…Ва ниҳоят, кийикнинг юрагиям даво бўлолмагач, қиз дедики, мени фақат она юрагигина бу дарддан халос айлар, севсанг, бир чорасини топ…
Санжар ТУРСУНОВ
УЧ ҲИКОЯ
Санжар Турсунов 1986 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Давлат саньат ва маданият институтининг журналистика бўлимини битирган. Айни пайтда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида хизмат қилмоқда. «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифасида унинг бир неча ҳикоялари тақдим этилган.
ЎПИЧ
Сизни билмадиму мен ҳали-ҳамон музда сирпанишни яхши кўраман.
Шу, қорда сирпанавериб тишимни шамоллатиб қўйибман.
Ана оғриғу мана азоб.
Тонг отар отмас дўхтирга югурдим. Ҳали одам зоти келмаган экан. Кутиб ўтирибман. Ниҳоят узун-қисқа бўлиб келишди. Муддаомни эшитиб, кутиб туринг, ҳозир шифокор келади, дейишди. Кутяпман. Деразаси дарвозага қараган хонага кириб ўтирдим. Ҳовлида етти-саккиз ёшлардаги болакай қорга ағанаб ўйнар, ундан сал нарида бир қизча қиқирлаб куларди. Бола қизчани қувар, қиз бўлса қочарди.
– Ҳой, тўхта, мактабингга кеч қоласан, – деган овоз эшитилди. Қарасам, синфдошим – Гўзал. Нега келганимниям унутиб, кўчага отилдим. Остонада кимдир тутиб қолди:
– Шифокор келди…
* * *
Боғимизнинг адоғида жар, унинг тубида булоқ бўларди. Қўшниларимизнинг ўғил-қизлари тўпланганида, йигирма чоғли бўлардик. Тўртта бола тўпланса – тўполон. Ана энди, эртадан кечгача шовқину суронни кўринг. Лекин, бизнинг ўзимизга хос бир ўйинимиз бор эди-да: Булоқдан кафтда сув олиб қизларга сепасиз. Кичкина кафтчамизга қанча сув сиғади: нари борса бир қултум. Шу бир ютум сув пастликдан тепаликка чиққунча тўкилиб, фақат нами қолади. Қўлимизда қолган нам билан қизларга интилардик. Улар бўлса, боғни шовқинга тўлдириб қочишарди. Қани, етишнинг иложи бўлса. Қизлар тутқич бермас, биз қува-қува, жаҳл қилиб, аразлардик. Шунда қизлар, ҳазиллашганини айтиб биздан узр сўрар, ялинар, булоқдан сув ичгилари келаётганини айтишарди. Биз ширин гапдан эриб, яна булоққа чопардик. Қизлар эса… яна қочарди. Яна араз, яна узр, яна булоққа тушишу ва яна қочишлар. Чарчаб ҳолдан тойсак-да, барибир, ҳеч бўлмаса биттамиз, битта қизга сув ичиролсайдик, деб уринардик. Аммо бунинг сира-сира иложи бўлмасди. Кеч тушгач, қизларнинг ўзи булоқдан сув ичиб, устимиздан кула-кула кетишарди.
Бир куни ўзимизча кенгаш қилдик. Булоққа ҳаммамиз тушамиз, лекин сув олиб қайтгач, битта қизни қувамиз. Фақат биттасини ушласак бўлди!
– Ҳа, қаҳрамончалар, кўрамиз, қани бугун енгасизларми? – деганча қизлар қийқиришиб боққа кириб келишди. Дарахтдаги қушлар пир этиб осмонга кўтарилиб, тепадан “қани нима бўларкан”, деган ўйда бошимиз узра учиб бизларни кузатишарди. Ҳа, боғни ёш болаларнинг шовқини босиб кетди. Онам:
– Бунча шовқин қилмасанглар, зумрашалар, – деб енгилгина койиб қўйдилар.
– Ҳазир бўлинглар, бу жар ёмон, яна бир-иккитанг оқ каптарга айланма, – деди уйимизга келаётган, “қарғиш момо”, деб лақаб олган Санам кампир.
– Момо, бир дуо қилинг, болалар бугунам бизга сув ичира олмасин, – деди Гўзал деган исми жисмига монанд, қизларнинг ичида энг чиройлиси. Ва момодан балога қолди:
– Ҳа, ергина еткур. Мунчоғдай кўзларингни қарғалар чўқисин, бурро тилларингни мушуклар есин, тўхта, қочма, кийикникидек чопқир оёғингни Нусрат чўлоқнинг ити чайнасин, – деб момо қизларни олдига солиб қувди.
Қизларнинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди. Момонинг қўлига тушмаслик учун ура қочишди. Уларнинг бу ҳолатини кўриб кўкдаги қушлар ҳам, чийиллаб “кулиб” қўйишди. Бизлар бўлса, рақибларимизни қувган момодан хурсанд бўлиб, Ориф деган ўртоғимиз:
– Ҳа, ўзимнинг қарғиш момомдан айланай, – деб юборди.
Ана энди томошани кўринг. Момо югуриб кетаётган жойидан ёнга бурилдию бизни қувиб солди. Ҳаммамиз жондордан қочгандек, булоққа чопдик. Момо жар бошига келди-да, бир-иккита кесак отди.
– Шу ердан қарғаларнинг оёғига илашиб чиқинглар, – деб кўздан пана бўлди. Биз бир оз турдик. Секин-аста қизларнинг аввал сочи, кейин юзи, гавдаси кўринди. Улар бизга қараб қичқиришди:
– Келмайсанларми?
– Қандай тушиб кетдинглар?
– Биз момо билан ярашиб олдик…
Ҳа, момонинг ғалати феъли бор эди. Унинг меҳри ҳам, қаҳри ҳам шундоқ тилининг учида турарди. Беш сония олдин қарғаган одамини кўриб қолса, ҳар гўштингни егур, қалайсан, деб бағрига босар, ҳатто ўпиб қўярди. Гўштингни егур дегани, унинг яхши кўргани эди. Момо қанча қарғамасин, барибир одамлар уни яхши кўришарди.
Биз булоқдан сув олиб тепага чиққанимизда қизлар тилларини кўрсатиб бизни эрмак қиларди. Барчамиз Гўзални қувдик.
У қочди. Бизлар уни ҳар томондан ўраб олдик. Оқибатда ерга йиқитиб, оғзига сув солдик. У аламидан йиғлаб юборди:
– Йўқолларинг, йўқол…
Болалар бир-бир шартини айта бошлади:
– Уйга вазифамни кўчириб берасан.
– Менинг этигимни ювасан.
– Рус тили домламизникидек, менга ҳам кўрпача тикиб берасан.
Ҳаммаси ўз шартини айтди. Мен бўлсам:
– Битта ўпич берасан, – дедим. Кеча битта кино кўргандим, жуда ҳавасим келувди. Менинг бу гапимни эшитиб боғдаги бор шовқин тинди. Ҳамма анграйиб қолгандай бўлди.
Ниҳоят бир қиз тилга кирди:
– Гўзал, момони бекорга хафа қилдинг-да…
Қизлар унинг гапини маъқуллаб чулдираша бошлади. Қарасак, Гўзал шу баҳона билан қутулмоқчи.
– Момонинг қарғиши урганда, бизларни жардан қарғалар оёғига кўтариб чиқишарди. Бунақаси кетмайди. Енгилдингларми – бажаринглар.
– Ахир сизлар ғирромлик қилдинглар. Ҳаммаларинг Гўзалга ташландинглар-ку, – деди яна ўша қиз.
– Қўлларингдан келса, сенлар ҳам уни ҳимоя қилгин эди-да.
– Ғирромчилар, ғирромчилар! – деб қизлар тарқала бошлади. Бизлар уларни тўхтатишга қанча ҳаракат қилмайлик, кетишга чоғланишди. Боғимиздан чиқиш жойида Гўзал тўхтади-да;
– Мен ҳамма шартларингга розиман. Уйга вазифаниям бажараман, этигингниям ювиб бераман, кўрпачаям тикаман, фақат сен.. – қўлини менга бигиз қилиб, – сени, сени кўргани кўзим йўқ! – деб югуриб чиқиб кетди.
* * *
Орадан бир ойлар ўтиб барча ўртоқларим ниятига етишди. Гўзал уларнинг шартини бажарган, бари хурсанд эди. Мен гоҳида айтган гапимдан уялар, қалбим қийналар, бекор айтдим, менам болалар қатори этигимни ювиб бер, ёки мактабни тугатгунча математикадан масалани ечиб берасан, десам бўларди-ку. Бир ўпичмиш. Шуям шарт бўлдию. Хуллас, Гўзал синфимизда ҳамма билан очилиб-сочилиб гаплашади, ўйнаб-кулишади, менга келганда, чиройли қошини учириш билан кифояланади.
Ўшанда қиш эди. Биринчи қор ёғиб турганди. Қорхат ёздик. Ҳа, яна Гўзалга. Яна ўша шартлар. Ҳамма ўзига нима ёқишини, нима исташаётганини ёзишди. Навбат менга келганда:
– Бўлади энди, шунчасига улгурсаям, – деди бир ўртоғим.
– Мен-чи? – дедим йиғламоқдан бери бўлиб.
– Яна ўпич сўрайсанми?
– Нима қипти?
– Сен болани эсинг жойидами? Бу нима деганинг?
Ручкани қўлидан тортиб олдим-да, катта-катта ҳарфлар билан “Жасур – ўпич”, деб ёздим. Ориф анграйиб қараб турди-да, хатни буклай бошлади. Хат топширишни Бахтиёр деган синфдошим зиммасига олди. Катта танаффусда Гўзал хатни ўқиди. Қорхат шартини биласиз: шунақа. Гўзал бизни қувди. Болалар ҳар томонга қочишди. Мен бўлсам, индамай қаққайиб туравердим. У мени кўриб бир оз қараб турди-да, ортга бурилди. Юрагимдан бир нима узилгандек, бутун вужудим карахт бўлиб, фақат юрагимнинг уришини эшитардим, холос. У мен томон юра бошлади. Болалар қоч, деб ҳайқиришарди. Мен қочишни хаёлимга ҳам келтирмадим. У етиб келди. Бир оз тикилиб турди-да, юзимга шапалоқ туширди. Ва биз, тўғрироғи, мен ютқаздим…
Йиғлаб юборибман…
* * *
Тоғ билан тоғ учрашмаслиги мумкин, лекин одам билан одам учрашади. Дўхтир тишимни олгач, гандираклаб кўчага чиқдим. Дарвоза олдида Гўзал ҳалиги боланинг кийимини қордан тозалар, бола бўлса пиқиллаб йиғларди.
– Ҳа полвон, сенга нима бўлди, ўғил болаям йиғлайдими? Ким урди сени?… – дедим дўриллаб. Гўзал чўчиб, мен билан саломлашишни-да билмай эсанкираб қолди.
Бола кўрсаткич бармоғини бояги қизчага тўғирлаб:
– Анави, бетидан ўпмоқчи эдим, битта урди. Аямга айтсам, сен олдин қизлар урганда йиғламасликни ўрган, деяптилар…
Мен… бир оғиз-да гапиролмадим…
Гўзал бўлса, рўмолининг учини ўйнар, менга ниманидир айтмоқчи бўлар, лекин айтмасди, айтолмасди.
Бўлган гап шу.
Сизга қандай билмадиму, мен ҳалиям музга сирпанишни, булоқдан сув ичишни ва кичкина кафтдан еганим тарсагини унутолмайман…
ЭСКИРМАГАН РИВОЯТ
…Ва ниҳоят, кийикнинг юрагиям даво бўлолмагач, қиз дедики, мени фақат она юрагигина бу дарддан халос айлар, севсанг, бир чорасини топ…
…Йигит юракни олиб қайтаётганда, йўлда қоқилиб кетди, худди шу чоғ юракка тил-забон битиб: “Болам, ҳеч жойинг оғримадими”, дегач, ана шундаям суюкли ўғил тушуниб етмади ва маъшуқаси томон одимлади…
Гарчи бу ривоятни минг маротаба эшитган эсак-да, гоҳи момоларимиз, гоҳи ёши каттароқ бирор киши, гоҳ тўйларда ўртакашлик қилгувчи, юзи қизариб, кўзидан тинимсиз ёш қуйилувчи Анвардан тингласак-да, барибир кўзимиз ёшланди. Онаси борлар маҳзун бўлиб қолишди, йўқлар эса овозининг борича йиғлаб юборишди…
Муаллим бир оз жимиб турди ва сўнг:
– Энди Ҳикматларнинг уйига борамиз, – деди.
Ҳикмат синфдошимиз. Уч кундан буён дарсга келгани йўқ. Онаси ўлиб қолган. Муаллимнинг айтишича, Ҳикматни ёлғиз қўймаслигимиз керак экан. У кенжа бола-да, қийналиб қолади, шунинг учун ҳаммаларинг унга яхши гапиринглар, хушмуомала бўлинглар, ҳеч қачон хафа қилманглар, – деди дона-дона қилиб ҳар биримизга диққат билан тикиларкан.
Бизлар келишиб олдик: уришмаймиз, хафа қилмаймиз, керак бўлса, ҳамма яхши нарсаларни: туршак, олма, шаколод, ҳамма-ҳаммасини Ҳикматга берамиз, деди Ширин. Ширин… Бизнинг тушунимизча, мактабда, йўқ қишлоғимизда, йўғ-е, бутун дунёда ундан чиройли қиз йўқ. Директорнинг қизи. Ёлғизгина. Ўзимизча шу қизни яхши кўрамиз. Ўн бир ёшли болалар севиб қолган. Ширинми? Ҳар балони билади, шунинг учунми, барчамизга бош-қош: не деса итоат этамиз.
Ҳикматларнинг уйларига борганимизда биздан уч синф юқори ўқийдиган опаси йиғлаб қолди:
– Онасиз қолган укам…
Бизни ташлаб кетган онам-ов…
– Вой Ҳикматнинг онажониси, – деб бизлар ҳам жўр бўлдик.
Орадан бир мунча вақт ўтиб Ҳикмат мактабга чиқди ва… бизнинг ҳурмат-эътиборимизда, не топсак, тап тортмай ейдиган хўрандага айланди-қолди.
* * *
Ҳикматнинг онаси ўлгач, у ростданам инжиқ эркатойга айланган кунларининг бирида мен билан уйимизга келди. Тўғрироғи, ўзим ҳоли-жонига қўймадим: юр, отам янги копток олиб келган, онам кулча қилиб беради, акамнинг ботинкасининг товонида ўзи ёнадиган чироқ бор, агар хўп десанг кўрсатаман, кейин момом ҳеч кимга бермайдиган калитини олиб, сандиғини очамиз-да, бобомнинг карнайини чаламиз, дегандим ва яна минглаб нарсаларни ваъда қилиб уни уйга бошлаб келгандим. Ростини айтсам, ўшанда синфдошларимдан кўра, унга кўпроқ меҳрибон эканлигимни, чин дўстинг ўзимман, сени оиламиздагилар ҳам яхши кўришади, мени ўзингга энг яқин дўст деб билсанг, асло янглишмайсан ва шунга ўхшаш бир қанча гапларни унга уқтирмоқчи, энг муҳими, Ширинга ўзимни кўрсатмоқчи бўлгандим.
У остона ҳатламасданоқ онамнинг бизларга кўзи тушди:
– Вой, Ҳикматжон, ўзингмисан? Яхши юрибсанми? Опа-акаларинг тинчми?
Онам то бизга етиб келгунча бир қанча сўзларни қалаштириб, уни бағрига босди, юзи кўзидан ўпиб, киши билмас қилиб ўзининг кўз ёшини рўмолига артди-да, бизни уйга бошлади:
– Сизлар кираверинглар, мен ҳозир кулча олиб бораман…
Ўша кун Ҳикматга нима ваъда қилган бўлсам ҳаммасини бажариб, уни уйигача кузатиб, дарвозамиздан кирганимда, аввало акамдан калтак едим.
– Патинкамни нима қилдинг, чироғи синиб қопти-ку…
– Сенга ҳеч нарса опкелмайман, коптокни дабдаласини чиқарибсан, ана, бор каллангга қалпоқ қилиб кийиб юр, – деди отам ва онамга қараб, – бунинг одам бўлмайди – деб қўшиб қўйди.
– Бобонг гўрида тикка туради, карнайини бузиб қўйибсан-ку, мен буни ақлли бола бўпти, оёғингизни уқалайман, деганида рози бўп, ухлаб қопман, бунинг мени кўзимни шамғалат қилиб, калитни олиб карнайни чалипти, – деганча момо мени олдига солиб қувди. Қочиб онамнинг бағрига беркинмоқчи бўлдим, момом жаҳд билан келдию онамнинг важоҳатини кўрибми ё ростдан мени ургиси келмадими, ҳар қалай жойида тўхтади-да: – Бисот эди-да, болам… – деди.
Отам ўрнидан туриб қулоғимнинг остига бир шапалоқ туширди. Мен бўлсам йиғига зўр бердим, оёғимни ерга уриб, онамнинг кўйлагининг этагини тортиб йиғлайвердим… ва онам ҳам менга қўшилиб йиғлагач, худди муддаоси ҳосил бўлиб, муродига етган ботирдай жим бўлиб ухлаб қолдим…
Эртаси эмас, индиниям эмас, уч-тўрт кун, ҳафта ўтиб ҳам эмас, нақд олти йил ўтгач илк бор шуни тушундимки, Ҳикмат ҳар сафар уйимизга келганда менга нимадир бўлар, ё отамдан ё акамдан калтак ейдиган, онамнинг ҳам менга меҳри камайгандек ва энди мен билан бирга йиғламайдиган бўлиб қолган экан. Йиғлаб-йиғлаб оғзим оғриб ухлаб қоладиган, Ҳикмат бўлса, таклиф қилмасам ҳам келиб, худди бу уйда илгари яшагану сўнг қаёққадир саёҳатга кетгану, вақт ўтиб қайтиб келган кишидай бемалол, сумкасини тўғри келган томонга улоқтириб, патинкасиниям ечмай, супириб-сидирилган хонага кириб онам билан кўришадиган одат чиқарган экан.
Ширин кулчаларни қаймоққа ботириб ер экан, оғзининг четига ёпишган қатиқниям артмас, қорни тўйгач онамнинг ўзи артиб қўяр, у бўлса, тозалаб артилдими, дегандек онамнинг кўзига тикилар, ана шунда онам уни бағрига босар ва худди ўз жигаридай кийимларини ювар, дазмоллар, ҳатто эртаклар айтиб берганиниям кейин англаб етдим.
Мен лаҳза сайин менинг ўрнимни шафқатсизларча эгаллаб оладиган, мен ейишим керак бўлган кулчалар, қаймоқларни паққос туширадиган, бир бор чалиб балога қолганим ўша карнайниям истаганча чаладиган, отамдан янги копток ундирган, акам, ҳе, нима бўпти, истаганингча ўйна, деб патинкасини иъном қилган, онам бўлса унинг кўзи қошига қараб тўймайдиган, мени ўз уйимга бегона қилаётган мана шу Ҳикматга қарши бир оғиз гапира олмай, бор аламу ғазабимни оғил кураётганда сигирдан – лапатка билан белига солиб, ўтин ёраётганда болтадан – тошга қаттиқ-қаттиқ уриб – олган эканман. Йиғлай десам, яшириб нима қилдим, анча вақтдан бери йиғламай қўйганим, ич-ичимни бир нидо куйдиради, лекин айтолмай, айтишга қўрқиб, лекин, қачонлардир чиқиб кетишини билиб ва шунда бутун осмону тоғ, ер юзи остин-устин бўлиб кетишиниям билмаганман ўшанда. Лекин ўша кунни жудаям узоқ бўлишини чин дилдан истаганим рост.
Бир вақтлар синфдошларим менинг Ҳикматга энг яқин дўст эканлигимни кўрсатиш ниятида бошлаб келганим бугун бошимга тўқмоқ бўлиб тушаётганди.
Дарвоқе синфдошлар…
Улар… рости, Ҳикматнинг онаси ўлганини аллақачон унутиб юбораёзган, қандайдир туғилган кунми, байрамми бўлмаса, ҳеч ким эсламай қўйгани, фақат Шириннинг Ҳикматга соатлаб тикилиб туриши, буни бир маротаба эмас, кўп кузатганим, ва Ширин Ҳикматга тикилиб-тикилиб беихтиёрми, ихтиёрийми менга қарагани, шунда менинг ҳам ўзига тикилиб турганимни кўриб, кўзларини яширмоқчи бўлганини энди-энди англаяпман.
Ўшанда, Ҳикматнинг уйимизга келиши бошимга бало бўлса, унга, энди келма, деб йўлини тўсишим Шириннинг назаридан қолаётгандай бўлиб туюларди менга. Ана, ҳа, демак Шириннинг менга тикилиши, кўз уриштириб қолиши, борингки, жамиси худди мен Ҳикматга бағир очганиму бундан Шириннинг хурсандлиги, ҳа, ҳам шундай, балки, ачинаётгани бўлса-чи? Ўз онанингни бағрини шу болага бўшатиб бераяпсан, у бўлса истаганча меҳр кўраётир, сен ейишинг керак бўлган қаймоқ, сен эшитишинг керак бўлган энг ширин гапларни у эшитаяпти, сен нега бунга йўл қўяяпсан, ахир ўз онангни бағрини кимгадир бўшатиб бераяпсан-ку. Менинг бу тикилишимни, маҳзун қарашимни севги деб ўйладинг чоғи, мен сенга ачинганимдан шундай қилаяпман. Ахир билиб, кўриб турибман-ку, майли, ўзинг айт, қачон, ҳўв, тўртинчи синфдалигимизда олиб келаётган кулчаларинг йўқ. Ҳикматда бўлса бор, – иккита. Биттасини ўзи ейди, биттасини менга беради. Сен нега олиб келмайсан? Ана кўрдингми, у онангни кулчасиниям тортиб олмоқда.
Фаҳмимча, Шириннинг нигоҳлари ўша пайтлар менга шу сўзларни айтмоқчи бўлаётгандай, мени огоҳлантирмоқчидай бўлиб туюлмоқда. Чунки…
Бир сафар, ўшанда саккизинчи синфда ўқирдик. Қор қалин ёққан, дарахтлар кекса кишидай эгилган, – агар кичкина қуш қўнса, бор қори ерга тўкилиб, худди узоқ бетоб бўлиб, кутилмаганда даво топган бемордай – қоматини тик тутар эди. Ўша чоғ мактабдан уйга қайтаётгандик: бир маҳал Ширин биздан анча олдинга чопиб ўтди-да, қўлидаги чўпи билан қорга нимадир деб ёзди. Мен, Ҳикмат иккимиз етиб борганимизда Ширин ўша ёзувга тикилиб турар, бизнинг қайси биримиз бу ишни бажаришимизни, чамалар, ҳатто нозик бармоқлари қалтираб турар эди. Оппоқ қорда “Мени ўпсанг-чи”, деган ёзув турар, биз иккимиз-да жойимизда қотиб қолганмиз, не дейишни-да, кетиш ё ўпишни-да билмаймиз. “Ахир, Ҳикматнинг онаси йўқ… Демак”… Мен уйимизга қараб югурдим. Анча жойга чопиб боргач ортимга қарасам, Ширин йўқ, Ҳикмат бошини эгиб турибди.
Товонимнинг пастигача музлаб кетдим. Наҳотки Ширинни ўпган…
Кейин… ошкор этилган сирдан сўнг нима бўлиши мукин бўлса, барчаси бўлди. Ширин талошда қолди. Фарқимиз мен – пинҳона, Ҳикмат – ошкора. Уйимизда ҳар кун шу гурунг: Ҳикмат яхши йигит, иккиси бир-бирига узукка кўз қўйгандек, тезроқ мактабни тугата қолсайди, катта тўйлар қилардик, дейишарди. Менинг тумшайиб олганимни кўргач, нега юзинингни буриштирасан, ахир у сенинг дўстинг-ку, хурсанд бўлмайсанми, одам одамга яхшилик қилиши керак, болам, дерди онам.
О, содда онама-а!
Ўғлингни кўнглига бир марта боқ. Ўша сағир болани минг марта бағрингга босганча, лоақал ўғлингга бир назар сол. Унга коса-коса қаймоқлар тутасан, ширин-ширин кулчалар илинасан, ҳатто, мактабнинг, йўқ, қишлоқнинг, йўғ-е, бутун дунёнинг энг чиройли қизиниям унга раво кўраяпсан, бироқ, тўққиз ой қорнингда кўтариб юрган боланг, кўкрагингни тўйгунча эмган фарзандинг, сочларингни тортиб, мунчоғларингни ўйнаган зурриётинг, бир чеккада, худди онаси ўлиб, уюрда ёлғизланиб қолган тойдек, ўнқир-чўнқир ерларда ўтлаб юрганини наҳотки тушунмасанг. Ахир сен буюк хилқатсан, Худойим неки берса, барини юрагингга жойлаган, сен онасан, фарзанд учун ёнасан, дея феълингни кенг яратган-ку. Ахир кенглик, ўз болангни унутиб қўйиш дегани эмас-ку, эй она.
* * *
Тут пишиғи эди.
Мактабни тамомладик.
Ўқишга кетадиганлар кетишди, қоладиганлар уйланишга бел боғлашди.
Мен ҳам кетаётганлар сафида эдим, бироқ онам бир йил сабр қил, бу йил Ҳикмат уйлансин, кейин, дедилар…
Ўша кеча Ҳикмат келди. Отам, онам, у узоқ гаплашишди.
Эртасига эмас, индинияммас, роппа роса уч кундан сўнг Ҳикмат яна келди. Мен ҳовлида, эшакка тўқим ясаётгандим.
– Эшак ташвишими? – дея мен билан кўришмай уйга кириб кетди.
Ичкаридан ғўнғир-ғўнғир овоз эшитилиб турарди. Бўлмади. Сабрим чидамади, турдим ва деразанинг пастига бориб қулоқ осдим.
– Билардим, раҳмат, холажан. Акам, отам борсаям менга бермаслигини билардим. Амакимнинг обрўйи баланд, сизларнинг юзингиздан ўтолмаслигини мен аввалданоқ билардим. Раҳмат сизларга, мендаям қолиб кетмас, сиз энг яхши онасиз… Сиз…
Онам йиғлаб юборди.
Шунда… сакраб уйга кирдим ва ҳўв, қачонлардир, бўғзимни куйдирган, лекин мен уни бир умр айтишни истамаган, Худодан менга сабр бер, шу калом тилимдан чиқиб кетмасин, деб қўрқиб келаётган сўзим оғзимдан чиқиб кетди:
– Ҳикматнинг эмас, мени онам ўлиб кетган экан…
Онам менга тикилиб қолди.
Ҳикмат бўлса… беўхшов кулди… Мен Ҳикматга ташландим. Бошига, юзига бир-икки мушт туширдим. Шу чоғ, билмадим, Ҳикматнинг мушти онамнинг юзига гурсиллаб тегиб кетди-ю… Онам ҳолсиз ерга чўккалади. Мен онамнинг бошига эгилдим, бироқ Ҳикмат қочиб қолди… ҳа, қочиб кетди у…
* * *
Ўшанда онамнинг бошига қаттиқ урган экан – ҳушини йўқотди. Зудлик билан шаҳар касалхонасига олиб кетишди. Бир неча кундан сўнг кўзини очиб:
– Ҳикматга нима бўлди, Мардоннинг жаҳли тез, бир бало қилиб қўймадими? – деган экан.
Шундан сўнг Ҳикмат уйимизга қадам босмади.
Унинг тўйидан ҳам уйимиздан ҳеч ким бормади.
Икки ой даволаниб чиққан онам бир куни синглимга қараб:
– Қизим, Мардон акангга она бўлмадим, буни ҳўв ўшанда, Ҳикматни бошлаб келган биринчи кундаёқ билгандим, ўшанда биринчи Ҳикматни бағримга босибман. Мен гаранг бўлмасам, от тепкисини от кўтарар, ўғлим барибир мени яхши кўради, унинг онаси йўқ, ахир мен тирикман-ку, деб ўйлабман. Қара, Ширинларнинг уйига совчиликка борган кунимда яна бир марта амин бўлдим. Агар билсанг, ўшанда товонимгача музлаб кетдим. Ширин, Ҳикматдан келдингизми, сизнинг Мардон деган ўғлингизам бор-а, деганда ич-ичимдан дод дегандим, бироқ, кеч бўлган эди-да…
Лекин болам, биласанми, инсон нима учун инсон? Қизим, мен ўқимаганман, бирор катта шаҳаргаям бормаганман, лекин шуни биламанки, биз одамлар гоҳи итга берган меҳримизнинг мисқолини яқинларимизга раво кўрмаймиз. Сигир соққанча уни мақтаб қанча маталлар айтамиз, мушукни силаб-сийпалаймиз, отга минганда уни нималарга менгзаймиз-а, ёки эшагимизга юк ортсак, йиқилмаса, қоқилмаса, чарчаб қолмаса қанчалик яхши кўрамиз. Ахир сигиримиз сузиши, отимиз йиқитиши, итимиз қопиши, мушугимиз юзимизни тирнаши, эшагимиз тепиши мумкин-ку… Улар бизга озор беришсаям яна улардан ранжимаймиз – бир-икки кун жонимиз оғриб юрадию яна ўшаларсиз ишимиз битмаслигини англаймизми, билмадим, ҳар ҳолда шундай бўлса керак-да, яна апоқ-чапоқ бўлиб кетамиз.
Нега энди ўша меҳрнинг бирини одамларга бермаймиз-а?
Ахир Ҳикматга меҳр берган бўлсам – ўша меҳримни итгаям берадим-ку, гарчи бир кун қопсаям. Эшаккаям арпа, сув берамиз-ку, бир кун келиб, “эшак семирса эгасини тепиши”ни билсак ҳам. Қизим умр қисқа, дунё қари, одамзод мўрт, майли, нима бўлса бўлсин, мен ўтган умримга ачинмайман, чунки бир етимнинг болалигини йўқотиб қўймадим, у ўсмирликда нима керак бўлса, барини олди, ҳис қилди, унинг виждони борлиги шундан-ки, юрак ютиб уйимизга келолмаяпти. Бу ерда катта гап бор, болам. Мардон менинг жигарим, Ҳикмат шу жигаримнинг бир парчаси…
Синглим индамади.
Она, дейман, Худо дейман, нега оналарни бунча кенг қилиб яратасан-а?
Кечқурун дастурхон бошида онам:
– Ҳикматниям кўриб турибсанми, – деб сўради.
Мен эса, беихтиёр унинг онаси ўлган куни муаллимиз айтиб берган ривоятни эсладиму, лекин ёлғон гапирдим:
– Эрта келишмоқчи экан…
Онам жилмайди ва мени ҳўв ўша олис болалигимда эркалаган каби деди:
– Ўзимнинг ширингина ёлғончимдан айланай…
БОЛАКАЙ
Мен сизларга бир воқеани гапириб бермоқчиман…
Саккиз ёшли бола ва қаёққа кетгани ноаён отаси ҳақида.
Бола – ўз номи билан бола эди. У сеҳргар, ботир ёки қаҳрамон эмас эди. Худди сизу бизнинг болалигимиз сингари содда, бўш-баёв, қоронғу тушганда қўрқадиган, ҳовлиларининг адоғидаги тут дарахтининг шохида ажина бор деб ўйлайдиган, мактабда сумкасига бир бурда нон солиб борадиган, беш баҳо олса суюниб, уйга югуриб келадиган, икки баҳо олса кечгача сандирақлаб юрадиган бир болакай эди.
Айтганимдай у сеҳргар эмасди – тароғи билан етти қават тоғ яратса, ёки ойнаси билан қуёшни тўсиб қўйса, унда соч толаси ҳам йўқ эдики, бошига бирор ташвиш тушса тутатадиган. Ботир ҳам эмасди – шерни ўлдириб терисини белига тасмадай боғлаб олса. Унинг учқур отиям, ўзи учар гиламиям, ҳатто ғаройиб кемасиям йўқ эди: чап қулоғини бурса дунёнинг нариги томонида, ўнг қулоғини бураса бу томонида пайдо бўладиган. Камони йўқ эди: тортиб ҳеч кимга тутқич бермай деса, гурзиси йўқ эди: тоғни ундай элаб ташласа. Ҳеч нарсаси йўқ эди у болакайнинг.
Унинг нимаси бор эди?
Айтишларича биргина отаси бўлган экан, лекин ҳозир ўша отасиям йўқ. Қаёққа кетганини ҳамма билади, шу барча билишини фақат бола билмайди. Ундан, бундан сўрайди: тоққа ўтинга кетган, боғда олма тераяти, Тўполондарё томонларда балиқ тутгани кетган, Олис шаҳарда уй қураяпти, бир кун келиб олиб кетади, ўша ёқларда яшашар экан… Бола ҳамма гапга ишонади: бола бошқа нимаям қила оларди.
Мен сизларга мана шу ҳамма гапга ишониб, бироқ ҳеч ким ишонмайдиган саргузаштлар қилган бола ҳақида айтиб бермоқчиман.
Кичкина муштини тугиб отасини излашга бел боғлаган болани сизларга таништирмоқчиман.
Орадан йиллар ўтиб – ўша болакайнинг тенгдошлари мактабларни, ўқишларни тамомлаб, уйланганлари, фарзандлар кўриб, катта-катта одам бўлганларини, тўйлар қилганини, бироқ бола ҳамон саккиз ёшда қолиб кетганини, эҳтимол, ўша қора кўзию қоши, ҳали тўлиқ чиқмаган тишлари, кичик жуссаси абадий тупроқ бағрига синггиб кетганини, у ҳеч қачон саккиз ёшдан ўтолмаслигини сизларга сўзламоқчиман.
Ахир, боя айтганимдай, унинг биргина отаси бор эди.
Бола ўша отасини излаб йўлга чиққан экан.
Ўша замонлардаям баланд-баланд бинолар, текис-текис йўллар, олмаю шафтолиларга тўлган боғ-роғлар бўлган экан. Туби кўринмас қудуқларда сувлар, боши кўринмас тоғларда қорлар бор экан. Ўрмонда шерлар, қирларда тулкилар ҳам бор экан. Ҳатто ҳовузларда қурбақалар ҳам сайрашиб юришар экан. Дарёларнинг балиқлари шунчалик кўп эканки, сув кўпми, балиқми деб ҳайрон қолишаркан одамлар.
Ўша пайтлардаям болалар мактабларга бораркан, безориликлар қилишаркан, ҳатто деворларга чизишар экан. Дарсдан сўнг кўча-кўйда сандирақлаб юрадиган, бировларнинг боғига кириб олмаю ўрикини еб, ҳатто машинасини тепиб қочадиганлар ҳам анчагина экан. Лекин, мактабдан тўғри уйига келиб ота-онасининг юмушига ёрдамлашадиган, қўлида юки бор кексаларга кўмаклашадиган, ўтганда салом берадиган, ақлли болалар ҳам анчагина экан.
Осмон ҳам кўз ёш тўкиб йиғлар экан ўша пайтлари. Қишда қор, баҳорда ёмғир ёғар, ёзда ҳамма дарёга чўмилар ва кузда қаттиқ шамоллар эсаркан…
Хуллас, биз яшаётган дунё қандай бўлса, ўша пайтлар ҳам шунақа экан, бироқ, одамлар негадир оқибатли, меҳрибон ва соддароқ экан…
Дарвоқе, болакай шўхликлар қилар экану аммо жуда оз экан-да. Унинг шўхликлари ҳам йиғига ўхшаб кетармканми-ей. Ақлли бола ҳам бўларкан, лекин негадир буям сира-сира ўхшамас экан: у хаёлчан, нуқул нималарнидир пичирлаб, кўзини ердан узмай юраркан. Тенгдош жўралари уни устидан кулмас, ҳамиша ширин гапирар экан. Мана шу ширин гаплари уни ҳолдан тойдираркан. Ҳамма қатори бўлишни истар экан, лекин синфдошлари бунга имкон бермас экан-да…
Оғзида оши, кўзида ёши билан қолаверибди, шу етимни ўзим катта қиламан деган қўшни хотин.
Лойга ботган эшакдай бошини хам қилибди ўша она бўлишга орзуманд хотиннинг эри.
Кампир шафтолининг донасини айиргунча вақт ўтмай яна бир қўшни девордан бош кўрсатиб, чарви еган мушукдай кўзлари мўлтираб ҳовлини томоша қилиб:
– Етим қўзи асрасанг оғзинг мой бўлар, етим бола асрасанг қон – деб яна бир балаоларни ғўлдираб-ғўлдираб кўздан пана бўлибди.
Эр игна ютган итдай тиришиб хотинига ўшқирибди:
– Бировнинг томорқасига қадалган кўзларингни ўйиб олайинми…
Аммо болакайни биров излаб йўлга отланмабди. Жилла қурсин излашга шунчаки иштиёқ ҳам бўлмабди.
Орадан йиллар ўтиб шу болакайнинг саргузашти қишлоқ ва одамлари учун қанчалар шов-шув бўлишини билишгандами?..
Бола тонг энди ёришиб келаётган пайт сирғалиб эшикдан чиқдию кўзга кўриниб турган чўққининг ортида қандайдир бир сеҳрли маскан борлигига ишониб ўша томонга қараб югуриб кетди. Қишлоқ кўчалари жим-жит, тонг ҳали бутун борлиғи билан намоён бўлиб улгирмаган эди. Аҳён-аҳён ўзини борлигию шу уйнинг эгаси экани эсига тушиб ҳуриб қўядиган итларни айтмаганда, сахархез чолларнинг – бола девор ёнидан ўтаётганда – шип-шип оёқ товушини гапирмаганда жимжитлик эди.
Бола эса ҳеч нарсага қарамай, калишини чаппа кийиб олгани ҳам парвойига келмай югуриб кетиб борарди.
Қишлоқнинг шамол дарёдай оқиб кирадиган томонида айни шу пайтда бир одам уйининг ёнида қурилган ўриндиқда ўтириб, эҳтимол, мўр-малахдай бостириб келаётган қимматчилик ҳақида, балки, кеча кенжа боласи нон нон деб йиғлаб ухлаб қолганини ўйлаб, ҳиссиз-маъносиз бола югуриб кетаётган томонга тикилиб турарди.
Яна орадан йиллар ўтиб, қимматчилик деган гап эски этигини кийиб узоқ-узоқларга кетиб қолганда, ҳаммаси жойига тушиб, қорни тўйиб, баланд уйлар қуриб ва машиналар миниб, энг муҳими ўша нон деб йиғлаган боласи раҳбар бўлганда ҳам ўша югуриб кетаётган болани эслашини, мен кўрган эдим, дейишию бунга одамлар ишонмаслигини – айни дам хаёлига ҳам келмасди.
Бола бўлса баданидан шариллаб оқаётган терга қарамай, юзи-кўзини ювиб тушаётган кўз ёшга ҳам хаёли бўлинмай – олис ва сеҳрли маскан сари жадаллаб кетиб борарди.
Қишлоғи, деворларга шох ташлаган гилосу олчалар, меваси тапилаб тушиб боғнинг адоғига думалаб кетадиган олмалар, кузда шохларида қарғалар қўнадиган ёнғоқлар, сариқ олтиндай товланиб турадиган беҳилару челакларга киришни истамай дикирлаб қочадиган зардолилар тобора орқада – ўтмишга айланиб, қайтиб кўриш маҳол бўлган бир муқаддас нарсага айланиб бораётганини болакай сезмас эди. Болакайга бу муҳим эмас, унинг бутун борлиғини сеҳрли маскан қамраб олган, у билади, йўлчи – бир қадам бўлсин – қадам боссин, у яна шуни яхши биладики; синчи – кўр бўлса ҳам кўра билиши шарт, – ҳа, бола ҳозир йўлчи қадам босиши, босганда ҳам шамолдай тез босиши керак, бола ҳозир синчи, катта ҳаётга қадам қўймоқчи, олис ва сеҳрли масканни кўрмоқчи, боланинг кўзлари ҳозир сўқир, қачонки ўша масканга борсагина очилади, фақат ўша ердангина отасини топади… Агар отасини топса борми?
Нега энди топса борми? Албатта топади. Ахир болани йўлга тушишга ундаган куч шу топиш ва бунга ишониш эмасми? Ҳа ишониш…
Бола кўп нарсаларни ўйлаб ҳам қўйган. Дейлик, отаси билан учрашиб қолса, тўғридан тўғри ўзини таништирмайди. Бироз кузатади, дейлик, аввал салом бериб ўтади, ишлаётган бўлса ҳорманг дейди, агар чой ичиб ўтирган бўлса, чойингиз совуб қолмадими дейди, мабодо кўчада бирор томонгами кетаётган бўлса, секингина ортидан эргашади. Бир икки чақирим қорама-қора боради, кейин… кейин… бола уёғини ўйлаб кўрмаган эди.
Болага кўпроқ отаси чой ичиб ўтирсаю у бориб чойингиз совиб қолмадими деб сўраса – негадир у шуни кўпроқ истар, шундай учрашув бўлишини, отаси ҳа чойим бироз совибди деса, бола зириллаб иссиққина чой олиб келса, кейин отаси, қани айтинг-чи, азамат йигит кимнинг ўғлисан, қайси томонлар келиб ва қайси томонларда кетаётирсан деб сўрасаю бола овозида бироз қатъийлик бериб, Сувқайнар қишлоғидан эканлигини, икки ой бурун онаси ўлганини, отаси ҳали ўзи туғилмасдан қишлоғидан кўринниб турадиган олис ва сеҳрли масканга кетганию шу бўйи қайтмаганини дона-дона қилиб айтишини истар эди. Кейин отаси ўрнидан отилиб туриб, сен менинг азаматимсан, мен ўша олис ва сеҳрли масканга кетганман, мен сени отангман деб маҳкам қучоқлаб олса, ана ундан кейин иккиси узоқ ва мароқли суҳбатлар қилиб иккита отга миниб олис ва сеҳрли масканни тарк этсалар. Эҳҳе, боланинг саволлари шунчалик кўп эдики, сувқайнарликларнинг қўлу оёқларининг барча бармоқларини қўшса ҳам унинг саволини ярми бўлмасди-ёв…
Қишлоқ борган сари орқада қолар бола эса нуқтага айланиб борарди, қоп-қора нуқтага.
Орадан йиллар ўтиб эмас, ростакамига роппа-роса йигирма йил ўтди, йигирма йил.
Сувқайнарда аввалига рассомлар келишди, қишлоқни ҳар томонидан чизишди, болалар уларнинг ишига қизиқиб кун узоқ атрофида парвона бўлишар ва берилган саволлари жавобсиз қолганига ҳам ажабланмасди. Бир ойга яқин муддат рассомлар ва болалар кўчаларни қиру адирлар, дарё бўйини, боғу жарликларни, тоғларни тўлдириб юришди. Ва бир оқшом улар ҳам жўнаб кетишди.
Рассомлар ҳақидаги афсонаю ривоятлар яна анча узоқ давом этардию бироқ кутилмаганда қишлоқда бошқалар – қурувчилар кириб келишди. Маълум бўлишича экотурзм деган нимадир қуриларкан. Тоғу тошлар қиру адирлар, жару зовурлар уйча қиланар экан.
Ростакамига қурилиш бошлаб юборилди. Икки йилга тўлиқ фойдаланишга топширилган иш муддатидан олдин тайёр бўлди. Сувқайнарни таниб бўлмас эди.
Оғзи қаппайиб очилиб ётган тоғларга қанақадир зинапоялар қурилган, панжаралар ўрнатилган, эшиклар ҳатто деразалар қўйилган эдики, тикилиб туриб бошингиз шўнғиб кетишингиз мумкин эди. Одамлар – малимларнинг айтишича сайёҳлар дарёсининг ўзани Сувқайнарга буриб қўйилди. Ана энди томошаю асасани кўринг. Буёғи денг дарёнинг ёқаси чойхонаю кафеларга тўлган, уёғи қалин дарахтзор кесилиб кенг майдон бўлиб ўша жойда бозор ташкил қилинди. Муаллимлар дарсларини ташлаб ўзларини савдога урди. Камига ёнида хотинларини ҳам олиб чиқишди. Ўзлари дарё бўйига айвон, супа қуриб меҳмонларни кутиб олишса, хотинлари шаҳардан олиб келинган турли кўзмунчоқларни пуллашга бел боғлаб юборишди. Ҳатто баъзи тадбиркорлар Сувқайнарнинг тоғи акс эттирилган маркалар ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйдилар.
Бу дабдабалар яна анча мунча шов шув бўлардию аммо ундан ҳам даҳшатли бир хабар барчани эсанкиратиб, ҳатто қўрқитиб ҳам қўйишди.
Рассомларнинг бири чизган расм дунёни ларзага солган эмиш ва ўша расмини асли шу қишлоқлик бўлган одам мисли кўрилмаган қиммат нархда сотиб олибди, яқинда тез кунда ўша одам шу қишлоққа келар эмиш…
Сувқайнарда, ҳатто бутун дунёда картинанинг қанақалиги, нимаси учун бунчалик қиммат кетганлиги муҳокама қилинар эди.
Саволлар, хаёллар, тахминларнинг чек чегараси йўқ эди.
Сувқайнарликлар қайси рассомнинг асари экан деб анча тортишдилар. Бу орада болаларга кун туғди. Йигирма чоғи одам тўпланиб қолса албатта барча қандайдир боланинг гапини тинглаган, бола бўлса тоғ манзарасини чизган, мен ёнида эдим деса, бошқа бир жойда ҳам шу ҳолат фақат бошқа одамлар ва бошқа бола адир манзарасини чизган, бу ўша сурат бўлиши керак, мен ёнида эдим, дейди.
Ҳатто болалар ҳам рассомларни бўлиб – бу меники дея – келишиб олишди.
Ниҳоят ўша яқинда – тез орада келиши кутилган одамнинг қишлоққа келаётгани ҳақидаги хабар жудаям яқиндан эшитила бошланди. Шаҳарга келганмиш… Аввали шу оқшом, охири тонгда кириб келармиш…
Меҳмон ўша оқшом келмади.
Эрталаб ҳам қораси кўринмади.
Фақат учинчи куни рассом кириб келди.
У ҳеч ким билан гаплашмай, бир замонлар бола югуриб кетган, олис ва сеҳрли масканга қараб тикилиб тураверди…
Шу кўйи уч кун тикилди, тўртинчи куни рассомни ҳеч ким кўрмади…
Шу билан барчаси ўз измига тушиб кетардию аммо газета ўқиб қишлоқ академигига айланган Тўхтамурод оқсоқолнинг гапидан кейин…
Оқсоқолнинг айтишича, рассом тонг саҳарда саккиз ёшли боланинг тепаликка қараб югуриб кетаётганини чизган экан. Бола югуриб кетаётганмишу орқасидаги одамлар унга тескари қараганмиш, баъзилари ухлаб ётганмиш, ҳатто битта одам боланинг ортидан қараб ҳам турганмиш…
Бу қишлоқда аввал бўлмаганман, лекин ўша картинани чизадиган пайтим шу манзара кўз олдимда жонли гавдаланди… Мен ҳаммасини кўриб турардим, бола тобора тезлашар, мен уни картинага муҳрлаб қолишга интилар, вақт тиғиз эди, улгирмасам бўлмаслигини билар, Худога таволла қилар, қўлла, қўлла деб нола қилар эдим дебди. Ниҳоят картинани тугатдим… Ва айни шу лаҳзада болани ҳам йўқотдим дебди. Нега бунча қиммат сотилди картинадеган саволига эса, – билмадим, харид қилган одам, бир замонлар менинг ҳам шу суратдаги бола кийган қулоқчиним бўлар эди, унинг ҳам бир қулоғи худди суратдаги сингари осилиб турарди, шунга сотиб олдим, – дебди харидор ва шу билан расомнинг суҳбатига якунланибди…
Оқсоқолнинг гапидан кейин, кимдир, ҳа айнан кимдир, йўқолган етим болани эслаб қолибди-ку…
…Мен ўша қишлоққа бордим олис ва сеҳрли масканга кетган бола ҳақидаги ривоят ҳамон тилларда достон экан.
…Va nihoyat, kiyikning yuragiyam davo bo‘lolmagach, qiz dediki, meni faqat ona yuragigina bu darddan xalos aylar, sevsang, bir chorasini top…
Sanjar TURSUNOV
UCH HIKOYA
Sanjar Tursunov 1986 yilda Surxondaryo viloyatining Sariosiyo tumani Sangardak qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston Davlat sanat va madaniyat institutining jurnalistika bo‘limini bitirgan. Ayni paytda “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida xizmat qilmoqda. “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifasida uning bir necha hikoyalari taqdim etilgan.
O‘PICH
Sizni bilmadimu men hali-hamon muzda sirpanishni yaxshi ko‘raman.
Shu, qorda sirpanaverib tishimni shamollatib qo‘yibman.
Ana og‘rig‘u mana azob.
Tong otar otmas do‘xtirga yugurdim. Hali odam zoti kelmagan ekan. Kutib o‘tiribman. Nihoyat uzun-qisqa bo‘lib kelishdi. Muddaomni eshitib, kutib turing, hozir shifokor keladi, deyishdi. Kutyapman. Derazasi darvozaga qaragan xonaga kirib o‘tirdim. Hovlida yetti-sakkiz yoshlardagi bolakay qorga ag‘anab o‘ynar, undan sal narida bir qizcha qiqirlab kulardi. Bola qizchani quvar, qiz bo‘lsa qochardi.
– Hoy, to‘xta, maktabingga kech qolasan, – degan ovoz eshitildi. Qarasam, sinfdoshim – Go‘zal. Nega kelganimniyam unutib, ko‘chaga otildim. Ostonada kimdir tutib qoldi:
– Shifokor keldi…
* * *
Bog‘imizning adog‘ida jar, uning tubida buloq bo‘lardi. Qo‘shnilarimizning o‘g‘il-qizlari to‘planganida, yigirma chog‘li bo‘lardik. To‘rtta bola to‘plansa – to‘polon. Ana endi, ertadan kechgacha shovqinu suronni ko‘ring. Lekin, bizning o‘zimizga xos bir o‘yinimiz bor edi-da: Buloqdan kaftda suv olib qizlarga sepasiz. Kichkina kaftchamizga qancha suv sig‘adi: nari borsa bir qultum. Shu bir yutum suv pastlikdan tepalikka chiqquncha to‘kilib, faqat nami qoladi. Qo‘limizda qolgan nam bilan qizlarga intilardik. Ular bo‘lsa, bog‘ni shovqinga to‘ldirib qochishardi. Qani, yetishning iloji bo‘lsa. Qizlar tutqich bermas, biz quva-quva, jahl qilib, arazlardik. Shunda qizlar, hazillashganini aytib bizdan uzr so‘rar, yalinar, buloqdan suv ichgilari kelayotganini aytishardi. Biz shirin gapdan erib, yana buloqqa chopardik. Qizlar esa… yana qochardi. Yana araz, yana uzr, yana buloqqa tushishu va yana qochishlar. Charchab holdan toysak-da, baribir, hech bo‘lmasa bittamiz, bitta qizga suv ichirolsaydik, deb urinardik. Ammo buning sira-sira iloji bo‘lmasdi. Kech tushgach, qizlarning o‘zi buloqdan suv ichib, ustimizdan kula-kula ketishardi.
Bir kuni o‘zimizcha kengash qildik. Buloqqa hammamiz tushamiz, lekin suv olib qaytgach, bitta qizni quvamiz. Faqat bittasini ushlasak bo‘ldi!
– Ha, qahramonchalar, ko‘ramiz, qani bugun yengasizlarmi? – degancha qizlar qiyqirishib boqqa kirib kelishdi. Daraxtdagi qushlar pir etib osmonga ko‘tarilib, tepadan “qani nima bo‘larkan”, degan o‘yda boshimiz uzra uchib bizlarni kuzatishardi. Ha, bog‘ni yosh bolalarning shovqini bosib ketdi. Onam:
– Buncha shovqin qilmasanglar, zumrashalar, – deb yengilgina koyib qo‘ydilar.
– Hazir bo‘linglar, bu jar yomon, yana bir-ikkitang oq kaptarga aylanma, – dedi uyimizga kelayotgan, “qarg‘ish momo”, deb laqab olgan Sanam kampir.
– Momo, bir duo qiling, bolalar bugunam bizga suv ichira olmasin, – dedi Go‘zal degan ismi jismiga monand, qizlarning ichida eng chiroylisi. Va momodan baloga qoldi:
– Ha, yergina yetkur. Munchog‘day ko‘zlaringni qarg‘alar cho‘qisin, burro tillaringni mushuklar yesin, to‘xta, qochma, kiyiknikidek chopqir oyog‘ingni Nusrat cho‘loqning iti chaynasin, – deb momo qizlarni oldiga solib quvdi.
Qizlarning ko‘zlari katta-katta bo‘lib ketdi. Momoning qo‘liga tushmaslik uchun ura qochishdi. Ularning bu holatini ko‘rib ko‘kdagi qushlar ham, chiyillab “kulib” qo‘yishdi. Bizlar bo‘lsa, raqiblarimizni quvgan momodan xursand bo‘lib, Orif degan o‘rtog‘imiz:
– Ha, o‘zimning qarg‘ish momomdan aylanay, – deb yubordi.
Ana endi tomoshani ko‘ring. Momo yugurib ketayotgan joyidan yonga burildiyu bizni quvib soldi. Hammamiz jondordan qochgandek, buloqqa chopdik. Momo jar boshiga keldi-da, bir-ikkita kesak otdi.
– Shu yerdan qarg‘alarning oyog‘iga ilashib chiqinglar, – deb ko‘zdan pana bo‘ldi. Biz bir oz turdik. Sekin-asta qizlarning avval sochi, keyin yuzi, gavdasi ko‘rindi. Ular bizga qarab qichqirishdi:
– Kelmaysanlarmi?
– Qanday tushib ketdinglar?
– Biz momo bilan yarashib oldik…
Ha, momoning g‘alati fe’li bor edi. Uning mehri ham, qahri ham shundoq tilining uchida turardi. Besh soniya oldin qarg‘agan odamini ko‘rib qolsa, har go‘shtingni yegur, qalaysan, deb bag‘riga bosar, hatto o‘pib qo‘yardi. Go‘shtingni yegur degani, uning yaxshi ko‘rgani edi. Momo qancha qarg‘amasin, baribir odamlar uni yaxshi ko‘rishardi.
Biz buloqdan suv olib tepaga chiqqanimizda qizlar tillarini ko‘rsatib bizni ermak qilardi. Barchamiz Go‘zalni quvdik.
U qochdi. Bizlar uni har tomondan o‘rab oldik. Oqibatda yerga yiqitib, og‘ziga suv soldik. U alamidan yig‘lab yubordi:
– Yo‘qollaring, yo‘qol…
Bolalar bir-bir shartini ayta boshladi:
– Uyga vazifamni ko‘chirib berasan.
– Mening etigimni yuvasan.
– Rus tili domlamiznikidek, menga ham ko‘rpacha tikib berasan.
Hammasi o‘z shartini aytdi. Men bo‘lsam:
– Bitta o‘pich berasan, – dedim. Kecha bitta kino ko‘rgandim, juda havasim keluvdi. Mening bu gapimni eshitib bog‘dagi bor shovqin tindi. Hamma angrayib qolganday bo‘ldi.
Nihoyat bir qiz tilga kirdi:
– Go‘zal, momoni bekorga xafa qilding-da…
Qizlar uning gapini ma’qullab chuldirasha boshladi. Qarasak, Go‘zal shu bahona bilan qutulmoqchi.
– Momoning qarg‘ishi urganda, bizlarni jardan qarg‘alar oyog‘iga ko‘tarib chiqishardi. Bunaqasi ketmaydi. Yengildinglarmi – bajaringlar.
– Axir sizlar g‘irromlik qildinglar. Hammalaring Go‘zalga tashlandinglar-ku, – dedi yana o‘sha qiz.
– Qo‘llaringdan kelsa, senlar ham uni himoya qilgin edi-da.
– G‘irromchilar, g‘irromchilar! – deb qizlar tarqala boshladi. Bizlar ularni to‘xtatishga qancha harakat qilmaylik, ketishga chog‘lanishdi. Bog‘imizdan chiqish joyida Go‘zal to‘xtadi-da;
– Men hamma shartlaringga roziman. Uyga vazifaniyam bajaraman, etigingniyam yuvib beraman, ko‘rpachayam tikaman, faqat sen.. – qo‘lini menga bigiz qilib, – seni, seni ko‘rgani ko‘zim yo‘q! – deb yugurib chiqib ketdi.
* * *
Oradan bir oylar o‘tib barcha o‘rtoqlarim niyatiga yetishdi. Go‘zal ularning shartini bajargan, bari xursand edi. Men gohida aytgan gapimdan uyalar, qalbim qiynalar, bekor aytdim, menam bolalar qatori etigimni yuvib ber, yoki maktabni tugatguncha matematikadan masalani yechib berasan, desam bo‘lardi-ku. Bir o‘pichmish. Shuyam shart bo‘ldiyu. Xullas, Go‘zal sinfimizda hamma bilan ochilib-sochilib gaplashadi, o‘ynab-kulishadi, menga kelganda, chiroyli qoshini uchirish bilan kifoyalanadi.
O‘shanda qish edi. Birinchi qor yog‘ib turgandi. Qorxat yozdik. Ha, yana Go‘zalga. Yana o‘sha shartlar. Hamma o‘ziga nima yoqishini, nima istashayotganini yozishdi. Navbat menga kelganda:
– Bo‘ladi endi, shunchasiga ulgursayam, – dedi bir o‘rtog‘im.
– Men-chi? – dedim yig‘lamoqdan beri bo‘lib.
– Yana o‘pich so‘raysanmi?
– Nima qipti?
– Sen bolani esing joyidami? Bu nima deganing?
Ruchkani qo‘lidan tortib oldim-da, katta-katta harflar bilan “Jasur – o‘pich”, deb yozdim. Orif angrayib qarab turdi-da, xatni buklay boshladi. Xat topshirishni Baxtiyor degan sinfdoshim zimmasiga oldi. Katta tanaffusda Go‘zal xatni o‘qidi. Qorxat shartini bilasiz: shunaqa. Go‘zal bizni quvdi. Bolalar har tomonga qochishdi. Men bo‘lsam, indamay qaqqayib turaverdim. U meni ko‘rib bir oz qarab turdi-da, ortga burildi. Yuragimdan bir nima uzilgandek, butun vujudim karaxt bo‘lib, faqat yuragimning urishini eshitardim, xolos. U men tomon yura boshladi. Bolalar qoch, deb hayqirishardi. Men qochishni xayolimga ham keltirmadim. U yetib keldi. Bir oz tikilib turdi-da, yuzimga shapaloq tushirdi. Va biz, to‘g‘rirog‘i, men yutqazdim…
Yig‘lab yuboribman…
* * *
Tog‘ bilan tog‘ uchrashmasligi mumkin, lekin odam bilan odam uchrashadi. Do‘xtir tishimni olgach, gandiraklab ko‘chaga chiqdim. Darvoza oldida Go‘zal haligi bolaning kiyimini qordan tozalar, bola bo‘lsa piqillab yig‘lardi.
– Ha polvon, senga nima bo‘ldi, o‘g‘il bolayam yig‘laydimi? Kim urdi seni?… – dedim do‘rillab. Go‘zal cho‘chib, men bilan salomlashishni-da bilmay esankirab qoldi.
Bola ko‘rsatkich barmog‘ini boyagi qizchaga to‘g‘irlab:
– Anavi, betidan o‘pmoqchi edim, bitta urdi. Ayamga aytsam, sen oldin qizlar urganda yig‘lamaslikni o‘rgan, deyaptilar…
Men… bir og‘iz-da gapirolmadim…
Go‘zal bo‘lsa, ro‘molining uchini o‘ynar, menga nimanidir aytmoqchi bo‘lar, lekin aytmasdi, aytolmasdi.
Bo‘lgan gap shu.
Sizga qanday bilmadimu, men haliyam muzga sirpanishni, buloqdan suv ichishni va kichkina kaftdan yeganim tarsagini unutolmayman…
ESKIRMAGAN RIVOYAT
…Va nihoyat, kiyikning yuragiyam davo bo‘lolmagach, qiz dediki, meni faqat ona yuragigina bu darddan xalos aylar, sevsang, bir chorasini top…
…Yigit yurakni olib qaytayotganda, yo‘lda qoqilib ketdi, xuddi shu chog‘ yurakka til-zabon bitib: “Bolam, hech joying og‘rimadimi”, degach, ana shundayam suyukli o‘g‘il tushunib yetmadi va ma’shuqasi tomon odimladi…
Garchi bu rivoyatni ming marotaba eshitgan esak-da, gohi momolarimiz, gohi yoshi kattaroq biror kishi, goh to‘ylarda o‘rtakashlik qilguvchi, yuzi qizarib, ko‘zidan tinimsiz yosh quyiluvchi Anvardan tinglasak-da, baribir ko‘zimiz yoshlandi. Onasi borlar mahzun bo‘lib qolishdi, yo‘qlar esa ovozining boricha yig‘lab yuborishdi…
Muallim bir oz jimib turdi va so‘ng:
– Endi Hikmatlarning uyiga boramiz, – dedi.
Hikmat sinfdoshimiz. Uch kundan buyon darsga kelgani yo‘q. Onasi o‘lib qolgan. Muallimning aytishicha, Hikmatni yolg‘iz qo‘ymasligimiz kerak ekan. U kenja bola-da, qiynalib qoladi, shuning uchun hammalaring unga yaxshi gapiringlar, xushmuomala bo‘linglar, hech qachon xafa qilmanglar, – dedi dona-dona qilib har birimizga diqqat bilan tikilarkan.
Bizlar kelishib oldik: urishmaymiz, xafa qilmaymiz, kerak bo‘lsa, hamma yaxshi narsalarni: turshak, olma, shakolod, hamma-hammasini Hikmatga beramiz, dedi Shirin. Shirin… Bizning tushunimizcha, maktabda, yo‘q qishlog‘imizda, yo‘g‘-ye, butun dunyoda undan chiroyli qiz yo‘q. Direktorning qizi. Yolg‘izgina. O‘zimizcha shu qizni yaxshi ko‘ramiz. O‘n bir yoshli bolalar sevib qolgan. Shirinmi? Har baloni biladi, shuning uchunmi, barchamizga bosh-qosh: ne desa itoat etamiz.
Hikmatlarning uylariga borganimizda bizdan uch sinf yuqori o‘qiydigan opasi yig‘lab qoldi:
– Onasiz qolgan ukam…
Bizni tashlab ketgan onam-ov…
– Voy Hikmatning onajonisi, – deb bizlar ham jo‘r bo‘ldik.
Oradan bir muncha vaqt o‘tib Hikmat maktabga chiqdi va… bizning hurmat-e’tiborimizda, ne topsak, tap tortmay yeydigan xo‘randaga aylandi-qoldi.
* * *
Hikmatning onasi o‘lgach, u rostdanam injiq erkatoyga aylangan kunlarining birida men bilan uyimizga keldi. To‘g‘rirog‘i, o‘zim holi-joniga qo‘ymadim: yur, otam yangi koptok olib kelgan, onam kulcha qilib beradi, akamning botinkasining tovonida o‘zi yonadigan chiroq bor, agar xo‘p desang ko‘rsataman, keyin momom hech kimga bermaydigan kalitini olib, sandig‘ini ochamiz-da, bobomning karnayini chalamiz, degandim va yana minglab narsalarni va’da qilib uni uyga boshlab kelgandim. Rostini aytsam, o‘shanda sinfdoshlarimdan ko‘ra, unga ko‘proq mehribon ekanligimni, chin do‘sting o‘zimman, seni oilamizdagilar ham yaxshi ko‘rishadi, meni o‘zingga eng yaqin do‘st deb bilsang, aslo yanglishmaysan va shunga o‘xshash bir qancha gaplarni unga uqtirmoqchi, eng muhimi, Shiringa o‘zimni ko‘rsatmoqchi bo‘lgandim.
U ostona hatlamasdanoq onamning bizlarga ko‘zi tushdi:
– Voy, Hikmatjon, o‘zingmisan? Yaxshi yuribsanmi? Opa-akalaring tinchmi?
Onam to bizga yetib kelguncha bir qancha so‘zlarni qalashtirib, uni bag‘riga bosdi, yuzi ko‘zidan o‘pib, kishi bilmas qilib o‘zining ko‘z yoshini ro‘moliga artdi-da, bizni uyga boshladi:
– Sizlar kiraveringlar, men hozir kulcha olib boraman…
O‘sha kun Hikmatga nima va’da qilgan bo‘lsam hammasini bajarib, uni uyigacha kuzatib, darvozamizdan kirganimda, avvalo akamdan kaltak yedim.
– Patinkamni nima qilding, chirog‘i sinib qopti-ku…
– Senga hech narsa opkelmayman, koptokni dabdalasini chiqaribsan, ana, bor kallangga qalpoq qilib kiyib yur, – dedi otam va onamga qarab, – buning odam bo‘lmaydi – deb qo‘shib qo‘ydi.
– Bobong go‘rida tikka turadi, karnayini buzib qo‘yibsan-ku, men buni aqlli bola bo‘pti, oyog‘ingizni uqalayman, deganida rozi bo‘p, uxlab qopman, buning meni ko‘zimni shamg‘alat qilib, kalitni olib karnayni chalipti, – degancha momo meni oldiga solib quvdi. Qochib onamning bag‘riga berkinmoqchi bo‘ldim, momom jahd bilan keldiyu onamning vajohatini ko‘ribmi yo rostdan meni urgisi kelmadimi, har qalay joyida to‘xtadi-da: – Bisot edi-da, bolam… – dedi.
Otam o‘rnidan turib qulog‘imning ostiga bir shapaloq tushirdi. Men bo‘lsam yig‘iga zo‘r berdim, oyog‘imni yerga urib, onamning ko‘ylagining etagini tortib yig‘layverdim… va onam ham menga qo‘shilib yig‘lagach, xuddi muddaosi hosil bo‘lib, murodiga yetgan botirday jim bo‘lib uxlab qoldim…
Ertasi emas, indiniyam emas, uch-to‘rt kun, hafta o‘tib ham emas, naqd olti yil o‘tgach ilk bor shuni tushundimki, Hikmat har safar uyimizga kelganda menga nimadir bo‘lar, yo otamdan yo akamdan kaltak yeydigan, onamning ham menga mehri kamaygandek va endi men bilan birga yig‘lamaydigan bo‘lib qolgan ekan. Yig‘lab-yig‘lab og‘zim og‘rib uxlab qoladigan, Hikmat bo‘lsa, taklif qilmasam ham kelib, xuddi bu uyda ilgari yashaganu so‘ng qayoqqadir sayohatga ketganu, vaqt o‘tib qaytib kelgan kishiday bemalol, sumkasini to‘g‘ri kelgan tomonga uloqtirib, patinkasiniyam yechmay, supirib-sidirilgan xonaga kirib onam bilan ko‘rishadigan odat chiqargan ekan.
Shirin kulchalarni qaymoqqa botirib yer ekan, og‘zining chetiga yopishgan qatiqniyam artmas, qorni to‘ygach onamning o‘zi artib qo‘yar, u bo‘lsa, tozalab artildimi, degandek onamning ko‘ziga tikilar, ana shunda onam uni bag‘riga bosar va xuddi o‘z jigariday kiyimlarini yuvar, dazmollar, hatto ertaklar aytib berganiniyam keyin anglab yetdim.
Men lahza sayin mening o‘rnimni shafqatsizlarcha egallab oladigan, men yeyishim kerak bo‘lgan kulchalar, qaymoqlarni paqqos tushiradigan, bir bor chalib baloga qolganim o‘sha karnayniyam istagancha chaladigan, otamdan yangi koptok undirgan, akam, he, nima bo‘pti, istaganingcha o‘yna, deb patinkasini i’nom qilgan, onam bo‘lsa uning ko‘zi qoshiga qarab to‘ymaydigan, meni o‘z uyimga begona qilayotgan mana shu Hikmatga qarshi bir og‘iz gapira olmay, bor alamu g‘azabimni og‘il kurayotganda sigirdan – lapatka bilan beliga solib, o‘tin yorayotganda boltadan – toshga qattiq-qattiq urib – olgan ekanman. Yig‘lay desam, yashirib nima qildim, ancha vaqtdan beri yig‘lamay qo‘yganim, ich-ichimni bir nido kuydiradi, lekin aytolmay, aytishga qo‘rqib, lekin, qachonlardir chiqib ketishini bilib va shunda butun osmonu tog‘, yer yuzi ostin-ustin bo‘lib ketishiniyam bilmaganman o‘shanda. Lekin o‘sha kunni judayam uzoq bo‘lishini chin dildan istaganim rost.
Bir vaqtlar sinfdoshlarim mening Hikmatga eng yaqin do‘st ekanligimni ko‘rsatish niyatida boshlab kelganim bugun boshimga to‘qmoq bo‘lib tushayotgandi.
Darvoqe sinfdoshlar…
Ular… rosti, Hikmatning onasi o‘lganini allaqachon unutib yuborayozgan, qandaydir tug‘ilgan kunmi, bayrammi bo‘lmasa, hech kim eslamay qo‘ygani, faqat Shirinning Hikmatga soatlab tikilib turishi, buni bir marotaba emas, ko‘p kuzatganim, va Shirin Hikmatga tikilib-tikilib beixtiyormi, ixtiyoriymi menga qaragani, shunda mening ham o‘ziga tikilib turganimni ko‘rib, ko‘zlarini yashirmoqchi bo‘lganini endi-endi anglayapman.
O‘shanda, Hikmatning uyimizga kelishi boshimga balo bo‘lsa, unga, endi kelma, deb yo‘lini to‘sishim Shirinning nazaridan qolayotganday bo‘lib tuyulardi menga. Ana, ha, demak Shirinning menga tikilishi, ko‘z urishtirib qolishi, boringki, jamisi xuddi men Hikmatga bag‘ir ochganimu bundan Shirinning xursandligi, ha, ham shunday, balki, achinayotgani bo‘lsa-chi? O‘z onaningni bag‘rini shu bolaga bo‘shatib berayapsan, u bo‘lsa istagancha mehr ko‘rayotir, sen yeyishing kerak bo‘lgan qaymoq, sen eshitishing kerak bo‘lgan eng shirin gaplarni u eshitayapti, sen nega bunga yo‘l qo‘yayapsan, axir o‘z onangni bag‘rini kimgadir bo‘shatib berayapsan-ku. Mening bu tikilishimni, mahzun qarashimni sevgi deb o‘ylading chog‘i, men senga achinganimdan shunday qilayapman. Axir bilib, ko‘rib turibman-ku, mayli, o‘zing ayt, qachon, ho‘v, to‘rtinchi sinfdaligimizda olib kelayotgan kulchalaring yo‘q. Hikmatda bo‘lsa bor, – ikkita. Bittasini o‘zi yeydi, bittasini menga beradi. Sen nega olib kelmaysan? Ana ko‘rdingmi, u onangni kulchasiniyam tortib olmoqda.
Fahmimcha, Shirinning nigohlari o‘sha paytlar menga shu so‘zlarni aytmoqchi bo‘layotganday, meni ogohlantirmoqchiday bo‘lib tuyulmoqda. Chunki…
Bir safar, o‘shanda sakkizinchi sinfda o‘qirdik. Qor qalin yoqqan, daraxtlar keksa kishiday egilgan, – agar kichkina qush qo‘nsa, bor qori yerga to‘kilib, xuddi uzoq betob bo‘lib, kutilmaganda davo topgan bemorday – qomatini tik tutar edi. O‘sha chog‘ maktabdan uyga qaytayotgandik: bir mahal Shirin bizdan ancha oldinga chopib o‘tdi-da, qo‘lidagi cho‘pi bilan qorga nimadir deb yozdi. Men, Hikmat ikkimiz yetib borganimizda Shirin o‘sha yozuvga tikilib turar, bizning qaysi birimiz bu ishni bajarishimizni, chamalar, hatto nozik barmoqlari qaltirab turar edi. Oppoq qorda “Meni o‘psang-chi”, degan yozuv turar, biz ikkimiz-da joyimizda qotib qolganmiz, ne deyishni-da, ketish yo o‘pishni-da bilmaymiz. “Axir, Hikmatning onasi yo‘q… Demak”… Men uyimizga qarab yugurdim. Ancha joyga chopib borgach ortimga qarasam, Shirin yo‘q, Hikmat boshini egib turibdi.
Tovonimning pastigacha muzlab ketdim. Nahotki Shirinni o‘pgan…
Keyin… oshkor etilgan sirdan so‘ng nima bo‘lishi mukin bo‘lsa, barchasi bo‘ldi. Shirin taloshda qoldi. Farqimiz men – pinhona, Hikmat – oshkora. Uyimizda har kun shu gurung: Hikmat yaxshi yigit, ikkisi bir-biriga uzukka ko‘z qo‘ygandek, tezroq maktabni tugata qolsaydi, katta to‘ylar qilardik, deyishardi. Mening tumshayib olganimni ko‘rgach, nega yuziningni burishtirasan, axir u sening do‘sting-ku, xursand bo‘lmaysanmi, odam odamga yaxshilik qilishi kerak, bolam, derdi onam.
O, sodda onama-a!
O‘g‘lingni ko‘ngliga bir marta boq. O‘sha sag‘ir bolani ming marta bag‘ringga bosgancha, loaqal o‘g‘lingga bir nazar sol. Unga kosa-kosa qaymoqlar tutasan, shirin-shirin kulchalar ilinasan, hatto, maktabning, yo‘q, qishloqning, yo‘g‘-ye, butun dunyoning eng chiroyli qiziniyam unga ravo ko‘rayapsan, biroq, to‘qqiz oy qorningda ko‘tarib yurgan bolang, ko‘kragingni to‘yguncha emgan farzanding, sochlaringni tortib, munchog‘laringni o‘ynagan zurriyoting, bir chekkada, xuddi onasi o‘lib, uyurda yolg‘izlanib qolgan toydek, o‘nqir-cho‘nqir yerlarda o‘tlab yurganini nahotki tushunmasang. Axir sen buyuk xilqatsan, Xudoyim neki bersa, barini yuragingga joylagan, sen onasan, farzand uchun yonasan, deya fe’lingni keng yaratgan-ku. Axir kenglik, o‘z bolangni unutib qo‘yish degani emas-ku, ey ona.
* * *
Tut pishig‘i edi.
Maktabni tamomladik.
O‘qishga ketadiganlar ketishdi, qoladiganlar uylanishga bel bog‘lashdi.
Men ham ketayotganlar safida edim, biroq onam bir yil sabr qil, bu yil Hikmat uylansin, keyin, dedilar…
O‘sha kecha Hikmat keldi. Otam, onam, u uzoq gaplashishdi.
Ertasiga emas, indiniyammas, roppa rosa uch kundan so‘ng Hikmat yana keldi. Men hovlida, eshakka to‘qim yasayotgandim.
– Eshak tashvishimi? – deya men bilan ko‘rishmay uyga kirib ketdi.
Ichkaridan g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir ovoz eshitilib turardi. Bo‘lmadi. Sabrim chidamadi, turdim va derazaning pastiga borib quloq osdim.
– Bilardim, rahmat, xolajan. Akam, otam borsayam menga bermasligini bilardim. Amakimning obro‘yi baland, sizlarning yuzingizdan o‘tolmasligini men avvaldanoq bilardim. Rahmat sizlarga, mendayam qolib ketmas, siz eng yaxshi onasiz… Siz…
Onam yig‘lab yubordi.
Shunda… sakrab uyga kirdim va ho‘v, qachonlardir, bo‘g‘zimni kuydirgan, lekin men uni bir umr aytishni istamagan, Xudodan menga sabr ber, shu kalom tilimdan chiqib ketmasin, deb qo‘rqib kelayotgan so‘zim og‘zimdan chiqib ketdi:
– Hikmatning emas, meni onam o‘lib ketgan ekan…
Onam menga tikilib qoldi.
Hikmat bo‘lsa… beo‘xshov kuldi… Men Hikmatga tashlandim. Boshiga, yuziga bir-ikki musht tushirdim. Shu chog‘, bilmadim, Hikmatning mushti onamning yuziga gursillab tegib ketdi-yu… Onam holsiz yerga cho‘kkaladi. Men onamning boshiga egildim, biroq Hikmat qochib qoldi… ha, qochib ketdi u…
* * *
O‘shanda onamning boshiga qattiq urgan ekan – hushini yo‘qotdi. Zudlik bilan shahar kasalxonasiga olib ketishdi. Bir necha kundan so‘ng ko‘zini ochib:
– Hikmatga nima bo‘ldi, Mardonning jahli tez, bir balo qilib qo‘ymadimi? – degan ekan.
Shundan so‘ng Hikmat uyimizga qadam bosmadi.
Uning to‘yidan ham uyimizdan hech kim bormadi.
Ikki oy davolanib chiqqan onam bir kuni singlimga qarab:
– Qizim, Mardon akangga ona bo‘lmadim, buni ho‘v o‘shanda, Hikmatni boshlab kelgan birinchi kundayoq bilgandim, o‘shanda birinchi Hikmatni bag‘rimga bosibman. Men garang bo‘lmasam, ot tepkisini ot ko‘tarar, o‘g‘lim baribir meni yaxshi ko‘radi, uning onasi yo‘q, axir men tirikman-ku, deb o‘ylabman. Qara, Shirinlarning uyiga sovchilikka borgan kunimda yana bir marta amin bo‘ldim. Agar bilsang, o‘shanda tovonimgacha muzlab ketdim. Shirin, Hikmatdan keldingizmi, sizning Mardon degan o‘g‘lingizam bor-a, deganda ich-ichimdan dod degandim, biroq, kech bo‘lgan edi-da…
Lekin bolam, bilasanmi, inson nima uchun inson? Qizim, men o‘qimaganman, biror katta shahargayam bormaganman, lekin shuni bilamanki, biz odamlar gohi itga bergan mehrimizning misqolini yaqinlarimizga ravo ko‘rmaymiz. Sigir soqqancha uni maqtab qancha matallar aytamiz, mushukni silab-siypalaymiz, otga minganda uni nimalarga mengzaymiz-a, yoki eshagimizga yuk ortsak, yiqilmasa, qoqilmasa, charchab qolmasa qanchalik yaxshi ko‘ramiz. Axir sigirimiz suzishi, otimiz yiqitishi, itimiz qopishi, mushugimiz yuzimizni tirnashi, eshagimiz tepishi mumkin-ku… Ular bizga ozor berishsayam yana ulardan ranjimaymiz – bir-ikki kun jonimiz og‘rib yuradiyu yana o‘shalarsiz ishimiz bitmasligini anglaymizmi, bilmadim, har holda shunday bo‘lsa kerak-da, yana apoq-chapoq bo‘lib ketamiz.
Nega endi o‘sha mehrning birini odamlarga bermaymiz-a?
Axir Hikmatga mehr bergan bo‘lsam – o‘sha mehrimni itgayam beradim-ku, garchi bir kun qopsayam. Eshakkayam arpa, suv beramiz-ku, bir kun kelib, “eshak semirsa egasini tepishi”ni bilsak ham. Qizim umr qisqa, dunyo qari, odamzod mo‘rt, mayli, nima bo‘lsa bo‘lsin, men o‘tgan umrimga achinmayman, chunki bir yetimning bolaligini yo‘qotib qo‘ymadim, u o‘smirlikda nima kerak bo‘lsa, barini oldi, his qildi, uning vijdoni borligi shundan-ki, yurak yutib uyimizga kelolmayapti. Bu yerda katta gap bor, bolam. Mardon mening jigarim, Hikmat shu jigarimning bir parchasi…
Singlim indamadi.
Ona, deyman, Xudo deyman, nega onalarni buncha keng qilib yaratasan-a?
Kechqurun dasturxon boshida onam:
– Hikmatniyam ko‘rib turibsanmi, – deb so‘radi.
Men esa, beixtiyor uning onasi o‘lgan kuni muallimiz aytib bergan rivoyatni esladimu, lekin yolg‘on gapirdim:
– Erta kelishmoqchi ekan…
Onam jilmaydi va meni ho‘v o‘sha olis bolaligimda erkalagan kabi dedi:
– O‘zimning shiringina yolg‘onchimdan aylanay…
BOLAKAY
Men sizlarga bir voqeani gapirib bermoqchiman…
Sakkiz yoshli bola va qayoqqa ketgani noayon otasi haqida.
Bola – o‘z nomi bilan bola edi. U sehrgar, botir yoki qahramon emas edi. Xuddi sizu bizning bolaligimiz singari sodda, bo‘sh-bayov, qorong‘u tushganda qo‘rqadigan, hovlilarining adog‘idagi tut daraxtining shoxida ajina bor deb o‘ylaydigan, maktabda sumkasiga bir burda non solib boradigan, besh baho olsa suyunib, uyga yugurib keladigan, ikki baho olsa kechgacha sandiraqlab yuradigan bir bolakay edi.
Aytganimday u sehrgar emasdi – tarog‘i bilan yetti qavat tog‘ yaratsa, yoki oynasi bilan quyoshni to‘sib qo‘ysa, unda soch tolasi ham yo‘q ediki, boshiga biror tashvish tushsa tutatadigan. Botir ham emasdi – sherni o‘ldirib terisini beliga tasmaday bog‘lab olsa. Uning uchqur otiyam, o‘zi uchar gilamiyam, hatto g‘aroyib kemasiyam yo‘q edi: chap qulog‘ini bursa dunyoning narigi tomonida, o‘ng qulog‘ini burasa bu tomonida paydo bo‘ladigan. Kamoni yo‘q edi: tortib hech kimga tutqich bermay desa, gurzisi yo‘q edi: tog‘ni unday elab tashlasa. Hech narsasi yo‘q edi u bolakayning.
Uning nimasi bor edi?
Aytishlaricha birgina otasi bo‘lgan ekan, lekin hozir o‘sha otasiyam yo‘q. Qayoqqa ketganini hamma biladi, shu barcha bilishini faqat bola bilmaydi. Undan, bundan so‘raydi: toqqa o‘tinga ketgan, bog‘da olma terayati, To‘polondaryo tomonlarda baliq tutgani ketgan, Olis shaharda uy qurayapti, bir kun kelib olib ketadi, o‘sha yoqlarda yashashar ekan… Bola hamma gapga ishonadi: bola boshqa nimayam qila olardi.
Men sizlarga mana shu hamma gapga ishonib, biroq hech kim ishonmaydigan sarguzashtlar qilgan bola haqida aytib bermoqchiman.
Kichkina mushtini tugib otasini izlashga bel bog‘lagan bolani sizlarga tanishtirmoqchiman.
Oradan yillar o‘tib – o‘sha bolakayning tengdoshlari maktablarni, o‘qishlarni tamomlab, uylanganlari, farzandlar ko‘rib, katta-katta odam bo‘lganlarini, to‘ylar qilganini, biroq bola hamon sakkiz yoshda qolib ketganini, ehtimol, o‘sha qora ko‘ziyu qoshi, hali to‘liq chiqmagan tishlari, kichik jussasi abadiy tuproq bag‘riga singgib ketganini, u hech qachon sakkiz yoshdan o‘tolmasligini sizlarga so‘zlamoqchiman.
Axir, boya aytganimday, uning birgina otasi bor edi.
Bola o‘sha otasini izlab yo‘lga chiqqan ekan.
O‘sha zamonlardayam baland-baland binolar, tekis-tekis yo‘llar, olmayu shaftolilarga to‘lgan bog‘-rog‘lar bo‘lgan ekan. Tubi ko‘rinmas quduqlarda suvlar, boshi ko‘rinmas tog‘larda qorlar bor ekan. O‘rmonda sherlar, qirlarda tulkilar ham bor ekan. Hatto hovuzlarda qurbaqalar ham sayrashib yurishar ekan. Daryolarning baliqlari shunchalik ko‘p ekanki, suv ko‘pmi, baliqmi deb hayron qolisharkan odamlar.
O‘sha paytlardayam bolalar maktablarga borarkan, bezoriliklar qilisharkan, hatto devorlarga chizishar ekan. Darsdan so‘ng ko‘cha-ko‘yda sandiraqlab yuradigan, birovlarning bog‘iga kirib olmayu o‘rikini yeb, hatto mashinasini tepib qochadiganlar ham anchagina ekan. Lekin, maktabdan to‘g‘ri uyiga kelib ota-onasining yumushiga yordamlashadigan, qo‘lida yuki bor keksalarga ko‘maklashadigan, o‘tganda salom beradigan, aqlli bolalar ham anchagina ekan.
Osmon ham ko‘z yosh to‘kib yig‘lar ekan o‘sha paytlari. Qishda qor, bahorda yomg‘ir yog‘ar, yozda hamma daryoga cho‘milar va kuzda qattiq shamollar esarkan…
Xullas, biz yashayotgan dunyo qanday bo‘lsa, o‘sha paytlar ham shunaqa ekan, biroq, odamlar negadir oqibatli, mehribon va soddaroq ekan…
Darvoqe, bolakay sho‘xliklar qilar ekanu ammo juda oz ekan-da. Uning sho‘xliklari ham yig‘iga o‘xshab ketarmkanmi-yey. Aqlli bola ham bo‘larkan, lekin negadir buyam sira-sira o‘xshamas ekan: u xayolchan, nuqul nimalarnidir pichirlab, ko‘zini yerdan uzmay yurarkan. Tengdosh jo‘ralari uni ustidan kulmas, hamisha shirin gapirar ekan. Mana shu shirin gaplari uni holdan toydirarkan. Hamma qatori bo‘lishni istar ekan, lekin sinfdoshlari bunga imkon bermas ekan-da…
Og‘zida oshi, ko‘zida yoshi bilan qolaveribdi, shu yetimni o‘zim katta qilaman degan qo‘shni xotin.
Loyga botgan eshakday boshini xam qilibdi o‘sha ona bo‘lishga orzumand xotinning eri.
Kampir shaftolining donasini ayirguncha vaqt o‘tmay yana bir qo‘shni devordan bosh ko‘rsatib, charvi yegan mushukday ko‘zlari mo‘ltirab hovlini tomosha qilib:
– Yetim qo‘zi asrasang og‘zing moy bo‘lar, yetim bola asrasang qon – deb yana bir balaolarni g‘o‘ldirab-g‘o‘ldirab ko‘zdan pana bo‘libdi.
Er igna yutgan itday tirishib xotiniga o‘shqiribdi:
– Birovning tomorqasiga qadalgan ko‘zlaringni o‘yib olayinmi…
Ammo bolakayni birov izlab yo‘lga otlanmabdi. Jilla qursin izlashga shunchaki ishtiyoq ham bo‘lmabdi.
Oradan yillar o‘tib shu bolakayning sarguzashti qishloq va odamlari uchun qanchalar shov-shuv bo‘lishini bilishgandami?..
Bola tong endi yorishib kelayotgan payt sirg‘alib eshikdan chiqdiyu ko‘zga ko‘rinib turgan cho‘qqining ortida qandaydir bir sehrli maskan borligiga ishonib o‘sha tomonga qarab yugurib ketdi. Qishloq ko‘chalari jim-jit, tong hali butun borlig‘i bilan namoyon bo‘lib ulgirmagan edi. Ahyon-ahyon o‘zini borligiyu shu uyning egasi ekani esiga tushib hurib qo‘yadigan itlarni aytmaganda, saxarxez chollarning – bola devor yonidan o‘tayotganda – ship-ship oyoq tovushini gapirmaganda jimjitlik edi.
Bola esa hech narsaga qaramay, kalishini chappa kiyib olgani ham parvoyiga kelmay yugurib ketib borardi.
Qishloqning shamol daryoday oqib kiradigan tomonida ayni shu paytda bir odam uyining yonida qurilgan o‘rindiqda o‘tirib, ehtimol, mo‘r-malaxday bostirib kelayotgan qimmatchilik haqida, balki, kecha kenja bolasi non non deb yig‘lab uxlab qolganini o‘ylab, hissiz-ma’nosiz bola yugurib ketayotgan tomonga tikilib turardi.
Yana oradan yillar o‘tib, qimmatchilik degan gap eski etigini kiyib uzoq-uzoqlarga ketib qolganda, hammasi joyiga tushib, qorni to‘yib, baland uylar qurib va mashinalar minib, eng muhimi o‘sha non deb yig‘lagan bolasi rahbar bo‘lganda ham o‘sha yugurib ketayotgan bolani eslashini, men ko‘rgan edim, deyishiyu bunga odamlar ishonmasligini – ayni dam xayoliga ham kelmasdi.
Bola bo‘lsa badanidan sharillab oqayotgan terga qaramay, yuzi-ko‘zini yuvib tushayotgan ko‘z yoshga ham xayoli bo‘linmay – olis va sehrli maskan sari jadallab ketib borardi.
Qishlog‘i, devorlarga shox tashlagan gilosu olchalar, mevasi tapilab tushib bog‘ning adog‘iga dumalab ketadigan olmalar, kuzda shoxlarida qarg‘alar qo‘nadigan yong‘oqlar, sariq oltinday tovlanib turadigan behilaru chelaklarga kirishni istamay dikirlab qochadigan zardolilar tobora orqada – o‘tmishga aylanib, qaytib ko‘rish mahol bo‘lgan bir muqaddas narsaga aylanib borayotganini bolakay sezmas edi. Bolakayga bu muhim emas, uning butun borlig‘ini sehrli maskan qamrab olgan, u biladi, yo‘lchi – bir qadam bo‘lsin – qadam bossin, u yana shuni yaxshi biladiki; sinchi – ko‘r bo‘lsa ham ko‘ra bilishi shart, – ha, bola hozir yo‘lchi qadam bosishi, bosganda ham shamolday tez bosishi kerak, bola hozir sinchi, katta hayotga qadam qo‘ymoqchi, olis va sehrli maskanni ko‘rmoqchi, bolaning ko‘zlari hozir so‘qir, qachonki o‘sha maskanga borsagina ochiladi, faqat o‘sha yerdangina otasini topadi… Agar otasini topsa bormi?
Nega endi topsa bormi? Albatta topadi. Axir bolani yo‘lga tushishga undagan kuch shu topish va bunga ishonish emasmi? Ha ishonish…
Bola ko‘p narsalarni o‘ylab ham qo‘ygan. Deylik, otasi bilan uchrashib qolsa, to‘g‘ridan to‘g‘ri o‘zini tanishtirmaydi. Biroz kuzatadi, deylik, avval salom berib o‘tadi, ishlayotgan bo‘lsa hormang deydi, agar choy ichib o‘tirgan bo‘lsa, choyingiz sovub qolmadimi deydi, mabodo ko‘chada biror tomongami ketayotgan bo‘lsa, sekingina ortidan ergashadi. Bir ikki chaqirim qorama-qora boradi, keyin… keyin… bola uyog‘ini o‘ylab ko‘rmagan edi.
Bolaga ko‘proq otasi choy ichib o‘tirsayu u borib choyingiz sovib qolmadimi deb so‘rasa – negadir u shuni ko‘proq istar, shunday uchrashuv bo‘lishini, otasi ha choyim biroz sovibdi desa, bola zirillab issiqqina choy olib kelsa, keyin otasi, qani ayting-chi, azamat yigit kimning o‘g‘lisan, qaysi tomonlar kelib va qaysi tomonlarda ketayotirsan deb so‘rasayu bola ovozida biroz qat’iylik berib, Suvqaynar qishlog‘idan ekanligini, ikki oy burun onasi o‘lganini, otasi hali o‘zi tug‘ilmasdan qishlog‘idan ko‘rinnib turadigan olis va sehrli maskanga ketganiyu shu bo‘yi qaytmaganini dona-dona qilib aytishini istar edi. Keyin otasi o‘rnidan otilib turib, sen mening azamatimsan, men o‘sha olis va sehrli maskanga ketganman, men seni otangman deb mahkam quchoqlab olsa, ana undan keyin ikkisi uzoq va maroqli suhbatlar qilib ikkita otga minib olis va sehrli maskanni tark etsalar. Ehhe, bolaning savollari shunchalik ko‘p ediki, suvqaynarliklarning qo‘lu oyoqlarining barcha barmoqlarini qo‘shsa ham uning savolini yarmi bo‘lmasdi-yov…
Qishloq borgan sari orqada qolar bola esa nuqtaga aylanib borardi, qop-qora nuqtaga.
Oradan yillar o‘tib emas, rostakamiga roppa-rosa yigirma yil o‘tdi, yigirma yil.
Suvqaynarda avvaliga rassomlar kelishdi, qishloqni har tomonidan chizishdi, bolalar ularning ishiga qiziqib kun uzoq atrofida parvona bo‘lishar va berilgan savollari javobsiz qolganiga ham ajablanmasdi. Bir oyga yaqin muddat rassomlar va bolalar ko‘chalarni qiru adirlar, daryo bo‘yini, bog‘u jarliklarni, tog‘larni to‘ldirib yurishdi. Va bir oqshom ular ham jo‘nab ketishdi.
Rassomlar haqidagi afsonayu rivoyatlar yana ancha uzoq davom etardiyu biroq kutilmaganda qishloqda boshqalar – quruvchilar kirib kelishdi. Ma’lum bo‘lishicha ekoturzm degan nimadir qurilarkan. Tog‘u toshlar qiru adirlar, jaru zovurlar uycha qilanar ekan.
Rostakamiga qurilish boshlab yuborildi. Ikki yilga to‘liq foydalanishga topshirilgan ish muddatidan oldin tayyor bo‘ldi. Suvqaynarni tanib bo‘lmas edi.
Og‘zi qappayib ochilib yotgan tog‘larga qanaqadir zinapoyalar qurilgan, panjaralar o‘rnatilgan, eshiklar hatto derazalar qo‘yilgan ediki, tikilib turib boshingiz sho‘ng‘ib ketishingiz mumkin edi. Odamlar – malimlarning aytishicha sayyohlar daryosining o‘zani Suvqaynarga burib qo‘yildi. Ana endi tomoshayu asasani ko‘ring. Buyog‘i deng daryoning yoqasi choyxonayu kafelarga to‘lgan, uyog‘i qalin daraxtzor kesilib keng maydon bo‘lib o‘sha joyda bozor tashkil qilindi. Muallimlar darslarini tashlab o‘zlarini savdoga urdi. Kamiga yonida xotinlarini ham olib chiqishdi. O‘zlari daryo bo‘yiga ayvon, supa qurib mehmonlarni kutib olishsa, xotinlari shahardan olib kelingan turli ko‘zmunchoqlarni pullashga bel bog‘lab yuborishdi. Hatto ba’zi tadbirkorlar Suvqaynarning tog‘i aks ettirilgan markalar ham ishlab chiqarishni yo‘lga qo‘ydilar.
Bu dabdabalar yana ancha muncha shov shuv bo‘lardiyu ammo undan ham dahshatli bir xabar barchani esankiratib, hatto qo‘rqitib ham qo‘yishdi.
Rassomlarning biri chizgan rasm dunyoni larzaga solgan emish va o‘sha rasmini asli shu qishloqlik bo‘lgan odam misli ko‘rilmagan qimmat narxda sotib olibdi, yaqinda tez kunda o‘sha odam shu qishloqqa kelar emish…
Suvqaynarda, hatto butun dunyoda kartinaning qanaqaligi, nimasi uchun bunchalik qimmat ketganligi muhokama qilinar edi.
Savollar, xayollar, taxminlarning chek chegarasi yo‘q edi.
Suvqaynarliklar qaysi rassomning asari ekan deb ancha tortishdilar. Bu orada bolalarga kun tug‘di. Yigirma chog‘i odam to‘planib qolsa albatta barcha qandaydir bolaning gapini tinglagan, bola bo‘lsa tog‘ manzarasini chizgan, men yonida edim desa, boshqa bir joyda ham shu holat faqat boshqa odamlar va boshqa bola adir manzarasini chizgan, bu o‘sha surat bo‘lishi kerak, men yonida edim, deydi.
Hatto bolalar ham rassomlarni bo‘lib – bu meniki deya – kelishib olishdi.
Nihoyat o‘sha yaqinda – tez orada kelishi kutilgan odamning qishloqqa kelayotgani haqidagi xabar judayam yaqindan eshitila boshlandi. Shaharga kelganmish… Avvali shu oqshom, oxiri tongda kirib kelarmish…
Mehmon o‘sha oqshom kelmadi.
Ertalab ham qorasi ko‘rinmadi.
Faqat uchinchi kuni rassom kirib keldi.
U hech kim bilan gaplashmay, bir zamonlar bola yugurib ketgan, olis va sehrli maskanga qarab tikilib turaverdi…
Shu ko‘yi uch kun tikildi, to‘rtinchi kuni rassomni hech kim ko‘rmadi…
Shu bilan barchasi o‘z izmiga tushib ketardiyu ammo gazeta o‘qib qishloq akademigiga aylangan To‘xtamurod oqsoqolning gapidan keyin…
Oqsoqolning aytishicha, rassom tong saharda sakkiz yoshli bolaning tepalikka qarab yugurib ketayotganini chizgan ekan. Bola yugurib ketayotganmishu orqasidagi odamlar unga teskari qaraganmish, ba’zilari uxlab yotganmish, hatto bitta odam bolaning ortidan qarab ham turganmish…
Bu qishloqda avval bo‘lmaganman, lekin o‘sha kartinani chizadigan paytim shu manzara ko‘z oldimda jonli gavdalandi… Men hammasini ko‘rib turardim, bola tobora tezlashar, men uni kartinaga muhrlab qolishga intilar, vaqt tig‘iz edi, ulgirmasam bo‘lmasligini bilar, Xudoga tavolla qilar, qo‘lla, qo‘lla deb nola qilar edim debdi. Nihoyat kartinani tugatdim… Va ayni shu lahzada bolani ham yo‘qotdim debdi. Nega buncha qimmat sotildi kartinadegan savoliga esa, – bilmadim, xarid qilgan odam, bir zamonlar mening ham shu suratdagi bola kiygan quloqchinim bo‘lar edi, uning ham bir qulog‘i xuddi suratdagi singari osilib turardi, shunga sotib oldim, – debdi xaridor va shu bilan rasomning suhbatiga yakunlanibdi…
Oqsoqolning gapidan keyin, kimdir, ha aynan kimdir, yo‘qolgan yetim bolani eslab qolibdi-ku…
…Men o‘sha qishloqqa bordim olis va sehrli maskanga ketgan bola haqidagi rivoyat hamon tillarda doston ekan.