Тилланисонинг шеърлари, таржималари ва мақолалари билан «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида олдин ҳам танишгансиз. Икки йил аввал унинг шеърлари ҳақида ёзган фикрларимни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин.
Тилланисо ЭШБОЕВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
* * *
Тун қуюқ.
Мен сенга мактуб ёзгим келди.
Лекин қаерга жўнатаман
Ундан олдин…
Нима деб ёзаман асли
Ёзсам ҳам
Сиёҳ қуриган.
Сўзлар англанмайди.
Бир-бирига уланмайди ҳарф.
Вужудинг тутунга тўлган бир тунда
Хаёлинг ғимирларди вужудимда.
Ўйим ичида ғашли бир ғимир.
Қолгани карахтлик. Бир қора рўё.
Кўзимдаги нурни чўқирди қушлар.
Ётардим ойдинда кулола бўлиб
хонам ичида
ва балки дунёнинг энг тубида.
На тақдирга таним бор эди
На исёним бор эди унга
Куз маъюсияти жунжикарди куз шамолида
Хотиралар ўлатдай хавфли эди
Вужудимга тараларди ризолик
тараларди ризолик маъюслиги
тараларди ризолик маъюслигин ойдинлиги
Ётардим шу ойдинликда кулола бўлиб
Ва балки дунёнинг энг тубида
кулола бўлиб
кулола бўлиб
кулола бўлиб
Ўйимда ғимирларди недир
илондай
илондай
илондай.
Нима деб ёзаман сенга
РИЗОЛИК.МАЪЮСЛИК.ОЙДИНЛИК
ИТ ЕТАКЛАГАНЛАР
Биз фақат ғамларни баҳам кўрмоқчийдик.
Кўзимиз ҳалқобидан ичиб кўз ёшни.
Сўнаётган нурнинг тафтида илитгандек
Илитмоқчийдик
Завқсиз юракни,
Завқсиз кунларни .
Ваҳоланки
Ҳаддимиз йўқ эди
Бир бировни қучмоққа ҳатто.
Қўл ушлашиб кездик кўприклар остин.
Қўлимиз туташувида титрар эди мангу айрилиқ.
Қўлимизни боғлаганди мангу айрилиқ.
Шунда ҳам …
биз фақат
Ғамларни баҳам к ўрмоқчийдик.
Сўлғин кунларга кўз ёшда титраган нур тарар эдик.
«МЕН»НИНГ ЎЗИНИ БОСИБ ОЛИШИ
Мен бугун висолга тўйинганман, тунга тўйинганман.
Дунёдаги бор ҳислар менга келиб қуйилган.
Бироқ
Тебратади ўйимни овоз —
Асабий чийиллаш,
Ёниқ чирилдоқ.
Тун чақмоғидек ёруғ; тўғри чизиқда таралар овоз,
Ақлимга келиб қадалар овоз.
«Кайфият кўнгил қимори,
Қурбақа бўлмоқ истарам»*
Асир тушаман овоз шаштига.
Тафаккур безовталиги ва овоз
Беллашар, шошар
Чақмоқ ёруғидек шиддат ўйнида.
Дунёдаги бор нарсага олар чирмашиб,
Бор нарсани чирмаб олмоқ бўлади
Тафаккур безовталиги.
Тош ташлайди бамайлихотир
Бир чеккада туннинг сойига
Мангулик номли улкан Сокинлик.
Овоз таралади, овоз жўшади.
Қаттиқроқ чирмашади тафаккур безовталиги.
Тўлиб борар кескир шиддатга
Ўткинчилик — мангуликка урилиб синган лаҳзалар.
Овоз таралади, овоз жўшади,
Бор нарсани олмоқ бўлган тафаккурнинг
Мангуликка урилиб синади шашти.
* Томас Элиот
* * *
«Иқрорман, мен яшадим…»
Пабло Неруда
Ўйловдимки, қалбимни тақиллатиб келдинг сен,
Эшик силкинишидан
Бир қатим нур тушди зулматга.
Чўчиб қарагандим унга.
Ўйловдимки, келгансан нур билан кўпириб
Нур бўлиб мангу қоласан менда.
Ва дафтаримга ҳам
Ёзган эдим мунис илтижо:
«Кетма. Ёнимда қол умрбод.»
Ҳозир дафтаримда илтижом куяр,
Тунимда оқади куйнинг кўз ёши.
Шифтга осиғлиқ хотиранг турар –
Хонам зулматин эзғин ёритиб.
Мен кун тун унга қилгум илтижо
Соврилган умидлар маҳзунлиги-ла.
Энг хоксор топиниш бу, маъюс топиниш.
Ўлган умидларга тутмайман аза.
Овозингни асраб юрар тўрт томон.
Тўрт томондан сизиб чиқар маъюс нур.
Нур иқрорим менинг соғинчларимга,
Нур иқрорим менинг бори азобга.
Севгимга иқрорим
Ва иқрорим мангу фироққа.
Тўрт тарафда тўзғийди эзғин нур.
* * *
Ўзингни чўктирмоқ нияти билан келсанг
Ўн кун аввал
Суйганинг билан келган
Анҳор бўйига.
Анҳор кўпригида туриб
Қарасанг осмонга
Ва пастга – оқар сувга .
У ёндан бу ёнга кечса нигоҳдан
Манзаралар
Фалсафалар
Хотиралар…
Тингласанг, япроқларнинг яшил шиврини
Титраса япроқлар келажак хабаридай,
Титраса яратгандан бир хабар каби.
Бош устингда чарх урса қушлар,
Бош устингда кулранг чексизлик –
Чексизликни ўпасан ва ёзасан унга :
Ўлсанг нени йўқотасан,
Яшасанг нени?
Ўлимдан не наф, шунчаки яшашни қилолсанг удда?
Тақдир ҳақиқатин охиригача англамоқ истаса кўнгил
Жасорат топса ўз ҳақиқатига дош бермоққа Руҳ
Ўлимдан не наф,
Сенда қолса мангу англаш имкони? –
Буни кўнглингга ёзар чексизлик
Буни руҳингга шивирлар ўлим.
Боқдинг осмонга ва пастга – зилол сувга,
Ўлимнинг кўзига ҳам бир зум тик қараб ўтдинг.
Бош устингда чарх урди ёруғ чексизлик!
РАВШАНЛИК
Верь своей боли…
Роберт Фрост
1
Мен бу кун ўзимдамасман…
Бошимни сиқмоқда кимнингдир қўли,
Тортмоқда чангаллаб сочимни,
Боғда чарх урган қушлар
Қопқоғин очиб,
Чўқимоқда миямни.
Кафтларим ёйилган, очиқ.
Кафтимнинг устида оғир бир дунё
Кафтимнинг устида ўтирган ўзим.
Боғда қолган изларимда ҳам
Мўлтирайди ўйчан ҳисларим —
— Севгининг оғриғи кўз ёшсиз
Висолдаги видо саломи
Ва сен
Кунларнинг, одамларнинг ёнидан ўтиб борар ўзинг
Кунларга, одамларга бўлмайин дахли
Ўтиб борар маъюс ва маҳзун.
Сен
Ўзинг.
Изингда ҳам мўлтирайди ўйчан ҳисларинг
2
Шаҳар чироқлари томчилар
Кўзида ўйнар
Автобус ойнасин ювади ёмғир
Тўзғиган сочингдек силкинар ҳаво ,
Дунё,
Чайқалар ниҳоллар навқирон, ҳорғин.
Чайқалар кўз олдингда узанган йўлинг
Улкан бир қадаҳга тўлади ёмғир
Чайқалар дунё, тебранар вужуд
Барибир очилмайди юракдаги сир.
Сўнг
юракдаги оғриқ
ёмғир бўлади
Юракдаги оғриқ йўлдир манзилсиз.
Юракдаги оғриқ – навқирон, ҳорғин.
Оғриқ илдизидан узанади йўл…
* * *
Йиғлаяпти ёш «ювган» бир жуфт кўз,
дунёнинг ҳасратин ютган Изтироб.
Йиғлаяпти ёйиб қўлини…
Улкан шаҳарда
Кенгликнинг бир четида
Бўшлиқ боқиб турган томонда
Кимса елкасига қўйиб бошини
Йиғлаяпти
Йиғидан ҳўпиққан соғинч,
Йиғлаяпти жавобсиз савол.
Йиғлаяпти ёш «ювган» қиёфасиз Қиёфа,
Қўлларин ёйиб на бахт, на эрк, на ёлғизлик томон
Хотиралар тошиб оёқ остидан
Хотирага қўшилиб замин
Хотирага ёйилиб Қалби
Мувозанатга дўниб хотира, замин, юрак
Суяяпти Қиёфани, Ичкин Йиғини.
Йиғлаяпти бошига осмон қулаган мажҳул Ҳол.
Сўлғин ифор
Сиғинаман хира чироқ нурига,
Сиғинаман ёмғир товшига,
Қуваман ўйимдан хаёл қушларин
Ўйламаслик учун мен сени.
Зинадан тушаман, пешвоздир қайғу,
Эргашаман япроқ шиврига,
Соғинмаслик учун мен сени.
Ивийман ёмғирда, ивиб сўлийман-
Ёйилади ҳавога сўлғин ифорим
Ўлаётган гулнинг заиф бўйидек-
Соғинмаслик учун ҳеч сени-
Ивийман ёмғирда, ивиб сўлийман.
Зотан у шу тарзда ўз ҳалокатини истайди.
НИШЦЕ
Ичингда қора ўра
Ютади ўзига тун товушларин
Мушукларнинг ингроқларин ютар ўзига
Ичингда қора ўра
Ҳисларинг таралар ундан нур каби
бошинг билан чўккансан унга,
У сенинг ўзинг билан қолган ўзинг.
Ичингда қора ўра
Илдизлари чирмаб борлиғинг
Жўн турмуш билан алдаб ўзингни
Қўрқасан келмоқдан унга юзма-юз
Ва ташнасан юзма-юз келган лаҳзага.
Ичингда қора ўра
сенинг манбангдир, бахтми бахтсизлигинг,
Манойингнинг қора ўрасида йитмоқ қисматинг.
Ичингда қора ўра
Изтироб ингроқларин ютар ўзига.
* * *
Хонани тўлдирган жарангдан қочиб
Бошимни оламан деразадан ташқари томон.
Сузади ноталар, оҳанг ботартиб.
Куй ёнаётган руҳ алангаси
Учқунлари сачраб,
Санчилади ҳар бир сезгимга
Куй — ёнаётган келажакдан муҳташам хабар
Деразадан ташқари оламан бошим.
Қуламоқда келажак кўприклари ҳам
Оғир қулагандек юракка орган садоси.
Ойналари сарғайган, тасвири хира
Кутишдан сарғайган одам қалбидек
Сўлғиндир келажак кўзгулари ҳам.
Жаранглайди хонада ҳолсиз бир жаранг.
Қочиб чиқмоқ истар балки куй ҳам хонадан
Балки истар куй
куйлигидан кетмоқни қочиб.
Тошиб кетмоқ истар кўчага
Куйлигига беролмайин дош
Деразадан боради тошиб
Ой кўзига ботар, тун қўйнига унинг
Сафлашиб келмоқда
Дунёнинг энг маъюс ҳислари — фаришталари
Бир бир қўнмоқ истаб руҳига
Ва Келар бир оғир Дард
Елкасига қўрғошиндек истаб чўкмоқни
Дош бермоғи учун ўз Ҳолатига
Бошин деразадан ташқари олган одамнинг.
КЎЙ
Юлдузларин териб олди осмон кўксимдан
Кўксимда ҳувиллаган чексизлик қолди.
Мен сенинг ёнингда, қалбингда бўлдим
Руҳимда мунғайиб ёлғизлик қолди.
Сочларингни майин силаганимдек
Майин бўлди дардлар, майин ёлғизлик.
Тугамади бари, ўтмади лекин
Синиқ табассум каби бир тус қолди
Хотираларда.
«ДЎЗАХ ГУЛЛАРИ» ТУРКУМИДАН
Кўзойдинлик
Бош олиб кетмоқни истарди онам
Хусусан, отам билан уришганда,
Хусусан, тугаётганда ёниб.
Дала адоғидаги дарахт остида
Йиғлар эди уззу-кун ёлғиз.
Бош олиб кетмоқни истарди онам
Ва кўз ёшда тазарру этмоқни
Сўнгсиз дўзахдан келгандай чиқиб.
Онамнинг бу истаги парвоздаги қушлар мисоли
чахчахлаб учарди боши устида.
Чирқираб қолди онам қушлари.
Севгилим, кўздан тўкилгани афсус ёшимас —
Ўтган кунлар учун қуллуқ, тазарру.
Ногоҳ тошди қалбдан бу ёш тўлқини
Чирпирак қилиб отди
Сокин соҳилга.
Севгилим, бошимнинг оғриғи асло оғриқмас —
Бош олиб кетганнинг оғи-иир енгиллиги.
Севгилим, дўзахдан чиққан одамнинг кўзи ойдинлиги
Кўзимнинг ёши.
2
Сигарет тутунидек ўрлади кўкка
Мен тушинган бор нарса
Хусусан, бир жиззаки аёлнинг
Умрбод севилмагани азоби.
Хусусан, кўчадан ўтган эркакнинг
Тирик эмаслигин кузатганим жим.
Бир одам ёлғизлигин касаллик бағрига тўшагани
Эътибор тилангани қон босим билан.
Бир хонимнинг зерикиши ва
Қумсагани биров қучоғин.
Йўлни тўлдирган маҳзунлик
Маҳзунликни кечиб борар йўловчи-
Ўрлади кўкка англамлар каби
Ва мени ўради …
тушинилгандай.
Ўради теграмни,
Кўзим олдини.
Туман каби ўради.
Ва қат қат болиб сингди кўнглимга
Қуюқ туманлар каби
Соғинч алами.
Тушинилмаслик алами.
МИНГГИНЧИ ЛАҲЗА
Туш ва Ҳуш
Хаёл ва Ҳаёт
Ўлим ва Уйқу
Иситма ва Истак ҳурлиги
Наҳот яна тирик бўлишни истайман
Наҳот
Қайда у мангу тириклик гули
Билгамиш каби суғуриб олардим илон оғзидан
Йўқ-йўқ, мангу умр суриш учунмас,
Худо берган шу умримнинг ҳар лаҳзасида
Ҳар лаҳза
Минг ўлиб
Минг тирилмаслик учун
Қайда ўша тириклик Гули
Дарвоқе, кўзимни юмади уйқуми, ўлим?
Дарвоқе,
Иситмадаги Ҳушдаманми
Ё тушда яшалган Ҳаёт?
Наҳот тириклик истайман, наҳот
НИҲОЯ
Совуқда музлаб
Печка ҳовурида исинган каби
Бошингни беҳол суяйсан
Деразага, деворга.
Муаллақсан… Остингда жарлик.
Илиниб қолгансан дарахт шохига.
Лекин кулранг осмонга тўйингинг келар
Тергинг келар хаёл чечакларини сенинг.
Йўқ, йўқ, муаллақмас,
Ахир чўккансан
Ичингга, хавотирнинг чуқур қаръига.
Ичингда чўккансан.
Ташда муаллақ.
Суянгансан
Қўлларингнинг оғриётган Кучига.
Лекин
Барибир шабнам ялагинг келяпти сенинг.
Сен хабар кутасан,
Ҳеч қачон келмайдиган хабарни.
Сен ўзгариш истайсан
Еҳтимол эврилиш
Ва эвриласан
Чўкишларга,
Муаллақликка
Жарликка
Шабнамга
Хаёл чечагига
Ва дарахт шохига…
Ичда чўккандингу,
Ташда муаллақ.
* * *
табассумнинг «оҳ»и чайқалди
кўнглим тўлқинларида
қайиқлар қалқиди безовта…
қанча масофа бор
нигоҳдан сўзгача
шеъргача
ва севгигача
қанча
табассум оҳида сузгандек
сўлғин нур томчилари
рақс тушди кўзолдимда
учнуқталар…
сўнгнуқталар
қанча масофа бор
нигоҳдан севгигача
кўнглимда табассумнинг
оҳи чайқалди
табассумнинг оҳи
тебратди кўнглимни
* * *
қўлларим қўлингда эриди
ўпичларим таъқиб этди тегрангда
сокинлигингга сингиди
бўсаларим
кулгим
кўз ёш бўлиб
оқди
кулгим
эриди шулъангда
аралашди
май каби
кулги ва ёш
Оғриғимнинг изидан бордим
Зах ва намчил бўшлиқда
Чакилларди
Томлоқ сув тинсиз
Учар эди
Ҳалинчак
Шамол
Оғриғимнинг изидан бордим
Эҳтимол, йўқолдим…
эҳтимол қолдим…
Битта оғриқ бўлдим
Бўлинмас заррага,
йўллари бекик.
Илтимос, келма.
Ёдингдами
Қалбимдами
Бир четида балки фаслнинг
Оғриб тураман ўзим
Туриб қолдинг анҳор бўйида.
Нари тур!
Бўғзимдаги ҳайқириқ зарбидан йиқилиб кетма…
Оёғинг остида яшил майса
ва сариқ хазон
Бош устингда дарахтлар
гулламас, қоқшол
Оқарди сув бамайлихотир
мангулик каби
Пинҳон оқарди Мангулик,
дардлар.
Қалқиб борарди сув юзида ҳайқириқларим
Эҳтимол,
кўзингга осмон чўкарди у дам,
Эҳтимол,
олислаб борарди Шафқат,
Эҳтимол,
қучоғингга чўкмоқ истарди мангулик
Қўй,
Нари бор,
Тикилма олис!
Барибир сен
Бу ҳувиллаган мангуликни юпатолмайсан.
Қучоғига сассиз олади сени
Ҳайқириғим
Мангу қалқиниб…
СУНБУЛА
Сенинг боғингда ўсган
Ёввойи ўтдай юлишар мени.
Еҳтимол Ўзинг, эҳтимол бошқа.
Мен кутаман у кунни.
Ожизман боғингда ўсмасликдан
Сени севмасликдан ожизман мен.
Унгача…
Қон каби ичаман ойнинг нурини.
Яшайман тиконни санчиб бағримга,
Ёд этаман юлиниш лаҳзасин ожиз титроқда.
Унгача…
Қон ичиб ўсаман ҳар куни.
Ожизман, ўсмасликдан ожизман.
Биламан
Муқаррар юлишар бегона ўтдай
Ожизлигимни муқаррарлик измига бериб
Мен кутаман ўша қўлларнинг муқаррар нафратини.
Сени севмасликдан ожизман мен.
«ТУРКИСТОН ЭРТАКЛАРИ» ТУРКУМИДАН
1. Семурғ
Айниқса, қанотларини ёйса Семурғ,
Майин сингса теградаги ҳавога
Бўшлиқларга қўйса ин
Кўрмасак, сезмасак буни.
Айниқса, чирқилласа, зориқса бир қуш,
Чўқиса қалб бўшлиғини.
Кўрмасак, сезмасак буни.
Ёприлиб кирса ичга қоп-қора қушлар
Тилкаласа ични ва қоқса қанот
Қон қусиб,
Қон қусиб
Шу тутқун парвозда ўлсагу, кетсак
Айниқса, чирқилласа бир қуш,
Чўқиса қалб бўшлиғини.
2. Ўзга замондаги малика
а.
Чегарадан ўтдим. Бошқа макондаман.
Хазонлар увлайди елга қўшилиб.
Келган жойимда қотдим.
Чопилган оёғим билан қотдим мен.
Ногоҳ кимдир пуфлай бошлади мени
Кафтига олиб
Сигарет қолдиғи ё хазонкукундай.
Айни шу вақтда йиғлаётгандим
Ўзга макондаги кўзим ёшида аксланарди кул.
Кулим енгил эди, енгил ифордек тараларди ҳаволар узра.
Зарраларим хазонкукундек
Айланарди бошим устида бир қуюн каби
Ва ичига осмонни ютмоқ бўларди.
Оғир эди, зарраларим кўз ёшдек оғир.
б.
Енгил-енгил тўзғийди кулим ҳавода
Ва Синггади илтижо шиврига.
Яхшики, бой берилган бор нарса.
Бўса…
Руҳингга уйғун ҳулво…
Кўзёш…
Қимтилган лабларга сингиган оқим.
Йиғланмаган бир ҳасрат.
Йиғланолмас бир ҳасрат.
Туман…
Руҳингга сингишган чўкинди оқим.
Жаранг…
Руҳингдан қўлингга,
Қўлингдан буюмга кўчган.
Исёний ритм.
Бўса…
Қон сизар ундан
Юракларда қонли қовишув.
Руҳингга уйғун ҳулво…
Ҳаводаги мезонларни ўпамиз аста,
Қучоқлаймиз кўнглимизга уйғун кунларни.
Бугун қонли қовушув изтиробларда.
1. ялтираш
Ялтирайди руҳимда ой
ва илоннинг совуқ териси
башанг фоженинг туси
Синмайди
Мона Лизанинг
кибрли табассуми парчасида ҳам
Шиша каби ялтирайди руҳимда
аксланади остида
ҳисларнинг оқимлари
оқимлари сўнади ва…
ялтирайди
Ялтирайди
илоннинг терисидек
ялтирайди руҳим
2. жунжикиш
олислик
санчилди
қўлимга
тоғ бошидан
кўчган қордек
кафтимга кўчди оғир
қўлимни қўлингдан олгим келди
олислардан келиб
олис
санчилди
тоғ бошида
музлаган қордек
олислик
музлади
қўлимда
3. қамашиш
Қоғозлар асабнинг торларин кесса
Тишларинг қайралса пичоқдай
Бармоқдан тўкилса алам зардоби
Ҳовучга тўлса…
Шу зардобда юз чаймоқ мумкин
Шу зардобни бошдан қуйса бўлади
Йиғламаслик мумкин умрбод
Оқмаслиги мумкин кўздан томчи ёш —
…ёшларинг пичоқдек қайралса тишинг остида
…ёшларинг асабнинг торларин кесса…
Она
Она!
Қалбан сеники бўлдим.
Юрагинг остида қолдим бир умр.
Қалбингнинг остидан оққан сокин бир ирмоқ эдим
Гоҳ сен мени тингладинг,
гоҳ мен сени,
Гоҳ тинглаб ҳам тушинмадик бир биримизни.
Қалбинг остидан оққан тинчоқар ирмоқ бўлдим
Лекин қуйилгувчи бошқа дарёга.
Бир умр кечиб яшадим сени.
Сенда ҳомила бўлиб қолдим бир умр.
Балки ичингдаги сен дунёга келтиролмаган бошқа Ўзинг эдим,
Балки ногоҳ ютилган Ёмонлик ҳомиласи
Ва ё бир ҳасрат ҳосиласи.
Ҳомила бўлиб мангу яшадим сенда.
О-на!
Сокин шивирга энди овозим
Қумсаб руҳингнинг шивирларини
Қўшилди сокинлик шивирларига.
Бир-бирига айқашди руҳимиз шиври.
Она, қалбан сеники бўлдим
Марина Цветаевага
Қачон бунча берилдим сенга,
Қачон бунча боғландим?
Ахир ёнингда хотининг,
ахир ёнингда…
Кунларим кирмошинда кир кийим билан қолиб
Ранги тутилган шарфимдек хира.
Кўчага чиқаман…Аёз!
Аёз совуғи узра айлантириб оламан дилни.
Айлантираман чирпирак қилиб.
Бироз совисин.
Оқшом шулъазорида
Мўжаз дўкондан туркча сўзлик олдим.
Муҳаббатни кесар дедим фақат муҳаббат.
Чироқларнинг ғариб нурлари
Тўкилгандек тунги кўчага
Ўзимни бераман, умримни тўккаман сўзларга:.
Аğлар Вейсел, çикмаз сеси.
Умримни бераман ва
Унутаман!
Муҳаббатни кесар дейман фақат муҳаббат.
… ва …
Туркча ўрганаётганимни
мақтанаман сенга
хаёлан.
Менинг руҳим оғир тошнинг шаклинда —
Аламлар зичлашиб қотган қиёфа.
Овозларинг ўтмас ундан.
Кўз ёш емирмас.
Қўрқаман, жисмингга оғир ботади бошим
Гулнинг майинлиги билан олсанг кафтларингга ҳам.
Тўзгин сочларимнинг ичида кезган
Бармоқларинг отилади
Изтиробдаб бешта фаввора бўлиб.
Ёйилмайди юзларимга кулгунинг ҳарир қори
Лабингда тутганингда ҳам муздек ҳавони.
Найнинг навосида тебраниб
олисларга сочилмайди руҳ,
Хусусан, мен севган қишнинг руҳига сачрамайди у.
Енди ёйилмайди борлиғимга-да мусиқанинг товшидек
Мусаффо, нозик ва муздек ҳаво
Ва муздек ҳавонинг ярқироқ тетиклиги ҳам.
Зотан, ёйиқликнинг сўнган руҳидир зичлик,
Зотан, кенгликларнинг оғир қабри эрур тош.
Йиғлайман…қониб ичгим келади,
Йиғлайман…ичгим келади менинг
Сен лабингда тутган муздек ҳавони.
ФАСЛ НИЛУФАРИ
Совуқ шамолларни кийди бу фасл,
Оғир нафас ичра тўлғонди шаҳар.
Бир аччиқ изтироб руҳимдан ўпди.
Совуқ шамолларнинг ичида нолон
Қўпди, менинг юрагим қўпди.
Кўздан шамнинг қуйқасидек қуйилди кўз ёш,
Шаҳарнинг овлоқ бир бурчида бўлди бу содир.
Ичимда мадор йўқ, чўккалади жон,
Ичга ютилган дардлар ерга бердилар бағир.
Овлоқ бир бурчакда бўлди бу содир…Ҳаммаси оддий…
Ахир мен бу фаслнинг нилуфариман.
Ботқоқда очилган нилуфар каби
Жим очилдим фасл ичра қайғу тубида.
Биламан, мен сени кутаман яна
Ўша кимсасиз ва таниш бекатда.
Фақат…бироз рангларим сўлган
Рангдан гулгунликни,
Юракдан қувватни бироз юлган Вақт.
Кўп эмас, уч-тўрт кун.
Асаблар илашган оловнинг бармоғига.
(Юзларим кенгайган, ё кетган шишиб
Оғритиб юлди юракдан ҳаёт нурини оғриқ.
Сени кутар ўша бекатда
Юздаги оғриқнинг вазминлиги ҳам. )
Энди тутмайман қўлингни қўлларим титраб
Юракнинг энг гўзал тори узилди.
Сенга атаганим- меҳрим, муҳаббатим
Вақт ичра оғриқнинг забтида эди.
Мен-да асролмадим, сен олдинг ўзни,
Нур толасин юлди юракдан оғриқ.
Сени кутаман-у, бир бор кўраман
Ва яна кетаман йўлларга чоҳли.
ФОНИЙЛИК
Кўнгилда мавҳум ҳислар тўлқини тошди
Ташқарида куз ели ,
Енгил жунжиктирар дарахтлар танин.
Сояларда қалтирар недир,
Сояларда қалтирар маҳзунлик-
Дарахтларнинг, деворларнинг сояларида.
Кўнгилда маҳзунлик тўлқини тошди.
Ва ҳадемай ўтар,
Қуйилар абаднинг дарёларига
Фонийлик исканжасида ташлаб юракни
Нураб бораётган мусиқа каби
Эзғин-эзғин таралмоқда кун,
Эзғин жарангламоқда.
Машиналар ортиб ўтади энг маъюс кунни.
Қушларнинг сайроғида ютилади сукунат.
Ва барибир қуёш чиқар самога,
Бахт сўрайди кўчада ўткинчи гадо.
Ва эзғин ҳисларни қайт қилади ирода.
Бўм бўшлик қолади эзғинликдан сўнг,
Дунёнинг у четидан бу четига қатнар ирода,
Жўшар-сарғаяр,
Сарғаяр-жўшар.
Бўм бўшлик қолади эзғинликдан сўнг.
Ўлган фасллар
Тўрт томон хавотирнинг шаффоф девори
Қолса бўлар унда мангу тоқатга тўлиб.
Сув юзида сузган қоғоз кемадек
Мовий рангдан бахт ясаб хаёлий…
Энг келмас кунни ҳам кутса бўлади
Барибир ҳеч нарса бўлмайди содир.
(Бир бурчакда дунё ясаб ўлтирарар Борхес)
Хавотирнинг шаффоф девори ичра
Келмасидан олдин ўлади фасл.
Минг йиллардан олдин ўлади фасл
Сўзга айланмаган туйғу бор бунда —
(Юракка қадалиб оғрийди сим-сим.)
Қуёшга қаролмаган нурсиз кўзлар бор.
Какку сайроғидаги жўшқинлик ичра
Тўзғиб кетмоқ истаган жон бор.
Ва бир йўл бор — кўз юмсанг тасаввурга келар бостириб,
Бир йўл бор -саҳродек сариқ, беадоғ,
Бир йўл-кечиб бўлмас мангу ҳижрон бор.
Бир йўл бор… кўзларингга келар бостириб.
«Англанган ҳар нарса ўлимга маҳкум…»
Борхес
Ҳа, менинг хаёлларим туманли,
Фикрларим, ўйларим туманли,
Чизиб беролмайман мана Қуёш деб,
Кўрсатолмайман ё яшил майсадек
Ва англата олмасман сенга —
Ишончимга туман ташлаган ишончсизликни
Бир қадар Яқинлигимиздаги бир қадар олисликни
Лабимдаги табассум тўлқинида
Оқиб ўтаётган оғриқ дарёсин
Кўзларимга югуриб келган кулгу
Ва кулгу бўлмаган яна нимадир…
Англата олмасман сенга.
Биз орзу қилган эртадаги висол
Ўтмишларнинг ғамли афсонасилигин
Аслида келажак
Эрталарга етиб борар оҳлар бўлажагин
Висолда ҳозиргина титраган Оҳимизни
Қандай англатаман сенга?
Эҳтимол, Мавҳумликдир
Мен англаганнинг оти
Ҳар кун янги қиёфалар ( туйғулар)
Чиқиб келару
Ва яна сингади ўз бўшлиғига
Балки оламнинг энг улкан Хотирасига.
Лекин бил,
Шу туман мозаикада сеникиман мен
Шу туман ичида меникидирсан,
Шу туман ичра дохилман
Ўзимга,
Сенга
Шу туман ичида тирикмиз, севгим.
Сингиб кетажамиз
Мангу Оҳларга
Англанган (англаган) кунимиз.
Кўпирмоқда тун кўзим олдида
Унинг мавжлари- менинг дардларим, хотираларим.
Ана бир тўлқинда чинқирмоқда онам
(Қўлларин беҳуда кериб уммон сатҳида)
Сўзларинг билан тортиб ол дер у,
«Қутқар, қизим, сўзларинг юбор»
Эсладим.
Қачонлардир мен таътилдан қайтганда уйга,
Ёзилгани чиқиб тунда далага
«Шаҳар яхшими ё бу ер» деган онанинг
Дунёни итарган-ҳатто ўз онасини ҳам-
Фарзанд онасининг
Боласи билан сўзлашмоқ истаги
Сўзлашолмагани…изтироби хотираси бу.
Ҳамон чинқирмоқда онам…
энди фойдаси йўқ. Ахир мен чўккиб кетганман бошқа тўлқинда.
Ўкинчнинг бир тунида ўзимни ташлаганман ўша тўлқинга
Дунёнингми- билмадим, ниманингдир туб-тубига буткул чўкмоқ истаги билан.
Мен чўкканман. Ёрдам кутма, она, кутма.
ТАЗАРРУ
Қулоғим остида отамнинг тарсакиси
Ловуллаб ёнади юзим тушимда
Шундай тирик безовталик юракда.
Бир гуноҳ этмоқда таъқиб
Ортимдан эргашар соядай…
Баҳона излайман тушимда
Ота бу — жазо, ота бу — худо.
Гуноҳнинг кўзи кўр — қисмат кўзидай,
Ортимдан эргашар — билгисиз соя.
Эдип гуноҳидай улкан гуноҳ
Гўё ҳозир
Бўлади содир…
Шундай тирик безовталик юракда.
Баҳона топаман ўзни оқлашга
Сабаб ахтараман тушимда
Баҳона излайди ўзига гуноҳ
Ота — худо, ота — жазо.
(Баҳона топаман отамга)
Тазарру этаман фақат табиат сукутига,
Қушлар сайроғига қилиб илтижо
Сиғинаман бахтсизликнинг сокин тортган руҳига.
Кесиб ўтди дилимни хонадаги бор нарса
Ва вақт.
Ташқарида бир шовқин йўқ, на ҳаракат, бир хабар.
Дераза олдига бордим
Сен ҳақингдаги ўйларимга ногоҳ тушди ой нури
Бир товуш йўқ, «еллар тинч, очиқ»,
Сен ҳақингда хабари йўқдай-
борлиқ-
Қатъий ҳукм каби осуда.
Дераза олдида қолдим.
Мен билгум
На хонадаги нарсаларнинг, на туннинг, сенинг
Мендан хабари йўқдир,
Мендан хабари йўқ
ФОКСТРОТ
Оёғимиз аро ля оқарди,
Оёғимиз аро оқарди соль ҳам
Шундайин тез, шундайин шиддат!
Оёғимиз аро ля
Оёғимиз аро соль ҳам…
Шиддатнинг тартибида оқарди.
Шундай тартибда оқарди оёқларимиз
Бир-бири аро,
Қўлларингда оқардим мен ҳам!
ЎЗГА ҲИС
Мени бу ерга соғинчинг эмас
Олиб келди ўзга бир ҳислар
Ичимда ўйнаган тўп-тўп ғалаён.
Бу ернинг руҳи сенинг руҳинг каби
Руҳимни олар бағрига
Ардоғига олар ҳисларни
Қонимдан отилади ул ҳислар
Отилади фаввора бўлиб
Сачраб кетар туннинг юзига
Сени менга суйдирган ул ҳислар
Олиб борган умид олдига…
Сен кетдинг ҳисларнинг йўлидан
Асраб қолди мени ул ҳислар
Ул ҳислар мангу бедор тун каби
Айт, кетмадингми ҳеч қалқиб-қалқиб
Оёғинг остидаги ҳислар тебровидан
Айланмадими бошинг бедор ғовридан
Силкинишидан тушмадингми йиқилиб
Масалан, ўрага
Қўрқма
Тубсиз ўрага эмас,
Соғинчли ўрага
Соғинч ушлаб қолади сени.
Энди юрагингда хотирам мангу,
Қўрқма, бўшлиққа кетмайсан йиқилиб.
Tillanisoning she’rlari, tarjimalari va maqolalari bilan «Xurshid Davron kutubxonasi» sahifalarida oldin ham tanishgansiz. Ikki yil avval uning she’rlari haqida yozgan fikrlarimni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin.
Tillaniso ESHBOEVA
YANGI SHE’RLAR
* * *
Tun quyuq.
Men senga maktub yozgim keldi.
Lekin qayerga jo’nataman
Undan oldin…
Nima deb yozaman asli
Yozsam ham
Siyoh qurigan.
So’zlar anglanmaydi.
Bir-biriga ulanmaydi harf.
Vujuding tutunga to’lgan bir tunda
Xayoling g’imirlardi vujudimda.
O’yim ichida g’ashli bir g’imir.
Qolgani karaxtlik. Bir qora ro’yo.
Ko’zimdagi nurni cho’qirdi qushlar.
Yotardim oydinda kulola bo’lib
xonam ichida
va balki dunyoning eng tubida.
Na taqdirga tanim bor edi
Na isyonim bor edi unga
Kuz ma’yusiyati junjikardi kuz shamolida
Xotiralar o’latday xavfli edi
Vujudimga taralardi rizolik
taralardi rizolik ma’yusligi
taralardi rizolik ma’yusligin oydinligi
Yotardim shu oydinlikda kulola bo’lib
Va balki dunyoning eng tubida
kulola bo’lib
kulola bo’lib
kulola bo’lib
O’yimda g’imirlardi nedir
ilonday
ilonday
ilonday.
Nima deb yozaman senga
RIZOLIK.MA’YUSLIK.OYDINLIK
IT YETAKLAGANLAR
Biz faqat g’amlarni baham ko’rmoqchiydik.
Ko’zimiz halqobidan ichib ko’z yoshni.
So’nayotgan nurning taftida ilitgandek
Ilitmoqchiydik
Zavqsiz yurakni,
Zavqsiz kunlarni .
Vaholanki
Haddimiz yo’q edi
Bir birovni quchmoqqa hatto.
Qo’l ushlashib kezdik ko’priklar ostin.
Qo’limiz tutashuvida titrar edi mangu ayriliq.
Qo’limizni bog’lagandi mangu ayriliq.
Shunda ham …
biz faqat
G’amlarni baham k o’rmoqchiydik.
So’lg’in kunlarga ko’z yoshda titragan nur tarar edik.
«MEN»NING O’ZINI BOSIB OLISHI
Men bugun visolga to’yinganman, tunga to’yinganman.
Dunyodagi bor hislar menga kelib quyilgan.
Biroq
Tebratadi o’yimni ovoz —
Asabiy chiyillash,
Yoniq chirildoq.
Tun chaqmog’idek yorug’; to’g’ri chiziqda taralar ovoz,
Aqlimga kelib qadalar ovoz.
«Kayfiyat ko’ngil qimori,
Qurbaqa bo’lmoq istaram»*
Asir tushaman ovoz shashtiga.
Tafakkur bezovtaligi va ovoz
Bellashar, shoshar
Chaqmoq yorug’idek shiddat o’ynida.
Dunyodagi bor narsaga olar chirmashib,
Bor narsani chirmab olmoq bo’ladi
Tafakkur bezovtaligi.
Tosh tashlaydi bamaylixotir
Bir chekkada tunning soyiga
Mangulik nomli ulkan Sokinlik.
Ovoz taraladi, ovoz jo’shadi.
Qattiqroq chirmashadi tafakkur bezovtaligi.
To’lib borar keskir shiddatga
O’tkinchilik — mangulikka urilib singan lahzalar.
Ovoz taraladi, ovoz jo’shadi,
Bor narsani olmoq bo’lgan tafakkurning
Mangulikka urilib sinadi shashti.
* Tomas Eliot
* * *
«Iqrorman, men yashadim…»
Pablo Neruda
O’ylovdimki, qalbimni taqillatib kelding sen,
Eshik silkinishidan
Bir qatim nur tushdi zulmatga.
Cho’chib qaragandim unga.
O’ylovdimki, kelgansan nur bilan ko’pirib
Nur bo’lib mangu qolasan menda.
Va daftarimga ham
Yozgan edim munis iltijo:
«Ketma. Yonimda qol umrbod.»
Hozir daftarimda iltijom kuyar,
Tunimda oqadi kuyning ko’z yoshi.
Shiftga osig’liq xotirang turar –
Xonam zulmatin ezg’in yoritib.
Men kun tun unga qilgum iltijo
Sovrilgan umidlar mahzunligi-la.
Eng xoksor topinish bu, ma’yus topinish.
O’lgan umidlarga tutmayman aza.
Ovozingni asrab yurar to’rt tomon.
To’rt tomondan sizib chiqar ma’yus nur.
Nur iqrorim mening sog’inchlarimga,
Nur iqrorim mening bori azobga.
Sevgimga iqrorim
Va iqrorim mangu firoqqa.
To’rt tarafda to’zg’iydi ezg’in nur.
* * *
O’zingni cho’ktirmoq niyati bilan kelsang
O’n kun avval
Suyganing bilan kelgan
Anhor bo’yiga.
Anhor ko’prigida turib
Qarasang osmonga
Va pastga – oqar suvga .
U yondan bu yonga kechsa nigohdan
Manzaralar
Falsafalar
Xotiralar…
Tinglasang, yaproqlarning yashil shivrini
Titrasa yaproqlar kelajak xabariday,
Titrasa yaratgandan bir xabar kabi.
Bosh ustingda charx ursa qushlar,
Bosh ustingda kulrang cheksizlik –
Cheksizlikni o’pasan va yozasan unga :
O’lsang neni yo’qotasan,
Yashasang neni?
O’limdan ne naf, shunchaki yashashni qilolsang udda?
Taqdir haqiqatin oxirigacha anglamoq istasa ko’ngil
Jasorat topsa o’z haqiqatiga dosh bermoqqa Ruh
O’limdan ne naf,
Senda qolsa mangu anglash imkoni? –
Buni ko’nglingga yozar cheksizlik
Buni ruhingga shivirlar o’lim.
Boqding osmonga va pastga – zilol suvga,
O’limning ko’ziga ham bir zum tik qarab o’tding.
Bosh ustingda charx urdi yorug’ cheksizlik!
RAVSHANLIK
Верь своей боли…
Robert Frost
1
Men bu kun o’zimdamasman…
Boshimni siqmoqda kimningdir qo’li,
Tortmoqda changallab sochimni,
Bog’da charx urgan qushlar
Qopqog’in ochib,
Cho’qimoqda miyamni.
Kaftlarim yoyilgan, ochiq.
Kaftimning ustida og’ir bir dunyo
Kaftimning ustida o’tirgan o’zim.
Bog’da qolgan izlarimda ham
Mo’ltiraydi o’ychan hislarim —
— Sevgining og’rig’i ko’z yoshsiz
Visoldagi vido salomi
Va sen
Kunlarning, odamlarning yonidan o’tib borar o’zing
Kunlarga, odamlarga bo’lmayin daxli
O’tib borar ma’yus va mahzun.
Sen
O’zing.
Izingda ham mo’ltiraydi o’ychan hislaring
2
Shahar chiroqlari tomchilar
Ko’zida o’ynar
Avtobus oynasin yuvadi yomg’ir
To’zg’igan sochingdek silkinar havo ,
Dunyo,
Chayqalar nihollar navqiron, horg’in.
Chayqalar ko’z oldingda uzangan yo’ling
Ulkan bir qadahga to’ladi yomg’ir
Chayqalar dunyo, tebranar vujud
Baribir ochilmaydi yurakdagi sir.
So’ng
yurakdagi og’riq
yomg’ir bo’ladi
Yurakdagi og’riq yo’ldir manzilsiz.
Yurakdagi og’riq – navqiron, horg’in.
Og’riq ildizidan uzanadi yo’l…
* * *
Yig’layapti yosh «yuvgan» bir juft ko’z,
dunyoning hasratin yutgan Iztirob.
Yig’layapti yoyib qo’lini…
Ulkan shaharda
Kenglikning bir chetida
Bo’shliq boqib turgan tomonda
Kimsa yelkasiga qo’yib boshini
Yig’layapti
Yig’idan ho’piqqan sog’inch,
Yig’layapti javobsiz savol.
Yig’layapti yosh «yuvgan» qiyofasiz Qiyofa,
Qo’llarin yoyib na baxt, na erk, na yolg’izlik tomon
Xotiralar toshib oyoq ostidan
Xotiraga qo’shilib zamin
Xotiraga yoyilib Qalbi
Muvozanatga do’nib xotira, zamin, yurak
Suyayapti Qiyofani, Ichkin Yig’ini.
Yig’layapti boshiga osmon qulagan majhul Hol.
So’lg’in ifor
Sig’inaman xira chiroq nuriga,
Sig’inaman yomg’ir tovshiga,
Quvaman o’yimdan xayol qushlarin
O’ylamaslik uchun men seni.
Zinadan tushaman, peshvozdir qayg’u,
Ergashaman yaproq shivriga,
Sog’inmaslik uchun men seni.
Iviyman yomg’irda, ivib so’liyman-
Yoyiladi havoga so’lg’in iforim
O’layotgan gulning zaif bo’yidek-
Sog’inmaslik uchun hech seni-
Iviyman yomg’irda, ivib so’liyman.
Zotan u shu tarzda o’z halokatini istaydi.
NITSHE
Ichingda qora o’ra
Yutadi o’ziga tun tovushlarin
Mushuklarning ingroqlarin yutar o’ziga
Ichingda qora o’ra
Hislaring taralar undan nur kabi
boshing bilan cho’kkansan unga,
U sening o’zing bilan qolgan o’zing.
Ichingda qora o’ra
Ildizlari chirmab borlig’ing
Jo’n turmush bilan aldab o’zingni
Qo’rqasan kelmoqdan unga yuzma-yuz
Va tashnasan yuzma-yuz kelgan lahzaga.
Ichingda qora o’ra
sening manbangdir, baxtmi baxtsizliging,
Manoyingning qora o’rasida yitmoq qismating.
Ichingda qora o’ra
Iztirob ingroqlarin yutar o’ziga.
* * *
Xonani to’ldirgan jarangdan qochib
Boshimni olaman derazadan tashqari tomon.
Suzadi notalar, ohang botartib.
Kuy yonayotgan ruh alangasi
Uchqunlari sachrab,
Sanchiladi har bir sezgimga
Kuy — yonayotgan kelajakdan muhtasham xabar
Derazadan tashqari olaman boshim.
Qulamoqda kelajak ko’priklari ham
Og’ir qulagandek yurakka organ sadosi.
Oynalari sarg’aygan, tasviri xira
Kutishdan sarg’aygan odam qalbidek
So’lg’indir kelajak ko’zgulari ham.
Jaranglaydi xonada holsiz bir jarang.
Qochib chiqmoq istar balki kuy ham xonadan
Balki istar kuy
kuyligidan ketmoqni qochib.
Toshib ketmoq istar ko’chaga
Kuyligiga berolmayin dosh
Derazadan boradi toshib
Oy ko’ziga botar, tun qo’yniga uning
Saflashib kelmoqda
Dunyoning eng ma’yus hislari — farishtalari
Bir bir qo’nmoq istab ruhiga
Va Kelar bir og’ir Dard
Yelkasiga qo’rg’oshindek istab cho’kmoqni
Dosh bermog’i uchun o’z Holatiga
Boshin derazadan tashqari olgan odamning.
KO’Y
Yulduzlarin terib oldi osmon ko’ksimdan
Ko’ksimda huvillagan cheksizlik qoldi.
Men sening yoningda, qalbingda bo’ldim
Ruhimda mung’ayib yolg’izlik qoldi.
Sochlaringni mayin silaganimdek
Mayin bo’ldi dardlar, mayin yolg’izlik.
Tugamadi bari, o’tmadi lekin
Siniq tabassum kabi bir tus qoldi
Xotiralarda.
«DO’ZAX GULLARI» TURKUMIDAN
Ko’zoydinlik
Bosh olib ketmoqni istardi onam
Xususan, otam bilan urishganda,
Xususan, tugayotganda yonib.
Dala adog’idagi daraxt ostida
Yig’lar edi uzzu-kun yolg’iz.
Bosh olib ketmoqni istardi onam
Va ko’z yoshda tazarru etmoqni
So’ngsiz do’zaxdan kelganday chiqib.
Onamning bu istagi parvozdagi qushlar misoli
chaxchaxlab uchardi boshi ustida.
Chirqirab qoldi onam qushlari.
Sevgilim, ko’zdan to’kilgani afsus yoshimas —
O’tgan kunlar uchun qulluq, tazarru.
Nogoh toshdi qalbdan bu yosh to’lqini
Chirpirak qilib otdi
Sokin sohilga.
Sevgilim, boshimning og’rig’i aslo og’riqmas —
Bosh olib ketganning og’i-iir yengilligi.
Sevgilim, do’zaxdan chiqqan odamning ko’zi oydinligi
Ko’zimning yoshi.
2
Sigaret tutunidek o’rladi ko’kka
Men tushingan bor narsa
Xususan, bir jizzaki ayolning
Umrbod sevilmagani azobi.
Xususan, ko’chadan o’tgan erkakning
Tirik emasligin kuzatganim jim.
Bir odam yolg’izligin kasallik bag’riga to’shagani
E’tibor tilangani qon bosim bilan.
Bir xonimning zerikishi va
Qumsagani birov quchog’in.
Yo’lni to’ldirgan mahzunlik
Mahzunlikni kechib borar yo’lovchi-
O’rladi ko’kka anglamlar kabi
Va meni o’radi …
tushinilganday.
O’radi tegramni,
Ko’zim oldini.
Tuman kabi o’radi.
Va qat qat bolib singdi ko’nglimga
Quyuq tumanlar kabi
Sog’inch alami.
Tushinilmaslik alami.
MINGGINCHI LAHZA
Tush va Hush
Xayol va Hayot
O’lim va Uyqu
Isitma va Istak hurligi
Nahot yana tirik bo’lishni istayman
Nahot
Qayda u mangu tiriklik guli
Bilgamish kabi sug’urib olardim ilon og’zidan
Yo’q-yo’q, mangu umr surish uchunmas,
Xudo bergan shu umrimning har lahzasida
Har lahza
Ming o’lib
Ming tirilmaslik uchun
Qayda o’sha tiriklik Guli
Darvoqe, ko’zimni yumadi uyqumi, o’lim?
Darvoqe,
Isitmadagi Hushdamanmi
Yo tushda yashalgan Hayot?
Nahot tiriklik istayman, nahot
NIHOYA
Sovuqda muzlab
Pechka hovurida isingan kabi
Boshingni behol suyaysan
Derazaga, devorga.
Muallaqsan… Ostingda jarlik.
Ilinib qolgansan daraxt shoxiga.
Lekin kulrang osmonga to’yinging kelar
Terging kelar xayol chechaklarini sening.
Yo’q, yo’q, muallaqmas,
Axir cho’kkansan
Ichingga, xavotirning chuqur qar’iga.
Ichingda cho’kkansan.
Tashda muallaq.
Suyangansan
Qo’llaringning og’riyotgan Kuchiga.
Lekin
Baribir shabnam yalaging kelyapti sening.
Sen xabar kutasan,
Hech qachon kelmaydigan xabarni.
Sen o’zgarish istaysan
Yehtimol evrilish
Va evrilasan
Cho’kishlarga,
Muallaqlikka
Jarlikka
Shabnamga
Xayol chechagiga
Va daraxt shoxiga…
Ichda cho’kkandingu,
Tashda muallaq.
* * *
tabassumning «oh»i chayqaldi
ko’nglim to’lqinlarida
qayiqlar qalqidi bezovta…
qancha masofa bor
nigohdan so’zgacha
she’rgacha
va sevgigacha
qancha
tabassum ohida suzgandek
so’lg’in nur tomchilari
raqs tushdi ko’zoldimda
uchnuqtalar…
so’ngnuqtalar
qancha masofa bor
nigohdan sevgigacha
ko’nglimda tabassumning
ohi chayqaldi
tabassumning ohi
tebratdi ko’nglimni
* * *
qo’llarim qo’lingda eridi
o’pichlarim ta’qib etdi tegrangda
sokinligingga singidi
bo’salarim
kulgim
ko’z yosh bo’lib
oqdi
kulgim
eridi shul’angda
aralashdi
may kabi
kulgi va yosh
Og’rig’imning izidan bordim
Zax va namchil bo’shliqda
Chakillardi
Tomloq suv tinsiz
Uchar edi
Halinchak
Shamol
Og’rig’imning izidan bordim
Ehtimol, yo’qoldim…
ehtimol qoldim…
Bitta og’riq bo’ldim
Bo’linmas zarraga,
yo’llari bekik.
Iltimos, kelma.
Yodingdami
Qalbimdami
Bir chetida balki faslning
Og’rib turaman o’zim
Turib qolding anhor bo’yida.
Nari tur!
Bo’g’zimdagi hayqiriq zarbidan yiqilib ketma…
Oyog’ing ostida yashil maysa
va sariq xazon
Bosh ustingda daraxtlar
gullamas, qoqshol
Oqardi suv bamaylixotir
mangulik kabi
Pinhon oqardi Mangulik,
dardlar.
Qalqib borardi suv yuzida hayqiriqlarim
Ehtimol,
ko’zingga osmon cho’kardi u dam,
Ehtimol,
olislab borardi Shafqat,
Ehtimol,
quchog’ingga cho’kmoq istardi mangulik
Qo’y,
Nari bor,
Tikilma olis!
Baribir sen
Bu huvillagan mangulikni yupatolmaysan.
Quchog’iga sassiz oladi seni
Hayqirig’im
Mangu qalqinib…
SUNBULA
Sening bog’ingda o’sgan
Yovvoyi o’tday yulishar meni.
Yehtimol O’zing, ehtimol boshqa.
Men kutaman u kunni.
Ojizman bog’ingda o’smaslikdan
Seni sevmaslikdan ojizman men.
Ungacha…
Qon kabi ichaman oyning nurini.
Yashayman tikonni sanchib bag’rimga,
Yod etaman yulinish lahzasin ojiz titroqda.
Ungacha…
Qon ichib o’saman har kuni.
Ojizman, o’smaslikdan ojizman.
Bilaman
Muqarrar yulishar begona o’tday
Ojizligimni muqarrarlik izmiga berib
Men kutaman o’sha qo’llarning muqarrar nafratini.
Seni sevmaslikdan ojizman men.
«TURKISTON ERTAKLARI» TURKUMIDAN
1. Semurg’
Ayniqsa, qanotlarini yoysa Semurg’,
Mayin singsa tegradagi havoga
Bo’shliqlarga qo’ysa in
Ko’rmasak, sezmasak buni.
Ayniqsa, chirqillasa, zoriqsa bir qush,
Cho’qisa qalb bo’shlig’ini.
Ko’rmasak, sezmasak buni.
Yoprilib kirsa ichga qop-qora qushlar
Tilkalasa ichni va qoqsa qanot
Qon qusib,
Qon qusib
Shu tutqun parvozda o’lsagu, ketsak
Ayniqsa, chirqillasa bir qush,
Cho’qisa qalb bo’shlig’ini.
2. O’zga zamondagi malika
a.
Chegaradan o’tdim. Boshqa makondaman.
Xazonlar uvlaydi yelga qo’shilib.
Kelgan joyimda qotdim.
Chopilgan oyog’im bilan qotdim men.
Nogoh kimdir puflay boshladi meni
Kaftiga olib
Sigaret qoldig’i yo xazonkukunday.
Ayni shu vaqtda yig’layotgandim
O’zga makondagi ko’zim yoshida akslanardi kul.
Kulim yengil edi, yengil ifordek taralardi havolar uzra.
Zarralarim xazonkukundek
Aylanardi boshim ustida bir quyun kabi
Va ichiga osmonni yutmoq bo’lardi.
Og’ir edi, zarralarim ko’z yoshdek og’ir.
b.
Yengil-engil to’zg’iydi kulim havoda
Va Singgadi iltijo shivriga.
Yaxshiki, boy berilgan bor narsa.
Bo’sa…
Ruhingga uyg’un hulvo…
Ko’zyosh…
Qimtilgan lablarga singigan oqim.
Yig’lanmagan bir hasrat.
Yig’lanolmas bir hasrat.
Tuman…
Ruhingga singishgan cho’kindi oqim.
Jarang…
Ruhingdan qo’lingga,
Qo’lingdan buyumga ko’chgan.
Isyoniy ritm.
Bo’sa…
Qon sizar undan
Yuraklarda qonli qovishuv.
Ruhingga uyg’un hulvo…
Havodagi mezonlarni o’pamiz asta,
Quchoqlaymiz ko’nglimizga uyg’un kunlarni.
Bugun qonli qovushuv iztiroblarda.
1. yaltirash
Yaltiraydi ruhimda oy
va ilonning sovuq terisi
bashang fojening tusi
Sinmaydi
Mona Lizaning
kibrli tabassumi parchasida ham
Shisha kabi yaltiraydi ruhimda
akslanadi ostida
hislarning oqimlari
oqimlari so’nadi va…
yaltiraydi
Yaltiraydi
ilonning terisidek
yaltiraydi ruhim
2. junjikish
olislik
sanchildi
qo’limga
tog’ boshidan
ko’chgan qordek
kaftimga ko’chdi og’ir
qo’limni qo’lingdan olgim keldi
olislardan kelib
olis
sanchildi
tog’ boshida
muzlagan qordek
olislik
muzladi
qo’limda
3. qamashish
Qog’ozlar asabning torlarin kessa
Tishlaring qayralsa pichoqday
Barmoqdan to’kilsa alam zardobi
Hovuchga to’lsa…
Shu zardobda yuz chaymoq mumkin
Shu zardobni boshdan quysa bo’ladi
Yig’lamaslik mumkin umrbod
Oqmasligi mumkin ko’zdan tomchi yosh —
…yoshlaring pichoqdek qayralsa tishing ostida
…yoshlaring asabning torlarin kessa…
Ona
Ona!
Qalban seniki bo’ldim.
Yuraging ostida qoldim bir umr.
Qalbingning ostidan oqqan sokin bir irmoq edim
Goh sen meni tinglading,
goh men seni,
Goh tinglab ham tushinmadik bir birimizni.
Qalbing ostidan oqqan tinchoqar irmoq bo’ldim
Lekin quyilguvchi boshqa daryoga.
Bir umr kechib yashadim seni.
Senda homila bo’lib qoldim bir umr.
Balki ichingdagi sen dunyoga keltirolmagan boshqa O’zing edim,
Balki nogoh yutilgan Yomonlik homilasi
Va yo bir hasrat hosilasi.
Homila bo’lib mangu yashadim senda.
O-na!
Sokin shivirga endi ovozim
Qumsab ruhingning shivirlarini
Qo’shildi sokinlik shivirlariga.
Bir-biriga ayqashdi ruhimiz shivri.
Ona, qalban seniki bo’ldim
Marina Svetayevaga
Qachon buncha berildim senga,
Qachon buncha bog’landim?
Axir yoningda xotining,
axir yoningda…
Kunlarim kirmoshinda kir kiyim bilan qolib
Rangi tutilgan sharfimdek xira.
Ko’chaga chiqaman…Ayoz!
Ayoz sovug’i uzra aylantirib olaman dilni.
Aylantiraman chirpirak qilib.
Biroz sovisin.
Oqshom shul’azorida
Mo’jaz do’kondan turkcha so’zlik oldim.
Muhabbatni kesar dedim faqat muhabbat.
Chiroqlarning g’arib nurlari
To’kilgandek tungi ko’chaga
O’zimni beraman, umrimni to’kkaman so’zlarga:.
Ağlar Veysel, çikmaz sesi.
Umrimni beraman va
Unutaman!
Muhabbatni kesar deyman faqat muhabbat.
… va …
Turkcha o’rganayotganimni
maqtanaman senga
xayolan.
Mening ruhim og’ir toshning shaklinda —
Alamlar zichlashib qotgan qiyofa.
Ovozlaring o’tmas undan.
Ko’z yosh yemirmas.
Qo’rqaman, jismingga og’ir botadi boshim
Gulning mayinligi bilan olsang kaftlaringga ham.
To’zgin sochlarimning ichida kezgan
Barmoqlaring otiladi
Iztirobdab beshta favvora bo’lib.
Yoyilmaydi yuzlarimga kulguning harir qori
Labingda tutganingda ham muzdek havoni.
Nayning navosida tebranib
olislarga sochilmaydi ruh,
Xususan, men sevgan qishning ruhiga sachramaydi u.
Yendi yoyilmaydi borlig’imga-da musiqaning tovshidek
Musaffo, nozik va muzdek havo
Va muzdek havoning yarqiroq tetikligi ham.
Zotan, yoyiqlikning so’ngan ruhidir zichlik,
Zotan, kengliklarning og’ir qabri erur tosh.
Yig’layman…qonib ichgim keladi,
Yig’layman…ichgim keladi mening
Sen labingda tutgan muzdek havoni.
FASL NILUFARI
Sovuq shamollarni kiydi bu fasl,
Og’ir nafas ichra to’lg’ondi shahar.
Bir achchiq iztirob ruhimdan o’pdi.
Sovuq shamollarning ichida nolon
Qo’pdi, mening yuragim qo’pdi.
Ko’zdan shamning quyqasidek quyildi ko’z yosh,
Shaharning ovloq bir burchida bo’ldi bu sodir.
Ichimda mador yo’q, cho’kkaladi jon,
Ichga yutilgan dardlar yerga berdilar bag’ir.
Ovloq bir burchakda bo’ldi bu sodir…Hammasi oddiy…
Axir men bu faslning nilufariman.
Botqoqda ochilgan nilufar kabi
Jim ochildim fasl ichra qayg’u tubida.
Bilaman, men seni kutaman yana
O’sha kimsasiz va tanish bekatda.
Faqat…biroz ranglarim so’lgan
Rangdan gulgunlikni,
Yurakdan quvvatni biroz yulgan Vaqt.
Ko’p emas, uch-to’rt kun.
Asablar ilashgan olovning barmog’iga.
(Yuzlarim kengaygan, yo ketgan shishib
Og’ritib yuldi yurakdan hayot nurini og’riq.
Seni kutar o’sha bekatda
Yuzdagi og’riqning vazminligi ham. )
Endi tutmayman qo’lingni qo’llarim titrab
Yurakning eng go’zal tori uzildi.
Senga ataganim- mehrim, muhabbatim
Vaqt ichra og’riqning zabtida edi.
Men-da asrolmadim, sen olding o’zni,
Nur tolasin yuldi yurakdan og’riq.
Seni kutaman-u, bir bor ko’raman
Va yana ketaman yo’llarga chohli.
FONIYLIK
Ko’ngilda mavhum hislar to’lqini toshdi
Tashqarida kuz yeli,
Yengil junjiktirar daraxtlar tanin.
Soyalarda qaltirar nedir,
Soyalarda qaltirar mahzunlik-
Daraxtlarning, devorlarning soyalarida.
Ko’ngilda mahzunlik to’lqini toshdi.
Va hademay o’tar,
Quyilar abadning daryolariga
Foniylik iskanjasida tashlab yurakni
Nurab borayotgan musiqa kabi
Ezg’in-ezg’in taralmoqda kun,
Ezg’in jaranglamoqda.
Mashinalar ortib o’tadi eng ma’yus kunni.
Qushlarning sayrog’ida yutiladi sukunat.
Va baribir quyosh chiqar samoga,
Baxt so’raydi ko’chada o’tkinchi gado.
Va ezg’in hislarni qayt qiladi iroda.
Bo’m bo’shlik qoladi ezg’inlikdan so’ng,
Dunyoning u chetidan bu chetiga qatnar iroda,
Jo’shar-sarg’ayar,
Sarg’ayar-jo’shar.
Bo’m bo’shlik qoladi ezg’inlikdan so’ng.
O’lgan fasllar
To’rt tomon xavotirning shaffof devori
Qolsa bo’lar unda mangu toqatga to’lib.
Suv yuzida suzgan qog’oz kemadek
Moviy rangdan baxt yasab xayoliy…
Eng kelmas kunni ham kutsa bo’ladi
Baribir hech narsa bo’lmaydi sodir.
(Bir burchakda dunyo yasab o’ltirarar Borxes)
Xavotirning shaffof devori ichra
Kelmasidan oldin o’ladi fasl.
Ming yillardan oldin o’ladi fasl
So’zga aylanmagan tuyg’u bor bunda —
(Yurakka qadalib og’riydi sim-sim.)
Quyoshga qarolmagan nursiz ko’zlar bor.
Kakku sayrog’idagi jo’shqinlik ichra
To’zg’ib ketmoq istagan jon bor.
Va bir yo’l bor — ko’z yumsang tasavvurga kelar bostirib,
Bir yo’l bor -sahrodek sariq, beadog’,
Bir yo’l-kechib bo’lmas mangu hijron bor.
Bir yo’l bor… ko’zlaringga kelar bostirib.
«Anglangan har narsa o’limga mahkum…»
Borxes
Ha, mening xayollarim tumanli,
Fikrlarim, o’ylarim tumanli,
Chizib berolmayman mana Quyosh deb,
Ko’rsatolmayman yo yashil maysadek
Va anglata olmasman senga —
Ishonchimga tuman tashlagan ishonchsizlikni
Bir qadar Yaqinligimizdagi bir qadar olislikni
Labimdagi tabassum to’lqinida
Oqib o’tayotgan og’riq daryosin
Ko’zlarimga yugurib kelgan kulgu
Va kulgu bo’lmagan yana nimadir…
Anglata olmasman senga.
Biz orzu qilgan ertadagi visol
O’tmishlarning g’amli afsonasiligin
Aslida kelajak
Ertalarga yetib borar ohlar bo’lajagin
Visolda hozirgina titragan Ohimizni
Qanday anglataman senga?
Ehtimol, Mavhumlikdir
Men anglaganning oti
Har kun yangi qiyofalar ( tuyg’ular)
Chiqib kelaru
Va yana singadi o’z bo’shlig’iga
Balki olamning eng ulkan Xotirasiga.
Lekin bil,
Shu tuman mozaikada senikiman men
Shu tuman ichida menikidirsan,
Shu tuman ichra doxilman
O’zimga,
Senga
Shu tuman ichida tirikmiz, sevgim.
Singib ketajamiz
Mangu Ohlarga
Anglangan (anglagan) kunimiz.
Ko’pirmoqda tun ko’zim oldida
Uning mavjlari- mening dardlarim, xotiralarim.
Ana bir to’lqinda chinqirmoqda onam
(Qo’llarin behuda kerib ummon sathida)
So’zlaring bilan tortib ol der u,
«Qutqar, qizim, so’zlaring yubor»
Esladim.
Qachonlardir men ta’tildan qaytganda uyga,
Yozilgani chiqib tunda dalaga
«Shahar yaxshimi yo bu yer» degan onaning
Dunyoni itargan-hatto o’z onasini ham-
Farzand onasining
Bolasi bilan so’zlashmoq istagi
So’zlasholmagani…iztirobi xotirasi bu.
Hamon chinqirmoqda onam…
endi foydasi yo’q. Axir men cho’kkib ketganman boshqa to’lqinda.
O’kinchning bir tunida o’zimni tashlaganman o’sha to’lqinga
Dunyoningmi- bilmadim, nimaningdir tub-tubiga butkul cho’kmoq istagi bilan.
Men cho’kkanman. Yordam kutma, ona, kutma.
TAZARRU
Qulog’im ostida otamning tarsakisi
Lovullab yonadi yuzim tushimda
Shunday tirik bezovtalik yurakda.
Bir gunoh etmoqda ta’qib
Ortimdan ergashar soyaday…
Bahona izlayman tushimda
Ota bu — jazo, ota bu — xudo.
Gunohning ko’zi ko’r — qismat ko’ziday,
Ortimdan ergashar — bilgisiz soya.
Edip gunohiday ulkan gunoh
Go’yo hozir
Bo’ladi sodir…
Shunday tirik bezovtalik yurakda.
Bahona topaman o’zni oqlashga
Sabab axtaraman tushimda
Bahona izlaydi o’ziga gunoh
Ota — xudo, ota — jazo.
(Bahona topaman otamga)
Tazarru etaman faqat tabiat sukutiga,
Qushlar sayrog’iga qilib iltijo
Sig’inaman baxtsizlikning sokin tortgan ruhiga.
Kesib o’tdi dilimni xonadagi bor narsa
Va vaqt.
Tashqarida bir shovqin yo’q, na harakat, bir xabar.
Deraza oldiga bordim
Sen haqingdagi o’ylarimga nogoh tushdi oy nuri
Bir tovush yo’q, «ellar tinch, ochiq»,
Sen haqingda xabari yo’qday-
borliq-
Qat’iy hukm kabi osuda.
Deraza oldida qoldim.
Men bilgum
Na xonadagi narsalarning, na tunning, sening
Mendan xabari yo’qdir,
Mendan xabari yo’q
FOKSTROT
Oyog’imiz aro lya oqardi,
Oyog’imiz aro oqardi sol’ ham
Shundayin tez, shundayin shiddat!
Oyog’imiz aro lya
Oyog’imiz aro sol’ ham…
Shiddatning tartibida oqardi.
Shunday tartibda oqardi oyoqlarimiz
Bir-biri aro,
Qo’llaringda oqardim men ham!
O’ZGA HIS
Meni bu yerga sog’inching emas
Olib keldi o’zga bir hislar
Ichimda o’ynagan to’p-to’p g’alayon.
Bu yerning ruhi sening ruhing kabi
Ruhimni olar bag’riga
Ardog’iga olar hislarni
Qonimdan otiladi ul hislar
Otiladi favvora bo’lib
Sachrab ketar tunning yuziga
Seni menga suydirgan ul hislar
Olib borgan umid oldiga…
Sen ketding hislarning yo’lidan
Asrab qoldi meni ul hislar
Ul hislar mangu bedor tun kabi
Ayt, ketmadingmi hech qalqib-qalqib
Oyog’ing ostidagi hislar tebrovidan
Aylanmadimi boshing bedor g’ovridan
Silkinishidan tushmadingmi yiqilib
Masalan, o’raga
Qo’rqma
Tubsiz o’raga emas,
Sog’inchli o’raga
Sog’inch ushlab qoladi seni.
Endi yuragingda xotiram mangu,
Qo’rqma, bo’shliqqa ketmaysan yiqilib.