«Mitti hikoyalar» kitobidan mitti hikoyalar

Ashampoo_Snap_2018.03.18_16h12m28s_001_.pngШу кунларда Тошкентдаги «Янги китоб» нашриёти томонидан «Митти ҳикоялар: кеча ва бугун» номли китоб нашрдан чиқди. Ундан ўзбек адабиётининг забардаст ёзувчиларидан тортиб қўлига энди қалам олган ёш ижодкорларнинг жажжи ҳикоялари ўрин олган. Ҳикоялардаги турфа мавзулар, теран маъно ва қизиқарли сюжетлар ўқувчини қизиқтиради, деб ўйлаймиз.

Китобни ёш қаламкаш Нодирабегим Иброҳимова нашрга тайёрлаган. «Устоз адибларимиз оз бўлса-да ушбу жанрда мерос қолдиришган, – дейди у. – Бугун ёш қаламкашлар ҳам уларга эргашган ҳолда қисқа ҳикоялар машқ қилиб, даврий нашрларда эълон қилиб боришмоқда».

«Ўзбек адабиёти» рукнидаги мазкур китобда адабиётимиз дарғалари ҳисобланмиш Саид Аҳмад, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Нусрат Раҳмат, Тоҳир Малик, Шароф Бошбеков, Жамила Эргашева, Абдуқаюм Йўлдошев, Улуғбек Ҳамдам ва бошқа адибларнинг дилга яқин ҳикоялари берилган. Муаллифлар сони 80 дан зиёд.

Тайёр муқова (яна битта).jpgЭслатиб ўтамиз, ҳозирга қадар мухлислар қўлига жаҳон адабиётининг кўплаб қисқа ҳикоялари китоб ҳолида етиб борган. Ўзбек ижодкорларининг митти ҳикоялари эса илк бор дунё юзини кўрди.

Адабиёт уммонидан бир томчи бўлган ушбу илк китоб қадрдон ҳамроҳингизга айланишига тилакдошмиз.

Эътиборингизга «Митти ҳикоялар: кеча ва бугун» китобидан айрим намуналарни ҳавола этамиз.

«МИТТИ ҲИКОЯЛАР: КЕЧА ВА БУГУН»
КИТОБИДАН МИТТИ ҲИКОЯЛАР
09

Саид АҲМАД
ҲАЙКАЛ

Бухорода қадим иморатлар кўп.
Бу кўҳна шаҳар кўчаларида хаёлчан кезарканман бир тўда сайёҳлар боши булутга чулғанган минорага қараб туришганини кўрдим. Уларга кекса бир илмий ходим минора тарихини тушунтиряпти. Қулоқ солдим.
– Етти юз йил бўлган бу миноранинг қурилганига.
Сайёҳлар ҳайрат билан ёқаларини ушлашди.
Мен бу хил ёдгорликларни кўп кўрганман. Арманистондаги тўрт минг йиллик Двин ҳаробалари, Кегарт қалъаларини, неча минг йиллар муқаддам ёзилиб бизга етиб келгунча тошга айланган китобларни кўрганман. Шуларни одам яратган, уларда одам қўлининг изи бор.
Бухоро кўчаларида кезарканман жуда кўп хотиралар хаёлимдан ўтади. Асрлар қаърида қолиб кетган жангу жадалларни кўргандек, қилич-қалқонларнинг жарангини эшитгандек бўламан.
Буларнинг барини тарих шамоллари учириб кетди. Одамларнинг хотиридан юлиб кетди.
Аммо кўҳна деворда қолган беш бармоқ изи ҳали ҳам кўриниб турибди. Бу минг йиллар қаърида йўқ бўлиб кетган одам қўлининг изи. Шу азамат бинога ғишт терган меъмор қўлининг изи.
Одам қўлигина одамга абадий ҳайкал қўйишига ана ўшанда ишонганман.

БИР ТОМЧИ СУВ

Нигора бир ҳафтагина қишлоққа онасининг олдига бориб келадиган бўлиб қолди. Эри командировкада. Уй ёлғиз қолди. Поездга чиқиб энди чамадонни ўрнига қўяётганида бирдан бўшашиб кетди.
Тувакдаги гулга сув қуйиш эсидан чиқибди-ку.
Ахир, Нигора уни қандай авайларди. Кун ора сув қуйиб чамандек очилиб турган гулларини ҳидлаб, ҳидлаб оларди. Нима бўлади энди?
Эри Козимжон Кисловодскдан атайин самолётда олиб келган эди. Икки йилдан бери уни парвариш қиларди. Ёзда ҳовлига опчиқиб экар, куз келди дегунча яна тувакка ўтқазиб, уйнинг кунгай томондаги дераза рахига қўярди. Нима бўлади энди?
Битта гул учун орқага қайтсинми? Қайтарди ҳам, аммо поезд жойидан қўзғалиб, шитоб билан олдинга интилиб кетяпти.
То қишлоққа етгунча ҳам шу гул унинг хаёлидан кетмади. Назарида сарғайиб сўлаётгандек, қуриб-қовжираган барглари дераза олдига тўкилиб ётгандек…
У қишлоқнинг қатқалоқ кўчаларидан кетаркан, бирон уйнинг деразасида гул кўрдими, бўлди, хаёли яна уйига учиб борар, қуриб қолган гул олдида маъюс тургандек бўларди.
Нигора қайтаётганда қалин қор тушди. Пўстинига ўраниб поездга чиқди-ю, вагон ойнасидан оппоқ далаларни маъюс томоша қилиб келди. Ниҳоят уйи остонасига ҳам етди. Қандай қилиб эшикка калит солганини, қандай қилиб дераза олдига келиб қолганини ўзи ҳам билмасди.
Тувакдаги гул ҳамон яшнаб турарди. Унинг кўм-кўк барглари тагидан яна куртакчалар бўртиб қолибди.
Нигора очиламан деб, турган ғунчага энгашиб димоғини тегизди. Бирам хушбўй, бирам хушбўй!
У, бир ҳафта сувсиз қолган бу гулнинг аввалгидек яшнаб туришига ҳайрон эди.
Офтоб дераза қировини эритиб ҳар куни бир томчидан тувакка сачратганидан Нигора бехабар эди.
Бир томчи сувда қанчалар қудрат борлигини у сира-сира хаёлига келтиролмасди.

БОБО, БОЛА, ГУЛ

Бобо эшиги олдидаги супада соатлаб ўтирарди. Ўтган-кетганга чой тутиб супачасига таклиф қиларди.
Бу баҳор у супа ёнбошига кичкинагина гулзор қилди. Чиройли жўякчалар тортиб анвойи гуллар экди. Мана, бир туп атиргул ғунчага ҳам кирди. Айниқса битта ғунча ана очиламан, мана очиламан деб турибди. Чолнинг икки кўзи шу ғунчада.
Тикилган қозон қайнамас дегандек унинг очилиши жуда қийин бўлди. Бобо унга тикилавериб кўзлари толди.
Бир кун эрталаб одати бўйича шолчасини судраб супага чиқса бирам чиройли бўлиб очилибдики. Чол тишсиз оғзини очганича унга тикилиб қолди. Шолчани супага ташлаб гул тепасига келиб энгашди. Кафти билан уни беозор кўтариб ҳузур қилиб ҳидлади.
Бобонинг табиати равшан бўлиб кетди, Шолчани супага хотиржам ёзиб чой олиб чиққани кириб кетди. У қайтиб қўлида чойнак-пиёла билан чиққанда гул бандида йўқ эди. У ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёққа қараса кўчанинг нариги бетида бир хотин аравачада ўтирган икки ёшлар чамасидаги боласига ўша гулни беряпти.
Бобонинг ғазаби қайнаб кетди. Бу нимаси, кап-катта одам, бировнинг гулини узгани уялмайдими? Бу яшнаб турган гул қанчадан-қанча кишиларнинг баҳри-дилини очарди.
Бола онасининг қўлидан гулни олди-да, қип-қизил баргчаларини юлаверди. Бирпасда унинг оппоқ кўйлаклари, кўк товар кўрпачалари гул япроқларига тўлди.
Бола оппоқ қўлчалари билан шу япроқчаларни бирма-бир териб тиқмачоқдек тиззаларига сочар, қийқирарди.
Бобо унинг қийқиришидан, гул баргларини сочиб ўйнашидан завқланиб кетди. Бояги жаҳлидан ном-нишон қолмади. Қайтиб супасига ўтирди. Гулнинг биринчи ғунчаси куттириб очилади. Кейин бири кетидан бири очилаверади.
Бобо ҳар гал эрталаб чиққанида гулларининг яшнаб очилиб турганини кўрганида негадир ўша болани эслайди. Унинг яна келиб гул узишини, дўмбоқ қўллари билан уни силкитишини истарди.

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ

БИР ГУЗАР ОДАМЛАРИ

Девор йиқилган. Гувалалар ҳовли саҳнига думалаб кетган. Ер тўхтаб-тўхтаб титраяпти. Эр ўрик тагида чўнқайиб ўтирипти. Хотин дарахт танасига суяниб турипти.
– Тезроқ тўхтасамиди, – деди эр энсаси қотиб. – Ўн бирда вокзалга боришим керак. Лойини қилиб ташлар эдим деворнинг. Кечқурун икковлашиб пахсасини кўтариб қўя қолардик.

* * *
Тешавойнинг уйи босиб тушди. У хотини билан ҳовлига зўрға чиқиб олди. Тонг отгач, ғизиллаганича отасиникига кетди. Эгамберди бобо тўқсон саккизда. Қулоғи оғир. Гаранг.
– Бахай? Каллаи саҳарлаб юрибсан? – сўради чол тўшагига ўтириб.
Ўғил отага тикилиб қаради. Ота уйқудан тўйиб уйғонган, хотиржам: ер қимирлаганини сезмаган эди. «Айтиб, чолни ташвишга солиб ўтирмай», деб ўйлади.
– Шундай. Бозорга бораётган эдим, – деди. – Бир кўриб ўтай дедим.
– Омин. Омадинг келсин! – фотиҳа ўқиди чол.
Тешавой синчли уйнинг шифти, деразасини кўздан кечириб, чиқиб кетди…

* * *
Фронтовик Элмурод Зафаров каравотдан думалаб тушди. Хотини ўринда йўқ. Ўрнидан турар экан, дераза орқасининг ёришиб кетганини кўрди. Шкаф устидаги китоблар титилиб тўкилди. Зафаров бир зум деразага ҳорғин қараб турди. Сўнг силкинаётган полда оқсоқланиб, дераза олдига борди. Қўлини белига тираб: «Уруш», деди секин. У асли бухоролик, у ердаги ёлғиз онасини анчадан бери кўрмаган эди. Шуни эслаб: «Эсиз, кўролмадим», деди.

* * *
Ота касалхона йўлагида тўлғоқ тутган аёлдек юрипти. Олти яшар ўғли операция хонасида, столда. Оёқ-қўли стол қанотларига чандиб боғланган. Кўричаги тутган. Учинчи тутиши. Ҳамшира бўзариб, боланинг оёқ томонида турипти. Навбатчи врач ўткир пичоғини олиб, боланинг очиқ қорни устига энгашди.
Уй остидан бир киши тепгандай сапчиб тушди. Ён-веридан номаълум қўллар қитиқлаётган каби силкина бошлади. Дод солди бемор бола. Ҳамшира қиз ўзини эшикка урди. Коридордаги ота эса, ўзини ичкарига урди. Врач стол қиррасига суянди. Ота кириб, ўғлининг оёғидаги ипларга ёпишди.
– Чиқ! – деди врач бўғилиб.
– Доктор!
– Опчиқсангиз, тирик қоладими? Чиқинг! Титроқ сусая бошлади. Ота коридорга чиқди. Ҳамшира дийдираб хонага кирди. Врач яна бемор устига энгашди.

* * *
Пирмат қоровулнинг хотини юрак ўйноғи эди. Ер силкинди. Иккалови ҳам уйғониб кетишди. «Юраги ёрилади!» деб ўйлади Пирмат.
– Оҳ! – деди хотин.
– Ҳеч нарсамас. Ҳозир изига қайтади, – деди эр.
– Қимирлаяпти-ку?
– Ер бўлганидан кейин қимирлайди-да, хотин. «Бўлган иш бўлди», деб ўйлади Пирмат ва хотинини маҳкам қучоқлаб олди.
Хотин бир муддат эшикка қараб турди. Сўнг, шундай қилса омон қоладигандай у ҳам эрини маҳкам қучиб олди.

Ўткир ҲОШИМОВ

ОТАЛАР ВА БОЛАЛАР

У оддий одам эди. Ҳаммолчилик қиларди. Тўрт қиз, уч ўғилни оёққа турғазди. Ўғилларини уйлантирди. Қизларини чиқарди. Ҳаммасини уйли-жойли қилди.
Кўз юмаётганида «ҳаммаларингдан мингдан-минг розиман», деди…
Қарашса, кафанлиги йўқ экан…

«НАСЛДОР БУҚА»

– Анави Ҳусан полвоннинг ўғли институтни битирганидан кейин ҳам уч-тўрт йил уйланмай, ота-онасини кўп куйдирди. Полвон суриштириб кўрса, гап бошқа ёқда экан. Ўғли ёши элликдан ошган бойвучча хоним билан «кантрактний никоҳ»дан ўтган экан.
– Ия, энди бунақаси ҳам чиқибдими? «Кантрактний» дегани нима бало экан?
– Бу дегани шуки, куёв билан келин олдиндан шартнома тузиб оларкан. Полвоннинг айтишича, «келин пошша» «куёв тўра»га машина «падарка» қипти, уй олиб берибди. Унинг вазифаси шу экан. Куёвнинг «юмуши» эса, «эрлик» вазифасини вақтида бажариб туриш экан…
– Оббо, эррайим-эй! Наслдор буқа бўпкет-а! Кампир хотини бир-иккита бузоқ туғиб берибдими, ишқилиб?

НОСҚОВОҚ

− Саксонбой ота! Ойниса бувим анчадан бери кўринмайдилар. Яхши юрибдиларми?
− Юрган бўлса керак. Қизиникига кетган.
− Нега кетадилар?
− Носқовоғим йўқолиб қолган эди. Шуни сен йўқотгансан, деб дўқласам, «сизга мен керакми, носқовоқми?» деб гап қайтарди. «Носқовоқ керак», десам, аразлаб қизиникига кетиб қолди…
− Ие, чатоқ бўпти-ку! Кампирингизсиз қийналиб қолгандирсиз?
− Қийналишга қийналдим. Келинимга «таҳорат суви иситиб бер, деёлмасам…»
− Носқовоқ топилдими ахир?
− Топилди. Белбоғимга тугиб юрган эканман.
− Бўпти-да! Бувини обкемайсизми энди?
− Йўқ! Йигит кишининг гапи битта бўлади: менга носқовоғим керак!

АҚЛЛИЛИК БАЛОСИ

− Биласан, ўртоқ, мен ёшлигимдан отни яхши кўраман. Шу… кейинги пайтда отим кўп касалланадиган бўлиб қолди. Мол дўхтири муолажа қилса, анча ўзига келади-да, кейин тағин мазаси қочади. Ҳайронман, отим кўп оғрийди-ю, эшагимга бало ҳам урмайди…
− Нимасига ҳайрон бўласан! Жониворлар ҳам одамга ўхшайди. От – ақлли жонивор, кўп ўйлайди, эшак эса ғирт аҳмоқ. Шунинг учун касал ҳам бўлмайди!

ГУМРОҲ БАНДАЛАР

Одамларга ҳайронсан. Ота-онаси тириклигида икки оғиз ширин сўзни текинга айтмайди-да, улар ўлганидан кейин минг-минг пул сарфлаб, ўша сўзларни қабртошга ёздириб қўяди…

«ТУТИНГАН» ЎҒИЛ

Амал курсисида ўтирганингда ким энг кўп товонингни яласа, курсидан тушганингда ўша биринчи бўлиб сендан юз ўгиради, деганлари қанчалик тўғри эканига ўзим ишонч ҳосил қилдим.
Бир қадрдоним бор эди. Кунора қўнғироқ қилиб, ҳафтада келиб турар, шифохонага тушиб қолсам, «овора бўлманг», дейишимга қарамай ҳаммадан аввал етиб борар, таътил пайтида Ўзбекистоннинг қайси бурчагига дам олмай, топиб борар, «бир чўқимгина» ош қилмаса, кўнгли жойига тушмас эди… Буниси ҳам майли, икки гапнинг бирида «мен сизни отам деганман, сиз менинг отамсиз», деб, Худони ўртага солиб қасам ичарди…
Мансабим жиндай ўзгарган эди, «болам»ни йўқотиб қўйдим. Суриштирсам бошқа ота излаб юрган экан…

Нусрат РАҲМАТ

ЗУЛМ

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида «Қишлоқ ҳақиқати» газетасининг вилоятлараро мухбири бўлиб ишлаганимда, анча-мунча доно, тадбиркор раисларни билардим. Жомбойлик раис уруш иштирокчиси бўлиб, фронт таассуротлари, концлагер азобларини сўзлаб беришни ёқтирарди.
Машъум «Ўзбеклар иши» билан кўп раислар, жумладан, жомбойлик биродарим ҳам қамоққа олинди. Шундай кунлардан бирида колхозга бориб, идора олдида тўпланган анчагина одамларни кўрдим. Партком уларнинг айримларига жиҳозланган юк машинасига чиқишига рухсат берарди. Билсам, бу одамлар Каттақўрғон қамоқхонасига, раис бобони кўргани, аниқроғи, унинг овозини эшитгани ва йўл-йўриқ, маслаҳат олгани жўнашаётган экан.
Раис қамоқхонанинг пастки қавати – ертўласига ташланган бўлиб, у ердан чиққан вентиляция қувурига оғиз қўйган ҳолда, аҳвол сўрашар, маслаҳат олишар экан. Овоз ҳам зўрға эшитиларкан.
Парткомнинг ҳикоя қилишича, раис кеча пахтанинг аҳволи билан қизиқибди. «Сув йўқ, ғўза қовжираб кетяпти, дебди инженер. «Менга қара, лакалов бўлма, дебди раис, чашманинг сувини беркитиб, насос қўй! Халқнинг насибаси…»
Бир гал Жамила хола деган сут соғувчи сут соғувчи аҳвол сўрамоқчи бўлган экан, раис унинг гапини бўлиб: «Жамила эна, тўйингни қилдингми?» деб сўрабди. Опа бўкириб йиғлаб юборибди. Аммо қўрқа-писа гаплашаркан. Ҳар замон қоровул келиб, сўкиб, ҳайдаб ҳам юбораркан.
Партком, шу билан бирга, айрим кишиларнинг тапшириғини ҳам қоғозга туширарди. «Сутни райондан кўра шаҳарда анча қиммат олаётган экан, раис боводан сўранг қани бу ёққа топшириш мумкинми?» «Мени терговчи қамайман, деяпти, раис бовадан сўранг, маслаҳат берсин…»
У киши қамоқдан чиққач, кўргани бордим. Бечора раис батамом бошқа одамга айланганди. Руҳи пажмурда, андак одамови, биров билан гаплашишга тоби йўқ.
«Эй домла, деди, концлагерда фашистлар ҳам бунча азоб бермаганди мени».
Кўп ўтмай унинг жанозасида иштирок этдим.

АДОЛАТСИЗЛИК

Бу шавқовар пойгани ўттиз йиллар муқаддам ТВда кўргандим.
Краснодар ўлкасида мамлакат отларининг катта пойгаси бўлаётганди ўшанда. Ҳашамдор ва салобатли ипподромни турфа дулдулларнинг безовта кишнаши, минглаб томошабинларнинг қийқириғи тутиб кетганди.
Ниҳоят, чавандозлар отларни олд чизиққа сафлашди ва кўп ўтмай старт тўппончаси отилди. Ғалабага ташна чавандозлар юганларни бўшатиб юбордилар. Уфқларни кўзлаганча, оёқларига зўр бераётган жониворлар ортида енгилгина чанг кўтарилди.
Бир маҳал, кутилмаганда, чавандозлардан бири йиқилиб тушди. Унинг йўрғаси ҳам тўхтаб, орқага қайтди, соҳибини ҳидлаб кўрди, енгилгина кишнади. Аммо жонивор кутганидек, чавандоз ирғиб ўрнидан турмади ва эгарга сакраб минмади, аксинча оқсоқланиб чеккага чиқди. Дулдул ажабланиб бир олдинлаб кетаётган отларга, бир содиқ чавандозига кўз ташлади ва сўнг ҳеч иккиланмай, тўда ортидан ўқдек учиб кетди. Оломон унга ҳайрихоҳ бўлиб, бир овозда олқишлаб қолди. Ажабки, кўп ўтмай, жонивор тўдага етиб олди. Шундан кейингина шарҳловчи бу отнинг лақаби «Гир-кок» эканлигини эслатди. Демак, у ғиркўк, тахминладим ўзимча, балки ўзимизнинг отдир. Аммо илҳақ қолишимга қарамай, шарҳловчи унинг қайси республикага қарашли эканлигини айтмади.
Ғиркўк, энг аввало, Болтиқбўйи республикалари тулпорларидан ўзиб кетди. Маълумки, бу ўлкаларда, умуман, Оврупода пойгадан кўра, отларни тўсиқлардан сакратиш мусобақасини хуш кўришади. Чўл ва саҳроларда вояга етган отларгина бундай пойгаларда ғолиб келади. Шунинг учун ҳам туркман ва араб отлари жаҳон пойгаларида ҳамиша ғолиб келади.
Донғи кетган отлар бирин-кетин ортда қола бошлагач ва ипподром ягона овозда «Гир-кок», «Гир-кок» деб уни олқишлагач, шарҳловчи бу қорабайир зотли от эканлигини эълон қилди. Юрагим ҳаприқиб кетди. Мен унга Худодан зафту зафарлар тилай бошладим.
Тулпорлар ҳамон қуёшга қараб, бир маромда югуришар, уларнинг гавдаси чўзилиб, ерга қапишиб кетган, пастлар учаётган лочинларга ўхшаб кетарди. Эҳ, завқли, ҳаяжонли эди буларнинг бари! Ғиркўк рус отини ортда қолдириб, қозоқ, кавказ йўрғасига ҳам етиб олди. Анчайин илгарида эса машҳур араб чопқирларига монанд оёқлари, бўйни ингичка, туркман оти бор эди. Марра яқин қолгани учун чавандозлар юганларни силтай бошладилар.
Улар ҳамон қуёшга қараб, учиб кетишарди. Минглаб томошабинлар ҳамовоз бўлиб ғиркўкни олқишлашар, унга омадлар тилашарди.
Ғиркўк маррага қаҳрамон туркман ахалтикаси билан баб-баравар етиб келди. Аммо ҳакамлар жониворнинг ғалабасини инобатга олишмади. Маррага чавандозсиз келганлигини важ қилишди. Минглаб томошабинлар норози оҳангда гувиллаб қолишди.

ЁМОН БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙМИЗ

Ҳаётда ноқобил одамлар оз эмас. Қотиллар ва сотқинлар, гиёҳвандлар ва фоҳишалар, безорилар ва қаллоблар… Эҳ, улар кўп! Бу одамларнинг бирортаси ҳам ёмон бўлиб туғилмаган. Оилавий тарбиянинг қўпол нуқсонлари сабаб бўлиб, ана шундай нобоп йўлларга чалғиб кетишган улар. Биологик жиҳатдан кичик ҳарф билан ёзиладиган инсон сут эмизувчилар оиласидаги hoмo саpиенс турига мансуб бўлса ҳамки, катта ҳарф билан битиладиган Инсон – кўзларида нури мунаввар, қалбида эзгулик шамчироғи, ниятида устуворлик, сўзида эминлик бўлган олий зотдир!
Ота-она ўз фарзандларининг қилмишлари учун бутун жамият ва тарих олдида жавоб бериши кераклигини бир дақиқа бўлса ҳам ёддан чиқарманглар! Фарзандларнинг мурғак қалбларига зарифлик, закийлик ва шафқат уруғини кўпроқ сепинглар; уларни зукко тарбиячи, шоҳиста муаллимлар қўлига топширинглар, токи келажакда фақат ўз оиласигагина эмас, миллати, халқи, ватанига ҳам шарифликлар келтирсин!

Ашурали ЖЎРАЕВ

ЯХШИ ХОТИН

– Мухторжон, нима гап? Уйда жанжал бўлдими, дейман?
– Хотин билан яна озгина жанжаллашдик-да, оқсоқол.
– Жанжал қилдингми ё келинни урдингми?
– Шу, тили чаён. Гап қайтарганида оғзи ёпилмайди. Шунга урдим.
– Урганингда хотининг кўчага қочдими ё уйга кирдими?
– Ўзини дарров уйга урди, оқсоқол. Нимайди?!.
– Гап қайтариш хотинларга теккан бедаво касал. Энди хотинни урма, бола. Қайтиб қўлингни теккизма, келин яхши хотин бўлади.

НОН ВА ДОРИ

У ҳар куни ишга боради ва ҳориб-толиб қайтади. Аввал дўконга кириб, узоқ саралаб нон харид қилади. Сўнг кўчанинг нариги томонидаги дорихонага кириб, талашиб-тортишиб дори сотиб олади.
Аввал мазза қилиб нон ейди, сўнг ҳузур қилиб дори ичади.

УЧТА БАНАН

У ишдан қайтишда уч нафар фарзандига гоҳ уч дона банан, гоҳ уч дона шоколад харид қилади. Кўпроқ банан албатта. Бундан болалар бениҳоя хурсанд бўлиб, бананни олишлари билан уйни бошларига кўтаришади.
– Дадам банан олиб келдилар, – деб қийқиришади. Сўнг қўлларидаги бананларни пўстидан айириб, бир-бирларига мақтаниб ея бошлайдилар.
Бобо билан буви бир-бирларига сездирмасдан қараб, астагина тамшаниб қўядилар. Иккаласи ҳам беихтиёр «мен боламга, болам боласига», – деган мақолни эслайди…

КАПАЛАК

Шаҳар ҳар кунгидек улкан ғала-ғовур оғушида. Асаббузар автолар кўчаларни баттар шовқин-суронга тўлдириб юборган. Одамлар на ғала-ғовурларга, на шовқинларга асло парво қилмай, шошган-шошган. Шовқин аллақачон уларнинг кундалик ҳаётига сингиб кетган.
Кўчалар лиқ тўла шовқин. Метролар тирбанд. Милиционернинг ҳуштаги, автоларнинг чинқириғи бир зум тинмайди. Бақир-чақирдан одамларнинг қулоқлари қоматга келган. Асабий, телба-тескари суҳбатлар авж пардаларга кўтарилади:
– Йўл берсангиз-чи, анграймай!
– Мунча ҳовлиқасиз?..
– Ҳе, оғзингизни юминг.
– Сиз ҳам оғзингизга қаранг.
– Оғиздан олдин кўзга қараш керак, галварс!
– Кўриб-кўрмасликка олади-я.
– Ҳозир ҳамма шунақа…
– Қулоғиям карга ўхшайди.
– Фақат меники эмас.
Яна автолар фарёди. Бақир-чақир авжида. Шаҳар шовқинга ғарқ бўлган. Қайсидир кўчада водопровод қувури ёрилган шекилли, бульдозер ҳайқириб ер ковлаяпти. Яна бир кўчада ола-тасир асфальт ётқизиляпти… Тирбанд кўчадан тобут кўтариб боришяпти. «Бир текис кўтаринглар», – деган шовқин эшитилади.
Мусиқани вадаванг қўйиб, қий-чув қилиб кетаётган тўй машиналари тобут кўтарганларни қувиб ўтмоқчи…
Йўлак четидаги турфа гуллар қийғос очилиб ётган кичик гулзорда бир беозор капалак оҳиста учиб юрибди. У шовқинга ҳам, бақир-чақирга ҳам парво қилмай майин қанот қоқади. Завқланиб учади. Ана, капалак бир гулга қўниб, унинг ҳидидан маст бўлиб, бошқа гулдан завқ олиш учун яна қанот қоқди. У гулдан-гулга қўниб, улардан бўса олаётганга, гуллар билан сирлашаётганга ўхшайди… Унинг шовқинзор билан асло иши йўқ…

ОНА

Она бедаво дардга йўлиқди. Давонинг нархи баланд эди…
Онанинг беш фарзанди бор эди. Икки ўғил ва уч қиз. Улар уйли, жойли бўлиб, бир-бирига суяниб яшашарди. Чунки уларнинг ҳам фарзандлари бўлиб, рўзғорларини амаллаб тебратишарди. Оталари икки йил бурун қазо қилган эди…
Фарзандлар ўзаро маслаҳатлашиб қўлларидан келганча оналарига мадад бўлиш, бирор-бир ёрдам бериш учун йиғилдилар. Она уларнинг ҳол-аҳволини кўриб, дардини достон қилмади. «Дўхтирлар ташхис қўйишда янглишибди, – деди. Сўнг секин шивирлади: – Мен соппа-соғман, жоним болаларим, ҳеч нарсани ўйламанглар, ташвиш чекманглар».
Болалар аста бошларини кўтариб, бир-бирларига «хайрият» дегандай енгил нафас олдилар. Она улуғ, болалар эса ҳали бола эди.
Она, шўрлик ва меҳрибон она бир ҳафтадан сўнг вафот этди. Доно ва оқила она дардини ўзи билан олиб кетди.

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

МУҲАББАТ

У суюклисининг бир лаҳзалик қувончи учун ўзини қандайдир телбаларча, аммо билиб-кўриб туриб, бундан сира афсусланмасдан, оғринмасдан, ҳаттоки буюк мамнуният билан, илоҳий бахт оғушида қурбон қилди: аввал борини қўшқўллаб сочди, етмай қолганида қарз-қавола кўтарди, ўзини битиб кетган боён кўрсатди, аёлни фақат шундай ҳаётга муносиб деб билди… Бор-будидан айрилганидан сўнг эса ўзи биринчи бўлиб кетди. Шундай, камзулини елкасига ташладию, уйдан чиқди-кетди…

АЗОБ

Истиҳола ёмон нарса бўларкан…
– Ундан кейин… менга унга айтдимки…
Ердан кўз узолмай, гапларингни жимгина тинглаб ўтирибман-у, сенга ҳам, ўзимга ҳам ачиниб кетяпман. Эҳ, дўстим, сени тоза қийнаб қўйдим-ку. Агар ёлғон тўқишга бу қадар нўноқлигингни билганимда эди, алдашни бошлаган заҳотинг: «Бас қилақол…» дердим ва шу билан ўзимни ҳам, сени ҳам бу азобли хижолатпазликдан қутқарган бўлардим.

ЎТИНЧ

Ўзини осган одам шундай васият қолдирганди:
«Ўлаётган банданинг охирги илтимоси бажо бўларкан. Шундай экан, ўтинаман, ёлвораман, илтижо қиламан: менинг ўрнимга коллежни битирган қизимни ишга олинглар…»

ИБРАТ

Тоғам жуда пишиқ-пухта, тежамкор, уддабурон одам. Талабалик йилларим у киши билан бир хонада уч ой ижарада туриб ҳеч нарсага зориқмадим, доим қорним тўқ, устим бут бўлди. Тўртинчи ой бошида эса китоб дўконини айлана туриб, негадир тоғамнинг тилида сўзлаб юбордим:
– Ўзи юпқагина китоб экан-у, нархини қаранг…

РАЗОЛАТ

Эри бошқа жувонга илакишиб кетиб қолгач, бу аёл қайнона-қайнотаси, қайноға-қайинопалари билан бир ҳовлида яшайверди, ичидан ўтганини билдирмасдан, уларга астойдил хизмат қилаверди.
Кунларнинг бирида худди келишиб олишгандай уйдагиларнинг ҳаммаси қайгадир жўнаб қолишди, фақат эрталаб мамнун қиёфада кириб келишди. Ахийри тасодифан, гап-сўзларидан уйдагилар эрининг янги хотинидан фарзанд кўргани шарафига ўтказган тўйга боришганини, роса ўйинга тушишганини билиб қолгач, жизғанаги чиқиб кетган аёл беихтиёр ёзғирди:
– Мен уларнинг калиши устидан ҳатлаб ўтмабман! Улар бўлса бемалол менинг устимдан ҳатлаб ўтиб, кундошимнинг тўйига боришибди. Кеча улар у ерда рақс тушишган, бугун бўлса бу ерда. Қани имон?

ОНГ

Компьютер… ақлли, ўта ақлли: бугун уни тўрт маротаба ўзи билан ўзини шахмат ўйнашга мажбур этдим. Натижа ҳар гал дуранг бўлаверди. Менга қарши ўйнаётганида эса, дуранг таклиф қилгандим, кўнмади, айёр…

БАҲО

Танқидчи:
– Асарингиз лотин тилида ёзилганми дейман?
Муаллиф ҳаяжонланиб кетди:
– Нега… нега бундай деяпсиз?
– Ўлик тил экан…

АНГЛАШ

Санъатни тушуниш ҳам ҳар хил бўларкан.
…Хонадон соҳиби ўз боласининг ўйинчоғига қадар сотиб ичган оила ҳақида фильм кўраётгандик. Колонияга, тарбияси оғир болалар орасига тушиб қолган укасини кўришга келган 15-16 ёшлардаги нимжонгина қизнинг кўлда чўмилиш манзарасини кўрсатишди. Укасига бир дона олма ва бир пачка печенье олиб келган қиз сувга қип-яланғоч ҳолида тушди.
– Томошабиннинг эҳтиросини қитиқлашни қаранглар-а, – истеҳзо билан кулди кўпчилик томонидан санъат билимдони дея эътироф этилган танишимиз. – Шуни, ҳали етилиб улгурмаган қизни сувга сийнабандсиз туширишипти. Қизиқ, «дубл»лар миқдори икки хонали сонни ташкил этдимикин ё ундан ҳам ошиб кетдимикин?..
Ҳаммамиз унинг нозик маъноли қочиримига тушунганимизни билдириш учун илжайиб қўйишга шошилдик.
Тўсатдан бошқа танишимиз (у ўзимиз қатори оддий муҳандислардан эди, кино санъатини унча тушунмаслигини очиқдан-очиқ тан олар, айниқса ҳалиги билимдон танишимиз булбулигўё бўлиб сайраган маҳаллари унинг сўзларини ҳайратланиб тинглаб, мум тишлаб ўтирарди) ўрнидан ирғиб турасола қаҳр билан ўшқирди:
– Уялмайсизларми?! Қиз бечора ўша нарсани олишга пулни қаердан топсин? Отасининг аҳволи бу бўлса…
Бошқаларни билмадим-у, аммо ўзим ўтирган ўрнимда бир қарич чўккандек бўлдим…

Нуриддин ЭГАМОВ

ЎҒИЛ

Тўй базми. Даврага ёши улуғроқ бир киши ва мўйловли йигит қўшилди. Косагул «кечикканларга штрафной» деб, иккаласига ароқ узатди. Йигит шошилганича ароқни сипқориб юбориб, газакка тармашди. Ёши улуғ киши бир унга, бир қўлидаги лиммо-лим пиёлага қараб, ўйланиб қолди. Сўнг ичмоққа тутинди.
– Ие, тўхтанг, тўхтанг, − деди «мўйлов» унинг қўлларига ёпишиб, Унақамас-да энди, сизам ичсангиз, мошинни ким ҳайдаб кетади, дада?!

ВИЖДОН

– Ҳеч ўргана олмаяпман-да, устоз, − деди ёш домла кекса алломага. – Кўзимга жавдираб қараб турса, бунинг устига «контракт»да ўқиса… Қандай оламан?
– Сенга нима халақит беряпти?
– Виждон қийналяпти…
– Ҳечқиси йўқ, − деди кекса домла. – Мендаям бошида шундай бўлган. Виждон деганлари аввал қийналади… ёмон қийналади… жон азобида ўзини у ёқдан-бу ёққа уради… Охири… ўлади бечора. Ана ундан сўнг мазза қилиб яшайсиз, шогирд…

ЙЎҚЛОВ

Момо хамирли қўлларини артиб, набираси келтирган тугунни ечди. Иссиққина патир устида қип-қизил бўлиб пишган сомсалар…
Ичида нариги қишлоқда яшайдиган қизини койиб қўйди: «Мен оч қолаётувмидим?! Саккизта боласининг оғзидан юлиб, менга илинади-я… Ҳар куни шу аҳвол. Ҳали тўрттагина манти, ҳали юпқа…Уйи яқин бўлса экан. Кенжатойини беш чақиримдан ҳар куни югуртиради. Ҳаҳ, омон бўлгур-а…»
Иккинчи тугунчани ечди. Бу бир девор қўшни турадиган бизнесчи қизидан эди.
Тавба! Қаёқдан кун чиқди? Бу нима қилгани? Э-ҳа, нон ёпибди-да…
Кеча нон сўраб чиқувди. Элакдай келадиган ноннинг ярмини синдириб олувди. Кўп олса, қотиб қолармиш. Ўзича… қарзини қайтарибди-да… Омон бўлгур…
Момо кичкинагина кулчага термилиб қолди…

Аллома ҲАКИМОВА

МЕҲМОН

– Бир куни қайтишингизни билардим!
Аёлнинг синиқ табассумини ўзгача тушунди у:
– Кутганинг учун раҳмат сенга… севгилим! – охирги сўзни бироз ўйланиб ва қийналиб айтди у!
– Ким экан, азизам?! – ичкаридан қувноқ овоз эшитилди.
– Тиланчи, – жавоб берди синиқ табассумли аёл.

НОТАНИШ ҚИЗ

У бу қизни танимасди. Шунчаки табассуми ёқарди унинг. Ҳар куни эрта тонгда шоҳбекат томон юраркан, бу гўзал табассум соҳибасига бир нигоҳ ташламай ўтмасди. Кунлари фараҳбаш эди. Қайтаётганида ҳам ўзига қадрдон ойнани узоқдан мўлжалга оларди. Яна фусункор табассум… Қанчалар бахт!
Бир куни ва, ниҳоят, у қатъийлашди. Муюлишдан гул сотиб олди-да, ўша қадрдон дераза томон дадил юрди. Ўша гўзал табассум. Гулларни узатар экан….
– Узр, қизим туғма ногирон, – ёш тўла кўзлари билан табассум қилди она. – Унинг қўллари йўқ.
Гулларни муштипарга тутқазса бўларди, қимматга олгани миясида ярқ этди.

ЎХШАШЛИК

Бобо хурсанд! Тишлари йўқ оғзи билан бир кулгу. У қўлидагини қаттиқ сиққанча илдам юриб борарди. Оз қолди етишига. Аммо ҳар сафар узоқдан кутиб оладиган набираси негадир кўринмасди. «Ҳаҳ, зумраша, ўйин билан андармон, шекилли! Худди ўзим, омон бўлгур».
Остонадан хатларкан, келинининг етти маҳаллага эшитиладиган овозидан тўхтаб қолди:
– Бобонгга ўхшамай ўл, ивирсиқ!

Азиз НУР

БУВИ

Телевизорда чиққан неварасига қараб, «Ҳаҳ, ўзимнинг булбуловоз болажоним-а, қўшиғинг ўйнатади-я» деб ўйнайверди момо! Атрофдагилар на «Бу интервью беряпти» дейишди, на «Сизнинг қулоғингиз уч йилдан бери эшитмайди-ку» дейишди. Момо қўлларини кўтариб-кўтариб ўйнайверди.

ҚАДОҚ ҚЎЛЛАР

У кўчада сўрашиш учун қўл чўзган гўрковнинг қадоқ қўлларига қараб, бош ирғаганча ўтиб кетди. Бироз вақтдан сўнг фирмаси ёнғин ичида қолганини эшитиб юрагини бир чангаллади-ю, қайтиб ўрнидан турмади… Пешин пайти ўша қадоқ қўллар унинг янги «уйи» учун кетмон урди.

«ҲОТАМТОЙ»

«Ҳар йили бизнесимдан тушган фойданинг маълум бир қисмини меҳрибонлик уйларига, кам таъминланган оилаларга хайрия қиламан! Мен учун одамийлик, меҳр-оқибат тушунчалари ҳар қандай нарсадан афзал!»
У шундай деб интервью берди-ю, қабулхонада икки соатдан бери бетоб фарзандини қучоқлаб, илинж билан мадад кутиб ўтирган аёлга вақти йўқлигини айтиб чиқиб кетди.

СУҲБАТ

– Мен катта бўлсам шифокор бўларканман. Ойим билан дадам доим шунақа дейишади. Сен катта бўлсанг ким бўласан?
– Менми? Мен яхши ойи бўламан!
– Яхши ойи қанақа бўлади?
– Яхши ойи… қўғирчоқларимга кийим тикаман деб пардани қирққанимда урмайдиган, эртак ўқиб беринг деганимда, ҳар куни «дадангга бор, мен эртага ўқиб бераман» демайдиган, деворга расм чизганда «Қўлгинанг синиб кетсин» демайдиган бўлади…

ҚЎШНИ ҚИЗ

Болалигимда маҳалладош дўстим билан қоғоздан самолёт ясаб учирардик! Самолётим баланд учгани боис қўшни қиз доим мен билан ўйнарди.
Йиллар ўтди, улғайдик. Ҳозир мен деҳқон, дўстим учувчи. Ҳар куни дунёнинг турли томонларига баландлардан учади. Қўшни қиз хозир у билан бирга.

СЕВГИ

Ҳар пайшанба ётоқхонада овқат қилиш унинг навбати. Мана яна пайшанба! Бир нималарни хиргойи қилганча сабзи арчади, гуруч тозалайди. Ич-ичидан бахт овози таралаётгандай гўё. Шу оҳангга рақс тушиб ош димлайди.
− Қизла-а-ар, севимли домлажонларимиз шарофати билан бўлаётган гўштсиз ошимиз димланди, деб қийқирганча хонасига учади…
Бир вақт… ошхонада тўполон.
«Илойим ким олган бўлса, Мелиқўзиев домлага рўбарў бўлсин».
«Анови Дилшод юрганди боя…»

Ошсиз қолган қизларнинг фиғони фалакда. Фақат у хурсанд. Угина қувончдан ичига сиғмайди. Билади-да, ҳхозир 7-хонадаги Алибек бу ошни еяётганини. Хонасига кирганча кутади. Доимгидай, ичида «Қўлингиз онамнинг қўлларидай ширин» деган ёзуви бор қозонни ошхонага қўйиб кетишларини интизор кутади!

Тайёр муқова (қўлда).jpgShu kunlarda Toshkentdagi “Yangi kitob” nashriyoti tomonidan “Mitti hikoyalar: kecha va bugun” nomli kitob nashrdan chiqdi. Undan o‘zbek adabiyotining zabardast yozuvchilaridan tortib qo‘liga endi qalam olgan yosh ijodkorlarning jajji hikoyalari o‘rin olgan. Hikoyalardagi turfa mavzular, teran ma’no va qiziqarli syujetlar o‘quvchini qiziqtiradi, deb o‘ylaymiz.

Kitobni yosh qalamkash Nodirabegim Ibrohimova nashrga tayyorlagan. “Ustoz adiblarimiz oz bo‘lsa-da ushbu janrda meros qoldirishgan, – deydi u. – Bugun yosh qalamkashlar ham ularga ergashgan holda qisqa hikoyalar mashq qilib, davriy nashrlarda e’lon qilib borishmoqda”.

“O‘zbek adabiyoti” ruknidagi mazkur kitobda adabiyotimiz darg‘alari hisoblanmish Said Ahmad, Shukur Xolmirzayev, O‘tkir Hoshimov, Nusrat Rahmat, Tohir Malik, Sharof Boshbekov, Jamila Ergasheva, Abduqayum Yo‘ldoshev, Ulug‘bek Hamdam va boshqa adiblarning dilga yaqin hikoyalari berilgan. Mualliflar soni 80 dan ziyod.

Eslatib o‘tamiz, hozirga qadar muxlislar qo‘liga jahon adabiyotining ko‘plab qisqa hikoyalari kitob holida yetib borgan. O‘zbek ijodkorlarining mitti hikoyalari esa ilk bor dunyo yuzini ko‘rdi.

Adabiyot ummonidan bir tomchi bo‘lgan ushbu ilk kitob qadrdon hamrohingizga aylanishiga tilakdoshmiz.

E’tiboringizga “Mitti hikoyalar: kecha va bugun” kitobidan ayrim namunalarni havola etamiz.

“MITTI HIKOYALAR: KЕCHA VA BUGUN”
KITOBIDAN MITTI HIKOYALAR
09

Said AHMAD
HAYKAL

Buxoroda qadim imoratlar ko‘p.
Bu ko‘hna shahar ko‘chalarida xayolchan kezarkanman bir to‘da sayyohlar boshi bulutga chulg‘angan minoraga qarab turishganini ko‘rdim. Ularga keksa bir ilmiy xodim minora tarixini tushuntiryapti. Quloq soldim.
– Yetti yuz yil bo‘lgan bu minoraning qurilganiga.
Sayyohlar hayrat bilan yoqalarini ushlashdi.
Men bu xil yodgorliklarni ko‘p ko‘rganman. Armanistondagi to‘rt ming yillik Dvin harobalari, Kegart qal’alarini, necha ming yillar muqaddam yozilib bizga yetib kelguncha toshga aylangan kitoblarni ko‘rganman. Shularni odam yaratgan, ularda odam qo‘lining izi bor.
Buxoro ko‘chalarida kezarkanman juda ko‘p xotiralar xayolimdan o‘tadi. Asrlar qa’rida qolib ketgan jangu jadallarni ko‘rgandek, qilich-qalqonlarning jarangini eshitgandek bo‘laman.
Bularning barini tarix shamollari uchirib ketdi. Odamlarning xotiridan yulib ketdi.
Ammo ko‘hna devorda qolgan besh barmoq izi hali ham ko‘rinib turibdi. Bu ming yillar qa’rida yo‘q bo‘lib ketgan odam qo‘lining izi. Shu azamat binoga g‘isht tergan me’mor qo‘lining izi.
Odam qo‘ligina odamga abadiy haykal qo‘yishiga ana o‘shanda ishonganman.

BIR TOMCHI SUV

Nigora bir haftagina qishloqqa onasining oldiga borib keladigan bo‘lib qoldi. Eri komandirovkada. Uy yolg‘iz qoldi. Poyezdga chiqib endi chamadonni o‘rniga qo‘yayotganida birdan bo‘shashib ketdi.
Tuvakdagi gulga suv quyish esidan chiqibdi-ku.
Axir, Nigora uni qanday avaylardi. Kun ora suv quyib chamandek ochilib turgan gullarini hidlab, hidlab olardi. Nima bo‘ladi endi?
Eri Kozimjon Kislovodskdan atayin samolyotda olib kelgan edi. Ikki yildan beri uni parvarish qilardi. Yozda hovliga opchiqib ekar, kuz keldi deguncha yana tuvakka o‘tqazib, uyning kungay tomondagi deraza raxiga qo‘yardi. Nima bo‘ladi endi?
Bitta gul uchun orqaga qaytsinmi? Qaytardi ham, ammo poyezd joyidan qo‘zg‘alib, shitob bilan oldinga intilib ketyapti.
To qishloqqa yetguncha ham shu gul uning xayolidan ketmadi. Nazarida sarg‘ayib so‘layotgandek, qurib-qovjiragan barglari deraza oldiga to‘kilib yotgandek…
U qishloqning qatqaloq ko‘chalaridan ketarkan, biron uyning derazasida gul ko‘rdimi, bo‘ldi, xayoli yana uyiga uchib borar, qurib qolgan gul oldida ma’yus turgandek bo‘lardi.
Nigora qaytayotganda qalin qor tushdi. Po‘stiniga o‘ranib poyezdga chiqdi-yu, vagon oynasidan oppoq dalalarni ma’yus tomosha qilib keldi. Nihoyat uyi ostonasiga ham yetdi. Qanday qilib eshikka kalit solganini, qanday qilib deraza oldiga kelib qolganini o‘zi ham bilmasdi.
Tuvakdagi gul hamon yashnab turardi. Uning ko‘m-ko‘k barglari tagidan yana kurtakchalar bo‘rtib qolibdi.
Nigora ochilaman deb, turgan g‘unchaga engashib dimog‘ini tegizdi. Biram xushbo‘y, biram xushbo‘y!
U, bir hafta suvsiz qolgan bu gulning avvalgidek yashnab turishiga hayron edi.
Oftob deraza qirovini eritib har kuni bir tomchidan tuvakka sachratganidan Nigora bexabar edi.
Bir tomchi suvda qanchalar qudrat borligini u sira-sira xayoliga keltirolmasdi.

BOBO, BOLA, GUL

Bobo eshigi oldidagi supada soatlab o‘tirardi. O‘tgan-ketganga choy tutib supachasiga taklif qilardi.
Bu bahor u supa yonboshiga kichkinagina gulzor qildi. Chiroyli jo‘yakchalar tortib anvoyi gullar ekdi. Mana, bir tup atirgul g‘unchaga ham kirdi. Ayniqsa bitta g‘uncha ana ochilaman, mana ochilaman deb turibdi. Cholning ikki ko‘zi shu g‘unchada.
Tikilgan qozon qaynamas degandek uning ochilishi juda qiyin bo‘ldi. Bobo unga tikilaverib ko‘zlari toldi.
Bir kun ertalab odati bo‘yicha sholchasini sudrab supaga chiqsa biram chiroyli bo‘lib ochilibdiki. Chol tishsiz og‘zini ochganicha unga tikilib qoldi. Sholchani supaga tashlab gul tepasiga kelib engashdi. Kafti bilan uni beozor ko‘tarib huzur qilib hidladi.
Boboning tabiati ravshan bo‘lib ketdi, Sholchani supaga xotirjam yozib choy olib chiqqani kirib ketdi. U qaytib qo‘lida choynak-piyola bilan chiqqanda gul bandida yo‘q edi. U hayron bo‘lib u yoq-bu yoqqa qarasa ko‘chaning narigi betida bir xotin aravachada o‘tirgan ikki yoshlar chamasidagi bolasiga o‘sha gulni beryapti.
Boboning g‘azabi qaynab ketdi. Bu nimasi, kap-katta odam, birovning gulini uzgani uyalmaydimi? Bu yashnab turgan gul qanchadan-qancha kishilarning bahri-dilini ochardi.
Bola onasining qo‘lidan gulni oldi-da, qip-qizil bargchalarini yulaverdi. Birpasda uning oppoq ko‘ylaklari, ko‘k tovar ko‘rpachalari gul yaproqlariga to‘ldi.
Bola oppoq qo‘lchalari bilan shu yaproqchalarni birma-bir terib tiqmachoqdek tizzalariga sochar, qiyqirardi.
Bobo uning qiyqirishidan, gul barglarini sochib o‘ynashidan zavqlanib ketdi. Boyagi jahlidan nom-nishon qolmadi. Qaytib supasiga o‘tirdi. Gulning birinchi g‘unchasi kuttirib ochiladi. Keyin biri ketidan biri ochilaveradi.
Bobo har gal ertalab chiqqanida gullarining yashnab ochilib turganini ko‘rganida negadir o‘sha bolani eslaydi. Uning yana kelib gul uzishini, do‘mboq qo‘llari bilan uni silkitishini istardi.

Shukur XOLMIRZAYEV

BIR GUZAR ODAMLARI

Devor yiqilgan. Guvalalar hovli sahniga dumalab ketgan. Yer to‘xtab-to‘xtab titrayapti. Er o‘rik tagida cho‘nqayib o‘tiripti. Xotin daraxt tanasiga suyanib turipti.
– Tezroq to‘xtasamidi, – dedi er ensasi qotib. – O‘n birda vokzalga borishim kerak. Loyini qilib tashlar edim devorning. Kechqurun ikkovlashib paxsasini ko‘tarib qo‘ya qolardik.

* * *

Teshavoyning uyi bosib tushdi. U xotini bilan hovliga zo‘rg‘a chiqib oldi. Tong otgach, g‘izillaganicha otasinikiga ketdi. Egamberdi bobo to‘qson sakkizda. Qulog‘i og‘ir. Garang.
– Baxay? Kallai saharlab yuribsan? – so‘radi chol to‘shagiga o‘tirib.
O‘g‘il otaga tikilib qaradi. Ota uyqudan to‘yib uyg‘ongan, xotirjam: yer qimirlaganini sezmagan edi. “Aytib, cholni tashvishga solib o‘tirmay”, deb o‘yladi.
– Shunday. Bozorga borayotgan edim, – dedi. – Bir ko‘rib o‘tay dedim.
– Omin. Omading kelsin! – fotiha o‘qidi chol.
Teshavoy sinchli uyning shifti, derazasini ko‘zdan kechirib, chiqib ketdi…

* * *

Frontovik Elmurod Zafarov karavotdan dumalab tushdi. Xotini o‘rinda yo‘q. O‘rnidan turar ekan, deraza orqasining yorishib ketganini ko‘rdi. Shkaf ustidagi kitoblar titilib to‘kildi. Zafarov bir zum derazaga horg‘in qarab turdi. So‘ng silkinayotgan polda oqsoqlanib, deraza oldiga bordi. Qo‘lini beliga tirab: “Urush”, dedi sekin. U asli buxorolik, u yerdagi yolg‘iz onasini anchadan beri ko‘rmagan edi. Shuni eslab: “Esiz, ko‘rolmadim”, dedi.

* * *

Ota kasalxona yo‘lagida to‘lg‘oq tutgan ayoldek yuripti. Olti yashar o‘g‘li operatsiya xonasida, stolda. Oyoq-qo‘li stol qanotlariga chandib bog‘langan. Ko‘richagi tutgan. Uchinchi tutishi. Hamshira bo‘zarib, bolaning oyoq tomonida turipti. Navbatchi vrach o‘tkir pichog‘ini olib, bolaning ochiq qorni ustiga engashdi.
Uy ostidan bir kishi tepganday sapchib tushdi. Yon-veridan noma’lum qo‘llar qitiqlayotgan kabi silkina boshladi. Dod soldi bemor bola. Hamshira qiz o‘zini eshikka urdi. Koridordagi ota esa, o‘zini ichkariga urdi. Vrach stol qirrasiga suyandi. Ota kirib, o‘g‘lining oyog‘idagi iplarga yopishdi.
– Chiq! – dedi vrach bo‘g‘ilib.
– Doktor!
– Opchiqsangiz, tirik qoladimi? Chiqing! Titroq susaya boshladi. Ota koridorga chiqdi. Hamshira diydirab xonaga kirdi. Vrach yana bemor ustiga engashdi.

* * *

Pirmat qorovulning xotini yurak o‘ynog‘i edi. Yer silkindi. Ikkalovi ham uyg‘onib ketishdi. “Yuragi yoriladi!” deb o‘yladi Pirmat.
– Oh! – dedi xotin.
– Hech narsamas. Hozir iziga qaytadi, – dedi er.
– Qimirlayapti-ku?
– Yer bo‘lganidan keyin qimirlaydi-da, xotin. “Bo‘lgan ish bo‘ldi”, deb o‘yladi Pirmat va xotinini mahkam quchoqlab oldi.
Xotin bir muddat eshikka qarab turdi. So‘ng, shunday qilsa omon qoladiganday u ham erini mahkam quchib oldi.

O‘tkir HOSHIMOV

OTALAR VA BOLALAR

U oddiy odam edi. Hammolchilik qilardi. To‘rt qiz, uch o‘g‘ilni oyoqqa turg‘azdi. O‘g‘illarini uylantirdi. Qizlarini chiqardi. Hammasini uyli-joyli qildi.
Ko‘z yumayotganida “hammalaringdan mingdan-ming roziman”, dedi…
Qarashsa, kafanligi yo‘q ekan…

“NASLDOR BUQA”

– Anavi Husan polvonning o‘g‘li institutni bitirganidan keyin ham uch-to‘rt yil uylanmay, ota-onasini ko‘p kuydirdi. Polvon surishtirib ko‘rsa, gap boshqa yoqda ekan. O‘g‘li yoshi ellikdan oshgan boyvuchcha xonim bilan “kantraktniy nikoh”dan o‘tgan ekan.
– Iya, endi bunaqasi ham chiqibdimi? “Kantraktniy” degani nima balo ekan?
– Bu degani shuki, kuyov bilan kelin oldindan shartnoma tuzib olarkan. Polvonning aytishicha, “kelin poshsha” “kuyov to‘ra”ga mashina “padarka” qipti, uy olib beribdi. Uning vazifasi shu ekan. Kuyovning “yumushi” esa, “erlik” vazifasini vaqtida bajarib turish ekan…
– Obbo, errayim-ey! Nasldor buqa bo‘pket-a! Kampir xotini bir-ikkita buzoq tug‘ib beribdimi, ishqilib?

NOSQOVOQ

− Saksonboy ota! Oynisa buvim anchadan beri ko‘rinmaydilar. Yaxshi yuribdilarmi?
− Yurgan bo‘lsa kerak. Qizinikiga ketgan.
− Nega ketadilar?
− Nosqovog‘im yo‘qolib qolgan edi. Shuni sen yo‘qotgansan, deb do‘qlasam, “sizga men kerakmi, nosqovoqmi?” deb gap qaytardi. “Nosqovoq kerak”, desam, arazlab qizinikiga ketib qoldi…
− Ie, chatoq bo‘pti-ku! Kampiringizsiz qiynalib qolgandirsiz?
− Qiynalishga qiynaldim. Kelinimga “tahorat suvi isitib ber, deyolmasam…”
− Nosqovoq topildimi axir?
− Topildi. Belbog‘imga tugib yurgan ekanman.
− Bo‘pti-da! Buvini obkemaysizmi endi?
− Yo‘q! Yigit kishining gapi bitta bo‘ladi: menga nosqovog‘im kerak!

AQLLILIK BALOSI

− Bilasan, o‘rtoq, men yoshligimdan otni yaxshi ko‘raman. Shu… keyingi paytda otim ko‘p kasallanadigan bo‘lib qoldi. Mol do‘xtiri muolaja qilsa, ancha o‘ziga keladi-da, keyin tag‘in mazasi qochadi. Hayronman, otim ko‘p og‘riydi-yu, eshagimga balo ham urmaydi…
− Nimasiga hayron bo‘lasan! Jonivorlar ham odamga o‘xshaydi. Ot – aqlli jonivor, ko‘p o‘ylaydi, eshak esa g‘irt ahmoq. Shuning uchun kasal ham bo‘lmaydi!

GUMROH BANDALAR

Odamlarga hayronsan. Ota-onasi tirikligida ikki og‘iz shirin so‘zni tekinga aytmaydi-da, ular o‘lganidan keyin ming-ming pul sarflab, o‘sha so‘zlarni qabrtoshga yozdirib qo‘yadi…

“TUTINGAN” O‘G‘IL

Amal kursisida o‘tirganingda kim eng ko‘p tovoningni yalasa, kursidan tushganingda o‘sha birinchi bo‘lib sendan yuz o‘giradi, deganlari qanchalik to‘g‘ri ekaniga o‘zim ishonch hosil qildim.
Bir qadrdonim bor edi. Kunora qo‘ng‘iroq qilib, haftada kelib turar, shifoxonaga tushib qolsam, “ovora bo‘lmang”, deyishimga qaramay hammadan avval yetib borar, ta’til paytida O‘zbekistonning qaysi burchagiga dam olmay, topib borar, “bir cho‘qimgina” osh qilmasa, ko‘ngli joyiga tushmas edi… Bunisi ham mayli, ikki gapning birida “men sizni otam deganman, siz mening otamsiz”, deb, Xudoni o‘rtaga solib qasam ichardi…
Mansabim jinday o‘zgargan edi, “bolam”ni yo‘qotib qo‘ydim. Surishtirsam boshqa ota izlab yurgan ekan…

Nusrat RAHMAT

ZULM

O‘tgan asrning yetmishinchi yillarida “Qishloq haqiqati” gazetasining viloyatlararo muxbiri bo‘lib ishlaganimda, ancha-muncha dono, tadbirkor raislarni bilardim. Jomboylik rais urush ishtirokchisi bo‘lib, front taassurotlari, konslager azoblarini so‘zlab berishni yoqtirardi.
Mash’um “O‘zbeklar ishi” bilan ko‘p raislar, jumladan, jomboylik birodarim ham qamoqqa olindi. Shunday kunlardan birida kolxozga borib, idora oldida to‘plangan anchagina odamlarni ko‘rdim. Partkom ularning ayrimlariga jihozlangan yuk mashinasiga chiqishiga ruxsat berardi. Bilsam, bu odamlar Kattaqo‘rg‘on qamoqxonasiga, rais boboni ko‘rgani, aniqrog‘i, uning ovozini eshitgani va yo‘l-yo‘riq, maslahat olgani jo‘nashayotgan ekan.
Rais qamoqxonaning pastki qavati – yerto‘lasiga tashlangan bo‘lib, u yerdan chiqqan ventilyatsiya quvuriga og‘iz qo‘ygan holda, ahvol so‘rashar, maslahat olishar ekan. Ovoz ham zo‘rg‘a eshitilarkan.
Partkomning hikoya qilishicha, rais kecha paxtaning ahvoli bilan qiziqibdi. “Suv yo‘q, g‘o‘za qovjirab ketyapti, debdi injener. «Menga qara, lakalov bo‘lma, debdi rais, chashmaning suvini berkitib, nasos qo‘y! Xalqning nasibasi…”
Bir gal Jamila xola degan sut sog‘uvchi sut sog‘uvchi ahvol so‘ramoqchi bo‘lgan ekan, rais uning gapini bo‘lib: “Jamila ena, to‘yingni qildingmi?” deb so‘rabdi. Opa bo‘kirib yig‘lab yuboribdi. Ammo qo‘rqa-pisa gaplasharkan. Har zamon qorovul kelib, so‘kib, haydab ham yuborarkan.
Partkom, shu bilan birga, ayrim kishilarning tapshirig‘ini ham qog‘ozga tushirardi. “Sutni rayondan ko‘ra shaharda ancha qimmat olayotgan ekan, rais bovodan so‘rang qani bu yoqqa topshirish mumkinmi?” “Meni tergovchi qamayman, deyapti, rais bovadan so‘rang, maslahat bersin…”
U kishi qamoqdan chiqqach, ko‘rgani bordim. Bechora rais batamom boshqa odamga aylangandi. Ruhi pajmurda, andak odamovi, birov bilan gaplashishga tobi yo‘q.
“Ey domla, dedi, konslagerda fashistlar ham buncha azob bermagandi meni”.
Ko‘p o‘tmay uning janozasida ishtirok etdim.

ADOLATSIZLIK

Bu shavqovar poygani o‘ttiz yillar muqaddam TVda ko‘rgandim.
Krasnodar o‘lkasida mamlakat otlarining katta poygasi bo‘layotgandi o‘shanda. Hashamdor va salobatli ippodromni turfa duldullarning bezovta kishnashi, minglab tomoshabinlarning qiyqirig‘i tutib ketgandi.
Nihoyat, chavandozlar otlarni old chiziqqa saflashdi va ko‘p o‘tmay start to‘pponchasi otildi. G‘alabaga tashna chavandozlar yuganlarni bo‘shatib yubordilar. Ufqlarni ko‘zlagancha, oyoqlariga zo‘r berayotgan jonivorlar ortida yengilgina chang ko‘tarildi.
Bir mahal, kutilmaganda, chavandozlardan biri yiqilib tushdi. Uning yo‘rg‘asi ham to‘xtab, orqaga qaytdi, sohibini hidlab ko‘rdi, yengilgina kishnadi. Ammo jonivor kutganidek, chavandoz irg‘ib o‘rnidan turmadi va egarga sakrab minmadi, aksincha oqsoqlanib chekkaga chiqdi. Duldul ajablanib bir oldinlab ketayotgan otlarga, bir sodiq chavandoziga ko‘z tashladi va so‘ng hech ikkilanmay, to‘da ortidan o‘qdek uchib ketdi. Olomon unga hayrixoh bo‘lib, bir ovozda olqishlab qoldi. Ajabki, ko‘p o‘tmay, jonivor to‘daga yetib oldi. Shundan keyingina sharhlovchi bu otning laqabi “Gir-kok” ekanligini eslatdi. Demak, u g‘irko‘k, taxminladim o‘zimcha, balki o‘zimizning otdir. Ammo ilhaq qolishimga qaramay, sharhlovchi uning qaysi respublikaga qarashli ekanligini aytmadi.
G‘irko‘k, eng avvalo, Boltiqbo‘yi respublikalari tulporlaridan o‘zib ketdi. Ma’lumki, bu o‘lkalarda, umuman, Ovrupoda poygadan ko‘ra, otlarni to‘siqlardan sakratish musobaqasini xush ko‘rishadi. Cho‘l va sahrolarda voyaga yetgan otlargina bunday poygalarda g‘olib keladi. Shuning uchun ham turkman va arab otlari jahon poygalarida hamisha g‘olib keladi.
Dong‘i ketgan otlar birin-ketin ortda qola boshlagach va ippodrom yagona ovozda “Gir-kok”, “Gir-kok” deb uni olqishlagach, sharhlovchi bu qorabayir zotli ot ekanligini e’lon qildi. Yuragim hapriqib ketdi. Men unga Xudodan zaftu zafarlar tilay boshladim.
Tulporlar hamon quyoshga qarab, bir maromda yugurishar, ularning gavdasi cho‘zilib, yerga qapishib ketgan, pastlar uchayotgan lochinlarga o‘xshab ketardi. Eh, zavqli, hayajonli edi bularning bari! G‘irko‘k rus otini ortda qoldirib, qozoq, kavkaz yo‘rg‘asiga ham yetib oldi. Anchayin ilgarida esa mashhur arab chopqirlariga monand oyoqlari, bo‘yni ingichka, turkman oti bor edi. Marra yaqin qolgani uchun chavandozlar yuganlarni siltay boshladilar.
Ular hamon quyoshga qarab, uchib ketishardi. Minglab tomoshabinlar hamovoz bo‘lib g‘irko‘kni olqishlashar, unga omadlar tilashardi.
G‘irko‘k marraga qahramon turkman axaltikasi bilan bab-baravar yetib keldi. Ammo hakamlar jonivorning g‘alabasini inobatga olishmadi. Marraga chavandozsiz kelganligini vaj qilishdi. Minglab tomoshabinlar norozi ohangda guvillab qolishdi.

YOMON BO‘LIB TUG‘ILMAYMIZ

Hayotda noqobil odamlar oz emas. Qotillar va sotqinlar, giyohvandlar va fohishalar, bezorilar va qalloblar… Eh, ular ko‘p! Bu odamlarning birortasi ham yomon bo‘lib tug‘ilmagan. Oilaviy tarbiyaning qo‘pol nuqsonlari sabab bo‘lib, ana shunday nobop yo‘llarga chalg‘ib ketishgan ular. Biologik jihatdan kichik harf bilan yoziladigan inson sut emizuvchilar oilasidagi homo sapiyens turiga mansub bo‘lsa hamki, katta harf bilan bitiladigan Inson – ko‘zlarida nuri munavvar, qalbida ezgulik shamchirog‘i, niyatida ustuvorlik, so‘zida eminlik bo‘lgan oliy zotdir!
Ota-ona o‘z farzandlarining qilmishlari uchun butun jamiyat va tarix oldida javob berishi kerakligini bir daqiqa bo‘lsa ham yoddan chiqarmanglar! Farzandlarning murg‘ak qalblariga zariflik, zakiylik va shafqat urug‘ini ko‘proq sepinglar; ularni zukko tarbiyachi, shohista muallimlar qo‘liga topshiringlar, toki kelajakda faqat o‘z oilasigagina emas, millati, xalqi, vataniga ham sharifliklar keltirsin!

Ashurali JO‘RAYEV

YAXSHI XOTIN

– Muxtorjon, nima gap? Uyda janjal bo‘ldimi, deyman?
– Xotin bilan yana ozgina janjallashdik-da, oqsoqol.
– Janjal qildingmi yo kelinni urdingmi?
– Shu, tili chayon. Gap qaytarganida og‘zi yopilmaydi. Shunga urdim.
– Urganingda xotining ko‘chaga qochdimi yo uyga kirdimi?
– O‘zini darrov uyga urdi, oqsoqol. Nimaydi?!.
– Gap qaytarish xotinlarga tekkan bedavo kasal. Endi xotinni urma, bola. Qaytib qo‘lingni tekkizma, kelin yaxshi xotin bo‘ladi.

NON VA DORI

U har kuni ishga boradi va horib-tolib qaytadi. Avval do‘konga kirib, uzoq saralab non xarid qiladi. So‘ng ko‘chaning narigi tomonidagi dorixonaga kirib, talashib-tortishib dori sotib oladi.
Avval mazza qilib non yeydi, so‘ng huzur qilib dori ichadi.

UCHTA BANAN

U ishdan qaytishda uch nafar farzandiga goh uch dona banan, goh uch dona shokolad xarid qiladi. Ko‘proq banan albatta. Bundan bolalar benihoya xursand bo‘lib, bananni olishlari bilan uyni boshlariga ko‘tarishadi.
– Dadam banan olib keldilar, – deb qiyqirishadi. So‘ng qo‘llaridagi bananlarni po‘stidan ayirib, bir-birlariga maqtanib yeya boshlaydilar.
Bobo bilan buvi bir-birlariga sezdirmasdan qarab, astagina tamshanib qo‘yadilar. Ikkalasi ham beixtiyor “men bolamga, bolam bolasiga”, – degan maqolni eslaydi…

KAPALAK

Shahar har kungidek ulkan g‘ala-g‘ovur og‘ushida. Asabbuzar avtolar ko‘chalarni battar shovqin-suronga to‘ldirib yuborgan. Odamlar na g‘ala-g‘ovurlarga, na shovqinlarga aslo parvo qilmay, shoshgan-shoshgan. Shovqin allaqachon ularning kundalik hayotiga singib ketgan.
Ko‘chalar liq to‘la shovqin. Metrolar tirband. Militsionerning hushtagi, avtolarning chinqirig‘i bir zum tinmaydi. Baqir-chaqirdan odamlarning quloqlari qomatga kelgan. Asabiy, telba-teskari suhbatlar avj pardalarga ko‘tariladi:
– Yo‘l bersangiz-chi, angraymay!
– Muncha hovliqasiz?..
– He, og‘zingizni yuming.
– Siz ham og‘zingizga qarang.
– Og‘izdan oldin ko‘zga qarash kerak, galvars!
– Ko‘rib-ko‘rmaslikka oladi-ya.
– Hozir hamma shunaqa…
– Qulog‘iyam karga o‘xshaydi.
– Faqat meniki emas.
Yana avtolar faryodi. Baqir-chaqir avjida. Shahar shovqinga g‘arq bo‘lgan. Qaysidir ko‘chada vodoprovod quvuri yorilgan shekilli, buldozer hayqirib yer kovlayapti. Yana bir ko‘chada ola-tasir asfalt yotqizilyapti… Tirband ko‘chadan tobut ko‘tarib borishyapti. “Bir tekis ko‘taringlar”, – degan shovqin eshitiladi.
Musiqani vadavang qo‘yib, qiy-chuv qilib ketayotgan to‘y mashinalari tobut ko‘targanlarni quvib o‘tmoqchi…
Yo‘lak chetidagi turfa gullar qiyg‘os ochilib yotgan kichik gulzorda bir beozor kapalak ohista uchib yuribdi. U shovqinga ham, baqir-chaqirga ham parvo qilmay mayin qanot qoqadi. Zavqlanib uchadi. Ana, kapalak bir gulga qo‘nib, uning hididan mast bo‘lib, boshqa guldan zavq olish uchun yana qanot qoqdi. U guldan-gulga qo‘nib, ulardan bo‘sa olayotganga, gullar bilan sirlashayotganga o‘xshaydi… Uning shovqinzor bilan aslo ishi yo‘q…

ONA

Ona bedavo dardga yo‘liqdi. Davoning narxi baland edi…
Onaning besh farzandi bor edi. Ikki o‘g‘il va uch qiz. Ular uyli, joyli bo‘lib, bir-biriga suyanib yashashardi. Chunki ularning ham farzandlari bo‘lib, ro‘zg‘orlarini amallab tebratishardi. Otalari ikki yil burun qazo qilgan edi…
Farzandlar o‘zaro maslahatlashib qo‘llaridan kelgancha onalariga madad bo‘lish, biror-bir yordam berish uchun yig‘ildilar. Ona ularning hol-ahvolini ko‘rib, dardini doston qilmadi. “Do‘xtirlar tashxis qo‘yishda yanglishibdi, – dedi. So‘ng sekin shivirladi: – Men soppa-sog‘man, jonim bolalarim, hech narsani o‘ylamanglar, tashvish chekmanglar”.
Bolalar asta boshlarini ko‘tarib, bir-birlariga “xayriyat” deganday yengil nafas oldilar. Ona ulug‘, bolalar esa hali bola edi.
Ona, sho‘rlik va mehribon ona bir haftadan so‘ng vafot etdi. Dono va oqila ona dardini o‘zi bilan olib ketdi.

Abduqayum YO‘LDOSHЕV

MUHABBAT

U suyuklisining bir lahzalik quvonchi uchun o‘zini qandaydir telbalarcha, ammo bilib-ko‘rib turib, bundan sira afsuslanmasdan, og‘rinmasdan, hattoki buyuk mamnuniyat bilan, ilohiy baxt og‘ushida qurbon qildi: avval borini qo‘shqo‘llab sochdi, yetmay qolganida qarz-qavola ko‘tardi, o‘zini bitib ketgan boyon ko‘rsatdi, ayolni faqat shunday hayotga munosib deb bildi… Bor-budidan ayrilganidan so‘ng esa o‘zi birinchi bo‘lib ketdi. Shunday, kamzulini yelkasiga tashladiyu, uydan chiqdi-ketdi…

AZOB

Istihola yomon narsa bo‘larkan…
– Undan keyin… menga unga aytdimki…
Yerdan ko‘z uzolmay, gaplaringni jimgina tinglab o‘tiribman-u, senga ham, o‘zimga ham achinib ketyapman. Eh, do‘stim, seni toza qiynab qo‘ydim-ku. Agar yolg‘on to‘qishga bu qadar no‘noqligingni bilganimda edi, aldashni boshlagan zahoting: “Bas qilaqol…” derdim va shu bilan o‘zimni ham, seni ham bu azobli xijolatpazlikdan qutqargan bo‘lardim.

O‘TINCH

O‘zini osgan odam shunday vasiyat qoldirgandi:
“O‘layotgan bandaning oxirgi iltimosi bajo bo‘larkan. Shunday ekan, o‘tinaman, yolvoraman, iltijo qilaman: mening o‘rnimga kollejni bitirgan qizimni ishga olinglar…”

IBRAT

Tog‘am juda pishiq-puxta, tejamkor, uddaburon odam. Talabalik yillarim u kishi bilan bir xonada uch oy ijarada turib hech narsaga zoriqmadim, doim qornim to‘q, ustim but bo‘ldi. To‘rtinchi oy boshida esa kitob do‘konini aylana turib, negadir tog‘amning tilida so‘zlab yubordim:
– O‘zi yupqagina kitob ekan-u, narxini qarang…

RAZOLAT

Eri boshqa juvonga ilakishib ketib qolgach, bu ayol qaynona-qaynotasi, qaynog‘a-qayinopalari bilan bir hovlida yashayverdi, ichidan o‘tganini bildirmasdan, ularga astoydil xizmat qilaverdi.
Kunlarning birida xuddi kelishib olishganday uydagilarning hammasi qaygadir jo‘nab qolishdi, faqat ertalab mamnun qiyofada kirib kelishdi. Axiyri tasodifan, gap-so‘zlaridan uydagilar erining yangi xotinidan farzand ko‘rgani sharafiga o‘tkazgan to‘yga borishganini, rosa o‘yinga tushishganini bilib qolgach, jizg‘anagi chiqib ketgan ayol beixtiyor yozg‘irdi:
– Men ularning kalishi ustidan hatlab o‘tmabman! Ular bo‘lsa bemalol mening ustimdan hatlab o‘tib, kundoshimning to‘yiga borishibdi. Kecha ular u yerda raqs tushishgan, bugun bo‘lsa bu yerda. Qani imon?

ONG

Kompyuter… aqlli, o‘ta aqlli: bugun uni to‘rt marotaba o‘zi bilan o‘zini shaxmat o‘ynashga majbur etdim. Natija har gal durang bo‘laverdi. Menga qarshi o‘ynayotganida esa, durang taklif qilgandim, ko‘nmadi, ayyor…

BAHO

Tanqidchi:
– Asaringiz lotin tilida yozilganmi deyman?
Muallif hayajonlanib ketdi:
– Nega… nega bunday deyapsiz?
– O‘lik til ekan…

ANGLASH

San’atni tushunish ham har xil bo‘larkan.
…Xonadon sohibi o‘z bolasining o‘yinchog‘iga qadar sotib ichgan oila haqida film ko‘rayotgandik. Koloniyaga, tarbiyasi og‘ir bolalar orasiga tushib qolgan ukasini ko‘rishga kelgan 15-16 yoshlardagi nimjongina qizning ko‘lda cho‘milish manzarasini ko‘rsatishdi. Ukasiga bir dona olma va bir pachka pechenye olib kelgan qiz suvga qip-yalang‘och holida tushdi.
– Tomoshabinning ehtirosini qitiqlashni qaranglar-a, – istehzo bilan kuldi ko‘pchilik tomonidan san’at bilimdoni deya e’tirof etilgan tanishimiz. – Shuni, hali yetilib ulgurmagan qizni suvga siynabandsiz tushirishipti. Qiziq, “dubl”lar miqdori ikki xonali sonni tashkil etdimikin yo undan ham oshib ketdimikin?..
Hammamiz uning nozik ma’noli qochirimiga tushunganimizni bildirish uchun iljayib qo‘yishga shoshildik.
To‘satdan boshqa tanishimiz (u o‘zimiz qatori oddiy muhandislardan edi, kino san’atini uncha tushunmasligini ochiqdan-ochiq tan olar, ayniqsa haligi bilimdon tanishimiz bulbuligo‘yo bo‘lib sayragan mahallari uning so‘zlarini hayratlanib tinglab, mum tishlab o‘tirardi) o‘rnidan irg‘ib turasola qahr bilan o‘shqirdi:
– Uyalmaysizlarmi?! Qiz bechora o‘sha narsani olishga pulni qayerdan topsin? Otasining ahvoli bu bo‘lsa…
Boshqalarni bilmadim-u, ammo o‘zim o‘tirgan o‘rnimda bir qarich cho‘kkandek bo‘ldim…

Nuriddin EGAMOV

O‘G‘IL

To‘y bazmi. Davraga yoshi ulug‘roq bir kishi va mo‘ylovli yigit qo‘shildi. Kosagul “kechikkanlarga shtrafnoy” deb, ikkalasiga aroq uzatdi. Yigit shoshilganicha aroqni sipqorib yuborib, gazakka tarmashdi. Yoshi ulug‘ kishi bir unga, bir qo‘lidagi limmo-lim piyolaga qarab, o‘ylanib qoldi. So‘ng ichmoqqa tutindi.
– Ie, to‘xtang, to‘xtang, − dedi “mo‘ylov” uning qo‘llariga yopishib, Unaqamas-da endi, sizam ichsangiz, moshinni kim haydab ketadi, dada?!

VIJDON

– Hech o‘rgana olmayapman-da, ustoz, − dedi yosh domla keksa allomaga. – Ko‘zimga javdirab qarab tursa, buning ustiga “kontrakt”da o‘qisa… Qanday olaman?
– Senga nima xalaqit beryapti?
– Vijdon qiynalyapti…
– Hechqisi yo‘q, − dedi keksa domla. – Mendayam boshida shunday bo‘lgan. Vijdon deganlari avval qiynaladi… yomon qiynaladi… jon azobida o‘zini u yoqdan-bu yoqqa uradi… Oxiri… o‘ladi bechora. Ana undan so‘ng mazza qilib yashaysiz, shogird…

YO‘QLOV

Momo xamirli qo‘llarini artib, nabirasi keltirgan tugunni yechdi. Issiqqina patir ustida qip-qizil bo‘lib pishgan somsalar…
Ichida narigi qishloqda yashaydigan qizini koyib qo‘ydi: “Men och qolayotuvmidim?! Sakkizta bolasining og‘zidan yulib, menga ilinadi-ya… Har kuni shu ahvol. Hali to‘rttagina manti, hali yupqa…Uyi yaqin bo‘lsa ekan. Kenjatoyini besh chaqirimdan har kuni yugurtiradi. Hah, omon bo‘lgur-a…”
Ikkinchi tugunchani yechdi. Bu bir devor qo‘shni turadigan bizneschi qizidan edi.
Tavba! Qayoqdan kun chiqdi? Bu nima qilgani? E-ha, non yopibdi-da…
Kecha non so‘rab chiquvdi. Elakday keladigan nonning yarmini sindirib oluvdi. Ko‘p olsa, qotib qolarmish. O‘zicha… qarzini qaytaribdi-da… Omon bo‘lgur…
Momo kichkinagina kulchaga termilib qoldi…

Alloma HAKIMOVA

MЕHMON

– Bir kuni qaytishingizni bilardim!
Ayolning siniq tabassumini o‘zgacha tushundi u:
– Kutganing uchun rahmat senga… sevgilim! – oxirgi so‘zni biroz o‘ylanib va qiynalib aytdi u!
– Kim ekan, azizam?! – ichkaridan quvnoq ovoz eshitildi.
– Tilanchi, – javob berdi siniq tabassumli ayol.

NOTANISH QIZ

U bu qizni tanimasdi. Shunchaki tabassumi yoqardi uning. Har kuni erta tongda shohbekat tomon yurarkan, bu go‘zal tabassum sohibasiga bir nigoh tashlamay o‘tmasdi. Kunlari farahbash edi. Qaytayotganida ham o‘ziga qadrdon oynani uzoqdan mo‘ljalga olardi. Yana fusunkor tabassum… Qanchalar baxt!
Bir kuni va, nihoyat, u qat’iylashdi. Muyulishdan gul sotib oldi-da, o‘sha qadrdon deraza tomon dadil yurdi. O‘sha go‘zal tabassum. Gullarni uzatar ekan….
– Uzr, qizim tug‘ma nogiron, – yosh to‘la ko‘zlari bilan tabassum qildi ona. – Uning qo‘llari yo‘q.
Gullarni mushtiparga tutqazsa bo‘lardi, qimmatga olgani miyasida yarq etdi.

O‘XSHASHLIK

Bobo xursand! Tishlari yo‘q og‘zi bilan bir kulgu. U qo‘lidagini qattiq siqqancha ildam yurib borardi. Oz qoldi yetishiga. Ammo har safar uzoqdan kutib oladigan nabirasi negadir ko‘rinmasdi. “Hah, zumrasha, o‘yin bilan andarmon, shekilli! Xuddi o‘zim, omon bo‘lgur”.
Ostonadan xatlarkan, kelinining yetti mahallaga eshitiladigan ovozidan to‘xtab qoldi:
– Bobongga o‘xshamay o‘l, ivirsiq!

Aziz NUR

BUVI

Televizorda chiqqan nevarasiga qarab, “Hah, o‘zimning bulbulovoz bolajonim-a, qo‘shig‘ing o‘ynatadi-ya” deb o‘ynayverdi momo! Atrofdagilar na “Bu intervyu beryapti” deyishdi, na “Sizning qulog‘ingiz uch yildan beri eshitmaydi-ku” deyishdi. Momo qo‘llarini ko‘tarib-ko‘tarib o‘ynayverdi.

QADOQ QO‘LLAR

U ko‘chada so‘rashish uchun qo‘l cho‘zgan go‘rkovning qadoq qo‘llariga qarab, bosh irg‘agancha o‘tib ketdi. Biroz vaqtdan so‘ng firmasi yong‘in ichida qolganini eshitib yuragini bir changalladi-yu, qaytib o‘rnidan turmadi… Peshin payti o‘sha qadoq qo‘llar uning yangi “uyi” uchun ketmon urdi.

“HOTAMTOY”

“Har yili biznesimdan tushgan foydaning ma’lum bir qismini mehribonlik uylariga, kam ta’minlangan oilalarga xayriya qilaman! Men uchun odamiylik, mehr-oqibat tushunchalari har qanday narsadan afzal!”
U shunday deb intervyu berdi-yu, qabulxonada ikki soatdan beri betob farzandini quchoqlab, ilinj bilan madad kutib o‘tirgan ayolga vaqti yo‘qligini aytib chiqib ketdi.

SUHBAT

– Men katta bo‘lsam shifokor bo‘larkanman. Oyim bilan dadam doim shunaqa deyishadi. Sen katta bo‘lsang kim bo‘lasan?
– Menmi? Men yaxshi oyi bo‘laman!
– Yaxshi oyi qanaqa bo‘ladi?
– Yaxshi oyi… qo‘g‘irchoqlarimga kiyim tikaman deb pardani qirqqanimda urmaydigan, ertak o‘qib bering deganimda, har kuni “dadangga bor, men ertaga o‘qib beraman” demaydigan, devorga rasm chizganda “Qo‘lginang sinib ketsin” demaydigan bo‘ladi…

QO‘SHNI QIZ

Bolaligimda mahalladosh do‘stim bilan qog‘ozdan samolyot yasab uchirardik! Samolyotim baland uchgani bois qo‘shni qiz doim men bilan o‘ynardi.
Yillar o‘tdi, ulg‘aydik. Hozir men dehqon, do‘stim uchuvchi. Har kuni dunyoning turli tomonlariga balandlardan uchadi. Qo‘shni qiz xozir u bilan birga.

SЕVGI

Har payshanba yotoqxonada ovqat qilish uning navbati. Mana yana payshanba! Bir nimalarni xirgoyi qilgancha sabzi archadi, guruch tozalaydi. Ich-ichidan baxt ovozi taralayotganday go‘yo. Shu ohangga raqs tushib osh dimlaydi.
− Qizla-a-ar, sevimli domlajonlarimiz sharofati bilan bo‘layotgan go‘shtsiz oshimiz dimlandi, deb qiyqirgancha xonasiga uchadi…
Bir vaqt… oshxonada to‘polon.
“Iloyim kim olgan bo‘lsa, Meliqo‘ziyev domlaga ro‘baro‘ bo‘lsin”.
“Anovi Dilshod yurgandi boya…”

Oshsiz qolgan qizlarning fig‘oni falakda. Faqat u xursand. Ugina quvonchdan ichiga sig‘maydi. Biladi-da, hxozir 7-xonadagi Alibek bu oshni yeyayotganini. Xonasiga kirgancha kutadi. Doimgiday, ichida “Qo‘lingiz onamning qo‘llariday shirin” degan yozuvi bor qozonni oshxonaga qo‘yib ketishlarini intizor kutadi.

07

(Tashriflar: umumiy 15 178, bugungi 3)

3 izoh

Izoh qoldiring