Tillaniso Eshboyeva. Ko’z yoshimning ichida bor edi bari…

Ashampoo_Snap_2017.04.15_15h28m23s_001_d.png    Тилланисонинг шеърларини бир ярим йилча аввал сайтда тақдим этар эканман, мухтасар гапимни илова қилган эдим: «Шоира  Бахтинисо почтамга Тилланисонинг шеърларини юборибди. Ўқиб кўриб, ёш шоира ўзига хос дунё яратишга интилаётганини кўрдим. Шеърлари кўпроқ сочма йўлида ёзилган. Тизгинсиз сочма худдики бўронда қутирган, ой остида сокин мавжланган қалб денгизининг ойнасига ўхшайди. Бир қарашда осон кўринса-да, сочма ижодкордан етарли тажриба ва маҳорат талаб қилади. Жуда содда тарзда айтсам, сочма эркин ифода (ростгўйлик) ва фикрий оҳангдорлик (тажриба) дан туғилади. Тўғри, ростгўйлик болаликдан келади, тажриба эса вақт билан етилади. Тилланисонинг шеърларини ўқиб, шоира ўз изланишларида намоён бўлаётган ростгўйлик ва тиришқоқликни давом эттирса, келгусида ўзига хос оламини ярата олишига ишонгим келди».
Бугун Тиллонисонинг янги шеърларини ўқиб чиққач, ўшанда туғилган фикрим яна қатъийлашди.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

Тилланисо Эшбоева
ШЕЪРЛАР
004

   Тилланисо Эшбоева 1993-йилда Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Дилхат” шеърий тўплами муаллифи. Шеърлари “Сизга шеър айтгим келади” ёшлар баёзида, туман, вилоят ва республика газета-журналларида ёритилган.

004

15621644_10154231535682602_6451562183588179731_n.jpg

Қичқириғимни ют, шивирларинг ичига ютгин, севгилим,
Токи сукунат ичра қолсин қайғумиз.
Осойиш қалқиб қалқиб юрсин хонамизда сукунат ичра,
Мувозанатга айлансин
Қалбда
Қайғумиз.
Қичқириғимни шивирларинг ичига ют, севгилим.

post-802773-1295446125.jpg

Маст кўзларинг мени овунтиролмас,
Малҳам бўлмас дардимга ёруғ сўзларинг.
Бир ҳамдарддек қўлингни қўйсанг елкамга,
Сўнг тарк этсанг,
Холи қолса менинг аччиқ бўзларим.

Холи қолса қалқиб, қалқиб келаётган бу бўшлиқ —
Мен бўшлиққа тирсагимни тираб, таяниб олсам ,
Танасида оғриқ оққан бир одам каби
Бўшлиқларга лоқайд термулиб турсам.
Термулсам, кимсасиз йиғласам, кулсам.

Холи қолса менинг аччиқ бўзларим.

post-802773-1295446125.jpg

Ҳаракатларингни такрорладим ичимда:
Кафтларимни очиб, қўлларимни ёйдим қанотдай-
«Ҳа, энди…бу — менда»  деганингми бу.

Китоб ўқиётиб бошимни кўп бор қимирлатдим —
Йўқ, бу тасдиғинг эмас,
Ичда кулганинг, қўшилмаганинг.

Ёмғир ёғса, эзиб сигарет чекким келди-
Бу сенинг хўрсиниғинг.

Кўзларимни йириб қарадим —
Кўрдим:  тўртта тошдевор қанотларим устида.
Билдим, ақлинг дош беролмай қолди
Азобга,
Оламга.

Такрорладим ичимда: сенинг ҳиссингни, менинг сезгимни.

post-802773-1295446125.jpg

Ёмғирларда ювилди шаҳар
Нам тортди дарахт остидаги бизнинг ўриндиқ
(У балки менинг  ёлғизлигимдир).
Сен кўргансан  унда мангуликка кўп бор термулганимни,
Бинафшаранг туманлар ва сигаретнинг тутуни аро.
Сен кўргансан унда мангуликка ёлғиз термулганимни
Бахт ва бахтсизликдан буткул тушгандек айро.
Бори муносабатдан буткул тушгандек айро.

Ёмғирларда ювилди шаҳар,
Мангуликка термулдим такрор.

post-802773-1295446125.jpg

Оғзимда аламнинг аччиқ таъми,
Қалбимда сўзларинг сенинг,
Қалбимда сўзларимдан ҳурккан нигоҳинг.
Мен тиз чўкурман нигоҳингдаги хўрликнинг қаршисида,
Ўзим ҳуркитиб, сўнг ўзим қилгум тазарру.
Лек ўзгара олмасдир, бошқача бўлолмам сира
Ўзгартирмаса гар ҳаётнинг ўзи.
Биламан, қалбингни минг бор қилурман яра
Ва минг бор ўзим чўкадирман тиз.
Минг бор тиз чўктирар ҳаётнинг ўзи —
Лабларимда қонаб алам ва афсус…
Ҳаёт шундай сўрар қалбдан қувватни,
Тиззалар мадорин ўлдирар шундай,
Шундай маҳв этади фалак қисматни.

post-802773-1295446125.jpg

Мен бу ёруғ тунларга сиғмайин қолдим,
Кўнглимга зарб бўлиб тегди соат чиқ-чиқи.
Мадоримни азоблар ичдию, ўзим маст бўлдим,
Сузиб юрди сархушлигим ичра бир йиғи.

Билмадим, жонимни элтиб суяйин қайга —
Йўлларга узалди энг сўнгги мадор.
Сўнгги бор кўзимни очдим ва кўрдим:
Шўрхок ерда довдираб кўз очди баҳор.

Баҳордай довдираб кетдим ҳушимдан,
Билдим, бир шўртаъм йиғи бўғзимга келди.
Ҳушимни учириб юрди сарсон шамоллар,
Билдим,
Хазонлар тўпланди устимга,
Билдим, устимда қўшиқлар ўлди.

post-802773-1295446125.jpg

Суҳбатлашиб бунда ётармиз абад,
Ишқ учун ўлганлар, Ҳақ деб ўлганлар.
Эмили Дикинсон

Биламан, қўнғироқларинг хавотирданмас,
Дилинг қўним топар дилни изларсан.
«Орамизда оқиб турса тун ёки дарё
Хотиржам тош ташласак» деб шивирларсан.

Хотиржам, жимирлаб оқиб ётса орамизда тун,
Қайғумиз шивирлари тўлдирса қалбимизни.
Устимиздан унган майсалар шивирларди,
Ёнма-ён қилсайди Тангри ҳатто қабримизни.

Суҳбатлашиб унда ётардик мангу
Ишқ учун ўлганлар, Ҳақ деб ўлганлар.

post-802773-1295446125.jpgМАНЗАРА

Дераза ортида совқотган фонуснинг хира ёруғи.
Дераза ортида мозор —
Мозорни қучоқлаб юксалган девор.

Дераза ортида ёмғир ва лойли кўлмаклар.
Деразани очади жинни
Кўлмакка тош отиб, тунни эрмаклар.

Ва…
Деразага тортилар энг қалин парда.
Ташқарида қолар мозор ва манзар.
Ичкарида бармоғин тишлайди жинни,
Бошин уриб деворга сассиз
мозорнинг, манзарнинг жимлигин бузар.

Тошиб кирмоқ бўлар хонага манзар,
Ёруғлашади чироғи туннинг,
Мозорда руҳларнинг базми қизийди,
Тирикларга парвойи йўқдир уларнинг.

Чил-чил синар манзар деразага урилган зарбдан,
Сачраб кирар хонага манзарнинг синиқлари…

Ташқарида ҳамон ёмғир, ташқарида лойли кўлмаклар,
Ичкарида жинни…йиғлаб-йиғлаб ўзин эрмаклар.

post-802773-1295446125.jpg

Менда умид қилмоққа зарра имкон йўқ.
Ботқоқда очилган нилуфар каби
Жим очиламан қайғу тубида.

Қўрқув билан
тинглайман отамни, онамни, хавотирларни
Бошим эгиб бир зумга
Жим чўкиб кетаман қайғу тубига.

Менинг умидимга зарра фурсат йўқ,
Фақат ҳолдан тойиш бор, ўздан кетиш бор.
Ва бир зум беҳол тиниш-у
Қайғу тубида гулдай очилиш бор.

post-802773-1295446125.jpg

Жаннатларни ваъда қилманг, соҳир тушларим —
Ўзим ёққан оловимнинг ичидадирман.
Гуриллаб ёниб
Кўкка ўрлар баданим.

Гуноҳларим менинг ақлимни сиқар.
Олдинда ёруғ тонглар кўринмас,
Улар сўриб олар кўзим нурини.
Зулматларда қолдирар мени,
Қолдирар, тилларим тишланган, бесас.

post-802773-1295446125.jpg

Деразам пардаси  титрар шамолда,
Ойналарга урилар ёмғир
Ярим тун ўртасида.
Кўзларим тинглайди ёмғир куйини
Ва миям,
Кўзимга тиқилган мудроқ бедорлигим,
Менинг оғир диққатпазлигим ҳам.
Биламан, устимдан босар ажина — кўзларим юмсам,
Борлиғим аччиқ ҳувиллайди — ақлим тиниқса.

Деразамга урилар ёмғир,
Тингларман ёмғирнинг куйини.

post-802773-1295446125.jpg

Мен сени кутдим,
Бахт ва бахтсизликнинг ҳижронида жим…
Сен келсанг, сенга жой бермоқчийдим
Қалбимнинг яхши ва ёмон жойидан.
Сувлар оққан яшил ва лойқа —
Ҳали ҳеч ким тингламаган жойидан.
Сувларда ювилган шомлар қайғуси,
Ва ўша шомларнинг муштоқлиги ҳам.
Ювилган, ювилган шомларга ташлаб кетилган хотир ва дардлар,
Айтилмаган — бекатларга ташлаб кетилган гаплар.
Ювилган, ювилган, ювилган ҳижрон.

Мен сени кутдим
Руҳимнинг беқарор қайғусида жим.

post-802773-1295446125.jpgИситма аралаш

1

Бағрим орасидан таралади иситма,
Олов, чўғ бўлиб ерга тортар лошимни.
Кўзларимда оловнинг тафти.

Бағрим билан оҳиста сирлашар
Ерда ётган барги хазонлар.
Сариқ рангли барги хазонлар
Бағримдаги ҳарорат билан
Ўтли сирлашар.

Бундай ўтни кўрмаган дунё,
Дунё кўрмаган бу сакийнатни.
Оҳиста шивирлар барги хазонлар.

2

Ҳаммаси иситма аралаш бир хаёл…
Сен чиқиб келасан йўқлик қаъридан,
Иситма аралаш бир туш ҳаммаси.
Биз титраб турамиз — замоннинг қаърида — жуфт шарпа.
Устимизда маъбудлар ғазабидек ҳувиллаган бир дунё.
Бир ёй каби устимизга эгилади чексизлик.
Иситмадан қақшайман мен ўша дамда ҳам.
Сен қучоқлаб оласан мени —
Бағрингда туғилар яна бир дунё.

Бизни қуршаб ётар замон, йўқлик ва дунё.

3

Мен сени бўсаларга кўмаман
Ва туннинг баданини ҳам.
Бўсадан кетар у ёришиб.

Ҳамдардликнинг энг гўзал шакли бўлар бўсаларимиз.
Юқтираман сенга ҳатто танамдаги иссиқ дардимни ҳам.
Ва балки жисмимизни ечиб ётоққа
Кетурмиз иккимиз кўчаларда сайр этиб.
Бир-бирини суйиб  ялаган икки ит каби,
Дардимизни кўзларга суртиб,
Кетурмиз.

Мен сени бўсаларга кўмаман.

post-802773-1295446125.jpgТакубокуга

Бир аёл чекарди дарахт остида,
Бори армонини чекаётгандек.
Чекким келди…
Бори орзум ушаладигандек.
Бир ғамли ишончда сездим ўзимни
Ушаладигандек, ушалмайдигандек.

post-802773-1295446125.jpg

Кўзимни юмишга мадорим етмас,
Кўзимнинг устида ҳам воқелик…
Ҳавога ёпишиб қолди кўзим.
Олам тинмас. Ақлимда шовуллар олам
Осмонда ёлғизликдан толди юлдузим.
Олам тинмас, ақлимни пармаралар олам!

post-802773-1295446125.jpg

Кўз ёшимнинг ичида бор эди бари,
Йўлларнинг юзига ғамгин
Чошгоҳ ёғган қуёш нурлари,
Отамнинг паришон сиймоси…
Йўл юзида кезган қандайдир хотир,
Маъюс, маҳзун ўлим шарпаси.
Кўз ёшимнинг ичида бор эди бари.

post-802773-1295446125.jpg

Ёмғирлар билан қолдим бутун кун.
Майин шивирларсиз , майин ҳисларсиз
Довуллар билан қолдим бутун кун.

Кун бўйи чиқмади қуёш.

Кўнглимга қалқиб чиқди ўйлар —
Аниқ-аниқ ўйлар шафқатсиз
Мавҳум дунёларнинг қўйнидан чиқди.

Ялт этиб ўтди бир чақмоқ
Ва ёритди ҳаёт юзини
Балки ҳаёт кўнглим ойнасида  кўрди ўзини.

Қалқиб-қалқиб чиқди шафқатсиз ўйлар,
Кун бўйи чиқмади қуёш.

post-802773-1295446125.jpg

Қушлар сайрар ҳавода
(Қаттиқ соғингандинг, ахир, уларни)
Тиниқ шавқдир сайроғи.
Шовуллайди мудроқ  қамишлар,
Ўз-ўзича ёғади ёмғир.

Сирли боқдинг барига,
Куйиниб қарадинг  бесас
Бу ерлардан қушдай учиб кетмоқни орзу қилган, эй Одам!
Кетмоқчи бўлдинг хаёлан қайга —
Типирчиладинг тутқундагидай —
Бу ерларга, кенгликларга сиғмаган одам?

Айт, нега келажакдан бунча қўрқдинг Сен?!

instant-light_700.jpg Tillanisoning she’rlarini bir yarim yilcha avval saytda taqdim etar ekanman, muxtasar gapimni ilova qilgan edim: «Shoira Baxtiniso pochtamga Tillanisoning she’rlarini yuboribdi. O‘qib ko‘rib, yosh shoira o‘ziga xos dunyo yaratishga intilayotganini ko‘rdim. She’rlari ko‘proq sochma yo‘lida yozilgan. Tizginsiz sochma xuddiki bo‘ronda qutirgan, oy ostida sokin mavjlangan qalb dengizining oynasiga o‘xshaydi. Bir qarashda oson ko‘rinsa-da, sochma ijodkordan yetarli tajriba va mahorat talab qiladi. Juda sodda tarzda aytsam, sochma erkin ifoda (rostgo‘ylik) va fikriy ohangdorlik (tajriba) dan tug‘iladi. To‘g‘ri, rostgo‘ylik bolalikdan keladi, tajriba esa vaqt bilan yetiladi. Tillanisoning she’rlarini o‘qib, shoira o‘z izlanishlarida namoyon bo‘layotgan rostgo‘ylik va tirishqoqlikni davom ettirsa, kelgusida o‘ziga xos olamini yarata olishiga ishongim keldi».
Bugun Tillonisoning yangi she’rlarini o‘qib chiqqach, o‘shanda tug‘ilgan fikrim yana qat’iylashdi.

Xurshid Davron
O‘zbekiston xalq shoiri

15727239_10209264667647158_4862566361325230197_n.jpgTillaniso Eshboyeva
SHE’RLAR
004

Tillaniso Eshboyeva 1993-yilda Buxoro viloyati Qorako‘l tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Dilxat” she’riy to‘plami muallifi. She’rlari “Sizga she’r aytgim keladi” yoshlar bayozida, tuman, viloyat va respublika gazeta-jurnallarida yoritilgan.

004

Qichqirig‘imni yut, shivirlaring ichiga yutgin, sevgilim,
Toki sukunat ichra qolsin qayg‘umiz.
Osoyish qalqib qalqib yursin xonamizda sukunat ichra,
Muvozanatga aylansin
Qalbda
Qayg‘umiz.
Qichqirig‘imni shivirlaring ichiga yut, sevgilim.

post-802773-1295446125.jpg

Mast ko‘zlaring meni ovuntirolmas,
Malham bo‘lmas dardimga yorug‘ so‘zlaring.
Bir hamdarddek qo‘lingni qo‘ysang yelkamga,
So‘ng tark etsang,
Xoli qolsa mening achchiq bo‘zlarim.

Xoli qolsa qalqib, qalqib kelayotgan bu bo‘shliq —
Men bo‘shliqqa tirsagimni tirab, tayanib olsam ,
Tanasida og‘riq oqqan bir odam kabi
Bo‘shliqlarga loqayd termulib tursam.
Termulsam, kimsasiz yig‘lasam, kulsam.

Xoli qolsa mening achchiq bo‘zlarim.

post-802773-1295446125.jpg

Harakatlaringni takrorladim ichimda:
Kaftlarimni ochib, qo‘llarimni yoydim qanotday-
“Ha, endi…bu — menda”  deganingmi bu.

Kitob o‘qiyotib boshimni ko‘p bor qimirlatdim —
Yo‘q, bu tasdig‘ing emas,
Ichda kulganing, qo‘shilmaganing.

Yomg‘ir yog‘sa, ezib sigaret chekkim keldi-
Bu sening xo‘rsinig‘ing.

Ko‘zlarimni yirib qaradim —
Ko‘rdim: to‘rtta toshdevor qanotlarim ustida.
Bildim, aqling dosh berolmay qoldi
Azobga,
Olamga.

Takrorladim ichimda: sening hissingni, mening sezgimni.

post-802773-1295446125.jpg

Yomg‘irlarda yuvildi shahar
Nam tortdi daraxt ostidagi bizning o‘rindiq
(U balki mening yolg‘izligimdir).
Sen ko‘rgansan unda mangulikka ko‘p bor termulganimni,
Binafsharang tumanlar va sigaretning tutuni aro.
Sen ko‘rgansan unda mangulikka yolg‘iz termulganimni
Baxt va baxtsizlikdan butkul tushgandek ayro.
Bori munosabatdan butkul tushgandek ayro.

Yomg‘irlarda yuvildi shahar,
Mangulikka termuldim takror.

post-802773-1295446125.jpg

Og‘zimda alamning achchiq ta’mi,
Qalbimda so‘zlaring sening,
Qalbimda so‘zlarimdan hurkkan nigohing.
Men tiz cho‘kurman nigohingdagi xo‘rlikning qarshisida,
O‘zim hurkitib, so‘ng o‘zim qilgum tazarru.
Lek o‘zgara olmasdir, boshqacha bo‘lolmam sira
O‘zgartirmasa gar hayotning o‘zi.
Bilaman, qalbingni ming bor qilurman yara
Va ming bor o‘zim cho‘kadirman tiz.
Ming bor tiz cho‘ktirar hayotning o‘zi —
Lablarimda qonab alam va afsus…
Hayot shunday so‘rar qalbdan quvvatni,
Tizzalar madorin o‘ldirar shunday,
Shunday mahv etadi falak qismatni.

post-802773-1295446125.jpg

Men bu yorug‘ tunlarga sig‘mayin qoldim,
Ko‘nglimga zarb bo‘lib tegdi soat chiq-chiqi.
Madorimni azoblar ichdiyu, o‘zim mast bo‘ldim,
Suzib yurdi sarxushligim ichra bir yig‘i.

Bilmadim, jonimni eltib suyayin qayga —
Yo‘llarga uzaldi eng so‘nggi mador.
So‘nggi bor ko‘zimni ochdim va ko‘rdim:
Sho‘rxok yerda dovdirab ko‘z ochdi bahor.

Bahorday dovdirab ketdim hushimdan,
Bildim, bir sho‘rta’m yig‘i bo‘g‘zimga keldi.
Hushimni uchirib yurdi sarson shamollar,
Bildim,
Xazonlar to‘plandi ustimga,
Bildim, ustimda qo‘shiqlar o‘ldi.

post-802773-1295446125.jpg

Suhbatlashib bunda yotarmiz abad,
Ishq uchun o‘lganlar, Haq deb o‘lganlar.
Emili Dikinson

Bilaman, qo‘ng‘iroqlaring xavotirdanmas,
Diling qo‘nim topar dilni izlarsan.
«Oramizda oqib tursa tun yoki daryo
Xotirjam tosh tashlasak» deb shivirlarsan.

Xotirjam, jimirlab oqib yotsa oramizda tun,
Qayg‘umiz shivirlari to‘ldirsa qalbimizni.
Ustimizdan ungan maysalar shivirlardi,
Yonma-yon qilsaydi Tangri hatto qabrimizni.

Suhbatlashib unda yotardik mangu
Ishq uchun o‘lganlar, Haq deb o‘lganlar.

post-802773-1295446125.jpgMANZARA

Deraza ortida sovqotgan fonusning xira yorug‘i.
Deraza ortida mozor —
Mozorni quchoqlab yuksalgan devor.

Deraza ortida yomg‘ir va loyli ko‘lmaklar.
Derazani ochadi jinni
Ko‘lmakka tosh otib, tunni ermaklar.

Va…
Derazaga tortilar eng qalin parda.
Tashqarida qolar mozor va manzar.
Ichkarida barmog‘in tishlaydi jinni,
Boshin urib devorga sassiz
mozorning, manzarning jimligin buzar.

Toshib kirmoq bo‘lar xonaga manzar,
Yorug‘lashadi chirog‘i tunning,
Mozorda ruhlarning bazmi qiziydi,
Tiriklarga parvoyi yo‘qdir ularning.

Chil-chil sinar manzar derazaga urilgan zarbdan,
Sachrab kirar xonaga manzarning siniqlari…

Tashqarida hamon yomg‘ir, tashqarida loyli ko‘lmaklar,
Ichkarida jinni…yig‘lab-yig‘lab o‘zin ermaklar.

post-802773-1295446125.jpg

Menda umid qilmoqqa zarra imkon yo‘q.
Botqoqda ochilgan nilufar kabi
Jim ochilaman qayg‘u tubida.

Qo‘rquv bilan
tinglayman otamni, onamni, xavotirlarni
Boshim egib bir zumga
Jim cho‘kib ketaman qayg‘u tubiga.

Mening umidimga zarra fursat yo‘q,
Faqat holdan toyish bor, o‘zdan ketish bor.
Va bir zum behol tinish-u
Qayg‘u tubida gulday ochilish bor.

post-802773-1295446125.jpg

Jannatlarni va’da qilmang, sohir tushlarim —
O‘zim yoqqan olovimning ichidadirman.
Gurillab yonib
Ko‘kka o‘rlar badanim.

Gunohlarim mening aqlimni siqar.
Oldinda yorug‘ tonglar ko‘rinmas,
Ular so‘rib olar ko‘zim nurini.
Zulmatlarda qoldirar meni,
Qoldirar, tillarim tishlangan, besas.

post-802773-1295446125.jpg

Derazam pardasi titrar shamolda,
Oynalarga urilar yomg‘ir
Yarim tun o‘rtasida.
Ko‘zlarim tinglaydi yomg‘ir kuyini
Va miyam,
Ko‘zimga tiqilgan mudroq bedorligim,
Mening og‘ir diqqatpazligim ham.
Bilaman, ustimdan bosar ajina — ko‘zlarim yumsam,
Borlig‘im achchiq huvillaydi — aqlim tiniqsa.

Derazamga urilar yomg‘ir,
Tinglarman yomg‘irning kuyini.

post-802773-1295446125.jpg

Men seni kutdim,
Baxt va baxtsizlikning hijronida jim…
Sen kelsang, senga joy bermoqchiydim
Qalbimning yaxshi va yomon joyidan.
Suvlar oqqan yashil va loyqa —
Hali hech kim tinglamagan joyidan.
Suvlarda yuvilgan shomlar qayg‘usi,
Va o‘sha shomlarning mushtoqligi ham.
Yuvilgan, yuvilgan shomlarga tashlab ketilgan xotir va dardlar,
Aytilmagan — bekatlarga tashlab ketilgan gaplar.
Yuvilgan, yuvilgan, yuvilgan hijron.

Men seni kutdim
Ruhimning beqaror qayg‘usida jim.

post-802773-1295446125.jpgIsitma aralash

1

Bag‘rim orasidan taraladi isitma,
Olov, cho‘g‘ bo‘lib yerga tortar loshimni.
Ko‘zlarimda olovning tafti.

Bag‘rim bilan ohista sirlashar
Yerda yotgan bargi xazonlar.
Sariq rangli bargi xazonlar
Bag‘rimdagi harorat bilan
O‘tli sirlashar.

Bunday o‘tni ko‘rmagan dunyo,
Dunyo ko‘rmagan bu sakiynatni.
Ohista shivirlar bargi xazonlar.

2

Hammasi isitma aralash bir xayol…
Sen chiqib kelasan yo‘qlik qa’ridan,
Isitma aralash bir tush hammasi.
Biz titrab turamiz — zamonning qa’rida — juft sharpa.
Ustimizda ma’budlar g‘azabidek huvillagan bir dunyo.
Bir yoy kabi ustimizga egiladi cheksizlik.
Isitmadan qaqshayman men o‘sha damda ham.
Sen quchoqlab olasan meni —
Bag‘ringda tug‘ilar yana bir dunyo.

Bizni qurshab yotar zamon, yo‘qlik va dunyo.

3

Men seni bo‘salarga ko‘maman
Va tunning badanini ham.
Bo‘sadan ketar u yorishib.

Hamdardlikning eng go‘zal shakli bo‘lar bo‘salarimiz.
Yuqtiraman senga hatto tanamdagi issiq dardimni ham.
Va balki jismimizni yechib yotoqqa
Keturmiz ikkimiz ko‘chalarda sayr etib.
Bir-birini suyib yalagan ikki it kabi,
Dardimizni ko‘zlarga surtib,
Keturmiz.

Men seni bo‘salarga ko‘maman.

post-802773-1295446125.jpgTakubokuga

Bir ayol chekardi daraxt ostida,
Bori armonini chekayotgandek.
Chekkim keldi…
Bori orzum ushaladigandek.
Bir g‘amli ishonchda sezdim o‘zimni
Ushaladigandek, ushalmaydigandek.

post-802773-1295446125.jpg

Ko‘zimni yumishga madorim yetmas,
Ko‘zimning ustida ham voqelik…
Havoga yopishib qoldi ko‘zim.
Olam tinmas. Aqlimda shovullar olam
Osmonda yolg‘izlikdan toldi yulduzim.
Olam tinmas, aqlimni parmaralar olam!

post-802773-1295446125.jpg

Ko‘z yoshimning ichida bor edi bari,
Yo‘llarning yuziga g‘amgin
Choshgoh yog‘gan quyosh nurlari,
Otamning parishon siymosi…
Yo‘l yuzida kezgan qandaydir xotir,
Ma’yus, mahzun o‘lim sharpasi.
Ko‘z yoshimning ichida bor edi bari.

post-802773-1295446125.jpg

Yomg‘irlar bilan qoldim butun kun.
Mayin shivirlarsiz , mayin hislarsiz
Dovullar bilan qoldim butun kun.

Kun bo‘yi chiqmadi quyosh.

Ko‘nglimga qalqib chiqdi o‘ylar —
Aniq-aniq o‘ylar shafqatsiz
Mavhum dunyolarning qo‘ynidan chiqdi.

Yalt etib o‘tdi bir chaqmoq
Va yoritdi hayot yuzini
Balki hayot ko‘nglim oynasida ko‘rdi o‘zini.

Qalqib-qalqib chiqdi shafqatsiz o‘ylar,
Kun bo‘yi chiqmadi quyosh.

post-802773-1295446125.jpg

Qushlar sayrar havoda
(Qattiq sog‘inganding, axir, ularni)
Tiniq shavqdir sayrog‘i.
Shovullaydi mudroq qamishlar,
O‘z-o‘zicha yog‘adi yomg‘ir.

Sirli boqding bariga,
Kuyinib qarading besas
Bu yerlardan qushday uchib ketmoqni orzu qilgan, ey Odam!
Ketmoqchi bo‘lding xayolan qayga —
Tipirchilading tutqundagiday —
Bu yerlarga, kengliklarga sig‘magan odam?

Ayt, nega kelajakdan buncha qo‘rqding Sen?!

004

(Tashriflar: umumiy 500, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring