Maqsud Shayxzoda. She’rlar & Maqsud Shayxzoda zamondoshlari xotirasida

0425 октябрь — атоқли шоир ва драматург Мақсуд Шайхзода таваллудининг 110 йиллиги

   Шайхзода ақл маъносидагина эмас, сиймо маъносида ҳам ҳаммамиздан ажралиб турарди. Мухтор оғанинг беозор саволи унга эриш туюлмади. Аксинча, ҳамма ерда, ҳамма вақт, ҳамма муҳит ва шароитда қалбини обод қилган фахр туйғусини жўштириб юборди. У суюниб, ҳатто фахрланиб, озарбайжонлик эканини, Озарбайжондан келганини айтди. Шу сўзларни айтиб турганида Мақсуднинг юзига худди осмондаги қуёш кўчиб тушгандек бўлди (Мақсуд Шайхзода ҳақида хотиралар саҳифасидан. Саҳифа мана бу ерда)…

Мақсуд ШАЙХЗОДА
ШЕЪРЛАР
021

09Мақсуд Шайхзода [1908.25.10 (7.11) – 1967.19.2] – шоир, драматург, адабиётшунос, таржимон, педагог. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964). Бокудаги дорилмуаллиминни тугатган (1925). 1927 йилда аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида ҳибсга олиниб, 1928 йил февралда Тошкентга сургун қилинган. Ўрта Осиё университетининг Шарқ факультетида қисқа муддат ўқигани (1928)дан кейин «Шарқ ҳақиқати» (1929–32), «Қизил Ўзбекистон», «Ёш ленинчи» газеталари (1932), «Гулистон» журнали (1933–34) таҳририятларида хизмат қилган. Боку педагогика институтини тугатган (1934). Тошкентда Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлаган (1935 –38). 1938 йилдан Низомий номидаги Тошкент педагогика институтида ўқитувчи.

«Ўн шеър» (1932), «Ундошларим» (1933), «Учинчи китоб» (1934), «Янги девон» (1937), «Жанг ва қўшиқ», «Кўнгил дейдики…» (1943), «Ўн беш йилнинг дафтари» (1947), «Юрт шеърлари» (1948), «Йиллар ва йўллар» (1961), «Шеърлар» (1964) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. У достон жанрида «Мерос», «Тупроқ ва ҳақ» (1936), «Овчи қиссаси», «Искандар Зулқарнайн» (1940), «Ўн бирлар» (1943), «Аҳмаджоннинг ҳикматлари», «Учинчи ўғил» (1944), «Нурмат отанинг туши» (1947) сингари лиро-эпик асарлар ёзди. Шайхзода қофиянинг янги бадиий имкониятларини кашф этиб, ўзбек шеъриятига янги вазн ва шакл кўринишларини олиб кирган. Шоир ижодига хос бу тамойил унинг, айниқса, «Тошкентнома» (1958) лирик достонида ёрқин ифодасини топган.

«Жалолиддин Мангуберди» (1944), «Мирзо Улуғбек» (1961) трагедиялари, бир қанча илмий мақолалар, монографиялар («Гениал шоир», 1941) муаллифи. У Ш. Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» (ҳамкорликда) эпоси, У. Шекспирнинг сонетлари, А.С. Пушкиннинг шеърлари, «Мис чавандоз» достони, «Моцарт ва Сальери» трагедияси, М.Ю. Лермонтовнинг шеърлари ва «Кавказ асири» достонини ўзбек тилига таржима қилган.

  Шайхзода 1952 йилда ҳибсга олиниб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва 1954 йилда озод этилган.

  Мақсуд Шайхзода 1967 йилнинг 19 февралида вафот этган. Чиғатой қабристонига дафн этилган. «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган (2001). Тошкентдаги кўчалардан бири Шайхзода номи билан аталган.

021

* * *

Умрлар бўладики,
Тиригида ўликдир.
Ўлимлар бўладики,
Ўлган одам тирикдир.

ЎЗБЕКИСТОН

Ёпиқ сандиқда ҳам сақланар ҳаво,
Аммо у йўқотган ҳаво нафасин,
Уни ҳаво дейиш, ўзи нораво,
Бандилик бўғибди орзу-ҳавасин.

У – ўлган шаробдек бепарво, бежон,
На мастлик келтирар ва на ҳаяжон.
Ҳолбуки, бир чоғлар эркин парвозда
Елга шерик бўлиб ўйнаб югурган,
Қуюннинг бўлаги, улкан миқёсда –
Бепоён чўлларда қумлар совурган.

Ёки оқшом пайти шаббода билан
Чинорлар тагида қизларни ўпган,
Даралар ичида ёнганда гулхан,
Бир оз исингани оловга чопган.

Бу бари бўлган гап. Бари ҳақиқат…
Аммо эсланади тушларда фақат.
Сандиқда бўғилган бир парча ҳаво
Бир чоғлар эркинман деб қилган даъво…

Шундай: тиниб қолган бир коса сувда
Селларнинг, сойларнинг афсонаси бор,
Ўнгиб, хира бўлган синиқ кўзгуда
Хушрўйлар ҳуснининг вайронаси бор,

Бугунги сукутда, тингласанг, дилдор,
Кечаги тўйларнинг таронаси бор.

1962

КЎЗЛАР

Қанча нафис эди унинг нигоҳи,
Сузилиб боққанда у гоҳ-гоҳи –
Ўйлардим гўзаллик билан кўзларнинг
Азалдан ўқилган мангу никоҳи…

ЯХШИЛАР ҚАДРИ

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг!
«Салом» деган сўзнинг салмоғин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан, —
Уни тиригида бир соат йўқланг!

ТОВУШЛАР

Шўртепанинг алоҳида бир гашти бор кечаси…
Алалхусус август чоғи,
Ой сузилиб куларкан,
Гўё асал денгизида бутун водий,
Тоғ ва йўллар нур ичида чўмилар.
Аммо бу ер беморхона,
Мен хаста.
Дарду даво пайваста.
Хиёбонлар орасидан яшил йўллар кўринар,
Аммо бунда касалмандлар кезолмайди. Йўқ!
Ой жилмайиб чақиради чаманга,
Сой йўталиб чақирар анжуманга,
Булбулу гуллар эса,
Соҳилдаги зиёфатга, меҳмонга.
Аммо… Аммо бу йўллардан,
Бу хилват ушбу йўллардан
Хаста киши боролмайди…

Кўп аттанг!
Унинг-ку боргиси бор
албатта;
Бироқ золим касалликнинг ўз иплари бор.
Ҳар бир беморхонанинг табиблари бор.
Ундан кўра хастага
Кўройдин тунлар маъқул.
Кўрмайсан, лекин эшитасан оламни.
Кезмайсан, лекин сезасан оламни.
Разм солиб тинглайсан…
Болохона,
Айвонда
Менинг ётоғим.
Ҳар товушнинг бор ҳикмати ва ўз сабаби,
Борлиқдаги барча ҳодиса каби.

Ана, кўппак эснаб-эснаб увиллайди,
Демак, ҳозир ўтиб кетди уйига томон
Шаҳардан қайтаётган бир боғбон.
Ана машинанинг ўлчовлик нафаси,
Бугун шанба:
Шаҳардан боққа келди бир меҳмон.
Ана девор орқасидан,
Балки жар ёқасидан
Ҳаволанди ашула:
Оҳ ила, қайғу ила.
Уни айтар бир йигит,
Ёр кўйида бўлиб хит.

Нақадар зулмкорсан, эй муҳаббат!
Ухлатмайсан ошиқни,
Ухлатмайсан қўшиқни.
Ухлатмайсан ошиқ билан қўшиқни, –
Бу майли!
Ухлатмайсан беморларни,
Ухлатмайсан мени ҳам –
Хотиралар қўзғатганинг туфайли.
Ана товуш:
Синчалаклар чийиллар,
Чигирткалар чарчамасдан чириллар.

Ажабо,
Бу шўх махлуқлар
Қай соатда тинч ухлар?!
Зотан, бу жониворларни
Зўрлаб ётқизадиган
Докторлар йўқ чамаси.
Ё умуман улар касал бўлишмас;
Дарди бўлмас андишасиз махлуқнинг.
Ё туну кун уларга бир ҳаммаси,
Ёки уйқу нималигин билишмас.
Ана бошқа товушлар бор ҳовузда,
Вақирлар қурбақалар,
Сувда жимлик йўқолар.

Тавба, булар шунча ҳам беғам,
Аҳмоқона шавқ ила хуррам.
Бу ҳовуз улар учун ягона олам:
Туғилиш бунда,
Кўпайиш бунда,
Ўлим ҳам бунда,
Сира сузиб қийналган эмаслар
Тўлқинда.
Вақт ўтади бир лаҳза, бир дам…
Қаҳқаҳалар янграб кетар олисдан,
Бозор томонда.

Хирилдоқ бу қаҳқаҳа кимники?
Бу чамаси, бир сархушники…
У жимиди. Учиб қолди.
Ёки уни олиб кетдилар –
Шериклари уйига,
Мунтазир хотинчаси олдига.
Визиллайди энди юввош шаббода.
Товушида уйқуларнинг
Ипак хиромонлиги
Ёки иноқ оиланинг
Майин меҳрибонлиги.
Бу нағмани бирдан босар йироқдан
Тунги қоровулнинг нидоси:
– «Ким керак?»
Йўловчидан йўқ дарак…

Фақат бу саволнинг акси садоси –
«Ки-им ке-раааак…»
Бориб қўнар теракларнинг шохига.
Унга ҳамроҳ бўлиб ишлар тинмасдан,
Худди тўғри соат каби дам олмай,
Кичик ирмоқ, Чирчиқ наҳрин синглиси.
Элга қилар хизмат у.
Шариллайди сувлари ширин-ширин,
Энг ёқимли таронадек,
Гўдакликдан эсда қолган
Сеҳрли афсонадек.
У шундайин мунтазам оқадики,
Унинг товуши ҳам одат бўлиб синггандир
Қулоққа
Юракнинг тепишидек.

Сонияларнинг бири-бири кетидан
Гўё сукут туғилади шу бир хилликдан,
Лекин йўқ!
Сукут қайта бузилди
Ҳаётдаги сахийликдан.
Трактор тариллайди далада.
У саҳарни иш бошида кутмоқчи
Албатта…
Товушлар… товушлар…
Хастанинг қулоғига келиб етар
Яқиндан, узоқдан,
Ҳар ёқдан.

Товушлар бор, демак, ҳаёт бор.
Товушлар бор, демак, йўқ ўлим.
Товушлар бор юртнинг тунида,
Демак, жон бор унинг танида,
Демак, биз ҳаммамиз тирикмиз.
Тирикликда эса тиним йўқ.
Умидворман, умидворман, муқаррар:
Ҳеч қаерда,
Ҳеч қачон
Яхши инсон ўлмайди,
Унутилмайди.

Шунча мадор, севинч ва ишонч
Қуйиларки менинг хаста танимга –
Розиман бутун куррамиз учун
Бир карра мен тортсам барча дардларни.
Агар мумкин бўлсайди бу…
Аммо бу амри маҳол.
Яшамоқ керак, курашмоқ учун.
Курашмоқ керак буюк ғояга
Эришмоқ учун.

Товушлар, сиз тинчиманг, сизга муҳтожман!
Англайманки, энг яхши дори хастага –
Хастанинг табибга эътимодидир,
Ҳаётнинг ўлмаслик эътиқодидир.
Эшитилар яна товушлар: –
Ҳа… бу навбатчи докторнинг
қадамлари.
Ҳа… Кўзларни юмиб «ухламоқ» лозим.
Кўзларни юмиб уйғоқ дунёни
Тингламоқ лозим!..

Шўртепа, Беморхона,
1961–1962

ШЕЪР ЧИН ГЎЗАЛЛИК СИНГЛИСИ ЭКАН…

Шеърсиз қалбларга ачинаман мен,
Уларда на тонглар кундузин бошлар,
На оқшом юлдузлар уфкин очар кенг,
На баҳор чоғида сайрайди қушлар.

Қўшиқсиз уйларга кулги ёқмайди,
Хонадон аҳлининг қовоғи осиқ.
Ҳатто деразадан қуёш боқмайди,
Соатнинг ўзи ҳам тиқиллар босиқ.

Шеърсиз кўчани толе қарғаган,
Бу ерда севгининг манзили бекик…
Қувонч бунда кезар кайфи тарқаган –
Кекса хуморидек қомати букик…

Бечора одамлар, билмаски улар,
Шеър чин гўзаллик синглиси экан.
Ҳар кимки у билан севишса агар –
Ҳуснига чиройлар қўшилар айнан.

Шеърият диёрин шоирларимиз,
Ҳар уй, ҳар кўнгилга байтлар бўлсин ёр!
Элга дастёр бўлса шеърларимиз –
Демакки, умримиз ўтмабди бекор!..

ХИЁБОН
Шоир Миртемирга

Луғатларда ўқигандим болалик чоғи:
Дарахт бўлса агар йўлнинг иккала ёғи
Уни дерлар «Хиёбон»,
(Йўлчиларга соябон)…

Умрим йўли бир хиёбон дея ўйладим,
Шу туфайли боғу чаман куйин куйладим.
Шаҳарларим кўчаларин мен тинмай кездим,
Дарахтларнинг сони қадар мисралар тиздим.

Кундузлари хиёбонда пана изладим,
Ваъда берган бевафони оқшом кўзладим.
Оҳ, ёшликнинг оқшомлари ўхшамас тунга,
Ёшликдаги тунлар ўзи қовушар тонгга.
Оқшом пайти хиёбоннинг гашти ўзгача,
Зумрад кўзли илк баҳордан олтин кузгача…

Тобланганда фонусларнинг нури баргларда,
Барглар уни олқишларди шўх чапакларда.
Мен Бокуда, Доғистонда, Дарбанд томонда,
Москвада, Самарқандда ва Андижонда
Неча ларзон сояларда излар қолдирдим,
Неча ёзу, неча созу, сўзлар қолдирдим.

Хиёбонлар яшар эди хотиротимда,
Балки ҳар бир қўшиғимда, нақаротимда.
Яшар эди бўсаларнинг тўплами каби,
Севгиларнинг апрелдаги кўклами каби,
Уйғонсам-да унутилмас ширин туш каби,
Мени тушдан уйғотолган сайроқ қуш каби.

Хиёбонлар кўрганманки, хаёлот йўсун.
Маснавийнинг байтларидек хушбичим, узун,
…Аммо толе мени доим эркаламади,
Баъзан замон йилни йилга ҳеч уламади.
Саҳроларга дуч келдимки, на ирмоқ, на кўл,
Сургунларга юборилдим, на уфқ ва на йўл.

Лекин доим эсда эди хиёбонларим,
У йўлларда яна кезмоқ чин армонларим.
Ноумидлик шайтонда,
Умид ўлмас инсонда.
Қулаганда ғаразларнинг шумшук ҳайкали
Шеъримга ҳам келиб қолди тирилиш гали.

Чиқиб қолдим Ватаннинг кенг хиёбонига,
Хиёбонки, элтар ёруғ нур давронига.
Аммо энди бу хиёбон ўлчовли эмас,
Кўча эмас, боғча эмас ва ҳовли эмас.
Якка толе офтоби бир оқшом чўкар,
Ёлғиз умр хиёбони бир куни тугар.

У ё денгиз ёқасида адо бўлади,
Ё шаҳарнинг орқасида битиб қолади,
Ё тоғларнинг этагида охирга етар,
Мисли бахши эртагида можаро битар.
Аммо тарих хиёбони битмас уфқда,
Башар ўзин тарихига қўймайди нуқта.

Зеҳнимга шу тушунча
Келмади осонликча.
Қиссамга чин гувоҳ, боқ –
Сочларимга тушган оқ….

1965

25 oktabr — atoqli shoir va dramaturg Maqsud Shayxzodatavalludining 110 yilligi

Shayxzoda aql ma’nosidagina emas, siymo ma’nosida ham hammamizdan ajralib turardi. Muxtor og’aning beozor savoli unga erish tuyulmadi. Aksincha, hamma yerda, hamma vaqt, hamma  muhit va sharoitda qalbini obod qilgan faxr tuyg’usini jo’shtirib yubordi. U suyunib, hatto faxrlanib, ozarbayjonlik ekanini, Ozarbayjondan kelganini aytdi. Shu so’zlarni aytib turganida Maqsudning yuziga xuddi osmondagi quyosh ko’chib tushgandek bo’ldi (Maqsud Shayxzoda haqida xotiralar sahifasidan. Sahifa mana bu yerda)…

Maqsud SHAYXZODA
SHE’RLAR
021

Maqsud Shayxzoda [1908.25.10 (7.11) – 1967.19.2] – shoir, dramaturg, adabiyotshunos, tarjimon, pedagog. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi (1964). Bokudagi dorilmualliminni tugatgan (1925). 1927 yilda aksilinqilobiy tashkilot a’zosi sifatida hibsga olinib, 1928 yil fevralda Toshkentga surgun qilingan. O’rta Osiyo universitetining Sharq fakul`tetida qisqa muddat o’qigani (1928)dan keyin «Sharq haqiqati» (1929–32), «Qizil O’zbekiston», «Yosh leninchi» gazetalari (1932), «Guliston» jurnali (1933–34) tahririyatlarida xizmat qilgan. Boku pedagogika institutini tugatgan (1934). Toshkentda Til va adabiyot institutida ilmiy xodim bo’lib ishlagan (1935 –38). 1938 yildan Nizomiy nomidagi Toshkent pedagogika institutida o’qituvchi.

«O’n she’r» (1932), «Undoshlarim» (1933), «Uchinchi kitob» (1934), «Yangi devon» (1937), «Jang va qo’shiq», «Ko’ngil deydiki…» (1943), «O’n besh yilning daftari» (1947), «Yurt she’rlari» (1948), «Yillar va yo’llar» (1961), «She’rlar» (1964) va boshqa she’riy to’plamlari nashr etilgan. U doston janrida «Meros», «Tuproq va haq» (1936), «Ovchi qissasi», «Iskandar Zulqarnayn» (1940), «O’n birlar» (1943), «Ahmadjonning hikmatlari», «Uchinchi o’g’il» (1944), «Nurmat otaning tushi» (1947) singari liro-epik asarlar yozdi. Shayxzoda qofiyaning yangi badiiy imkoniyatlarini kashf etib, o’zbek she’riyatiga yangi vazn va shakl ko’rinishlarini olib kirgan. Shoir ijodiga xos bu tamoyil uning, ayniqsa, «Toshkentnoma» (1958) lirik dostonida yorqin ifodasini topgan.

«Jaloliddin Manguberdi» (1944), «Mirzo Ulug’bek» (1961) tragediyalari, bir qancha ilmiy maqolalar, monografiyalar («Genial shoir», 1941) muallifi. U SH. Rustavelining «Yo’lbars terisini yopingan pahlavon» (hamkorlikda) eposi, U. Shekspirning sonetlari, A.S. Pushkinning she’rlari, «Mis chavandoz» dostoni, «Motsart va Sal`eri» tragediyasi, M.YU. Lermontovning she’rlari va «Kavkaz asiri» dostonini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

Shayxzoda 1952 yilda hibsga olinib, 25 yillik qamoq jazosiga hukm qilingan va 1954 yilda ozod etilgan.

Maqsud Shayxzoda 1967 yilning 19 fevralida vafot etgan. Chig’atoy qabristoniga dafn etilgan. «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni bilan taqdirlangan (2001). Toshkentdagi ko’chalardan biri Shayxzoda nomi bilan atalgan.

021

* * *

Umrlar bo’ladiki,
Tirigida o’likdir.
O’limlar bo’ladiki,
O’lgan odam tirikdir.

O’ZBEKISTON

Yopiq sandiqda ham saqlanar havo,
Ammo u yo’qotgan havo nafasin,
Uni havo deyish, o’zi noravo,
Bandilik bo’g’ibdi orzu-havasin.

U – o’lgan sharobdek beparvo, bejon,
Na mastlik keltirar va na hayajon.
Holbuki, bir chog’lar erkin parvozda
Yelga sherik bo’lib o’ynab yugurgan,
Quyunning bo’lagi, ulkan miqyosda –
Bepoyon cho’llarda qumlar sovurgan.

Yoki oqshom payti shabboda bilan
Chinorlar tagida qizlarni o’pgan,
Daralar ichida yonganda gulxan,
Bir oz isingani olovga chopgan.

Bu bari bo’lgan gap. Bari haqiqat…
Ammo eslanadi tushlarda faqat.
Sandiqda bo’g’ilgan bir parcha havo
Bir chog’lar erkinman deb qilgan da’vo…

Shunday: tinib qolgan bir kosa suvda
Sellarning, soylarning afsonasi bor,
O’ngib, xira bo’lgan siniq ko’zguda
Xushro’ylar husnining vayronasi bor,

Bugungi sukutda, tinglasang, dildor,
Kechagi to’ylarning taronasi bor.

1962

KO’ZLAR

Qancha nafis edi uning nigohi,
Suzilib boqqanda u goh-gohi –
O’ylardim go’zallik bilan ko’zlarning
Azaldan o’qilgan mangu nikohi…

YAXSHILAR QADRI

Do’stlar, yaxshilarni avaylab saqlang!
«Salom» degan so’zning salmog’in oqlang.
O’lganda yuz soat yig’lab turgandan, —
Uni tirigida bir soat yo’qlang!

TOVUSHLAR

Sho’rtepaning alohida bir gashti bor kechasi…
Alalxusus avgust chog’i,
Oy suzilib kularkan,
Go’yo asal dengizida butun vodiy,
Tog’ va yo’llar nur ichida cho’milar.
Ammo bu yer bemorxona,
Men xasta.
Dardu davo payvasta.
Xiyobonlar orasidan yashil yo’llar ko’rinar,
Ammo bunda kasalmandlar kezolmaydi. Yo’q!
Oy jilmayib chaqiradi chamanga,
Soy yo’talib chaqirar anjumanga,
Bulbulu gullar esa,
Sohildagi ziyofatga, mehmonga.
Ammo… Ammo bu yo’llardan,
Bu xilvat ushbu yo’llardan
Xasta kishi borolmaydi…

Ko’p attang!
Uning-ku borgisi bor
albatta;
Biroq zolim kasallikning o’z iplari bor.
Har bir bemorxonaning tabiblari bor.
Undan ko’ra xastaga
Ko’roydin tunlar ma’qul.
Ko’rmaysan, lekin eshitasan olamni.
Kezmaysan, lekin sezasan olamni.
Razm solib tinglaysan…
Boloxona,
Ayvonda
Mening yotog’im.
Har tovushning bor hikmati va o’z sababi,
Borliqdagi barcha hodisa kabi.

Ana, ko’ppak esnab-esnab uvillaydi,
Demak, hozir o’tib ketdi uyiga tomon
Shahardan qaytayotgan bir bog’bon.
Ana mashinaning o’lchovlik nafasi,
Bugun shanba:
Shahardan boqqa keldi bir mehmon.
Ana devor orqasidan,
Balki jar yoqasidan
Havolandi ashula:
Oh ila, qayg’u ila.
Uni aytar bir yigit,
Yor ko’yida bo’lib xit.

Naqadar zulmkorsan, ey muhabbat!
Uxlatmaysan oshiqni,
Uxlatmaysan qo’shiqni.
Uxlatmaysan oshiq bilan qo’shiqni, –
Bu mayli!
Uxlatmaysan bemorlarni,
Uxlatmaysan meni ham –
Xotiralar qo’zg’atganing tufayli.
Ana tovush:
Sinchalaklar chiyillar,
Chigirtkalar charchamasdan chirillar.

Ajabo,
Bu sho’x maxluqlar
Qay soatda tinch uxlar?!
Zotan, bu jonivorlarni
Zo’rlab yotqizadigan
Doktorlar yo’q chamasi.
YO umuman ular kasal bo’lishmas;
Dardi bo’lmas andishasiz maxluqning.
YO tunu kun ularga bir hammasi,
Yoki uyqu nimaligin bilishmas.
Ana boshqa tovushlar bor hovuzda,
Vaqirlar qurbaqalar,
Suvda jimlik yo’qolar.

Tavba, bular shuncha ham beg’am,
Ahmoqona shavq ila xurram.
Bu hovuz ular uchun yagona olam:
Tug’ilish bunda,
Ko’payish bunda,
O’lim ham bunda,
Sira suzib qiynalgan emaslar
To’lqinda.
Vaqt o’tadi bir lahza, bir dam…
Qahqahalar yangrab ketar olisdan,
Bozor tomonda.

Xirildoq bu qahqaha kimniki?
Bu chamasi, bir sarxushniki…
U jimidi. Uchib qoldi.
Yoki uni olib ketdilar –
Sheriklari uyiga,
Muntazir xotinchasi oldiga.
Vizillaydi endi yuvvosh shabboda.
Tovushida uyqularning
Ipak xiromonligi
Yoki inoq oilaning
Mayin mehribonligi.
Bu nag’mani birdan bosar yiroqdan
Tungi qorovulning nidosi:
– «Kim kerak?»
Yo’lovchidan yo’q darak…

Faqat bu savolning aksi sadosi –
«Ki-im ke-raaaak…»
Borib qo’nar teraklarning shoxiga.
Unga hamroh bo’lib ishlar tinmasdan,
Xuddi to’g’ri soat kabi dam olmay,
Kichik irmoq, Chirchiq nahrin singlisi.
Elga qilar xizmat u.
Sharillaydi suvlari shirin-shirin,
Eng yoqimli taronadek,
Go’daklikdan esda qolgan
Sehrli afsonadek.
U shundayin muntazam oqadiki,
Uning tovushi ham odat bo’lib singgandir
Quloqqa
Yurakning tepishidek.

Soniyalarning biri-biri ketidan
Go’yo sukut tug’iladi shu bir xillikdan,
Lekin yo’q!
Sukut qayta buzildi
Hayotdagi saxiylikdan.
Traktor tarillaydi dalada.
U saharni ish boshida kutmoqchi
Albatta…
Tovushlar… tovushlar…
Xastaning qulog’iga kelib yetar
Yaqindan, uzoqdan,
Har yoqdan.

Tovushlar bor, demak, hayot bor.
Tovushlar bor, demak, yo’q o’lim.
Tovushlar bor yurtning tunida,
Demak, jon bor uning tanida,
Demak, biz hammamiz tirikmiz.
Tiriklikda esa tinim yo’q.
Umidvorman, umidvorman, muqarrar:
Hech qaerda,
Hech qachon
Yaxshi inson o’lmaydi,
Unutilmaydi.

Shuncha mador, sevinch va ishonch
Quyilarki mening xasta tanimga –
Roziman butun kurramiz uchun
Bir karra men tortsam barcha dardlarni.
Agar mumkin bo’lsaydi bu…
Ammo bu amri mahol.
Yashamoq kerak, kurashmoq uchun.
Kurashmoq kerak buyuk g’oyaga
Erishmoq uchun.

Tovushlar, siz tinchimang, sizga muhtojman!
Anglaymanki, eng yaxshi dori xastaga –
Xastaning tabibga e’timodidir,
Hayotning o’lmaslik e’tiqodidir.
Eshitilar yana tovushlar: –
Ha… bu navbatchi doktorning
qadamlari.
Ha… Ko’zlarni yumib «uxlamoq» lozim.
Ko’zlarni yumib uyg’oq dunyoni
Tinglamoq lozim!..

Sho’rtepa, Bemorxona,
1961–1962

SHE’R CHIN GO’ZALLIK SINGLISI EKAN…

She’rsiz qalblarga achinaman men,
Ularda na tonglar kunduzin boshlar,
Na oqshom yulduzlar ufkin ochar keng,
Na bahor chog’ida sayraydi qushlar.

Qo’shiqsiz uylarga kulgi yoqmaydi,
Xonadon ahlining qovog’i osiq.
Hatto derazadan quyosh boqmaydi,
Soatning o’zi ham tiqillar bosiq.

She’rsiz ko’chani tole qarg’agan,
Bu yerda sevgining manzili bekik…
Quvonch bunda kezar kayfi tarqagan –
Keksa xumoridek qomati bukik…

Bechora odamlar, bilmaski ular,
She’r chin go’zallik singlisi ekan.
Har kimki u bilan sevishsa agar –
Husniga chiroylar qo’shilar aynan.

She’riyat diyorin shoirlarimiz,
Har uy, har ko’ngilga baytlar bo’lsin yor!
Elga dastyor bo’lsa she’rlarimiz –
Demakki, umrimiz o’tmabdi bekor!..

XIYOBON
Shoir Mirtemirga

Lug’atlarda o’qigandim bolalik chog’i:
Daraxt bo’lsa agar yo’lning ikkala yog’i
Uni derlar «Xiyobon»,
(Yo’lchilarga soyabon)…

Umrim yo’li bir xiyobon deya o’yladim,
Shu tufayli bog’u chaman kuyin kuyladim.
Shaharlarim ko’chalarin men tinmay kezdim,
Daraxtlarning soni qadar misralar tizdim.

Kunduzlari xiyobonda pana izladim,
Va’da bergan bevafoni oqshom ko’zladim.
Oh, yoshlikning oqshomlari o’xshamas tunga,
Yoshlikdagi tunlar o’zi qovushar tongga.
Oqshom payti xiyobonning gashti o’zgacha,
Zumrad ko’zli ilk bahordan oltin kuzgacha…

Toblanganda fonuslarning nuri barglarda,
Barglar uni olqishlardi sho’x chapaklarda.
Men Bokuda, Dog’istonda, Darband tomonda,
Moskvada, Samarqandda va Andijonda
Necha larzon soyalarda izlar qoldirdim,
Necha yozu, necha sozu, so’zlar qoldirdim.

Xiyobonlar yashar edi xotirotimda,
Balki har bir qo’shig’imda, naqarotimda.
Yashar edi bo’salarning to’plami kabi,
Sevgilarning apreldagi ko’klami kabi,
Uyg’onsam-da unutilmas shirin tush kabi,
Meni tushdan uyg’otolgan sayroq qush kabi.

Xiyobonlar ko’rganmanki, xayolot yo’sun.
Masnaviyning baytlaridek xushbichim, uzun,
…Ammo tole meni doim erkalamadi,
Ba’zan zamon yilni yilga hech ulamadi.
Sahrolarga duch keldimki, na irmoq, na ko’l,
Surgunlarga yuborildim, na ufq va na yo’l.

Lekin doim esda edi xiyobonlarim,
U yo’llarda yana kezmoq chin armonlarim.
Noumidlik shaytonda,
Umid o’lmas insonda.
Qulaganda g’arazlarning shumshuk haykali
She’rimga ham kelib qoldi tirilish gali.

Chiqib qoldim Vatanning keng xiyoboniga,
Xiyobonki, eltar yorug’ nur davroniga.
Ammo endi bu xiyobon o’lchovli emas,
Ko’cha emas, bog’cha emas va hovli emas.
Yakka tole oftobi bir oqshom cho’kar,
Yolg’iz umr xiyoboni bir kuni tugar.

U yo dengiz yoqasida ado bo’ladi,
YO shaharning orqasida bitib qoladi,
YO tog’larning etagida oxirga yetar,
Misli baxshi ertagida mojaro bitar.
Ammo tarix xiyoboni bitmas ufqda,
Bashar o’zin tarixiga qo’ymaydi nuqta.

Zehnimga shu tushuncha
Kelmadi osonlikcha.
Qissamga chin guvoh, boq –
Sochlarimga tushgan oq….

1965

04

(Tashriflar: umumiy 14 714, bugungi 12)

Izoh qoldiring