Nargiza Asadova. Ostona. Doston

067    Матбуотда эълон қилинган ҳикоя ва шеърлари, нашр этилган илк китоблари  орқали ўзбек ўқирманларига яхши таниш Наргиза Асадованинг «Остона» номли достонини тақдим этамиз.

Наргиза АСАДОВА
ОСТОНА
07

02Наргиза Асадова 1984 йил 27 январда Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани Гул қишлоғида туғилган. Тошкент давлат маданият институтини ҳамда Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Олий адабиёт курсини тамомлаган. “Ишқ остонаси”, “Юрагимнинг сарҳадлари”, “Настарин” номли китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

1.
Ҳозир боғда авжи шодиёна,
Куй чалади шамол сўрида.
Маъқул дея қимирлатиб бош,
Куз ўтирар боғнинг тўрида.
Атлас рангли япроқлар раққос,
Хиромида каму-кўсти йўқ.
Туришидан биздан Азизим,
Назаримда, Кузнинг кўнгли тўқ.

2.
Тангрим уни жўнатганмиди,
Келганмиди ошиқиб, чопиб.
Бир кўришда суюб қолдими,
Остонада турган Тасодиф.

3.
Бу хонанинг дарди ичида,
Деразадан боқар ой парча.
Ичкаридан бехабар гўё,
Ташқарига кулган шу дарча.
Назаримда шифтдаги чироқ,
Ўз тафтига бормоқда ёниб.
Ақлу-ҳушим жойида десам,
Ҳушлар мендан кетмоқда тониб.
Девор қўйган менга тўрт соқчи,
Эшик турар калитни пойлаб.
Чиқолмайман тушунгин, жоним,
Гумон қўйган йўлимни бойлаб.
Кўзгу тутар гўё саволга,
Жавоб кутар кўзгу ичра мен.
Наҳот! энди севилдингми қалб?
Наҳот, яна севилдингми Сен.

4.
Замин бўлган ҳудди тўйхона,
Куёв мисол ухлаб ётар Тун.
Саҳар туриб сепгани шудринг,
Пешайвондан чиқиб келар Кун.
Бунда қотиб ухлар деворлар,
Босинқирар дарпардалар сал.
Юрак ютиб чиқиб кетаман,
Тонгда эшик эснаган маҳал!

5.
Кўк юзини ювганда сойга,
Қушлар учар ненидир излаб.
Сен ўтганда нигоҳинг ўйчан,
Соянг юрар ортингдан сизлаб.
Пешвоз чиқар йўлингга боғлар,
Хазонларни ташлайди сочиб.
Елга қўйиб аста шивирлаб,
Куз туради дўконин очиб.
Беҳолдирсан, бемажол, бекас,
Шамол тегиб жимирлар тананг.
“Нима бўлди ўзи сенга?” – деб,
Қарши олар яна ишхонанг.

6.
Юқоридан қарайди хонанг,
Деразангни чертганда шамол.
Ичкарига бўйлатмас ҳеч ким,
Деразангдан тушмаган рўмол.
Хавотирни қамаб юракка,
Десам ҳадик кўзимдан пана
Вужудимдан сирғалиб журъат,
Остонангда турибман, мана!

Остонада турибман, мана,
Ёдимдан ул ёдингму бўйлар.
Гумон эмас, Азизим бугун
Бошлаб келди соғинчли ўйлар.
Остонада турибман, мана,
Кўксимдаги қуш сози авжи.
Ичкарида билмайман не сир,
Ташқарида ҳисларим мавжи.
Остонада турибман, мана,
Тутқичга ҳам етади кафтим.
Бир баҳя қолганда дейман,
Манглайимдан босилсин тафтим.
Остонада турибман, мана,
Дийдор эрур энг эзгу тилак.
Бугун яна кўрмайманми, деб,
Мендан араз, йиғлайди юрак.
Остонада турибман, мана,
Кутмоқлардан бездингмикин ё –
Одимларинг эшитиб шу он,
Чопиб кетдим, сездингмикин ё…
Остонада турибсан, мана,
Деразадан боқиб ҳайрона.
Сен-ла кутиб, сенсиз кузатди,
Сукут сақлаб қолди Остона…

7.
Қиқир-қиқир кулади ёмғир,
Дарахтларга арғимчоқ солиб.
Сен турасан кўчада ёлғиз,
Ёмғирпўшинг уйингда қолиб.
Ухламаган чироқ айғоқчи,
Ташқарини кузатар зимдан.
Тоқати-тоқ соғинчнинг бугун
Кўнгли тўлмас қўнғироқ, симдан.
Ёдга солиб аллакимларни,
Шамол боғдан ўтаверар юз.
Сочларингга тикилиб узоқ,
Сендан кечиб кетолмайди Куз.
Эшикни лол қилиб кетаман,
Қотиб қолар ортда йўлаклар.
Чап кўксимнинг ичкарисидан,
Тиклана бошлайди бўлаклар.
Иккимизга аталган бу кеч,
Сир қолмаса агар бирорта.
Айтгин менга, сенинг нима у
Юрагингни қилар безовта.
Айланса гар сўзларга кўзлар,
Дардчил дилни чокидан сўтай.
Мужгонларга ин қурган сирнинг,
Туйнугини тополмай ўтай.

Дейсан: Номозшомгул дилда сўзларинг,
Майса киприкларинг кифтида шабнам.
Нозик сурма тутар шомга кўзларинг,
Соҳирам, ўзинг бўл мен учун ҳамдам.
Қабоғим куйдирар ўтли қароғинг,
У мендан безабон неларни сўрар.
Сочингни илкиммас, тарар тароғинг,
Зулфинг ўрлаб кетган ҳаёлим ўрар.
Айтсам, бу дунёнинг бозорларидан,
Ишон, олганиммас, олдирганим мўл.
Мени бу кемтик дил озорларидан,
Озод эт, ҳечимас кечи бўлиб тўл.
Кўнгилмас, мендаги паймона тўлди,
Ҳар сафар ёлғизлик чиққанда ютиб.
Сулувлар кўкламдек ёлғончи бўлди,
Шунда ҳам кимнидир яшадим кутиб.
Жонга содиқ бўлди хўп фасли резон,
Йиллардек авради Кузнинг эртаги.
Абри найсон оҳин тингласа мезон,
Тутиб ўтдимми ё… шамол этагин.
Бахрлар шўрига шўр тўкди само,
Ҳайқирган дарёлар ҳовири тинди.
Бир йигит умридек яшадим, аммо
Ҳар кеча юракка ёмғирлар инди.
Кун бир қуш, умидим тариқдек сочиб,
Армоннинг қатида қолиб кетдим мен.
Соғиниб келсалар, эшигим очиб,
Кимнидир кутишдан толиб кетдим мен…
Ҳасратим гуллади ўрик шохида,
Ишонч ҳамёнларда мудраган чоғи.
Дўст мени, мен уни кўрмай гоҳида,
Танҳо дилкаш бўлди ёлғизлик боғи.
Сўнг эса…
Сўнг эса ўзгариб бари,
Бу ташна руҳимга оқди бир оҳанг.
Маъво нарвон қўйди анкабут сари.
Ёқиши юракка ёқди бир оҳанг.
Жонимга қалқиди минг битта титроқ,
Ҳурларга эврилган мастонамда сен.
Титроқ лаб бандида қушчалар уйғоқ,
Кириб келганингда
Остонамдан – Сен!

8.
Саодатли кунлар бошланар,
Йўлимизга туташар зиё.
Сирлиликка бурканар оқшом,
Ошиқларга маҳлиё дунё.
Пойандозлар тўшайди замин,
Гул сочади кузак гуллари.
Ойдин кеча, сўлим боғларда,
Сеп ёзади ойнинг нурлари.
Кундузлари қутлайди офтоб,
Тунлари моҳ сойда оқади.
Ҳаммасидан кўра Азизим
Дийдоримиз Кузга ёқади.

9.
Ўзин яқин тутади само,
Бизлар учун юлдузлар пастда.
Ёрилтошга сиримиз жойлаб,
Сўнг отамиз анҳорга аста.
Гул теради насим этаклаб,
Келтиргани бизларга неча.
Шодон кунлар тугамасин ҳеч,
Бизга бўлсин сеҳрли кеча.

10.
Боғда олма ёнига шамол,
Бораверди кўп ялтоқланиб.
Буни сезиб бир ортига Куз,
Қараб қўйди ҳавотирланиб.

11.
Кунлар кулиб ўтар эдилар,
Қувлашмачоқ ўйнашиб боғда.
Биз ғамларни унутган эдик,
Ҳижронларни қолдириб доғда.
Бир кун уйда ногаҳон Қаҳр,
“Тўкма менга кўз ёшинг”–, деди.
Сени кўрмай, мендан сўрамай,
“Қизни палаҳмон тоши”– деди.
Ахир мени … ёрим бор, дедим,
Сўз демадим ўзга ножўя.
Ўт қўйди-ку жаҳонга шунда,
Содир бўлди энг чўнг Фожиа!

12.
Боғ четида ўйга ботган Куз,
Кўзларидан турар билиниб.
Юпатгандек унга Она ер,
Олма-анор тутар илиниб.
Улгурмоққа шайланар шамол,
Шўх насимлар қилмас унга кор.
Бутун боғни бир куйга солган,
Шамол гўё буюк бастакор!

13.
Бугун яна чироқлар сергак,
Симёғочдан боқиб қолишар.
Энди боғда ўғри шамолни,
Қароқчилар тутиб олишар.
Совуқ ейди хазон кўрпа ер,
Юлдузларнинг кулгуси синиқ.
Эслаб энди тошқинликларин,
Мўйсафид сой ақли ҳам тиниқ.

14.
Дейман: Сезяпсанми, Азизим,
Бу боғларнинг шашти бунча паст.
Суйганданми, куйгандан шамол,
Бир оёқда туролмайди маст.
Беозорим мана бу ёмғир,
Куйлари мунг нидога ўхшар.
Қарашлари кўкларга тикка,
Қушлар кўзи видога ўхшар.
Сен уйингдан келганда шошиб,
Мен ўйимга ботаман аста.
Кипригимга осилар алам,
Умидларим бўлса шикаста.
Соғинч бир кун хаста айласа,
Дийдорлар чин дармонлигингга.
Бугун келар кўпроқ ишонгим,
Шу туришда – армонлигингга.

Дейсан: Гулим, бўлма бунча паришон,
Мени кўп ўртама, қийнама ахир.
Бу маҳзун боқишлар нелардан нишон,
Ўзи жунун жонимга айлама жабр.

Дейман: Сўзим сободек англа,
Сенга ёдим бўлсин-ей фусун.
Тунлар ёдга солсалар мени,
Ёзилажак шеърдайин тушун.

Дейсан: Тўрт томоним тўртала тоқат,
Гулим кетмоқлардан сўзлама фақат.

Дейман: Тилингдамас, дилингда
Бахтли яшар қадрдон исм.
Қолай десам ёнингдан сенинг
Тортаверар ортимга изм.
Андуҳларга уядир уйим,
Англамаслар нени айтишим.
Кўнглим сезар толеимдан чин,
Бир кун бордир сенга қайтишим.

Сўзларимни англадингми ёр,
Кўзларингда айланди бир нам.
“Унда балки, кеч бўлар…”- дединг,
Қайтишимга ишонмасанг ҳам.

Бунда боғлар турди оёққа,
Илдизлари тўсди йўлимни.
Дарахтларга мўлтираб хазон,
Шохлар тилиб тутди қўлимни.
Куз дарғазаб синдирди шунда,
Бўёқлардан олиб қаламин.
Ёмғир роса савалаб, билмам,
Шамолданми олди аламин.
Боғ йўлига қайрилмай атай,
Тош кўчадан чопиб кетдим мен.
Сен танитган боғдаги бахтнинг,
Кўзларини ёпиб кетдим мен!..

15.
Мени кўриб жилмайди чироқ,
Кўнгли тўлиб кенгайди торлар.
“Ҳиссиз бўлгин, қийналмай…”– дея,
Туш кўрганга йўйди деворлар.

16.
Мағрур боқар деразамдан нур,
Ойни ёпиб бўлмас этаклаб.
Чақирмайсан, боқолмайман мен,
Йўлинг кетмас сени етаклаб.
Энди сукут сақлайди шамол,
Гина қилмас Остонам сендан.
Ҳар кунгидек кутмайсан, энди,
Кечолмайин кетасан мендан.

17.
“Пиқ-пиқ” этиб йиғлайди ёмғир,
Дарахтларга осилиб олиб.
Сен кетасан кўчада ёлғиз,
Ёмғирпўшинг уйингда қолиб.

18.
Ҳозир боғда катта тўполон,
Тасур-тусир, нимадир отиш.
Бундай ишқни кўрмаган, ахир,
Куз учун бу улкан йўқотиш!

19.
Остонада туради дилгир,
Теграсига хазонлар чўккан.
Ноябр! Унинг сўнгги илинжи,
Шамол асли умидин тўккан.
Кетказишни истамайди ҳеч,
Қўлларини чўзганча дарахт.
Йиғлаб юрар кўчада ёмғир,
Ер бошини ушлайди карахт.
Куз кетади… ҳувиллайди боғ,
Ер йиқилиб қолаверар зор.
Хотирамда қолган боғларни,
Ўз бағрига олар муздек қор!

20.
Келдим…
Ташрифдан Остона тош каби қотди,
Эшиклар тескари бурди юзини.
Сукунат сирини пардалар сотди,
Шамол-да сирдошдек тутди ўзини.
Келдим…
Изингни сездирмай беркитди ғубор,
Пойимдан ўзини тортди пойандоз.
Тартанак тўрига тақётиб тумор,
Чўчиди сукунат! Одамзодга хос.
Келдим…
Ўртадаги йиллар, йўлларга етдим,
Ана ташқарида ёмғир гувоҳим.
Ишон, сени жуда соғиниб кетдим,
Бу дунёдан топган ёлғиз гуноҳим.
Келдим…
Бу дамларни қанча кутиб, кутдириб,
Боқ, мени рост мана енгди ичикиш.
Шунда зулумотга мени ютдириб,
Сенмас, пешвоз чиқди куюк Кечикиш!

21.
Иккимиз ҳам ёлғиз етдик ёр,
Муҳаббатнинг нишонасига.
Қисматимиз ёзиб қўйилмиш,
Остонанинг пешонасига…

 054  Matbuotda e’lon qilingan hikoya va she’rlari, nashr etilgan ilk kitoblari  orqali o’zbek o’qirmanlariga yaxshi tanish Nargiza Asadovaning «Ostona» nomli dostonini taqdim etamiz.

Nargiza ASADOVA
OSTONA
07

   Nargiza Asadova 1984 yil 27 yanvarda Toshkent viloyatining Quyi Chirchiq tumani Gul qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent davlat madaniyat institutini hamda O’zbekiston Milliy universiteti qoshidagi Oliy adabiyot kursini tamomlagan. “Ishq ostonasi”, “Yuragimning sarhadlari”, “Nastarin” nomli kitoblari chop etilgan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.

1.
Hozir bog’da avji shodiyona,03
Kuy chaladi shamol so’rida.
Ma’qul deya qimirlatib bosh,
Kuz o’tirar bog’ning to’rida.
Atlas rangli yaproqlar raqqos,
Xiromida kamu-ko’sti yo’q.
Turishidan bizdan Azizim,
Nazarimda, Kuzning ko’ngli to’q.

2.
Tangrim uni jo’natganmidi,
Kelganmidi oshiqib, chopib.
Bir ko’rishda suyub qoldimi,
Ostonada turgan Tasodif.

3.
Bu xonaning dardi ichida,
Derazadan boqar oy parcha.
Ichkaridan bexabar go’yo,
Tashqariga kulgan shu darcha.
Nazarimda shiftdagi chiroq,
O’z taftiga bormoqda yonib.
Aqlu-hushim joyida desam,
Hushlar mendan ketmoqda tonib.
Devor qo’ygan menga to’rt soqchi,
Eshik turar kalitni poylab.
Chiqolmayman tushungin, jonim,
Gumon qo’ygan yo’limni boylab.
Ko’zgu tutar go’yo savolga,
Javob kutar ko’zgu ichra men.
Nahot! endi sevildingmi qalb?
Nahot, yana sevildingmi Sen.

4.
Zamin bo’lgan huddi to’yxona,
Kuyov misol uxlab yotar Tun.
Sahar turib sepgani shudring,
Peshayvondan chiqib kelar Kun.
Bunda qotib uxlar devorlar,
Bosinqirar darpardalar sal.
Yurak yutib chiqib ketaman,
Tongda eshik esnagan mahal!

5.
Ko’k yuzini yuvganda soyga,
Qushlar uchar nenidir izlab.
Sen o’tganda nigohing o’ychan,
Soyang yurar ortingdan sizlab.
Peshvoz chiqar yo’lingga bog’lar,
Xazonlarni tashlaydi sochib.
Yelga qo’yib asta shivirlab,
Kuz turadi do’konin ochib.
Beholdirsan, bemajol, bekas,
Shamol tegib jimirlar tanang.
“Nima bo’ldi o’zi senga?” – deb,
Qarshi olar yana ishxonang.

6.
Yuqoridan qaraydi xonang,
Derazangni chertganda shamol.
Ichkariga bo’ylatmas hech kim,
Derazangdan tushmagan ro’mol.
Xavotirni qamab yurakka,
Desam hadik ko’zimdan pana
Vujudimdan sirg’alib jur’at,
Ostonangda turibman, mana!

Ostonada turibman, mana,
Yodimdan ul yodingmu bo’ylar.
Gumon emas, Azizim bugun
Boshlab keldi sog’inchli o’ylar.
Ostonada turibman, mana,
Ko’ksimdagi qush sozi avji.
Ichkarida bilmayman ne sir,
Tashqarida hislarim mavji.
Ostonada turibman, mana,
Tutqichga ham yetadi kaftim.
Bir bahya qolganda deyman,
Manglayimdan bosilsin taftim.
Ostonada turibman, mana,
Diydor erur eng ezgu tilak.
Bugun yana ko’rmaymanmi, deb,
Mendan araz, yig’laydi yurak.
Ostonada turibman, mana,
Kutmoqlardan bezdingmikin yo –
Odimlaring eshitib shu on,
Chopib ketdim, sezdingmikin yo…
Ostonada turibsan, mana,
Derazadan boqib hayrona.
Sen-la kutib, sensiz kuzatdi,
Sukut saqlab qoldi Ostona…

7.
Qiqir-qiqir kuladi yomg’ir,
Daraxtlarga arg’imchoq solib.
Sen turasan ko’chada yolg’iz,
Yomg’irpo’shing uyingda qolib.
Uxlamagan chiroq ayg’oqchi,
Tashqarini kuzatar zimdan.
Toqati-toq sog’inchning bugun
Ko’ngli to’lmas qo’ng’iroq, simdan.
Yodga solib allakimlarni,
Shamol bog’dan o’taverar yuz.
Sochlaringga tikilib uzoq,
Sendan kechib ketolmaydi Kuz.
Eshikni lol qilib ketaman,
Qotib qolar ortda yo’laklar.
Chap ko’ksimning ichkarisidan,
Tiklana boshlaydi bo’laklar.
Ikkimizga atalgan bu kech,
Sir qolmasa agar birorta.
Aytgin menga, sening nima u
Yuragingni qilar bezovta.
Aylansa gar so’zlarga ko’zlar,
Dardchil dilni chokidan so’tay.
Mujgonlarga in qurgan sirning,
Tuynugini topolmay o’tay.

Deysan: Nomozshomgul dilda so’zlaring,
Maysa kipriklaring kiftida shabnam.
Nozik surma tutar shomga ko’zlaring,
Sohiram, o’zing bo’l men uchun hamdam.
Qabog’im kuydirar o’tli qarog’ing,
U mendan bezabon nelarni so’rar.
Sochingni ilkimmas, tarar tarog’ing,
Zulfing o’rlab ketgan hayolim o’rar.
Aytsam, bu dunyoning bozorlaridan,
Ishon, olganimmas, oldirganim mo’l.
Meni bu kemtik dil ozorlaridan,
Ozod et, hechimas kechi bo’lib to’l.
Ko’ngilmas, mendagi paymona to’ldi,
Har safar yolg’izlik chiqqanda yutib.
Suluvlar ko’klamdek yolg’onchi bo’ldi,
Shunda ham kimnidir yashadim kutib.
Jonga sodiq bo’ldi xo’p fasli rezon,
Yillardek avradi Kuzning ertagi.
Abri nayson ohin tinglasa mezon,
Tutib o’tdimmi yo… shamol etagin.
Baxrlar sho’riga sho’r to’kdi samo,
Hayqirgan daryolar hoviri tindi.
Bir yigit umridek yashadim, ammo
Har kecha yurakka yomg’irlar indi.
Kun bir qush, umidim tariqdek sochib,
Armonning qatida qolib ketdim men.
Sog’inib kelsalar, eshigim ochib,
Kimnidir kutishdan tolib ketdim men…
Hasratim gulladi o’rik shoxida,
Ishonch hamyonlarda mudragan chog’i.
Do’st meni, men uni ko’rmay gohida,
Tanho dilkash bo’ldi yolg’izlik bog’i.
So’ng esa…
So’ng esa o’zgarib bari,
Bu tashna ruhimga oqdi bir ohang.
Ma’vo narvon qo’ydi ankabut sari.
Yoqishi yurakka yoqdi bir ohang.
Jonimga qalqidi ming bitta titroq,
Hurlarga evrilgan mastonamda sen.
Titroq lab bandida qushchalar uyg’oq,
Kirib kelganingda
Ostonamdan – Sen!

8.
Saodatli kunlar boshlanar,
Yo’limizga tutashar ziyo.
Sirlilikka burkanar oqshom,
Oshiqlarga mahliyo dunyo.
Poyandozlar to’shaydi zamin,
Gul sochadi kuzak gullari.
Oydin kecha, so’lim bog’larda,
Sep yozadi oyning nurlari.
Kunduzlari qutlaydi oftob,
Tunlari moh soyda oqadi.
Hammasidan ko’ra Azizim
Diydorimiz Kuzga yoqadi.

9.
O’zin yaqin tutadi samo,
Bizlar uchun yulduzlar pastda.
Yoriltoshga sirimiz joylab,
So’ng otamiz anhorga asta.
Gul teradi nasim etaklab,
Keltirgani bizlarga necha.
Shodon kunlar tugamasin hech,
Bizga bo’lsin sehrli kecha.

10.
Bog’da olma yoniga shamol,
Boraverdi ko’p yaltoqlanib.
Buni sezib bir ortiga Kuz,
Qarab qo’ydi havotirlanib.

11.
Kunlar kulib o’tar edilar,
Quvlashmachoq o’ynashib bog’da.
Biz g’amlarni unutgan edik,
Hijronlarni qoldirib dog’da.
Bir kun uyda nogahon Qahr,
“To’kma menga ko’z yoshing”–, dedi.
Seni ko’rmay, mendan so’ramay,
“Qizni palahmon toshi”– dedi.
Axir meni … yorim bor, dedim,
So’z demadim o’zga nojo’ya.
O’t qo’ydi-ku jahonga shunda,
Sodir bo’ldi eng cho’ng Fojia!

12.
Bog’ chetida o’yga botgan Kuz,
Ko’zlaridan turar bilinib.
Yupatgandek unga Ona yer,
Olma-anor tutar ilinib.
Ulgurmoqqa shaylanar shamol,
Sho’x nasimlar qilmas unga kor.
Butun bog’ni bir kuyga solgan,
Shamol go’yo buyuk bastakor!

13.
Bugun yana chiroqlar sergak,
Simyog’ochdan boqib qolishar.
Endi bog’da o’g’ri shamolni,
Qaroqchilar tutib olishar.
Sovuq yeydi xazon ko’rpa yer,
Yulduzlarning kulgusi siniq.
Eslab endi toshqinliklarin,
Mo’ysafid soy aqli ham tiniq.

14.
Deyman: Sezyapsanmi, Azizim,
Bu bog’larning shashti buncha past.
Suygandanmi, kuygandan shamol,
Bir oyoqda turolmaydi mast.
Beozorim mana bu yomg’ir,
Kuylari mung nidoga o’xshar.
Qarashlari ko’klarga tikka,
Qushlar ko’zi vidoga o’xshar.
Sen uyingdan kelganda shoshib,
Men o’yimga botaman asta.
Kiprigimga osilar alam,
Umidlarim bo’lsa shikasta.
Sog’inch bir kun xasta aylasa,
Diydorlar chin darmonligingga.
Bugun kelar ko’proq ishongim,
Shu turishda – armonligingga.

Deysan: Gulim, bo’lma buncha parishon,
Meni ko’p o’rtama, qiynama axir.
Bu mahzun boqishlar nelardan nishon,
O’zi junun jonimga aylama jabr.

Deyman: So’zim sobodek angla,
Senga yodim bo’lsin-ey fusun.
Tunlar yodga solsalar meni,
Yozilajak she’rdayin tushun.

Deysan: To’rt tomonim to’rtala toqat,
Gulim ketmoqlardan so’zlama faqat.

Deyman: Tilingdamas, dilingda
Baxtli yashar qadrdon ism.
Qolay desam yoningdan sening
Tortaverar ortimga izm.
Anduhlarga uyadir uyim,
Anglamaslar neni aytishim.
Ko’nglim sezar toleimdan chin,
Bir kun bordir senga qaytishim.

So’zlarimni angladingmi yor,
Ko’zlaringda aylandi bir nam.
“Unda balki, kech bo’lar…”- deding,
Qaytishimga ishonmasang ham.

Bunda bog’lar turdi oyoqqa,
Ildizlari to’sdi yo’limni.
Daraxtlarga mo’ltirab xazon,
Shoxlar tilib tutdi qo’limni.
Kuz darg’azab sindirdi shunda,
Bo’yoqlardan olib qalamin.
Yomg’ir rosa savalab, bilmam,
Shamoldanmi oldi alamin.
Bog’ yo’liga qayrilmay atay,
Tosh ko’chadan chopib ketdim men.
Sen tanitgan bog’dagi baxtning,
Ko’zlarini yopib ketdim men!..

15.
Meni ko’rib jilmaydi chiroq,
Ko’ngli to’lib kengaydi torlar.
“Hissiz bo’lgin, qiynalmay…”– deya,
Tush ko’rganga yo’ydi devorlar.

16.
Mag’rur boqar derazamdan nur,
Oyni yopib bo’lmas etaklab.
Chaqirmaysan, boqolmayman men,
Yo’ling ketmas seni yetaklab.
Endi sukut saqlaydi shamol,
Gina qilmas Ostonam sendan.
Har kungidek kutmaysan, endi,
Kecholmayin ketasan mendan.

17.
“Piq-piq” etib yig’laydi yomg’ir,
Daraxtlarga osilib olib.
Sen ketasan ko’chada yolg’iz,
Yomg’irpo’shing uyingda qolib.

18.
Hozir bog’da katta to’polon,
Tasur-tusir, nimadir otish.
Bunday ishqni ko’rmagan, axir,
Kuz uchun bu ulkan yo’qotish!

19.
Ostonada turadi dilgir,
Tegrasiga xazonlar cho’kkan.
Noyabr! Uning so’nggi ilinji,
Shamol asli umidin to’kkan.
Ketkazishni istamaydi hech,
Qo’llarini cho’zgancha daraxt.
Yig’lab yurar ko’chada yomg’ir,
Yer boshini ushlaydi karaxt.
Kuz ketadi… huvillaydi bog’,
Yer yiqilib qolaverar zor.
Xotiramda qolgan bog’larni,
O’z bag’riga olar muzdek qor!

20.
Keldim…
Tashrifdan Ostona tosh kabi qotdi,
Eshiklar teskari burdi yuzini.
Sukunat sirini pardalar sotdi,
Shamol-da sirdoshdek tutdi o’zini.
Keldim…
Izingni sezdirmay berkitdi g’ubor,
Poyimdan o’zini tortdi poyandoz.
Tartanak to’riga taqyotib tumor,
Cho’chidi sukunat! Odamzodga xos.
Keldim…
O’rtadagi yillar, yo’llarga yetdim,
Ana tashqarida yomg’ir guvohim.
Ishon, seni juda sog’inib ketdim,
Bu dunyodan topgan yolg’iz gunohim.
Keldim…
Bu damlarni qancha kutib, kutdirib,
Boq, meni rost mana yengdi ichikish.
Shunda zulumotga meni yutdirib,
Senmas, peshvoz chiqdi kuyuk Kechikish!

21.
Ikkimiz ham yolg’iz yetdik yor,
Muhabbatning nishonasiga.
Qismatimiz yozib qo’yilmish,
Ostonaning peshonasiga…

045

(Tashriflar: umumiy 341, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ассалому алейкум!
    Шундай олтин фаслнинг марварид кунларида достонимни ўз сайтида чоп эттириб дилимга шодлик, сурур берган устоз Хуршид Давронга миннатдорчилик билдирман. Эътибор учун ташаккур.

Izoh qoldiring