«Хуршид Даврон кутубхонаси» Наврўза Маҳамадхўжаева таржимасида Франц Кафканинг «Очлик устаси» ҳикоясини эълон қилган эди. Бугунги саҳифамизда Жонтемир тавсияси билан Наврўзанинг шеърларини тақдим этмоқдамиз.
Наврўза Маҳамадхўжаева
ШЕЪРЛАР
* * *
Айтилмаган ҳар иқрорнинг залвори бор,
Айтмагунча тугамайди сафар, билсанг.
Танглайда занг босган асрий сўзларинг айт ―
Куйла, харсанг!
Ҳали замин қулоғига чалинмаган
бир асрор бор —
Таъбирининг кўзи юмуқ.
Қамишларнинг томоғига беркитганинг
Куйла, қудуқ!
Бу даштларнинг ўнги келмас тушлари мўл,
Ҳар саҳарда кўзлари ёш, минг таассуф.
Уйқу билан ҳазил қилган бу қисматни
Куйла, Юсуф!
Ҳали лабим тегиб-тегмай исён қўпган
Етмиш икки томиримни айлаган ром
Бу мавжингда ўзим чўкиб кетмасимдан
Куйлагин, жом!
* * *
Кетдик —
Қалдирғочнинг мунг тушларига
Токи кетмагунча от чоптириб қиш.
Бардошинг етмагай, қорсиз осмонлар
Руҳсиз ўйларингни айласа тафтиш.
Кетдик —
Тақвимига ўт тушган юртга.
Бунда «бугун» лар ҳеч яшамас ҳануз.
Шонли эрта(к)ларга сўзсиз андармон
Жасадлар яшагай ― тушлари маъюс.
Кетдик —
Болаликни кўмган йил томон,
Ғуборсиз нафаслар ― энг гўзал тилсим.
Варраги илиниб симёғочларга
Йиғлаган гўдакни овутайлик жим.
Кетдик —
Айтилмаган шеърлар қўйнига,
Токи ёлғон азон тингламай шу тоб,
Мудроқ кўзларингга чўғ қалагувчи
Сўзларга қуяйлик чимдим изтироб.
Кетдик…
***
Марина Цветаевага
Кўзингдаги ғамнинг ранги эскирдими?!
Ҳаловат суқилиб кирар тобора.
Нега андуҳларинг умид рангида
Ойнинг ўн бешимас, ўттизи қора.
Наҳот, тақвимингда бахтли сана бор?!
Ўйлардим: азобга қорилган лойинг.
Ҳиссиз шимолдаги дўнг қабрдамас
Эркнинг тиғ етолмас кўзида жойинг!
О, сен фуқароси эмасдинг Ернинг
Ҳисларинг – самовий, маконинг – янглиш.
“Сендай юракларни асраб қолмаган
Дунёга ҳар куни ўқийман қарғиш”*.
Туғён умидингда минг битта ямоқ
Дафтарим қатида ғам атак-чечак.
Эҳтимол, шеърлари кўзга айланиб
Сендан ҳамон мактуб кутар Пастернак.
Кўзингдаги ғамнинг ранги эскирдими?…
* Муслимбек Мусаллам мисраси
Интиқ
Мастон чайқалади қайдадир соҳил
Икки сарҳуш изнинг тутиб ҳумори.
Илдизида интиқ оҳанг бодраган
дуторнинг шарт узилар тори.
Изтиробга бошқоронғу тун
сочларимга ўрар бўзларин.
тушнинг қанотига ёздим, лабимда
моғор босиб кетган сўзларим
( тўлар мактубларга кўзларим)
Сени тўлқин туққан,
Мени тоғ туққан.
Сен шитоб, мен эса парвоз хоҳладим.
Қара, қировларин томизар кўздан
«Қаноти ичига ўсган» тоғларим.
Сукут болалайди борлиқ кўзида
Дунёнинг забони сеникидек гунг.
Ҳатто оймомонинг юраги ярим
Қасдма-қасд сочимга элаётир мунг.
(Чирт этиб узилар қай бир томирим)
***
Кўзларингнинг нури туйқус титраб кетар,
Сўзинг ― кимхоб, кийиб олар безовталик.
Мужгонингнинг ич-ичига ботиб кетар
қуюқ ҳадик.
Уфунатнинг иси келар ғамларингдан,
қидирасан бўшлиқларнинг тиниғини.
Бораман ортингдан изма из териб
ҳисларингнинг синиғини.
Шууринг чайқатар ҳар тунда биров,
ғорат қилиб оловранг туйғуларингни.
Энди унга ― тунга этасан нисор
лойқаланган кулгуларингни.
Самони тизлатар бир кафт оғриғинг,
юлдузлар ойга йўл очар кўзингдан.
Сен эса яшайсан эркни қизғониб
Ўзингдан!
***
Борлиқ
тун тилида шивирлар ҳазин,
Онамнинг алласи тупроққа қулар.
Юлдузнинг юзига парда тортганча
Лапанглар ёмғирга юкли булутлар.
Шу кун
ғўр қисматим чайилар тунга
Тушнинг киссасига қамалар кузак.
дилпазир ой билан шеър айтиб чиқиб,
тонг отгач пиқиллаб йиғлади юрак.
Юрак –
тақвимларни менсимас шаҳар,
Лаҳзани томирга жойлаган танми?
Онам қучоғида пишиб етилган
Ҳаловатнинг сўнгаклари мўртлашганми?
Юрак,
тақвимларни менсимас шаҳар…
***
Кун-бакун ётсираб боради ҳовли,
Тўлар димоғимга унсиз хўрсиниқ.
Олов қучолмаган эски тандирда
отамнинг бардоши ― нам тутантириқ.
Бобо, дим шаҳарда айниди ҳислар,
Гуллар нуқсида ҳам сербезак тартиб.
Тупроқсиз йўлларга сочилган излар,
Қуёшсиз нурларни кўряпман татиб.
Тегмайди бошимга бунда юлдузлар,
Эътиқод кафтига ёпишар гумон.
Фақат, жойнамозинг устида қолган
Бир сиқим тасбеҳга қамалган иймон.
Ҳазин оятингни қадасам кентга
Ғирром нигоҳини тикади зоғлар.
Сенинг илдизларинг жим тиловатда,
Қиблангга айланиб бўлганми тоғлар?
Маҳшарни чалғитиб тургайми тоғлар?
***
Қара, тушларим ҳам ичикаётир,
Нураган уйқулар топдими завол?
Кўкламин йўқотган сўқир қалдирғоч,
Кўзларим ғорида увиллар шамол.
Балки,
Қулоғимга тўлдириб эртак
Эзгу айтимларда сингандир торинг,
Авжи нақоратда тугаган қўшиқ,
Қайси майсаларга бешик мозоринг?
Тоғларнинг кифтидан (Худога яқин)
Кипригимдан учса унсиз вовайло.
Сипқориб улгурмай тўкилган жомдай
Тотли эртакларинг қайтарми, бобо?
Сабуҳ, азонларинг айларми наво?
***
Заъфарон хонада хаста қиёфа
Руҳини аллане суғорар, бироқ
Бобомнинг лаб тишлар ингроқларидан
Улғайиб боради мендаги титроқ.
Бола қалбим илинж илкини тутган:
“Югуриб гулзорга боришим керак”…
(Катталашиб борган сари вужудим
Кичрайиб кетди-ку мендаги юрак.)
Кўзимда ловуллаб ёнар таваккал ―
Гул уздим. Қўрқоқлик қилиб бўлмайди.
Юламан пичирлаб гул қатларини:
“Ўлади”, “Ўлмайди”…
Таскин югуради томирларимга,
Осмоннинг негадир жимирлар эти.
Эртаси пешинга ҳассасидамас,
Маҳзун одамларнинг кифтида кетди.
Энди, болаликдан унмайди ҳайрат,
Нигоҳимни эзгу қолип тўсмайди.
Эртаксиз кечалар ҳувиллар фақат ―
Энди у гулзорда гуллар ўсмайди.
Ёдинг улғайишга бўлса бир кўприк,
Бир кун бизсизликдан ичикса сўқмоқ.
Қандай яшираман энг тоза ҳисга
Ногоҳ бир кечада тушганин ямоқ?!
***
Қалдирғоч бўғзига тиқилар баҳор
Ер милкин ёрарга ялпиз ҳижолат.
Татирми боғларга кўклам,
тун бўйи
Бир қиз тиззасини қучади фақат.
(Шу оқшом чўкади кимнингдир кўнгли.)
Кеча манглайига битмоқ учун шеър
Юлдуздан сўз тилар, оҳанги – фурқат.
Уф тортиб, сахарда синдирар қалам,
сиёҳин илинмас тунлар – бешафқат.
(Шу кечда чўкади кўзинг ич-ичга.)
Қушларга энтикиб тикилади дашт
Қанотини кўриб қақшар кураги.
Дилгир илдизига битта сўз айтмай
Тун бўйи пиқиллаб чиқар юраги.
(Шу кеча чўкади тоғнинг елкаси.)
Бобонгнинг эртагин эслатар осмон
Ёдинг киссасига жим тиқасан қўл.
О, қайга яшириб қўйгандим уни –
бобом билан дийдор…ягона бир йўл.
(Сен эса бехабар, чўкар дўнг қабр)
Тоғларга…
Сенинг тушинг билан меники эгиз
Заминга таъбирин кўрмаган раво.
Ҳомуза тортасан тонгда энтикиб
Қизғонгандек оқшом руҳингдан ҳаво.
О, сенинг тушингни тирнаганлар ким?
Бизнинг орзуйимиз бир хил, эҳтимол
Қон ютган уфқларга парвоз истадик.
Тизгинини узган анави варрак —
бобомнинг қавариқ кафтини тутиб,
борса келмас томон кетган болалик.
Менинг қисматим бир сеники каби
Бўғзимиз изҳордек куйдирган вулқон
бир куни охири осмондан ўзар.
Ҳозирча, бу забон ҳеч ёзилмас мушт
Фожиа шу қадар бўлурми гўзал?!
***
Бир ҳовуч ҳақиқат сочиб кифтингга,
меҳробинг пойига кўмилса қуёш,
ҳамиятинг ювиб туширса юздан
сағир, лойқа ёш…
Тушинг хўрсиниғи аллалаб тунни
оймомо ҳўнграса, чиқмаса-ю ун,
қон-қонингга ботиб, омихта бўлса
томирингда тун.
Шууринг бир зумга ижара олсам,
Кезинсам, хотиринг тўкмаса оҳор.
Фақат туш фаслида яшасак, зинҳор
келмаса баҳор.
Намозшом гулласа, ҳисларинг гулгун,
Суғорсанг шудринг-ла қақроқ ҳушларни,
Тоабад яширсанг кўзинг бурчига
мовий тушларни
***
Тоғлардан ўрганиш мумкин бемалол:
осмонни кифтида тутиб турса-да
фитратин сукутга йўргакламоқни.
Ва яна мумкиндир жим таскин бермоқ
денгизга қадами етмагани-чун,
Тўлқинни туш кўриб, оғриса жони.
Юпанч бўлиш мумкин ёнида унинг
тупроқлар чирмаган илдизи қақшаб,
асрий чилласини қарғаган они.
Уҳ тортиб қучоқлаш мумкин, бош қўйиб
ой бўсасин берган кенг лабларига
Одамнинг жунбишга келганда қони.
О, уларга ҳасад қилмаслик маҳол
Пойига минглаб кас изин босса-да
ҳануз тоза қолгай, мағрур забони.
***
Бобо,
Ичикади ичимда бир қуш
Қафасни кўтариб учмоқликка шай.
Парвоз — кипригига илинмаган туш,
Осмонни кўзига йўргаклар тинмай.
Ҳануз
Томоғини куйдирар хониш
асов журъатимга санчади тикан.
О, бу ўтли алёр, сен менга айтган
қулоғимда ухлар эртаклармикан?
Ўзимга ўзимни қайрайди бу қуш —
Кунларим фожега етаклар дайди.
Кишанлар ичида парвозсираган
қанотларин чўқиб, унсиз йиғлайди.
Бобо,
Чап кўксимда типирчилар эрк…
«Xurshid Davron kutubxonasi» Navro’za Mahamadxo’jayeva tarjimasida Frants Kafkaning «Ochlik ustasi» hikoyasini e’lon qilgan edi. Bugungi sahifamizda Jontemir tavsiyasi bilan Navro’zaning she’rlarini taqdim etmoqdamiz.
Navro’za Mahamadxo’jayeva
SHE’RLAR
Navro’za Mahamadxo’jayeva 1999 — yil Toshkent viloyatining Bo’stonliq tumanida tug’ilgan. Alisher Navoiy nomidagi Toshkent Davlat O’zbek tili va adabiyoti universitetining ikkinchi bosqich talabasi.
* * *
Aytilmagan har iqrorning zalvori bor,
Aytmaguncha tugamaydi safar, bilsang.
Tanglayda zang bosgan asriy so’zlaring ayt ―
Kuyla, xarsang!
Hali zamin qulog’iga chalinmagan
bir asror bor —
Ta’birining ko’zi yumuq.
Qamishlarning tomog’iga berkitganing
Kuyla, quduq!
Bu dashtlarning o’ngi kelmas tushlari mo’l,
Har saharda ko’zlari yosh, ming taassuf.
Uyqu bilan hazil qilgan bu qismatni
Kuyla, Yusuf!
Hali labim tegib-tegmay isyon qo’pgan
Yetmish ikki tomirimni aylagan rom
Bu mavjingda o’zim cho’kib ketmasimdan
Kuylagin, jom!
* * *
Ketdik —
Qaldirg’ochning mung tushlariga
Toki ketmaguncha ot choptirib qish.
Bardoshing yetmagay, qorsiz osmonlar
Ruhsiz o’ylaringni aylasa taftish.
Ketdik —
Taqvimiga o’t tushgan yurtga.
Bunda «bugun» lar hech yashamas hanuz.
Shonli erta(k)larga so’zsiz andarmon
Jasadlar yashagay ― tushlari ma’yus.
Ketdik —
Bolalikni ko’mgan yil tomon,
G’uborsiz nafaslar ― eng go’zal tilsim.
Varragi ilinib simyog’ochlarga
Yig’lagan go’dakni ovutaylik jim.
Ketdik —
Aytilmagan she’rlar qo’yniga,
Toki yolg’on azon tinglamay shu tob,
Mudroq ko’zlaringga cho’g’ qalaguvchi
So’zlarga quyaylik chimdim iztirob.
Ketdik…
***
Marina Svetayevaga
Ko’zingdagi g’amning rangi eskirdimi?!
Halovat suqilib kirar tobora.
Nega anduhlaring umid rangida
Oyning o’n beshimas, o’ttizi qora.
Nahot, taqvimingda baxtli sana bor?!
O’ylardim: azobga qorilgan loying.
Hissiz shimoldagi do’ng qabrdamas
Erkning tig’ yetolmas ko’zida joying!
O, sen fuqarosi emasding Yerning
Hislaring – samoviy, makoning – yanglish.
“Senday yuraklarni asrab qolmagan
Dunyoga har kuni o’qiyman qarg’ish”*.
Tug’yon umidingda ming bitta yamoq
Daftarim qatida g’am atak-chechak.
Ehtimol, she’rlari ko’zga aylanib
Sendan hamon maktub kutar Pasternak.
Ko’zingdagi g’amning rangi eskirdimi?…
* Muslimbek Musallam misrasi
Intiq
Maston chayqaladi qaydadir sohil
Ikki sarhush izning tutib humori.
Ildizida intiq ohang bodragan
dutorning shart uzilar tori.
Iztirobga boshqorong’u tun
sochlarimga o’rar bo’zlarin.
tushning qanotiga yozdim, labimda
mog’or bosib ketgan so’zlarim
( to’lar maktublarga ko’zlarim)
Seni to’lqin tuqqan,
Meni tog’ tuqqan.
Sen shitob, men esa parvoz xohladim.
Qara, qirovlarin tomizar ko’zdan
«Qanoti ichiga o’sgan» tog’larim.
Sukut bolalaydi borliq ko’zida
Dunyoning zaboni senikidek gung.
Hatto oymomoning yuragi yarim
Qasdma-qasd sochimga elayotir mung.
(Chirt etib uzilar qay bir tomirim)
***
Ko’zlaringning nuri tuyqus titrab ketar,
So’zing ― kimxob, kiyib olar bezovtalik.
Mujgoningning ich-ichiga botib ketar
quyuq hadik.
Ufunatning isi kelar g’amlaringdan,
qidirasan bo’shliqlarning tinig’ini.
Boraman ortingdan izma iz terib
hislaringning sinig’ini.
Shuuring chayqatar har tunda birov,
g’orat qilib olovrang tuyg’ularingni.
Endi unga ― tunga etasan nisor
loyqalangan kulgularingni.
Samoni tizlatar bir kaft og’rig’ing,
yulduzlar oyga yo’l ochar ko’zingdan.
Sen esa yashaysan erkni qizg’onib
O’zingdan!
***
Borliq
tun tilida shivirlar hazin,
Onamning allasi tuproqqa qular.
Yulduzning yuziga parda tortgancha
Lapanglar yomg’irga yukli bulutlar.
Shu kun
g’o’r qismatim chayilar tunga
Tushning kissasiga qamalar kuzak.
dilpazir oy bilan she’r aytib chiqib,
tong otgach piqillab yig’ladi yurak.
Yurak –
taqvimlarni mensimas shahar,
Lahzani tomirga joylagan tanmi?
Onam quchog’ida pishib yetilgan
Halovatning so’ngaklari mo’rtlashganmi?
Yurak,
taqvimlarni mensimas shahar…
***
Kun-bakun yotsirab boradi hovli,
To’lar dimog’imga unsiz xo’rsiniq.
Olov qucholmagan eski tandirda
otamning bardoshi ― nam tutantiriq.
Bobo, dim shaharda aynidi hislar,
Gullar nuqsida ham serbezak tartib.
Tuproqsiz yo’llarga sochilgan izlar,
Quyoshsiz nurlarni ko’ryapman tatib.
Tegmaydi boshimga bunda yulduzlar,
E’tiqod kaftiga yopishar gumon.
Faqat, joynamozing ustida qolgan
Bir siqim tasbehga qamalgan iymon.
Hazin oyatingni qadasam kentga
G’irrom nigohini tikadi zog’lar.
Sening ildizlaring jim tilovatda,
Qiblangga aylanib bo’lganmi tog’lar?
Mahsharni chalg’itib turgaymi tog’lar?
***
Qara, tushlarim ham ichikayotir,
Nuragan uyqular topdimi zavol?
Ko’klamin yo’qotgan so’qir qaldirg’och,
Ko’zlarim g’orida uvillar shamol.
Balki,
Qulog’imga to’ldirib ertak
Ezgu aytimlarda singandir toring,
Avji naqoratda tugagan qo’shiq,
Qaysi maysalarga beshik mozoring?
Tog’larning kiftidan (Xudoga yaqin)
Kiprigimdan uchsa unsiz vovaylo.
Sipqorib ulgurmay to’kilgan jomday
Totli ertaklaring qaytarmi, bobo?
Sabuh, azonlaring aylarmi navo?
***
Za’faron xonada xasta qiyofa
Ruhini allane sug’orar, biroq
Bobomning lab tishlar ingroqlaridan
Ulg’ayib boradi mendagi titroq.
Bola qalbim ilinj ilkini tutgan:
“Yugurib gulzorga borishim kerak”…
(Kattalashib borgan sari vujudim
Kichrayib ketdi-ku mendagi yurak.)
Ko’zimda lovullab yonar tavakkal ―
Gul uzdim. Qo’rqoqlik qilib bo’lmaydi.
Yulaman pichirlab gul qatlarini:
“O’ladi”, “O’lmaydi”…
Taskin yuguradi tomirlarimga,
Osmonning negadir jimirlar eti.
Ertasi peshinga hassasidamas,
Mahzun odamlarning kiftida ketdi.
Endi, bolalikdan unmaydi hayrat,
Nigohimni ezgu qolip to’smaydi.
Ertaksiz kechalar huvillar faqat ―
Endi u gulzorda gullar o’smaydi.
Yoding ulg’ayishga bo’lsa bir ko’prik,
Bir kun bizsizlikdan ichiksa so’qmoq.
Qanday yashiraman eng toza hisga
Nogoh bir kechada tushganin yamoq?!
***
Qaldirg’och bo’g’ziga tiqilar bahor
Yer milkin yorarga yalpiz hijolat.
Tatirmi bog’larga ko’klam,
tun bo’yi
Bir qiz tizzasini quchadi faqat.
(Shu oqshom cho’kadi kimningdir ko’ngli.)
Kecha manglayiga bitmoq uchun she’r
Yulduzdan so’z tilar, ohangi – furqat.
Uf tortib, saxarda sindirar qalam,
siyohin ilinmas tunlar – beshafqat.
(Shu kechda cho’kadi ko’zing ich-ichga.)
Qushlarga entikib tikiladi dasht
Qanotini ko’rib qaqshar kuragi.
Dilgir ildiziga bitta so’z aytmay
Tun bo’yi piqillab chiqar yuragi.
(Shu kecha cho’kadi tog’ning yelkasi.)
Bobongning ertagin eslatar osmon
Yoding kissasiga jim tiqasan qo’l.
O, qayga yashirib qo’ygandim uni –
bobom bilan diydor…yagona bir yo’l.
(Sen esa bexabar, cho’kar do’ng qabr)
Tog’larga…
Sening tushing bilan meniki egiz
Zaminga ta’birin ko’rmagan ravo.
Homuza tortasan tongda entikib
Qizg’ongandek oqshom ruhingdan havo.
O, sening tushingni tirnaganlar kim?
Bizning orzuyimiz bir xil, ehtimol
Qon yutgan ufqlarga parvoz istadik.
Tizginini uzgan anavi varrak —
bobomning qavariq kaftini tutib,
borsa kelmas tomon ketgan bolalik.
Mening qismatim bir seniki kabi
Bo’g’zimiz izhordek kuydirgan vulqon
bir kuni oxiri osmondan o’zar.
Hozircha, bu zabon hech yozilmas musht
Fojia shu qadar bo’lurmi go’zal?!
***
Bir hovuch haqiqat sochib kiftingga,
mehrobing poyiga ko’milsa quyosh,
hamiyating yuvib tushirsa yuzdan
sag’ir, loyqa yosh…
Tushing xo’rsinig’i allalab tunni
oymomo ho’ngrasa, chiqmasa-yu un,
qon-qoningga botib, omixta bo’lsa
tomiringda tun.
Shuuring bir zumga ijara olsam,
Kezinsam, xotiring to’kmasa ohor.
Faqat tush faslida yashasak, zinhor
kelmasa bahor.
Namozshom gullasa, hislaring gulgun,
Sug’orsang shudring-la qaqroq hushlarni,
Toabad yashirsang ko’zing burchiga
moviy tushlarni
***
Tog’lardan o’rganish mumkin bemalol:
osmonni kiftida tutib tursa-da
fitratin sukutga yo’rgaklamoqni.
Va yana mumkindir jim taskin bermoq
dengizga qadami yetmagani-chun,
To’lqinni tush ko’rib, og’risa joni.
Yupanch bo’lish mumkin yonida uning
tuproqlar chirmagan ildizi qaqshab,
asriy chillasini qarg’agan oni.
Uh tortib quchoqlash mumkin, bosh qo’yib
oy bo’sasin bergan keng lablariga
Odamning junbishga kelganda qoni.
O, ularga hasad qilmaslik mahol
Poyiga minglab kas izin bossa-da
hanuz toza qolgay, mag’rur zaboni.
***
Bobo,
Ichikadi ichimda bir qush
Qafasni ko’tarib uchmoqlikka shay.
Parvoz — kiprigiga ilinmagan tush,
Osmonni ko’ziga yo’rgaklar tinmay.
Hanuz
Tomog’ini kuydirar xonish
asov jur’atimga sanchadi tikan.
O, bu o’tli alyor, sen menga aytgan
qulog’imda uxlar ertaklarmikan?
O’zimga o’zimni qayraydi bu qush —
Kunlarim fojega yetaklar daydi.
Kishanlar ichida parvozsiragan
qanotlarin cho’qib, unsiz yig’laydi.
Bobo,
Chap ko’ksimda tipirchilar erk…