Ibrohim Haqqul. Shoir nafasi — o’chmas nafas. Usmon Qo’chqorni xotirlab

044Саҳифа шоир таваллудининг 65 йиллигига бағишланади

      Шофиркон дейилса, кўҳна Вардонзе хотирланади. Вардонзе деса бепоён Қизилқум саҳроси, устод Айний тасвирлаган Жилвон ва чўл кенгликлари хаёлга келади. Усмон Қўчқор ана шу юртнинг содиқ фарзанди, ана шу диёр одамларининг маънавий-ахлоқий тушунча, ҳолат ва ҳақиқатларини шеъриятда акс эттирган доно шоир. Донолиги шундаки у инсон сийратини гап биланмас, кайфият, эҳтирос ва ҳол таъсирида поклаш сирларини очади.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
ШОИР НАФАСИ – ЎЧМАС НАФАС
Усмон Қўчқорни хотирлаб
077

Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл,
Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл…
Алишер Навоий

Шарқ маърифат ўлкаси, шеърият ватани деган фикр бутун дунёда қадимдан эътироф этилиб, тан олинган. Бироқ олис мозийнинг бирор даври ё замонида шеърият ва шоирлик равнақи учун сиёсий, диний, мафкуравий, ижтимоий чеклов, таъқиб ёки тазйиқлардан холи бир эркинлик муҳитига эришилмаган. Шу боис кўпдан-кўп қаламкашлар воқелик билан юзма-юз келишдан қочиб, маънавий эркинликдан кечиб, хавф-хатарга гирифтор этмайдиган ғоя ва мавзуларда қалам юритишга ўтиб олишган. Бу тажриба тўхтаганмас, ҳамон давом этаётир. Ахлоқ-одоб, ишқ-муҳаббат, ватанпарварлик, халқни шарафлаш, ёрқин келажак орзусига доир қофияли гаплар бунинг ёрқин мисолидир. Миллатнинг умумий савияси ўсиб, диди шаклланмагунча, бундай асарлар йўлини тўсиб бўлмаганидек, сони ҳам кўпайса кўпаядики, камаймайди. Қочган ҳам, қувган ҳам ўзини адабиёт одами ҳисоблагач, бадиий ижод намуналарини саралаш туйғуси сусайиб, уларга танқидий қарай олмаслик кўникмага айланади. Биз бугун шунақа бетарафлик ва лоқайдликка кўникиш, адабий танқидга бефойда уриниш деб қараш ҳолатини бошдан кечираётирмиз. Бундан-да ёмони бошқа. Талантсиз ва ўртамиёначи қаламкашларнинг бирлашуви, талантли ижодкорларнинг бундай “бирлик”ка бефарқ қараши адабиётга ҳамиша зарар туғдирган ва бундан кейин ҳам шундай бўлаверади. Чунки Оллоҳ истеъдод, демакки, шахсиятдан қисган кимсалар ҳаддини билмаганидек, қўлидан нима иш келиши, қилган иши нимага ярашини ҳам тўғри тасаввур этишолмайди. Энг ёмони, кўзланган мақсадни руёбга чиқариш, шон-шуҳрат қозониш, номини “абадийлаштириш” учун бу тоифа ҳеч қандай тубанлик, нокаслик ва уятсизликдан қайтишмайди. Уларнинг озроқ эътибор топган вакиллари тарафдор ва мурид тўплашни ҳам ёзган нарсаларни у ёки бу лаққи мунаққид, нафосат ҳиссидан маҳрум адабиётшуносга мақтатишни ҳам уддалайди. Бу ҳолат совет адабиёти тарихининг турли даврларида турли манзара ва даражада намоён бўлиб келган. Шу сабаб адабиётга ҳеч алоқаси йўқ кимсалар ҳам унвон, мукофот, мансабу мартабаларни эгаллаб, кўп жилдликларини нашр қилдиришган.

Хўш, истиқлолдан кейин аҳвол ўнгландими? Йўқ, аввалгидан ҳам баттар бўлди. Адабиёт аста-секинлик билан шон-шуҳрат қуллари, ҳақиқат жаллобларию, маддоҳлик сарбонлари қўлига ўтиб кетди. Тўрт-беш ижодкор тажрибалари инобатга олинмаса ҳақиқий адабиётлик қувватини , адабиёт бой берди. Вақт-соат етибми  ёки бошқа бир сабабданми маддоҳлик “шоҳсупаси”ни эгаллаган устозлардан бири дилига чўккан ҳасратини очиқ сўзлади:

Ҳар кўчада минг миршаб,
Ҳар гўшада авахта.
Ҳақ деганнинг оғзи берк,
Қон ютар лахта-лахта…

Тўғригўйлар бир четда,
Эъзоздадир иғвогар.
Қайтдик ўрта асрга,
Одам пуллар савдогар.
Минг йиллик хазинангни
Талаб ётар ўғри, ғар…

Ёвузликнинг қўлида
Гулдай ватаним қолди.
Бошида паноҳи йўқ
Тулдай ватаним қолди.

Шоирликда ҳаяжонга берилиш ҳам, муболаға ила оловни алангалатиш ёки шахсий ҳолат доирасидан чиқолмай нолаю фиғонни кучайтириш ҳам бўлади. Юқоридаги мисралардаги гапларни ҳаёт ҳақиқатига тўла мувофиқ келади, дейиш қийинроқдир. Аммо аламу надоматдан йўғрилган ушбу айбномани ёлғон ё бўҳтонга чиқариш ҳам инсофдан эмас.

1995 йилдан то 2016 йилгача тўғрилик, ҳақгўйлик, эркинликка содиқ қолишга уринганлар фожиа илдизини яхши билади. Тўғригўйларнинг оғзи бекилиб, лахта-лахта қон ютгани, ҳалоллик ва инсоф қувғин қилиниб, ўғри ва муттаҳам эъзоз топганию, илм-фан, маърифат буҳронга йўлиққани – буларнинг ҳаммаси рост. Буларни инкор қилиш – зулм ва зўравонликни қувватлаб, қуллик, мутелик, қўрқув ва нотавонликни оқлаш, ёхуд хаспўшлаш билан баробардир. Минг афсуски, жуда кўп шоир, адиб ва олимлар гоҳ сукут, гоҳ ёлғон, кўпинча риё ва тилёғламалик билан ижтимоий-сиёсий ўша қабиҳликнинг барқарорлашувига муносиб ҳисса қўшдилар. Албатта, мазкур мудҳиш жараёнга аралашмай, ўзини четга тортган ижодкорлар ҳам бор эди. Бу ўринда Рауф Парфи, Жамол Камол, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Матназар Абдулҳакимлар қаторида шоир Усмон Қўчқор номини ҳам эслаш жоиздир.

Имон бутун, юрак самимий,
Осмон чексиз, кўклар беғубор.
Қуёш яқин, тупроқ қадимий,
…Ва яшагинг келади минг бор.

Шоирдан шоирлигини юлиб олиб, уни маънан ҳалок этадиган ҳар турли офатлардан Усмон ўзини қутқаза билганди. Курашда, синовда енгилмаслик унинг собит ишончи эди.

Мен бахтимни синайман яна,
Нигоҳларим шунда бўлур ўқ.
Овозимда вазмин тантана,
Ва қўлларим етмаган ер йўқ.

Сўзни сўзга боғлаб, қофияни қофияга қовуштириб, кўп такрорланган фикрларни шеър деб тақдиим этиш осон. Лекин шоир бўлиб майдонга чиқиб, шоир ўлароқ шаклланиб, сўнгги нафасигача шоирлигига содиқ қола биладиганлар жуда оздир. Ният мана бундай олий ва самимий бўлса, шоирликка на хиёнат, на қаллоблик аралашмайди:

Жондан ортиқ севаман, дея
Ҳар пучмоҳда кўкрак кермасман.
Табиатки ишқ берган менга,
Мен ҳеч кимга уни бермасман.

Тириклигим ўзинг-ку, зотан,
Ўлимим ҳам сенга аталган.
Мен бетимсол муҳаббат билан
Айланаман бир кун Ватанга.

Чин шоирнинг ҳолати ҳам, тақдири ҳам бошқача бўлмайди: ватанда дунёга келиб, тупроққамас, Ватанга айланади. Усмоннинг толеи бунинг бир мисолидир.

Боболардан мерос кураш барҳаёт,
Мен унга тобора қаттиқ боғландим.

Бу боғланиш ва издошлик руҳи шоирни қанча сезгирлаштирча, янада ҳушёрлаштиради ва у хоинни хоин, сотқинни сотқин қиёфада кўрмоқдан адашмайди:

Вақт ўтиб қиёфанг минг тусга кирди,
Мийиғда жилмайиб турибсан ҳозир.
Агар тирик бўлса сени танирди,
Бугун ҳам Жўлқунбой ё Усмон Носир…

Усмон “Навоий сабоғи”, “Бобур сабоғи”, “Қодирий сабоғи” деган бир неча шеър ёзган. Буюклардан унинг олган илк сабоғи Эрк, Шахс ва Миллат озодлиги. Қулда дин, динда бандасига қуллик, қарамлик бўлмагани боис Усмон диннинг шоирона таърифини яратади:

Эрк – дунёда энг муқаддас дин,
Ҳурлик – дунёдаги олий мазҳабдир.
Ким агар ҳур бўлса – тавофга лойиқ,
Эркини англаган киши даҳодир…
Кимки ҳур эмас –ул тақводор эмас,
Ким эркин йўқотса – диндан чиққандир.

Эркинлик ва эркни англашни миллат ва мамлакат озодлигидан ажратиб бўлмайди. Шу боис қанчалик қийин бўлмасин, бу масалада ёлғон, ҳавойи тасаввурдан сақланиш зарур:

Бу Ватанни мен узоқ севдим,
Севдим, мендан узоқ бўлди у.
Бу Ватанни мен эрким девдим,
Ва лекин эркимга тузоқ бўлди у.

Бу сўзларда минг-минглаб ҳурриятпарастларнинг дил ҳасрати аксини топган, деса хато бўлмас. Шоир буни киндик қони томган замин ўғлонлари мисолида ҳам кўрган.

04Шофиркон дейилса, кўҳна Вардонзе хотирланади. Вардонзе деса бепоён Қизилқум саҳроси, устод Айний тасвирлаган Жилвон ва чўл кенгликлари хаёлга келади. Усмон Қўчқор ана шу юртнинг содиқ фарзанди, ана шу диёр одамларининг маънавий-ахлоқий тушунча, ҳолат ва ҳақиқатларини шеъриятда акс эттирган доно шоир. Донолиги шундаки у инсон сийратини гап биланмас, кайфият, эҳтирос ва ҳол таъсирида поклаш сирларини очади. Шоир истиқлол курашчиларига бағишланган шеърида ёзади:

Бизни асрамоққа ботинмас ҳеч ким,
Биз ҳам асролмадик ўзларимизни.
Бизни маҳв этолмас ҳеч қандай кўчкин
Қорлар кўмолмагай изларимизни.

Оппоқ тонгга кўкрак кериб чиқдик биз,
Улар хилватларда пусиб ётдилар.
Оҳ, талай талофот бериб чиқдик биз,
Бизни мўлжал олиб, тонгни отдилар.

Усмон юракдан туркий дунё билан боғланган замонасининг зиёлиларидан бири эди.

Маълумки, озарбайжон халқи ва адабиёти дунёга Низомий, Насимий, Фузулий, Воқиф, Ҳусайн Жовид сингари даҳо санъаткорларни камолга етказиб берган. Буюк Насимий одамни ўзини билишини Ҳақни билиш билан тенг қўйган:

Гар сени сен танимишсан бегумон,
Сендадур Ҳақ, Сенда кўр Ҳақни аён.

Усмон мана шундай маърифат султонлари от сурган адабиётнинг чин ошиғи эди. У озар ижодкорларидан Ҳусайн Жовид, Анор, Воқиф Самад ўғли асарларини она тилимизга маҳорат билан таржима қилганди. Юнус Ўғузнинг уч тарихий романи – “Амир Темур”, “Малика ва жаҳонгир”, “Султон Алп Арслон”ни ҳам ўзбек китобхони Усмон таржимасида ўқимоқда.

Адабиётшунос олима Гулноза Сатторова бошқа биров ўзбекчалаштирган романи кўнгилдагидай чиқмаганини Юнус Ўғузга айтганида у “Эй воҳ, мен Усмонни қаердан топай…” дея оҳ тортибди. Дарҳақиқат, наинки шоир, адиб, таржимон, ношир, балки мустақил шахс сифатида ҳам Усмон топилмас инсонлардан эди. У ҳаётни, тирикликни севар, шеърда оламнинг турфа-турфа оҳангларини тирилтирарди:

Бу дунёдан тайин ўтарим,
Лекин бунча чиройли олам.
Юрагингда юрсанг кўтариб,
Ҳатто ширин туюлади ғам.

Чўққиларга кетсам юксалиб,
Пастда қолиб кетар адирлар.
Улар мени чўққидан юлиб,
Қайтарарлар – шунга қодирлар.

Чалқанча ёт ҳайқирар осмон,
Юзтубан ёт гулдирайди ер.
Юракдан қон бўлиб беармон,
Томирларга қўйилади шеър.

Табиат, табиат фасллари, айниқса, баҳор шоир юрагида буткул янги ва муаззам оҳанглар уйғотади:

Юрак меҳваридан олам айланар,
Ногоҳон баҳорлар солади фарёд.
Дарахтлар бошида шовуллаб турар,
Юлдузлар жимгина тилайди имдод…

Ижодий турмушда шундай бир давр бўлади: кўп изланиш, тўхтовсиз мутолаа ва мушоҳада қилишга тўғри келади. Сўнг шундай бир фурсат етади: кам ўқиш, чуқур фикрлаб, оз сўзлаш эҳтиёжи уйғонади. Шу ҳолатга юксалмаган ижодкор тахайюл ҳаловати, сукут фароғати ва маърифат завқини ҳис этолмайди. Усмон буларни бир бутун ҳолда идрок қилиб шеърга руҳоний файзини олиб кириш мақомига етган эди. Афсуски, умри қисқа экан кўпдан-кўп кашф ва маъноларни ўзи билан олиб кетди. Ундан ёдгор қолган шеър ва достонлар ҳам ҳазилакам шеърий мерос эмас. Гап уни англаш, қадрлаш ва эл-юртга етказа билишда. Усмон тириклигида тузукроқ бир китобининг нашрини ҳам кўрмай кетди. Унинг тўпламларини чиқаришдан ўқувчиларга, бўлажак ижодкорларга кўп маънавий фойда етишига асло шубҳаланмайман. Ҳаёт ва умид, сабр ва бардош шоири сиймосида Усмон яшашдан сира тўхтамайди.

Ёбонлардан ўтиб борсанг,
Ногоҳ қуйиб берса ёмғир.
Тут остига етиб борсанг,
Нафас олсанг оғир-оғир.

Ёғса ёмғир чиқиб чанги,
Келса булут қорайиб.
Ўчиб кетган уфқлар ранги
Қамраб олса торайиб.

Ёмғир тусли эзгуликни
Сиғдиролмай юракка –
Бор риё, бор разилликни
Отгинг келар кўлмакка…

Бизга таниш ва қадрдон бу манзара юракни абадий софлик, дахлсиз эзгулик, боқий кенглик ва сўнмас шодликка чорлайди. Юракнинг “бор риё, бор разилликдан” қутилиши инсон ҳаётидаги беқиёс ғалабадир.

Дўппи бошга тор келса агар,
Устун келса азоб-уқубат.
Хоқон ёлғон сўзлайди магар,
Фуқаросин алдар оқибат…

Ўз қовмингга бир умр магар,
Сен-ку ёлғон сўйлаб толмассан.
Пиру муршид бўлсанг ҳам агар –
Фақат мени алдай олмассан.

Хайрият, шундай шоирлар, дунёнинг ҳирсу ҳавасига таслим бўлмайдиган адибу олимлар бор. Шулар бор экан ёлғон, алдов, риё, ҳийла лашкарлари ҳеч қачон ғолиб бўлолмайди ва чин ижодкорнинг ҳақлигини ҳаёт такрор-такрор исботлайверади. Афсуски, бундан сабоқ олувчилар сони барча замонлардагидек, бугун ҳам жуда камдир.

Дўрмон. 25.11.2018

 

Усмон ҚЎЧҚОР
ШЕЪРЛАР
04

07Усмон Қўчқор 1953 йилнинг 15 июлида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎЗМУ)нинг филология факультетини тугатган.  Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида (1975—1977), Шофирконда она тили ва адабиёти ўқитувчиси (1977—1979), «Ўзбекистон» нашриётида муҳаррир (1979—1986), «Чўлпон» нашриётида (1986—1988), «Ёшлик» журналида, «Маънавият» нашриётида бош муҳаррир лавозимида (1988—1996) ишлаган.

Усмон Қўчқорнинг биринчи шеърий тўплами 1982 йилда «Ҳаяжонга кўмилган дунё» номи билан чоп этилган. «Акссиз садолар» (1986), «Уйқудаги минора» (1987), «Оғир карвон» (1991), “Чамангул”, “Широқ” каби шеърий китоблари чоп этилган. Шоирнинг «Оғир карвон» номли шеърий тўпламига кирган кўпчилик шеърлари инсон руҳияти, руҳий олами, маънавияти ҳақида битилган гоҳ қасида, гоҳ памфлет бўлиб янграйди. Шоир «Қувғин» достонида қатағонлик даври азиятлари, изтироб ва аламлари ҳақида ҳикоя қилади.

У озарбайжон адибларидан Саййид Имоддиддин Насимийнинг “Мен бу жаҳонга сиғмасман” шеърлар тўпламини, Ҳусайн Жовиднинг “Амир Темур” драмасини, Жалил Маммадқулизоданинг қисса ва ҳикояларини, Юсуф Самад ўғлининг “Қатл куни”, Анорнинг “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” ва бошқа асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

2017 йил 21 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

ТУПРОҚ

1

Бу юртнинг тоғлари, сангзорлари кўп,
Дарёю сойлари ундан-да кўпроқ.
Лекин барчасидан муқаддас, марғуб,
Табаррук саналгай бу юртда тупроқ.

2

Донишманд сингари вазмин, атайлаб
Тупроққа эгилган толларни кўрдим.
Кафтида чақалоқ каби авайлаб
Тупроқни ҳидлаган чолларии кўрдим.

— Етилибди, — дея шивирлаб шу чоқ
Пири деҳқон ерга чўкар экан тиз. —
Нафас ола бошлар қадимий тупроқ,
Уйғона бошлайди мииг йиллик илдиз.

3

Юртнинг қисматидан пушмон, надомат,
Беҳудуд андуҳлар чекиб кетган кўп.
Бисотида бўлса қанча ҳақорат,
Барин шу тупроққа тўкиб кетган кўп.

Ким учун бу юртнинг ганжи муҳимдир,
Ким учун бу юртнинг тупроғи хўброқ.
Кимдир саноч-саноч тиллолар, кимдир
Тупроқ олиб кетди, бир сиқим тупроқ.

Одам тирик экан — соғинч ўлмайди,
Ватанни қўмсасанг бир кун вақт ўтиб —
Тиллони кўзларга суртиб бўлмайди,
Йиғлаб бўлмайди-ку тиллони ўпиб…

4

Умр-ку чирпираб ўтгувчи қуюн,
Галма-гал ҳаммага навбат етишгай.
Марҳумни заминга қўйгандан кейин
Устига сиқимлаб тупроқ сепишгай.

— Яхши одам эди, — бу бир тасалло
Ҳар гал мени оғир ўйга толдирди.
Жисми аждодларга қўшилди, аммо
Авлодларига нима қолдирди?

5

Олис истиқболга ўйчан тикилган,
Неча бор адашган — зол эрур бу юрт.
Ҳар қандай некликни қибла деб билган,
Дуога қўл очган чол эрур бу юрт.

«Бу юртни авайла, руҳинг, болам, ҳой,
Келажак олдида токи пок бўлсин.
Ким уни топтаса, бўлсин хокипой,
Ким бошга кўтарса — хоки пок бўлсин».

* * *

Мовий дунёлардан бир насим келур,
Майин бу насимга ҳавасим келур.
Жисмим бунда менинг, руҳим ундадир —
Мовий дунёлардан нафасим келур.

Менинг хотиротим — заминдек қадим,
Ёшим баробардир Қуёш ёшига.
Лекин ҳеч бепарво қарай билмадим
Хилқатнинг ҳар битта гулу тошига.

Гуллар ўзлигини англадими, бас,
Тош ҳам тошлигига иқрорми бугун?..
Чап кўкракда санчиқ ҳамон босилмас,
Икки қош ўртаси тугундир, тугун.

Тошлар чатнай бошлар, гулларда титроқ,
Сегоҳ оҳангида эсади насим…
Ҳали бу дунёда яшайман узоқ,
Ҳали бу дунёдан қайтмас нафасим.

 

ХАЗАРДАН МУЖДАЛАР

Расул Ризо ва Нигор Рафибейли хотирасига. Анорнинг «Сизсиз» хотира-қиссасини ўқиб

1

Қуёш ҳар галгидай чиқиб ботади,
Одамлар ўшадир, дунё ўшадир.
Ўртада узун бир фирқат ётади,
Бу фирқат дардимга дардлар қўшадир.

Севгини қалдирғоч каби елкада
Авайлаган турна бўлиб учдилар.
Ўртада бахт, севинч, ўртада кадар,
Совуқ иқлимларни тилиб учдилар.

Турна уча-уча охир толган кун,
Узун қанотларин йиғиб олган кун —
Дунё ҳаракатдан тамом тўхтаган,
Менинг кўзларимда қотиб қолган кун.

Ҳаёт, қанотларга тўзим бер, тўзим,
Ҳар баҳор, ҳар кузда фалакда кўзим.

2

Мени ўлдиради ҳар гал қаро тун,
Мени тирилтирар ҳар гал тонготар.
Бу ранглар дунёси шундоқ талотум,
Умрим ўртигида узаниб ётар.

Мен етим рангларни туйдим оламда,
Қичқирган рангларни ушлаб кўрдим мен.
Рангларга қўшилиб йиғладим ғамда,
Рангларга қўшилнб шодмон юрдим мен.

Тушундим, рангларга беланиб юриб,
Ранг олгин ё ўзинг бирон ранг қўшгил.
Тушундим, рангларни англамай туриб
Дунёни англамоқ мушкулдир, мушкул.

Расул ранглаб кетган дунёми бу ё —
Ё Расул англаган рангларми дунё?..

3

Расул борки, кўнглинг тўқ экан,
Кўрсанг кўнглинг тоғ бўлур, Нигор.
Дунёда жуфт тоқат йўқ экан,
Тоқатларинг тоқ бўлур, Нигор.

Чақирасан… столда очиқ
Шеърларини варақлар шамол.
Ёстиқ ҳўлдир, жиққа ҳўл сочиқ,
Йиқиласан тағин бемажол.

«Мен ярим умрман, қолгани — Расул,
Қани ул, қайдадир қолган ярими?
Бу қандай уғулту, шеър ўқирми ул,
Ё буюк Хазарнинг долғаларими?..»

Шамолнинг қаноти синмайди энди,
Денгиз гувиллашдан тинмайди энди.

4

Расул йўқ… Нигорга бир кун оқибат
Бизнинг Зулфиядан мактуб етади:
«Ўзингизни тутинг, ҳали шеърият
Сиздан куч ва мардлик талаб этади».

Бу на оддий таскин ва на ҳамдардлик,
Шоирам, бу талқин келмасин малол.
Сизга тиланган бу сабот ва мардлик —
Ўттиз етти йиллик таржимаи ҳол.

Одамлар ичида жиндай кам қирқ йил
Танҳо яшамоқнинг ўзи бўлмагай.
Кошки «сабот, мардлик» қолибон сабил,
Ҳамид ҳам ўлмагай, Расул ўлмагай…

Топиб йўқотганинг раҳматга тўлсин,
Йўқотиб топганинг шеърият бўлсин.

5

Ўлим барҳақ дерлар, ўлим-ку бу бор,
«Расулсиз дунёда яшагим йўқдир».
Ўлим тўшагида ётибди Нигор,
Йўқ, ёлғон, ўлимнинг тўшаги йўқдир.

«Мен ахир паймона, бир кун тўларман,
Ҳеч кимса эшитмас фарёдларимни».
Дейди: «Мен уйқуда турна бўларман»
Ва қоқиб қўяди қанотларини.

Фалакда жуфтини йўқотган замон
Тошларга ўзини отган оқ қушсан.
«Расула на ўлуб?» — қалбингда гумон,
Жуфтини йўқотган танҳо-тоқ қушсан.

Оқ қушим, фалакдан ўзингни отдинг.
Ўзингдан ўзга сен кимни йўқотдинг…

6

Мана, ташвишларда ўтмоқда дунё,
Расулсиз, Нигорсиз кун чиқиб ботар.
Янги уфқларга кетмоқда дунё,
Одамлар ажойиб туш кўриб ётар.

Нозимнинг рўёбга чиқиб матлаби,
Жонлана бошлайди туркий битиклар.
Расулнинг куйлаган ранглари каби
Камалаклар секин қаддини тиклар.

Самода чақмоқлар чақар қарсиллаб,
Шивала бошлайди абри найсонлар.
Шамоллар сочингни ўтади силаб,
Турналарга тўлиб кетар осмонлар.

Турналар қайтмоқда, баҳор, ҳей, баҳор,
Қайтиб келишмоқда Расул ва Нигор.

7

Эй, сен, саркаш шоир, тунда шеър ёзиб,
Кўзга ёш, бағрингга қон тўлган укам,
Гоҳо ортга қайтиб, гоҳ вақтдан ўзиб,
Етти олам сенда жам бўлган укам.

Неки муқаддаслик бордир очунда —
Шеърлар бағишлайсан масъул, бош эгиб
Талотумлар аро шул қаро тунда
Ногоҳ ланг очилиб кетар эшигинг.

Озурда жон укам, қувонгил, қувон,
Эшигинг очган на шамол, на елдир.
Бу бахт сенга насиб, шоир — навжувон,
Хонангга ё Расул, ё Нигор келди,

Шоир деганига шу бахт буюрсин,
Эшиги ҳар кеча очилиб турсин.

8

Кун бўйи не учун кўк кийди осмон,
Нечун ботар чоқда қуёш қорайди?
Уфқда қора қуёш — қорачиқсимон,
Шафақ—қип-қизил кўз — кимга қарайди?

Ҳамалнинг боши-ку, нега булут йўқ,
Расул бор ғуборни олиб кетдими?
Кўзимга оч ранглар кўринмоқда тўқ,
Рангларга Расул сир солиб кетдими?

Баҳор баробардир яхши-ёмонга,
Мана, турфа рангга бўянмоқда ул.
Эгилиб мен Расул кетган томонга —
Тупроққа қарайман — уйғонмоқда ул.

Қайта бошлангувчи ҳаёт андадир,
«Баҳор на нозанда, на нозандадир»*.

* Нигор Рафибейли мисраси.

9

Ўзлигин топмоққа интилади шеър,
Ҳали шеърнинг ҳамду саноси кўпдир…
Йўл дея аталмиш шу сўзнинг, ахир,
Луғату ҳаётда маъноси кўпдир.

Сен қайғу чекарсан, алам чекарсан,
Кимлардир «йўлини қилиб» юрибди.
Ушбу йўлга сен-ку умринг тикарсан,
Кимлардир устингдан кулиб юрибди.

Йўлларни кўрдинг сен — ғурбатга тўлган,
Боши берк йўлларда юрганинг бордир.
Йўлидан қайтмасдан йўлларда ўлган,
Йўлдан қайтганларни кўрганинг бордир.

Нозимлар, Расуллар қўлласин сени,
Имонинг ҳақ йўлга йўлласин сени…

МАНА, МИНГ ЙИЛДИРКИ…

Мана, минг йилларки, соҳилда ётган
Қақраган бу тошга сув теккани йўқ.
Қуёшнинг
оловли селида қотган,
Чеккани оҳи йўқ,
оҳ чеккани йўқ.

Тўлқинман,
денгизнинг қаъридан келган —
Шоҳона шамолни кўтариб бошга.
Тўлқинман,
соҳилга зарб-ла урилган —
Етмоқ бўлиб қақраган тошга.

Етолмай, тойсам-да ҳолдан дафъатан,
Қолган масофани чамалаб,
санаб —
Соҳилга тирмашиб ётавераман
Тирноқларим қонаб, тишларим қонаб.

Ортдаги тўлқиннинг шиддати бошқа,
Ул
менинг елкамдан гулдираб ўтсин.
Соҳилда минг йил сув тегмаган тошга
Ортимдаги тўлқинлар етсин.

* * *

Тарихим, ҳой олис-олисим менинг,
Бнтигим, ҳой тили ғализим менииг.
Тикилган ўтовим Румдан Чингача,
Мешлардан тўкилган қимизим менинг,
Сенинг дардларингни қандоқ англайин?

Вайрон ёдномалар, аччиқ хотирлар,
Қўллари жиловда қолган шотирлар,
Ўзин илдизига болта кўтарган,
Ўзининг чодирин чопган ботирлар…
Кимлар кўтардийкин улар танглайин?

Гоҳ кўчиб, гоҳ қўниб ётган будунсан,
Ярми музда тўниб ётган будунсан,
Ярми ўтда ёниб ётган будунсан.
Кўрсат, ўшал ўтда ёнайин мен ҳам,
Ўшал музликларда мен ҳам тўнглайин.

Тошларда мангу тош қотган шуҳратим,
Қумларда кўмилиб ётган фикратим.
Отлар дупуридан ер билан яксон,
Турбатда зичлашиб ётган қудратим,
Керишиб уйғонгинг келар тонглайин.

Халқнинг мангуликка узанған қўли,
Тоғлари йиғлаган — шўр эрур кўли.
Не-не шўришлардан чиққансан омон,
Кимнинг қуёш сари тушаркан йўли —
Қуёш ўзи силар унииг манглайин.

* * *

Тарих — оғир карвон —
тинмай йўл босар,
Янгратиб туну кун қўнғироқларин…
Уйқуга кирмоқда манови шаҳар
Ўчириб энг сўнгги жинчироқларин.

Карвон ташда қолиб кетар беаёв.
Соқчилар зўрға кўз очиб пинакдан —
Бу келган дўстмикан ё босқинчи ёв,
Дея тикилишар унга шинакдан.

Шаҳар қопқалари ёпилган маҳкам,
Карвон термулади шаҳарга ичкин.
Лекин онҳазратнинг буйруғини ҳам
Ушбу салтанатда бузолмас ҳеч ким.

Шаҳар ухлаб ётар тонгга қадар то,
Ороми бузилмас ҳеч битта жоннинг.
Қўнғироқ саси ҳам тинмайди аммо,
Кутишга вақти йўқ карвоннинг…

ВАҲИМА

Ҳар гал Бухорони кезганда чандон
Ваҳмга тушаман тошларга боқиб.
Манови — минора, манови — зиндон…
Ва кимдир ортимдан қилади таъқиб.

Қайроқи майдондан кираман Аркка —
Ўрта асрлардан қолган асотир.
Бу тор ҳужраларда талпиниб эркка
Суяги чириган ботирлар ётур.

Аниқ эшитаман — бонгдай жаранглар
Кўксимда юракнинг ҳар бир зарбаси.
Деворлар ортидан кимдир аланглар,
Ортимдан илашган кимнинг шарпаси?..

Шаҳар — жангдан кейин тин олган ўрда,
Осор-атиқалар турибди мудраб.
Тентийман мен тору танг кўчаларда
Ожиз чумолидай лошимни судраб.

Қай қадим бинога боқмай — усталар,
Бунда қилишмоқда тарихни таъмир…
Ногоҳ қаҳқаҳ уриб уйғонар шаҳар,
— Уни ушланг! — дея амр этар амир.

Оёғим чалишиб қоча бошлайман,
Лекин шаҳар мени қўйиб юбормас.
Кўчага юзтубан ўзни ташлайман,
Шунда бошим узра гумбурлар бир сас:

«Умидим шулмиди, сендан, эй болам,
Минг бора тирилиб, минг бора ўлиб,
Сенинг кўзларингда кўрмай деб алам,
Ўтга кирганимда Муқанна бўлиб.

Умидим шулмиди, сокин ҳаётни,
Тинчгина ғалвирлар тўқишни ташлаб,
Торобий шаклида мен тумонотни
Эрк учун курашга борганда бошлаб.

Қоматинг ростлагин, бошингни кўтар,
Ғафлат уйқусидан руҳингни уйғот.
Қаддингни тикласанг минорга етар,
Юзтубан йиқилмак бизнинг руҳга ёт…»

Ҳар гал Бухорони кезганда чандон
Ваҳмга тушаман тошларга боқиб.
Манови — минора, манови — зиндои…
Ва руҳлар ортимдан қилади таъқиб.

САБОҚЛАР

Навоий сабоғи

Навоийданки мен жиддий сабоқ уқдим,
Бу дунёда қаро недур, не оқ — уқдим.

Кечиб ҳою ҳавасдан, ҳирсу таъмадан,
Илм истаб, Самарқандни қилиб маскан,

Ани шеър сеҳри буткул девона этмиш,
Йигитлик умрини фарзона этмиш.

Юракда дард недур, не айтарин билди,
Ҳиротга оқибат ул қайтарин билди.

Шаҳаншоҳ дўсти этмиш мартаба тортиқ,
Улусни қўйди ул мартабадан ортиқ.

Ҳаловатдин кечибон йўқни бор этди,
Лисонут-туркка умрин ул нисор этди.

Агарчи форсигўй они мазах қилди,
Бу тил имконидин элни огаҳ қилди.

Бугун эрса баёнингда бирор ноқис,
Бу тил ожиз эмасдур, сен ўзинг ожиз.

Тушимда гоҳ элим, гоҳи тилим кўрдим,
Тилимдин нолиган аҳли улум кўрдим.

Сенингдек ожизи илм таҳ-батаҳ бўлса,
Ва Ҳазрат ушбу ҳолданким огаҳ бўлса,

Ки беш юз йилни бир четга суриб келгай,
Навоий қабридин бул кун туриб келгай.

Бобур сабоғи

Мадад тиламайман ҳеч кимдан,
Ишонмайман худоларимга.
Жирканаман зафарларимдан,
Ўчим бордир хатоларимга.

Ватан! Ватан! Армондир ҳамон,
Ёлғон! Соғинмадим қовунни.
Салтанатим мендек бедармон,
Мен юрибман тахтга овуниб.

Жанг-жадалдан гарчи ҳормадим,
Ҳинддан таскин тополмасман мен.
Юртга лашкар тортиб бормадим,
Ўз чодирим чополмасман мен.

Қон тўкмакка менда йўқ ройиш,
Бугун сенга дардимни ёрдим.
Истаб юрт-ла сулҳу осойиш
Такрор-такрор элчи юбордим.

Шул салтанат меникидур, бас,
Ўзим мазҳаб, дину фирқаман.
Мен жаҳонгир бобомдан эмас,
Олис авлод, сендан қўрқаман:

Ўлган шердан зўр эрур муш ҳам,
Бул ҳақиқат аён ўзимға.
Хатосин тан олган — мард, болам,
Болам, қора тортма юзимға.

Султон суягини хўрламас,
Султон халқлар дунёга келгай.
Суякларим сурма бўлур, бас,
Икки кўзим сенга тикилгай.

Мустабидлар йўриғи бўлак,
Мен зафардан кўкрак кермасман.
Кўксимдагн тош эмас — юрак,
Ҳар қолипга сиғавермасман.

Йўқ қаламдан бўлак шукуҳим,
Тақдиримнинг мазмуни — ҳижрон…
Сенга қолди охирги ҳукм,
Сенга қолди охирги ижро…

Қодирий сабоғи

Сўз боради «Ўтган кунлар»дан,
«Олис мозий» қонланиб келар,
Кўзларда ёш аччиқ унлардан,
…Ва Қодирий жонланиб келар.

«Эркка фидо қилсин деб жонни,
Отабекни бош қилган эдим.
Айбим шулки, Худоёрхонни,
Азизбекни фош қилган эдим.

Мен адолат бўғилган дамлар —
Ёздим—журъат тошдек қотганин.
Юсуфбеклар ичида ғамлар,
Исёнларнинг ёниб ётганин.

Мен куйладим аҳду вафодан,
Шаккар муҳаббатдан куйладим.
Зайнаб каби бахти қародан —
Заҳар муҳаббатдан куйладим».

Оҳ, бизлар ҳам шундай севсайдик,
Ёниб-куйиб, келолмай ҳушга…
Отабекнинг хати етмайди,
Бошқа хатлар тегар Кумушга.

— Кумуш, сенга асл хат тегар,
Лекин ортиқ қувонма, дилдор,
Умум халқда бахт йўқса агар,
Шахсий бахтдан сўз очмоқ бекор.

Устоз шундоқ ёниб сўзлайди,
Урғу бериб ҳар бир маънога.
Ортда бир қиз ичдан бўзлайди…
Суҳбат кўчиб ўтар Раънога.

— Замон қиличидан томар қон,
Халқ кўзида жаҳолат — хобдир.
Раънодаги жасорат, нсён
Ҳатто бугунда ҳам ноёбдир…

Дарс тугайди, қайтамиз ҳориб,
Тунлар тушимизга киради
Маъруф, масъум, малул, музтариб
Қодирийнинг ўшал суврати.

«Ҳам алам, ҳам қаламим билан
Калом битдим, болам, сен учун.
Ҳали гапим кўп эди, болам,
Мени қандай тушунсанг тушун…»

Абдулла Қаҳҳор сабоғи

Ижодкор деган хос мартаба йўқдир,
Ижод — қора меҳнат, аёвсиз меҳнат.
Истеъдод ижодни тутгувчи ўқдир,
Тағин сув-ҳаводай зарур — Ҳақиқат.

Ижодда «лаббай!», «хўп бўлади!» эмас,
Тортишув, баҳс бўлмоғи лозим.
Ижодқор елпаррак эмас ахир, бас,
Аввало шахс бўлмоги лозим,

Елкангни қисганча тепага эмас,
Виждон кўзи бнлан сен пастга қара.
Тоғнинг-ку қорлари бўлмагай абас,
Дарада сув борми, не ҳолда дара?

Парвариш ҳақида бир оғиз гапим:
Истиқболни ўйлаб, ўйлаб иқболни —
Парвариш — бўронда чўнг чинор каби
Асраб қола билмоқ ҳар бир ниҳолни.

Сенга кўп умидли кўзлар тикилган,
Тарбиячи эрсанг — ҳалол, оқил бўл.
«Манови зумраша…» дея дуч келган
Ҳар битта қулоққа чўзаверма қўл.

Кўнглингни тутмагин ёзганингдан тўқ,
Адолат дасти бўл, ҳақнинг қўли бўл.
Ишрат, фароғатлар қули эмас, йўқ,
Меҳнаткаш шу халқнинг кўзи, тили бўл.

Ўзингни аяма, токи имкон бор —
Муттасил ўзинг-ла қилавергин жанг…
Шунда ёзганингга қўнган ҳар ғубор
Учар енгилгина пуфлаб ташласанг.

Охирги сабоқ

Мени кутиб турар мустақил ҳаёт,
Менга шафқат қилмас шафқатсиз дайр.
Хайр, Қашқадарё, хайр, Қўнғирот,
Тайёралар, хайр, поездлар, хайр.
Лабларимни тишлаб, ночор, билдирмай,
Ичимга ютганча кўз ёшларимни,
Ташлаб кетаётган курсдошларимдай,
Ташлаб кетмоқдаман курсдошларимни.

Номаълум келажак жилмайиб зимдан
Энди ҳолинг қалай, дея тикилди.
Бугун ажраляпман мен дўстларимдан,
Бугун фурсат менга хиёнат қилди,
Беш йил адабиёт нималигини
Устозлар уқтирди, зўр сабоқ олдим.
Англадим коинот нималигини,
Лекин ҳаёт нима?
Англамай қолдим.

Беш йилни жамласам мен ушбу кунда,
Умримнинг суронли долғаларида —
Тўрт йилим ўтибди дорилфунунда,
Бир йилим — Сирдарё далаларида.
Эндигина англаб етяпман мен
Дунёнинг ҳамон нотугаллигини.
Лекин айтолмасдан кетяпман мен
Сенинг кўзларингнинг гўзаллигини.

Меҳнаткаш ўлкамнинг ёмғир, қорида
Беминнат, хокисор ҳаддингни севдим.
Кеч кузнинг намреза пахтазорида
Эгатга эгилган қаддингни севдим.
Севдим, кўзларингда қадимий баёт
Севгидек тан олмас зўрлик, қулликни.
Дўстлар тимсолида, қутлайман, ҳаёт,
Сенга қадам қўйган мустақилликни.

* * *

Ёмғиринг кутдим гиёҳдек ташнаи гирён бўлиб,
Қовжиратдинг сен оташда бебулут осмон бўлиб.

Тонг кавокибдан ёғар шабнам дея келгач ваҳий
Мен қадаҳ тутдим фалакка лолалардек қон бўлиб.

Дайр ели эсса агар шабнам инолмай зор экан,
Япроғим учди қуюнда сайри саргардон бўлиб,

Қилмагандим мен ахир дунёни дунёдан талаб,
Дунё айланди бошимда тоши тегирмон бўлиб.

Кимга хору кимга гул эрдим ва мен кетсам қолур
Қанча дил шодмон бўлиб, қанча кўнгил вайрон бўлиб.

Ишқда йўқ менга ажал, қайтиб келурман дунёга
Дарё — Усмон, майса — Усмон, лолазор — Усмон бўлиб.

Sahifa shoir tavalludining 65 yilligiga bagʻishlanadi

Shofirkon deyilsa, koʻhna Vardonze xotirlanadi. Vardonze desa bepoyon Qizilqum sahrosi, ustod Ayniy tasvirlagan Jilvon va choʻl kengliklari xayolga keladi. Usmon Qoʻchqor ana shu yurtning sodiq farzandi, ana shu diyor odamlarining maʼnaviy-axloqiy tushuncha, holat va haqiqatlarini sheʼriyatda aks ettirgan dono shoir. Donoligi shundaki u inson siyratini gap bilanmas, kayfiyat, ehtiros va hol taʼsirida poklash sirlarini ochadi.

Ibrohim HAQQUL
SHOIR NAFASI – OʻCHMAS NAFAS
Usmon Qoʻchqorni xotirlab
077

Har nafasing holidin ogoh boʻl,
Balki anga hush ila hamroh boʻl…
Alisher Navoiy

Sharq maʼrifat oʻlkasi, sheʼriyat vatani degan fikr butun dunyoda qadimdan eʼtirof etilib, tan olingan. Biroq olis moziyning biror davri yo zamonida sheʼriyat va shoirlik ravnaqi uchun siyosiy, diniy, mafkuraviy, ijtimoiy cheklov, taʼqib yoki tazyiqlardan xoli bir erkinlik muhitiga erishilmagan. Shu bois koʻpdan-koʻp qalamkashlar voqelik bilan yuzma-yuz kelishdan qochib, maʼnaviy erkinlikdan kechib, xavf-xatarga giriftor etmaydigan gʻoya va mavzularda qalam yuritishga oʻtib olishgan. Bu tajriba toʻxtaganmas, hamon davom etayotir. Axloq-odob, ishq-muhabbat, vatanparvarlik, xalqni sharaflash, yorqin kelajak orzusiga doir qofiyali gaplar buning yorqin misolidir. Millatning umumiy saviyasi oʻsib, didi shakllanmaguncha, bunday asarlar yoʻlini toʻsib boʻlmaganidek, soni ham koʻpaysa koʻpayadiki, kamaymaydi. Qochgan ham, quvgan ham oʻzini adabiyot odami hisoblagach, badiiy ijod namunalarini saralash tuygʻusi susayib, ularga tanqidiy qaray olmaslik koʻnikmaga aylanadi. Biz bugun shunaqa betaraflik va loqaydlikka koʻnikish, adabiy tanqidga befoyda urinish deb qarash holatini boshdan kechirayotirmiz. Bundan-da yomoni boshqa. Talantsiz va oʻrtamiyonachi qalamkashlarning birlashuvi, talantli ijodkorlarning bunday “birlik”ka befarq qarashi adabiyotga hamisha zarar tugʻdirgan va bundan keyin ham shunday boʻlaveradi. Chunki Olloh isteʼdod, demakki, shaxsiyatdan qisgan kimsalar haddini bilmaganidek, qoʻlidan nima ish kelishi, qilgan ishi nimaga yarashini ham toʻgʻri tasavvur etisholmaydi. Eng yomoni, koʻzlangan maqsadni ruyobga chiqarish, shon-shuhrat qozonish, nomini “abadiylashtirish” uchun bu toifa hech qanday tubanlik, nokaslik va uyatsizlikdan qaytishmaydi. Ularning ozroq eʼtibor topgan vakillari tarafdor va murid toʻplashni ham yozgan narsalarni u yoki bu laqqi munaqqid, nafosat hissidan mahrum adabiyotshunosga maqtatishni ham uddalaydi. Bu holat sovet adabiyoti tarixining turli davrlarida turli manzara va darajada namoyon boʻlib kelgan. Shu sabab adabiyotga hech aloqasi yoʻq kimsalar ham unvon, mukofot, mansabu martabalarni egallab, koʻp jildliklarini nashr qildirishgan.

Xoʻsh, istiqloldan keyin ahvol oʻnglandimi? Yoʻq, avvalgidan ham battar boʻldi. Adabiyot asta-sekinlik bilan shon-shuhrat qullari, haqiqat jalloblariyu, maddohlik sarbonlari qoʻliga oʻtib ketdi. Toʻrt-besh ijodkor tajribalari inobatga olinmasa haqiqiy adabiyotlik quvvatini , adabiyot boy berdi. Vaqt-soat yetibmi  yoki boshqa bir sababdanmi maddohlik “shohsupasi”ni egallagan  ustozlardan biri diliga choʻkkan hasratini ochiq soʻzladi:

Har koʻchada ming mirshab,
Har goʻshada avaxta.
Haq deganning ogʻzi berk,
Qon yutar laxta-laxta…

Toʻgʻrigoʻylar bir chetda,
Eʼzozdadir igʻvogar.
Qaytdik oʻrta asrga,
Odam pullar savdogar.
Ming yillik xazinangni
Talab yotar oʻgʻri, gʻar…

Yovuzlikning qoʻlida
Gulday vatanim qoldi.
Boshida panohi yoʻq
Tulday vatanim qoldi.

Shoirlikda hayajonga berilish ham, mubolagʻa ila olovni alangalatish yoki shaxsiy holat doirasidan chiqolmay nolayu figʻonni kuchaytirish ham boʻladi. Yuqoridagi misralardagi gaplarni hayot haqiqatiga toʻla muvofiq keladi, deyish qiyinroqdir. Ammo alamu nadomatdan yoʻgʻrilgan ushbu aybnomani yolgʻon yo boʻhtonga chiqarish ham insofdan emas.

051995 yildan to 2016 yilgacha toʻgʻrilik, haqgoʻylik, erkinlikka sodiq qolishga uringanlar fojia ildizini yaxshi biladi. Toʻgʻrigoʻylarning ogʻzi bekilib, laxta-laxta qon yutgani, halollik va insof quvgʻin qilinib, oʻgʻri va muttaham eʼzoz topganiyu, ilm-fan, maʼrifat buhronga yoʻliqqani – bularning hammasi rost. Bularni inkor qilish – zulm va zoʻravonlikni quvvatlab, qullik, mutelik, qoʻrquv va notavonlikni oqlash, yoxud xaspoʻshlash bilan barobardir. Ming afsuski, juda koʻp shoir, adib va olimlar goh sukut, goh yolgʻon, koʻpincha riyo va tilyogʻlamalik bilan ijtimoiy-siyosiy oʻsha qabihlikning barqarorlashuviga munosib hissa qoʻshdilar. Albatta, mazkur mudhish jarayonga aralashmay, oʻzini chetga tortgan ijodkorlar ham bor edi. Bu oʻrinda Rauf Parfi, Jamol Kamol, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron, Matnazar Abdulhakimlar qatorida shoir Usmon Qoʻchqor nomini ham eslash joizdir.

Imon butun, yurak samimiy,
Osmon cheksiz, koʻklar begʻubor.
Quyosh yaqin, tuproq qadimiy,
…Va yashaging keladi ming bor.

Shoirdan shoirligini yulib olib, uni maʼnan halok etadigan har turli ofatlardan Usmon oʻzini qutqaza bilgandi. Kurashda, sinovda yengilmaslik uning sobit ishonchi edi.

Men baxtimni sinayman yana,
Nigohlarim shunda boʻlur oʻq.
Ovozimda vazmin tantana,
Va qoʻllarim yetmagan yer yoʻq.

Soʻzni soʻzga bogʻlab, qofiyani qofiyaga qovushtirib, koʻp takrorlangan fikrlarni sheʼr deb taqdiim etish oson. Lekin shoir boʻlib maydonga chiqib, shoir oʻlaroq shakllanib, soʻnggi nafasigacha shoirligiga sodiq qola biladiganlar juda ozdir. Niyat mana bunday oliy va samimiy boʻlsa, shoirlikka na xiyonat, na qalloblik aralashmaydi:

Jondan ortiq sevaman, deya
Har puchmohda koʻkrak kermasman.
Tabiatki ishq bergan menga,
Men hech kimga uni bermasman.

Tirikligim oʻzing-ku, zotan,
Oʻlimim ham senga atalgan.
Men betimsol muhabbat bilan
Aylanaman bir kun Vatanga.

Chin shoirning holati ham, taqdiri ham boshqacha boʻlmaydi: vatanda dunyoga kelib, tuproqqamas, Vatanga aylanadi. Usmonning tolei buning bir misolidir.

Bobolardan meros kurash barhayot,
Men unga tobora qattiq bogʻlandim.

Bu bogʻlanish va izdoshlik ruhi shoirni qancha sezgirlashtircha, yanada hushyorlashtiradi va u xoinni xoin, sotqinni sotqin qiyofada koʻrmoqdan adashmaydi:

Vaqt oʻtib qiyofang ming tusga kirdi,
Miyigʻda jilmayib turibsan hozir.
Agar tirik boʻlsa seni tanirdi,
Bugun ham Joʻlqunboy yo Usmon Nosir…

Usmon “Navoiy sabogʻi”, “Bobur sabogʻi”, “Qodiriy sabogʻi” degan bir necha sheʼr yozgan. Buyuklardan uning olgan ilk sabogʻi Erk, Shaxs va Millat ozodligi. Qulda din, dinda bandasiga qullik, qaramlik boʻlmagani bois Usmon dinning shoirona taʼrifini yaratadi:

Erk – dunyoda eng muqaddas din,
Hurlik – dunyodagi oliy mazhabdir.
Kim agar hur boʻlsa – tavofga loyiq,
Erkini anglagan kishi dahodir…
Kimki hur emas –ul taqvodor emas,
Kim erkin yoʻqotsa – dindan chiqqandir.

Erkinlik va erkni anglashni millat va mamlakat ozodligidan ajratib boʻlmaydi. Shu bois qanchalik qiyin boʻlmasin, bu masalada yolgʻon, havoyi tasavvurdan saqlanish zarur:

Bu Vatanni men uzoq sevdim,
Sevdim, mendan uzoq boʻldi u.
Bu Vatanni men erkim devdim,
Va lekin erkimga tuzoq boʻldi u.

Bu soʻzlarda ming-minglab hurriyatparastlarning dil hasrati aksini topgan, desa xato boʻlmas. Shoir buni kindik qoni tomgan zamin oʻgʻlonlari misolida ham koʻrgan.

Shofirkon deyilsa, koʻhna Vardonze xotirlanadi. Vardonze desa bepoyon Qizilqum sahrosi, ustod Ayniy tasvirlagan Jilvon va choʻl kengliklari xayolga keladi. Usmon Qoʻchqor ana shu yurtning sodiq farzandi, ana shu diyor odamlarining maʼnaviy-axloqiy tushuncha, holat va haqiqatlarini sheʼriyatda aks ettirgan dono shoir. Donoligi shundaki u inson siyratini gap bilanmas, kayfiyat, ehtiros va hol taʼsirida poklash sirlarini ochadi. Shoir istiqlol kurashchilariga bagʻishlangan sheʼrida yozadi:

Bizni asramoqqa botinmas hech kim,
Biz ham asrolmadik oʻzlarimizni.
Bizni mahv etolmas hech qanday koʻchkin
Qorlar koʻmolmagay izlarimizni.

Oppoq tongga koʻkrak kerib chiqdik biz,
Ular xilvatlarda pusib yotdilar.
Oh, talay talofot berib chiqdik biz,
Bizni moʻljal olib, tongni otdilar.

Usmon yurakdan turkiy dunyo bilan bogʻlangan zamonasining ziyolilaridan biri edi.

Maʼlumki, ozarbayjon xalqi va adabiyoti dunyoga Nizomiy, Nasimiy, Fuzuliy, Voqif, Husayn Jovid singari daho sanʼatkorlarni kamolga yetkazib bergan. Buyuk Nasimiy odamni oʻzini bilishini Haqni bilish bilan teng qoʻygan:

Gar seni sen tanimishsan begumon,
Sendadur Haq, Senda koʻr Haqni ayon.

Usmon mana shunday maʼrifat sultonlari ot surgan adabiyotning chin oshigʻi edi. U ozar ijodkorlaridan Husayn Jovid, Anor, Voqif Samad oʻgʻli asarlarini ona tilimizga mahorat bilan tarjima qilgandi. Yunus Oʻgʻuzning uch tarixiy romani – “Amir Temur”, “Malika va jahongir”, “Sulton Alp Arslon”ni ham oʻzbek kitobxoni Usmon tarjimasida oʻqimoqda.

Adabiyotshunos olima Gulnoza Sattorova boshqa birov oʻzbekchalashtirgan romani koʻngildagiday chiqmaganini Yunus Oʻgʻuzga aytganida u “Ey voh, men Usmonni qayerdan topay…” deya oh tortibdi. Darhaqiqat, nainki shoir, adib, tarjimon, noshir, balki mustaqil shaxs sifatida ham Usmon topilmas insonlardan edi. U hayotni, tiriklikni sevar, sheʼrda olamning turfa-turfa ohanglarini tiriltirardi:

Bu dunyodan tayin oʻtarim,
Lekin buncha chiroyli olam.
Yuragingda yursang koʻtarib,
Hatto shirin tuyuladi gʻam.

Choʻqqilarga ketsam yuksalib,
Pastda qolib ketar adirlar.
Ular meni choʻqqidan yulib,
Qaytararlar – shunga qodirlar.

Chalqancha yot hayqirar osmon,
Yuztuban yot guldiraydi yer.
Yurakdan qon boʻlib bearmon,
Tomirlarga qoʻyiladi sheʼr.

Tabiat, tabiat fasllari, ayniqsa, bahor shoir yuragida butkul yangi va muazzam ohanglar uygʻotadi:

Yurak mehvaridan olam aylanar,
Nogohon bahorlar soladi faryod.
Daraxtlar boshida shovullab turar,
Yulduzlar jimgina tilaydi imdod…

Ijodiy turmushda shunday bir davr boʻladi: koʻp izlanish, toʻxtovsiz mutolaa va mushohada qilishga toʻgʻri keladi. Soʻng shunday bir fursat yetadi: kam oʻqish, chuqur fikrlab, oz soʻzlash ehtiyoji uygʻonadi. Shu holatga yuksalmagan ijodkor taxayyul halovati, sukut farogʻati va maʼrifat zavqini his etolmaydi. Usmon bularni bir butun holda idrok qilib sheʼrga ruhoniy fayzini olib kirish maqomiga yetgan edi. Afsuski, umri qisqa ekan koʻpdan-koʻp kashf va maʼnolarni oʻzi bilan olib ketdi. Undan yodgor qolgan sheʼr va dostonlar ham hazilakam sheʼriy meros emas. Gap uni anglash, qadrlash va el-yurtga yetkaza bilishda. Usmon tirikligida tuzukroq bir kitobining nashrini ham koʻrmay ketdi. Uning toʻplamlarini chiqarishdan oʻquvchilarga, boʻlajak ijodkorlarga koʻp maʼnaviy foyda yetishiga aslo shubhalanmayman. Hayot va umid, sabr va bardosh shoiri siymosida Usmon yashashdan sira toʻxtamaydi.

Yobonlardan oʻtib borsang,
Nogoh quyib bersa yomgʻir.
Tut ostiga yetib borsang,
Nafas olsang ogʻir-ogʻir.

Yogʻsa yomgʻir chiqib changi,
Kelsa bulut qorayib.
Oʻchib ketgan ufqlar rangi
Qamrab olsa torayib.

Yomgʻir tusli ezgulikni
Sigʻdirolmay yurakka –
Bor riyo, bor razillikni
Otging kelar koʻlmakka…

Bizga tanish va qadrdon bu manzara yurakni abadiy soflik, daxlsiz ezgulik, boqiy kenglik va soʻnmas shodlikka chorlaydi. Yurakning “bor riyo, bor razillikdan” qutilishi inson hayotidagi beqiyos gʻalabadir.

Doʻppi boshga tor kelsa agar,
Ustun kelsa azob-uqubat.
Xoqon yolgʻon soʻzlaydi magar,
Fuqarosin aldar oqibat…

Oʻz qovmingga bir umr magar,
Sen-ku yolgʻon soʻylab tolmassan.
Piru murshid boʻlsang ham agar –
Faqat meni alday olmassan.

Xayriyat, shunday shoirlar, dunyoning hirsu havasiga taslim boʻlmaydigan adibu olimlar bor. Shular bor ekan yolgʻon, aldov, riyo, hiyla lashkarlari hech qachon gʻolib boʻlolmaydi va chin ijodkorning haqligini hayot takror-takror isbotlayveradi. Afsuski, bundan saboq oluvchilar soni barcha zamonlardagidek, bugun ham juda kamdir.

Doʻrmon. 25.11.2018

088Usmon QOʻCHQOR
SHEʼRLAR
04

Usmon Qoʻchqor 1953 yilning 15 iyulida Buxoro viloyatining Shofirkon tumanida tugʻilgan. Toshkent Davlat universiteti (hozirgi OʻZMU)ning filologiya fakultetini tugatgan. Gʻafur Gʻulom nomidagi Adabiyot va sanʼat nashriyotida (1975—1977), Shofirkonda ona tili va adabiyoti oʻqituvchisi (1977—1979), “Oʻzbekiston” nashriyotida muharrir (1979—1986), “Choʻlpon” nashriyotida (1986—1988), “Yoshlik” jurnalida, “Maʼnaviyat” nashriyotida bosh muharrir lavozimida (1988—1996) ishlagan.

Usmon Qoʻchqorning birinchi sheʼriy toʻplami 1982 yilda “Hayajonga koʻmilgan dunyo” nomi bilan chop etilgan. “Akssiz sadolar” (1986), “Uyqudagi minora” (1987), “Ogʻir karvon” (1991), “Chamangul”, “Shiroq” kabi sheʼriy kitoblari chop etilgan. Shoirning “Ogʻir karvon” nomli sheʼriy toʻplamiga kirgan koʻpchilik sheʼrlari inson ruhiyati, ruhiy olami, maʼnaviyati haqida bitilgan goh qasida, goh pamflet boʻlib yangraydi. Shoir “Quvgʻin” dostonida qatagʻonlik davri aziyatlari, iztirob va alamlari haqida hikoya qiladi.

U ozarbayjon adiblaridan Sayyid Imoddiddin Nasimiyning “Men bu jahonga sigʻmasman” sheʼrlar toʻplamini, Husayn Jovidning “Amir Temur” dramasini, Jalil Mammadqulizodaning qissa va hikoyalarini, Yusuf Samad oʻgʻlining “Qatl kuni”, Anorning “Besh qavatli uyning oltinchi qavati” va boshqa asarlarini oʻzbek tiliga tarjima qilgan.

2017 yil 21 sentyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.

TUPROQ

1

Bu yurtning togʻlari, sangzorlari koʻp,
Daryoyu soylari undan-da koʻproq.
Lekin barchasidan muqaddas, margʻub,
Tabarruk sanalgay bu yurtda tuproq.

2

Donishmand singari vazmin, ataylab
Tuproqqa egilgan tollarni koʻrdim.
Kaftida chaqaloq kabi avaylab
Tuproqni hidlagan chollarii koʻrdim.

— Yetilibdi, — deya shivirlab shu choq
Piri dehqon yerga choʻkar ekan tiz. —
Nafas ola boshlar qadimiy tuproq,
Uygʻona boshlaydi miig yillik ildiz.

3

Yurtning qismatidan pushmon, nadomat,
Behudud anduhlar chekib ketgan koʻp.
Bisotida boʻlsa qancha haqorat,
Barin shu tuproqqa toʻkib ketgan koʻp.

Kim uchun bu yurtning ganji muhimdir,
Kim uchun bu yurtning tuprogʻi xoʻbroq.
Kimdir sanoch-sanoch tillolar, kimdir
Tuproq olib ketdi, bir siqim tuproq.

Odam tirik ekan — sogʻinch oʻlmaydi,
Vatanni qoʻmsasang bir kun vaqt oʻtib —
Tilloni koʻzlarga surtib boʻlmaydi,
Yigʻlab boʻlmaydi-ku tilloni oʻpib…

4

Umr-ku chirpirab oʻtguvchi quyun,
Galma-gal hammaga navbat yetishgay.
Marhumni zaminga qoʻygandan keyin
Ustiga siqimlab tuproq sepishgay.

— Yaxshi odam edi, — bu bir tasallo
Har gal meni ogʻir oʻyga toldirdi.
Jismi ajdodlarga qoʻshildi, ammo
Avlodlariga nima qoldirdi?

5

Olis istiqbolga oʻychan tikilgan,
Necha bor adashgan — zol erur bu yurt.
Har qanday neklikni qibla deb bilgan,
Duoga qoʻl ochgan chol erur bu yurt.

«Bu yurtni avayla, ruhing, bolam, hoy,
Kelajak oldida toki pok boʻlsin.
Kim uni toptasa, boʻlsin xokipoy,
Kim boshga koʻtarsa — xoki pok boʻlsin».

* * *

Moviy dunyolardan bir nasim kelur,
Mayin bu nasimga havasim kelur.
Jismim bunda mening, ruhim undadir —
Moviy dunyolardan nafasim kelur.

Mening xotirotim — zamindek qadim,
Yoshim barobardir Quyosh yoshiga.
Lekin hech beparvo qaray bilmadim
Xilqatning har bitta gulu toshiga.

Gullar oʻzligini angladimi, bas,
Tosh ham toshligiga iqrormi bugun?..
Chap koʻkrakda sanchiq hamon bosilmas,
Ikki qosh oʻrtasi tugundir, tugun.

Toshlar chatnay boshlar, gullarda titroq,
Segoh ohangida esadi nasim…
Hali bu dunyoda yashayman uzoq,
Hali bu dunyodan qaytmas nafasim.

XAZARDAN MUJDALAR

Rasul Rizo va Nigor Rafibeyli xotirasiga. Anorning “Sizsiz” xotira-qissasini oʻqib

1

Quyosh har galgiday chiqib botadi,
Odamlar oʻshadir, dunyo oʻshadir.
Oʻrtada uzun bir firqat yotadi,
Bu firqat dardimga dardlar qoʻshadir.

Sevgini qaldirgʻoch kabi yelkada
Avaylagan turna boʻlib uchdilar.
Oʻrtada baxt, sevinch, oʻrtada kadar,
Sovuq iqlimlarni tilib uchdilar.

Turna ucha-ucha oxir tolgan kun,
Uzun qanotlarin yigʻib olgan kun —
Dunyo harakatdan tamom toʻxtagan,
Mening koʻzlarimda qotib qolgan kun.

Hayot, qanotlarga toʻzim ber, toʻzim,
Har bahor, har kuzda falakda koʻzim.

2

Meni oʻldiradi har gal qaro tun,
Meni tiriltirar har gal tongotar.
Bu ranglar dunyosi shundoq talotum,
Umrim oʻrtigida uzanib yotar.

Men yetim ranglarni tuydim olamda,
Qichqirgan ranglarni ushlab koʻrdim men.
Ranglarga qoʻshilib yigʻladim gʻamda,
Ranglarga qoʻshilnb shodmon yurdim men.

Tushundim, ranglarga belanib yurib,
Rang olgin yo oʻzing biron rang qoʻshgil.
Tushundim, ranglarni anglamay turib
Dunyoni anglamoq mushkuldir, mushkul.

Rasul ranglab ketgan dunyomi bu yo —
Yo Rasul anglagan ranglarmi dunyo?..

3

Rasul borki, koʻngling toʻq ekan,
Koʻrsang koʻngling togʻ boʻlur, Nigor.
Dunyoda juft toqat yoʻq ekan,
Toqatlaring toq boʻlur, Nigor.

Chaqirasan… stolda ochiq
Sheʼrlarini varaqlar shamol.
Yostiq hoʻldir, jiqqa hoʻl sochiq,
Yiqilasan tagʻin bemajol.

«Men yarim umrman, qolgani — Rasul,
Qani ul, qaydadir qolgan yarimi?
Bu qanday ugʻultu, sheʼr oʻqirmi ul,
Yo buyuk Xazarning dolgʻalarimi?..»

Shamolning qanoti sinmaydi endi,
Dengiz guvillashdan tinmaydi endi.

4

Rasul yoʻq… Nigorga bir kun oqibat
Bizning Zulfiyadan maktub yetadi:
«Oʻzingizni tuting, hali sheʼriyat
Sizdan kuch va mardlik talab etadi».

Bu na oddiy taskin va na hamdardlik,
Shoiram, bu talqin kelmasin malol.
Sizga tilangan bu sabot va mardlik —
Oʻttiz yetti yillik tarjimai hol.

Odamlar ichida jinday kam qirq yil
Tanho yashamoqning oʻzi boʻlmagay.
Koshki “sabot, mardlik” qolibon sabil,
Hamid ham oʻlmagay, Rasul oʻlmagay…

Topib yoʻqotganing rahmatga toʻlsin,
Yoʻqotib topganing sheʼriyat boʻlsin.

5

Oʻlim barhaq derlar, oʻlim-ku bu bor,
“Rasulsiz dunyoda yashagim yoʻqdir”.
Oʻlim toʻshagida yotibdi Nigor,
Yoʻq, yolgʻon, oʻlimning toʻshagi yoʻqdir.

«Men axir paymona, bir kun toʻlarman,
Hech kimsa eshitmas faryodlarimni».
Deydi: “Men uyquda turna boʻlarman”
Va qoqib qoʻyadi qanotlarini.

Falakda juftini yoʻqotgan zamon
Toshlarga oʻzini otgan oq qushsan.
“Rasula na oʻlub?” — qalbingda gumon,
Juftini yoʻqotgan tanho-toq qushsan.

Oq qushim, falakdan oʻzingni otding.
Oʻzingdan oʻzga sen kimni yoʻqotding…

6

Mana, tashvishlarda oʻtmoqda dunyo,
Rasulsiz, Nigorsiz kun chiqib botar.
Yangi ufqlarga ketmoqda dunyo,
Odamlar ajoyib tush koʻrib yotar.

Nozimning roʻyobga chiqib matlabi,
Jonlana boshlaydi turkiy bitiklar.
Rasulning kuylagan ranglari kabi
Kamalaklar sekin qaddini tiklar.

Samoda chaqmoqlar chaqar qarsillab,
Shivala boshlaydi abri naysonlar.
Shamollar sochingni oʻtadi silab,
Turnalarga toʻlib ketar osmonlar.

Turnalar qaytmoqda, bahor, hey, bahor,
Qaytib kelishmoqda Rasul va Nigor.

7

Ey, sen, sarkash shoir, tunda sheʼr yozib,
Koʻzga yosh, bagʻringga qon toʻlgan ukam,
Goho ortga qaytib, goh vaqtdan oʻzib,
Yetti olam senda jam boʻlgan ukam.

Neki muqaddaslik bordir ochunda —
Sheʼrlar bagʻishlaysan masʼul, bosh egib
Talotumlar aro shul qaro tunda
Nogoh lang ochilib ketar eshiging.

Ozurda jon ukam, quvongil, quvon,
Eshiging ochgan na shamol, na yeldir.
Bu baxt senga nasib, shoir — navjuvon,
Xonangga yo Rasul, yo Nigor keldi,

Shoir deganiga shu baxt buyursin,
Eshigi har kecha ochilib tursin.

8

Kun boʻyi ne uchun koʻk kiydi osmon,
Nechun botar choqda quyosh qoraydi?
Ufqda qora quyosh — qorachiqsimon,
Shafaq—qip-qizil koʻz — kimga qaraydi?

Hamalning boshi-ku, nega bulut yoʻq,
Rasul bor gʻuborni olib ketdimi?
Koʻzimga och ranglar koʻrinmoqda toʻq,
Ranglarga Rasul sir solib ketdimi?

Bahor barobardir yaxshi-yomonga,
Mana, turfa rangga boʻyanmoqda ul.
Egilib men Rasul ketgan tomonga —
Tuproqqa qarayman — uygʻonmoqda ul.

Qayta boshlanguvchi hayot andadir,
“Bahor na nozanda, na nozandadir”*.

* Nigor Rafibeyli misrasi.

9

Oʻzligin topmoqqa intiladi sheʼr,
Hali sheʼrning hamdu sanosi koʻpdir…
Yoʻl deya atalmish shu soʻzning, axir,
Lugʻatu hayotda maʼnosi koʻpdir.

Sen qaygʻu chekarsan, alam chekarsan,
Kimlardir “yoʻlini qilib” yuribdi.
Ushbu yoʻlga sen-ku umring tikarsan,
Kimlardir ustingdan kulib yuribdi.

Yoʻllarni koʻrding sen — gʻurbatga toʻlgan,
Boshi berk yoʻllarda yurganing bordir.
Yoʻlidan qaytmasdan yoʻllarda oʻlgan,
Yoʻldan qaytganlarni koʻrganing bordir.

Nozimlar, Rasullar qoʻllasin seni,
Imoning haq yoʻlga yoʻllasin seni…

MANA, MING YILDIRKI…

Mana, ming yillarki, sohilda yotgan
Qaqragan bu toshga suv tekkani yoʻq.
Quyoshning
olovli selida qotgan,
Chekkani ohi yoʻq,
oh chekkani yoʻq.

Toʻlqinman,
dengizning qaʼridan kelgan —
Shohona shamolni koʻtarib boshga.
Toʻlqinman,
sohilga zarb-la urilgan —
Yetmoq boʻlib qaqragan toshga.

Yetolmay, toysam-da holdan dafʼatan,
Qolgan masofani chamalab,
sanab —
Sohilga tirmashib yotaveraman
Tirnoqlarim qonab, tishlarim qonab.

Ortdagi toʻlqinning shiddati boshqa,
Ul
mening yelkamdan guldirab oʻtsin.
Sohilda ming yil suv tegmagan toshga
Ortimdagi toʻlqinlar yetsin.

* * *

Tarixim, hoy olis-olisim mening,
Bntigim, hoy tili gʻalizim meniig.
Tikilgan oʻtovim Rumdan Chingacha,
Meshlardan toʻkilgan qimizim mening,
Sening dardlaringni qandoq anglayin?

Vayron yodnomalar, achchiq xotirlar,
Qoʻllari jilovda qolgan shotirlar,
Oʻzin ildiziga bolta koʻtargan,
Oʻzining chodirin chopgan botirlar…
Kimlar koʻtardiykin ular tanglayin?

Goh koʻchib, goh qoʻnib yotgan budunsan,
Yarmi muzda toʻnib yotgan budunsan,
Yarmi oʻtda yonib yotgan budunsan.
Koʻrsat, oʻshal oʻtda yonayin men ham,
Oʻshal muzliklarda men ham toʻnglayin.

Toshlarda mangu tosh qotgan shuhratim,
Qumlarda koʻmilib yotgan fikratim.
Otlar dupuridan yer bilan yakson,
Turbatda zichlashib yotgan qudratim,
Kerishib uygʻonging kelar tonglayin.

Xalqning mangulikka uzangʻan qoʻli,
Togʻlari yigʻlagan — shoʻr erur koʻli.
Ne-ne shoʻrishlardan chiqqansan omon,
Kimning quyosh sari tusharkan yoʻli —
Quyosh oʻzi silar uniig manglayin.

* * *

Tarix — ogʻir karvon —
tinmay yoʻl bosar,
Yangratib tunu kun qoʻngʻiroqlarin…
Uyquga kirmoqda manovi shahar
Oʻchirib eng soʻnggi jinchiroqlarin.

Karvon tashda qolib ketar beayov.
Soqchilar zoʻrgʻa koʻz ochib pinakdan —
Bu kelgan doʻstmikan yo bosqinchi yov,
Deya tikilishar unga shinakdan.

Shahar qopqalari yopilgan mahkam,
Karvon termuladi shaharga ichkin.
Lekin onhazratning buyrugʻini ham
Ushbu saltanatda buzolmas hech kim.

Shahar uxlab yotar tongga qadar to,
Oromi buzilmas hech bitta jonning.
Qoʻngʻiroq sasi ham tinmaydi ammo,
Kutishga vaqti yoʻq karvonning…

VAHIMA

Har gal Buxoroni kezganda chandon
Vahmga tushaman toshlarga boqib.
Manovi — minora, manovi — zindon…
Va kimdir ortimdan qiladi taʼqib.

Qayroqi maydondan kiraman Arkka —
Oʻrta asrlardan qolgan asotir.
Bu tor hujralarda talpinib erkka
Suyagi chirigan botirlar yotur.

Aniq eshitaman — bongday jaranglar
Koʻksimda yurakning har bir zarbasi.
Devorlar ortidan kimdir alanglar,
Ortimdan ilashgan kimning sharpasi?..

Shahar — jangdan keyin tin olgan oʻrda,
Osor-atiqalar turibdi mudrab.
Tentiyman men toru tang koʻchalarda
Ojiz chumoliday loshimni sudrab.

Qay qadim binoga boqmay — ustalar,
Bunda qilishmoqda tarixni taʼmir…
Nogoh qahqah urib uygʻonar shahar,
— Uni ushlang! — deya amr etar amir.

Oyogʻim chalishib qocha boshlayman,
Lekin shahar meni qoʻyib yubormas.
Koʻchaga yuztuban oʻzni tashlayman,
Shunda boshim uzra gumburlar bir sas:

«Umidim shulmidi, sendan, ey bolam,
Ming bora tirilib, ming bora oʻlib,
Sening koʻzlaringda koʻrmay deb alam,
Oʻtga kirganimda Muqanna boʻlib.

Umidim shulmidi, sokin hayotni,
Tinchgina gʻalvirlar toʻqishni tashlab,
Torobiy shaklida men tumonotni
Erk uchun kurashga borganda boshlab.

Qomating rostlagin, boshingni koʻtar,
Gʻaflat uyqusidan ruhingni uygʻot.
Qaddingni tiklasang minorga yetar,
Yuztuban yiqilmak bizning ruhga yot…»

Har gal Buxoroni kezganda chandon
Vahmga tushaman toshlarga boqib.
Manovi — minora, manovi — zindoi…
Va ruhlar ortimdan qiladi taʼqib.

SABOQLAR

Navoiy sabogʻi

Navoiydanki men jiddiy saboq uqdim,
Bu dunyoda qaro nedur, ne oq — uqdim.

Kechib hoyu havasdan, hirsu taʼmadan,
Ilm istab, Samarqandni qilib maskan,

Ani sheʼr sehri butkul devona etmish,
Yigitlik umrini farzona etmish.

Yurakda dard nedur, ne aytarin bildi,
Hirotga oqibat ul qaytarin bildi.

Shahanshoh doʻsti etmish martaba tortiq,
Ulusni qoʻydi ul martabadan ortiq.

Halovatdin kechibon yoʻqni bor etdi,
Lisonut-turkka umrin ul nisor etdi.

Agarchi forsigoʻy oni mazax qildi,
Bu til imkonidin elni ogah qildi.

Bugun ersa bayoningda biror noqis,
Bu til ojiz emasdur, sen oʻzing ojiz.

Tushimda goh elim, gohi tilim koʻrdim,
Tilimdin noligan ahli ulum koʻrdim.

Seningdek ojizi ilm tah-batah boʻlsa,
Va Hazrat ushbu holdankim ogah boʻlsa,

Ki besh yuz yilni bir chetga surib kelgay,
Navoiy qabridin bul kun turib kelgay.

Bobur sabogʻi

Madad tilamayman hech kimdan,
Ishonmayman xudolarimga.
Jirkanaman zafarlarimdan,
Oʻchim bordir xatolarimga.

Vatan! Vatan! Armondir hamon,
Yolgʻon! Sogʻinmadim qovunni.
Saltanatim mendek bedarmon,
Men yuribman taxtga ovunib.

Jang-jadaldan garchi hormadim,
Hinddan taskin topolmasman men.
Yurtga lashkar tortib bormadim,
Oʻz chodirim chopolmasman men.

Qon toʻkmakka menda yoʻq royish,
Bugun senga dardimni yordim.
Istab yurt-la sulhu osoyish
Takror-takror elchi yubordim.

Shul saltanat menikidur, bas,
Oʻzim mazhab, dinu firqaman.
Men jahongir bobomdan emas,
Olis avlod, sendan qoʻrqaman:

Oʻlgan sherdan zoʻr erur mush ham,
Bul haqiqat ayon oʻzimgʻa.
Xatosin tan olgan — mard, bolam,
Bolam, qora tortma yuzimgʻa.

Sulton suyagini xoʻrlamas,
Sulton xalqlar dunyoga kelgay.
Suyaklarim surma boʻlur, bas,
Ikki koʻzim senga tikilgay.

Mustabidlar yoʻrigʻi boʻlak,
Men zafardan koʻkrak kermasman.
Koʻksimdagn tosh emas — yurak,
Har qolipga sigʻavermasman.

Yoʻq qalamdan boʻlak shukuhim,
Taqdirimning mazmuni — hijron…
Senga qoldi oxirgi hukm,
Senga qoldi oxirgi ijro…

Qodiriy sabogʻi

Soʻz boradi “Oʻtgan kunlar”dan,
“Olis moziy” qonlanib kelar,
Koʻzlarda yosh achchiq unlardan,
…Va Qodiriy jonlanib kelar.

«Erkka fido qilsin deb jonni,
Otabekni bosh qilgan edim.
Aybim shulki, Xudoyorxonni,
Azizbekni fosh qilgan edim.

Men adolat boʻgʻilgan damlar —
Yozdim—jurʼat toshdek qotganin.
Yusufbeklar ichida gʻamlar,
Isyonlarning yonib yotganin.

Men kuyladim ahdu vafodan,
Shakkar muhabbatdan kuyladim.
Zaynab kabi baxti qarodan —
Zahar muhabbatdan kuyladim».

Oh, bizlar ham shunday sevsaydik,
Yonib-kuyib, kelolmay hushga…
Otabekning xati yetmaydi,
Boshqa xatlar tegar Kumushga.

— Kumush, senga asl xat tegar,
Lekin ortiq quvonma, dildor,
Umum xalqda baxt yoʻqsa agar,
Shaxsiy baxtdan soʻz ochmoq bekor.

Ustoz shundoq yonib soʻzlaydi,
Urgʻu berib har bir maʼnoga.
Ortda bir qiz ichdan boʻzlaydi…
Suhbat koʻchib oʻtar Raʼnoga.

— Zamon qilichidan tomar qon,
Xalq koʻzida jaholat — xobdir.
Raʼnodagi jasorat, nsyon
Hatto bugunda ham noyobdir…

Dars tugaydi, qaytamiz horib,
Tunlar tushimizga kiradi
Maʼruf, masʼum, malul, muztarib
Qodiriyning oʻshal suvrati.

«Ham alam, ham qalamim bilan
Kalom bitdim, bolam, sen uchun.
Hali gapim koʻp edi, bolam,
Meni qanday tushunsang tushun…»

Abdulla Qahhor sabogʻi

Ijodkor degan xos martaba yoʻqdir,
Ijod — qora mehnat, ayovsiz mehnat.
Isteʼdod ijodni tutguvchi oʻqdir,
Tagʻin suv-havoday zarur — Haqiqat.

Ijodda “labbay!”, “xoʻp boʻladi!” emas,
Tortishuv, bahs boʻlmogʻi lozim.
Ijodqor yelparrak emas axir, bas,
Avvalo shaxs boʻlmogi lozim,

Yelkangni qisgancha tepaga emas,
Vijdon koʻzi bnlan sen pastga qara.
Togʻning-ku qorlari boʻlmagay abas,
Darada suv bormi, ne holda dara?

Parvarish haqida bir ogʻiz gapim:
Istiqbolni oʻylab, oʻylab iqbolni —
Parvarish — boʻronda choʻng chinor kabi
Asrab qola bilmoq har bir niholni.

Senga koʻp umidli koʻzlar tikilgan,
Tarbiyachi ersang — halol, oqil boʻl.
“Manovi zumrasha…” deya duch kelgan
Har bitta quloqqa choʻzaverma qoʻl.

Koʻnglingni tutmagin yozganingdan toʻq,
Adolat dasti boʻl, haqning qoʻli boʻl.
Ishrat, farogʻatlar quli emas, yoʻq,
Mehnatkash shu xalqning koʻzi, tili boʻl.

Oʻzingni ayama, toki imkon bor —
Muttasil oʻzing-la qilavergin jang…
Shunda yozganingga qoʻngan har gʻubor
Uchar yengilgina puflab tashlasang.

Oxirgi saboq

Meni kutib turar mustaqil hayot,
Menga shafqat qilmas shafqatsiz dayr.
Xayr, Qashqadaryo, xayr, Qoʻngʻirot,
Tayyoralar, xayr, poyezdlar, xayr.
Lablarimni tishlab, nochor, bildirmay,
Ichimga yutgancha koʻz yoshlarimni,
Tashlab ketayotgan kursdoshlarimday,
Tashlab ketmoqdaman kursdoshlarimni.

Nomaʼlum kelajak jilmayib zimdan
Endi holing qalay, deya tikildi.
Bugun ajralyapman men doʻstlarimdan,
Bugun fursat menga xiyonat qildi,
Besh yil adabiyot nimaligini
Ustozlar uqtirdi, zoʻr saboq oldim.
Angladim koinot nimaligini,
Lekin hayot nima?
Anglamay qoldim.

Besh yilni jamlasam men ushbu kunda,
Umrimning suronli dolgʻalarida —
Toʻrt yilim oʻtibdi dorilfununda,
Bir yilim — Sirdaryo dalalarida.
Endigina anglab yetyapman men
Dunyoning hamon notugalligini.
Lekin aytolmasdan ketyapman men
Sening koʻzlaringning goʻzalligini.

Mehnatkash oʻlkamning yomgʻir, qorida
Beminnat, xokisor haddingni sevdim.
Kech kuzning namreza paxtazorida
Egatga egilgan qaddingni sevdim.
Sevdim, koʻzlaringda qadimiy bayot
Sevgidek tan olmas zoʻrlik, qullikni.
Doʻstlar timsolida, qutlayman, hayot,
Senga qadam qoʻygan mustaqillikni.

* * *

Yomgʻiring kutdim giyohdek tashnai giryon boʻlib,
Qovjiratding sen otashda bebulut osmon boʻlib.

Tong kavokibdan yogʻar shabnam deya kelgach vahiy
Men qadah tutdim falakka lolalardek qon boʻlib.

Dayr yeli essa agar shabnam inolmay zor ekan,
Yaprogʻim uchdi quyunda sayri sargardon boʻlib,

Qilmagandim men axir dunyoni dunyodan talab,
Dunyo aylandi boshimda toshi tegirmon boʻlib.

Kimga xoru kimga gul erdim va men ketsam qolur
Qancha dil shodmon boʻlib, qancha koʻngil vayron boʻlib.

Ishqda yoʻq menga ajal, qaytib kelurman dunyoga
Daryo — Usmon, maysa — Usmon, lolazor — Usmon boʻlib.

07

(Tashriflar: umumiy 467, bugungi 3)

1 izoh

  1. Иброҳим Ҳаққул — улкан ватанпарвар, маърифатпарвар зот. Мен шахсан ҳеч иккиланмасдан эътироф эта олган том маънодаги закий ва жўмард Олим ҳамда Инсон! Умрлари узун бўлсин!

    Абдували. Самарқанд

    P.S. Хуршед ака, сайтингиз билан ҳеч боглана олмаяпман. Саводим етишмаяпти чоғи, материал узатмоқчи эдим. Узр, малол келмаса маилимга клик юборсанглар! Эҳтиром билан Абдували (Эшқобил Вали)

Izoh qoldiring