Xurshid Davron. Navoiynoma. XI. Ikkinchi devon. Asarlar. Astrabod & Shuhrat Sirojiddinov. Navoiy Astrobodga surgun qilinganmi?

Ashampoo_Snap_2016.12.26_21h00m54s_002_.png     Ушбу саҳифада Алишер Навоий тузган иккинчи расмий девони “Наводиру-н-ниҳоя” (“Беҳад нодирликлар”)га оид маълумот ва Султон Ҳусайн ҳижрий 892 йилнинг қишида (1486-1487) Амир Алишерни дор ул-фатҳ Астробод ҳокими этиб тайинлашга қарор қилгани сабаблари ҳақида билиб олишингиз мумкин.

Алишер НАВОИЙ
«НАВОДИР УН-НИҲОЯ»ДАН ҒАЗАЛЛАР
089

     Алишер Навоий тузган иккинчи расмий девони “Наводиру-н-ниҳоя” (“Беҳад нодирликлар”) деб аталиб, 1480-1487 йиллар оралиғида тузилган. Девоннинг 1487 йилда Ҳиротда машҳур хаттот Абдужамил котиб томонидан кўчирилган нодир қўлёзма нусхаси ҳозирда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. №11675, асос нусха) сақланмоқда. Шунингдек, девоннинг яна бир нисбатан тўлиқ нусхаси Султон Али Машҳадий томонидан Ҳиротда кўчирилган бўлиб, бу нусха ҳам ҳозирда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. №1995) сақланади. “Наводиру-н-ниҳоя” девони матни мазкур нусхалар асосида филология фанлари номзоди М.Раҳматуллаева томонидан нашрга тайёрланган бўлиб, унда 862 шеър бор (МАТ, 2 жилд). Мазкур нашрдан ўрин олган шеърларнинг барчаси ғазал жанрига оид. Ушбу девондаги 64 ғазал “Ғаройибу-с-сиғар”га, 331 ғазал “Наводиру-ш-шабоб”га, 213 ғазал “Бадоеъу-л-васат”га ва 196 ғазал “Фавойиду-л-кибар”га киритилган. Ҳазрат Навоий “Наводиру-н-ниҳоя”даги ғазалларни кейинчалик “Хазойину-л-маоний”га киритганда кўпинча уларни таҳрир қилган, баъзи ғазалларнинг фақат матлаъсини сақлаб қолиб, қолган байтларини бутунлай ўзгартирган .

089

* * *
кен
Зиҳи зуҳури жамолинг қуёш киби пайдо,
Юзунг қуёшиға зарроти кавн ўлуб шайдо.

Юзунг зиёсидин ар субҳ айни ичра баёз,
Сочинг қаросидин ар шом бошида савдо.

Зуҳури ҳуснунг учун айлабон мазоҳирни,
Бу кўзгуларда ани жилвагар қилиб амдо.

Чу жилва айлади ул ҳусн айлабон ошиқ,
Салойн ишқин этиб офариниш ичра сало.

Бири қабул эта олмай они магарким, мен
Қилиб отимни зулуму жаҳул бирла адо.

Демайки мен ўзи маъшуқ ўлуб, ўзи ошиқ,
Ки тиғи ғайрат ўлуб анга нақш ғайри зудо.

Навоий ўлмади тавҳид гуфтугў била фаҳм,
Магарки айлагасен тилни қатъу жонни фидо.

* * *

Ёраб, ўлғон чоғда жоним жисми вайрондин жудо,
Ул бўлуб мундин жудо, сен бўлмағил ондин жудо.

Чун жудо бўлсам мени ғамнок йўқу боридин,
Не ғамим сен бўлмасанг мен зори ҳайрондин жудо.

Нақди жон чиққанда имон гавҳарин кўнглумга сол,
Айлагил жондин жудо, лек этма имондин жудо.

Хонумондин ойириб қилғанда туфроқ ичра ҳибс,
Қилма лутфунг мен алохону аломондин жудо.

Ҳашр ғавғоси аро осийлиғимға раҳм қил,
Лутф ила илгим тутуб қил аҳли исёндин жудо.

Гарчи ўлдум кофири ишқ аҳли ислом ичра қот,
Ул замонким бўлғуси кофир мусулмондин жудо.

Элга махлас истасанг етти томуғни айла кул,
Анлабон бир шўъла бу оҳи дурахшондин жудо.

Жаннат истаб айлаганларни ибодат қилмағил,
Қавсару, тўбию қасру, ҳуру, ризвондин жудо.

Барчадин айру Навоийға қилиб васлинг насиб,
Қилмағил, ёраб, они мундин, мунн ондин жудо.

* * *

Гул узра хатти мушкин бирла то қилдинг рақам пайдо,
Менга жон сафҳасида бўлди юз хатти алам пайдо.

Тугонлар кўнглум ичра лаззати дардингни билдурди,
Танааъум даст бермас кимсага бўлмай дирам пандо.

Шафақгун юз ҳилоли қош ила то жилвагар бўлдунг,
Кўзумда бўлди қон зоҳир, қадимда бўлди хам пайдо.

Самад қилғач зуҳур ул навъким асном ўлур маъдум,
Бўлур бутлар бари мабҳут бўлғач ул санам пайдо.

Чу айлар жилваи ҳусн ул пари ушшоқ аро нетгай,
Юзин ёшурмаса бўлған замон мен телба ҳам пайдо.

Не муҳлик водий эрмиш ишқ даштиким, киши анда,
Қадам урған дам – ўқ кўзга бўлур мулки адам пайдо.

Қўюнг, йиғлайки, кўнглумнинг ғубори пастроқ бўлсун,
Ки манъи гард этар ногаҳ ҳавода бўлса нам пайдо.

Оқизғил бода селобидин, эй соқийки, ҳижрондин
Кўнгул даштида бўлмиш корвони дарду ғам пайдо.

Навоийни чу сўрдунг, эй пари, бир дам таваққуф қил
Ким, ул мажнун бўлур саҳро юзидин дам-бадам пайло.

* * *

Кўзумдин ашк тугандию бўлди қон пайдо,
Бағирдин анда бўлур поралар нишон пайдо.

Жунунум ўлса дамо-дам таажжуб этмангким,
Кўзумга ул пари ўлур замон-замон пайдо.

Нужуми ҳусндурур хўбларда ул соат,
Ки бўлса ул юзи хуршид ногаҳон пайдо.

Мунажжим ахтари бахтимнн қўйки, оҳимдин
Букун эрур не нужуму не осмон пайдо.

Не заъфдурурки, сўрар элга фаҳм ўлур нола,
Валек кўзга эмастур бу нотавон пайдо.

Не йўл экин буки ҳар неча корвон бордн,
Бирисидин не асар бўлди, не нишон пайдо.

Навоий ўлди анинг даргаҳида андоқким,
Ки туфроқ ичра эмастур ул остон пайдо.

* * *

Тушта кўрдум ёрни хандон рақибин ўтруда,
Рашкдин ҳар лаҳза тиш қирчилдатурмен уйқуда.

Ул юзи васли аро ёдимға келса фурқати,
Телбалар янглиғ тўкармен ашк айни кулгуда.

Кўзгу жаннат равзанидурким, тамошо этгали,
Ҳур келмиш гўйиё, аксинг эмастур кўзгуда.

Юлдуз итгандек қуёш ёғдусиға итти қуёш,
Оразинг хуршиди чун қилди тулуъ ул ёғдуда.

Соқиё, бир журъа тут, шоядки юзлангай нишот,
Неча бўлғай ҳажридин озурда кўнглум қайғуда.

Ўзлугумни ашк элтиб ўздин андоқ ётмен
Ким, ўзумни тонимон аксимни ҳам кўрсам суда.

Чун Навоий ёр сори юзланур, қайғу қолур,
Соя қолғандек кейин хуршид бўлғач ўтруда.

* * *

Ўртанурмен, кўнглига андин асар бўлғайму деб,
Бўлса таъсир, анга ҳолимдин асар бўлғайму деб.

Телмурурмен мунграйиб ул бевафоға муттасил,
Бир ҳам андин дарди ҳолимға назар бўлғайму деб.

Ўртанур, эй воиз, оҳимнинг шароридин сипеҳр,
Не сўрай, дўзахқа мундоқ бир шарар бўлғайму деб.

Сурса майдон ичра ҳар чобук югурмоқдур ишим,
Кейнича ул чобуки заррин камар бўлғайму деб.

Телбалик кўрким, қучармен боғ аро ҳар сарвни,
Бириси ул сарви қадди сиймбар бўлғайму деб.

Даҳр бўстони аро сўр боғбондин, эй рафиқ,
Жуз балийят меҳри наҳлиға самар бўлғайму деб.

Эй Навоий, нечаким қилдим гадолиғ, сўрмади,
Е раб, ул Мажнуни зори дарбадар бўлғайму деб.

* * *

Куйсалар Фарҳоду Мажнун ишқдин афсона деб,
Зоҳир этмаслар менга ул нуктани девона деб.

Ишқ ичинда мунгларим деб, эйки, йиғлаттинг мени,
Жон фидонг айлай, яна бир лаҳза йиғлат, ёна деб.

Бир йўли ишқ аҳли орименки, қўймаслар мени
Жамъ аро бир йўли ақлу хушдин бегона деб.

Сўнгғи уйқу шиддатин нақл этма, ровий, зинҳор,
Келтирур бўлсанг анга уйқу кеча афсона деб.

Мен ҳам ул менким қовар мажнун деб эмди тифллар,
Ким, тилар эрди улуғлар оқилу фарзона деб.

Тушти зулфи домиға кўнглум қуши майл айлагач,
Ул тараф рухсори кўзгусин су, холин дона деб.

Тонгла барча яхшилар бўлғуси кавсар даврида,
Мен ёмонни маҳрум этманг сокини майхона деб.

Найлаб ул товуси пайкарни тилай кулбамғаким
Чуғз қўнмас дам-бадам емрулгудек вайрона деб.

Шоҳлиғдин ор этар чунким Навоий кирса маст,
Дайр кўйига суруду нағмайи мастона деб.

* * *

Тун оқшом келди кулбам сари ул гулруҳ шитоб айлаб,
Хироми суръатидин гул уза хўйдин гулоб айлаб.

Қилиб мужгонни шабрўлар киби жон қасдиға ханжар,
Белига зулфи анбарборидин мушкин таноб айлаб.

Қуёшдек чеҳра бирла тийра кулбам айлагач равшан,
Менга титратма тушти зарра янглиғ изтироб айлаб.

Кулуб ўлтирдию илгим чекиб ёнинда ер берди,
Такаллум бошлади ҳар лафзини дурри хушоб айлаб.

Ки: эй зори жафокаш ошиқим менсиз нечуктурсен, –
Мен ўлдум лолу айта олмайин майли жавоб айлаб.

Чиқарди шишайи май доғи бир соғар тўла қуйди,
Ичиб тутти менга юз навъ ноз осо итоб айлаб.

«Ки эй Мажнун, пари кўрдунг магарким тарки хуш эттинг,
Такаллум қил бу соғарни ичиб рафъи ҳижоб айлаб».

Ичиб, фарёд этиб туштум аёғиға бориб ўздин,
Мени йўқ бодаким, лутфи анинг масти хароб айлаб.

Аниким элтгай васл уйқуси ишрат туни мундоқ,
Навоийдек нетар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.

* * *

Эй сабо, ҳолим бориб сарви хиромонимға айт,
Йиғларимнинг шиддатин гулбарги хандонимға айт.

Буки онинг аҳду паймонида мен ўлсам доғи,
Яхши фурсат топсанг ул бадаҳду паймонимға айт.

Буки онинг зулфи зуннорида диним ҳосили,
Куфр ила бўлмиш мубаддал, номусулмонимға айт.

Буки қилмишмен жаҳону жонни онинг садқаси,
Юз туман жону жаҳондин яхши жононимға айт.

Буки юз жон садқаси қилсам пушаймон бўлмағум,
Васлиға бир ваъда қилғандин пушаймонимға айт.

Буки юз минг фитна кўзлук бўлса пайдо онсизин,
Қилмағум наззора онсиз кўзи фаттонимға айт.

Буки чок айлаб яқо усрук чиқар эл қасдиға,
Мен ўлуб, эл жон топар бебок нодонимға айт.

Даҳр боғи гуллари ҳусни вафосиз эрканин
Юзи гул, жисми суман, кўйи гулистонимға айт.

Эй Навоий, ҳеч гулшаннинг сешшгдек хуш наво-
Булбули йўқ эрканин шоҳи суҳандонимға айт.

* * *

Мендин эл ҳар сўз деса бовар қилур ул сарв қад,
Йўқ менга сўз дерга ҳад, ҳар не десам ҳам барча рад.

Чун деса мақбуллар кўп нукта мен мардудмен,
Менки қавлум барча рад, сўз дерга топқайменму ҳад.

Бевафо аҳбобдин бир ҳам менга бўлмай мумид,
Турфа кўрким барча айлаб муддаи сори мадад.

Турфароқ будурки улким, жон анга қилдим фидо,
Бовар айлаб ҳолима ҳар неки деб ахли ҳасад.

Даҳр элидин гўша тутмоқ бўлди авло уйлаким,
Тутмағай ул қавм отин тутса киши умри абад,

Соқиё, беҳуш дору эз, доғи тут бодаким,
Андин ўлсун ҳуши нобуд, уйлаким зойил хирад.

Риндлар сархайлимендурмен, букун дайр аҳлиға,
Майкада туфроғидин маснад менга басдур санад.

Ишқ водийсинда мақсад ичрадур аввал қадам,
Ўзлукунг кўҳи балоси бўлмаса оллингга сад.

Эй Навоий, қил фано ҳосилки истар чоғда дўст,
Белга руст айлаб этак тебрарга бўлғайсен муад.

* * *

Қайда қилгай соядек мен телбаи хокини банд,
Ким қуёш бўйниға солмиш сунбулунг мушкин каманд.

Қатлим эрмаслар ғаму дардинг вале таҳқирдин
Мур қатлин аждаҳокушлар қачон айлар писанд.

Лаълидин чоқилмас ўт балким шарарлар айрилур,
Ҳар тараф мандон ароким ўт киби сурсанг саманд.

Тонг йўқ оҳим ул қуёшнинг бурқаъин рафъ этмаса,
Ким булутқа дуд етмас ҳар неча чиқсун баланд.

Ғўтаму урмиш кўзумнинг мардуми қон ёш аро,
Ё ёшурмиш ул қаро кўз оразин гулгун паранд.

Истагунча, эй кўнгул, ҳар дам даво дард истагил,
Ким даво топмоқ эмастур мумкин ўлмай дардманд.

Бўлғали хуноб ҳижрондин Навоий талхи ком
Гоҳи йиғлар аччиғ-аччиғ, гоҳи айлар заҳриханд.

* * *

Ул париваш муддаийға меҳрибондур, бизга йўқ,
Филмасал оллида анинг итга сондур бизга йўқ.

Кўйида итларга маскандур вале қовлар мени,
Ваҳки, ҳамдамларға анда хонумондур, бизга йўқ.

Элни ҳар дам ўлтурур, бизни бу ғам ўлтурдиким,
Лутфи онинг ўзгаларга ҳар замондур, бизга йўқ.

Тонг эмас гар оҳ хоки танни барбод айласа,
Гардға чун остонида макондур, бизга йўқ.

Итлари меҳмон бўлурға йўқ ҳадим, не навъ дей,
Ким ул ой махсусларға меҳмондур, бизга йўқ.

Ҳай, дегунча чун ўтар ҳам айшу ҳам ғам, бас не ғам,
Гар фалакдин элга айши бегарондур, бизга йўқ.

Қисмат ар дилхоҳ ила эрмас, Навоий, шукрким,
Элга бу иш мужиби оҳу фиғондур, бизга йўқ.

* * *

Гулшан ичра йўқтур оромим, дилоромим керак,
Сарву гулни найлайин сарви гуландомим керак.

Гар парилар қуш киби рам қилсалар мен телбадин,
Ғам йўқ ул шўхи пари пайкар менинг ромим керак.

Офият кўйида маҳвашларға йўқтур нисбатим,
Ул муқомир шева шўхи бода ошомим керак.

Каъбада ноком ила дин аҳлида йўқ жуз нифоқ,
Дайр ичинда кофири бебоки худ комим керак.

Гул била сунбул керакмастур менга, эй боғбон,
Зулфи сунбул атрилиғ рухсори гулфомим керак.

Эй харобот аҳли, расво кўнглум этмиш бир тараф,
Келмишам топиб сўроғ ул ринди бадномим керак.

Эй Навоий, хонақаҳда топмадим жуз тафриқа,
Хум киби майхонанинг кунжида оромим керак.

Девоннинг тўлиқ матни билан саҳифа якунида танишинг

Шуҳрат Сирожиддинов
НАВОИЙ АСТРОБОДГА СУРГУН ҚИЛИНГАНМИ?
08

331018_874.jpg“Равзат ус-сафо”да келтирилган маълумотга кўра, Султон Ҳусайн ҳижрий 892 йилнинг қишида (1486-1487) Амир Алишерни дор ул-фатҳ Астробод ҳокими этиб тайинлашга қарор қилган. Хондамир кўрсатишича, “Ҳижрий 892 йилнинг қишида (1486 декабрь 1487 январь)хоқони Марвда қишлаб турганида Астробод ҳокими Амир Мўғулни ўз даргоҳига чақириб олди ва унинг мунаввар кўнглига Амир Алишер дор ул-фатҳ Астробод ҳукумати билан сафароз этиш қарори келди. Ул ҳазратнинг (ҳусайн Байқаронинг) фирки софкўнгил амирга яширин эди”

Журжон вилояти ҳокимлиги улуғ лавозим бўлишига қарамай, Алишер Навоий Астрободга кетаётганидан норози бўлгани манбаларда кўрсатиб ўтилган: «Собиттадбир амир тангри таолонинг ризолиги йўлида ҳозирлиги, хоқони мансур муҳим ишларини кифояти сарвига хушбўй хотирининг майли камолот даражасида бўлганлиги учун бу амрни қабул қилиш хусусида бирор нима демади. Кўп муболағадан сўнг, ризо бошини тебратиб, таважжуҳ юзини ул тарафга ўгириб, олампаноҳ даргоҳ мулозимларидан амир Бобо Али ва амир Бадриддинни ҳамроҳ қилиб Астрободга жўнади», деб ёзади Хондамир.

Ушбу тарихий манбаларга кўра, Навоийнинг учинчи марта расмий равишда давлат ишларига қайтганини кўриш мумкин.

Астробод Хуросоннинг ўта муҳим аҳамиятга эга минтақаси бўлиб, қалтис шароитда уни идора этиш ҳокимдан воқеалар жараёнини ўта эҳтиёткорлик билан кузатиш, оқилона бошқаришни талаб этишни табиий. Бунинг устига, у барча мол-мулкини вақф этиб, 1481 йилдан бери ижодга берилган, қолган умрини ижод ва ибодат билан ўтказишга қарор қилган эди. Лекин, у эл-улуснинг тинчлиги, осойишталиги йўлида бу масъулиятли вазифани ўз зиммасига олади ва Астрободга жўнаб кетади.

Манбаларда унинг Астрободдаги фаолияти ҳақида маълумотлар жуда кам. Навоийнинг қўшни давлатлар ҳукмдорлари билан алоқаларини бирмунча ёритувчи ёзишмалар, жумладан, унинг Шервоншоҳ Фарруҳ Ясорга ёзган мактуби, Оққуюнлилар ҳукмдори Султон Яъқуб Мирзо ва унинг бош вазири Шайх Нажм билан ўрнатган яқин алоқаларидан дарак берувчи баъзи мактуб ва маълумотлар бор. Навоийшунос олимларимизнинг тадқиқотларида Мир Алишернинг Астрободдаги кайфияти етарли ёритилган.

Алишер Навоий Астрободда бир йил тургач, қайтишга изн сўрайди. «Равзат ус-сафо»да шундай келтирилади: «… Амир Алишер бир йил муддат Журжон вилоятида мулку мол забти билан машғул бўлгандан сўнг хоқони мансур билан мулозамат шавқи кўнглидан кечди ва ижозат олингач, амир Бадриддинни ўз ўрнига қолдириб, дор ус-салтана Хиротга қараб йўналди… ва ўша вилоят ҳокимлигини бирортага берилишини илтимос қилди. Лекин хоқонни мансур унинг бу илтимосини қулоғи билан тингламади ва бир неча кун ўтиб яна Астрободга қайтишига рухсат берди».

Султон Ҳусайн Байқаро унинг илтимосини ризо қулоғи билан тингламаганининг сабаби, бизнингча, бу пайтга келиб, Ҳусайн Байқаро олдиндан кўра билган воқеалар рўй бера бошлаган эди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, 1488 йилнинг бошларида Шайх Ҳайдар ялпи ҳужумга ўтиш вақти етган ҳисоблаб, Шервон шоҳлигини босиб олиш пайига тушади: Бутун лашкарини Ганжа ва Барда оралиғида тўплайди. Сўнг Фаррух Ясорга одам юбориб, ҳар галгидек, черкасларни талаб қилиш учун бораётганлигини ва Дарбанд йўлини ислом лашкарига очиб қўйишни сўрайди. Фаррух Ясор элчини кутиб олиб, иззат-икром билан кузатгач, Дарбанд йўлини очишга фармон беради. Шунда Ҳайдар ўз аскарларининг саллаларини ўн икки имом шаънига ўн икки йўли қизил рангга бўятади ва Дарбанд йўлидан осонликча ўтиб олгач, Шервонга қарши уруш эълон қилади. ~афлатда қолган Фаррух Ясор беҳуда қон тўкилишидан қочиб, оила-уруғи билан Гулистон қалъасига бекиниб олади. Шайх бошлиқ минглаб «қизилбошлар» етти ойгача қалъани қамал қилиб ётадилар. Ниҳоят Ҳайдарнинг инсофга келишидан умидини узиб, тоқати тоқ бўлган Султон Яъқуб қаҳр билан Шервонга отланади ва 893 йилнинг жумод ус-соний ойнинг охирларида (1488, июнь) Ардабилга етиб келади. Бу хабарни эшитган Шайх қалъани қўйиб, Дарбандга чекинади. Султон унинг изидан қувиб келади ва ражаб ойининг охирида (июль) улар ўртасида қаттиқ жанг бўлиб ўтади. Пировардида, Ҳайдар жанг майдонида ҳалок бўлади ва қизилбошлар қўшини тарқатиб юборилади.

Демак, Навоийнинг Астрободда бўлиб туриши сиёсий вазиятнинг мураккаблигига кўра зарур бўлган.

Навоий шундай кескин шарт-шароитларда ҳам ҳукумат ишларидан озод этишни султондан сўраб турган. Амир Алишернинг ёнида дастёр бўлган жияни Ҳайдар унинг топшириғи билан Астрободдан Ҳиротга келади. Хондамир ёзади: «Мир Ҳайдар савдойиликдан анча баҳраманд одам эди. Ана шу савдойиликка шароб кайфи қўшилиб кетган бир вақтда бундай деди: «Султон ҳазратларининг яқин дўсти (яъни Амир Алишер) халофатойинлик остонанинг (яъни султоннинг) мулозимлари Кокулий баковулга Амир Алишернинг овқатига заҳар қўшиб беришни тайинлаганликларидан хабар топиб қолди».
«Заҳар» воқеасининг ҳақиқатда бўлган ёки бўлмагани номаълум. Бошқа манбаларда бу масала ёритилмаган. Аммо мазкур воқеа Ҳиротга сабрсизлик билан ошиқиб турган Навоий учун султон билан мазкур истеъфо борасида яна бир кара гаплашиб олиш имкониятини берди. Чегара олди хавфи бартараф бўлгани сабабли анча хотиржам тортган Ҳусайн Бойқаро Амир Алишерга Астрободни топшириб, Ҳиротга қайтишга рухсат беради. Мир Ҳайдар бу ишни ўз тоғасига куюнчаклигидан қилганми ёки фаросатсизлик туфайлими, унинг қандай баҳоланишидан қатъи назар, ҳар ҳолда, Навоийнинг Астробод ҳокимлигидан қутулиб, Ҳиротга қайтишига ёрдам берган.

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Алишер Навоий Астрободда ярим йилча яшаган. Мана шунинг ўзи ҳам қайсидир маънода биз илгари сурган мулоҳазаларни тасдиқлайди.

Амир Алишер Астрободдан қайтганч, амирлик ва давлат ишларини тарк этади. Унинг илтимосига султон ҳам қаршилик қилмайди. Хондамир бу даврда Навоий ўз масканида тинч ҳаёт кечиргани ва султон уни эъзозлаб мактубларни ёзганда унинг барча унвонларини келтиришини алоҳида қайд этиб ўтган: “Астрободдан қайтгач, саҳибтадбир амир (Алишер) фориғболлик билан ўрганган ватани ва эски масканида кун кечирди. Амирлик ва ҳокимликни тарк этиш воситаси билан кун сари олий даражаси тоза, таъзиму такрими бандоза бўлиб, аҳвол шу ерга бориб етдики, ҳоқони мансур унга йўллаган мактубларида ул жанобнинг (Алишернинг) лақабларини бундай ёзар эдилар: “Жаноб ҳидоятмаоб, маоли оёт, зубдай арбоби дину давлат, қуввати асҳоби мулку миллат,муассис алҳайрот, муваффақ ул-мубаррот, рукн ас-салтана, эътизод ул-мулк, эътимот ад-давлати хоқоний, муқарраби султоний, низом ул-ҳақиқт, вад-дин амир Алишер”, яъни ҳидоят эгаси шараф ва ҳурматнинг қайтиш жойи, дину давлат арбобларнинг сараси, мулку миллат эгаларининг етакчиси, ҳайру эҳсонларни таъсис этувчи, ҳайру эҳсон муассасаларига равнақ берувчи, салтанат устуни, подшоҳларни қўлидан етакловчи, ҳоқон давлатининг умиди, султон ҳазратларининг яқин дўсти ҳақиқат ва дин низоми амир Алиешр…”

1492 йилда Султоннинг Навоий билан муносабати олий даражада бўлганлиги Маждиддин Муҳаммаднинг Навоий шарафига зиёфат ўтказиш ҳақида Абулвосеъ билан қилган маслаҳати баёнида ҳам ишора эди.

Алишер Навоийнинг Астрободга ҳоким этиб юборилиши сабаблари ҳақида навоийшуносликда турли қарашлар мавжуд. Алломанинг Астрободга жўнатилишига ҳозирги навоийшунослигимиз сургун сифатида қарайди. Бундай қараш, аввало, шарқшунослик В.В. Бартольд томонидан илгари сурилган эди. Ўша даврнингн ўзидаёқ баъзи шарқшунослар бундай нотўғри қарашга кескин қарши чиққан бўлиб, бу ҳақда кейинроқ Бартольд асарларини қайта нашрга тайёрлаган олим Ю. Брегель шундай ёзади: “Охирги пайтларда В.В. Бартольднинг “1487-1497 йиллар Мир Алишер учун мурувватсиз ва обрўсизланиш йиллари бўлди ва бу, аввало, унинг Астрободга сургун қилинишида кўзга ташланди”, деган фикрларини ўз ичига олган концепцияси жиддин қаршиликларга учради.

А.А. Семёнов манбаларида Алишернинг Ҳиротдан узоқлашиши Маждидидннинг бош вазирликка тайинланиши шарти эвазига рўй берганлиги хусусида бирорта ҳам гувоҳ кўрсатмаганликларини қайд этиб, Астробод Султон Ҳусайннинг энг бой ва муҳим вилояти эканлигини, унда асосан, шаҳзодалар ёки султоннинг ўта ишончли кишилари ҳокимлик қилиб келганликлари, Алишернинг Астрободга ҳоким этиб тайинланишини “узоқ вилоятга” “фахрий сургун” сифатида тушуниш мумкин эмаслигини таъкидлайди. Шарқшунос Г.Р.Ремернинг кўрсатишича, Мир Алишернинг Астрободга юборилиши Султон Ҳусайннинг қўшни давлат ҳукумдорлари билан муносабатлари чигаллашгани билан изоҳлаш мумкин. Бироқ, маълумки Семенов ва Ремернинг ҳақиқатга яқин фикрлари навоийшунослар томонидан инобатга олинмади.

Ҳозирга қадар бу масала узил-кесил ҳал қилинмаган ва ўз ечимини кутиб турибди. Тўғри, Е.Э.Бертельс “Навоий” монорграфиясида ушбу масаланинг ёритилишида Семеновнинг сўзларини эслайди. Лекин у ҳам Бартольднинг фикрлаш қолипи ва умумсовет адабиёти ва илмига хос бўлган “ғоявий кураш” принципларидан четга чиқа олмайди: Навоий ўзининг “Хамса”си устида ишлаётган пайтда унинг душманлари вақтни бекорга ўтказмадилар. Улар ҳар куни Султон Ҳусайнга давлат ишлари хароб бўлганлиги ва уни йўлга қўйиш фақатгина Маждиддин Муҳаммаднинг қўлидан келиши хусусида ишора қидлишар эди. Сарой аъёнларининг қистови қатъий бўлиб, шаробгу ружуъ қўйган султоннинг иродаси кундан-кунга заифлашиб борарди. Шундай бўлган бўлиши ҳам мумкинки, Навоийнинг султон эътиборини давлат ишларига қаратиш учун қилган ҳаракатлари ва унинг сарой аъёнларига танқидий назар билан қарши султонга ёқмаган. Султонда вақти-вақти билан бундай маслаҳатни кўздан йироқлаштиришга мойиллик бўлган. Султон учун Навоий виждон овози эди ва гоҳида у бу овозни ўчиришни хоҳлар эди.”

Шу пайтгача Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятига Бертельсча муносабатда бўлиб келган олимларимизнинг тадқиқотларида келтирилган қарашларга келсак, уларнинг тарихий воқеликдан четга чиқиб кетишларига бир-бирларига сабаб бўлган. Илк навоийшуносларнинг совет тузуми мафкурасидан келиб чиқиб, Навоий “ҳақиқатни айтишдан қўрқмаган шоир” бўлгани учун султон унинг заҳарли сўзларидан қутулиш учун бадарға қилди“ тарзидаги талқинларни бугун қайта кўриб чиқилиши керак. Афсуски, яқинда нашр этилган баъзи тадқиқотларда ҳали ҳам эскича фирклаш яққол сезилиб туради. Алишер Навиоий Султонга тобе киши сифатида ҳеч қачон ҳақиқатни барралла айта олмаган, балки мавриди билан тушунтиришга уринган (Восифийнинг Бадоеъ ул-вақоеъ асаридаги Навоий ва етим бебошлар қовеасини эсланг). Навоий султонга заҳарли сўз ёки дакки бериш у ёқда турсин, подшоҳнинг қатъий қарорига қарши кескин гапиришга журъат эта олмаган. Бундай муносабат факат унга ва ўша даврга хос бўлмас, балки ҳукмдорлар ҳамда тобеинлар ўртасида муносабатлар мезони белгилайдиган қоидадир.

Темур тузукларида султон ўзининг айтган сўзидан қайтмаслиги ҳақида қатъий талаб қўйилиб, Маҳмуд Ғазнавийдан мисол келтирилгани бежиз эмас, албатта. Қолаверса, Алишер Навиоий баъзи тадқиқотларда айтилгандек, Астрободга оғзаки буйруқ билан эмас, балки махсус Фармон асосида юборилган.

Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида Ҳусайн Байқаронинг Оққуюнлилар ҳукмдори Султон Яъқуб Мирзога юборган мактуб-ёрлиғи нусхалари сақланади. Шулардан бири таниқли олим А. Ўринбоев томонидан эълон қилиган. Унда Ҳусайн Байқаронинг Фармони асосида ҳоким этиб юборилаётганни ва шу билан боғлиқ масалалар борасида сўз юритилади.

Alisher NAVOIY
“NAVODIR UN-NIHOYA”DAN G‘AZALLAR
089

     Alisher Navoiy tuzgan ikkinchi rasmiy devoni “Navodiru-n-nihoya” (“Behad nodirliklar”) deb atalib, 1480-1487 yillar oralig‘ida tuzilgan. Devonning 1487 yilda Hirotda mashhur xattot Abdujamil kotib tomonidan ko‘chirilgan nodir qo‘lyozma nusxasi hozirda O‘zR FA Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutida (inv. №11675, asos nusxa) saqlanmoqda. Shuningdek, devonning yana bir nisbatan to‘liq nusxasi Sulton Ali Mashhadiy tomonidan Hirotda ko‘chirilgan bo‘lib, bu nusxa ham hozirda O‘zR FA Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutida (inv. №1995) saqlanadi. “Navodiru-n-nihoya” devoni matni mazkur nusxalar asosida filologiya fanlari nomzodi M.Rahmatullayeva tomonidan nashrga tayyorlangan bo‘lib, unda 862 she’r bor (MAT, 2 jild). Mazkur nashrdan o‘rin olgan she’rlarning barchasi g‘azal janriga oid. Ushbu devondagi 64 g‘azal “G‘aroyibu-s-sig‘ar”ga, 331 g‘azal “Navodiru-sh-shabob”ga, 213 g‘azal “Badoe’u-l-vasat”ga va 196 g‘azal “Favoyidu-l-kibar”ga kiritilgan. Hazrat Navoiy “Navodiru-n-nihoya”dagi g‘azallarni keyinchalik “Xazoyinu-l-maoniy”ga kiritganda ko‘pincha ularni tahrir qilgan, ba’zi g‘azallarning faqat matla’sini saqlab qolib, qolgan baytlarini butunlay o‘zgartirgan .

089

* * *
кен
Zihi zuhuri jamoling quyosh kibi paydo,
Yuzung quyoshig‘a zarroti kavn o‘lub shaydo.

Yuzung ziyosidin ar subh ayni ichra bayoz,
Soching qarosidin ar shom boshida savdo.

Zuhuri husnung uchun aylabon mazohirni,
Bu ko‘zgularda ani jilvagar qilib amdo.

Chu jilva ayladi ul husn aylabon oshiq,
Saloyn ishqin etib ofarinish ichra salo.

Biri qabul eta olmay oni magarkim, men
Qilib otimni zulumu jahul birla ado.

Demayki men o‘zi ma’shuq o‘lub, o‘zi oshiq,
Ki tig‘i g‘ayrat o‘lub anga naqsh g‘ayri zudo.

Navoiy o‘lmadi tavhid guftugo‘ bila fahm,
Magarki aylagasen tilni qat’u jonni fido.

* * *

Yorab, o‘lg‘on chog‘da jonim jismi vayrondin judo,
Ul bo‘lub mundin judo, sen bo‘lmag‘il ondin judo.

Chun judo bo‘lsam meni g‘amnok yo‘qu boridin,
Ne g‘amim sen bo‘lmasang men zori hayrondin judo.

Naqdi jon chiqqanda imon gavharin ko‘nglumga sol,
Aylagil jondin judo, lek etma imondin judo.

Xonumondin oyirib qilg‘anda tufroq ichra hibs,
Qilma lutfung men aloxonu alomondin judo.

Hashr g‘avg‘osi aro osiylig‘img‘a rahm qil,
Lutf ila ilgim tutub qil ahli isyondin judo.

Garchi o‘ldum kofiri ishq ahli islom ichra qot,
Ul zamonkim bo‘lg‘usi kofir musulmondin judo.

Elga maxlas istasang yetti tomug‘ni ayla kul,
Anlabon bir sho‘’la bu ohi duraxshondin judo.

Jannat istab aylaganlarni ibodat qilmag‘il,
Qavsaru, to‘biyu qasru, huru, rizvondin judo.

Barchadin ayru Navoiyg‘a qilib vasling nasib,
Qilmag‘il, yorab, oni mundin, munn ondin judo.

* * *

Gul uzra xatti mushkin birla to qilding raqam paydo,
Menga jon safhasida bo‘ldi yuz xatti alam paydo.

Tugonlar ko‘nglum ichra lazzati dardingni bildurdi,
Tanaa’um dast bermas kimsaga bo‘lmay diram pando.

Shafaqgun yuz hiloli qosh ila to jilvagar bo‘ldung,
Ko‘zumda bo‘ldi qon zohir, qadimda bo‘ldi xam paydo.

Samad qilg‘ach zuhur ul nav’kim asnom o‘lur ma’dum,
Bo‘lur butlar bari mabhut bo‘lg‘ach ul sanam paydo.

Chu aylar jilvai husn ul pari ushshoq aro netgay,
Yuzin yoshurmasa bo‘lg‘an zamon men telba ham paydo.

Ne muhlik vodiy ermish ishq dashtikim, kishi anda,
Qadam urg‘an dam – o‘q ko‘zga bo‘lur mulki adam paydo.

Qo‘yung, yig‘layki, ko‘nglumning g‘ubori pastroq bo‘lsun,
Ki man’i gard etar nogah havoda bo‘lsa nam paydo.

Oqizg‘il boda selobidin, ey soqiyki, hijrondin
Ko‘ngul dashtida bo‘lmish korvoni dardu g‘am paydo.

Navoiyni chu so‘rdung, ey pari, bir dam tavaqquf qil
Kim, ul majnun bo‘lur sahro yuzidin dam-badam paylo.

* * *

Ko‘zumdin ashk tugandiyu bo‘ldi qon paydo,
Bag‘irdin anda bo‘lur poralar nishon paydo.

Jununum o‘lsa damo-dam taajjub etmangkim,
Ko‘zumga ul pari o‘lur zamon-zamon paydo.

Nujumi husndurur xo‘blarda ul soat,
Ki bo‘lsa ul yuzi xurshid nogahon paydo.

Munajjim axtari baxtimnn qo‘yki, ohimdin
Bukun erur ne nujumu ne osmon paydo.

Ne za’fdururki, so‘rar elga fahm o‘lur nola,
Valek ko‘zga emastur bu notavon paydo.

Ne yo‘l ekin buki har necha korvon bordn,
Birisidin ne asar bo‘ldi, ne nishon paydo.

Navoiy o‘ldi aning dargahida andoqkim,
Ki tufroq ichra emastur ul oston paydo.

* * *

Tushta ko‘rdum yorni xandon raqibin o‘truda,
Rashkdin har lahza tish qirchildaturmen uyquda.

Ul yuzi vasli aro yodimg‘a kelsa furqati,
Telbalar yanglig‘ to‘karmen ashk ayni kulguda.

Ko‘zgu jannat ravzanidurkim, tamosho etgali,
Hur kelmish go‘yiyo, aksing emastur ko‘zguda.

Yulduz itgandek quyosh yog‘dusig‘a itti quyosh,
Orazing xurshidi chun qildi tulu’ ul yog‘duda.

Soqiyo, bir jur’a tut, shoyadki yuzlangay nishot,
Necha bo‘lg‘ay hajridin ozurda ko‘nglum qayg‘uda.

O‘zlugumni ashk eltib o‘zdin andoq yotmen
Kim, o‘zumni tonimon aksimni ham ko‘rsam suda.

Chun Navoiy yor sori yuzlanur, qayg‘u qolur,
Soya qolg‘andek keyin xurshid bo‘lg‘ach o‘truda.

* * *

O‘rtanurmen, ko‘ngliga andin asar bo‘lg‘aymu deb,
Bo‘lsa ta’sir, anga holimdin asar bo‘lg‘aymu deb.

Telmururmen mungrayib ul bevafog‘a muttasil,
Bir ham andin dardi holimg‘a nazar bo‘lg‘aymu deb.

O‘rtanur, ey voiz, ohimning sharoridin sipehr,
Ne so‘ray, do‘zaxqa mundoq bir sharar bo‘lg‘aymu deb.

Sursa maydon ichra har chobuk yugurmoqdur ishim,
Keynicha ul chobuki zarrin kamar bo‘lg‘aymu deb.

Telbalik ko‘rkim, qucharmen bog‘ aro har sarvni,
Birisi ul sarvi qaddi siymbar bo‘lg‘aymu deb.

Dahr bo‘stoni aro so‘r bog‘bondin, ey rafiq,
Juz baliyyat mehri nahlig‘a samar bo‘lg‘aymu deb.

Ey Navoiy, nechakim qildim gadolig‘, so‘rmadi,
Ye rab, ul Majnuni zori darbadar bo‘lg‘aymu deb.

* * *

Kuysalar Farhodu Majnun ishqdin afsona deb,
Zohir etmaslar menga ul nuktani devona deb.

Ishq ichinda munglarim deb, eyki, yig‘latting meni,
Jon fidong aylay, yana bir lahza yig‘lat, yona deb.

Bir yo‘li ishq ahli orimenki, qo‘ymaslar meni
Jam’ aro bir yo‘li aqlu xushdin begona deb.

So‘ngg‘i uyqu shiddatin naql etma, roviy, zinhor,
Keltirur bo‘lsang anga uyqu kecha afsona deb.

Men ham ul menkim qovar majnun deb emdi tifllar,
Kim, tilar erdi ulug‘lar oqilu farzona deb.

Tushti zulfi domig‘a ko‘nglum qushi mayl aylagach,
Ul taraf ruxsori ko‘zgusin su, xolin dona deb.

Tongla barcha yaxshilar bo‘lg‘usi kavsar davrida,
Men yomonni mahrum etmang sokini mayxona deb.

Naylab ul tovusi paykarni tilay kulbamg‘akim
Chug‘z qo‘nmas dam-badam yemrulgudek vayrona deb.

Shohlig‘din or etar chunkim Navoiy kirsa mast,
Dayr ko‘yiga surudu nag‘mayi mastona deb.

* * *

Tun oqshom keldi kulbam sari ul gulruh shitob aylab,
Xiromi sur’atidin gul uza xo‘ydin gulob aylab.

Qilib mujgonni shabro‘lar kibi jon qasdig‘a xanjar,
Beliga zulfi anbarboridin mushkin tanob aylab.

Quyoshdek chehra birla tiyra kulbam aylagach ravshan,
Menga titratma tushti zarra yanglig‘ iztirob aylab.

Kulub o‘ltirdiyu ilgim chekib yoninda yer berdi,
Takallum boshladi har lafzini durri xushob aylab.

Ki: ey zori jafokash oshiqim mensiz nechuktursen, –
Men o‘ldum lolu ayta olmayin mayli javob aylab.

Chiqardi shishayi may dog‘i bir sog‘ar to‘la quydi,
Ichib tutti menga yuz nav’ noz oso itob aylab.

«Ki ey Majnun, pari ko‘rdung magarkim tarki xush etting,
Takallum qil bu sog‘arni ichib raf’i hijob aylab».

Ichib, faryod etib tushtum ayog‘ig‘a borib o‘zdin,
Meni yo‘q bodakim, lutfi aning masti xarob aylab.

Anikim eltgay vasl uyqusi ishrat tuni mundoq,
Navoiydek netar to subhi mahshar tarki xob aylab.

* * *

Ey sabo, holim borib sarvi xiromonimg‘a ayt,
Yig‘larimning shiddatin gulbargi xandonimg‘a ayt.

Buki oning ahdu paymonida men o‘lsam dog‘i,
Yaxshi fursat topsang ul badahdu paymonimg‘a ayt.

Buki oning zulfi zunnorida dinim hosili,
Kufr ila bo‘lmish mubaddal, nomusulmonimg‘a ayt.

Buki qilmishmen jahonu jonni oning sadqasi,
Yuz tuman jonu jahondin yaxshi jononimg‘a ayt.

Buki yuz jon sadqasi qilsam pushaymon bo‘lmag‘um,
Vaslig‘a bir va’da qilg‘andin pushaymonimg‘a ayt.

Buki yuz ming fitna ko‘zluk bo‘lsa paydo onsizin,
Qilmag‘um nazzora onsiz ko‘zi fattonimg‘a ayt.

Buki chok aylab yaqo usruk chiqar el qasdig‘a,
Men o‘lub, el jon topar bebok nodonimg‘a ayt.

Dahr bog‘i gullari husni vafosiz erkanin
Yuzi gul, jismi suman, ko‘yi gulistonimg‘a ayt.

Ey Navoiy, hech gulshanning seshshgdek xush navo-
Bulbuli yo‘q erkanin shohi suhandonimg‘a ayt.

* * *

Mendin el har so‘z desa bovar qilur ul sarv qad,
Yo‘q menga so‘z derga had, har ne desam ham barcha rad.

Chun desa maqbullar ko‘p nukta men mardudmen,
Menki qavlum barcha rad, so‘z derga topqaymenmu had.

Bevafo ahbobdin bir ham menga bo‘lmay mumid,
Turfa ko‘rkim barcha aylab muddai sori madad.

Turfaroq budurki ulkim, jon anga qildim fido,
Bovar aylab holima har neki deb axli hasad.

Dahr elidin go‘sha tutmoq bo‘ldi avlo uylakim,
Tutmag‘ay ul qavm otin tutsa kishi umri abad,

Soqiyo, behush doru ez, dog‘i tut bodakim,
Andin o‘lsun hushi nobud, uylakim zoyil xirad.

Rindlar sarxaylimendurmen, bukun dayr ahlig‘a,
Maykada tufrog‘idin masnad menga basdur sanad.

Ishq vodiysinda maqsad ichradur avval qadam,
O‘zlukung ko‘hi balosi bo‘lmasa ollingga sad.

Ey Navoiy, qil fano hosilki istar chog‘da do‘st,
Belga rust aylab etak tebrarga bo‘lg‘aysen muad.

* * *

Qayda qilgay soyadek men telbai xokini band,
Kim quyosh bo‘ynig‘a solmish sunbulung mushkin kamand.

Qatlim ermaslar g‘amu darding vale tahqirdin
Mur qatlin ajdahokushlar qachon aylar pisand.

La’lidin choqilmas o‘t balkim shararlar ayrilur,
Har taraf mandon arokim o‘t kibi sursang samand.

Tong yo‘q ohim ul quyoshning burqa’in raf’ etmasa,
Kim bulutqa dud yetmas har necha chiqsun baland.

G‘o‘tamu urmish ko‘zumning mardumi qon yosh aro,
Yo yoshurmish ul qaro ko‘z orazin gulgun parand.

Istaguncha, ey ko‘ngul, har dam davo dard istagil,
Kim davo topmoq emastur mumkin o‘lmay dardmand.

Bo‘lg‘ali xunob hijrondin Navoiy talxi kom
Gohi yig‘lar achchig‘-achchig‘, gohi aylar zahrixand.

* * *

Ul parivash muddaiyg‘a mehribondur, bizga yo‘q,
Filmasal ollida aning itga sondur bizga yo‘q.

Ko‘yida itlarga maskandur vale qovlar meni,
Vahki, hamdamlarg‘a anda xonumondur, bizga yo‘q.

Elni har dam o‘lturur, bizni bu g‘am o‘lturdikim,
Lutfi oning o‘zgalarga har zamondur, bizga yo‘q.

Tong emas gar oh xoki tanni barbod aylasa,
Gardg‘a chun ostonida makondur, bizga yo‘q.

Itlari mehmon bo‘lurg‘a yo‘q hadim, ne nav’ dey,
Kim ul oy maxsuslarg‘a mehmondur, bizga yo‘q.

Hay, deguncha chun o‘tar ham ayshu ham g‘am, bas ne g‘am,
Gar falakdin elga ayshi begarondur, bizga yo‘q.

Qismat ar dilxoh ila ermas, Navoiy, shukrkim,
Elga bu ish mujibi ohu fig‘ondur, bizga yo‘q.

* * *

Gulshan ichra yo‘qtur oromim, diloromim kerak,
Sarvu gulni naylayin sarvi gulandomim kerak.

Gar parilar qush kibi ram qilsalar men telbadin,
G‘am yo‘q ul sho‘xi pari paykar mening romim kerak.

Ofiyat ko‘yida mahvashlarg‘a yo‘qtur nisbatim,
Ul muqomir sheva sho‘xi boda oshomim kerak.

Ka’bada nokom ila din ahlida yo‘q juz nifoq,
Dayr ichinda kofiri beboki xud komim kerak.

Gul bila sunbul kerakmastur menga, ey bog‘bon,
Zulfi sunbul atrilig‘ ruxsori gulfomim kerak.

Ey xarobot ahli, rasvo ko‘nglum etmish bir taraf,
Kelmisham topib so‘rog‘ ul rindi badnomim kerak.

Ey Navoiy, xonaqahda topmadim juz tafriqa,
Xum kibi mayxonaning kunjida oromim kerak.

Shuhrat Sirojiddinov
NAVOIY ASTROBODGA SURGUN QILINGANMI?
08

alamto_13385305161.jpg“Ravzat us-safo”da keltirilgan ma’lumotga ko‘ra, Sulton Husayn hijriy 892 yilning qishida (1486-1487) Amir Alisherni dor ul-fath Astrobod hokimi etib tayinlashga qaror qilgan. Xondamir ko‘rsatishicha, “Hijriy 892 yilning qishida (1486 dekabr 1487 yanvar)xoqoni Marvda qishlab turganida Astrobod hokimi Amir Mo‘g‘ulni o‘z dargohiga chaqirib oldi va uning munavvar ko‘ngliga Amir Alisher dor ul-fath Astrobod hukumati bilan safaroz etish qarori keldi. Ul hazratning (husayn Bayqaroning) firki sofko‘ngil amirga yashirin edi”

Jurjon viloyati hokimligi ulug‘ lavozim bo‘lishiga qaramay, Alisher Navoiy Astrobodga ketayotganidan norozi bo‘lgani manbalarda ko‘rsatib o‘tilgan: «Sobittadbir amir tangri taoloning rizoligi yo‘lida hozirligi, xoqoni mansur muhim ishlarini kifoyati sarviga xushbo‘y xotirining mayli kamolot darajasida bo‘lganligi uchun bu amrni qabul qilish xususida biror nima demadi. Ko‘p mubolag‘adan so‘ng, rizo boshini tebratib, tavajjuh yuzini ul tarafga o‘girib, olampanoh dargoh mulozimlaridan amir Bobo Ali va amir Badriddinni hamroh qilib Astrobodga jo‘nadi», deb yozadi Xondamir.

Ushbu tarixiy manbalarga ko‘ra, Navoiyning uchinchi marta rasmiy ravishda davlat ishlariga qaytganini ko‘rish mumkin.

Astrobod Xurosonning o‘ta muhim ahamiyatga ega mintaqasi bo‘lib, qaltis sharoitda uni idora etish hokimdan voqealar jarayonini o‘ta ehtiyotkorlik bilan kuzatish, oqilona boshqarishni talab etishni tabiiy. Buning ustiga, u barcha mol-mulkini vaqf etib, 1481 yildan beri ijodga berilgan, qolgan umrini ijod va ibodat bilan o‘tkazishga qaror qilgan edi. Lekin, u el-ulusning tinchligi, osoyishtaligi yo‘lida bu mas’uliyatli vazifani o‘z zimmasiga oladi va Astrobodga jo‘nab ketadi.

Manbalarda uning Astroboddagi faoliyati haqida ma’lumotlar juda kam. Navoiyning qo‘shni davlatlar hukmdorlari bilan aloqalarini birmuncha yorituvchi yozishmalar, jumladan, uning Shervonshoh Farruh Yasorga yozgan maktubi, Oqquyunlilar hukmdori Sulton Ya’qub Mirzo va uning bosh vaziri Shayx Najm bilan o‘rnatgan yaqin aloqalaridan darak beruvchi ba’zi maktub va ma’lumotlar bor. Navoiyshunos olimlarimizning tadqiqotlarida Mir Alisherning Astroboddagi kayfiyati yetarli yoritilgan.

Alisher Navoiy Astrobodda bir yil turgach, qaytishga izn so‘raydi. «Ravzat us-safo»da shunday keltiriladi: «… Amir Alisher bir yil muddat Jurjon viloyatida mulku mol zabti bilan mashg‘ul bo‘lgandan so‘ng xoqoni mansur bilan mulozamat shavqi ko‘nglidan kechdi va ijozat olingach, amir Badriddinni o‘z o‘rniga qoldirib, dor us-saltana Xirotga qarab yo‘naldi… va o‘sha viloyat hokimligini birortaga berilishini iltimos qildi. Lekin xoqonni mansur uning bu iltimosini qulog‘i bilan tinglamadi va bir necha kun o‘tib yana Astrobodga qaytishiga ruxsat berdi».

Sulton Husayn Bayqaro uning iltimosini rizo qulog‘i bilan tinglamaganining sababi, bizningcha, bu paytga kelib, Husayn Bayqaro oldindan ko‘ra bilgan voqealar ro‘y bera boshlagan edi. Tarixiy manbalarda qayd etilishicha, 1488 yilning boshlarida Shayx Haydar yalpi hujumga o‘tish vaqti yetgan hisoblab, Shervon shohligini bosib olish payiga tushadi: Butun lashkarini Ganja va Barda oralig‘ida to‘playdi. So‘ng Farrux Yasorga odam yuborib, har galgidek, cherkaslarni talab qilish uchun borayotganligini va Darband yo‘lini islom lashkariga ochib qo‘yishni so‘raydi. Farrux Yasor elchini kutib olib, izzat-ikrom bilan kuzatgach, Darband yo‘lini ochishga farmon beradi. Shunda Haydar o‘z askarlarining sallalarini o‘n ikki imom sha’niga o‘n ikki yo‘li qizil rangga bo‘yatadi va Darband yo‘lidan osonlikcha o‘tib olgach, Shervonga qarshi urush e’lon qiladi. ~aflatda qolgan Farrux Yasor behuda qon to‘kilishidan qochib, oila-urug‘i bilan Guliston qal’asiga bekinib oladi. Shayx boshliq minglab «qizilboshlar» yetti oygacha qal’ani qamal qilib yotadilar. Nihoyat Haydarning insofga kelishidan umidini uzib, toqati toq bo‘lgan Sulton Ya’qub qahr bilan Shervonga otlanadi va 893 yilning jumod us-soniy oyning oxirlarida (1488, iyun) Ardabilga yetib keladi. Bu xabarni eshitgan Shayx qal’ani qo‘yib, Darbandga chekinadi. Sulton uning izidan quvib keladi va rajab oyining oxirida (iyul) ular o‘rtasida qattiq jang bo‘lib o‘tadi. Pirovardida, Haydar jang maydonida halok bo‘ladi va qizilboshlar qo‘shini tarqatib yuboriladi.

Demak, Navoiyning Astrobodda bo‘lib turishi siyosiy vaziyatning murakkabligiga ko‘ra zarur bo‘lgan.

Navoiy shunday keskin shart-sharoitlarda ham hukumat ishlaridan ozod etishni sultondan so‘rab turgan. Amir Alisherning yonida dastyor bo‘lgan jiyani Haydar uning topshirig‘i bilan Astroboddan Hirotga keladi. Xondamir yozadi: «Mir Haydar savdoyilikdan ancha bahramand odam edi. Ana shu savdoyilikka sharob kayfi qo‘shilib ketgan bir vaqtda bunday dedi: «Sulton hazratlarining yaqin do‘sti (ya’ni Amir Alisher) xalofatoyinlik ostonaning (ya’ni sultonning) mulozimlari Kokuliy bakovulga Amir Alisherning ovqatiga zahar qo‘shib berishni tayinlaganliklaridan xabar topib qoldi».
«Zahar» voqeasining haqiqatda bo‘lgan yoki bo‘lmagani noma’lum. Boshqa manbalarda bu masala yoritilmagan. Ammo mazkur voqea Hirotga sabrsizlik bilan oshiqib turgan Navoiy uchun sulton bilan mazkur iste’fo borasida yana bir kara gaplashib olish imkoniyatini berdi. Chegara oldi xavfi bartaraf bo‘lgani sababli ancha xotirjam tortgan Husayn Boyqaro Amir Alisherga Astrobodni topshirib, Hirotga qaytishga ruxsat beradi. Mir Haydar bu ishni o‘z tog‘asiga kuyunchakligidan qilganmi yoki farosatsizlik tufaylimi, uning qanday baholanishidan qat’i nazar, har holda, Navoiyning Astrobod hokimligidan qutulib, Hirotga qaytishiga yordam bergan.

Manbalarning guvohlik berishicha, Alisher Navoiy Astrobodda yarim yilcha yashagan. Mana shuning o‘zi ham qaysidir ma’noda biz ilgari surgan mulohazalarni tasdiqlaydi.

Amir Alisher Astroboddan qaytganch, amirlik va davlat ishlarini tark etadi. Uning iltimosiga sulton ham qarshilik qilmaydi. Xondamir bu davrda Navoiy o‘z maskanida tinch hayot kechirgani va sulton uni e’zozlab maktublarni yozganda uning barcha unvonlarini keltirishini alohida qayd etib o‘tgan: “Astroboddan qaytgach, sahibtadbir amir (Alisher) forig‘bollik bilan o‘rgangan vatani va eski maskanida kun kechirdi. Amirlik va hokimlikni tark etish vositasi bilan kun sari oliy darajasi toza, ta’zimu takrimi bandoza bo‘lib, ahvol shu yerga borib yetdiki, hoqoni mansur unga yo‘llagan maktublarida ul janobning (Alisherning) laqablarini bunday yozar edilar: “Janob hidoyatmaob, maoli oyot, zubday arbobi dinu davlat, quvvati as’hobi mulku millat,muassis alhayrot, muvaffaq ul-mubarrot, rukn as-saltana, e’tizod ul-mulk, e’timot ad-davlati xoqoniy, muqarrabi sultoniy, nizom ul-haqiqt, vad-din amir Alisher”, ya’ni hidoyat egasi sharaf va hurmatning qaytish joyi, dinu davlat arboblarning sarasi, mulku millat egalarining yetakchisi, hayru ehsonlarni ta’sis etuvchi, hayru ehson muassasalariga ravnaq beruvchi, saltanat ustuni, podshohlarni qo‘lidan yetaklovchi, hoqon davlatining umidi, sulton hazratlarining yaqin do‘sti haqiqat va din nizomi amir Aliyeshr…”

1492 yilda Sultonning Navoiy bilan munosabati oliy darajada bo‘lganligi Majdiddin Muhammadning Navoiy sharafiga ziyofat o‘tkazish haqida Abulvose’ bilan qilgan maslahati bayonida ham ishora edi.

Alisher Navoiyning Astrobodga hokim etib yuborilishi sabablari haqida navoiyshunoslikda turli qarashlar mavjud. Allomaning Astrobodga jo‘natilishiga hozirgi navoiyshunosligimiz surgun sifatida qaraydi. Bunday qarash, avvalo, sharqshunoslik V.V. Bartold tomonidan ilgari surilgan edi. O‘sha davrningn o‘zidayoq ba’zi sharqshunoslar bunday noto‘g‘ri qarashga keskin qarshi chiqqan bo‘lib, bu haqda keyinroq Bartold asarlarini qayta nashrga tayyorlagan olim Yu. Bregel shunday yozadi: “Oxirgi paytlarda V.V. Bartoldning “1487-1497 yillar Mir Alisher uchun muruvvatsiz va obro‘sizlanish yillari bo‘ldi va bu, avvalo, uning Astrobodga surgun qilinishida ko‘zga tashlandi”, degan fikrlarini o‘z ichiga olgan konsepsiyasi jiddin qarshiliklarga uchradi.

A.A. Semyonov manbalarida Alisherning Hirotdan uzoqlashishi Majdididnning bosh vazirlikka tayinlanishi sharti evaziga ro‘y berganligi xususida birorta ham guvoh ko‘rsatmaganliklarini qayd etib, Astrobod Sulton Husaynning eng boy va muhim viloyati ekanligini, unda asosan, shahzodalar yoki sultonning o‘ta ishonchli kishilari hokimlik qilib kelganliklari, Alisherning Astrobodga hokim etib tayinlanishini “uzoq viloyatga” “faxriy surgun” sifatida tushunish mumkin emasligini ta’kidlaydi. Sharqshunos G.R.Remerning ko‘rsatishicha, Mir Alisherning Astrobodga yuborilishi Sulton Husaynning qo‘shni davlat hukumdorlari bilan munosabatlari chigallashgani bilan izohlash mumkin. Biroq, ma’lumki Semenov va Remerning haqiqatga yaqin fikrlari navoiyshunoslar tomonidan inobatga olinmadi.

Hozirga qadar bu masala uzil-kesil hal qilinmagan va o‘z yechimini kutib turibdi. To‘g‘ri, Ye.E.Bertels “Navoiy” monorgrafiyasida ushbu masalaning yoritilishida Semenovning so‘zlarini eslaydi. Lekin u ham Bartoldning fikrlash qolipi va umumsovet adabiyoti va ilmiga xos bo‘lgan “g‘oyaviy kurash” prinsiplaridan chetga chiqa olmaydi: Navoiy o‘zining “Xamsa”si ustida ishlayotgan paytda uning dushmanlari vaqtni bekorga o‘tkazmadilar. Ular har kuni Sulton Husaynga davlat ishlari xarob bo‘lganligi va uni yo‘lga qo‘yish faqatgina Majdiddin Muhammadning qo‘lidan kelishi xususida ishora qidlishar edi. Saroy ayonlarining qistovi qat’iy bo‘lib, sharobgu ruju’ qo‘ygan sultonning irodasi kundan-kunga zaiflashib borardi. Shunday bo‘lgan bo‘lishi ham mumkinki, Navoiyning sulton e’tiborini davlat ishlariga qaratish uchun qilgan harakatlari va uning saroy ayonlariga tanqidiy nazar bilan qarshi sultonga yoqmagan. Sultonda vaqti-vaqti bilan bunday maslahatni ko‘zdan yiroqlashtirishga moyillik bo‘lgan. Sulton uchun Navoiy vijdon ovozi edi va gohida u bu ovozni o‘chirishni xohlar edi.”

Shu paytgacha Alisher Navoiyning hayoti va faoliyatiga Bertelscha munosabatda bo‘lib kelgan olimlarimizning tadqiqotlarida keltirilgan qarashlarga kelsak, ularning tarixiy voqelikdan chetga chiqib ketishlariga bir-birlariga sabab bo‘lgan. Ilk navoiyshunoslarning sovet tuzumi mafkurasidan kelib chiqib, Navoiy “haqiqatni aytishdan qo‘rqmagan shoir” bo‘lgani uchun sulton uning zaharli so‘zlaridan qutulish uchun badarg‘a qildi“ tarzidagi talqinlarni bugun qayta ko‘rib chiqilishi kerak. Afsuski, yaqinda nashr etilgan ba’zi tadqiqotlarda hali ham eskicha firklash yaqqol sezilib turadi. Alisher Navioiy Sultonga tobe kishi sifatida hech qachon haqiqatni barralla ayta olmagan, balki mavridi bilan tushuntirishga uringan (Vosifiyning Badoe’ ul-vaqoe’ asaridagi Navoiy va yetim beboshlar qoveasini eslang). Navoiy sultonga zaharli so‘z yoki dakki berish u yoqda tursin, podshohning qat’iy qaroriga qarshi keskin gapirishga jur’at eta olmagan. Bunday munosabat fakat unga va o‘sha davrga xos bo‘lmas, balki hukmdorlar hamda tobeinlar o‘rtasida munosabatlar mezoni belgilaydigan qoidadir.

Temur tuzuklarida sulton o‘zining aytgan so‘zidan qaytmasligi haqida qat’iy talab qo‘yilib, Mahmud G‘aznaviydan misol keltirilgani bejiz emas, albatta. Qolaversa, Alisher Navioiy ba’zi tadqiqotlarda aytilgandek, Astrobodga og‘zaki buyruq bilan emas, balki maxsus Farmon asosida yuborilgan.

Abu Rayhon Beruniy nomidagi O‘zbekiston Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik institutining qo‘lyozmalar fondida Husayn Bayqaroning Oqquyunlilar hukmdori Sulton Ya’qub Mirzoga yuborgan maktub-yorlig‘i nusxalari saqlanadi. Shulardan biri taniqli olim A. O‘rinboyev tomonidan e’lon qiligan. Unda Husayn Bayqaroning Farmoni asosida hokim etib yuborilayotganni va shu bilan bog‘liq masalalar borasida so‘z yuritiladi.

009

(Tashriflar: umumiy 1 948, bugungi 1)

Izoh qoldiring