Shukur Xolmirzayev bilan uchrashuv & Shukur Xolmirzayev. Yovvoyi gul

Ashampoo_Snap_2016.11.10_15h04m03s_001_.png     Мен ёшлигимдан табиатга қизиқар эдим. Менинг «Ёввойи гул» асарим ҳам бор. Бир вақтлар «Гулистон» журналида ишлар эдик. «Темир тузуклари»ни журналда чиқарганимиз учун ҳайдалиб кетганмиз. Энди «Ёввойи гул»ни ёзишимга ҳам бир нарса сабаб бўлган. Биз бир куни хотиним ва мен тоққа чиқдик…

ШУКУР  ХОЛМИРЗАЕВ БИЛАН  УЧРАШУВ
«Туркистон» газетаси қошидаги адабий тўгарак
аъзолари билан савол-жавоблар
055

А.Ниёзов: Ҳурматли меҳмонлар, агар ёдларингда бўлса, «Туркистон» газетасида шоир Муҳаммад Юсуф билан биргаликда «Шеърият мактаби»ни очган эдик. Шу ўтган даврда мактаб анча-мунча ўзининг мухлисларига эга бўлди. Биз мактабда ўқилган шеърларни китобча қилиш ниятимиз бор эди. Шеърларни тайёрлаб, нашриётга топшириб қўйдик.

Энди газетада «Армон» деган рукн очган эдик. Биз бунда ҳикояларни бериш ниятимиз бор эди. Аммо бунга ўзимизнинг кучимиз етмаяпти. Шу мақсадда устозимиз Шукур ака Холмирзаев билан келишиб, «Носирлар мактаби»ни очмоқчи бўлдик. Бугун даврамизга Шукур ака ташриф буюрганлар. Устозимиз, бу ишга ёрдам бераман, деганлар. Агар ишларимиз юришиб кетса, мана шу сизлар ёзиб келган шеърлардан ташқари ҳикояларни ҳам китоб қилиб чиқарамиз, деб ваъда берамиз. Шукур ака сизлар ёзган ҳикояларни кўриб, таҳлил қилиб берсалар, газетамизда мунтазам эълон қилиб борамиз. Ва мана шу ерда бўлаётган ҳар бир йиғилишимизни ёзиб борамиз. Энди Шукур аканинг ҳар битта сўзини тинглаб, ҳеч тортинмасдан савол-жавоб қилинглар. Бу йиғилишнинг жонли ўтиши сизларга ҳам боғлиқ.

Ashampoo_Snap_2016.11.10_15h10m09s_002_a.pngШ.Холмирзаев: Сизлар барчаларингиз талабамисизлар ёки ишлайсизларми?

Қатнашувчилар: Талабалармиз, кўпчилигимиз ўқиймиз.

Ш.Холмирзаев: Мен аввало бир нарсани айтиб қўяй, илгари ҳам бундай суҳбатлар бўлар эди. Мен ўзим гувоҳи бўлганман, ҳеч ким келмаса ҳам раҳматли А.Қаҳҳор келар эдилар. Бундай йиғилишлар Ёзувчилар уюшмасида бўлар эди. Мана энди «Туркистон» газетасида шу нарса ташкил қилинган экан. Муҳаррирга раҳмат. У киши менга телефон қилиб, шу мактабга бошчилик қилсангиз, дедилар. Мен «йўқ» демадим. Мен ҳам шу адабиётнинг тупроғини шунча йилдан бери ялаб юрган одам сифатида бу ерга келдим. Агар бизларнинг юлдузимиз юлдузимизга тўғри келса, бу йиғилиш давом этади, бўлмаса йўқ. Мен шу ерда бир гапни айтиб ўтмоқчиман. Яқинда Усмон Азим мени телевидениега учрашувга таклиф қилди. Менга ижодингиз ҳақида гапириб берасиз, деди. Биз йўлда гурунглашиб кетдик. Шу кўрсатув телевизорда олиб берилди. Сўнг Омон Мухтор билан учрашув бўлди. Натижада шу кўрсатув тўхтаб қолди. Мен ундан нега тўхтатиб қўйганини сўрасам, у, Шукур ака, мен сизни билар эканман, мана, сизга нима деб савол беришни, нима деб жавоб қайтишини ҳам биламан. Аммо Омон Мухторни мен биламан, деб ўйлар эдим, у кишини умуман билмас эканман, деди.

Шунинг учун биз энди бир-биримизни тушуниб олмоғимиз зарур. Энди сизларга айтадиган бўлсам, адабиёт нима ўзи, шуни билиб олмоғимиз лозим. Мана баъзиларни йиғлатиб келаяпти, баъзиларни кулдириб келаяпти. Сизларга айтсам, мен Абдулла Орипов билан бир курсда ўқир эдим, дўст эдик. 4-курсда иккита повестим чиққан. Сўнг Ёзувчилар уюшмасига қабул қилишган. Бешинчи курсни битиришда «Информация нима?» деган саволга жавоб бера олмаганман. Биз энди шунинг учун «Наср нима? Нимани ёзаман? Қандай ёзишим керак ва қандай ёзаман?» деб ўйлаб кўришимиз керак. Мен сизлар ёзган ҳикояларни кўриб таҳлил қилиб бераман, мана муҳаррир айтаяптилар, у киши ёритиб борадилар. Шунинг учун нимани ёзишни билиш керак. Бунинг ҳаммаси мафкурага бориб тақалади.

Биласизлар, Рўзи Чориев деган рассом бор. Ёши ҳам анчага борган. Мен уни сенсираб гапираман. У болалар уйида катта бўлган. Мени уйига чақирди. Борсам, «Шукур, давай ичамиз», деди. Мен улардан: «Сабаби борми ўзи?» деб сўрадим. У киши, «Шукур, мен 70 га кирган одамман. Академик бўлдим. Чорвоқни чизганим учун комсомол мукофоти лауреати бўлганман. Шоймардон Қудратовларни ёзганман. Мен (улар чизишни ёзишни деб гапиради) ҳозир нима ёзишни билмайман. Ҳозирги чизиладиган расмларнинг 99 фоизи секс. Ўзидан завқланган пайтда заказ билан чизишади, чиқариб Карл Маркс кўчасида сотишади. Мен бундай қилолмайман, сен менга бирон нарса ёзиб бергин, мен телевизорда чиқиб гапирай, санъат бунақа бўлади, мана бунақа бўлади, деб. Сен нима ёзишни биласанми?» деди. Мен биламан, дедим. “Мен нима қилай?” деди.

Мен, унга ҳаётда нимани яхши кўрасан, дедим. У сени яхши кўраман, деди. Сен учун ўлимга тайёрман, деб айтди. Ҳаётда мард бўлса, тўғри бўлса, шуни яхши кўраман, деди. Мен унга, сен тасаввур қил, дарвеш кетаяпти, бошида шляпаси, бўйнида галстуги бўлсин, сен нимани яхши кўрсанг, шуни чиз, дедим. У одам ўзи жуда покиза одам. Мана шундай мустақиллик бўлгандан кейин кўпчилигимиз буни тушуниб-тушунмай қадрига етмай қолдик. Хуллас, мустақилликдан кейин аросат бошланди. Нимани ёзишни билмай қолдик.

Менинг қўлимда бир китобча, буни Нигина  деган қизимиз ёзган экан. Менимча, Хожиакбар Шайховнинг шогирдларидан бири бўлса керак. Фантастик-мистик ҳикоя, мен бу қизнинг ёзганларига ишонмадим. Мен «Наука ва жизнь» деган бир журналда шеър ўқиганман. Фазода бир кема ҳалокатга учрайди. Ҳаммаси ўлиб, бир одам қолади. Ғалати махлуқлар уни қафасга солиб қўйишади. У мени қўйиб юборинглар, мен одамман, менга овқат беринглар деса ҳам, улар уни қўйиб юборишмайди. Улар бунга, бу уларга ҳайрон бўлиб қарашади. Ҳалиги одам қафасда ўтиради ва бир оз ўтириб эшикни очиб қафасдан чиқса, ҳалиги махлуқлар ҳаммаси қочиб кетади. Чунки бу зўр экан, шу қафасдан чиқиш йўлини билди, деб. Агар маймунни қафасга солиб қўйсангиз, у чиқиб кетолмайди. Берган семичкангизни чақиб ўтираверади, лекин чиқиб кета олмайди. Биз ҳам мана шундай, мана тоғнинг чўққисига чиқиб олиб, ҳали ҳеч нарсага тушунмай турибмиз. Илгари Туркистон деб қанча қанча одамлар ўз жонини фидо қилган. Етишгандан кейин нима қилишни билмай турибмиз. Шундай бўлар экан. Мафкурага тегишли бир гап. Аристотелнинг «Поэтика» деган бир асари бор. Санъатда 3 та нарсага эътибор қилинади. Тақлид, завқ, тарбияга. Сувнинг шилдирашига шоир ҳам, ёзувчи ҳам албатта тақлди қилади. Ҳар хил шовқинлар бор. Ўзининг завқи учун қилади. Ақли ўсгани сари нафақат завқ берар экан, тарбия ҳам қилар экан.

Мана бу қўлимдаги китобчанинг автори жиззахлик Абдусаттор  деган йигит экан. Шу йигит китобида ёзади: кун иссиқ, йўлнинг ёқасида айрон, чалоб, сув сотишяпти. 3 киши буларга яқинлашади. Бири новча, иккинчиси ўрта, учинчиси семиз. Улар бир чолдан айрон ичишади. Унга пулини беришса, чол: «Савоб учун қилаяпман», деб пулни олмайди. Ҳалиги учови чолни сўкиб кетишади. Э, бу чол жинни экан, дейишади. Бу учовига автор ҳамду сано ўқийди. Мен бу авторнинг ёзган нарсасига ишонмадим. У кун иссиғини бераётган экан, шу эпизодни бера қолсин. Нима қилади учта одамни аралаштириб. Биттасини бақалоқ, айниқса, семиз терга ботиб кетган эди, деса мен ишонардим. Бунда тасвирлар пароканда. Нега энди уч хил, бу атай қилинган нарса. Яна учаласи ҳам чолни сўкишади. Яхшиликни тушунмайдими? Шунчалик яхши туйғулар ҳам бор. Бу ерда автор уларни яхши деяпти. Нима қиласан аралашиб, шунинг ўзини бера қол. Сиз ёзган асарингизда эпизодни беринг, аммо ўзингиз муносабатни билдирманг. Муҳаммаджон Мирзаев ҳам «яхшилар, эшитиб кўринглар, яхши куй», демайди ҳеч қачон. Масалан, чол зерикканимдан деса, ишонса бўлади. Аммо у бу асарида чолни савоб учун деб гапиртириб, чолни тамагирга чиқариб қўйган. Савоб учун қилаяпман, деса ҳам тамагирлик бўлади. Авторда ҳам озгина фаросат бўлиши керак.

Эсимда мен, Усмон Азим, Рауф Парфи Булунғурга кетаётган эдик, шу ерда йўлда бир лалми ер бор. У ерда катта шафтолизор. Машинани тўхтатган эдик, бир чол чиқиб келди. Бир сават шафтолини қўйиб, «олинглар, болаларим, енглар», деди. Мен уларга олинглар, дедим. Шу ерда ҳалиги чол билан гаплашиб қолдим. “Отахон, нимага текинга сотиб ўтирибсиз?” десам, “Бир ўзим зерикаман. Ит ҳам ётиб-ётиб акиллайди-ку. Шунинг учун чиқариб ўтираман, қайси бир йили шу ердан ўтиб кетаётганлар Деновга кетаяпмиз деди. Бир ўғлим туғилди, отини Денов қўйиб юбордим. Яна бир марта Шўрчига деди, иккинчи ўғлимнинг отини Бойсун қўйиб юбордим”, деди. Шу ерда анча гаплашиб, гурунглашиб, кейин бизлар кетдик. Мен бу чолнинг гапига ишонаман. Чунки одам зерикади. Бизнинг ёзганларимизда ҳам бадиий ҳақиқат яшаши керак. Юрак буюрганини қилиш керак.

Комил инсон – баркамол жамият. Одамзод ҳеч қачон тўймайди. Кеча Собир Мўминовнинг мақоласини ўқидим… Нафсни тийиш керак.

Абдулла, келинг, дунё адабиётини, унинг мактабларини ўрганайлик, дедим. Абдулланинг отаси раис эди, топган пулини китобга сарфлар эди. (Дунё адабиётида) 5 та наср мактаби бор. Олтинчисини Абдулла Қодирий яратган. Нимани, қандай қилиб ёзиш мумкин? Аммо дунёда қандай ёзув йўллари бор, шуларни билиш керак. Ҳозир ёзадиганларнинг кўпи эртага ўсиб кетишига кўзим етмайди, балки ўсиб кетиши ҳам мумкин. Дунё адабиёти деганда К.Маркс деб тушунадиган, Тагорни, Бальзакни ўқимаган ёзувчиларимиз ҳам бор. Мен ўзим 7 йил ҳеч нарса ёзмадим. Шолоховдан бошлаган эдим, «Тинч дон»ни ёддан билар эдим. Тагорга қизиқиб қолдим.

“Бешта адабиётдан санга буюк деталлар турибди”, дедим. Етти йил ўтгандан кейин, «Баҳор ўтди»ни ёздим. Кейин билсам, ҳаммаси учун жой бор экан. Кўп нарсани яхши кўрар эканман. Шу етти йил ўйин-кулги билан ҳам ўтиб кетар эди. Тагорнинг (ҳозир уни Тҳакур дейишяпти) «Оқ ҳинду» асарини ўқисанглар бўлади. Бу асар миллий озодлик руҳида ёзилган асар. Шу ерда қаҳрамони ҳинддан буюк инсон йўқ, инглизлар одам эмас, дейди.

Хуллас, Ҳиндистон озод бўлади. Шу воқеалар билан асар тугайди. Шу ерда озгина хотимаси бор. “Онажон, мен бахтиёрман”, дейди ҳалиги йигит. Шунда онаси: “Болам, мен сенга шу пайтгача айтмаган эдим. Бир куни уйимга бир юкли ирланд аёли келди. Шу ерда бўшалди. Сен инглизнинг боласисан”, дейди. Ҳалиги йигит шундай хафа бўлиб, онам ким, деса, аёл унга, инсоният, дейди. Бу асарни ўқиб, шу фикрга келасиз. У ҳинд озодлиги учун кўп одамлар курашиб келган, дейди. Ўлчовнинг баландлигини қаранг. Бизлар ҳам ўйлаб ёзишимиз керак. Энди сизлар ҳам гурунг беринглар.

А.Ниёзов: Савол берасизларми?

Бир қиз: Нигина Ниёзнинг китоби тўғрисида фикр билдирдингиз, Фаридага қандай муносабат билдирасиз?

Ш.Холмирзаев: У ҳали гўдак-ку. И. Раҳимнинг «Ихлос» деган асари бир аёл тўғрисида ёзилган. Аёл кечаси келади – боласи уйқуда, эрталаб кетади – боласи уйқуда. Боласини қачон эркалайди у? Қорни ҳам очмайди. Бизга шуни мактабда ёд олдиришган. Коммунистми, коммунист. Энди бу ерда мафкуранинг ёйилишини қаранг.

Тоталитар тузумда, албатта, зиёли олдинга чиқади. Грекларда ёзувчининг битта худоси бўлади. Ҳақиқат ёзувчининг қуроли бўлган. Улар рост гапни гапиришга маҳкумдир. Биринчи жаҳон урушидан кейин ҳаммаси қамалди. Бу нарса чўпон бўлмагандан кейин қўйларнинг тарқаб кетишига ўхшаб кўринади одамнинг кўзига. Зиёлилар йўқ қилинганидан кейин яна ўша одамларнинг ичидан зиёлилар етишиб чиқади. Яна кўтар-кўтар қилади. Яна олдиндаги одамларни йўқ қилишади, мана шундай давом этаверади.

Норбой: Яхши ёзиш учун нима зарур? Ташқи буюртмами, ё ўзига ўзи берадиган буюртмами?

Ш.Холмирзаев: Юраги тоза бўлса, буюртма ҳам шунга яраша бўлади. Ички буюртмаси бошқа бўлади. Одам ўзини ўзи тарбия қилиш керак. Ҳаммаси сўфизмда, Гёте ва бошқаси – ҳаммасининг илдизи сўфизмда ётади. Сўфизм ўзини ўзи тарбия қилишдир. Ўлим ҳақ деган, лекин қачон ўлишингни ва қандай ўлишингни билмайсан. Ёзиғим дейди, бу ҳаммаси нотўғри гаплар. Ҳамма бу дунёда қандай яшаган бўлса, нима иш қилган бўлса, шунга яраша ўлим топади. Одамнинг юраги тоза бўлса, яхши нарса ёзса бўлади. Юрак буюрганини қилиш керак.

Ҳикмат: Жуда кўп ҳикоя ва қиссаларингизга ҳайвонларни киритгансиз. Табиатга муносабатингиз қандай?

Ш.Холмирзаев: Дунё адабиётида масал бор. Қатралар ёзилган. Мен ёшлигимдан табиатга қизиқар эдим. Менинг «Ёввойи гул» асарим ҳам бор. Бир вақтлар «Гулистон» журналида ишлар эдик. «Темир тузуклари»ни журналда чиқарганимиз учун ҳайдалиб кетганмиз. Энди «Ёввойи гул»ни ёзишимга ҳам бир нарса сабаб бўлган. Биз бир куни хотиним ва мен тоққа чиқдик. Ўшанда биринчи марта оппоқ лолани кўрдим. Мен хотинимга, бир яхши нарсанинг ҳиди келади, дедим. Биз икки киши бўлиб қирга чиқдик. Кейин ўша ерда кийик ўт ўсиб ётган экан. Мана шунинг ҳиди келаётган экан, қарагин, дедим. Бир қучоқ териб олиб тушдик. Мен уйга келиб ҳовлига экиб қўйдим. Баҳордан ёзгача кўкариб кетди. Қишлоққа кетдик, қайтиб келсам, қовжираб қолибди. Рўпарамизда Маъриф Жалил турарди. Бир куни шу, “Шукуржон, ҳаётни қандай ўрганасиз? – деди. – Сиз жуда яхши кийинасиз. Кийимларингиз бошқача”. Мен, энди онам сабезда ишлагандан кейин кийинаман-да, дедим. Уйида чакка ўтиб, сув халта-халта бўлиб йиғилиб қолган. Эй, сиз бу туришда ўлиб қоласиз, дедим. Сиз қаердансиз ўзи, дедим. Самарқандни қаеридан ҳам деди. Кейин мен унга, бу ерда нима қилиб юрибсиз. Кетинг, уйингизга, дедим. Ўша ерда бўлса, ҳар ҳолда одамларга фойдаси тегар, деб ўйладим. Уйга қайтиб кирсам, гул қовжираб ётибди. Шундан кейин шу гул Мариф Жалилнинг томида ўсиб ётгани маъқул, дедим. Ва шу асарни ёздим. Толстой: «Назарияни шу қадар кўп билгинки, ўзинг ўйламагин», деган. Шунинг учун асарларингга табиатдан қўшсаларинг ҳам яхши бўлади.

Бир йигит: Шукур ака сизнинг «Адабиёт ва санъат» газетасида бир пайтлар «Адабиёт ўладими?» деган мақолангиз чиққан эди. Шунга ҳозир муносабатингиз қандай?

Ш.Холмирзаев: Ўзимиз учун сезгир бўлиши керак. Эркин Аъзамов яқинда, Шукур ака, шу мақолани «Тафаккур»да чиқарайлик, деб қолди. Яна чиқиб қолади. Ўшанда «Адабиёт ўладими?» қўштирноқ ичида берилган эди. Ҳозир ҳам шундай кетади. Лекин адабиёт ўлмайди. Неча юз йилдан бери одамларнинг бошини қотириб келаяпти-ку. Адабиёт ўлмайди. Ўша мақола чиққанидан кейин мени хўп «дўппослашишди». Ўшанда улар, Шукур, ҳали биз ҳеч нарсани билмай юрган эканмизда, деди. Тўғри айтасиз, дедим. Шу ерда мен ҳақида ҳеч қандай гап бўлмади. Охирида Одил ака, Шукурга раҳмат, деб айтди. Биласизларми, бизда имкон кўп. Фикр учун қалбга инонмоқ керак, дейишади. Қалб одамни не кунларга солмайди. Шунга эътибор беринглар. Масалан, мен бир гапни гапирмоқчиман, шу гап сизларга етиб боргунча ҳам бир шаклга тушиб етиб боради. Шунинг учун ҳар бир ёзган нарсаларингиз ўз аксини топади.

Норбой: Шукур ака, нимани ёзсам экан, қандай ёзсам экан, деганларга нима деб маслаҳат берар эдингиз?

Ш.Холмирзаев: Бир гап бор, кучлилар енгади, кучсизлар мағлуб бўлади, деган. Мана ҳозир бизда ёзиладиган фантастик-мистик асарлар бор-ку. Уларга ишонмайсан, агар ишонтира олса экан, ўзим ҳам ёзган бўлар эдим. Қадимда энг зўр ҳайвонлар диназаврлар бўлган. Бизда ҳам шундай, агар бир нарса бўладиган бўлса, зўрлар ўлади. Чунки олдинда ўшалар боришади. Фалсафа керак. Масалан, мен бир жойга боргим келмаса, бормайман, бўлмайдигани бўлмайди. Усмон Азим билан бўлган суҳбатимизни бошда айтдим, бўлмайдигани бўлмас экан. Шундан кейин тўхтатиб қўйди. Шунинг учун нима қилишни яхши ўйлаб, юраги буюрганини ёзиши керак. Агар бу ерида бўлмаса, у барибир бўлмайди.

А.Ниёзов: Мана йиғилишимизга ҳам икки соат бўлибди. Лекин шу икки соатнинг ўтгани билинмади. Энди кейинги учрашувнинг вақтини белгилаб олсак.

Ш.Холмирзаев: Икки соат бўлган бўлса, мен бошида айтганимдек, бизларнинг юлдузимиз юлдузимизга тўғри келипти-да, демак.

А.Ниёзов: Соат уч маъқул бўлса керак. Сизлар кейинги учрашувга ўзинглар ёзган ҳикояларни олиб келсанглар. Шукур ака кўриб, таҳлил қилиб берадилар. Яхшиларини биз газетамизда ёритиб борамиз. Кейин яна бир масала: кейинги мавзу нима ҳақда бўлади? Болалар шунга тайёрланиб келишади.

Ш.Холмирзаев: «Санъат – санъатда» деган мавзуда.

А.Ниёзов: Бу сафар фақат монолог бўлди. Кейинги сафар албатта диалог бўлади, деб ўйлайман. Шукур ака, сизга катта раҳмат. Соғ бўлинг.

1997 йил.

Адибнинг архивидан олинди.

Шукур Холмирзаев
ЁВВОЙИ ГУЛ
055

070Восит нимжон, ялқов ва хаёлпараст бола эди. Маданий-оқартув билим юртини тамом қилганидан кейин шаҳарда қолди. «Шаҳар ҳақиқати» газетасида корректор бўлиб ишлай бошлади. У олти ой ўтмай квартирасини алмаштирар, бунга гоҳ ўзи сабабчи бўлса — ижара ҳақини вақтида тўлолмаса, гоҳ уй эгаси сабабчи бўлар — бу лаллайган болани ёқтирмай қолар эди.

У шаҳардан уч юз километр олисдаги ёш, адирсимон тоғлар остидаги «Гулбаҳор» қишлоғида туғилган, отаси деҳқон, онаси уй бекаси, яна иккита укаси бор эди. Бундан ташқари, албатта унинг ёр-биродарлари ҳам бор эди. Улар бунга ачиниб қарар, лекин, хаёлпарастлигини ёқтирар, уни сафларидан тирсаклашмас эди. Бу қишлоқ устидаги адирдан бошқа ерларда ўсмайдиган кийикўт ва андузлар кўп бўлар, баҳор бошланиши билан уларнинг майин ва ўткир ҳиди қишлоққа эсиб турар эди.

Ана шундай баҳор кунларида Восит адирларда санғиб кунни кеч қилар, ошналари чиқиб қолганда, у кунботарни кўрсатиб, ўша ёқда шаҳар борлиги, унинг жуда антиқалигини айтар ва келгусида ўзининг шаҳарда яшаш орзусини ҳикоя қилар эди. Ўртоқлари кулги аралаш, вақти келганда, унинг уйига меҳмонга боришларини айтар, Восит уларни жон деб қабул қилишга ваъда берар эди.

Восит болалигидан нимадир, одамларни ҳайрон қолдирадиган ва ўзи учун суюмли бўлган бир иш қилишни истар эди. У техникумни битириб, газетада корректор бўлиб ишга киргач, бу нарса ёзилажак қандайдир машҳур бир асар эканини укди… Лекин унинг ёзишга қобилияти йўқ, жиддий бир мулоҳаза қилишга ҳам эринар эди.

У тўрт йил умрини шаҳарда ўтказди. Тўрт марта қишлоғига бориб келди. Ҳар гал борганида унинг онаси ва укаларидан тортиб ёр-биродарларигача «Гулбаҳор»да қолишга ундар, Восит унамай кетиб қолар эди. Шунда улар Воситнинг орқасидан ачинишар, айни чоғда унинг ғайритабиий одатларини ўйлаб, у қандайдир катта бир иш қилаётганига ишонгандай бўлишар эди…

Восит катта парк орқасидаги шофёр ўғли билан уззукун жанжал қиладиган Навохон аянинг уйида еттинчи ой ҳам яшаб қолди. Навохон ая ўғли ишга кетганида, ундан зорланиб, унга ақл кирмаётгани, беш йилдан буён болали бир хотиннинг изидан юрганини айтиб куйинар, хаёлпараст Восит онага раҳми келиб, унинг гапини қувватлар ва шу сабабли уй бекасига ёқиб қолган эди. Лекин, у шофёр йигитга ҳам ёқиб қолган эди: чунки у ҳам онаси бўлмаганда, ундан зорланиб, ўша аёлни севиши, онаси эса, у билан бирга бўлишини истамаслигини айтиб, уни жоҳилликда айбларди. Восит унинг ҳам гапини қувватлар ва ҳамдардлик билдирар эди. Лекин, гап кўндалангига ҳал қилинишига тўғри келиб қолган кезларда, миқ этмай ўтирар, унинг назарида, буларнинг ҳам ҳаётида яқин келажакда қандайдир, қизиқ бир ўзгариш бўладигандай туюлар, улар антиқа бир ҳаёт оғушида бахтли ҳаёт кечирадигандек бўлар эди. Бироқ ўзи ёзмоқчи бўлиб юрган асар қандай бўлишини билмаганидек, буларни ўз оғушига оладиган бахтнинг ҳам қандайлигини билмас ва бу ишлар қандай амалга ошиши ҳақида ҳам ўйламас эди… Тўғри, гоҳида ўйлашга тиришиб ҳам қолар, аммо тезда зерикар, ўй унинг ялқов вужудида саробдек хаёлга айланиб кетар эди…

Бу оила ҳам Воситга ёқар, лекин, она-боладан ҳам кўра, ҳовли ўртасидаги гулзор унга кўпроқ ёқар эди. У бошқа хонадонларда яшаганида ҳам, ҳаммадан, ўша хонадонлардаги гулзорлар унга кўпроқ ёқар эди, бироқ, бу ердаги гулзорда уларда бўлмаган гуллар: косагул, чиннигул ва хиналар барқ уриб очилиб ётардики, булар унга ҳар қанақа атиргул, ромашка, президент гули ва шу каби Европадан келган гуллардан ўн чандон яқин ва қадрдон туюлар эди. Негаки, қишлоқдаги уйлари олдига ҳам онаси ҳар баҳор шу хил гуллардан экар эди.

Восит бу гулларни шунчалик яхши кўриб қолганидан, уларга қарашни тамом ўз гарданига олди. Уларга ўзи сув қуяр, пушталарини юмшатар, қуриганларини йигаб гажимланган қоғоз халтага солиб, Навохон аяга берар ва «Келгуси йил экасиз», дер эди… Лекин, Восит кечалари водопроводнинг сувини гулларга қуйиб, унинг тошиб кетмаслигани кутиб ўтирар экан, ўша антиқа гуллар ҳақида ҳам ўйлар ва яқин келажакда бу гуллар такдирида ҳам қандай қизиқ ўзгаришлар бўлишини хаёл қилар, яна қандай ўзгариш бўлади — бу ҳақда ўйламас эди.

Воситнинг оладиган маоши қорнини тўйғазишга зўрға етар эди. Шу сабабли ижара ҳақини тўлаганидан кейин, қолган пулини тийинлаб, кунларга тақсим қилиб чиқар ва буни ҳеч ерда унутмас эди. Уни кўпинча почаси сўкилиб кетган дағал шимда, ёқаси ағдариб тикилган оқ кўйлакда, товони қийшайиб кетган таги резинка туфлида ва сочлари ўсиқ ҳолда кўриш мумкин эди. Бўм-бўш кўчаларда ҳам бировга тегиб кетадигандек оҳиста, эҳтиёткорлик билан четдан юрар, башарасига қараган киши хаёли бошқа жойда эканини сезиши мумкин эди.

Ўзи нимжон бўлган бу йигитга шаҳар ҳавоси ёмон таъсир қила бошлади. Юраги сиқилиб, нафаси етмагандай бўлар, гуллар қовжираган маҳалларда паркка чиқиб, жимжит дарахтлар остида, оёғи тагида ғижирлаган баргларнинг овозига қулоқ солиб юрар эди. Уни баъзида «Планетарий» олдидаги тепача устида турган Пушкиннинг оққа бўялган ҳайкали ёнида учратиш ҳам мумкин эди, шунда у Пушкин каби қўлини кўксида киборларча қовуштириб, пастдага анҳорга ўйчан тикилиб турар эди.

Қиш кунларининг бирида шофёр йигит болали хотинни олиб келди. Навохон ая ноилож рози бўлган эди. Лекин хотин билан уришишга баҳона излар, шунда беҳудага Воситни ҳам хафа қилиб қўярди. Бунга ҳам чидаши мумкин эди. Восит — у квартирама-квартира яшаб уй бекаларининг дашномлари ва менсимасликларига кўникиб кетган эди. Лекин, жойнинг торлик қилиб қолгани ёмон бўлди: Восит буклама каравотини ошхонага олиб чиқиб ётадиган бўлди. Бунга баъзида Навохон ая ачинар, уни қишлоққа кетишга ундар, бошқа бирон яхшилик қилишдан ожиз эди.

Бир куни Воситнинг ўнг биқини оғриб турди. Дармондан кетиб ётиб қолди. Доктор чақирдилар. Эртаси куни Восит бир-бир босиб поликлиникага борганида, унинг талоғи шамоллагани маълум бўлди. Касалхонага йўлланма бердилар. У ишхонасига зўрға кириб борди, хокисорлик билан ўзининг бетоблигини айтиб, йўлланмани кўрсатди. Улар ётишга даъват қилдилар. Восит Навохон ая ва шофёр йигит билан қуюқ хайрлашиб касалхонага кетди.

Касалхона унинг ётиб юрган шароитидан юз чандон аъло эди, тўшаклари ҳам янги, оппоқ, палата иссиқ, овқат вақтида тайёр… Бу янги шароит Воситга жуда ёқиб қолди. У касаллар билан иноқ бўлиб кетди. Энди у истаганича хаёл суриши мумкин эди. Кейинчалик, у тузалиб чиққанидан кейин, турмуши тамом ўзгариб кетадигандек, хаёллари амалга ошиб, қаршисида антиқа олам очиладигандек ва ўз яратиши керак бўлган асар ҳам энди ёзиладигандек туюла бошлади. Бироқ, унинг тузалиши секинлик билан бўлди. Докторлар унга апельсин, лимон, мандарин ва ўзимизнинг бозорда сотиладиган мевалардан ейишни тавсия этар, у эса, буларни истеъмол қилишдан маҳрум эди. Фақат баъзи беморлар унга ачинганидан битта-яримта мева тутқазар, Восит мамнун бўлиб, уни еб олар эди… Ундан кейин келган, шу касал билан оғриган беморлар ҳам бир ярим-икки ойга қолмай шифо топиб кетишди, Восит тўрт ой ётиб қолди. Бу орада редакциядаги секретарь қиз билан корректорлар бўлимининг мудири икки марта хабар олди. Онаси битта укаси билан бир марта келиб кетди ва бу гал ҳам Восит тузалиб чиққанидан кейин қишлоққа кетишини ёлвориб сўради. «Тузалиб чиқай, кейин маълум бўлади», деди Восит.

Восит касалхонадан чиққан куни Навохон аянинг уйига борди. Ая ҳам, шофёр йигит ҳам уни илиқ кутиб олишди ва кўргани боришолмаганларини айтиб, турмуш ташвишларидан нолишди. Восит энди ошхонада эмас, каравотини гулзор ёқасига қўйиб ётар эди. Чунки, кўклам бошланиб, ҳаво исиб кетган эди. Лекин, у редакцияда кўп ишлолмас, тез чарчаб қолар, докторлар ҳам унга кўп уринмаслик, оғир ишларни эса, мутлақо қилмасликни уқтирган эди. Шунинг учун корректорлар бошлиғи ҳам, бошқа ходимлар ҳам унга қия қарашар ва газетада хато кўп кетаётганидан нолиб қандайдир бошқа иш қилишни шама қилишар эди… Илгари бундоқ муомалага дуч бўлмаган Восит хафа бўла бошлади. У энди келажак қиш ҳақида ўйлаб, яна касалга чалиниши мумкинлигини чамалар, бошқа хонадонга кўчиб ўтишни авваламбор истамас, сўнг бу кўчишлар жонига теккан эди… Энди ўзининг келажаги ва келажак ёрқин ҳаёти унга бир саробдек кўрина бошлади. Ёдига туғилган қишлоғи тез-тез тушадиган бўлиб қолди.

Апрелнинг ўрталари эди. Редакторнинг ташаббуси билан ходимлар бир автобус бўлиб, Ойна тоққа лола сайрига чиқадиган бўлишди. Буни эшитиб, Воситга жон кирди. Сайрга борадиганлар беш сўмдан профкомга тўлаши керак эди, чунки, у томонда қўй сўйишмоқчи эдилар… Восит ҳам асраб қўйган пулидан баданини узгандек қилиб, беш сўм чиқариб берди.

Тонг маҳали ўзлари ижарага олган автобусда жўнашди. Шивалаб ёмғир ёғиб турар, ҳаво булутли эди. Тоққа етгунча ёмғир тиниб, кўк очилиб кетди. Баҳор бутун кўрки билан кўзга ташланар эди. Бир кун илгари борган бўлим бошлиғи буларни Нанай қишлоғининг лойи қотган кўчасида кутиб олди. Чувурлашиб, қувнашиб, автобусдан тушдилар. Бўлим бошлиғи маҳаллий агрономнинг уйида жой ҳозирлаган экан. Кириб жойлашдилар. Таом тайёр бўлгунча атрофни айланиб келиш ҳақида таклиф тушди. Ҳамма рози бўлиб, қўзғалди. Бироқ, йиғилиб келган қишлоқ болалари лола ҳали кам очилгани, тоғнинг баланд кунгай бетларидагина борлигини айтишди. Ҳамма мамнуният билан ўша ерларга чиқишга рози бўлди ва болаларга эргашдилар. Аммо лола ўсган адирнинг этагига етгунча чарчаб қолишди. Лоладан ҳафсалалари совиб, теваракни томоша қилиш ва оёқ остида очилиб ётган митти сариқ гуллардан териш билан чекландилар. Восит хаёлпарастлик билан гангиб, ўтлокда турар эди. Хаёлидан болалиги ўтган қишлоқлари ортидаги адирлар, болаликда ўзининг ўша адирда юргани, ўтириб уфққа тикилгани ўтар эди. Шунда бирдан унда адирга кўтарилишдек тийиб бўлмас бир истак уйғонди. Дили ҳаприқиб, гўё шу адирга чиқиб уфққа қараса қандайдир орзулари бирдан рўёбга чиқадигандек, гўё ўзи кўпдан бери шуни кутиб юргандек туюлди. У шунда докторларнинг кўп юрмаслик, оғир иш қилмаслик ҳақидаги ўгитларини ҳам унутди ва адирга тирмашиб чиқа бошлади. У дармонсизликдан чарчар, аммо, буни ўзига олмас эди. Адирга чиқиб ҳам борди. Уфққа қаради. Уфқда катта, яланг тоғ кўндаланг турар эди. Воситнинг назарида ҳозир қуёш шунинг орасида ботаётгандек, уфқ қип-қизилдек туюлди.

Беихтиёр ёнидаги тошга ўтирди. Шунда қаердандир жуда таниш бир ҳид димоғига урилаётганини сезди. Бирдан сергакланиб аланглади ва теварагида кўм-кўк, кўрпадек бўлиб ётган кийикўтларни кўрди. Ғалати бир титроқ билан қўзғалиб, катта бир туп ўтнинг бошига борди. Эгилиб ҳидлади. Дили ёришиб, кўпдан излаб юрган нарсасини топгандек бўлди. Шунда этакда шапалоқ баргларини ёзиб ётган андузларни кўрди ва юраги ҳаприқиб, кўзларига ёш келаёзди. Югургилаб уларнинг бошига борди. Шунда орқадан ходимларнинг чақираётганини эшитди. Туриб, адир бошига келди. Иккита олти яшар бола қўли билан кўкатларни ушлаб, тирмашиб чиқиб келар, пастдан корректорлар бўлимининг бошлиғи қўлларини юқорига кўтарганча қичқирар эди. Бу болалар — маъсул секретарнинг болалари эди.

— Восит! Тушинг, тушинг ахир! — деб қичқирди у. — Сизни кўриб булар чиқиб боряпти. Кета-ми-из!

Восит бирдан ўзини айбдор ҳис этиб, пастга туша бошлади. Аммо бу адирдан жуда ҳам ажралгиси келмади. Нима қилишини билмай, бир зум иккиланиб турди-да, сўнг каттагина бир туп кийикўтни тутамлаганча ушлаб торта бошлади. Узун томири узилиб, бир мисқол тупроқни томирлари билан чангаллаганича ўт унинг қўлига келди. Восит лойини туширмасликка ҳаракат қилиб туша бошлади. Бироқ, қумли тупроқ тезда тўкилиб, кийикўтнинг қизғиш томирлари банка ичида ўсган томирлардек таралиб қолди. «Зарари йўқ», деб ўйлади Восит; болаларни зўрға қайтариб, пастлади.

— Касалман дер эдингиз, касал ҳам тоққа чиқадими? — деди бошлиғи. Восит ғамгин жилмайиш билан жавоб берди. Лекин касаллиги ўзини тезда кўрсатди. Агрономнинг уйига етмасидан ўнг биқинида бир нима тугилиб қолгандек бўлаверди. Овқатга иштаҳаси бўлмади.

Шаҳарга кечқурун қайтиб кетдилар. Восит кийикўтни тутганича Навохон аянинг уйига кириб борди.

— Бу гулни экамиз, ая, — деди. — Кўпайиб кетади. Бу ёввойи гул, кийикўт. Маданий бўлиб кетади.

Ая уни ҳидлаб кўриб, хурсанд бўлганини айтди.

Восит гулзорда роса жой танлаб, гулни кўриниб турадиган ерга, райҳонлар экилган жойнинг пуштасига экди.

Кунлар исиган сари водопроводларнинг суви ҳам камая бошлади. Сув фақат кечаси келар, гулзорни суғоришга эса, Воситнинг негадир ҳафсаласи йўқ эди. Бир куни кийикўтдан хабар олди-ю, хафа бўлиб кетди. Пуштага экилган ўтга сув етмас, унинг япроқлари ҳамон кўк бўлса-да, қовжирай бошлаган эди.

Бир куни Восит ишдан ҳайдалди. Энди қандай ишга кириш, ижара ҳақини қандай тўлаш ҳақида ўйланиб, уйга келди. Шунда бирдан қишнинг яқин қолгани ёдига тушди. Шунда ўзининг ҳам жуда ҳолдан тойганига фаҳми етди. Кечгача дарвоза ёнида ўтган-кетганга қараб ўтирди-да, кейин ҳовлига кирди ва бирдан ўтини эслаб, унинг қошига борди. Донг қотиб қолди.

Кийикўт чўп бўлиб қолган эди. Унинг томирини кавлаб кўргиси келди, бироқ, буни орқага суриб, унинг бошига чўнқайди. Шунда бирдан кўнгли бузилиб, шу ўт ўсган адирни эслади ва беихтиёр куйинди: «Нимага буни шу адирдан олиб келдим. Уша ерда ўсаверса, қуримасди», деб ўйлади. Шунда бирдан нимагадир ўзи ҳақида ўйлаб қолди ва зўр таажжуб билан ўзини шу гулга ўхшатди. Кўнгли бузилиб кетди, ўзининг хор-зор юрганларини эслади. «Нима учун? Нима учун?» деди. Жавоб тополмади-ю, ўзининг ҳам шу гулдек қовжираб бораётганини, яқин куларда шу гулдек қуриб, чўп бўлиб қолишини ўйлади. «Йўқ, менинг жойим ўша ёқ», деб ўйлади. Бу ўй Воситнинг умрида биринчи жиддий ўй эди. Шунинг учунми ё бошқа сабабданми, бу унга кучли таъсир қилди. Эртаси куни кечқурун картон чамадонига эски-туски кийимларини жойлаб ташқарига чикди-да:

— Хайр, ойи, мендан ёмонлик ўтган бўлса, кечиринг, — деди. — Кийикўт тоғда ўсгани маъқул экан.

Ижара ҳақини тўлаб, дарвозадан чиқиб кетди.

1966

Ashampoo_Snap_2016.11.10_15h11m31s_003_.png Men yoshligimdan tabiatga qiziqar edim. Mening «Yovvoyi gul» asarim ham bor. Bir vaqtlar «Guliston» jurnalida ishlar edik. «Temir tuzuklari»ni jurnalda chiqarganimiz uchun haydalib ketganmiz. Endi «Yovvoyi gul»ni yozishimga ham bir narsa sabab bo’lgan. Biz bir kuni xotinim
va men toqqa chiqdik…

SHUKUR XOLMIRZAEV BILAN UCHRASHUV
«Turkiston» gazetasi qoshidagi adabiy to’garak
a’zolari bilan savol-javoblar
055

A.Niyozov: Hurmatli mehmonlar, agar yodlaringda bo’lsa, «Turkiston» gazetasida shoir Muhammad Yusuf bilan birgalikda «She’riyat maktabi»ni ochgan edik. Shu o’tgan davrda maktab ancha-muncha o’zining muxlislariga ega bo’ldi. Biz maktabda o’qilgan she’rlarni kitobcha qilish niyatimiz bor edi. She’rlarni tayyorlab, nashriyotga topshirib qo’ydik.

Endi gazetada «Armon» degan rukn ochgan edik. Biz bunda hikoyalarni berish niyatimiz bor edi. Ammo bunga o’zimizning kuchimiz yetmayapti. Shu maqsadda ustozimiz Shukur aka Xolmirzaev bilan kelishib, «Nosirlar maktabi»ni ochmoqchi bo’ldik. Bugun davramizga Shukur aka tashrif buyurganlar. Ustozimiz, bu ishga yordam beraman, deganlar. Agar ishlarimiz yurishib ketsa, mana shu sizlar yozib kelgan she’rlardan tashqari hikoyalarni ham kitob qilib chiqaramiz, deb va’da beramiz. Shukur aka sizlar yozgan hikoyalarni ko’rib, tahlil qilib bersalar, gazetamizda muntazam e’lon qilib boramiz. Va mana shu yerda bo’layotgan har bir yig’ilishimizni yozib boramiz. Endi Shukur akaning har bitta so’zini tinglab, hech tortinmasdan savol-javob qilinglar. Bu yig’ilishning jonli o’tishi sizlarga ham bog’liq.

Ashampoo_Snap_2016.11.10_15h11m31s_003_a.pngSH.Xolmirzaev: Sizlar barchalaringiz talabamisizlar yoki ishlaysizlarmi?

Qatnashuvchilar: Talabalarmiz, ko’pchiligimiz o’qiymiz.

SH.Xolmirzaev: Men avvalo bir narsani aytib qo’yay, ilgari ham bunday suhbatlar bo’lar edi. Men o’zim guvohi bo’lganman, hech kim kelmasa ham rahmatli A.Qahhor kelar edilar. Bunday yig’ilishlar Yozuvchilar uyushmasida bo’lar edi. Mana endi «Turkiston» gazetasida shu narsa tashkil qilingan ekan. Muharrirga rahmat. U kishi menga telefon qilib, shu maktabga boshchilik qilsangiz, dedilar. Men «yo’q» demadim. Men ham shu adabiyotning tuprog’ini shuncha yildan beri yalab yurgan odam sifatida bu yerga keldim. Agar bizlarning yulduzimiz yulduzimizga to’g’ri kelsa, bu yig’ilish davom etadi, bo’lmasa yo’q. Men shu yerda bir gapni aytib o’tmoqchiman. Yaqinda Usmon Azim meni televideniega uchrashuvga taklif qildi. Menga ijodingiz haqida gapirib berasiz, dedi. Biz yo’lda gurunglashib ketdik. Shu ko’rsatuv televizorda olib berildi. So’ng Omon Muxtor bilan uchrashuv bo’ldi. Natijada shu ko’rsatuv to’xtab qoldi. Men undan nega to’xtatib qo’yganini so’rasam, u, Shukur aka, men sizni bilar ekanman, mana, sizga nima deb savol berishni, nima deb javob qaytishini ham bilaman. Ammo Omon Muxtorni men bilaman, deb o’ylar edim, u kishini umuman bilmas ekanman, dedi.

Shuning uchun biz endi bir-birimizni tushunib olmog’imiz zarur. Endi sizlarga aytadigan bo’lsam, adabiyot nima o’zi, shuni bilib olmog’imiz lozim. Mana ba’zilarni yig’latib kelayapti, ba’zilarni kuldirib kelayapti. Sizlarga aytsam, men Abdulla Oripov bilan bir kursda o’qir edim, do’st edik. 4-kursda ikkita povestim chiqqan. So’ng Yozuvchilar uyushmasiga qabul qilishgan. Beshinchi kursni bitirishda «Informatsiya nima?» degan savolga javob bera olmaganman. Biz endi shuning uchun «Nasr nima? Nimani yozaman? Qanday yozishim kerak va qanday yozaman?» deb o’ylab ko’rishimiz kerak. Men sizlar yozgan hikoyalarni ko’rib tahlil qilib beraman, mana muharrir aytayaptilar, u kishi yoritib boradilar. Shuning uchun nimani yozishni bilish kerak. Buning hammasi mafkuraga borib taqaladi.

Bilasizlar, Ro’zi Choriev degan rassom bor. Yoshi ham anchaga borgan. Men uni sensirab gapiraman. U bolalar uyida katta bo’lgan. Meni uyiga chaqirdi. Borsam, «Shukur, davay ichamiz», dedi. Men ulardan: «Sababi bormi o’zi?» deb so’radim. U kishi, «Shukur, men 70 ga kirgan odamman. Akademik bo’ldim. Chorvoqni chizganim uchun komsomol mukofoti laureati bo’lganman. Shoymardon Qudratovlarni yozganman. Men (ular chizishni yozishni deb gapiradi) hozir nima yozishni bilmayman. Hozirgi chiziladigan rasmlarning 99 foizi seks. O’zidan zavqlangan paytda zakaz bilan chizishadi, chiqarib Karl Marks ko’chasida sotishadi. Men bunday qilolmayman, sen menga biron narsa yozib bergin, men televizorda chiqib gapiray, san’at bunaqa bo’ladi, mana bunaqa bo’ladi, deb. Sen nima yozishni bilasanmi?» dedi. Men bilaman, dedim. “Men nima qilay?” dedi.

Men, unga hayotda nimani yaxshi ko’rasan, dedim. U seni yaxshi ko’raman, dedi. Sen uchun o’limga tayyorman, deb aytdi. Hayotda mard bo’lsa, to’g’ri bo’lsa, shuni yaxshi ko’raman, dedi. Men unga, sen tasavvur qil, darvesh ketayapti, boshida shlyapasi, bo’ynida galstugi bo’lsin, sen nimani yaxshi ko’rsang, shuni chiz, dedim. U odam o’zi juda pokiza odam. Mana shunday mustaqillik bo’lgandan keyin ko’pchiligimiz buni tushunib-tushunmay qadriga yetmay qoldik. Xullas, mustaqillikdan keyin arosat boshlandi. Nimani yozishni bilmay qoldik.

Mening qo’limda bir kitobcha, buni Nigina  degan qizimiz yozgan ekan. Menimcha, Xojiakbar Shayxovning shogirdlaridan biri bo’lsa kerak. Fantastik-mistik hikoya, men bu qizning yozganlariga ishonmadim. Men «Nauka va jizn» degan bir jurnalda she’r o’qiganman. Fazoda bir kema halokatga uchraydi. Hammasi o’lib, bir odam qoladi. G’alati maxluqlar uni qafasga solib qo’yishadi. U meni qo’yib yuboringlar, men odamman, menga ovqat beringlar desa ham, ular uni qo’yib yuborishmaydi. Ular bunga, bu ularga hayron bo’lib qarashadi. Haligi odam qafasda o’tiradi va bir oz o’tirib eshikni ochib qafasdan chiqsa, haligi maxluqlar hammasi qochib ketadi. Chunki bu zo’r ekan, shu qafasdan chiqish yo’lini bildi, deb. Agar maymunni qafasga solib qo’ysangiz, u chiqib ketolmaydi. Bergan semichkangizni chaqib o’tiraveradi, lekin chiqib keta olmaydi. Biz ham mana shunday, mana tog’ning cho’qqisiga chiqib olib, hali hech narsaga tushunmay turibmiz. Ilgari Turkiston deb qancha qancha odamlar o’z jonini fido qilgan. Yetishgandan keyin nima qilishni bilmay turibmiz. Shunday bo’lar ekan. Mafkuraga tegishli bir gap. Aristotelning «Poetika» degan bir asari bor. San’atda 3 ta narsaga e’tibor qilinadi. Taqlid, zavq, tarbiyaga. Suvning shildirashiga shoir ham, yozuvchi ham albatta taqldi qiladi. Har xil shovqinlar bor. O’zining zavqi uchun qiladi. Aqli o’sgani sari nafaqat zavq berar ekan, tarbiya ham qilar ekan.

Mana bu qo’limdagi kitobchaning avtori jizzaxlik Abdusattor  degan yigit ekan. Shu yigit kitobida yozadi: kun issiq, yo’lning yoqasida ayron, chalob, suv sotishyapti. 3 kishi bularga yaqinlashadi. Biri novcha, ikkinchisi o’rta, uchinchisi semiz. Ular bir choldan ayron ichishadi. Unga pulini berishsa, chol: «Savob uchun qilayapman», deb pulni olmaydi. Haligi uchovi cholni so’kib ketishadi. E, bu chol jinni ekan, deyishadi. Bu uchoviga avtor hamdu sano o’qiydi. Men bu avtorning yozgan narsasiga ishonmadim. U kun issig’ini berayotgan ekan, shu epizodni bera qolsin. Nima qiladi uchta odamni aralashtirib. Bittasini baqaloq, ayniqsa, semiz terga botib ketgan edi, desa men ishonardim. Bunda tasvirlar parokanda. Nega endi uch xil, bu atay qilingan narsa. Yana uchalasi ham cholni so’kishadi. Yaxshilikni tushunmaydimi? Shunchalik yaxshi tuyg’ular ham bor. Bu yerda avtor ularni yaxshi deyapti. Nima qilasan aralashib, shuning o’zini bera qol. Siz yozgan asaringizda epizodni bering, ammo o’zingiz munosabatni bildirmang. Muhammadjon Mirzaev ham «yaxshilar, eshitib ko’ringlar, yaxshi kuy», demaydi hech qachon. Masalan, chol zerikkanimdan desa, ishonsa bo’ladi. Ammo u bu asarida cholni savob uchun deb gapirtirib, cholni tamagirga chiqarib qo’ygan. Savob uchun qilayapman, desa ham tamagirlik bo’ladi. Avtorda ham ozgina farosat bo’lishi kerak.

Esimda men, Usmon Azim, Rauf Parfi Bulung’urga ketayotgan edik, shu yerda yo’lda bir lalmi yer bor. U yerda katta shaftolizor. Mashinani to’xtatgan edik, bir chol chiqib keldi. Bir savat shaftolini qo’yib, «olinglar, bolalarim, yenglar», dedi. Men ularga olinglar, dedim. Shu yerda haligi chol bilan gaplashib qoldim. “Otaxon, nimaga tekinga sotib o’tiribsiz?” desam, “Bir o’zim zerikaman. It ham yotib-yotib akillaydi-ku. Shuning uchun chiqarib o’tiraman, qaysi bir yili shu yerdan o’tib ketayotganlar Denovga ketayapmiz dedi. Bir o’g’lim tug’ildi, otini Denov qo’yib yubordim. Yana bir marta Sho’rchiga dedi, ikkinchi o’g’limning otini Boysun qo’yib yubordim”, dedi. Shu yerda ancha gaplashib, gurunglashib, keyin bizlar ketdik. Men bu cholning gapiga ishonaman. Chunki odam zerikadi. Bizning yozganlarimizda ham badiiy haqiqat yashashi kerak. Yurak buyurganini qilish kerak.

Komil inson – barkamol jamiyat. Odamzod hech qachon to’ymaydi. Kecha Sobir Mo’minovning maqolasini o’qidim… Nafsni tiyish kerak.

Abdulla, keling, dunyo adabiyotini, uning maktablarini o’rganaylik, dedim. Abdullaning otasi rais edi, topgan pulini kitobga sarflar edi. (Dunyo adabiyotida) 5 ta nasr maktabi bor. Oltinchisini Abdulla Qodiriy yaratgan. Nimani, qanday qilib yozish mumkin? Ammo dunyoda qanday yozuv yo’llari bor, shularni bilish kerak. Hozir yozadiganlarning ko’pi ertaga o’sib ketishiga ko’zim yetmaydi, balki o’sib ketishi ham mumkin. Dunyo adabiyoti deganda K.Marks deb tushunadigan, Tagorni, Bal`zakni o’qimagan yozuvchilarimiz ham bor. Men o’zim 7 yil hech narsa yozmadim. Sholoxovdan boshlagan edim, «Tinch don»ni yoddan bilar edim. Tagorga qiziqib qoldim.

“Beshta adabiyotdan sanga buyuk detallar turibdi”, dedim. Yetti yil o’tgandan keyin, «Bahor o’tdi»ni yozdim. Keyin bilsam, hammasi uchun joy bor ekan. Ko’p narsani yaxshi ko’rar ekanman. Shu yetti yil o’yin-kulgi bilan ham o’tib ketar edi. Tagorning (hozir uni Takur deyishyapti) «Oq hindu» asarini o’qisanglar bo’ladi. Bu asar milliy ozodlik ruhida yozilgan asar. Shu yerda qahramoni hinddan buyuk inson yo’q, inglizlar odam emas, deydi.

Xullas, Hindiston ozod bo’ladi. Shu voqealar bilan asar tugadyi. Shu yerda ozgina xotimasi bor. “Onajon, men baxtiyorman”, deydi haligi yigit. Shunda onasi: “Bolam, men senga shu paytgacha aytmagan edim. Bir kuni uyimga bir yukli irland ayoli keldi. Shu yerda bo’shaldi. Sen inglizning bolasisan”, deydi. Haligi yigit shunday xafa bo’lib, onam kim, desa, ayol unga, insoniyat, deydi. Bu asarni o’qib, shu fikrga kelasiz. U hind ozodligi uchun ko’p odamlar kurashib kelgan, deydi. O’lchovning balandligini qarang. Bizlar ham o’ylab yozishimiz kerak. Endi sizlar ham gurung beringlar.

A.Niyozov: Savol berasizlarmi?

Bir qiz: Nigina Niyozning kitobi to’g’risida fikr bildirdingiz, Faridaga qanday munosabat bildirasiz?

SH.Xolmirzaev: U hali go’dak-ku. I.Rahimning «Ixlos» degan asari bir ayol to’g’risida yozilgan. Ayol kechasi keladi – bolasi uyquda, ertalab ketadi – bolasi uyquda. Bolasini qachon erkalaydi u? Qorni ham ochmaydi. Bizga shuni maktabda yod oldirishgan. Kommunistmi, kommunist. Endi bu yerda mafkuraning yoyilishini qarang.

Totalitar tuzumda, albatta, ziyoli oldinga chiqadi. Greklarda yozuvchining bitta xudosi bo’ladi. Haqiqat yozuvchining quroli bo’lgan. Ular rost gapni gapirishga mahkumdir. Birinchi jahon urushidan keyin hammasi qamaldi. Bu narsa cho’pon bo’lmagandan keyin qo’ylarning tarqab ketishiga o’xshab ko’rinadi odamning ko’ziga. Ziyolilar yo’q qilinganidan keyin yana o’sha odamlarning ichidan ziyolilar yetishib chiqadi. Yana ko’tar-ko’tar qiladi. Yana oldindagi odamlarni yo’q qilishadi, mana shunday davom etaveradi.

Norboy: Yaxshi yozish uchun nima zarur? Tashqi buyurtmami, yo o’ziga o’zi beradigan buyurtmami?

SH.Xolmirzaev: Yuragi toza bo’lsa, buyurtma ham shunga yarasha bo’ladi. Ichki buyurtmasi boshqa bo’ladi. Odam o’zini o’zi tarbiya qilish kerak. Hammasi so’fizmda, Gyote va boshqasi – hammasining ildizi so’fizmda yotadi. So’fizm o’zini o’zi tarbiya qilishdir. O’lim haq degan, lekin qachon o’lishingni va qanday o’lishingni bilmaysan. Yozig’im deydi, bu hammasi noto’g’ri gaplar. Hamma bu dunyoda qanday yashagan bo’lsa, nima ish qilgan bo’lsa, shunga yarasha o’lim topadi. Odamning yuragi toza bo’lsa, yaxshi narsa yozsa bo’ladi. Yurak buyurganini qilish kerak.

Hikmat: Juda ko’p hikoya va qissalaringizga hayvonlarni kiritgansiz. Tabiatga munosabatingiz qanday?

SH.Xolmirzaev: Dunyo adabiyotida masal bor. Qatralar yozilgan. Men yoshligimdan tabiatga qiziqar edim. Mening «Yovvoyi gul» asarim ham bor. Bir vaqtlar «Guliston» jurnalida ishlar edik. «Temir tuzuklari»ni jurnalda chiqarganimiz uchun haydalib ketganmiz. Endi «Yovvoyi gul»ni yozishimga ham bir narsa sabab bo’lgan. Biz bir kuni xotinim va men toqqa chiqdik. O’shanda birinchi marta oppoq lolani ko’rdim. Men xotinimga, bir yaxshi narsaning hidi keladi, dedim. Biz ikki kishi bo’lib qirga chiqdik. Keyin o’sha yerda kiyik o’t o’sib yotgan ekan. Mana shuning hidi kelayotgan ekan, qaragin, dedim. Bir quchoq terib olib tushdik. Men uyga kelib hovliga ekib qo’ydim. Bahordan yozgacha ko’karib ketdi. Qishloqqa ketdik, qaytib kelsam, qovjirab qolibdi. Ro’paramizda Ma’rif Jalil turardi. Bir kuni shu, “Shukurjon, hayotni qanday o’rganasiz? – dedi. – Siz juda yaxshi kiyinasiz. Kiyimlaringiz boshqacha”. Men, endi onam sabezda ishlagandan keyin kiyinaman-da, dedim. Uyida chakka o’tib, suv xalta-xalta bo’lib yig’ilib qolgan. Ey, siz bu turishda o’lib qolasiz, dedim. Siz qaerdansiz o’zi, dedim. Samarqandni qaeridan ham dedi. Keyin men unga, bu yerda nima qilib yuribsiz. Keting, uyingizga, dedim. O’sha yerda bo’lsa, har holda odamlarga foydasi tegar, deb o’yladim. Uyga qaytib kirsam, gul qovjirab yotibdi. Shundan keyin shu gul Marif Jalilning tomida o’sib yotgani ma’qul, dedim. Va shu asarni yozdim. Tolstoy: «Nazariyani shu qadar ko’p bilginki, o’zing o’ylamagin», degan. Shuning uchun asarlaringga tabiatdan qo’shsalaring ham yaxshi bo’ladi.

Bir yigit: Shukur aka sizning «Adabiyot va san’at» gazetasida bir paytlar «Adabiyot o’ladimi?» degan maqolangiz chiqqan edi. Shunga hozir munosabatingiz qanday?

SH.Xolmirzaev: O’zimiz uchun sezgir bo’lishi kerak. Erkin A’zamov yaqinda, Shukur aka, shu maqolani «Tafakkur»da chiqaraylik, deb qoldi. Yana chiqib qoladi. O’shanda «Adabiyot o’ladimi?» qo’shtirnoq ichida berilgan edi. Hozir ham shunday ketadi. Lekin adabiyot o’lmaydi. Necha yuz yildan beri odamlarning boshini qotirib kelayapti-ku. Adabiyot o’lmaydi. O’sha maqola chiqqanidan keyin meni xo’p «do’pposlashishdi». O’shanda ular, Shukur, hali biz hech narsani bilmay yurgan ekanmizda, dedi. To’g’ri aytasiz, dedim. Shu yerda men haqida hech qanday gap bo’lmadi. Oxirida Odil aka, Shukurga rahmat, deb aytdi. Bilasizlarmi, bizda imkon ko’p. Fikr uchun qalbga inonmoq kerak, deyishadi. Qalb odamni ne kunlarga solmaydi. Shunga e’tibor beringlar. Masalan, men bir gapni gapirmoqchiman, shu gap sizlarga yetib borguncha ham bir shaklga tushib yetib boradi. Shuning uchun har bir yozgan narsalaringiz o’z aksini topadi.

Norboy: Shukur aka, nimani yozsam ekan, qanday yozsam ekan, deganlarga nima deb maslahat berar edingiz?

SH.Xolmirzaev: Bir gap bor, kuchlilar yengadi, kuchsizlar mag’lub bo’ladi, degan. Mana hozir bizda yoziladigan fantastik-mistik asarlar bor-ku. Ularga ishonmaysan, agar ishontira olsa ekan, o’zim ham yozgan bo’lar edim. Qadimda eng zo’r hayvonlar dinazavrlar bo’lgan. Bizda ham shunday, agar bir narsa bo’ladigan bo’lsa, zo’rlar o’ladi. Chunki oldinda o’shalar borishadi. Falsafa kerak. Masalan, men bir joyga borgim kelmasa, bormayman, bo’lmaydigani bo’lmaydi. Usmon Azim bilan bo’lgan suhbatimizni boshda aytdim, bo’lmaydigani bo’lmas ekan. Shundan keyin to’xtatib qo’ydi. Shuning uchun nima qilishni yaxshi o’ylab, yuragi buyurganini yozishi kerak. Agar bu yerida bo’lmasa, u baribir bo’lmaydi.

A.Niyozov: Mana yig’ilishimizga ham ikki soat bo’libdi. Lekin shu ikki soatning o’tgani bilinmadi. Endi keyingi uchrashuvning vaqtini belgilab olsak.

SH.Xolmirzaev: Ikki soat bo’lgan bo’lsa, men boshida aytganimdek, bizlarning yulduzimiz yulduzimizga to’g’ri kelipti-da, demak.

A.Niyozov: Soat uch ma’qul bo’lsa kerak. Sizlar keyingi uchrashuvga o’zinglar yozgan hikoyalarni olib kelsanglar. Shukur aka ko’rib, tahlil qilib beradilar. Yaxshilarini biz gazetamizda yoritib boramiz. Keyin yana bir masala: keyingi mavzu nima haqda bo’ladi? Bolalar shunga tayyorlanib kelishadi.

SH.Xolmirzaev: «San’at – san’atda» degan mavzuda.

A.Niyozov: Bu safar faqat monolog bo’ldi. Keyingi safar albatta dialog bo’ladi, deb o’ylayman. Shukur aka, sizga katta rahmat. Sog’ bo’ling.

1997 yil.

Adibning arxividan olindi.

Shukur Xolmirzaev
YOVVOYI GUL
055

006Vosit nimjon, yalqov va xayolparast bola edi. Madaniy-oqartuv bilim yurtini tamom qilganidan keyin shaharda qoldi. «Shahar haqiqati» gazetasida korrektor boʻlib ishlay boshladi. U olti oy oʻtmay kvartirasini almashtirar, bunga goh oʻzi sababchi boʻlsa — ijara haqini vaqtida toʻlolmasa, goh uy egasi sababchi boʻlar — bu lallaygan bolani yoqtirmay qolar edi.

U shahardan uch yuz kilometr olisdagi yosh, adirsimon togʻlar ostidagi «Gulbahor» qishlogʻida tugʻilgan, otasi dehqon, onasi uy bekasi, yana ikkita ukasi bor edi. Bundan tashqari, albatta uning yor-birodarlari ham bor edi. Ular bunga achinib qarar, lekin, xayolparastligini yoqtirar, uni saflaridan tirsaklashmas edi. Bu qishloq ustidagi adirdan boshqa yerlarda oʻsmaydigan kiyikoʻt va anduzlar koʻp boʻlar, bahor boshlanishi bilan ularning mayin va oʻtkir hidi qishloqqa esib turar edi.

Ana shunday bahor kunlarida Vosit adirlarda sangʻib kunni kech qilar, oshnalari chiqib qolganda, u kunbotarni koʻrsatib, oʻsha yoqda shahar borligi, uning juda antiqaligini aytar va kelgusida oʻzining shaharda yashash orzusini hikoya qilar edi. O’rtoqlari kulgi aralash, vaqti kelganda, uning uyiga mehmonga borishlarini aytar, Vosit ularni jon deb qabul qilishga va’da berar edi.

Vosit bolaligidan nimadir, odamlarni hayron qoldiradigan va oʻzi uchun suyumli boʻlgan bir ish qilishni istar edi. U texnikumni bitirib, gazetada korrektor boʻlib ishga kirgach, bu narsa yozilajak qandaydir mashhur bir asar ekanini ukdi… Lekin uning yozishga qobiliyati yoʻq, jiddiy bir mulohaza qilishga ham erinar edi.

U toʻrt yil umrini shaharda oʻtkazdi. Toʻrt marta qishlogʻiga borib keldi. Har gal borganida uning onasi va ukalaridan tortib yor-birodarlarigacha «Gulbahor»da qolishga undar, Vosit unamay ketib qolar edi. Shunda ular Vositning orqasidan achinishar, ayni chogʻda uning gʻayritabiiy odatlarini oʻylab, u qandaydir katta bir ish qilayotganiga ishonganday boʻlishar edi…

Vosit katta park orqasidagi shofyor oʻg‘li bilan uzzukun janjal qiladigan Navoxon ayaning uyida yettinchi oy ham yashab qoldi. Navoxon aya oʻg‘li ishga ketganida, undan zorlanib, unga aql kirmayotgani, besh yildan buyon bolali bir xotinning izidan yurganini aytib kuyinar, xayolparast Vosit onaga rahmi kelib, uning gapini quvvatlar va shu sababli uy bekasiga yoqib qolgan edi. Lekin, u shofyor yigitga ham yoqib qolgan edi: chunki u ham onasi boʻlmaganda, undan zorlanib, oʻsha ayolni sevishi, onasi esa, u bilan birga boʻlishini istamasligini aytib, uni johillikda ayblardi. Vosit uning ham gapini quvvatlar va hamdardlik bildirar edi. Lekin, gap koʻndalangiga hal qilinishiga toʻg‘ri kelib qolgan kezlarda, miq etmay oʻtirar, uning nazarida, bularning ham hayotida yaqin kelajakda qandaydir, qiziq bir oʻzgarish boʻladiganday tuyular, ular antiqa bir hayot og‘ushida baxtli hayot kechiradigandek boʻlar edi. Biroq oʻzi yozmoqchi boʻlib yurgan asar qanday boʻlishini bilmaganidek, bularni oʻz og‘ushiga oladigan baxtning ham qandayligini bilmas va bu ishlar qanday amalga oshishi haqida ham oʻylamas edi… Toʻg‘ri, gohida oʻylashga tirishib ham qolar, ammo tezda zerikar, oʻy uning yalqov vujudida sarobdek xayolga aylanib ketar edi…

Bu oila ham Vositga yoqar, lekin, ona-boladan ham koʻra, hovli oʻrtasidagi gulzor unga koʻproq yoqar edi. U boshqa xonadonlarda yashaganida ham, hammadan, oʻsha xonadonlardagi gulzorlar unga koʻproq yoqar edi, biroq, bu yerdagi gulzorda ularda boʻlmagan gullar: kosagul, chinnigul va xinalar barq urib ochilib yotardiki, bular unga har qanaqa atirgul, romashka, prezident guli va shu kabi Yevropadan kelgan gullardan oʻn chandon yaqin va qadrdon tuyular edi. Negaki, qishloqdagi uylari oldiga ham onasi har bahor shu xil gullardan ekar edi.

Vosit bu gullarni shunchalik yaxshi koʻrib qolganidan, ularga qarashni tamom oʻz gardaniga oldi. Ularga oʻzi suv quyar, pushtalarini yumshatar, quriganlarini yigab gajimlangan qog‘oz xaltaga solib, Navoxon ayaga berar va «Kelgusi yil ekasiz», der edi… Lekin, Vosit kechalari vodoprovodning suvini gullarga quyib, uning toshib ketmasligani kutib oʻtirar ekan, oʻsha antiqa gullar haqida ham oʻylar va yaqin kelajakda bu gullar takdirida ham qanday qiziq oʻzgarishlar boʻlishini xayol qilar, yana qanday oʻzgarish boʻladi — bu haqda oʻylamas edi.

Vositning oladigan maoshi qornini toʻyg‘azishga zoʻrg‘a yetar edi. Shu sababli ijara haqini toʻlaganidan keyin, qolgan pulini tiyinlab, kunlarga taqsim qilib chiqar va buni hech yerda unutmas edi. Uni koʻpincha pochasi soʻkilib ketgan dag‘al shimda, yoqasi ag‘darib tikilgan oq koʻylakda, tovoni qiyshayib ketgan tagi rezinka tuflida va sochlari oʻsiq holda koʻrish mumkin edi. Boʻm-boʻsh koʻchalarda ham birovga tegib ketadigandek ohista, ehtiyotkorlik bilan chetdan yurar, basharasiga qaragan kishi xayoli boshqa joyda ekanini sezishi mumkin edi.

O’zi nimjon boʻlgan bu yigitga shahar havosi yomon ta’sir qila boshladi. Yuragi siqilib, nafasi yetmaganday boʻlar, gullar qovjiragan mahallarda parkka chiqib, jimjit daraxtlar ostida, oyog‘i tagida g‘ijirlagan barglarning ovoziga quloq solib yurar edi. Uni ba’zida «Planetariy» oldidagi tepacha ustida turgan Pushkinning oqqa boʻyalgan haykali yonida uchratish ham mumkin edi, shunda u Pushkin kabi qoʻlini koʻksida kiborlarcha qovushtirib, pastdaga anhorga oʻychan tikilib turar edi.

Qish kunlarining birida shofyor yigit bolali xotinni olib keldi. Navoxon aya noiloj rozi boʻlgan edi. Lekin xotin bilan urishishga bahona izlar, shunda behudaga Vositni ham xafa qilib qoʻyardi. Bunga ham chidashi mumkin edi. Vosit — u kvartirama-kvartira yashab uy bekalarining dashnomlari va mensimasliklariga koʻnikib ketgan edi. Lekin, joyning torlik qilib qolgani yomon boʻldi: Vosit buklama karavotini oshxonaga olib chiqib yotadigan boʻldi. Bunga ba’zida Navoxon aya achinar, uni qishloqqa ketishga undar, boshqa biron yaxshilik qilishdan ojiz edi.

Bir kuni Vositning oʻng biqini og‘rib turdi. Darmondan ketib yotib qoldi. Doktor chaqirdilar. Ertasi kuni Vosit bir-bir bosib poliklinikaga borganida, uning talog‘i shamollagani ma’lum boʻldi. Kasalxonaga yoʻllanma berdilar. U ishxonasiga zoʻrg‘a kirib bordi, xokisorlik bilan oʻzining betobligini aytib, yoʻllanmani koʻrsatdi. Ular yotishga da’vat qildilar. Vosit Navoxon aya va shofyor yigit bilan quyuq xayrlashib kasalxonaga ketdi.

Kasalxona uning yotib yurgan sharoitidan yuz chandon a’lo edi, toʻshaklari ham yangi, oppoq, palata issiq, ovqat vaqtida tayyor… Bu yangi sharoit Vositga juda yoqib qoldi. U kasallar bilan inoq boʻlib ketdi. Endi u istaganicha xayol surishi mumkin edi. Keyinchalik, u tuzalib chiqqanidan keyin, turmushi tamom oʻzgarib ketadigandek, xayollari amalga oshib, qarshisida antiqa olam ochiladigandek va oʻz yaratishi kerak boʻlgan asar ham endi yoziladigandek tuyula boshladi. Biroq, uning tuzalishi sekinlik bilan boʻldi. Doktorlar unga apelsin, limon, mandarin va oʻzimizning bozorda sotiladigan mevalardan yeyishni tavsiya etar, u esa, bularni iste’mol qilishdan mahrum edi. Faqat ba’zi bemorlar unga achinganidan bitta-yarimta meva tutqazar, Vosit mamnun boʻlib, uni yeb olar edi… Undan keyin kelgan, shu kasal bilan og‘rigan bemorlar ham bir yarim-ikki oyga qolmay shifo topib ketishdi, Vosit toʻrt oy yotib qoldi. Bu orada redaktsiyadagi sekretar qiz bilan korrektorlar boʻlimining mudiri ikki marta xabar oldi. Onasi bitta ukasi bilan bir marta kelib ketdi va bu gal ham Vosit tuzalib chiqqanidan keyin qishloqqa ketishini yolvorib soʻradi. «Tuzalib chiqay, keyin ma’lum boʻladi», dedi Vosit.

Vosit kasalxonadan chiqqan kuni Navoxon ayaning uyiga bordi. Aya ham, shofyor yigit ham uni iliq kutib olishdi va koʻrgani borisholmaganlarini aytib, turmush tashvishlaridan nolishdi. Vosit endi oshxonada emas, karavotini gulzor yoqasiga qoʻyib yotar edi. Chunki, koʻklam boshlanib, havo isib ketgan edi. Lekin, u redaktsiyada koʻp ishlolmas, tez charchab qolar, doktorlar ham unga koʻp urinmaslik, og‘ir ishlarni esa, mutlaqo qilmaslikni uqtirgan edi. Shuning uchun korrektorlar boshlig‘i ham, boshqa xodimlar ham unga qiya qarashar va gazetada xato koʻp ketayotganidan nolib qandaydir boshqa ish qilishni shama qilishar edi… Ilgari bundoq muomalaga duch boʻlmagan Vosit xafa boʻla boshladi. U endi kelajak qish haqida oʻylab, yana kasalga chalinishi mumkinligini chamalar, boshqa xonadonga koʻchib oʻtishni avvalambor istamas, soʻng bu koʻchishlar joniga tekkan edi… Endi oʻzining kelajagi va kelajak yorqin hayoti unga bir sarobdek koʻrina boshladi. Yodiga tug‘ilgan qishlog‘i tez-tez tushadigan boʻlib qoldi.

Aprelning oʻrtalari edi. Redaktorning tashabbusi bilan xodimlar bir avtobus boʻlib, Oyna toqqa lola sayriga chiqadigan boʻlishdi. Buni eshitib, Vositga jon kirdi. Sayrga boradiganlar besh soʻmdan profkomga toʻlashi kerak edi, chunki, u tomonda qoʻy soʻyishmoqchi edilar… Vosit ham asrab qoʻygan pulidan badanini uzgandek qilib, besh soʻm chiqarib berdi.

Tong mahali oʻzlari ijaraga olgan avtobusda joʻnashdi. Shivalab yomg‘ir yog‘ib turar, havo bulutli edi. Toqqa yetguncha yomg‘ir tinib, koʻk ochilib ketdi. Bahor butun koʻrki bilan koʻzga tashlanar edi. Bir kun ilgari borgan boʻlim boshlig‘i bularni Nanay qishlog‘ining loyi qotgan koʻchasida kutib oldi. Chuvurlashib, quvnashib, avtobusdan tushdilar. Boʻlim boshlig‘i mahalliy agronomning uyida joy hozirlagan ekan. Kirib joylashdilar. Taom tayyor boʻlguncha atrofni aylanib kelish haqida taklif tushdi. Hamma rozi boʻlib, qoʻzg‘aldi. Biroq, yig‘ilib kelgan qishloq bolalari lola hali kam ochilgani, tog‘ning baland kungay betlaridagina borligini aytishdi. Hamma mamnuniyat bilan oʻsha yerlarga chiqishga rozi boʻldi va bolalarga ergashdilar. Ammo lola oʻsgan adirning etagiga yetguncha charchab qolishdi. Loladan hafsalalari sovib, tevarakni tomosha qilish va oyoq ostida ochilib yotgan mitti sariq gullardan terish bilan cheklandilar. Vosit xayolparastlik bilan gangib, oʻtlokda turar edi. Xayolidan bolaligi oʻtgan qishloqlari ortidagi adirlar, bolalikda oʻzining oʻsha adirda yurgani, oʻtirib ufqqa tikilgani oʻtar edi. Shunda birdan unda adirga koʻtarilishdek tiyib boʻlmas bir istak uyg‘ondi. Dili hapriqib, goʻyo shu adirga chiqib ufqqa qarasa qandaydir orzulari birdan roʻyobga chiqadigandek, goʻyo oʻzi koʻpdan beri shuni kutib yurgandek tuyuldi. U shunda doktorlarning koʻp yurmaslik, og‘ir ish qilmaslik haqidagi oʻgitlarini ham unutdi va adirga tirmashib chiqa boshladi. U darmonsizlikdan charchar, ammo, buni oʻziga olmas edi. Adirga chiqib ham bordi. Ufqqa qaradi. Ufqda katta, yalang tog‘ koʻndalang turar edi. Vositning nazarida hozir quyosh shuning orasida botayotgandek, ufq qip-qizildek tuyuldi.

Beixtiyor yonidagi toshga oʻtirdi. Shunda qaerdandir juda tanish bir hid dimog‘iga urilayotganini sezdi. Birdan sergaklanib alangladi va tevaragida koʻm-koʻk, koʻrpadek boʻlib yotgan kiyikoʻtlarni koʻrdi. G’alati bir titroq bilan qoʻzg‘alib, katta bir tup oʻtning boshiga bordi. Egilib hidladi. Dili yorishib, koʻpdan izlab yurgan narsasini topgandek boʻldi. Shunda etakda shapaloq barglarini yozib yotgan anduzlarni koʻrdi va yuragi hapriqib, koʻzlariga yosh kelayozdi. Yugurgilab ularning boshiga bordi. Shunda orqadan xodimlarning chaqirayotganini eshitdi. Turib, adir boshiga keldi. Ikkita olti yashar bola qoʻli bilan koʻkatlarni ushlab, tirmashib chiqib kelar, pastdan korrektorlar boʻlimining boshlig‘i qoʻllarini yuqoriga koʻtargancha qichqirar edi. Bu bolalar — ma’sul sekretarning bolalari edi.
— Vosit! Tushing, tushing axir! — deb qichqirdi u. — Sizni koʻrib bular chiqib boryapti. Keta-mi-iz!

Vosit birdan oʻzini aybdor his etib, pastga tusha boshladi. Ammo bu adirdan juda ham ajralgisi kelmadi. Nima qilishini bilmay, bir zum ikkilanib turdi-da, soʻng kattagina bir tup kiyikoʻtni tutamlagancha ushlab torta boshladi. Uzun tomiri uzilib, bir misqol tuproqni tomirlari bilan changallaganicha oʻt uning qoʻliga keldi. Vosit loyini tushirmaslikka harakat qilib tusha boshladi. Biroq, qumli tuproq tezda toʻkilib, kiyikoʻtning qizg‘ish tomirlari banka ichida oʻsgan tomirlardek taralib qoldi. «Zarari yoʻq», deb oʻyladi Vosit; bolalarni zoʻrg‘a qaytarib, pastladi.
— Kasalman der edingiz, kasal ham toqqa chiqadimi? — dedi boshlig‘i. Vosit g‘amgin jilmayish bilan javob berdi. Lekin kasalligi oʻzini tezda koʻrsatdi. Agronomning uyiga yetmasidan oʻng biqinida bir nima tugilib qolgandek boʻlaverdi. Ovqatga ishtahasi boʻlmadi.

Shaharga kechqurun qaytib ketdilar. Vosit kiyikoʻtni tutganicha Navoxon ayaning uyiga kirib bordi.
— Bu gulni ekamiz, aya, — dedi. — Koʻpayib ketadi. Bu yovvoyi gul, kiyikoʻt. Madaniy boʻlib ketadi.

Aya uni hidlab koʻrib, xursand boʻlganini aytdi.

Vosit gulzorda rosa joy tanlab, gulni koʻrinib turadigan yerga, rayhonlar ekilgan joyning pushtasiga ekdi.

Kunlar isigan sari vodoprovodlarning suvi ham kamaya boshladi. Suv faqat kechasi kelar, gulzorni sug‘orishga esa, Vositning negadir hafsalasi yoʻq edi. Bir kuni kiyikoʻtdan xabar oldi-yu, xafa boʻlib ketdi. Pushtaga ekilgan oʻtga suv yetmas, uning yaproqlari hamon koʻk boʻlsa-da, qovjiray boshlagan edi.

Bir kuni Vosit ishdan haydaldi. Endi qanday ishga kirish, ijara haqini qanday toʻlash haqida oʻylanib, uyga keldi. Shunda birdan qishning yaqin qolgani yodiga tushdi. Shunda oʻzining ham juda holdan toyganiga fahmi yetdi. Kechgacha darvoza yonida oʻtgan-ketganga qarab oʻtirdi-da, keyin hovliga kirdi va birdan oʻtini eslab, uning qoshiga bordi. Dong qotib qoldi.

Kiyikoʻt choʻp boʻlib qolgan edi. Uning tomirini kavlab koʻrgisi keldi, biroq, buni orqaga surib, uning boshiga choʻnqaydi. Shunda birdan koʻngli buzilib, shu oʻt oʻsgan adirni esladi va beixtiyor kuyindi: «Nimaga buni shu adirdan olib keldim. Usha yerda oʻsaversa, qurimasdi», deb oʻyladi. Shunda birdan nimagadir oʻzi haqida oʻylab qoldi va zoʻr taajjub bilan oʻzini shu gulga oʻxshatdi. Koʻngli buzilib ketdi, oʻzining xor-zor yurganlarini esladi. «Nima uchun? Nima uchun?» dedi. Javob topolmadi-yu, oʻzining ham shu guldek qovjirab borayotganini, yaqin kularda shu guldek qurib, choʻp boʻlib qolishini oʻyladi. «Yoʻq, mening joyim oʻsha yoq», deb oʻyladi. Bu oʻy Vositning umrida birinchi jiddiy oʻy edi. Shuning uchunmi yo boshqa sababdanmi, bu unga kuchli ta’sir qildi. Ertasi kuni kechqurun karton chamadoniga eski-tuski kiyimlarini joylab tashqariga chikdi-da:
— Xayr, oyi, mendan yomonlik oʻtgan boʻlsa, kechiring, — dedi. — Kiyikoʻt tog‘da oʻsgani ma’qul ekan.

Ijara haqini toʻlab, darvozadan chiqib ketdi.

Shukur Xolmirzayev. Saylanma. 4-Jild. Esselar by Khurshid Davron on Scribd

034

(Tashriflar: umumiy 633, bugungi 1)

Izoh qoldiring