Mirzohid Muzaffar. Zax bosgan bolalik

09aВилоятимиз аҳолисини маърифатли қилиш йўлида… Йўқ, келинг, ҳеч бўлмаса шу сафар ўзимизни бир оз бўш қўяйлик. Гапни Тошкент вилоятининг мўъжазгина туманидаги мўъжазгина қишлоғида жойлашган мўъжаз кутубхонадан бошлаймиз.

Мирзоҳид МУЗАФФАР
ЗАХ БОСГАН БОЛАЛИК
07

046Чиноз туманининг Эски Тошкент қишлоғидаги 27-сонли ўрта мактабни тугатганман. Айнан ўша мактаб ортида йўлакларидан зах ва эски китобларнинг аллатовур қадрдон ҳиди анқиб турувчи, кўчиб бораётган мовий деворларига буюкларимизнинг чакка томган расмлари илиниқ, жавонларига бундан олтмиш йиллар аввал нашр қилинган, бугун эса унут китоблар терилган беш-олти хоналик кутубхона жойлашганди. Жойлашганди эмас, жон сақларди. Ҳар куни дарсдан сўнг у ердан портфелимни тўлдираманда, автобусда уйга қайтаётиб, ичим қизиб бир бекат олдин тушганча олган китобларимни йўл бўйи томоша қиламан, ҳафсалам етса ўқиб бораман. Бу ҳайрат уйга қадар давом этарди. Уйда, хусусан, хонамда эса мени бошқа ҳайрат кутиб турардики, эсласам, ўша пайтлар сўздан тўқилган сўзаналар илинган идроким деворларига қадар ҳаяжондан титраб кетади…

Кутубхонада изғишни яхши кўрардим. Кезиш, ё айланиш эмас, айнан изғишни. Негаки, эрта баҳор қўлимизга олиб олганимиз иссиқ кийимларни қайта кийиб кирардик бу зах хоналарга. Совуқдан изиллаб кезинишни менимча, изғиш дейдилар. Бизни у ерда жун рўмоли бошидан тушмайдиган Мунаввар опа кўкимтир, қалин лас чопонга ўранганча кулиб қарши оларди. Бу муштипар аёлнинг айтишича, мазкур бинода аввал беш-олтиталаб ходимлар ишлаган, кейинчалик қисқартиришлар бўл­гач ёлғиз ўзи қолган экан.

Кутубхона бир пайтлар, узоқ ўтмишда туманнинг маданият бўлимига “қараган“ ва бир оз ўтиб тумандаги Олмазор қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг Ахборот-ресурс марказига айлантирилган. Ҳалигача тушунмайман, коллеж Чинознинг Олмазор жабҳасида, Эски Тошкентдан тўрт километр узоқда жойлашган.

У ёқдаги ўқувчилар кутубхонанинг борлигини билишганмикан ўзи? Уйидан йўлкирага зўрға пул ундириб чиқадиган ўқувчиларнинг бу ерга келишга, китоб ўқиб, билим орттиришга шароити тўғри келганмикан?Бундан ташқари, Ахборот маркази деганда кўз олдимизга ҳеч бўлмаса Pentium русумидаги эски компьютерлар “тўрам кўрса бўлди“ қабилида кўйиб қўйилиши керак. Бизнинг зах кутубхона учун эса янги нашрлару газета-журналга обуна бўлиш ҳам жуда катта, бўрттирмаяпман, жуда катта орзу эди.

Маърифат дарёсининг шундоқ ёнгинасидан шошилиб ўтардик. Чунки, бизнинг спортчилар дунёга маш­ҳур бўлиш йўлида жангларга киришар, уларнинг жонли эфирларини ўтказиб юбориш хоинликдек тую­лардида. Ўйламасдикки, Ватан номини фақат спорт билан эмас, балки билимли кадрлар эришган муваффақиятлар билан ҳам оламга достон қилиб юбориш мумкин. Биз билмасдик. Бизнинг хаёллар телевизорда, телефонда эди. Энг қизиғи, “бўш вақтимиз“да иссиққина мажлис залларига зич ёпирилганча мутолаанинг фойдалари ва интернетнинг зиёнлари ҳақида жонкуярлик билан ўқилаётган нутқларни ташналик билан тинглардик. Кутубхонада эса Мунаввар опа жун пайпоқ ҳам иситолмаган оёқларини иш столи остидаги электр печка тафтида тоблаб, бизни кутиб ўтирарди.

Тан оламан, ҳамма вақт ашаддий китоб ўғриси бўлганман, бироқ бу кутубхонадан китоб ўғрилашга кўзим қиймасди. Ўзи аҳволни кўриб турибсан, яна оламан дейсана, деб шивирлаб қўярди виждоним. “Ўғри“нинг виждонини уйғотар даражада эканми, демак кутубхона ҳолатини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.Йўқ, буни фожиа демаяпман. Бу, ишонасизми, ҳатто минбарда туриб айтишга арзийдиган гап ҳам эмас. Бу кичик бир қишлоқдаги улкан кўнгилли болакай ҳақида уч сўзлик ҳикоя: “Мен ўқимоқчи эдим…“

Келинг, расмиятчиликни, маърифатли бўлиш йўлидаги фидокорона меҳнатларимизни, мутолаани тар­ғиб қилиш тўғрисидаги қарорларни бир четга икки-уч дақиқа суриб турайлик. Китоб, кутубхона, мутолаа нима ўзи? Миллат доирасида эмас, майли, бир қишлоқ доирасида ўйлаб кўрайлик. Ўйларканмиз,бармоқларни, Абдулла Қаҳҳорнинг эллик еттинчи йилда чиққан қиссаси саҳифалари узра пайпасланаётган, совуқдан кўкариб кетган ўсмир бармоқларини кўз олдимизга келтирайлик. Ва бу бармоқлар фарзандимизники бўлсин. Сесканмадингизми? Бир тукингиз қилт этмаган бўлса, демак… сизни айблаб бўлмайди. Сиз аввалдан шундай бўлгансиз ва сизга ниманидир тушунтиришга уринишнинг ўзи хато.

Синфдошим бор. Отасиз ўсгани учунми, тарбияси оғирроқ, безориликка мойилроқ эди, аммо мени ўзига яқин оларди. Бир гал кутубхонага уни ҳам олиб кирдим. Жавонларга бир оз беписандлик билан қараб турдида, кутилмаганда бир китобни қўлига олиб, ўқий бошлади. Портфелимни тўлдириб, олган китобларимнинг номини Мунаввар опага қайд қилдириш учун келганимда у ҳам ёнимга яқинлашди. Қўлида эскириб кетган, муқовасида икки аскарнинг расми туширилган ва бу расм остида “Ўзбек ўқчилари“ деб ёзиб қўйилган китобни олиб келди. Муаллифи эсимда йўқ. “Шуни оламан“, деди у. Индамадим. Олди. У китобни кутубхонага қайтаргани йўқ. Мактаб ҳам битди, коллежга ҳам ўтдик, коллежни ҳам битирдик. У китобни қайтармасди. Портфелига солиб, дарс бўлмаган соатлар орқа партага ўтиб ўқирди. Дўстим коллежни тугатгач, Россияга ишлаш учун кетаётганда ҳам китобни юклари орасига солиб, ўзи билан олиб кетди. Мен жим эдим. Мунаввар опа ҳам уни тушуниб ортиқча тихирлик қилмади. Унинг ўрнига уйдан бошқа учта китоб олиб келиб қўйдим.

Тўғри, бу китобни ўқиб дўстимиз орзу қиладиган одобли, сер­ғайрат, фаол йигитча бўлиб қолмади. Лекин, у коллежнинг орқа тарафига ўтиб қилинадиган ишларга кеткизадиган вақтини китобга бағишларди. Ахир, гуноҳ қилмасликнинг ўзи ҳам қайсидир маънода савоб эмасми?

Кутубхона ҳақида гапирмоқчи эдим… Уни асраб қолайлик, дея айюҳаннос солгим йўқ. Шахсан мен Тошкент шаҳрида яшайман. Интернет хизматимда, истаган китобимни топиб, уни қоғоз шаклига келтириб ўқишим мумкин. Аммо, нимадир ҳеч тинчлик бермайди. Баъзан ўйлаб қоламан, бизнинг кутубхона ҳозир бормикан? Коллежлар фаолияти тугатилгач унинг иши ҳам оғирлашгани аниқ. Бориш учун эса… Қисқаси, мен туғилиб ўсган уй ҳам Эски Тошкентдан Олмазор қадар йўл…

Биз маънавият деймиз. Биз маърифат деймиз. Тарғиб қиламиз. Тарғиб қиламизки, авлодлар билимдон бўлиб ўссинлар! Кутубхоналар эса кейинроқ, қандайдир мўъжиза юз берадию, ўз-ўзидан обод бўлиб қолади. Биз тарғиботни тўхтатмасак бўлди.

Кутубхонага кўплаб таърифлар берилган. Ҳатто, Лотин Америкасининг буюк ёзувчиси, кўплаб жаҳон адибларининг улуғ устози саналувчи Хорхе Луис Борхес ўз суҳбатларидан бирида: “Мен жаннатни кутубхонага ўхшаш жой деб ўйлайман“, деган эди. Ваҳоланки, Борхеснинг ўзи уй-кутубхонада дунёга келган ва шу уйда туриб дунёни идрок қилган, ўз оламини яратиб очунга довруқ таратган.

Энди ўйлайлик, Чинознинг қаеридадир бир болакай бор. У зиё истайди. Унинг ўз йўли, миллатимиз олдидаги бурчлари бор. Биз унинг йўлини чақир тиканаклардан тозалолмасак, унга ҳеч йўқ бир имкон, кичиккина шароит яратиб беролмасак, ифтихор билан баён қилаётган ютуқларимиз, биринчи бўлиб тўл­дирган пахта режаларимиз, маърифат хусусидаги қарорлар ўқиб эшиттирилганда чалган қизғин қарсакларимиз бекор. Бутун миллат эмас, ҳеч йўқ ўша Болакайга – эртанги кун хабарчисига кўзларини очиши учун имкон бериш бизнинг қўлимизда. Эҳтимол, шунда номимиз шунчаки ўтиб кетган одамлар эмас, балки улуғ ўтмиш солномаларидан жой олар?

Бор гап шу.

Энди бемалол муваффақиятларингиз ҳақида тўлиб-тошиб гапириб беришингиз мумкин. Қулоғим сизда.

Манба: “Тошкент ҳақиқати” газетаси

Viloyatimiz aholisini ma’rifatli qilish yo’lida… Yo’q, keling, hech bo’lmasa shu safar o’zimizni bir oz bo’sh qo’yaylik. Gapni Toshkent viloyatining mo»jazgina tumanidagi mo»jazgina qishlog’ida joylashgan mo»jaz kutubxonadan boshlaymiz.

Mirzohid MUZAFFAR
ZAX BOSGAN BOLALIK
05

 045  Chinoz tumanining Eski Toshkent qishlog’idagi 27-sonli o’rta maktabni tugatganman. Aynan o’sha maktab ortida yo’laklaridan zax va eski kitoblarning allatovur qadrdon hidi anqib turuvchi, ko’chib borayotgan moviy devorlariga buyuklarimizning chakka tomgan rasmlari iliniq, javonlariga bundan oltmish yillar avval nashr qilingan, bugun esa unut kitoblar terilgan besh-olti xonalik kutubxona joylashgandi. Joylashgandi emas, jon saqlardi. Har kuni darsdan so’ng u yerdan portfelimni to’ldiramanda, avtobusda uyga qaytayotib, ichim qizib bir bekat oldin tushgancha olgan kitoblarimni yo’l bo’yi tomosha qilaman, hafsalam yetsa o’qib boraman. Bu hayrat uyga qadar davom etardi. Uyda, xususan, xonamda esa meni boshqa hayrat kutib turardiki, eslasam, o’sha paytlar so’zdan to’qilgan so’zanalar ilingan idrokim devorlariga qadar hayajondan titrab ketadi…

Kutubxonada izg’ishni yaxshi ko’rardim. Kezish, yo aylanish emas, aynan izg’ishni. Negaki, erta bahor qo’limizga olib olganimiz issiq kiyimlarni qayta kiyib kirardik bu zax xonalarga. Sovuqdan izillab kezinishni menimcha, izg’ish deydilar. Bizni u yerda jun ro’moli boshidan tushmaydigan Munavvar opa ko’kimtir, qalin las choponga o’rangancha kulib qarshi olardi. Bu mushtipar ayolning aytishicha, mazkur binoda avval besh-oltitalab xodimlar ishlagan, keyinchalik qisqartirishlar bo’l­gach yolg’iz o’zi qolgan ekan.

Kutubxona bir paytlar, uzoq o’tmishda tumanning madaniyat bo’limiga “qaragan“ va bir oz o’tib tumandagi Olmazor qishloq xo’jaligi kasb-hunar kollejining Axborot-resurs markaziga aylantirilgan. Haligacha tushunmayman, kollej Chinozning Olmazor jabhasida, Eski Toshkentdan to’rt kilometr uzoqda joylashgan.

U yoqdagi o’quvchilar kutubxonaning borligini bilishganmikan o’zi? Uyidan yo’lkiraga zo’rg’a pul undirib chiqadigan o’quvchilarning bu yerga kelishga, kitob o’qib, bilim orttirishga sharoiti to’g’ri kelganmikan?Bundan tashqari, Axborot markazi deganda ko’z oldimizga hech bo’lmasa Pentium rusumidagi eski kompьyuterlar “to’ram ko’rsa bo’ldi“ qabilida ko’yib qo’yilishi kerak. Bizning zax kutubxona uchun esa yangi nashrlaru gazeta-jurnalga obuna bo’lish ham juda katta, bo’rttirmayapman, juda katta orzu edi.

Ma’rifat daryosining shundoq yonginasidan shoshilib o’tardik. Chunki, bizning sportchilar dunyoga mash­hur bo’lish yo’lida janglarga kirishar, ularning jonli efirlarini o’tkazib yuborish xoinlikdek tuyu­lardida. O’ylamasdikki, Vatan nomini faqat sport bilan emas, balki bilimli kadrlar erishgan muvaffaqiyatlar bilan ham olamga doston qilib yuborish mumkin. Biz bilmasdik. Bizning xayollar televizorda, telefonda edi. Eng qizig’i, “bo’sh vaqtimiz“da issiqqina majlis zallariga zich yopirilgancha mutolaaning foydalari va internetning ziyonlari haqida jonkuyarlik bilan o’qilayotgan nutqlarni tashnalik bilan tinglardik. Kutubxonada esa Munavvar opa jun paypoq ham isitolmagan oyoqlarini ish stoli ostidagi elektr pechka taftida toblab, bizni kutib o’tirardi.

Tan olaman, hamma vaqt ashaddiy kitob o’g’risi bo’lganman, biroq bu kutubxonadan kitob o’g’rilashga ko’zim qiymasdi. O’zi ahvolni ko’rib turibsan, yana olaman deysana, deb shivirlab qo’yardi vijdonim. “O’g’ri“ning vijdonini uyg’otar darajada ekanmi, demak kutubxona holatini o’zingiz tasavvur qilib olavering.Yo’q, buni fojia demayapman. Bu, ishonasizmi, hatto minbarda turib aytishga arziydigan gap ham emas. Bu kichik bir qishloqdagi ulkan ko’ngilli bolakay haqida uch so’zlik hikoya: “Men o’qimoqchi edim…“

Keling, rasmiyatchilikni, ma’rifatli bo’lish yo’lidagi fidokorona mehnatlarimizni, mutolaani tar­g’ib qilish to’g’risidagi qarorlarni bir chetga ikki-uch daqiqa surib turaylik. Kitob, kutubxona, mutolaa nima o’zi? Millat doirasida emas, mayli, bir qishloq doirasida o’ylab ko’raylik. O’ylarkanmiz,barmoqlarni, Abdulla Qahhorning ellik yettinchi yilda chiqqan qissasi sahifalari uzra paypaslanayotgan, sovuqdan ko’karib ketgan o’smir barmoqlarini ko’z oldimizga keltiraylik. Va bu barmoqlar farzandimizniki bo’lsin. Seskanmadingizmi? Bir tukingiz qilt etmagan bo’lsa, demak… sizni ayblab bo’lmaydi. Siz avvaldan shunday bo’lgansiz va sizga nimanidir tushuntirishga urinishning o’zi xato.

Sinfdoshim bor. Otasiz o’sgani uchunmi, tarbiyasi og’irroq, bezorilikka moyilroq edi, ammo meni o’ziga yaqin olardi. Bir gal kutubxonaga uni ham olib kirdim. Javonlarga bir oz bepisandlik bilan qarab turdida, kutilmaganda bir kitobni qo’liga olib, o’qiy boshladi. Portfelimni to’ldirib, olgan kitoblarimning nomini Munavvar opaga qayd qildirish uchun kelganimda u ham yonimga yaqinlashdi. Qo’lida eskirib ketgan, muqovasida ikki askarning rasmi tushirilgan va bu rasm ostida “O’zbek o’qchilari“ deb yozib qo’yilgan kitobni olib keldi. Muallifi esimda yo’q. “Shuni olaman“, dedi u. Indamadim. Oldi. U kitobni kutubxonaga qaytargani yo’q. Maktab ham bitdi, kollejga ham o’tdik, kollejni ham bitirdik. U kitobni qaytarmasdi. Portfeliga solib, dars bo’lmagan soatlar orqa partaga o’tib o’qirdi. Do’stim kollejni tugatgach, Rossiyaga ishlash uchun ketayotganda ham kitobni yuklari orasiga solib, o’zi bilan olib ketdi. Men jim edim. Munavvar opa ham uni tushunib ortiqcha tixirlik qilmadi. Uning o’rniga uydan boshqa uchta kitob olib kelib qo’ydim.

To’g’ri, bu kitobni o’qib do’stimiz orzu qiladigan odobli, ser­g’ayrat, faol yigitcha bo’lib qolmadi. Lekin, u kollejning orqa tarafiga o’tib qilinadigan ishlarga ketkizadigan vaqtini kitobga bag’ishlardi. Axir, gunoh qilmaslikning o’zi ham qaysidir ma’noda savob emasmi?

Kutubxona haqida gapirmoqchi edim… Uni asrab qolaylik, deya ayyuhannos solgim yo’q. Shaxsan men Toshkent shahrida yashayman. Internet xizmatimda, istagan kitobimni topib, uni qog’oz shakliga keltirib o’qishim mumkin. Ammo, nimadir hech tinchlik bermaydi. Ba’zan o’ylab qolaman, bizning kutubxona hozir bormikan? Kollejlar faoliyati tugatilgach uning ishi ham og’irlashgani aniq. Borish uchun esa… Qisqasi, men tug’ilib o’sgan uy ham Eski Toshkentdan Olmazor qadar yo’l…

Biz ma’naviyat deymiz. Biz ma’rifat deymiz. Targ’ib qilamiz. Targ’ib qilamizki, avlodlar bilimdon bo’lib o’ssinlar! Kutubxonalar esa keyinroq, qandaydir mo»jiza yuz beradiyu, o’z-o’zidan obod bo’lib qoladi. Biz targ’ibotni to’xtatmasak bo’ldi.

Kutubxonaga ko’plab ta’riflar berilgan. Hatto, Lotin Amerikasining buyuk yozuvchisi, ko’plab jahon adiblarining ulug’ ustozi sanaluvchi Xorxe Luis Borxes o’z suhbatlaridan birida: “Men jannatni kutubxonaga o’xshash joy deb o’ylayman“, degan edi. Vaholanki, Borxesning o’zi uy-kutubxonada dunyoga kelgan va shu uyda turib dunyoni idrok qilgan, o’z olamini yaratib ochunga dovruq taratgan.

Endi o’ylaylik, Chinozning qayeridadir bir bolakay bor. U ziyo istaydi. Uning o’z yo’li, millatimiz oldidagi burchlari bor. Biz uning yo’lini chaqir tikanaklardan tozalolmasak, unga hech yo’q bir imkon, kichikkina sharoit yaratib berolmasak, iftixor bilan bayon qilayotgan yutuqlarimiz, birinchi bo’lib to’l­dirgan paxta rejalarimiz, ma’rifat xususidagi qarorlar o’qib eshittirilganda chalgan qizg’in qarsaklarimiz bekor. Butun millat emas, hech yo’q o’sha Bolakayga – ertangi kun xabarchisiga ko’zlarini ochishi uchun imkon berish bizning qo’limizda. Ehtimol, shunda nomimiz shunchaki o’tib ketgan odamlar emas, balki ulug’ o’tmish solnomalaridan joy olar?

Bor gap shu.

Endi bemalol muvaffaqiyatlaringiz haqida to’lib-toshib gapirib berishingiz mumkin. Qulog’im sizda.

Manba: “Toshkent haqiqati” gazetasi

044

(Tashriflar: umumiy 402, bugungi 1)

Izoh qoldiring