Go’zal Ro’ziyeva. Yangi she’rlar

045     Гўзалнинг шеърларини дастлаб мухтасар сўзим билан (мана бу саҳифада) тақдим этган эдим. Кейинчалик унинг «Ёшлик» журналида эълон қилинган «Сукунатга чўкаётган қичқириқман» туркуми билан (мана бу саҳифада) ҳам таништирдик. Орадан анча вақт ўтиб, бугун унинг бир неча янги шеърларини мамнуният билан эълон қилмоқдамиз.

Гўзал РЎЗИЕВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
044

   Гўзал Рўзиева 1986 йил 31 октябрда Бухоро вилояти, Жондор туманида туғилган. 1993-2004 йилларда Жондор туманидаги 22-ўрта умумтаълим мактабини, 2004-2008 йилларда Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро давлат университети тарих факультетини тугатган. 

044

ҚУШ ЛИСОНИ
001

Кўз ўнгимда жонланади мозий дамо-дам,
Қоп-қора тун…Оқ қоғозга тўкилади шеър.
Бутун олам азал шундай яралгандек жим,
тинч уйқуда…Ёлғиз бедор — Ҳазрат Алишер.

Ҳазрат, руҳим аро бир қуш кезар жонсарак,
Бирда тинч, бир кенгликларга парвозни хоҳлар.
Ҳаловатсиз, чўққилардан боқар дунёга
Гарчи, унга яқинроқдир майса, гиёҳлар.

Сизнинг айтган Ҳақ водийси бормиди чиндан,
Сабру-ранжнинг сўнгги унга элтиши ростми?
Инсон бугун ҳақиқатга чиндан муштоқ дам,
Бу манзилга етмоқ ёлғиз қушларга хосми?!

Ҳолбуки, вақт ўтса ҳамки ўшадир башар,
Ҳақиқатнинг тарозиси эгридир ҳамон.
Бошларнинг энг тиллаларин жаллодга тутиб,
Ҳамон кейин мотам тутар ширакайф замон…

“ Инсон қалби-Каъба…” деган ақидангизга,
Неча аср бурун қалин чизиқ тортилган.
Бугун ўшал Каъбаларнинг кўпи вайрондир,
Қолганига тегирмоннинг тоши ортилган!

Ор ва номус, ҳақ-ноҳақлик, тенг ва тенгсизлик …
Яна кўпин қадри йўқдир ҳатто бир мири.
Бу дарз кетган тушунчалар кемтикларини,
Миллион Фарҳод тузатолмас бугун, тақсирим…

Хуллас, менга туюлади дунё бир қафас,
Ичимда бир қуш бор, гарчи одам талъатим.
Ҳақиқатнинг водийсини қидириб чиққан
Ўша гала қушнинг бири – менман, Ҳазратим..!

Узоқ учдим, қанотларим толди, ҳориди
Ортда қолди ортимиздан туманли бир из.
Фақат энди йўл кўрсатинг, яқинми манзил?
Англолмайин қолдим, қайси водийдамиз биз…

11.07.2016

ИШОНЧ ҲАҚИДА ШЕЪР
(ёки қофияларга сиғмаган баллада)

Инсонга энг аввало ишонч лозим,
Самимий боқиб турган кўзлар ҳаққи!
Ўша кўзлар қачонлардир жовдираб термулган Сизга,
Ахир ўша кўзлар аро тумонат ҳислар,
Қорачиқлар ичра порлаган балқиб…

Ахир, ўша кўзларнинг туб-тубида неча бора
Кўзингизга кўзингиз тушган.
Ахир, оддий ҳаёт сирин наҳот англамоқ қийин:
Барча кўзларга боқиб ҳам кўриб бўлмас сира
Ўзингизни, ўзлигингизни
Сувда аксингизга термулгандайин…

Худо ҳаққи, ҳеч бўлмаса ҳал қилар дамда
Ишонмоқлик керак балки худо йўлида…
Бир оғизлик далда берган сеҳрли сўзлар
Лабингиздан учсин, бўлинг майли валий ё набий.
“Мен сенга ишонаман…”

Пойингизга эгилмоққа тайёр гадо каби ўша муштоққа
Шу уч сўзни айтинг, ҳеч йўқ
Уч сўмни хайр қилган каби…

Наинки инсон, бутун яратилмишга ишонч керак!
Токи, Замин бағри узра кўтариб ҳамон
Елиб, учиб борар экан югурик, сарсон,
Токи, осмон ранги ўхшар ҳали осмон рангига
Гуллар ҳали таратмоқда гуллар ифорин,
Ҳали қушлар нағмасида бир ажиб соз бор…

Ҳали қуёш даста заррин нурларга эга.
Ахир, ўша Буюк ишонч сабаб айланмоқда Ер,
Ҳеч нарсага боғланмаган, улкан бир курра
Чегарасиз бўшлиқ аро турар осилиб…

Шу ҳолига миллиардлаб одамлар,
Сўнг уларнинг сон-саноқсиз ташвишлари
Чарчоқ елкасида қат-қат босилиб!
Ҳа,биламан…айтмасингиздан биламан,
Барча илм аҳли, барча казо-казолар:
Бу заминнинг тортишиш кучи, мувозанат,
Физик ҳодисотлар дейсиз ва ҳоказолар…

Япроқ лабидаги сўнг шудринг монанд
Дилдираб тургандек, тургандек қалқиб.
Сиз айтган ўша барча физик ҳодисотларнинг
Яккаш тугал номи Ишончдир балки…
Ишонаман, ернинг номигина Ер холос, асли
Унда ҳам дард, азоб, яна турфа оғриқ бор…

Менга гўё туюлади Шамол-шамолмас,
У-кўҳна Ер қалбидан отилган нола.
Тўфон асли эмас тўфон, у-
Заминнинг кўксидаги дард, алам, исён…

У-ёмғирмас, Ер дардига чидолмаган кўк
Дардчил-дардчил гиря билан тўкмоқда жола.
Балки, Она замин кутар ненидир сокин,
Елкасин оғритган фарзандлар кунлар келару,
Унинг дардларига, топгайлар чора!
Атиргулнинг қон рангидек эканлигига,
Яна ишонган каби борлиқ, кун-тунга.
Шаксиз ҳис қилган каби Ҳақнинг борлигини,
Ишонгим келади жудаям шунга…

Нуҳ тўфонин сўнг зарраси қуримай, ҳаёт
Гуркираган эди балки ўша ҳис сабаб?
Илк ўлатдан, илк вабодан…ва барча илк
ҳам кейинги балолардан омон яшаб келаётган Инсон,
Ўша ишонч сабаб ҳамон танинг узра қон оқар балки…

Гарчи ўтган бу орадан миллиардлаб йиллар,
Аммо, мени яна ишонгим келадики,
Бу ўша илк қон-Ҳобилнинг жонсиз тани аро
силқиб чиққан ўша қон каби бузилмаган,
айнимаган…Ишонгим келар!

Мен ишонаман, ҳали тили чиқмаган гўдак,
Илк сўзини айтгунича, шодон сўзлашади
Қўлчаларин чўзиб, Яратган билан.
-О, жажжи фаришта, бизни не кутар,
Ойингни, дадангни, оға-ининг, шаҳринг,
Юртинг…Она ерни не кутар, сўра Худодан?!

Ишонаманки яна эй ғаним дўстлар!
Мени жондан ортиқ кўриб, қўйнингиз аро
Юрагиму-бошим учун тошлар асрайсиз.
Юзингизда порлар меҳр, ҳар қадамимда
Оёғимдан такрор-такрор чалмоққа шайсиз…

Билмайсизки, минг уринманг азал яратган-
Ҳар ўқ учун битта қалқон доим ато бор.
Билмайсизки, ҳар бир юрак бамисли Каъба —
ва уларнинг ҳар бирида мудом Худо бор.
Лекин, билиб қўйинг — ҳаққингиз йўқ ҳеч,
Сиз сабаб ҳисларнинг сўлмоқлигига.
Ҳаққингиз йўқ, қайта-қайта ёмонлик билан
Сизнинг сабаб ишончларнинг ўлмоқлигига.

Чунки, ишонч ўлса…Яна қуёш чиқаверар балки,
Яна ҳилол нурини ҳам аямас биздан,
Яна еллар кезаверар балки сарсари.
Аммо, кўнглим сезар, ҳеч бири аввалгидек бўлмас
Бора-бора тугайди бари!

Чунки, бор барча ҳисларнинг доясидир у,
Бор туйғулар ундан униб, сўнгра ўсадир.
Унинг сабаб Замин ҳамон шиддаткор, чопқир-
Ёлғиз мувозанат мавжуд,Ишонч ўшадир!

ОНАМГА

Онам эккан райҳон, эй хушифор гул,
Саррин саболарга тўлмиш сенинг боғ.
Сени бу боғларга берган аёлнинг
Қалби дунёлардан улкан, беадоғ.

Яхши-ёмонга ҳам ҳарорат сочган
Қуёшдир менингчун, билсанг асли у.
Самовотнинг барча нурлари унинг
Меҳрли кўзидан олгандир ёғду.

О, унинг тўрт фасли ёз бўлсин узун,
Пойига гул сочиб тинмасин баҳор!
Сочин оқларининг ҳар бир йўлида
Умрим ташвишларин бекатлари бор…

Райҳон, жаннатгулим, бўйидармоним,
Кўксимда жон қадар уради бир ер.
Яна йўлинг тушса боғи беҳиштга
Унга Худойимдан умр сўраб бер!

Билсанг, у-тикувчи, ҳаёт йўллари
Газмоллар, бичимлар билан тўладир.
Онам тиккан мато тўпланса агар,
Ер шарига кўйлак тикса бўлади!

Мушфиқам у менинг,
моҳир чеварим-
Қалбим чокларини улаб тургувчи.
Умридан тўловчи бахтхаридорим,
Борини боримчун тилаб тургувчи…

Онам эккан райҳон, муаттар гулим
Унинг билан ҳаёт йўлларим оқдир.
Кўнглим сезар…Усиз қолса бу умрим,
Умрмас, увада, ола-қуроқдир…

ЧОРАСИЗЛИК

Тўққиз асрдирки унда изтироб,
Тўққиз асрдирки унда алам-ғам.
Балки, ўша дарддир улғайтган уни,
Балки изтироблар буюклаштирган…

У — Минори Калон, баланд минора,
Узун қўлин кўкка узатолмаган.
У — тилсиз, у — ночор, шундоқ пойида
Ҳақсизликлар бўлган, тузатолмаган.

У йиғлаб кузатган оёқ остида,
Не кўзёшлар, қонлар тўкишганини.
Адолату, ғариб ҳақиқат учун
Неча жанозалар ўқишганини…

Янчиб ташлолмаган, хиёнаткорлар
Фитратни аямай, сотганларида.
Чопиб боролмаган, қай бир хилватда
Файзулла кўксидан отганларида!

…Аста имлаб мени чақирар: — Қизим,
келгин, дунёсида нетамиз, дейди.
Ҳур оҳулар чопган ҳув кенгликларга,
Бепоён даштларга кетамиз, дейди.

Аммо, бу тасаввур, аммо бу хаёл.
Тарих хато, дейиш балки хатодир.
Лекин, шуки аён, у – қачонлардир,
Ҳайкалга айланган Одам Атодир.

Фақат ҳамон мубҳам, ҳамон ноаниқ,
Қачон ҳақиқатчун кўзи ўйилган.
Балки чорасизлик…Ахир унинг ҳам
оёқлари маҳкам бойлаб қўйилган!…

Ажабмас, кун келгай тугар сабрлар,
Занжирлар банд-банддан узилгай, йитгай.
Дунё, охир бир кун оёққа турган
Миноралар сенинг бошингга етгай…

*  *  *

Шундай севсанг…
Ҳаммаданда ортиқ бўлса у,
Ишонмасанг уни борлиқ рўёларига.
Кўзларига боқиб, бахтдан кўкларга учсанг,
Қўл силтасанг мавжудликнинг дунёларига.

Шундай севсанг,
Бор ёлғонлар чинга айланса,
ҳақиқатлар лаҳза сайин рўёга дўнса.
Сезиб турсанг коинотнинг яшилликлари
Майса бўлиб юрагингдан кўкарса, унса.

Шундай севсанг…
Интиқ кутсанг, ҳижрон дардлари
Соғинч бўлиб кўзларингни чиндан ёшласа.
Шундай севсанг, ўзлигингдан озод бўлсанггу,
Ишқ йўллари сени фақат Ҳаққа бошласа.

Шундай севсанг…

* * *

Ҳинд фильмларини ёқтирарди у,
Ишонарди йиғлаб-куйишларига.
Қиз-йигитнинг бирга қўшиқлар айтиб,
Қирларда қувнашиб юришларига.

Севган актёрин ижросин кўрмай
Бирор кун йўқ эди,кетсин уйқуга.
Кинолар сабабми,ё ғўр эдими,
Ишонарди севги деган туйғуга…

Қандай ишонмасин,кўрганларида
Ошиқлар чиндан мард,ботир эдилар.
Суйгани деб мудом ҳар нега тайёр
Ва ҳамма нарсага қодир эдилар…

Маҳбубасин асрар ҳатто еллардан,
Гап талош қилмасди ёт оғизларга.
Кўрсатиб қўярди қаҳрамон доим
Кимлигин,ҳар нокас, паст, ноқисларга.

Аммо турмуш…Ҳаёт…
Бунчалар фарқли!
Қалбдаги суронлар йўқолди,тинди.
-Севги тўйгачадир! — Кўнди-ю,аммо
Шундан кейин кино кўрмасди энди…

ЮПАНЧ

Ўкинманг ҳеч қачон “бахтим кам” дея,
Энди кўзда мудом армон, нам дея,
Зерикманг бу дунё – азал ғам, дея
Сиз ҳали ҳаммадан бахтли бўласиз!

Биламан, бу дунё аслидан бир кам,
Кимнинг кўкси тоғдек, кимнинг кўзи нам,
Вақт барига малҳам, вақт – олий ҳакам,
Сиз ҳали ҳаммадан бахтли бўласиз!

Бугун ортингиздан ғийбат қиларлар,
Оқни қора дея туҳмат қиларлар,
Кўрасиз, эртага ҳасад қиларлар,
Сиз ҳали ҳаммадан бахтли бўласиз!

Не кунлар тушмайди бу қаттиқ бошга,
Томчи сув ҳеч қачон тиғ бўлмас тошга,
Тунга эмас, фақат боқинг қуёшга,
Сиз ҳали ҳаммадан бахтли бўласиз!…

ҚЎМСАШ

Ўтган ҳаётимда қуш эдим эркин,
Ҳадсиз самоларни сокин бўйлардим.
Озодқанот бургут эдим, дунёни
Кенгликдан иборат, дея ўйлардим.

Отам-виқорли тоғ, эголмас ҳеч бир,
Суронлар, янчишга қилинган аҳдлар.
Онам-ялпиз эди, синглим-шўх ирмоқ,
Акаларим эди муслим дарахтлар.

Уйғотардим ҳар тонг бобом қуёшни,
Парвозим хос эди энг юксакларга.
Орим-осмон қадар, чўққилар қадар
Назарим солмасдим ўлаксаларга…

Камалак арғимчоқ солган самолар
Бокира, мусаффо, йўқ эди гарди.
Гоҳо ерга боқсам, одамлар шунда
Майда
ва жудаям паст туюларди…

Ҳурлик ҳаётимга ғайирлик қилиб,
Тақдир терскай бўлди, қолавердим жим.
Билмадим, қайси бир гуноҳим учун
ҳозирги умримда инсон яралдим!

Одамману, ҳануз кўниколмадим
Заминда олган бу нафасларимга.
Парвозим қўмсайман, сиғмай қолганда
ҳаётнинг тор, бадбўй қафасларига…

Саволлар қийнайди, қўймас саволлар
Мен эса заминнинг телба асири.
Бу не ҳол, ўтган қай битта умрингнинг
Ҳамнафас замонга бўлса таъсири!..

Қачонлардир илон бўлан бандалар
бугун илонлигин қилаётир, рост.
Ўтган ҳаётида чаён бўлганлар
аямай, кўксингга ниш санчар нохос.

Қачондир ит бўлган каслар бугун ҳам
одатини қўмсаб, қопаётирлар.
Гўнгқарға бўлганлар-бугунги зотлар
ковлаштириб, хато топаётирлар…

Айримлар ҳозир ҳам тошбақа каби
биқиниб кун кўрар ўз косасига.
Тўнғиз бўлганларку, дунё ҳақида
ҳануз эга эски хулосасига!

Қисқаси бариси ўшандай гўё,
Руҳ ҳамон ўшадир, фақат ўзга тан.
Ҳар банданг аслидан воз кечолмаган
заминда, эгам, мен учолмаяпман…

Ахир нега менинг қанотларим йўқ,
Кўринмас боғланган иплар қайдадир?..
Маконим чўққимас, қушмасман.
Бироқ,
бу айрим кимсалар ҳануз майдадир!..

О, уларнинг ўйи бунчалар тор, паст
Ва оғиз тўлдирган гаплари майда.
Бу улкан оғриқли юрагим билан
Мен қандай яшайман ҳамнафас жойда?..

Ўтинаман, Худо, қайта яралсам
Майли майса қилгин, ё ел қилгин эркин.
Фақат одам қилиб яратма мени,
Ҳеч йўқ капалакнинг умрини бергин.

Бир кун яшасам ҳам бахтлиман шунда,
Тоза ҳаволарга чўмсин нафасим.
То инсон эканман, жон олгунингча,
Минг бора ўлдирар ҳаёт қафаси…

ОНА ТЕРЕЗА

Она Тереза номи билан танилган Агнес Гонджа Бояджиу (1910-1997 йй) хотирасига бағишладим

Кун сайин кўксингга сиғмайди юрак,
Кичрайиб қолгандек кўкрак қафаси.
Гўё бўғзинг аро чирмар ёт қўллар,
Ўзингники эмас олган нафасинг.

Кун сайин тириклик чигал масала —
Тобора сеники эмасдек тананг.
Наздингда, умр энди эшкаксиз кема,
Ҳаёт – даҳшат солган телба пўртана…

Машаққатлар-қопқон, сенда уқув йўқ,
Қочиб қололмаган, тураверган тек.
Ўлимни ўйлайсан, увушар этинг,
Бироқ, яшашнинг ҳам қизиғи йўқдек…

Шу хаёл, ўй билан дераза томон
Борасан, ёруғлик истайсан шу чоғ.
-Ҳайҳот! Қачон келиб улгурди баҳор,
Қачон бунча қийғос гуллади бу боғ?!

Кўзларингда порлар ҳаяжон, ҳайрат —
Туясан қайдандир ҳаёт сасини.
Ҳар бутоқ, ҳар дарахт ўргатар бунда
Гуллаб яшнамоқлик фалсафасини…

Шу лаҳза онгингда бор фикр, идрок
Намоён этади ирода кучин.
— Яшамоқлик даркор баҳорга етмай,
Ўрик гулин кўрмай ўтганлар учун!

Қай хунрез узган бир дайди ўқ сабаб
Маҳшарга етгулик нолалар учун!
Парча нон дардида минг кўча кезиб,
Уйига қайтмаган болалар учун!

Яшагин  тўшакда михланган танлар,
Азобдан очилмай кетган кўз  ҳақи!
Номардлар пойида мажруҳ ватанлар,
Ҳақиқат айтилган тирик сўз ҳақи!

Қаҳратонлар билан, мардона туриб
Баҳор деб курашган шонлар учун ҳам!
Ёруғлик излаган нурли умрлар
Гуноҳсиз тўкилган қонлар учун ҳам!

Токи, тирик экан,бор экан инсон,
Токи,кўксинг узра ураркан юрак.
Баҳорга интизор ўтганлар ҳаққи,
Яшамоқ,
Тиним билмай яшамоқ керак!

…Чеҳранг ёришади, шу лаҳза борлиқ
Кенгаяр, қуёш ҳам сендан сал нари.
Гўзалликка, завққа айланар ҳатто
Тирикликнинг телба пўртаналари!.

МАРТ ЯҚИН…

Тобора адоқдир қишнинг ҳам заҳми,
Тобора заминга яқиндир Қуёш.
Худони ҳаммадан аввал соғинган
Бойчечак дийдорчун кўтаради бош.

Тобора кечалар фусункор,сокин
Тобора кундузлар хуш ёқар танга.
Азизим,март яқин…
Ҳатто қорларнинг
бағрида аланга, аланга!

Ҳолбуки,шудринглар ҳамон музтомчи,
Ҳеч бири дур бўлиб қололмас зотан.
Ҳаёт,о,қанчалар суюксан! Сен деб
Уч фасл курашар қаҳратон билан…

Кичрайгандек тоғлар шашти,виқори
Бош эгар ҳар майса,гул,япроғига.
Ошиқ еллар куйлар сирли куй,ўлан
Ҳали юз очмаган қизғалдоғига.

Эй заъфарон юзлим, кўзларингни оч,
Унда порлар ҳали самовий чақин.
Шундай кунлар келар очишиб қучоқ,
Ахир ҳаёт яқин…
Ахир,март яқин!..

045 Go’zalning she’rlarini dastlab muxtasar so’zim bilan (mana bu sahifada) taqdim etgan edim. Keyinchalik uning «Yoshlik» jurnalida e’lon qilingan «Sukunatga cho’kayotgan qichqiriqman» turkumi bilan (mana bu sahifada) ham tanishtirdik. Oradan ancha vaqt o’tib, bugun uning bir necha yangi she’rlarini mamnuniyat bilan e’lon qilmoqdamiz.

Go’zal RO’ZIEVA
YANGI SHE’RLAR
044

Go’zal Ro’zieva 1986 yil 31 oktyabrda Buxoro viloyati, Jondor tumanida tug’ilgan. 1993-2004 yillarda Jondor tumanidagi 22-o’rta umumta’lim maktabini, 2004-2008 yillarda Fayzulla Xo’jaev nomidagi Buxoro davlat universiteti tarix fakul`tetini tugatgan. 

044

QUSH LISONI
001

Ko’z o’ngimda jonlanadi moziy damo-dam,
Qop-qora tun…Oq qog’ozga to’kiladi she’r.
Butun olam azal shunday yaralgandek jim,
tinch uyquda…Yolg’iz bedor — Hazrat Alisher.

Hazrat, ruhim aro bir qush kezar jonsarak,
Birda tinch, bir kengliklarga parvozni xohlar.
Halovatsiz, cho’qqilardan boqar dunyoga
Garchi, unga yaqinroqdir maysa, giyohlar.

Sizning aytgan Haq vodiysi bormidi chindan,
Sabru-ranjning so’nggi unga eltishi rostmi?
Inson bugun haqiqatga chindan mushtoq dam,
Bu manzilga yetmoq yolg’iz qushlarga xosmi?!

Holbuki, vaqt o’tsa hamki o’shadir bashar,
Haqiqatning tarozisi egridir hamon.
Boshlarning eng tillalarin jallodga tutib,
Hamon keyin motam tutar shirakayf zamon…

“ Inson qalbi-Ka’ba…” degan aqidangizga,
Necha asr burun qalin chiziq tortilgan.
Bugun o’shal Ka’balarning ko’pi vayrondir,
Qolganiga tegirmonning toshi ortilgan!

Or va nomus, haq-nohaqlik, teng va tengsizlik …
Yana ko’pin qadri yo’qdir hatto bir miri.
Bu darz ketgan tushunchalar kemtiklarini,
Million Farhod tuzatolmas bugun, taqsirim…

Xullas, menga tuyuladi dunyo bir qafas,
Ichimda bir qush bor, garchi odam tal’atim.
Haqiqatning vodiysini qidirib chiqqan
O’sha gala qushning biri – menman, Hazratim..!

Uzoq uchdim, qanotlarim toldi, horidi
Ortda qoldi ortimizdan tumanli bir iz.
Faqat endi yo’l ko’rsating, yaqinmi manzil?
Anglolmayin qoldim, qaysi vodiydamiz biz…

11.07.2016

ISHONCH HAQIDA SHE’R
(yoki qofiyalarga sig’magan ballada)

Insonga eng avvalo ishonch lozim,
Samimiy boqib turgan ko’zlar haqqi!
O’sha ko’zlar qachonlardir jovdirab termulgan Sizga,
Axir o’sha ko’zlar aro tumonat hislar,
Qorachiqlar ichra porlagan balqib…

Axir, o’sha ko’zlarning tub-tubida necha bora
Ko’zingizga ko’zingiz tushgan.
Axir, oddiy hayot sirin nahot anglamoq qiyin:
Barcha ko’zlarga boqib ham ko’rib bo’lmas sira
O’zingizni, o’zligingizni
Suvda aksingizga termulgandayin…

Xudo haqqi, hech bo’lmasa hal qilar damda
Ishonmoqlik kerak balki xudo yo’lida…
Bir og’izlik dalda bergan sehrli so’zlar
Labingizdan uchsin, bo’ling mayli valiy yo nabiy.
“Men senga ishonaman…”

Poyingizga egilmoqqa tayyor gado kabi o’sha mushtoqqa
Shu uch so’zni ayting, hech yo’q
Uch so’mni xayr qilgan kabi…

Nainki inson, butun yaratilmishga ishonch kerak!
Toki, Zamin bag’ri uzra ko’tarib hamon
Yelib, uchib borar ekan yugurik, sarson,
Toki, osmon rangi o’xshar hali osmon rangiga
Gullar hali taratmoqda gullar iforin,
Hali qushlar nag’masida bir ajib soz bor…

Hali quyosh dasta zarrin nurlarga ega.
Axir, o’sha Buyuk ishonch sabab aylanmoqda Yer,
Hech narsaga bog’lanmagan, ulkan bir kurra
Chegarasiz bo’shliq aro turar osilib…

Shu holiga milliardlab odamlar,
So’ng ularning son-sanoqsiz tashvishlari
Charchoq yelkasida qat-qat bosilib!
Ha,bilaman…aytmasingizdan bilaman,
Barcha ilm ahli, barcha kazo-kazolar:
Bu zaminning tortishish kuchi, muvozanat,
Fizik hodisotlar deysiz va hokazolar…

Yaproq labidagi so’ng shudring monand
Dildirab turgandek, turgandek qalqib.
Siz aytgan o’sha barcha fizik hodisotlarning
Yakkash tugal nomi Ishonchdir balki…
Ishonaman, yerning nomigina Yer xolos, asli
Unda ham dard, azob, yana turfa og’riq bor…

Menga go’yo tuyuladi Shamol-shamolmas,
U-ko’hna Yer qalbidan otilgan nola.
To’fon asli emas to’fon, u-
Zaminning ko’ksidagi dard, alam, isyon…

U-yomg’irmas, Yer dardiga chidolmagan ko’k
Dardchil-dardchil girya bilan to’kmoqda jola.
Balki, Ona zamin kutar nenidir sokin,
Yelkasin og’ritgan farzandlar kunlar kelaru,
Uning dardlariga, topgaylar chora!
Atirgulning qon rangidek ekanligiga,
Yana ishongan kabi borliq, kun-tunga.
Shaksiz his qilgan kabi Haqning borligini,
Ishongim keladi judayam shunga…

Nuh to’fonin so’ng zarrasi qurimay, hayot
Gurkiragan edi balki o’sha his sabab?
Ilk o’latdan, ilk vabodan…va barcha ilk
ham keyingi balolardan omon yashab kelayotgan Inson,
O’sha ishonch sabab hamon taning uzra qon oqar balki…

Garchi o’tgan bu oradan milliardlab yillar,
Ammo, meni yana ishongim keladiki,
Bu o’sha ilk qon-Hobilning jonsiz tani aro
silqib chiqqan o’sha qon kabi buzilmagan,
aynimagan…Ishongim kelar!

Men ishonaman, hali tili chiqmagan go’dak,
Ilk so’zini aytgunicha, shodon so’zlashadi
Qo’lchalarin cho’zib, Yaratgan bilan.
-O, jajji farishta, bizni ne kutar,
Oyingni, dadangni, og’a-ining, shahring,
Yurting…Ona yerni ne kutar, so’ra Xudodan?!

Ishonamanki yana ey g’anim do’stlar!
Meni jondan ortiq ko’rib, qo’yningiz aro
Yuragimu-boshim uchun toshlar asraysiz.
Yuzingizda porlar mehr, har qadamimda
Oyog’imdan takror-takror chalmoqqa shaysiz…

Bilmaysizki, ming urinmang azal yaratgan-
Har o’q uchun bitta qalqon doim ato bor.
Bilmaysizki, har bir yurak bamisli Ka’ba —
va ularning har birida mudom Xudo bor.
Lekin, bilib qo’ying — haqqingiz yo’q hech,
Siz sabab hislarning so’lmoqligiga.
Haqqingiz yo’q, qayta-qayta yomonlik bilan
Sizning sabab ishonchlarning o’lmoqligiga.

Chunki, ishonch o’lsa…Yana quyosh chiqaverar balki,
Yana hilol nurini ham ayamas bizdan,
Yana yellar kezaverar balki sarsari.
Ammo, ko’nglim sezar, hech biri avvalgidek bo’lmas
Bora-bora tugaydi bari!

Chunki, bor barcha hislarning doyasidir u,
Bor tuyg’ular undan unib, so’ngra o’sadir.
Uning sabab Zamin hamon shiddatkor, chopqir-
Yolg’iz muvozanat mavjud,Ishonch o’shadir!

ONAMGA

Onam ekkan rayhon, ey xushifor gul,
Sarrin sabolarga to’lmish sening bog’.
Seni bu bog’larga bergan ayolning
Qalbi dunyolardan ulkan, beadog’.

Yaxshi-yomonga ham harorat sochgan
Quyoshdir meningchun, bilsang asli u.
Samovotning barcha nurlari uning
Mehrli ko’zidan olgandir yog’du.

O, uning to’rt fasli yoz bo’lsin uzun,
Poyiga gul sochib tinmasin bahor!
Sochin oqlarining har bir yo’lida
Umrim tashvishlarin bekatlari bor…

Rayhon, jannatgulim, bo’yidarmonim,
Ko’ksimda jon qadar uradi bir yer.
Yana yo’ling tushsa bog’i behishtga
Unga Xudoyimdan umr so’rab ber!

Bilsang, u-tikuvchi, hayot yo’llari
Gazmollar, bichimlar bilan to’ladir.
Onam tikkan mato to’plansa agar,
Yer shariga ko’ylak tiksa bo’ladi!

Mushfiqam u mening,
mohir chevarim-
Qalbim choklarini ulab turguvchi.
Umridan to’lovchi baxtxaridorim,
Borini borimchun tilab turguvchi…

Onam ekkan rayhon, muattar gulim
Uning bilan hayot yo’llarim oqdir.
Ko’nglim sezar…Usiz qolsa bu umrim,
Umrmas, uvada, ola-quroqdir…

CHORASIZLIK

To’qqiz asrdirki unda iztirob,
To’qqiz asrdirki unda alam-g’am.
Balki, o’sha darddir ulg’aytgan uni,
Balki iztiroblar buyuklashtirgan…

U — Minori Kalon, baland minora,
Uzun qo’lin ko’kka uzatolmagan.
U — tilsiz, u — nochor, shundoq poyida
Haqsizliklar bo’lgan, tuzatolmagan.

U yig’lab kuzatgan oyoq ostida,
Ne ko’zyoshlar, qonlar to’kishganini.
Adolatu, g’arib haqiqat uchun
Necha janozalar o’qishganini…

Yanchib tashlolmagan, xiyonatkorlar
Fitratni ayamay, sotganlarida.
Chopib borolmagan, qay bir xilvatda
Fayzulla ko’ksidan otganlarida!

…Asta imlab meni chaqirar: — Qizim,
kelgin, dunyosida netamiz, deydi.
Hur ohular chopgan huv kengliklarga,
Bepoyon dashtlarga ketamiz, deydi.

Ammo, bu tasavvur, ammo bu xayol.
Tarix xato, deyish balki xatodir.
Lekin, shuki ayon, u – qachonlardir,
Haykalga aylangan Odam Atodir.

Faqat hamon mubham, hamon noaniq,
Qachon haqiqatchun ko’zi o’yilgan.
Balki chorasizlik…Axir uning ham
oyoqlari mahkam boylab qo’yilgan!…

Ajabmas, kun kelgay tugar sabrlar,
Zanjirlar band-banddan uzilgay, yitgay.
Dunyo, oxir bir kun oyoqqa turgan
Minoralar sening boshingga yetgay…

* * *

Shunday sevsang…
Hammadanda ortiq bo’lsa u,
Ishonmasang uni borliq ro’yolariga.
Ko’zlariga boqib, baxtdan ko’klarga uchsang,
Qo’l siltasang mavjudlikning dunyolariga.

Shunday sevsang,
Bor yolg’onlar chinga aylansa,
haqiqatlar lahza sayin ro’yoga do’nsa.
Sezib tursang koinotning yashilliklari
Maysa bo’lib yuragingdan ko’karsa, unsa.

Shunday sevsang…
Intiq kutsang, hijron dardlari
Sog’inch bo’lib ko’zlaringni chindan yoshlasa.
Shunday sevsang, o’zligingdan ozod bo’lsanggu,
Ishq yo’llari seni faqat Haqqa boshlasa.

Shunday sevsang…

* * *

Hind fil`mlarini yoqtirardi u,
Ishonardi yig’lab-kuyishlariga.
Qiz-yigitning birga qo’shiqlar aytib,
Qirlarda quvnashib yurishlariga.

Sevgan aktyorin ijrosin ko’rmay
Biror kun yo’q edi,ketsin uyquga.
Kinolar sababmi,yo g’o’r edimi,
Ishonardi sevgi degan tuyg’uga…

Qanday ishonmasin,ko’rganlarida
Oshiqlar chindan mard,botir edilar.
Suygani deb mudom har nega tayyor
Va hamma narsaga qodir edilar…

Mahbubasin asrar hatto yellardan,
Gap talosh qilmasdi yot og’izlarga.
Ko’rsatib qo’yardi qahramon doim
Kimligin,har nokas, past, noqislarga.

Ammo turmush…Hayot…
Bunchalar farqli!
Qalbdagi suronlar yo’qoldi,tindi.
-Sevgi to’ygachadir! — Ko’ndi-yu,ammo
Shundan keyin kino ko’rmasdi endi…

YUPANCH

O’kinmang hech qachon “baxtim kam” deya,
Endi ko’zda mudom armon, nam deya,
Zerikmang bu dunyo – azal g’am, deya
Siz hali hammadan baxtli bo’lasiz!

Bilaman, bu dunyo aslidan bir kam,
Kimning ko’ksi tog’dek, kimning ko’zi nam,
Vaqt bariga malham, vaqt – oliy hakam,
Siz hali hammadan baxtli bo’lasiz!

Bugun ortingizdan g’iybat qilarlar,
Oqni qora deya tuhmat qilarlar,
Ko’rasiz, ertaga hasad qilarlar,
Siz hali hammadan baxtli bo’lasiz!

Ne kunlar tushmaydi bu qattiq boshga,
Tomchi suv hech qachon tig’ bo’lmas toshga,
Tunga emas, faqat boqing quyoshga,
Siz hali hammadan baxtli bo’lasiz!…

QO’MSASH

O’tgan hayotimda qush edim erkin,
Hadsiz samolarni sokin bo’ylardim.
Ozodqanot burgut edim, dunyoni
Kenglikdan iborat, deya o’ylardim.

Otam-viqorli tog’, egolmas hech bir,
Suronlar, yanchishga qilingan ahdlar.
Onam-yalpiz edi, singlim-sho’x irmoq,
Akalarim edi muslim daraxtlar.

Uyg’otardim har tong bobom quyoshni,
Parvozim xos edi eng yuksaklarga.
Orim-osmon qadar, cho’qqilar qadar
Nazarim solmasdim o’laksalarga…

Kamalak arg’imchoq solgan samolar
Bokira, musaffo, yo’q edi gardi.
Goho yerga boqsam, odamlar shunda
Mayda
va judayam past tuyulardi…

Hurlik hayotimga g’ayirlik qilib,
Taqdir terskay bo’ldi, qolaverdim jim.
Bilmadim, qaysi bir gunohim uchun
hozirgi umrimda inson yaraldim!

Odammanu, hanuz ko’nikolmadim
Zaminda olgan bu nafaslarimga.
Parvozim qo’msayman, sig’may qolganda
hayotning tor, badbo’y qafaslariga…

Savollar qiynaydi, qo’ymas savollar
Men esa zaminning telba asiri.
Bu ne hol, o’tgan qay bitta umringning
Hamnafas zamonga bo’lsa ta’siri!..

Qachonlardir ilon bo’lan bandalar
bugun ilonligin qilayotir, rost.
O’tgan hayotida chayon bo’lganlar
ayamay, ko’ksingga nish sanchar noxos.

Qachondir it bo’lgan kaslar bugun ham
odatini qo’msab, qopayotirlar.
Go’ngqarg’a bo’lganlar-bugungi zotlar
kovlashtirib, xato topayotirlar…

Ayrimlar hozir ham toshbaqa kabi
biqinib kun ko’rar o’z kosasiga.
To’ng’iz bo’lganlarku, dunyo haqida
hanuz ega eski xulosasiga!

Qisqasi barisi o’shanday go’yo,
Ruh hamon o’shadir, faqat o’zga tan.
Har bandang aslidan voz kecholmagan
zaminda, egam, men ucholmayapman…

Axir nega mening qanotlarim yo’q,
Ko’rinmas bog’langan iplar qaydadir?..
Makonim cho’qqimas, qushmasman.
Biroq,
bu ayrim kimsalar hanuz maydadir!..

O, ularning o’yi bunchalar tor, past
Va og’iz to’ldirgan gaplari mayda.
Bu ulkan og’riqli yuragim bilan
Men qanday yashayman hamnafas joyda?..

O’tinaman, Xudo, qayta yaralsam
Mayli maysa qilgin, yo yel qilgin erkin.
Faqat odam qilib yaratma meni,
Hech yo’q kapalakning umrini bergin.

Bir kun yashasam ham baxtliman shunda,
Toza havolarga cho’msin nafasim.
To inson ekanman, jon olguningcha,
Ming bora o’ldirar hayot qafasi…

ONA TEREZA

Ona Tereza nomi bilan tanilgan Agnes Gondja Boyadjiu (1910-1997 yy) xotirasiga bag’ishladim

Kun sayin ko’ksingga sig’maydi yurak,
Kichrayib qolgandek ko’krak qafasi.
Go’yo bo’g’zing aro chirmar yot qo’llar,
O’zingniki emas olgan nafasing.

Kun sayin tiriklik chigal masala —
Tobora seniki emasdek tanang.
Nazdingda, umr endi eshkaksiz kema,
Hayot – dahshat solgan telba po’rtana…

Mashaqqatlar-qopqon, senda uquv yo’q,
Qochib qololmagan, turavergan tek.
O’limni o’ylaysan, uvushar eting,
Biroq, yashashning ham qizig’i yo’qdek…

Shu xayol, o’y bilan deraza tomon
Borasan, yorug’lik istaysan shu chog’.
-Hayhot! Qachon kelib ulgurdi bahor,
Qachon buncha qiyg’os gulladi bu bog’?!

Ko’zlaringda porlar hayajon, hayrat —
Tuyasan qaydandir hayot sasini.
Har butoq, har daraxt o’rgatar bunda
Gullab yashnamoqlik falsafasini…

Shu lahza ongingda bor fikr, idrok
Namoyon etadi iroda kuchin.
— Yashamoqlik darkor bahorga yetmay,
O’rik gulin ko’rmay o’tganlar uchun!

Qay xunrez uzgan bir daydi o’q sabab
Mahsharga yetgulik nolalar uchun!
Parcha non dardida ming ko’cha kezib,
Uyiga qaytmagan bolalar uchun!

Yashagin to’shakda mixlangan tanlar,
Azobdan ochilmay ketgan ko’z haqi!
Nomardlar poyida majruh vatanlar,
Haqiqat aytilgan tirik so’z haqi!

Qahratonlar bilan, mardona turib
Bahor deb kurashgan shonlar uchun ham!
Yorug’lik izlagan nurli umrlar
Gunohsiz to’kilgan qonlar uchun ham!

Toki, tirik ekan,bor ekan inson,
Toki,ko’ksing uzra urarkan yurak.
Bahorga intizor o’tganlar haqqi,
Yashamoq,
Tinim bilmay yashamoq kerak!

…Chehrang yorishadi, shu lahza borliq
Kengayar, quyosh ham sendan sal nari.
Go’zallikka, zavqqa aylanar hatto
Tiriklikning telba po’rtanalari!.

MART YAQIN…

Tobora adoqdir qishning ham zahmi,
Tobora zaminga yaqindir Quyosh.
Xudoni hammadan avval sog’ingan
Boychechak diydorchun ko’taradi bosh.

Tobora kechalar fusunkor,sokin
Tobora kunduzlar xush yoqar tanga.
Azizim,mart yaqin…
Hatto qorlarning
bag’rida alanga, alanga!

Holbuki,shudringlar hamon muztomchi,
Hech biri dur bo’lib qololmas zotan.
Hayot,o,qanchalar suyuksan! Sen deb
Uch fasl kurashar qahraton bilan…

Kichraygandek tog’lar shashti,viqori
Bosh egar har maysa,gul,yaprog’iga.
Oshiq yellar kuylar sirli kuy,o’lan
Hali yuz ochmagan qizg’aldog’iga.

Ey za’faron yuzlim, ko’zlaringni och,
Unda porlar hali samoviy chaqin.
Shunday kunlar kelar ochishib quchoq,
Axir hayot yaqin…
Axir,mart yaqin!..

044

(Tashriflar: umumiy 1 190, bugungi 1)

Izoh qoldiring