Ibodat Rajabova. May rangiga kirdi jiydazor

Ashampoo_Snap_2016.10.28_02h19m03s_001_.png    Ибодат Ражабова сатрлари замирида кечмиш келажак, ёмғир билан шамол, нур билан зулмат туташ яшаЙди. Бу шеърларни ўқиганингиз сари юрагингизда гуллаётган юлғунлар шивирини, кузак ботарида адашиб қолган шаббоданинг армонли нафасини туйгандек бўласиз. Сеҳрланасиз ва шеърдан топ­ган янги манзараларингиз ичида яшагингиз келади…

Ибодат РАЖАБОВА
МАЙ РАНГИГА КИРДИ ЖИЙДАЗОР
(Туркум)
09

005Ибодат Ражабова Пешкў туманидаги Қалаймиришкор қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология ва Тошкент давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетларини тугатган. «Осмондаги фаришта», «Қуш киприги», «Бухорнур ёки етти пир», «Бухорода гужум гуллади» ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўз услубига эга истеъдодли шоиранинг шеърлари шеър ихлосмандларининг назарига тушган.

09

1

Май сувратин кийди жийдазор,
Сариқ япроқ ранги – тарози.
Токзорларни хумда ўлчади,
Булутларнинг чақмоқфеъл нози.

Ёмғир ҳиди чиқди ғалвирдан,
Майизқоплар бўйзор, паҳлавон.
Айни кузак ниначи қолиб,
Қушлар излаб кетдилар чопон.

Бесаранжом тебранди терак,
Гулсупурги уруғи мўл-кўл.
Ярим тунда овдан қайтган
Кирпичалар яктаклари ҳўл.

Лойшувоқ том боши қичиди,
Девор ювиб чарчади кузак.
Қиш ҳам ўтар… Дайдиваш қушлар,
Биздан сал-пал уялса керак…

2

Бобом боғин анжири қора,
Олчалари юрак суврати.
Бешариқдай бешга бўлинди,
Тийрамоҳда кўнглим сийрати.

Боғи шомга кўз ёши қилдим,
Сап-сарғайиб кетди беҳизор.
“Полиз десак қарға чўқир” деб,
Ошқовоқлар кетдилар бозор.

Ҳувиллаган дала, қора тол,
Акациялар – қуршаган тани.
Қишдан қўрқиб ерга ташлади
Калта-калта қиличларини.

Тутун ўйнаб, қорайди, толди,
Оловга дош берган ерўчоқ.
Уйгужумга тирмашиб йиғлар,
Унутилган эски арғимчоқ.

Пичан ташиб, чарчаган отлар,
Чумолидай ухлатди – ёмон…
Узун-узун арқон тушида,
Оғилаласт қилар саратон.

Машраб яктак кийган юлғунзор
Шом рангларин ялаб, бўлди маст,
Тунд тушига кириб ўйнади,
Қариб қолган туғ – оташпараст…

3

Энди қуёш сочини бўяр,
Кўк аччиқтош ютгандай булут.
Дим кавакда жойнамоз тўшаб,
“Қиш” сурасин ўқийди ҳут-ҳут.

Ўрмон бўйлаб япроқлар рақси
Қарсаксиз ҳам гўзал, оҳпарвар.
Тушларимга кирмай қалтирар,
Ўртачўлда қолган тераклар.

Омборларда ошланган тери,
Туз ҳидида ётар кўмилиб,
Она қундуз шоҳа йиғади –
Муз сувларда ухлаб, чўмилиб…

Дайди қушлар ҳақи токчада,
Бир гулкоса тўла нон ушоқ.
Сап-сариқ ёғ сувратида маст
Саратон ҳам чиқарар чарчоқ.

Телба шамол ҳамон чопонсиз…
Бор тирқишдан ташлайди назар…
Бир оёқда тик туриб ухлар,
Мени кутиб ётган шажарлар.

4

Хайригуллар уруғин йиғиб,
Уч қопдан жой бердим: “Ухла!
Ўзимнинг-ку вақтим йўқ, Сенга
Қавсу чилла айтади алла.

Ҳут келганда думалаб ётма,
У жавҳарни уйғотгувчи қуш.
Бир чорлови мушк, анбар бўлса,
Бир чорлови топ-тоза кумуш”.

Мен –
Капалаклар ортидан кетдим.
Ўрмон билан тердик маймунжон.
Онам қайин бўлиб чорласа,
Юрагимдан оқиб тушди қон!

Сарв пойида чаппа ухладим,
Ўнг қўлимдан кўкарди ваҳдат.
– Лашкар тузгум, – деди Зардуштий,
Сочларингни юбор, Ибодат.

Бўтакўзлар кўзида ботдим,
Ҳут бурдидан тоқат уй олди…
Бор-будимни шимиб, ютди куз,
Юрагимда бир Худо қолди..

5

Ой ёғдусин кўнглимда қордим,
Садафлардан туғилди байрам.
Оқ сочларим оқар сув бўлди,
Қора сочим мумтоз мўйқалам.

Гулширадан очилди эшик.
Сув мавжидан териб олдим дил.
Мен қайда-ю бу Худо қайда?
Уммонлардан оқиб ўтди сир.

Бармоғимни тишлади ҳайрат,
Рангтасвирлар бари – тийрамоҳ.
Тешда қолган гумбаз бошлари,
Юрагимдан минг карра огоҳ…

Боғи дарум булбули кетди.
Бешариқнинг жонига тузим.
Гуржонқалъа бошин ювиш чун,
Ёмғир билан бордим бир ўзим.

Ерга тушди кечки олмалар,
Жоним тугул сочимда оғриқ,
Айёр кузак пишган хазондан,
О, менга ҳам тикибди чориқ.

6

Тонг ўзим чун осмон ясадим,
Юрагимдан тиктирдим юлдуз.
“Камалак” деб бозорга чопсам,
Юз мингта Пир бериб кетди юз.

Нур қаричлаб шомга уландим,
Ёмғир мени санаб кетди тун.
Сизни излаб куртак қовурсам,
Сурнайларни синдирди Мажнун.

Пешонамда хино экдим куз
Шамшод ичин бўл дедим шамдон.
Балиқ киприк ичидан секин
Сувратингиз бўлди намоён.

Ортингиздан “ҳу” деб югурдим.
Ковушини қарз берди меҳроб,
Ёстиғида сўзбоши ёзди
Румий сузиб қўйган норшароб.

“Телбасану сийратинг яшил.
Сен унга-ю сенга етмас У…
Кузак мулки, хазон, аслида
Фаришталар еб қўйган қайғу!”

Шам ёқдим, жом мисол куйдим.
Хумдонларни кўкка отдим: “Кет!”
Мен эртаси Тангри олдига
Бўлиб бордим бир парча хом эт!

7

Оқ жўхорий бошингни кўтар,
Дала-сўқмоқ дардимга дармон.
Излаб-излаб, ахири бўлдим
Сув ўтилар уйига меҳмон.

Туманларни шимди шамол,
Калисода бошланди қўшиқ.
Кўкзиралар уйқуси чаққон…
Тоғ қўтонлар эшиги қийшиқ.

Дафтаримга хина едирдим,
Кулгум рангин сотиб олди ким?
Мусичалар ғамгин туришин –
Кўриб, яна оғриди кўнглим.

Дарахт ичин йўлаги борми?
Дарчаси-чи, калити кимда?
Қопга тушиб, кетган хазонлар
Ортидан дўл тортади наъра.

Онам қизи пайванди ноклар,
Ҳид таратса, Варахша чўли,
Саксовуллар шаклига кириб,
Ер тандирга бўлдилар чўри.

8

Сув юзида юрдим, югурдим,
Олма ҳидин тутдим, беқарор.
Ухлаб ётган Мансур, тур дедим,
Қанотларнинг ичида не бор?

Кўзмунчоқнинг кўзлари қайда?
Сув уйқусин топдим – қалин муз.
Гулқоқилар бағрида ётсам,
Яна мени уйғотди кундуз.

Дарё билан гаплашганим йўқ,
Уммон мени танир, эҳтимол.
Барибир булут ўртага тушиб,
Юборади саноқсиз “савол”…

Қайиқларга келар ҳавасим,
Ковушига ёпишмас ғубор.
Балиқ билан ижара олиб,
Хуш яшашга қилгандим қарор.

Ҳамма гапим оғзимда қолди,
Бобом боғи “гулйиғи” деди:
“Уяламан Сенинг шеърингдан
Анқимаса олмалар ҳиди…”.

9

Энди мени тутолмас шамол,
Ковушимни ечолмас ёмғир.
Далатандир: “Ҳамма есин” деб,
Зиғир ёғдан ёпганда патир.

Чуғурчуқлар дунёни бузди,
Ишкомларнинг бунёди хароб.
Найнов касов югуриб чиқди:
“Эҳ, қозисиз яшаш минг азоб…”.

Пода босиб кетган ялпизлар,
Қировлардан пиширса малҳам.
Лаш-лушини йиғиб, “етар” деб
Даштга келар бозори Адаш.

Мўйқаламга қўлимни бердим,
“Чиз-чиз” дедим ўтмасин фурсат.
Расми чиқса рўзномаларга
Қари боғлар тилар шафоат.

Дала-қирлар рангини йиғиб,
Ёстиқ қилсам бошимга ҳар тун.
У дунённиг муҳрин топшириб,
Бухорога келмасми Мажнун?!

10

 

Суфтикан, гўзал бир маскан,
Узумзорлар – яшил яктачи.
Боғдеворлар тушган жойини
Олма гули билан ямади.

Булбул келса, кўшкида ухлар,
Қумриларга қасри – соябон.
Тўғонидан келиб дарс олар,
Бухорода ҳар бир паҳлавон.

Сут соғилса, йўнғичқа гуллар,
Азон борган жойлар нурбулоқ,
Ялпиз мулки – анҳор бўйида
Подалари чиқарар чарчоқ.

Маъракасин мағзида ҳикмат
Пешайвоним болори бисёр.
Уйравоқин гулдонларида
Париларнинг кўнгил изи бор…

Кўзларимга сурмасин суртдим,
Ёқамга гул чиздим мушкидан.
Гул ёғига сочини ювган –
Одам боши баланд бўларкан…

Мен эртаси суфтиканга

Бор қарзимни тўлаб қайтай, деб
Гўзал баҳор, соҳир узун ёз.
Боғбонларнинг кавшига қараб,
Руҳлар билан ўқидим Намоз!

11

Кел дарахтда уя қурамиз,
Япроқлардан тикамиз ёстиқ.
Шамол патин дарпарда қилсак,
Новда шамъдон қилади тортиқ.

Елимлардан эшикқўнғироқ,
Данаклардан ясаймиз коса.
Йўлаклар-чун супурги шартмас,
Ёмғир келиб, супурар – тоза.

Бизга қўшни бўлади Ҳутҳут,
Унинг томи осмон, ҳойнаҳой,
Калитини менга қолдириб,
Тутзорлардан ичиб келар чой.

Шовуллашни ўргатар шамшод,
Қорағатлар мағзи – мойписта.
Куртаккокул шеърим туғилар –
Бирам “бай-бай”, бирам шоиста.

Япроқчалар ҳидлашга тушар,
Боғ қўнғироқ тўқийди ўлан.
Қуёш секин қўлин чўзади:
“Менга кел-чи, асалим, нурлан…”.

Чопиб чиқар тандирдан кулча:
“Менга ўхшаш эмакдош қани?”
Ярим тунда ёдлашга тушгум,
Бор дарахтлар мадҳиясини…

12

Кошки –
Боларилар менга қўнса,
Мени тортиб кетса чумоли.
Этагимга ёпишса ҳар кун
Печакгуллар пиширган боли.

Юлғун билан бирга гулласам,
Балиқ билан изласам хўрак.
Гулкўрпамга ўралиб ётса,
Тутлар билан тортишган ғуррак.

Аравалар қўлимни олса,
Менга ҳам мушк сепса, гулсават,
Қушлар билан жанубга бориб,
Ҳаволардан териб келсам пат.

Исириқлар иссиқ лабидан
Ясаб олдим куйловчи варрак.
Гултомирдан ип ҳам тўқидим –
Мен ҳам ахир учмоғим керак.

Ярим сочим уммон супурар,
Ярим сочим Хитой девори.
Чўнтагим-чи? Кўк йўтал, қоқмай –
Шамол, ёмғир, Румий бозори…

13

Сарварида туманлар қалин,
Кўнглим мисол тўкилар шабнам.
Сўқмоқларда ботиқ из қолар
Эчки-бузоқ уйга қайтар дам.

Қарғаларнинг тумшуғи қозиқ,
Қоқиларда “Ўпич” излари.
Оғилхона томида ухлар,
Пичанларнинг “қишлоқ сафари”.

Тепаликлар нафаси қиров,
Чаппа тутлар бўйи жуда паст.
Сал “пу-ф-ф-ф” десанг, чайқалиб кетар
Зарангларнинг япроғи, сармаст…

Дарахтлардан кўнгил сўрадим,
Қовунқоқи мум ютган аттор,
Найқамишлар йиғлоқи деманг,
О, уларнинг ичида мен бор.

Минбарларни бир жойда йиғиб,
Вазъ ўқиди шом, Суфтикан.
“Учиб, қўниб, ризқини терган
Ариларни яхши кўраман…”.

14

Бибича боғ шинди пиширди,
“Сим-сим эшик” очилди, Аттор
Бир “ҳе-й-й” деса, Арқут бўйида
Шококуллар бўлдилар қатор.

Саридиза қўлида коса,
Тонг, мезонлар тўқиди сочиқ,
Наршахий-ку “салом” га кетган,
Нарчоҳқалъа эшиги очиқ…

Шоҳ суратлар девордан тушди,
Юзига ранг суртди қизиқчи,
Пишган шарбат ишқидан ширин
Куйиб кетди Работлар ичи.

Кўза лабин артди шамол,
Чўмич тарашлади толшабнам.
– Хон солай, – деб эрта югурдим
Учаргилам учида мен ҳам.

Байрам бўлди, базми нон бўлди.
Ишва қилди узум қоқижон.
Куз ҳаммага улашиб чиқди
Битта, битта “Очил дастурхон”.

15

Куз ўтди, кузак ҳам ўтди,
Остонамга келиб қўнди қор,
Шаҳарлола уруғларини
Тол тарновдан оқиздим илк бор.

Саҳро ухлар, йўллар сирпанчиқ,
Ковушимга ёпишади лой.
Ёғ хумларда тиниқиб ухлар –
Қора зайтун бериб кетган мой.

Сутчой пишар, гоҳи тўкилар,
Гоҳ мушукка ем бўлар қаймоқ.
Энди менинг кулгумни излаб,
Қудуққа ҳам тушади чақмоқ.

Арк бошида яна кулоҳ йўқ,
Заргаронда қўриқчи каптар.
Тахта кўприк нам тортиб ҳар тун,
Юрагимда исиниб, ухлар.

Онам кетди, кузга қўшилиб,
Уймоқ мисол нола тортди най.
“Юлғунмозор чумчуқларини
Энди ким ҳам боқарди Сиздай?!”.

16

Кетаверсанг, ҳар кун ортингдан
Эргашади Машраб белбоғи.
Юрагингда қора бўз тўқир,
Сап-сарғайган мактублар доғи.

Деворлардан, пинҳон, санайсан
Қаттиқ теккан бошлар изларин.
Сўнг, тиз чўкиб Тоҳир сиғган
Сандиқ билан бўласан қалин.

Исириқлар Сендан айланар,
Борлиғингда чўкади уммон.
“Чўнтагингга солдим, сана”, деб,
Чирмовиқлар бериб кетар жон.

Бармоқ билан санайсан бармоқ,
Дазмоллар ҳам бир кун бўлар шоҳ,
Нонжийдадан тўйганинг сайин
Сендан чиқиб келар тийрамоҳ.

Кузак ичин титкилар каптар,
Каптарларга қарайсан хомуш.
“Юз йилдан сўнг, у-ку йўқ, ҳатто…”
…Тикка турган жойинг ҳам бўм-бўш.

17

Далалардан далага қайтдим,
Мойбўёқдан етказдим салом.
Саҳро менга расмин кўрсатди:
Шамоллардан тўлиб турган жом.

Кўзим ёшин иссиғи ошди,
Шоҳ ҳамёнлар чиқарди киприк.
Юрагимни тоғда ўлчасам,
Туғдастордай “ҳу” деди кўприк.

Думалади қумларда томчи,
Чопиб чиқди қуруқлик ҳиди.
Шом, хом бўзлар юзларин сийлар:
“О, чаккимас мўйқалам диди!”.

Қўшнайларга мен ҳам қўшилдим,
Қушчўқишдан оғринди зиғир.
– Очиқ қолган боғ эшик, – дедим –
Кел, кечаси мен билан гапир.

Сап-сарғайди эрка шолизор,
Фақат қорнинг юраги оппоқ,
Бу шамоли рангсиз борлиқда,
Сен ҳам япроқ, мен ҳам бир япроқ…

Далалардан далага қайтдим.

18

Кузакка ҳам остона қурдим,
Кишмиш токка солиб бердим жой.
Руҳин чорлаб хазонрезларнинг
Ерўчоқда кўп доғладим мой…

Ёмғир ювган шаҳар деворнинг
Елкаларин ямасам ҳар тўн.
Дастхат битиб гиреҳбонига –
Сўнг, чопонин юборди Мажнун…

Унутмадим долонларни ҳам,
Занжирларга осилдим, учдим.
Шамшодлардан менга келди хат,
Баракаси билан – бир уюм.

Мен ўқидим, каптар ўқиди,
Минг донасин кўзмунчоқ раста…
Ниначига кўпроғин бердик:
“Сенинг кўзинг кўп катта-катта”.

“Хатжар” тортдик: “Тийрамоҳ –уйқу,
Уйғонмоқ-чун симобий исён…”
Қизил ари ғум-ғумлаб алжир,
“Сен ўзинг чун яшайсан қачон?..”

19

Сўта сердон, ғўталар оғир,
Тоғписталар лаблари хандон.
Оқ жўхорий оппоқ бошларин
Узиб, хирмон тиклади ёввон.

Гулсултоний узум-париваш,
Шинди пишгач, новвот синди,
Ариқбўйи токлар ёз бўйи
Теракларга бепул минди.

Яна кимдир шамолни чертди,
Яна кимдир туғдан олди чўғ.
Тушларимдан кузни ҳайдасам,
У қулфларга уриб кетди дўқ.

Юрагимдан чопиб чиқди вақт
Бармоғимни шимди саратон.
Қизил отга миниб тўй кетди
Тошнок терган Чорбоғи поён.

Чилчинорда шеъримни боқдим,
Уд-уд чалдим чортуғ мисоли,
Юзларидан шабнамни артиб,
Юмшоқ бўлди кечки шафтоли.

Бол устидан сирғалиб кетдим,
Бор-будимдан кулди сиёҳдон:
“Мезон мисол учиб кетмассан –
Сен минорга боғландинг қачон?..”

20

КУЗАК

Яна туман борлиққа ҳоким
Чуғурчуқлар эшиги ёпиқ.
Муздай қотган тонг шудрингларга
Маймунжонлар япроғи ёстиқ.

Чалкаш бўлди қуёш ҳисоби
Ариқ бўйлаб чопиб кетди сув.
Тўй кўйлаги тикилмай қолган
Ниначилар борлиғи – қайғу.

Хийралашди шамшодлар кўзи
Ҳеч қаерни кўрмади чароғ.
Шаҳар келиб қозонга кирган
Райҳонгуллар япроғи ароқ…

Қишлоқ йўлин чанги босилди,
Супургидай юмшоқ чўлянтоқ.
Кийик сутин ёғига ботган
Кувиларни оздирди чарчоқ.

Кузги буғдой ерпанжа урди.
Хазонрезлар беҳисоб савол…
Кунжи қалъа буржига бориб,
Кўнгил ўқиб, йиғлади хаёл…

21

Отқозиқлар нимани ўйлар,
Вобкентдарё яна сийминтан.
Анорзорга қишжойи солдим.
Онам тиккан гулкўрпалардан.

Деразалар кўзида гулқор,
Томлар бошин боғламас ҳеч ким.
Ухлаб қолган қовоқарилар,
Уйқусида кимни кўраркин?

Куржон қалъа тандир ёқмади,
Ўтинларин ювиб кетди сел.
Кўз ёшимни енгимга артсам,
Қамчилардан чиқиб кетди тер.

Гулқоқилар кулгуси – анқо,
Майсаларнинг сийрати – карахт.
Тушларимда жой ҳам қолмади,
Кириб келгач минг битта дарахт.

Хожа Варқий, тўғонингни оч!
Тонг, сув билан гаплашай бир оз.
Сариқ ёғлар сутчой бўлгунча,
Эрта-индин кириб келар ёз…

22

Баҳор

Тўмариснинг боғига кирдим,
Олча гулин чимчиладим! “Хон!”
Шом, мен билан чимилдиқ тикди,
Қуш тилидан намози хуфтон.

Ёз

Игна – баргак, қатимлар – ажриқ,
Ўйма нақшлар Ҳусайни узум.
Чимилдиқни очсам… Ичига
Хонқизилар бўлиб кетди гум…

“Ҳуй, ҳуй”, – дедим овозим, ҳулкар
Ҳайратим-ку қадимдан -қадим.
Афросиёб отига миниб,
Секин-секин ўзимга қайтдим.

Ёзтўй бўлди, қумрилар хушхон,
Мусичалар ку-ку-ю, ку-ку…
Бир оёқда шарбат пиширган
Ўрикларга бўлмади уйқу…

Куз

Туни билан хайрлашиб чиқдим,
Сап-сарғайган япроқлар билан.
Қизил ари уяси янглиғ —
Ишкомларда ухлар кузулан.

Кузак

Сокин тоғлар бошида майин,
Тўмариснинг овози янграр:
“Ҳеч қаерингиз оғримадими?
Ерга тушиб ётган ғўталар…”.

23

Эрта-индин қайтади пода,
Хуржунларга сиғмас сариқ ёғ.
Сал қорайган камзулин кийиб,
Боғкулбани ёритар чароғ.

Қамалади қалбимда бўшлиқ,
Мучалимга айланар хино.
Куз бўлсам гар дала чойларга
Сарғайишни кўрмасдим раво.

Оқ ажриқлар чопони – малла.
Чаппа тутлар соқоли узун.
Кузак ёмғир бўлиб, томларни
Ҳўл кўнгли-ла хўб чертди Мажнун.

Чопиб чиқди мўридан тутун,
Йўл, йўлаклар юзида ғоза.
– Ғўзапоя, Сен кечикдинг, — деб
Кўп ғижирлаб қўйди дарвоза.

Боғ қайчилар чиқди омбордан
Арраларга тиладим карам.
Бобом –
Дарахтларни бутлаб, шивирлар:
“Тирноғингиз ўсибди, болам…”.

ҚУМСОАТ

Ўламан, кўнглимда ўламан.
Новдалар бошида ноғора.
Ковушим соямга дон сепиб,
Шеъримдан соғади шарора.

Қуёшнинг кўз ёши хазонрез
Дарахтлар пойида кўрса туш.
Белбоғлар гулига қасдма-қасд,
Сочимни қаричлар Сиёвуш.

Ўламан, кўнглимда ўламан.
Ариқлар ақлдан озади.
Лоланинг кўз ёши “Шашмақом”
Бир-бирин бошини қашийди-
Лайлига йўл бўлган мингта том.

Ўламан, кўнглимда ўламан.
Шириннинг отига кишмиш йўқ.
Фарҳоднинг болтаси ўйқучи.
Мен ютган тошлардан тўлади
Нуҳкема ухлаган дарёнинг ичи…

Қоқигул сутлари қочади.
Ток гулин ичида ғарғара.
Елкамда ўтириб семирган
Ҳижроннинг мучали –майсара…

Ўламан, кўнглимда ўламан…

ЛАБИ ҲОВУЗ…

Лаби Ҳовуз бугун туш кўрди.
Тушларида сўйлармиш минор:
“Бу дунёда Бухордан бўлак,
Айтинг ахир, менинг кимим бор”.

Лайлак мулки бошимда салла.
Атрофимда гуллар мойчечак.
Тиргароннинг синган тирини
Гужумларга бергандим дарак.

Тонг, ўрнидан турди Етти Пир.
Каптар соғиб келди Зандана.
Шабадага айтди: “Бор боғнинг
Тиргак бўлар шамшодин сана…”

Варахшанинг кипригида гул.
Зарақдувон ўйланар қачон?
О, ҳамманинг ўғил тўйига
Чопон тикиб келар Ғиждувон.

Боғи бол боло-ю, боло.
Ҳавзи бодом тўрт томони зар.
Азғунқалъа бешикларидан
Фариштани уйғотди ахтар.

Метанработ кийиги туғди.
Пайкент шаҳар-дунё бохабар.
Руди Мосаф шаҳристон келиб,
Сув хумларда йиғиб қўйди зар!

Намозгоҳнинг ковуши кумуш.
Тошкўприклар елкаси: “Ё, ҳу!”
Бухорода униб гуллаган.
Оқ ажриқ ҳам бўлади қоқу.

Қуш инида сиғади ҳамма.
Ойда сузиб кетар Нуҳкема.
Сен Бухоро остонасини
О, шундайки тутёғоч дема.

Кароматлар уруғи нишлар.
Омборлари Тангри ҳамёни.
Бу ўлкадан бўлак юртларда
Сут берувчи Ҳаққушлар қани?

ХАЁЛ

Тош тобутда шамол ўлчадим.
Дастхатлардан тиктирдим чопон.
Бир Лайлига қўлимни берсам,
Чўнтакларим яшил биёбон.

Деворларда пешонам изи.
Сувгирдоблар пиёламда чой.
Хитойдевор Бухоро келиб,
Кипригимдан сўраб кетди жой.

Қизғиш бўлди арилар сути.
Капалакнинг унида ғубор.
Бегонадўст олтин балиқнинг
Хаёлида энди мен ҳам бор…

Арғимчоқлар чипта тарқатди.
Бодом гули Исохобхона.
Бормоқ учун ёнимга ҳар кун
Тополмайман бир газ баҳона.
Тоштобутда шамол ўлчадим…

ЎЗИМ УЧУН ШЕЪР

Баланд осмон, чилчироқ шаҳар,
Хорижнамо дарахт кийган йўл.
Шаҳристоннинг тўрт томонидан.
Хайригуллар чўзиб турар қўл.

Қўнғироқлар Сизни сўроқлар,
Оғизларин йиртади нома
Нофалардан туғилган иффор,
Ёстиқ гулга қўяди хона.

Тонглар отар, ювилар кўча.
Дармонли сув ичар гултувак.
Сиз қатнашган анжуманларнинг
Эртаси ҳам уради қарсак.

Бир кун хомуш қишлоқ келади,
Қўлларига саломдан тугун,
Соғинч тортган кўзларин артгач,
Йўлакларга бориб келар тун.

-Онам хаста ёш тўкар сингил-
— Девор ушлаб юрар оқ илинж.
Сизни кутиб сопол косадан
Чўбқошиқда ичади соғинч.

-Хом қаймоққа узоқ тикилар…
Мушуги ҳам чиқиб кетган, йўқ…
“Китоблари чиқдими, ё…”деб
Сиздан ҳамон кўнгли эмас тўқ

-Индин боргум… дейсиз.Жомадон.
Ноз шаҳардан келмас чиқгуси.
Тўрт кундан сўнг шеърни тешади,
Ёлғиз қолган ҳасса йиғиси…

***

Қуш инига кўчиб ўтаман.
Боларига тикаман чўнтак.
Қўлларимни чўзсам, қишда ҳам-
Сумалаклар бўлади чечак.

Деворим сомони сарғайди.
Кўйлагим гулига йўқ уруғ.
Илҳомим юзига май сепди-
Ўша муғ, ўша муғ, ўша муғ

Қўлингнинг суврати неча пул.
Қарашинг юз Юсуф хирожи.
Бошимни минг карра тутдиму
Минг карра тор келди илтифот тожи.

Эшигинг занжири –забаржат.
Остонанг шаҳристон рухсати
Мен сакраб не қилдим-кўчарқум
О, уни ололмай Бедил ҳам қайтди…
Қуш инига кўчиб ўтаман…

3.jpg Ibodat Rajabova satrlari zamirida kechmish kelajak, yomg’ir bilan shamol, nur bilan zulmat tutash yashaYdi. Bu she’rlarni o’qiganingiz sari yuragingizda gullayotgan yulg’unlar shivirini, kuzak botarida adashib qolgan shabbodaning armonli nafasini tuygandek bo’lasiz. Sehrlanasiz va she’rdan top­gan yangi manzaralaringiz ichida yashagingiz keladi…

Ibodat RAJABOVA
MAY RANGIGA KIRDI JIYDAZOR
(Turkum)
09

Ibodat Rajabova Peshko’ tumanidagi Qalaymirishkor qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetining filologiya va Toshkent davlat universiteti (hozir O’zbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakul`tetlarini tugatgan. «Osmondagi farishta», «Qush kiprigi», «Buxornur yoki yetti pir», «Buxoroda gujum gulladi» va boshqa she’riy to’plamlari nashr etilgan. O’z uslubiga ega iste’dodli shoiraning she’rlari she’r ixlosmandlarining nazariga tushgan.

09

b746bc6baf1c7b6df573b3f7c3b82cd9.png

1

May suvratin kiydi jiydazor,
Sariq yaproq rangi – tarozi.
Tokzorlarni xumda o’lchadi,
Bulutlarning chaqmoqfe’l nozi.

Yomg’ir hidi chiqdi g’alvirdan,
Mayizqoplar bo’yzor, pahlavon.
Ayni kuzak ninachi qolib,
Qushlar izlab ketdilar chopon.

Besaranjom tebrandi terak,
Gulsupurgi urug’i mo’l-ko’l.
Yarim tunda ovdan qaytgan
Kirpichalar yaktaklari ho’l.

Loyshuvoq tom boshi qichidi,
Devor yuvib charchadi kuzak.
Qish ham o’tar… Daydivash qushlar,
Bizdan sal-pal uyalsa kerak…

2

Bobom bog’in anjiri qora,
Olchalari yurak suvrati.
Beshariqday beshga bo’lindi,
Tiyramohda ko’nglim siyrati.

Bog’i shomga ko’z yoshi qildim,
Sap-sarg’ayib ketdi behizor.
“Poliz desak qarg’a cho’qir” deb,
Oshqovoqlar ketdilar bozor.

Huvillagan dala, qora tol,
Akatsiyalar – qurshagan tani.
Qishdan qo’rqib yerga tashladi
Kalta-kalta qilichlarini.

Tutun o’ynab, qoraydi, toldi,
Olovga dosh bergan yero’choq.
Uygujumga tirmashib yig’lar,
Unutilgan eski arg’imchoq.

Pichan tashib, charchagan otlar,
Chumoliday uxlatdi – yomon…
Uzun-uzun arqon tushida,
Og’ilalast qilar saraton.

Mashrab yaktak kiygan yulg’unzor
Shom ranglarin yalab, bo’ldi mast,
Tund tushiga kirib o’ynadi,
Qarib qolgan tug’ – otashparast…

3

Endi quyosh sochini bo’yar,
Ko’k achchiqtosh yutganday bulut.
Dim kavakda joynamoz to’shab,
“Qish” surasin o’qiydi hut-hut.

O’rmon bo’ylab yaproqlar raqsi
Qarsaksiz ham go’zal, ohparvar.
Tushlarimga kirmay qaltirar,
O’rtacho’lda qolgan teraklar.

Omborlarda oshlangan teri,
Tuz hidida yotar ko’milib,
Ona qunduz shoha yig’adi –
Muz suvlarda uxlab, cho’milib…

Daydi qushlar haqi tokchada,
Bir gulkosa to’la non ushoq.
Sap-sariq yog’ suvratida mast
Saraton ham chiqarar charchoq.

Telba shamol hamon choponsiz…
Bor tirqishdan tashlaydi nazar…
Bir oyoqda tik turib uxlar,
Meni kutib yotgan shajarlar.

4

Xayrigullar urug’in yig’ib,
Uch qopdan joy berdim: “Uxla!
O’zimning-ku vaqtim yo’q, Senga
Qavsu chilla aytadi alla.

Hut kelganda dumalab yotma,
U javharni uyg’otguvchi qush.
Bir chorlovi mushk, anbar bo’lsa,
Bir chorlovi top-toza kumush”.

Men –
Kapalaklar ortidan ketdim.
O’rmon bilan terdik maymunjon.
Onam qayin bo’lib chorlasa,
Yuragimdan oqib tushdi qon!

Sarv poyida chappa uxladim,
O’ng qo’limdan ko’kardi vahdat.
– Lashkar tuzgum, – dedi Zardushtiy,
Sochlaringni yubor, Ibodat.

Bo’tako’zlar ko’zida botdim,
Hut burdidan toqat uy oldi…
Bor-budimni shimib, yutdi kuz,
Yuragimda bir Xudo qoldi..

5

Oy yog’dusin ko’nglimda qordim,
Sadaflardan tug’ildi bayram.
Oq sochlarim oqar suv bo’ldi,
Qora sochim mumtoz mo’yqalam.

Gulshiradan ochildi eshik.
Suv mavjidan terib oldim dil.
Men qayda-yu bu Xudo qayda?
Ummonlardan oqib o’tdi sir.

Barmog’imni tishladi hayrat,
Rangtasvirlar bari – tiyramoh.
Teshda qolgan gumbaz boshlari,
Yuragimdan ming karra ogoh…

Bog’i darum bulbuli ketdi.
Beshariqning joniga tuzim.
Gurjonqal’a boshin yuvish chun,
Yomg’ir bilan bordim bir o’zim.

Yerga tushdi kechki olmalar,
Jonim tugul sochimda og’riq,
Ayyor kuzak pishgan xazondan,
O, menga ham tikibdi choriq.

6

Tong o’zim chun osmon yasadim,
Yuragimdan tiktirdim yulduz.
“Kamalak” deb bozorga chopsam,
Yuz mingta Pir berib ketdi yuz.

Nur qarichlab shomga ulandim,
Yomg’ir meni sanab ketdi tun.
Sizni izlab kurtak qovursam,
Surnaylarni sindirdi Majnun.

Peshonamda xino ekdim kuz
Shamshod ichin bo’l dedim shamdon.
Baliq kiprik ichidan sekin
Suvratingiz bo’ldi namoyon.

Ortingizdan “hu” deb yugurdim.
Kovushini qarz berdi mehrob,
Yostig’ida so’zboshi yozdi
Rumiy suzib qo’ygan norsharob.

“Telbasanu siyrating yashil.
Sen unga-yu senga yetmas U…
Kuzak mulki, xazon, aslida
Farishtalar yeb qo’ygan qayg’u!”

Sham yoqdim, jom misol kuydim.
Xumdonlarni ko’kka otdim: “Ket!”
Men ertasi Tangri oldiga
Bo’lib bordim bir parcha xom et!

7

Oq jo’xoriy boshingni ko’tar,
Dala-so’qmoq dardimga darmon.
Izlab-izlab, axiri bo’ldim
Suv o’tilar uyiga mehmon.

Tumanlarni shimdi shamol,
Kalisoda boshlandi qo’shiq.
Ko’kziralar uyqusi chaqqon…
Tog’ qo’tonlar eshigi qiyshiq.

Daftarimga xina yedirdim,
Kulgum rangin sotib oldi kim?
Musichalar g’amgin turishin –
Ko’rib, yana og’ridi ko’nglim.

Daraxt ichin yo’lagi bormi?
Darchasi-chi, kaliti kimda?
Qopga tushib, ketgan xazonlar
Ortidan do’l tortadi na’ra.

Onam qizi payvandi noklar,
Hid taratsa, Varaxsha cho’li,
Saksovullar shakliga kirib,
Yer tandirga bo’ldilar cho’ri.

8

Suv yuzida yurdim, yugurdim,
Olma hidin tutdim, beqaror.
Uxlab yotgan Mansur, tur dedim,
Qanotlarning ichida ne bor?

Ko’zmunchoqning ko’zlari qayda?
Suv uyqusin topdim – qalin muz.
Gulqoqilar bag’rida yotsam,
Yana meni uyg’otdi kunduz.

Daryo bilan gaplashganim yo’q,
Ummon meni tanir, ehtimol.
Baribir bulut o’rtaga tushib,
Yuboradi sanoqsiz “savol”…

Qayiqlarga kelar havasim,
Kovushiga yopishmas g’ubor.
Baliq bilan ijara olib,
Xush yashashga qilgandim qaror.

Hamma gapim og’zimda qoldi,
Bobom bog’i “gulyig’i” dedi:
“Uyalaman Sening she’ringdan
Anqimasa olmalar hidi…”.

9

Endi meni tutolmas shamol,
Kovushimni yecholmas yomg’ir.
Dalatandir: “Hamma yesin” deb,
Zig’ir yog’dan yopganda patir.

Chug’urchuqlar dunyoni buzdi,
Ishkomlarning bunyodi xarob.
Naynov kasov yugurib chiqdi:
“Eh, qozisiz yashash ming azob…”.

Poda bosib ketgan yalpizlar,
Qirovlardan pishirsa malham.
Lash-lushini yig’ib, “etar” deb
Dashtga kelar bozori Adash.

Mo’yqalamga qo’limni berdim,
“Chiz-chiz” dedim o’tmasin fursat.
Rasmi chiqsa ro’znomalarga
Qari bog’lar tilar shafoat.

Dala-qirlar rangini yig’ib,
Yostiq qilsam boshimga har tun.
U dunyonnig muhrin topshirib,
Buxoroga kelmasmi Majnun?!

10

Suftikan, go’zal bir maskan,
Uzumzorlar – yashil yaktachi.
Bog’devorlar tushgan joyini
Olma guli bilan yamadi.

Bulbul kelsa, ko’shkida uxlar,
Qumrilarga qasri – soyabon.
To’g’onidan kelib dars olar,
Buxoroda har bir pahlavon.

Sut sog’ilsa, yo’ng’ichqa gullar,
Azon borgan joylar nurbuloq,
Yalpiz mulki – anhor bo’yida
Podalari chiqarar charchoq.

Ma’rakasin mag’zida hikmat
Peshayvonim bolori bisyor.
Uyravoqin guldonlarida
Parilarning ko’ngil izi bor…

Ko’zlarimga surmasin surtdim,
Yoqamga gul chizdim mushkidan.
Gul yog’iga sochini yuvgan –
Odam boshi baland bo’larkan…

Men ertasi suftikanga

Bor qarzimni to’lab qaytay, deb
Go’zal bahor, sohir uzun yoz.
Bog’bonlarning kavshiga qarab,
Ruhlar bilan o’qidim Namoz!

11

Kel daraxtda uya quramiz,
Yaproqlardan tikamiz yostiq.
Shamol patin darparda qilsak,
Novda sham’don qiladi tortiq.

Yelimlardan eshikqo’ng’iroq,
Danaklardan yasaymiz kosa.
Yo’laklar-chun supurgi shartmas,
Yomg’ir kelib, supurar – toza.

Bizga qo’shni bo’ladi Huthut,
Uning tomi osmon, hoynahoy,
Kalitini menga qoldirib,
Tutzorlardan ichib kelar choy.

Shovullashni o’rgatar shamshod,
Qorag’atlar mag’zi – moypista.
Kurtakkokul she’rim tug’ilar –
Biram “bay-bay”, biram shoista.

Yaproqchalar hidlashga tushar,
Bog’ qo’ng’iroq to’qiydi o’lan.
Quyosh sekin qo’lin cho’zadi:
“Menga kel-chi, asalim, nurlan…”.

Chopib chiqar tandirdan kulcha:
“Menga o’xshash emakdosh qani?”
Yarim tunda yodlashga tushgum,
Bor daraxtlar madhiyasini…

12

Koshki –
Bolarilar menga qo’nsa,
Meni tortib ketsa chumoli.
Etagimga yopishsa har kun
Pechakgullar pishirgan boli.

Yulg’un bilan birga gullasam,
Baliq bilan izlasam xo’rak.
Gulko’rpamga o’ralib yotsa,
Tutlar bilan tortishgan g’urrak.

Aravalar qo’limni olsa,
Menga ham mushk sepsa, gulsavat,
Qushlar bilan janubga borib,
Havolardan terib kelsam pat.

Isiriqlar issiq labidan
Yasab oldim kuylovchi varrak.
Gultomirdan ip ham to’qidim –
Men ham axir uchmog’im kerak.

Yarim sochim ummon supurar,
Yarim sochim Xitoy devori.
Cho’ntagim-chi? Ko’k yo’tal, qoqmay –
Shamol, yomg’ir, Rumiy bozori…

13

Sarvarida tumanlar qalin,
Ko’nglim misol to’kilar shabnam.
So’qmoqlarda botiq iz qolar
Echki-buzoq uyga qaytar dam.

Qarg’alarning tumshug’i qoziq,
Qoqilarda “O’pich” izlari.
Og’ilxona tomida uxlar,
Pichanlarning “qishloq safari”.

Tepaliklar nafasi qirov,
Chappa tutlar bo’yi juda past.
Sal “pu-f-f-f” desang, chayqalib ketar
Zaranglarning yaprog’i, sarmast…

Daraxtlardan ko’ngil so’radim,
Qovunqoqi mum yutgan attor,
Nayqamishlar yig’loqi demang,
O, ularning ichida men bor.

Minbarlarni bir joyda yig’ib,
Vaz’ o’qidi shom, Suftikan.
“Uchib, qo’nib, rizqini tergan
Arilarni yaxshi ko’raman…”.

14

Bibicha bog’ shindi pishirdi,
“Sim-sim eshik” ochildi, Attor
Bir “he-y-y” desa, Arqut bo’yida
Shokokullar bo’ldilar qator.

Saridiza qo’lida kosa,
Tong, mezonlar to’qidi sochiq,
Narshaxiy-ku “salom” ga ketgan,
Narchohqal’a eshigi ochiq…

Shoh suratlar devordan tushdi,
Yuziga rang surtdi qiziqchi,
Pishgan sharbat ishqidan shirin
Kuyib ketdi Rabotlar ichi.

Ko’za labin artdi shamol,
Cho’mich tarashladi tolshabnam.
– Xon solay, – deb erta yugurdim
Uchargilam uchida men ham.

Bayram bo’ldi, bazmi non bo’ldi.
Ishva qildi uzum qoqijon.
Kuz hammaga ulashib chiqdi
Bitta, bitta “Ochil dasturxon”.

15

Kuz o’tdi, kuzak ham o’tdi,
Ostonamga kelib qo’ndi qor,
Shaharlola urug’larini
Tol tarnovdan oqizdim ilk bor.

Sahro uxlar, yo’llar sirpanchiq,
Kovushimga yopishadi loy.
Yog’ xumlarda tiniqib uxlar –
Qora zaytun berib ketgan moy.

Sutchoy pishar, gohi to’kilar,
Goh mushukka yem bo’lar qaymoq.
Endi mening kulgumni izlab,
Quduqqa ham tushadi chaqmoq.

Ark boshida yana kuloh yo’q,
Zargaronda qo’riqchi kaptar.
Taxta ko’prik nam tortib har tun,
Yuragimda isinib, uxlar.

Onam ketdi, kuzga qo’shilib,
Uymoq misol nola tortdi nay.
“Yulg’unmozor chumchuqlarini
Endi kim ham boqardi Sizday?!”.

16

Ketaversang, har kun ortingdan
Ergashadi Mashrab belbog’i.
Yuragingda qora bo’z to’qir,
Sap-sarg’aygan maktublar dog’i.

Devorlardan, pinhon, sanaysan
Qattiq tekkan boshlar izlarin.
So’ng, tiz cho’kib Tohir sig’gan
Sandiq bilan bo’lasan qalin.

Isiriqlar Sendan aylanar,
Borlig’ingda cho’kadi ummon.
“Cho’ntagingga soldim, sana”, deb,
Chirmoviqlar berib ketar jon.

Barmoq bilan sanaysan barmoq,
Dazmollar ham bir kun bo’lar shoh,
Nonjiydadan to’yganing sayin
Sendan chiqib kelar tiyramoh.

Kuzak ichin titkilar kaptar,
Kaptarlarga qaraysan xomush.
“Yuz yildan so’ng, u-ku yo’q, hatto…”
…Tikka turgan joying ham bo’m-bo’sh.

17

Dalalardan dalaga qaytdim,
Moybo’yoqdan yetkazdim salom.
Sahro menga rasmin ko’rsatdi:
Shamollardan to’lib turgan jom.

Ko’zim yoshin issig’i oshdi,
Shoh hamyonlar chiqardi kiprik.
Yuragimni tog’da o’lchasam,
Tug’dastorday “hu” dedi ko’prik.

Dumaladi qumlarda tomchi,
Chopib chiqdi quruqlik hidi.
Shom, xom bo’zlar yuzlarin siylar:
“O, chakkimas mo’yqalam didi!”.

Qo’shnaylarga men ham qo’shildim,
Qushcho’qishdan og’rindi zig’ir.
– Ochiq qolgan bog’ eshik, – dedim –
Kel, kechasi men bilan gapir.

Sap-sarg’aydi erka sholizor,
Faqat qorning yuragi oppoq,
Bu shamoli rangsiz borliqda,
Sen ham yaproq, men ham bir yaproq…

Dalalardan dalaga qaytdim.

18

Kuzakka ham ostona qurdim,
Kishmish tokka solib berdim joy.
Ruhin chorlab xazonrezlarning
Yero’choqda ko’p dog’ladim moy…

Yomg’ir yuvgan shahar devorning
Yelkalarin yamasam har to’n.
Dastxat bitib girehboniga –
So’ng, choponin yubordi Majnun…

Unutmadim dolonlarni ham,
Zanjirlarga osildim, uchdim.
Shamshodlardan menga keldi xat,
Barakasi bilan – bir uyum.

Men o’qidim, kaptar o’qidi,
Ming donasin ko’zmunchoq rasta…
Ninachiga ko’prog’in berdik:
“Sening ko’zing ko’p katta-katta”.

“Xatjar” tortdik: “Tiyramoh –uyqu,
Uyg’onmoq-chun simobiy isyon…”
Qizil ari g’um-g’umlab aljir,
“Sen o’zing chun yashaysan qachon?..”

19

So’ta serdon, g’o’talar og’ir,
Tog’pistalar lablari xandon.
Oq jo’xoriy oppoq boshlarin
Uzib, xirmon tikladi yovvon.

Gulsultoniy uzum-parivash,
Shindi pishgach, novvot sindi,
Ariqbo’yi toklar yoz bo’yi
Teraklarga bepul mindi.

Yana kimdir shamolni chertdi,
Yana kimdir tug’dan oldi cho’g’.
Tushlarimdan kuzni haydasam,
U qulflarga urib ketdi do’q.

Yuragimdan chopib chiqdi vaqt
Barmog’imni shimdi saraton.
Qizil otga minib to’y ketdi
Toshnok tergan Chorbog’i poyon.

Chilchinorda she’rimni boqdim,
Ud-ud chaldim chortug’ misoli,
Yuzlaridan shabnamni artib,
Yumshoq bo’ldi kechki shaftoli.

Bol ustidan sirg’alib ketdim,
Bor-budimdan kuldi siyohdon:
“Mezon misol uchib ketmassan –
Sen minorga bog’landing qachon?..”

20

KUZAK

Yana tuman borliqqa hokim
Chug’urchuqlar eshigi yopiq.
Muzday qotgan tong shudringlarga
Maymunjonlar yaprog’i yostiq.

Chalkash bo’ldi quyosh hisobi
Ariq bo’ylab chopib ketdi suv.
To’y ko’ylagi tikilmay qolgan
Ninachilar borlig’i – qayg’u.

Xiyralashdi shamshodlar ko’zi
Hech qaerni ko’rmadi charog’.
Shahar kelib qozonga kirgan
Rayhongullar yaprog’i aroq…

Qishloq yo’lin changi bosildi,
Supurgiday yumshoq cho’lyantoq.
Kiyik sutin yog’iga botgan
Kuvilarni ozdirdi charchoq.

Kuzgi bug’doy yerpanja urdi.
Xazonrezlar behisob savol…
Kunji qal’a burjiga borib,
Ko’ngil o’qib, yig’ladi xayol…

21

Otqoziqlar nimani o’ylar,
Vobkentdaryo yana siymintan.
Anorzorga qishjoyi soldim.
Onam tikkan gulko’rpalardan.

Derazalar ko’zida gulqor,
Tomlar boshin bog’lamas hech kim.
Uxlab qolgan qovoqarilar,
Uyqusida kimni ko’rarkin?

Kurjon qal’a tandir yoqmadi,
O’tinlarin yuvib ketdi sel.
Ko’z yoshimni yengimga artsam,
Qamchilardan chiqib ketdi ter.

Gulqoqilar kulgusi – anqo,
Maysalarning siyrati – karaxt.
Tushlarimda joy ham qolmadi,
Kirib kelgach ming bitta daraxt.

Xoja Varqiy, to’g’oningni och!
Tong, suv bilan gaplashay bir oz.
Sariq yog’lar sutchoy bo’lguncha,
Erta-indin kirib kelar yoz…

22

Bahor

To’marisning bog’iga kirdim,
Olcha gulin chimchiladim! “Xon!”
Shom, men bilan chimildiq tikdi,
Qush tilidan namozi xufton.

Yoz

Igna – bargak, qatimlar – ajriq,
O’yma naqshlar Husayni uzum.
Chimildiqni ochsam… Ichiga
Xonqizilar bo’lib ketdi gum…

“Huy, huy”, – dedim ovozim, hulkar
Hayratim-ku qadimdan -qadim.
Afrosiyob otiga minib,
Sekin-sekin o’zimga qaytdim.

Yozto’y bo’ldi, qumrilar xushxon,
Musichalar ku-ku-yu, ku-ku…
Bir oyoqda sharbat pishirgan
O’riklarga bo’lmadi uyqu…

Kuz

Tuni bilan xayrlashib chiqdim,
Sap-sarg’aygan yaproqlar bilan.
Qizil ari uyasi yanglig’ —
Ishkomlarda uxlar kuzulan.

Kuzak

Sokin tog’lar boshida mayin,
To’marisning ovozi yangrar:
“Hech qaeringiz og’rimadimi?
Yerga tushib yotgan g’o’talar…”.

23

Erta-indin qaytadi poda,
Xurjunlarga sig’mas sariq yog’.
Sal qoraygan kamzulin kiyib,
Bog’kulbani yoritar charog’.

Qamaladi qalbimda bo’shliq,
Muchalimga aylanar xino.
Kuz bo’lsam gar dala choylarga
Sarg’ayishni ko’rmasdim ravo.

Oq ajriqlar choponi – malla.
Chappa tutlar soqoli uzun.
Kuzak yomg’ir bo’lib, tomlarni
Ho’l ko’ngli-la xo’b chertdi Majnun.

Chopib chiqdi mo’ridan tutun,
Yo’l, yo’laklar yuzida g’oza.
– G’o’zapoya, Sen kechikding, — deb
Ko’p g’ijirlab qo’ydi darvoza.

Bog’ qaychilar chiqdi ombordan
Arralarga tiladim karam.
Bobom –
Daraxtlarni butlab, shivirlar:
“Tirnog’ingiz o’sibdi, bolam…”.

QUMSOAT

O’laman, ko’nglimda o’laman.
Novdalar boshida nog’ora.
Kovushim soyamga don sepib,
She’rimdan sog’adi sharora.

Quyoshning ko’z yoshi xazonrez
Daraxtlar poyida ko’rsa tush.
Belbog’lar guliga qasdma-qasd,
Sochimni qarichlar Siyovush.

O’laman, ko’nglimda o’laman.
Ariqlar aqldan ozadi.
Lolaning ko’z yoshi “Shashmaqom”
Bir-birin boshini qashiydi-
Layliga yo’l bo’lgan mingta tom.

O’laman, ko’nglimda o’laman.
Shirinning otiga kishmish yo’q.
Farhodning boltasi o’yquchi.
Men yutgan toshlardan to’ladi
Nuhkema uxlagan daryoning ichi…

Qoqigul sutlari qochadi.
Tok gulin ichida g’arg’ara.
Yelkamda o’tirib semirgan
Hijronning muchali –maysara…

O’laman, ko’nglimda o’laman…

LABI HOVUZ…

Labi Hovuz bugun tush ko’rdi.
Tushlarida so’ylarmish minor:
“Bu dunyoda Buxordan bo’lak,
Ayting axir, mening kimim bor”.

Laylak mulki boshimda salla.
Atrofimda gullar moychechak.
Tirgaronning singan tirini
Gujumlarga bergandim darak.

Tong, o’rnidan turdi Yetti Pir.
Kaptar sog’ib keldi Zandana.
Shabadaga aytdi: “Bor bog’ning
Tirgak bo’lar shamshodin sana…”

Varaxshaning kiprigida gul.
Zaraqduvon o’ylanar qachon?
O, hammaning o’g’il to’yiga
Chopon tikib kelar G’ijduvon.

Bog’i bol bolo-yu, bolo.
Havzi bodom to’rt tomoni zar.
Azg’unqal’a beshiklaridan
Farishtani uyg’otdi axtar.

Metanrabot kiyigi tug’di.
Paykent shahar-dunyo boxabar.
Rudi Mosaf shahriston kelib,
Suv xumlarda yig’ib qo’ydi zar!

Namozgohning kovushi kumush.
Toshko’priklar yelkasi: “YO, hu!”
Buxoroda unib gullagan.
Oq ajriq ham bo’ladi qoqu.

Qush inida sig’adi hamma.
Oyda suzib ketar Nuhkema.
Sen Buxoro ostonasini
O, shundayki tutyog’och dema.

Karomatlar urug’i nishlar.
Omborlari Tangri hamyoni.
Bu o’lkadan bo’lak yurtlarda
Sut beruvchi Haqqushlar qani?

XAYOL

Tosh tobutda shamol o’lchadim.
Dastxatlardan tiktirdim chopon.
Bir Layliga qo’limni bersam,
Cho’ntaklarim yashil biyobon.

Devorlarda peshonam izi.
Suvgirdoblar piyolamda choy.
Xitoydevor Buxoro kelib,
Kiprigimdan so’rab ketdi joy.

Qizg’ish bo’ldi arilar suti.
Kapalakning unida g’ubor.
Begonado’st oltin baliqning
Xayolida endi men ham bor…

Arg’imchoqlar chipta tarqatdi.
Bodom guli Isoxobxona.
Bormoq uchun yonimga har kun
Topolmayman bir gaz bahona.
Toshtobutda shamol o’lchadim…

O’ZIM UCHUN SHE’R

Baland osmon, chilchiroq shahar,
Xorijnamo daraxt kiygan yo’l.
Shahristonning to’rt tomonidan.
Xayrigullar cho’zib turar qo’l.

Qo’ng’iroqlar Sizni so’roqlar,
Og’izlarin yirtadi noma
Nofalardan tug’ilgan iffor,
Yostiq gulga qo’yadi xona.

Tonglar otar, yuvilar ko’cha.
Darmonli suv ichar gultuvak.
Siz qatnashgan anjumanlarning
Ertasi ham uradi qarsak.

Bir kun xomush qishloq keladi,
Qo’llariga salomdan tugun,
Sog’inch tortgan ko’zlarin artgach,
Yo’laklarga borib kelar tun.

-Onam xasta yosh to’kar singil-
— Devor ushlab yurar oq ilinj.
Sizni kutib sopol kosadan
Cho’bqoshiqda ichadi sog’inch.

-Xom qaymoqqa uzoq tikilar…
Mushugi ham chiqib ketgan, yo’q…
“Kitoblari chiqdimi, yo…”deb
Sizdan hamon ko’ngli emas to’q

-Indin borgum… deysiz.Jomadon.
Noz shahardan kelmas chiqgusi.
To’rt kundan so’ng she’rni teshadi,
Yolg’iz qolgan hassa yig’isi…

***

Qush iniga ko’chib o’taman.
Bolariga tikaman cho’ntak.
Qo’llarimni cho’zsam, qishda ham-
Sumalaklar bo’ladi chechak.

Devorim somoni sarg’aydi.
Ko’ylagim guliga yo’q urug’.
Ilhomim yuziga may sepdi-
O’sha mug’, o’sha mug’, o’sha mug’

Qo’lingning suvrati necha pul.
Qarashing yuz Yusuf xiroji.
Boshimni ming karra tutdimu
Ming karra tor keldi iltifot toji.

Eshiging zanjiri –zabarjat.
Ostonang shahriston ruxsati
Men sakrab ne qildim-ko’charqum
O, uni ololmay Bedil ham qaytdi…
Qush iniga ko’chib o’taman…

003

(Tashriflar: umumiy 279, bugungi 1)

Izoh qoldiring