’at asari yaratayotgandagina yuz shunday ulug’vor holatga kirishi mumkin.

Biz shaharning qaysi burchagiga bormaylik, mo»jizaviy san’atkorlikka va uni olqishlayotgan muxlislar olomoniga duch kelardik. Ayrim muxlislar o’zlarining san’at fidoyisi ekanligini ko’rsatish uchun nazoratchilar safiga kelib qo’shilar va ulug’ san’at namunasi yaratishda o’z hissalarini qo’shishni istashardi; ular san’atga fidoyiliklari tufayli ham mahkumlarni ko’proq azoblash kerak, shunda ular yana ulug’roq asarlar yaratadilar deyishar va nazoratchi sifatida mahkumga tashlanib, uni bir pasda og’iz-burnini qonga bo’yar, tuzni shusiz ham halvirab qolgan yaralar ustiga separdi. Fidoyilar gazetlarda bu san’atning ravnaq topishi haqida bahs, munozaralar uyushtirishardi. «Insonni xo’rlash mumkin emas, – deb yozishardi ular munozaralarda, – inson faqat ulug’lanishi kerak. Chunki u ulug’ narsalar yaratishga qodirdir». Keyingi oylarda og’riq san’ati bilan shuullanuvchi tadqiqotchilar ham paydo bo’lgandi. Ular bu san’at inson yaratgan eng ulug’ san’atlardan biri ekanligini e’tirof etishar, ammo bu san’at tafakkur mahsulimi yoki tana degan masala yuzasidan hech kelisha olmasdilar. Har birining o’ziga xos dalil va isbotlari bor edi. Bu munozaraga shahar ahli ham qo’shilgach, taraflar janjali yana ham avj oldi. «Bu tafakkur masuli, yo’qsa, ular tananing bu qadar azobiga dosh berolmasdi. Faqat tafakkur shunday ulug’ san’at yarata oladi», – deya bahslashardilar tafakkurchilar. «Yo’q, bu san’at faqat tananiki. Uning yangiligi ham shunda. Insonning jismoniy imkoniyati cheksizdir», deb ularning fikrini rad qilardi boshqalari. Bahs-munozaralar shunchalik avj oldiki, oqibat sal bo’lmasa, ikki o’rtada janjal chiqib ketayozdi. Shahar rahbarlari aralashuvi bilan ikki tomon yarashdi va endi ular «Bu insondagi jismoniy va tafakkur quvvatining mahsuli», degan yakdil to’xtamga keldilar. Shunday kunlarda gazetalarda To’rtinchi mahkum haqida shov-shuv boshlandi. Uning azob-uqubatga benihoya qobiliyatli ekanligi, san’ati ham o’zining nafis va go’zalligi bilan ajralib turishi haqida yozishardi, darvoqe, uni nafosat olamining so’nmas guliga qiyoslashar edi. To’rtinchi mahkum – u markaziy maydondagi mahkumlar ichida edi – qotmadan kelgan, uzunbo’y, qiltiriq va yuzida doim tabassum balqib turadigan yigit edi. U mahkumlar ichida o’zining dardga chidamliligi bilan ajralib turar, barmoqlari sindirilayotganda yoki og’riq butun tanasini qaltiratib yuborganda u xuddi ma’shuqasiga tabassum qilayotganday jilmayib qo’yar, so’ng yana ham nazokatliroq qilib nazoratchiga minnaddorona bosh irg’ardi. Nazoratchilar ham unga shunday munosabatda bo’lishga intilishar, uchi o’tkir, maxsus sanchqisini go’yo tosh yo’nayotgan haykaltaroshday tanaga ishtiyoq bilan sanchar, so’ng o’sha toshga bu go’zal san’atning namunasi bo’lgan o’ziga xos naqsh solib chiqishardi. Nazoratchilarning To’rtinchiga e’tibor va hurmati zo’rligidan hafsala bilan azob berishayotgani ko’rinib turardi. Vaholanki, ularga og’riq qo’zg’atish uchun xohlagancha qo’pollik qilish huquqi berilgandi. To’rtinchi oyoqlarining suyagi sindirilayotganda ham tabassum qilishni tark etmadi: go’yo u bu og’riqlarni nazariga ilmayotganday edi; og’riq yuzini bir zum ko’kartirib yuborsa ham u bir necha soniyada o’zini tutib olar va xumor qilib tamaki tutatayotganday og’riqning tanasiga singayotganidan lazzatlanib, labining bir chetida jilmaygancha mag’rur va sharafli alfozda turardi. Uning shu turishiyoq o’zi bir san’at asari edi; uning yuzida behad azob-uqubat aks etgan, qiyofasi yaqinda qirg’in-barot tugagan va hamma narsa vayron qilingan maydonni eslatardi. Bu yuzida haqorat va xo’rlikdan, musibat va alamdan asar ham yo’q, labining chetidagi tabassum esa, hayotining qorong’u ko’chalarida qolib ketgan, o’sha olis dorilamon kunlarning bir siniq parchasi, o’zini tomosha qilayotgan, olqishlayotgan olamon oldiga kiyib chiqqan niqobi edi, ana shu tabassumgina uni maydondagilar ichida ulug’vor va mag’rur ko’rsatib turardi.

U o’zining ozurdaligi bilan menga juda yoqib qolgandi, darvoqe, biz maydonma-maydon yugurishni bas qilib, endi faqat To’rtinchi turgan maydonga borar, kechgacha o’sha yerda qolib ketardik; To’rtinchining xuddi may to’latilgan qadah kabi og’riq to’la yuzini ko’rganda kunlar qanday kech bo’lganini ham bilmay qolardik. To’rtinchi g’aroyib sabr-toqati va nazokati bilan hammani hayratga solgan edi. Uning g’olib tabassumini ko’rganda azbaroyi zavqlanganimizdan uni g’ajib tashlagudek qudrat sezardik o’zimizda. Uni g’ajiganda ham shunday g’ajish kerakki, u tilka-pora etilayotgandagi og’riqdan yana ham buyuklashsin va bu buyuk og’riq insoniyatning abadul-abad turadigan san’at asariga aylansin, zero, To’rtinchi abadiylik qadar buyuk asar yaratishga qodirdir, derdim do’stimga. Men aynan shu To’rtinchi mahkum tufayli do’stim bilan qattiq tortishib qolgandim.– U bir olifta – derdi u, – o’zi hozir to’kilib tushaman deyapdiyu dag’dag’asini qarang, nuqul madorsiz qomatini tutaman deb chiranadi. Undan ko’ra menga narigi maydondagi burniga xalqa o’rnatilgani ko’proq yoqadi. Xalqaga qo’shib burnini qancha burasang ham jilmayib turaveradi.

Men To’rtinchini qanchalik maqtamayin do’stim o’z so’zida turib oldi. Biz garchi o’zimizni fidoyi deb hisoblamasak ham talabalik davrimizda ko’proq narsalarni ko’rib qolaylik deb, maydonga har kuni kelardik va ularning mahorati ko’rib biz ham olomon ichida turib olqishlardik. Keyingi kunlarda sinov boshlanib, biz maydonga borolmay qolgan bo’lsak-da, do’stim bilan butun sinov muddati tugaguncha – uch haftacha To’rtinchi haqida tortishib yurdik. Biz to’g’ri kelgan yerda – xoh dahliz, xoh xonada bo’lsin bahsga kirishib ketardik.

– Uning ichkarisi mustahkam, – derdim men, – gap tanada emas, u o’zini mustahkam ushlab turishga qudratni o’sha ichkaridan olayapti.

Do’stim uni nuqul olifta derdi. Unga To’rtinchining tabassumi yoqmasdi. – Hammasi zo’raki, – derdi u, – kulgusi masxara qilaytganga o’xshab chiqadi.

Bir fikrga kelolmasak ham biz sinov tugashi bilan maydonga qarab yugurdik. U yerda olomon yana ham gavjumlashgandi. San’at asariga shunchalik ixlosmand odamlar ko’pligidan biz faxrlanib qo’yardik. Do’stim san’atni sevgan xalq – buyuk xalq deb isbotlashga harakat qilardi va shu sababli maydondagi muxlislarni ko’rganda behad quvonib ketardi.

Shahar To’rtinchining yangi mo»jizalarini hazm qilib ulgurmasdi. U keyingi kunlarning shubhasiz, yagona qahramoniga aylandi. Maydonga borganimizda biz yana bir yangi gap eshitdik: To’rtinchi o’zining yuragini sug’urib olishga ruxsat beribdi. Bunday g’aroyib tomosha hali mahkumlar ichida sodir bo’lmagandi. Men biroz yengil tortdim. Do’stim bilan bahsimiz shu bilan nihoyasiga yetgandi. Bu gapni eshitgach, do’stim biroz ishonqiramay turdiyu, so’ng indamay qo’ya qoldi. Sukuti mening g’alabamdan darak berardi. Shu sababli biz To’rtinchining yangi-yangi mo»jizalarini ko’rish uchun maydonga qarab yo’l olardik. To’rtinchining yuragi kesib olinadigan kuni maydon tomoshabinlarga to’lib ketdi. Ular To’rtinchiga o’z muhabbatlarini izhor qilgani kelgandilar. O’rtada singan oyoqlari va barmoqlari shishib ketgan To’rtinchi o’sha alfozda – mag’rur o’tirardi. Endi uning yuzi ham gezara boshlagan, og’riq sillasini quritgan edi, ammo u hali o’zini tetik va bardam tutib turar, og’riq hali uni butkul yengolmagandi. Tanadagi yaralariga yopishib qolavergach, uning ust-boshini yechib tashlashgan, yalong’och payti u yana ham ozg’in bo’lib ko’rinardi. Muxlislar uni tinmay olqishlashardi – ular hozir eng ulug’ san’atga voqif bo’lajaklaridan hayajonga tushgandilar; ularning ko’pchiligi o’zlari bilan shiorlar yozilgan lavhalar, endigina uzilgan gullar ko’tarib olishgan, lavhalarda «Biz sen bilan faxrlanamiz», «Senga omad tilaymiz» degan yozuvlar ko’zga tashlanardi; gullar esa bir-biridan chiroyli edi – maydonda turfa rangdagi qo’lbola gulzor paydo bo’lgandi.

Maydonga to’rtta nazoratchi kirib kelgach, gazetchilar shaqirlatib suratga tushira boshlashdi. Nazoratchilar tomoshabinlar hayqirig’i ostida ishga kirishdilar: ular makumning yuzi maydonga yaxshiroq ko’rinib turishi uchun yurakni orqa tomondan chiqarib olishga qaror qildilar. Bittasi mahkumning qo’lidan ushlab turg’izdi va uni tomoshabinlarga qaratdi. Qolgan ikkitasi umurtqa suyakni arralay boshlashdi. Mahkum g’oz qotib o’tirar, arra suyaklarini kesib o’tayotgandagina ko’zlarini yumib olar, yuzi qop-qora ter aralash burishib ketar, biroq tezda ko’zini ochar va o’sha siniq tabassum bilan olomonga qarab jilmayib qo’yardi. U xuddi shu lahzada og’riqdan behad lazzatlanayotganligi ko’rinib turardi – ko’zlari xushnudlikdan yiltillab ketgandi. Og’riq uni nihoyat lazzatning oliy maqomiga olib chiqqandi – nazoratchilar yurakka tutash tomirlarni qaychilashar ekan, mahkumning yuzidagi tabassum yana ham ulug’vorlashdi – shu soniyadagi lazzatni u qachondan beri kutgan, mushtoq bo’lgan edi. U farog’atning oliy cho’qqisida turib o’zini tomosha qilayotganlarni bepisand kuzatib turar, o’zi esa hamon lazzat diyorida parvoz qilardi. Boshqa mahkumlar ham oh-voh qilishni bas qilib, unga hasad bilan boqib turishar, tomoshabinlar esa «Ofarin», «Qoyil», «Juda boplayapti», deya hayqirishar, gazetchilar mahkumning yuzida paydo bo’lgan lazzat ifodasini tezroq suratga olish uchun bir-biriga bir nimalar deb baqirishardi. Orqada turgan nazoratchilardan bittasi bilqillab turgan yurakni qo’liga olib, maydondagilarga ko’rsatganda olomon guvurlab yubordi. Eng so’nggi nafasgacha mahkumning yuzidagi tabassum yo’qolmadi, u qaltirayotgan, yuraksiz tanasini tik tutgancha hamon tabassum qilib turardi, to’g’rirog’i, uning jonsiz yuzida tabassum qotib qolgan edi – u farog’at quchog’ida hamon parvoz qilar, o’z san’atining aql bovar qilmas ulug’vorligini ko’rsatish uchun uchishga chog’langan burgutdek shiddatli qiyofaga kirgandi. Uning tabassumi sekin-asta so’na boshladi. Tabassum so’nishi bilan tana ham gupillab yerga quladi. Bir dam sukut cho’kdi. So’ng birdan muxlislar tana ustiga yashnab turgan gullarini irg’itdilar va ulug’ san’atga guvoh bo’lganlaridan quvonchlari ichiga sig’may bir-birini quchoqlab ketdilar. Men ham g’olib alfozda do’stimni quchib oldim. Tana gullar ichida ko’rinmay qoldi. Qo’lida yurak bilqillayotgan nazoratchi bu ulug’ san’atkor oldida avval tiz cho’kdi, so’ng yurakni ohista uning ko’kragi ustiga qo’ydi. Shundagina biz og’riq-farog’atidan so’ng ham, o’zimiz turgan zaminga tushmaganini angladik – u narigi yoqda, lazzat yurtida qolgan edi – uning jonsiz tanasi ham san’at asariga aylangan va yashnoq gullarga ko’milib yotardi.

ODAM, ORZU, XAYOL VA GO’ZALLIK HAQIDA
Nazar Eshonqulning “Qora kitob” qissasida
tagiga chizib o’qiladigan satrlar
09

Nazar Eshonqulning “Qora kitob” qissasida inson ma’naviyati masalasi yetakchi o’rinda turadi. Asarni o’qir ekansiz, uning qahramoni bilan yuzma-yuz muloqot qilayotganday bo’lasiz. Qissada qahramonlar hayotidagi voqeliklardan ko’ra ular ruhiyatidagi, tafakkuridagi tezlanish kuchli ekanini anglaysiz. Shuningdek, qissa qahramoni bir paytning o’zida ham gunohkor banda, ham shu gunohkorning qoralovchisi, ham jabrdiyda shaklida namoyon bo’ladi. U faol, o’zini anglab yetgani, hayot yo’li haqida yakuniy xulosaga kelgani bilan boshqalardan keskin farq qiladi. Asar mutolaasi davomida kitobxon qahramonning “men”i nega shu ahvolga tushganini tezda anglab olishi qiyin. Voqealarning favqulodda, keskin va sirli sodir bo’lishi esa asarni yanada o’qishli qiladi. Nihoyat, asar qahramoni qaerda xatoga yo’l qo’yganini anglab yetadi. Ammo hayotini o’zgartirishga qurbi yetmasligi, vaqtni ortga qaytara olmasligini bilgach, o’zi kabi millionlab insonlarni xato yo’ldan tiyishga chog’lanadi. Asar qahramonining yagona isyoni — shu. Bu o’zini anglash, o’zligini topish isyoni. Asar nihoyasida u o’zining dunyodagi so’nggi qurbon, so’nggi xato bo’lishini chin dildan istaydi. Toki, uning taqdir yo’liga boshqalar bo’ylamasin.

Quyida asardagi tagiga chizib o’qiladigan ayrim satrlarni saraladik.

09

Odam hayvonlar ichida yashasa, hayvonga, hasharotlar ichida yashasa, hasharotga aylanadi…

* * *

Vaysaqilik qobiliyat emas, odam o’z baxtsizligini yashirish uchun qiladigan niqob…

* * *

Har qanday go’zallik ortida vahshiylik yashiringan bo’ladi, go’zallik vahshiylikning yuvosh ko’rinishidir… Mana bu gul qanday nafis deyishingiz bilan ko’nglingizda shu gulni uzib olish istagi paydo bo’ladi.

* * *

Kitob meni qanchalar telba qildi, qanchalar jununvash qildi, u meni bolalikning tor ko’chalaridan aql-­idrokning cho’qqilari sari yetaklab o’tdi.

* * *

O’lim bema’nilik emas, taqsirim, o’lim ma’no… O’layotgan odam o’z umrining necha pulga arzishini bilib o’ladi.

* * *

Odam birdan tushkun bo’lib qolmaydi, u eng oxirgi imkoniyatgacha kutadi va u ham boy berilgach, tushkunlik sahrosiga yo’l oladi.

* * *

San’atdan xabaringiz bo’lsa, u juda mashaqqatli kasb, u qiynoqlar, adashishlar, iztiroblar evaziga dunyoga keladi. Qaysi san’atkor adashib, o’zi iztirobiga qovrilib, yaratmasa, u haqiqiy san’atkor emas. Adashmay san’atda to’g’ri yo’lni birdan topganlar yo yolg’on san’atkor yoki daho bo’ladi. Hatto daholar ham o’zlarining yuksak shon­-shavkatlariga adashib­-adashib yetib keladilar. Adashayotgan odam yo’l izlayotgan odamdir.

* * *

Odam faqat yaratganda shunday qiyofaga kiradi, odam faqat biror narsa yaratgan lahzalardagina yaratuvchining naqadar ulug’ligi va qudratini his etadi. Bu his har bir odamga tanish. Bizning ishlarimiz o’sha Yaratgan yaratganning yaratganlaridir.

* * *

Zo’rlik kishida hamisha noxushlik uyg’otadi. Zo’rlikni, o’limni sevish va unga o’zlikni baxshida qilish uchun odam aqldan ozishdan tashqari yana bir narsaga ega bo’lishi kerak: iblisning yuragiga…

* * *

Faqat u xudbinligini ziyolinamo sukut bilan yashirib yuradi.

* * *

Men o’zimni quruq maqtashlarini sezib turaman, bu mening g’azabimni qo’zg’aydi, g’azabni yashirish uchun kibrona jilmayib qo’yaman.

* * *

Minglab, yuz minglab odamlarga nisbatan o’zingning kuchli va farqli ekaningni anglashning o’ziyoq kishiga saodat bag’ishlaydi.

* * *

Inson o’zini to’la kashf qilmagani tufayli ham ojizdir.

* * *

Uning ruhi siniq edi va, albatta, unga atalgan hayot shamlari pirpirab qolganini, yaqin kunlarda esajak shabada bu shamlarni butkul o’chirib ketishini ich­-ichimdan sezib turardim, lekin unga o’zimni ham, uni ham aldab dalda berardim.

* * *

Parvardigor taqiqlagan narsalar bizni o’ziga tortaveradi, u nafratlan, degan narsalarni sevib qolaveramiz. Xo’sh, ayting-chi, charxi dunning qaysi burchagida yolg’on yo’q, qaysi burchagida jaholat, nodonlik, xiyonat, tubanlik yo’q? Bu g’aflatdagi olomon qachon uyg’onadi?

* * *

Yolg’izlikda odam vijdon bilan, o’tgan kunlar va xotiralar bilan yuzma­-yuz keladi; ayniqsa, qabriston sukunati cho’kkan uyimda tunlari vijdon hayqirig’i baralla eshitiladi ­ u xuddi tun bag’rini yoritib yuborgan hilolday butun umrimni, qilmishu qidirmishimni yoritib yuborardi.

* * *

Asbob buzilsa, uni yaratgan ustaga olib borib tuzatamiz. Odamzodning ham buzilgan qalbini uni Yaratgangina tuzata oladi. Kim ustalikka da’vogar bo’lsa, kim uni men tuzataman desa, uni
faqat yana ham ko’proq vayron qilishga olib keladi. Har kim o’zi yaratgan narsaga ustalik qilgani ma’qul.

* * *

Dunyoni larzaga solib, mastu mustar hayqiraman: mayli, mening bu hayqirig’im dunyoning adashgan so’nggi hayqirig’i bo’lib qolsin.

* * *

Oilani jamiyatning bir bo’lagi deyishadi. Demak, mening oilam bir jamiyat va men ana shu jamiyat axloqi uchun hamisha javobgarman.

* * *

Yig’i bilan dunyoni qutqarib bo’lmaydi.

* * *

Men o’g’limning musiqasi qanday qilib olqishga sazovor bo’layotganini tushunmasdim: yo men yoki odamlar aqldan ozgan edi: axir zo’rlik va sizni mayib qilishga mo’ljallangan musiqani qanday qilib musiqa deb atash, uni olqishlash mumkin.

* * *

Bu hayot insonga yashash uchun kurashga berilgan.

* * *

Odam sifatida odamzodga keltirgan zararlarim uchun, odamzod oldidagi gunohlarim uchun tazarru qilmoqchiman.

* * *

Inson yovuzlikning ijodkori. Ba’zan inson yaratgan yovuzliklar Yaratganni ham lol qoldirsa kerak degan shubhaga boraman.

* * *

Odamni muqarrar tanazzuldan xayol va orzu qutqaradi, go’zallik qalbga cho’ksagina inson xalos bo’ladi.

Zamira RO’ZIEVA tayyorlagan

Manba: www.qashqadaryogz.uz

Nazar Eshonqul. Qora kitob. Qissa

045

(Tashriflar: umumiy 3 622, bugungi 1)

Izoh qoldiring