Bahodir Bahrom. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.03.26_17h00m38s_001_b.png  Баҳодир Баҳром  Қашқадарё вилояти Китоб тумани Палангдара қишлоғида туғилган. 2006-2010 йилларда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган. “Қашқадарё”, “Маърифат”, “Маҳалла” газеталарида фаолият юритган.  “Энг сулув армон”, “Ўттизинчи февраль”  номли шеърий китоблари чоп этилган.

Баҳодир БАҲРОМ
ШЕЪРЛАР
009

***

Юлдузлардай ёниқ кўзлар юмилди,
Юзимга юз босди ўтнафас, ҳолсиз.1.jpg
Вужудим жилвали нурга кўмилди,
Кўксимга бош қўйиб ухлади бир қиз.

Бармоқларим билан тунни тарадим,
Ойга боссам кафтим куйдику, “жиз-жиз”.
Шу қорли оқшомда ифор таратиб,
Кўксимга бош қўйиб ухлади бир қиз.

Бу оқшом жимгина мудраши керак,
Оромин бузмагин, бу асар – нафис!
Бас-ей, бунча тез-тез югурма юрак,
Кўксимга бош қўйиб ухлади бир қиз.

Йўлларку манзилин хобга тутмишдир,
Бу қорли йўлларда қолгайми жуфт из?.
Баҳорнинг руҳидай бежирим тушдир:
Кўксимга бош қўйиб ухлаган бу қиз.

***

Тарновдан, ана, бир-бир
Томаётир қиш – чак-чак.
Ўрикка осилганча
Ўй суради беланчак.

Қорли тоғлар бағрида,
Табиатга жим боқиб,
Турган жувон кўзида
Ўтмоқда осмон оқиб.

Унинг қайноқ лабида
Эрийди қорпарчалар.
Ҳали ухлар қалбида
Очилмаган ғунчалар.

Ишқни солиб ёдига,
Қалбига бермай озор.
Чорлар уни ёнига
Бешикда ётган баҳор.

Қорли тоғлар бағрида…

19.11.2016

***

Қайғули туйғулар сир бўла қолсин,
Лаҳзалик висол деб минг бора озди.
Юрагим уришин тинглаб кўринг деб,
Бир қиз қўлларимни кўксига босди.

Ҳис этдим пинҳона эҳтирос кучин,
Бир тулпор югуриб бораётганин.
Ҳис этдим лаҳзалик муҳаббат учун,
Қанотсиз қушдай жон сўраётганин.

Кейинми, охири бироз қайғули,
Жимгина термулиб хайр-хўшлашдик.
Севаман деган сўз янграмади ҳеч,
Биз садосиз кетдик, унсиз дўстлашдик.

Бошқа учратмадим уни. Ўшандан
Гоҳ тўфондай тошсам, гоҳ тинаяпман,
Қўлларим то ҳануз унутолмаган
Юрак дукурлашин соғинаяпман.

***

Бизни унутқонни унутмоқ керак…
Заҳириддин Муҳаммад БОБУР

Олислаб боради алвон қизғалдоқ,
Шамолда тўлғониб боради кўйлак…
Сулаймон олдига келармиди тоғ,
“Бизни унутқонни унутмоқ керак”.

Тасалли излайман, шеър варақлайман,
Шоҳ байтларда пинҳон мағрур бир юрак.
– Унутмайман, деди, – ўзни оқлайман,
– Бизни унутқонни унутмоқ керак.

Бу вассали уйни топгайми висол,
Ё йўлни тополмай кетар жонсарак!
“Ахир, у вафога ягона тимсол,
Бизни унутқонни унутмоқ керак”.

Умрим саҳросидан ўтди кўп карвон,
Қўнғироқлар берди соғинчдан дарак.
Кўнглим – устуни йўқ ғариб бир айвон,
“Бизни унутқонни унутмоқ керак”.

Китобни ёпаман, шивирлайман, оҳ,
Шамолда тўлғониб боради кўйлак,
Олислаб боради алвон қизғалдоқ…
… Бизни унутқонни… унутмоқ керак!

АЙРИЛИҚ

Айрилиқ шунчаки оддий сўз эмас,
Унда қалбнинг тирик андуҳлари бор.
Жиндай ҳасад ҳам бор, тоғ каби ҳавас,
Севгининг мажруҳ ва пок руҳлари бор.
Айрилиқ бурчакда қимтиниб турган
Музаффар йилларнинг аччиқ ноласи.
Айрилик, бемаҳал дунёга келган,
Висолнинг тентираб юрган боласи.

ОТАЛИК СЎЗИМ

Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим
Муҳаммад ЮСУФ

Бу кунлар ўтади. Вақт тўхтаб қолмас,
Ҳали қор остидан жилмаяр кўклам.
Меҳриноз қизим-а, о, меҳри толмас,
Тўмарис қизим-а, феъли кенг болам.

Бахтимизни жамлаб ҳар битта шеърга,
Варракка қистириб, ойга хат йўллаб
Юлдузлардан мунчоқ тизамиз бирга,
Ахир бизни Худо турибди қўллаб.

Юзимиздай нурли кунлар келади,
Кунлардай юзимиз бўлгайдир ёруғ.
Ҳали кўзимизда қуёш кулади,
Ҳали кўзимизда сўнмагайдир чўғ.

Меҳриноз қизим-а, Тўмарис қизим,
Мен бор, остонадан киролмайди ғам.
Уйимиз бўлади, оталик сўзим,
Тошкенти азимда ҳали бизнинг ҳам.

Худо юрагимнинг ярмини узиб,
Сизнинг сиймонгизда берган қайтариб.
Ҳали биз ҳаммадан ўтамиз қизим,
Толе пешвоз чиқар гуллар кўтариб.

Ҳозирча сизларга елкаларим тахт,
Ҳозирча сизларга мен ҳам боладек.
Сизни тарк этмасин дейман ҳамма вақт,
Ижара уйларда қолган болалик.

ҚАЙТИШ ҚЎШИҒИ

Эртага қишлоққа қайтаман, она,
Борса-келмас эмас, ахир йўлларим.
Мен қишлоқни шеърга соляпман яна,
Чўғ бўлиб ёзяпти ҳозир қўлларим.

Кўнглимда орзу бор – жиловланган от,
Сенинг бошгинангда эса оппоқ дард.
Тушун, тупроқйўлдан ирғитди ҳаёт,
Энди тошни ёриб кўкармоғим шарт.

Энтикиб боқаман олис тоғларга,
Келтирмам чопқиллаб энди тоғлола.
Қайта оларманми сўлим чоғларга,
Қалбим тўла соғинч, қалб тўла нола.

Ҳа, майли! Дил сатҳин босмасин алам,
Туймайин соғинчли дамлар  қаҳрини.
Тушимда шивирлаб йиғлайсан, “Болам,
Ҳалиям билмайсан ҳаёт  заҳрини”.

Ҳаётинг заҳарга айланмасин ҳеч,
Агар юрагимнинг тори узилгай.
Она, мен бораман аниқ, эрта кеч,
Кўзларингдан оби зам-зам қуйилгай.

…Она, юрагингни тилкалаб нетдим,
Тилка юрагингга малҳам бўлай мен.
Кексайган чоғингда қўлингдан тутиб,
Яхши кунларингга ҳамдам бўлай мен.

Қишлоққа қайтаман, бир ўғил бўлиб,
Боғлар ҳам майса-ю, гулга тўлгандир.
Мени кутавериб, соғинчга тўлиб,
Чинорлар ҳам мева тугиб қолгандир.

АКСИОМАЛАР

***
Зиғирёғнинг сут каби кўпирганин кўрганман,
Кичиккина жилға жарни ўпирганин кўрганман.
Бетовфиқ ўғлин ота оқ қилиб, ўлгач эса
Бошпана санаб қабрин супурганин кўрганман.

***
Кўриб қолдим тунов кун тошбақа учиб ўтди,
Бир юлдузча тап тортмай қуёшни қучиб ўтди.
Ҳайвонот боғида мен шернинг шерини кўрдим,
Унга қуён ташласам, сесканди, чўчиб ўтди.

***
Думида туриб илон рақс тушди куни кеча,
Келтиришганди тутиб ўрмондан уни кеча.
Лол эди, ҳайрон эди, илонларнинг барчаси,
Кўзойнакдан боқишди, ҳавас қилишди пича.

***
Кўрдим бир одамни мен хомуш эди, ғам босган,
Сездирмайин дейдию, киприк остин нам босган.
Юлдузлик қилиб даъво, қафаси келиб тор ё
Иктагина сўз билган тўтиси ўзин осган.

***
Кўрганим шеърга солсам, айтинг не улги бўлар,
Кимга сохта йиғию, кимга чин кулги бўлар!
Бу дунёда яшашни думини бигиз қилган,
Ҳаммани чув туширган шу содда тулки билар.

ОЛОВ БЎЛДИМ

Бу дунёда олов кечиб яшаяпман,
Бу дунёда олов ичиб яшаяпман,
Шу оловли дунё ичра пойларингга,
Қара жоним, қизғалдоқлар тўшаяпман.

Ёняпман-у, миннатдорман баҳоримдан,
Чўғим бисёр, харид айла бозоримдан,
Кел-ей, жоним қўлларингни қўлимга бер,
Бармоқларинг куртак ёзар изҳоримдан.

Сен гул бўлдинг, менчи кулнинг ибтидоси,
Сен бахт бўлдинг, менчи ғамнинг бир нидоси.
Муҳаббатни оз-оз ўлчаб берай десам,
Юрагимда ишқ бор фақат, йўқ тарози.

Мен ишқингда ёнар бўлдим, тонмагайман,
Умрим адо бўлсин, ёниб қонмагайман.
Эй, дилоро кўзларингда қуёш кўрсам,
Ўзим зарра санарман бас, ёнмагайман.

ТЕРАКЗОР

Шовуллайди теракзор
Ойни тутиб бошида.
Бир қиз эса айвонда
Ўсма қўяр қошига.

Томоқ қириб отаси
Ўнгга ўтар ё сўлга.
Қизнинг эса кўзлари
Сув сепгудай зор йўлга.

Ой ҳам секин паналаб
Тоғ ортида донг қотар.
Отанинг қош-қовоғи
Очилмайди, тонг отар.

Теракзорда кутган ким,
Моҳга оҳин сўзлаган,
Носкаш чолни тонгача
Онасидан тузлаган?

У ҳам ошиқ, бировнинг
Силаб-сийпаб боққани.
Келмади юрагига
Бир ҳовуч ўт ёққани.

Вақтлар ўтди орадан,
Дийдор ҳамон ширин туш.
Қизнинг кўксин чўқийди,
Қаноти куйган бир қуш.

Шовуллайди теракзор,
Шамол бўзлар бошида.
Йигит ётар ер қучиб,
Болиш чўкар ёшига.

Ойни дойра қилишиб,
Чалиб борар янгалар.
Муҳаббатнинг устидан
Ғолиб борар янгалар.

ҲАЁТ

Юракни олмосдай сайқаллаб бўлмас,
Борича амаллаб яшаб тургайсиз.
Юраги урса бас, одамзот ўлмас,
Кўк шаънсиз қолмагай битта тўрғайсиз.
Боғ боғлигин қўймас булбул келмас деб,
Фақат балиқ учун оқмагай дарё.
Атиргул бебаҳо, у эгилмас деб,
Жамики гуллардан кечканмисан ё?!
Қанчалаб юлдузин бой берди оқшом,
Ойли шомларни ҳам сукут енггайдир.
Ҳаётга ҳамиша кўрсат эҳтиром,
Феълинг доирасин бироз кенгайтир.
Қуёшга тик боқсанг ёшлангай кўзинг,
Кафтларинг куймагай кўз ёшни артиб.
Билки, минг йил олдин айтилган сўзинг,
Бу қадим қоида, бу қадим тартиб.
Мўъжиза қутқармас асло дунёни,
Дунёни ҳақиқат мудом соғ тутгай.
Бир четга сурайлик, энди рўёни,
Ҳаққа суянайлик қадни тоғ тутгай!

РОСТИ ГАП
Чори Аваз хотирасига

Кимга майхўрдирман, йўқ, шоир эмас,
Кимга учар бўлдим, кимга ҳақгўйман.
Ҳасратлашай десам, одам топилмас,
Дунёга оғирлиқ қилган бир ўйман.

Гоҳ шодлик, гоҳ қайғу соясида мен,
Ўлишим тайиндир қирққа кирмасдан.
Лекин алам қилар, ортимдан бўзлаб
Болаларим қолар бир тўй кўрмасдан.

***

Кунларимни қувиб, ёндириб,
Чопиб борар жазирама ёз.
Сени севиб қолган эканман,
Йиллар ўтиб англадим, Чарос.

Ой нурлари сенга маҳлиё.
Зуҳро, Зуҳал кўзларинг гўё.
Сен экансан энг гўзал дунё,
Йиллар ўтиб англадим, Чарос.

Висол эмас чин ошиқ зори,
Шабодада сочинг ифори,
Кулгичларинг – умрим баҳори,
Йиллар ўтиб англадим, Чарос.

Ёш эдимми, ғўр эдимми ё,
Бугун эса муҳаббат рўё,
Сен экансан, энг гўзал дунё,
Йиллар ўтиб англадим, Чарос.

ЮРАККА УЧҚУН ТУШДИ

Келардинг кўк кўйлакда,
Гуллари бор ним пушти.
Кўзларингдан юракка
Бир парча учқун тушди.
Дилда ёнди ажиб ҳис,
Кўксим бўлди ҳокандоз.
Қоши қумрол жанон қиз,
Ҳаётимга бер пардоз.
Кеча чиққан янги ой,
Бўлсин дейман ковушинг.
Дилга яқин соҳир куй –
Қадамларинг товуши.
Сен қуёшсан, кийгансан
Кўйлак қилиб самони.
Севгимни рад этсанг гар,
Йўқдир бундан ёмони.
Мен оловман, заминда
Соянг бўлсам ҳам майли.
Қанийди, ерда қолсанг
Шу муҳаббат туфайли.
Кетармиди юракдан,
Гул фаслимнинг хазони.
Ёмонми айт бир умр,
Қучиб ўтсам самони?!

ҒИЛОН
Ғилон – Шаҳрисабз шаҳридан 80, Мироқи шаҳарчасидан 30 километр узоқликда, денгиз сатҳидан 2 минг 223 метр баландликда жойлашган, Ҳазрати Султон чўққисига ёндош,
Ҳисор тоғи этагидаги мўъжаз қишлоқ.

Баҳодир қоялар салтанатида,
Азим чўққиларнинг ҳайбати аро
Улуғворлик жамдай бор талъатида
Табиатга бериб тургандай оро

Биллур баданини этганча кўз-кўз,
Эриган олмосдай оқар Оқдарё.
Ногоҳ баҳор билан келдим юзма-юз,
Ғилон – баҳорларга бурканган дунё!

Адирлар бағрида кўклам, майсазор,
Саратон тиғидан қочолган омон.
Одамлари каби содда, хокисор,
Одамлари каби тоза, покдомон.

Яшар бир-бирининг пинжига кириб,
Худди мусичадай вассали уйлар.
Миллион юлдузчалар кифтимда туриб,
“Ойдин кечалар”ни завқ билан куйлар.

Музли чўққиларга тираб тирсагин,
Кузатар ҳайратга кўмилганча ой.
Шабада эсади хотиржам, сокин,
Ё маҳлиё этган уни ҳам чирой.

Маржон шодаларни оқизганча шўх,
Булоқлар тошади – шиддати нафис.
Танимда насимдай эса бошлар руҳ,
Ҳали ҳам бормидинг, эй, беғубор ҳис.

Ҳали ҳам бормидинг, юрак – асов от,
Ҳали ҳам гўзаллик этармиди лол?!
Ҳали ҳам мунаввар демак бу ҳаёт,
Ҳали ҳам интизор сенга истиқбол.

Англадим, тириклик таъмини шу дам,
Англадим, ҳайратнинг умри боқийдир.
Англадим, у менман, – эй, сармаст одам,
Англадим, табиат кўҳна соқийдир.

Кўкни тутиб турган тераклар – улфат,
Чайқалиб-чайқалиб завқ туяётир.
Мевазор боғлар ҳам айни шу фурсат,
Пишиқчилик дамин туш кўраётир.

Таъзимим қабул эт бетакрор юртим,
Бағрингда бахтиёр сайр этиб юрдим.
Қандай тушунтирай ахир, завқимни
Айни саратонда баҳорни кўрдим.

…Гўзал гулдастаси Ўзбекистоннинг,
Мангу баҳор дедим мўъжаз Ғилонни.

07.08.2015 йил

ИМЛАЁТГАНДАЙ

Сени кўргим келди, тонг чоғи эди,
Қушлар ҳам безовта, сайроқи эди.
Мени эса ишқнинг фироғи еди,
Ҳар қадамда ҳижрон имлаётгандай.

Юракда най чалиб бир мажнун ўлди,
Юзини кўрдим деб ул мамнун ўлди,
Сенсиз сўқмоқларим, йўлим тугилди,
Энди мени осмон имлаётгандай.

Юлдузларга тегса бошим, айланай,
Елкангга тушмасин тошим, айланай.
Бир он манглайингга юлдуз сайланай,
Мени Шамси-Даврон имлаётгандай.

Изимга юз босган кунларим ҳаққи,
Занжирбанд йўлбарсдай унларим ҳаққи,
Заминда рахшон бўл, бир умр балқи,
Нурли бир каҳкашон имлаётгандай.

Толе деганлари ерда ҳам бисёр,
Кулги бор, бахт бисёр, йиғи, ғам бисёр.
Қувончу ташвишсиз ким бўламиз ёр,
Сездирмай бир имкон имлаётгандай.
Ҳёт бу – имтиҳон имлаётгандай.

***

Осмондаги қушлар, о, озод қушлар,
Боқий тинчлик рақсин ижро этарсиз.
Парвози – аҳди бор, барҳаёт қушлар,
Бир куни қуёшга албат етарсиз.

Нурафшон кўк яхши, донли ер яхши,
Биёбон, тоғлару, қир-адир яхши.
Бошимда чарх уриб учингиз омон,
озод юртда яшаш зўр тақдир, яхши.

Булутга ёнма-ён учган ҳам сизку,
Энг ёрқин юлдузни қучган ҳам сизку.
Манглайга битганда истиқлол бахти,
Ҳумога айланиб тушган ҳам сизку.

Боғларни гуллатсин булбул забони,
Қалдирғоч тилида тинчлик замони,
Отам дуо қилар, болам қувнайди,
Қушларга тўлсин-а, юртим осмони.

Нурафшон кўк яхши, ризқли ер яхши,
Биёбон, тоғлару қир-адир яхши.
Бошимда чарх уриб учингиз баланд,
Озод юртда парвоз – зўр тақдир, яхши.

***

Ризқини бир дея ўйлар бу карвон,
Офтобга басма-бас саҳро оралаб.
Лекин бир туяни нимталар армон,
Борар туялигин қоралаб.

Қуёш найзалари тиғ каби ботар,
Қумлар эзғилайди туёқларини.
У босиб ўтмоқда сарсон, дарбадар,
Бу дунёнинг қизил бўёқларини.

(Олис-олислардан эшитилар гоҳ,
Майсазорлар аро отлар дупури).
Катта-кичик бўлмас армон, баногоҳ
Муштдай юрагингни кетар ўпириб.

Бир чизиқда жодир бутун ҳаёти,
Бориб келаверар, енгади йўллар.
Ҳеч қачон тингламас дарди-фарёдин,
Қамчисин қиличдай даст тутган қўллар.

Ризқини бир дея ўйлайди карвон,
Ўзича дунёнинг юкин орқалаб.
Лекин бир туяни нимталар армон,
Борар туялигин қоралаб.

ЭЛДОШЛАРИМ
Йўқлаб сизни келдим бу кун, элдошларим…
Амир ХУДОЙБЕРДИ

Мен енгилдим, соғинчимга шаҳар бердим,
Маржон-маржон бўлиб оқди дил тошларим.
Юрагимда улкан-улкан тоғлар кўрдим –
Йўқлаб сизни келдим бу кун, элдошларим.

Йўлларимда гуллар хандон отмадилар,
Қалдирғочлар битта сомон сотмадилар.
Кўксим осмон десам, ойлар ботмадилар,
Йўқлаб сизни келдим бу кун элдошларим.

Бир қарасам самоларим Ҳумолидай,
Ҳар бир майса тирикликнинг аъмолидай.
Камол йўқдир халқнинг расо камолидай,
Йўқлаб сизни келдим бу кун элдошларим.

Сиздек оқил – ҳар бири бир олам ҳаққи,
Яратгандан менга эҳсон – алам ҳаққи,
Кафтларимни қабартирган қалам ҳаққи,
Йўқлаб сизни келдим бу кун элдошларим.

Чашмаларда юлдузчалар сузиб юрган,
Чинорлари кўкка қўлин чўзиб турган,
Тандиридан қизғиш тонгни узиб турган,
Йўқлаб сизни келдим бу кун элдошларим.

Дунё обод доим яхши ният билан,
Ҳар бир қалбда куйланмаган неча ўлан,
Неча қўшиқ, неча шеъру-баёт билан,
Йўқлаб сизни келдим бу кун элдошларим.

Отаюртим десам, кўркам отамдайин,
Доим дуо қилиб турган отамдайин,
Бир он бўлсин, яшай мен ҳам одамдайин,
Йўқлаб сизни келдим бу кун элдошларим.

Палангдара қирларида кезган руҳим,
Ўзин худди паланг каби сезган руҳим.
Шамол билан қўл ушлашиб эсган руҳим –
Йўқлаб сизни келдим бу кун элдошларим.

Соғинсам гар, яқин кўрдим кўзга йўлни,
Кўролмадим, сизсиз, айро ўзга йўлни.
О, худойим, равон берсин бизга йўлни,
Йўқлаб сизни келдим бу кун элдошларим.

Мен енгилдим, соғинчимга шаҳар бердим,
Маржон-маржон бўлиб оқди дил тошларим.
Юрагимда улкан-улкан тоғлар кўрдим –
Йўқлаб сизни келдим бу кун, элдошларим.

***

О, дўстларим мени олқишланг,
О, дўстларим лаънатланг мени.
Сиз ҳам мендай телбаҳол қишланг,
Келгунича баҳор эпкини.

Кезиб шодон муаттар ҳаво,
Ёнверингиз тўлар гулларга,
Қўл ушлашиб бойчечаклар ва
Бинафшалар чиқар йўлларга.

Мадҳ ўқийди сизга андалиб,
Кенгаяди юракнинг қини.
Ҳаёт сизга бўлади толиб,
Агар келса баҳор эпкини.

ДАРС

Болам, шу қишлоқда мен туғилганман,
Қадамим изи бор сўл-у соғларда.
Бахт билан ёнма-ён катта бўлганман,
Кишмишлари лов-лов пишган боғларда.

Қаддингни тоғдай тут тоғларга боқиб,
Чашмаларга чайгин чашма қалбингни.
Маҳзун ҳаётимга бир гулхан ёқиб,
Шу гулханга кейин ўзинг талпингин.

Болам-а, илдизинг ахир шу ерда,
Шу ердан бошланар энг муқаддас дарс.
Сенга қизғалдоқлар тутган адирдан,
Менинг каби сен ҳам бир умрга қарз.

Шу қадоқ одамлар шаҳри азимнинг,
Бозорларин мудом қутга тўлдирган.
Шулардан бошлагин аввал таъзимни,
Инсон бўлмоқликни улардан ўрган.

Бобонг юзларига қўлларингни бос,
Ўзингни тоблагин момонг тафтида.
Сенгача етказган (йўқдир эътироз),
Заминни авайлаб гулдор кафтида.

Ҳали кичкинасан, бироз улғайиб,
Ҳар келганда боргин руҳий бўстонга.
Аждодингни йўқлаш саналмайди айб,
Улар дафн этилган, ҳув, қабристонга.

Болам-а, илдизинг ахир шу жойда,
Шу ердан бошлангай энг муқаддас дарс.
Тупроғини ўпгин қайта ва қайта,
Отаюртга меҳр – қиёматли фарз.

АКАЛАРИМГА

Юрар йўлим ердан бироз баланд эди,
Ҳаёт ҳали енгмаганди юрагимни.
Болаликда рости, парвоз баланд эди,
Ой юзига босар эди курагимни.
Мен тугадим, тугамади эртак, ака,
Ойни ёпса ҳамки ҳозир этак, ака.

Қоққанича қалпоғининг чангларини,
Отам ўзин атар эди майда одам.
Дунё яхши билар ҳоли тангларини,
Дунёдан ҳам улкан эрур, асли отам.
Мен майдаман, ўзни қумдан қидирганман,
Оқибатни кўрсичқонга едирганман.

Ана, шамол оғир ўйга чўмиб борар,
Руҳим эзар райҳонгулнинг саволлари.
Қўлин бойлаб, кўзларини юмиб борар,
Шамол асли, мушфиқ онам хаёллари.
Ака, буни сал аввалроқ англасайдим,
Ит бўлардим, одамликни танламайдим.

Қошга қўлим қўйиб боқсам, олисларда
Кўрдим, тоғлар бир-бирига суянганин.
Ич-этимни ёндирмоқда олов парда,
Юрагимда худди чақмоқ чаққандайин.
Фарзандликда сиздан таълим олсам, ака,
Ака бўлиш қийиндир-а, роса, ака.

Жон чиқса ҳам қон чиқмайди тандан, токим
Уваланар, бирга тупроқ бўлар бир кун.
Қориндошлик риштасининг йўқдир ҳоки,
Меҳр билан ёнма-ёндир ва ҳам дуркун.
Ухлолмадим, то тонгача уйғондим мен,
Бу ҳикматни ака, сиздан ўргандим мен.

***

Туғилдиму  мени улғайтирди куз,
Хазонларни ўйнаб вақтим ўтказдим.
Шодон ҳаётимдан юлдимда сўзсиз,
Жами бахтсизларга бахтим тутқаздим.

Мен – баҳор кўрмаган, ҳайратим – майса,
Оҳиста чертдим бир гул деразасин.
Ҳар кўнгил баҳорда севгини туйса,
Мен кузда севгининг тотдим мазасин.

Ёшманда, ҳаётнинг ҳисобин билмай,
Барчага бахтимни бўлибман бериб.
Ана гул, сарғайган, барги тўкилмай,
Ғамгусор турибди мендан бахт кутиб.

Илк бора ўзимдан бўлдим хижолат,
Илк бора ўзимдан уялдим, э воҳ!
Менга ҳеч ҳимматинг керакмас фақат,
Ўтинам, шу гулга бахт бергин, Оллоҳ!

СЕНИ СЕВАМАН, ШАБНАМ…

Шамолми, айт қутраган
Депсиндими ё отим.
Тонг бағрида титраган
Шабнам менинг ҳаётим.

Бу хушхабар, ё хатар
Не бўлса ҳам майлида.
Кўнглим сени ахтарар
Шабнам, гуллар сайлида.

Асли сенсан ҳаётим,
Юракдаги оҳим сен.
Майсазор бағрида жим,
Ухлаётган моҳим сен.

Тунда юлдуз учдими,
Ё қуёшми жисмингда.
Айт, парилар тушдими,
Наҳот ҳурлар измингда.

Ҳайронман. Қандай шунча
Жозиб сенда мужассам.
Висолингдан маст ғунча
Тебраниб қўяр дам-дам.

Асли сенсан ҳаётим,
Юракдаги оҳим сен.
Чаманзор бағрида жим,
Ухлаётган моҳим сен.

Сени севаман шабнам,
Қачон англаб етасан.
Қўлимга олай десам,
Дарров қочиб кетасан.

ОШИҚ ХАЁЛИ ВА ҲАЁТИ ҲАҚИДА ШЕЪР

I

Овозинг минг йиллар қаъридан келди,
Бахтиёр лаҳзалар тушди ёдимга.
Шодумон юлдузлар ерга тўкилди,
Ойни тақа қилдим юрак – отимга.

Қучиб бораяпман хотирангни мен,
– Соғиндим, – титрайди, ана, лабларинг.
Қандай шеърга солай бу жарангни мен,
Ахир, у минг жоним баҳосига тенг.

Билмайсан, сенсизлик… айтибам нетдим,
Сийлаб қўймагандир ҳижрон сени ҳам?!
Овозингни эштиб ёшариб кетдим,
Тўхтатдим йилларнинг тўлқинини ҳам.

О, гулим, кўксимда очилган гулим,
Ҳар битта баргида бир изҳорим бор.
Олсалар, юрак-ла оларлар юлиб,
Ки, инсон қўллари бу ишга душвор.

Сезаман, айни дам ерга суқ солиб,
Қаршингда мен бордай, ийманиб секин
Ўғлингнинг бошини кафтингга олиб,
Эркалаб турибсан, – дадажон, дегин!

Овозинг қалбимнинг қаъридан келди,
Ало… ало.. сизми… сизми… Баҳодир?!
Жим! Биз бахтлимизку! Гапирма, бўлди!
Йиғлама, йиғласанг йиғлайман, ахир…

II

Нечун юрагимни тиғлайман, ахир,
Сенсизлик – кўзёшдай: шўрхок ва тахир.
Бир сўнмас оташда ёнмоқда бағир,
Йиғлама, йиғласанг йиғлайман, ахир.
Ахир…

 

124080797_h94901.jpgBahodir BAHROM
SHE’RLAR
009

Bahodir Bahrom Qashqadaryo viloyati Kitob tumani Palangdara qishlog‘ida tug‘ilgan. 2006-2010 yillarda O‘zbekiston Milliy universiteti jurnalistika fakultetida tahsil olgan.  “Qashqadaryo”, “Ma’rifat”, “Mahalla” gazetalarida faoliyat yuritgan. “Eng suluv armon”, “O‘ttizinchi fevral” nomli she’riy kitoblari chop etilgan.

009

***

7021_o.jpg

Yulduzlarday yoniq ko‘zlar yumildi,
Yuzimga yuz bosdi o‘tnafas, holsiz.
Vujudim jilvali nurga ko‘mildi,
Ko‘ksimga bosh qo‘yib uxladi bir qiz.

Barmoqlarim bilan tunni taradim,
Oyga bossam kaftim kuydiku, “jiz-jiz”.
Shu qorli oqshomda ifor taratib,
Ko‘ksimga bosh qo‘yib uxladi bir qiz.

Bu oqshom jimgina mudrashi kerak,
Oromin buzmagin, bu asar – nafis!
Bas-yey, buncha tez-tez yugurma yurak,
Ko‘ksimga bosh qo‘yib uxladi bir qiz.

Yo‘llarku manzilin xobga tutmishdir,
Bu qorli yo‘llarda qolgaymi juft iz?.
Bahorning ruhiday bejirim tushdir:
Ko‘ksimga bosh qo‘yib uxlagan bu qiz.

***

Tarnovdan, ana, bir-bir
Tomayotir qish – chak-chak.
O‘rikka osilgancha
O‘y suradi belanchak.

Qorli tog‘lar bag‘rida,
Tabiatga jim boqib,
Turgan juvon ko‘zida
O‘tmoqda osmon oqib.

Uning qaynoq labida
Eriydi qorparchalar.
Hali uxlar qalbida
Ochilmagan g‘unchalar.

Ishqni solib yodiga,
Qalbiga bermay ozor.
Chorlar uni yoniga
Beshikda yotgan bahor.

Qorli tog‘lar bag‘rida…

19.11.2016

***

Qayg‘uli tuyg‘ular sir bo‘la qolsin,
Lahzalik visol deb ming bora ozdi.
Yuragim urishin tinglab ko‘ring deb,
Bir qiz qo‘llarimni ko‘ksiga bosdi.

His etdim pinhona ehtiros kuchin,
Bir tulpor yugurib borayotganin.
His etdim lahzalik muhabbat uchun,
Qanotsiz qushday jon so‘rayotganin.

Keyinmi, oxiri biroz qayg‘uli,
Jimgina termulib xayr-xo‘shlashdik.
Sevaman degan so‘z yangramadi hech,
Biz sadosiz ketdik, unsiz do‘stlashdik.

Boshqa uchratmadim uni. O‘shandan
Goh to‘fonday toshsam, goh tinayapman,
Qo‘llarim to hanuz unutolmagan
Yurak dukurlashin sog‘inayapman.

***

Bizni unutqonni unutmoq kerak…
Zahiriddin Muhammad BOBUR

Olislab boradi alvon qizg‘aldoq,
Shamolda to‘lg‘onib boradi ko‘ylak…
Sulaymon oldiga kelarmidi tog‘,
“Bizni unutqonni unutmoq kerak”.

Tasalli izlayman, she’r varaqlayman,
Shoh baytlarda pinhon mag‘rur bir yurak.
– Unutmayman, dedi, – o‘zni oqlayman,
– Bizni unutqonni unutmoq kerak.

Bu vassali uyni topgaymi visol,
Yo yo‘lni topolmay ketar jonsarak!
“Axir, u vafoga yagona timsol,
Bizni unutqonni unutmoq kerak”.

Umrim sahrosidan o‘tdi ko‘p karvon,
Qo‘ng‘iroqlar berdi sog‘inchdan darak.
Ko‘nglim – ustuni yo‘q g‘arib bir ayvon,
“Bizni unutqonni unutmoq kerak”.

Kitobni yopaman, shivirlayman, oh,
Shamolda to‘lg‘onib boradi ko‘ylak,
Olislab boradi alvon qizg‘aldoq…
… Bizni unutqonni… unutmoq kerak!

AYRILIQ

Ayriliq shunchaki oddiy so‘z emas,
Unda qalbning tirik anduhlari bor.
Jinday hasad ham bor, tog‘ kabi havas,
Sevgining majruh va pok ruhlari bor.
Ayriliq burchakda qimtinib turgan
Muzaffar yillarning achchiq nolasi.
Ayrilik, bemahal dunyoga kelgan,
Visolning tentirab yurgan bolasi.

OTALIK SO‘ZIM

Biz hali hammadan o‘tamiz, qizim
Muhammad YUSUF

Bu kunlar o‘tadi. Vaqt to‘xtab qolmas,
Hali qor ostidan jilmayar ko‘klam.
Mehrinoz qizim-a, o, mehri tolmas,
To‘maris qizim-a, fe’li keng bolam.

Baxtimizni jamlab har bitta she’rga,
Varrakka qistirib, oyga xat yo‘llab
Yulduzlardan munchoq tizamiz birga,
Axir bizni Xudo turibdi qo‘llab.

Yuzimizday nurli kunlar keladi,
Kunlarday yuzimiz bo‘lgaydir yorug‘.
Hali ko‘zimizda quyosh kuladi,
Hali ko‘zimizda so‘nmagaydir cho‘g‘.

Mehrinoz qizim-a, To‘maris qizim,
Men bor, ostonadan kirolmaydi g‘am.
Uyimiz bo‘ladi, otalik so‘zim,
Toshkenti azimda hali bizning ham.

Xudo yuragimning yarmini uzib,
Sizning siymongizda bergan qaytarib.
Hali biz hammadan o‘tamiz qizim,
Tole peshvoz chiqar gullar ko‘tarib.

Hozircha sizlarga yelkalarim taxt,
Hozircha sizlarga men ham boladek.
Sizni tark etmasin deyman hamma vaqt,
Ijara uylarda qolgan bolalik.

QAYTISH QO‘SHIG‘I

Ertaga qishloqqa qaytaman, ona,
Borsa-kelmas emas, axir yo‘llarim.
Men qishloqni she’rga solyapman yana,
Cho‘g‘ bo‘lib yozyapti hozir qo‘llarim.

Ko‘nglimda orzu bor – jilovlangan ot,
Sening boshginangda esa oppoq dard.
Tushun, tuproqyo‘ldan irg‘itdi hayot,
Endi toshni yorib ko‘karmog‘im shart.

Entikib boqaman olis tog‘larga,
Keltirmam chopqillab endi tog‘lola.
Qayta olarmanmi so‘lim chog‘larga,
Qalbim to‘la sog‘inch, qalb to‘la nola.

Ha, mayli! Dil sathin bosmasin alam,
Tuymayin sog‘inchli damlar qahrini.
Tushimda shivirlab yig‘laysan, “Bolam,
Haliyam bilmaysan hayot zahrini”.

Hayoting zaharga aylanmasin hech,
Agar yuragimning tori uzilgay.
Ona, men boraman aniq, erta kech,
Ko‘zlaringdan obi zam-zam quyilgay.

…Ona, yuragingni tilkalab netdim,
Tilka yuragingga malham bo‘lay men.
Keksaygan chog‘ingda qo‘lingdan tutib,
Yaxshi kunlaringga hamdam bo‘lay men.

Qishloqqa qaytaman, bir o‘g‘il bo‘lib,
Bog‘lar ham maysa-yu, gulga to‘lgandir.
Meni kutaverib, sog‘inchga to‘lib,
Chinorlar ham meva tugib qolgandir.

AKSIOMALAR

***
Zig‘iryog‘ning sut kabi ko‘pirganin ko‘rganman,
Kichikkina jilg‘a jarni o‘pirganin ko‘rganman.
Betovfiq o‘g‘lin ota oq qilib, o‘lgach esa
Boshpana sanab qabrin supurganin ko‘rganman.

***
Ko‘rib qoldim tunov kun toshbaqa uchib o‘tdi,
Bir yulduzcha tap tortmay quyoshni quchib o‘tdi.
Hayvonot bog‘ida men sherning sherini ko‘rdim,
Unga quyon tashlasam, seskandi, cho‘chib o‘tdi.

***
Dumida turib ilon raqs tushdi kuni kecha,
Keltirishgandi tutib o‘rmondan uni kecha.
Lol edi, hayron edi, ilonlarning barchasi,
Ko‘zoynakdan boqishdi, havas qilishdi picha.

***
Ko‘rdim bir odamni men xomush edi, g‘am bosgan,
Sezdirmayin deydiyu, kiprik ostin nam bosgan.
Yulduzlik qilib da’vo, qafasi kelib tor yo
Iktagina so‘z bilgan to‘tisi o‘zin osgan.

***
Ko‘rganim she’rga solsam, ayting ne ulgi bo‘lar,
Kimga soxta yig‘iyu, kimga chin kulgi bo‘lar!
Bu dunyoda yashashni dumini bigiz qilgan,
Hammani chuv tushirgan shu sodda tulki bilar.

OLOV BO‘LDIM

Bu dunyoda olov kechib yashayapman,
Bu dunyoda olov ichib yashayapman,
Shu olovli dunyo ichra poylaringga,
Qara jonim, qizg‘aldoqlar to‘shayapman.

Yonyapman-u, minnatdorman bahorimdan,
Cho‘g‘im bisyor, xarid ayla bozorimdan,
Kel-yey, jonim qo‘llaringni qo‘limga ber,
Barmoqlaring kurtak yozar izhorimdan.

Sen gul bo‘lding, menchi kulning ibtidosi,
Sen baxt bo‘lding, menchi g‘amning bir nidosi.
Muhabbatni oz-oz o‘lchab beray desam,
Yuragimda ishq bor faqat, yo‘q tarozi.

Men ishqingda yonar bo‘ldim, tonmagayman,
Umrim ado bo‘lsin, yonib qonmagayman.
Ey, diloro ko‘zlaringda quyosh ko‘rsam,
O‘zim zarra sanarman bas, yonmagayman.

TЕRAKZOR

Shovullaydi terakzor
Oyni tutib boshida.
Bir qiz esa ayvonda
O‘sma qo‘yar qoshiga.

Tomoq qirib otasi
O‘ngga o‘tar yo so‘lga.
Qizning esa ko‘zlari
Suv sepguday zor yo‘lga.

Oy ham sekin panalab
Tog‘ ortida dong qotar.
Otaning qosh-qovog‘i
Ochilmaydi, tong otar.

Terakzorda kutgan kim,
Mohga ohin so‘zlagan,
Noskash cholni tongacha
Onasidan tuzlagan?

U ham oshiq, birovning
Silab-siypab boqqani.
Kelmadi yuragiga
Bir hovuch o‘t yoqqani.

Vaqtlar o‘tdi oradan,
Diydor hamon shirin tush.
Qizning ko‘ksin cho‘qiydi,
Qanoti kuygan bir qush.

Shovullaydi terakzor,
Shamol bo‘zlar boshida.
Yigit yotar yer quchib,
Bolish cho‘kar yoshiga.

Oyni doyra qilishib,
Chalib borar yangalar.
Muhabbatning ustidan
G‘olib borar yangalar.

HAYOT

Yurakni olmosday sayqallab bo‘lmas,
Boricha amallab yashab turgaysiz.
Yuragi ursa bas, odamzot o‘lmas,
Ko‘k sha’nsiz qolmagay bitta to‘rg‘aysiz.
Bog‘ bog‘ligin qo‘ymas bulbul kelmas deb,
Faqat baliq uchun oqmagay daryo.
Atirgul bebaho, u egilmas deb,
Jamiki gullardan kechkanmisan yo?!
Qanchalab yulduzin boy berdi oqshom,
Oyli shomlarni ham sukut yenggaydir.
Hayotga hamisha ko‘rsat ehtirom,
Fe’ling doirasin biroz kengaytir.
Quyoshga tik boqsang yoshlangay ko‘zing,
Kaftlaring kuymagay ko‘z yoshni artib.
Bilki, ming yil oldin aytilgan so‘zing,
Bu qadim qoida, bu qadim tartib.
Mo‘’jiza qutqarmas aslo dunyoni,
Dunyoni haqiqat mudom sog‘ tutgay.
Bir chetga suraylik, endi ro‘yoni,
Haqqa suyanaylik qadni tog‘ tutgay!

ROSTI GAP
Chori Avaz xotirasiga

Kimga mayxo‘rdirman, yo‘q, shoir emas,
Kimga uchar bo‘ldim, kimga haqgo‘yman.
Hasratlashay desam, odam topilmas,
Dunyoga og‘irliq qilgan bir o‘yman.

Goh shodlik, goh qayg‘u soyasida men,
O‘lishim tayindir qirqqa kirmasdan.
Lekin alam qilar, ortimdan bo‘zlab
Bolalarim qolar bir to‘y ko‘rmasdan.

***

Kunlarimni quvib, yondirib,
Chopib borar jazirama yoz.
Seni sevib qolgan ekanman,
Yillar o‘tib angladim, Charos.

Oy nurlari senga mahliyo.
Zuhro, Zuhal ko‘zlaring go‘yo.
Sen ekansan eng go‘zal dunyo,
Yillar o‘tib angladim, Charos.

Visol emas chin oshiq zori,
Shabodada soching ifori,
Kulgichlaring – umrim bahori,
Yillar o‘tib angladim, Charos.

Yosh edimmi, g‘o‘r edimmi yo,
Bugun esa muhabbat ro‘yo,
Sen ekansan, eng go‘zal dunyo,
Yillar o‘tib angladim, Charos.

YURAKKA UCHQUN TUSHDI

Kelarding ko‘k ko‘ylakda,
Gullari bor nim pushti.
Ko‘zlaringdan yurakka
Bir parcha uchqun tushdi.
Dilda yondi ajib his,
Ko‘ksim bo‘ldi hokandoz.
Qoshi qumrol janon qiz,
Hayotimga ber pardoz.
Kecha chiqqan yangi oy,
Bo‘lsin deyman kovushing.
Dilga yaqin sohir kuy –
Qadamlaring tovushi.
Sen quyoshsan, kiygansan
Ko‘ylak qilib samoni.
Sevgimni rad etsang gar,
Yo‘qdir bundan yomoni.
Men olovman, zaminda
Soyang bo‘lsam ham mayli.
Qaniydi, yerda qolsang
Shu muhabbat tufayli.
Ketarmidi yurakdan,
Gul faslimning xazoni.
Yomonmi ayt bir umr,
Quchib o‘tsam samoni?!

G‘ILON
G‘ilon – Shahrisabz shahridan 80, Miroqi shaharchasidan 30 kilometr uzoqlikda, dengiz sathidan 2 ming 223 metr balandlikda joylashgan, Hazrati Sulton cho‘qqisiga yondosh,
Hisor tog‘i etagidagi mo‘’jaz qishloq.

Bahodir qoyalar saltanatida,
Azim cho‘qqilarning haybati aro
Ulug‘vorlik jamday bor tal’atida
Tabiatga berib turganday oro

Billur badanini etgancha ko‘z-ko‘z,
Erigan olmosday oqar Oqdaryo.
Nogoh bahor bilan keldim yuzma-yuz,
G‘ilon – bahorlarga burkangan dunyo!

Adirlar bag‘rida ko‘klam, maysazor,
Saraton tig‘idan qocholgan omon.
Odamlari kabi sodda, xokisor,
Odamlari kabi toza, pokdomon.

Yashar bir-birining pinjiga kirib,
Xuddi musichaday vassali uylar.
Million yulduzchalar kiftimda turib,
“Oydin kechalar”ni zavq bilan kuylar.

Muzli cho‘qqilarga tirab tirsagin,
Kuzatar hayratga ko‘milgancha oy.
Shabada esadi xotirjam, sokin,
Yo mahliyo etgan uni ham chiroy.

Marjon shodalarni oqizgancha sho‘x,
Buloqlar toshadi – shiddati nafis.
Tanimda nasimday esa boshlar ruh,
Hali ham bormiding, ey, beg‘ubor his.

Hali ham bormiding, yurak – asov ot,
Hali ham go‘zallik etarmidi lol?!
Hali ham munavvar demak bu hayot,
Hali ham intizor senga istiqbol.

Angladim, tiriklik ta’mini shu dam,
Angladim, hayratning umri boqiydir.
Angladim, u menman, – ey, sarmast odam,
Angladim, tabiat ko‘hna soqiydir.

Ko‘kni tutib turgan teraklar – ulfat,
Chayqalib-chayqalib zavq tuyayotir.
Mevazor bog‘lar ham ayni shu fursat,
Pishiqchilik damin tush ko‘rayotir.

Ta’zimim qabul et betakror yurtim,
Bag‘ringda baxtiyor sayr etib yurdim.
Qanday tushuntiray axir, zavqimni
Ayni saratonda bahorni ko‘rdim.

…Go‘zal guldastasi O‘zbekistonning,
Mangu bahor dedim mo‘’jaz G‘ilonni.

07.08.2015 yil

IMLAYOTGANDAY

Seni ko‘rgim keldi, tong chog‘i edi,
Qushlar ham bezovta, sayroqi edi.
Meni esa ishqning firog‘i yedi,
Har qadamda hijron imlayotganday.

Yurakda nay chalib bir majnun o‘ldi,
Yuzini ko‘rdim deb ul mamnun o‘ldi,
Sensiz so‘qmoqlarim, yo‘lim tugildi,
Endi meni osmon imlayotganday.

Yulduzlarga tegsa boshim, aylanay,
Yelkangga tushmasin toshim, aylanay.
Bir on manglayingga yulduz saylanay,
Meni Shamsi-Davron imlayotganday.

Izimga yuz bosgan kunlarim haqqi,
Zanjirband yo‘lbarsday unlarim haqqi,
Zaminda raxshon bo‘l, bir umr balqi,
Nurli bir kahkashon imlayotganday.

Tole deganlari yerda ham bisyor,
Kulgi bor, baxt bisyor, yig‘i, g‘am bisyor.
Quvonchu tashvishsiz kim bo‘lamiz yor,
Sezdirmay bir imkon imlayotganday.
Hyot bu – imtihon imlayotganday.

***

Osmondagi qushlar, o, ozod qushlar,
Boqiy tinchlik raqsin ijro etarsiz.
Parvozi – ahdi bor, barhayot qushlar,
Bir kuni quyoshga albat yetarsiz.

Nurafshon ko‘k yaxshi, donli yer yaxshi,
Biyobon, tog‘laru, qir-adir yaxshi.
Boshimda charx urib uchingiz omon,
ozod yurtda yashash zo‘r taqdir, yaxshi.

Bulutga yonma-yon uchgan ham sizku,
Eng yorqin yulduzni quchgan ham sizku.
Manglayga bitganda istiqlol baxti,
Humoga aylanib tushgan ham sizku.

Bog‘larni gullatsin bulbul zaboni,
Qaldirg‘och tilida tinchlik zamoni,
Otam duo qilar, bolam quvnaydi,
Qushlarga to‘lsin-a, yurtim osmoni.

Nurafshon ko‘k yaxshi, rizqli yer yaxshi,
Biyobon, tog‘laru qir-adir yaxshi.
Boshimda charx urib uchingiz baland,
Ozod yurtda parvoz – zo‘r taqdir, yaxshi.

***

Rizqini bir deya o‘ylar bu karvon,
Oftobga basma-bas sahro oralab.
Lekin bir tuyani nimtalar armon,
Borar tuyaligin qoralab.

Quyosh nayzalari tig‘ kabi botar,
Qumlar ezg‘ilaydi tuyoqlarini.
U bosib o‘tmoqda sarson, darbadar,
Bu dunyoning qizil bo‘yoqlarini.

(Olis-olislardan eshitilar goh,
Maysazorlar aro otlar dupuri).
Katta-kichik bo‘lmas armon, banogoh
Mushtday yuragingni ketar o‘pirib.

Bir chiziqda jodir butun hayoti,
Borib kelaverar, yengadi yo‘llar.
Hech qachon tinglamas dardi-faryodin,
Qamchisin qilichday dast tutgan qo‘llar.

Rizqini bir deya o‘ylaydi karvon,
O‘zicha dunyoning yukin orqalab.
Lekin bir tuyani nimtalar armon,
Borar tuyaligin qoralab.

ELDOSHLARIM
Yo‘qlab sizni keldim bu kun, eldoshlarim…
Amir XUDOYBЕRDI

Men yengildim, sog‘inchimga shahar berdim,
Marjon-marjon bo‘lib oqdi dil toshlarim.
Yuragimda ulkan-ulkan tog‘lar ko‘rdim –
Yo‘qlab sizni keldim bu kun, eldoshlarim.

Yo‘llarimda gullar xandon otmadilar,
Qaldirg‘ochlar bitta somon sotmadilar.
Ko‘ksim osmon desam, oylar botmadilar,
Yo‘qlab sizni keldim bu kun eldoshlarim.

Bir qarasam samolarim Humoliday,
Har bir maysa tiriklikning a’moliday.
Kamol yo‘qdir xalqning raso kamoliday,
Yo‘qlab sizni keldim bu kun eldoshlarim.

Sizdek oqil – har biri bir olam haqqi,
Yaratgandan menga ehson – alam haqqi,
Kaftlarimni qabartirgan qalam haqqi,
Yo‘qlab sizni keldim bu kun eldoshlarim.

Chashmalarda yulduzchalar suzib yurgan,
Chinorlari ko‘kka qo‘lin cho‘zib turgan,
Tandiridan qizg‘ish tongni uzib turgan,
Yo‘qlab sizni keldim bu kun eldoshlarim.

Dunyo obod doim yaxshi niyat bilan,
Har bir qalbda kuylanmagan necha o‘lan,
Necha qo‘shiq, necha she’ru-bayot bilan,
Yo‘qlab sizni keldim bu kun eldoshlarim.

Otayurtim desam, ko‘rkam otamdayin,
Doim duo qilib turgan otamdayin,
Bir on bo‘lsin, yashay men ham odamdayin,
Yo‘qlab sizni keldim bu kun eldoshlarim.

Palangdara qirlarida kezgan ruhim,
O‘zin xuddi palang kabi sezgan ruhim.
Shamol bilan qo‘l ushlashib esgan ruhim –
Yo‘qlab sizni keldim bu kun eldoshlarim.

Sog‘insam gar, yaqin ko‘rdim ko‘zga yo‘lni,
Ko‘rolmadim, sizsiz, ayro o‘zga yo‘lni.
O, xudoyim, ravon bersin bizga yo‘lni,
Yo‘qlab sizni keldim bu kun eldoshlarim.

Men yengildim, sog‘inchimga shahar berdim,
Marjon-marjon bo‘lib oqdi dil toshlarim.
Yuragimda ulkan-ulkan tog‘lar ko‘rdim –
Yo‘qlab sizni keldim bu kun, eldoshlarim.

***

O, do‘stlarim meni olqishlang,
O, do‘stlarim la’natlang meni.
Siz ham menday telbahol qishlang,
Kelgunicha bahor epkini.

Kezib shodon muattar havo,
Yonveringiz to‘lar gullarga,
Qo‘l ushlashib boychechaklar va
Binafshalar chiqar yo‘llarga.

Madh o‘qiydi sizga andalib,
Kengayadi yurakning qini.
Hayot sizga bo‘ladi tolib,
Agar kelsa bahor epkini.

DARS

Bolam, shu qishloqda men tug‘ilganman,
Qadamim izi bor so‘l-u sog‘larda.
Baxt bilan yonma-yon katta bo‘lganman,
Kishmishlari lov-lov pishgan bog‘larda.

Qaddingni tog‘day tut tog‘larga boqib,
Chashmalarga chaygin chashma qalbingni.
Mahzun hayotimga bir gulxan yoqib,
Shu gulxanga keyin o‘zing talpingin.

Bolam-a, ildizing axir shu yerda,
Shu yerdan boshlanar eng muqaddas dars.
Senga qizg‘aldoqlar tutgan adirdan,
Mening kabi sen ham bir umrga qarz.

Shu qadoq odamlar shahri azimning,
Bozorlarin mudom qutga to‘ldirgan.
Shulardan boshlagin avval ta’zimni,
Inson bo‘lmoqlikni ulardan o‘rgan.

Bobong yuzlariga qo‘llaringni bos,
O‘zingni toblagin momong taftida.
Sengacha yetkazgan (yo‘qdir e’tiroz),
Zaminni avaylab guldor kaftida.

Hali kichkinasan, biroz ulg‘ayib,
Har kelganda borgin ruhiy bo‘stonga.
Ajdodingni yo‘qlash sanalmaydi ayb,
Ular dafn etilgan, huv, qabristonga.

Bolam-a, ildizing axir shu joyda,
Shu yerdan boshlangay eng muqaddas dars.
Tuprog‘ini o‘pgin qayta va qayta,
Otayurtga mehr – qiyomatli farz.

AKALARIMGA

Yurar yo‘lim yerdan biroz baland edi,
Hayot hali yengmagandi yuragimni.
Bolalikda rosti, parvoz baland edi,
Oy yuziga bosar edi kuragimni.
Men tugadim, tugamadi ertak, aka,
Oyni yopsa hamki hozir etak, aka.

Qoqqanicha qalpog‘ining changlarini,
Otam o‘zin atar edi mayda odam.
Dunyo yaxshi bilar holi tanglarini,
Dunyodan ham ulkan erur, asli otam.
Men maydaman, o‘zni qumdan qidirganman,
Oqibatni ko‘rsichqonga yedirganman.

Ana, shamol og‘ir o‘yga cho‘mib borar,
Ruhim ezar rayhongulning savollari.
Qo‘lin boylab, ko‘zlarini yumib borar,
Shamol asli, mushfiq onam xayollari.
Aka, buni sal avvalroq anglasaydim,
It bo‘lardim, odamlikni tanlamaydim.

Qoshga qo‘lim qo‘yib boqsam, olislarda
Ko‘rdim, tog‘lar bir-biriga suyanganin.
Ich-etimni yondirmoqda olov parda,
Yuragimda xuddi chaqmoq chaqqandayin.
Farzandlikda sizdan ta’lim olsam, aka,
Aka bo‘lish qiyindir-a, rosa, aka.

Jon chiqsa ham qon chiqmaydi tandan, tokim
Uvalanar, birga tuproq bo‘lar bir kun.
Qorindoshlik rishtasining yo‘qdir hoki,
Mehr bilan yonma-yondir va ham durkun.
Uxlolmadim, to tongacha uyg‘ondim men,
Bu hikmatni aka, sizdan o‘rgandim men.

***

Tug‘ildimu meni ulg‘aytirdi kuz,
Xazonlarni o‘ynab vaqtim o‘tkazdim.
Shodon hayotimdan yuldimda so‘zsiz,
Jami baxtsizlarga baxtim tutqazdim.

Men – bahor ko‘rmagan, hayratim – maysa,
Ohista chertdim bir gul derazasin.
Har ko‘ngil bahorda sevgini tuysa,
Men kuzda sevgining totdim mazasin.

Yoshmanda, hayotning hisobin bilmay,
Barchaga baxtimni bo‘libman berib.
Ana gul, sarg‘aygan, bargi to‘kilmay,
G‘amgusor turibdi mendan baxt kutib.

Ilk bora o‘zimdan bo‘ldim xijolat,
Ilk bora o‘zimdan uyaldim, e voh!
Menga hech himmating kerakmas faqat,
O‘tinam, shu gulga baxt bergin, Olloh!

SЕNI SЕVAMAN, SHABNAM…

Shamolmi, ayt qutragan
Depsindimi yo otim.
Tong bag‘rida titragan
Shabnam mening hayotim.

Bu xushxabar, yo xatar
Ne bo‘lsa ham maylida.
Ko‘nglim seni axtarar
Shabnam, gullar saylida.

Asli sensan hayotim,
Yurakdagi ohim sen.
Maysazor bag‘rida jim,
Uxlayotgan mohim sen.

Tunda yulduz uchdimi,
Yo quyoshmi jismingda.
Ayt, parilar tushdimi,
Nahot hurlar izmingda.

Hayronman. Qanday shuncha
Jozib senda mujassam.
Visolingdan mast g‘uncha
Tebranib qo‘yar dam-dam.

Asli sensan hayotim,
Yurakdagi ohim sen.
Chamanzor bag‘rida jim,
Uxlayotgan mohim sen.

Seni sevaman shabnam,
Qachon anglab yetasan.
Qo‘limga olay desam,
Darrov qochib ketasan.

OSHIQ XAYOLI VA HAYOTI HAQIDA SHE’R

I

Ovozing ming yillar qa’ridan keldi,
Baxtiyor lahzalar tushdi yodimga.
Shodumon yulduzlar yerga to‘kildi,
Oyni taqa qildim yurak – otimga.

Quchib borayapman xotirangni men,
– Sog‘indim, – titraydi, ana, lablaring.
Qanday she’rga solay bu jarangni men,
Axir, u ming jonim bahosiga teng.

Bilmaysan, sensizlik… aytibam netdim,
Siylab qo‘ymagandir hijron seni ham?!
Ovozingni eshtib yosharib ketdim,
To‘xtatdim yillarning to‘lqinini ham.

O, gulim, ko‘ksimda ochilgan gulim,
Har bitta bargida bir izhorim bor.
Olsalar, yurak-la olarlar yulib,
Ki, inson qo‘llari bu ishga dushvor.

Sezaman, ayni dam yerga suq solib,
Qarshingda men borday, iymanib sekin
O‘g‘lingning boshini kaftingga olib,
Erkalab turibsan, – dadajon, degin!

Ovozing qalbimning qa’ridan keldi,
Alo… alo.. sizmi… sizmi… Bahodir?!
Jim! Biz baxtlimizku! Gapirma, bo‘ldi!
Yig‘lama, yig‘lasang yig‘layman, axir…

II

Nechun yuragimni tig‘layman, axir,
Sensizlik – ko‘zyoshday: sho‘rxok va taxir.
Bir so‘nmas otashda yonmoqda bag‘ir,
Yig‘lama, yig‘lasang yig‘layman, axir.
Axir…

09

(Tashriflar: umumiy 845, bugungi 1)

Izoh qoldiring