Erkin A’zam. Yoniq deraza & Nurulloh Muhammad Raufxon. Ziyoli

01Таниқли навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққул таваллудининг 70 йиллигига

Деразаларимиз рўбарў: биримизники кўчанинг бериги бетида, биримизники нариги томонда. Кечалари ўқтин-ўқтин ўша ёққа кўз тушади. Деразада шуъла кўринса, кўнгилга бир илиқлик киради. Чироқ ёниқ, демак, домла уйда. Ишлаяпти. Домла уйдалик чоғлари тун-алламаҳалда ҳам, субҳи козибда ҳам чироғи ёниқ бўлади.

Эркин АЪЗАМ
ЁНИҚ ДЕРАЗА
031

11Деразаларимиз рўбарў: биримизники кўчанинг бериги бетида, биримизники нариги томонда. Кечалари ўқтин-ўқтин ўша ёққа кўз тушади. Деразада шуъла кўринса, кўнгилга бир илиқлик киради. Чироқ ёниқ, демак, домла уйда. Ишлаяпти. Домла уйдалик чоғлари тун-алламаҳалда ҳам, субҳи козибда ҳам чироғи ёниқ бўлади.

Яхши-да, домла шу ерда, ана деразалари порлаб турибди – ҳам кўча ёруғ, ҳам қўшнининг кўнглида илиқлик.

Дам-бадам кўзи хиралашаётганидан шикоят қилади-ю, эртаю кеч китобу қоғоздан бош кўтармайди бу одам. Шифтдаги чироқ устига тунчироқни ҳам ёқиб қўйиб, олдида бир тўққиз китоб, узун столнинг бош томонида ўтириб олганча қоғоз титгани-титган.

Маза! Дўрмон сокин, Дўрмон кимсасиз, борлиқ оппоқ қор остида, хона иссиққина, уй тўла китоб, калла тўла фикру ғоя – маза-да!

– Худога бир феълимиз ёққан чоғи, мана шундай жойлар насиб этди, – дейди домла гоҳи қаноат билан. – Бу ерларда ё дам олгани келиб-кетиб юрадиган бойваччалар, ё сизу бизга ўхшаган қоғозбанд кексалар турмаса, бошқаси қочиб кетади. Бундаги жимлигу кимсасизликка чидаёлмайди-да!
Рўбарў яшайтуриб гоҳо ҳафталаб, гоҳо ойлаб учрашмаймиз. Бу ҳолни домла бир сўз билангина изоҳлайди: кайфият. Биз ҳам қўшайлик: риндфеъллик. Бирмунча тажанглик ҳам бор. Кўнгил бағоят ингичка… Майли деймиз, қўйиб берамиз. Ўзимиз ҳам қанду асал эмаслигимиз аён-да.
Гоҳида эса – оёқлар қақшамай турган, кайф чоқ маҳаллар домла у дарвозадан, биз бу дарвозадан қўлбола таёғимизни судраб аста чиқамиз. Суянмаймиз, йўқ, шунчаки эрмакка. Эрмак ҳам деб бўлмас, дала жойлар, тунда адашган кучук-мушук учраб қолиши бор-да. Раҳматли Абдулла ака (Орипов) ҳам оппоқ либосда, отасидан мерос гулдор ҳиссани тутганча Хизр бувага ўхшаб шу ерларда юрарди денг…

Кучук-мушукдан бошқа ҳам савол-жавоблар етарли: Ижод уйида янгиланиб турадиган дўсту ёрлар учраб, безор қилади: “Қўлингиздагини отворинг-э! Ҳозирданоқ ҳасса тутиб!..” Биз ҳам бўш келмаймиз: “Буни ташласак, бемаза шеър ёзадиган шоирларнинг бўйнига нима билан соламиз?!”

Домла дарвозадан чиқасолиб сўрайди:
– Темирйўлгами ё УКка? – Қаергача бориб қайтамиз, дегани.

Темирйўл – тоққа қатновчи поездлар кесиб ўтадиган кўча бўйидаги паккамиз, УК дегани эса – “Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйи унитар корхонаси”. Бояги бизни ёш кўрмоқни хоҳлайдиган меҳрибонлар шу ердан чиқади.

– Кўринмайсиз, домулло-о?
– Суҳбат дар анжуман дебмишлар…

Оҳангдор қилиб “домулло-о” дейишимизнинг тарихи бор. Ўзини “Туғилган ватанида муҳожир Муҳаммад Салим” деб атагувчи Худо раҳмат қилгур қўшни акахонимиз бор эди. Афғону Америкаларда яшаб, кексайган чоғи она тупроққа кўмилмоқ орзусида келган ватандошимиз. Домлага жуда ихлоси баланд эди, “Кўп китоб кўргон! Аллома, аллома!” дея алқарди уни. Ўша киши ажиб бир эҳтиром билан “домулло” деб атарди-да.

– Бунақада тамом шайхи зоҳид бўлиб қоладилар-ку, тақсир?

– Қидирганини уйдан тополмаган одам кўчага чиқиб кетар экан. Устоз Қаҳҳорнинг гапи!

– Ана, кўчадан бери келмайдиганлар ҳам бор…
– Қўяверинг, унақаларнинг уйидан илонми-чаёнми чиққан бўлса керак-да.

“Суҳбат дар анжуман…” Биласиз, ёшликда одам уйда ўтиролмайди. Юраги тошиб кетаверади. Гўёки қайдадир нимадир ажойиб бир воқеа бўлаётиру, сиз бехабар! Сизсиз! Югурасиз, чопасиз. Борсангиз – ўша-ўша гап, ўша-ўша манзаралар. Қайтасиз. Бўшашиб. Ҳафсала пир, кўнгил ҳувиллаган. Бора-бора, айниқса, ёш ўтавериб баридан зерикасиз, чарчайсиз. Унча-мунча жойга оёқ тортмайди. Издиҳомни, ҳатто тўрт-беш мардум тўпланиб турган даврани ҳам четлаб ўтгингиз келади. Ёввойиликданмикан бу? Одамовиликдир балки? Йўқ, ҳар муомала-мулоқотнинг юки бор, кишини гоҳо асосий машғулотдан чалғитади. Энди кўпроқ уйда ўтирсам дейсиз, кўнгил ёлғизликка мойил. Кечагина теварак-атрофдан қидирган нарсангизни энди ўзингиздан, кўнглингиздан излай бошлайсиз: танҳолик ўй-мушоҳадаларидан, тўплаган бор хазинангиз – китоблардан, мангу мусоҳиблардан… Бу давра катта, кенг: Мавлоно Румий, Навоий ва Жомий ҳазратлари, Мирзо Бобур, устод Дониш ва Айний…

Бир одамга, бир олимга етмайдими шулар?!

Издиҳомда туғиладиган ўй-фикрлар эса оний, омонат, сийқа ва кўпинча вайронкор… Шусиз ҳам шикаста дилни баттар вайрон этиб не наф? Умр эса беписанд ўтиб бормоқда…

– Қани, домулло, гапиринг-чи, оламда нима янгиликлар?

– Мани янгиликка ишим йўқ, жўра, эскиликлари етади манга. Навоий бобонинг бир байтлари бор…

Навоий бобонинг байти кўплиги маълум, унча-мунчасини ўзимиз ҳам ўқиганмиз, лекин домланинг лафзидан бир бўлакча чиқади: илк бор эшитаётгандек мияга чиппа муҳрланади. У киши шундай мароқли нақл қиладики, ҳазрат Навоий бамисоли ўзининг туққан бобоси ёхуд, ҳеч бўлмаса, бир умрлик мусоҳиб ҳамсояси дейсиз!

Ҳай, навоийшунос Навоийдан гапиради-да, нима қипти, дерсиз. Йўқ-да, домла кейин Толстой бобога ўтади, ундан Чеховга… Бу ёғи эса яқин – Абдулла Орипов, Рауф Парфи… Юзлаб байт, минглаб сатр… Бари ёдаки!

Темирйўл паккасидан қайтиларкан, яқин бир соатлик шу гурунг бир ҳафталик адабий сабоқдан кам бўлмаганини ҳис этасиз ва дарвоза олдида туриб хўшлашилаётганда, илойим келаси сафар домланинг оёқлари оғримасин, димоғи ҳам чоқ бўлсин, деб ният қиласиз.

Вақт-бемаҳал қоронғиликни ёриштириб турадиган деразадаги чироқ яна кўп йиллар шуъла сочиб чарчамасин!

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
ЗИЁЛИ
031

Мамлакатда ёзувчи, шоир, олим кўп, аммо чинакам зиёли кам. Қўлида қалами бўлса-ю, юрагида зиёси бўлмаса, бунинг устига, феълида уқувсиз, хўйида ичиқора бўлса, бундай “ақлли”дан теваракка асло зиё таралмайди! Аксинча, одамларга фақат зиён келади! Ички маданияти тубанлигидан тўплумни тўғри издан чиқазиб, қинғир изга солиб юбориши ҳам мумкин. Яъни, дуз-тўғри кетаётганни ҳам адаштиради, ёп-ёруғда мўлжални йўқоттиради, теп-текис йўл қолиб ўнқир-чўнқирга бошлайди, ўзи машъала тутолмагани етмаганидек, бошқасининг қўлидаги машъалани ҳам сўндиришга ташаббус қилиб қолади, оламни ахлоқий, маънавий қоронғиликка ботириб ташлайди.

Бунақаларни қандай ҳам зиёли дейсиз! Зиёнлидир у, зиёнли…

Чинакам зиёли миллатининг виждони бўлади. Адашса, тўғри йўлга бошлайди. Тўғри кетаётган бўлса, тезлайди. Хунукни чиройли қилади, чиройлини янада гўзаллаштиради. Қоронғиликда қолса, кўксидан юрагини суғуриб теваракни ёритади. Халқининг қоқ ўртасида туради. Ёнса, қўшилиб ёнади, куйса, у ҳам куяди. Эл-юрт ғамини ўз ғамидан олдинга қўяди. Юраги халқи юраги билан бир уради.

27Иброҳим Ҳаққулни мана шундай чинакам зиёлилардан деб биламан.

Мен Иброҳим акани бир инсон сифатида ҳам, адабиётшунос олим сифатида ҳам ўтган аср 80-йиллари таниганман. Мақолаларини излаб топиб ўқийдиган муаллифларимдан бири эди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир жумласи орқасида ҳақиқий олим одам тургани балқиб билиниб турарди. Нафас янги эди, назар янги эди! Нафақат чиройли ёзарди, балки виждони ҳақ деб билган мавзуларнигина, виждони буюрганинигина ёзарди.

У паллалар “Ёшлик” журналининг “Адабий танқид” бўлимида ишлардим. СССР осмонида ошкоралик шабадаси эса бошлаган бўлса-да, коммунизмнинг худосизлик мафкураси ҳали расман эгаридан тушмаган, қизил одамлар ҳали-ҳануз қип-қизил ғояларга қулликда яшаётган кунлар эди. Иброҳим ака устоз Нажмиддин Комилов билан биргаликда мумтоз адабиётимизни асл ўзанига солиб, тасаввуф таълимоти нуқтаи назаридан таҳлил этишга киришди. Биз кейинги авлодга бу бурилиш ниҳоятда тотли ва мароқли эди. Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам қуруқ жасаднигина тан оладиган мафкурадан зерикиб, эски руҳимизга қайтишни, Оллоҳни, Қуръонимизни, динимизни соғинган эдик. Нажмиддин Комилов ҳам, Иброҳим Ҳаққул ҳам гарчи у замонда динни очиқ оқлаб беришмаган бўлса-да, тасаввуфга хос “Мутлақ куч”, “Олий Борлиқ”, “Олий ҳақиқатлар” каби атамаю иборалар ёрдамида миллатимизга дунёда коммунизм ғоясидан бўлак ҳақиқатлар ҳам борлигини уқтирмоқчи бўлишар эди. Биз айни шу ўзликка томон бурилишни илғаган ва ютоқиб кузатиб бораётган эдик. Эсимда, бир йили “Ёшлик”нинг деярли ҳар сонида бир гал раҳматли Нажмиддин аканинг, бир гал Иброҳим аканинг мақолаларини кетма-кет чопга тайёрлаган эдим.

Кейинчалик тасаввуф адабиёти билан шуғулланиш деярли урфга айланди. Шеърият, айниқса, мумтоз адабиёт билан шуғулланган ҳар киши тасаввуфга мурожаат қилишни бурчи деб билди. Лекин таҳлилда теранлик, мавзуни билиш ва ҳис этиш, ёндашувда тўғрилик жиҳатидан барибир ўзбек адабиётида Нажмиддин Комил билан Иброҳим Ҳаққулнинг ўрнини биров ололмади. Чунки қизиқиш бошқа, билиш бошқадир. Севиш бошқа, англаш бошқадир. Кўриш бошқа, ҳис этиш бошқадир. Томоша қилиш бошқа, яшаш бошқадир.

Иброҳим Ҳаққул қутлуғ етмиш ёшга етибди. Оллоҳ насиб этса, ҳамма ҳам кираверади бунақа ёшга. Саксонларга кирар, тўқсонларга кирар, юзларга кирар, лекин тирикликдан кўзланган муҳим нарса ўша етмиш, саксон, тўқсон ёки юз ёшни қандай яшаб ўтишдир. Менимча, Иброҳим ака орқасига бир қараса, келажак авлод олдида юзи қизарадиган бир иш қилмаганини, аксинча, ижодий ва ижтимоий фаолияти билан бошини тик тутиб юришга ҳақли эканини кўради. Ҳақни ёзди, ҳақни айтди, керак бўлса майдонларга чиқиб халқнинг дардини, орзу-умидларини баралла сўзлади. Ҳатто ошкоралик даврида, юракдаги гапларни эмин-эркин баён этишга имкон берилган даврда ҳам, сиёсат тап этиб ўзгариб эртага бошимга бир бало келиб қолмасин тағин, дея қўрқа-писа инидан чиқмай ётган жуда кўп “зиёли”дан фарқли ўлароқ, ўрис-совет мустамлакасидан озод бўлиш ҳаракатига очиқ қўшилди. Қўшилдигина эмас, маънавий бошлиқларидан бирига айланди. Чинакам зиёлига хос фазилатини кўрсатди.

Гарчи бугун от устида ва ин бошида кеча ин-инида пусиб ётган “маънавиятчи”лар бўлса ҳам, гарчи Иброҳим Ҳаққул сингари чин ватанпарварлар олам ишларидан бир четга суриб қўйилган, азиз отлари қора ё хира рўйхатларга тиркалган бўлса ҳам, замон бундай қолмайди албатта. Тарих бизга берган сабоғига кўра, асл баҳолар эртага берилади, кеча тўғри бўлганлар эртага муносиб қадрини топади, иншаоллоҳ.

TANIQLI NAVOIYSHUNOS OLIM IBROHIM HAQQUL TAVALLUDINING 70 YILLIGIGA

Derazalarimiz roʻbaroʻ: birimizniki koʻchaning berigi betida, birimizniki narigi tomonda. Kechalari oʻqtin-oʻqtin oʻsha yoqqa koʻz tushadi. Derazada shuʼla koʻrinsa, koʻngilga bir iliqlik kiradi. Chiroq yoniq, demak, domla uyda. Ishlayapti. Domla uydalik chogʻlari tun-allamahalda ham, subhi kozibda ham chirogʻi yoniq boʻladi.

Erkin AʼZAM
YONIQ DЕRAZA
031

021Derazalarimiz roʻbaroʻ: birimizniki koʻchaning berigi betida, birimizniki narigi tomonda. Kechalari oʻqtin-oʻqtin oʻsha yoqqa koʻz tushadi. Derazada shuʼla koʻrinsa, koʻngilga bir iliqlik kiradi. Chiroq yoniq, demak, domla uyda. Ishlayapti. Domla uydalik chogʻlari tun-allamahalda ham, subhi kozibda ham chirogʻi yoniq boʻladi.

Yaxshi-da, domla shu yerda, ana derazalari porlab turibdi – ham koʻcha yorugʻ, ham qoʻshnining koʻnglida iliqlik.

Dam-badam koʻzi xiralashayotganidan shikoyat qiladi-yu, ertayu kech kitobu qogʻozdan bosh koʻtarmaydi bu odam. Shiftdagi chiroq ustiga tunchiroqni ham yoqib qoʻyib, oldida bir toʻqqiz kitob, uzun stolning bosh tomonida oʻtirib olgancha qogʻoz titgani-titgan.

Maza! Doʻrmon sokin, Doʻrmon kimsasiz, borliq oppoq qor ostida, xona issiqqina, uy toʻla kitob, kalla toʻla fikru gʻoya – maza-da!

– Xudoga bir feʼlimiz yoqqan chogʻi, mana shunday joylar nasib etdi, – deydi domla gohi qanoat bilan. – Bu yerlarda yo dam olgani kelib-ketib yuradigan boyvachchalar, yo sizu bizga oʻxshagan qogʻozband keksalar turmasa, boshqasi qochib ketadi. Bundagi jimligu kimsasizlikka chidayolmaydi-da!
Roʻbaroʻ yashayturib goho haftalab, goho oylab uchrashmaymiz. Bu holni domla bir soʻz bilangina izohlaydi: kayfiyat. Biz ham qoʻshaylik: rindfeʼllik. Birmuncha tajanglik ham bor. Koʻngil bagʻoyat ingichka… Mayli deymiz, qoʻyib beramiz. Oʻzimiz ham qandu asal emasligimiz ayon-da.
Gohida esa – oyoqlar qaqshamay turgan, kayf choq mahallar domla u darvozadan, biz bu darvozadan qoʻlbola tayogʻimizni sudrab asta chiqamiz. Suyanmaymiz, yoʻq, shunchaki ermakka. Ermak ham deb boʻlmas, dala joylar, tunda adashgan kuchuk-mushuk uchrab qolishi bor-da. Rahmatli Abdulla aka (Oripov) ham oppoq libosda, otasidan meros guldor hissani tutgancha Xizr buvaga oʻxshab shu yerlarda yurardi deng…

Kuchuk-mushukdan boshqa ham savol-javoblar yetarli: Ijod uyida yangilanib turadigan doʻstu yorlar uchrab, bezor qiladi: “Qoʻlingizdagini otvoring-e! Hozirdanoq hassa tutib!..” Biz ham boʻsh kelmaymiz: “Buni tashlasak, bemaza sheʼr yozadigan shoirlarning boʻyniga nima bilan solamiz?!”

Domla darvozadan chiqasolib soʻraydi:
– Temiryoʻlgami yo UKka? – Qayergacha borib qaytamiz, degani.

Temiryoʻl – toqqa qatnovchi poyezdlar kesib oʻtadigan koʻcha boʻyidagi pakkamiz, UK degani esa – “Yozuvchilar uyushmasining “Doʻrmon” ijod uyi unitar korxonasi”. Boyagi bizni yosh koʻrmoqni xohlaydigan mehribonlar shu yerdan chiqadi.

– Koʻrinmaysiz, domullo-o?
– Suhbat dar anjuman debmishlar…

Ohangdor qilib “domullo-o” deyishimizning tarixi bor. Oʻzini “Tugʻilgan vatanida muhojir Muhammad Salim” deb ataguvchi Xudo rahmat qilgur qoʻshni akaxonimiz bor edi. Afgʻonu Amerikalarda yashab, keksaygan chogʻi ona tuproqqa koʻmilmoq orzusida kelgan vatandoshimiz. Domlaga juda ixlosi baland edi, “Koʻp kitob koʻrgon! Alloma, alloma!” deya alqardi uni. Oʻsha kishi ajib bir ehtirom bilan “domullo” deb atardi-da.

– Bunaqada tamom shayxi zohid boʻlib qoladilar-ku, taqsir?

– Qidirganini uydan topolmagan odam koʻchaga chiqib ketar ekan. Ustoz Qahhorning gapi!

– Ana, koʻchadan beri kelmaydiganlar ham bor…
– Qoʻyavering, unaqalarning uyidan ilonmi-chayonmi chiqqan boʻlsa kerak-da.

“Suhbat dar anjuman…” Bilasiz, yoshlikda odam uyda oʻtirolmaydi. Yuragi toshib ketaveradi. Goʻyoki qaydadir nimadir ajoyib bir voqea boʻlayotiru, siz bexabar! Sizsiz! Yugurasiz, chopasiz. Borsangiz – oʻsha-oʻsha gap, oʻsha-oʻsha manzaralar. Qaytasiz. Boʻshashib. Hafsala pir, koʻngil huvillagan. Bora-bora, ayniqsa, yosh oʻtaverib baridan zerikasiz, charchaysiz. Uncha-muncha joyga oyoq tortmaydi. Izdihomni, hatto toʻrt-besh mardum toʻplanib turgan davrani ham chetlab oʻtgingiz keladi. Yovvoyilikdanmikan bu? Odamovilikdir balki? Yoʻq, har muomala-muloqotning yuki bor, kishini goho asosiy mashgʻulotdan chalgʻitadi. Endi koʻproq uyda oʻtirsam deysiz, koʻngil yolgʻizlikka moyil. Kechagina tevarak-atrofdan qidirgan narsangizni endi oʻzingizdan, koʻnglingizdan izlay boshlaysiz: tanholik oʻy-mushohadalaridan, toʻplagan bor xazinangiz – kitoblardan, mangu musohiblardan… Bu davra katta, keng: Mavlono Rumiy, Navoiy va Jomiy hazratlari, Mirzo Bobur, ustod Donish va Ayniy…

Bir odamga, bir olimga yetmaydimi shular?!

Izdihomda tugʻiladigan oʻy-fikrlar esa oniy, omonat, siyqa va koʻpincha vayronkor… Shusiz ham shikasta dilni battar vayron etib ne naf? Umr esa bepisand oʻtib bormoqda…

– Qani, domullo, gapiring-chi, olamda nima yangiliklar?

– Mani yangilikka ishim yoʻq, joʻra, eskiliklari yetadi manga. Navoiy boboning bir baytlari bor…

Navoiy boboning bayti koʻpligi maʼlum, uncha-munchasini oʻzimiz ham oʻqiganmiz, lekin domlaning lafzidan bir boʻlakcha chiqadi: ilk bor eshitayotgandek miyaga chippa muhrlanadi. U kishi shunday maroqli naql qiladiki, hazrat Navoiy bamisoli oʻzining tuqqan bobosi yoxud, hech boʻlmasa, bir umrlik musohib hamsoyasi deysiz!

Hay, navoiyshunos Navoiydan gapiradi-da, nima qipti, dersiz. Yoʻq-da, domla keyin Tolstoy boboga oʻtadi, undan Chexovga… Bu yogʻi esa yaqin – Abdulla Oripov, Rauf Parfi… Yuzlab bayt, minglab satr… Bari yodaki!

Temiryoʻl pakkasidan qaytilarkan, yaqin bir soatlik shu gurung bir haftalik adabiy saboqdan kam boʻlmaganini his etasiz va darvoza oldida turib xoʻshlashilayotganda, iloyim kelasi safar domlaning oyoqlari ogʻrimasin, dimogʻi ham choq boʻlsin, deb niyat qilasiz.

Vaqt-bemahal qorongʻilikni yorishtirib turadigan derazadagi chiroq yana koʻp yillar shuʼla sochib charchamasin!

Nurulloh MUHAMMAD RAUFXON
ZIYOLI
031

Mamlakatda yozuvchi, shoir, olim koʻp, ammo chinakam ziyoli kam. Qoʻlida qalami boʻlsa-yu, yuragida ziyosi boʻlmasa, buning ustiga, feʼlida uquvsiz, xoʻyida ichiqora boʻlsa, bunday “aqlli”dan tevarakka aslo ziyo taralmaydi! Aksincha, odamlarga faqat ziyon keladi! Ichki madaniyati tubanligidan toʻplumni toʻgʻri izdan chiqazib, qingʻir izga solib yuborishi ham mumkin. Yaʼni, duz-toʻgʻri ketayotganni ham adashtiradi, yop-yorugʻda moʻljalni yoʻqottiradi, tep-tekis yoʻl qolib oʻnqir-choʻnqirga boshlaydi, oʻzi mashʼala tutolmagani yetmaganidek, boshqasining qoʻlidagi mashʼalani ham soʻndirishga tashabbus qilib qoladi, olamni axloqiy, maʼnaviy qorongʻilikka botirib tashlaydi.

Bunaqalarni qanday ham ziyoli deysiz! Ziyonlidir u, ziyonli…

Chinakam ziyoli millatining vijdoni boʻladi. Adashsa, toʻgʻri yoʻlga boshlaydi. Toʻgʻri ketayotgan boʻlsa, tezlaydi. Xunukni chiroyli qiladi, chiroylini yanada goʻzallashtiradi. Qorongʻilikda qolsa, koʻksidan yuragini sugʻurib tevarakni yoritadi. Xalqining qoq oʻrtasida turadi. Yonsa, qoʻshilib yonadi, kuysa, u ham kuyadi. El-yurt gʻamini oʻz gʻamidan oldinga qoʻyadi. Yuragi xalqi yuragi bilan bir uradi.

19Ibrohim Haqqulni mana shunday chinakam ziyolilardan deb bilaman.

Men Ibrohim akani bir inson sifatida ham, adabiyotshunos olim sifatida ham oʻtgan asr 80-yillari taniganman. Maqolalarini izlab topib oʻqiydigan mualliflarimdan biri edi. Har bir soʻzi, har bir jumlasi orqasida haqiqiy olim odam turgani balqib bilinib turardi. Nafas yangi edi, nazar yangi edi! Nafaqat chiroyli yozardi, balki vijdoni haq deb bilgan mavzularnigina, vijdoni buyurganinigina yozardi.

U pallalar “Yoshlik” jurnalining “Adabiy tanqid” boʻlimida ishlardim. SSSR osmonida oshkoralik shabadasi esa boshlagan boʻlsa-da, kommunizmning xudosizlik mafkurasi hali rasman egaridan tushmagan, qizil odamlar hali-hanuz qip-qizil gʻoyalarga qullikda yashayotgan kunlar edi. Ibrohim aka ustoz Najmiddin Komilov bilan birgalikda mumtoz adabiyotimizni asl oʻzaniga solib, tasavvuf taʼlimoti nuqtai nazaridan tahlil etishga kirishdi. Biz keyingi avlodga bu burilish nihoyatda totli va maroqli edi. Hayotda ham, adabiyotda ham quruq jasadnigina tan oladigan mafkuradan zerikib, eski ruhimizga qaytishni, Ollohni, Qurʼonimizni, dinimizni sogʻingan edik. Najmiddin Komilov ham, Ibrohim Haqqul ham garchi u zamonda dinni ochiq oqlab berishmagan boʻlsa-da, tasavvufga xos “Mutlaq kuch”, “Oliy Borliq”, “Oliy haqiqatlar” kabi atamayu iboralar yordamida millatimizga dunyoda kommunizm gʻoyasidan boʻlak haqiqatlar ham borligini uqtirmoqchi boʻlishar edi. Biz ayni shu oʻzlikka tomon burilishni ilgʻagan va yutoqib kuzatib borayotgan edik. Esimda, bir yili “Yoshlik”ning deyarli har sonida bir gal rahmatli Najmiddin akaning, bir gal Ibrohim akaning maqolalarini ketma-ket chopga tayyorlagan edim.

Keyinchalik tasavvuf adabiyoti bilan shugʻullanish deyarli urfga aylandi. Sheʼriyat, ayniqsa, mumtoz adabiyot bilan shugʻullangan har kishi tasavvufga murojaat qilishni burchi deb bildi. Lekin tahlilda teranlik, mavzuni bilish va his etish, yondashuvda toʻgʻrilik jihatidan baribir oʻzbek adabiyotida Najmiddin Komil bilan Ibrohim Haqqulning oʻrnini birov ololmadi. Chunki qiziqish boshqa, bilish boshqadir. Sevish boshqa, anglash boshqadir. Koʻrish boshqa, his etish boshqadir. Tomosha qilish boshqa, yashash boshqadir.

Ibrohim Haqqul qutlugʻ yetmish yoshga yetibdi. Olloh nasib etsa, hamma ham kiraveradi bunaqa yoshga. Saksonlarga kirar, toʻqsonlarga kirar, yuzlarga kirar, lekin tiriklikdan koʻzlangan muhim narsa oʻsha yetmish, sakson, toʻqson yoki yuz yoshni qanday yashab oʻtishdir. Menimcha, Ibrohim aka orqasiga bir qarasa, kelajak avlod oldida yuzi qizaradigan bir ish qilmaganini, aksincha, ijodiy va ijtimoiy faoliyati bilan boshini tik tutib yurishga haqli ekanini koʻradi. Haqni yozdi, haqni aytdi, kerak boʻlsa maydonlarga chiqib xalqning dardini, orzu-umidlarini baralla soʻzladi. Hatto oshkoralik davrida, yurakdagi gaplarni emin-erkin bayon etishga imkon berilgan davrda ham, siyosat tap etib oʻzgarib ertaga boshimga bir balo kelib qolmasin tagʻin, deya qoʻrqa-pisa inidan chiqmay yotgan juda koʻp “ziyoli”dan farqli oʻlaroq, oʻris-sovet mustamlakasidan ozod boʻlish harakatiga ochiq qoʻshildi. Qoʻshildigina emas, maʼnaviy boshliqlaridan biriga aylandi. Chinakam ziyoliga xos fazilatini koʻrsatdi.

Garchi bugun ot ustida va in boshida kecha in-inida pusib yotgan “maʼnaviyatchi”lar boʻlsa ham, garchi Ibrohim Haqqul singari chin vatanparvarlar olam ishlaridan bir chetga surib qoʻyilgan, aziz otlari qora yo xira roʻyxatlarga tirkalgan boʻlsa ham, zamon bunday qolmaydi albatta. Tarix bizga bergan sabogʻiga koʻra, asl baholar ertaga beriladi, kecha toʻgʻri boʻlganlar ertaga munosib qadrini topadi, inshaolloh.

022

(Tashriflar: umumiy 326, bugungi 1)

Izoh qoldiring