Rahimjon Rahmat. Adabiyotshunos Shahodatbonu Imomnazarovaga javoblar

Ashampoo_Snap_2017.01.08_00h21m37s_002_.png    Олима синглим Шаҳодатбону менга Фейсбук орқали савол ёзиб юборибдилар:» Сиз учун ижод нима»? Ростдан ҳам, ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, хўш, мен учун ижод нима, нега шеър ёки ҳикоя ёзмоқчи бўлавераман, мени нима мажбур қилади шу ишни қилишга?

Раҳимжон РАҲМАТ
АДАБИЁТШУНОС ШАҲОДАТБОНУ ИМОМНАЗАРОВА
САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАР

004

P1020008.jpg    Шоир, ёзувчи ва адабиётшунос Раҳимжон Раҳмат 1961 йил 31 августда Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги Қирқлар қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Икки йил ушбу даргоҳда ўқитувчилик қилган. Адабий-танқидий мақолалар, кузатишлар ва шеърлардан иборат “Дала гуллари” (2006), «Адабиётдан чиқиш» (2015) ва шеърий “Хасталик дафтари” номли китоби чоп этилган (2008).

004

1

Олима синглим Шаҳодатбону менга Фейсбук орқали савол ёзиб юборибдилар:» Сиз учун ижод нима»?

Ростдан ҳам, ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, хўш, мен учун ижод нима, нега шеър ёки ҳикоя ёзмоқчи бўлавераман, мени нима мажбур қилади шу ишни қилишга?

Аввало, бойлик тўплаш, обрў-эътибор қозониш каби дунёвий истаклар ижодга ундамайди. Аксинча, яқин-атрофимда ижод қилиб бой бўлган шоир ёки ёзувчини эшитмаганман. Ҳатто, айтиш мумкинки, одатда, ижод аҳли моддий жиҳатдан қисинган бўлади. Истеъдод табиатида ғалати қонуният бор. Мана, масалан, шоир одам моддий оламга ҳавас билан қарай бошласа, кўнглида дунёвий орзулар пайдо бўлса, шунингдек, ёлғон ёзишни бошласа, истеъдодига жуда катта путур етади, юраги дилбар наволар таратмай қўяди. Демак, шоирликни ташласангиз, иқтисодингиз яхшиланади, агар шоирлик қиламан десангиз, ёқангиз оқармайди, ёвғонга қаноат қилишга тўғри келади.

Демак, моддий истаклар билан истеъдод деганимиз бир-бири билан келишолмайди, бири ўт бўлса, бири сув.

Шоирнинг мансабга интилиши ҳақида ҳам юқоридаги фикрларимизни такрорлашимиз мумкин. Бунда битта фарқ бор. Моддий дунёга ҳавас қўйган шоир ижодни бутунлай тўҳтатиши мумкин, мансабга интилаётган шоир эса маддоҳ бўлиб қолади, руҳсиз шеърлар ёза бошлайди.

Ўзи одам нима учун ижод қилади? Бошқаларни билмадим-у, лекин нега мен бир нарсалар ёзмоқчи бўлиб қалам қиртиллатаман? Шаҳодатбону сингимиз айнан мен нима учун ижод қилишимни сўраяпти.
Ҳўш, менинг ижод қилишим ўта хусусий юмушим ҳисобланади. Шу боис ижод намуналарим матбуотда ҳам кам кўринган.

Ҳурсандчиликдан ҳам шеър ёзвориш мумкин дейишади. Лекин менда бунақаси бўлмаган. Чунки умримда қалбим шеър ёзар даражада хурсанд бўлганини эслай олмайман. Юрагимнинг шундай узлат жойлари борки, ҳали-ҳозир у ерга қуёш нури етиб бормаган…

Инсон қалби нормал мавжуд бўлиши учун етарли қувонч,шодлик, эркинлик, кенглик тополмай қолса, исён кўтаради. Биз бу исённи илҳом деймиз. Ўйлашимча, ижод қилишга уриниш руҳий-психологик интилишларимиз катта тўсиққа дуч келиши билан боғлиқ. Ҳижрон — кўнгил интилишларимиз йўлидаги тўсиқдир. Бундай ҳолатда норози бўлиб шеър ёзмасак иложи йўқ. Айрилиқ, бу — юракни олмадай узиб оёқ остида янчилишидир — марсиялар ёзмасак бўлмайди. Эрксизлик — бўри қопқонга илинди — дунёни бошга кўтариб войдод деб аянчли қўшиқ айтмаслик мумкин эмас.

Айримлар хато ўйлайдики, шоирлар баҳор ойларида баҳорни мадҳ этиб шеър битади, рутубатли кузда эса кузга бағишлаб мунгли мисралар тўқийди. Шоир қалбидаги фасллар табиат фасллари билан уйғун эмас. Шоир айни қиш чилласида баҳор манзараларини тасвирлаб мисралар битиши мумкин. Шоирликнинг сирли томони шу-да,ўзи. Одамнинг тафаккури шеър тўқимайди, шеър кўнгилда тайёр ҳолда ўзи пайдо бўлади. Биз онгимиз остидаги жараёнларни бошқаролмаймиз. Масалан эртага қанақа туш кўришимизни тафаккур ёрдамида дастурлай олмаймиз. Шунга ўхшаб, шоир одам эртага қанақа мавзуда шеър ёзишини билмайди. Ботиний шууримиз ақл-идрокимиз, мантиғимиз ва истагимизга боғлиқ бўлмаган автаном ходисдир. Илҳом — ботиний шууримизнинг фаоллашувидир. Буюк шоирлар — ўз ботиний оламига йўл топа олган инсонлардир.

Дарвоқе, мен нима учун шеър ёзиш деган ёмон одатга чалинганман?

Менинг шеърий ижодимда изчиллик йўқ. Қачонки машаққат тоғи билан юзма-юз келсам, ҳаётимда фожиа юки сезилса, бирданига сатрлар ёзишни бошлаб юбораман. Назаримда одам ўз тақдиридаги жуда катта ноҳақликни, адолатсизликни пайқаб қолса, шоирликни одат қилади.

Шаҳодатбону, барибир саволингиз жавобсиз қолди, айнан ўзим нима учун ижодга мойиллигимни айтмадим. Севиб қолсам, шеър ёзгим келади, кимдир эркимга даҳл қилса, унга шеър ёзиб пўписа қиламан. Экиним сувсизликдан сарғайса, сув тополмасам, изтироб чекаман ва мисралар ёзвораман. Туппа-тузик одамни шоирга айлантирган ҳаётнинг ноқислиги, номукаммаллигидир. Бу мавзуда яна айтар гапларим бор, мавриди билан айтаман.

2

Шаҳодатбону,синглим, саволларларингиз тобора мураккаблашяпти, энди бош қотиришга, пешонани тириштиришга тўғри келади. Аслида адабий масалаларда фикр юритмаганимга анча бўлганди, шу боис кундалик турмуш тарзимдан, айни кунлардаги қизиқишимдан анча йироқ бўлган бадиий ижодга оид фикр-қарашларим кучсизланган, тароватини йўқотган бўлиши ҳам мумкин.

Сиз, синглим, ижодкор шахси ва ижоди орасидаги номутаносиблик, ёзган асарларидан пок бўлиб кўринган шоир, ёзувчи ҳаётда унчалик ҳам ҳавасга лойиқ инсон эмаслиги ҳақида сўрабсиз.

Бир нарсани билиш керакки, ижод аҳли кишиларни одоб,аҳлоққа, покликка, инсоф-диёнатга чорловчи авлиёсифат инсон эмас. Аксинча, кўплаб севиб ўқийдиганимиз шеърлар замирида жамият ахлоқий меъёрларига мутлақо тўғри кўлмайдиган туйғуларни кўрамиз. Халқ оғзаки қўшиқларини эса ўзингиз яхши биласиз, уларда анчайин ахлоқсиз кечинмалар чиройли образларда акс этган.
Муҳаммад Юсуфнинг машҳур шеъридаги мана бу мисрасини олайлик:

Кўнглимда бир ёр, қўйнимда бир ёр…

Ҳўш, шу мисралардаги маъно меъёрий ахлоқий қоидаларимизга тўғри келадими? Албатта, тўғри келмайди. Лекин М.Юсуфнинг шу шеъридан пайдо бўлган қўшиқни ҳаммамиз севиб тинглаганмиз.
Нега севиб тинглаганмиз, ахир унда ахлоқсизлик белгилари бор-ку!

Ҳамма гап шундаки, шоир кўнгли билан қўйни орасидаги номувофиқликни чиройли бадиий образ васитасида ифода қиляпти. Шеър сеҳри чиройли образдадир. Айнан гўзал поэтик тилда айтилган маъно, ахлоқий дунёқарашимизга номувофиқ бўлса-да, бизларни эстетик жиҳатдан завқлантиряпти. Масалан, қайсидир шоир бир шеърида калта палто, узун кўйлак кийган бир аёлга кўнгил изҳор қиляпти. Ким билади дейсиз, балки ўша аёл бировнинг ҳотинидир, шоир эса уни йўлдан уришни режалаётгандир. Бизлар бу жараённи ҳаётда хиёнат деймиз. Лекин шу ҳолатнинг шеърдаги акси эстетик гўзалликдир ва у бизни завқлантиради.

Иккинчидан эса, барчамизнинг онгимиз остида жамиятдаги қонун-қоидалар, ахлоқ ва одоб меъёрлари томонидан рад этилган истак,хоҳиш, майллар мавжуд. Биз уларни онгимиз остига ҳибс қилганмиз. Ҳўш, ана шу ножўя туйғуларимиз акс этган шеърларни ўқисак бир қадар енгил тортамиз, ичимиз бир оғирликдан бўшангандек бўлади. Шуни эстетик завқ десак ҳам бўлаверади.

Ўзи, кўплаб гўзал шеърлар балчиқ кечинмаларимиздан пайдо бўлади.

Демак, шоир пок туйғуларни тараннум этадиган пок инсон эмас.

Шоир, керак бўлса, нопок туйғуларни пок образларда тараннум этадиган ижодкордир.

Шоир эзгулик ва эрк куйчисидир. Лекин унинг эрк ва эзгулиги ҳақидаги қадриятлари биз тушунгандан мутлақо ўзгачароқ ҳам бўлади. Дейлик, севишганларнинг ота-онасини уятга қўйиб бир жойларга қочиб кетиши биз тушунган эрк ва эзгулик эмас, аксинча, ахлоқсизликдир — қоралаймиз. Лекин шоир шу ходисани эрк ва эзгулик деб тараннум этса, не тонг.

Демак, шеърни баҳолаётганда умумий ахлоқий қадриятларни ўлчов қилиб олиш бизни нотўғри ҳулоса қилишимизга сабаб бўлади.

Агар диққат қилиб ўқисангиз, Рауф Парфининг севги мавзусидаги шеърларда бир эмас, балки бир неча аёлга ишора борлигини сезиш қийин эмас. Рауф Парфининг ўзи бир сухбатимизда:»Севган аёлларим шеърларимнинг ичида, излаган одам топади» деган эди.

3

Шаҳодатбону, синглим, сиз менинг шеъриятдаги маддоҳлик ҳақидаги фикримни ҳам билмоқчи экансиз. Эътироф этишингизча, ҳозирда шоирлар орасида маддоҳлик иллати урчиётган экан.

Йўқ. Мен ундай деб ўйламайман. Кейинги пайтда уч-тўртта мадҳиянамо шеър ёзилди, лекин уларни шеър деб бўлмайди, шеър муаллифлари эса шоир саналмайди, шунчаки артистларга маиший ва ночор матнлар ёзиб юрадиган шааирлар соҳта ва юзаки сўз йиғиндисини эълон қилишди. Агар эътибор берган бўлсангиз, мадҳияга ўхшаш бир нарса ёзган шааирлар артистлар билан бирга юрадиган матнчи кимсалар. Матнчи деганим артистга тезликда буюртма матн ёзиб берадиганларни айтяпман. Артист уларга айтадики, фалон байрам яқинлашяпти, шунга атаб матн ёз. Шааир-матнчи шу ишни тезда эплайди. Ҳатто унинг истолда ўтирган жойида қандайдир мусиқа оҳангига тебраниб, дилида бир нималарни ҳиргойи қилиб қоғоз қоралашини тасаввур қиламан. Матн тайёр бўлгач, истол устида турган олмадан бир дона олиб, ғарч этиб тишлаб, чайнаб, ярмини ютар-ютмас артистга тилпон қилади: қўшиқ тайёр, ҳозир ўқиб бераман деб оғзидаги чайналган олмани ютиб,шиғир ўқишни бошлайди: О,ватаним,ягонасан, дурдонасан, Боғларинг жаннат, тоғларинг ҳазина.

Артистлар орасида рақобат кучли, чунки орада пул бор. Ҳўш, артистлар рақобатда енгилмаслик учун сиёсатдан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Масалан, мадҳиянамо қўшиқ айтиб ёки йирик ва таъсирли шахсларни бевосита мақтаб, гўё давлат сиёсатини қўллаётгандек бўлиб иммунитетга эга бўлишга харакат қилишади. Бу иш учун уларни танқид қилмоқчи эмасман. Ўртада рақобат бор, енгилмаслик чорасини кўриш керак. Анов шааирлар эса шу артистларнинг дилидагини матн ҳолида ошкор қилишади.

Алишер Навоий ҳам мадҳия ёзган. Мадҳия шеъриятдаги бир жанрдир. Лекин мадҳиянинг бадиий жиҳатига эътибор берилади. Бадияти бўш мадҳия шеър шеър саналмайди, демак уни мадҳия деб ҳам бўлмайди.

Шеъриятда, умуман адабиётда бадият асосийдир. Бадиятдан маҳрум матн шеър саналмайди.

Ҳалво деган билан оғиз чучимайди деймиз. Шааир мадҳия ёзиб «ҳалво-ҳалво» деяпти, бундан ўқувчининг оғзига маза кирмайди.

Аслида мадҳия деганимиз энг жиддий поэтик жанрлардан биридир. Эркин Воҳидовнинг “ Ўзбегим “, Абдулла Ориповнинг “ Ўзбекистон “,  Муҳаммад Юсуфнинг “ Ўзбекистон” ва бошқа кўплаб машҳур шоирларимизнинг ватанимиз ва ҳалқимиз шон-шуҳрати, буюк кечмишига бағишлаб битган юксак бадиятли шеърлари мадҳия жанрига мансубдир. Мен ҳам ҳар доим бадиий жиҳатдан пуҳта, халқимизнинг ғурурини юксалтирадиган, кўксида миллий фахр туйғуларини уйғотадиган мадҳия шеър ёзишни орзу қиламан, ҳозирча орзуим амалга ошгани йўқ.

4

Шаҳодатбону, синглим, мен сизга шоирликнинг энг муҳим жиҳати ҳақида бир қадар тушунча бермоқчи эдим. Менга смс қилиб бир неча савол йўллаган экансиз, шу саволларингизга пайдар-пай жавоб ёзавераман. Шоирлик, бу — таъсирчанлик,сезрилик, куючаклик, дардни юракка яқин олишдир. Бунақа сифатлар болалигимизда ҳаммамизда бўлади, улғайгач, қалбимиз қаттиқлашади. Назаримда шоирларнинг қалби улғаймай бола ҳолида қолиб кетади ва шу боис, юқорида тилга олганим туйғулар уларда фавқулодда кучли бўлади. Болаликни эсланг. Қалбимизга қаттиқ теккан нарса, ҳолатни кечаси онгимизда қайта жонлантириб, ўзимиз қўрқамиз. Фантазиянинг кучлилиги, нарса-ходисаларнинг нозик жиҳатини пайқаш ҳам болаларга хос одат. Бола сизга савол бериши мумкин:

— Нечта қуёш бор?
— Битта,- деб жавоб қайтарасиз. У сизга эътироз билдиради:
— Битта эмас,кўп. Ҳар куни осмондан битта қуёш ўтиб кетяпти-ку.

Бола астраномия илмини билмайди, шунинг учун масалани ўзининг кучли ҳаёлоти билан ҳал қилиб қўя қолади. Шоирлик мантиқ ва илмга тескариликдир. Шоир ҳудди бола каби масала-муаммога кучли фантазия билан ечим топади.

Болаларга хос яна бир одат жонлантиришдир. Масалан, бола хаёлан нарса-жисмларга ҳам жон ато эта олади, эртаклаги дев,париларни хаёлида тирилтириб, охирида ўзи қўрқиб бақириб юборади. Одамда фантазия кучли бўлса, хаёлидаги нореал нарса кўзига кўринади.

Тағин бола мўъжизага ишонади. Масалан, дарёда сув париси яшайди деб айтсангиз, бола гапингизга ишонади ва ўша сув парисини учиратишни орзу қилади. Карл Юнг айтадики, шоирларда болаларга хос мўъжизага ишониш одати сақланиб қолган бўлади. Шоир ишонади — оғзидан олов пуркайдиган уч бошли аждарҳо ҳаётда бор. Хуллас,шоирнинг онги остида мўъжиза, афсона ва ривоятларга ишонч бус-бутун сақланиб қолган бўлади.

Мен шоир Рауф Парфи билан маълум бир муддат кўп сухбатлашгандим ва у кишининг характеридаги айрим нозик жиҳатларни пайқагандим. Рауф ака айтар эдики, ўлим хабари кўнлгимни ёмон бузади. Бировнинг ўлганини эшитсам, кун бўйи азобланаман,охири битта шеър ёзиб азобдан қутиламан. У киши Чўлпон ва Қодирий каби шоир ва ёзувчиларимиз қамоқда қандай қийноққа солинганини, қандай отилганлигини кўп гапирар ва,энг муҳими, уларнинг чеккан азоби, тортган дард-оғриқларини ўз қалбида қайта тирилтира оларди: гўё назаримда қаршимда ўтирган инсон Рауф ака эмас, балки қийноққа солинаётган, ўлим оғриғини ҳис қилаётган Чўлпон, Қодирий тургандек бўларди, Рауф аканинг кўзига қараб сезардимки, у киши ўлим оғриғини Чўлпон қандай ҳис этган бўлса, шундай ҳис этяпти. Аслида шоир қалбида уйғонган ана шундай оғриқли, изтиробли туйғулар ноёб шеър ёзилишига туртки бўлади.

Умуман, Шаҳодатбону, шоирлик ҳақида яна кўп қизиқ фикрлар айтишим мумкин. Лекин гапни қисқа қиламан. Чунки юқорида шоирликнинг энг нозик ва асосий жиҳати ҳақидаги фикримни айтдим, қолган гапларим шу фикримга илова бўлиши мумкин, ҳолос. Лекин фикримга бир аниқлик киритишни истардим. Таъсирчанлик, дардни юракка яқин олиш барча тур ижод аҳлига хосдир. Масалан,рассом билан шоирнинг юраги бир хил бўлади,фақат бирининг ифода воситаси сўз, иккинчисиники ранглардир.

5

Шаҳодатбону, мендан тақлид ҳақида сўрабсиз. Мана, синглим, кўринг, биласизки, дунёда ҳеч қайси одамнинг бармоқ излари бир-бириникига ўхшамайди. Шу боис криминалистлар ҳар биримиздан бармоқ изларини олади. Кўз қорачўғларимиз ҳам ҳамманики айродир. Шоирларнинг услуби ҳам бармоқ изларидек бири иккинчисини такрорламайди. Мен бу ўринда истеъдодли шоирлар ҳақида гапиряпман, ночор шоирларда бармоқнинг (услубнинг) ўзиям бўлмайди, шеърларида тирик қалби ҳам сезилмайди.

Эркин Вохидов услубига эътибор беринг. Буюк шоиримиз кучли поэтик кечинмани тафаккур мантиғи измига сола билади. Абдулла Орипов шеърларида поэтик мақсад шоирнинг ички “Мен”и орқали намоён бўлади кўпроқ. Рауф Парфи эса поэтик кечинма ўпқонига бутунлай боши билан шўнғийди, шеърий мақсадни чуқур кўнгил кечинмалари орқали юзага чиқаради. Хуршид Даврон ғоят тиниқ ва чиройли манзараларни кўз ўнгингизда ёрқин гавдалантира олади. Шавкат Раҳмон эса борлиққа бола кўзи билан қарайди, назаримизда унинг кўзида нарсаларни катта қилиб кўрсатадиган лупа бордек. Масалан, юксак тоғлар деб ёзсам, ўқувчи тоғнинг юксаклигини пайқамайди, агар Шавкат ака юксак тоғлар деса ўша ондаёқ тоғларнинг бениҳоя юксак ва маҳрурлигини тасаввур этасиз ва ҳис қиласиз. Усмон Азим ўз шеърларида битта сўзни бир бутун гап ўрнида ишлатади. Шу битта гап-сўзида битта шеърга лойиқ кечинма жилва қилиб турганини сезмай иложингиз йўқ.

Шаҳодатбону, тақлид ёмон нарса, у умрни елга совуришдир.

Масалан, шоир одам йигирма, ўттиз йил ижод қилиб, ўнлаб китоблар нашр этиб, унвон ва мукофотларга эга бўлиб, ҳўш, кунлардан бир кун гўё машаққатли ва узоқ йиллик ижодий меъроси тақлид эканлигини сезиб қолади.

У сеза бошлайдики,мавзулар, шакллар ва энг асосийси, кечинмалар ҳаммаси ўзгалардан кўчирилган, ўзиники эмас. Тақлид чангалидан чиқиб кетиш мушкил иш жудаям. Оригинал ижод намунангиз ҳам ўзгаларга тақлид эканлигингини пайқайсиз. Қалин китобларингизни варақлайсиз: шеърларингизда ҳамма нарса бордек, лекин ўзингиз йўқсиз.

Тақлид — ўзга шоирнинг шеърларида акс этган юрак қони билан ўз исмингизни ёзишга уринишдир. Ўзганинг қони билан оқ қоғозга исмингизни ёзишингиз мумкиндир. Лекин қоннинг таркиби, ундаги дард ва тўғён сизники эмас, бировники. Тақлидий шеърлар руҳи ўлик шеърлардир.

Дейлик, Рауф Парфи ижоди билан танишдингиз. Агар ўқувчи бўлсангиз шеърлардан завқланасиз, мабодо шоирлик даъвоингиз бўлса тақлидий парфиёна шеърлар ёзворасиз. Кейин Абдулла Орипов ижоди билан танишасиз ва орифона шеърлар тўқийсиз. Кейин Муҳаммад Юсуф ва Шавкат Раҳмон бўлиб кўрасиз. Қарабсизки, ҳормай-толмай ўттиз йил ижод қилиб қўйибсиз. Танланган асарларингиз босмадан чиқади. Ўзингиз ҳам қарийсиз, тепакал ва инжиқ бўлиб қоласиз. Каттароқ байрам муносабати билан Халқ шоири унвонини оласиз. Лекин шеърхонлар тўрт қатор шеърингизни ҳам ёддан билмайди. Тўсатдан адабиёт амалдорига айланиб, атрофингизга ўзингизга ўхшаган адабиётда бетайинларни тўплаб, оригинал ижодкорларга ғаразингизни намойиш қиласиз.

Хуллас,гап бундай. Ўзга шоирлар ижоди сизга маҳорат мактаби бўлиши мумкин, лекин илҳом булоғи бўлолмайди. Ўзганинг шеърига сачраган юрак қони билан шеър ёзманг, қонни ўз юрагингиздан олинг.
Ахир сиз ҳам одамсиз, қалбингиз бор. Ўша қурғур қалб айрилиқ ва ҳижронларда қийналгандир, изтироблар чеккандир. Ҳўш, ўз қалбингиздан кечган кечинма-изтиробларни шеър қилинг, ўзга шоирларнинг қонига ташна бўлманг.

6

Шаҳодатбону, гарчи бу ҳақда савол бермаган бўлсангиз ҳам, гап орасида ижод тақдирига боғлиқ муҳим гапни айтмоқчиман.

Ижодкорнинг истеъдодини нима кучсизлантиради ва нима нарса кучайтиради,?- деб савол йўллабди бир қаламкаш синглимиз. Албатта, бу масалада ўзимнинг шахсий фикрларим бор, шуларни гапираман.

Ижодкорларнинг ўзаро ижодий мулоқоти, самимий ҳамкорлиги, беғараз дўстлиги ва улар орасидаги ижобий рақобат истеъдодларини ўстиради, вояга етказади. Агар самимий ижодий мулоқат қилиб юрганлар маълум бир ғаразли мақсадлар атрофида бирлашиб тўда, гуруҳга айланса, ҳаммасининг истеъдодига путур етади. Чунки, агар сиз тўда вакилига айлансангиз, мажбур тўдадошингиз ёзганларини ёлғондан мақтайсиз. Ёлғон истеъдоднинг кушандасидир. Тўданинг адабий қадриятлари ҳам ўзгаради, тўда вакилларининг шахсий манфаати олдинга ўринга чиқиб, адабий ўлчовларга путур етади. Истеъдодни чархлайдиган яна бир нарса ёлғон ёзишдан тийилишдир. Жамиятда шундай муҳитлар борки, агар ўша муҳитга мансуб бўлиб қолсангиз ёлғон ёзишга мажбур бўлиб қоласиз. Демак, истеъдодингиз тўла рўёбга чиқиши учун нобоп муҳитдан четланиш лозим.

Гапни қисқа қиламиз. Қайси муҳит, қайси тўда, қайси шароит адабий қадриятларингиздан чекинишга, ёлғон ёзишга, маддоҳ бўлишга мажбурлаётганини сезсангиз, дарҳол ўша муҳит, ўша тўдани тарк этинг, узоқларга кетинг, орқангизга қайтманг, сиз учун нажот йўли, ижодий балоғат марраси узоқлардадир.

Мен ёлғизман, овозим ёлғиз… Рауф Парфи.

7

Шаҳодатбону, ҳаёт ва ижод ҳақидаги айрим узуқ-юлуқ фикрларимни эътиборингизга ҳавола этяпман. Уларнинг айримлари бевосита бадиий ижодга тааллуқли бўлмаса-да, қай бир жиҳати билан инсоннинг ижодкорлик қобилияти ишора бор.

* * *

Илҳомнинг келиши қизиқ. Рауф Парфи сухбатларимиздан бирида илҳом келаётгандаги аҳволини гапирганди. У киши айтган эдики, илҳомий кайфият пайдо бўлса, қўлимга супурги олиб хонамни супириб тозалайман, латта минан дераза ойиналарини, истолнинг учидаги чангларни артаман, туфлимни тозалайман, хуллас, тозаликка риоя қила бошлайман.

Умуман айтганда, илҳомнинг келиши ҳар кимда ҳар хил ҳолат, вазият пайдо қилали. Мен, масалан, илҳом келаётган паллалар жим бўлиб қоламан, биров билан гаплашгим келмай қолади.

* * *

Кўчамиздан бегона ит ўтса, майда болачалар тошбўрон қилади. Ит нотаниш бўлганлиги, маҳалладаги ҳеч қайси хонадонга тегишли бўлмаганлиги учун унга тош отишади. Шу бечора итни фикрга ўхшатайми? Ҳеч кимникига ўхшамаган фикр айтсангиз, маломатга қоласиз.

* * *

Ўйлардимки, фикрлаш — юксакка кўтарилиш, чўққига интилиш, шу боис у машаққатли ва изтиробга тўла.Хато ўйлаган эканман.

Фикрлаш юк ортилган катта машинанинг довондан пастга тушишига ўхшаркан, бир оёғингиз билан тормозни босиб тураркансиз, йўқса ҳалок бўларкансиз.

Фикрлашда машаққат ва изтиробдан кўра ҳатар кўп экан.

* * *

Айрим машҳур ёзувчи, шоир ва олимлар кекса ёшида бирданига жамиятда номи кўринмай қолади, овозлари ўчиб қолади. Таҳмин қилиш мумкинки, улар бетобланиб қолишган ва илмий-ижодий фаолиятларини тақа-тақ тўҳтатишган. Орадан уч-тўрт йил ўтиб эса, уларнинг вафот этгани тўғрисида хабар тарқалади. Лекин шундай буюклар борки, улар бетобланиб тўшакка ётиб қолсалар ҳам, оғир жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказсалар ҳам ижодни бас қилмайди, ижтимоий-адабий ҳаётда фаоллигини йўқотмайди. Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Эркин Вохидов, Озод Шарафиддинов каби ижодкорларимиз энг сўнгги нафасигача ижод майдонини тарк этишмади, фаолиятлари асло сустлашмади. Назаримда улар ҳозир ҳам лаҳаднинг деворига бир нарсаларни ижод қилиб ўтиришибди…

Ғарблик бир шоир жон чиқар маҳали: » Қаламни беринглар. Ўлимни кўряпман !» — деган экан.

* * *

Ёзувчи ва шоир бетакрор ва ноёб бадиий асар яратса, миллатига хизмат қилган бўлади. Улар фақат ижоди билан ўз ватанларига садоқатли ўғлон эканликларини исботлаши мумкин. Ҳар турли иррационал ва сентиментал мазмундаги очиқ-сочиқ маддоҳизмлик қилиш ижод аҳли учун тўғри йўл эмас. Яна бир нарсани билиш керакки, азалий инсоний қадриятлар ёзувчи-шоирнинг ижтимоий позицияси бўлиши керак.

Аслида ижодкорман дейишлик зиммамга улкан масъулият олдим деганидир.

* * *

Уйқу ҳам кучли бир наркоздир.

Жарроҳ томиримиздан кучли дори жўнатиб онгимизни ҳеч нарсани сезмайдиган фалаж ҳолга келтиради ва қорнимиз,биқинимиз ёки бошқа жойимизни кесиб ҳаётимизга ҳавф солаётган касалликни бартараф қилади.

Уйқуни ҳам наркоз дедик. Бу наркоз Аллоҳдандир.

Хўш, Худо бизни ухлатиб, сўнг қайси касалимизни даволайди?

Менингча, Эгам бизни даволамайди, балки уйқу воситасида эски кундан янги кунга олиб ўтади.

Ҳаёт мазмунан, моҳиятан шу даражада оғир ва машаққатлики, агар Худо уйқу ёрдамида бизни янги кунга олиб ўтмаса, ўз ихтиёримиз билан янги кунга яшашни давом эттириш учун ўтмасдик.

* * *

Ҳар қандай мақсад, ғоя, фикрдан воз кечиб сувдай яшашни ўрганиш керак. Сув агар тўғридан йўлини тўссалар,чапга оқади, чапниям беркисангиз, ўнг томонга оқади. Агар ҳамма йўлини беркитсангиз, кўкка юксалади.

* * *

Сузишни билмайдиган кимса киндигидан чуқурроқ сувга тушмайди, балки чуқур жойга тош отади…

* * *

Танамиз — ҳақиқатни тўсиб турган девордир. Ҳақиқатни кўриш учун шу деворни қулатишинг ёки тирмашиб тепасига чиқмоғинг лозим.

* * *

Ижод — қулоғингиз орқасига қистирилган гул эмас, балки орқангизга урилган ҳанжардир….Суғириб олсалар, ўласиз….

* * *

Ижод — қалбда ўсган ўсимтани олиб ташлашдир. Агар ўсимта ёмон сифатли бўлса, бир умр ижод қилишга мажбурсиз.

* * *

Ақл тараққий этмаса, айёрлигича қолиб кетади.

Ақлнинг айёрлиги интелектдан юз фоиз маҳрумликни билдиради.

* * *

Болам, мана бу хом хамир. Манави эса қизариб пишган хуштаьм нон.

Сен хозир хом хамирга монандсан, нонга айланишинг учун албатта иссиқ тандирга киришинг лозим бўлади, бошқа иложи йўқ.

* * *

Душманинг кучсизланса, сен хам қувватдан кетасан. Душманинг ўсишдан тўхтаса, сен хам пакана бўлиб қоласан.

* * *

Баьзан егани хам ноним қолмаслиги ношудлигимдан эмас, болам, ҳалоллигимдан шунақа бўлади.

Фарғона вилояти, Данғара тумани, Қирқлар қишлоғи

P1020009.JPGRahimjon RAHMAT
ADABIYOTSHUNOS SHAHODATBONU IMOMNAZAROVA
SAVOLLARIGA JAVOBLAR
004

Раҳимжон-Раҳмат.png Shoir, yozuvchi va adabiyotshunos Rahimjon Rahmat 1961 yil 31 avgustda Farg‘ona viloyatining Dang‘ara tumanidagi Qirqlar qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning o‘zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. Ikki yil ushbu dargohda o‘qituvchilik qilgan. Adabiy-tanqidiy maqolalar, kuzatishlar va she’rlardan iborat “Dala gullari” (2006), “Adabiyotdan chiqish” (2015) va she’riy “Xastalik daftari” nomli kitobi chop etilgan (2008).

004

1

Olima singlim Shahodatbonu menga Feysbuk orqali savol yozib yuboribdilar:“ Siz uchun ijod nima”?

Rostdan ham, hech o‘ylab ko‘rmagan ekanman, ho‘sh, men uchun ijod nima, nega she’r yoki hikoya yozmoqchi bo‘laveraman, meni nima majbur qiladi shu ishni qilishga?

Avvalo, boylik to‘plash, obro‘-e’tibor qozonish kabi dunyoviy istaklar ijodga undamaydi. Aksincha, yaqin-atrofimda ijod qilib boy bo‘lgan shoir yoki yozuvchini eshitmaganman. Hatto, aytish mumkinki, odatda, ijod ahli moddiy jihatdan qisingan bo‘ladi. Iste’dod tabiatida g‘alati qonuniyat bor. Mana, masalan, shoir odam moddiy olamga havas bilan qaray boshlasa, ko‘nglida dunyoviy orzular paydo bo‘lsa, shuningdek, yolg‘on yozishni boshlasa, iste’dodiga juda katta putur yetadi, yuragi dilbar navolar taratmay qo‘yadi. Demak, shoirlikni tashlasangiz, iqtisodingiz yaxshilanadi, agar shoirlik qilaman desangiz, yoqangiz oqarmaydi, yovg‘onga qanoat qilishga to‘g‘ri keladi.

Demak, moddiy istaklar bilan iste’dod deganimiz bir-biri bilan kelisholmaydi, biri o‘t bo‘lsa, biri suv.

Shoirning mansabga intilishi haqida ham yuqoridagi fikrlarimizni takrorlashimiz mumkin. Bunda bitta farq bor. Moddiy dunyoga havas qo‘ygan shoir ijodni butunlay to‘htatishi mumkin, mansabga intilayotgan shoir esa maddoh bo‘lib qoladi, ruhsiz she’rlar yoza boshlaydi.

O‘zi odam nima uchun ijod qiladi? Boshqalarni bilmadim-u, lekin nega men bir narsalar yozmoqchi bo‘lib qalam qirtillataman? Shahodatbonu singimiz aynan men nima uchun ijod qilishimni so‘rayapti.
Ho‘sh, mening ijod qilishim o‘ta xususiy yumushim hisoblanadi. Shu bois ijod namunalarim matbuotda ham kam ko‘ringan.

Hursandchilikdan ham she’r yozvorish mumkin deyishadi. Lekin menda bunaqasi bo‘lmagan. Chunki umrimda qalbim she’r yozar darajada xursand bo‘lganini eslay olmayman. Yuragimning shunday uzlat joylari borki, hali-hozir u yerga quyosh nuri yetib bormagan…

Inson qalbi normal mavjud bo‘lishi uchun yetarli quvonch,shodlik, erkinlik, kenglik topolmay qolsa, isyon ko‘taradi. Biz bu isyonni ilhom deymiz. O‘ylashimcha, ijod qilishga urinish ruhiy-psixologik intilishlarimiz katta to‘siqqa duch kelishi bilan bog‘liq. Hijron — ko‘ngil intilishlarimiz yo‘lidagi to‘siqdir. Bunday holatda norozi bo‘lib she’r yozmasak iloji yo‘q. Ayriliq, bu — yurakni olmaday uzib oyoq ostida yanchilishidir — marsiyalar yozmasak bo‘lmaydi. Erksizlik — bo‘ri qopqonga ilindi — dunyoni boshga ko‘tarib voydod deb ayanchli qo‘shiq aytmaslik mumkin emas.

Ayrimlar xato o‘ylaydiki, shoirlar bahor oylarida bahorni madh etib she’r bitadi, rutubatli kuzda esa kuzga bag‘ishlab mungli misralar to‘qiydi. Shoir qalbidagi fasllar tabiat fasllari bilan uyg‘un emas. Shoir ayni qish chillasida bahor manzaralarini tasvirlab misralar bitishi mumkin. Shoirlikning sirli tomoni shu-da,o‘zi. Odamning tafakkuri she’r to‘qimaydi, she’r ko‘ngilda tayyor holda o‘zi paydo bo‘ladi. Biz ongimiz ostidagi jarayonlarni boshqarolmaymiz. Masalan ertaga qanaqa tush ko‘rishimizni tafakkur yordamida dasturlay olmaymiz. Shunga o‘xshab, shoir odam ertaga qanaqa mavzuda she’r yozishini bilmaydi. Botiniy shuurimiz aql-idrokimiz, mantig‘imiz va istagimizga bog‘liq bo‘lmagan avtanom xodisdir. Ilhom — botiniy shuurimizning faollashuvidir. Buyuk shoirlar — o‘z botiniy olamiga yo‘l topa olgan insonlardir.

Darvoqe, men nima uchun she’r yozish degan yomon odatga chalinganman?

Mening she’riy ijodimda izchillik yo‘q. Qachonki mashaqqat tog‘i bilan yuzma-yuz kelsam, hayotimda fojia yuki sezilsa, birdaniga satrlar yozishni boshlab yuboraman. Nazarimda odam o‘z taqdiridagi juda katta nohaqlikni, adolatsizlikni payqab qolsa, shoirlikni odat qiladi.

Shahodatbonu, baribir savolingiz javobsiz qoldi, aynan o‘zim nima uchun ijodga moyilligimni aytmadim. Sevib qolsam, she’r yozgim keladi, kimdir erkimga dahl qilsa, unga she’r yozib po‘pisa qilaman. Ekinim suvsizlikdan sarg‘aysa, suv topolmasam, iztirob chekaman va misralar yozvoraman. Tuppa-tuzik odamni shoirga aylantirgan hayotning noqisligi, nomukammalligidir. Bu mavzuda yana aytar gaplarim bor, mavridi bilan aytaman.

2

Shahodatbonu,singlim, savollarlaringiz tobora murakkablashyapti, endi bosh qotirishga, peshonani tirishtirishga to‘g‘ri keladi. Aslida adabiy masalalarda fikr yuritmaganimga ancha bo‘lgandi, shu bois kundalik turmush tarzimdan, ayni kunlardagi qiziqishimdan ancha yiroq bo‘lgan badiiy ijodga oid fikr-qarashlarim kuchsizlangan, tarovatini yo‘qotgan bo‘lishi ham mumkin.

Siz, singlim, ijodkor shaxsi va ijodi orasidagi nomutanosiblik, yozgan asarlaridan pok bo‘lib ko‘ringan shoir, yozuvchi hayotda unchalik ham havasga loyiq inson emasligi haqida so‘rabsiz.

Bir narsani bilish kerakki, ijod ahli kishilarni odob,ahloqqa, poklikka, insof-diyonatga chorlovchi avliyosifat inson emas. Aksincha, ko‘plab sevib o‘qiydiganimiz she’rlar zamirida jamiyat axloqiy me’yorlariga mutlaqo to‘g‘ri ko‘lmaydigan tuyg‘ularni ko‘ramiz. Xalq og‘zaki qo‘shiqlarini esa o‘zingiz yaxshi bilasiz, ularda anchayin axloqsiz kechinmalar chiroyli obrazlarda aks etgan.
Muhammad Yusufning mashhur she’ridagi mana bu misrasini olaylik:

Ko‘nglimda bir yor, qo‘ynimda bir yor…

Ho‘sh, shu misralardagi ma’no me’yoriy axloqiy qoidalarimizga to‘g‘ri keladimi? Albatta, to‘g‘ri kelmaydi. Lekin M.Yusufning shu she’ridan paydo bo‘lgan qo‘shiqni hammamiz sevib tinglaganmiz.
Nega sevib tinglaganmiz, axir unda axloqsizlik belgilari bor-ku!

Hamma gap shundaki, shoir ko‘ngli bilan qo‘yni orasidagi nomuvofiqlikni chiroyli badiiy obraz vasitasida ifoda qilyapti. She’r sehri chiroyli obrazdadir. Aynan go‘zal poetik tilda aytilgan ma’no, axloqiy dunyoqarashimizga nomuvofiq bo‘lsa-da, bizlarni estetik jihatdan zavqlantiryapti. Masalan, qaysidir shoir bir she’rida kalta palto, uzun ko‘ylak kiygan bir ayolga ko‘ngil izhor qilyapti. Kim biladi deysiz, balki o‘sha ayol birovning hotinidir, shoir esa uni yo‘ldan urishni rejalayotgandir. Bizlar bu jarayonni hayotda xiyonat deymiz. Lekin shu holatning she’rdagi aksi estetik go‘zallikdir va u bizni zavqlantiradi.

Ikkinchidan esa, barchamizning ongimiz ostida jamiyatdagi qonun-qoidalar, axloq va odob me’yorlari tomonidan rad etilgan istak,xohish, mayllar mavjud. Biz ularni ongimiz ostiga hibs qilganmiz. Ho‘sh, ana shu nojo‘ya tuyg‘ularimiz aks etgan she’rlarni o‘qisak bir qadar yengil tortamiz, ichimiz bir og‘irlikdan bo‘shangandek bo‘ladi. Shuni estetik zavq desak ham bo‘laveradi.

O‘zi, ko‘plab go‘zal she’rlar balchiq kechinmalarimizdan paydo bo‘ladi.

Demak, shoir pok tuyg‘ularni tarannum etadigan pok inson emas.

Shoir, kerak bo‘lsa, nopok tuyg‘ularni pok obrazlarda tarannum etadigan ijodkordir.

Shoir ezgulik va erk kuychisidir. Lekin uning erk va ezguligi haqidagi qadriyatlari biz tushungandan mutlaqo o‘zgacharoq ham bo‘ladi. Deylik, sevishganlarning ota-onasini uyatga qo‘yib bir joylarga qochib ketishi biz tushungan erk va ezgulik emas, aksincha, axloqsizlikdir — qoralaymiz. Lekin shoir shu xodisani erk va ezgulik deb tarannum etsa, ne tong.

Demak, she’rni baholayotganda umumiy axloqiy qadriyatlarni o‘lchov qilib olish bizni noto‘g‘ri hulosa qilishimizga sabab bo‘ladi.

Agar diqqat qilib o‘qisangiz, Rauf Parfining sevgi mavzusidagi she’rlarda bir emas, balki bir necha ayolga ishora borligini sezish qiyin emas. Rauf Parfining o‘zi bir suxbatimizda:“Sevgan ayollarim she’rlarimning ichida, izlagan odam topadi” degan edi.

3

Shahodatbonu, singlim, siz mening she’riyatdagi maddohlik haqidagi fikrimni ham bilmoqchi ekansiz. E’tirof etishingizcha, hozirda shoirlar orasida maddohlik illati urchiyotgan ekan.

Yo‘q. Men unday deb o‘ylamayman. Keyingi paytda uch-to‘rtta madhiyanamo she’r yozildi, lekin ularni she’r deb bo‘lmaydi, she’r mualliflari esa shoir sanalmaydi, shunchaki artistlarga maishiy va nochor matnlar yozib yuradigan shaairlar sohta va yuzaki so‘z yig‘indisini e’lon qilishdi. Agar e’tibor bergan bo‘lsangiz, madhiyaga o‘xshash bir narsa yozgan shaairlar artistlar bilan birga yuradigan matnchi kimsalar. Matnchi deganim artistga tezlikda buyurtma matn yozib beradiganlarni aytyapman. Artist ularga aytadiki, falon bayram yaqinlashyapti, shunga atab matn yoz. Shaair-matnchi shu ishni tezda eplaydi. Hatto uning istolda o‘tirgan joyida qandaydir musiqa ohangiga tebranib, dilida bir nimalarni hirgoyi qilib qog‘oz qoralashini tasavvur qilaman. Matn tayyor bo‘lgach, istol ustida turgan olmadan bir dona olib, g‘arch etib tishlab, chaynab, yarmini yutar-yutmas artistga tilpon qiladi: qo‘shiq tayyor, hozir o‘qib beraman deb og‘zidagi chaynalgan olmani yutib,shig‘ir o‘qishni boshlaydi: O,vatanim,yagonasan, durdonasan, Bog‘laring jannat, tog‘laring hazina.

Artistlar orasida raqobat kuchli, chunki orada pul bor. Ho‘sh, artistlar raqobatda yengilmaslik uchun siyosatdan foydalanishga harakat qilishadi. Masalan, madhiyanamo qo‘shiq aytib yoki yirik va ta’sirli shaxslarni bevosita maqtab, go‘yo davlat siyosatini qo‘llayotgandek bo‘lib immunitetga ega bo‘lishga xarakat qilishadi. Bu ish uchun ularni tanqid qilmoqchi emasman. O‘rtada raqobat bor, yengilmaslik chorasini ko‘rish kerak. Anov shaairlar esa shu artistlarning dilidagini matn holida oshkor qilishadi.

Alisher Navoiy ham madhiya yozgan. Madhiya she’riyatdagi bir janrdir. Lekin madhiyaning badiiy jihatiga e’tibor beriladi. Badiyati bo‘sh madhiya she’r she’r sanalmaydi, demak uni madhiya deb ham bo‘lmaydi.

She’riyatda, umuman adabiyotda badiyat asosiydir. Badiyatdan mahrum matn she’r sanalmaydi.

Halvo degan bilan og‘iz chuchimaydi deymiz. Shaair madhiya yozib “halvo-halvo” deyapti, bundan o‘quvchining og‘ziga maza kirmaydi.

Aslida madhiya deganimiz eng jiddiy poetik janrlardan biridir. Erkin Vohidovning “ O‘zbegim “, Abdulla Oripovning “ O‘zbekiston “, Muhammad Yusufning “ O‘zbekiston” va boshqa ko‘plab mashhur shoirlarimizning vatanimiz va halqimiz shon-shuhrati, buyuk kechmishiga bag‘ishlab bitgan yuksak badiyatli she’rlari madhiya janriga mansubdir. Men ham har doim badiiy jihatdan puhta, xalqimizning g‘ururini yuksaltiradigan, ko‘ksida milliy faxr tuyg‘ularini uyg‘otadigan madhiya she’r yozishni orzu qilaman, hozircha orzuim amalga oshgani yo‘q.

4

Shahodatbonu, singlim, men sizga shoirlikning eng muhim jihati haqida bir qadar tushuncha bermoqchi edim. Menga sms qilib bir necha savol yo‘llagan ekansiz, shu savollaringizga paydar-pay javob yozaveraman. Shoirlik, bu — ta’sirchanlik,sezrilik, kuyuchaklik, dardni yurakka yaqin olishdir. Bunaqa sifatlar bolaligimizda hammamizda bo‘ladi, ulg‘aygach, qalbimiz qattiqlashadi. Nazarimda shoirlarning qalbi ulg‘aymay bola holida qolib ketadi va shu bois, yuqorida tilga olganim tuyg‘ular ularda favqulodda kuchli bo‘ladi. Bolalikni eslang. Qalbimizga qattiq tekkan narsa, holatni kechasi ongimizda qayta jonlantirib, o‘zimiz qo‘rqamiz. Fantaziyaning kuchliligi, narsa-xodisalarning nozik jihatini payqash ham bolalarga xos odat. Bola sizga savol berishi mumkin:

— Nechta quyosh bor?
— Bitta,- deb javob qaytarasiz. U sizga e’tiroz bildiradi:
— Bitta emas,ko‘p. Har kuni osmondan bitta quyosh o‘tib ketyapti-ku.

Bola astranomiya ilmini bilmaydi, shuning uchun masalani o‘zining kuchli hayoloti bilan hal qilib qo‘ya qoladi. Shoirlik mantiq va ilmga teskarilikdir. Shoir huddi bola kabi masala-muammoga kuchli fantaziya bilan yechim topadi.

Bolalarga xos yana bir odat jonlantirishdir. Masalan, bola xayolan narsa-jismlarga ham jon ato eta oladi, ertaklagi dev,parilarni xayolida tiriltirib, oxirida o‘zi qo‘rqib baqirib yuboradi. Odamda fantaziya kuchli bo‘lsa, xayolidagi noreal narsa ko‘ziga ko‘rinadi.

Tag‘in bola mo‘’jizaga ishonadi. Masalan, daryoda suv parisi yashaydi deb aytsangiz, bola gapingizga ishonadi va o‘sha suv parisini uchiratishni orzu qiladi. Karl Yung aytadiki, shoirlarda bolalarga xos mo‘’jizaga ishonish odati saqlanib qolgan bo‘ladi. Shoir ishonadi — og‘zidan olov purkaydigan uch boshli ajdarho hayotda bor. Xullas,shoirning ongi ostida mo‘’jiza, afsona va rivoyatlarga ishonch bus-butun saqlanib qolgan bo‘ladi.

Men shoir Rauf Parfi bilan ma’lum bir muddat ko‘p suxbatlashgandim va u kishining xarakteridagi ayrim nozik jihatlarni payqagandim. Rauf aka aytar ediki, o‘lim xabari ko‘nlgimni yomon buzadi. Birovning o‘lganini eshitsam, kun bo‘yi azoblanaman,oxiri bitta she’r yozib azobdan qutilaman. U kishi Cho‘lpon va Qodiriy kabi shoir va yozuvchilarimiz qamoqda qanday qiynoqqa solinganini, qanday otilganligini ko‘p gapirar va,eng muhimi, ularning chekkan azobi, tortgan dard-og‘riqlarini o‘z qalbida qayta tiriltira olardi: go‘yo nazarimda qarshimda o‘tirgan inson Rauf aka emas, balki qiynoqqa solinayotgan, o‘lim og‘rig‘ini his qilayotgan Cho‘lpon, Qodiriy turgandek bo‘lardi, Rauf akaning ko‘ziga qarab sezardimki, u kishi o‘lim og‘rig‘ini Cho‘lpon qanday his etgan bo‘lsa, shunday his etyapti. Aslida shoir qalbida uyg‘ongan ana shunday og‘riqli, iztirobli tuyg‘ular noyob she’r yozilishiga turtki bo‘ladi.

Umuman, Shahodatbonu, shoirlik haqida yana ko‘p qiziq fikrlar aytishim mumkin. Lekin gapni qisqa qilaman. Chunki yuqorida shoirlikning eng nozik va asosiy jihati haqidagi fikrimni aytdim, qolgan gaplarim shu fikrimga ilova bo‘lishi mumkin, holos. Lekin fikrimga bir aniqlik kiritishni istardim. Ta’sirchanlik, dardni yurakka yaqin olish barcha tur ijod ahliga xosdir. Masalan,rassom bilan shoirning yuragi bir xil bo‘ladi,faqat birining ifoda vositasi so‘z, ikkinchisiniki ranglardir.

5

Shahodatbonu, mendan taqlid haqida so‘rabsiz. Mana, singlim, ko‘ring, bilasizki, dunyoda hech qaysi odamning barmoq izlari bir-birinikiga o‘xshamaydi. Shu bois kriminalistlar har birimizdan barmoq izlarini oladi. Ko‘z qoracho‘g‘larimiz ham hammaniki ayrodir. Shoirlarning uslubi ham barmoq izlaridek biri ikkinchisini takrorlamaydi. Men bu o‘rinda iste’dodli shoirlar haqida gapiryapman, nochor shoirlarda barmoqning (uslubning) o‘ziyam bo‘lmaydi, she’rlarida tirik qalbi ham sezilmaydi.

Erkin Voxidov uslubiga e’tibor bering. Buyuk shoirimiz kuchli poetik kechinmani tafakkur mantig‘i izmiga sola biladi. Abdulla Oripov she’rlarida poetik maqsad shoirning ichki “Men”i orqali namoyon bo‘ladi ko‘proq. Rauf Parfi esa poetik kechinma o‘pqoniga butunlay boshi bilan sho‘ng‘iydi, she’riy maqsadni chuqur ko‘ngil kechinmalari orqali yuzaga chiqaradi. Xurshid Davron g‘oyat tiniq va chiroyli manzaralarni ko‘z o‘ngingizda yorqin gavdalantira oladi. Shavkat Rahmon esa borliqqa bola ko‘zi bilan qaraydi, nazarimizda uning ko‘zida narsalarni katta qilib ko‘rsatadigan lupa bordek. Masalan, yuksak tog‘lar deb yozsam, o‘quvchi tog‘ning yuksakligini payqamaydi, agar Shavkat aka yuksak tog‘lar desa o‘sha ondayoq tog‘larning benihoya yuksak va mahrurligini tasavvur etasiz va his qilasiz. Usmon Azim o‘z she’rlarida bitta so‘zni bir butun gap o‘rnida ishlatadi. Shu bitta gap-so‘zida bitta she’rga loyiq kechinma jilva qilib turganini sezmay ilojingiz yo‘q.

Shahodatbonu, taqlid yomon narsa, u umrni yelga sovurishdir.

Masalan, shoir odam yigirma, o‘ttiz yil ijod qilib, o‘nlab kitoblar nashr etib, unvon va mukofotlarga ega bo‘lib, ho‘sh, kunlardan bir kun go‘yo mashaqqatli va uzoq yillik ijodiy me’rosi taqlid ekanligini sezib qoladi.

U seza boshlaydiki,mavzular, shakllar va eng asosiysi, kechinmalar hammasi o‘zgalardan ko‘chirilgan, o‘ziniki emas. Taqlid changalidan chiqib ketish mushkil ish judayam. Original ijod namunangiz ham o‘zgalarga taqlid ekanligingini payqaysiz. Qalin kitoblaringizni varaqlaysiz: she’rlaringizda hamma narsa bordek, lekin o‘zingiz yo‘qsiz.

Taqlid — o‘zga shoirning she’rlarida aks etgan yurak qoni bilan o‘z ismingizni yozishga urinishdir. O‘zganing qoni bilan oq qog‘ozga ismingizni yozishingiz mumkindir. Lekin qonning tarkibi, undagi dard va to‘g‘yon sizniki emas, birovniki. Taqlidiy she’rlar ruhi o‘lik she’rlardir.

Deylik, Rauf Parfi ijodi bilan tanishdingiz. Agar o‘quvchi bo‘lsangiz she’rlardan zavqlanasiz, mabodo shoirlik da’voingiz bo‘lsa taqlidiy parfiyona she’rlar yozvorasiz. Keyin Abdulla Oripov ijodi bilan tanishasiz va orifona she’rlar to‘qiysiz. Keyin Muhammad Yusuf va Shavkat Rahmon bo‘lib ko‘rasiz. Qarabsizki, hormay-tolmay o‘ttiz yil ijod qilib qo‘yibsiz. Tanlangan asarlaringiz bosmadan chiqadi. O‘zingiz ham qariysiz, tepakal va injiq bo‘lib qolasiz. Kattaroq bayram munosabati bilan Xalq shoiri unvonini olasiz. Lekin she’rxonlar to‘rt qator she’ringizni ham yoddan bilmaydi. To‘satdan adabiyot amaldoriga aylanib, atrofingizga o‘zingizga o‘xshagan adabiyotda betayinlarni to‘plab, original ijodkorlarga g‘arazingizni namoyish qilasiz.

Xullas,gap bunday. O‘zga shoirlar ijodi sizga mahorat maktabi bo‘lishi mumkin, lekin ilhom bulog‘i bo‘lolmaydi. O‘zganing she’riga sachragan yurak qoni bilan she’r yozmang, qonni o‘z yuragingizdan oling.
Axir siz ham odamsiz, qalbingiz bor. O‘sha qurg‘ur qalb ayriliq va hijronlarda qiynalgandir, iztiroblar chekkandir. Ho‘sh, o‘z qalbingizdan kechgan kechinma-iztiroblarni she’r qiling, o‘zga shoirlarning qoniga tashna bo‘lmang.

6

Shahodatbonu, garchi bu haqda savol bermagan bo‘lsangiz ham, gap orasida ijod taqdiriga bog‘liq muhim gapni aytmoqchiman.

Ijodkorning iste’dodini nima kuchsizlantiradi va nima narsa kuchaytiradi,?- deb savol yo‘llabdi bir qalamkash singlimiz. Albatta, bu masalada o‘zimning shaxsiy fikrlarim bor, shularni gapiraman.

Ijodkorlarning o‘zaro ijodiy muloqoti, samimiy hamkorligi, beg‘araz do‘stligi va ular orasidagi ijobiy raqobat iste’dodlarini o‘stiradi, voyaga yetkazadi. Agar samimiy ijodiy muloqat qilib yurganlar ma’lum bir g‘arazli maqsadlar atrofida birlashib to‘da, guruhga aylansa, hammasining iste’dodiga putur yetadi. Chunki, agar siz to‘da vakiliga aylansangiz, majbur to‘dadoshingiz yozganlarini yolg‘ondan maqtaysiz. Yolg‘on iste’dodning kushandasidir. To‘daning adabiy qadriyatlari ham o‘zgaradi, to‘da vakillarining shaxsiy manfaati oldinga o‘ringa chiqib, adabiy o‘lchovlarga putur yetadi. Iste’dodni charxlaydigan yana bir narsa yolg‘on yozishdan tiyilishdir. Jamiyatda shunday muhitlar borki, agar o‘sha muhitga mansub bo‘lib qolsangiz yolg‘on yozishga majbur bo‘lib qolasiz. Demak, iste’dodingiz to‘la ro‘yobga chiqishi uchun nobop muhitdan chetlanish lozim.

Gapni qisqa qilamiz. Qaysi muhit, qaysi to‘da, qaysi sharoit adabiy qadriyatlaringizdan chekinishga, yolg‘on yozishga, maddoh bo‘lishga majburlayotganini sezsangiz, darhol o‘sha muhit, o‘sha to‘dani tark eting, uzoqlarga keting, orqangizga qaytmang, siz uchun najot yo‘li, ijodiy balog‘at marrasi uzoqlardadir.

Men yolg‘izman, ovozim yolg‘iz… Rauf Parfi.

7

Shahodatbonu, hayot va ijod haqidagi ayrim uzuq-yuluq fikrlarimni e’tiboringizga havola etyapman. Ularning ayrimlari bevosita badiiy ijodga taalluqli bo‘lmasa-da, qay bir jihati bilan insonning ijodkorlik qobiliyati ishora bor.

* * *

Ilhomning kelishi qiziq. Rauf Parfi suxbatlarimizdan birida ilhom kelayotgandagi ahvolini gapirgandi. U kishi aytgan ediki, ilhomiy kayfiyat paydo bo‘lsa, qo‘limga supurgi olib xonamni supirib tozalayman, latta minan deraza oyinalarini, istolning uchidagi changlarni artaman, tuflimni tozalayman, xullas, tozalikka rioya qila boshlayman.

Umuman aytganda, ilhomning kelishi har kimda har xil holat, vaziyat paydo qilali. Men, masalan, ilhom kelayotgan pallalar jim bo‘lib qolaman, birov bilan gaplashgim kelmay qoladi.

* * *

Ko‘chamizdan begona it o‘tsa, mayda bolachalar toshbo‘ron qiladi. It notanish bo‘lganligi, mahalladagi hech qaysi xonadonga tegishli bo‘lmaganligi uchun unga tosh otishadi. Shu bechora itni fikrga o‘xshataymi? Hech kimnikiga o‘xshamagan fikr aytsangiz, malomatga qolasiz.

* * *

O‘ylardimki, fikrlash — yuksakka ko‘tarilish, cho‘qqiga intilish, shu bois u mashaqqatli va iztirobga to‘la.Xato o‘ylagan ekanman.

Fikrlash yuk ortilgan katta mashinaning dovondan pastga tushishiga o‘xsharkan, bir oyog‘ingiz bilan tormozni bosib turarkansiz, yo‘qsa halok bo‘larkansiz.

Fikrlashda mashaqqat va iztirobdan ko‘ra hatar ko‘p ekan.

* * *

Ayrim mashhur yozuvchi, shoir va olimlar keksa yoshida birdaniga jamiyatda nomi ko‘rinmay qoladi, ovozlari o‘chib qoladi. Tahmin qilish mumkinki, ular betoblanib qolishgan va ilmiy-ijodiy faoliyatlarini taqa-taq to‘htatishgan. Oradan uch-to‘rt yil o‘tib esa, ularning vafot etgani to‘g‘risida xabar tarqaladi. Lekin shunday buyuklar borki, ular betoblanib to‘shakka yotib qolsalar ham, og‘ir jarrohlik amaliyotini boshdan o‘tkazsalar ham ijodni bas qilmaydi, ijtimoiy-adabiy hayotda faolligini yo‘qotmaydi. Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Erkin Voxidov, Ozod Sharafiddinov kabi ijodkorlarimiz eng so‘nggi nafasigacha ijod maydonini tark etishmadi, faoliyatlari aslo sustlashmadi. Nazarimda ular hozir ham lahadning devoriga bir narsalarni ijod qilib o‘tirishibdi…

G‘arblik bir shoir jon chiqar mahali: “ Qalamni beringlar. O‘limni ko‘ryapman !» — degan ekan.

* * *

Yozuvchi va shoir betakror va noyob badiiy asar yaratsa, millatiga xizmat qilgan bo‘ladi. Ular faqat ijodi bilan o‘z vatanlariga sadoqatli o‘g‘lon ekanliklarini isbotlashi mumkin. Har turli irratsional va sentimental mazmundagi ochiq-sochiq maddohizmlik qilish ijod ahli uchun to‘g‘ri yo‘l emas. Yana bir narsani bilish kerakki, azaliy insoniy qadriyatlar yozuvchi-shoirning ijtimoiy pozitsiyasi bo‘lishi kerak.

Aslida ijodkorman deyishlik zimmamga ulkan mas’uliyat oldim deganidir.

* * *

Uyqu ham kuchli bir narkozdir.

Jarroh tomirimizdan kuchli dori jo‘natib ongimizni hech narsani sezmaydigan falaj holga keltiradi va qornimiz,biqinimiz yoki boshqa joyimizni kesib hayotimizga havf solayotgan kasallikni bartaraf qiladi.

Uyquni ham narkoz dedik. Bu narkoz Allohdandir.

Xo‘sh, Xudo bizni uxlatib, so‘ng qaysi kasalimizni davolaydi?

Meningcha, Egam bizni davolamaydi, balki uyqu vositasida eski kundan yangi kunga olib o‘tadi.

Hayot mazmunan, mohiyatan shu darajada og‘ir va mashaqqatliki, agar Xudo uyqu yordamida bizni yangi kunga olib o‘tmasa, o‘z ixtiyorimiz bilan yangi kunga yashashni davom ettirish uchun o‘tmasdik.

* * *

Har qanday maqsad, g‘oya, fikrdan voz kechib suvday yashashni o‘rganish kerak. Suv agar to‘g‘ridan yo‘lini to‘ssalar,chapga oqadi, chapniyam berkisangiz, o‘ng tomonga oqadi. Agar hamma yo‘lini berkitsangiz, ko‘kka yuksaladi.

* * *

Suzishni bilmaydigan kimsa kindigidan chuqurroq suvga tushmaydi, balki chuqur joyga tosh otadi…

* * *

Tanamiz — haqiqatni to‘sib turgan devordir. Haqiqatni ko‘rish uchun shu devorni qulatishing yoki tirmashib tepasiga chiqmog‘ing lozim.

* * *

Ijod — qulog‘ingiz orqasiga qistirilgan gul emas, balki orqangizga urilgan hanjardir….Sug‘irib olsalar, o‘lasiz….

* * *

Ijod — qalbda o‘sgan o‘simtani olib tashlashdir. Agar o‘simta yomon sifatli bo‘lsa, bir umr ijod qilishga majbursiz.

* * *

Aql taraqqiy etmasa, ayyorligicha qolib ketadi.

Aqlning ayyorligi intelektdan yuz foiz mahrumlikni bildiradi.

* * *

Bolam, mana bu xom xamir. Manavi esa qizarib pishgan xushtam non.

Sen xozir xom xamirga monandsan, nonga aylanishing uchun albatta issiq tandirga kirishing lozim bo‘ladi, boshqa iloji yo‘q.

* * *

Dushmaning kuchsizlansa, sen xam quvvatdan ketasan. Dushmaning o‘sishdan to‘xtasa, sen xam pakana bo‘lib qolasan.

* * *

Bazan yegani xam nonim qolmasligi noshudligimdan emas, bolam, halolligimdan shunaqa bo‘ladi.

Farg‘ona viloyati, Dang‘ara tumani, Qirqlar qishlog‘i

004

(Tashriflar: umumiy 538, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring