Xurshid Abdurashid. Yangi she’rlar

09   Хуршид Абдурашидни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетидаги таҳсилини якунлагани билан табриклаб, ёш шоирнинг янги шеърларини тақдим этамиз.

Хуршид Абдурашид
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
06

   Хуршид Абдурашид ( Серобов ) 1995 йил 27 июльда Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Пандирон қишлоғида туғилган. Шу йили Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетидаги таҳсилини якунлади. Шунингдек, «Ёшлар» радиоканалида ҳам фаолият кўрсатади. Вақтли матбуотда ҳикоя ва шеърлари чоп этилган.

06

03

***

Бугун тонгда
шундоқ ёнимга
эркаланиб келди оппоқ Тонг…

Уни Тошкентдаги энг ҳашаматли
ижара хонамда
кутиб олдим мен

Бу тонгни қишлоқдан
менга атайлаб
уйқусиз дийдамга бериш учун нур
юборибди мунис, меҳрибон Онам…

СЎЗНИНГ ЎЛИМИ

Бир сўз…
Шиддатида минг шамол — бир пул,
Бир сўз…
Оловида куяр самандар.
Шу сўз қани кўрса ёруғ дунёни,
Токай чўзилади бу қутлуғ сафар?
Қай бир нигоҳларда шу сўздан учқун,
Қай бир юракларга кўмилган сўз у.
Йиртиб чиқса бўғиз пардаларини,
Шу сўз қолмасмиди номимдан мангу?
Бир сўзга ташналик суякка етди,
Энди ҳайқирмоқми муборак ният?
Кузнинг чеҳрасидек заъфарон орзу,
Уни орқалайман…. Аммо бир фурсат
Қалқади кўксимда оғриқ дафъатан,
Тиш банди этади забонимни…
Бас!
Менга одимимда зуҳур бўлмаган
Бир сўзнинг жасади асло керакмас!
Шу бир сўз таскинларга қоришиб кетар,
Ва найза мисоли санчилар қалбга.
Ўзим билан ўзим катта бир халқман,
Аммо қаролмайман мана шу халққа…
Наҳот боболарим қонида оққан
Тўпори руҳ мендан кетмоқда бадар?
Қандоқ кўтараман ўлик руҳимни
Наҳот туғилишим бенаф, бесамар?
Бир сўз…
Шу бир сўз ҳаққи…
Ором татимас,
Манглайга битилган бурчни унутдим.
У бўгзимда…
Ҳатто тупуролмадим…
Мен шу сўзни едим, ямламай ютдим….

 

СЕН ВА ТОҒЛАР

Тоғларнинг сукути
ва сенинг сукутинг
орасида
биргина фарқ бор:
сеники мулзамликка ўхшаган
ҳолдир
тоғники — виқор…

Фақат жимлик деб қараса
сенинг жимлигингга
ўхшар
дарахтларнинг жимлиги
аммо улар гуллашдан умидвор
уларнинг ёдида бордир кимлиги…

 

ТОНГ

Қуёшни уйғотинг…
Бугун кеч қолди,
Юзимиз силамас нурлари унинг.
Бир туртинг нурга зор чеҳралар ҳаққи
Уйғотиб кўринг…
Тонгга ташбеҳ топайин десам,
Бу кашфимда йўқ эрур маъни.
Азизим, қайерда кўрган эдингиз
Тонг қуёшсиз отаётганин.
Мана, ҳамма уйда дераза очиқ,
Бу нурга интизор қалбларнинг иши.
Сирли сукунатнинг силсиласида
Бадиийлашиб борар тонг оқариши…

МЕНИНГ ОЛИС ГУЛИМ

Менинг олис гулим,
энг ёлғиз гулим!
Сени соғинмоққа тушди хаёллар!

Ва айта бошлайман эски қўшиқни:
Соғинчдан ўлган борми?
Соғинчдан сўлган борми?

«Мана, менман ўша…»

Наҳот ўлганимни кўрмаслар…
Ахир
Соғинчларинг — кулфат,
Соғинч — фалокат…

Эй менинг олис гулим,
Ягона-ёлғиз гулим,
Гулисан сен олис боғларнинг…

ТАҚДИР

Агар ўша қоп-қора булут
Бизга ёмғир сочмаса эди…
Билмасмидик ёмғирнинг таъмин.

Агар ўша ёмғир сепалаб
Бошимизда ёғмаса узоқ
Англамасдик бахтнинг исини…

Бахтимизни етаклаб келган
Фақат ўша иккиси эмас;
Мана, сенинг соябонинг йўқ…
Менда бор….

 

***

Сенинг
нигоҳингда
ўлик
сукунат…
Севгилим,
айт
унда
қайси
сўз
ўлди?

ОНА

Оч бўлса-да таом татимайди У…
Фақат соғинчингни қилар тановул.
Сенинг беролганинг фақат изтироб,
Қайғудан юборган совғаларинг мўл.

Чанқаган лабини сувратга босар,
Кўз ёши қилади сездирмай пича.
Унга Умид берар оппоқ Тонг фақат,
Умидин сўндирар қорайган Кеча…

Уйқиси келмайди…
Бағридан сени
Олиб кетгани-чун ҳаёт йўллари.
Сенга омонликни сўраб худодан
Дуога қовушар беҳол қўллари…

Шаҳар ўйнатади сени қўйнида,
Гарчи бу шовқинзор тамом бегона.
Ҳамон келишингга интиқ бўлар У
Емайди, ичмайди — кутади ОНА…

ОҚИБАТДАН ЧЕКИНИШ

Ёмғирлар савалаб толмади ерни,
Унинг юрагини тешди томчилар.
Биз эса интилдик ичкари томон,
Ташқарида ернинг кўкси янчилар.

Биз уни онамиз дердик-ку аввал,
Наҳот, ёмғирни деб сўздан тонамиз.
Ичкаридан чиқинг ҳозироқ…
Ахир
Ташқарида қолди онамиз…

***

Олис кетдим осмонингдан
Олис-олис…
Олисликда менга етар зоғ қолмади.
Сенинг учун жангга кирган
Аҳди холис
Мен эдим-ку, тўрт мучам ҳам соғ қолмади.

Ўсиб чиқмас қўлларим-ов,
Қарғаманглар,
Қарғишингиз юрагимга тегиб кетар.
Озми ахир мендек ғариб
Ҳоли танглар,
Уриб турган юрагим-да сўниб битар.

Қаёндасан, менинг йўлим
Сенга бормас,
Енди кел деб чорлаганинг киноядур.
Мен қайтаман, лек кўксимда
Ғурур қолмас,
Сен-да жиндек бўйин эгсанг, кифоядур.

Сенга кўнглим арзи ҳолин
Битибман-да,
Юрагинг ҳеч «раҳм қил» деб айтмайдими?
Олис-олис кетган бўлсам
Кетибман-да,
Кетган одам қайтмайдими, қайтмайдими?

 

***

Беғубордир бор туйғуларинг,
Табассуминг қадар покиза.
Учраштирар бизни тасодиф-
Ки, капалак умридек қисқа.

Улгурамиз «Салом»дан ортиб,
Қайрилганда «Хайр» дейишга.
Ҳисларимиз жудаям ўжар
Мажбурлайди яна келишга.

Аммо бизни кузатмас кўзлар,
Хаёлимиз — умид гуллари.
Соя бўлар бошимиз узра
Бировларнинг узун тиллари…

 

УЙҒОҚ ОДАМ

Ухлаб туриб
ухламайди унинг идроки,
Уйқу унинг луғатидаги
эҳтиёж, холос…
У истаган лаҳза
эҳтиёжини бой бериши мумкин….
Кўзини юмса уйқу учун юмади…
Кўриб турганлари учун
юмадиган кўзи йўқ Унинг….

 

ИҚРОР

Капалакни ранжитиб қўйдим,
Боғ меники дегандим, холос.
У «Келмайман боғингга» деди,
Англадимки, бағрим тор бироз.

Ва саҳарги шовқини учун
Соат еди роса «таъзир»ин.
«Ҳазиллашдим оғайни» деди
Мен кўтармам бундай ҳазилин.

Кетарканман йўлда ногаҳон,
Учради бир адашган кимса.
«Йўл кўрсат» деб қилди илтимос,
Елка қисиб қўйдим мен эса.

Шунда кимдир бақирди тўсат:
«Худбин, худбин, тенги йўқ худбин»
Ким бўлса ҳам айбламайман,
Ростдан шундай бўлиши мумкин…

 

ИЛТИМОС

Менга шундай Шодлик топингки…
Ғамдан икки ҳисса каттароқ;
Аламдан уч баробар улкан…
Вақт ҳукмига солмасин қулоқ.
Ва мен уни кийиб кўрганда,
Ўлчамлари келмасин ҳеч кенг.
Ҳар гал уни кийиб олганда
Сиғмай қолай мен…

 

ДАРСДА

Дарсда кўзларингга ташлайман тузоқ,
Жудаям сезгир-да манави қизлар.
Ғашимга тегади уларнинг гапи
Овим бароридан келмаган кезлар.

Улар тингламайди маърузаларни,
Қулоғи кўз бўлиб бизга тикилган.
Ҳар ҳолда ёмонмас, саксон дақиқа
Дийдорлашувимизга имзо чекилган.

Ёнимдан ўтасан…
Ўтасан тез-тез,
Нигоҳим тасвирга олар ушбуни.
Ҳушёр тортаман сўнг дафтар қатига
Беркитиб қўяман ўша туйғуни.

Сенга узатаман дафтарларимни,
Пинҳона алишар дафтарларимиз.
Аммо тил остига думалаб тушар,
Айтажакларимиз — айтарларимиз.

Уйга вазифани топширган чоғинг
Товушларинг жуда яқин келади.
Ҳар сўзинг негадир қулоқларимга
Муҳаббат тилида эшитилади.

Дарсга бўлганида ногоҳ қўнғироқ,
Жўнамоқ бўласан шунда уйингга.
«Мана, дафтарингиз…» дейсан ўгирилиб,
Йўқ, олиб кет уни….
Бу дафтар сенга…..

***

Ақлинг бинойидек, фаҳминг етарли,
Чиройинг меъёрдан юқори бироз.
Ёмон жиҳатларинг йўқдир деярли,
Фазилатларинг боз, соз устига соз.

Тилингда терилиб туради қатор,
Дундаги энг ширин самимий сўзлар.
Шарм-ҳаё деса, улар ҳам бисёр,
Уялсанг ерлайди бу қора кўзлар.

Санайверсам эҳҳе… хислатларинг мўл,
Устасан юракни боғлаб олишга.
Шунчалар тўкиссан, ёноқлари гул,
Бало борми мени севиб қолишга?!

 

ТОКИ

Туғма дардлар билан яшамоқ оғир,
Аммо оғирликда асл ҳаёт бор.
Қўл чўзсам булутлар этаги, мана,
Учсам, елкам узра икки қанот бор.

Ғаддор йўлкаларда опичлаб ўтсам
Эзгу маслагимни нафс қутқусидан.
Уринсам ниятни сақламоққа пок,
Асралсам интиҳо тазаррусидан.

Осмон-у заминнинг гувоҳлигида,
Яшаган умрим шу маслакка қасам.
Токи майда дардлар ёпишмасин деб
Улкан юрагимни маҳкам ушласам.

Қўшиқлар куйласам барглар тилида,
Осмон елкасида бўлса қўлларим.
Сенга интилмоққа илинж излайман
Умидлар ичинда юксагим, Тангрим!

ТИЛСИЗ ОДАМ

Нима қилай тилсиз одамман?
Забонимни юрибман ютиб.
Ё атрофдан олиб андоза
Гапирмоқни қўйдим унутиб.

Гўё Искандарнинг сартарошидек,
Ахтараман айтмоққа қудуқ.
Тингламоққа ва сир тутмоққа
Бу дунёнинг қудуқлари йўқ.

Кўрганимга елка қисаман,
Юмиб олиб ўткир кўзларни.
Мен кўтариб юрибман… Худо
Раҳмат қилган марҳум сўзларни…

 

ПАРАДОКС

Шундоқ ўқий туриб ҳайратланаман,
Мўжаз тирикликнинг ҳикматларини:
Оналар боласин катта қилади,
Болалар онасин ҳасратларини.

***

Ва куз…
Сенинг фаслинг.

Япроқларин сочар юзингга!

Мен сенга интилувчи
Баҳорман, холос.

Сўламан…
ки, сенга етганда…

ЭГАЛИК ҚЎШИМЧАСИ БИЛАН ВИДОЛАШУВ

Сен — менга қарашли бўлмаган ҳудуд,
Исмим ёзилмаган дафтарсан худди.
Севгилим десам гар ҳазил деб билсанг
Мен бу қўшимчага қарайман жиддий.

Мен сенинг иккинчи шахсингман десам,
Яна ҳазил билиб кулишинг мумкин.
Жиддий одамман-ку, ҳазилимни ҳам
Илтимосим сендан жиддий тушунгин…

Йўқми?
Унда майли…
«Севгилим», «жоним»
Эй қулоқсиз сўзлар, кетингиз нари.
Севги ўзинг қолгин ва сен ҳам эй жон,
Алвидо, эгалик қўшимчалари!

 

НИЯТ

Деразадан боқар сенинг хаёлинг,
Дераза остида чалкаш ўйларим.
Сен мени бир куйдек маҳзун тингладинг
Мен эса бир ширин эртак сўйладим.

«Нега эртагингиз якуни ғамли?
Ахир у эртак-ку… Яхши тугасин.
Масалан, ёрини тушида кўриб
Шўрлик маҳбубаси ширин ухласин…».

Йўқ, дейман… Муҳаббат асли шунақа,
Якунлаб хаёллар мусоҳабасин.
Токи ошиқ зоти мангу бедордир
Ҳеч қандай маҳбуба ухлай олмасин!

 

КУТИШ

Метрога тушсанг-у соат ўн бирда
Оёғинг остида тўхтаса поезд.
Вокзалга етишинг билан темирйўл
Сени уйинг томон олиб кетса тез.

Ҳеч қачон кечикмай келса…
Уятдан
Ҳеч жойида исминг кўринмас хатлар.
Қолмаса дунёда бирор дона ҳам
Муштоқлик тимсоли бўлган бекатлар.

Учрашувга чиқсанг — ҳаприқиб кўксинг,
Сендан бадар кетса эски одатинг.
Севгилинг — мана… Ўҳ қандай бахтлисан —
Керак бўлмай қолса ногоҳ соатинг!

Бино йўлагида нафасинг қисиб
Серқовоқ раҳбарнинг пойлаб эшигин
Турмасанг…
Кутмасанг…
Малолланмасанг…
Шошқалоқ соатдан кечгандан кейин.

Ҳатто хаёлингга келмаган пайти
Маошга чақириб турсалар сени.
Бошдан кечирасан одам зотининг
Тушига кирмаган буюк бахтини.

Токи тайёрлаб бор шундай шарафга,
Имконинг етганча ўргатгин ўзни.
Ажабмас луғатдан ўчирсанг бир кун
Кутиш деб аталган ажнабий сўзни….

 

ТИЛШУНОС

Устоз Бахтиёр Менглиевга

Курашчан бир қалб бор — ҳеч ким илғамас,
Ўлаётган сўзлар шовқини аро.
Туркий калималар қочар тиллардан
Онгимиз олифта, шуур Ғарбнамо.

У эса кузатар… Ҳамма ортқилаб
Бормоқда хорижнинг аравасини.
Жим турмоқ кузатиб… нақадар оғир
Олифта «Окей»нинг ғалабасини.

Туркий лафзимизни қўйиб бир четга
Ётибмиз тилимиз ҳозир жуда банд.
Ялтироқ тантана бошимиз узра,
Лабимизда эса хўрозқанд…

 

БИР МАҚОЛ ШАРҲИ

Ўзгармади ҳануз у эски мақол,
Ўша эски тенглик ҳамон жойида.
Халқнинг қадим ижод намунасин ҳам
Янгилаб турмоқлик керак гоҳида.

Бизни қутқаради ҳамиша мақол,
Устомон тилимиз халоскор, зеро
Арзирли баҳона кўрмаймиз ўйлаб,
Ёки топилмайди ундан яхшироқ.

Ҳамон нафсимиздир йўлимизга ғов,
Таъма – кўп мингйиллик қадрдон илинж.
Қўрқув билан азал оға-инимиз,
Қорин ҳали ҳам оч — қулоқ эса тинч!

ХИРА ТОРТГАН ТАСАВВУР

1
Тахминан уч ёки икки мингйиллик,
Вақт аро кезинсак – тарихлар уйғоқ.
Узоқ тафаккурнинг излари аён:
Ярми зулумотдир, ярми эса оқ.
Сўғд бўлиб тикланар, гоҳи массагет,
Ўтмишнинг энг хира парчаси бўлиб.
Қадим Бақтрияга чекинар хаёл,
Туғиламан унинг фарзанди бўлиб.
Тахайюл отлари чопар босқинлаб,
Қанғҳа харобасин кўрасан бунда.
Довон тулпорларин урҳоси, мана…
Шундай бир юрт бўлган рубъи маскунда.

2
Мен эса бир четда ҳўнграб йиғлайман
Танимай бу ёвқур аждодларимни.
Олис келажакнинг бир нуқтасида
Эслай ҳам олардим ахир мен кимни?
Турон диёрининг порлоқ нурлари
Харита чизади кўзим ўнггида.
Мудроқ шууримни бир ҳис уйғотиб
Тафаккурим олис йўлга шўнғиган.
Эфталлар юртига кириб бораман,
Тохарми, бахтарми – менга ноаён.
Мана, дейман, мана… шундоқ қаршимда
Бус-бутун бир макон, муаззам Турон!

3
Қони мингйилликка сочилган менман,
Ёки сомонийман, ё қорахоний.
Раббим, шууримга уйғоқлик бергил,
Қудратли илм бер, майлига, оний…
Бир-бир таниб олай минг йил берида
Давронин ўтказган аждодларимни.
То ул шуур билан юволсам дейман
Бобомдан менгача қолган айбимни.

4
Иккига бўлиниб кетганман гўё
Бунча олис экан муҳташам давр.
Кўзимнинг бир чети маъюс Хуросон,
Бу чети муштипар Мовароуннаҳр…
Бас дейман…
Мен шонли авлодман ахир
(Кулгили иқрордан йўқдир ёмони).
Шаксиз, бу қонлари томирларимнинг
Мен унутган ўша боболар қони!

5
Сендан ўтинаман умрим борича,
Раббим ёлвораман қолдирма бизни
Ўзлигин унутган миллат ҳолида,
Кечмишин унутган миллат ҳолида!

ҚЎРҚУВ

Қўрқди дединг. Тан олажакман,
Шу лаҳзада донг қолажакман.
Умрингга банд, севгингга занжир
Ва бахтимга қулф солажакман.

Қўрқув мусичанинг нигоҳидаги
Мунг сингари келтирар раҳминг.
Менга бундай ачиниш билан
Қарама ҳеч… Сен-чи қарадинг…

Юзларингми юзимга теккан
Воҳ… Юрагим бунчалар иссиқ.
Вужудимга ёйилар баттар
Айрилиқдан қўрқмоқлик ҳисси…

Юзларимга тегмоқда қуёш,
Бунча оғир елкамдаги бош…

СЎЗ ИЗЛАБ

Тарқаламиз тўртта сўзқувар —
ҳар ким санаб ўзини якка.
стол узра сочилиб ётган
сатрларни уриб чўнтакка!

Хайр-маъзур олдидан айтиб,
буюкларнинг уч-тўрт шеърини,
улуғлайди кетар чоғ ҳар ким
ўзи ихлос қўйган «пир»ини.
Кузатади оффитсиант қиз
йиғиштириб стол юзини
(модернни тушунмаса-да
у хам шеърхон билар ўзини).

Биз тўртовлон кетамиз дайдиб
қўлимиздан судрар тўрт томон
Қорақамиш кўчаларидан
мен тентираб шеър ахтараман.
Уйқусирар бечора Тошкент,
алаҳсирар юпун дарахтлар,
излаганда сўз ҳам топилмас
қоронғуга қочишиб баттар.

Жунжиктирар ёвуқ изғирин
аммо илиқ юракнинг ярми,
шовқинларни ташиб автолар
ухлагани қўймас шаҳарни.
Ўчирсанг-чи, чироқни, ўвв йўл,
ҳой машина, кетгин пинакка —
бу ғамнишин оқшомда жиндек
бир сакинат зарур юракка.

Шунда сўзлар эргашар бирдан
қаҳратоний эрур у сўзлар
юрагимга кетишар сингиб,
кўксим — қайноқ, ҳасратим — музтар.
Ва етаман ғариб кулбамга,
қоғоз узра ўйга ботаман —
сўнг йўл бўйи йиғганларимни
юрагимдан юлқиб отаман…

02 Xurshid Abdurashidni Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universitetidagi tahsilini yakunlagani bilan tabriklab, yosh shoirning yangi she’rlarini taqdim etamiz.

Xurshid Abdurashid
YANGI SHE’RLAR
06

Xurshid Abdurashid ( Serobov ) 1995 yil 27 iyulda Qashqadaryo viloyati Kasbi tumanidagi Pandiron qishlog‘ida tug‘ilgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universitetidagi tahsilini yakunladi. Shuningdek, “Yoshlar” radiokanalida ham faoliyat ko‘rsatadi. Vaqtli matbuotda hikoya va she’rlari chop etilgan.

06

***

Bugun tongda07
shundoq yonimga
erkalanib keldi oppoq Tong…

Uni Toshkentdagi eng hashamatli
ijara xonamda
kutib oldim men

Bu tongni qishloqdan
menga ataylab
uyqusiz diydamga berish uchun nur
yuboribdi munis, mehribon Onam…

SO‘ZNING O‘LIMI

Bir so‘z…
Shiddatida ming shamol — bir pul,
Bir so‘z…
Olovida kuyar samandar.
Shu so‘z qani ko‘rsa yorug‘ dunyoni,
Tokay cho‘ziladi bu qutlug‘ safar?
Qay bir nigohlarda shu so‘zdan uchqun,
Qay bir yuraklarga ko‘milgan so‘z u.
Yirtib chiqsa bo‘g‘iz pardalarini,
Shu so‘z qolmasmidi nomimdan mangu?
Bir so‘zga tashnalik suyakka yetdi,
Endi hayqirmoqmi muborak niyat?
Kuzning chehrasidek za’faron orzu,
Uni orqalayman…. Ammo bir fursat
Qalqadi ko‘ksimda og‘riq daf’atan,
Tish bandi etadi zabonimni…
Bas!
Menga odimimda zuhur bo‘lmagan
Bir so‘zning jasadi aslo kerakmas!
Shu bir so‘z taskinlarga qorishib ketar,
Va nayza misoli sanchilar qalbga.
O‘zim bilan o‘zim katta bir xalqman,
Ammo qarolmayman mana shu xalqqa…
Nahot bobolarim qonida oqqan
To‘pori ruh mendan ketmoqda badar?
Qandoq ko‘taraman o‘lik ruhimni
Nahot tug‘ilishim benaf, besamar?
Bir so‘z…
Shu bir so‘z haqqi…
Orom tatimas,
Manglayga bitilgan burchni unutdim.
U bo‘gzimda…
Hatto tupurolmadim…
Men shu so‘zni yedim, yamlamay yutdim….

SЕN VA TOG‘LAR

Tog‘larning sukuti
va sening sukuting
orasida
birgina farq bor:
seniki mulzamlikka o‘xshagan
holdir
tog‘niki — viqor…

Faqat jimlik deb qarasa
sening jimligingga
o‘xshar
daraxtlarning jimligi
ammo ular gullashdan umidvor
ularning yodida bordir kimligi…

TONG

Quyoshni uyg‘oting…
Bugun kech qoldi,
Yuzimiz silamas nurlari uning.
Bir turting nurga zor chehralar haqqi
Uyg‘otib ko‘ring…
Tongga tashbeh topayin desam,
Bu kashfimda yo‘q erur ma’ni.
Azizim, qayerda ko‘rgan edingiz
Tong quyoshsiz otayotganin.
Mana, hamma uyda deraza ochiq,
Bu nurga intizor qalblarning ishi.
Sirli sukunatning silsilasida
Badiiylashib borar tong oqarishi…

MЕNING OLIS GULIM

Mening olis gulim,
eng yolg‘iz gulim!
Seni sog‘inmoqqa tushdi xayollar!

Va ayta boshlayman eski qo‘shiqni:
Sog‘inchdan o‘lgan bormi?
Sog‘inchdan so‘lgan bormi?

“Mana, menman o‘sha…”

Nahot o‘lganimni ko‘rmaslar…
Axir
Sog‘inchlaring — kulfat,
Sog‘inch — falokat…

Ey mening olis gulim,
Yagona-yolg‘iz gulim,
Gulisan sen olis bog‘larning…

TAQDIR

Agar o‘sha qop-qora bulut
Bizga yomg‘ir sochmasa edi…
Bilmasmidik yomg‘irning ta’min.

Agar o‘sha yomg‘ir sepalab
Boshimizda yog‘masa uzoq
Anglamasdik baxtning isini…

Baxtimizni yetaklab kelgan
Faqat o‘sha ikkisi emas;
Mana, sening soyaboning yo‘q…
Menda bor….

***

Sening
nigohingda
o‘lik
sukunat…
Sevgilim,
ayt
unda
qaysi
so‘z
o‘ldi?

ONA

Och bo‘lsa-da taom tatimaydi U…
Faqat sog‘inchingni qilar tanovul.
Sening berolganing faqat iztirob,
Qayg‘udan yuborgan sovg‘alaring mo‘l.

Chanqagan labini suvratga bosar,
Ko‘z yoshi qiladi sezdirmay picha.
Unga Umid berar oppoq Tong faqat,
Umidin so‘ndirar qoraygan Kecha…

Uyqisi kelmaydi…
Bag‘ridan seni
Olib ketgani-chun hayot yo‘llari.
Senga omonlikni so‘rab xudodan
Duoga qovushar behol qo‘llari…

Shahar o‘ynatadi seni qo‘ynida,
Garchi bu shovqinzor tamom begona.
Hamon kelishingga intiq bo‘lar U
Yemaydi, ichmaydi — kutadi ONA…

OQIBATDAN ChЕKINISH

Yomg‘irlar savalab tolmadi yerni,
Uning yuragini teshdi tomchilar.
Biz esa intildik ichkari tomon,
Tashqarida yerning ko‘ksi yanchilar.

Biz uni onamiz derdik-ku avval,
Nahot, yomg‘irni deb so‘zdan tonamiz.
Ichkaridan chiqing hoziroq…
Axir
Tashqarida qoldi onamiz…

***

Olis ketdim osmoningdan
Olis-olis…
Olislikda menga yetar zog‘ qolmadi.
Sening uchun jangga kirgan
Ahdi xolis
Men edim-ku, to‘rt mucham ham sog‘ qolmadi.

O‘sib chiqmas qo‘llarim-ov,
Qarg‘amanglar,
Qarg‘ishingiz yuragimga tegib ketar.
Ozmi axir mendek g‘arib
Holi tanglar,
Urib turgan yuragim-da so‘nib bitar.

Qayondasan, mening yo‘lim
Senga bormas,
Yendi kel deb chorlaganing kinoyadur.
Men qaytaman, lek ko‘ksimda
G‘urur qolmas,
Sen-da jindek bo‘yin egsang, kifoyadur.

Senga ko‘nglim arzi holin
Bitibman-da,
Yuraging hech “rahm qil” deb aytmaydimi?
Olis-olis ketgan bo‘lsam
Ketibman-da,
Ketgan odam qaytmaydimi, qaytmaydimi?

***

Beg‘ubordir bor tuyg‘ularing,
Tabassuming qadar pokiza.
Uchrashtirar bizni tasodif-
Ki, kapalak umridek qisqa.

Ulguramiz “Salom”dan ortib,
Qayrilganda “Xayr” deyishga.
Hislarimiz judayam o‘jar
Majburlaydi yana kelishga.

Ammo bizni kuzatmas ko‘zlar,
Xayolimiz — umid gullari.
Soya bo‘lar boshimiz uzra
Birovlarning uzun tillari…

UYG‘OQ ODAM

Uxlab turib
uxlamaydi uning idroki,
Uyqu uning lug‘atidagi
ehtiyoj, xolos…
U istagan lahza
ehtiyojini boy berishi mumkin….
Ko‘zini yumsa uyqu uchun yumadi…
Ko‘rib turganlari uchun
yumadigan ko‘zi yo‘q Uning….

IQROR

Kapalakni ranjitib qo‘ydim,
Bog‘ meniki degandim, xolos.
U “Kelmayman bog‘ingga” dedi,
Angladimki, bag‘rim tor biroz.

Va sahargi shovqini uchun
Soat yedi rosa “ta’zir”in.
“Hazillashdim og‘ayni” dedi
Men ko‘tarmam bunday hazilin.

Ketarkanman yo‘lda nogahon,
Uchradi bir adashgan kimsa.
“Yo‘l ko‘rsat” deb qildi iltimos,
Yelka qisib qo‘ydim men esa.

Shunda kimdir baqirdi to‘sat:
“Xudbin, xudbin, tengi yo‘q xudbin”
Kim bo‘lsa ham ayblamayman,
Rostdan shunday bo‘lishi mumkin…

ILTIMOS

Menga shunday Shodlik topingki…
G‘amdan ikki hissa kattaroq;
Alamdan uch barobar ulkan…
Vaqt hukmiga solmasin quloq.
Va men uni kiyib ko‘rganda,
O‘lchamlari kelmasin hech keng.
Har gal uni kiyib olganda
Sig‘may qolay men…

DARSDA

Darsda ko‘zlaringga tashlayman tuzoq,
Judayam sezgir-da manavi qizlar.
G‘ashimga tegadi ularning gapi
Ovim baroridan kelmagan kezlar.

Ular tinglamaydi ma’ruzalarni,
Qulog‘i ko‘z bo‘lib bizga tikilgan.
Har holda yomonmas, sakson daqiqa
Diydorlashuvimizga imzo chekilgan.

Yonimdan o‘tasan…
O‘tasan tez-tez,
Nigohim tasvirga olar ushbuni.
Hushyor tortaman so‘ng daftar qatiga
Berkitib qo‘yaman o‘sha tuyg‘uni.

Senga uzataman daftarlarimni,
Pinhona alishar daftarlarimiz.
Ammo til ostiga dumalab tushar,
Aytajaklarimiz — aytarlarimiz.

Uyga vazifani topshirgan chog‘ing
Tovushlaring juda yaqin keladi.
Har so‘zing negadir quloqlarimga
Muhabbat tilida eshitiladi.

Darsga bo‘lganida nogoh qo‘ng‘iroq,
Jo‘namoq bo‘lasan shunda uyingga.
“Mana, daftaringiz…” deysan o‘girilib,
Yo‘q, olib ket uni….
Bu daftar senga…..

***

Aqling binoyidek, fahming yetarli,
Chiroying me’yordan yuqori biroz.
Yomon jihatlaring yo‘qdir deyarli,
Fazilatlaring boz, soz ustiga soz.

Tilingda terilib turadi qator,
Dundagi eng shirin samimiy so‘zlar.
Sharm-hayo desa, ular ham bisyor,
Uyalsang yerlaydi bu qora ko‘zlar.

Sanayversam ehhe… xislatlaring mo‘l,
Ustasan yurakni bog‘lab olishga.
Shunchalar to‘kissan, yonoqlari gul,
Balo bormi meni sevib qolishga?!

TOKI

Tug‘ma dardlar bilan yashamoq og‘ir,
Ammo og‘irlikda asl hayot bor.
Qo‘l cho‘zsam bulutlar etagi, mana,
Uchsam, yelkam uzra ikki qanot bor.

G‘addor yo‘lkalarda opichlab o‘tsam
Ezgu maslagimni nafs qutqusidan.
Urinsam niyatni saqlamoqqa pok,
Asralsam intiho tazarrusidan.

Osmon-u zaminning guvohligida,
Yashagan umrim shu maslakka qasam.
Toki mayda dardlar yopishmasin deb
Ulkan yuragimni mahkam ushlasam.

Qo‘shiqlar kuylasam barglar tilida,
Osmon yelkasida bo‘lsa qo‘llarim.
Senga intilmoqqa ilinj izlayman
Umidlar ichinda yuksagim, Tangrim!

TILSIZ ODAM

Nima qilay tilsiz odamman?
Zabonimni yuribman yutib.
Yo atrofdan olib andoza
Gapirmoqni qo‘ydim unutib.

Go‘yo Iskandarning sartaroshidek,
Axtaraman aytmoqqa quduq.
Tinglamoqqa va sir tutmoqqa
Bu dunyoning quduqlari yo‘q.

Ko‘rganimga yelka qisaman,
Yumib olib o‘tkir ko‘zlarni.
Men ko‘tarib yuribman… Xudo
Rahmat qilgan marhum so‘zlarni…

PARADOKS

Shundoq o‘qiy turib hayratlanaman,
Mo‘jaz tiriklikning hikmatlarini:
Onalar bolasin katta qiladi,
Bolalar onasin hasratlarini.

***

Va kuz…
Sening fasling.

Yaproqlarin sochar yuzingga!

Men senga intiluvchi
Bahorman, xolos.

So‘laman…
ki, senga yetganda…

EGALIK QO‘SHIMCHASI BILAN VIDOLASHUV

Sen — menga qarashli bo‘lmagan hudud,
Ismim yozilmagan daftarsan xuddi.
Sevgilim desam gar hazil deb bilsang
Men bu qo‘shimchaga qarayman jiddiy.

Men sening ikkinchi shaxsingman desam,
Yana hazil bilib kulishing mumkin.
Jiddiy odamman-ku, hazilimni ham
Iltimosim sendan jiddiy tushungin…

Yo‘qmi?
Unda mayli…
“Sevgilim”, “jonim”
Ey quloqsiz so‘zlar, ketingiz nari.
Sevgi o‘zing qolgin va sen ham ey jon,
Alvido, egalik qo‘shimchalari!

NIYAT

Derazadan boqar sening xayoling,
Deraza ostida chalkash o‘ylarim.
Sen meni bir kuydek mahzun tinglading
Men esa bir shirin ertak so‘yladim.

«Nega ertagingiz yakuni g‘amli?
Axir u ertak-ku… Yaxshi tugasin.
Masalan, yorini tushida ko‘rib
Sho‘rlik mahbubasi shirin uxlasin…».

Yo‘q, deyman… Muhabbat asli shunaqa,
Yakunlab xayollar musohabasin.
Toki oshiq zoti mangu bedordir
Hech qanday mahbuba uxlay olmasin!

KUTISH

Metroga tushsang-u soat o‘n birda
Oyog‘ing ostida to‘xtasa poyezd.
Vokzalga yetishing bilan temiryo‘l
Seni uying tomon olib ketsa tez.

Hech qachon kechikmay kelsa…
Uyatdan
Hech joyida isming ko‘rinmas xatlar.
Qolmasa dunyoda biror dona ham
Mushtoqlik timsoli bo‘lgan bekatlar.

Uchrashuvga chiqsang — hapriqib ko‘ksing,
Sendan badar ketsa eski odating.
Sevgiling — mana… O‘h qanday baxtlisan —
Kerak bo‘lmay qolsa nogoh soating!

Bino yo‘lagida nafasing qisib
Serqovoq rahbarning poylab eshigin
Turmasang…
Kutmasang…
Malollanmasang…
Shoshqaloq soatdan kechgandan keyin.

Hatto xayolingga kelmagan payti
Maoshga chaqirib tursalar seni.
Boshdan kechirasan odam zotining
Tushiga kirmagan buyuk baxtini.

Toki tayyorlab bor shunday sharafga,
Imkoning yetgancha o‘rgatgin o‘zni.
Ajabmas lug‘atdan o‘chirsang bir kun
Kutish deb atalgan ajnabiy so‘zni….

TILSHUNOS

Ustoz Baxtiyor Mengliyevga

Kurashchan bir qalb bor — hech kim ilg‘amas,
O‘layotgan so‘zlar shovqini aro.
Turkiy kalimalar qochar tillardan
Ongimiz olifta, shuur G‘arbnamo.

U esa kuzatar… Hamma ortqilab
Bormoqda xorijning aravasini.
Jim turmoq kuzatib… naqadar og‘ir
Olifta “Okey”ning g‘alabasini.

Turkiy lafzimizni qo‘yib bir chetga
Yotibmiz tilimiz hozir juda band.
Yaltiroq tantana boshimiz uzra,
Labimizda esa xo‘rozqand…

BIR MAQOL SHARHI

O‘zgarmadi hanuz u eski maqol,
O‘sha eski tenglik hamon joyida.
Xalqning qadim ijod namunasin ham
Yangilab turmoqlik kerak gohida.

Bizni qutqaradi hamisha maqol,
Ustomon tilimiz xaloskor, zero
Arzirli bahona ko‘rmaymiz o‘ylab,
Yoki topilmaydi undan yaxshiroq.

Hamon nafsimizdir yo‘limizga g‘ov,
Ta’ma – ko‘p mingyillik qadrdon ilinj.
Qo‘rquv bilan azal og‘a-inimiz,
Qorin hali ham och — quloq esa tinch!

XIRA TORTGAN TASAVVUR

1
Taxminan uch yoki ikki mingyillik,
Vaqt aro kezinsak – tarixlar uyg‘oq.
Uzoq tafakkurning izlari ayon:
Yarmi zulumotdir, yarmi esa oq.
So‘g‘d bo‘lib tiklanar, gohi massaget,
O‘tmishning eng xira parchasi bo‘lib.
Qadim Baqtriyaga chekinar xayol,
Tug‘ilaman uning farzandi bo‘lib.
Taxayyul otlari chopar bosqinlab,
Qang‘ha xarobasin ko‘rasan bunda.
Dovon tulporlarin urhosi, mana…
Shunday bir yurt bo‘lgan rub’i maskunda.

2
Men esa bir chetda ho‘ngrab yig‘layman
Tanimay bu yovqur ajdodlarimni.
Olis kelajakning bir nuqtasida
Eslay ham olardim axir men kimni?
Turon diyorining porloq nurlari
Xarita chizadi ko‘zim o‘nggida.
Mudroq shuurimni bir his uyg‘otib
Tafakkurim olis yo‘lga sho‘ng‘igan.
Eftallar yurtiga kirib boraman,
Toxarmi, baxtarmi – menga noayon.
Mana, deyman, mana… shundoq qarshimda
Bus-butun bir makon, muazzam Turon!

3
Qoni mingyillikka sochilgan menman,
Yoki somoniyman, yo qoraxoniy.
Rabbim, shuurimga uyg‘oqlik bergil,
Qudratli ilm ber, mayliga, oniy…
Bir-bir tanib olay ming yil berida
Davronin o‘tkazgan ajdodlarimni.
To ul shuur bilan yuvolsam deyman
Bobomdan mengacha qolgan aybimni.

4
Ikkiga bo‘linib ketganman go‘yo
Buncha olis ekan muhtasham davr.
Ko‘zimning bir cheti ma’yus Xuroson,
Bu cheti mushtipar Movarounnahr…
Bas deyman…
Men shonli avlodman axir
(Kulgili iqrordan yo‘qdir yomoni).
Shaksiz, bu qonlari tomirlarimning
Men unutgan o‘sha bobolar qoni!

5
Sendan o‘tinaman umrim boricha,
Rabbim yolvoraman qoldirma bizni
O‘zligin unutgan millat holida,
Kechmishin unutgan millat holida!

QO‘RQUV

Qo‘rqdi deding. Tan olajakman,
Shu lahzada dong qolajakman.
Umringga band, sevgingga zanjir
Va baxtimga qulf solajakman.

Qo‘rquv musichaning nigohidagi
Mung singari keltirar rahming.
Menga bunday achinish bilan
Qarama hech… Sen-chi qarading…

Yuzlaringmi yuzimga tekkan
Voh… Yuragim bunchalar issiq.
Vujudimga yoyilar battar
Ayriliqdan qo‘rqmoqlik hissi…

Yuzlarimga tegmoqda quyosh,
Buncha og‘ir yelkamdagi bosh…

SO‘Z IZLAB

Tarqalamiz to‘rtta so‘zquvar —
har kim sanab o‘zini yakka.
stol uzra sochilib yotgan
satrlarni urib cho‘ntakka!

Xayr-ma’zur oldidan aytib,
buyuklarning uch-to‘rt she’rini,
ulug‘laydi ketar chog‘ har kim
o‘zi ixlos qo‘ygan “pir”ini.
Kuzatadi offitsiant qiz
yig‘ishtirib stol yuzini
(modernni tushunmasa-da
u xam she’rxon bilar o‘zini).

Biz to‘rtovlon ketamiz daydib
qo‘limizdan sudrar to‘rt tomon
Qoraqamish ko‘chalaridan
men tentirab she’r axtaraman.
Uyqusirar bechora Toshkent,
alahsirar yupun daraxtlar,
izlaganda so‘z ham topilmas
qorong‘uga qochishib battar.

Junjiktirar yovuq izg‘irin
ammo iliq yurakning yarmi,
shovqinlarni tashib avtolar
uxlagani qo‘ymas shaharni.
O‘chirsang-chi, chiroqni, o‘vv yo‘l,
hoy mashina, ketgin pinakka —
bu g‘amnishin oqshomda jindek
bir sakinat zarur yurakka.

Shunda so‘zlar ergashar birdan
qahratoniy erur u so‘zlar
yuragimga ketishar singib,
ko‘ksim — qaynoq, hasratim — muztar.
Va yetaman g‘arib kulbamga,
qog‘oz uzra o‘yga botaman —
so‘ng yo‘l bo‘yi yig‘ganlarimni
yuragimdan yulqib otaman…

09

(Tashriflar: umumiy 1 519, bugungi 1)

Izoh qoldiring