Йиллар бир-бирини қувлаб ўтаверди. Колька кўркам, чайир йигитга айланди. Энди қўлтиқтаёқлар унга халал берадиган бўлди. Тенгқурлари моҳпораларни клубдан уйларига кузатиб қўйишганда, у жонига теккан икки «ҳамроҳ»ини ғирчиллатиб, тор кўчада бир ўзи кетарди.
Василий ШУКШИН
ТАСОДИФИЙ ЎҚ
ШУКШИН Василий Макарович (1929.25.7, Олтой ўлкаси Бийск тумани Сростки қишлоғи — 1974.2.10, Волгоград вилояти Клетск қишлоғида вафот этган; Москвада дафн қилинган) — рус ёзувчиси, кинорежиссёр, сценарист. Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969).. Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ одамлари» (1963). 1964 йилда Василий Шукшин сценарийси асосида «Шундай йигит яшайди» фильми суратга олинган ва ушбу картина Венецияда бўлиб ўтган 16-Халқаро кинофорумда «Олтин шер» мукофотига сазовор бўлган. Шукшиннинг «Любавинлар» (1965) романи, шу роман асосида ишланган «Любавинларнинг тугатилиши» (1972) фильмида, Степан Разин ҳаёти ва унинг курашига оид «Сизга эркинлик бергани келдим» кинороманида (1971),«Характерлар», «Сизнинг ўғлингиз ва акангиз» (1966), «Ғаройиб кишилар» каби кинокартиналарида инсоннинг теран ички кечинмалари, орзу ва умид сари талпинишлари, баъзи бир кимсаларда учрайдиган мешчанлик фалсафасининг фожиага олиб келиши маҳорат билан тасвирланган. Шукшиннинг адабиёт ва кино соҳасидаги фаолиятида турли тоифа кишиларининг ёрқин образлари яратилган.
Василий Шукшиннинг бадиий адабиёт ва кинодаги услуби ишонтириш санъатининг кучи билан чуқур ҳаётийлик касб эта олган.
Шукшин С. Герасимовнинг «Кўл бўйида» фильмидаги Черних ролининг ижроси учун Давлат мукофотига сазовор бўлган (1971). «Улар Ватан учун жанг қилдилар» фильмини суратга олиш чоғида тўсатдан вафот этган.Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
Оёғи жонсиз эди. Туғилганидан бери шунақа ўзи: ингичка, қийшиқ… қуриб қолган палакдай осилиб туради. Сал-пал қимирлайди, холос.
Вақти-соати келгунча Колька бу ноқислигига унча аҳамият бермади. Тенгдошлари атак-чечак қилиб икки оёқлаб юришни ўрганганда, у уч оёқлаб юришни машқ қилди. Қўлтиқтаёқ халал бермасди. У бошқа болалар билан ўсиб-улғайди, бегона полизларга ошиб тушиб, ошиқ-мошиқ ўйнарди — ўйнаганда ҳам кифтини келтириб ўйнарди! — битта қўлтиқтаёғини четга суриб қўйиб, чап қўлига суянарди-да, мўлжалга оларди — шақ! — тамом, ярим дўжна1 ошиқ қайтиб давра айланмасди.
Аммо йиллар бир-бирини қувлаб ўтаверди. Колька кўркам, чайир йигитга айланди. Энди қўлтиқтаёқлар унга халал берадиган бўлди. Тенгқурлари моҳпораларни клубдан уйларига кузатиб қўйишганда, у жонига теккан икки «ҳамроҳ»ини ғирчиллатиб, тор кўчада бир ўзи кетарди.
Кольканинг зийрак нигоҳлари ўйчан боқадиган бўлди.
Қўшни йигитларни ҳар йили армияга кузатишарди: дам бирини, дам бошқасини, дам бир тўдасини… Шов-қин-сурон билан кузатишарди. Колька уйларининг соясида туриб, тирқишдан мўраларди. У ҳам армияга боришни истарди.
Бир сафар отаси, колхоз механиги Андрей Воронцов, ўғлининг мана шу машғулоти устидан чиқиб қолди… Билдирмасдан уйга кириб кетмоқчи эди, лекин Колька қадам товушларини эшитиб, ўгирилди.
— Нима қиляпсан? — деб сўради отаси ўзини билмаганга олиб.
Колька шолғомдай қизариб кетди.
— Ўзим, шунчаки, — деди-да, дастгоҳига йўналди (Колька қишлоқдошларининг соатларини тузатарди — бир қўноқдан ўрганиб олганди).
Вақт эса шувиллаб ўтаверарди.
Ҳаммани домига тортадиган воқеа содир бўлди: Колька севиб қолди.
Уларнинг рўпарасида, йўлнинг нариги юзидаги чоғроқ уйда овози ўткир қиз — Глашка турарди. Колька бу қизга ҳар куни деразадан тикиларди. Эрталабдан кечгача товонидан ўт чақнайдиган Глашка ҳовлида изғиб юрарди: гоҳ ертўлага тушиб-чиқади, гоҳ ғозларни қувиб юборади, гоҳ томорқаларига тушиб, эгатларни босиб-янчган чўчқалар сабаб қўшни қиз билан уришади… Уззукун фақат шу қизнинг овозини эшитасан.
Бир куни Колька қўшни қизга қараб туриб, э йўқ, бе йўқ ўзича ўйлади: «Эҳ… қанийди шунақа чиройли бўлмаганда, унга уйланардим-қўярдим». Ўшандан бери ҳар куни икки хаёли Глашкада бўлди. Бундан изтиробга тушарди. Недир бир куч уни дастгоҳидан туриб, эшик олдига чиқишга мажбур қиларди.
— Глашка! — деб чақирарди қизни. — Қачон эрга тегасан-а, ғунажин?! Тўйинг-да бир маза қилиб ўйнармидим!
— Ҳеч ким олмаяпти, Коля! — деб жавоб қиларди гапга чечан Глашка. — Мен аллақачон тайёрман!
«Сени қараю!» — деб ўйларди Колька ва ўйчан кўк кўзлари тиниб кетарди.
Қишлоқ узра июлнинг мовий осмони олис-олисларга чўзилиб кетган. Милт-милт қилган сароб ичра кўзга эртакмонанд хаёт кўринади. Тонг шафағи анҳорга ёпирилиб ташланади-да, атроф жимиб қолади. Тунлари ҳам сокин… Бу сукунат ҳам ширингина, ҳам азоб бериб юракни эзади.
Ёзда Колька бир девори кўчага қараган омборчада ухларди.
Бир сафар ана шу деворга бир жуфтлик келиб суянди. Кольканинг юрагига санчиқ турди — у Глашкани таниди, гарчи девор ортидагилар анчагача жим турган бўлса-да. Кейин Колька уларнинг пичир-пичири ва ҳиҳилашларини эшитиб ётди. Ўша тунда у қўлтиқтаёқларини лаънатлади. Юзини болишга буркаб йиғлади. Ортиқ бундай яшай олмасди!
Тонг ёришгач, фелдшерникига борди. Фельдшер билан қалин эди — бирга-бирга овга чиқар, балиқ тутарди.
— Каллайи саҳардан туриб олибсанми? — сўради фельдшер.
Колька эшик тагига ўтириб, қўлтиқтаёғининг учини ерга суқди…
— Ортиқча пистонинг йўқми? Ўзимники тугабди.
— Пистонми? Ҳозир кўрай-чи. — Фельдшер ичкарига кириб, бир дақиқадан кейин бир ҳовуч пистон олиб чиқди. — Ма.
Колька пистонларни чўнтагига солиб, чекди… Зўрама-зўраки тиржайиб, фельдшерга қаради ва ўрнидан турди.
— Пистон учун раҳмат.
— Бемалол. Ўзим ҳам овга чиқардим-у… — фельдшер хўрсиниб, кал бошини қашиди. — Лекин.. лекин таътил августда-да.
Колька дарвозадан чиқиб, тўхтади. Йўлга узоқ қараб қолди.
Ортга қайтиб, яна дарвозадан ичкарилади.
— Ма, пистонларингни, — деди у фельдшерга. — Ўзимники тиқилиб ётибди.
Фельдшернинг қошлари чимирилди.
— Тушунмадим.
— Оёғимни кўриб қўй… ясама оёқ қўйдирмоқчиман. Ҳиқилдоғимга келди бунақа юриш.
— Ҳа, шунақа демайсанми, — фельдшер Кольканинг кўзларига тикилиб туриб… довдираб қолди. — Қани, бир кўрайлик-чи.
Икковлашиб мажруҳ оёқни узоқ текширишди.
— Манави ерини сезяпсанми?
— Сезяпман.
— Бу ерни-чи?
— Қани, яна бир марта… Ҳа, сезяпман.
— Қимирлат. Яна. Энди ёнга. Қимирлат, қимирлат. Шундай. — Фельдшер қаддини ростлади. — Умуман олганда… Гапнинг қисқаси, уриниб кўр. Ҳозир аниқ бир нарса деёлмайман-у, лекин уриниб кўриш керак. Мана бу еридан кесиб ташланади. Тушуняпсанми?
— Тушуняпман.
— Таваккал қилавер. Дарров оёққа туриб кетолмайсанку-я, бироқ тер тўкишинг-га тўғри келади. Уқдингми?
Колька уйга кела солиб, йўлга тадорик кўришга тушиб кетди — шаҳарга, шифохонага боришга қарор қилди. Онасига нега кетаётганини айтмади, отасини кўчага чақириб, тушунтирди:
— Бориб, оёғимни кестираман.
— Қанақасига? — Андрейнинг кўзлари дўлайиб кетди.
— Ясама оёқ қўйдирмоқчиман.
Бир ҳафтадан сўнг Кольканинг оёғини кесишди. Йигирма етти сантиметрли чўлтоғи қолди.
Яра оз-моз битгач, ёпинчиқ тагида чўлтоғини қимирлатиб шуғуллана бошлади.
Отаси кўргани келди. Каравот ёнида узоқ ўтирди… Кесилган жойига қарагиси келмади: нима бўлганда ҳам оёқ эди-да. Энди ўшаям йўқ.
* * *
Кейин Колька уйга кирмасдан кетди.
Уйга ярим ойдан сўнг қайтди… Қўлида қопга солинган аллақандай узун матоҳ ҳам бор. Колькани «оёқсиз» кўрган онаси оҳ тортиб юборди. Колька тиржайиб тураверди…
Қопни очиб, полга лок суртилгандай ялт-юлт ялтиллаган ясама оёқни ташлади.
— Мана… оёғим.
Ҳамма ясама оёққа қизиқсиниб қаради. Колька эса бир чеккада тиржайганча тураверди: йўлда ясама оёққа обдон қараб олганди.
— Ялтиллашини қаранг… Ё Худойим! — деди онаси.
Отаси механик сифатида ясама оёқни қўлига олиб, синчиклаб кўздан ўтказди.
— Тоза матоҳ, — деб хулоса қилди отаси. — Кузьма бобоникига ўхшаган ёғоч эмас.
Хуллас, ясама оёқ ҳаммага ёқди. Ҳамма, жумладан, Колька ҳам ишонардики, бунақа қиммат ясама оёқда анча-мунчаси юролмайди. Ахир бу матоҳ асл, тоза материалдан мустаҳкам, бежирим қилиб ишланган: ҳар хил қадамалари, мурватлари бор.
— Қачон синаб кўрасан? — деб сўради отаси ясама оёқни қўлида салмоқлаб кўраркан.
— Яра яхшилаб битсин, кейин. Шошилмасликни маслаҳат беришди.
* * *
Қоп-қоронғи тун. Олисларда чақмоқ чақади.
Колька элбурутдан омборчасига кириб кетди. Ётиб, кута бошлади.
Бутун қишлоқ сув қуйгандай жимжит.
Бирпас ўтиб Колька чироқни ёқди ва ясама оёқни тақишга тушди. Тақди. Ке-йин тамаки бурқситди. Чекиб туриб ясама оёғига тикилди.
— Туппа-тузук оёқ-ку… Ҳеҳ!
Ҳафсала билан попирисини ўчирди. Турди. Турди-ю, маст одамдай мункиб кетди. Каравотнинг путидан аранг ушлаб қолди. Ўзини ўнглаб, соғ оёғи билан қадам ташлади. Чапини, ясама оёғини жойидан қимирлатолмади. Йиқилиб кетди. Яна каравотни ушлаб қолди… Ясама оёқни тортиб-тортиб боғлади. Юраги дук-дук уриб кетди.
— Ҳечқиси йўқ. Бироз тер тўкишга тўғри келади, — дея ўзини овутди.
Яна бир уриниш — бефойда. Чап оёқ ҳеч бўйсунмасди. Шунда Колька ўнг оёғи билан катта қадам ташлаб, бутун гавдаси билан чап оёғини тортишга чиранди. Яна қулади. Анчагача ерда ётди. Чап оёқ ярим қадам бўлса-да, одим отишга ярамасди.
— Ҳап сеними, палид! Ўрганмагансан-да, — деб қўзғалди Колька. Яна бир марта уринди. Қайта-қайта уринди. Барча уринишлари чиппакка чиқаверди.
Колька ҳарсиллаб қолди.
— Бир тутатиб олайлик, тағин ҳаракат қиламиз. — У алам билан ўзига-ўзи гапирарди. Муваффақиятга эришишига ишонмай қўйди, аммо буни тан олгиси келмасди. Асло! Қандай қилиб тан олади ахир?
Тортиб-тортиб чекди. Ке-йин жон-жаҳди билан ясама оёқда юришга тиришди. Яна муваффақиятсизлик. Такрор ва такрор.
Колька болохонадор қилиб сўкинди-да, каравотга узалди. Шу пайт каравот тепасига осиғлиқ турган милтиққа кўзи тушди… Секин ўрнидан турди… Яна-тағин чап оёқда юришга уриниб кўрди.
— Барибир юрасан. Қани… Ҳўппа! Ах, палид!
Безиллаб қолган чўлтоқ лов-лов ёнарди. Колька ясама оёқни ечиб, чўлтоғига пуф-пуфлади. Сўнгра, оғриққа бардош бериб, ясама оёқни қайтадан тақди.
— Ҳозир мен сени… Қани! Тағин юрмайсанми?
Тонг отди.
— Ифлос! — деди Колька ва жойига ётди. Кўзларини чиппа юмиб олди. Мой босган бир башара Кольканинг устига энгашди-да, разилона иршайди. Колька кўзини очди… — Ҳа-а, сенми, мараз, — деб девордаги милтиқни олди…
Отаси кўнгилсизлик ҳақида эртаси куни кечки маҳал эшитди (захира асбоб-ускуналар учун туман марказига тушганди). Уйга келиши биланоқ бўлган воқеани ҳовлиқиб гапириб беришди. Ота шартта отининг бошини бурди-да, касалхонага қараб елиб кетди.
— Ҳозир кирмаганингиз маъқул, — тушунтирган бўлди доктор. — Ҳозир у…
Ота докторни нари итариб, палатага чопди.
Ҳамма ёғи бинтланган Колька чалқанча ётарди… Ранги докадек оппоқ, туққан онаси ҳам танимайди — қандайдир ёт-бегона. Аҳволи абгор. Палатада йод ҳиди анқирди.
Ғам-аламдан отасининг пешанасидан совуқ тер чиқиб кетди.
— Менга айтсанг бўларди-ку! Керакли жойга отган бўлардим… Бунақа қийналмасдан дарров… — Отанинг овози қалтираб кетди… Пешанасидаги терни артиб, каравот ёнидаги курсига чўкди.
Колька отасига кўзини қийшайтириб қаради… Лабларини қимирлатди…
— Оғрияптими? — сўради отаси.
Колька кўзини юмиб-очди: оғрияпти.
— Эҳ… — деб ота палатадан чиқди.
— Гап бундай: ҳаммаси унинг қанчалик яшашни исташига боғлиқ. Тушуняпсизми? Организмнинг ўзи…
Ота мусибатдан ўзини йўқотиб қўйди: докторнинг ёқасидан олди:
— Сен нима қиляпсан бўлмаса бу ерда? Организм!
— Эсингизни йиғинг. Қўйворинг. Қўлимиздан келганини қиламиз.
Андрей докторни қўйиб юборди, палатага қайтиб кирмоқчи эди, эшик олдида тўхтаб қолди… ва касалхонадан чиқиб кетди. Анча жойгача бориб қолганди, отда келгани эсига тушди. Извошга ўтириб, отни қамчилади…
Кольканинг онаси кўрпа-тўшак қилиб ётарди — мусибатни кўтаролмай хасталаниб қолганди.
— Тузукми? — деб сўради уйга кириб келган эридан.
— Агар унга бирон кор-ҳол бўлса, сениям соғ қўймайман. Ўлдираман. Болта билан чопиб ташлайман. — Андрей оппоқ оқарган, кўриниши даҳшатли эди.
— Вой Худойим…
— Худойим, Худойим!.. Топган гапинг шу! Битта болани икки оёқли қилиб эплаб туғолмадинг! Ҳозир мендан кўрасан! — Андрей токчадан авлиё Николайнинг бутини олиб, полга уриб синдирди. — Мана, мана! Керакми!
— Андрюша!.. Худойим… У Глашкани деб шундай қилган. Маккор илон ҳам уни севганда эди, ўғлимиз соппа-соғ юрарди, ҳозир эса игна ютгандай.
Андрей бирмунча вақт хотинига меровсираб қараб турди.
— Қайси Глашка?
— Қайси бўларди, қишлоғимизда битта Глашка бор ўзи.
Андрей Глашкаларникига йўналди.
— Андрей тоға!.. Наҳотки, мени деб шундай қилган бўлса? Энди нима қиламиз?
— У тузалиб кетади, — Андрей шарақ этиб юзига урди. — Агар унга айтсангки… ҳим… тузалиб кетармиди. Дўхтир айтдики: агар унинг ўзи яшашни хоҳласа… Уни алдаб кўр. А, нима дейсан?
Глашка кўз ёши қилди.
— Бундай қилолмайман. Унга жудаям ачинаман, лекин айтолмайман. Бошқасига ваъда берганман…
Андрей ўрнидан турди:
— Фақат ҳўнгиллама… Сал нарса бўлдими, дарров уввос тортишади бу товуқмиялар. Айтолмайсанми, тамом-вассалом. Йиғлаганинг нимаси? Бу ерга келганимни ҳеч кимга айтма, — Андрей яна касалхонага йўл олди.
* * *
Колька ўша-ўша шифтга термилиб ётарди.
— Ҳозир уйга бордим… — Андрей қадоқ қўллари билан тиззасини силади… этигининг қўнжини тўғрилади. — Йўл-йўлакай Глашкаларникига кириб ўтдим…
Колька отасига ҳайрон бўлиб қаради.
— Бояқиш йиғлади. «Нега менга миқ этмади у аҳмоқ? — деди. — Мен жон-жон деб унга турмушга чиқардим», — деди…
Кольканинг ёноғи андак қизарди… кўзини юмиб, очмай ётаверди. Ота узоқ кутди: ўғли нега эшитишни истамаётганини тушунмасди.
— Ўғлим…
— Кераги йўқ, — деди Колька лабининг бир четидан. — Алдаманг, дада… шундоғам номусга қолдим.
Андрей палатадан қадди дол бўлиб чиқди.
Касалхонадан сал нарида Андрейнинг қошига Глашка чопиб келди.
— Унга айтаман, Андрей тоға… майли! Розиман, дейман, тузалиб кетса бас.
— Керакмас, — деди Андрей. Қовоғини уйиб оёғининг тагига қаради. — Шундоғам тузалиб кетади. Алдасак, баттар бўлади.
***
Колька тузалиб кетди.
Бир-икки ҳафтадан сўнг каравотда ўтириб, пинцет билан соат кавларди — палатадоши кўриб беришни илтимос қилганди.
Офтоб чарақлаган. Дераза ортида августнинг чошгоҳи ҳаётнинг ёрқин ва сокин куйини чалади. Бўялган тунука том ва ялпиз қуёш тафтидан қизиб ис таратади. Касалхона ҳовлисида иссиқдан мияси айниган хўроз дамо-дам қичқирарди…
— Бекорга бунақа қичқирмаяпти, — деди кимдир. — Макиёни хиёнат қилган.
— Томоқ қириб қичқираётгани қаёққа қаради?
— Буми?.. Меҳнат сафарига кетганди — қўшни ҳовлига.
Колька юзини болишга буркаб, секингина куларди.
Битта-яримта қандай қилиб бу аҳволга тушганини сўраса, Колька дув қизариб, истар-истамас жавоб берарди:
— Бехосдан, — дерди-да, соатга уннарди.
Отаси ҳар куни касалхонага келиб турди… Каравот ёнидаги курсида узоқ вақт ўтирарди. Ўғлининг соат тимирскилашига тикиларди.
— Уй тинчми? — сўрарди Колька.
— Бир нави. Жойида. Парракни йўқотасан, — деб ёпинчиққа тушиб кетган майда парракни ушлаб олиб, ўғлига узатарди отаси.
— Буни соат капгири дейишади.
— Зиғирдайлигини қара! Буни ясашганини айтгин.
— Ҳа, заводда ҳамма нарсани ясашади.
— Мен, масалан, ўлдиришса ҳам бунақасини умримда ясолмайман.
Колька кулиб қўярди:
— Сиз — бу сиз. У ерда эса уддалашади.
Андрей ҳам кулади… тиззасини кафти билан силаб:
— Ҳа, у ерда ҳамма нарсанинг эвини қилишади, — дейди.
* Дўжна – ўн икки дона; ярим дўжна – олти дона (изоҳлар таржимонники).
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси
Манба: «Китоб дунёси» газетаси
Yillar bir-birini quvlab o‘taverdi. Kolka ko‘rkam, chayir yigitga aylandi. Endi qo‘ltiqtayoqlar unga xalal beradigan bo‘ldi. Tengqurlari mohporalarni klubdan uylariga kuzatib qo‘yishganda, u joniga tekkan ikki «hamroh»ini g‘irchillatib, tor ko‘chada bir o‘zi ketardi.
Vasiliy SHUKSHIN
TASODIFIY O’Q
SHUKSHIN Vasiliy Makarovich (1929.25.7, Oltoy o’lkasi Biysk tumani Srostki qishlog’i — 1974.2.10, Volgograd viloyati Kletsk qishlog’ida vafot etgan; Moskvada dafn qilingan) — rus yozuvchisi, kinorejissyor, ssenarist. Rossiyada xizmat ko’rsatgan san’at arbobi (1969).. Dastlabki hikoyalar to’plami — «Qishloq odamlari» (1963). 1964 yilda Vasiliy Shukshin stsenariysi asosida «Shunday yigit yashaydi» fil`mi suratga olingan va ushbu kartina Venetsiyada bo’lib o’tgan 16-Xalqaro kinoforumda «Oltin sher» mukofotiga sazovor bo’lgan. Shukshinning «Lyubavinlar» (1965) romani, shu roman asosida ishlangan «Lyubavinlarning tugatilishi» (1972) fil`mida, Stepan Razin hayoti va uning kurashiga oid «Sizga erkinlik bergani keldim» kinoromanida (1971),«Xarakterlar», «Sizning o’g’lingiz va akangiz» (1966), «G’aroyib kishilar» kabi kinokartinalarida insonning teran ichki kechinmalari, orzu va umid sari talpinishlari, ba’zi bir kimsalarda uchraydigan meshchanlik falsafasining fojiaga olib kelishi mahorat bilan tasvirlangan. Shukshinning adabiyot va kino sohasidagi faoliyatida turli toifa kishilarining yorqin obrazlari yaratilgan.
Vasiliy Shukshinning badiiy adabiyot va kinodagi uslubi ishontirish san’atining kuchi bilan chuqur hayotiylik kasb eta olgan.
Shukshin S. Gerasimovning «Ko’l bo’yida» fil`midagi Chernix rolining ijrosi uchun Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan (1971). «Ular Vatan uchun jang qildilar» fil`mini suratga olish chog’ida to’satdan vafot etgan.Asarlari o’zbek tiliga tarjima qilingan.
Oyog‘i jonsiz edi. Tug‘ilganidan beri shunaqa o‘zi: ingichka, qiyshiq… qurib qolgan palakday osilib turadi. Sal-pal qimirlaydi, xolos.
Vaqti-soati kelguncha Kolka bu noqisligiga uncha ahamiyat bermadi. Tengdoshlari atak-chechak qilib ikki oyoqlab yurishni o‘rganganda, u uch oyoqlab yurishni mashq qildi. Qo‘ltiqtayoq xalal bermasdi. U boshqa bolalar bilan o‘sib-ulg‘aydi, begona polizlarga oshib tushib, oshiq-moshiq o‘ynardi — o‘ynaganda ham kiftini keltirib o‘ynardi! — bitta qo‘ltiqtayog‘ini chetga surib qo‘yib, chap qo‘liga suyanardi-da, mo‘ljalga olardi — shaq! — tamom, yarim do‘jna1 oshiq qaytib davra aylanmasdi.
Ammo yillar bir-birini quvlab o‘taverdi. Kolka ko‘rkam, chayir yigitga aylandi. Endi qo‘ltiqtayoqlar unga xalal beradigan bo‘ldi. Tengqurlari mohporalarni klubdan uylariga kuzatib qo‘yishganda, u joniga tekkan ikki «hamroh»ini g‘irchillatib, tor ko‘chada bir o‘zi ketardi.
Kolkaning ziyrak nigohlari o‘ychan boqadigan bo‘ldi.
Qo‘shni yigitlarni har yili armiyaga kuzatishardi: dam birini, dam boshqasini, dam bir to‘dasini… Shov-qin-suron bilan kuzatishardi. Kolka uylarining soyasida turib, tirqishdan mo‘ralardi. U ham armiyaga borishni istardi.
Bir safar otasi, kolxoz mexanigi Andrey Voronsov, o‘g‘lining mana shu mashg‘uloti ustidan chiqib qoldi… Bildirmasdan uyga kirib ketmoqchi edi, lekin Kolka qadam tovushlarini eshitib, o‘girildi.
— Nima qilyapsan? — deb so‘radi otasi o‘zini bilmaganga olib.
Kolka sholg‘omday qizarib ketdi.
— O‘zim, shunchaki, — dedi-da, dastgohiga yo‘naldi (Kolka qishloqdoshlarining soatlarini tuzatardi — bir qo‘noqdan o‘rganib olgandi).
Vaqt esa shuvillab o‘taverardi.
Hammani domiga tortadigan voqea sodir bo‘ldi: Kolka sevib qoldi.
Ularning ro‘parasida, yo‘lning narigi yuzidagi chog‘roq uyda ovozi o‘tkir qiz — Glashka turardi. Kolka bu qizga har kuni derazadan tikilardi. Ertalabdan kechgacha tovonidan o‘t chaqnaydigan Glashka hovlida izg‘ib yurardi: goh yerto‘laga tushib-chiqadi, goh g‘ozlarni quvib yuboradi, goh tomorqalariga tushib, egatlarni bosib-yanchgan cho‘chqalar sabab qo‘shni qiz bilan urishadi… Uzzukun faqat shu qizning ovozini eshitasan.
Bir kuni Kolka qo‘shni qizga qarab turib, e yo‘q, be yo‘q o‘zicha o‘yladi: «Eh… qaniydi shunaqa chiroyli bo‘lmaganda, unga uylanardim-qo‘yardim». O‘shandan beri har kuni ikki xayoli Glashkada bo‘ldi. Bundan iztirobga tushardi. Nedir bir kuch uni dastgohidan turib, eshik oldiga chiqishga majbur qilardi.
— Glashka! — deb chaqirardi qizni. — Qachon erga tegasan-a, g‘unajin?! To‘ying-da bir maza qilib o‘ynarmidim!
— Hech kim olmayapti, Kolya! — deb javob qilardi gapga chechan Glashka. — Men allaqachon tayyorman!
«Seni qarayu!» — deb o‘ylardi Kolka va o‘ychan ko‘k ko‘zlari tinib ketardi.
Qishloq uzra iyulning moviy osmoni olis-olislarga cho‘zilib ketgan. Milt-milt qilgan sarob ichra ko‘zga ertakmonand xayot ko‘rinadi. Tong shafag‘i anhorga yopirilib tashlanadi-da, atrof jimib qoladi. Tunlari ham sokin… Bu sukunat ham shiringina, ham azob berib yurakni ezadi.
Yozda Kolka bir devori ko‘chaga qaragan omborchada uxlardi.
Bir safar ana shu devorga bir juftlik kelib suyandi. Kolkaning yuragiga sanchiq turdi — u Glashkani tanidi, garchi devor ortidagilar anchagacha jim turgan bo‘lsa-da. Keyin Kolka ularning pichir-pichiri va hihilashlarini eshitib yotdi. O‘sha tunda u qo‘ltiqtayoqlarini la’natladi. Yuzini bolishga burkab yig‘ladi. Ortiq bunday yashay olmasdi!
Tong yorishgach, feldshernikiga bordi. Feldsher bilan qalin edi — birga-birga ovga chiqar, baliq tutardi.
— Kallayi sahardan turib olibsanmi? — so‘radi feldsher.
Kolka eshik tagiga o‘tirib, qo‘ltiqtayog‘ining uchini yerga suqdi…
— Ortiqcha pistoning yo‘qmi? O‘zimniki tugabdi.
— Pistonmi? Hozir ko‘ray-chi. — Feldsher ichkariga kirib, bir daqiqadan keyin bir hovuch piston olib chiqdi. — Ma.
Kolka pistonlarni cho‘ntagiga solib, chekdi… Zo‘rama-zo‘raki tirjayib, feldsherga qaradi va o‘rnidan turdi.
— Piston uchun rahmat.
— Bemalol. O‘zim ham ovga chiqardim-u… — feldsher xo‘rsinib, kal boshini qashidi. — Lekin.. lekin ta’til avgustda-da.
Kolka darvozadan chiqib, to‘xtadi. Yo‘lga uzoq qarab qoldi.
Ortga qaytib, yana darvozadan ichkariladi.
— Ma, pistonlaringni, — dedi u feldsherga. — O‘zimniki tiqilib yotibdi.
Feldsherning qoshlari chimirildi.
— Tushunmadim.
— Oyog‘imni ko‘rib qo‘y… yasama oyoq qo‘ydirmoqchiman. Hiqildog‘imga keldi bunaqa yurish.
— Ha, shunaqa demaysanmi, — feldsher Kolkaning ko‘zlariga tikilib turib… dovdirab qoldi. — Qani, bir ko‘raylik-chi.
Ikkovlashib majruh oyoqni uzoq tekshirishdi.
— Manavi yerini sezyapsanmi?
— Sezyapman.
— Bu yerni-chi?
— Qani, yana bir marta… Ha, sezyapman.
— Qimirlat. Yana. Endi yonga. Qimirlat, qimirlat. Shunday. — Feldsher qaddini rostladi. — Umuman olganda… Gapning qisqasi, urinib ko‘r. Hozir aniq bir narsa deyolmayman-u, lekin urinib ko‘rish kerak. Mana bu yeridan kesib tashlanadi. Tushunyapsanmi?
— Tushunyapman.
— Tavakkal qilaver. Darrov oyoqqa turib ketolmaysanku-ya, biroq ter to‘kishing-ga to‘g‘ri keladi. Uqdingmi?
Kolka uyga kela solib, yo‘lga tadorik ko‘rishga tushib ketdi — shaharga, shifoxonaga borishga qaror qildi. Onasiga nega ketayotganini aytmadi, otasini ko‘chaga chaqirib, tushuntirdi:
— Borib, oyog‘imni kestiraman.
— Qanaqasiga? — Andreyning ko‘zlari do‘layib ketdi.
— Yasama oyoq qo‘ydirmoqchiman.
Bir haftadan so‘ng Kolkaning oyog‘ini kesishdi. Yigirma yetti santimetrli cho‘ltog‘i qoldi.
Yara oz-moz bitgach, yopinchiq tagida cho‘ltog‘ini qimirlatib shug‘ullana boshladi.
Otasi ko‘rgani keldi. Karavot yonida uzoq o‘tirdi… Kesilgan joyiga qaragisi kelmadi: nima bo‘lganda ham oyoq edi-da. Endi o‘shayam yo‘q.
* * *
Keyin Kolka uyga kirmasdan ketdi.
Uyga yarim oydan so‘ng qaytdi… Qo‘lida qopga solingan allaqanday uzun matoh ham bor. Kolkani «oyoqsiz» ko‘rgan onasi oh tortib yubordi. Kolka tirjayib turaverdi…
Qopni ochib, polga lok surtilganday yalt-yult yaltillagan yasama oyoqni tashladi.
— Mana… oyog‘im.
Hamma yasama oyoqqa qiziqsinib qaradi. Kolka esa bir chekkada tirjaygancha turaverdi: yo‘lda yasama oyoqqa obdon qarab olgandi.
— Yaltillashini qarang… Yo Xudoyim! — dedi onasi.
Otasi mexanik sifatida yasama oyoqni qo‘liga olib, sinchiklab ko‘zdan o‘tkazdi.
— Toza matoh, — deb xulosa qildi otasi. — Kuzma bobonikiga o‘xshagan yog‘och emas.
Xullas, yasama oyoq hammaga yoqdi. Hamma, jumladan, Kolka ham ishonardiki, bunaqa qimmat yasama oyoqda ancha-munchasi yurolmaydi. Axir bu matoh asl, toza materialdan mustahkam, bejirim qilib ishlangan: har xil qadamalari, murvatlari bor.
— Qachon sinab ko‘rasan? — deb so‘radi otasi yasama oyoqni qo‘lida salmoqlab ko‘rarkan.
— Yara yaxshilab bitsin, keyin. Shoshilmaslikni maslahat berishdi.
* * *
Qop-qorong‘i tun. Olislarda chaqmoq chaqadi.
Kolka elburutdan omborchasiga kirib ketdi. Yotib, kuta boshladi.
Butun qishloq suv quyganday jimjit.
Birpas o‘tib Kolka chiroqni yoqdi va yasama oyoqni taqishga tushdi. Taqdi. Ke-yin tamaki burqsitdi. Chekib turib yasama oyog‘iga tikildi.
— Tuppa-tuzuk oyoq-ku… Heh!
Hafsala bilan popirisini o‘chirdi. Turdi. Turdi-yu, mast odamday munkib ketdi. Karavotning putidan arang ushlab qoldi. O‘zini o‘nglab, sog‘ oyog‘i bilan qadam tashladi. Chapini, yasama oyog‘ini joyidan qimirlatolmadi. Yiqilib ketdi. Yana karavotni ushlab qoldi… Yasama oyoqni tortib-tortib bog‘ladi. Yuragi duk-duk urib ketdi.
— Hechqisi yo‘q. Biroz ter to‘kishga to‘g‘ri keladi, — deya o‘zini ovutdi.
Yana bir urinish — befoyda. Chap oyoq hech bo‘ysunmasdi. Shunda Kolka o‘ng oyog‘i bilan katta qadam tashlab, butun gavdasi bilan chap oyog‘ini tortishga chirandi. Yana quladi. Anchagacha yerda yotdi. Chap oyoq yarim qadam bo‘lsa-da, odim otishga yaramasdi.
— Hap senimi, palid! O‘rganmagansan-da, — deb qo‘zg‘aldi Kolka. Yana bir marta urindi. Qayta-qayta urindi. Barcha urinishlari chippakka chiqaverdi.
Kolka harsillab qoldi.
— Bir tutatib olaylik, tag‘in harakat qilamiz. — U alam bilan o‘ziga-o‘zi gapirardi. Muvaffaqiyatga erishishiga ishonmay qo‘ydi, ammo buni tan olgisi kelmasdi. Aslo! Qanday qilib tan oladi axir?
Tortib-tortib chekdi. Ke-yin jon-jahdi bilan yasama oyoqda yurishga tirishdi. Yana muvaffaqiyatsizlik. Takror va takror.
Kolka boloxonador qilib so‘kindi-da, karavotga uzaldi. Shu payt karavot tepasiga osig‘liq turgan miltiqqa ko‘zi tushdi… Sekin o‘rnidan turdi… Yana-tag‘in chap oyoqda yurishga urinib ko‘rdi.
— Baribir yurasan. Qani… Ho‘ppa! Ax, palid!
Bezillab qolgan cho‘ltoq lov-lov yonardi. Kolka yasama oyoqni yechib, cho‘ltog‘iga puf-pufladi. So‘ngra, og‘riqqa bardosh berib, yasama oyoqni qaytadan taqdi.
— Hozir men seni… Qani! Tag‘in yurmaysanmi?
Tong otdi.
— Iflos! — dedi Kolka va joyiga yotdi. Ko‘zlarini chippa yumib oldi. Moy bosgan bir bashara Kolkaning ustiga engashdi-da, razilona irshaydi. Kolka ko‘zini ochdi… — Ha-a, senmi, maraz, — deb devordagi miltiqni oldi…
Otasi ko‘ngilsizlik haqida ertasi kuni kechki mahal eshitdi (zaxira asbob-uskunalar uchun tuman markaziga tushgandi). Uyga kelishi bilanoq bo‘lgan voqeani hovliqib gapirib berishdi. Ota shartta otining boshini burdi-da, kasalxonaga qarab yelib ketdi.
— Hozir kirmaganingiz ma’qul, — tushuntirgan bo‘ldi doktor. — Hozir u…
Ota doktorni nari itarib, palataga chopdi.
Hamma yog‘i bintlangan Kolka chalqancha yotardi… Rangi dokadek oppoq, tuqqan onasi ham tanimaydi — qandaydir yot-begona. Ahvoli abgor. Palatada yod hidi anqirdi.
G‘am-alamdan otasining peshanasidan sovuq ter chiqib ketdi.
— Menga aytsang bo‘lardi-ku! Kerakli joyga otgan bo‘lardim… Bunaqa qiynalmasdan darrov… — Otaning ovozi qaltirab ketdi… Peshanasidagi terni artib, karavot yonidagi kursiga cho‘kdi.
Kolka otasiga ko‘zini qiyshaytirib qaradi… Lablarini qimirlatdi…
— Og‘riyaptimi? — so‘radi otasi.
Kolka ko‘zini yumib-ochdi: og‘riyapti.
— Eh… — deb ota palatadan chiqdi.
— Gap bunday: hammasi uning qanchalik yashashni istashiga bog‘liq. Tushunyapsizmi? Organizmning o‘zi…
Ota musibatdan o‘zini yo‘qotib qo‘ydi: doktorning yoqasidan oldi:
— Sen nima qilyapsan bo‘lmasa bu yerda? Organizm!
— Esingizni yig‘ing. Qo‘yvoring. Qo‘limizdan kelganini qilamiz.
Andrey doktorni qo‘yib yubordi, palataga qaytib kirmoqchi edi, eshik oldida to‘xtab qoldi… va kasalxonadan chiqib ketdi. Ancha joygacha borib qolgandi, otda kelgani esiga tushdi. Izvoshga o‘tirib, otni qamchiladi…
Kolkaning onasi ko‘rpa-to‘shak qilib yotardi — musibatni ko‘tarolmay xastalanib qolgandi.
— Tuzukmi? — deb so‘radi uyga kirib kelgan eridan.
— Agar unga biron kor-hol bo‘lsa, seniyam sog‘ qo‘ymayman. O‘ldiraman. Bolta bilan chopib tashlayman. — Andrey oppoq oqargan, ko‘rinishi dahshatli edi.
— Voy Xudoyim…
— Xudoyim, Xudoyim!.. Topgan gaping shu! Bitta bolani ikki oyoqli qilib eplab tug‘olmading! Hozir mendan ko‘rasan! — Andrey tokchadan avliyo Nikolayning butini olib, polga urib sindirdi. — Mana, mana! Kerakmi!
— Andryusha!.. Xudoyim… U Glashkani deb shunday qilgan. Makkor ilon ham uni sevganda edi, o‘g‘limiz soppa-sog‘ yurardi, hozir esa igna yutganday.
Andrey birmuncha vaqt xotiniga merovsirab qarab turdi.
— Qaysi Glashka?
— Qaysi bo‘lardi, qishlog‘imizda bitta Glashka bor o‘zi.
Andrey Glashkalarnikiga yo‘naldi.
— Andrey tog‘a!.. Nahotki, meni deb shunday qilgan bo‘lsa? Endi nima qilamiz?
— U tuzalib ketadi, — Andrey sharaq etib yuziga urdi. — Agar unga aytsangki… him… tuzalib ketarmidi. Do‘xtir aytdiki: agar uning o‘zi yashashni xohlasa… Uni aldab ko‘r. A, nima deysan?
Glashka ko‘z yoshi qildi.
— Bunday qilolmayman. Unga judayam achinaman, lekin aytolmayman. Boshqasiga va’da berganman…
Andrey o‘rnidan turdi:
— Faqat ho‘ngillama… Sal narsa bo‘ldimi, darrov uvvos tortishadi bu tovuqmiyalar. Aytolmaysanmi, tamom-vassalom. Yig‘laganing nimasi? Bu yerga kelganimni hech kimga aytma, — Andrey yana kasalxonaga yo‘l oldi.
* * *
Kolka o‘sha-o‘sha shiftga termilib yotardi.
— Hozir uyga bordim… — Andrey qadoq qo‘llari bilan tizzasini siladi… etigining qo‘njini to‘g‘riladi. — Yo‘l-yo‘lakay Glashkalarnikiga kirib o‘tdim…
Kolka otasiga hayron bo‘lib qaradi.
— Boyaqish yig‘ladi. «Nega menga miq etmadi u ahmoq? — dedi. — Men jon-jon deb unga turmushga chiqardim», — dedi…
Kolkaning yonog‘i andak qizardi… ko‘zini yumib, ochmay yotaverdi. Ota uzoq kutdi: o‘g‘li nega eshitishni istamayotganini tushunmasdi.
— O‘g‘lim…
— Keragi yo‘q, — dedi Kolka labining bir chetidan. — Aldamang, dada… shundog‘am nomusga qoldim.
Andrey palatadan qaddi dol bo‘lib chiqdi.
Kasalxonadan sal narida Andreyning qoshiga Glashka chopib keldi.
— Unga aytaman, Andrey tog‘a… mayli! Roziman, deyman, tuzalib ketsa bas.
— Kerakmas, — dedi Andrey. Qovog‘ini uyib oyog‘ining tagiga qaradi. — Shundog‘am tuzalib ketadi. Aldasak, battar bo‘ladi.
***
Kolka tuzalib ketdi.
Bir-ikki haftadan so‘ng karavotda o‘tirib, pinset bilan soat kavlardi — palatadoshi ko‘rib berishni iltimos qilgandi.
Oftob charaqlagan. Deraza ortida avgustning choshgohi hayotning yorqin va sokin kuyini chaladi. Bo‘yalgan tunuka tom va yalpiz quyosh taftidan qizib is taratadi. Kasalxona hovlisida issiqdan miyasi aynigan xo‘roz damo-dam qichqirardi…
— Bekorga bunaqa qichqirmayapti, — dedi kimdir. — Makiyoni xiyonat qilgan.
— Tomoq qirib qichqirayotgani qayoqqa qaradi?
— Bumi?.. Mehnat safariga ketgandi — qo‘shni hovliga.
Kolka yuzini bolishga burkab, sekingina kulardi.
Bitta-yarimta qanday qilib bu ahvolga tushganini so‘rasa, Kolka duv qizarib, istar-istamas javob berardi:
— Bexosdan, — derdi-da, soatga unnardi.
Otasi har kuni kasalxonaga kelib turdi… Karavot yonidagi kursida uzoq vaqt o‘tirardi. O‘g‘lining soat timirskilashiga tikilardi.
— Uy tinchmi? — so‘rardi Kolka.
— Bir navi. Joyida. Parrakni yo‘qotasan, — deb yopinchiqqa tushib ketgan mayda parrakni ushlab olib, o‘g‘liga uzatardi otasi.
— Buni soat kapgiri deyishadi.
— Zig‘irdayligini qara! Buni yasashganini aytgin.
— Ha, zavodda hamma narsani yasashadi.
— Men, masalan, o‘ldirishsa ham bunaqasini umrimda yasolmayman.
Kolka kulib qo‘yardi:
— Siz — bu siz. U yerda esa uddalashadi.
Andrey ham kuladi… tizzasini kafti bilan silab:
— Ha, u yerda hamma narsaning evini qilishadi, — deydi.
* Do‘jna – o‘n ikki dona; yarim do‘jna – olti dona (izohlar tarjimonniki).
Rus tilidan Saidjalol Saidmurodov tarjimasi
Manba: “Kitob dunyosi” gazetasi