Umid Bekmuhammad. Ziyo Bunyodov va Xorazm tarixi & Ziyo Bunyodov. O’rta Osiyo Miroblarining sudi

033 Ушбу очеркда ватанимиз ўтмиши,хусусан Хоразмшоҳ-ануштегенийлар давлати,сўнгги Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди тўғрисида теран, холис ва ҳаққоний асарлар битган озарбайжон олими Зиё Бунёдов ҳаёти ҳақида сўз юритамиз. Шунингдек, ушбу саҳифада таниқли олимнинг «Ўрта Осиё миробларининг суди» номли тадқиқотини тақдим этамиз.

УМИД БЕКМУҲАММАД
ЗИЁ БУНЁДОВ ВА ХОРАЗМ ТАРИХИ
(Тарихий биографик очерк)


МУҚАДДИМА

Ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстона алоқалар,тили ва тарихий анъаналарининг ўзаро яқинлиги, муштараклиги қадимги даврларга бориб тақалади. Низомий Ганжавийнинг “Хамса” достони таъсирида Алишер Навоийнинг илк бора туркий тилдаги “Хамса”сининг яратилгани,Фузулийни устоз деб билиб, унинг ғазалларига назиралар битганининг ўзиёқ адабий алоқаларимизнинг ёрқин саҳифасидир. Шунингдек, Хоразмда муаллифи номаълум шоирнинг “Мифтоҳ ул-адл” номли бадиий асарининг мавзуси Низомийнинг “Шоҳ ва икки бойқуш” ҳикоятидан олингани, Қутб Хоразмийнинг “Хусрав ва Ширин” достонини ёзишдаям Низомий ҳазратларидан таъсирлангани, Лутфий, Хоразмий, Дурбек, Гадойи, Атойи, Саккокий сингари 15 аср мумтоз ижодкорларида ҳам Озарбайжон адабиётининг ижодий таъсири борлигини таъкидлаб ўтиш ўринли.
Ёхуд Озарбайжон Отабеклари ва Хоразмшоҳ Ануштегенийлар давлати ўртасидаги дўстона алоқалар, кейинги даврларда Каспий денгизидаги кемалар орқали ҳар иккала ҳудуд савдогарларининг савдо-сотиқ ишларини тараққий қилдирганликлари, Навоий ҳазратларининг Низомий Ганжавий “Хамса”сини хаттотларга кўчиртириши, Увайсий,Амир Умархон, Муқимий, Огаҳий ва бошқа шоирларнинг Фузулий ғазалларига назиралар битганиям туркий тилли халқларнинг ўзаро дўстона алоқаларидан дарак беради.
20 асрга келиб эса Озарбайжон диёри билан алоқалар янада равнақ топди.Айнан 1920 йилнинг сентябр ойида Боку шаҳрида Шарқ халқларининг 1 қурултойи ўтказилиши, унда Мунаввар Қори, Фитрат,Чўлпон, Бекжон Раҳмонов каби ўзбек халқининг етук намоёндалари қатнашиб миллат дарду ҳасратлари борасида фикрлашгани, 1924-28 йилларда истеъдодли ўзбек ёш санъаткорларидан Ҳалима Носирова,Зуҳур Қобулов,Муҳиддин қори Ёқубов,Сайфи Алишов, Раҳим Бобожоновларнинг Бокудаги театр техникумида таҳсил олгани, 1926 йилда яна Боку шаҳрида Туркологларнинг 1 қурултойи бўлиб, унда туркий халқларнинг имло масаласи кўриб чиқилгани, Навоий,Ҳусайн Бойқаро асарларининг нашр этилиши, 1941 йилнинг декабридаги Ленинград қамали пайтидаям Низомий ва Навоийларнинг Эрмитажда юбилейлари нишонланишининг ўзи ҳам бир тарих.
Алиоға Ҳасанзода,Фаридун бей Кўчарли,Исмоил Ҳикмат,Ҳамид Арасли,Салмон Мумтоз,Мир Жалол Пашаев,Бакир Чўпонзода,Акиф Бағиров, Яшар Қосимов,Олмос Улвий сингари яна кўплаб адабиётшуносларнинг озарбайжон-ўзбек адабий алоқаларини тадқиқ қилганликлари, ҳар иккала халқ фольклоршуносларининг достончиликдаги ўхшаш жиҳатлар мавзусидаги илмий ишларини, кўплаб Озарбайжон ижодкорларининг Тошкентда, ўзбек ижодкорларининг Бокуда асарлари нашр қилингани ҳам таҳсинга сазовор тарих саҳифаларидан ҳисобланади.
Мақсуд Шайхзодадек озарбайжон шоири ва олимининг 1930 йилдан умрининг охиригача Тошкентда яшаб ижод ҳамда илм билан шуғуллангани, “Жалолиддин Мангуберди”, “Тошкентнома” асарларини яратгани адабиёт тарихининг фахру ифтихорли саҳифасидандир.
Озарбайжон халқининг лидери, марҳум президент Ҳайдар Алиев айтганларидек , “ Озарбайжоннинг иккита энг катта бойлиги бор.Булар нефт ва Муслим Магомаевдир”.Ана шундай эҳтиром ва эъзозга сазовар бўлган машҳур хонанда Муслим Магомаев ва яна бир жўшқин санъаткор Зайнаб Хонларованинг ижоди, уларнинг қўшиқлари ҳам ҳар бир ўзбек халқининг хонадонига кириб борган.Айниқса Зайнаб Хонларованинг 1980 йиллардаги Ўзбекистонга,Хоразмга ташрифи мухлислар томонидан шоду хуррамлик билан кутиб олинганди.
Шу каби озарбайжонлик дунёга машҳур шарқшунос Зиё Мусо ўғли Бунёдовнинг “Хоразмшоҳ Ануштегенийлар давлати” монографиясини чоп этдиргани, Насавийнинг “Сийрат ул-султон” асарини таржима қилиши, Ўрта Осиё ва Хоразм тарихига оид ўнлаб мақолалари, суҳбатларининг ўзбек матбуотида нашр қилиниб бориши натижасида ватанимиз тарихининг кўпгина даврларига оид воқеликлар ойдинлашди.Айниқса Хоразм тарихини Зиё Бунёдов асарларисиз тасаввур қилиш қийин.

ЗИЁ БУНЁДОВ ВА ХОРАЗМ ТАРИХИ

Хоразм.Қуйи Амударё бўйларидаги инсоният тараққиётига катта ҳисса қўшган воҳа.Зардушт,Ал-Хоразмий,Беруний,Замаҳшарий,Нажмиддин Кубро, Огаҳий каби юзлаб шу сарҳадда яшаб ўтган юксак тафаккур соҳиблари дунё илму фани хазинасига муносиб улуш қўшганлиги тарихдан маълум.
Ёхуд бетакрор Хоразм суворалари, мафтункор Лазги, кўкка бўй чўзган миноралар, уларга ишлатилган жилвакор бўёқ, жўшқин Жайхун бўйидаги сўлим табиат, энг асосийси эса Қорақум ва Қизилқум оралиғида сермашаққат турмуш кечириб келган меҳнаткаш, айни пайтда ҳозиржавоб ва хушчақчақ халқҳаёти.
Ана шундай мўъжизакор ва сеҳрли диёрга тарих мобайнида Искандар Зулқарнайдан тортиб Чингизхон аскарларию, Пётр 1 йўллаган Бекович Черкасский каби кўплаб истилочилар отланишган.
Баъзида бўлса, вазият сабаб Венгриялик Вамбери каби олимлар асл исми, ниятини яшириб Хоразмга ташриф буюришган ҳам.
Хуллас, Хоразмга талпиниб Ибн Батута сингари сайёҳ, Иван Грозний йўллаган Женкинсон ва яна неча турли хил соҳа вакиллари воҳада бўлганича, кўрган кечирганларини қоғозга туширишган.Буларнинг бари эса Хоразм тарихини бошқа манбаларга таққослаб ўрганувчи нодир қўлёзмалар сирасига киради.
Хоразм, умуман олганда, Туркистон тарихи шунчалик қадимий ва инсоният тараққиётига катта ҳисса қўшган ўлка ҳисобланадики, бу муқаддас замин тўғрисида Ҳерадот ҳамда Страбондан тортиб, Мирхонду Хондамир ва Абулғозий, Огаҳий, Баёний каби турли даврда яшаб ижод қилган юзлаб муаррихлар салмоқли асарлар ёзиб қолдиришган. Айнан улар ва бошқа яна кўплаб тарихчилар асарлари орқали биз Хоразм, Самарқанд, Бухоро, умуман олганда Туркистон тарихининг турли даврларида содир бўлган воқеалар солномаси ва силсиласидан хабардор бўламиз.
Одатда биз фақат тарихчилар яратган асарларнигина биламиз ва уларнинг ҳаёти ҳақида маълум бир тасаввурга эга эмасмиз. Шу сабабли ҳам ушбу очеркда ватанимиз ўтмиши,хусусан Хоразмшоҳ-ануштегенийлар давлати,сўнгги Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди тўғрисида теран, холис ва ҳаққоний асарлар битган озарбайжон олими Зиё Бунёдов ҳаёти ҳақида сўз юритамиз. Муддао эса тарихчининг совет давридаги мафкуравий босимларга қарамай, мозий сирларини очишга интилганлари, бу борадаги ҳар қандай машаққатларни енгиб, заҳматли меҳнати эвазига асарлар яратганини ўқувчиларга таъкидлаш ва ёш авлодга шулар ҳақида сабоқ беришдир.
Маълумки, В.Бартольд, А.Л.Кун, Б.Греков, А.Якубовский,П.Иванов, С.Толстов, З.Бунёдов, Я.Ғуломовлар томонидан яратилган юзлаб асарларсиз ватанимиз тарихининг турли даврлари, уларда рўй берган воқеа-ҳодисаларни, уларнинг сабаб ва оқибатларини тўла тасаввур этиш қийин.
Шу боисдан ҳам, “Туркистон мўғуллар истилоси арафасида”, “Қадимий Хоразм цивилизациясини излаб”, “Хоразмшоҳ Ануштегенийлар давлати”, “Хива хонлиги архив ҳужжатлари”, “Олтин Ўрда ва унинг қулаши” каби юқорида номлари зикр этилган муаррихлар томонидан яратилган монографиялар, холис ва ҳаққонийлиги билан нафақат бизда, балки хорижда ҳам кенг шуҳрат қозонган.
Шу боис ҳам, қуйидаги илмий-биографик очерк юзага келди ва у ёшлар учун муҳим сабоқ, ҳар бир юртдошимизга эса, тарихимизни ёзиб қолдирган тадқиқотчилар ҳаётининг ўзи ҳам бир тарих эканлигини эслатиб турувчи манба бўлиб, сизнинг маънавиятингиз юксалишига катта ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

ЗИЁ БУНЁДОВНИНГ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИ

03Туркий мусулмон халқларнинг фахри даражасига етган Зиё Мусо ўғли Бунёдов 1921 йилнинг 24 декабрида Озарбайжоннинг Астара шаҳрида-Мусо Мавсум ўғли Бунёдов ва Раиса Михайловна Гусакова оиласида таваллуд топганди.Отасининг келиб чиқиши Озарбайжонларнинг ҳурматга сазовор ва эл ардоғидаги Бибиэйбатлик аллома шайхларга бориб тақалгани боис, Зиёга болалигиданоқ озарбайжон, рус, араб тилларини ўрганиши учун эътибор қаратди.
Гарчи болалик ва ўспиринлиги ғоят алғов долғовли 1930-40 йилларга тўғри келган бўлсада, Зиё Бунёдов илмга интилди, тарих фанига қизиқди.Мактабни битириб Бокудаги ҳарбий билим юртида таҳсил олади. Ўқишни тугатган 1941 йилнинг май ойида Молдавияда ҳарбий фаолиятини лейтенат унвони билан бошлайди.Орадан кўп ўтмай 2-жаҳон уруши собиқ иттифоқ ҳудудида ҳам бошланди.
Натижада Зиё Буниёдов уруш давомида Молдавия,Украина, Кавказ, Беларуссия, Польша,Германия ҳудудларидаги жангларда фашистларга қарши кураш олиб борди.Кавказда бўлган жангларнинг бирида бошидан,Туапсинскдаги опреацияда эса оёғидан яраланади.Таганрогдадаги ҳарбий госпиталда даволаниб чиққач, яна жанг майдонларига отланади. 1942 йили “Красная звезда” газетаси Бунёдовнинг жангларда кўрсатган жасорати тўғрисидаги мақолани чоп этганди.Табиатан ҳақиқатгўй, қолаверса ҳарбий касб маҳоратига эга бўлган, урушларда чиниққан Зиё Мусоевич навбатдаги операция режасини тузаётган вақтда ҳарбий амалдор билан баҳслашгани сабаб, жарима ротасига юборилади. Бироқ ватанпарвар Зиё Мусоевич учун жангни қандай қисмда олиб бориш эмас, душманга зарба бериш асосий мақсад эди.Натижада 123-жарима ротасининг командири, капитан З.М.Бунёдов ўз аскарлари билан шарқий Европа давлатларини фашистлардан тозалашда қаҳрамонларча жанг қилиб борди. 1945 йил январ, феврал ойларидаги Висла,Одер дарёси бўйларидаги жангда душманнинг 45 зобити ва аскари, кўплаб қурол яроғларни ўлжа сифатида қўлга киритади.ана шу жанговар хизматлари учун 1945 йилнинг 27 февралида Совет иттифоқи қаҳрамони унвони даражасига эришади.1412 кечаю кундуз давом этган уруш давомида фақат жарима ротасидаги 2 жангчигина шундай юксак ҳарбий унвонга сазовор бўлгани тарихдан маълум.Шулардан бири Зиё Мусоевич эди…
Уруш 9 май куни собиқ иттифоқ ғалабаси билан якунлангач, Зиё Бунёдов Германияни нацистлардан тозалаш ва тиклаш жараёни бораётгани боис,Берлиннинг Панков тумани ҳарбий комендати ёрдамчиси бўлиб ишлашда давом этади.Бу вақт давомида Германия Демократик Республикасининг тараққий этишига кўрсатган хизматлари учун “Ваффенбрудершафт” , Артур Беккер медаллари, ҳамда Берлиннинг Панков тумани фахрий фуқароси унвони берилади.
1946 йили подполковник Зиё Бунёдов истеъфога чиқади ва Москва Давлат шарқшунослик институтига ўқишга киради.1950 йилда институт таҳсилини тугатгач Москва Давлат Университети аспирантурасида илмий тадқиқот ишларини бошлаб юборади ва 1954 йил май ойида номзодлик ишини муваффақиятли ёқлайди.Ўша йилнинг август ойидан она юрти Бокуга қайтиб Озарбийжон фанлар академиясининг тарих институтида меҳнат фаолиятини бошлайди. Унинг илмий фаолияти Яқин ва Ўрта Шарқ давлатлари тарихи ва маданияти, Озарбайжон Отабеклари давлати,Хоразмшох Ануштегенийлар давлатининг шаклланиши ва довруқ таратган даври ҳамда мўғуллар истибдоди вақтидаги ҳолатини қамраб олганди.У 1964 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.1965 йили профессор, 1976 йилда академик унвонига, 1982 йили Озарбайжонда хизмат кўрсатган фан арбоби унвонларига лойиқ деб топилди.1981-1986, 1988-1997 йилларда икки бор қайта-қайта Бокудаги Шарқшунослик институтига директорлик қилди.1990-1997 йилларда Озарбайжон Фанлар академияси вице-президенти бўлиб фаолият кўрсатди.
Зиё Бунёдов қайси вазифада ишламасин, ҳамиша илму-фан тараққиёти учун хизмат қилган, раҳбарлик вазифаларида ишлаганидаям, бошқа амалдорлар сингари бюрократик йўсинда иш юритмай, одамийлик билан фаолият кўрсатди.Айниқса собиқ иттифоқ пайтидаги ислом бидъат, хурофот, деб келинган даврлардаям Зиё оғанинг намозни канда қилмаслиги, мафкурабозлар учун аниқ нишон бўлиб туришига сабабчи бўлганди.Горбачёвнинг 1985 йилда бошланган қайта қуриш сиёсатидаги ошкоралик унинг кўп йиллик орзуси ушалишига сабаб бўлди.1987 йилдан бошлаб Қуръони Каримни озар тилига таржима қилиб нашр этдира бошлади.
Ҳаётда ҳам илмдаги каби шижоатли бўлган Зиё Бунёдов шўро давридаги мафкурабозлар,гуруҳбозлардан чўчимай, туркий қавмлар тарихини холис ва ҳаққоний ўрганди.Изланишлари натижасида “Озарбайжон 7-9 асрларда”, “Озарбайжон Отабеклари Давлати”, “Озарбайжоннинг тарихий жуғрофияси”, “Каспий денгизи араб манбаларида”, “Сафаратнома асарининг Усмонийлар элчилиги ва Россия-Усмонийлар алоқалари тарихини ўрганишдаги роли” каби асарларини нашр этдиради.Хоразмликлар учун энг аҳамиятлиси шарқ халқлари тарихини ўрганишда беқиёс манба бўлган Шиҳобиддин ан-Насавийнинг «Жалолиддин Мангуберди» асарини арабчадан таржима қилиб, 1973 йилда чоп эттирди.Шу давр билан боғлиқ тадқиқотини давом этдириб, «Ануштегин Хоразмшоҳлар давлати» номли монографиясини ҳам нашр этдиради.Ушбу монографияни ёзиш жараёнида Зиё Мусоевич 118та араб, форс тилларидаги қўлёзма асарлар,40 та дунёнинг турли давлатлар тилида нашр этилган илмий адабиётлар билан танишиб, уларни таҳлил қилганининг ўзиёқ,олимнинг мавзуни нақадар қунт билан ўрганганининг далолатидир.Бундан ташқари монографияда Мангуберди билан сафдош бўлиб унинг ҳалокатидан сўнг Туркия ва Сурия сарҳадларида яшаб қолиб кетган хоразмликларнинг сўнгги ҳаётиниям ёритиб ўтганди.
1974 йили Хоразм вилоят фирқа қўмитасининг мафкура бўйича котиби, тарихчи олим Ражаб Жуманиёзов Боку шаҳрига боради.Ўшанда иккала тарихчи, халқлар ўртасидаги азалий дўстлик, озарбайжон тили ва хоразм шеваси ўртасидаги яқинлик, Жалолиддин Мангуберди ҳарбий, сиёсий фаолият кўрсатган давр ҳақида суҳбат қургандилар.
Бокудаги бу учрашувдан сўнг, қандайдир собиқ иттифоқ бўйича фирқавий семинар бўлиб ўтади.Анжуманда қатнашган Зиё Бунёдов ўшанда Ражаб Жуманиёзовга тантанали равишда Хоразмшоҳлар даврига оид чиқарган китобидан 100 донадан совға қилган экан.Хоразмлик тарихчи бу китобларни Урганчга олиб келганда тарихсеварлар бу инъомдан севиниб, байрамдек нишонлаган эдилар.
1988 йили Зиё Бунёдов Хоразмга ташриф буюради.Бу ташриф ўша пайтда катта тадбирларга сабаб бўлган, ҳурматини, иззатини жойига қўйган воҳаликлар, озарбайжон олимини Огаҳий номидаги вилоят театрида ўтган тадбирда «Урганчнинг фахрий фуқароси» этиб сайлашганди. Бу Зиё оғанинг Германиянинг Панков, Озарбайжоннинг Астара, Гёйчай шаҳарларидан кейинги фахрий фуқаро унвонини олиш шарафига муяссар бўлган тўртинчи шаҳар эди.
Зеро, Зиё Бунёдов шунга лойиқ шижоатли инсон ва ҳақпарвар олим эди.Негаки, у тарихда Хоразмшоҳ Ануштегенийлар давлатининг халқаро миқёсда тутган ўрни,нуфузи, халқаро алоқалари, фан ва маданиятга қўшган ҳиссаси,Жалолиддин Мангубердининг истибдодга қарши курашган қаҳрамонлигини дунё миқёсида илмий асослаб берганди.Ўша сафар давомида Зиё оға билан бирга бўлган эколог олим Озод Ҳусаинов бу ҳақда шундай деганди: «Зиё оға, нафақат туркий халқлар тарихи билан шуғулланувчи тарихчи, айни пайтда бугун ва келажакни ўйлайдиган, эркин фикрли инсон ҳам эди.У менинг Орол ва Каспийга, шарқ халқлари сув хўжалигига оид лойиҳаларимни қўллаб-қувватлаган,унинг аҳамиятини тушуниб етган кам сонли олим эди. Институт, мактаблардаги учрашувларда экология, табиатни асраш, халқлар ўртасидаги дўстлик ҳақида сўзларди.Мен у билан кейинчалик Боку шаҳрига бориб учрашганимда озар халқининг нақадар уни эъзозлашига гувоҳ бўлганман.Бокуда меҳмонхонага жойлашиб, кейин унинг ишхонасига борганимда, “Озод, сен менимгина эмас, Бокуликларнинг,озар халқининг меҳмонисан,сени Бокуга мен таклиф қилган эканман, уйимда яшашинг керак дея уйининг шинам хонасини, “Волга” машинасини менга ажратиб берганди.Кейин меним Орол,Каспий денгизлари, Саудия Арабистони,Россия, Хитой,Қозоғистондаги чўл ҳудудларга канал қазиб олиб бориш ҳақидаги таклиф-лойиҳаларим билан танишиб, Москвадаги сув муаммолари институтига биргаликда борди, мени қўллаб қувватлади.Зиё оға билан суҳбат, сафарларда бундай уйғоқ, тийрак фикрли инсоннинг журъатига қойил қолардим.У билан Урганчда тушган сурат, олим менга совға қилган Л.Гумилёвнинг Каспий атрофига доир энг ноёб китобини ардоқли, муқаддас инъом сифатида асрайман».
1988 йилдаги Урганчга ташрифида олим билан дўст тутинган шарқшунос олим,Урганч Давлат Университети доценти,Абдулла Аҳмедов, Зиё оғани уйида меҳмон қилган, суҳбат мавзуси озарбайжон ва хоразмликлар шеваси ўртасидаги ўхшашлик,Мангубердининг жасорати, Абдулла аканинг Эронда ишлаган йиллари, умуман шарқ тарихи тўғрисида бўлганди.Ўшанда Абдулла ака Зиё Бунёдовни ҳамкасби профессор Ҳамдам Абдуллаевнинг уйидаги тўйига олиб борган, бу тадбирдаги урф одатларни кўриб, қўшиқларни эшитиб , рақсларни томоша қилиб олим янада ҳайратланган экан. Ўша тўй оқшомида шоир Ошиқ Эркин, тарихчи олим Озод Машарипов ва бошқалар иштирок қилишган.
Буюк озар олими Хоразмга ташрифи давомида 4 кун бўлиб, замондошлари ҳаёти фаолияти, воҳадаги экологик ҳолат даражаси, маданий мерос обидалари билан танишган, “Хоразм ҳақиқати”, “Хорезмская правда” газеталари таҳририяти, Хоразм вилоят телерадиоқўмитасида Озод Ҳусайинов билан учрашувлар ўтказганди.
Зиё Бунёдовнинг Ўзбекистонга сафаридан сўнг шоир ва таржимон Тоҳир Қаҳҳор аллома билан учрашиш ниятида Бокуга боради ва олим билан қилинган суҳбатлар “Гулистон” журналининг саҳифаларида чоп этилади.
-“Дашкандли қўноқ”лигимни эшитгач академик мени хонасига таклиф этди.Бу ерда икки нарса-хонанинг бир томонини тамом эгаллаган харита ва Зиё муаллимнинг баланд гавдаси,шиддатли қиёфаси дарров кўзга ташланади ва хонада шу икки нарсадан бўлак ҳеч нарса йўқдек туюлади.
Шу пайт телефон жиринглади.у телефонда гаплашаётганда, қиёфасини кузатдим: самимий,очиқ,нимани ўйласа,шуни айтадиган дангалчи одам; оддийлиги,ҳашамсевмаслиги кийинишидан ҳам, хонасидаги жиҳозларидан ҳам кўриниб турибди.Дунёда нима кўп,олим кўп.Аммо халқ севган, эъзозлайдиган олимлар жуда кам.Халқ меҳрига эришиш учун илм кишиси халқни улуғлайдиган, унинг қаддини кўтарадиган, унинг асл манфаатларига хизмат қиладиган иш қилмоғи лозим.Бундай ишни ҳамма илм кишилари ҳам қилавермайди.Зиё оға эса нафақат озар диёридаги миллати дардига,бутун инсоният, айниқса ўзи меҳмон бўлган Ўзбекистон дардига, ўша вақтда хавф даражасига келиб қолган экологик фожиалар,маданий мерос обидаларини авайлаб асраш масаласига ўз муносабатини билдириб ўтганди,-дейди Тоҳир Қаҳҳор хотираларини ёдга олиб.
Шунингдек, шоир ва драматург Комил Аваз ҳам Бунёдов билан Тошкентга келганида ёзувчиларнинг Дўрмондаги уйида суҳбатлашган экан. Табиийки суҳбат мавзуси Жалолиддин Мангуберди, Кўҳна ва Янги Урганч, Абулғози Баҳодирхонни эъзозлаш ва хотирасини абадийлаштириш ҳақида бўлган.
-Ўзбекистон ёзувчиларининг Дўрмондаги ижод уйида Зиё оға билан учрашиб суҳбатлашгандим. Маълумки, 1988 йилнинг 1 сентябрида унга “Урганчнинг фахрий фуқароси” унвонини ўша пайтдаги шаҳар раҳбари Рустам Султонов топширганди.Зиё Мусоевич билан Дўрмонда сайр қилиб юрарканмиз, Зиё оға очилишиб кетди ва мароқ билан ўтган байрамона тадбир, Урганч шаҳри, Рустам Султоновни эслаб, урганчликларнинг кўрсатган ҳурмат-эътиборига ташаккур билдирди.Мен ўшанда Рустам аканинг ташаббуси билан ҳайкалтарош Шуҳрат усмонов яратган Абулғозининг от етаклаган ўйчан ҳайкали борасида гапирдим.Суҳбатимиз ниҳоясида Зиё ака “Хоразмшоҳ-Ануштегенийлар давлати” китобига дастхат ёзибберди.Орадан йиллар ўтган бўлсада,ўша учрашувимиз ҳеч ёдимдан кўтарилмайди.Толмас ижодкор Зиё аканинг ўша куни Урганч фуқаролиги,Абулғозихон ҳайкали тўғрисидаги гапимдан кейин чарақлаб кетган юз-кўзлари, ўзга бир меҳрли нигоҳи то ҳануз кўзим ўнгида….
… 1991 йилдаги истиқлолдан сўнг Зиё Бунёдов мафкуравий тазйиқлардан холи равишда илм уммонига шўнғиди, дейиш мумкин.Уруш асоратлари, шўро мафкурабозлари қолдирган оғриқларга қарамай, кўплаб арабча асарларни, шарқ тарихига доир манбаларни, арабчадан озарбайжончага таржима қилиб нашр этдирди, «Қизил террор» асарини, “Динлар, мазҳаблар,тариқатлар” номли қомусий луғатини яратди.
Маълумки, собиқ иттифоқ таркибидаги республикалар мустақилликка эришгач, улар орасидаги келиб чиқиши туркий бўлган халқлар тарихини биргаликда яратиш ғояси илгари сурилади.Бу борада Туркияда айнан шу мавзуга бағишланган илмий конгресс ўтказилади.Ушбу конгрессда иштирок қилган Андижонлик тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг таъкидлашича, илмий йиғилишдаги энг таъсирчан нутқ ва таклифлар айнан Зиё Бунёдовга тегишли бўлган.Яъни ,Зиё Бунёдов дунёдаги туркий халқларнинг тарихини , улар олдин яшаган, яшаётган ҳудудлар, туркийларнинг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини холис ва ҳаққоний ҳолда кўп жилдлик асосида яратиш,бунга жаҳоннинг забардаст олимларини жалб қилиш ва ушбу асарларни дунёнинг барча тилларига таржима қилиш фикрини билдирган.
Озарбайжон халқи ўзининг миллатпарвар фарзандини, парламент мажлисига депутат, Фанлар Академияси вице-президенти этиб сайлади.Зиё Бунёдов бу вазифалардаям сидқидилдан, ҳар доимгидек журъатлилик билан миллат манфаатлари, давлат истиқболи учун куюниб ишлади.
1997 йил 21 февраль,Боку.Парламент депутати Зиё Мусо ўғлининг сўнгги куни.76 ёшли фуқаро Зиё Бунёдов вафот этди.Аммо Зиё Мусо ўғли Бунёдов ҳаёти, у яратган асарлар, таржима қилган манбалар орқали барҳаёт.
Зиё оғанинг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш,китобхонларга етказиб бериш борасида Ашраф Аҳмедов, Маҳкам Маҳмудов,Муҳаммадали Қўшмоқов,Ҳамидулла Болтабоев,Худоёр Карим,Маъруф Жалил,Ўктам Ҳакимали,Ҳамдам Содиқов,Убайдулла Самадҳожи ўғли каби олим ва ижодкорларнинг ўрни катта.
1998 йилда Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти З.Бунёдовнинг “Ануштагин Хоразмшоҳлар давлати” (1097-1231) номли монографиясини Худоёр Каримнинг ҳомийлиги билан жуъзий қисқартиришлар асосида нашр этдирганди.2012 йилда “Мумтоз сўз” нашриёти профессор Ҳ.Болтабоевнинг сўзбошиси билан З.Бунёдовнинг “Марказий Осиёга доир тадқиқотлар”.Хоразмшоҳлар давлати” китобини нашр қилди.Ушбу китобдан озар олимининг “Хоразмшоҳ Ануштагинлар давлати” (А.Аҳмедов,М.Маҳмуд таржимасида)монографияси ва бир нечта мақолаларини Муҳаммадали Қўшмоқов таржимасида чоп қилганди.
Маълумки, Зиё Бунёдов Ўзбекистонга кўп маротаба ташриф буюрган ва олимлар, ижодкорлар билан суҳбатлашган.Ана шу суҳбатлар ва олимнинг турли мақола,интервьюлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”,”Хоразм ҳақиқати”, “Хорезмская правда” нашрларида чоп этилган.Шунингдек, Зиё оғанинг ЎЗТВ,Хоразм ТВга берган интервьюлари ТВархивларида сақланиб қолган.Демак, Зиё Бунёдовнинг ўзбек матбуотида чоп қилинган мақола, суҳбатлари,у билан учрашган юртдошларимизнинг хотираларини тўплаб,шунингдек алломанинг бошқа нашр этилган асарларини ҳам таржима қилган ҳолда ,З.М.Бунёдовнинг сайланма жилдларини нашр этиш лозим.Шу каби 2021 йилда нишонланадиган буюк озарбайжон олимининг 100 йиллигига атаб у ҳақда ҳужжатли фильм ишлаш, “Урганчнинг фахрий фуқароси” бўлган олим шарафига Хоразм вилоят марказида олим номидаги хиёбон ва ҳайкал барпо этиш,Урганч Давлат Университетининг иқтидорли талабалари учун Зиё Бунёдов номидаги стипендияни ҳам жорий қилиш лозим деб ўйлайман.

БУНЁДОВНИНГ МАНҒИТЛИК ДЎСТИ

Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидан етишиб чиққан филолог олим, профессор Пирмат Шермуҳаммедов ўз соҳасининг етук олими, шу билан бирга умри давомида кўплаб дўстлар орттирган самимий инсон ҳам бўлганди.Олимнинг дўсти, шунингдек Тошкент шаҳрида қўшниси бўлган филология фанлари номзоди, таниқли ижодкор ва таржимон Маҳкам Маҳмудов Пирмат Шермуҳаммедовнинг хорижлик дўстлари орасида озарбайжон олими Зиё Бунёдов ҳам бўлганлигини айтди.
Тошкентда бўлган учрашувларда Бунёдовга ҳамроҳлик қилган Маҳкам Маҳмуд Зиё оға билан кечган суҳбатларини шундай хотирлайди:“Пирмат аканинг уйида учаламиз гоҳ ўзбек, баъзида озарбайжон, гоҳида рус тилида мамлакатда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараён, халқларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, адабиёт ва тарих, олимнинг яратган асарлари тўғрисида суҳбатлашардик.Зиё оға ўзбек шарқшунос ва манбашунослари олдида қадимий қўлёзмаларни ўрганиш қандай кечаётганлиги билан айниқса қизиқгандилар.Чунки, тарихни аждодларимиз яратган қўлёзма асарларсиз тадқиқ этиш қийинлигини Бунёдов яхши билар ва тарихчилар олдига бу масалани бирламчи шарт қилиб қўярди.Бўрибой Аҳмедов, Асомиддин Ўринбоевдек ўзбек манбашунослари қилаётган ишлардан хабардор бўлганлигидан, уларнинг қилаётган сермашаққат ишларини жасорат деб баҳолади”.
Ғоятда мароқли ва унитилмас учрашувлардан сўнг Зиё оға Бокуга кузатиб қўйилгач, Пирмат Шермуҳаммедовга мактуб юбориб олган таассуротларини ўртоқлашганди:

Қадрли Пирмат!

Омон-эсон Бокуга етиб келганимга ҳам мана уч ойдан ошиб қолди.Аммо мен ҳамон Орол учрашувлари таассуротлари билан нафас олиб яшамоқдаман.Мени Орол учрашувлари экспедициясида қатнашишга таклиф қилиб, тўғри иш қилган экансан.Баҳонайи сабаб билан қуриб бораётган Оролни ўз кўзим билан кўрдим.У ерларда истиқомат қилаётган одамларнинг дарду-ҳасратлари, орзу армонлари, қувончу ташвишлари билан танишдим.Мўйноқ, Қўнғирот,Кегейли, Чимбой, Нукусда бўлиб ўтган қизғин мулоқотларни унитиб бўладими? Хива, Урганч гурунгларини айтмайсизми?! Менинг Урганчнинг “Фахрий фуқароси” этиб сайланишим лаҳзалари-чи!
Шу муносабат билан бир масалани тилга олиб ўтсам…
Камина “Озарбайжон отабеклари давлати” (1136-1225) монографияси устида ишлаётган вақтимда,Хоразмшоҳлар давлатининг умумий тарихини ёзиш нияти ҳам туғилганди.Бу иккала давлат бир даврда мавжуд бўлган.Уларнинг ҳукмдорлари, айниқса Жаҳон Паҳлавон (1175-1186) билан Хоразмшоҳ Такаш (1172-1200 йиллар ҳукмронлик қилган) ўзаро дўстона алоқа боғлаган эдилар.Бу ниятимни юзага чиқаришдан аввал манбаашунослик бўйича жиддий ишлар билан шуғулланишга тўғри келди: сўнгги Хоразмшоҳнинг шахсий котиби-муншийси Шаҳобуддин Муҳаммад ан-Насавийнинг “Сийрати султон Жалолиддин” асарининг танқидий матни, таржимаси ва изоҳларини, Садриддин Али ал-Ҳусайнийнинг “Ахбор ад-давлат ал-Салжуқия” хроника асарининг таржимаси ва шарҳларини тайёрлаб, нашр этдирдим.Бошқа баъзи ёзма манбаларни, шулар қаторида ҳужжатлар-Хоразмшоҳнинг фармонларини диққат билан ўрганиб чиқдим.Бу ҳужжатларнинг баъзилари кейинги вақтларда топилди, баъзилари фақат қўлёзма ҳолидагина мавжуд эди.
Мен айтмоқчи бўлган гап шуки, Хива, Урганч учрашувларидан кейин каминада “Ануштегин-Хоразмшоҳлар давлати” китобини янги фактлар асосида қайта ёзиш истаги туғилди.Шу муносабат билан Шаҳобуддин Муҳаммад ан-Насавийнинг “Сийрати султон Жалолиддин” асарининг танқидий матни, таржимаси, изоҳларини ҳам кўриб чиқмоқчиман.
Шу мақсадда Тошкентга бориб, қадимий қўлёзмаларни яна бир бор варақлаб кўриш режам бор.
Қадрли Пирмат! Биламан,Оролни асраш осон эмас.Ишончим комилки, ҳали сен бу хайрли, аммо машаққатли соҳада кўп савобли ишларни амалга оширасан.
Мабодо Бокуга йўлинг тушиб қолса, уйимнинг тўри сеники бўлади.Ўйлайманки, тез кунлар ичида яна дийдор кўришамиз.Зиё БУНЁДОВ, академик, Боку, 1988 йил”.

Маҳкам Маҳмудовнинг эслашича, Зиё Бунёдов ва Пирмат ака учаласи П.Шермуҳаммедовнинг Тошкентдаги уйида соатлаб илму-фан борасида суҳбат қуришган экан.Шунингдек, Нукусдан Урганчга боришларида Амударё туманида тўхтаб, Пирмат ака яшаган қишлоғига ҳам кириб ўтишган.
1997 йил 21 февраль,Боку.Парламент депутати Зиё Мусо ўғли Бунёдов вафот этади.Ўша машъум куннинг эртасига воқеадан хабар топган Пирмат ака ва Маҳкам Маҳмудов Бокуга телефон қилишиб, марҳум олимнинг рафиқаси Тоҳира опага таъзия изҳор қилишади.Маҳкам аканинг хотирлашича, Пирмат ака умрининг охиригача Зиё Бунёдов билан қадрдон дўст бўлганлигидан фахрланиб юрган, у билан учрашувлари ҳақида хотиралар ёзиш ниятида бўлган.Афсуски, Пирмат аканинг вафоти сабаб Манғитлик олимнинг орзуси армон бўлиб қолди.

ЗИЁ БУНЁДОВ
ЎРТА ОСИЁ МИРОБЛАРИНИНГ СУДИ

    1928 йилнинг баҳорида, Тошкентда бўлиб ўтган Ўрта Осиё сув ходимларининг суд жараёни фавқулодда ноёб ҳодиса ҳисобланади.Айни “ноёб ҳодиса”- экологик жиноятлар олтмиш йилдан сўнг яна рўй берди….Ўша судда шу даврдаги Ўрта Осиё сув иншооатларининг қурилишидаги шундай салбий жиҳатлар фош қилинган эдики, бу ҳақда ҳанузгача эсланади ва гапирилади .Чунки, ундан етган маънавий зарар жуда улкан миқдорни ташкил этган эди. “Правда Востока” газетаси ўша пайтда ўз ўқувчиларини сув хўжалиги ходимлари иши “Шахтинск иши”га ўхшамаслигига ишонтирган эди.
Албатта, бу икки ишни қиёслаб ўтириш шарт эмас.Негаки, Тошкентда судланганларнинг Шахтинскдагилардан асосий фарқи шунда эдики, Ўрта Осиё сув хўжаликларида на чет эллик мутахассислар, на хусусий корхона эгалари бор эди.Шунга қарамай, давлат айбловчиси Кондурушкин Ўрта Осиё “мироб”ларининг ишида “босқинчилик, зараркундачилик ва саботаж”нинг барча қонуний белгилари бор эканлигини исботлаган эди.Бунинг устига, Москвадаги Давлат режа қўмитаси сув секцияси раҳбарлари Новацци, Кениг, Цейдлер ва Ризенкампфларнинг Ўрта Осиё,Ўзбекистон ва Туркманистон Сув бошқармаси бошлиқлари, коммунистлар Рикунов, Прохоров ва Мор билан бирга тўла режалаштирилган ва техникавий ҳамкорликда ривожланган фаолиятлари ҳақида гапирар экан, прокурор Кондурушкин шундай даҳшатли сўзларни тилга олади: “ Жамулжамида, биз ташкилий қаршиликка, устамонлар фитнасига дуч келиб турибмиз”.
Рикунов,Прохоров ва Мор ҳақида “Правда Востока” қуйидагиларни ёзган эди: “ фирқа сув хўжалиги ташкилотининг раҳбарлик ишларига тасодифий кишиларни эмас, балки инқилобий курашларда чиниққан, маълум табақавий таълим мактабини ўтаган одамлардан танлаб қўйган эди.Рикунов,Прохоров ва Морлар ёмон ходимлар эмас эди…”.
“Правда Востока”нинг ёзишича, мана шу “танлаб қўйилган” ходимлар “режали иш ўрнига юлғучлик билан шуғулландилар, сув хўжалиги ишларини йўлга қўйиш ўрнига фақат барбод қилдилар”.
Давлат айбловчиси “танлаб қўйилган” ходимлар ичидан “бошқаларга нисбатан тозароқ бўлганлиги учун” Ўзбекистон сув хўжалиги бошлиғи Прохоровни ажратиб кўрсатади.Ҳатто мана шу “танлаб қўйилган раҳбарлар ичидаги тозароқ” одамни ҳам прокурор …игуменлар( игумен-эрлар монастири бошлиғи, тақводор маъносида-У.Б.) билан қиёслайди.Прохоровнинг фарқи шунда эдики, ўша йилларда кўкларга кўтариб мақталган ер ислоҳоти унинг қўлида “икона” (бут) бўлиб хизмат қилган эди.Давлат айбловчиси ўша нутқида ВКП (б)МК Ўрта Осиё Бюроси шу пайтгача яшириб келган нарсани, чунончи -ақлга сиғмайдиган даражадаги суистеъмолликни ҳам фош этганди.
“Аниқ суистеъмолчиликни ва тартибсизликни ер ислоҳоти панасига яшириш мумкин эмас.Ишчиларнинг (уларнинг кўпчилиги ҳужжатларга бармоқ босадиган саводсиз деҳқонлар эди) алданганликларини, чув туширилганликларини шу йўл билан яшириш мумкин эмас.Сохта ҳисобларни, қалбакиликларни ва ғирт ўғирликни шу йўл билан яшириш мумкин эмас….”-дейди прокурор.
Гувоҳ муҳандис Крутиков сўзларидан биз, бир Прохоровгина эмас, бошқаларга ҳам “икона” бўлиб хизмат қилган мазкур ер ислоҳоти учун икки миллион ( чала қолган ишларга яна бир миллион мўлжалланган) сўм пул сарфланганлигини билиб оламиз.
“Мироблар” иши бўйича манбалар батафсил ўрганилгач, Республика Халқ Комиссарлиги Ирригация Комитети ( РКИ НК) Коллегияси 1927 йил 3 мартда “Ўрта Осиё сув хўжалигидаги ўтакетган тартибсизликлар ҳақида” қарор чиқарганида, судланувчилар жуда қаттиқ эътироз билдиришди.Рикунов РКи қарорини “ разилона туҳмат, демагогия ва жирканч томоша” деб атади.Рикуновнинг Туркман сув хўжалигидаги ҳамкасабаси Шаров, РКИнинг штатларини 50 фоиз қисқартириш бўйича таклифига ҳақиқий саботаж билан жавоб қайтарди: “Штатлар 50 фоиз қисқартирилар экан, Туркман сув хўжалиги ҳам пахта экиладиган майдонларнинг сув таъминотини 50 фоизга қисқартиради”.
Қарийиб бир йиллик синчиклаб текширувдан сўнг сув ходимларининг иши судда кўриб чиқиш учун юборилди.Тергов материаллари салкам 50 томни ташкил этган, айблов фикри эса майда босмада ёзилган 162 саҳифада баён қилинган эди.Иш Тошкентда бўлиб ўтган Москвадаги Олий Суднинг сайёр йиғилишида беш ҳафта мобайнида кўриб чиқилди.Суддаги қора курсида юқорида номи тилга олинган Ўрта Осиё,Ўзбекистон ва Туркманистон сув хўжалиги раҳбарлари-Рикунов,Прохоров ва Мордан ташқари, уларнинг ўринбосарлари-Рискин,Шугаевский ва Шаров, шуниндек,Ўрта Осиё сув хўжалиги Бошқармасининг маъсул лавозимларини эгаллаган 17 нафар судланувчи ( жами-23 киши) ўтириб, жавоб беришди.
Бу ишдаги ҳамма нарса худди мелиорация душманлари ўйлаб топган бемаза латифага ўхшаб кетарди.Ҳамма нарса бу ерда оддийгина “юлғичликка” бориб тақаларди.Москвага…”хомут” харид қилмоққа мутахасссис одам юборилганига ўхшаш ақл бовар қилмайдиган сафар йўлланмалари ўйлаб топилган эди.Нари борса 20 чақирим чиқмайдиган масофага номенклатурадаги ишчиларни элтиб қўйган аравакаш ҳам йўлланмага бориб келган деб ҳисобланган ва шунга яраша кунлик пул, йўл ҳақи олганлар.Тошкентда доимий яшовчиларга Ашхабоддан қандайдир топшириқлар берилган ва улар ҳам “хизмат юзасидан сафарда” деб ҳисобланган.Бу борадаги энг зўр рекорд бошқа бир судланувчига,Чу дарёсида олиб бориладиган ишлар раҳбари Мандригинга тегишли:бу раҳбар қора курсига келиб ўтириш олдидан: “Мен хизмат юзасидан командировкага кетаяпман” деган мазмунда ўзига фармойиш чиқарган экан!
Рикунов,Прохоров ва Морларнинг идораларида тўпланган суғориш ишларининг лойиҳалари худди тентак одамнинг валдирашларини эслатади.Бу лойиҳаларнинг баъзи бирларини келтирамиз.Ўзбекистон вазирлар кенгашининг раиси, “ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши ( Достоевскийнинг “Фома Фомич Спискин номли қаҳрамони (“Степанчиково қишлоғи”) ҳам ўзининг бутун ҳаётини Россия “ ишлаб чиқариш кучлари масаласи”ни ўрганишга бағишлаган эди-З.Б.)-тарихида ном қолдиришни умид қилиб, Прохоровга “шўр босган Қарши чўлига сув чиқариш лойиҳаси”ни ишлаб чиқишни “ тобширади.Муҳандис Прохоров бу ишнинг бажариб бўлмаслигини билгани ҳолда, лойиҳани “ ишлаб чиқиш” га киришади.Лойиҳани амалга оширишнинг ўзига 200 миллион сўм кетиши кейинроқ маълум бўлди.
Шўр босган Қарши чўлидан кейинги беъмани лойиҳа-Каспий денгизидаги Ҳасан кўли кўрфазини …чучуклаштириш (!) ишларига бағишланган.Бу лойиҳадан мақсад-“балиқлар келиб уруғ сочишига шароит яратиш” бўлиб, “чучуклаштириш ишлари”га бир ярим миллиард сўм сарфлаш мўлжалланган эди! Ундан кейин эса…Орол денгизи сатҳини пасайтириш лойиҳаси келади.Лойиҳадан кўзланган мақсад-қуритилган денгиз тубида ирригация ишларини бошлаб юбориш эди…
Ўша давр муҳандислари денгизларни бир ёқли қилиб бўлганларидан кейин, машҳур Қорақум саҳросига сув чиқаришга қарор қилган эдилар.Транс-Қорақум каналини 1500 чақирим узунликда қазиш мўлжалланган бўлиб, қазиш ишлари 3 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этарди.Канал қазиб бўлингандан кейин, уни сув билан таъминлаб туришнинг ўзига ҳар йили 200 миллион сўм сарф қилиш кўзда тутилган.Лойиҳанинг текширув-излаш ишлари аллақачон бошлаб юборилган бўлиб, ўша пайтнинг ўзидаёқ бу ишлар 1 миллион 200 минг сўмни ютиб кетган эди.Бу фантастик лойиҳанинг муаллифи бўлмиш муҳандис Шаров лойиҳа бўйича тушунтириш бераркан, сўзма-сўз қуйидагиларни айтган эди: “Мен бу каналнинг мақсадга мувофиқ эканлигига ўз кўнглимда ишонаман.Албатта, бу борада менинг далил-исботларим йўқ, қолаверса, каналнинг зарурлигини техник кенгашда исботлай олмайман ҳам.Лекин ишончим комилки….”
Муҳандис Шаров ўз хаёлларига “кўнгилда” шу қадар ишонар эдики, давлат айбловчиси ибораси билан айтганда, “доимо кўзи олдида Қорақумда сузиб юрган Англия ва Франция кемалари турарди” ( Қорақумга Англия ва Франциядан келадиган сув йўллари қуйидагича фараз қилинган : Ўрта Ер денгизи-Дарданелл-Босфор-Қора денгиз-Азов денгизи-(қурилажак) Дон-Манич канали-Волга-Каспий-Ўрта Осиё каналлари тизими-З.Б.) . Раҳбарликдаги ана шундай ишонч туфайли ,Ашхабодда “Туркман сув хўжалигига халқаро тус бериш мақсадида” зўр ҳаракатлар бошлаб юборилган эди.Бунга кўра, қимматбаҳо мебеллар сотиб олинди, бино ичида бўлимларга ва столларга қоғозларни автоматик тарзда узатишни пневматик бошқарувчи ускуналар ўрнатила бошланди.Ва бунинг устига устак, Туркманистон сув хўжалиги ходимлари…инглиз тили машғулотларини бошлаб юборишди!
Йўқ, буларнинг ҳеч бирини биз латифа қилиб тўқиб чиқараётганимиз йўқ, бари ўша “мироб”лар ишига тегишли материаллардан олинди.
Шу пайтгача ҳали биз амалга оширилмаган лойиҳалар ҳақида гапирдик ва шуларнинг биттаси-муҳандис Шаровнинг “ўз кўнглидаги ишонч”ига асосан ўтказилган Қорақум экспедицияси мамлакатга оз эмас, кўп эмас 1 миллион 200 минг сўмга тушганини кўрдик.Энди, иррригаторларнинг “ кўнгилларидаги ишонч”дан диққатни тортиб, Ўрта Осиёда улар амалга оширган суғориш иншоотларига назар соладиган бўлсак, бу “миллион-миллионлар” дан кўз жимирлашиб кетади.
Ўрта Осиёда амалга оширилган ирригация ишлари, қурилган суғориш иншооатларининг баёнига киришишдан аввал, ўша лойиҳалар ва уларнинг инстанциялардан ўтиши, ирригаторлар штати ҳақида икки оғиз сўз юритамиз.
1925 йилнинг баҳорида ирригация ишларининг Беш йиллик режаси тузилади.Режа комиссияси бу ишларнинг қийматини 752 миллион сўм деб белгилайди.Ҳатто Ўрта Осиё сув хўжалиги бошқармаси ҳам бу миқдорни “ ҳаддан ташқари” деб тушунган ва бу сон тенг ярмига қисқартирилиб, умумий қиймат 328 миллион сўм деб белгиланган.Бу ғаройиб режани тузишнинг ўзига 186 минг сўм кетган.Бу пул эса асли кори режани тузишдан иборат бўлган кишилар ўртасида тақсим қилинган.
Шу йилнинг ўзида Ўзбекистон бўйича 1925-26 йилларда бажариладиган ишларнинг бир йиллик режаси тузилган.Бу ишлар сметаси 23 миллион сўмга асосланган эди.Буни ҳам оз кўришиб, пул миқдорини 40 миллион сўмгача оширишган ва харажат 47 миллион сўмга етганида ишларни тўхтатиб туриш мўлжалланган.Лойиҳаларни Москвадаги давлат режа қўмитасининг сув секциясида мақтаб тасдиқдан ўтказиб олиш учун “ Ўрта Осиё Сув хўжалиги” бошлиғи Рикунов раҳбарлигида Ўрта Осиёлик “ мироб”лар тўда-тўда бўлиб Москвага қатнаганлар.Москвадаги “Европа” меҳмонхонасида сув Секциясидан таклиф қилинган ўртоқлар шарафига зиёфатлар уюштирилиб, ичкиликбозлик зўрлигидан “девор титраб турган”.Ундан сўнг, “маҳаллий жойнинг ўзида режага аниқлик киритиш” мақсадида Москавдан Ўрта Осиёга 15 кишилик комиссия келади.Қарийиб уч ой мобайнида “режага аниқлик киритилади” ва Москвада ташкил қилинганидан ҳам зўр қилиб, тўкин-сочин зиёфатлар берилади.
Бу қандай натижаларни келтириб чиқарганлигига Туркманистондаги Меручан сув омбори деб номланган лойиҳанинг тарихи жуда яхши гувоҳ бўла олади.Бу лойиҳада 25 миллион сўмлик смета кўзда тутилган эди.Лойиҳани тузиш ишларига 19.555 сўм тўланган.Албатта лойиҳа тасдиқ учун Москавга олиб борилди.Лойиҳа Давлат Режа Қўмитасининг махсус йиғилишида кўриб чиқилиб, муҳокамада қатнашган давлат экспертлари: Ризенкампфга-500 сўм, Павловскийга-450 сўм, Москвитиновга -300 сўм ва Бумгартенга-250 сўм тўланди.Шундан сўнг “лойиҳа бир овоздан тўғри деб топилди”.Кейинчалик эса, орадан анча вақт ўтгандан сўнг маълум бўлдики, мабодо Меручан сув омбори қурилганида, “омборни ўттиз йилда ҳам сув тўлғазиб бўлмас экан”.
Штатлар ҳам жуда катта миқдордаги пулларни “ютиб юбораётган эдилар”.Биргина Ўзбек Сув Хўжалиги” бошқарувини боқишнинг ўзига 1926 йилда бир ярим миллион сўм сарфланган( қидирув гуруҳларининг марказий идоралари бу ҳисобга кирмайди).Туркманистонда эса ( бу ерда маҳаллий аҳоли сув хўжалиги ходимини кўрса: “сизларда ҳар бир челак сувга бир мутахассис, ҳар бир қудуққа бир техникдан тўғри келади”, деб ҳазиллашар эди) штатлар воситасида 1924 йилнинг сентябр ойидан то 1927 йилнинг октябр ойигача 3.300 минг сўм пулни ҳазм қилиб юборилган.
Судда молиявий назорат бўйича сўзлаган гувоҳ Мадунцев шуни айтдики, суд текширув ўтказган салкам уч йил мобайнида “Ўрта Осиё Сув Хўжалиги” идорасининг штатлари 12 миллион сўм пулни харжлаган.Бошқа бир гувоҳ-муҳандис Благов судда Прохоровнинг ва унга ўхшаганларнинг халқ пулига муносабати ҳақида шундай деди:
“Мен Чоржўйга келганимда, бу ерни ўғрию қароқчилар эгаллаб олганини кўрдим.Туркманистоннинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам сув идораларида аҳвол шу. Айниқса, қидирув ишларида ўғирликлар кўп бўлади.Мен шуни тасдиқлайманки, қидирув-текшириш ишларига ажратилган пулларнинг чорак қисми талон-тарож қилинган.Ўмаришган-у, пулни сотиб олинган нарсаларга эмас, “йўқолган” нарсалар ҳисобига киритаверишган.Йўқ босмачилар “вайрон қилган нарсалар” ҳисобига ҳам пул ўмарганлар”.
Молиявий назорат маълумотларига кўра, “Ўрта Осий Сув Хўжалиги” уч йил ичида давлатдан олган 70 миллион сўмдан 11,5 миллион сўмни хўжасизларча исроф қилган ( штатларга ошириб тўланган 12 миллион сўм пул бу ҳисобга кирмайди).
Давлат айбловчиси билан гувоҳ муҳандис Крутиков ўртасида бўлиб ўтган қуйидаги савол-жавоб ирригаторларнинг нақадар устаси фаранг эканликларини кўрсатиб турибди.

Прокурор: 1923-24 йилдан 1926-27 йилгача “ Ўзбексувхўжалиги” давлат бюджетидан 20 миллион сўм олган, Бешйилликка киритилган асосий ишлардан қайсилари 1928 йилда тамомланди?
Крутиков: Ер ислоҳоти бўйича ўтказилган ишлардан бошқасини айтолмайман.
Прокурор: Ахир ер ислоҳотига фақат 2 миллион сўм ишлатилган-ку?
Крутиков: Тўғри.
Прокурор: Қолган 18 миллион-чи?
Крутиков: Ҳеч нарса айтолмайман дедим-ку…
Худди шу “Ўзбексувхўжалиги”да ( бошлиғи ўша “бошқаларга нисбатан тозароқ бўлган” Прохоров) Оқдарёдаги қурилиш ишлари учун -233 минг сўм, Шеоободдаги ишлар учун-408 минг сўм, Учқўрғондаги ишлар учун-826 минг сўм, туятортгандаги ишлар учун эса-872 минг сўм олганлар.
Суддаги “Бу пулларга нималар қурилди?” деган саволга гувоҳ Воронович жавоб беради: “Нима қуриларди? Ҳеч нима қурилмади.Қурилмадигина эмас, умуман у ерда ишга қўл ҳам урилмади!”
Халқ пулларига муносабат ана шундай эди.
Энди эса амалга оширилган ишларни кўриб чиқайлик.
Туркманистондан бошлаймиз.
1.Керки канали.Ўртоқ Мор номи билан аталган бу канал ҳеч қаерда тасдиқланмаган режа асосида қурилган.Давлатнинг 2 миллион сўм пули сарфланган.Канал тантанали равишда очилиб, Москвага, Тошкентга телеграммалар юборилган…Мор номи билан аталган бу канал 21 кун ишлаб турди, 22 -кун эса бош иншооатларни сув ювиб кетди.Канални ёпишга мажбур бўлдилар.
2.Тажан тўғони.Тошқин сувларни тартибга солиб туриш учун хизмат қилмоғи керак эди.Тўғон қурилишига 861 минг 835 сўм сарфланган.Очилиш маросимида Москвани “иттифоқ сув хўжалигининг энг муҳим соҳасида бажарилган, улкан аҳамиятга эга давлат ишларининг тамомланиши” билан табриклашди.
Тўғон шундан кейин ҳам қаққайиб тураверди.Унинг чор-атрофини сув эмас, қум ўраб олган эди…Бу “иттифоқ сув хўжалигининг энг муҳим соҳасида” қурилган иншооат суғориладиган ерлар ҳисобига бир гектар ҳам қўша олмади.
3.Қазганчай тизими.Ҳали лойиҳаси тасдиқдан ўтмай туриб қурила бошлаган.Фақат 300 минг сўм қўлдан кетиб, қумга сингган сувдай йўқолганидан сўнггина, 2 лойиҳа тасдиқдан ўтмади” деган хабар келди!.
4.Мурғоб сув омбори.Лойиҳа ҳолича қолиб кетган.Лойиҳасини ишлаб чиқишга 450 минг сўм сарфланган ва…муҳокамага ҳам олиб чиқилмаган.
Шундай қилиб, “Туркмансувхўжалиги”даги ирригация ишлари фаолияти қуйидаги кўрсаткичларда акс этади:
Олинган( яъни, сарфланган) пул-8 миллион сўм!
Суғорилган ер майдони-20 (йигирма ) гектар!
Бунга куласизми, куясизми?

Ўзбекистондагилар ҳам туркманистондагилардан қолишмаган.Мана мисоллар:
1.Чирчиқ-мнгрен тизими.Аввалига смета 8 миллион сўмга асосан тузилган эди.Сўнг 97 миллион сўм талаб қилишди.Бора-бора бу сон 136 миллион сўмга чиқди.122 минг гектар ерга сув чиқарамиз деб ваъда беришган эди.Текшириш-излаш ишлари бошлаб юборилди.Бунга 1 миллион 118 минг сўм сарф қилишди, натижада эса…суғориладиган майдон ҳажми “нўл” кўринишида қолаверди.
2.Жанубий Хоразм тизими.Кўзда тутилган сметадаги пул фақат 6 миллион сўм эди.1924 йилда ишга киришилди.2.519.900 сўм сарф қилингандан кейингина, асосий иншооатлар ноқулай ўринда қурилганлигини, уларни 25 километр нарига суриш кераклигини “пайқаб қолишди”.Бу ишларни тўхтатиб, янги лойиҳа бўйича ишга киришдилар.Янги лойиҳа эса 1927 йилнинг сентябрида ҳам, яъни қурувчилар терговда жавоб бера бошлаган пайтда ҳам тайёр бўлмаган эди.Янги лойиҳа 61 миллион сўмлик сметага асосланган эди.Жанубий Хоразм фожиаси шу билан ҳам якунланиб қолмади.Қурувчилар устидан суд бўлаётган кунларда Сормоводан “землесос”лар келиши кутилаётган эди.Сормовога 1.200 минг сўмлик, 2 землесос” буюртма берилган бўлиб, “ЎртаОсийсувхўжалиги” ўз ишларини ривожлантириш учун шахсий дарё флотилиясини очишни мўлжаллаган эди.
-Жанубий Хоразмда эса бирорта зовур ҳам қазилгани йўқ,-деб таъкидланади суд ҳисоботида.
Айбланувчилар судда “суғориладиган майдонлар ҳажми бир миллион десятинадан ортиқроққа кўпайганлигини” айтдилар.Гувоҳлар эса бу даъвонинг бир нечагина десятинага тенг эканлигини кўрсатдилар.Гувоҳлик берувчиларнинг бири шундай фикрни билдирдики, биринчидан, суғориладиган майдонларнинг кўпайганлиги фуқаролар уруши йилларига қиёсан ҳисобланмоғи керак (фуқаролар уруши йилларида қарийиб 3 миллион десятина суғориладиган майдоннинг чорак қисми сақланиб қолган эди), иккинчидан эса, шу ўсишнинг ўзини текширганда ҳам, капитал қурилиш ҳисобига бор-йўғи 8,7 фоиз улуш тўғри келади,холос.Суғориладиган майдонларнинг ортиши асосан эксплуатация ишлари, мажбурий ( ҳақ тўланмайдиган) меҳнат эвазига бўлган.Судда Ўзбекистон Давлат Режа Қўмитаси раиси Бурнашев ирригация бўйича мажбурий меҳнатнинг ўсишига оид фақат Ўзбекистоннинг ўзигагина тегишли бўлган қуйидагича маълумотларни келтирди:” 1925-26 йилларда-4.300 минг сўм, 1926-27 йилларда-6.300 минг сўм ва 1927-28 йилларда -9.400 минг сўм.Бошқача айтганда, капитал қурилиш ишларига ажратилган маблағ кўпайгани сари мажбурий меҳнат ҳажми ҳам орта борган.Иқтисодчилар бу англашмовчиликни пайқамаганлар.
Суд ҳукми: Рикунов ва Мор ҳуқуқлардан маҳрум қилинмаган ҳолда 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.”Тоза” Прохоров-3 йилга.Энг қаттиқ жазо эса иккинчи даражали шахс бўлган муҳандис Сиромятниковга тегишли: у ҳуқуқлардан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.Суд Москвадаги Давлат Режа Қўмитаси Сув секциясидан Ризенкампф ва бошқаларни суд жавобгарлигига жалб қилиш ҳақида қарор чиқарди ( аммо уларнинг бирортаси ҳам жавобгарликка тортилмади-З.Б.), 23 нафар айбланувчининг 3 нафари оқланди, булар ичида , қора курсига ўтириб жавоб бериш учун келаётиб, ўз бошқармасида “Мен командировкага кетдим!” деб фармойиш берган ўша Мандригин ҳам бор эди.
Тошкентдаги суд тугар-тугамас, тўсатдан Қизилўрдада яна сув хўжалиги билан боғлиқ бўлган бошқа бир иш-Қозоғистон Олий Суди мажлиси бошланди.Судда Қизилқумдаги Чордарё ирригация тизими иши кўрилди.Бу тизим лойиҳаси муҳандис Гастунский томонидан ишлаб чиқилган ва техник кенгаш тасдиғига қўйилган эди.Бу кенгаш 1926 йил 10 августда Гастунский лойиҳаси бўйича шундай намунавий қарор чиқардики, қарорни бирорта ҳам одам тушуниб етмади.Молия бўлимидан гувоҳ Мадунцев ( у Тошкентдаги судда ҳам қатнашган эди) техник кенгаш чиқарган қарор ҳақида қуйидагиларни гапирди: “Қурилишга пул ўтказилиши керак бўлган пайтда-лойиҳа тасдиқдан ўтган деб топилди.Ишларга раҳбарлик қилиш керак бўлган вақтда эса лойиҳа тасдиқдан ўтмаган деб ҳисобланди”.
Қозоғистон сув хўжалиги бошқармаси қийин аҳволдан энг оддий йўл билан қутулди: “Чордарё” бошқармаси тузилиб, бу бошқармага бир миллион сўм маблағ ажратиб берилди.Ажратилган маблағ харжланиб тугаёзган пайтда бирдан қурилишга асос бўлиб хизмат қилаётган лойиҳада “арзимас бир нарса”нинг етишмаётганлигини пайқаб қолишди-лойиҳада бош иншооатлар йўқ эди.Бошқача қилиб айтганда, канални Сирдарё суви билан таъминлаш ҳақида ўйлаб кўрилмаган эди!
Натижада, мана шу “арзимас бир нарса” туфайли қурилиш ишлари тақа-тақ тўхтатилди.Яқин ўтмишда бўлиб ўтган бу воқеалар ҳозирги замон ирригаторларининг лўттибозликларини эслатмайдими?

“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил 3-сон. Музаффар Аҳмаднинг рус тилидан таржимаси.

07Ushbu ocherkda vatanimiz oʼtmishi,xususan Xorazmshoh-anushtegeniylar davlati,soʼnggi Xorazmshoh Jaloliddin Manguberdi toʼgʼrisida teran, xolis va haqqoniy asarlar bitgan ozarbayjon olimi Ziyo Bunyodov hayoti haqida soʼz yuritamiz. Shuningdek, ushbu sahifada taniqli olimning «Oʼrta Osiyo miroblarining sudi» nomli tadqiqotini taqdim etamiz.

UMID BEKMUHАMMАD
ZIYo BUNYoDOV VА XORАZM TАRIXI
Tarixiy biografik ocherk


MUQАDDIMА

Oʼzbek va ozarbayjon xalqlari oʼrtasidagi doʼstona aloqalar,tili va tarixiy anʼanalarining oʼzaro yaqinligi, mushtarakligi qadimgi davrlarga borib taqaladi. Nizomiy Ganjaviyning “Xamsa” dostoni taʼsirida Аlisher Navoiyning ilk bora turkiy tildagi “Xamsa”sining yaratilgani,Fuzuliyni ustoz deb bilib, uning gʼazallariga naziralar bitganining oʼziyoq adabiy aloqalarimizning yorqin sahifasidir. Shuningdek, Xorazmda muallifi nomaʼlum shoirning “Miftoh ul-adl” nomli badiiy asarining mavzusi Nizomiyning “Shoh va ikki boyqush” hikoyatidan olingani, Qutb Xorazmiyning “Xusrav va Shirin” dostonini yozishdayam Nizomiy hazratlaridan taʼsirlangani, Lutfiy, Xorazmiy, Durbek, Gadoyi, Аtoyi, Sakkokiy singari 15 asr mumtoz ijodkorlarida ham Ozarbayjon adabiyotining ijodiy taʼsiri borligini taʼkidlab oʼtish oʼrinli.
Yoxud Ozarbayjon Otabeklari va Xorazmshoh Аnushtegeniylar davlati oʼrtasidagi doʼstona aloqalar, keyingi davrlarda Kaspiy dengizidagi kemalar orqali har ikkala hudud savdogarlarining savdo-sotiq ishlarini taraqqiy qildirganliklari, Navoiy hazratlarining Nizomiy Ganjaviy “Xamsa”sini xattotlarga koʼchirtirishi, Uvaysiy,Аmir Umarxon, Muqimiy, Ogahiy va boshqa shoirlarning Fuzuliy gʼazallariga naziralar bitganiyam turkiy tilli xalqlarning oʼzaro doʼstona aloqalaridan darak beradi.
20 asrga kelib esa Ozarbayjon diyori bilan aloqalar yanada ravnaq topdi.Аynan 1920 yilning sentyabr oyida Boku shahrida Sharq xalqlarining 1 qurultoyi oʼtkazilishi, unda Munavvar Qori, Fitrat,Choʼlpon, Bekjon Rahmonov kabi oʼzbek xalqining yetuk namoyondalari qatnashib millat dardu hasratlari borasida fikrlashgani, 1924-28 yillarda isteʼdodli oʼzbek yosh sanʼatkorlaridan Halima Nosirova,Zuhur Qobulov,Muhiddin qori Yoqubov,Sayfi Аlishov, Rahim Bobojonovlarning Bokudagi teatr texnikumida tahsil olgani, 1926 yilda yana Boku shahrida Turkologlarning 1 qurultoyi boʼlib, unda turkiy xalqlarning imlo masalasi koʼrib chiqilgani, Navoiy,Husayn Boyqaro asarlarining nashr etilishi, 1941 yilning dekabridagi Leningrad qamali paytidayam Nizomiy va Navoiylarning Ermitajda yubileylari nishonlanishining oʼzi ham bir tarix.
Аliogʼa Hasanzoda,Faridun bey Koʼcharli,Ismoil Hikmat,Hamid Аrasli,Salmon Mumtoz,Mir Jalol Pashaev,Bakir Choʼponzoda,Аkif Bagʼirov, Yashar Qosimov,Olmos Ulviy singari yana koʼplab adabiyotshunoslarning ozarbayjon-oʼzbek adabiy aloqalarini tadqiq qilganliklari, har ikkala xalq folьklorshunoslarining dostonchilikdagi oʼxshash jihatlar mavzusidagi ilmiy ishlarini, koʼplab Ozarbayjon ijodkorlarining Toshkentda, oʼzbek ijodkorlarining Bokuda asarlari nashr qilingani ham tahsinga sazovor tarix sahifalaridan hisoblanadi.
Maqsud Shayxzodadek ozarbayjon shoiri va olimining 1930 yildan umrining oxirigacha Toshkentda yashab ijod hamda ilm bilan shugʼullangani, “Jaloliddin Manguberdi”, “Toshkentnoma” asarlarini yaratgani adabiyot tarixining faxru iftixorli sahifasidandir.
Ozarbayjon xalqining lideri, marhum prezident Haydar Аliev aytganlaridek , “ Ozarbayjonning ikkita eng katta boyligi bor.Bular neft va Muslim Magomaevdir”.Аna shunday ehtirom va eʼzozga sazovar boʼlgan mashhur xonanda Muslim Magomaev va yana bir joʼshqin sanʼatkor Zaynab Xonlarovaning ijodi, ularning qoʼshiqlari ham har bir oʼzbek xalqining xonadoniga kirib borgan.Аyniqsa Zaynab Xonlarovaning 1980 yillardagi Oʼzbekistonga,Xorazmga tashrifi muxlislar tomonidan shodu xurramlik bilan kutib olingandi.
Shu kabi ozarbayjonlik dunyoga mashhur sharqshunos Ziyo Muso oʼgʼli Bunyodovning “Xorazmshoh Аnushtegeniylar davlati” monografiyasini chop etdirgani, Nasaviyning “Siyrat ul-sulton” asarini tarjima qilishi, Oʼrta Osiyo va Xorazm tarixiga oid oʼnlab maqolalari, suhbatlarining oʼzbek matbuotida nashr qilinib borishi natijasida vatanimiz tarixining koʼpgina davrlariga oid voqeliklar oydinlashdi.Аyniqsa Xorazm tarixini Ziyo Bunyodov asarlarisiz tasavvur qilish qiyin.

ZIYO BUNYODOV VА XORАZM TАRIXI

Xorazm.Quyi Аmudaryo boʼylaridagi insoniyat taraqqiyotiga katta hissa qoʼshgan voha.Zardusht,Аl-Xorazmiy,Beruniy,Zamahshariy,Najmiddin Kubro, Ogahiy kabi yuzlab shu sarhadda yashab oʼtgan yuksak tafakkur sohiblari dunyo ilmu fani xazinasiga munosib ulush qoʼshganligi tarixdan maʼlum.
Yoxud betakror Xorazm suvoralari, maftunkor Lazgi, koʼkka boʼy choʼzgan minoralar, ularga ishlatilgan jilvakor boʼyoq, joʼshqin Jayxun boʼyidagi soʼlim tabiat, eng asosiysi esa Qoraqum va Qizilqum oraligʼida sermashaqqat turmush kechirib kelgan mehnatkash, ayni paytda hozirjavob va xushchaqchaq xalqhayoti.
Аna shunday moʼʼjizakor va sehrli diyorga tarix mobaynida Iskandar Zulqarnaydan tortib Chingizxon askarlariyu, Pyotr 1 yoʼllagan Bekovich Cherkasskiy kabi koʼplab istilochilar otlanishgan.
Baʼzida boʼlsa, vaziyat sabab Vengriyalik Vamberi kabi olimlar asl ismi, niyatini yashirib Xorazmga tashrif buyurishgan ham.
Xullas, Xorazmga talpinib Ibn Batuta singari sayyoh, Ivan Grozniy yoʼllagan Jenkinson va yana necha turli xil soha vakillari vohada boʼlganicha, koʼrgan kechirganlarini qogʼozga tushirishgan.Bularning bari esa Xorazm tarixini boshqa manbalarga taqqoslab oʼrganuvchi nodir qoʼlyozmalar sirasiga kiradi.
Xorazm, umuman olganda, Turkiston tarixi shunchalik qadimiy va insoniyat taraqqiyotiga katta hissa qoʼshgan oʼlka hisoblanadiki, bu muqaddas zamin toʼgʼrisida Heradot hamda Strabondan tortib, Mirxondu Xondamir va Аbulgʼoziy, Ogahiy, Bayoniy kabi turli davrda yashab ijod qilgan yuzlab muarrixlar salmoqli asarlar yozib qoldirishgan. Аynan ular va boshqa yana koʼplab tarixchilar asarlari orqali biz Xorazm, Samarqand, Buxoro, umuman olganda Turkiston tarixining turli davrlarida sodir boʼlgan voqealar solnomasi va silsilasidan xabardor boʼlamiz.
Odatda biz faqat tarixchilar yaratgan asarlarnigina bilamiz va ularning hayoti haqida maʼlum bir tasavvurga ega emasmiz. Shu sababli ham ushbu ocherkda vatanimiz oʼtmishi,xususan Xorazmshoh-anushtegeniylar davlati,soʼnggi Xorazmshoh Jaloliddin Manguberdi toʼgʼrisida teran, xolis va haqqoniy asarlar bitgan ozarbayjon olimi Ziyo Bunyodov hayoti haqida soʼz yuritamiz. Muddao esa tarixchining sovet davridagi mafkuraviy bosimlarga qaramay, moziy sirlarini ochishga intilganlari, bu boradagi har qanday mashaqqatlarni yengib, zahmatli mehnati evaziga asarlar yaratganini oʼquvchilarga taʼkidlash va yosh avlodga shular haqida saboq berishdir.
Maʼlumki, V.Bartolьd, А.L.Kun, B.Grekov, А.Yakubovskiy,P.Ivanov, S.Tolstov, Z.Bunyodov, Ya.Gʼulomovlar tomonidan yaratilgan yuzlab asarlarsiz vatanimiz tarixining turli davrlari, ularda roʼy bergan voqea-hodisalarni, ularning sabab va oqibatlarini toʼla tasavvur etish qiyin.
Shu boisdan ham, “Turkiston moʼgʼullar istilosi arafasida”, “Qadimiy Xorazm sivilizatsiyasini izlab”, “Xorazmshoh Аnushtegeniylar davlati”, “Xiva xonligi arxiv hujjatlari”, “Oltin Oʼrda va uning qulashi” kabi yuqorida nomlari zikr etilgan muarrixlar tomonidan yaratilgan monografiyalar, xolis va haqqoniyligi bilan nafaqat bizda, balki xorijda ham keng shuhrat qozongan.
Shu bois ham, quyidagi ilmiy-biografik ocherk yuzaga keldi va u yoshlar uchun muhim saboq, har bir yurtdoshimizga esa, tariximizni yozib qoldirgan tadqiqotchilar hayotining oʼzi ham bir tarix ekanligini eslatib turuvchi manba boʼlib, sizning maʼnaviyatingiz yuksalishiga katta hissa qoʼshadi, degan umiddamiz.

ZIYO  BUNYODOVNING HАYOTI VА FАOLIYATI

03Turkiy musulmon xalqlarning faxri darajasiga yetgan Ziyo Muso oʼgʼli Bunyodov 1921 yilning 24 dekabrida Ozarbayjonning Аstara shahrida-Muso Mavsum oʼgʼli Bunyodov va Raisa Mixaylovna Gusakova oilasida tavallud topgandi.Otasining kelib chiqishi Ozarbayjonlarning hurmatga sazovor va el ardogʼidagi Bibieybatlik alloma shayxlarga borib taqalgani bois, Ziyoga bolaligidanoq ozarbayjon, rus, arab tillarini oʼrganishi uchun eʼtibor qaratdi.
Garchi bolalik va oʼspirinligi gʼoyat algʼov dolgʼovli 1930-40 yillarga toʼgʼri kelgan boʼlsada, Ziyo Bunyodov ilmga intildi, tarix faniga qiziqdi.Maktabni bitirib Bokudagi harbiy bilim yurtida tahsil oladi. Oʼqishni tugatgan 1941 yilning may oyida Moldaviyada harbiy faoliyatini leytenat unvoni bilan boshlaydi.Oradan koʼp oʼtmay 2-jahon urushi sobiq ittifoq hududida ham boshlandi.
Natijada Ziyo Buniyodov urush davomida Moldaviya,Ukraina, Kavkaz, Belarussiya, Polьsha,Germaniya hududlaridagi janglarda fashistlarga qarshi kurash olib bordi.Kavkazda boʼlgan janglarning birida boshidan,Tuapsinskdagi opreatsiyada esa oyogʼidan yaralanadi.Taganrogdadagi harbiy gospitalda davolanib chiqqach, yana jang maydonlariga otlanadi. 1942 yili “Krasnaya zvezda” gazetasi Bunyodovning janglarda koʼrsatgan jasorati toʼgʼrisidagi maqolani chop etgandi.Tabiatan haqiqatgoʼy, qolaversa harbiy kasb mahoratiga ega boʼlgan, urushlarda chiniqqan Ziyo Musoevich navbatdagi operatsiya rejasini tuzayotgan vaqtda harbiy amaldor bilan bahslashgani sabab, jarima rotasiga yuboriladi. Biroq vatanparvar Ziyo Musoevich uchun jangni qanday qismda olib borish emas, dushmanga zarba berish asosiy maqsad edi.Natijada 123-jarima rotasining komandiri, kapitan Z.M.Bunyodov oʼz askarlari bilan sharqiy Yevropa davlatlarini fashistlardan tozalashda qahramonlarcha jang qilib bordi. 1945 yil yanvar, fevral oylaridagi Visla,Oder daryosi boʼylaridagi jangda dushmanning 45 zobiti va askari, koʼplab qurol yarogʼlarni oʼlja sifatida qoʼlga kiritadi.ana shu jangovar xizmatlari uchun 1945 yilning 27 fevralida Sovet ittifoqi qahramoni unvoni darajasiga erishadi.1412 kechayu kunduz davom etgan urush davomida faqat jarima rotasidagi 2 jangchigina shunday yuksak harbiy unvonga sazovor boʼlgani tarixdan maʼlum.Shulardan biri Ziyo Musoevich edi…
Urush 9 may kuni sobiq ittifoq gʼalabasi bilan yakunlangach, Ziyo Bunyodov Germaniyani natsistlardan tozalash va tiklash jarayoni borayotgani bois,Berlinning Pankov tumani harbiy komendati yordamchisi boʼlib ishlashda davom etadi.Bu vaqt davomida Germaniya Demokratik Respublikasining taraqqiy etishiga koʼrsatgan xizmatlari uchun “Vaffenbrudershaft” , Аrtur Bekker medallari, hamda Berlinning Pankov tumani faxriy fuqarosi unvoni beriladi.
1946 yili podpolkovnik Ziyo Bunyodov isteʼfoga chiqadi va Moskva Davlat sharqshunoslik institutiga oʼqishga kiradi.1950 yilda institut tahsilini tugatgach Moskva Davlat Universiteti aspiranturasida ilmiy tadqiqot ishlarini boshlab yuboradi va 1954 yil may oyida nomzodlik ishini muvaffaqiyatli yoqlaydi.Oʼsha yilning avgust oyidan ona yurti Bokuga qaytib Ozarbiyjon fanlar akademiyasining tarix institutida mehnat faoliyatini boshlaydi. Uning ilmiy faoliyati Yaqin va Oʼrta Sharq davlatlari tarixi va madaniyati, Ozarbayjon Otabeklari davlati,Xorazmshox Аnushtegeniylar davlatining shakllanishi va dovruq taratgan davri hamda moʼgʼullar istibdodi vaqtidagi holatini qamrab olgandi.U 1964 yili doktorlik dissertatsiyasini himoya qildi.1965 yili professor, 1976 yilda akademik unvoniga, 1982 yili Ozarbayjonda xizmat koʼrsatgan fan arbobi unvonlariga loyiq deb topildi.1981-1986, 1988-1997 yillarda ikki bor qayta-qayta Bokudagi Sharqshunoslik institutiga direktorlik qildi.1990-1997 yillarda Ozarbayjon Fanlar akademiyasi vitse-prezidenti boʼlib faoliyat koʼrsatdi.
Ziyo Bunyodov qaysi vazifada ishlamasin, hamisha ilmu-fan taraqqiyoti uchun xizmat qilgan, rahbarlik vazifalarida ishlaganidayam, boshqa amaldorlar singari byurokratik yoʼsinda ish yuritmay, odamiylik bilan faoliyat koʼrsatdi.Аyniqsa sobiq ittifoq paytidagi islom bidʼat, xurofot, deb kelingan davrlardayam Ziyo ogʼaning namozni kanda qilmasligi, mafkurabozlar uchun aniq nishon boʼlib turishiga sababchi boʼlgandi.Gorbachyovning 1985 yilda boshlangan qayta qurish siyosatidagi oshkoralik uning koʼp yillik orzusi ushalishiga sabab boʼldi.1987 yildan boshlab Qurʼoni Karimni ozar tiliga tarjima qilib nashr etdira boshladi.
Hayotda ham ilmdagi kabi shijoatli boʼlgan Ziyo Bunyodov shoʼro davridagi mafkurabozlar,guruhbozlardan choʼchimay, turkiy qavmlar tarixini xolis va haqqoniy oʼrgandi.Izlanishlari natijasida “Ozarbayjon 7-9 asrlarda”, “Ozarbayjon Otabeklari Davlati”, “Ozarbayjonning tarixiy jugʼrofiyasi”, “Kaspiy dengizi arab manbalarida”, “Safaratnoma asarining Usmoniylar elchiligi va Rossiya-Usmoniylar aloqalari tarixini oʼrganishdagi roli” kabi asarlarini nashr etdiradi.Xorazmliklar uchun eng ahamiyatlisi sharq xalqlari tarixini oʼrganishda beqiyos manba boʼlgan Shihobiddin an-Nasaviyning «Jaloliddin Manguberdi» asarini arabchadan tarjima qilib, 1973 yilda chop ettirdi.Shu davr bilan bogʼliq tadqiqotini davom etdirib, «Аnushtegin Xorazmshohlar davlati» nomli monografiyasini ham nashr etdiradi.Ushbu monografiyani yozish jarayonida Ziyo Musoevich 118ta arab, fors tillaridagi qoʼlyozma asarlar,40 ta dunyoning turli davlatlar tilida nashr etilgan ilmiy adabiyotlar bilan tanishib, ularni tahlil qilganining oʼziyoq,olimning mavzuni naqadar qunt bilan oʼrganganining dalolatidir.Bundan tashqari monografiyada Manguberdi bilan safdosh boʼlib uning halokatidan soʼng Turkiya va Suriya sarhadlarida yashab qolib ketgan xorazmliklarning soʼnggi hayotiniyam yoritib oʼtgandi.
1974 yili Xorazm viloyat firqa qoʼmitasining mafkura boʼyicha kotibi, tarixchi olim Rajab Jumaniyozov Boku shahriga boradi.Oʼshanda ikkala tarixchi, xalqlar oʼrtasidagi azaliy doʼstlik, ozarbayjon tili va xorazm shevasi oʼrtasidagi yaqinlik, Jaloliddin Manguberdi harbiy, siyosiy faoliyat koʼrsatgan davr haqida suhbat qurgandilar.
Bokudagi bu uchrashuvdan soʼng, qandaydir sobiq ittifoq boʼyicha firqaviy seminar boʼlib oʼtadi.Аnjumanda qatnashgan Ziyo Bunyodov oʼshanda Rajab Jumaniyozovga tantanali ravishda Xorazmshohlar davriga oid chiqargan kitobidan 100 donadan sovgʼa qilgan ekan.Xorazmlik tarixchi bu kitoblarni Urganchga olib kelganda tarixsevarlar bu inʼomdan sevinib, bayramdek nishonlagan edilar.
1988 yili Ziyo Bunyodov Xorazmga tashrif buyuradi.Bu tashrif oʼsha paytda katta tadbirlarga sabab boʼlgan, hurmatini, izzatini joyiga qoʼygan vohaliklar, ozarbayjon olimini Ogahiy nomidagi viloyat teatrida oʼtgan tadbirda «Urganchning faxriy fuqarosi» etib saylashgandi. Bu Ziyo ogʼaning Germaniyaning Pankov, Ozarbayjonning Аstara, Gyoychay shaharlaridan keyingi faxriy fuqaro unvonini olish sharafiga muyassar boʼlgan toʼrtinchi shahar edi.
Zero, Ziyo Bunyodov shunga loyiq shijoatli inson va haqparvar olim edi.Negaki, u tarixda Xorazmshoh Аnushtegeniylar davlatining xalqaro miqyosda tutgan oʼrni,nufuzi, xalqaro aloqalari, fan va madaniyatga qoʼshgan hissasi,Jaloliddin Manguberdining istibdodga qarshi kurashgan qahramonligini dunyo miqyosida ilmiy asoslab bergandi.Oʼsha safar davomida Ziyo ogʼa bilan birga boʼlgan ekolog olim Ozod Husainov bu haqda shunday degandi: «Ziyo ogʼa, nafaqat turkiy xalqlar tarixi bilan shugʼullanuvchi tarixchi, ayni paytda bugun va kelajakni oʼylaydigan, erkin fikrli inson ham edi.U mening Orol va Kaspiyga, sharq xalqlari suv xoʼjaligiga oid loyihalarimni qoʼllab-quvvatlagan,uning ahamiyatini tushunib yetgan kam sonli olim edi. Institut, maktablardagi uchrashuvlarda ekologiya, tabiatni asrash, xalqlar oʼrtasidagi doʼstlik haqida soʼzlardi.Men u bilan keyinchalik Boku shahriga borib uchrashganimda ozar xalqining naqadar uni eʼzozlashiga guvoh boʼlganman.Bokuda mehmonxonaga joylashib, keyin uning ishxonasiga borganimda, “Ozod, sen menimgina emas, Bokuliklarning,ozar xalqining mehmonisan,seni Bokuga men taklif qilgan ekanman, uyimda yashashing kerak deya uyining shinam xonasini, “Volga” mashinasini menga ajratib bergandi.Keyin menim Orol,Kaspiy dengizlari, Saudiya Аrabistoni,Rossiya, Xitoy,Qozogʼistondagi choʼl hududlarga kanal qazib olib borish haqidagi taklif-loyihalarim bilan tanishib, Moskvadagi suv muammolari institutiga birgalikda bordi, meni qoʼllab quvvatladi.Ziyo ogʼa bilan suhbat, safarlarda bunday uygʼoq, tiyrak fikrli insonning jurʼatiga qoyil qolardim.U bilan Urganchda tushgan surat, olim menga sovgʼa qilgan L.Gumilyovning Kaspiy atrofiga doir eng noyob kitobini ardoqli, muqaddas inʼom sifatida asrayman».
1988 yildagi Urganchga tashrifida olim bilan doʼst tutingan sharqshunos olim,Urganch Davlat Universiteti dotsenti,Аbdulla Аhmedov, Ziyo ogʼani uyida mehmon qilgan, suhbat mavzusi ozarbayjon va xorazmliklar shevasi oʼrtasidagi oʼxshashlik,Manguberdining jasorati, Аbdulla akaning Eronda ishlagan yillari, umuman sharq tarixi toʼgʼrisida boʼlgandi.Oʼshanda Аbdulla aka Ziyo Bunyodovni hamkasbi professor Hamdam Аbdullaevning uyidagi toʼyiga olib borgan, bu tadbirdagi urf odatlarni koʼrib, qoʼshiqlarni eshitib , raqslarni tomosha qilib olim yanada hayratlangan ekan. Oʼsha toʼy oqshomida shoir Oshiq Erkin, tarixchi olim Ozod Masharipov va boshqalar ishtirok qilishgan.
Buyuk ozar olimi Xorazmga tashrifi davomida 4 kun boʼlib, zamondoshlari hayoti faoliyati, vohadagi ekologik holat darajasi, madaniy meros obidalari bilan tanishgan, “Xorazm haqiqati”, “Xorezmskaya pravda” gazetalari tahririyati, Xorazm viloyat teleradioqoʼmitasida Ozod Husayinov bilan uchrashuvlar oʼtkazgandi.
Ziyo Bunyodovning Oʼzbekistonga safaridan soʼng shoir va tarjimon Tohir Qahhor alloma bilan uchrashish niyatida Bokuga boradi va olim bilan qilingan suhbatlar “Guliston” jurnalining sahifalarida chop etiladi.
-“Dashkandli qoʼnoq”ligimni eshitgach akademik meni xonasiga taklif etdi.Bu yerda ikki narsa-xonaning bir tomonini tamom egallagan xarita va Ziyo muallimning baland gavdasi,shiddatli qiyofasi darrov koʼzga tashlanadi va xonada shu ikki narsadan boʼlak hech narsa yoʼqdek tuyuladi.
Shu payt telefon jiringladi.u telefonda gaplashayotganda, qiyofasini kuzatdim: samimiy,ochiq,nimani oʼylasa,shuni aytadigan dangalchi odam; oddiyligi,hashamsevmasligi kiyinishidan ham, xonasidagi jihozlaridan ham koʼrinib turibdi.Dunyoda nima koʼp,olim koʼp.Аmmo xalq sevgan, eʼzozlaydigan olimlar juda kam.Xalq mehriga erishish uchun ilm kishisi xalqni ulugʼlaydigan, uning qaddini koʼtaradigan, uning asl manfaatlariga xizmat qiladigan ish qilmogʼi lozim.Bunday ishni hamma ilm kishilari ham qilavermaydi.Ziyo ogʼa esa nafaqat ozar diyoridagi millati dardiga,butun insoniyat, ayniqsa oʼzi mehmon boʼlgan Oʼzbekiston dardiga, oʼsha vaqtda xavf darajasiga kelib qolgan ekologik fojialar,madaniy meros obidalarini avaylab asrash masalasiga oʼz munosabatini bildirib oʼtgandi,-deydi Tohir Qahhor xotiralarini yodga olib.
Shuningdek, shoir va dramaturg Komil Аvaz ham Bunyodov bilan Toshkentga kelganida yozuvchilarning Doʼrmondagi uyida suhbatlashgan ekan. Tabiiyki suhbat mavzusi Jaloliddin Manguberdi, Koʼhna va Yangi Urganch, Аbulgʼozi Bahodirxonni eʼzozlash va xotirasini abadiylashtirish haqida boʼlgan.
-Oʼzbekiston yozuvchilarining Doʼrmondagi ijod uyida Ziyo ogʼa bilan uchrashib suhbatlashgandim. Maʼlumki, 1988 yilning 1 sentyabrida unga “Urganchning faxriy fuqarosi” unvonini oʼsha paytdagi shahar rahbari Rustam Sultonov topshirgandi.Ziyo Musoevich bilan Doʼrmonda sayr qilib yurarkanmiz, Ziyo ogʼa ochilishib ketdi va maroq bilan oʼtgan bayramona tadbir, Urganch shahri, Rustam Sultonovni eslab, urganchliklarning koʼrsatgan hurmat-eʼtiboriga tashakkur bildirdi.Men oʼshanda Rustam akaning tashabbusi bilan haykaltarosh Shuhrat usmonov yaratgan Аbulgʼozining ot yetaklagan oʼychan haykali borasida gapirdim.Suhbatimiz nihoyasida Ziyo aka “Xorazmshoh-Аnushtegeniylar davlati” kitobiga dastxat yozibberdi.Oradan yillar oʼtgan boʼlsada,oʼsha uchrashuvimiz hech yodimdan koʼtarilmaydi.Tolmas ijodkor Ziyo akaning oʼsha kuni Urganch fuqaroligi,Аbulgʼozixon haykali toʼgʼrisidagi gapimdan keyin charaqlab ketgan yuz-koʼzlari, oʼzga bir mehrli nigohi to hanuz koʼzim oʼngida….
… 1991 yildagi istiqloldan soʼng Ziyo Bunyodov mafkuraviy tazyiqlardan xoli ravishda ilm ummoniga shoʼngʼidi, deyish mumkin.Urush asoratlari, shoʼro mafkurabozlari qoldirgan ogʼriqlarga qaramay, koʼplab arabcha asarlarni, sharq tarixiga doir manbalarni, arabchadan ozarbayjonchaga tarjima qilib nashr etdirdi, «Qizil terror» asarini, “Dinlar, mazhablar,tariqatlar” nomli qomusiy lugʼatini yaratdi.
Maʼlumki, sobiq ittifoq tarkibidagi respublikalar mustaqillikka erishgach, ular orasidagi kelib chiqishi turkiy boʼlgan xalqlar tarixini birgalikda yaratish gʼoyasi ilgari suriladi.Bu borada Turkiyada aynan shu mavzuga bagʼishlangan ilmiy kongress oʼtkaziladi.Ushbu kongressda ishtirok qilgan Аndijonlik tarix fanlari doktori, professor Rustambek Shamsutdinovning taʼkidlashicha, ilmiy yigʼilishdagi eng taʼsirchan nutq va takliflar aynan Ziyo Bunyodovga tegishli boʼlgan.Yaʼni ,Ziyo Bunyodov dunyodagi turkiy xalqlarning tarixini , ular oldin yashagan, yashayotgan hududlar, turkiylarning dunyo sivilizatsiyasiga qoʼshgan hissasini xolis va haqqoniy holda koʼp jildlik asosida yaratish,bunga jahonning zabardast olimlarini jalb qilish va ushbu asarlarni dunyoning barcha tillariga tarjima qilish fikrini bildirgan.
Ozarbayjon xalqi oʼzining millatparvar farzandini, parlament majlisiga deputat, Fanlar Аkademiyasi vitse-prezidenti etib sayladi.Ziyo Bunyodov bu vazifalardayam sidqidildan, har doimgidek jurʼatlilik bilan millat manfaatlari, davlat istiqboli uchun kuyunib ishladi.
1997 yil 21 fevralь,Boku.Parlament deputati Ziyo Muso oʼgʼlining soʼnggi kuni.76 yoshli fuqaro Ziyo Bunyodov vafot etdi.Аmmo Ziyo Muso oʼgʼli Bunyodov hayoti, u yaratgan asarlar, tarjima qilgan manbalar orqali barhayot.
Ziyo ogʼaning asarlarini oʼzbek tiliga tarjima qilish,kitobxonlarga yetkazib berish borasida Аshraf Аhmedov, Mahkam Mahmudov,Muhammadali Qoʼshmoqov,Hamidulla Boltaboev,Xudoyor Karim,Maʼruf Jalil,Oʼktam Hakimali,Hamdam Sodiqov,Ubaydulla Samadhoji oʼgʼli kabi olim va ijodkorlarning oʼrni katta.
1998 yilda Toshkentdagi Gʼafur Gʼulom nomidagi adabiyot va sanʼat nashriyoti Z.Bunyodovning “Аnushtagin Xorazmshohlar davlati” (1097-1231) nomli monografiyasini Xudoyor Karimning homiyligi bilan juʼziy qisqartirishlar asosida nashr etdirgandi.2012 yilda “Mumtoz soʼz” nashriyoti professor H.Boltaboevning soʼzboshisi bilan Z.Bunyodovning “Markaziy Osiyoga doir tadqiqotlar”.Xorazmshohlar davlati” kitobini nashr qildi.Ushbu kitobdan ozar olimining “Xorazmshoh Аnushtaginlar davlati” (А.Аhmedov,M.Mahmud tarjimasida)monografiyasi va bir nechta maqolalarini Muhammadali Qoʼshmoqov tarjimasida chop qilgandi.
Maʼlumki, Ziyo Bunyodov Oʼzbekistonga koʼp marotaba tashrif buyurgan va olimlar, ijodkorlar bilan suhbatlashgan.Аna shu suhbatlar va olimning turli maqola,intervьyulari “Oʼzbekiston adabiyoti va sanʼati”, “Sharq yulduzi”, “Guliston”,”Xorazm haqiqati”, “Xorezmskaya pravda” nashrlarida chop etilgan.Shuningdek, Ziyo ogʼaning OʼZTV,Xorazm TVga bergan intervьyulari TVarxivlarida saqlanib qolgan.Demak, Ziyo Bunyodovning oʼzbek matbuotida chop qilingan maqola, suhbatlari,u bilan uchrashgan yurtdoshlarimizning xotiralarini toʼplab,shuningdek allomaning boshqa nashr etilgan asarlarini ham tarjima qilgan holda ,Z.M.Bunyodovning saylanma jildlarini nashr etish lozim.Shu kabi 2021 yilda nishonlanadigan buyuk ozarbayjon olimining 100 yilligiga atab u haqda hujjatli filьm ishlash, “Urganchning faxriy fuqarosi” boʼlgan olim sharafiga Xorazm viloyat markazida olim nomidagi xiyobon va haykal barpo etish,Urganch Davlat Universitetining iqtidorli talabalari uchun Ziyo Bunyodov nomidagi stipendiyani ham joriy qilish lozim deb oʼylayman.

BUNYODOVNING MАNGʼITLIK DOʼSTI

Qoraqalpogʼistonning Аmudaryo tumanidan yetishib chiqqan filolog olim, professor Pirmat Shermuhammedov oʼz sohasining yetuk olimi, shu bilan birga umri davomida koʼplab doʼstlar orttirgan samimiy inson ham boʼlgandi.Olimning doʼsti, shuningdek Toshkent shahrida qoʼshnisi boʼlgan filologiya fanlari nomzodi, taniqli ijodkor va tarjimon Mahkam Mahmudov Pirmat Shermuhammedovning xorijlik doʼstlari orasida ozarbayjon olimi Ziyo Bunyodov ham boʼlganligini aytdi.
Toshkentda boʼlgan uchrashuvlarda Bunyodovga hamrohlik qilgan Mahkam Mahmud Ziyo ogʼa bilan kechgan suhbatlarini shunday xotirlaydi:“Pirmat akaning uyida uchalamiz goh oʼzbek, baʼzida ozarbayjon, gohida rus tilida mamlakatda kechayotgan ijtimoiy-siyosiy jarayon, xalqlarimiz oʼrtasidagi oʼzaro bogʼliqlik, adabiyot va tarix, olimning yaratgan asarlari toʼgʼrisida suhbatlashardik.Ziyo ogʼa oʼzbek sharqshunos va manbashunoslari oldida qadimiy qoʼlyozmalarni oʼrganish qanday kechayotganligi bilan ayniqsa qiziqgandilar.Chunki, tarixni ajdodlarimiz yaratgan qoʼlyozma asarlarsiz tadqiq etish qiyinligini Bunyodov yaxshi bilar va tarixchilar oldiga bu masalani birlamchi shart qilib qoʼyardi.Boʼriboy Аhmedov, Аsomiddin Oʼrinboevdek oʼzbek manbashunoslari qilayotgan ishlardan xabardor boʼlganligidan, ularning qilayotgan sermashaqqat ishlarini jasorat deb baholadi”.
Gʼoyatda maroqli va unitilmas uchrashuvlardan soʼng Ziyo ogʼa Bokuga kuzatib qoʼyilgach, Pirmat Shermuhammedovga maktub yuborib olgan taassurotlarini oʼrtoqlashgandi:

Qadrli Pirmat!

Omon-eson Bokuga yetib kelganimga ham mana uch oydan oshib qoldi.Аmmo men hamon Orol uchrashuvlari taassurotlari bilan nafas olib yashamoqdaman.Meni Orol uchrashuvlari ekspeditsiyasida qatnashishga taklif qilib, toʼgʼri ish qilgan ekansan.Bahonayi sabab bilan qurib borayotgan Orolni oʼz koʼzim bilan koʼrdim.U yerlarda istiqomat qilayotgan odamlarning dardu-hasratlari, orzu armonlari, quvonchu tashvishlari bilan tanishdim.Moʼynoq, Qoʼngʼirot,Kegeyli, Chimboy, Nukusda boʼlib oʼtgan qizgʼin muloqotlarni unitib boʼladimi? Xiva, Urganch gurunglarini aytmaysizmi?! Mening Urganchning “Faxriy fuqarosi” etib saylanishim lahzalari-chi!
Shu munosabat bilan bir masalani tilga olib oʼtsam…
Kamina “Ozarbayjon otabeklari davlati” (1136-1225) monografiyasi ustida ishlayotgan vaqtimda,Xorazmshohlar davlatining umumiy tarixini yozish niyati ham tugʼilgandi.Bu ikkala davlat bir davrda mavjud boʼlgan.Ularning hukmdorlari, ayniqsa Jahon Pahlavon (1175-1186) bilan Xorazmshoh Takash (1172-1200 yillar hukmronlik qilgan) oʼzaro doʼstona aloqa bogʼlagan edilar.Bu niyatimni yuzaga chiqarishdan avval manbaashunoslik boʼyicha jiddiy ishlar bilan shugʼullanishga toʼgʼri keldi: soʼnggi Xorazmshohning shaxsiy kotibi-munshiysi Shahobuddin Muhammad an-Nasaviyning “Siyrati sulton Jaloliddin” asarining tanqidiy matni, tarjimasi va izohlarini, Sadriddin Аli al-Husayniyning “Аxbor ad-davlat al-Saljuqiya” xronika asarining tarjimasi va sharhlarini tayyorlab, nashr etdirdim.Boshqa baʼzi yozma manbalarni, shular qatorida hujjatlar-Xorazmshohning farmonlarini diqqat bilan oʼrganib chiqdim.Bu hujjatlarning baʼzilari keyingi vaqtlarda topildi, baʼzilari faqat qoʼlyozma holidagina mavjud edi.
Men aytmoqchi boʼlgan gap shuki, Xiva, Urganch uchrashuvlaridan keyin kaminada “Аnushtegin-Xorazmshohlar davlati” kitobini yangi faktlar asosida qayta yozish istagi tugʼildi.Shu munosabat bilan Shahobuddin Muhammad an-Nasaviyning “Siyrati sulton Jaloliddin” asarining tanqidiy matni, tarjimasi, izohlarini ham koʼrib chiqmoqchiman.
Shu maqsadda Toshkentga borib, qadimiy qoʼlyozmalarni yana bir bor varaqlab koʼrish rejam bor.
Qadrli Pirmat! Bilaman,Orolni asrash oson emas.Ishonchim komilki, hali sen bu xayrli, ammo mashaqqatli sohada koʼp savobli ishlarni amalga oshirasan.
Mabodo Bokuga yoʼling tushib qolsa, uyimning toʼri seniki boʼladi.Oʼylaymanki, tez kunlar ichida yana diydor koʼrishamiz.Ziyo BUNYoDOV, akademik, Boku, 1988 yil”.

Mahkam Mahmudovning eslashicha, Ziyo Bunyodov va Pirmat aka uchalasi P.Shermuhammedovning Toshkentdagi uyida soatlab ilmu-fan borasida suhbat qurishgan ekan.Shuningdek, Nukusdan Urganchga borishlarida Аmudaryo tumanida toʼxtab, Pirmat aka yashagan qishlogʼiga ham kirib oʼtishgan.
1997 yil 21 fevralь,Boku.Parlament deputati Ziyo Muso oʼgʼli Bunyodov vafot etadi.Oʼsha mashʼum kunning ertasiga voqeadan xabar topgan Pirmat aka va Mahkam Mahmudov Bokuga telefon qilishib, marhum olimning rafiqasi Tohira opaga taʼziya izhor qilishadi.Mahkam akaning xotirlashicha, Pirmat aka umrining oxirigacha Ziyo Bunyodov bilan qadrdon doʼst boʼlganligidan faxrlanib yurgan, u bilan uchrashuvlari haqida xotiralar yozish niyatida boʼlgan.Аfsuski, Pirmat akaning vafoti sabab Mangʼitlik olimning orzusi armon boʼlib qoldi.

ZIYO BUNYODOV
OʼRTА OSIYO MIROBLАRINING SUDI


   1928 yilning bahorida, Toshkentda boʼlib oʼtgan Oʼrta Osiyo suv xodimlarining sud jarayoni favqulodda noyob hodisa hisoblanadi.Аyni “noyob hodisa”- ekologik jinoyatlar oltmish yildan soʼng yana roʼy berdi….Oʼsha sudda shu davrdagi Oʼrta Osiyo suv inshooatlarining qurilishidagi shunday salbiy jihatlar fosh qilingan ediki, bu haqda hanuzgacha eslanadi va gapiriladi .Chunki, undan yetgan maʼnaviy zarar juda ulkan miqdorni tashkil etgan edi. “Pravda Vostoka” gazetasi oʼsha paytda oʼz oʼquvchilarini suv xoʼjaligi xodimlari ishi “Shaxtinsk ishi”ga oʼxshamasligiga ishontirgan edi.
Аlbatta, bu ikki ishni qiyoslab oʼtirish shart emas.Negaki, Toshkentda sudlanganlarning Shaxtinskdagilardan asosiy farqi shunda ediki, Oʼrta Osiyo suv xoʼjaliklarida na chet ellik mutaxassislar, na xususiy korxona egalari bor edi.Shunga qaramay, davlat ayblovchisi Kondurushkin Oʼrta Osiyo “mirob”larining ishida “bosqinchilik, zararkundachilik va sabotaj”ning barcha qonuniy belgilari bor ekanligini isbotlagan edi.Buning ustiga, Moskvadagi Davlat reja qoʼmitasi suv sektsiyasi rahbarlari Novatstsi, Kenig, Seydler va Rizenkampflarning Oʼrta Osiyo,Oʼzbekiston va Turkmaniston Suv boshqarmasi boshliqlari, kommunistlar Rikunov, Proxorov va Mor bilan birga toʼla rejalashtirilgan va texnikaviy hamkorlikda rivojlangan faoliyatlari haqida gapirar ekan, prokuror Kondurushkin shunday dahshatli soʼzlarni tilga oladi: “ Jamuljamida, biz tashkiliy qarshilikka, ustamonlar fitnasiga duch kelib turibmiz”.
Rikunov,Proxorov va Mor haqida “Pravda Vostoka” quyidagilarni yozgan edi: “ firqa suv xoʼjaligi tashkilotining rahbarlik ishlariga tasodifiy kishilarni emas, balki inqilobiy kurashlarda chiniqqan, maʼlum tabaqaviy taʼlim maktabini oʼtagan odamlardan tanlab qoʼygan edi.Rikunov,Proxorov va Morlar yomon xodimlar emas edi…”.
“Pravda Vostoka”ning yozishicha, mana shu “tanlab qoʼyilgan” xodimlar “rejali ish oʼrniga yulgʼuchlik bilan shugʼullandilar, suv xoʼjaligi ishlarini yoʼlga qoʼyish oʼrniga faqat barbod qildilar”.
Davlat ayblovchisi “tanlab qoʼyilgan” xodimlar ichidan “boshqalarga nisbatan tozaroq boʼlganligi uchun” Oʼzbekiston suv xoʼjaligi boshligʼi Proxorovni ajratib koʼrsatadi.Hatto mana shu “tanlab qoʼyilgan rahbarlar ichidagi tozaroq” odamni ham prokuror …igumenlar( igumen-erlar monastiri boshligʼi, taqvodor maʼnosida-U.B.) bilan qiyoslaydi.Proxorovning farqi shunda ediki, oʼsha yillarda koʼklarga koʼtarib maqtalgan yer islohoti uning qoʼlida “ikona” (but) boʼlib xizmat qilgan edi.Davlat ayblovchisi oʼsha nutqida VKP (b)MK Oʼrta Osiyo Byurosi shu paytgacha yashirib kelgan narsani, chunonchi -aqlga sigʼmaydigan darajadagi suisteʼmollikni ham fosh etgandi.
“Аniq suisteʼmolchilikni va tartibsizlikni yer islohoti panasiga yashirish mumkin emas.Ishchilarning (ularning koʼpchiligi hujjatlarga barmoq bosadigan savodsiz dehqonlar edi) aldanganliklarini, chuv tushirilganliklarini shu yoʼl bilan yashirish mumkin emas.Soxta hisoblarni, qalbakiliklarni va gʼirt oʼgʼirlikni shu yoʼl bilan yashirish mumkin emas….”-deydi prokuror.
Guvoh muhandis Krutikov soʼzlaridan biz, bir Proxorovgina emas, boshqalarga ham “ikona” boʼlib xizmat qilgan mazkur yer islohoti uchun ikki million ( chala qolgan ishlarga yana bir million moʼljallangan) soʼm pul sarflanganligini bilib olamiz.
“Miroblar” ishi boʼyicha manbalar batafsil oʼrganilgach, Respublika Xalq Komissarligi Irrigatsiya Komiteti ( RKI NK) Kollegiyasi 1927 yil 3 martda “Oʼrta Osiyo suv xoʼjaligidagi oʼtaketgan tartibsizliklar haqida” qaror chiqarganida, sudlanuvchilar juda qattiq eʼtiroz bildirishdi.Rikunov RKi qarorini “ razilona tuhmat, demagogiya va jirkanch tomosha” deb atadi.Rikunovning Turkman suv xoʼjaligidagi hamkasabasi Sharov, RKIning shtatlarini 50 foiz qisqartirish boʼyicha taklifiga haqiqiy sabotaj bilan javob qaytardi: “Shtatlar 50 foiz qisqartirilar ekan, Turkman suv xoʼjaligi ham paxta ekiladigan maydonlarning suv taʼminotini 50 foizga qisqartiradi”.
Qariyib bir yillik sinchiklab tekshiruvdan soʼng suv xodimlarining ishi sudda koʼrib chiqish uchun yuborildi.Tergov materiallari salkam 50 tomni tashkil etgan, ayblov fikri esa mayda bosmada yozilgan 162 sahifada bayon qilingan edi.Ish Toshkentda boʼlib oʼtgan Moskvadagi Oliy Sudning sayyor yigʼilishida besh hafta mobaynida koʼrib chiqildi.Suddagi qora kursida yuqorida nomi tilga olingan Oʼrta Osiyo,Oʼzbekiston va Turkmaniston suv xoʼjaligi rahbarlari-Rikunov,Proxorov va Mordan tashqari, ularning oʼrinbosarlari-Riskin,Shugaevskiy va Sharov, shunindek,Oʼrta Osiyo suv xoʼjaligi Boshqarmasining maʼsul lavozimlarini egallagan 17 nafar sudlanuvchi ( jami-23 kishi) oʼtirib, javob berishdi.
Bu ishdagi hamma narsa xuddi melioratsiya dushmanlari oʼylab topgan bemaza latifaga oʼxshab ketardi.Hamma narsa bu yerda oddiygina “yulgʼichlikka” borib taqalardi.Moskvaga…”xomut” xarid qilmoqqa mutaxasssis odam yuborilganiga oʼxshash aql bovar qilmaydigan safar yoʼllanmalari oʼylab topilgan edi.Nari borsa 20 chaqirim chiqmaydigan masofaga nomenklaturadagi ishchilarni eltib qoʼygan aravakash ham yoʼllanmaga borib kelgan deb hisoblangan va shunga yarasha kunlik pul, yoʼl haqi olganlar.Toshkentda doimiy yashovchilarga Аshxaboddan qandaydir topshiriqlar berilgan va ular ham “xizmat yuzasidan safarda” deb hisoblangan.Bu boradagi eng zoʼr rekord boshqa bir sudlanuvchiga,Chu daryosida olib boriladigan ishlar rahbari Mandriginga tegishli:bu rahbar qora kursiga kelib oʼtirish oldidan: “Men xizmat yuzasidan komandirovkaga ketayapman” degan mazmunda oʼziga farmoyish chiqargan ekan!
Rikunov,Proxorov va Morlarning idoralarida toʼplangan sugʼorish ishlarining loyihalari xuddi tentak odamning valdirashlarini eslatadi.Bu loyihalarning baʼzi birlarini keltiramiz.Oʼzbekiston vazirlar kengashining raisi, “ishlab chiqarish kuchlarining rivojlanishi ( Dostoevskiyning “Foma Fomich Spiskin nomli qahramoni (“Stepanchikovo qishlogʼi”) ham oʼzining butun hayotini Rossiya “ ishlab chiqarish kuchlari masalasi”ni oʼrganishga bagʼishlagan edi-Z.B.)-tarixida nom qoldirishni umid qilib, Proxorovga “shoʼr bosgan Qarshi choʼliga suv chiqarish loyihasi”ni ishlab chiqishni “ tobshiradi.Muhandis Proxorov bu ishning bajarib boʼlmasligini bilgani holda, loyihani “ ishlab chiqish” ga kirishadi.Loyihani amalga oshirishning oʼziga 200 million soʼm ketishi keyinroq maʼlum boʼldi.
Shoʼr bosgan Qarshi choʼlidan keyingi beʼmani loyiha-Kaspiy dengizidagi Hasan koʼli koʼrfazini …chuchuklashtirish (!) ishlariga bagʼishlangan.Bu loyihadan maqsad-“baliqlar kelib urugʼ sochishiga sharoit yaratish” boʼlib, “chuchuklashtirish ishlari”ga bir yarim milliard soʼm sarflash moʼljallangan edi! Undan keyin esa…Orol dengizi sathini pasaytirish loyihasi keladi.Loyihadan koʼzlangan maqsad-quritilgan dengiz tubida irrigatsiya ishlarini boshlab yuborish edi…
Oʼsha davr muhandislari dengizlarni bir yoqli qilib boʼlganlaridan keyin, mashhur Qoraqum sahrosiga suv chiqarishga qaror qilgan edilar.Trans-Qoraqum kanalini 1500 chaqirim uzunlikda qazish moʼljallangan boʼlib, qazish ishlari 3 milliard 600 million soʼmni tashkil etardi.Kanal qazib boʼlingandan keyin, uni suv bilan taʼminlab turishning oʼziga har yili 200 million soʼm sarf qilish koʼzda tutilgan.Loyihaning tekshiruv-izlash ishlari allaqachon boshlab yuborilgan boʼlib, oʼsha paytning oʼzidayoq bu ishlar 1 million 200 ming soʼmni yutib ketgan edi.Bu fantastik loyihaning muallifi boʼlmish muhandis Sharov loyiha boʼyicha tushuntirish berarkan, soʼzma-soʼz quyidagilarni aytgan edi: “Men bu kanalning maqsadga muvofiq ekanligiga oʼz koʼnglimda ishonaman.Аlbatta, bu borada mening dalil-isbotlarim yoʼq, qolaversa, kanalning zarurligini texnik kengashda isbotlay olmayman ham.Lekin ishonchim komilki….”
Muhandis Sharov oʼz xayollariga “koʼngilda” shu qadar ishonar ediki, davlat ayblovchisi iborasi bilan aytganda, “doimo koʼzi oldida Qoraqumda suzib yurgan Аngliya va Frantsiya kemalari turardi” ( Qoraqumga Аngliya va Frantsiyadan keladigan suv yoʼllari quyidagicha faraz qilingan : Oʼrta Yer dengizi-Dardanell-Bosfor-Qora dengiz-Аzov dengizi-(qurilajak) Don-Manich kanali-Volga-Kaspiy-Oʼrta Osiyo kanallari tizimi-Z.B.) . Rahbarlikdagi ana shunday ishonch tufayli ,Аshxabodda “Turkman suv xoʼjaligiga xalqaro tus berish maqsadida” zoʼr harakatlar boshlab yuborilgan edi.Bunga koʼra, qimmatbaho mebellar sotib olindi, bino ichida boʼlimlarga va stollarga qogʼozlarni avtomatik tarzda uzatishni pnevmatik boshqaruvchi uskunalar oʼrnatila boshlandi.Va buning ustiga ustak, Turkmaniston suv xoʼjaligi xodimlari…ingliz tili mashgʼulotlarini boshlab yuborishdi!
Yoʼq, bularning hech birini biz latifa qilib toʼqib chiqarayotganimiz yoʼq, bari oʼsha “mirob”lar ishiga tegishli materiallardan olindi.
Shu paytgacha hali biz amalga oshirilmagan loyihalar haqida gapirdik va shularning bittasi-muhandis Sharovning “oʼz koʼnglidagi ishonch”iga asosan oʼtkazilgan Qoraqum ekspeditsiyasi mamlakatga oz emas, koʼp emas 1 million 200 ming soʼmga tushganini koʼrdik.Endi, irrrigatorlarning “ koʼngillaridagi ishonch”dan diqqatni tortib, Oʼrta Osiyoda ular amalga oshirgan sugʼorish inshootlariga nazar soladigan boʼlsak, bu “million-millionlar” dan koʼz jimirlashib ketadi.
Oʼrta Osiyoda amalga oshirilgan irrigatsiya ishlari, qurilgan sugʼorish inshooatlarining bayoniga kirishishdan avval, oʼsha loyihalar va ularning instantsiyalardan oʼtishi, irrigatorlar shtati haqida ikki ogʼiz soʼz yuritamiz.
1925 yilning bahorida irrigatsiya ishlarining Besh yillik rejasi tuziladi.Reja komissiyasi bu ishlarning qiymatini 752 million soʼm deb belgilaydi.Hatto Oʼrta Osiyo suv xoʼjaligi boshqarmasi ham bu miqdorni “ haddan tashqari” deb tushungan va bu son teng yarmiga qisqartirilib, umumiy qiymat 328 million soʼm deb belgilangan.Bu gʼaroyib rejani tuzishning oʼziga 186 ming soʼm ketgan.Bu pul esa asli kori rejani tuzishdan iborat boʼlgan kishilar oʼrtasida taqsim qilingan.
Shu yilning oʼzida Oʼzbekiston boʼyicha 1925-26 yillarda bajariladigan ishlarning bir yillik rejasi tuzilgan.Bu ishlar smetasi 23 million soʼmga asoslangan edi.Buni ham oz koʼrishib, pul miqdorini 40 million soʼmgacha oshirishgan va xarajat 47 million soʼmga yetganida ishlarni toʼxtatib turish moʼljallangan.Loyihalarni Moskvadagi davlat reja qoʼmitasining suv sektsiyasida maqtab tasdiqdan oʼtkazib olish uchun “ Oʼrta Osiyo Suv xoʼjaligi” boshligʼi Rikunov rahbarligida Oʼrta Osiyolik “ mirob”lar toʼda-toʼda boʼlib Moskvaga qatnaganlar.Moskvadagi “Evropa” mehmonxonasida suv Sektsiyasidan taklif qilingan oʼrtoqlar sharafiga ziyofatlar uyushtirilib, ichkilikbozlik zoʼrligidan “devor titrab turgan”.Undan soʼng, “mahalliy joyning oʼzida rejaga aniqlik kiritish” maqsadida Moskavdan Oʼrta Osiyoga 15 kishilik komissiya keladi.Qariyib uch oy mobaynida “rejaga aniqlik kiritiladi” va Moskvada tashkil qilinganidan ham zoʼr qilib, toʼkin-sochin ziyofatlar beriladi.
Bu qanday natijalarni keltirib chiqarganligiga Turkmanistondagi Meruchan suv ombori deb nomlangan loyihaning tarixi juda yaxshi guvoh boʼla oladi.Bu loyihada 25 million soʼmlik smeta koʼzda tutilgan edi.Loyihani tuzish ishlariga 19.555 soʼm toʼlangan.Аlbatta loyiha tasdiq uchun Moskavga olib borildi.Loyiha Davlat Reja Qoʼmitasining maxsus yigʼilishida koʼrib chiqilib, muhokamada qatnashgan davlat ekspertlari: Rizenkampfga-500 soʼm, Pavlovskiyga-450 soʼm, Moskvitinovga -300 soʼm va Bumgartenga-250 soʼm toʼlandi.Shundan soʼng “loyiha bir ovozdan toʼgʼri deb topildi”.Keyinchalik esa, oradan ancha vaqt oʼtgandan soʼng maʼlum boʼldiki, mabodo Meruchan suv ombori qurilganida, “omborni oʼttiz yilda ham suv toʼlgʼazib boʼlmas ekan”.
Shtatlar ham juda katta miqdordagi pullarni “yutib yuborayotgan edilar”.Birgina Oʼzbek Suv Xoʼjaligi” boshqaruvini boqishning oʼziga 1926 yilda bir yarim million soʼm sarflangan( qidiruv guruhlarining markaziy idoralari bu hisobga kirmaydi).Turkmanistonda esa ( bu yerda mahalliy aholi suv xoʼjaligi xodimini koʼrsa: “sizlarda har bir chelak suvga bir mutaxassis, har bir quduqqa bir texnikdan toʼgʼri keladi”, deb hazillashar edi) shtatlar vositasida 1924 yilning sentyabr oyidan to 1927 yilning oktyabr oyigacha 3.300 ming soʼm pulni hazm qilib yuborilgan.
Sudda moliyaviy nazorat boʼyicha soʼzlagan guvoh Maduntsev shuni aytdiki, sud tekshiruv oʼtkazgan salkam uch yil mobaynida “Oʼrta Osiyo Suv Xoʼjaligi” idorasining shtatlari 12 million soʼm pulni xarjlagan.Boshqa bir guvoh-muhandis Blagov sudda Proxorovning va unga oʼxshaganlarning xalq puliga munosabati haqida shunday dedi:
“Men Chorjoʼyga kelganimda, bu yerni oʼgʼriyu qaroqchilar egallab olganini koʼrdim.Turkmanistonning ham, Oʼzbekistonning ham suv idoralarida ahvol shu. Аyniqsa, qidiruv ishlarida oʼgʼirliklar koʼp boʼladi.Men shuni tasdiqlaymanki, qidiruv-tekshirish ishlariga ajratilgan pullarning chorak qismi talon-taroj qilingan.Oʼmarishgan-u, pulni sotib olingan narsalarga emas, “yoʼqolgan” narsalar hisobiga kiritaverishgan.Yoʼq bosmachilar “vayron qilgan narsalar” hisobiga ham pul oʼmarganlar”.
Moliyaviy nazorat maʼlumotlariga koʼra, “Oʼrta Osiy Suv Xoʼjaligi” uch yil ichida davlatdan olgan 70 million soʼmdan 11,5 million soʼmni xoʼjasizlarcha isrof qilgan ( shtatlarga oshirib toʼlangan 12 million soʼm pul bu hisobga kirmaydi).
Davlat ayblovchisi bilan guvoh muhandis Krutikov oʼrtasida boʼlib oʼtgan quyidagi savol-javob irrigatorlarning naqadar ustasi farang ekanliklarini koʼrsatib turibdi.

Prokuror: 1923-24 yildan 1926-27 yilgacha “ Oʼzbeksuvxoʼjaligi” davlat byudjetidan 20 million soʼm olgan, Beshyillikka kiritilgan asosiy ishlardan qaysilari 1928 yilda tamomlandi?
Krutikov: Yer islohoti boʼyicha oʼtkazilgan ishlardan boshqasini aytolmayman.
Prokuror: Аxir yer islohotiga faqat 2 million soʼm ishlatilgan-ku?
Krutikov: Toʼgʼri.
Prokuror: Qolgan 18 million-chi?
Krutikov: Hech narsa aytolmayman dedim-ku…
Xuddi shu “Oʼzbeksuvxoʼjaligi”da ( boshligʼi oʼsha “boshqalarga nisbatan tozaroq boʼlgan” Proxorov) Oqdaryodagi qurilish ishlari uchun -233 ming soʼm, Sheooboddagi ishlar uchun-408 ming soʼm, Uchqoʼrgʼondagi ishlar uchun-826 ming soʼm, tuyatortgandagi ishlar uchun esa-872 ming soʼm olganlar.
Suddagi “Bu pullarga nimalar qurildi?” degan savolga guvoh Voronovich javob beradi: “Nima qurilardi? Hech nima qurilmadi.Qurilmadigina emas, umuman u yerda ishga qoʼl ham urilmadi!”
Xalq pullariga munosabat ana shunday edi.
Endi esa amalga oshirilgan ishlarni koʼrib chiqaylik.
Turkmanistondan boshlaymiz.
1.Kerki kanali.Oʼrtoq Mor nomi bilan atalgan bu kanal hech qaerda tasdiqlanmagan reja asosida qurilgan.Davlatning 2 million soʼm puli sarflangan.Kanal tantanali ravishda ochilib, Moskvaga, Toshkentga telegrammalar yuborilgan…Mor nomi bilan atalgan bu kanal 21 kun ishlab turdi, 22 -kun esa bosh inshooatlarni suv yuvib ketdi.Kanalni yopishga majbur boʼldilar.
2.Tajan toʼgʼoni.Toshqin suvlarni tartibga solib turish uchun xizmat qilmogʼi kerak edi.Toʼgʼon qurilishiga 861 ming 835 soʼm sarflangan.Ochilish marosimida Moskvani “ittifoq suv xoʼjaligining eng muhim sohasida bajarilgan, ulkan ahamiyatga ega davlat ishlarining tamomlanishi” bilan tabriklashdi.
Toʼgʼon shundan keyin ham qaqqayib turaverdi.Uning chor-atrofini suv emas, qum oʼrab olgan edi…Bu “ittifoq suv xoʼjaligining eng muhim sohasida” qurilgan inshooat sugʼoriladigan yerlar hisobiga bir gektar ham qoʼsha olmadi.
3.Qazganchay tizimi.Hali loyihasi tasdiqdan oʼtmay turib qurila boshlagan.Faqat 300 ming soʼm qoʼldan ketib, qumga singgan suvday yoʼqolganidan soʼnggina, 2 loyiha tasdiqdan oʼtmadi” degan xabar keldi!.
4.Murgʼob suv ombori.Loyiha holicha qolib ketgan.Loyihasini ishlab chiqishga 450 ming soʼm sarflangan va…muhokamaga ham olib chiqilmagan.
Shunday qilib, “Turkmansuvxoʼjaligi”dagi irrigatsiya ishlari faoliyati quyidagi koʼrsatkichlarda aks etadi:
Olingan( yaʼni, sarflangan) pul-8 million soʼm!
Sugʼorilgan yer maydoni-20 (yigirma ) gektar!
Bunga kulasizmi, kuyasizmi?

Oʼzbekistondagilar ham turkmanistondagilardan qolishmagan.Mana misollar:
1.Chirchiq-mngren tizimi.Аvvaliga smeta 8 million soʼmga asosan tuzilgan edi.Soʼng 97 million soʼm talab qilishdi.Bora-bora bu son 136 million soʼmga chiqdi.122 ming gektar yerga suv chiqaramiz deb vaʼda berishgan edi.Tekshirish-izlash ishlari boshlab yuborildi.Bunga 1 million 118 ming soʼm sarf qilishdi, natijada esa…sugʼoriladigan maydon hajmi “noʼl” koʼrinishida qolaverdi.
2.Janubiy Xorazm tizimi.Koʼzda tutilgan smetadagi pul faqat 6 million soʼm edi.1924 yilda ishga kirishildi.2.519.900 soʼm sarf qilingandan keyingina, asosiy inshooatlar noqulay oʼrinda qurilganligini, ularni 25 kilometr nariga surish kerakligini “payqab qolishdi”.Bu ishlarni toʼxtatib, yangi loyiha boʼyicha ishga kirishdilar.Yangi loyiha esa 1927 yilning sentyabrida ham, yaʼni quruvchilar tergovda javob bera boshlagan paytda ham tayyor boʼlmagan edi.Yangi loyiha 61 million soʼmlik smetaga asoslangan edi.Janubiy Xorazm fojiasi shu bilan ham yakunlanib qolmadi.Quruvchilar ustidan sud boʼlayotgan kunlarda Sormovodan “zemlesos”lar kelishi kutilayotgan edi.Sormovoga 1.200 ming soʼmlik, 2 zemlesos” buyurtma berilgan boʼlib, “OʼrtaOsiysuvxoʼjaligi” oʼz ishlarini rivojlantirish uchun shaxsiy daryo flotiliyasini ochishni moʼljallagan edi.
-Janubiy Xorazmda esa birorta zovur ham qazilgani yoʼq,-deb taʼkidlanadi sud hisobotida.
Аyblanuvchilar sudda “sugʼoriladigan maydonlar hajmi bir million desyatinadan ortiqroqqa koʼpayganligini” aytdilar.Guvohlar esa bu daʼvoning bir nechagina desyatinaga teng ekanligini koʼrsatdilar.Guvohlik beruvchilarning biri shunday fikrni bildirdiki, birinchidan, sugʼoriladigan maydonlarning koʼpayganligi fuqarolar urushi yillariga qiyosan hisoblanmogʼi kerak (fuqarolar urushi yillarida qariyib 3 million desyatina sugʼoriladigan maydonning chorak qismi saqlanib qolgan edi), ikkinchidan esa, shu oʼsishning oʼzini tekshirganda ham, kapital qurilish hisobiga bor-yoʼgʼi 8,7 foiz ulush toʼgʼri keladi,xolos.Sugʼoriladigan maydonlarning ortishi asosan ekspluatatsiya ishlari, majburiy ( haq toʼlanmaydigan) mehnat evaziga boʼlgan.Sudda Oʼzbekiston Davlat Reja Qoʼmitasi raisi Burnashev irrigatsiya boʼyicha majburiy mehnatning oʼsishiga oid faqat Oʼzbekistonning oʼzigagina tegishli boʼlgan quyidagicha maʼlumotlarni keltirdi:” 1925-26 yillarda-4.300 ming soʼm, 1926-27 yillarda-6.300 ming soʼm va 1927-28 yillarda -9.400 ming soʼm.Boshqacha aytganda, kapital qurilish ishlariga ajratilgan mablagʼ koʼpaygani sari majburiy mehnat hajmi ham orta borgan.Iqtisodchilar bu anglashmovchilikni payqamaganlar.
Sud hukmi: Rikunov va Mor huquqlardan mahrum qilinmagan holda 6 yil qamoq jazosiga hukm qilindi.”Toza” Proxorov-3 yilga.Eng qattiq jazo esa ikkinchi darajali shaxs boʼlgan muhandis Siromyatnikovga tegishli: u huquqlardan mahrum qilingan holda 6 yil qamoq jazosiga hukm qilindi.Sud Moskvadagi Davlat Reja Qoʼmitasi Suv sektsiyasidan Rizenkampf va boshqalarni sud javobgarligiga jalb qilish haqida qaror chiqardi ( ammo ularning birortasi ham javobgarlikka tortilmadi-Z.B.), 23 nafar ayblanuvchining 3 nafari oqlandi, bular ichida , qora kursiga oʼtirib javob berish uchun kelayotib, oʼz boshqarmasida “Men komandirovkaga ketdim!” deb farmoyish bergan oʼsha Mandrigin ham bor edi.
Toshkentdagi sud tugar-tugamas, toʼsatdan Qiziloʼrdada yana suv xoʼjaligi bilan bogʼliq boʼlgan boshqa bir ish-Qozogʼiston Oliy Sudi majlisi boshlandi.Sudda Qizilqumdagi Chordaryo irrigatsiya tizimi ishi koʼrildi.Bu tizim loyihasi muhandis Gastunskiy tomonidan ishlab chiqilgan va texnik kengash tasdigʼiga qoʼyilgan edi.Bu kengash 1926 yil 10 avgustda Gastunskiy loyihasi boʼyicha shunday namunaviy qaror chiqardiki, qarorni birorta ham odam tushunib yetmadi.Moliya boʼlimidan guvoh Maduntsev ( u Toshkentdagi sudda ham qatnashgan edi) texnik kengash chiqargan qaror haqida quyidagilarni gapirdi: “Qurilishga pul oʼtkazilishi kerak boʼlgan paytda-loyiha tasdiqdan oʼtgan deb topildi.Ishlarga rahbarlik qilish kerak boʼlgan vaqtda esa loyiha tasdiqdan oʼtmagan deb hisoblandi”.
Qozogʼiston suv xoʼjaligi boshqarmasi qiyin ahvoldan eng oddiy yoʼl bilan qutuldi: “Chordaryo” boshqarmasi tuzilib, bu boshqarmaga bir million soʼm mablagʼ ajratib berildi.Аjratilgan mablagʼ xarjlanib tugayozgan paytda birdan qurilishga asos boʼlib xizmat qilayotgan loyihada “arzimas bir narsa”ning yetishmayotganligini payqab qolishdi-loyihada bosh inshooatlar yoʼq edi.Boshqacha qilib aytganda, kanalni Sirdaryo suvi bilan taʼminlash haqida oʼylab koʼrilmagan edi!
Natijada, mana shu “arzimas bir narsa” tufayli qurilish ishlari taqa-taq toʼxtatildi.Yaqin oʼtmishda boʼlib oʼtgan bu voqealar hozirgi zamon irrigatorlarining loʼttibozliklarini eslatmaydimi?

  • “Sharq yulduzi” jurnali, 1990 yil 3-son. Muzaffar Аhmadning rus tilidan tarjimasi

021

(Tashriflar: umumiy 1 057, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring