Xurshid Do’stmuhammad. Donishmand Sizif. Roman. Ikkinchi qism

Ashampoo_Snap_2017.01.04_15h13m30s_001_ - a.png    Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг икки асари: олдинроқ ёзилган «Бозор» романининг қайта ишланган нусхаси ва янги «Донишманд Сизиф» романларидан иборат китоби «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилди. Китобдан ўрин олган иккинчи роман қаҳрамони, номидан ҳам кўриниб турибдики, жаҳон адабиётида машҳурдан-машҳур бўлган Сизиф образи. Муаллиф кенг оммалашган афсонавий-мифологик қаҳрамон мубтало этилган шафқатсиз қисмат орқали инсон, дунё, муносабатлар гирдоби ҳақида ўзига хос кузатишлари, ўйларини муҳтарам китобхонлар эътиборига ҳавола этади.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
ДОНИШМАНД СИЗИФ
Романнинг иккинчи қисми
004

II

004Тўхтовсиз ўткувчи замонга инсон дош бермаслиги, тоғу тош, харсанг тош дош бермаслиги мумкин, борингки, халқона ҳикматнинг оҳори тўкилиши ҳам учрайдиган ҳол, аммо-лекин, ҳаммасидан даҳшатлиси, Сизифнинг назарида вақт тақа-тақ тўхтаб қолгандек, у вақт тушунчасини аллақачонлар унутиб юборгани эди… Йилни ҳам, кунни ҳам, соату дақиқларни ҳам унутди у. Вақтни унутган ўзини ҳам унутади. Ўзини унутган одам мўлжални, режани, ҳисоб-китобни унутади. Яшамаётгандек яшайди.

Бундай ҳолатга тушган одамнинг аҳволини яхши биларди Сизиф, бир хаёли, қандай бўлмасин, вақтнинг ҳисоб-китобини олиб боришга астойдил киришганди ҳам, бироқ бу нияти узоққа бормади – нима, қачон юз берганининг нечоғли аҳамияти, қиммати бор? Қолаверса, Сизифнинг тош юмалатишдан бўлак бошқа ҳеч қандай мақсад-маслаги, вазифаси қолмаган. Учрашадиган, гаплашадиган одами йўқ – у ёлғиз. Кўрган-кечирганларини достон қилиб кимларгадир арзиҳол қилиш нияти ҳам йўқ.

Шу ўй-хаёлда бепарволик қилганди, бошқа муаммога рўпара келди: Сизиф вақт ўтяптими ёхуд таққа тўхтаб қолдими, ахир вақт имиллаб ёхуд жадаллаб ўтиб тургани қандайдир белгилар ёрдамида сезилиб турмоғи керак-ку! Ўзининг мавжудлигини сезмаслик, ҳис қилмаслик бунчалар оғир кечишини Сизиф тасаввурига келтирмаганди.

* * *

Сизиф харсанг тош тепадан пастга қараб неча марталар думалаганини санамай қўйганига эҳ-ҳе-е-е аллақанча замонлар ўтиб кетди. Дастлабки кезлар оҳ деганча, воҳ деганча қарсак уриб қоларди у. Аламидан лабию тилини чандир гўшт чайнаётгандек ғажиётганини сезмас, қонини шима-шима туплаб ташлар, тиззасига гурсиллатиб муштлар, назарида овозини, ҳайқиришини эшитса, харсанг юмалаб бораётган жойида, “Лаббай, чақирдингизми?” деб таққа тўхташи муқаррардек хуноби тошиб аюҳаннос кўтарар, меҳнат-машаққатлари зое кетганига ачинар, қандай хатога йўл қўйдим деб ўзини ўзи тергар-тафтиш қилар, афсусланар, харсанг ортга қараб думалай бошлаган жойидан туриб чўққига довур қанча масофа қолганини чамалар, бир ёки нари борса, икки-уч зўр бериш билан чўққини ишғол этиши мумкин бўлган масофа қолганини кўриб фарёд чекиб юборарди. Кейинчалик эса ана шундай фиғони фалакка чиқиб афсус-надомат чекиш одатлари аста-секин йўқола борди. Ҳатто навбатдаги сафар харсангни жойидан жилдирар экан тепалик ёнбағрининг қайсидир манзилида қандай қилмасин, бари бир бу тошюрак юмалоқ, думалоқ, бақалоқ неча бор-неча дафъа чиқиб борган изи бўйлаб ортга қайтишини, бунга Сизиф ҳарчанд уринмасин тўсқинлик қилолмаслигини олдиндан бўйнига олиб қўяр, чиқамиз – қайтиб тушамиз, чиқамиз – қайтиб тушамиз, илло ҳаракатдан тўхтамаймиз, дея хиргойисифат минғир-минғирлар билан ўзини ўзи юпатарди.

* * *

Яқин-яқиндан эса Сизифнинг феълида ғалати бир ўзгариш юз бера бошлади – унда харсанг тошнинг тепадан пастликка томон ўқдек отилиб тушишини худди биринчи бор кўраётгандек таажжубу ҳайратдан оғзини ланг очиб қоладиган одат пайдо бўлди. Харсангнинг аёвсиз, шафқатсиз ва тасвирлаб бўлмас шиддат-важоҳат билан чўққи этаги сари юмалашини кўриш-кузатиш танг аҳволга солиб қўярди уни. Маъбудлар харсанг тошнинг қулоғига эритилган қўрғошиндек қилиб қуйиб, унга тайинлашганмикан… зинҳор ва ҳеч қачон унга бўш келмайсан, чўққига олиб чиқишига йўл қўймайсан, фақат ва фақат пастлик сари юмалайсан дея пишиқлаб қўйишганмикан…

Сизиф бехосдан садоқатли қадрдонининг хиёнатига йўлиққан одамдек бирдан чўкиб қолди, қадди дол, ҳолдан тойган кўйи шилқ этиб чўнқайди, бошини тиззалари орасига солинтирганича ғужанак бўлиб олди, алла-паллагача ўтирди шу алфозда, ичи қизигандан-қизиди чоғи, чўнқайиб ўтирган жойида чалқанчасига узала тушди. Заранг ер баданига ботмади. Ётган жойидан бу сафар ҳам ихтиёрига бўйсунмаган харсангга гоҳ  ғазаб, гоҳ тушунуксиз алам-армон билан ўқрайди. Харсанг тош жонли махлуққа ўхшаб кетди назарида. Ичингга урай, деди Сизиф тишларини ғижирлатиб, қон аралаш туплади, дона-дона, бурро-бурро қилиб сўкинди. Осмонга термилди. Само ҳоқони – оҳиста ва залворли сузиб бораётган қават-қават булут орасида янаям қорароқ, ҳайҳотдек, юм-юмалоқ… Сизиф диққатини жамлади, қоп-қора ва юм-юмалоқ, дум-думалоқ, бақ-бақалоқ, баҳайбат… манави юмалоқ, думалоқ, бақалоқдан юз карра улканроқ тошбулут… гўё ичига ҳаво тўлдирилган пуфакдек енгилгина ва ҳеч қандай қийинчиликсиз сузиб бораётганди. Сизиф ҳаваси келиб нигоҳини узолмай ётди. Қўли етса, тортиб туширарди-я, уни, оёғининг остига!.. Беозор, беғалва, бемашаққат силжиш қандай бўлишини манави харсангга кўрсатиб қўярди-я!.. Булутдан ясалган-да, – деди Сизиф, ўша заҳоти ичида пайдо бўла бошлаган ҳасад аралаш ҳавасни унутишга уриниб, – бизники эса – тошдан, қоя тошнинг бағридан ўйиб олинган, махсус ишлов берилган, жило берилган, йўнилган, қулоғига дам солиб… Йўғ-е, деб юборди Сизиф хаёлига келган фикрдан қайтиб, жило-ишлов берилганга ўхшамайди, шундайига бирор тоғ бағридан ўйиб олингану шу масканга – жазо биёбонига келтириб ташланган. Илло

Сизиф бурун бундай сазойигоҳлар, жазогоҳлар мавжудлигини на кўрган-на эшитган.
Булутни пуф десанг, кифоя – енгил, оғирга эса – оғир бўлишга мажбурсан.

Хаёлига келган бу фикр Сизифга маъқул тушди, дарҳақиқат, оғирга – оғир бўлиш даркор. Оғирга енгиллик кетмайди, оғирни оғирлик билан енгиш мумкин, енгиллик билан эмас!..

* * *

Сизиф ҳозиргина харсангнинг пастлик томон юмалаб кетишидан аввал турган жойига қарадию, суратдек қотди-қолди! Кўзи ерда ётган бир бўлак япалоқ тошга тушди! Тошнинг оқиш-қорамтир аралаш тусли ички томони шу қадар ялтирар, жилваланардики, Сизиф қамашган кўзларини устма-уст юмиб-очди, беихтиёр мижжаларини мушти билан ишқади, тош парчасига қайта тикилиб қаради – манзара ўша-ўша, ўзгармади, ҳаяжоннинг зўридан унинг шуури, вужуди, оғзи ҳувиллаб бўм-бўш алланима идишга айланиб, ўзи серрайиб туриб қолди. Нима ўзи бу? Қандай?.. Қандайига?! Ҳайбатидан одам тугул, йиртқич ҳуркадиган харсанг не сабабдан ўзидан-ўзи синиб тушди?! Ахир!..

Сизиф ичини алғов-далғов қилиб пайдар-пай қалашиб келаётган саволларнинг бирортасига ҳам жавоб тополмади, тополмасди ҳам, зеро кўзи билан кўриб, ҳатто қўли билан тутиб турган нарсага ақли бовар қилмаётганди. Шошилинч, ҳа-ҳа, зудлик билан бирор чора кўрмоғи, мабодо тайсаллайдиган бўлса, кор-ҳол юз бериши муқаррардек, лекин нима қилмоқ керак? Нима?! Қандай кор-ҳол юз бериши мумкин? Бордию, харсанг синиб тушганининг ўзи кор-ҳол бўлса, бу ниманинг аломати, белгиси, ишораси?! Нимага йўймоғи керак буни, Сизиф?! Нажот истаб тўрт томонга қараб югурсинми, вазиру вузаро, авлиёю мавлоно мушовурларини шошилинч машваратга чорласинми, ерни муштласинми ё кўкка қараб ув тортсинми?!

* * *

Ҳар бир ўзгариш, ҳар бир янгилик янгидан-янги умидга доя, янги умиддан янги дунёлар дунёга келади. Сизиф бу ҳақиқатни яхши билади, бироқ бу масканда ўзгариш юз бермаслигига, ўзи ўзгармас биёбон бандисига айланганига аллақачонлар амин бўлган, бинобарин, ўйлаш, хаёл суриш, муҳокамаларга берилиш ортиқчадек, шунга қарамай, ҳарчанд истасин-истамасин, вақти-вақти билан саркаш хаёллар олиб қочганини ўзи ҳам сезмай қолар, саркаш тўлқинлар исканжасидан халос бўлолмас, шундай лаҳзаларда, чунончи, нимадан яралган ўзи бу харсанг тош, дея ўзини ўзи саволга тутган, муҳокама юритган, адоқсиз муҳокамаларидан бирор тайинли наф топмаганди. Нимадан бўларди, – дея бир замонлар чиқарган хулосасини дилида такрорлади Сизиф, – одам одамдан, йиртқич йиртқичдан, гиёҳ гиёҳдан пайдо бўлганидек тош ҳам тошдан келиб чиқади-да. Шундай деб у этак томон бир-бир одимлаб пастлашаркан, харсангдан узилиб тушган япасқи-япалоқ тош бўлагини икки қўллаб кўтариб олди – залворлигина экан! – ҳозиргина харсанг пастга қараб юмалаган сўқмоқ ёқалаб одимлаб қуйига эниб бораркан, ундан қолган янгигина изларга – тупроқ-тошнинг эзилган-нетган чуқурчалари, ботиқларини бирма-бир назардан ўтказди. Яхлит харсангтош қандай қилиб синди?.. Зарралардан бунёд бўлган қумтош эса синмайди, уваланади.. Ранги… Сизиф тоғ ёнбағрининг нақ белида турган жойидан харсангнинг рангини аниқламоқчи бўлгандек дам унга-дам қўлидаги харсанг парчасига тикилди. Харсангнинг Сизифга қараган томони қорайинқираб кўринди, бир неча одим энди, харсанг оқарди, яна пастлади – тош худди қўлидаги парча сингари қўнғир тусга кирди. Сизиф унинг ёнига ета-етгунича харсангдан кўз узмади. Ҳар қадамидан сўнг харсангнинг ранг-туси товланаётганини пайқади, айниқса шу дамда назарида харсанг оғир-оғир нафас олаётганга ўхшади. Сизиф унинг атрофини оҳиста айланди, айлана туриб, япалоқ парча узилиб тушган жойини излади, излаганини бирдан тополмай, шошганидан харсангни ушлаб-ушлаб қўяр, бу ҳаракатлари билан оғир лат емадингми, қаеринг шикастланди, дея шўх-шодон ўғилчасидан хавотирланган отадек саросимада бир жойда туролмай қолди.

У ўзининг яна бир, навбатдаги уриниши зое кетганини ўша заҳоти унутган, бутун вужуди-шуури билан харсангнинг шикастланиши ҳодисасини англашга ҳаракат қилаётганди. Бироқ, харсанг ҳамон бус-бутун экан, ортиқ тайсаллашга ҳаққи йўқ, демак, навбатдаги ишғол этиш сари отланиши мумкин, бундан бўлак чора ҳам, мақсад-муддао ҳам йўқ. Нима бўлган тақдирда ҳам ўй суриш, хаёлга берилиш, чалғиш эмас, харсангни жойидан силжитиш, яна, яна ва яна марра сари машаққатли йўлга тушиш муҳимлигини Сизиф бирон сония унутишни истамайди. Ҳа-а, деди у дўриллаб, нафас ростлашингга қўёлмайман, чиқамиз – қайтиб тушамиз, чиқамиз – қайтиб тушамиз! Ҳордиқнинг мавриди эмас. Менга бир қара, юмалоқ, бўларим бўлган, илло, ғайратим, кучим-қувватим ҳали бисёр, сени ҳов қиз маммиси ёнига олиб чиқишга қурбим етади, қани, кетдик, думалоқ! Юр-юр, дедим, олдимга туш, деяпман, бақалоқ!..

Аввалбошда харсанг ҳар сафар шу тахлит этак томон думалаганида Сизиф оғзига келган ҳақоратларни қайтармасди, икки қаватлаб, уч қаватлаб – топиб-топиб сўкарди, маънодошу оҳангдош сўзларни териб-териб сўкарди – ишонасизми-йўқми, бўралатиб сўкишлари иш бермай қолмасди, илло шунда ҳам хумордан чиқиши осон кечмас, ҳовлиқиб, халлослаб пастга югуриб тушар, худди харсанг аллақаёққа қочиб кетмасин деган мақсадда унинг йўлини тўсмоқчи бўлаётган одамдек икки қўлини икки томонга ёйганича зир югурар, сўнг қўлига, оёқларига эрк берарди!.. Кейин-кейин бундай қилиқлари ўзига нашъа қила бошлади, кимга зарда қиляпман, кимга эмас, нимага қичқиряпман, кекирдагим ёрилиб кетгандаям бунинг парвойига келмаса, қичқирдим нима, қичқирмадим нима, эшитадиган қулоғи, ўтдай тутаб-кулдай тўзиётганимни кўрадиган кўзи бўлмаса! Нима бўлган тақдирдаям, дунёга тош бўлиб, харсанг бўлиб келиб қолган бир нарса-да, сўқимтабиат, тўнғизтабиат жонсиз бир махлуқ-да, шу билан тенглашаманми, шу билан пачакилашиб ўтираманми?! Фақат, начора, тақдирига битилган экан, пешонаси, шу бебақо нимарсага боғланиб қолди, буёғи Сизифнинг ихтиёридан, истаги, хоҳиш-иродасидан йироқ!.. Мана, у қанчалар ўзини баланд олмасин, ўзининг инсонийлик шаънини сақламасин, алам аралаш харсанг тошнинг гулдираб, оламни бошига кўтариб, тоғу тошни онтор-тўнтар қилиб пастга шиддат билан юмалашини гўдак боладек ўзгача қизиқиш, ўзгача сурур билан кузатиб ўтирибди. Дастлабига у ўзида харсанг тошнинг пастга қараб юмалашини кузатишга мойиллик пайдо бўлганига ажабланди, бироқ вақт ўтгани сайин арзимасдек кўринган майл одатга айланиб кетди. Харсанг қуйига қараб жила бошладими, у дарҳол ўзини четга олар, бўлар иш бўлди, деган ўйда ўша заҳоти тўғри келган ерга ўтирганича ҳаётда кўрмаган-нетмаган ажойиб ва ғаройиб воқеага илк бора кўзи тушган одамдек фавқулодда қизиқиш билан харсангни кузата бошлар, унинг шу қилиғини олқишлаб қарсак чалиб юборар ва қизиғи… ҳар сафар фавқулодда воқеа юз берган илк сонияларда рисоладаги ҳар қандай одамда кузатиладиган ҳолат – ақлининг лол қолиши Сизифни буткул паришон бир аҳволга солиб қўярди…

* * *

Сизиф армонлардан кўз юмиб, орзу-ниятлар билан яшашни аллақачонлар ўзига одат қилиб олганди. У ўнг кифти ва ўнг кафти билан харсангни жойидан жилдира бошлаганида тошнинг ўзи-кўзи учун ёд бўлиб кетган қўнғир, оч қўнғир, тўқ қўнғир, қизилтоб жойларига, ундаги ғаройиб чизиқларга, изларга, доғ-дуғларга, турфа катталикдаги холларига, ланғиллаган “гулхан”нинг учларига бирма-бир разм солди. Назарида, харсангдаги ҳар бир доғ-дуғ, ҳар бир чизиқ-из нималардандир дарак бераётгандек, сас-садо чиқмаса-да, нималардир ҳақида сўзлаётгандек, фақат Сизиф – инсон бу тилни тушуниб, англаб етмаётганидан хуноби тошар, бунга сайин харсангнинг шаънига ёғдирган барча-барча дашному маломатлари учун ўзидан хижолат чекар, ҳатто худди узрхоҳлик қилаётгандек, мулзамлигини хашпўшлагандек харсангга тик қаролмай қоларди.

* * *

“Сўқимтабиат, тўнғизтабиат жонсиз бир махлуқ-да” деди-я, харсангни! Ваҳоланки, тошда ҳам фикр ва руҳ мавжуд. Жонсиз нарсалар одамлар назарида жонсиз бўлиб кўринади, чунки инсонга жонсиз нарсаларнинг жонини кўриш ва англаш қуввати берилмаган. Буни баъзи фавқулодда ҳолларда ҳис этиш, илғашгина мумкин, холос. Ким айтганди-я, бу сўзларни? Ким айтгани ёдида йўқ, лекин эшитган чоғи эътибор қилмаган, ҳатто бачканадек, беўхшовроқ чалинганди қулоғига. Нақадар ҳикматли, нақдар пурмаъно сўзлар эканлиги мана энди англашилмоқда. Ўйлаб кўрса, мана ўша фавқулодда ҳолат бошига тушиб турибди-ку, Сизифнинг. Фавқулодда ҳолат унга англаш, идрок этиш имконини бермоқда. Наинки, харсанг тошдек жонсизнинг жонини англаш, ҳис этиш бахти Сизифга насиб этадиганга ўхшамоқда!..

* * *

Сизифнинг назарида, харсангнинг айрим жойлари оддий тупроқдан қотирилгандек, гўё уларни қўл билан қириб тушириш ҳам мумкиндек туюлди. Сизиф шу хаёлда синган-нетган тирноқлари, қонталаш кафтининг қирраси билан уннаб кўрди, бироқ харсангдан зарра ҳам кўчмади, аксинча харсангнинг тупроқ бўлиб кўринган ерлари тошдан-да қаттиқ, метин бўлиб кетганди. Сижжилмикан?..(4) Тупроқми, тошми, бошқами – Сизиф харсангнинг қайси ерига қўл урмасин, қотиб, метинга айланиб кетганди. Харсангнинг сатҳи сип-силлиқ эмас, у қадар ғадир-будур ҳам эмас. Сизифнинг қўли – кафти, бармоқлари тегмаган жойи қолмади. Харсангнинг нотаниш жойи қолмади Сизиф учун. Ҳатто пешонаси, бети, кифти, кўкраги, тиззаси… қоши-киприклари чиппа ёпишмаган жойи йўқ харсангнинг баданида. Фақат ичи, ичини билмади, билолмади. Ҳо, харсанг тош, ёрилтош, мен ичингни кўрайин, дилгинангни билайин, дея хиргойи қиладиган бўлди аҳён-аҳёнда, Сизиф. Зеро, унинг учун харсангдан бўлак дўст, биродар йўқ бу ерда, истайдими-йўқми – маҳкум одам учун хоҳиш-истак деган сўзлар бегона ахир – Сизифнинг бирдан-бир кўз очиб кўрадигани мана шу харсанг. Дўсти, сирдоши, суҳбатдоши… рақиби, ҳатто тажовуз қилиб қолиш эҳтимоли бўлган яккаю ягона ғаними шу. Вақти келса, хасрат халтасини ҳам мана шу тошнинг жонига-ҳиссиётига ишонади, шунга раво кўради Сизиф.

4. “Қуръони карим”нинг “Ҳуд” сурасида келадиган бу арабий сўз “лойи қаттиқ қотиб қолган тош” дея тафсир қилинган. Тафсири ҳилол. 3-жилд, Б. 128.

* * *

У ёдига нимадир тушган одамдек шошиб харсанг атрофида айланиб-тимирскиланиб излай кетди. Маймундек тармашиб унинг тепасига чиқди, топмади, ерга тушиб, бағрини ерга бериб эмаклаганича харсангнинг остини пайпаслади. Топди! Бармоғининг учлари билан тошга ёпишган тупроқни қириб туширди. Қаноат ҳосил қилмади шекилли, зумда қад ростладию, иккала кафти билан харсангни осонгина жойидан жилдирди. Сизиф ҳозиргина тупроғини қириб туширган жойини нигоҳи баравар баландликка келишини мўлжаллаб, харсангнинг тўқ қорамтир сиртига ўзи ўйиб ёзган ёзувни ўнглаб, тўхтатди – “Сизиф”. Исмини ёзгунича озмунча булут сузиб ўтдими, осмонда! Сизиф вужуд-вужуди билан шу машғулотга андармон бўлди. Заррама-зарра, биттама-битта қиррадор тошлар ёрдамида ўйиб-йўниб ёзди. Қўллари қонаб кетди, харсангдан учиб отилган тош зарралари юз-бетини чўтир қилиб юбораёзди. Сизиф аҳдидан қайтмади, тўхтовсиз сузиб бораётган булутлардан вақтнинг ҳисобини олди, демак, булутлар ўтади, Сизиф ҳам ўтади, янги-янги булутлар келади, ана ўшанда бу биёбонга қадами етган одамлар харсанг тошдаги ёзувни ўқийдилар! Воқиф бўладилар!

Сизиф ҳар битта ҳарфни ёзишни ниҳоясига етказганида қувончдан ўзини қўярга жой тополмас, ҳарфларнинг қинғир-қийшиқлиги ҳам ўзига сезилмас, сангтарош бўлиб кет-е, тошзаргар бўл-е, Сизифбой, дея ўзини ўзи алқашдан толмас, тошга муҳрланган ўз исмини ўқигани сари харсанг тош қандайдир жонли дўсти, ҳамроҳига айлангандек бўлар, бундан ҳайронлигини ҳам четга суриб қўйиб, харсангга қарата меҳр тўла сўзларини такрор-такрор айтгиси келаверарди.

– “Сизиф”нинг ёнидан “Коринф” деган сўзни қўшаман, – деди у, хаёлига келган фикрдан севиниб. – Замонлар кетидан замонлар ўтади, бу биёбон ташриф буюрувчилар дастидан азбаройи қадамжога айланади, ана ўшанда, ана ўшанда…

* * *

Харсанг тош тоғ этагидаги “қўналғаси”дан пича оғирроқ силжиди бу сафар, оғирроқ бўлса-да, ҳар қалай, Сизиф харсангнинг янгигина синиб-узилиб тушган жойи чанг-ғубордан холи, худди уни биров яхшилаб ярқиратиб ювгандек жилваланаётганини кўрди. Сизиф турган жойида қимир этолмади. Нигоҳини харсангнинг лат еган жойидан узмади. У илк марта харсангга ачиниш билан, гўё унга ҳамдардлик изҳор қилмоқчи бўлган қадрдондек маъюс тортган, киприк қоқмай, термилиб турарди…

* * *

Ҳа, у билан қир-пичоқлашиб, бир-бирларига ғанимлик қилишган замонлари аллақачон ўтиб кетди, энди улар ўртасида дўстлик, иноқлик қарор топган, гарчи харсанг бу қадрдонликка охирига қадар садоқат кўрсатаётган бўлмаса-да, шунга қарамай, Сизиф ундан гина-кудуратларини унутиб юборган, бинобарин, қоқилсанг – тошдан ўпкалама, деган нақлни эслар, харсангни бир қадам юқорига олиб чиқолса ҳам, ўн-ўн беш одим-қулоч тепага думалата олса ҳам – қанча йўл босганлигидан қатъи назар Сизиф фақат ва фақат буни яхшиликка йўяр, қимирлаган қир ошар, деб ўзига тасалли беришдан чарчамас, шунинг ўзи натижа, шунинг ўзи самара, ҳе-еч бир уринишим зое кетмайди деган ўйда зинҳор тушкунликка тушмас, бироқ зое кетмаган тақдирда қандай қувончли ҳодиса юз бериши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмас, бу саволга жавоб тополмас, шунга қарамай, бир зайлда кечаётган кунларидан нолимас, хуноби ортмас, зерикмас, чарчамас… нега ҳам зериксин, недан чарчасин Сизиф?!

* * *

Унда илгари ҳам зерикиш, толиқиш одати бор эди, сабаби ўзига қоронғи, тўсатдан ҳамма нарсадан – яшашдан чарчаб кетар, ўзини қаерга қўйишини билмас, кундалик аъёнлик вазифа ва бурчларига чалғишга ҳаракат қилар, кўнгилочар эрмакларга андармон бўлар, бироқ энди биляпти – озод одамнинг чарчаши билан маҳкум одамнинг чарчаши орасида у дунё билан бу дунё орасича фарқ бор экан. Ундай деса, озод одамнинг қувончи билан маҳкум одамнинг қувончи, шодлиги ўртасида ҳам оламча фарқ, тафовут бўларкан. Бунга Сизиф ўзи шоҳид бўлиб турибди. Сизиф астойдил ўйлаб кўрса… бордию, мана шу харсанг унга йўлдош-ҳамроҳлик қилмаганида Сизиф нима билан машғул бўлур эди? Бошини қаёққа урарди, охири-адоғи кўринмас фурсатларини қандай ўтказарди? Чарчармиди? Зерикармиди?.. Яхшиям, хаёл бор, хотираси буткул издан чиқаёзган эса-да, истайдими-йўқми, ўй-хаёли тиним билмайди, ушбу тинимсизликдан таскин топади. Эҳ-ҳе-е-е, Сизиф озмунча ҳаёт шарбатини тотидими?! Дунё танидими?! Ваҳоланки, бу ёруғ дунёда бор-йўғи бир кунгина яшаган одамни юз йил, истасангиз каталакда, истасангиз зиндонда ёхуд ўрада сақланг, ундай одам зинҳор-базинҳор зерикиш нима эканини билмайди, чунки хотира ва тасаввур унинг нажоткорига айланади, у ана ўша хотирасидан ва тасаввуридан таскин-тасалли, ҳаловат топади! Фақат…

* * *

Фақат, туриб-туриб, ёлғиз қолдиришгани алами Сизифнинг жонини ўртаб юборган дамларда у инсоний мулоқот йўқлиги боис жуда кўп сўзлар унут бўла бораётганини, бунинг оқибатида бир хил сўз-бир хил гапни бот-бот такрорлаётганини пайқаб қолар, ёдига нима ва қандай сўз келса қаторлаштириб айтиб ташлар ва яна… ғашини келтирувчи такрорга дуч келарди. Қимирлаган қир ошади… Зўрнинг тоши қирга қараб юмалайди!.. У мана шу ҳикматларни унутиб қўйишдан хавотирланар, ўтирган-ётган-турган ҳолатларида беихтиёр такрорлар, такрорлагани сайин ушбу бир жуфт тагдор гапдан куч-қувват олаётгандек бўлар, харсангни жойидан жилдириш ниятида унга қўл чўзган заҳоти эса шу мададкор ҳикматларни баралла – бутун тоғу тош, бутун биёбон, ҳатто ҳов наридаги денгиз мавжларию осмонда сузиб бораётган булутлар ҳам эшитадиган қилиб бақириб-ҳайқириб айтганини сезмай қолар – худди янги гап кашф қилгандай севиниб кетарди: омадлининг тоши қирга қараб юмалайди! Ҳа-а, харсангвой, ҳа-а, бақалоқвой, ўжарликни бас қилсинлар, ғўдайиб тургандан кўра, қани, қирга, юқорига жилдик, юрдик, юмаладик, юмалоқвой, деганича, олдимга тушиб бир чопқилла-чи, думалоқвой, дея бор-йўқ аламини яна ва яна зўр бериб харсанг тошни думалатишдан олар, ана шунда, бордию бекор қолдиришганида нима қилардим деган ўйдан азбаройи ҳуркиб, эсхонаси чиқиб, сапчиб тушарди.

* * *

Бекорчиликдан кўра даҳшатлироқ, ёвузроқ жазо йўқ Сизифнинг назарида! Шундай экан, харсангнинг борлиги, айниқса уни чўққи томон олиб чиқишга маҳкумлиги Сизифнинг таърифига тили ожиз бахти, қувончи, саодати! Машаққатлар… кўринган тоғнинг йироғи йўқ, ана, қиз мамми жойида қимирламай турибди, харсангни алалоқибат ўша ерга олиб чиқса, машаққатлар ҳам шамол тўзитган булутдек йўқолади, унутилади. Қолаверса, мана, кўз ўнгида унинг учун янги ҳаёт бошланмоқда, у қандай янги ҳаёт бўлади, бу ҳаёт унга қандай кутилмаган онларни тақдим этади – буларни-да ўйлаш, ўйларининг адоғига етишдан жониқиб кетмоқда Сизиф. Ошиқма, Сизиф, ошиқма, дея ўзини ўзи сабрга чорлади у, кўкдан тушган шодликни бир сипқоришда адо қилгандан кўра, уни томчи-томчилаб, қултум-қултумлаб эрмак қилиш зукколик, донишлик эрур.

* * *

Харсанг одатдагидек дастлабки уч-тўрт одимлик масофада Сизифга малоллик келтирмади. Сизиф одатига кўра, мамнун, тошга тармашди. Энди унинг харсангга ташланиши ҳам, уни итариб-силтаб юқори томон силжитиши ҳам аввалгиларга ўхшамасди. У ҳамон зиммасига юкланган мақсад-вазифани адо этиш ниятидан қайтмаган, қайтиш қаёқ-да, тош юмалатиш унинг учун кундалик ҳунарга айланиб қолган, шунга яраша аъзои баданидаги бор куч-қувватини, тийнати-тажрибасидаги барча устомонликларини сафарбар этса-да, харсангга нисбатан заррача қўполликка йўл қўймас, унга ниҳоятда авайлаб, эҳтиётлаб муносабатда бўлар, силтаб ташламас, туртмас-турткиламас, ҳатто хуноби тошган маҳалда ҳам овозини баландлатиб тошнинг шаънига ола-қура ҳақоратлар ёғдирмас, балки бир бахя-ярим бахялаб бўлса-да, ўзи очган сўқмоқ бўйлаб олдинга-юқорига, олдинга-юқорига тарзда илгарилашда давом этар, баъзан, туриб-туриб, ўзига раво кўрилган жазо тури ҳақида ўйлаб… боши ҳў тепада айланишаётган булутларга қадар ўсиб кетар, шунга-да қаноат қилмай севинчидан ирғиб-ирғиб тушарди!..

* * *

Аллоҳ ато этган ақл-идрокнинг озмунчасини жазо чоралари, аслаҳаларию анжомларини кашф этишга совурдими, одамзод! Бир бошга бир ўлим, ҳа, минг бошга минг ўлим раво кўрилмоғи ҳам мумкин. Хайрият, Сизифга ҳар тунда бир юлдузни маҳв этасан, демадилар. О-о, қайдасан, осмон шотиси?! Қайларга бош урарди Сизиф, у ҳолда?! Харсанг тош-ку, гоҳ юқорига-гоҳ пастга қараб думалаб турибди, адоқсиз машаққату-уқубатлар келтирган бу машғулотни бора-бора Сизиф ёқтириб, ҳатто севиб қолди, унингсиз туролмайди. Унга тунги Оймўмани тилим-тилимлаб шу тоғ ёнбағрига қовун қоқидек қилиб териб чиқасан, дея шарт қўймадилар, Офтобнинг қоқ бетига санч, дея қўлига ханжар тутқазмадилар, о-о, раҳм-шафқат тангрилари!.. Сокин биёбонда… Сизиф сокинликка шу қадар кўникиб кетдики, тиқ этган шовқин ҳам унинг қулоғини тешиб юборгудай туюлар, бордию, ўзини, харсангни, тоғ чўққисини ва биёбонни чулғаб олган сукунатга путур етса, дейлик, денгиз ёхуд мудом булутлар макони бўлмиш само томонлардан ғайритабиий чинқириқ таралса борми?! Йўқ, Сизиф ҳар қандай қийноғу азоб-уқубатга дош бериши мумкин, бунинг эпини топади, аммо-лекин чинқириқдан юраги ёрилиб кетиши, эс-ҳушидан айрилиши, бус-бутун вужуди тилка-пора бўлиб кетиши ҳеч гап эмас, шу боисдан ҳам харсангни чўққи томон юмалатиб олиб чиқиш жазоси бошқа ҳар қандай шафқатсиз жазодан кўра осонроқ, енгиллроқ, азизроқ… жоннинг роҳатига айланиб кетганди.

* * *

Кўз ўнгида элас-элас қилдек ингичка шарпа-чизиқлар хира пашшадек айланишаверди. Бармоғининг учи, сўнг кафти билан кўзларини ишқади, неча қайта юмиб-очди. Шарпа-чизиқ бирдан катталашди ва Сизиф денгизда таниш қайиқ пайдо бўлди деган хаёлда хурсандлигидан иккала қўлини боши узра кўтариб, овози борича ҳайқирмоққа шайланди. Не кўз билан кўрсинки, денгиз сатҳида қайиқ эмас, қоп-қора тобут оҳиста лапанглаб сузиб келаётганди! Кутилмаган манзарадан Сизиф шошиб қолди, нима қилишини билмасди у, кўнглининг бир чеккасидан лип этиб ўтган аянчли хавотир кўз олдини баттар зимистонга айлантирди. Наҳотки, балиқчи чол… Йўқ, у тирик, у ўлмаган! Кўзларим мени алдамоқдалар, деган ўйда Сизиф мушти билан мижжаларини босиб-босиб ишқади, қатъияти бесамар кетмади – ўша заҳоти кўз ўнгида тобут қайиққа айланди, лекин у қоп-қора эди, аввалги сафарлар ҳам у шу қадар қора эдими-йўқми, бунисини эслолмади. Муҳими, балиқчи чол ўша-ўша алфозда – бош кўтармай, бетини тиззаларига теккудай энкайганича эшкак эшмоқда эди. Фақат… Сизиф нигоҳларига зўр бериб чолнинг қўлларига разм солди. Иккала қўли эшкакда, бироқ… у эшкак эшмаяпти, балки сув ичидан кимдир ёки нимадир эшкакларни тебратаётган, эшкакларга қўшилиб қариянинг қўли бориб келаётган, шу боис олисдан қараган кўзга худди чол эшкак эшаётгандек кўринарди. Табиий, бу сирнинг тагига етмагунича Сизифнинг кўнгли тинчимасди.

* * *

Балиқчи чолни аввалги сафар кўрганидан буён орада қанча вақт ўтди – Сизиф бунинг ҳисобини ололмади. Қандайига ҳам олсин, ахир у вақтни йўқотган, вақт тушунчасини аллақачонлар унутган эди. Қуёш нури ҳам, ой шафағи ҳам денгиз мавжларида аксланиб Сизифга кўринар, у бу ҳолнинг сирини билолмай ҳайратланар, ҳатто осмондаги булутлар ҳам айни денгиз кўзгуси орқали ўзининг турфа шакл-шамойилларини унга кўз-кўз қилар, Сизиф вақт ўтаётганини булутлар карвонининг оқиб бориши орқали ҳис қилишга одатланган эди. Паға-паға булутлар ўтиб бормоқдаларми, демак, ҳамма нарса, ҳамма нарсага қўшилиб вақт ҳам ўтмоқда, денгиз ўтмоқда, тоғ ўтмоқда, уларга қўшилиб Сизиф, унинг изидан эса, вақт-соати етиб, манави харсанг тош ҳам ўтади – жонли-жонсиз нимарса борки, ўтиш қисматидан бедахл қолмайди, қололмайди.

Сизиф бир муддат денгиз томон термилиб беихтиёр дам у-дам бу кўзини юмиб-очиб, кафти билан паналаб қарашга тушди. Ўнг кўзи ҳў-ў олисларни аниқ-тиниқ кўряпти, чап кўзи… ўнгини беркитиб узоқ диққат қилолмаяпти, чапи хира кўряпти, зўр берса, тирқираб ёшланмоқда. Сизиф шу чоққа довур хаёлига келтирмаган ташвиш, мана, кўзидан чиқиб турибди! Наҳотки, чап кўзи унинг бошига тушган машаққатларга дош беролмаётган бўлса? Наҳотки, барча машаққатни ўнг эгизаги зиммасига юклаб, ўзи…

Сизиф бирдан-бир ташвиш, муаммо харсанг тошга боғлиқ деб ўйларди. Қандай бўлмасин, уни ҳу-ув теппада симобдай оқариб кўринаётган мафтункор мамми ёнига олиб чиқса бас, муродим ҳосил деб юрганди, аллақанча замонлардан буён харсанг тош билан орасида ашаддий ғанимлик сақланиб келди, ва ниҳоят, яқин-яқинлардан у харсангга – юмалоққа, думалоққа, бақалоққа бўлган муносабатини ўзгартирди, яъни муроса йўлини тутиб, у билан тил топишди ҳисоб, буёғига аҳил-иноқ яшаймиз деб умидвор бўлганди, мана, икки кўзи келишолмай турибди!.. Энди у икки кўзи ўртасида қозилик қилишига тўғри келади. Дарвоқе, бу каби келишмовчилик илгарироқ ўзаро оёқлари орасида бошланиб улгурган, унга фавқулодда юз берган фалокат сабабчи бўлган эди…

* * *

…Ёмон бўлди. Ҳар қачонгидан аянчли аҳволда қолди у! Сизиф бутун гавдаси билан тирик тирговуч бўлиб ўтирганди, харсанг тошга мутлақо кутилмаганда бирдан жон кирди! Жон кирганда ҳам одатдагидек аста-оҳиста жилмади ўрнидан, балки тўсатдан, худди тепа томондан кимдир, кимлардир ёинки қандайдир кучлар бирлашиб Сизифнинг ҳаётига атайин тажовуз уюштирмоқ мақсадида харсангни туртиб юборишгандек бўлди. Ширин хаёл оғушидаги Сизиф жон ҳолатда ўзини четга отди, бироқ кечиккан эди – харсанг аввалига Сизифни туртиб юборди, Сизиф ўзини ўнглаб улгурмай ўмболоқ ошиб тушди, ўмболоқ оша туриб ҳам четга қочиш мўлжалини олди, бироқ харсанг бағритошлигига борди – Сизифнинг оёқ кафтини эзиб ўтди. Тоғ ён бағри-биёбонни даҳшатли, аянчли қичқириқ-ўкирик тутди!..

* * *

У ҳушига келганида ҳали-ҳамон ўша ўмболоқ ошиб тушган жойида ерпарчин бўлиб ётар, қандай фалокат рўй берганини эслолмас, чидаб бўлмас оғриқдан оёғига қарашга юраги бетламас, шу аҳволида ҳам кўз қири билан ҳў-ў этакдаги майдончада қорайиб турган харсангга назар ташлаб, унга нимадир демоқчи бўларди. Бошини кўтарган эди, иккита қоп-қора қуш парр этиб ҳуркиб кўтарилди, Сизиф сўл оёғининг кафти мажақланиб кетганини кўрдию, кўзларини чирт юмиб олди. Юмган заҳоти боши узра паст-баланд бўлиб парвоз қилиб турган қушлар унинг яраланган оёғига ташланишди, Сизиф жонҳолатда ярадор оёғини йиғиб, гавдаси билан уни паналади, хира қушларни ҳуркитиш мақсадида қарсак урганди, кафтлари орасидан тошни тошга ургандаги қарсиллаган шовқин чиқди, бундан қушлар тугул, Сизифнинг ўзи ҳам чўчиб тушди, тошга айланган кафтларидан нигоҳини уздию, чамаси бир қулоч наригача чўзилиб оқиб тушган қуюқ қон тупроққа сингиб, қотиб қолганини кўрди…

– Лака-лум лак, лака-лум лак. Лак-лакалум, лак-лакалум… – Сизиф чалқанча ётган ҳолида оҳиста хиргойи бошлади. Овозини хиёл кўтарганди шикастланган оёғи зирқираб кетди, оғриқ азобидан кўзларини чирт юмиб олди. Ўзини чалғитиш мақсадида, қарийб шивирлаб, давом этди: – Лак… лак… Лака-лум лак-к… Л-лак, дедим-м, лак-лак…

Сизиф ёрдамга муҳтож эди, худди аллақаердан мадад етиб келадигандек илтижоли нигоҳлари билан атрофга, осмонга, осмон тўла булутга аланглади. Увада-увада булут парчалари тақдирга тан берган мағлуб қўшин тўдаси янглиғ олис-олисларга имиллаб бориб осмон билан денгиз туташган оралиқда кўздан йўқоларди…

* * *

Сизиф жим бўлиб кетарди ҳам. Соат эмас, кун эмас – ойлар, эҳтимол йиллар чурқ этмай юрган пайтлари бўлди. Ўзининг овози, товуши қандайлигини унутиб юборди. У азал-азалдан шовқин-сурондан кўра сукунатни афзал биларди. Вайсақиларни жини суймас, гапиргандан гапирмаслик афзал деб ўйларди у. Тил-забондан қолиш қанчалар даҳшатли бўлмасин, узоқ вақт жим юриш, ётиш-туриш, кўнглидан кечаётган ҳеч қандай ҳис-туйғуни овоз чиқариб ҳатто ўзига ўзи айтмаслик, таъкидламаслик Сизифнинг кўнглига хуш ёқаётгандек бўлар, буни ўйлагани сайин ўзини улуғворроқ, вазминроқ, салобатлироқ ҳис қилар, беихтиёр гапга тушиб, вайсақиликкка берилиш хавфи туғилганда эса дарҳол ўзини қўлга олар, гап-сўзсиз харсангга тик қадалганича у билан баҳс бойлашар, ким узоқ жим яшаш борасида мусобақа шартларини ўзича кўнглидан кечириб, битим тузарди. “Мен – инсонман, истаган шартга тайёрман, истасанг, бел боғлашаман, истасанг, думалайман, истасанг, довул-тўфонда қилт этмай бир жойда қадалиб туравераман, ҳатто, майли, соқов бўлиб қолай, билган сўзларимнинг барини унутай, хиргойи қилмай… лом-мим демаслик борасида ҳам мусобақалашишга тайёрман!” дея харсангни яккама-якка жангга чорлар, у бундайин мутойибанамо ривоятларининг бир қисмини овоз чиқариб айтса, бир қисмини сас-садо чиқармай изҳор этар, ҳақ сўз тошни кесади, мулойим лутф харсангнинг дийдасини юмшатади дея ишонарди.

Осон кечмасди бу қилиқлари. Сўзлаш – ўтиб бораётган ҳозирнинг шарпалари бўлса, сукут – боқийлик, мангулик тимсолига айланарди унинг назарида. Бамисоли гап сотса – ҳозир билан, сукут сақласа – абадият билан мулоқотга киришаётгандек сезарди ўзини Сизиф. Бир йўла ҳам бугун, ҳам келажак билан битим ё сулҳ тузиш эса кони азоб, азоб, азоб! Ҳозирга хизмат қилсанг келажак олдида муттаҳамсан, келажак ва боқийлик руҳида яшасанг эса ҳозир учун бегонасан, ётсан, ёт!.. Топ, бунга, ўзинг, жавобни, банда: қай бири афзал?!

* * *

Шу сингари хаёллар гирдобига ғарқ бўлган Сизифнинг жони роҳатлардан ҳаприқиб кетар, яна қачон, қай ҳолатда ва қай алфозда бу каби мастона-шукуҳли ўйлар қанотида парвоз қилиш-қилмаслигини олдиндан тахмин ҳам қилолмас, зеро, одатда фавқулодда ва беихтиёр ташриф буюрадиган бундай ардоқли кайфиятини ипидан игнасигача ёдда сақлашга ҳаракат қиларди.

Бу сафар ўзининг ҳам, харсангнинг ҳам авзои дуруст, Сизиф уни қай томонга бошласа, деярли қаршилик кўрсатмаяпти, Сизиф сўқмоқнинг ўнг-терсига, нишаб-дўнглигига қараб харсангни гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга ва юқорига қаратиб думалатмоқда. Аҳён-аҳёнда эса… Сизиф қўл-оёқ мушаклари увиша бошлаганини бирдан пайқади, дам олмоғим зарур, деган ўйда харсангнинг қуйи томонида унга елка тираб, оёқларини кенг ёйганича ерга қапишиб, ўтириб олди. Нафас ростлаб улгурмаган ҳам эдики, бир қўл-бир оёғи чангак бўлиб тортишди. Оғриқ зарбидан баданига титроқ турди. Сизиф чидади, азоб бераётган қўл-оёғига бақрайганича ўтираверди.

Аллақайси сафар худди шу алфозда харсангга тиргак бўлиб чўнқайди. Чўққининг қоқ ярмига довур кўтарилган, яъни амали унаётган эди, димоғи чоғ эди, бир нафас ростласа, мадорини жамласа, сўқмоқ йўлнинг қолган қисмини чоғласа, шояд, шояд харсанг қайсарлик қилмаса, бутун залвори-маҳобатини Сизифнинг гарданига тўкиб солмаса, чўққини ишғол этса этибди-да! Наҳот инсоний қудрати ила шу юмушни уддалай олмаса? Наҳот мана шу елкасига тирғалиб турган жонсиз, забонсиз, бесўнақай тош билан тил топиша олмаса?! Ахир!.. Ахир!..

Сизиф ўзидан, ўзининг ташвишларидан кўра денгизчи чолни кўпроқ ўйлай бошлади. Ким бўлди у қария?.. Қандай қисмат етаклаб юрибди бепоён денгизда уни? Бош кўтармайди, ҳамон сув қаърига термилган кўйи эшкак эшмоқда. Чиндан эшкак эшаётганмикан ёхуд?.. Тасодиф гўё Сизиф ўзини қизиқтираётган жумбоққа тайинли жавоб топмоғи учун имконият яратмоқчи бўлгандек тўппа-тўғрида – денгиз сатҳида қора қайиқ кўланкаси кўринди. Тобут эмас, қайиқ, деди ўзига-ўзи далда бераётгандек Сизиф. Чол тирик, эшкакни ҳам унинг ўзи эшмоқда! Ҳа, ўзи! Афтидан ғоятда ноёб балиқ овига шу қадар берилганки, бирор марта бошини кўтариб атрофга қарамаяпти… Бир пайт қайиқ тумшуғига келиб қўнган бир жуфт қора қанот қуш ошиқона тумшуқ уриштириб олишди-да, кутилмаганда бараварига парвоз қилиб чолнинг тепасида чарх уриб айлана бошлашди. Қариянинг кўнглини чоғ қилиш истагида рақсга тушаётгандек кўринди улар Сизифнинг назарида, бироқ балиқчи чол қушларга заррача эътибор бермади, шунда чарх уриб айланишаётган қора қанотнинг бири тиккасига шўнғиб келиб чолнинг кифтига қўнди ва унинг бетиними, қулоғиними ботириб-ботириб чўқилай бошлади. Сизифнинг эсхонаси чиқиб кетди, менинг тепамга келган йиртқичлар – ўлаксахўрлар-ку, ҳ-ҳо-ой, ҳайда-а-а, ҳайдалари-нг-г деганча жони ўртаниб чинқирди. Чолга нима бўлган ахир, қарсак урса, лоақал эшкакни бир кўтарса бас-ку, бу қонхўр, ёвуз қушлар учади-кетади!..

* * *

Кўз ўнгида юз бераётган манзарадан Сизифнинг кўнгли суст кетди, бирдан ҳолдан тойиб қолди, зум ўтмай ўзини қўлга олди, ҳушини йиғиб қора қайиқда тош қотган кўйи денгиз узра сузиб бораётган қарияга ёрдам қўлини чўзгиси келди. Аксига олиб, беихтиёр бор вужуди завққа тўлиб, хандон отиб кулиб юборди бирдан, шодон кулгиси қушларга етиб борди чоғи улар осмони фалакка тиккасига кўтарилиб кетишди. Сизиф кулгисини босолмади – у гўдак болалардек қиқирлаб кулди, овозини баралла қўйиб хандон отди… дувиллаб оқаётган кўз ёшларини тия олмади, шунда денгизни тўлдирган лиммо-лим тўлқин сатҳи бир текис ва бир маромда ажабтовур куйни ижро этаётган каби мавжлана бошлади, мавжлана-мавжлана шабада ҳосил қилди, шабада шамолга айланди ва зумда саррин эпкин тоғ ёнбағрида харсанг тошга тирик тирговуч бўлиб на кулиши-на йиғлашини билмай қапишиб ўтирган бу бе чора ва ёлғиздан-ёлғиз бандасининг ёнига етиб келиб, кўринмас қўллари билан уни бошдан-оёқ ўраб-чирмашга, юпатишга киришди.

* * *

Бу сафар ҳам Сизифнинг умиди пучга чиқадиганга ўхшаб қолди. Олдинга силжишнинг иложи йўқ – тош дўнгликка тирғалган, ўнг томон қия нишаблик, чап томон майда қум-тош, харсанг залвори билан ботиб қолса, уни жойидан жилдириш амри маҳол, шу боис ягона чораси – ортга қайтиш. Жижча, хиёлгина, пичагина орқага тисралса кифоя, сўнг ярим қарич ўнгга олади-да, йўлида давом этади.
Сизиф шуларни чамалай туриб нафас ростлади, шикастланган оёғидан у энди кўпда эмин-эркин фойдалана олмас, авваллари гоҳ у-гоҳ бу оёғини ишга солса, эндиликда фақат соғ оёғини харсанг остига тирговуч қилиб қўяр, бу етмагандай у оқсоқланиб юрадиган бўлиб қолганди. Хуллас, у соғ оёғининг тиззасига довур харсангга тиргович қилиб қўйди, қақшаб симиллаётган қўлларини икки ёнига осилтирганича гўё ўзи кашф қилган сўзни такрорлагани сайин руҳи таскин ола бошлади: оғайни!.. оға-ини!.. оғайнижон!..

Бироқ “Оғайни”нинг кимлиги, кимни назарда тутиб Сизиф бу сўзни такрорлаётганини ўзи ҳам дуруст англамади…

* * *

Муздек шабада эсди. Шабада аралаш бир тутам булут парчаси етиб келдию, ҳозиргина ғарқ терга ботган Сизифнинг аъзои бадани зумда қаҳратон изғиринида қолгандек қақшай бошлади. Шу аҳволида ҳам нигоҳини денгиз томондан узмаган Сизифнинг хаёли ярқ этиб кетди.

– Чол ҳам Зевснинг қаҳрига учраганмикан?! – деб юборди у баралла овозини чиқариб. – Эҳтимол, мен ҳам, куним битиб, анави балиқчи чолнинг кунига тушарман? Қора қузғунларга ем бўларман?!

Тирик жон борки, ўз қузғуни бор. Қаерга бош олиб кетма, қаерга қочма, бари бир ўша қузғунларинг қўлига тушасан, бир умр қочишинг, жонимни сақлаяпман деб истаганча шодланишинг ҳам мумкин ва паймона тўлган лаҳзада сенга, қисматингга битилган – фақат ўзингагина аталган қузғунларинг бошинг тепасида ҳозиру нозир бўладилар ва улар очофатларча ўзларининг боқий ва шафқатсиз бурчларини шиддат билан ўташга киришадилар. Додинг кимга, қаерга етади бу биёбонда? Тақдиринг, қисматинг олдида нечоғли ёлғиз бўлсанг, мурдангни чўқилаб хомталаш қилувчи қора қузғунларинг олдида ҳам шунчалар ҳимоясиз ёлғизсан, ёлғиз!..

* * *

Гоҳида Сизиф муттасил ҳасрат-надоматга берилиб кетганини, тинмай нолиётганини, онасидан айрилган сакбаччадек инграётгани-ғингшиётганини сезиб қолар, тўсатдан харсанг қулоқ солаётган бўлса-я, устимдан кулаётган бўлса-я, деган хаёлда бирдан ҳушёр тортар ва яна “оғайниси”га маломат ёғдиришдан, ёзғиришдан, унинг олдида ўзини ночор, бечора ва шўрлик қилиб кўрсатишга уринишдан ўзини, тилини тиярди. Йўқ, мен бечора эмасман, шўрлик, нотавон ҳам эмасман, инсонман, шундай экан, ҳеч кимга, ҳеч нарсага, ҳаттто ўзимга-да дахмаза бўлмайман, бўлмайман дея онтлар ичар, у тирик дахмазага айланиб қолишни ҳар нарсадан оғирроқ мусибат деб ҳисобларди.

* * *

Сизифнинг хўрлиги келди, ўзини кутилмаганда омадсиз, бахтсиз ҳис қилди. Бахтсиз одам типпа-тирик дахмазага айланади. Яна ўша совуқ сўз – дахмаза… Сизифнинг эти жунжикиб кетди. Ҳаққирост, омад юз ўгирган одам кимга керак? Дахмаза… ким ўйлаб топган бу сўзни, ким кашф этган?.. Ҳа, ҳаққирост, бировларга эмас, ўзингнинг энг яқинларингга ҳам дахмаза бўлиб қоласан, соянгга ҳам тирик товонга айлангандек ҳис қиласан ўзингни!.. Йўқ, мен дахмаза эмасман, дахмаза бўлиб юргандан кўра мана шу харсанг остида қолиб йўқ бўлганим афзал, дея илтижо қилди у булутларга юз буриб. Шунда Сизиф бирдан ҳушёр тортди, оғир уйқудан уйғонган одамдек сергакланди, у ўзини бахтдан буткул мосуво деб билмайди, йўқ, у бадбахт эмас, дахмаза эмас, фақат кўнгли суст кетган, ахир ҳар қандай одамда бўладиган ҳолат – кимгадир эркалангиси, ялтоқлангиси, кимгадир ҳасратларини дастурхон қилгиси, кимнингдир далда-тасаллисига мухтож бўлиб қолгиси келади, кўксига юзини босиб хумордан чиққунча кўз ёшларини тўккиси келади, ана шундай дамларда, Сизиф ҳам одам-да, банда-да, ихтиёрсиз равишда харсангга ялтоқлана бошларди. Худди шундай қилса ялтоқланишлари кор бўладигандек, илтижолари етиб борадигандек харсанг тош атрофини гир-гир айланиб югуришга тушар, оқсоқлиги туфайли қадам олишлари беўхшов чиқар, “Лакалум-лак”лаб ғингшислари ҳаракатларига мос келмас, шунга қарамай, ҳолдан тойса – одимлаб, мадори етса – яна югуриб гир айланишни бас қилмас, унга қўшилиб булутлар, булутларга қўшилиб денгиз мавжлари айлана бошлар, буни кўрган Сизиф роҳатланар, ҳатто бесўнақайдан-бесўнақай харсанг ҳам жойида туролмай… гир-гир айланиш куйига жўр бўлмоқчидек Сизифнинг атрофида доира ясаб думалар, Сизиф еру осмон ўртасида юз бераётган бу жўровоз-оҳангдошликни кўра туриб кўзларига ишонмас, аммо-лекин айни шу дамларда вужудидаги жамики шубҳа-гумонлар йўққа чиқиб улар ўрнини ишонч, ишонч, ишонч эгаллашини истар, шу ўй-шу хаёлда охирги мисқол мадори тугагунига қадар айланишда давом этар, алҳол, алла-паллада… ҳушига келганида харсанг биқинига бетини қўйганича жисман беҳол-бемажол, руҳан эса тиниқиб, ўзини қушдай енгил ҳис қилиб ётган бўларди…

* * *

– Сабр-р! – деди у тишларининг орасидан тупук сачратиб. – Сабрни еб ташлайман!.. Тоқа-ат-т! Тоқатни икки ямлаб бир ютаман-н!.. Ҳо-ой, қайса-ар, ҳо-ой, ўжар! Оғайни-и! М…менга қа…

Сизиф бирдан тилини тишлади. Нима деди? Яна оғайни, дедими? Кимга лутф қиляпти у? Нимага қарата айтди?!

Сизиф тилига келиб қолган бу фавқулодда сўздан ўзи ҳам мутаассир бўлиб қолди, унга изоҳ тополмади, беихтиёр бош кўтариб аланглаганича… харсангнинг шу чоққа довур кўрмаган-нетмаган рафторини, қулоғини излади. Эшитган бўлса-я? Унинг ноласи, илтижоси харсангни мойдай эритиб юборса-я?! Жазо тоши, машаққат тоши турган жойида раҳм-шафқат, муруват тошига айланиб қолса-я?!

Харсангни эркалаётгандек унинг кифтига оҳиста шапатилади, қавариб момоталоғи чиқиб кетган кафтлари билан силади, бирдан назарида харсангни ҳам қийнаб юборгандек туюлди. Бир зум хаёли қочди – у харсангни эмас, харсанг уни чўққига олиб чиқишга уринаётгандек, Сизиф ўламан саттор тоғ тепасига қадам босмайман деб тихирлик қилаётгандек туюлиб кетди. Беҳол жилмайди – қанийди?.. Хаёли жойига қайтди – дарҳақиқат, харсанг тошда нима айб? Жазога маҳкум этилган Сизиф бўлса, нима учун харсанг бор ҳаловатидан айрилмоғи керак?! Унинг ҳам умри ҳасратда, сарсонликда ўтмоғи керак?! Унга ҳам малол келаётгандир ахир? Тош бўлсин, харсанг бўлсин, метин ё сижжил бўлсин – Сизифнинг раъйига қараб юрибди. Туртса – силжимоқда, кучи-қурби етган жойгача – чиқмоқда, чоғи етмаган жойда эса… Харсанг бошқа яна нима каромат кўрсата оларди? Ахир у ўзича тепага қараб йўрғаламайди-ку! Ўзига тармашган, ўзидан бирон одим нари кетмай қўйган бу банданинг хоҳиш-иродаси учун ўзини қурбон қилиб яшамоқда, шундай экан, ундан ўпкалаши ортиқча. Қоқилсанг, тошдан ўпкалама, чоғинг келмаса, харсангдан ўпкалама, Сизиф!..

* * *

Гоҳо тим қора тун кезлари, қилт этган шабада ҳам тарк этган онлар нафас олиб бўлмас, бутун биёбоннинг ҳавоси сўриб олингандек кўкси хаприқиб кетарди Сизифнинг. Шунда тўсатдан аллақаерлардан мурдаларнинг иси анқиб қолар, у қочгани жой тополмас, қочиб кетолмас ҳам, ўзини харсангнинг панасига урар, мана шундай дамларда харсанг – оддий харсанг эмас, одамютар тошга ўхшаб кетарди! Одам ютаверганидан қорни шишиб кетган, юмалоқлиги, думалоқлиги, бақалоқлиги шундан!.. Дарҳақиқат, Сизифдан илгари ҳам кимнидир шу биёбонга келтириб ташлашган, унга ҳам мана шу харсанг тошни чўққи тепасига думалатиб олиб чиқиш жазоси белгиланган, маҳкум худди Сизифнинг бошига тушгани каби адоқсиз ва самарасиз машаққатли меҳнатга дучор этилган, шўртумшуқ маҳкум ҳарчанд уринмасин, ҳарчанд тавалло қилмасин, уқубатлари зое кетган ва кунларнинг бирида уни… харсанг тош хоп этиб ютган-қўйган!

* * *

Иттифоқо хаёлига келган бу фикрдан ўзини қаёққа қўйишини билолмай қолди у. Башарти, шундай қисмат кутаётган бўлса, бу оворагарчилик, бу беҳаловотлик жонига теккан харсанг исталган дақиқада қоқ ўртасидан иккига ажралса-да, хоп этиб Сизифни бор бўй-басти билан ютворса!..

Ана, харсанг ютиб юборган одамларнинг қўланса иси келяпти. Ёрилтош, ҳо, ёрилтош. Мен ичингга қарайин, юҳо коминг кўрайин!.. Туйқус хониш қилиб турган Сизифнинг кўз ўнгида – ўзи турган жойдан олисроқ, денгиз қирғоғига яқинроқ ерда қоқ-қуруқ шохлари тарвақайлаган дарахт пайдо бўлди. Сизиф ҳайрон бўлиб қолди, ахир бундай дарахт-парахтдан ном-нишон йўқ эди, япроқсиз, яп-ялонғоч, шох-навдалари совуқ ургандек ёки ёнғинда қолгандек қоп-қора косовга айланган, қўланса ис ўша томондан келаётганмикан? Заҳар-заққум анқимоқда. Сизиф бурнини жийирди, бетини тошнинг бағрига босганича харсангнинг биқинида биқинган тоза ҳаво қолдиқларидан худди ис олаётган қашқирдек искаб-нетиб нафас олар – жон сақлар, сақлашга сақлардию, орадан маълум фурсат ўтгач, у энди бас, паймонам тугади-иззатим битди, деб тақдирга тан берар чоғида харсанг тош бир силтангандек бўлар, бундан Сизиф ҳушёр тортар, ҳолсизликдан ҳушини йўқотар даражага етган жойида бирдан сергакланар, бетини харсангдан узиб, бошини кўтариб атрофга аланглар, шунда ҳавода сезилар-сезилмас ҳаракат аломатлари кўрина бошлаганини пайқар, бирдан севиниб кетар – Сизиф учун ҳаракатдан қувончлироқ ҳодиса йўқ ҳисоби, бинобарин, ҳали эрта, ҳали эрта-а-а, деганча овозининг очиқ ҳавода таралашини томоша қилмоқчидек аланг-жаланглашдан тўхтамасди. Негадир, бошқа ҳеч зоғ ёки бошқа ҳеч бир жондору жонзот йўқлигиданми, рўпарасида, ёнгинасида қорайиб турган харсангга миннатдорликлар изҳор қилар, бисотидаги бор илиқ туйғуларини унга изҳор айларди. Харсанг эса… харсанг ҳам жим турмас, яккаю ягона ҳамроҳининг оғирини енгил қилишга яраганидан мамнундек тебраниб қўяр, Сизиф эса… Сизиф эса ҳаво ҳаракатга келганидан кейин ҳам, ҳатто мусаффолашиб улгургандан кейин ҳам харсанг тош теграсида ҳамон майитнинг қўланса иси сақланиб қолаётганидан ажабланар, бу бадбўй иснинг анави шохлари қорайган заққум дарахтга ёхуд харсангга нечоғли тааллуқли жойи, яқинлиги борлигини билолмай, ҳатто билиш истагини ошкор қилмай нафасини ичига ютар, кўнглининг тубидаги бу истакдан харсанг тош хабар топиб қолишидан чўчигандек тошга орқа ўгириб олар, бошини хам қилганича кўзларини юмиб чуқур ўйга толар, шу қадар узоқ ўйга чўмар… Ёрилтош, ҳой, ёрилтош! Ёрилақол, харсанг тош!.. Бир пайт… бир пайт ортида турган харсанг тошдан бош ўсиб чиқиб, бўйнини чўзиб унинг тепасидан энгашиб, унинг афтига қарашга уринаётгандек, ундан кўнгил сўраётгандек, унга равиш қилаётгандек туюлар, шунда Сизиф шартта харсанг томон ўгирилиб олар, худди сирини яширмоқчидек, эҳтимол, ранги қум ўчган ёки қизариб-гезариб кетган бўлар, шуни харсанг сезиб қолмаслиги учун ҳамон хомуш тортганича, лекин энди у билан бетма-бет қад ростлаб турар, бунга ҳам қаноат қилмай харсангга бетини қўйиб нигоҳларини ундан яширарди. Харсанг ич-ичигача қуйма тош бўлганида ҳам шу тобда муқаррар тилга кирарди, Сизифга лоақал ҳамдардлик изҳор этиш ниятида бирор сас-садо чиқарарди. Бироқ у тошдан-да, сижжилдан-да қаттиқроқ алланимадан ясалган, Сизиф эса ана ўша алланимани жуда-жуда билгиси келаётганди.

* * *

Сизиф қачонлардан ғужанак бўлиб – совуқда оч-наҳор қолган дайди итдек қисиниб, билакларини остига йиғиб ётишга одатланганини эслолмади. Ваҳоланки, у чалқанчасига, кўкка юз тутиб ухлар, шу алфозда ором олишидан беҳад қониқиш туяр, ҳатто туш кўрган дамларида ҳам ўзининг осмонга устун бўладиган алфозда ётишидан мағрурланарди. Энди эса… чирмалиб ётишга одатланганига ҳам анчалар бўлди…

* * *

Булутларнинг хилма-хил шаклга киришини кузатишдан кўра мароқлироқ машғулот йўқ эди Сизиф учун. Дов-дарахт, тоғу тош, қир-адр, пахта хирмонлари… Катта-кичик йиртқич ҳайвонлар, паррандалар… боши кунчиқарда-қуйруғи кунботарга чўзилган чумолилар… Бир текисда қор қоплаган бепоён дала, сайҳонлик… Вулқон бўлиб отилаётган, хўмрайган-тўрсайган, қаҳ-қаҳ отиб қараётган, аллақаёқларга дарё бўлиб оқиб бораётган, турган жойида қоққан қозиқдек қимир этмай қолган, яна аллақандай ҳеч нарсага ўхшамаган номсиз булутлар!..

У мутлақо ҳаракатдан тўхтаган булут парчаларига узоқ разм солиб пойлади. Осмон доғлари – артиб ташлагинг келади баъзан. Баъзан эса… баҳайбат одам жуссаси, қўлларини икки ёнга қулоч отган, калласининг ярми йўқ, чала одам, оёқлари ҳам кўринмас, тикилиб қараган нигоҳга мана ҳозир кимнидир ёхуд ниманидир қучоқлаб олишга шайланаётгандек!.. Бир қараган кўзга гўё батамом ҳаракатдан қолгандек, қайтиб бир қулоч ҳам нари-бери сурилмайдигандек. Кенг ёйилган қулочи, танасининг шакл-шамойили ўзгармаётгандек. Наҳот, ўзгармаса?! Сизиф бу тахмини тасдиқланмаслигини ўз кўзи билан кўриб, шоҳиди бўлиш мақсадида кўкдан нигоҳини узмади. Бутун диққатини кўзларига йиғди – дам осмон бўйлаб сочилиб ётган булут парчаларига-дам қулочини ёйган одамга разм солди. Яна пича кутди, шунда паға-паға булут парчалари зимдан ва ғоятда кишибилмас устомонлик билан силжиётганини сезди. Ғафлатда қолган ўлжаси томон пусиб яқинлашаётган сиртлоннинг эҳтиёткорлигига ўхшаб кетди. Бироқ Сизиф ҳам анойи эмас, у Коринфда донғи кетган ҳушёрлардан саналарди, ернинг тагида ғимирлаган илоннинг узун-қисқалиги, йўғон-ингичкалиги, ранг-тусигача айтиб бера оларди. Шу тобда пайқагани… сирни, биринчи бўлиб булут-одамнинг ўнг қўли фош қилди – у сабрсизликка йўл қўйди чоғи, тирсагидан букила бошлади. Боядан буён чўнқайиб ўтирган Сизиф ерга чалқанча узала тушди, иккала кафтини кетма-кетлаб пешонасига пешайвон қилиб қўйганича одамнусха булутнинг қўлидан ва жуда оҳисталик билан бутлаша бораётган калласидан кўз узмади.

Сир тезда фош бўлди-қўйди, ундан воқиф бўлган Сизиф ҳанг-манг бўлганича ётган жойидан қимирламай қолди. У қараб туриб кўзларига ишонмади, дам у-дам бу кўзини юмиб очди – манзара ўзгармади – булут-одамнинг узундан-узун ва қўполдан-қўпол қўли оппоққина, бокирагина маммининг тугмачаси теграсида ғоятда оҳиста айланишга тушганди. Булут-қўлдан гирдоб вужудга келди. Гирдоб дам маммидан узоқлашар, дам унга атайин қилгандек тегиниб-тегиниб кетарди. Туйқус шамол турди, булут парчалари тўзиди, булут-одамнинг бутун бадани эса тўзиб маммига ёпирилди. Сизиф узала тушиб ётган жойида ўгирилди, юзтубан ерга кириб кетгудек қапишиб, иккала қўли билан боши, кўзи, қулоқларини ёпиб, беркитиб олди.

* * *

Сизиф букчайиб қолган қаддини ростламоққа шайланди, шу алфозда қадди дол одам ва юм-юмалоқ харсанг тош аразлашган дўстлардек бир-бирларига орқа ўгириб тўрсайиб туришарди…

– Ҳолдан тойиб йиқилиб қолсам, қора қузғуну қумурсқаларга ем бўлсам… Ёхуд сен мени ютиб юборсанг, – у ич-ичидан сизилиб чиқаётган сўзларни ўз ҳолига қўйди. Харсангга кўксини босди. Узоқ, синчков термилиб қолди. – Сенинг ҳолинг нима кечади?.. Сен ким билан қоласан бу биёбонда, қадрдон?.. Ким билан яшайсан, ким бети, кафтлари, кўксини бағрингга босади?.. Мен учун сендан бўлак ҳеч вақо қолмади. Ҳайбатингдан, сумбатингдан қўрқар, ваҳмларга тушардим. Жиним суймасди, ишонмасдим. Не-не таъна-маломатларга кўмиб ташламадим, сени?! Лаънатларим, сўкишларим остида қолдинг. Сен-чи, сен?!
Сизиф харсангни биринчи бора кўраётгандек ёхуд унга нисбатан қилган барча қўпол ва дағал муносабатлари учун узрхоҳлик қилиш пайти келганини туйқус англаб қолгандек, бундай дамларда… бундай дамларда рози-ризолик тилашдан ўзга амал қолмаслигига ич-ичидан иқрор бўлаётганини яширгиси келмади. Гапиргани, изҳори дил қилгани сари кўз ўнгида харсанг чўкиб қолаётгандек, эзилиб, юмшаб мулойим тортаётгандек эди.

Ирғиб ортига ўгирилди, аланглади, шитоб юриб харсанг атрофида айлана ясаб югурди ва ҳозиргина турган жойига қайтиб таққа тўхтади-да, шошилиб-ошиқиб гапира кетди: инсон борки, унинг олдида, ёнидаю ортида таъқиб этгувчилар бор!.. Бу – ҳақиқат! Бунинг исботию-тасдиғини ўзим кўрганман! Ҳа, одам боласи бўлсанг, билиб қўй ва унутма, банда борки, мудом кузатувчи ва кузатилувчи! Бунга шак-шубҳа йўқ, йўқ, йўқ-қ!.. Назар-нигоҳдан ҳоли банда бўлмаган, йўқ, бўлмайди ҳам. Ҳа-а, лалайма, кўзингни о-оч, Сизиф!..

У ўпкасини босолмай мана шу биёбонга келганидан буён биринчи бор кимдир уни четдан кузатаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини илк дафъа ўйлаб қолди. Шу қадар паришон юрганига лол қолди. Кузатувдан ҳоли қолган банда йўқ ахир!.. Мана ҳозир, шу тобнинг ўзида унинг айтган гапларига, тошга қилган илтижоларига кимдир четдан туриб қулоқ солаётганини аниқ пайқади! Ҳа, жуда аниқ-тиниқ туйди – кимдир, қандайдир шарпа унга жуда-жуда яқин туриб Сизифнинг оғзидан чиққан ғудранишларига қулоқ солди!

Сизиф ёнгинасида бошқа бир кимсанинг нафасини туйди!..

* * *

Ҳарчанд уринмасин, унинг назарига ҳеч зоғ тушмади. Сизиф нигоҳига эмас, ҳиссиётига ишонгиси келди. Ахир озмунча давру даврон ўтказдими у бу масканда? Озмунча булутлар сузиб ўтдиларми, унинг тепасидан? Ахир шу-унча вақтлардан буён нега у ўйламади? Нечун хаёлига келтирмади? Ахир кимдир, нимадир уни бир чеккада пусиб кузатаётгандир? Уни шу кўйда қолдирган маъбудлар ҳов анув тоғ тизмаси ўнгирларида пусиб-биқиниб томоша қилишаётгандир, мана сенга ҳақиқат, мана сенга фидойилик, ўзгаларга жонбозлик, ҳолингга маймунлар йиғласин, ҳолингга вой-воя-вой, дея чапаквозликлар қилишаётгандир? Унинг қилиқларини, хатти-ҳаракатларини, айтаётган гап-сўзларини, харсанггга, тоғ чўққисига, ҳо-ов наридаги денгиз мавжларига бағишлаётган лутфу-карамларини тинглаб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратишаётгандир?!

Жазога маҳкум этилгунга қадар ҳам кўп бўларди бундай ҳолат, Сизиф айниқса ёлғиз қолган дамларида. Ўйга толган ёхуд оғир изтиробларга тушган маҳаллар беихтиёр ўзи билан ўзи суҳбатга киришиб кетар, ўша суҳбатдошига ўзича Сисиф деб исм ҳам танлаб қўйганди.(5) Мароқли дамларга айланарди у суҳбатлар Сизиф учун. Руҳан қўллаб-қувватлар, жўяли маслаҳатлар берар, кўнглини чоғ қиларди Сисиф. Сисиф ўзидан ақллироқ, донишроқ, донороқ туюларди. Сен – Сизиф, мен – Сисиф, дер эди Сизиф мутойиба аралаш мамнуният билан. Сисиф ўламан саттор, кўнмасди. Ким – Сизиф, ким – Сисиф – нима фарқи бор, муҳими, бир-биримиздан айро яшолмаймиз, айро қолсак – иккимиз-да, йўқмиз, йўқмиз, йўқ!

Сизиф Сисифни унутди, айро қолди ундан, ёлғиз қолди ўзи. Бундан чиқди… бундан чиқди Сисиф йўқ. У ҳолда… Сизиф ҳам йўқ. Наҳот, унут бўлди барча-барчаси?!

Сизиф Сисифни соғиниб кетди. Шу-унча вақт мобайнида уни ёдидан чиқариб юборгани жонига оғир ботди. Алҳол, мана, Сисиф оқибатли чиқди, унинг ўзи келди ёлғизининг қошига. Кўмакка, мададга келди Сисиф!.. Қадрдони, ишонгани, якка-ёлғизи Сисиф… харсанг тошга айланиб қолган бўлса-чи?! Ана, ана, турибди-ку, унинг рўпарасида!.. Ундан ажралмайди, бирор одим нари кетмайди, соясидек ёнма-ён юрибди-ку, демак, мана шу харсанг тош – Сисиф!..

5. Ривоятларда Сизиф исми Сисиф шаклида ҳам келган.

* * *

Сизиф ҳаёти дунёда кайфияти забун ҳолларда ўзини қўлга олиш йўлларини излар, ўзига ўзи далда бериш чораларини топар, хушламаса-да, мен инсонман, дея оташин оҳангларда ҳайқирар, гўё унинг сўзларини майдон тўла оломон тинглаётгандек бурро-бурро воизлик қилишга тушар, инсон боласи енгилиб, енгилганига рози бўлиб кетавериш учун яратилмаган. Мен ҳам шундай одамман! Майли, ана, қўлларингдан келса, марҳамат, янчиб ташланглар, тупроққа қориштириб ташланглар, денгизга улоқтиринглар, аммо-лекин, ҳой мингқулоқлар, ҳо-ой дингқулоқлар, ҳар иккала қулоқларинг билан, сонсиз-саноқсиз қулоқларинг билан эшитиб олинглар – зинҳор мени енга олмайсизлар! Енга олмайсизлар!

* * *

Қоронғи эди, харсанг тош янаям қорароқ, янаям баҳайбатроқ кўринар, тошнинг ўзи эмас, қоп-қора сояси ваҳм солибгина қолмай, Сизифни қора тупроққа кўмиб ташлагудай қуюқ кўлага солиб турарди. Сизиф учун бу янгилик эмасди, харсанг унга ҳамиша авзои бузуқ йиртқичдек кўринарди, уни ҳар лаҳза-ҳар дақиқа янчиб ташлашга шай эканлигини яширмас, башарти у шунга жазм қилиб қолса, Сизиф унга бўш келмаслик чорасини олдиндан ўйлаб қўяр, ўйлаб қўйса-да, ўзига ишонса-да, баъзан юрагига ваҳм оралаб, вужудининг аллақаерларида кўз очган қўрқув сездирмайгина унинг шуурини, тасаввурини ишғол этаётганини унутмасди. Ундаги қўрқув оддий одамларда бўладиган қўрқувдан мутлақо фарқ қиларди. Қўрқув ўз йўлига, муҳими, Сизиф ўзини гуноҳкор деб билмасди, тавқи лаънатга учрашдан пайдо бўладиган қўрқувдан унинг кўнгли тўқ, у ўзини гуноҳкор деб ҳисобламас, лекин ўзига раво кўрилган жазо – маҳкумлик қисмати оқибатида итдек, қутурган ёввойи тўнғиздек манави харсанг тош остида мажақланиб кетишдан қўрқарди. Бундай қисматни ўзига на раво, на лойиқ кўрарди. Қандайдир жонсиз бир матоҳ – харсанг тош остида қолиб кетишни ўзининг инсонийлик қадр-қимматига муносиб ҳисобламасди. Бу борада иккиланишни нечоғли ўлгудай жини суймаса, изнини қўрқув ихтиёрига бериб қўйгудай бўлса, тамом, ҳаммаси муқаррар барбод бўлишини ҳатто тахмин ҳам қилиб ўтирмасди. Шунга қарамай, у ўзини четга олмоққа шайланди, бироқ негадир ҳарчанд чиранмасин, қадами унмади – уни харсангнинг сояси босиб турар, босиб турса-да, негадир жони оғримас, жони оғримаса-да, харсангга сингиб кетган қоронғилик пардаси зўр бериб Сизифнинг нигоҳларини тўлдириб юбораётганди.

Тун пардаси бетга тортилса… Наҳот, бетим қора?.. Бу телба-саркаш туйғулардан зудлик билан қутилмоғи учун ҳам Сизиф ўзича чоралар ўйлаб қўйган, улардан бири – ғазабини пуркайди оламга, минғирлаб эмас, асло, очиқ-ойдин, дангалига, таваккалига айтади айтадиганини. Қани, ким айтади, ким мени қўрқоққа чиқаради, бетимга таъна-маломат ёғдиради, дея зимистон бағрини тилка-пора қила бошлади у. Мен ўзимнинг ким эканлигим ва қандай банда бўлиб яшаб ўтганимни яхши биламан. Бетимга қора балчиқ чапловчилар озор чекмай қўяқолсинлар, уларни машаққатдан этаман халос, керак бўлса, ўзимнинг бошимгаю шаънимга истаганча таъна-дашномлар ёғдира оламан. Ҳа, ким нима деса десин – такаббурман, худбинман, мунофиқман. Қабоҳатлар кониман, уммониман! Айбим ҳам, гуноҳим ҳам шу – неки билсам, рости, дунёга достон қиламан, достон!..

Кифоями, етарлими ёхуд яна давом этайми? Марҳамат, бетгачопар, чақимчи! Илло қўрқоқ эмасман! Қоронғиликдан, зимистондан қўрқмасман, асло! Майли зулмат, зулумот кўзларимни кўр қилсин, қора заққум дарахтидан тарқаган заҳар жонимни ўртаганча ўртасин, аммо харсангни мендан тортиб ололмайсизлар, уни ҳеч кимга бермайман, ҳеч каснинг қўлини теккизмайман унга! О-о-ҳ-ҳ, йўқотиб қўйсам, дунёни остин-устун қиламан, денгизга, теппамдаги булутларга ўт қўяман, паға-паға қилиб ёқаман, манави чўққининг кулини кўкка совураман! Кўзларим басир бўлсинлар, уни искаб-да, топаман! Оёқларим қузғунларга ем бўлақолсинлар, кўксим билан сургалиб бўлса-да, юмалата-юмалата чўққига довур олиб чиқаман, харсангни! Ана ўшанда кўрасизлар, айтганларим чинлигини – қимирлаган қир ошади!.. Ҳа, шундай! Зўрнинг тоши қирга қараб юмалайди!.. Мен зўрман, зўр! Ҳа, шундай!.. Ҳа-а, даҳшат солиб яша ёхуд яшама мутлақ! Яшама мутлақ! Харсанг менинг таним-жоним, ғазабим, армоним, оғайним, муҳаббатим!..

* * *

Кўнглидан кечгани бўлди Сизифнинг: харсанг тош кўздан йўқолди!.. Қараб туриб, ёнида юриб, силаб-сийпалаб, ийдираман, кўндираман деб равиш-рафтор қилиб турган бир паллада ғойиб бўлди!.. Ўҳ, талвасага тушди Сизиф!.. Воҳ, бормаган жойи қолмади Сизифнинг!.. Денгизга довур борди, тоғ чўққисига – навраста қиз маммисига довур чиқди (ваҳоланки, харсанг тошсиз чўққига чиқиш ман этилганди унга), этакдан излади, биёбондан, кўкдан излади – эсдан оғиб қолаёзди Сизиф! Кўзим кўрмай қолди деган хулосага келди, кафтларини олдинга чўзганича, сўқирларча пайпасланиб излади харсангни, чор атрофни қадам-бақадамлаб чиқди, эмаклай-эмаклай искади, бу қандай кўргилик деганча чўк тушиб, мук тушиб бўзлади, таваллолар қилди!.. Ўзини бепарволикда айблади, кимсасиз биёбонда якка-ёлғиз, ҳеч бир юмушсиз қолиб кетишини – ўҳ, даҳшат! Воҳ, даҳшат! – ўйлаб юраклари орқасига тортиб кетди, шунда… шунда у зинҳор-базинҳор, ҳар қандай шароитда ҳам харсангдан узоқлашмасликка аҳд қилди, унинг ёнидан бир қарич ҳам узоқлашмайман дея онтлар ичди. Эмаклаб олди, тўрт оёқлаб келиб, чўққи томон очилган йўл ёқасида – қияликнинг қоқ белидан топди. Харсанг тош пастга қараб шиддат билан думалашга шайлангандек, лекин қимир этмай тақа-тақ тек турарди. Бунақасини Сизиф кўрмаганди! У лол-беҳол эди, тили калимага келмади. Қўллари жонсиз эди. Нафас ҳам олмаётганди. Бетини, сўнг кўксини, бағрини харсангга босди, онасини йўқотган кучукчадек, тумшуғини олдинга чўзиб ҳавони ҳидлай бошлади, таниш ис, танишгина эмас, бу ҳид ўзининг ҳам аъзои-баданига сингиб кетган, шундай бўлса-да, тиззалаган ҳолида қулочини кенг ёйиб харсангни қучоқлади, манглайини харсангга босганича, кўзларини юмиб, оғир ва давомли тин олди. Жоним, деди, ёлғизим-ягонам, ишонганим-суянганим, деди. Очиқ тан олди – сенсиз мен бу ерларда ёлғизликдан ўлиб қоламан, деди. Харсангдан кафтларини узмади, силади-сийпалади, силади-сийпалади… унга лабларини босди… Ғудранди, оғзига нимадир илашди, чангми-ғуборми, харсанг тош зарраларими – таъм билмади, тамшанди. Харсанг мулойимлашди, юмшади. Буни Сизиф кафти, бармоқлари харсангга ботиб кета бошлаганидан пайқади. Лекин ҳайрон бўлмади, чунки унда ҳайратланишга-да ҳол қолмаган, бир чеккаси, қачондир мана шундай ғаройиб воқеа юз беришини, яъни харсанг билан апоқ-чапоқ бўлиб кетишини у аниқ тасаввур қилар, жуда узоқ вақтлардан буён шундай дамлар келишига ишончи муқаррар эди. Энди ҳеч қачон ҳақоратламайман, дўқ урмайман, калтакламайман – борингга шукр қиламан, жоним, ёлғизим, ягонам… Харсанг элас-элас тебрана бошлади, унга тармашган Сизиф ҳам шу маромда тебранар, унинг назарида денгиз суви ҳам чайқалаётган, чўққи, унга қўшилиб осмонлар, осмонларни тўлдирган булутлар ҳам тебранаётгандек эди. Кўзларини очса ўзи ва харсангга қўшилиб бутун олам тебранишдан тўхтайдигандек эди, шу боис нима қиларини билмай харсангнинг дуч келган жойини кафтлари, бармоқларининг учлари билан тинимсиз силашда давом этди. Харсанг эриб, мулойимлашаётгандек эди…

Сизиф жуссасига нисбатан бир неча баравар катталикдаги хамир зуваласини эзғилаётгандек бўлди, хамир кўпчиб турарди, ундан аввал бармоқларининг учида, сўнг сиқимида зувала-зувала қилиб узиб-узиб ола бошлади, аёлининг маммасини ҳам чимдиб-чимдиб оларди у, аёли тушмагур унинг гўдакларча жунунвашлигига тоқат қилар, тоқати баробарида қиқирлаб кулар, харсанг тошнинг қаршилик кўрсатмаётгани, аксинча унга мойиллик билдираётгани аёлининг эркаликларига ўхшаб кетаётганди. Агар харсанг шу тариқа бўлиниб-бўлиниб унинг қўлига чиқаверса, юмалоқ, думалоқ, бақалоқнинг ҳайбати-келбатидан асар қолмаса, харсанг синиқларини Сизиф ўйнаб-кулиб битта-битталаб, қучоқ-қучоқлаб чўққига ташиб чиқарса!.. Яқингинада, боягина ғазабини босолмаётган, эски одати қўзғаб дағдаға қилишни, аюҳаннос кўтариб таъна-дашномлар ёғдиришни қўмсаганди-я, аччиқ аламларини кимдан олишини билмай, осмонларни, тоғу тошларни, ҳов наридаги денгизнинг титратишини рўкач қилиб пўписалар ёғдирмоқчи эди-я, ё, алҳазар, эҳ, афсус, эҳ, ғазаб!.. Зудлик билан ҳовурдан тушмоқ ниятида… ғоятда паст овозда хиргойи қилишга ўтди. Харсангнинг тебранишига ҳамоҳанг унинг қулоғига хониш қила бошлади. Узуқ-юлуқ хониши жуда узоқ давом этди, эҳтимол хонишлари оҳангдору сўзсиз эди, энг муҳими… энг муҳими… мўъжиза юз берди, мўъжизаки, харсанг тош баданидан мошдай, нўхатдай тошчалар, тошбаччалар сачраб-сакраб тўкила бошлади. Қаловини топсанг… Ҳа-ҳа, худди шундай – инсон ўз вужудида қандайин куч-қудрат пинҳон эканини, ўзининг нималарга қодирлигини тахмин қилолмайдию, бу баҳайбат харсангнинг вужудини қайдан англасин?! Ёрил тош, хей, ёрил тош, ўзингдан хўп ўргулайин, ичингга бир қарайин, Сисиф инимни кўрайин, дийдорига тўяйин! Ёрилақол, харсанг тош!.. Бахтсизликдан ҳеч ким буткул кафолатланмагай, бахтдан ҳам ҳеч ким тугал мосуво этилмагай… одам зоти буткул бебахт ва бадбахтлигича қолмагай…

* * *

Юз бераётган янгиликлар Сизифни тамоман шошириб қўйди. Ҳаловотини йўқотди у. Узоқ ўйлаб турмай харсанг бўлагини икки қўллаб қучоқлаб олганича ҳаллослаб, нафаси тиқилиб чўққига етгандагина нима иш қилаётганини тўсатдан англаб қолди. Уни шу кўйларга мубтало қилган маъбудларнинг етти ухлаб тушига кирмаган ажойибот юз бермоқда! Сизиф харсангнинг, ҳар қалай, бир парчасини кўтариб чўққига етиб келди. Чўққига чиқди! Ғириллаб эсаётган ажиб бир шабада қучоқ очиб кутиб олди уни. Бош-оёқ чирмалди. Эти устихонига ёпишган, жон асари қолганми-йўқми, сезилмайдиган аъзои бадани шу қадар роҳат туйдики! Азбаройи Сизифнинг кўзларидан ёш тирқиради. Жонига мисқоллаб жон қўшилаётганини яққол ҳис қилди у. Умри бино бўлиб не-не юрт кезиб бундай шабадага рўпара келмаганди. Лоақал мана шу лаҳзалар ҳаққи чўққини забт этиш кўйидаги сўнгсиз уринишлари ва чеккан захматларига рози эди у. Чоққина ялангликда ер бағирлаб най саси таралди, Сизиф ёш боладай қийқиргиси келди, оёғининг остида бир текис ўсган майин майсада ўмболоқ ошиб думалагиси келди, кўзлари чарақлади, ўзидан бир неча одим нарида, йўқ-йўқ, ёнгинасида садафдек, нуқрадай, оппоқ булутлардан-да оқроқ навраста қиз маммисини кўрдию кўзлари қамашиб кетди!..

* * *

Сизиф шамоллар, булутлар ялаб-юлқайверганидан учи навраста қиз маммисига ўхшаб қолган симобдай оппоқ қоя тошга чуқур таъзим айлагиси, икки қўллаб уни кўзларига суртгиси келди, бироқ дағал ва тошдек қаттиқ ва жонсиз қўлларини унга теккизишни раво кўрмади, қолаверса икки қўллаб харсанг парчасини кўтариб турар, уни жуда-жуда авайлаб ва ардоқлаб мана шу яқин атрофга ўрнатиши зарурлигини унутмаганди.

Япалоқ тош парчасини боши узра кўтарди. Сизифдаги қувончли беҳаловотлик булутга кўчди, паға-паға булут бамисоли шўх рақсга тушди, осмон тўзғиди. Сизиф харсанг парчасини оёғи остига қўяр экан дамо-дам ўзи чиқиб келган йўлга қараб-қараб қўяр, ҳў-ў қияликнинг қоқ белида – сўқмоқ йўл ёқасида қолган қадрдони – харсанг тош тинмай имлаб, уни ўзига чорлаётгандек эди.

* * *

Сизиф эҳтиросларини жиловлаб ололмаётган, бир зум тек турмас ва нима қилмоғи кераклигини билмасди ҳам. Қўл-оёқлари бировникидай, жонсиз таёқдай, кафти-бармоқлари акашак бўлиб тош қотганди. Харчанд хаёлини жамлашга уринмасин, маррани забт этганлик шукуҳи зўр келаётганди. Аввал оёқлари, сўнг қўллари қалтирашга тушди. Чарчоқ ва толиқишдан эмас, йўқ, ҳаяжоннинг зўридан безгак тутаётган эди. Етдим деганда-я, мана, ниҳоят дея ҳайқирадиган пайти етганда-я, наҳотки, у қўрқаётган бўлса?! Ахир шу онлар орзусида озмунча машаққатларга бардош бердими?! Озмунча!.. Эсанкирама, Сизи-иф-ф! Ҳушингни йиғ-ғ! Ҳайқиришга, дунёга жар солишга ҳали эрта, оғайни! Ҳовлиқма, биродар! Шодланганда шошилма! Шодланганда шошилма! Шодланганда…

Давоми бор

images_2014_1202_5.jpg   Taniqli yozuvchi Xurshid Do‘stmuhammadning ikki asari: oldinroq yozilgan “Bozor” romanining qayta ishlangan nusxasi va yangi “Donishmand Sizif” romanlaridan iborat kitobi “O‘zbekiston” nashriyoti tomonidan chop etildi. Kitobdan o‘rin olgan ikkinchi roman qahramoni, nomidan ham ko‘rinib turibdiki, jahon adabiyotida mashhurdan-mashhur bo‘lgan Sizif obrazi. Muallif keng ommalashgan afsonaviy-mifologik qahramon mubtalo etilgan shafqatsiz qismat orqali inson, dunyo, munosabatlar girdobi haqida o‘ziga xos kuzatishlari, o‘ylarini muhtaram kitobxonlar e’tiboriga havola etadi.

Xurshid DO‘STMUHAMMAD
DONISHMAND SIZIF
Romanning ikkinchi qismi
004

II

002To‘xtovsiz o‘tkuvchi zamonga inson dosh bermasligi, tog‘u tosh, xarsang tosh dosh bermasligi mumkin, boringki, xalqona hikmatning ohori to‘kilishi ham uchraydigan hol, ammo-lekin, hammasidan dahshatlisi, Sizifning nazarida vaqt taqa-taq to‘xtab qolgandek, u vaqt tushunchasini allaqachonlar unutib yuborgani edi… Yilni ham, kunni ham, soatu daqiqlarni ham unutdi u. Vaqtni unutgan o‘zini ham unutadi. O‘zini unutgan odam mo‘ljalni, rejani, hisob-kitobni unutadi. Yashamayotgandek yashaydi.

Bunday holatga tushgan odamning ahvolini yaxshi bilardi Sizif, bir xayoli, qanday bo‘lmasin, vaqtning hisob-kitobini olib borishga astoydil kirishgandi ham, biroq bu niyati uzoqqa bormadi – nima, qachon yuz berganining nechog‘li ahamiyati, qimmati bor? Qolaversa, Sizifning tosh yumalatishdan bo‘lak boshqa hech qanday maqsad-maslagi, vazifasi qolmagan. Uchrashadigan, gaplashadigan odami yo‘q – u yolg‘iz. Ko‘rgan-kechirganlarini doston qilib kimlargadir arzihol qilish niyati ham yo‘q.

Shu o‘y-xayolda beparvolik qilgandi, boshqa muammoga ro‘para keldi: Sizif vaqt o‘tyaptimi yoxud taqqa to‘xtab qoldimi, axir vaqt imillab yoxud jadallab o‘tib turgani qandaydir belgilar yordamida sezilib turmog‘i kerak-ku! O‘zining mavjudligini sezmaslik, his qilmaslik bunchalar og‘ir kechishini Sizif tasavvuriga keltirmagandi.

* * *

Sizif xarsang tosh tepadan pastga qarab necha martalar dumalaganini sanamay qo‘yganiga eh-he-ye-ye allaqancha zamonlar o‘tib ketdi. Dastlabki kezlar oh degancha, voh degancha qarsak urib qolardi u. Alamidan labiyu tilini chandir go‘sht chaynayotgandek g‘ajiyotganini sezmas, qonini shima-shima tuplab tashlar, tizzasiga gursillatib mushtlar, nazarida ovozini, hayqirishini eshitsa, xarsang yumalab borayotgan joyida, “Labbay, chaqirdingizmi?” deb taqqa to‘xtashi muqarrardek xunobi toshib ayuhannos ko‘tarar, mehnat-mashaqqatlari zoye ketganiga achinar, qanday xatoga yo‘l qo‘ydim deb o‘zini o‘zi tergar-taftish qilar, afsuslanar, xarsang ortga qarab dumalay boshlagan joyidan turib cho‘qqiga dovur qancha masofa qolganini chamalar, bir yoki nari borsa, ikki-uch zo‘r berish bilan cho‘qqini ishg‘ol etishi mumkin bo‘lgan masofa qolganini ko‘rib faryod chekib yuborardi. Keyinchalik esa ana shunday fig‘oni falakka chiqib afsus-nadomat chekish odatlari asta-sekin yo‘qola bordi. Hatto navbatdagi safar xarsangni joyidan jildirar ekan tepalik yonbag‘rining qaysidir manzilida qanday qilmasin, bari bir bu toshyurak yumaloq, dumaloq, baqaloq necha bor-necha daf’a chiqib borgan izi bo‘ylab ortga qaytishini, bunga Sizif harchand urinmasin to‘sqinlik qilolmasligini oldindan bo‘yniga olib qo‘yar, chiqamiz – qaytib tushamiz, chiqamiz – qaytib tushamiz, illo harakatdan to‘xtamaymiz, deya xirgoyisifat ming‘ir-ming‘irlar bilan o‘zini o‘zi yupatardi.

* * *

Yaqin-yaqindan esa Sizifning fe’lida g‘alati bir o‘zgarish yuz bera boshladi – unda xarsang toshning tepadan pastlikka tomon o‘qdek otilib tushishini xuddi birinchi bor ko‘rayotgandek taajjubu hayratdan og‘zini lang ochib qoladigan odat paydo bo‘ldi. Xarsangning ayovsiz, shafqatsiz va tasvirlab bo‘lmas shiddat-vajohat bilan cho‘qqi etagi sari yumalashini ko‘rish-kuzatish tang ahvolga solib qo‘yardi uni. Ma’budlar xarsang toshning qulog‘iga eritilgan qo‘rg‘oshindek qilib quyib, unga tayinlashganmikan… zinhor va hech qachon unga bo‘sh kelmaysan, cho‘qqiga olib chiqishiga yo‘l qo‘ymaysan, faqat va faqat pastlik sari yumalaysan deya pishiqlab qo‘yishganmikan…

Sizif bexosdan sadoqatli qadrdonining xiyonatiga yo‘liqqan odamdek birdan cho‘kib qoldi, qaddi dol, holdan toygan ko‘yi shilq etib cho‘nqaydi, boshini tizzalari orasiga solintirganicha g‘ujanak bo‘lib oldi, alla-pallagacha o‘tirdi shu alfozda, ichi qizigandan-qizidi chog‘i, cho‘nqayib o‘tirgan joyida chalqanchasiga uzala tushdi. Zarang yer badaniga botmadi. Yotgan joyidan bu safar ham ixtiyoriga bo‘ysunmagan xarsangga goh g‘azab, goh tushunuksiz alam-armon bilan o‘qraydi. Xarsang tosh jonli maxluqqa o‘xshab ketdi nazarida. Ichingga uray, dedi Sizif tishlarini g‘ijirlatib, qon aralash tupladi, dona-dona, burro-burro qilib so‘kindi. Osmonga termildi. Samo hoqoni – ohista va zalvorli suzib borayotgan qavat-qavat bulut orasida yanayam qoraroq, hayhotdek, yum-yumaloq… Sizif diqqatini jamladi, qop-qora va yum-yumaloq, dum-dumaloq, baq-baqaloq, bahaybat… manavi yumaloq, dumaloq, baqaloqdan yuz karra ulkanroq toshbulut… go‘yo ichiga havo to‘ldirilgan pufakdek yengilgina va hech qanday qiyinchiliksiz suzib borayotgandi. Sizif havasi kelib nigohini uzolmay yotdi. Qo‘li yetsa, tortib tushirardi-ya, uni, oyog‘ining ostiga!.. Beozor, beg‘alva, bemashaqqat siljish qanday bo‘lishini manavi xarsangga ko‘rsatib qo‘yardi-ya!.. Bulutdan yasalgan-da, – dedi Sizif, o‘sha zahoti ichida paydo bo‘la boshlagan hasad aralash havasni unutishga urinib, – bizniki esa – toshdan, qoya toshning bag‘ridan o‘yib olingan, maxsus ishlov berilgan, jilo berilgan, yo‘nilgan, qulog‘iga dam solib… Yo‘g‘-ye, deb yubordi Sizif xayoliga kelgan fikrdan qaytib, jilo-ishlov berilganga o‘xshamaydi, shundayiga biror tog‘ bag‘ridan o‘yib olinganu shu maskanga – jazo biyoboniga keltirib tashlangan. Illo

Sizif burun bunday sazoyigohlar, jazogohlar mavjudligini na ko‘rgan-na eshitgan.
Bulutni puf desang, kifoya – yengil, og‘irga esa – og‘ir bo‘lishga majbursan.

Xayoliga kelgan bu fikr Sizifga ma’qul tushdi, darhaqiqat, og‘irga – og‘ir bo‘lish darkor. Og‘irga yengillik ketmaydi, og‘irni og‘irlik bilan yengish mumkin, yengillik bilan emas!..

* * *

Sizif hozirgina xarsangning pastlik tomon yumalab ketishidan avval turgan joyiga qaradiyu, suratdek qotdi-qoldi! Ko‘zi yerda yotgan bir bo‘lak yapaloq toshga tushdi! Toshning oqish-qoramtir aralash tusli ichki tomoni shu qadar yaltirar, jilvalanardiki, Sizif qamashgan ko‘zlarini ustma-ust yumib-ochdi, beixtiyor mijjalarini mushti bilan ishqadi, tosh parchasiga qayta tikilib qaradi – manzara o‘sha-o‘sha, o‘zgarmadi, hayajonning zo‘ridan uning shuuri, vujudi, og‘zi huvillab bo‘m-bo‘sh allanima idishga aylanib, o‘zi serrayib turib qoldi. Nima o‘zi bu? Qanday?.. Qandayiga?! Haybatidan odam tugul, yirtqich hurkadigan xarsang ne sababdan o‘zidan-o‘zi sinib tushdi?! Axir!..

Sizif ichini alg‘ov-dalg‘ov qilib paydar-pay qalashib kelayotgan savollarning birortasiga ham javob topolmadi, topolmasdi ham, zero ko‘zi bilan ko‘rib, hatto qo‘li bilan tutib turgan narsaga aqli bovar qilmayotgandi. Shoshilinch, ha-ha, zudlik bilan biror chora ko‘rmog‘i, mabodo taysallaydigan bo‘lsa, kor-hol yuz berishi muqarrardek, lekin nima qilmoq kerak? Nima?! Qanday kor-hol yuz berishi mumkin? Bordiyu, xarsang sinib tushganining o‘zi kor-hol bo‘lsa, bu nimaning alomati, belgisi, ishorasi?! Nimaga yo‘ymog‘i kerak buni, Sizif?! Najot istab to‘rt tomonga qarab yugursinmi, vaziru vuzaro, avliyoyu mavlono mushovurlarini shoshilinch mashvaratga chorlasinmi, yerni mushtlasinmi yo ko‘kka qarab uv tortsinmi?!

* * *

Har bir o‘zgarish, har bir yangilik yangidan-yangi umidga doya, yangi umiddan yangi dunyolar dunyoga keladi. Sizif bu haqiqatni yaxshi biladi, biroq bu maskanda o‘zgarish yuz bermasligiga, o‘zi o‘zgarmas biyobon bandisiga aylanganiga allaqachonlar amin bo‘lgan, binobarin, o‘ylash, xayol surish, muhokamalarga berilish ortiqchadek, shunga qaramay, harchand istasin-istamasin, vaqti-vaqti bilan sarkash xayollar olib qochganini o‘zi ham sezmay qolar, sarkash to‘lqinlar iskanjasidan xalos bo‘lolmas, shunday lahzalarda, chunonchi, nimadan yaralgan o‘zi bu xarsang tosh, deya o‘zini o‘zi savolga tutgan, muhokama yuritgan, adoqsiz muhokamalaridan biror tayinli naf topmagandi. Nimadan bo‘lardi, – deya bir zamonlar chiqargan xulosasini dilida takrorladi Sizif, – odam odamdan, yirtqich yirtqichdan, giyoh giyohdan paydo bo‘lganidek tosh ham toshdan kelib chiqadi-da. Shunday deb u etak tomon bir-bir odimlab pastlasharkan, xarsangdan uzilib tushgan yapasqi-yapaloq tosh bo‘lagini ikki qo‘llab ko‘tarib oldi – zalvorligina ekan! – hozirgina xarsang pastga qarab yumalagan so‘qmoq yoqalab odimlab quyiga enib borarkan, undan qolgan yangigina izlarga – tuproq-toshning ezilgan-netgan chuqurchalari, botiqlarini birma-bir nazardan o‘tkazdi. Yaxlit xarsangtosh qanday qilib sindi?.. Zarralardan bunyod bo‘lgan qumtosh esa sinmaydi, uvalanadi.. Rangi… Sizif tog‘ yonbag‘rining naq belida turgan joyidan xarsangning rangini aniqlamoqchi bo‘lgandek dam unga-dam qo‘lidagi xarsang parchasiga tikildi. Xarsangning Sizifga qaragan tomoni qorayinqirab ko‘rindi, bir necha odim endi, xarsang oqardi, yana pastladi – tosh xuddi qo‘lidagi parcha singari qo‘ng‘ir tusga kirdi. Sizif uning yoniga yeta-yetgunicha xarsangdan ko‘z uzmadi. Har qadamidan so‘ng xarsangning rang-tusi tovlanayotganini payqadi, ayniqsa shu damda nazarida xarsang og‘ir-og‘ir nafas olayotganga o‘xshadi. Sizif uning atrofini ohista aylandi, aylana turib, yapaloq parcha uzilib tushgan joyini izladi, izlaganini birdan topolmay, shoshganidan xarsangni ushlab-ushlab qo‘yar, bu harakatlari bilan og‘ir lat yemadingmi, qayering shikastlandi, deya sho‘x-shodon o‘g‘ilchasidan xavotirlangan otadek sarosimada bir joyda turolmay qoldi.

U o‘zining yana bir, navbatdagi urinishi zoye ketganini o‘sha zahoti unutgan, butun vujudi-shuuri bilan xarsangning shikastlanishi hodisasini anglashga harakat qilayotgandi. Biroq, xarsang hamon bus-butun ekan, ortiq taysallashga haqqi yo‘q, demak, navbatdagi ishg‘ol etish sari otlanishi mumkin, bundan bo‘lak chora ham, maqsad-muddao ham yo‘q. Nima bo‘lgan taqdirda ham o‘y surish, xayolga berilish, chalg‘ish emas, xarsangni joyidan siljitish, yana, yana va yana marra sari mashaqqatli yo‘lga tushish muhimligini Sizif biron soniya unutishni istamaydi. Ha-a, dedi u do‘rillab, nafas rostlashingga qo‘yolmayman, chiqamiz – qaytib tushamiz, chiqamiz – qaytib tushamiz! Hordiqning mavridi emas. Menga bir qara, yumaloq, bo‘larim bo‘lgan, illo, g‘ayratim, kuchim-quvvatim hali bisyor, seni hov qiz mammisi yoniga olib chiqishga qurbim yetadi, qani, ketdik, dumaloq! Yur-yur, dedim, oldimga tush, deyapman, baqaloq!..

Avvalboshda xarsang har safar shu taxlit etak tomon dumalaganida Sizif og‘ziga kelgan haqoratlarni qaytarmasdi, ikki qavatlab, uch qavatlab – topib-topib so‘kardi, ma’nodoshu ohangdosh so‘zlarni terib-terib so‘kardi – ishonasizmi-yo‘qmi, bo‘ralatib so‘kishlari ish bermay qolmasdi, illo shunda ham xumordan chiqishi oson kechmas, hovliqib, xalloslab pastga yugurib tushar, xuddi xarsang allaqayoqqa qochib ketmasin degan maqsadda uning yo‘lini to‘smoqchi bo‘layotgan odamdek ikki qo‘lini ikki tomonga yoyganicha zir yugurar, so‘ng qo‘liga, oyoqlariga erk berardi!.. Keyin-keyin bunday qiliqlari o‘ziga nash’a qila boshladi, kimga zarda qilyapman, kimga emas, nimaga qichqiryapman, kekirdagim yorilib ketgandayam buning parvoyiga kelmasa, qichqirdim nima, qichqirmadim nima, eshitadigan qulog‘i, o‘tday tutab-kulday to‘ziyotganimni ko‘radigan ko‘zi bo‘lmasa! Nima bo‘lgan taqdirdayam, dunyoga tosh bo‘lib, xarsang bo‘lib kelib qolgan bir narsa-da, so‘qimtabiat, to‘ng‘iztabiat jonsiz bir maxluq-da, shu bilan tenglashamanmi, shu bilan pachakilashib o‘tiramanmi?! Faqat, nachora, taqdiriga bitilgan ekan, peshonasi, shu bebaqo nimarsaga bog‘lanib qoldi, buyog‘i Sizifning ixtiyoridan, istagi, xohish-irodasidan yiroq!.. Mana, u qanchalar o‘zini baland olmasin, o‘zining insoniylik sha’nini saqlamasin, alam aralash xarsang toshning guldirab, olamni boshiga ko‘tarib, tog‘u toshni ontor-to‘ntar qilib pastga shiddat bilan yumalashini go‘dak boladek o‘zgacha qiziqish, o‘zgacha surur bilan kuzatib o‘tiribdi. Dastlabiga u o‘zida xarsang toshning pastga qarab yumalashini kuzatishga moyillik paydo bo‘lganiga ajablandi, biroq vaqt o‘tgani sayin arzimasdek ko‘ringan mayl odatga aylanib ketdi. Xarsang quyiga qarab jila boshladimi, u darhol o‘zini chetga olar, bo‘lar ish bo‘ldi, degan o‘yda o‘sha zahoti to‘g‘ri kelgan yerga o‘tirganicha hayotda ko‘rmagan-netmagan ajoyib va g‘aroyib voqeaga ilk bora ko‘zi tushgan odamdek favqulodda qiziqish bilan xarsangni kuzata boshlar, uning shu qilig‘ini olqishlab qarsak chalib yuborar va qizig‘i… har safar favqulodda voqea yuz bergan ilk soniyalarda risoladagi har qanday odamda kuzatiladigan holat – aqlining lol qolishi Sizifni butkul parishon bir ahvolga solib qo‘yardi…

* * *

Sizif armonlardan ko‘z yumib, orzu-niyatlar bilan yashashni allaqachonlar o‘ziga odat qilib olgandi. U o‘ng kifti va o‘ng kafti bilan xarsangni joyidan jildira boshlaganida toshning o‘zi-ko‘zi uchun yod bo‘lib ketgan qo‘ng‘ir, och qo‘ng‘ir, to‘q qo‘ng‘ir, qiziltob joylariga, undagi g‘aroyib chiziqlarga, izlarga, dog‘-dug‘larga, turfa kattalikdagi xollariga, lang‘illagan “gulxan”ning uchlariga birma-bir razm soldi. Nazarida, xarsangdagi har bir dog‘-dug‘, har bir chiziq-iz nimalardandir darak berayotgandek, sas-sado chiqmasa-da, nimalardir haqida so‘zlayotgandek, faqat Sizif – inson bu tilni tushunib, anglab yetmayotganidan xunobi toshar, bunga sayin xarsangning sha’niga yog‘dirgan barcha-barcha dashnomu malomatlari uchun o‘zidan xijolat chekar, hatto xuddi uzrxohlik qilayotgandek, mulzamligini xashpo‘shlagandek xarsangga tik qarolmay qolardi.

* * *

“So‘qimtabiat, to‘ng‘iztabiat jonsiz bir maxluq-da” dedi-ya, xarsangni! Vaholanki, toshda ham fikr va ruh mavjud. Jonsiz narsalar odamlar nazarida jonsiz bo‘lib ko‘rinadi, chunki insonga jonsiz narsalarning jonini ko‘rish va anglash quvvati berilmagan. Buni ba’zi favqulodda hollarda his etish, ilg‘ashgina mumkin, xolos. Kim aytgandi-ya, bu so‘zlarni? Kim aytgani yodida yo‘q, lekin eshitgan chog‘i e’tibor qilmagan, hatto bachkanadek, beo‘xshovroq chalingandi qulog‘iga. Naqadar hikmatli, naqdar purma’no so‘zlar ekanligi mana endi anglashilmoqda. O‘ylab ko‘rsa, mana o‘sha favqulodda holat boshiga tushib turibdi-ku, Sizifning. Favqulodda holat unga anglash, idrok etish imkonini bermoqda. Nainki, xarsang toshdek jonsizning jonini anglash, his etish baxti Sizifga nasib etadiganga o‘xshamoqda!..

* * *

Sizifning nazarida, xarsangning ayrim joylari oddiy tuproqdan qotirilgandek, go‘yo ularni qo‘l bilan qirib tushirish ham mumkindek tuyuldi. Sizif shu xayolda singan-netgan tirnoqlari, qontalash kaftining qirrasi bilan unnab ko‘rdi, biroq xarsangdan zarra ham ko‘chmadi, aksincha xarsangning tuproq bo‘lib ko‘ringan yerlari toshdan-da qattiq, metin bo‘lib ketgandi. Sijjilmikan?..(4) Tuproqmi, toshmi, boshqami – Sizif xarsangning qaysi yeriga qo‘l urmasin, qotib, metinga aylanib ketgandi. Xarsangning sathi sip-silliq emas, u qadar g‘adir-budur ham emas. Sizifning qo‘li – kafti, barmoqlari tegmagan joyi qolmadi. Xarsangning notanish joyi qolmadi Sizif uchun. Hatto peshonasi, beti, kifti, ko‘kragi, tizzasi… qoshi-kipriklari chippa yopishmagan joyi yo‘q xarsangning badanida. Faqat ichi, ichini bilmadi, bilolmadi. Ho, xarsang tosh, yoriltosh, men ichingni ko‘rayin, dilginangni bilayin, deya xirgoyi qiladigan bo‘ldi ahyon-ahyonda, Sizif. Zero, uning uchun xarsangdan bo‘lak do‘st, birodar yo‘q bu yerda, istaydimi-yo‘qmi – mahkum odam uchun xohish-istak degan so‘zlar begona axir – Sizifning birdan-bir ko‘z ochib ko‘radigani mana shu xarsang. Do‘sti, sirdoshi, suhbatdoshi… raqibi, hatto tajovuz qilib qolish ehtimoli bo‘lgan yakkayu yagona g‘animi shu. Vaqti kelsa, xasrat xaltasini ham mana shu toshning joniga-hissiyotiga ishonadi, shunga ravo ko‘radi Sizif.

4. “Qur’oni karim”ning “Hud” surasida keladigan bu arabiy so‘z “loyi qattiq qotib qolgan tosh” deya tafsir qilingan. Tafsiri hilol. 3-jild, B. 128.

* * *

U yodiga nimadir tushgan odamdek shoshib xarsang atrofida aylanib-timirskilanib izlay ketdi. Maymundek tarmashib uning tepasiga chiqdi, topmadi, yerga tushib, bag‘rini yerga berib emaklaganicha xarsangning ostini paypasladi. Topdi! Barmog‘ining uchlari bilan toshga yopishgan tuproqni qirib tushirdi. Qanoat hosil qilmadi shekilli, zumda qad rostladiyu, ikkala kafti bilan xarsangni osongina joyidan jildirdi. Sizif hozirgina tuprog‘ini qirib tushirgan joyini nigohi baravar balandlikka kelishini mo‘ljallab, xarsangning to‘q qoramtir sirtiga o‘zi o‘yib yozgan yozuvni o‘nglab, to‘xtatdi – “Sizif”. Ismini yozgunicha ozmuncha bulut suzib o‘tdimi, osmonda! Sizif vujud-vujudi bilan shu mashg‘ulotga andarmon bo‘ldi. Zarrama-zarra, bittama-bitta qirrador toshlar yordamida o‘yib-yo‘nib yozdi. Qo‘llari qonab ketdi, xarsangdan uchib otilgan tosh zarralari yuz-betini cho‘tir qilib yuborayozdi. Sizif ahdidan qaytmadi, to‘xtovsiz suzib borayotgan bulutlardan vaqtning hisobini oldi, demak, bulutlar o‘tadi, Sizif ham o‘tadi, yangi-yangi bulutlar keladi, ana o‘shanda bu biyobonga qadami yetgan odamlar xarsang toshdagi yozuvni o‘qiydilar! Voqif bo‘ladilar!

Sizif har bitta harfni yozishni nihoyasiga yetkazganida quvonchdan o‘zini qo‘yarga joy topolmas, harflarning qing‘ir-qiyshiqligi ham o‘ziga sezilmas, sangtarosh bo‘lib ket-ye, toshzargar bo‘l-ye, Sizifboy, deya o‘zini o‘zi alqashdan tolmas, toshga muhrlangan o‘z ismini o‘qigani sari xarsang tosh qandaydir jonli do‘sti, hamrohiga aylangandek bo‘lar, bundan hayronligini ham chetga surib qo‘yib, xarsangga qarata mehr to‘la so‘zlarini takror-takror aytgisi kelaverardi.

– “Sizif”ning yonidan “Korinf” degan so‘zni qo‘shaman, – dedi u, xayoliga kelgan fikrdan sevinib. – Zamonlar ketidan zamonlar o‘tadi, bu biyobon tashrif buyuruvchilar dastidan azbaroyi qadamjoga aylanadi, ana o‘shanda, ana o‘shanda…

* * *

Xarsang tosh tog‘ etagidagi “qo‘nalg‘asi”dan picha og‘irroq siljidi bu safar, og‘irroq bo‘lsa-da, har qalay, Sizif xarsangning yangigina sinib-uzilib tushgan joyi chang-g‘ubordan xoli, xuddi uni birov yaxshilab yarqiratib yuvgandek jilvalanayotganini ko‘rdi. Sizif turgan joyida qimir etolmadi. Nigohini xarsangning lat yegan joyidan uzmadi. U ilk marta xarsangga achinish bilan, go‘yo unga hamdardlik izhor qilmoqchi bo‘lgan qadrdondek ma’yus tortgan, kiprik qoqmay, termilib turardi…

* * *

Ha, u bilan qir-pichoqlashib, bir-birlariga g‘animlik qilishgan zamonlari allaqachon o‘tib ketdi, endi ular o‘rtasida do‘stlik, inoqlik qaror topgan, garchi xarsang bu qadrdonlikka oxiriga qadar sadoqat ko‘rsatayotgan bo‘lmasa-da, shunga qaramay, Sizif undan gina-kuduratlarini unutib yuborgan, binobarin, qoqilsang – toshdan o‘pkalama, degan naqlni eslar, xarsangni bir qadam yuqoriga olib chiqolsa ham, o‘n-o‘n besh odim-quloch tepaga dumalata olsa ham – qancha yo‘l bosganligidan qat’i nazar Sizif faqat va faqat buni yaxshilikka yo‘yar, qimirlagan qir oshar, deb o‘ziga tasalli berishdan charchamas, shuning o‘zi natija, shuning o‘zi samara, he-yech bir urinishim zoye ketmaydi degan o‘yda zinhor tushkunlikka tushmas, biroq zoye ketmagan taqdirda qanday quvonchli hodisa yuz berishi mumkinligini tasavvuriga sig‘dirolmas, bu savolga javob topolmas, shunga qaramay, bir zaylda kechayotgan kunlaridan nolimas, xunobi ortmas, zerikmas, charchamas… nega ham zeriksin, nedan charchasin Sizif?!

* * *

Unda ilgari ham zerikish, toliqish odati bor edi, sababi o‘ziga qorong‘i, to‘satdan hamma narsadan – yashashdan charchab ketar, o‘zini qayerga qo‘yishini bilmas, kundalik ayonlik vazifa va burchlariga chalg‘ishga harakat qilar, ko‘ngilochar ermaklarga andarmon bo‘lar, biroq endi bilyapti – ozod odamning charchashi bilan mahkum odamning charchashi orasida u dunyo bilan bu dunyo orasicha farq bor ekan. Unday desa, ozod odamning quvonchi bilan mahkum odamning quvonchi, shodligi o‘rtasida ham olamcha farq, tafovut bo‘larkan. Bunga Sizif o‘zi shohid bo‘lib turibdi. Sizif astoydil o‘ylab ko‘rsa… bordiyu, mana shu xarsang unga yo‘ldosh-hamrohlik qilmaganida Sizif nima bilan mashg‘ul bo‘lur edi? Boshini qayoqqa urardi, oxiri-adog‘i ko‘rinmas fursatlarini qanday o‘tkazardi? Charcharmidi? Zerikarmidi?.. Yaxshiyam, xayol bor, xotirasi butkul izdan chiqayozgan esa-da, istaydimi-yo‘qmi, o‘y-xayoli tinim bilmaydi, ushbu tinimsizlikdan taskin topadi. Eh-he-ye-ye, Sizif ozmuncha hayot sharbatini totidimi?! Dunyo tanidimi?! Vaholanki, bu yorug‘ dunyoda bor-yo‘g‘i bir kungina yashagan odamni yuz yil, istasangiz katalakda, istasangiz zindonda yoxud o‘rada saqlang, unday odam zinhor-bazinhor zerikish nima ekanini bilmaydi, chunki xotira va tasavvur uning najotkoriga aylanadi, u ana o‘sha xotirasidan va tasavvuridan taskin-tasalli, halovat topadi! Faqat…

* * *

Faqat, turib-turib, yolg‘iz qoldirishgani alami Sizifning jonini o‘rtab yuborgan damlarda u insoniy muloqot yo‘qligi bois juda ko‘p so‘zlar unut bo‘la borayotganini, buning oqibatida bir xil so‘z-bir xil gapni bot-bot takrorlayotganini payqab qolar, yodiga nima va qanday so‘z kelsa qatorlashtirib aytib tashlar va yana… g‘ashini keltiruvchi takrorga duch kelardi. Qimirlagan qir oshadi… Zo‘rning toshi qirga qarab yumalaydi!.. U mana shu hikmatlarni unutib qo‘yishdan xavotirlanar, o‘tirgan-yotgan-turgan holatlarida beixtiyor takrorlar, takrorlagani sayin ushbu bir juft tagdor gapdan kuch-quvvat olayotgandek bo‘lar, xarsangni joyidan jildirish niyatida unga qo‘l cho‘zgan zahoti esa shu madadkor hikmatlarni baralla – butun tog‘u tosh, butun biyobon, hatto hov naridagi dengiz mavjlariyu osmonda suzib borayotgan bulutlar ham eshitadigan qilib baqirib-hayqirib aytganini sezmay qolar – xuddi yangi gap kashf qilganday sevinib ketardi: omadlining toshi qirga qarab yumalaydi! Ha-a, xarsangvoy, ha-a, baqaloqvoy, o‘jarlikni bas qilsinlar, g‘o‘dayib turgandan ko‘ra, qani, qirga, yuqoriga jildik, yurdik, yumaladik, yumaloqvoy, deganicha, oldimga tushib bir chopqilla-chi, dumaloqvoy, deya bor-yo‘q alamini yana va yana zo‘r berib xarsang toshni dumalatishdan olar, ana shunda, bordiyu bekor qoldirishganida nima qilardim degan o‘ydan azbaroyi hurkib, esxonasi chiqib, sapchib tushardi.

* * *

Bekorchilikdan ko‘ra dahshatliroq, yovuzroq jazo yo‘q Sizifning nazarida! Shunday ekan, xarsangning borligi, ayniqsa uni cho‘qqi tomon olib chiqishga mahkumligi Sizifning ta’rifiga tili ojiz baxti, quvonchi, saodati! Mashaqqatlar… ko‘ringan tog‘ning yirog‘i yo‘q, ana, qiz mammi joyida qimirlamay turibdi, xarsangni alaloqibat o‘sha yerga olib chiqsa, mashaqqatlar ham shamol to‘zitgan bulutdek yo‘qoladi, unutiladi. Qolaversa, mana, ko‘z o‘ngida uning uchun yangi hayot boshlanmoqda, u qanday yangi hayot bo‘ladi, bu hayot unga qanday kutilmagan onlarni taqdim etadi – bularni-da o‘ylash, o‘ylarining adog‘iga yetishdan joniqib ketmoqda Sizif. Oshiqma, Sizif, oshiqma, deya o‘zini o‘zi sabrga chorladi u, ko‘kdan tushgan shodlikni bir sipqorishda ado qilgandan ko‘ra, uni tomchi-tomchilab, qultum-qultumlab ermak qilish zukkolik, donishlik erur.

* * *

Xarsang odatdagidek dastlabki uch-to‘rt odimlik masofada Sizifga malollik keltirmadi. Sizif odatiga ko‘ra, mamnun, toshga tarmashdi. Endi uning xarsangga tashlanishi ham, uni itarib-siltab yuqori tomon siljitishi ham avvalgilarga o‘xshamasdi. U hamon zimmasiga yuklangan maqsad-vazifani ado etish niyatidan qaytmagan, qaytish qayoq-da, tosh yumalatish uning uchun kundalik hunarga aylanib qolgan, shunga yarasha a’zoi badanidagi bor kuch-quvvatini, tiynati-tajribasidagi barcha ustomonliklarini safarbar etsa-da, xarsangga nisbatan zarracha qo‘pollikka yo‘l qo‘ymas, unga nihoyatda avaylab, ehtiyotlab munosabatda bo‘lar, siltab tashlamas, turtmas-turtkilamas, hatto xunobi toshgan mahalda ham ovozini balandlatib toshning sha’niga ola-qura haqoratlar yog‘dirmas, balki bir baxya-yarim baxyalab bo‘lsa-da, o‘zi ochgan so‘qmoq bo‘ylab oldinga-yuqoriga, oldinga-yuqoriga tarzda ilgarilashda davom etar, ba’zan, turib-turib, o‘ziga ravo ko‘rilgan jazo turi haqida o‘ylab… boshi ho‘ tepada aylanishayotgan bulutlarga qadar o‘sib ketar, shunga-da qanoat qilmay sevinchidan irg‘ib-irg‘ib tushardi!..

* * *

Alloh ato etgan aql-idrokning ozmunchasini jazo choralari, aslahalariyu anjomlarini kashf etishga sovurdimi, odamzod! Bir boshga bir o‘lim, ha, ming boshga ming o‘lim ravo ko‘rilmog‘i ham mumkin. Xayriyat, Sizifga har tunda bir yulduzni mahv etasan, demadilar. O-o, qaydasan, osmon shotisi?! Qaylarga bosh urardi Sizif, u holda?! Xarsang tosh-ku, goh yuqoriga-goh pastga qarab dumalab turibdi, adoqsiz mashaqqatu-uqubatlar keltirgan bu mashg‘ulotni bora-bora Sizif yoqtirib, hatto sevib qoldi, uningsiz turolmaydi. Unga tungi Oymo‘mani tilim-tilimlab shu tog‘ yonbag‘riga qovun qoqidek qilib terib chiqasan, deya shart qo‘ymadilar, Oftobning qoq betiga sanch, deya qo‘liga xanjar tutqazmadilar, o-o, rahm-shafqat tangrilari!.. Sokin biyobonda… Sizif sokinlikka shu qadar ko‘nikib ketdiki, tiq etgan shovqin ham uning qulog‘ini teshib yuborguday tuyular, bordiyu, o‘zini, xarsangni, tog‘ cho‘qqisini va biyobonni chulg‘ab olgan sukunatga putur yetsa, deylik, dengiz yoxud mudom bulutlar makoni bo‘lmish samo tomonlardan g‘ayritabiiy chinqiriq taralsa bormi?! Yo‘q, Sizif har qanday qiynog‘u azob-uqubatga dosh berishi mumkin, buning epini topadi, ammo-lekin chinqiriqdan yuragi yorilib ketishi, es-hushidan ayrilishi, bus-butun vujudi tilka-pora bo‘lib ketishi hech gap emas, shu boisdan ham xarsangni cho‘qqi tomon yumalatib olib chiqish jazosi boshqa har qanday shafqatsiz jazodan ko‘ra osonroq, yengillroq, azizroq… jonning rohatiga aylanib ketgandi.

* * *

Ko‘z o‘ngida elas-elas qildek ingichka sharpa-chiziqlar xira pashshadek aylanishaverdi. Barmog‘ining uchi, so‘ng kafti bilan ko‘zlarini ishqadi, necha qayta yumib-ochdi. Sharpa-chiziq birdan kattalashdi va Sizif dengizda tanish qayiq paydo bo‘ldi degan xayolda xursandligidan ikkala qo‘lini boshi uzra ko‘tarib, ovozi boricha hayqirmoqqa shaylandi. Ne ko‘z bilan ko‘rsinki, dengiz sathida qayiq emas, qop-qora tobut ohista lapanglab suzib kelayotgandi! Kutilmagan manzaradan Sizif shoshib qoldi, nima qilishini bilmasdi u, ko‘nglining bir chekkasidan lip etib o‘tgan ayanchli xavotir ko‘z oldini battar zimistonga aylantirdi. Nahotki, baliqchi chol… Yo‘q, u tirik, u o‘lmagan! Ko‘zlarim meni aldamoqdalar, degan o‘yda Sizif mushti bilan mijjalarini bosib-bosib ishqadi, qat’iyati besamar ketmadi – o‘sha zahoti ko‘z o‘ngida tobut qayiqqa aylandi, lekin u qop-qora edi, avvalgi safarlar ham u shu qadar qora edimi-yo‘qmi, bunisini eslolmadi. Muhimi, baliqchi chol o‘sha-o‘sha alfozda – bosh ko‘tarmay, betini tizzalariga tekkuday enkayganicha eshkak eshmoqda edi. Faqat… Sizif nigohlariga zo‘r berib cholning qo‘llariga razm soldi. Ikkala qo‘li eshkakda, biroq… u eshkak eshmayapti, balki suv ichidan kimdir yoki nimadir eshkaklarni tebratayotgan, eshkaklarga qo‘shilib qariyaning qo‘li borib kelayotgan, shu bois olisdan qaragan ko‘zga xuddi chol eshkak eshayotgandek ko‘rinardi. Tabiiy, bu sirning tagiga yetmagunicha Sizifning ko‘ngli tinchimasdi.

* * *

Baliqchi cholni avvalgi safar ko‘rganidan buyon orada qancha vaqt o‘tdi – Sizif buning hisobini ololmadi. Qandayiga ham olsin, axir u vaqtni yo‘qotgan, vaqt tushunchasini allaqachonlar unutgan edi. Quyosh nuri ham, oy shafag‘i ham dengiz mavjlarida akslanib Sizifga ko‘rinar, u bu holning sirini bilolmay hayratlanar, hatto osmondagi bulutlar ham ayni dengiz ko‘zgusi orqali o‘zining turfa shakl-shamoyillarini unga ko‘z-ko‘z qilar, Sizif vaqt o‘tayotganini bulutlar karvonining oqib borishi orqali his qilishga odatlangan edi. Pag‘a-pag‘a bulutlar o‘tib bormoqdalarmi, demak, hamma narsa, hamma narsaga qo‘shilib vaqt ham o‘tmoqda, dengiz o‘tmoqda, tog‘ o‘tmoqda, ularga qo‘shilib Sizif, uning izidan esa, vaqt-soati yetib, manavi xarsang tosh ham o‘tadi – jonli-jonsiz nimarsa borki, o‘tish qismatidan bedaxl qolmaydi, qololmaydi.

Sizif bir muddat dengiz tomon termilib beixtiyor dam u-dam bu ko‘zini yumib-ochib, kafti bilan panalab qarashga tushdi. O‘ng ko‘zi ho‘-o‘ olislarni aniq-tiniq ko‘ryapti, chap ko‘zi… o‘ngini berkitib uzoq diqqat qilolmayapti, chapi xira ko‘ryapti, zo‘r bersa, tirqirab yoshlanmoqda. Sizif shu choqqa dovur xayoliga keltirmagan tashvish, mana, ko‘zidan chiqib turibdi! Nahotki, chap ko‘zi uning boshiga tushgan mashaqqatlarga dosh berolmayotgan bo‘lsa? Nahotki, barcha mashaqqatni o‘ng egizagi zimmasiga yuklab, o‘zi…

Sizif birdan-bir tashvish, muammo xarsang toshga bog‘liq deb o‘ylardi. Qanday bo‘lmasin, uni hu-uv teppada simobday oqarib ko‘rinayotgan maftunkor mammi yoniga olib chiqsa bas, murodim hosil deb yurgandi, allaqancha zamonlardan buyon xarsang tosh bilan orasida ashaddiy g‘animlik saqlanib keldi, va nihoyat, yaqin-yaqinlardan u xarsangga – yumaloqqa, dumaloqqa, baqaloqqa bo‘lgan munosabatini o‘zgartirdi, ya’ni murosa yo‘lini tutib, u bilan til topishdi hisob, buyog‘iga ahil-inoq yashaymiz deb umidvor bo‘lgandi, mana, ikki ko‘zi kelisholmay turibdi!.. Endi u ikki ko‘zi o‘rtasida qozilik qilishiga to‘g‘ri keladi. Darvoqe, bu kabi kelishmovchilik ilgariroq o‘zaro oyoqlari orasida boshlanib ulgurgan, unga favqulodda yuz bergan falokat sababchi bo‘lgan edi…

* * *

…Yomon bo‘ldi. Har qachongidan ayanchli ahvolda qoldi u! Sizif butun gavdasi bilan tirik tirgovuch bo‘lib o‘tirgandi, xarsang toshga mutlaqo kutilmaganda birdan jon kirdi! Jon kirganda ham odatdagidek asta-ohista jilmadi o‘rnidan, balki to‘satdan, xuddi tepa tomondan kimdir, kimlardir yoinki qandaydir kuchlar birlashib Sizifning hayotiga atayin tajovuz uyushtirmoq maqsadida xarsangni turtib yuborishgandek bo‘ldi. Shirin xayol og‘ushidagi Sizif jon holatda o‘zini chetga otdi, biroq kechikkan edi – xarsang avvaliga Sizifni turtib yubordi, Sizif o‘zini o‘nglab ulgurmay o‘mboloq oshib tushdi, o‘mboloq osha turib ham chetga qochish mo‘ljalini oldi, biroq xarsang bag‘ritoshligiga bordi – Sizifning oyoq kaftini ezib o‘tdi. Tog‘ yon bag‘ri-biyobonni dahshatli, ayanchli qichqiriq-o‘kirik tutdi!..

* * *

U hushiga kelganida hali-hamon o‘sha o‘mboloq oshib tushgan joyida yerparchin bo‘lib yotar, qanday falokat ro‘y berganini eslolmas, chidab bo‘lmas og‘riqdan oyog‘iga qarashga yuragi betlamas, shu ahvolida ham ko‘z qiri bilan ho‘-o‘ etakdagi maydonchada qorayib turgan xarsangga nazar tashlab, unga nimadir demoqchi bo‘lardi. Boshini ko‘targan edi, ikkita qop-qora qush parr etib hurkib ko‘tarildi, Sizif so‘l oyog‘ining kafti majaqlanib ketganini ko‘rdiyu, ko‘zlarini chirt yumib oldi. Yumgan zahoti boshi uzra past-baland bo‘lib parvoz qilib turgan qushlar uning yaralangan oyog‘iga tashlanishdi, Sizif jonholatda yarador oyog‘ini yig‘ib, gavdasi bilan uni panaladi, xira qushlarni hurkitish maqsadida qarsak urgandi, kaftlari orasidan toshni toshga urgandagi qarsillagan shovqin chiqdi, bundan qushlar tugul, Sizifning o‘zi ham cho‘chib tushdi, toshga aylangan kaftlaridan nigohini uzdiyu, chamasi bir quloch narigacha cho‘zilib oqib tushgan quyuq qon tuproqqa singib, qotib qolganini ko‘rdi…

– Laka-lum lak, laka-lum lak. Lak-lakalum, lak-lakalum… – Sizif chalqancha yotgan holida ohista xirgoyi boshladi. Ovozini xiyol ko‘targandi shikastlangan oyog‘i zirqirab ketdi, og‘riq azobidan ko‘zlarini chirt yumib oldi. O‘zini chalg‘itish maqsadida, qariyb shivirlab, davom etdi: – Lak… lak… Laka-lum lak-k… L-lak, dedim-m, lak-lak…

Sizif yordamga muhtoj edi, xuddi allaqayerdan madad yetib keladigandek iltijoli nigohlari bilan atrofga, osmonga, osmon to‘la bulutga alangladi. Uvada-uvada bulut parchalari taqdirga tan bergan mag‘lub qo‘shin to‘dasi yanglig‘ olis-olislarga imillab borib osmon bilan dengiz tutashgan oraliqda ko‘zdan yo‘qolardi…

* * *

Sizif jim bo‘lib ketardi ham. Soat emas, kun emas – oylar, ehtimol yillar churq etmay yurgan paytlari bo‘ldi. O‘zining ovozi, tovushi qandayligini unutib yubordi. U azal-azaldan shovqin-surondan ko‘ra sukunatni afzal bilardi. Vaysaqilarni jini suymas, gapirgandan gapirmaslik afzal deb o‘ylardi u. Til-zabondan qolish qanchalar dahshatli bo‘lmasin, uzoq vaqt jim yurish, yotish-turish, ko‘nglidan kechayotgan hech qanday his-tuyg‘uni ovoz chiqarib hatto o‘ziga o‘zi aytmaslik, ta’kidlamaslik Sizifning ko‘ngliga xush yoqayotgandek bo‘lar, buni o‘ylagani sayin o‘zini ulug‘vorroq, vazminroq, salobatliroq his qilar, beixtiyor gapga tushib, vaysaqilikkka berilish xavfi tug‘ilganda esa darhol o‘zini qo‘lga olar, gap-so‘zsiz xarsangga tik qadalganicha u bilan bahs boylashar, kim uzoq jim yashash borasida musobaqa shartlarini o‘zicha ko‘nglidan kechirib, bitim tuzardi. “Men – insonman, istagan shartga tayyorman, istasang, bel bog‘lashaman, istasang, dumalayman, istasang, dovul-to‘fonda qilt etmay bir joyda qadalib turaveraman, hatto, mayli, soqov bo‘lib qolay, bilgan so‘zlarimning barini unutay, xirgoyi qilmay… lom-mim demaslik borasida ham musobaqalashishga tayyorman!” deya xarsangni yakkama-yakka jangga chorlar, u bundayin mutoyibanamo rivoyatlarining bir qismini ovoz chiqarib aytsa, bir qismini sas-sado chiqarmay izhor etar, haq so‘z toshni kesadi, muloyim lutf xarsangning diydasini yumshatadi deya ishonardi.

Oson kechmasdi bu qiliqlari. So‘zlash – o‘tib borayotgan hozirning sharpalari bo‘lsa, sukut – boqiylik, mangulik timsoliga aylanardi uning nazarida. Bamisoli gap sotsa – hozir bilan, sukut saqlasa – abadiyat bilan muloqotga kirishayotgandek sezardi o‘zini Sizif. Bir yo‘la ham bugun, ham kelajak bilan bitim yo sulh tuzish esa koni azob, azob, azob! Hozirga xizmat qilsang kelajak oldida muttahamsan, kelajak va boqiylik ruhida yashasang esa hozir uchun begonasan, yotsan, yot!.. Top, bunga, o‘zing, javobni, banda: qay biri afzal?!

* * *

Shu singari xayollar girdobiga g‘arq bo‘lgan Sizifning joni rohatlardan hapriqib ketar, yana qachon, qay holatda va qay alfozda bu kabi mastona-shukuhli o‘ylar qanotida parvoz qilish-qilmasligini oldindan taxmin ham qilolmas, zero, odatda favqulodda va beixtiyor tashrif buyuradigan bunday ardoqli kayfiyatini ipidan ignasigacha yodda saqlashga harakat qilardi.

Bu safar o‘zining ham, xarsangning ham avzoi durust, Sizif uni qay tomonga boshlasa, deyarli qarshilik ko‘rsatmayapti, Sizif so‘qmoqning o‘ng-tersiga, nishab-do‘ngligiga qarab xarsangni goh o‘ngga, goh so‘lga va yuqoriga qaratib dumalatmoqda. Ahyon-ahyonda esa… Sizif qo‘l-oyoq mushaklari uvisha boshlaganini birdan payqadi, dam olmog‘im zarur, degan o‘yda xarsangning quyi tomonida unga yelka tirab, oyoqlarini keng yoyganicha yerga qapishib, o‘tirib oldi. Nafas rostlab ulgurmagan ham ediki, bir qo‘l-bir oyog‘i changak bo‘lib tortishdi. Og‘riq zarbidan badaniga titroq turdi. Sizif chidadi, azob berayotgan qo‘l-oyog‘iga baqrayganicha o‘tiraverdi.

Allaqaysi safar xuddi shu alfozda xarsangga tirgak bo‘lib cho‘nqaydi. Cho‘qqining qoq yarmiga dovur ko‘tarilgan, ya’ni amali unayotgan edi, dimog‘i chog‘ edi, bir nafas rostlasa, madorini jamlasa, so‘qmoq yo‘lning qolgan qismini chog‘lasa, shoyad, shoyad xarsang qaysarlik qilmasa, butun zalvori-mahobatini Sizifning gardaniga to‘kib solmasa, cho‘qqini ishg‘ol etsa etibdi-da! Nahot insoniy qudrati ila shu yumushni uddalay olmasa? Nahot mana shu yelkasiga tirg‘alib turgan jonsiz, zabonsiz, beso‘naqay tosh bilan til topisha olmasa?! Axir!.. Axir!..

Sizif o‘zidan, o‘zining tashvishlaridan ko‘ra dengizchi cholni ko‘proq o‘ylay boshladi. Kim bo‘ldi u qariya?.. Qanday qismat yetaklab yuribdi bepoyon dengizda uni? Bosh ko‘tarmaydi, hamon suv qa’riga termilgan ko‘yi eshkak eshmoqda. Chindan eshkak eshayotganmikan yoxud?.. Tasodif go‘yo Sizif o‘zini qiziqtirayotgan jumboqqa tayinli javob topmog‘i uchun imkoniyat yaratmoqchi bo‘lgandek to‘ppa-to‘g‘rida – dengiz sathida qora qayiq ko‘lankasi ko‘rindi. Tobut emas, qayiq, dedi o‘ziga-o‘zi dalda berayotgandek Sizif. Chol tirik, eshkakni ham uning o‘zi eshmoqda! Ha, o‘zi! Aftidan g‘oyatda noyob baliq oviga shu qadar berilganki, biror marta boshini ko‘tarib atrofga qaramayapti… Bir payt qayiq tumshug‘iga kelib qo‘ngan bir juft qora qanot qush oshiqona tumshuq urishtirib olishdi-da, kutilmaganda baravariga parvoz qilib cholning tepasida charx urib aylana boshlashdi. Qariyaning ko‘nglini chog‘ qilish istagida raqsga tushayotgandek ko‘rindi ular Sizifning nazarida, biroq baliqchi chol qushlarga zarracha e’tibor bermadi, shunda charx urib aylanishayotgan qora qanotning biri tikkasiga sho‘ng‘ib kelib cholning kiftiga qo‘ndi va uning betinimi, qulog‘inimi botirib-botirib cho‘qilay boshladi. Sizifning esxonasi chiqib ketdi, mening tepamga kelgan yirtqichlar – o‘laksaxo‘rlar-ku, h-ho-oy, hayda-a-a, haydalari-ng-g degancha joni o‘rtanib chinqirdi. Cholga nima bo‘lgan axir, qarsak ursa, loaqal eshkakni bir ko‘tarsa bas-ku, bu qonxo‘r, yovuz qushlar uchadi-ketadi!..

* * *

Ko‘z o‘ngida yuz berayotgan manzaradan Sizifning ko‘ngli sust ketdi, birdan holdan toyib qoldi, zum o‘tmay o‘zini qo‘lga oldi, hushini yig‘ib qora qayiqda tosh qotgan ko‘yi dengiz uzra suzib borayotgan qariyaga yordam qo‘lini cho‘zgisi keldi. Aksiga olib, beixtiyor bor vujudi zavqqa to‘lib, xandon otib kulib yubordi birdan, shodon kulgisi qushlarga yetib bordi chog‘i ular osmoni falakka tikkasiga ko‘tarilib ketishdi. Sizif kulgisini bosolmadi – u go‘dak bolalardek qiqirlab kuldi, ovozini baralla qo‘yib xandon otdi… duvillab oqayotgan ko‘z yoshlarini tiya olmadi, shunda dengizni to‘ldirgan limmo-lim to‘lqin sathi bir tekis va bir maromda ajabtovur kuyni ijro etayotgan kabi mavjlana boshladi, mavjlana-mavjlana shabada hosil qildi, shabada shamolga aylandi va zumda sarrin epkin tog‘ yonbag‘rida xarsang toshga tirik tirgovuch bo‘lib na kulishi-na yig‘lashini bilmay qapishib o‘tirgan bu be chora va yolg‘izdan-yolg‘iz bandasining yoniga yetib kelib, ko‘rinmas qo‘llari bilan uni boshdan-oyoq o‘rab-chirmashga, yupatishga kirishdi.

* * *

Bu safar ham Sizifning umidi puchga chiqadiganga o‘xshab qoldi. Oldinga siljishning iloji yo‘q – tosh do‘nglikka tirg‘algan, o‘ng tomon qiya nishablik, chap tomon mayda qum-tosh, xarsang zalvori bilan botib qolsa, uni joyidan jildirish amri mahol, shu bois yagona chorasi – ortga qaytish. Jijcha, xiyolgina, pichagina orqaga tisralsa kifoya, so‘ng yarim qarich o‘ngga oladi-da, yo‘lida davom etadi.
Sizif shularni chamalay turib nafas rostladi, shikastlangan oyog‘idan u endi ko‘pda emin-erkin foydalana olmas, avvallari goh u-goh bu oyog‘ini ishga solsa, endilikda faqat sog‘ oyog‘ini xarsang ostiga tirgovuch qilib qo‘yar, bu yetmaganday u oqsoqlanib yuradigan bo‘lib qolgandi. Xullas, u sog‘ oyog‘ining tizzasiga dovur xarsangga tirgovich qilib qo‘ydi, qaqshab simillayotgan qo‘llarini ikki yoniga osiltirganicha go‘yo o‘zi kashf qilgan so‘zni takrorlagani sayin ruhi taskin ola boshladi: og‘ayni!.. og‘a-ini!.. og‘aynijon!..

Biroq “Og‘ayni”ning kimligi, kimni nazarda tutib Sizif bu so‘zni takrorlayotganini o‘zi ham durust anglamadi…

* * *

Muzdek shabada esdi. Shabada aralash bir tutam bulut parchasi yetib keldiyu, hozirgina g‘arq terga botgan Sizifning a’zoi badani zumda qahraton izg‘irinida qolgandek qaqshay boshladi. Shu ahvolida ham nigohini dengiz tomondan uzmagan Sizifning xayoli yarq etib ketdi.

– Chol ham Zevsning qahriga uchraganmikan?! – deb yubordi u baralla ovozini chiqarib. – Ehtimol, men ham, kunim bitib, anavi baliqchi cholning kuniga tusharman? Qora quzg‘unlarga yem bo‘larman?!

Tirik jon borki, o‘z quzg‘uni bor. Qayerga bosh olib ketma, qayerga qochma, bari bir o‘sha quzg‘unlaring qo‘liga tushasan, bir umr qochishing, jonimni saqlayapman deb istagancha shodlanishing ham mumkin va paymona to‘lgan lahzada senga, qismatingga bitilgan – faqat o‘zingagina atalgan quzg‘unlaring boshing tepasida hoziru nozir bo‘ladilar va ular ochofatlarcha o‘zlarining boqiy va shafqatsiz burchlarini shiddat bilan o‘tashga kirishadilar. Doding kimga, qayerga yetadi bu biyobonda? Taqdiring, qismating oldida nechog‘li yolg‘iz bo‘lsang, murdangni cho‘qilab xomtalash qiluvchi qora quzg‘unlaring oldida ham shunchalar himoyasiz yolg‘izsan, yolg‘iz!..

* * *

Gohida Sizif muttasil hasrat-nadomatga berilib ketganini, tinmay noliyotganini, onasidan ayrilgan sakbachchadek ingrayotgani-g‘ingshiyotganini sezib qolar, to‘satdan xarsang quloq solayotgan bo‘lsa-ya, ustimdan kulayotgan bo‘lsa-ya, degan xayolda birdan hushyor tortar va yana “og‘aynisi”ga malomat yog‘dirishdan, yozg‘irishdan, uning oldida o‘zini nochor, bechora va sho‘rlik qilib ko‘rsatishga urinishdan o‘zini, tilini tiyardi. Yo‘q, men bechora emasman, sho‘rlik, notavon ham emasman, insonman, shunday ekan, hech kimga, hech narsaga, hattto o‘zimga-da daxmaza bo‘lmayman, bo‘lmayman deya ontlar ichar, u tirik daxmazaga aylanib qolishni har narsadan og‘irroq musibat deb hisoblardi.

* * *

Sizifning xo‘rligi keldi, o‘zini kutilmaganda omadsiz, baxtsiz his qildi. Baxtsiz odam tippa-tirik daxmazaga aylanadi. Yana o‘sha sovuq so‘z – daxmaza… Sizifning eti junjikib ketdi. Haqqirost, omad yuz o‘girgan odam kimga kerak? Daxmaza… kim o‘ylab topgan bu so‘zni, kim kashf etgan?.. Ha, haqqirost, birovlarga emas, o‘zingning eng yaqinlaringga ham daxmaza bo‘lib qolasan, soyangga ham tirik tovonga aylangandek his qilasan o‘zingni!.. Yo‘q, men daxmaza emasman, daxmaza bo‘lib yurgandan ko‘ra mana shu xarsang ostida qolib yo‘q bo‘lganim afzal, deya iltijo qildi u bulutlarga yuz burib. Shunda Sizif birdan hushyor tortdi, og‘ir uyqudan uyg‘ongan odamdek sergaklandi, u o‘zini baxtdan butkul mosuvo deb bilmaydi, yo‘q, u badbaxt emas, daxmaza emas, faqat ko‘ngli sust ketgan, axir har qanday odamda bo‘ladigan holat – kimgadir erkalangisi, yaltoqlangisi, kimgadir hasratlarini dasturxon qilgisi, kimningdir dalda-tasallisiga muxtoj bo‘lib qolgisi keladi, ko‘ksiga yuzini bosib xumordan chiqquncha ko‘z yoshlarini to‘kkisi keladi, ana shunday damlarda, Sizif ham odam-da, banda-da, ixtiyorsiz ravishda xarsangga yaltoqlana boshlardi. Xuddi shunday qilsa yaltoqlanishlari kor bo‘ladigandek, iltijolari yetib boradigandek xarsang tosh atrofini gir-gir aylanib yugurishga tushar, oqsoqligi tufayli qadam olishlari beo‘xshov chiqar, “Lakalum-lak”lab g‘ingshislari harakatlariga mos kelmas, shunga qaramay, holdan toysa – odimlab, madori yetsa – yana yugurib gir aylanishni bas qilmas, unga qo‘shilib bulutlar, bulutlarga qo‘shilib dengiz mavjlari aylana boshlar, buni ko‘rgan Sizif rohatlanar, hatto beso‘naqaydan-beso‘naqay xarsang ham joyida turolmay… gir-gir aylanish kuyiga jo‘r bo‘lmoqchidek Sizifning atrofida doira yasab dumalar, Sizif yeru osmon o‘rtasida yuz berayotgan bu jo‘rovoz-ohangdoshlikni ko‘ra turib ko‘zlariga ishonmas, ammo-lekin ayni shu damlarda vujudidagi jamiki shubha-gumonlar yo‘qqa chiqib ular o‘rnini ishonch, ishonch, ishonch egallashini istar, shu o‘y-shu xayolda oxirgi misqol madori tugaguniga qadar aylanishda davom etar, alhol, alla-pallada… hushiga kelganida xarsang biqiniga betini qo‘yganicha jisman behol-bemajol, ruhan esa tiniqib, o‘zini qushday yengil his qilib yotgan bo‘lardi…

* * *

– Sabr-r! – dedi u tishlarining orasidan tupuk sachratib. – Sabrni yeb tashlayman!.. Toqa-at-t! Toqatni ikki yamlab bir yutaman-n!.. Ho-oy, qaysa-ar, ho-oy, o‘jar! Og‘ayni-i! M…menga qa…

Sizif birdan tilini tishladi. Nima dedi? Yana og‘ayni, dedimi? Kimga lutf qilyapti u? Nimaga qarata aytdi?!

Sizif tiliga kelib qolgan bu favqulodda so‘zdan o‘zi ham mutaassir bo‘lib qoldi, unga izoh topolmadi, beixtiyor bosh ko‘tarib alanglaganicha… xarsangning shu choqqa dovur ko‘rmagan-netmagan raftorini, qulog‘ini izladi. Eshitgan bo‘lsa-ya? Uning nolasi, iltijosi xarsangni moyday eritib yuborsa-ya?! Jazo toshi, mashaqqat toshi turgan joyida rahm-shafqat, muruvat toshiga aylanib qolsa-ya?!

Xarsangni erkalayotgandek uning kiftiga ohista shapatiladi, qavarib momotalog‘i chiqib ketgan kaftlari bilan siladi, birdan nazarida xarsangni ham qiynab yuborgandek tuyuldi. Bir zum xayoli qochdi – u xarsangni emas, xarsang uni cho‘qqiga olib chiqishga urinayotgandek, Sizif o‘laman sattor tog‘ tepasiga qadam bosmayman deb tixirlik qilayotgandek tuyulib ketdi. Behol jilmaydi – qaniydi?.. Xayoli joyiga qaytdi – darhaqiqat, xarsang toshda nima ayb? Jazoga mahkum etilgan Sizif bo‘lsa, nima uchun xarsang bor halovatidan ayrilmog‘i kerak?! Uning ham umri hasratda, sarsonlikda o‘tmog‘i kerak?! Unga ham malol kelayotgandir axir? Tosh bo‘lsin, xarsang bo‘lsin, metin yo sijjil bo‘lsin – Sizifning ra’yiga qarab yuribdi. Turtsa – siljimoqda, kuchi-qurbi yetgan joygacha – chiqmoqda, chog‘i yetmagan joyda esa… Xarsang boshqa yana nima karomat ko‘rsata olardi? Axir u o‘zicha tepaga qarab yo‘rg‘alamaydi-ku! O‘ziga tarmashgan, o‘zidan biron odim nari ketmay qo‘ygan bu bandaning xohish-irodasi uchun o‘zini qurbon qilib yashamoqda, shunday ekan, undan o‘pkalashi ortiqcha. Qoqilsang, toshdan o‘pkalama, chog‘ing kelmasa, xarsangdan o‘pkalama, Sizif!..

* * *

Goho tim qora tun kezlari, qilt etgan shabada ham tark etgan onlar nafas olib bo‘lmas, butun biyobonning havosi so‘rib olingandek ko‘ksi xapriqib ketardi Sizifning. Shunda to‘satdan allaqayerlardan murdalarning isi anqib qolar, u qochgani joy topolmas, qochib ketolmas ham, o‘zini xarsangning panasiga urar, mana shunday damlarda xarsang – oddiy xarsang emas, odamyutar toshga o‘xshab ketardi! Odam yutaverganidan qorni shishib ketgan, yumaloqligi, dumaloqligi, baqaloqligi shundan!.. Darhaqiqat, Sizifdan ilgari ham kimnidir shu biyobonga keltirib tashlashgan, unga ham mana shu xarsang toshni cho‘qqi tepasiga dumalatib olib chiqish jazosi belgilangan, mahkum xuddi Sizifning boshiga tushgani kabi adoqsiz va samarasiz mashaqqatli mehnatga duchor etilgan, sho‘rtumshuq mahkum harchand urinmasin, harchand tavallo qilmasin, uqubatlari zoye ketgan va kunlarning birida uni… xarsang tosh xop etib yutgan-qo‘ygan!

* * *

Ittifoqo xayoliga kelgan bu fikrdan o‘zini qayoqqa qo‘yishini bilolmay qoldi u. Basharti, shunday qismat kutayotgan bo‘lsa, bu ovoragarchilik, bu behalovotlik joniga tekkan xarsang istalgan daqiqada qoq o‘rtasidan ikkiga ajralsa-da, xop etib Sizifni bor bo‘y-basti bilan yutvorsa!..

Ana, xarsang yutib yuborgan odamlarning qo‘lansa isi kelyapti. Yoriltosh, ho, yoriltosh. Men ichingga qarayin, yuho koming ko‘rayin!.. Tuyqus xonish qilib turgan Sizifning ko‘z o‘ngida – o‘zi turgan joydan olisroq, dengiz qirg‘og‘iga yaqinroq yerda qoq-quruq shoxlari tarvaqaylagan daraxt paydo bo‘ldi. Sizif hayron bo‘lib qoldi, axir bunday daraxt-paraxtdan nom-nishon yo‘q edi, yaproqsiz, yap-yalong‘och, shox-navdalari sovuq urgandek yoki yong‘inda qolgandek qop-qora kosovga aylangan, qo‘lansa is o‘sha tomondan kelayotganmikan? Zahar-zaqqum anqimoqda. Sizif burnini jiyirdi, betini toshning bag‘riga bosganicha xarsangning biqinida biqingan toza havo qoldiqlaridan xuddi is olayotgan qashqirdek iskab-netib nafas olar – jon saqlar, saqlashga saqlardiyu, oradan ma’lum fursat o‘tgach, u endi bas, paymonam tugadi-izzatim bitdi, deb taqdirga tan berar chog‘ida xarsang tosh bir siltangandek bo‘lar, bundan Sizif hushyor tortar, holsizlikdan hushini yo‘qotar darajaga yetgan joyida birdan sergaklanar, betini xarsangdan uzib, boshini ko‘tarib atrofga alanglar, shunda havoda sezilar-sezilmas harakat alomatlari ko‘rina boshlaganini payqar, birdan sevinib ketar – Sizif uchun harakatdan quvonchliroq hodisa yo‘q hisobi, binobarin, hali erta, hali erta-a-a, degancha ovozining ochiq havoda taralashini tomosha qilmoqchidek alang-jalanglashdan to‘xtamasdi. Negadir, boshqa hech zog‘ yoki boshqa hech bir jondoru jonzot yo‘qligidanmi, ro‘parasida, yonginasida qorayib turgan xarsangga minnatdorliklar izhor qilar, bisotidagi bor iliq tuyg‘ularini unga izhor aylardi. Xarsang esa… xarsang ham jim turmas, yakkayu yagona hamrohining og‘irini yengil qilishga yaraganidan mamnundek tebranib qo‘yar, Sizif esa… Sizif esa havo harakatga kelganidan keyin ham, hatto musaffolashib ulgurgandan keyin ham xarsang tosh tegrasida hamon mayitning qo‘lansa isi saqlanib qolayotganidan ajablanar, bu badbo‘y isning anavi shoxlari qoraygan zaqqum daraxtga yoxud xarsangga nechog‘li taalluqli joyi, yaqinligi borligini bilolmay, hatto bilish istagini oshkor qilmay nafasini ichiga yutar, ko‘nglining tubidagi bu istakdan xarsang tosh xabar topib qolishidan cho‘chigandek toshga orqa o‘girib olar, boshini xam qilganicha ko‘zlarini yumib chuqur o‘yga tolar, shu qadar uzoq o‘yga cho‘mar… Yoriltosh, hoy, yoriltosh! Yorilaqol, xarsang tosh!.. Bir payt… bir payt ortida turgan xarsang toshdan bosh o‘sib chiqib, bo‘ynini cho‘zib uning tepasidan engashib, uning aftiga qarashga urinayotgandek, undan ko‘ngil so‘rayotgandek, unga ravish qilayotgandek tuyular, shunda Sizif shartta xarsang tomon o‘girilib olar, xuddi sirini yashirmoqchidek, ehtimol, rangi qum o‘chgan yoki qizarib-gezarib ketgan bo‘lar, shuni xarsang sezib qolmasligi uchun hamon xomush tortganicha, lekin endi u bilan betma-bet qad rostlab turar, bunga ham qanoat qilmay xarsangga betini qo‘yib nigohlarini undan yashirardi. Xarsang ich-ichigacha quyma tosh bo‘lganida ham shu tobda muqarrar tilga kirardi, Sizifga loaqal hamdardlik izhor etish niyatida biror sas-sado chiqarardi. Biroq u toshdan-da, sijjildan-da qattiqroq allanimadan yasalgan, Sizif esa ana o‘sha allanimani juda-juda bilgisi kelayotgandi.

* * *

Sizif qachonlardan g‘ujanak bo‘lib – sovuqda och-nahor qolgan daydi itdek qisinib, bilaklarini ostiga yig‘ib yotishga odatlanganini eslolmadi. Vaholanki, u chalqanchasiga, ko‘kka yuz tutib uxlar, shu alfozda orom olishidan behad qoniqish tuyar, hatto tush ko‘rgan damlarida ham o‘zining osmonga ustun bo‘ladigan alfozda yotishidan mag‘rurlanardi. Endi esa… chirmalib yotishga odatlanganiga ham anchalar bo‘ldi…

* * *

Bulutlarning xilma-xil shaklga kirishini kuzatishdan ko‘ra maroqliroq mashg‘ulot yo‘q edi Sizif uchun. Dov-daraxt, tog‘u tosh, qir-adr, paxta xirmonlari… Katta-kichik yirtqich hayvonlar, parrandalar… boshi kunchiqarda-quyrug‘i kunbotarga cho‘zilgan chumolilar… Bir tekisda qor qoplagan bepoyon dala, sayhonlik… Vulqon bo‘lib otilayotgan, xo‘mraygan-to‘rsaygan, qah-qah otib qarayotgan, allaqayoqlarga daryo bo‘lib oqib borayotgan, turgan joyida qoqqan qoziqdek qimir etmay qolgan, yana allaqanday hech narsaga o‘xshamagan nomsiz bulutlar!..

U mutlaqo harakatdan to‘xtagan bulut parchalariga uzoq razm solib poyladi. Osmon dog‘lari – artib tashlaging keladi ba’zan. Ba’zan esa… bahaybat odam jussasi, qo‘llarini ikki yonga quloch otgan, kallasining yarmi yo‘q, chala odam, oyoqlari ham ko‘rinmas, tikilib qaragan nigohga mana hozir kimnidir yoxud nimanidir quchoqlab olishga shaylanayotgandek!.. Bir qaragan ko‘zga go‘yo batamom harakatdan qolgandek, qaytib bir quloch ham nari-beri surilmaydigandek. Keng yoyilgan qulochi, tanasining shakl-shamoyili o‘zgarmayotgandek. Nahot, o‘zgarmasa?! Sizif bu taxmini tasdiqlanmasligini o‘z ko‘zi bilan ko‘rib, shohidi bo‘lish maqsadida ko‘kdan nigohini uzmadi. Butun diqqatini ko‘zlariga yig‘di – dam osmon bo‘ylab sochilib yotgan bulut parchalariga-dam qulochini yoygan odamga razm soldi. Yana picha kutdi, shunda pag‘a-pag‘a bulut parchalari zimdan va g‘oyatda kishibilmas ustomonlik bilan siljiyotganini sezdi. G‘aflatda qolgan o‘ljasi tomon pusib yaqinlashayotgan sirtlonning ehtiyotkorligiga o‘xshab ketdi. Biroq Sizif ham anoyi emas, u Korinfda dong‘i ketgan hushyorlardan sanalardi, yerning tagida g‘imirlagan ilonning uzun-qisqaligi, yo‘g‘on-ingichkaligi, rang-tusigacha aytib bera olardi. Shu tobda payqagani… sirni, birinchi bo‘lib bulut-odamning o‘ng qo‘li fosh qildi – u sabrsizlikka yo‘l qo‘ydi chog‘i, tirsagidan bukila boshladi. Boyadan buyon cho‘nqayib o‘tirgan Sizif yerga chalqancha uzala tushdi, ikkala kaftini ketma-ketlab peshonasiga peshayvon qilib qo‘yganicha odamnusxa bulutning qo‘lidan va juda ohistalik bilan butlasha borayotgan kallasidan ko‘z uzmadi.

Sir tezda fosh bo‘ldi-qo‘ydi, undan voqif bo‘lgan Sizif hang-mang bo‘lganicha yotgan joyidan qimirlamay qoldi. U qarab turib ko‘zlariga ishonmadi, dam u-dam bu ko‘zini yumib ochdi – manzara o‘zgarmadi – bulut-odamning uzundan-uzun va qo‘poldan-qo‘pol qo‘li oppoqqina, bokiragina mammining tugmachasi tegrasida g‘oyatda ohista aylanishga tushgandi. Bulut-qo‘ldan girdob vujudga keldi. Girdob dam mammidan uzoqlashar, dam unga atayin qilgandek teginib-teginib ketardi. Tuyqus shamol turdi, bulut parchalari to‘zidi, bulut-odamning butun badani esa to‘zib mammiga yopirildi. Sizif uzala tushib yotgan joyida o‘girildi, yuztuban yerga kirib ketgudek qapishib, ikkala qo‘li bilan boshi, ko‘zi, quloqlarini yopib, berkitib oldi.

* * *

Sizif bukchayib qolgan qaddini rostlamoqqa shaylandi, shu alfozda qaddi dol odam va yum-yumaloq xarsang tosh arazlashgan do‘stlardek bir-birlariga orqa o‘girib to‘rsayib turishardi…

– Holdan toyib yiqilib qolsam, qora quzg‘unu qumursqalarga yem bo‘lsam… Yoxud sen meni yutib yuborsang, – u ich-ichidan sizilib chiqayotgan so‘zlarni o‘z holiga qo‘ydi. Xarsangga ko‘ksini bosdi. Uzoq, sinchkov termilib qoldi. – Sening holing nima kechadi?.. Sen kim bilan qolasan bu biyobonda, qadrdon?.. Kim bilan yashaysan, kim beti, kaftlari, ko‘ksini bag‘ringga bosadi?.. Men uchun sendan bo‘lak hech vaqo qolmadi. Haybatingdan, sumbatingdan qo‘rqar, vahmlarga tushardim. Jinim suymasdi, ishonmasdim. Ne-ne ta’na-malomatlarga ko‘mib tashlamadim, seni?! La’natlarim, so‘kishlarim ostida qolding. Sen-chi, sen?!
Sizif xarsangni birinchi bora ko‘rayotgandek yoxud unga nisbatan qilgan barcha qo‘pol va dag‘al munosabatlari uchun uzrxohlik qilish payti kelganini tuyqus anglab qolgandek, bunday damlarda… bunday damlarda rozi-rizolik tilashdan o‘zga amal qolmasligiga ich-ichidan iqror bo‘layotganini yashirgisi kelmadi. Gapirgani, izhori dil qilgani sari ko‘z o‘ngida xarsang cho‘kib qolayotgandek, ezilib, yumshab muloyim tortayotgandek edi.

Irg‘ib ortiga o‘girildi, alangladi, shitob yurib xarsang atrofida aylana yasab yugurdi va hozirgina turgan joyiga qaytib taqqa to‘xtadi-da, shoshilib-oshiqib gapira ketdi: inson borki, uning oldida, yonidayu ortida ta’qib etguvchilar bor!.. Bu – haqiqat! Buning isbotiyu-tasdig‘ini o‘zim ko‘rganman! Ha, odam bolasi bo‘lsang, bilib qo‘y va unutma, banda borki, mudom kuzatuvchi va kuzatiluvchi! Bunga shak-shubha yo‘q, yo‘q, yo‘q-q!.. Nazar-nigohdan holi banda bo‘lmagan, yo‘q, bo‘lmaydi ham. Ha-a, lalayma, ko‘zingni o-och, Sizif!..

U o‘pkasini bosolmay mana shu biyobonga kelganidan buyon birinchi bor kimdir uni chetdan kuzatayotgan bo‘lishi ehtimoldan xoli emasligini ilk daf’a o‘ylab qoldi. Shu qadar parishon yurganiga lol qoldi. Kuzatuvdan holi qolgan banda yo‘q axir!.. Mana hozir, shu tobning o‘zida uning aytgan gaplariga, toshga qilgan iltijolariga kimdir chetdan turib quloq solayotganini aniq payqadi! Ha, juda aniq-tiniq tuydi – kimdir, qandaydir sharpa unga juda-juda yaqin turib Sizifning og‘zidan chiqqan g‘udranishlariga quloq soldi!

Sizif yonginasida boshqa bir kimsaning nafasini tuydi!..

* * *

Harchand urinmasin, uning nazariga hech zog‘ tushmadi. Sizif nigohiga emas, hissiyotiga ishongisi keldi. Axir ozmuncha davru davron o‘tkazdimi u bu maskanda? Ozmuncha bulutlar suzib o‘tdilarmi, uning tepasidan? Axir shu-uncha vaqtlardan buyon nega u o‘ylamadi? Nechun xayoliga keltirmadi? Axir kimdir, nimadir uni bir chekkada pusib kuzatayotgandir? Uni shu ko‘yda qoldirgan ma’budlar hov anuv tog‘ tizmasi o‘ngirlarida pusib-biqinib tomosha qilishayotgandir, mana senga haqiqat, mana senga fidoyilik, o‘zgalarga jonbozlik, holingga maymunlar yig‘lasin, holingga voy-voya-voy, deya chapakvozliklar qilishayotgandir? Uning qiliqlarini, xatti-harakatlarini, aytayotgan gap-so‘zlarini, xarsanggga, tog‘ cho‘qqisiga, ho-ov naridagi dengiz mavjlariga bag‘ishlayotgan lutfu-karamlarini tinglab, saragini sarakka, puchagini puchakka ajratishayotgandir?!

Jazoga mahkum etilgunga qadar ham ko‘p bo‘lardi bunday holat, Sizif ayniqsa yolg‘iz qolgan damlarida. O‘yga tolgan yoxud og‘ir iztiroblarga tushgan mahallar beixtiyor o‘zi bilan o‘zi suhbatga kirishib ketar, o‘sha suhbatdoshiga o‘zicha Sisif deb ism ham tanlab qo‘ygandi.(5) Maroqli damlarga aylanardi u suhbatlar Sizif uchun. Ruhan qo‘llab-quvvatlar, jo‘yali maslahatlar berar, ko‘nglini chog‘ qilardi Sisif. Sisif o‘zidan aqlliroq, donishroq, donoroq tuyulardi. Sen – Sizif, men – Sisif, der edi Sizif mutoyiba aralash mamnuniyat bilan. Sisif o‘laman sattor, ko‘nmasdi. Kim – Sizif, kim – Sisif – nima farqi bor, muhimi, bir-birimizdan ayro yasholmaymiz, ayro qolsak – ikkimiz-da, yo‘qmiz, yo‘qmiz, yo‘q!

Sizif Sisifni unutdi, ayro qoldi undan, yolg‘iz qoldi o‘zi. Bundan chiqdi… bundan chiqdi Sisif yo‘q. U holda… Sizif ham yo‘q. Nahot, unut bo‘ldi barcha-barchasi?!

Sizif Sisifni sog‘inib ketdi. Shu-uncha vaqt mobaynida uni yodidan chiqarib yuborgani joniga og‘ir botdi. Alhol, mana, Sisif oqibatli chiqdi, uning o‘zi keldi yolg‘izining qoshiga. Ko‘makka, madadga keldi Sisif!.. Qadrdoni, ishongani, yakka-yolg‘izi Sisif… xarsang toshga aylanib qolgan bo‘lsa-chi?! Ana, ana, turibdi-ku, uning ro‘parasida!.. Undan ajralmaydi, biror odim nari ketmaydi, soyasidek yonma-yon yuribdi-ku, demak, mana shu xarsang tosh – Sisif!..

5. Rivoyatlarda Sizif ismi Sisif shaklida ham kelgan.

* * *

Sizif hayoti dunyoda kayfiyati zabun hollarda o‘zini qo‘lga olish yo‘llarini izlar, o‘ziga o‘zi dalda berish choralarini topar, xushlamasa-da, men insonman, deya otashin ohanglarda hayqirar, go‘yo uning so‘zlarini maydon to‘la olomon tinglayotgandek burro-burro voizlik qilishga tushar, inson bolasi yengilib, yengilganiga rozi bo‘lib ketaverish uchun yaratilmagan. Men ham shunday odamman! Mayli, ana, qo‘llaringdan kelsa, marhamat, yanchib tashlanglar, tuproqqa qorishtirib tashlanglar, dengizga uloqtiringlar, ammo-lekin, hoy mingquloqlar, ho-oy dingquloqlar, har ikkala quloqlaring bilan, sonsiz-sanoqsiz quloqlaring bilan eshitib olinglar – zinhor meni yenga olmaysizlar! Yenga olmaysizlar!

* * *

Qorong‘i edi, xarsang tosh yanayam qoraroq, yanayam bahaybatroq ko‘rinar, toshning o‘zi emas, qop-qora soyasi vahm solibgina qolmay, Sizifni qora tuproqqa ko‘mib tashlaguday quyuq ko‘laga solib turardi. Sizif uchun bu yangilik emasdi, xarsang unga hamisha avzoi buzuq yirtqichdek ko‘rinardi, uni har lahza-har daqiqa yanchib tashlashga shay ekanligini yashirmas, basharti u shunga jazm qilib qolsa, Sizif unga bo‘sh kelmaslik chorasini oldindan o‘ylab qo‘yar, o‘ylab qo‘ysa-da, o‘ziga ishonsa-da, ba’zan yuragiga vahm oralab, vujudining allaqayerlarida ko‘z ochgan qo‘rquv sezdirmaygina uning shuurini, tasavvurini ishg‘ol etayotganini unutmasdi. Undagi qo‘rquv oddiy odamlarda bo‘ladigan qo‘rquvdan mutlaqo farq qilardi. Qo‘rquv o‘z yo‘liga, muhimi, Sizif o‘zini gunohkor deb bilmasdi, tavqi la’natga uchrashdan paydo bo‘ladigan qo‘rquvdan uning ko‘ngli to‘q, u o‘zini gunohkor deb hisoblamas, lekin o‘ziga ravo ko‘rilgan jazo – mahkumlik qismati oqibatida itdek, quturgan yovvoyi to‘ng‘izdek manavi xarsang tosh ostida majaqlanib ketishdan qo‘rqardi. Bunday qismatni o‘ziga na ravo, na loyiq ko‘rardi. Qandaydir jonsiz bir matoh – xarsang tosh ostida qolib ketishni o‘zining insoniylik qadr-qimmatiga munosib hisoblamasdi. Bu borada ikkilanishni nechog‘li o‘lguday jini suymasa, iznini qo‘rquv ixtiyoriga berib qo‘yguday bo‘lsa, tamom, hammasi muqarrar barbod bo‘lishini hatto taxmin ham qilib o‘tirmasdi. Shunga qaramay, u o‘zini chetga olmoqqa shaylandi, biroq negadir harchand chiranmasin, qadami unmadi – uni xarsangning soyasi bosib turar, bosib tursa-da, negadir joni og‘rimas, joni og‘rimasa-da, xarsangga singib ketgan qorong‘ilik pardasi zo‘r berib Sizifning nigohlarini to‘ldirib yuborayotgandi.

Tun pardasi betga tortilsa… Nahot, betim qora?.. Bu telba-sarkash tuyg‘ulardan zudlik bilan qutilmog‘i uchun ham Sizif o‘zicha choralar o‘ylab qo‘ygan, ulardan biri – g‘azabini purkaydi olamga, ming‘irlab emas, aslo, ochiq-oydin, dangaliga, tavakkaliga aytadi aytadiganini. Qani, kim aytadi, kim meni qo‘rqoqqa chiqaradi, betimga ta’na-malomat yog‘diradi, deya zimiston bag‘rini tilka-pora qila boshladi u. Men o‘zimning kim ekanligim va qanday banda bo‘lib yashab o‘tganimni yaxshi bilaman. Betimga qora balchiq chaplovchilar ozor chekmay qo‘yaqolsinlar, ularni mashaqqatdan etaman xalos, kerak bo‘lsa, o‘zimning boshimgayu sha’nimga istagancha ta’na-dashnomlar yog‘dira olaman. Ha, kim nima desa desin – takabburman, xudbinman, munofiqman. Qabohatlar koniman, ummoniman! Aybim ham, gunohim ham shu – neki bilsam, rosti, dunyoga doston qilaman, doston!..

Kifoyami, yetarlimi yoxud yana davom etaymi? Marhamat, betgachopar, chaqimchi! Illo qo‘rqoq emasman! Qorong‘ilikdan, zimistondan qo‘rqmasman, aslo! Mayli zulmat, zulumot ko‘zlarimni ko‘r qilsin, qora zaqqum daraxtidan tarqagan zahar jonimni o‘rtagancha o‘rtasin, ammo xarsangni mendan tortib ololmaysizlar, uni hech kimga bermayman, hech kasning qo‘lini tekkizmayman unga! O-o-h-h, yo‘qotib qo‘ysam, dunyoni ostin-ustun qilaman, dengizga, teppamdagi bulutlarga o‘t qo‘yaman, pag‘a-pag‘a qilib yoqaman, manavi cho‘qqining kulini ko‘kka sovuraman! Ko‘zlarim basir bo‘lsinlar, uni iskab-da, topaman! Oyoqlarim quzg‘unlarga yem bo‘laqolsinlar, ko‘ksim bilan surgalib bo‘lsa-da, yumalata-yumalata cho‘qqiga dovur olib chiqaman, xarsangni! Ana o‘shanda ko‘rasizlar, aytganlarim chinligini – qimirlagan qir oshadi!.. Ha, shunday! Zo‘rning toshi qirga qarab yumalaydi!.. Men zo‘rman, zo‘r! Ha, shunday!.. Ha-a, dahshat solib yasha yoxud yashama mutlaq! Yashama mutlaq! Xarsang mening tanim-jonim, g‘azabim, armonim, og‘aynim, muhabbatim!..

* * *

Ko‘nglidan kechgani bo‘ldi Sizifning: xarsang tosh ko‘zdan yo‘qoldi!.. Qarab turib, yonida yurib, silab-siypalab, iydiraman, ko‘ndiraman deb ravish-raftor qilib turgan bir pallada g‘oyib bo‘ldi!.. O‘h, talvasaga tushdi Sizif!.. Voh, bormagan joyi qolmadi Sizifning!.. Dengizga dovur bordi, tog‘ cho‘qqisiga – navrasta qiz mammisiga dovur chiqdi (vaholanki, xarsang toshsiz cho‘qqiga chiqish man etilgandi unga), etakdan izladi, biyobondan, ko‘kdan izladi – esdan og‘ib qolayozdi Sizif! Ko‘zim ko‘rmay qoldi degan xulosaga keldi, kaftlarini oldinga cho‘zganicha, so‘qirlarcha paypaslanib izladi xarsangni, chor atrofni qadam-baqadamlab chiqdi, emaklay-emaklay iskadi, bu qanday ko‘rgilik degancha cho‘k tushib, muk tushib bo‘zladi, tavallolar qildi!.. O‘zini beparvolikda aybladi, kimsasiz biyobonda yakka-yolg‘iz, hech bir yumushsiz qolib ketishini – o‘h, dahshat! Voh, dahshat! – o‘ylab yuraklari orqasiga tortib ketdi, shunda… shunda u zinhor-bazinhor, har qanday sharoitda ham xarsangdan uzoqlashmaslikka ahd qildi, uning yonidan bir qarich ham uzoqlashmayman deya ontlar ichdi. Emaklab oldi, to‘rt oyoqlab kelib, cho‘qqi tomon ochilgan yo‘l yoqasida – qiyalikning qoq belidan topdi. Xarsang tosh pastga qarab shiddat bilan dumalashga shaylangandek, lekin qimir etmay taqa-taq tek turardi. Bunaqasini Sizif ko‘rmagandi! U lol-behol edi, tili kalimaga kelmadi. Qo‘llari jonsiz edi. Nafas ham olmayotgandi. Betini, so‘ng ko‘ksini, bag‘rini xarsangga bosdi, onasini yo‘qotgan kuchukchadek, tumshug‘ini oldinga cho‘zib havoni hidlay boshladi, tanish is, tanishgina emas, bu hid o‘zining ham a’zoi-badaniga singib ketgan, shunday bo‘lsa-da, tizzalagan holida qulochini keng yoyib xarsangni quchoqladi, manglayini xarsangga bosganicha, ko‘zlarini yumib, og‘ir va davomli tin oldi. Jonim, dedi, yolg‘izim-yagonam, ishonganim-suyanganim, dedi. Ochiq tan oldi – sensiz men bu yerlarda yolg‘izlikdan o‘lib qolaman, dedi. Xarsangdan kaftlarini uzmadi, siladi-siypaladi, siladi-siypaladi… unga lablarini bosdi… G‘udrandi, og‘ziga nimadir ilashdi, changmi-g‘ubormi, xarsang tosh zarralarimi – ta’m bilmadi, tamshandi. Xarsang muloyimlashdi, yumshadi. Buni Sizif kafti, barmoqlari xarsangga botib keta boshlaganidan payqadi. Lekin hayron bo‘lmadi, chunki unda hayratlanishga-da hol qolmagan, bir chekkasi, qachondir mana shunday g‘aroyib voqea yuz berishini, ya’ni xarsang bilan apoq-chapoq bo‘lib ketishini u aniq tasavvur qilar, juda uzoq vaqtlardan buyon shunday damlar kelishiga ishonchi muqarrar edi. Endi hech qachon haqoratlamayman, do‘q urmayman, kaltaklamayman – boringga shukr qilaman, jonim, yolg‘izim, yagonam… Xarsang elas-elas tebrana boshladi, unga tarmashgan Sizif ham shu maromda tebranar, uning nazarida dengiz suvi ham chayqalayotgan, cho‘qqi, unga qo‘shilib osmonlar, osmonlarni to‘ldirgan bulutlar ham tebranayotgandek edi. Ko‘zlarini ochsa o‘zi va xarsangga qo‘shilib butun olam tebranishdan to‘xtaydigandek edi, shu bois nima qilarini bilmay xarsangning duch kelgan joyini kaftlari, barmoqlarining uchlari bilan tinimsiz silashda davom etdi. Xarsang erib, muloyimlashayotgandek edi…

Sizif jussasiga nisbatan bir necha baravar kattalikdagi xamir zuvalasini ezg‘ilayotgandek bo‘ldi, xamir ko‘pchib turardi, undan avval barmoqlarining uchida, so‘ng siqimida zuvala-zuvala qilib uzib-uzib ola boshladi, ayolining mammasini ham chimdib-chimdib olardi u, ayoli tushmagur uning go‘daklarcha jununvashligiga toqat qilar, toqati barobarida qiqirlab kular, xarsang toshning qarshilik ko‘rsatmayotgani, aksincha unga moyillik bildirayotgani ayolining erkaliklariga o‘xshab ketayotgandi. Agar xarsang shu tariqa bo‘linib-bo‘linib uning qo‘liga chiqaversa, yumaloq, dumaloq, baqaloqning haybati-kelbatidan asar qolmasa, xarsang siniqlarini Sizif o‘ynab-kulib bitta-bittalab, quchoq-quchoqlab cho‘qqiga tashib chiqarsa!.. Yaqinginada, boyagina g‘azabini bosolmayotgan, eski odati qo‘zg‘ab dag‘dag‘a qilishni, ayuhannos ko‘tarib ta’na-dashnomlar yog‘dirishni qo‘msagandi-ya, achchiq alamlarini kimdan olishini bilmay, osmonlarni, tog‘u toshlarni, hov naridagi dengizning titratishini ro‘kach qilib po‘pisalar yog‘dirmoqchi edi-ya, yo, alhazar, eh, afsus, eh, g‘azab!.. Zudlik bilan hovurdan tushmoq niyatida… g‘oyatda past ovozda xirgoyi qilishga o‘tdi. Xarsangning tebranishiga hamohang uning qulog‘iga xonish qila boshladi. Uzuq-yuluq xonishi juda uzoq davom etdi, ehtimol xonishlari ohangdoru so‘zsiz edi, eng muhimi… eng muhimi… mo‘’jiza yuz berdi, mo‘’jizaki, xarsang tosh badanidan moshday, no‘xatday toshchalar, toshbachchalar sachrab-sakrab to‘kila boshladi. Qalovini topsang… Ha-ha, xuddi shunday – inson o‘z vujudida qandayin kuch-qudrat pinhon ekanini, o‘zining nimalarga qodirligini taxmin qilolmaydiyu, bu bahaybat xarsangning vujudini qaydan anglasin?! Yoril tosh, xey, yoril tosh, o‘zingdan xo‘p o‘rgulayin, ichingga bir qarayin, Sisif inimni ko‘rayin, diydoriga to‘yayin! Yorilaqol, xarsang tosh!.. Baxtsizlikdan hech kim butkul kafolatlanmagay, baxtdan ham hech kim tugal mosuvo etilmagay… odam zoti butkul bebaxt va badbaxtligicha qolmagay…

* * *

Yuz berayotgan yangiliklar Sizifni tamoman shoshirib qo‘ydi. Halovotini yo‘qotdi u. Uzoq o‘ylab turmay xarsang bo‘lagini ikki qo‘llab quchoqlab olganicha halloslab, nafasi tiqilib cho‘qqiga yetgandagina nima ish qilayotganini to‘satdan anglab qoldi. Uni shu ko‘ylarga mubtalo qilgan ma’budlarning yetti uxlab tushiga kirmagan ajoyibot yuz bermoqda! Sizif xarsangning, har qalay, bir parchasini ko‘tarib cho‘qqiga yetib keldi. Cho‘qqiga chiqdi! G‘irillab esayotgan ajib bir shabada quchoq ochib kutib oldi uni. Bosh-oyoq chirmaldi. Eti ustixoniga yopishgan, jon asari qolganmi-yo‘qmi, sezilmaydigan a’zoi badani shu qadar rohat tuydiki! Azbaroyi Sizifning ko‘zlaridan yosh tirqiradi. Joniga misqollab jon qo‘shilayotganini yaqqol his qildi u. Umri bino bo‘lib ne-ne yurt kezib bunday shabadaga ro‘para kelmagandi. Loaqal mana shu lahzalar haqqi cho‘qqini zabt etish ko‘yidagi so‘ngsiz urinishlari va chekkan zaxmatlariga rozi edi u. Choqqina yalanglikda yer bag‘irlab nay sasi taraldi, Sizif yosh boladay qiyqirgisi keldi, oyog‘ining ostida bir tekis o‘sgan mayin maysada o‘mboloq oshib dumalagisi keldi, ko‘zlari charaqladi, o‘zidan bir necha odim narida, yo‘q-yo‘q, yonginasida sadafdek, nuqraday, oppoq bulutlardan-da oqroq navrasta qiz mammisini ko‘rdiyu ko‘zlari qamashib ketdi!..

* * *

Sizif shamollar, bulutlar yalab-yulqayverganidan uchi navrasta qiz mammisiga o‘xshab qolgan simobday oppoq qoya toshga chuqur ta’zim aylagisi, ikki qo‘llab uni ko‘zlariga surtgisi keldi, biroq dag‘al va toshdek qattiq va jonsiz qo‘llarini unga tekkizishni ravo ko‘rmadi, qolaversa ikki qo‘llab xarsang parchasini ko‘tarib turar, uni juda-juda avaylab va ardoqlab mana shu yaqin atrofga o‘rnatishi zarurligini unutmagandi.

Yapaloq tosh parchasini boshi uzra ko‘tardi. Sizifdagi quvonchli behalovotlik bulutga ko‘chdi, pag‘a-pag‘a bulut bamisoli sho‘x raqsga tushdi, osmon to‘zg‘idi. Sizif xarsang parchasini oyog‘i ostiga qo‘yar ekan damo-dam o‘zi chiqib kelgan yo‘lga qarab-qarab qo‘yar, ho‘-o‘ qiyalikning qoq belida – so‘qmoq yo‘l yoqasida qolgan qadrdoni – xarsang tosh tinmay imlab, uni o‘ziga chorlayotgandek edi.

* * *

Sizif ehtiroslarini jilovlab ololmayotgan, bir zum tek turmas va nima qilmog‘i kerakligini bilmasdi ham. Qo‘l-oyoqlari birovnikiday, jonsiz tayoqday, kafti-barmoqlari akashak bo‘lib tosh qotgandi. Xarchand xayolini jamlashga urinmasin, marrani zabt etganlik shukuhi zo‘r kelayotgandi. Avval oyoqlari, so‘ng qo‘llari qaltirashga tushdi. Charchoq va toliqishdan emas, yo‘q, hayajonning zo‘ridan bezgak tutayotgan edi. Yetdim deganda-ya, mana, nihoyat deya hayqiradigan payti yetganda-ya, nahotki, u qo‘rqayotgan bo‘lsa?! Axir shu onlar orzusida ozmuncha mashaqqatlarga bardosh berdimi?! Ozmuncha!.. Esankirama, Sizi-if-f! Hushingni yig‘-g‘! Hayqirishga, dunyoga jar solishga hali erta, og‘ayni! Hovliqma, birodar! Shodlanganda shoshilma! Shodlanganda shoshilma! Shodlanganda…

Davomi bor

005

(Tashriflar: umumiy 714, bugungi 1)

Izoh qoldiring