6 март – Атоқли олим, академик, устоз Тўра Мирзаев туғилган кун
Ҳақиқий тарих кўнгилларга битилади. Бу тарихда бир кун ёзиларкан: “Юрагим ҳувиллаб қолди”. Бу оғирлик, бу ёлғизлик аслида юрагингдаги қабрлар ҳисобига бўлар экан. Мавлоно Жалолиддин Румий: “Хафа бўлма! Ҳар ким ўлади. Кимдир тупроққа, кимдир эса юракларга кўмилади”, – деган эди…
ЮРАКЛАРДА ҚОЛГАН УСТОЗ
Зулайҳо АБДУРАҲМОН,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Мен устозларим каби Бухоро давлат университетида таҳсил олганман. Талабик йилларимда Ҳақ ошиғи Юнус Юмронинг илоҳийларига узилмас бир робита ила боғланиб қолгандим. Юнус Эмро номи бор нимаики бўлса, топиб ўқишга ҳаракат қилардим. Шунда у ҳақида айтилган: “Юнуснинг қабри бутун турк халқининг қалбидадир” ҳақиқатидан жуда таъсирланганман. Айтиш мумкинки, ўша пайтлардаги бу завқимнинг сабаби асосан ифода гўзаллиги, баён сеҳридан бўлган. Ҳали ҳануз Юнус Эмро илоҳийларига асирликдан озод бўлганим йўқ. Билдимки, Юнус Эмро фақат ва фақат юракларга кўмилиши мумкин, асло тупроққа эмас. Бундай иқрорга келишим валий шоирдаги илоҳий бир шахсият ҳамда юрагимда дафн этган инсонларим туфайлидир. Устоз, атоқли фольклоршунос, академик Тўра Мирзаев ҳам мана шундай улуғ инсонлардан эдилар.
Бухоро давлат университетида Тожи Қораев, Охунжон Сафаров, Ҳамид Неъматов, Раҳим Воҳидов, Эргаш Қиличев, Насруллоҳ Шукруллаев, Мирзааҳмад Олимов, Шоира Аҳмедова, Саида Назарова, Дармоной Ўраева, Лайло Шарипова каби буюк устозлар қўлида таҳсил олдим. Мен улуғ даргоҳда ўқиганим ҳамда мана шундай устозларнинг шогирди бўлганим учун тақдиримдан миннатдорман. Ва ҳамиша улар олдида таъзимдаман. Мумтоз адабиётга бўлган қизиқишим туфайли Мумтоз адабиёт кафедраси ўқитувчиси ҳассос олим, раҳматли Мирзаҳмад Олимов раҳбарлигида диплом иши ёздим. Лекин таниқли адабиётшунос О.Сафаровдай меҳридарё инсон бошчилигидаги “Фольклор ва муосир адабиёт” кафедрасида қолиб, бир йил ўтгач, 1999 йилда, О.Сафаровнинг Тўра Мирзаевга ёзган хатларини кўтариб, Тошкенти азимга, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтига келдим. Мазкур институт деганда икки инсон Тўра Мирзаев ва Иброҳим Ҳаққулов кўз ўнгимда гавдаланарди. Чунки О.Сафаров устоз Тўра Мирзаевнинг олим ва одамийликлари ҳақида тўлиб-тошиб кўп гапирар ва яхши фольклоршунос бўлишинг учун Тўра акани китобларини кўришинг керак дея, Устознинг барча китобларини ўқитган эдилар. Шунинг учун тасаввуримда Тўра Мирзаев деган тоғдай шахсият сиймоси ва Иброҳим Ҳаққул деган тасаввуфшунос олимнинг асарларига ошиқлигим бор эди, холос. Мен учун бу икки устозга шогирд бўлиш, рости, уйқумда бир туш, уйғонганимда бир хаёл эди. Биздан кейинги курсларга устоз И.Ҳаққулов “Маъруфий атамалар маъноси” махсус курсидан маърузалар ўқидилар. Ўша пайтларда “Ўткан кунлар”, “Йиллар армони” китоблари каби “Тасаввуф ва шеърият” китобини ҳам қарийб ёд билардим. У давр талабаларининг кўпчилиги “Тасаввуф ва шеърият” китоби туфайли мумтоз адабиётга ўзгача меҳр қўйгани бор ҳақиқат эди. Лекин менчалик таъсирланган ва қайта-қайта ўқиган талабани топиш мушкул эди. Ҳамма Устоз билан танишишга, суҳбатлашишга, у кишига шогирд бўлишга орзуманд бўлган. Шу боис домлага яқин бўлишга ҳаракат қилишарди. Лекин менинг ҳеч ҳаддим бўлмаган. Фақат О.Сафаровнинг Тошкентга борасан, деганларидан сўнггина, “Модомики Тошкентга борсам, И.Ҳаққулов раҳбарлигида мумтоз адабиётдан мавзу олсам бўлмайдими”, – деб зўрға сўраганман. Лекин Устоз қатъий қилиб: “Сан фольклорчи бўласан”, – деганлар. Илмий ишим жуда кеч бўлган бўлса-да, Устознинг ўша пайтдаги қарорларидан бугун жуда мамнунман. Одамийлик ва олимликда тенги йўқ инсон Тўра Мирзаевга шогирд бўлганимдан жуда-жуда фахрланаман. Аспирантура даврида фольклорга бўлган муҳаббатим мумтоз адабиёт билан тенглашди, десам муболаға бўлмайди. Домла, жуда кўп топшириқ бериб, сўроққа тутмасалар-да, у кишининг ҳайбатидан халқ оғзаки ижоди намуналарини, айниқса, достонларни, жумладан, фольклоршуносликка оид тадқиқотларни эринмасдан ўқиб чиқдим. Бунга устоздаги халқ оғзаки ижоди намуналарига бўлган чексиз меҳр ва муҳаббатнинг ҳам, албатта, таъсири бўлган. Устозда бошқаларга ўхшамайдиган ўз илмига сингиб кетиш, унга айланиш бор эди. Айтиш мумкинки, Тўра Мирзаев қиёфасида бутун бошли эл, миллатни кўриш мумкин. Иккала устозимга қараб шуни билдим: ҳақиқий фольклорчи юрагида бир халқ, чин тасаввуфшунос кўнглида бир сўфий яшаши керак экан. Баъзи адабиётшунослар учун халқ оғзаки ижоди намуналари халқнинг айқаш-уйқаш, қоронғу бир тасаввуру эътиқоди натижасида дунёга келган. Бироқ Устоз фольклор санъати хусусида муҳташам бир қарашга эга, уни юракдан тўла-тўкис ҳис этган олимлардан саналадилар. Худди шундай мен ҳам ўзбек халқи, миллатининг муаззам тарихини оғзаки ижод намуналари орқали яратдим. Дарҳақиқат, мақолдан бошлаб, достонларгача бўлган барча жанрларда халқнинг мутафаккирлиги, эътиқоди мужассам. Ўзбек тилининг сеҳрини ҳам халқ асарлари воситасида қайта кашф этдим. Шу боис диссертация мавзуим “XII-XV асрлар ўзбек мумтоз адабиётида муршид ва мурид образлари” дея номланса-да, дастлабки боби “Ўзбек халқ оғзаки ижодида пир ва Хизр тимсоли” ҳақидаги изланишлардан иборат. Мазкур бобнинг ёзилишида Тўра Мирзаевнинг “Халқ бахшиларининг эпик репертуари (– Тошкент, “Фан”, 1979)” китобларидаги маълумотларга таянганман. Шу билан бирга устознинг қимматли маслаҳатлари билан Фольклор бўлими архивида сақланаётган достонлардан ҳам унумли фойдаландим. Тўра Мирзаев ўз фанини фақат китоблардан ўқиб ўрганган мутахассислардан эмас, балки фольклоршунослик фанининг тирик тарихи эдилар. Нима савол билан мурожаат қилманг, ҳамиша устознинг асосли жавоблари бўлар, уни ўзлари гувоҳ бўлган тарихий воқеалар билан алоқадорликда айтиб берардилар. Устознинг қувваи ҳофизасига ҳам қойил қолмай иложингиз йўқ эди. У киши ўз фикрларини исботлашда китобларнинг йили, бетигача аниқ айтардилар.
Балки устоз билан энг кам суҳбатлашган шогирдлари мендирман, лекин у кишининг ҳаёт йўли мен учун энг кўп ибрат бўлди. Ҳазрати Жўнайд Бағдодий шундай деган эканлар: “Дунёнинг бир куни охиратнинг минг йилидан яхшироқдир. Чунки дунёнинг бир кунида ризойи илоҳийни ҳосил қилмоқ имкони бордур. Охиратда эса ҳаёти дунёдаги каби солиҳ амаллар қилиш имкони йўқдир. У ерда фақат ҳисоб бор…”. Ҳақиқатан, Тўра Мирзаев ҳаёт одами эдилар. Домлани умрида бир бора кўрган инсон борки, у кишидан ё маънавий, ё моддий манфаат топганига шубҳа йўқ. Устоз шундай хайрсевар, олийжаноб эдилар. Устоздаги самимиятни бутун оила аъзоларида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, аёллари Раъно опадаги самимият, оқибат суҳбатдошидаги кўриниб турган тафовут ва мавжуд чегараларни ҳам йўқотади. Шу боис устоз хонадонларига тортинмасдан кириб борасан. Барно опа ва Манзура опа билан ҳам тезда қадрдонлардек муносабат пайдо қиласан киши. Бу борада Раъно опадаги очиқлик, меҳр, оқилалик ҳам биз учун ҳавас қилгулик ва намуна бўлган. Бугун нафақат Устоздан, балки мусофирлигимизни сездирмасдан қариндош каби муносабат қилган оила аъзоларидан ҳам чексиз миннатдорчилигим ва раҳматим бор.
Устоз фазилатларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Мен яна бир хислатларини айтиб ўтмоқчиман. У кишининг салобати ҳар қандай суҳбатдошни босар эди. Бунинг сабабларидан бири Устоз ўта ҳаёли инсон эдилар. Бирор маротаба у кишининг ножўя бирор сўз айтганини эшитмаганмиз. Тўра Мирзаевдаги сабр, сабот, бағрикенглик ҳақида фақат орзу қилиш мумкин. Бу хислатлар домлага гўё яратилишдаёқ Аллоҳнниг лутфу марҳамати орқали насиб этган бўлса керак. Зеро, нафсни йилларча тарбиялаб ҳам бу мақомга кўтарилиш қийиндир. Таъмагирлик деган сўз Устозга бегона эди. Ҳатто академик бўлганларидан кейин умрларининг охирги кунларида ҳам домлани автобус бекатида кўриб қолдик. Кейин шогирдлар: “Домла академик бўлдингиз, эндиям автобусда юрасизми, машина сўрасангиз ҳам бўлади-ку”, – дедик. Шунда домла кулиб туриб: “Биринчидан, мен автобусда юришни яхши кўраман, одамларни аҳволини кўрасан, аторофни томоша қилиб кетасан, иккинчидан, мен шу ёшимгача ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамадим, энди сўрайманми?”, – дедилар. Агар ёзаман десанг, Устознинг ҳар бир гаплари биз учун бир ўгит бўлган. Домла, ҳақиқатан, адолат, одамгарчилик, ватанпарварлик, халқсеварлик, илмга хиёнат қилмаслик каби фазилатлар ҳақида кўп гапирмасдилар. Лекин Тўра Мирзаевнинг ёнларида ҳақиқатан бўлганман, у кишининг шогирдиман, деган киши ушбу олийжаноб хислатларни ўзига сингдириши шарт. Чунки бошқачасига Устозга муносиб издош бўлиб бўлмайди. Зеро, олим Тўра Мирзаевнинг ҳаёти одамийлик ҳақиқатидан иборат эди. Баъзи сабабларга кўра, халқ оғзаки ижодидан қилаётган тадқиқот ишим ҳимоя қилинмай қолди. Ва мавзуни мумтоз адабиётга ўзгартиришга мажбур бўлдик. Мана шундай ҳолатда шогирдидан заррача хафа бўлмайдиган, мен билган, ягона олим Тўра Мирзаев. У киши: “Математикни устоз қилсанг ҳам, тезроқ ҳимоя қил”, – дедилар. Ва ҳимоя қилгунимча бўлган муаммоларда ҳам мардона туриб бердилар. Ҳозир ҳам устоз Тўра Мирзаев олдида шогирдлик қарзим бор. Ишимни тугатгач, илмий раҳбарим Иброҳим Ҳаққулов ҳам бўлимга тарқатишимдан олдин “Биринчи Тўра акага олиб бор”, дедилар. Чунки шу диссертациянинг ниҳоясига етишидан иккала устозимчалик хурсанд бўлганлар кам эди. Аввало, Устоз бировни хурсандчилигидан юракдан қувона оладиган одам эдилар. Шу баробарида Устоз бемалол дардингни айтиб йиғлашинг мумкин бўлган олим ҳам. Ва дарров бу дарднинг давосини излаб, чора-тадбир қилиб, у муаммони ечимини топишга ҳаракат қилардилар. Устознинг менга бўлган муносабатларидаги аниқ ҳақиқатлардан бири Тўра Мирзаев омонатга хиёнат қилмайдиган достон қаҳрамонларидай танти одам эдилар. Домла учун мен устоз О.Сафаровнинг бир омонати эдим. Домла диссертациямни кўриб жуда хурсанд бўлдилар: “Иброҳим ишингни мақтади, у мақтаган ишни ўқимасам ҳам бўлади, лекин сани ишингни ўқийман”, – дедилар. Бу Устознинг сўнгги кунлари экани шунда хаёлимга ҳам келмаган эди…
“Минг йил ўқисаму, нимани биласан?” – деб сўрашса: “Ҳаддимни биламан” дейман”, – дейди Мавлоно. Ҳақиқатан, академик Тўра Мирзаев ҳақида хотира ёзиш менинг ҳаддим эмас. Лекин Устозни жуда соғинаман. Айниқса, институтга келганларида “Иброҳим келганми?” – деб сўрардилар. Ва борликларини билсалар, “Ҳозир чиқаман”, дердилар. Устоз жуда хоксор одам бўлиб, бўлимдаги ҳамма билан эринмай бир-бир сўрашардилар ва “Ҳа, Ҳаққул бобони набираси”, деб, домла Ҳаққулов хоналарига ўтардилар ва икковлари узоқ суҳбатлашишарди. Улардаги содиқлик, ўзаро ҳурмат ҳам бизлар учун бир ибратли мактаб бўлган. Устоз Тўра Мирзаевни кўп хотирлайдилар. Аминманки, Тўра Мирзаев соғинчи, деярли, бутун институтда бор.
Ҳақиқий тарих кўнгилларга битилади. Бу тарихда бир кун ёзиларкан: “Юрагим ҳувиллаб қолди”. Бу оғирлик, бу ёлғизлик аслида юрагингдаги қабрлар ҳисобига бўлар экан. Мавлоно Жалолиддин Румий: “Хафа бўлма! Ҳар ким ўлади. Кимдир тупроққа, кимдир эса юракларга кўмилади”, – деган эди. Ҳақиқат, биз Устоз Тўра Мирзаевни юракларимизга дафн этдик. Бошқача тарзда бу жудоликни кўтариш оғир…
Диссертация мавзуим туфайли ҳам инсон тақдирида муршид – устознинг ўрни муҳим эканлигини жуда-жуда ҳис этдим ва тушундим. Парвардигордан кўп нарса сўраб илтижо қилганман… Бироқ кейин билдимки, энг керакли дуолардан бири қисмат йўлларида бир мураббий сўраш экан. Аммо бу борада Аллоҳим менга марҳатини дариғ тутмади. Шундай Устозларни раво кўрган тақдиримга беҳад шукрим, бениҳоя ҳамдим бор. Бугун Устоз учун хайр-дуолар қилиб, жамоли насиб этувчи жаннати аълосини Яратгандан сўраб қоламан…
6 mart – Atoqli olim, akademik, ustoz To‘ra Mirzayev tug‘ilgan kun
Haqiqiy tarix ko‘ngillarga bitiladi. Bu tarixda bir kun yozilarkan: “Yuragim huvillab qoldi”. Bu og‘irlik, bu yolg‘izlik aslida yuragingdagi qabrlar hisobiga bo‘lar ekan. Mavlono Jaloliddin Rumiy: “Xafa bo‘lma! Har kim o‘ladi. Kimdir tuproqqa, kimdir esa yuraklarga ko‘miladi”, – degan edi…
YURAKLARDA QOLGAN USTOZ
Zulayho ABDURAHMON,
filologiya fanlari bo‘yicha falsafa doktori
Men ustozlarim kabi Buxoro davlat universitetida tahsil olganman. Talabik yillarimda Haq oshig‘i Yunus Yumroning ilohiylariga uzilmas bir robita ila bog‘lanib qolgandim. Yunus Emro nomi bor nimaiki bo‘lsa, topib o‘qishga harakat qilardim. Shunda u haqida aytilgan: “Yunusning qabri butun turk xalqining qalbidadir” haqiqatidan juda ta’sirlanganman. Aytish mumkinki, o‘sha paytlardagi bu zavqimning sababi asosan ifoda go‘zalligi, bayon sehridan bo‘lgan. Hali hanuz Yunus Emro ilohiylariga asirlikdan ozod bo‘lganim yo‘q. Bildimki, Yunus Emro faqat va faqat yuraklarga ko‘milishi mumkin, aslo tuproqqa emas. Bunday iqrorga kelishim valiy shoirdagi ilohiy bir shaxsiyat hamda yuragimda dafn etgan insonlarim tufaylidir. Ustoz, atoqli folklorshunos, akademik To‘ra Mirzayev ham mana shunday ulug‘ insonlardan edilar.
Buxoro davlat universitetida Toji Qorayev, Oxunjon Safarov, Hamid Ne’matov, Rahim Vohidov, Ergash Qilichev, Nasrulloh Shukrullayev, Mirzaahmad Olimov, Shoira Ahmedova, Saida Nazarova, Darmonoy O‘rayeva, Laylo Sharipova kabi buyuk ustozlar qo‘lida tahsil oldim. Men ulug‘ dargohda o‘qiganim hamda mana shunday ustozlarning shogirdi bo‘lganim uchun taqdirimdan minnatdorman. Va hamisha ular oldida ta’zimdaman. Mumtoz adabiyotga bo‘lgan qiziqishim tufayli Mumtoz adabiyot kafedrasi o‘qituvchisi hassos olim, rahmatli Mirzahmad Olimov rahbarligida diplom ishi yozdim. Lekin taniqli adabiyotshunos O.Safarovday mehridaryo inson boshchiligidagi “Folklor va muosir adabiyot” kafedrasida qolib, bir yil o‘tgach, 1999 yilda, O.Safarovning To‘ra Mirzayevga yozgan xatlarini ko‘tarib, Toshkenti azimga, Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot institutiga keldim. Mazkur institut deganda ikki inson To‘ra Mirzayev va Ibrohim Haqqulov ko‘z o‘ngimda gavdalanardi. Chunki O.Safarov ustoz To‘ra Mirzayevning olim va odamiyliklari haqida to‘lib-toshib ko‘p gapirar va yaxshi folklorshunos bo‘lishing uchun To‘ra akani kitoblarini ko‘rishing kerak deya, Ustozning barcha kitoblarini o‘qitgan edilar. Shuning uchun tasavvurimda To‘ra Mirzayev degan tog‘day shaxsiyat siymosi va Ibrohim Haqqul degan tasavvufshunos olimning asarlariga oshiqligim bor edi, xolos. Men uchun bu ikki ustozga shogird bo‘lish, rosti, uyqumda bir tush, uyg‘onganimda bir xayol edi. Bizdan keyingi kurslarga ustoz I.Haqqulov “Ma’rufiy atamalar ma’nosi” maxsus kursidan ma’ruzalar o‘qidilar. O‘sha paytlarda “O‘tkan kunlar”, “Yillar armoni” kitoblari kabi “Tasavvuf va she’riyat” kitobini ham qariyb yod bilardim. U davr talabalarining ko‘pchiligi “Tasavvuf va she’riyat” kitobi tufayli mumtoz adabiyotga o‘zgacha mehr qo‘ygani bor haqiqat edi. Lekin menchalik ta’sirlangan va qayta-qayta o‘qigan talabani topish mushkul edi. Hamma Ustoz bilan tanishishga, suhbatlashishga, u kishiga shogird bo‘lishga orzumand bo‘lgan. Shu bois domlaga yaqin bo‘lishga harakat qilishardi. Lekin mening hech haddim bo‘lmagan. Faqat O.Safarovning Toshkentga borasan, deganlaridan so‘nggina, “Modomiki Toshkentga borsam, I.Haqqulov rahbarligida mumtoz adabiyotdan mavzu olsam bo‘lmaydimi”, – deb zo‘rg‘a so‘raganman. Lekin Ustoz qat’iy qilib: “San folklorchi bo‘lasan”, – deganlar. Ilmiy ishim juda kech bo‘lgan bo‘lsa-da, Ustozning o‘sha paytdagi qarorlaridan bugun juda mamnunman. Odamiylik va olimlikda tengi yo‘q inson To‘ra Mirzayevga shogird bo‘lganimdan juda-juda faxrlanaman. Aspirantura davrida folklorga bo‘lgan muhabbatim mumtoz adabiyot bilan tenglashdi, desam mubolag‘a bo‘lmaydi. Domla, juda ko‘p topshiriq berib, so‘roqqa tutmasalar-da, u kishining haybatidan xalq og‘zaki ijodi namunalarini, ayniqsa, dostonlarni, jumladan, folklorshunoslikka oid tadqiqotlarni erinmasdan o‘qib chiqdim. Bunga ustozdagi xalq og‘zaki ijodi namunalariga bo‘lgan cheksiz mehr va muhabbatning ham, albatta, ta’siri bo‘lgan. Ustozda boshqalarga o‘xshamaydigan o‘z ilmiga singib ketish, unga aylanish bor edi. Aytish mumkinki, To‘ra Mirzayev qiyofasida butun boshli el, millatni ko‘rish mumkin. Ikkala ustozimga qarab shuni bildim: haqiqiy folklorchi yuragida bir xalq, chin tasavvufshunos ko‘nglida bir so‘fiy yashashi kerak ekan. Ba’zi adabiyotshunoslar uchun xalq og‘zaki ijodi namunalari xalqning ayqash-uyqash, qorong‘u bir tasavvuru e’tiqodi natijasida dunyoga kelgan. Biroq Ustoz folklor san’ati xususida muhtasham bir qarashga ega, uni yurakdan to‘la-to‘kis his etgan olimlardan sanaladilar. Xuddi shunday men ham o‘zbek xalqi, millatining muazzam tarixini og‘zaki ijod namunalari orqali yaratdim. Darhaqiqat, maqoldan boshlab, dostonlargacha bo‘lgan barcha janrlarda xalqning mutafakkirligi, e’tiqodi mujassam. O‘zbek tilining sehrini ham xalq asarlari vositasida qayta kashf etdim. Shu bois dissertatsiya mavzuim “XII-XV asrlar o‘zbek mumtoz adabiyotida murshid va murid obrazlari” deya nomlansa-da, dastlabki bobi “O‘zbek xalq og‘zaki ijodida pir va Xizr timsoli” haqidagi izlanishlardan iborat. Mazkur bobning yozilishida To‘ra Mirzayevning “Xalq baxshilarining epik repertuari (– Toshkent, “Fan”, 1979)” kitoblaridagi ma’lumotlarga tayanganman. Shu bilan birga ustozning qimmatli maslahatlari bilan Folklor bo‘limi arxivida saqlanayotgan dostonlardan ham unumli foydalandim. To‘ra Mirzayev o‘z fanini faqat kitoblardan o‘qib o‘rgangan mutaxassislardan emas, balki folklorshunoslik fanining tirik tarixi edilar. Nima savol bilan murojaat qilmang, hamisha ustozning asosli javoblari bo‘lar, uni o‘zlari guvoh bo‘lgan tarixiy voqealar bilan aloqadorlikda aytib berardilar. Ustozning quvvai hofizasiga ham qoyil qolmay ilojingiz yo‘q edi. U kishi o‘z fikrlarini isbotlashda kitoblarning yili, betigacha aniq aytardilar.
Balki ustoz bilan eng kam suhbatlashgan shogirdlari mendirman, lekin u kishining hayot yo‘li men uchun eng ko‘p ibrat bo‘ldi. Hazrati Jo‘nayd Bag‘dodiy shunday degan ekanlar: “Dunyoning bir kuni oxiratning ming yilidan yaxshiroqdir. Chunki dunyoning bir kunida rizoyi ilohiyni hosil qilmoq imkoni bordur. Oxiratda esa hayoti dunyodagi kabi solih amallar qilish imkoni yo‘qdir. U yerda faqat hisob bor…”. Haqiqatan, To‘ra Mirzayev hayot odami edilar. Domlani umrida bir bora ko‘rgan inson borki, u kishidan yo ma’naviy, yo moddiy manfaat topganiga shubha yo‘q. Ustoz shunday xayrsevar, oliyjanob edilar. Ustozdagi samimiyatni butun oila a’zolarida ham ko‘rish mumkin. Ayniqsa, ayollari Ra’no opadagi samimiyat, oqibat suhbatdoshidagi ko‘rinib turgan tafovut va mavjud chegaralarni ham yo‘qotadi. Shu bois ustoz xonadonlariga tortinmasdan kirib borasan. Barno opa va Manzura opa bilan ham tezda qadrdonlardek munosabat paydo qilasan kishi. Bu borada Ra’no opadagi ochiqlik, mehr, oqilalik ham biz uchun havas qilgulik va namuna bo‘lgan. Bugun nafaqat Ustozdan, balki musofirligimizni sezdirmasdan qarindosh kabi munosabat qilgan oila a’zolaridan ham cheksiz minnatdorchiligim va rahmatim bor.
Ustoz fazilatlarini sanab sanog‘iga yetib bo‘lmaydi. Men yana bir xislatlarini aytib o‘tmoqchiman. U kishining salobati har qanday suhbatdoshni bosar edi. Buning sabablaridan biri Ustoz o‘ta hayoli inson edilar. Biror marotaba u kishining nojo‘ya biror so‘z aytganini eshitmaganmiz. To‘ra Mirzayevdagi sabr, sabot, bag‘rikenglik haqida faqat orzu qilish mumkin. Bu xislatlar domlaga go‘yo yaratilishdayoq Allohnnig lutfu marhamati orqali nasib etgan bo‘lsa kerak. Zero, nafsni yillarcha tarbiyalab ham bu maqomga ko‘tarilish qiyindir. Ta’magirlik degan so‘z Ustozga begona edi. Hatto akademik bo‘lganlaridan keyin umrlarining oxirgi kunlarida ham domlani avtobus bekatida ko‘rib qoldik. Keyin shogirdlar: “Domla akademik bo‘ldingiz, endiyam avtobusda yurasizmi, mashina so‘rasangiz ham bo‘ladi-ku”, – dedik. Shunda domla kulib turib: “Birinchidan, men avtobusda yurishni yaxshi ko‘raman, odamlarni ahvolini ko‘rasan, atorofni tomosha qilib ketasan, ikkinchidan, men shu yoshimgacha hech kimdan hech narsa so‘ramadim, endi so‘raymanmi?”, – dedilar. Agar yozaman desang, Ustozning har bir gaplari biz uchun bir o‘git bo‘lgan. Domla, haqiqatan, adolat, odamgarchilik, vatanparvarlik, xalqsevarlik, ilmga xiyonat qilmaslik kabi fazilatlar haqida ko‘p gapirmasdilar. Lekin To‘ra Mirzayevning yonlarida haqiqatan bo‘lganman, u kishining shogirdiman, degan kishi ushbu oliyjanob xislatlarni o‘ziga singdirishi shart. Chunki boshqachasiga Ustozga munosib izdosh bo‘lib bo‘lmaydi. Zero, olim To‘ra Mirzayevning hayoti odamiylik haqiqatidan iborat edi. Ba’zi sabablarga ko‘ra, xalq og‘zaki ijodidan qilayotgan tadqiqot ishim himoya qilinmay qoldi. Va mavzuni mumtoz adabiyotga o‘zgartirishga majbur bo‘ldik. Mana shunday holatda shogirdidan zarracha xafa bo‘lmaydigan, men bilgan, yagona olim To‘ra Mirzayev. U kishi: “Matematikni ustoz qilsang ham, tezroq himoya qil”, – dedilar. Va himoya qilgunimcha bo‘lgan muammolarda ham mardona turib berdilar. Hozir ham ustoz To‘ra Mirzayev oldida shogirdlik qarzim bor. Ishimni tugatgach, ilmiy rahbarim Ibrohim Haqqulov ham bo‘limga tarqatishimdan oldin “Birinchi To‘ra akaga olib bor”, dedilar. Chunki shu dissertatsiyaning nihoyasiga yetishidan ikkala ustozimchalik xursand bo‘lganlar kam edi. Avvalo, Ustoz birovni xursandchiligidan yurakdan quvona oladigan odam edilar. Shu barobarida Ustoz bemalol dardingni aytib yig‘lashing mumkin bo‘lgan olim ham. Va darrov bu dardning davosini izlab, chora-tadbir qilib, u muammoni yechimini topishga harakat qilardilar. Ustozning menga bo‘lgan munosabatlaridagi aniq haqiqatlardan biri To‘ra Mirzayev omonatga xiyonat qilmaydigan doston qahramonlariday tanti odam edilar. Domla uchun men ustoz O.Safarovning bir omonati edim. Domla dissertatsiyamni ko‘rib juda xursand bo‘ldilar: “Ibrohim ishingni maqtadi, u maqtagan ishni o‘qimasam ham bo‘ladi, lekin sani ishingni o‘qiyman”, – dedilar. Bu Ustozning so‘nggi kunlari ekani shunda xayolimga ham kelmagan edi…
“Ming yil o‘qisamu, nimani bilasan?” – deb so‘rashsa: “Haddimni bilaman” deyman”, – deydi Mavlono. Haqiqatan, akademik To‘ra Mirzayev haqida xotira yozish mening haddim emas. Lekin Ustozni juda sog‘inaman. Ayniqsa, institutga kelganlarida “Ibrohim kelganmi?” – deb so‘rardilar. Va borliklarini bilsalar, “Hozir chiqaman”, derdilar. Ustoz juda xoksor odam bo‘lib, bo‘limdagi hamma bilan erinmay bir-bir so‘rashardilar va “Ha, Haqqul boboni nabirasi”, deb, domla Haqqulov xonalariga o‘tardilar va ikkovlari uzoq suhbatlashishardi. Ulardagi sodiqlik, o‘zaro hurmat ham bizlar uchun bir ibratli maktab bo‘lgan. Ustoz To‘ra Mirzayevni ko‘p xotirlaydilar. Aminmanki, To‘ra Mirzayev sog‘inchi, deyarli, butun institutda bor.
Haqiqiy tarix ko‘ngillarga bitiladi. Bu tarixda bir kun yozilarkan: “Yuragim huvillab qoldi”. Bu og‘irlik, bu yolg‘izlik aslida yuragingdagi qabrlar hisobiga bo‘lar ekan. Mavlono Jaloliddin Rumiy: “Xafa bo‘lma! Har kim o‘ladi. Kimdir tuproqqa, kimdir esa yuraklarga ko‘miladi”, – degan edi. Haqiqat, biz Ustoz To‘ra Mirzayevni yuraklarimizga dafn etdik. Boshqacha tarzda bu judolikni ko‘tarish og‘ir…
Dissertatsiya mavzuim tufayli ham inson taqdirida murshid – ustozning o‘rni muhim ekanligini juda-juda his etdim va tushundim. Parvardigordan ko‘p narsa so‘rab iltijo qilganman… Biroq keyin bildimki, eng kerakli duolardan biri qismat yo‘llarida bir murabbiy so‘rash ekan. Ammo bu borada Allohim menga marhatini darig‘ tutmadi. Shunday Ustozlarni ravo ko‘rgan taqdirimga behad shukrim, benihoya hamdim bor. Bugun Ustoz uchun xayr-duolar qilib, jamoli nasib etuvchi jannati a’losini Yaratgandan so‘rab qolaman…
Ҳақиқатда,устоз Тўра Мирзаев самимий дарёдил инсон эдилар. Ҳеч кимда гина адоват сақламаган, бағрикенг бетакрор инсон.
Мақола жуда яхши чиқибди, раҳмат!