Marhabo Shodmonova. She’rlar

033Марҳабонинг  шеърларини бир ярим йилча аввал таниқли шоир Одил Икром тавсияси билан кутубхонамизда тақдим этган эдик. Бугун шоиранинг янги шеърларини эълон қилмоқдамиз.

Марҳабо Шодмонова
ШЕЪРЛАР
04

05Марҳабо Шодмонова 1984 йилда Самарқанд вилояти, Иштихон туманида туғилган. Каттақўрғон Иқтисодиёт коллежининг молия бўлимини тугатган. «New Life insurance» Суғурта компаниясида менеджер ассистенти бўлиб ишлаймоқда.

СОҒИНЧ ЙЎЛИ…

Соғинч йўлга бошлар,
Имкон йўл бермас,
Фурсат етмас доим меҳрин туйгани.
Отам дуо қилар,
Маломат қилмас,
Балки, шудир мени Худо суйгани.
Дуолар қўллайди ҳар бир қадамда,
Сабримни сўроққа тутар соғинчим.
Югурар қишлоқнинг кўчаларида
Ҳаловат тополмай йўқолган тинчим.
Баъзан кўзимга тор кўринар дунё,
Баъзан адо бўлмас ғавғолар тинар.
Барча ташвишларга қўл силтаб гоҳо
Йўлга ошиқаман… отам суюнар.
Отам…
Йўлга қараб ўтмоқда умри,
Одам бўлишимни ўйлайди холос.
Бўйимга қўшилиб ўсган ғурури
Бахтимга қўшилиб чўкканлиги рост.
Отам…
Ғам уйига айланган кўзи,
Ҳануз адоғи йўқ хавотирларин.
Тиғдай ўткир унинг ҳар бир рост сўзи,
Яширса ҳам, фақат, яширар дардин.
Отам…
Ҳақни суяр,
Мени суяйди,
Нур ёғар меҳрининг дарчаларидан.
Қизига кошона қуриб қўйибди
Синиқ юрагининг парчаларидан.

* * *

Саҳардан шом қадар ишқда тўлғонсам,
Кўнгилга ишониб, ақлимдан тонсам,
Яшиндек чақнасам, оловдек ёнсам,
Ўзимдан ўзгани куйдиролмайман.

Қуёш порлар, қаро кунимга яраб,
Лек, қаҳр кўраман кўзларга қараб.
Муҳаббат улашиб… мурувват сўраб,
Ярим юрагимни тўйдиролмайман.

Нур билан зулматлар талашгай навбат,
Нурмисиз? Зулматми? Борингиз – давлат!
Сизга ёмонлигим бўлмайди , фақат
Жим туриб кўзимни ўйдиролмайман.

Англадим, кўнгиллар нозикдир қилдан,
Бошимга не келса, топарман тилдан,
Мени бутун дунё суйгани билан,
Ўзимга ўзимни суйдиролмайман…

* * *

Кутасан.
Келмайман.
Келолмайман гоҳ,
Кейин тушларингда сўрайман узр.
Ўртада мунғайиб туради гуноҳ,
Кўнглимни доғлайди шу адашган сир.
Кутасан.
Келаман.
Дийдорлашамиз,
Кўзларингда ёнар ҳайрат ва учқун.
Гуноҳ-у сирларга тўлган ишқимиз
Уч яшар боланинг бахтидек мавзун.
Куламан.
Куласан.
Қалбим ёришар,
Ҳақдан иккимизга сўрайман инсоф.
Ишқ деб кўзимиздан тўкилган ёшлар
Уч яшар гўдакнинг кулгисидек соф.
Кетаман.
Куясан, сарғаяр очун
Термулар қисматнинг кўзлари маъюс.
Ҳар лаҳза ҳажрингда ўлмаслик учун
Сенинг кўзларингда ўлдим, Яшилкўз!

МЕН ГУЛМАН…

Аслида гул бўлиб келганман… қасддан
руҳим шамол каби кезар тентираб.
Бир оёғим билан булутга чиқсам
Бирин ботқоқликдан узолмам, ё Раб.
Не-не тоғлар кўрдим, шаҳват ичида
майда зарраларга бўлиниб кетди.
Қанча қиёматлар қўпди ичимда
Тунинг юрак-бағри тилиниб кетди.
Нолиган бандаси ёқмас бандага,
Мен кулиб нолидим қайғуларимдан.
Ким ҳам ачинарди бир шармандага
Ахир, мардлар ўлди оғуларимдан.
Йўлимда учради гоҳ оқ-гоҳ қора
Майда-катта тошлар…
Бош уравердим.
Бошимни емоққа тополмай чора
Улар йиғлайверди, мен кулавердим.
Ҳар кун эрмак қилди майда кулфатлар,
Майдаланиб кетди хавотирларим.
Офатдан ор қилган, эй, касофатлар
Сизлардан сал нари бўлади қабрим.
Ҳар қадам ғурурни кўндаланг қўйиб,
Тиз чўкмай, оёқда ўлмоғим тайин.
Фақат битта йўлда тик бошим қуйи,
Тангрим, шафқатингсиз гулингга қийин…

***

Тиғсиз сўйди умидларимни
кўзларидан туғилган андуҳ…
Бўғаётган кулгуларимми —
Ё ҳисларим отаётир ўқ?!

Ғам чўктирган елкаларига
бошим қўйиб, баттар эзаман.
Хаёлининг ўлкаларида
кир оёғим билан кезаман.

Гуноҳини бўйнига олган
кучук бола каби мўлтираб:
«менга тегсанг — сенга «ит тегар»» —
шу иқрори мени ўлдирар…

Бу кўзларга боқмоқлик оғир,
бу сўзларни ютмоқлик азоб.
Азобимни орттириб ёмғир,
Хотирамни ювади ҳар тоб.

Афсусларнинг алангасида,
Тупроқ бўлар, шеър бўлар юрак.
Ёлғон дунё кўланкасида,
Тириклигим аслида эртак.

Инкоримда — хазондан ҳам паст,
Иқроримда — тўкилмаган ёш.
У бор эди, очкўз, ишқпараст.
Кетди.
Қайтиб чиқмайди қуёш.

***

Оғзи бурним қондир, есам-емасам.
Умидлар экилган юраклар тақир…
Дарддан юз ўгириб, чап берай десам,
Кўзимга бармоғин суқади тақдир.

Орзулар орзиқиб кутар ҳар кеча,
Кўзи ёримайди тўлмаган ойнинг.
Юраклар мен томон келмагунича
тарк этгум юрагим сиғмаган жойни.

Дарбадар кўнглимни кўтара олмас
Дунёнинг юкини кўтарган ҳаммол.
Озор еб қорнини тўқлаган, холос…
Ишқнинг гуноҳлари тавбамдан ҳалол.

Қадримни изладим Қадр тунлари
Балки, пешонамга ёзилмаган бахт?!
Ахтариб юргандир ёруғ кунларим
Аросатда йўлин тополмай, карахт.

Титкилаб хотирим ораларини,
Топаман кўнглимга арзирли ором…
Лайлак ташлаб кетди… болаларимни,
Лайлакқор тинмаган ойдин бир оқшом.

***

Ҳар кун бир хатодан ёрилади бош,
Ҳар кун бир хатодан қонайди манглай,
Қадрсиз ҳислардан кўзларингда ёш,
Гулим, атрофингда алафлар талай.

Мағрурсан, керилиб кўкка боқасан,
Тиконларинг тўкар заҳарли зардоб.
Меҳрсан!
Томирда қондай оқасан,
Қимтиниб чеҳрангга исинар офтоб.

Қўлларингдан секин сирғалиб тушиб,
Кўзларинг аксида рақс тушар қалам.
Янчади ҳаддингни қадрингга кўшиб,
Алам…

Бу ғариб дунёнинг ҳасади ааанча,
Муштдек юрагингнинг кенгликларига.
Қанча дард-у ғамлар мум тишлаганча
Сингиб кетаётир жимликларингга.

***

1.
кўзларингдан қондек томчилаб тушдим
парчаланиб кетдим умидсизликда
териб ололмайсан энди азизим

2.
кўзимда умрини яшаётир вақт
туш ҳам кўрмай қўйдим, худди ўликдай
ахир, тушларимда келар эди бахт

3.
қора юкларингни елкамдан кўтар
қора қисматимга муросам бор, лек
ботқоқдан бир қадар баланд нилуфар

4.
ухласам лабимда илоннинг лаби
уйғонсам ҳаммаси унутдир, балки
тушнинг бехосият таъбири каби

5.
кетдинг — умримизга ўқидинг лаънат
кўзларимдан қондек томчилар дуо —
ҳаётимга келган кунингга раҳмат!

***

Тун… булутли осмон… нола қилар қуш,
Бекинмачоқ ўйнар ҳилол, сузилиб.
Йиғлайди, кулади гоҳ ҳуш-гоҳ беҳуш,
Қоронғи соҳилда бир дил… муз бўлиб.

Ойнинг эгизидек ойга термулиб,
Шивирлаб сир айтар юзи доғ аёл.
Ёлғончи дунёга ёлғон лоф уриб,
Ғўддайган эрларга мардлиги малол.

Ҳар тун тонгни кутиб тоблар сабрини,
Маломат кўринмас қароғларида.
Тутунга айланиб кетган қадрини
Излайди юрагин қирғоқларида.

Шаббода лаб босар қирмизи лабга,
Булутлар ортида йиғлайди ҳилол.
Сочдан тирноққача айланиб қалбга
Дардга чўмилади ялангбош аёл.

Аччиқ аламларин учирар шамол,
Эрмакка айланар ўйноқи кокил.
Эркнинг чегарасин унутар аёл…
Тун. Шамол. Ой. Йиғи.
Қоронғи соҳил…

***

Ҳисларни қамчилаб уйғотар аёз
сочларни сийпалаб ўпиб қўяр қор…
…Эй, бедил, ўкинма, тур — ақлдан оз,
Бошқа бундай имкон бўлмоғи душвор

Яна «қорлар ёғар — излар босилар»
Телба руҳинг яна топар осойиш.
Бугун сев…
эртага не бўлса бўлар,
Ҳаловат — ўзингдан Ўзига қайтиш.

Оққа ўранади шарманда боғлар,
руҳингни оқликка чулғашга кўнгил
Сендан юз бурсалар иймони соғлар
Юрагингдек чўкмас тоғингга йиқил.

Сафар чорлаётир, бор бисотинг Ишқ!
Кечмишинг, қилмишинг бўйнингдаги дор…
Тақдиринг битилган — бир орқа қарғиш,
Ва кўнгилдан оғир не гуноҳинг бор?!

***

Эртакдек эрмакни яшадик бирга,
Бир тунда ариди минг йиллик уйқу.
Умид, деб аталмиш охирги қилда
жилваланиб турар ёлғончи туйғу.

Жуда кўп кўрганман дунёнинг кирин,
Атай гўл бўлмоқда лаззат бор, ишон.
Муҳаққақ азобдан юз карра ширин
лабинг бармоғимга берган ҳаяжон.

Бари сен айтгандек, бари ботартиб,
Ҳатто кўзларингда ёлқин — режали.
Кўзларимда қотган ҳайратни ютиб,
дудоғимдан ўпди ишқнинг ажали.

Оний лаҳзаларда бўшатилди жом…
Нигоҳингда сўнди ишқ ҳамда ишрат…
Ўша совуқ тунда, ой балққан оқшом,
қақнусдек ёнганим — асл ҳақиқат!

Дам ўтар, ҳижрон йўқ қалбни ўртовчи,
Қисматда ёзилган — музлайди юрак.
Аммо хотирада абад яшовчи,
бир тунлик Муҳаббат менга муборак!

ўзимни…
ва Сени ўчирдим дилдан,
бор умрин бир тунда яшаган туйғу.
Дод солиб, ёзғириб ёзганим билан
дунёнинг бир туки ўзгармайдику…

***

…га

Қайтиб бу эшикни тақиллатмайман,
Остонада рангим сарғайди,
Етар…
Қуриган ёғочнинг айби йўқ бунда,
Келгувчилар-келар,
Кетгувчи-кетар.
Унда дил бормиди,
Қулоқ тутгани?
Келиб-кетгувчининг оҳ-воҳларига.
Ҳар гал умид билан урилавердим
Эшикнинг нописанд нигоҳларига.
…Жаннат эшиги, деб ўйладим чоғи,
Тинмай ёш айланар кўз соққасида…
Унинг сукутдаги жавобларидан
Ғурурим жон берди бўсағасида.
Амаллаб қаддимни кўтариб олсам,
Ва шу қиёматдан қололсам омон,
Худойим йўлимни буриб юборар,
Бошқа бир қароргоҳ эшиги томон.
Қайтиб бу эшикни тақиллатмайман,
Ақлимга ҳукмрон кўнглимга қасам!
Унга қараб юрсам оёғим синсин,
Қўлларим узилсин,
Гар тақиллатсам…

ШАҲИНАГА

Бугун сочларимни эркалаган қор
қабртошим юзин ўпар эртага…
Ўзидек бир ҳуркак қаҳрамони бор
Қизимнинг ҳар битта янги эртагин.

Таровати мендан буткул бегона
Бир вужуд –руҳимдан берилган андоз!
У — ҳокисор фарзанд, мен — бедил она…
Бир жилмайиш билан кўнгли сарафроз.

Кимдир соғинтириб йиғлатар тушда…
Жисмидан улканроқ берилган бардош.
Яшайман макони бузилган қушдай…
Оримни қўзғатар бир жуфт томчи ёш.

Мен жоҳил эмасман, қизим, тақдир шу,
Азоб чекаётган ёлғиз сен эмас.
Беором тунларим — балки тазарру,
Балки надоматдир, чекилган бесас…

Ягона тилаги – мен бўлсам тирик,
Эриш туюлади бошқа истаклар.
Эскирмас манглайга битилган битик,
Гўзал якун топар янги эртаклар…

02Marhaboning she’rlarini bir yarim yilcha avval taniqli shoir Odil Ikrom tavsiyasi bilan kutubxonamizda taqdim etgan edik. Bugun shoiraning yangi she’rlarini e’lon qilmoqdamiz.…»

Marhabo Shodmonova
SHEʼRLAR
04

023Marhabo Shodmonova 1984 yilda Samarqand viloyati, Ishtixon tumanida tugʻilgan. Kattaqoʻrgʻon Iqtisodiyot kollejining moliya boʻlimini tugatgan. “New Life insurance” Sugʻurta kompaniyasida menedjer assistenti boʻlib ishlaymoqda.

 

SOG’INCH YO’LI…

Sog’inch yo’lga boshlar,
Imkon yo’l bermas,
Fursat yetmas doim mehrin tuygani.
Otam duo qilar,
Malomat qilmas,
Balki, shudir meni Xudo suygani.
Duolar qo’llaydi har bir qadamda,
Sabrimni so’roqqa tutar sog’inchim.
Yugurar qishloqning ko’chalarida
Halovat topolmay yo’qolgan tinchim.
Ba’zan ko’zimga tor ko’rinar dunyo,
Ba’zan ado bo’lmas g’avg’olar tinar.
Barcha tashvishlarga qo’l siltab goho
Yo’lga oshiqaman… otam suyunar.
Otam…
Yo’lga qarab o’tmoqda umri,
Odam bo’lishimni o’ylaydi xolos.
Bo’yimga qo’shilib o’sgan g’ururi
Baxtimga qo’shilib cho’kkanligi rost.
Otam…
G’am uyiga aylangan ko’zi,
Hanuz adog’i yo’q xavotirlarin.
Tig’day o’tkir uning har bir rost so’zi,
Yashirsa ham, faqat, yashirar dardin.
Otam…
Haqni suyar,
Meni suyaydi,
Nur yog’ar mehrining darchalaridan.
Qiziga koshona qurib qo’yibdi
Siniq yuragining parchalaridan.

* * *

Sahardan shom qadar ishqda to’lg’onsam,
Ko’ngilga ishonib, aqlimdan tonsam,
Yashindek chaqnasam, olovdek yonsam,
O’zimdan o’zgani kuydirolmayman.

Quyosh porlar, qaro kunimga yarab,
Lek, qahr ko’raman ko’zlarga qarab.
Muhabbat ulashib… muruvvat so’rab,
Yarim yuragimni to’ydirolmayman.

Nur bilan zulmatlar talashgay navbat,
Nurmisiz? Zulmatmi? Boringiz – davlat!
Sizga yomonligim bo’lmaydi , faqat
Jim turib ko’zimni o’ydirolmayman.

Angladim, ko’ngillar nozikdir qildan,
Boshimga ne kelsa, toparman tildan,
Meni butun dunyo suygani bilan,
O’zimga o’zimni suydirolmayman…

* * *

Kutasan.
Kelmayman.
Kelolmayman goh,
Keyin tushlaringda so’rayman uzr.
O’rtada mung’ayib turadi gunoh,
Ko’nglimni dog’laydi shu adashgan sir.
Kutasan.
Kelaman.
Diydorlashamiz,
Ko’zlaringda yonar hayrat va uchqun.
Gunoh-u sirlarga to’lgan ishqimiz
Uch yashar bolaning baxtidek mavzun.
Kulaman.
Kulasan.
Qalbim yorishar,
Haqdan ikkimizga so’rayman insof.
Ishq deb ko’zimizdan to’kilgan yoshlar
Uch yashar go’dakning kulgisidek sof.
Ketaman.
Kuyasan, sarg’ayar ochun
Termular qismatning ko’zlari ma’yus.
Har lahza hajringda o’lmaslik uchun
Sening ko’zlaringda o’ldim, Yashilko’z!

MEN GULMAN…

Aslida gul bo’lib kelganman… qasddan
ruhim shamol kabi kezar tentirab.
Bir oyog’im bilan bulutga chiqsam
Birin botqoqlikdan uzolmam, yo Rab.
Ne-ne tog’lar ko’rdim, shahvat ichida
mayda zarralarga bo’linib ketdi.
Qancha qiyomatlar qo’pdi ichimda
Tuning yurak-bag’ri tilinib ketdi.
Noligan bandasi yoqmas bandaga,
Men kulib nolidim qayg’ularimdan.
Kim ham achinardi bir sharmandaga
Axir, mardlar o’ldi og’ularimdan.
Yo’limda uchradi goh oq-goh qora
Mayda-katta toshlar…
Bosh uraverdim.
Boshimni yemoqqa topolmay chora
Ular yig’layverdi, men kulaverdim.
Har kun ermak qildi mayda kulfatlar,
Maydalanib ketdi xavotirlarim.
Ofatdan or qilgan, ey, kasofatlar
Sizlardan sal nari bo’ladi qabrim.
Har qadam g’ururni ko’ndalang qo’yib,
Tiz cho’kmay, oyoqda o’lmog’im tayin.
Faqat bitta yo’lda tik boshim quyi,
Tangrim, shafqatingsiz gulingga qiyin…

***

Tig’siz so’ydi umidlarimni
ko’zlaridan tug’ilgan anduh…
Bo’g’ayotgan kulgularimmi —
Yo hislarim otayotir o’q?!

G’am cho’ktirgan yelkalariga
boshim qo’yib, battar ezaman.
Xayolining o’lkalarida
kir oyog’im bilan kezaman.

Gunohini bo’yniga olgan
kuchuk bola kabi mo’ltirab:
«menga tegsang — senga «it tegar»» —
shu iqrori meni o’ldirar…

Bu ko’zlarga boqmoqlik og’ir,
bu so’zlarni yutmoqlik azob.
Azobimni orttirib yomg’ir,
Xotiramni yuvadi har tob.

Afsuslarning alangasida,
Tuproq bo’lar, she’r bo’lar yurak.
Yolg’on dunyo ko’lankasida,
Tirikligim aslida ertak.

Inkorimda — xazondan ham past,
Iqrorimda — to’kilmagan yosh.
U bor edi, ochko’z, ishqparast.
Ketdi.
Qaytib chiqmaydi quyosh.

***

Og’zi burnim qondir, yesam-emasam.
Umidlar ekilgan yuraklar taqir…
Darddan yuz o’girib, chap beray desam,
Ko’zimga barmog’in suqadi taqdir.

Orzular orziqib kutar har kecha,
Ko’zi yorimaydi to’lmagan oyning.
Yuraklar men tomon kelmagunicha
tark etgum yuragim sig’magan joyni.

Darbadar ko’nglimni ko’tara olmas
Dunyoning yukini ko’targan hammol.
Ozor yeb qornini to’qlagan, xolos…
Ishqning gunohlari tavbamdan halol.

Qadrimni izladim Qadr tunlari
Balki, peshonamga yozilmagan baxt?!
Axtarib yurgandir yorug’ kunlarim
Arosatda yo’lin topolmay, karaxt.

Titkilab xotirim oralarini,
Topaman ko’nglimga arzirli orom…
Laylak tashlab ketdi… bolalarimni,
Laylakqor tinmagan oydin bir oqshom.

***

Har kun bir xatodan yoriladi bosh,
Har kun bir xatodan qonaydi manglay,
Qadrsiz hislardan ko’zlaringda yosh,
Gulim, atrofingda alaflar talay.

Mag’rursan, kerilib ko’kka boqasan,
Tikonlaring to’kar zaharli zardob.
Mehrsan!
Tomirda qonday oqasan,
Qimtinib chehrangga isinar oftob.

Qo’llaringdan sekin sirg’alib tushib,
Ko’zlaring aksida raqs tushar qalam.
Yanchadi haddingni qadringga ko’shib,
Alam…

Bu g’arib dunyoning hasadi aaancha,
Mushtdek yuragingning kengliklariga.
Qancha dard-u g’amlar mum tishlagancha
Singib ketayotir jimliklaringga.

***

1.
ko’zlaringdan qondek tomchilab tushdim
parchalanib ketdim umidsizlikda
terib ololmaysan endi azizim

2.
ko’zimda umrini yashayotir vaqt
tush ham ko’rmay qo’ydim, xuddi o’likday
axir, tushlarimda kelar edi baxt

3.
qora yuklaringni yelkamdan ko’tar
qora qismatimga murosam bor, lek
botqoqdan bir qadar baland nilufar

4.
uxlasam labimda ilonning labi
uyg’onsam hammasi unutdir, balki
tushning bexosiyat ta’biri kabi

5.
ketding — umrimizga o’qiding la’nat
ko’zlarimdan qondek tomchilar duo —
hayotimga kelgan kuningga rahmat!

***

Tun… bulutli osmon… nola qilar qush,
Bekinmachoq o’ynar hilol, suzilib.
Yig’laydi, kuladi goh hush-goh behush,
Qorong’i sohilda bir dil… muz bo’lib.

Oyning egizidek oyga termulib,
Shivirlab sir aytar yuzi dog’ ayol.
Yolg’onchi dunyoga yolg’on lof urib,
G’o’ddaygan erlarga mardligi malol.

Har tun tongni kutib toblar sabrini,
Malomat ko’rinmas qarog’larida.
Tutunga aylanib ketgan qadrini
Izlaydi yuragin qirg’oqlarida.

Shabboda lab bosar qirmizi labga,
Bulutlar ortida yig’laydi hilol.
Sochdan tirnoqqacha aylanib qalbga
Dardga cho’miladi yalangbosh ayol.

Achchiq alamlarin uchirar shamol,
Ermakka aylanar o’ynoqi kokil.
Erkning chegarasin unutar ayol…
Tun. Shamol. Oy. Yig’i.
Qorong’i sohil…

***

Hislarni qamchilab uyg’otar ayoz
sochlarni siypalab o’pib qo’yar qor…
…Ey, bedil, o’kinma, tur — aqldan oz,
Boshqa bunday imkon bo’lmog’i dushvor

Yana «qorlar yog’ar — izlar bosilar»
Telba ruhing yana topar osoyish.
Bugun sev…
ertaga ne bo’lsa bo’lar,
Halovat — o’zingdan O’ziga qaytish.

Oqqa o’ranadi sharmanda bog’lar,
ruhingni oqlikka chulg’ashga ko’ngil
Sendan yuz bursalar iymoni sog’lar
Yuragingdek cho’kmas tog’ingga yiqil.

Safar chorlayotir, bor bisoting Ishq!
Kechmishing, qilmishing bo’yningdagi dor…
Taqdiring bitilgan — bir orqa qarg’ish,
Va ko’ngildan og’ir ne gunohing bor?!

***

Ertakdek ermakni yashadik birga,
Bir tunda aridi ming yillik uyqu.
Umid, deb atalmish oxirgi qilda
jilvalanib turar yolg’onchi tuyg’u.

Juda ko’p ko’rganman dunyoning kirin,
Atay go’l bo’lmoqda lazzat bor, ishon.
Muhaqqaq azobdan yuz karra shirin
labing barmog’imga bergan hayajon.

Bari sen aytgandek, bari botartib,
Hatto ko’zlaringda yolqin — rejali.
Ko’zlarimda qotgan hayratni yutib,
dudog’imdan o’pdi ishqning ajali.

Oniy lahzalarda bo’shatildi jom…
Nigohingda so’ndi ishq hamda ishrat…
O’sha sovuq tunda, oy balqqan oqshom,
qaqnusdek yonganim — asl haqiqat!

Dam o’tar, hijron yo’q qalbni o’rtovchi,
Qismatda yozilgan — muzlaydi yurak.
Ammo xotirada abad yashovchi,
bir tunlik Muhabbat menga muborak!

o’zimni…
va Seni o’chirdim dildan,
bor umrin bir tunda yashagan tuyg’u.
Dod solib, yozg’irib yozganim bilan
dunyoning bir tuki o’zgarmaydiku…

***

…ga

Qaytib bu eshikni taqillatmayman,
Ostonada rangim sarg’aydi,
Yetar…
Qurigan yog’ochning aybi yo’q bunda,
Kelguvchilar-kelar,
Ketguvchi-ketar.
Unda dil bormidi,
Quloq tutgani?
Kelib-ketguvchining oh-vohlariga.
Har gal umid bilan urilaverdim
Eshikning nopisand nigohlariga.
…Jannat eshigi, deb o’yladim chog’i,
Tinmay yosh aylanar ko’z soqqasida…
Uning sukutdagi javoblaridan
G’ururim jon berdi bo’sag’asida.
Amallab qaddimni ko’tarib olsam,
Va shu qiyomatdan qololsam omon,
Xudoyim yo’limni burib yuborar,
Boshqa bir qarorgoh eshigi tomon.
Qaytib bu eshikni taqillatmayman,
Aqlimga hukmron ko’nglimga qasam!
Unga qarab yursam oyog’im sinsin,
Qo’llarim uzilsin,
Gar taqillatsam…

SHAHINAGA

Bugun sochlarimni erkalagan qor
qabrtoshim yuzin o’par ertaga…
O’zidek bir hurkak qahramoni bor
Qizimning har bitta yangi ertagin.

Tarovati mendan butkul begona
Bir vujud –ruhimdan berilgan andoz!
U — hokisor farzand, men — bedil ona…
Bir jilmayish bilan ko’ngli sarafroz.

Kimdir sog’intirib yig’latar tushda…
Jismidan ulkanroq berilgan bardosh.
Yashayman makoni buzilgan qushday…
Orimni qo’zg’atar bir juft tomchi yosh.

Men johil emasman, qizim, taqdir shu,
Azob chekayotgan yolg’iz sen emas.
Beorom tunlarim — balki tazarru,
Balki nadomatdir, chekilgan besas…

Yagona tilagi – men bo’lsam tirik,
Erish tuyuladi boshqa istaklar.
Eskirmas manglayga bitilgan bitik,
Go’zal yakun topar yangi ertaklar…

07

(Tashriflar: umumiy 430, bugungi 1)

Izoh qoldiring