Rashid Xo’jamov. She’rlar

12   Сирдарёлик талаба йигит Рашид Хўжамов бир кўз ташлаб бериш, фикр айтиш маъносида шеърий қораламаларини юборганида икки минг ўн тўққизнинг кўклами эди. Машқларини варақлаб фикрчан, тийрак йигит экан, дедим ичимда. Кейин, негадир, унинг дараги бўлмай кетди. Ҳа энди, унутиб юборди, деб ўйладим. Орадан баҳор, ёз ўтди. Бир куни у яна пайдо бўлди (телеграмимда). Суриштирсам, ёш бошига ишлар тушибди – отасидан айрилибди. Бу савдонинг асоратлари кейинги юборган машқларида бир дардли, маҳзун, лекин анчайин ёрқин ва равон мисраларда ўз аксини топган ҳам эдики, ўқиб, рости, менинг ҳам кўнглим юмшаб кетди. Фикран, ҳар ёмонликнинг бир яхши оқибати ҳам бўлишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Рашиджоннинг кейинги юборган машқлари мутлақо бошқа оламларнинг хаёлоти ва изтироблар бўлиб кўринди кўзимга…
Одатда, чекилган дард, алам, йўқотишлар кишини тоблайди, чиниқтирадигина эмас, балки уни энди ҳаётни мутлақо бошқача туйғу ва таассиротлар гирдобида инкишоф этишга ҳам ўргатаркан.
Рашиджон, топганинг ана шу бошқача туйғу ва таасиротларинг бардавом бўлсин!

Аканг Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
20.11.2019

Рашид ХЎЖАМОВ
ШЕЪРЛАР
022

БАРДОШСИЗ ЧИҚДИ БАРДОШЛАР

Дўстим,032
Қўлларим муаллақ қолиб кетди,
Елканг излаб елкаларим толиб кетди ,
Қил ҳам ўтмас орамиздан ўтди йиллар,
Бир хабар ол, у йилларнинг ҳоли нетди?

Биз исмини тошга ёзган қизлар – келин,
Ўз жуфтининг кўнглига йўл излар – келин,
Қилолмадик онамизга бизлар келин,
Энг ёмони, ён қўшнига насиб этди!

Дўстим,
Келиб биродаринг ҳолига боқ,
Кулганимдан йиғлаб ўтган куним кўпроқ,
Дард дегани юрмас экан йўлида тоқ,
Армонлардан юрагимда тоғлар битди.

Ўйлабмидик қора тонглар бор деб, ошна,
Шу ёшимда мусибатлар жонга ташна,
Мен-ку сўлдим, мен учун ҳам соғ бўл, яшна,
Қисмат қилни минг бўлакка бўлиб кетди.

Эгасига ўхшамаган сурат – тақдир.
Манглайига қора тортган сийрат – тақдир.
Қандай қилдинг шунча ишга журъат, тақдир?!
Билолмадим, тақдир менга нелар битди.

Ўйлармидик қора тонглар бор деб, ошна…

2019

***

Мени шеър қаритди
Қалам қаритди,
Кўксимда нишлаган алам қаритди.
Тишда сақлаганим қоғозга солдим,
На қоғоз, на қалам дардим аритди.

Мени ишқ қаритди, исён қаритди,
Кўксимда бошланди мамот жадали,
Мен сенга топиндим, сенга талпиндим
Оҳ, қондан таскинлик излаган каби!

2019

ИЛИНЖ

Уп узун тунлардан толиқди кўзлар,
Лек маҳзун кечалар чўзилмас мангу,
Кимдир мен ҳақимда фасодлар сўзлар –
Мен тонгни кутяпман… Бир оппоқ тонг у …

Лаҳзаси мустаҳаб, они мустаҳиқ!
Яратганим сийлар сабримга ошуб,
Мен ўша тонгларни кўзларимнимас
Қарши олажакман юрагим очиб…
Бир тонгни кутяпман, бир оппоқ тонг у!

2019

ЖУРЪАТ

Туғилмоқ, ўлимнинг муқаддимаси,
Йиллар олиб кетар умр зарини.
Ярмини яшадик, балки, умрнинг
Балки… барини.

Қуруқ савлат билан забт этилмас қир,
Сўнгги бекат армон-суръат бўлмаса.
Синиқ қалам билан ёзилмайсан шеър
Журъат бўлмаса …

Эртанинг умиди тундай қоп-қора,
Лек тўхтатма тунги тилакларингни.
Фақат армон бўлиб қолмасин учун,
Қўшиб қўйгин сўнгги тилакларингни…

Баъзан ваҳималар босар танани,
«Бир жонга бир ўлим» — шунчаки сурат,
Дилга кўчирмоқчун шу калимани
Журъат йўқ, журъат!…

2019

МАКТУБ

Ассалому алайкум, ота!
Мен, ўғлингиз,
Яна, албатта!
«Аҳволингиз яхшими?», — демай –
Ёмон аҳвол бўлмас жаннатда!

Мен тузукман,
Мени ўйламанг.
Дардлар менга етолмай толган!
Фақат менми, ахир, ҳаётда
Ота бўлмай отасиз қолган.

Ютуқларим
Доимгидай кўп,
Дуойингиз ижобат ҳали.
Лек ҳар сафар елкамга қоқиб,
Сиздек ҳеч ким…
Демайди «балли».

”Ота ўғил” дердингиз мени,
Баланд эди сиз билан елкам.
Сиздек ота бўлоламанми
«Ота ўғил»ларимга мен ҳам?!

2019

САДОҚАТ

Умид ойнасига отилди тошлар,
Тантана тугади,
Аҳдлар тугади!
Айвондан учётган қалдирғоч билан,
Учиб кетгим келар негадир!

Китоб жавонимда сенинг расминг йўқ,
Ёқ дединг! Ёқилди суратлар буткул.
Энди кўксим ичра тумор бўп қолган
Кулига рози бўл!

2019

***

Менда… бир таассурот бор, Шерзод ака. Ижтимоий тармоқдаги шоир-шоираларда кузатаман… Негадир, шеър ёзаётганим учун дунё мендан қарздор, деб билишади.

Байрам Али Қўлдошев

Мен дунё олдида қарздорман:
Eнг ёлғон гапларни шеър қилдим.
Сичқондек инграган журъатни
Шеъримда, шер қилдим!

Мен дунё олдида қарздорман,
Қарзларим қўлимдан тортади.
Кимлардир шеъримни ёд олса,
Гуноҳим ортадир…

Мен дунё олдида қарздорман,
Тор кўксин пуч шеърга тўлдирдим!
Қўлимдан келмади ўстирмоқ –
Сўзимни ўлдирдим.

Қарздорман мен дунё олдида,
Мулзамлар аҳлига доирман.
Бир Одам (!) бўлмоқни эплолмай,
Ўзимча… Шоирман!

Мен дунё олдида қарздорман:
Eнг ёлғон гапларни шеър қилдим.
Сичқондек инграган журъатни
Шеъримда шер қилдим.

Мен дунё олдида қарздорман…

2019

ҚОРА ДЕВОР

Тўғри,
Ўртамизда парда бор эди…
Бепарда сўзлашга йўқ эди тоқат!
Ва рашк,
Араз,
Гина
Зарда бор эди.
Лекин қора девор қурилди қай вақт?!

Уни ким кўтарди – м
Сенми ёки мен?
Ва ё мунофиқлар кетдими тиклаб?
Хатларимни буклаб ёқмоққа шайсан,
Мен эса турибман… кўксим дук-дуклаб!

Оҳ, бунча…
Ишқимдай баланд бу девор?!
Димоғингдай баланд бунчалар, эркам!
Буни минг тош билан парчалаш душвор
Уни…
Бошим билан… қулатаймикан?!

Она,
Қай тушимга таъбир бу кунлар,
(Тушларимни айтсам ютмасми денгиз)
«Худбин» деб ном олган ҳисларим денгиз!
Ёлғондан минг марта «жон болам» демай
Нега «Худбин болам» демагандингиз?!

Чексиз ишқим ҳаққи
Бугун кўксимга,
Янги ном, «нишонлар» қададинг,
Қуллуқ!
Қачондир ўртада оқ парда борди –
Қора девор бору,
Eнди
Парда
Йўқ!

2019

ЮРАГИНГДАН ҚАЙТЯПМАН…

Юрагингдан қайтяпман,
Вақт бўлди, чоғи,
Қуюқ-қуюқ суҳбатларга ясадинг хатм.
Кўриниб боряпти аҳдинг адоғи,
Ва боши. Ишқ жим!

Юрагингдан қайтяпман-
Сени тополмай,
Уйингдан ўғрини қувгандай ҳайда.
Кейин хоҳласам ҳам сенга қайтолмай,
Қайта.

Юрагингдан қайтяпман —
Занжирбанд шердай,
Қадамимда оғриқлар қилса-да сайр,
Қайта туғилгунча сенга қайтмайман,
Хайр…

2019

САРҒАЙГАН ДАРДЛАР

***

Мен сени оқ тонгдан топарман…
Тутарман
Қўлларинг ўшал кун
Шу куни тақдирлар битилар,
Ва бўлар орзулар ушалган…

Ким аҳддан қайтгувчи,
Бизмасмиз,
Аҳдимиз бузмасмиз,
Ва яна…
Паймонни пайконга тутмасмиз
Тўлса-да паймона…

Ўшандоқ бўлажак чин севиш,
Бу ишққа ер амин,
Кўк амин!
Севгининг тимсоли десалар,
Суратда турамиз
Сен ва Мен!

Йўлдаман…
Оз қолди… етяпман!
Самовий ишқ ҳаққи
Кута тур…
Ортимдан йиғлайди бир умр!
Бир умр…
Бир умр…
Бир умр…

2019

ВИДО

I
Қора сиёҳ…
Қора саҳифа…
На ўқиш имконли
Ва на англамоқ.
Менинг дунёйимни тушунолмайсан
Эй, ўнгли оқ.

Мен ўзни ўйловчи шундай разил кас,
Виждонсиз…
Ва, юрак синаётган санг.
Сенинг билганларинг сира ёлғонмас
Қачонки билсанг…

II

Уйқудаги умрда уйқусиз тунлар,
Сассиз кўзёшларнинг бормикан чеки.
Eнг кичик дилхунликлар…
Eнг катта дардлар
Бариси,
Бор туси меники.

III

Бунча уринишнинг не ҳожати бор
Ўзни оқлайдими ҳақ одам ҳеч вақт!
Дўзахдек кўнглимдан менинг хуш кетдинг
Жаннатларинг нақд,
Жаннатларинг нақд!

IV

Елларга учирдим ҳисларни,
Қайтариб отдилар юзимга…
Билганим
У керак экан фақат
Ўзимга
Ўзимга
Ўзимга…

У кетган йўлларнинг тошлари
Кўксимни ёрмоқда,
Ё Худо!
Алвидо, энг сўнгги ҳасратим,
Ҳамдардим,
Ҳам дардим, алвидо-о!

2019

РУҲИЯТ

Бу қора дунёнинг осмонлари оқ,
Ардоқнинг адоғин қайдан билардим?!
Мени гуноҳларим ушлаб турибди,
Йўқса,
Аллақачон кетган бўлардим…

Руҳнинг жисм ичра яшаган вақти –
Умр деб аталган дарбадар дамлар!
Юраги каттариб бораверади
Бунда гуноҳ ясаб дамда одамлар!

Сўнггиси,
Сўнггиси….
Сўнгги бора деб
Сўнгги нафасгача гуноҳ коримиз!
Сендан ҳам, мендан ҳам ўтганлари бор –
Ҳаммамиз Худонинг гуноҳкоримиз!

Бериб қувонтирган,
Олиб куйдирган!
Куйдирма, мен кетсам яқинларимни,
Бунча тушларимни безовталайсан?
Мен сенга шунчалар яқинладимми?

Мени гуноҳларим ушлаб турибди,
Йўқса, аллақачон кетган бўлардим!

2019

СЕНИНГ БОШҚАЛАРДАН ОРТИҚ ЕРИНГ ЙЎҚ

Сенинг бошқалардан ортиқ еринг йўқ,
Ўшандай ҳамманинг юз, кўз-у қоши.
Соч толанг сонига монанди ҳам бор…
Ҳатто бор
Нозингга нози ўхшаши!

Сенинг бошқалардан ортиқ еринг йўқ –
Сенда чораларнинг чексизлиги чин!
Боши осмон қиз,
Болиши осмон қизни…
Сендай вафосизни… кў-ўп кўрган очун!

Сенинг бошқалардан ортиқ еринг йўқ,
Биламан…
Англайман…
Ҳис этаман, бас!
Аммо нега, шунча сабабдан сўнг ҳам
Суратинг йиртмоққа жуъратим етмас.
2019

…ҲАЁТ – ҚОЗИ

Кўзим қони юрагингга қуйилмаса,
Қорачиқни қўлларимда эзиб ташлай.
Ришта деган ҳис занжири узилмаса,
Айтгин, қайси томиримни узиб ташлай!

Қайси томир ишқ томири,
Рашк томири…
Хотиралар сузиб юрар томир қайси?
Икки дунё эсламасман деган аҳдни
Қай томирим унутажак агар қайтса?!

Мен-ку осий, ҳаёт – қози, кечирарми,
Виждон деган томирини узганларни?
Бахтга бурка, Қодир Худо, бахтин бузма!
Кўзи бахтга тўйсин аҳдин бузганларнинг!

Истагимга қарши: ўтар минг, милён йил!
Ҳаялламай би-ир хаёллаб қўйишинг бор!
Кулдирганни кулдиражак қисмат! Сен ҳам
Куйишинг бор…
Куйишинг бор…
Куйишинг бор!

2019

ҚЎЛЛАРИНГНИ БЕР…

Бўғзимгача келди
Бу бедард дардлар,
Осмон тутиб кетмас, ютиб кетмас ер!
Қўлин силтаб кетди «дўсти жўмардлар»,
Сен қўлингни бер…

«Кетайми, қолай» деб ҳиққиллайди жон,
Тақдирлар бемакон, бахтлар бемакон…
Назари нажотга айланган инсон,
Кел, қўлингни бер…

Бошимга бош қўйди тоғдаги тошлар,
Юзимга қасд қилди кўздаги ёшлар,
Нетайки, бардошсиз чиқди бардошлар,
Сен қўлингни бер…

Ҳар ёним хазин куй. Хазон ҳар оним…
Меҳрин миннат этар номеҳрибоним
Жоним аросатда турибди, жоним,
Қўлларингни бер?!

2019

НУҚТА

Сенинг ўйинларинг пухта ўйланган,
Ўйлаган ўйларинг эмасдир пухта –
Сенга аталмаган ёзган байтларим,
Сенга аталгани биргина нуқта.

Кўзларга йиғламоқ қисмат этилган,
Қўллар азал-абад шеърга омухта.
Мактублар ёқилмоқ учун битилган,
Сенга битилгани биргина нуқта.

Сен ишқсиз боғланган,
Мен эсам ипсиз…
Нигоҳлар тўқнашмай тинар оғриқда.
Тушларимда ҳар кун йиғлайди ҳур қиз,
Унга аталмаган ҳатто бир нуқта.

2019

КУТИШ…

Яна бир кун мени яшаб улгурди,
Юкундим кўзлари боғланган тунга.
Яна бир оқ тушди умр сочига,
Гуноҳкор мен унга,
Айбдор мен унга.

Яна ёниб-ўчди кўкнинг лампаси,
Бақалар куйлади – мунгли ноладай…
Мен эсам кимдандир
Недур кутаман-
Отаси келишин кутган боладай.

Балки, чапак чалай қадам сасингга,
Қиш кунлар қишлоқда чироқ кутгандай.
Худди қишлоғимдай менинг тақдирим,
Дунёнинг бу-уурчида қолиб кетгандай…

«Ярал» деган сўздан яралгандай дун,
Менда «Мен» яралар ўзи билмасдан…
Осмонни ўзининг қўлига бериб
Келгин, дунё мени яшаб бўлмасдан!

Яна бир кун мени яшаб улгурди…

2019

“ДАДАМГА МАКТУБЛАР” ТУРКУМИДАН

ОТА

Ота, бағрим тош эмас,
Ўзим тош бўлсам керак.
Ҳолингни жим кузатган
Кўзим тош бўлса керак.
Кўнглинг ногоҳ синдирдим,
Сўзим тош бўлса керак.
Гоҳ кўзимга қафас кенг,
Гоҳо дунё тор, ота,
Мендайин янтоқмеҳр
Қай саҳрода бор, ота!

Сенинг хаста ҳолингга
Йиғламаган кўз, кўзми?
Бу кун кўзёш тўкишим
Надоматми, кўз-кўзми?
Милён тил оғринтириб,
Айтолмадим бир сўзни –
Бой бўлсам, бетўрваман,
Бекми, тўраман, ота?!
Сени яхши кўраман,
Яхши кўраман, ота!

Гарчи бугун эъзозим
Айтсам ҳам минг парвозлаб,
Тоғ бўлмайсан, кўксингни
Тупроқ турар пардозлаб.
Аксари каломларнинг
Кечи ҳам ҳеч деган гап.
Азроилга тик чиққан
Ўктаммидинг сен, ота?
Кеч келиб эрта кетган
Кўкламмидинг сен, ота?

Сен қадаган ниҳоллар
Чаман бугун, боғ бугун,
Кўксимда қайнаб вулқон,
Азиятлар тоғ бугун,
Кимдир қайғудош, қалбдош
Кимнинг кўнгли чоғ бугун,
Бир кунларни яшадим-
Асрдай, йилдай, ота,
Бир йилларни яшадим-
Сония, қилдай, ота!

Бўғзимда қолиб кетди,
Кўксимда туғилган сўз,
Қабрингга бўлди насиб
Шанингга туғ илган сўз,
Кафтида асрар эди
Кафтингга тўкилган сўз,
Ўзим ерда-ю кўнгли
Самодаман мен, ота,
Ўлгунимча сенинг-чун
Дуодаман мен, ота!

Дуодаман мен, Ота!

2019

БАҒИШЛОВ

I

Ҳовлимиз чинори қулади,
Бир чинор умрини яшамай!
Бодом бошин эгди…
Терак тиз чўкди…
Йиғлади ўзига ўхшамай.

Йиғлади
Олмалар гул тўкиб,
Тупроққа беланди гул умр,
Ишонган чинорсиз ҳаётда
Энди у «гулламас» бир умр!

Сочини тимдалар мажнунтол,
Кўзига ишонмас…
Сўзига ишонмас…
«Чидолмайман» дейди —
Ўзига ишонмас!

Бир ёнда қайрағоч, садалар…
«Воҳ!» дейди,
Кўксига бир нидо қадалар:
Ҳаётнинг қоларми сафоси
Бўлмаса чинордай дадалар,
Чин ордай дадалар!

II

Йиғладим,
Йиғладим…
Қўлимдан келмади кулмоқлик,
Қўлимдан келмади ўлмоқ лек,
Сиз билан ёнма-ён бўлмоқлик.
Келмади…

Оҳ, дада,
Билмайсиз қанчалар соғиндим,
Йўқмиди ўлимнинг тумори?!
Келмайсиз, ҳар кеча тутяпти
Қучоқларингизнинг хумори!

Вақтида қадоқли қўлингиз
Тутолмай, азангиз тутяпмиз.
Биламан келмайсиз, энди кеч!
Лекин мен кутяпман,
Кутяпмиз…

«Ўжарсан» дердингиз,
Рост экан, дада!
Ўжарлигим энди оғринтиряпти,
Мен сизни бор дейман,
У тирик дейман:
«Шунчаки, соғинтиряпти!»

Соғинтирманг, келинг,
Не кечар ҳоли, деб
Кузатманг зимдан,
Ёлғонларни парчалаб ташланг,
Мен уларга кўникмасимдан…
Мен уларга кўникмасимдан!

III

Бошимга кўтардим дунёни
Кошкийди, бошимга қуласа,
Ҳар нени имкони бор, дерлар,
Бўлмасми, умрни уласа,
Бўлмасми умримни уласам?!

Тўй қилсак,
Уй қилсак…
Дарахтлар қадасак тўлдириб,
Яхшийди гоҳида сўксангиз,
Гоҳида турсангиз кулдириб!
(Кетдингиз куйдири-иб, куйдириб)

Оҳ, бундай яшамоқ бўлмайди,
Ўтсамми дунёнинг баҳридан,
Онамнинг бағридан…
Ва яна қўрқаман,
Қўрқаман Худонинг қаҳридан!

Дунёдан кечгандан кечар У,
Жаннатга бир қадам йўлатмас,
Мен сизни кўрмоқни истасам,
Яшашим керак, бас!

IV

Ҳовлимиз чинори қулади,
Яшамай бир чинор умрини.
Қайтара олмадим,
Буза олмадим…
Нетайки, Худонинг амрини!

У сизни танлади…
Демак сиз Оллоҳнинг ҳабиби.
Бизга тоқат берсин,
Қаноат берсин…
Башарнинг Табиби!
Дуодан йўқ ўзга нажотим,
Худодан йўқ ўзга нажотим…
2019

ДАДАМГА МАКТУБ

Рашиджон демайсиз,
Ўғли-им, демайсиз,
Бутун дунёда йўқ бир бағри бутун,
Ҳувиллаб кетди-ку ярим кўнгиллар,
Бир ой бўлди бугун…

Бу соат миллари бунча хотиржам,
Сониялар умри татир ойларга.
Сиз-ку Ҳақ қошига етиб бўлдингиз,
Мен қачон етаман сиз бор жойларга?

Толиқсам, руҳингиз елкамдан тутар –
Ҳаёдай покиза, ғурурдек ўктам,
Қанчалик беқиёс бўлмасин жаннат,
Соғинган сиз ҳам…

Қизғалдоқ баргига хатлар боғладим,
Ўқинг, шеърларимни қумсар эсангиз,
Бир жоним минг бир жон бўлиб кетмасми,
Рашиджон десангиз…
Ўғли-им десангиз…

Рашиджон демайсиз…
Ўғли-им демайсиз!
2019

БИРИНЧИ УСТОЗИМ…

Ҳар йили 1-октябрь куни энг аввал дадамга қўнғироқ қилиб, устозлар куни билан табриклардим. Дадамнинг бу касбга алоқаси бўлмаса-да, мен уни биринчи устозим деб биламан…
Байрамингиз билан, дадажон!

Бугун устозларнинг байрами экан,
Демак, яна сизни эслайдиган он!
Мангулик нелигин ўргатиб бекам,
Мангу зиёратга кетган, отажон!

Ҳар сафар октябрь қоққанда киприк,
Сизга эрта тонгда қоқар эдим сим:
«Бугун устозларнинг байрами экан,
Ахир сиз-ку менинг илк устозим».

Биламан,
Ўшанда ямоқ тўнингиз
Қуроқ кўксингизга қиларди торлиқ*.
Энди, дунёталаб «шогирдингизга»
Ҳайқирмоққа торлиқ қилади борлиқ!

Ғариб қабрингизга қабрдай чўкдим,
Билмайсиз, бу қалбга кимлар кўмилди!
Кулсам, вақтлар тўхтаб тикилдилар жим…
Йиғласам, ёшимга китлар чўмилди!

II

Бир финжон қаҳвага қўшиб дунёнинг
Бор аччиғин ичиб ташлагандайман!
Дунёсига оғир келган дардларни
Бошимда кўтарай, ахир, қандай ман…

Бизни учраштирар йўл – фақат болиш,
Бизни сўзлаштирар чилтонлар бунда.
Биламан, сизнинг ҳам жисмингиз тутқун!
Менинг ҳам юрагим буткул тутунда!

Мендан масофалар айирмас сизни,
Сизни ўлди деган муждалар бекор.
Отасиз, атосиз қолганим ҳам йўқ!
Ерда ҳам, кўкда ҳам менинг отам бор.

Мени шогирдликдан ярлақаган Ҳақ
Сиздайларга жаннат этгандир ваъда…
Жаннатингиз билан қутлайин, илло
Биринчи устозим – сиз менинг, дада!

Ғариб қабрингизга қабрдай чўкдим…

2019

БОР-БУДИМНИ БЕРИБ КЕЛДИМ…

Борсакелмас бир ерларга
Бор-будимни бериб келдим…
Қабр отлиқ бир бинонинг
Устидан гул териб келдим.
Ота десам тил куяди,
Ортда қолган йил куяди,
Чидолмайин қўрғошиндай
Кўзёшимга
Эриб келдим….
Борсакелмас бир ерларга
Бор-будимни бериб келдим!

Кун кўрмаган
Кўнглидан ҳам
Ёлчимайди, – деган гап рост!
Одамзоднинг ризқи кўкдан,
Томчилайди, – деган гап рост,
Қисмат мудом
Қорадилни қамчилайди, – деган гап рост!
Бу қисматнинг сизга элтмас
Йўлларидан юриб келдим,
Борсакелмас бир ерларга
Бор-будимни бериб келдим!

Куз шамоли умид берса, қайтмоқликка,
Яна қайта ҳаёт берса, Унга куйлар айтмоқликка,
Бир ашъорга айланардим…
Би-ир ашъорга айланардим,
Кўзларимни қадаб кўкка!
Не бўлса ҳам,
Не бўлса ҳам Яратгандан
Иноятлар кўриб келдим …
Ижобатлар кўриб келдим.
Борсакелмас бир ерларга
Бор-будимни бериб келдим …

Бор-будимни бериб келдим!

2019

21 Sirdaryolik talaba yigit Rashid Xo’jamov bir ko’z tashlab berish, fikr aytish ma’nosida she’riy qoralamalarini yuborganida ikki ming o’n to’qqizning ko’klami edi. Mashqlarini varaqlab fikrchan, tiyrak yigit ekan, dedim ichimda. Keyin, negadir, uning daragi bo’lmay ketdi. Ha endi, unutib yubordi, deb o’yladim. Oradan bahor, yoz o’tdi. Bir kuni u yana paydo bo’ldi (telegramimda). Surishtirsam, yosh boshiga ishlar tushibdi – otasidan ayrilibdi. Bu savdoning asoratlari keyingi yuborgan mashqlarida bir dardli, mahzun, lekin anchayin yorqin va ravon misralarda o’z aksini topgan ham ediki, o’qib, rosti, mening ham ko’nglim yumshab ketdi. Fikran, har yomonlikning bir yaxshi oqibati ham bo’lishiga yana bir bor ishonch hosil qildim. Rashidjonning keyingi yuborgan mashqlari mutlaqo boshqa olamlarning xayoloti va iztiroblar bo’lib ko’rindi ko’zimga…
Odatda, chekilgan dard, alam, yo’qotishlar kishini toblaydi, chiniqtiradigina emas, balki uni endi hayotni mutlaqo boshqacha tuyg’u va taassirotlar girdobida inkishof etishga ham o’rgatarkan.
Rashidjon, topganing ana shu boshqacha tuyg’u va taasirotlaring bardavom bo’lsin!

Akang Abdunabi BOYQO’ZIEV
20.11.2019

Rashid XO’JAMOV
SHE’RLAR
022

BARDOShSIZ CHIQDI BARDOSHLAR

Do’stim,043
Qo’llarim muallaq qolib ketdi,
Yelkang izlab yelkalarim tolib ketdi ,
Qil ham o’tmas oramizdan o’tdi yillar,
Bir xabar ol, u yillarning holi netdi?

Biz ismini toshga yozgan qizlar – kelin,
O’z juftining ko’ngliga yo’l izlar – kelin,
Qilolmadik onamizga bizlar kelin,
Eng yomoni, yon qo’shniga nasib etdi!

Do’stim,
Kelib birodaring holiga boq,
Kulganimdan yig’lab o’tgan kunim ko’proq,
Dard degani yurmas ekan yo’lida toq,
Armonlardan yuragimda tog’lar bitdi.

O’ylabmidik qora tonglar bor deb, oshna,
Shu yoshimda musibatlar jonga tashna,
Men-ku so’ldim, men uchun ham sog’ bo’l, yashna,
Qismat qilni ming bo’lakka bo’lib ketdi.

Egasiga o’xshamagan surat – taqdir.
Manglayiga qora tortgan siyrat – taqdir.
Qanday qilding shuncha ishga jur’at, taqdir?!
Bilolmadim, taqdir menga nelar bitdi.

O’ylarmidik qora tonglar bor deb, oshna…

2019

***

Meni she’r qaritdi
Qalam qaritdi,
Ko’ksimda nishlagan alam qaritdi.
Tishda saqlaganim qog’ozga soldim,
Na qog’oz, na qalam dardim aritdi.

Meni ishq qaritdi, isyon qaritdi,
Ko’ksimda boshlandi mamot jadali,
Men senga topindim, senga talpindim
Oh, qondan taskinlik izlagan kabi!

2019

ILINJ

Up uzun tunlardan toliqdi ko’zlar,
Lek mahzun kechalar cho’zilmas mangu,
Kimdir men haqimda fasodlar so’zlar –
Men tongni kutyapman… Bir oppoq tong u …

Lahzasi mustahab, oni mustahiq!
Yaratganim siylar sabrimga oshub,
Men o’sha tonglarni ko’zlarimnimas
Qarshi olajakman yuragim ochib…
Bir tongni kutyapman, bir oppoq tong u!

2019

JURЪAT

Tug’ilmoq, o’limning muqaddimasi,
Yillar olib ketar umr zarini.
Yarmini yashadik, balki, umrning
Balki… barini.

Quruq savlat bilan zabt etilmas qir,
So’nggi bekat armon-sur’at bo’lmasa.
Siniq qalam bilan yozilmaysan she’r
Jur’at bo’lmasa …

Ertaning umidi tunday qop-qora,
Lek to’xtatma tungi tilaklaringni.
Faqat armon bo’lib qolmasin uchun,
Qo’shib qo’ygin so’nggi tilaklaringni…

Ba’zan vahimalar bosar tanani,
«Bir jonga bir o’lim» — shunchaki surat,
Dilga ko’chirmoqchun shu kalimani
Jur’at yo’q, jur’at!…

2019

MAKTUB

Assalomu alaykum, ota!
Men, o’g’lingiz,
Yana, albatta!
«Ahvolingiz yaxshimi?», — demay –
Yomon ahvol bo’lmas jannatda!

Men tuzukman,
Meni o’ylamang.
Dardlar menga yetolmay tolgan!
Faqat menmi, axir, hayotda
Ota bo’lmay otasiz qolgan.

Yutuqlarim
Doimgiday ko’p,
Duoyingiz ijobat hali.
Lek har safar yelkamga qoqib,
Sizdek hech kim…
Demaydi «balli».

”Ota o’g’il” derdingiz meni,
Baland edi siz bilan yelkam.
Sizdek ota bo’lolamanmi
«Ota o’g’il»larimga men ham?!

2019

SADOQAT

Umid oynasiga otildi toshlar,
Tantana tugadi,
Ahdlar tugadi!
Ayvondan uchyotgan qaldirg’och bilan,
Uchib ketgim kelar negadir!

Kitob javonimda sening rasming yo’q,
Yoq deding! Yoqildi suratlar butkul.
Endi ko’ksim ichra tumor bo’p qolgan
Kuliga rozi bo’l!

2019

***

Menda… bir taassurot bor, Sherzod aka. Ijtimoiy tarmoqdagi shoir-shoiralarda kuzataman… Negadir, she’r yozayotganim uchun dunyo mendan qarzdor, deb bilishadi.

Bayram Ali Qo’ldoshev

Men dunyo oldida qarzdorman:
Eng yolg’on gaplarni she’r qildim.
Sichqondek ingragan jur’atni
She’rimda, sher qildim!

Men dunyo oldida qarzdorman,
Qarzlarim qo’limdan tortadi.
Kimlardir she’rimni yod olsa,
Gunohim ortadir…

Men dunyo oldida qarzdorman,
Tor ko’ksin puch she’rga to’ldirdim!
Qo’limdan kelmadi o’stirmoq –
So’zimni o’ldirdim.

Qarzdorman men dunyo oldida,
Mulzamlar ahliga doirman.
Bir Odam (!) bo’lmoqni eplolmay,
O’zimcha… Shoirman!

Men dunyo oldida qarzdorman:
Eng yolg’on gaplarni she’r qildim.
Sichqondek ingragan jur’atni
She’rimda sher qildim.

Men dunyo oldida qarzdorman…

2019

QORA DEVOR

To’g’ri,
O’rtamizda parda bor edi…
Beparda so’zlashga yo’q edi toqat!
Va rashk,
Araz,
Gina
Zarda bor edi.
Lekin qora devor qurildi qay vaqt?!

Uni kim ko’tardi – m
Senmi yoki men?
Va yo munofiqlar ketdimi tiklab?
Xatlarimni buklab yoqmoqqa shaysan,
Men esa turibman… ko’ksim duk-duklab!

Oh, buncha…
Ishqimday baland bu devor?!
Dimog’ingday baland bunchalar, erkam!
Buni ming tosh bilan parchalash dushvor
Uni…
Boshim bilan… qulataymikan?!

Ona,
Qay tushimga ta’bir bu kunlar,
(Tushlarimni aytsam yutmasmi dengiz)
«Xudbin» deb nom olgan hislarim dengiz!
Yolg’ondan ming marta «jon bolam» demay
Nega «Xudbin bolam» demagandingiz?!

Cheksiz ishqim haqqi
Bugun ko’ksimga,
Yangi nom, «nishonlar» qadading,
Qulluq!
Qachondir o’rtada oq parda bordi –
Qora devor boru,
Endi
Parda
Yo’q!

2019

YuRAGINGDAN QAYTYaPMAN…

Yuragingdan qaytyapman,
Vaqt bo’ldi, chog’i,
Quyuq-quyuq suhbatlarga yasading xatm.
Ko’rinib boryapti ahding adog’i,
Va boshi. Ishq jim!

Yuragingdan qaytyapman-
Seni topolmay,
Uyingdan o’g’rini quvganday hayda.
Keyin xohlasam ham senga qaytolmay,
Qayta.

Yuragingdan qaytyapman —
Zanjirband sherday,
Qadamimda og’riqlar qilsa-da sayr,
Qayta tug’ilguncha senga qaytmayman,
Xayr…

2019

SARG’AYGAN DARDLAR

***

Men seni oq tongdan toparman…
Tutarman
Qo’llaring o’shal kun
Shu kuni taqdirlar bitilar,
Va bo’lar orzular ushalgan…

Kim ahddan qaytguvchi,
Bizmasmiz,
Ahdimiz buzmasmiz,
Va yana…
Paymonni paykonga tutmasmiz
To’lsa-da paymona…

O’shandoq bo’lajak chin sevish,
Bu ishqqa yer amin,
Ko’k amin!
Sevgining timsoli desalar,
Suratda turamiz
Sen va Men!

Yo’ldaman…
Oz qoldi… yetyapman!
Samoviy ishq haqqi
Kuta tur…
Ortimdan yig’laydi bir umr!
Bir umr…
Bir umr…
Bir umr…

2019

VIDO

I
Qora siyoh…
Qora sahifa…
Na o’qish imkonli
Va na anglamoq.
Mening dunyoyimni tushunolmaysan
Ey, o’ngli oq.

Men o’zni o’ylovchi shunday razil kas,
Vijdonsiz…
Va, yurak sinayotgan sang.
Sening bilganlaring sira yolg’onmas
Qachonki bilsang…

II

Uyqudagi umrda uyqusiz tunlar,
Sassiz ko’zyoshlarning bormikan cheki.
Eng kichik dilxunliklar…
Eng katta dardlar
Barisi,
Bor tusi meniki.

III

Buncha urinishning ne hojati bor
O’zni oqlaydimi haq odam hech vaqt!
Do’zaxdek ko’nglimdan mening xush ketding
Jannatlaring naqd,
Jannatlaring naqd!

IV

Yellarga uchirdim hislarni,
Qaytarib otdilar yuzimga…
Bilganim
U kerak ekan faqat
O’zimga
O’zimga
O’zimga…

U ketgan yo’llarning toshlari
Ko’ksimni yormoqda,
Yo Xudo!
Alvido, eng so’nggi hasratim,
Hamdardim,
Ham dardim, alvido-o!

2019

RUHIYaT

Bu qora dunyoning osmonlari oq,
Ardoqning adog’in qaydan bilardim?!
Meni gunohlarim ushlab turibdi,
Yo’qsa,
Allaqachon ketgan bo’lardim…

Ruhning jism ichra yashagan vaqti –
Umr deb atalgan darbadar damlar!
Yuragi kattarib boraveradi
Bunda gunoh yasab damda odamlar!

So’nggisi,
So’nggisi….
So’nggi bora deb
So’nggi nafasgacha gunoh korimiz!
Sendan ham, mendan ham o’tganlari bor –
Hammamiz Xudoning gunohkorimiz!

Berib quvontirgan,
Olib kuydirgan!
Kuydirma, men ketsam yaqinlarimni,
Buncha tushlarimni bezovtalaysan?
Men senga shunchalar yaqinladimmi?

Meni gunohlarim ushlab turibdi,
Yo’qsa, allaqachon ketgan bo’lardim!

2019

SENING BOShQALARDAN ORTIQ YeRING YO’Q

Sening boshqalardan ortiq yering yo’q,
O’shanday hammaning yuz, ko’z-u qoshi.
Soch tolang soniga monandi ham bor…
Hatto bor
Nozingga nozi o’xshashi!

Sening boshqalardan ortiq yering yo’q –
Senda choralarning cheksizligi chin!
Boshi osmon qiz,
Bolishi osmon qizni…
Senday vafosizni… ko’-o’p ko’rgan ochun!

Sening boshqalardan ortiq yering yo’q,
Bilaman…
Anglayman…
His etaman, bas!
Ammo nega, shuncha sababdan so’ng ham
Surating yirtmoqqa ju’ratim yetmas.
2019

…HAYoT – QOZI

Ko’zim qoni yuragingga quyilmasa,
Qorachiqni qo’llarimda ezib tashlay.
Rishta degan his zanjiri uzilmasa,
Aytgin, qaysi tomirimni uzib tashlay!

Qaysi tomir ishq tomiri,
Rashk tomiri…
Xotiralar suzib yurar tomir qaysi?
Ikki dunyo eslamasman degan ahdni
Qay tomirim unutajak agar qaytsa?!

Men-ku osiy, hayot – qozi, kechirarmi,
Vijdon degan tomirini uzganlarni?
Baxtga burka, Qodir Xudo, baxtin buzma!
Ko’zi baxtga to’ysin ahdin buzganlarning!

Istagimga qarshi: o’tar ming, milyon yil!
Hayallamay bi-ir xayollab qo’yishing bor!
Kuldirganni kuldirajak qismat! Sen ham
Kuyishing bor…
Kuyishing bor…
Kuyishing bor!

2019

QO’LLARINGNI BER…

Bo’g’zimgacha keldi
Bu bedard dardlar,
Osmon tutib ketmas, yutib ketmas yer!
Qo’lin siltab ketdi «do’sti jo’mardlar»,
Sen qo’lingni ber…

«Ketaymi, qolay» deb hiqqillaydi jon,
Taqdirlar bemakon, baxtlar bemakon…
Nazari najotga aylangan inson,
Kel, qo’lingni ber…

Boshimga bosh qo’ydi tog’dagi toshlar,
Yuzimga qasd qildi ko’zdagi yoshlar,
Netayki, bardoshsiz chiqdi bardoshlar,
Sen qo’lingni ber…

Har yonim xazin kuy. Xazon har onim…
Mehrin minnat etar nomehribonim
Jonim arosatda turibdi, jonim,
Qo’llaringni ber?!

2019

NUQTA

Sening o’yinlaring puxta o’ylangan,
O’ylagan o’ylaring emasdir puxta –
Senga atalmagan yozgan baytlarim,
Senga atalgani birgina nuqta.

Ko’zlarga yig’lamoq qismat etilgan,
Qo’llar azal-abad she’rga omuxta.
Maktublar yoqilmoq uchun bitilgan,
Senga bitilgani birgina nuqta.

Sen ishqsiz bog’langan,
Men esam ipsiz…
Nigohlar to’qnashmay tinar og’riqda.
Tushlarimda har kun yig’laydi hur qiz,
Unga atalmagan hatto bir nuqta.

2019

KUTISh…

Yana bir kun meni yashab ulgurdi,
Yukundim ko’zlari bog’langan tunga.
Yana bir oq tushdi umr sochiga,
Gunohkor men unga,
Aybdor men unga.

Yana yonib-o’chdi ko’kning lampasi,
Baqalar kuyladi – mungli noladay…
Men esam kimdandir
Nedur kutaman-
Otasi kelishin kutgan boladay.

Balki, chapak chalay qadam sasingga,
Qish kunlar qishloqda chiroq kutganday.
Xuddi qishlog’imday mening taqdirim,
Dunyoning bu-uurchida qolib ketganday…

«Yaral» degan so’zdan yaralganday dun,
Menda «Men» yaralar o’zi bilmasdan…
Osmonni o’zining qo’liga berib
Kelgin, dunyo meni yashab bo’lmasdan!

Yana bir kun meni yashab ulgurdi…

2019

“DADAMGA MAKTUBLAR” TURKUMIDAN

OTA

Ota, bag’rim tosh emas,
O’zim tosh bo’lsam kerak.
Holingni jim kuzatgan
Ko’zim tosh bo’lsa kerak.
Ko’ngling nogoh sindirdim,
So’zim tosh bo’lsa kerak.
Goh ko’zimga qafas keng,
Goho dunyo tor, ota,
Mendayin yantoqmehr
Qay sahroda bor, ota!

Sening xasta holingga
Yig’lamagan ko’z, ko’zmi?
Bu kun ko’zyosh to’kishim
Nadomatmi, ko’z-ko’zmi?
Milyon til og’rintirib,
Aytolmadim bir so’zni –
Boy bo’lsam, beto’rvaman,
Bekmi, to’raman, ota?!
Seni yaxshi ko’raman,
Yaxshi ko’raman, ota!

Garchi bugun e’zozim
Aytsam ham ming parvozlab,
Tog’ bo’lmaysan, ko’ksingni
Tuproq turar pardozlab.
Aksari kalomlarning
Kechi ham hech degan gap.
Azroilga tik chiqqan
O’ktammiding sen, ota?
Kech kelib erta ketgan
Ko’klammiding sen, ota?

Sen qadagan nihollar
Chaman bugun, bog’ bugun,
Ko’ksimda qaynab vulqon,
Aziyatlar tog’ bugun,
Kimdir qayg’udosh, qalbdosh
Kimning ko’ngli chog’ bugun,
Bir kunlarni yashadim-
Asrday, yilday, ota,
Bir yillarni yashadim-
Soniya, qilday, ota!

Bo’g’zimda qolib ketdi,
Ko’ksimda tug’ilgan so’z,
Qabringga bo’ldi nasib
Shaningga tug’ ilgan so’z,
Kaftida asrar edi
Kaftingga to’kilgan so’z,
O’zim yerda-yu ko’ngli
Samodaman men, ota,
O’lgunimcha sening-chun
Duodaman men, ota!

Duodaman men, Ota!

2019

BAG’IShLOV

I

Hovlimiz chinori quladi,
Bir chinor umrini yashamay!
Bodom boshin egdi…
Terak tiz cho’kdi…
Yig’ladi o’ziga o’xshamay.

Yig’ladi
Olmalar gul to’kib,
Tuproqqa belandi gul umr,
Ishongan chinorsiz hayotda
Endi u «gullamas» bir umr!

Sochini timdalar majnuntol,
Ko’ziga ishonmas…
So’ziga ishonmas…
«Chidolmayman» deydi —
O’ziga ishonmas!

Bir yonda qayrag’och, sadalar…
«Voh!» deydi,
Ko’ksiga bir nido qadalar:
Hayotning qolarmi safosi
Bo’lmasa chinorday dadalar,
Chin orday dadalar!

II

Yig’ladim,
Yig’ladim…
Qo’limdan kelmadi kulmoqlik,
Qo’limdan kelmadi o’lmoq lek,
Siz bilan yonma-yon bo’lmoqlik.
Kelmadi…

Oh, dada,
Bilmaysiz qanchalar sog’indim,
Yo’qmidi o’limning tumori?!
Kelmaysiz, har kecha tutyapti
Quchoqlaringizning xumori!

Vaqtida qadoqli qo’lingiz
Tutolmay, azangiz tutyapmiz.
Bilaman kelmaysiz, endi kech!
Lekin men kutyapman,
Kutyapmiz…

«O’jarsan» derdingiz,
Rost ekan, dada!
O’jarligim endi og’rintiryapti,
Men sizni bor deyman,
U tirik deyman:
«Shunchaki, sog’intiryapti!»

Sog’intirmang, keling,
Ne kechar holi, deb
Kuzatmang zimdan,
Yolg’onlarni parchalab tashlang,
Men ularga ko’nikmasimdan…
Men ularga ko’nikmasimdan!

III

Boshimga ko’tardim dunyoni
Koshkiydi, boshimga qulasa,
Har neni imkoni bor, derlar,
Bo’lmasmi, umrni ulasa,
Bo’lmasmi umrimni ulasam?!

To’y qilsak,
Uy qilsak…
Daraxtlar qadasak to’ldirib,
Yaxshiydi gohida so’ksangiz,
Gohida tursangiz kuldirib!
(Ketdingiz kuydiri-ib, kuydirib)

Oh, bunday yashamoq bo’lmaydi,
O’tsammi dunyoning bahridan,
Onamning bag’ridan…
Va yana qo’rqaman,
Qo’rqaman Xudoning qahridan!

Dunyodan kechgandan kechar U,
Jannatga bir qadam yo’latmas,
Men sizni ko’rmoqni istasam,
Yashashim kerak, bas!

IV

Hovlimiz chinori quladi,
Yashamay bir chinor umrini.
Qaytara olmadim,
Buza olmadim…
Netayki, Xudoning amrini!

U sizni tanladi…
Demak siz Ollohning habibi.
Bizga toqat bersin,
Qanoat bersin…
Basharning Tabibi!
Duodan yo’q o’zga najotim,
Xudodan yo’q o’zga najotim…
2019

DADAMGA MAKTUB

Rashidjon demaysiz,
O’g’li-im, demaysiz,
Butun dunyoda yo’q bir bag’ri butun,
Huvillab ketdi-ku yarim ko’ngillar,
Bir oy bo’ldi bugun…

Bu soat millari buncha xotirjam,
Soniyalar umri tatir oylarga.
Siz-ku Haq qoshiga yetib bo’ldingiz,
Men qachon yetaman siz bor joylarga?

Toliqsam, ruhingiz yelkamdan tutar –
Hayoday pokiza, g’ururdek o’ktam,
Qanchalik beqiyos bo’lmasin jannat,
Sog’ingan siz ham…

Qizg’aldoq bargiga xatlar bog’ladim,
O’qing, she’rlarimni qumsar esangiz,
Bir jonim ming bir jon bo’lib ketmasmi,
Rashidjon desangiz…
O’g’li-im desangiz…

Rashidjon demaysiz…
O’g’li-im demaysiz!
2019

BIRINChI USTOZIM…

Har yili 1-oktyabrь kuni eng avval dadamga qo’ng’iroq qilib, ustozlar kuni bilan tabriklardim. Dadamning bu kasbga aloqasi bo’lmasa-da, men uni birinchi ustozim deb bilaman…
Bayramingiz bilan, dadajon!

Bugun ustozlarning bayrami ekan,
Demak, yana sizni eslaydigan on!
Mangulik neligin o’rgatib bekam,
Mangu ziyoratga ketgan, otajon!

Har safar oktyabrь qoqqanda kiprik,
Sizga erta tongda qoqar edim sim:
«Bugun ustozlarning bayrami ekan,
Axir siz-ku mening ilk ustozim».

Bilaman,
O’shanda yamoq to’ningiz
Quroq ko’ksingizga qilardi torliq*.
Endi, dunyotalab «shogirdingizga»
Hayqirmoqqa torliq qiladi borliq!

G’arib qabringizga qabrday cho’kdim,
Bilmaysiz, bu qalbga kimlar ko’mildi!
Kulsam, vaqtlar to’xtab tikildilar jim…
Yig’lasam, yoshimga kitlar cho’mildi!

II

Bir finjon qahvaga qo’shib dunyoning
Bor achchig’in ichib tashlagandayman!
Dunyosiga og’ir kelgan dardlarni
Boshimda ko’taray, axir, qanday man…

Bizni uchrashtirar yo’l – faqat bolish,
Bizni so’zlashtirar chiltonlar bunda.
Bilaman, sizning ham jismingiz tutqun!
Mening ham yuragim butkul tutunda!

Mendan masofalar ayirmas sizni,
Sizni o’ldi degan mujdalar bekor.
Otasiz, atosiz qolganim ham yo’q!
Yerda ham, ko’kda ham mening otam bor.

Meni shogirdlikdan yarlaqagan Haq
Sizdaylarga jannat etgandir va’da…
Jannatingiz bilan qutlayin, illo
Birinchi ustozim – siz mening, dada!

G’arib qabringizga qabrday cho’kdim…

2019

BOR-BUDIMNI BERIB KELDIM…

Borsakelmas bir yerlarga
Bor-budimni berib keldim…
Qabr otliq bir binoning
Ustidan gul terib keldim.
Ota desam til kuyadi,
Ortda qolgan yil kuyadi,
Chidolmayin qo’rg’oshinday
Ko’zyoshimga
Erib keldim….
Borsakelmas bir yerlarga
Bor-budimni berib keldim!

Kun ko’rmagan
Ko’nglidan ham
Yolchimaydi, – degan gap rost!
Odamzodning rizqi ko’kdan,
Tomchilaydi, – degan gap rost,
Qismat mudom
Qoradilni qamchilaydi, – degan gap rost!
Bu qismatning sizga eltmas
Yo’llaridan yurib keldim,
Borsakelmas bir yerlarga
Bor-budimni berib keldim!

Kuz shamoli umid bersa, qaytmoqlikka,
Yana qayta hayot bersa, Unga kuylar aytmoqlikka,
Bir ash’orga aylanardim…
Bi-ir ash’orga aylanardim,
Ko’zlarimni qadab ko’kka!
Ne bo’lsa ham,
Ne bo’lsa ham Yaratgandan
Inoyatlar ko’rib keldim …
Ijobatlar ko’rib keldim.
Borsakelmas bir yerlarga
Bor-budimni berib keldim …

Bor-budimni berib keldim!

2019

077

(Tashriflar: umumiy 1 855, bugungi 1)

Izoh qoldiring