Shukur Xolmirzayev: Aktyor bo’lishimga sal qolgan.


Шукур Холмирзаев насримизнинг энг забардаст адибларидан. Абдулла Орипов шеъриятда қанчалик улуғ мақомда турса, Шукур Холмирзаев прозанинг шу даражадаги ёзувчиси. Адибнинг қайси асарини олманг унда ўзбек кишисини, ўзбек халқини кўрасиз. Унинг асарларида ўзбеклар яшайди.
Биз адиб ижодига батафсил баҳо беришдан ўзимизни тийган ҳолда қисқагина нуқтаи назаримизни шундай изоҳлаймиз: ўзбеклар то қиёматгача яшайди, иншооллоҳ, Шукур Холмирзаев асарлари ҳам.
Қуйида мухбиримиз Муҳаммад Исмоилнинг адиб билан дилкаш суҳбатини ўқийсиз..

ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ: АКТЁР БЎЛИШИМГА САЛ ҚОЛГАН…
“Оила ва жамият” мухбири билан суҳбат

– Шукур ака, болалик йилларингиз қандай кечган?
– Болаликни ўзим ҳам ўзимча тасаввур этмоқчи бўлсам, мудом бир хил манзаралар кўз олдимга келади: бунисидан униси, унисидан наригиси яшилроқ бўлиб кўринадиган адирлар, яланг ўтлоқдаги ўтовлар, қўй-қўзилар, қандайдир думсиз-қулоқсиз итлар… Отлиқ, олачопон йигитлар, қизил кўйлакли қиз-жувонлар… Сўқмоқлар, чигирткалар… Ҳавода вижирлаётган тўрғай-у сариқ тиканлар, кейин жимир-жимир сароб ва сокинлик…
Гап шундаки, уруш йилларида эркакларнинг ишлари ҳам аёллар бошига тушган, онам – раҳбарлардан бири эди; оти бор, бугун у қишлоққа, эрта бу қишлоққа жўнаб қолар, камина ғижим рўмол ёпинган бу отлиққа думдек эргашар эдим; онам иши тиғизлигини айтиб, қамчи сермаганда ҳам қолмас эдим. Охири бечора йиғламсираб, оёғини узангидан чиқарар, мен хром этикнинг учига босиб, отга мингашиб олардим. Яланг сағринда ўтириш ноқулай эди, аммо мен чидардим…
Шу тариқа юртимнинг дала-даштларини бир қаричлигимдан кўриб, севиб қолган эдимки, ўша кезлар ҳамон тушларимга киради. Аллоҳга шукроналар айтаман, ўшандоқ болаликни менга насиб этган экан.

— Отангиз ҳам урушдамиди?
— Э, йўқ. Уруш бошланишидан олдин қамалиб кетган эди. Ўшанда Бойсун район газетасининг муҳаррири эканлар. Онам райком секретари бўатуриб отамга ёрдам беролмаган… Ўша кунларни эслаб кўп йиғларди онам. Ҳозир қариб, эсар бўп қолган. “Отанг, газитти кўп ўқирди, ўзи мард одам эди, раҳматли. Бир мақолди яхши кўрарди: “Энкайганга энкайгин – бошинг ерга теккунча, қаққайганга қаққайгин – бошинг кўкка етгунча”. Шу мардлигиям унинг бошига етди. Тавба, 44-йилда билиппиз-а ўлганини. Магаданда дарахт кесар экан, силласи қуриб ўлган экан…”.

— Отангизни самарқандлик, тўғрироғи, булунғурлик дейдилар-а?
— “Ҳа”, десам ҳам бўлади. У кишининг етти авлоди Булунғурда туғилган. Ўзлари мулла одам бўлган, зиёлиларни қатағон қилиш бошланганда, Булунғур маорифининг бошлиғи бўлган. Кейин қочган. Тошкентга келиб, Каллахона мавзеидаги бир чойхоначи дўстининг ертўласида бир йил яшаган. Кейин Марказқўм раиси Усмон Юсуповга учраган. У киши: “Бу атрофда бўлсанг, барибир қамаласан. Узоқроқ бир жойга кет. Масалан, Сурхондарёга, Бойсун тоғлари орасига кет. У ерда яшаб қоласан”, деган экан… Онамнинг гаплари бу. У киши ҳатто яқин-яқингача: “Сен, болам, Каллахонага бор. Чойхоначини топ. Ўзининг оти эсимда йўғ-у, Эрали, Шерали деган ўғиллари бор эди. Сен уларни зиёрат қилишинг керак”, де эди… Афсуски, улардан ном-нишон тополмадим…

— Шундан кейин отангиз Бойсунга кетиб қолган-а?
— Ҳа. Аммо Бойсун отамга бегона бўлмаган. Отамнинг авлодлари – асли сурхондарёлик, юз (жуз) уруғининг туёқли қабиласидан бўлган. Бундай беш юз йил дейинми, минг йил дейинми – бурун қабилалараро уруш чиққанда, жузларнинг бир қисми енгилиб қочган: бир бўлаги Булунғурга бориб қолган. Назаримда, ўшанда ул туманнинг номи бошқа бўлган. Чунки бу қабиланинг аслида яшаган жойи – Денов шаҳрининг шимолида, Сийна қишлоғининг устида ҳамон Булунғур деган қишлоқ бор…

— Ҳе, бу дунёда кўчмаган халқ бор эканми… Шундай қилиб, ёзувчилик Сизга ирсиятдан – отамерос дейиш ҳам мумкин экан-да?
— Балки. Ундай десам, она авлодим – қатарлар уруғи ҳам қадимдан санъатпараст бўлиб келган. Ҳозирги “Бойсун” этнографик ансамблининг ташкилотчилари ҳам ўшалардан, кўплари жиянларим бўлади… Лекин, Муҳаммаджон, жони ҳар қанча қаттиқ уруғ ҳам нобоп шароитда ориқ ерга тушса, униб чиқиши маҳол. Демоқчиманки, анчайин қобилиятнинг камол топиши учун ҳам муҳит лозим!.. Шу маънода мен ўзимни “омадли” санайман. Аввало, ўз соҳасининг фидойиси бўлган устозларнинг қўлига тушганман ва улардан панд-насиҳат эшитиб қолмай, шахс сифатида ибрат олганман. Масалан, 5-синфда ўқиётганимда мактабимизда “Ёш шоирлар тўгараги” ташкил бўлди. Холмуҳаммад Қулниёзов деган бир меҳрибон ўқитувчимиз раҳбар эди. Ўзлари тил-адабиётдан дарс берар, шоир ҳам эдилар. Илк шеърни шу тўгаракда ёзганман ва ўша йили “Ғалла фронти” деган газетамизда домланинг “Оқ йўл”и билан чиққан. Еттинчи-саккизинчи ва ўнинчи синфларда адабиётдан Зикир Умаров, Хуррам Холиқов, Жаббор Эсоновлар сабоқ беришган. Бариси менга меҳрибон бўлган. Масалан, Хуррам ака менинг шеърларимни таҳрир қилиб, ҳатто бир-икки сатр қўшиб ҳам ўша газетада чоп эттирган. Еттинчи синфдан ҳикоялар ёза бошладим. Вилоят радиосининг бошлиғи (тошкентлик) Зиёев деган кишининг қўлига “Хатарли сўқмоқда” деган ҳикоям тушиб қолган экан, уни облрадиодан бериб, вилоят газетида ҳам бостирганлар. Кейинчалик у киши Тошкентга қайтиб келгач, борди-келдимиз давом этган. Дорилфунунда машҳур танқидчи — олим Матёқуб Қўшжоновга беихтиёр шогирд тушиб қолдим. Ўшанда у киши университетда “Бадиий маҳорат”дан махсус курс ўтардилар. Оға-инидек бўлиб қолдик. Ва домла менинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор…” асаримга ҳам, ундан олдинроқ – тўртинчи курсда битилган “Тўлқинлар” повестимга ҳам кириш сўз ёзиб, чоп этилишига бош-қош бўлганлар…
— Ҳа, устозлардан ёлчиган экансиз… Шукур ака, ҳали она авлодим ҳам санъатсевар деганингизда бир нарса эсимга тушди: Сиз дорилфунунда Шукур Бурҳонов раҳбарлигидаги драма тўгарагига ҳам қатнашгансиз, а?
— Ҳа, актёр бўп кетишимгаям сал қолган… Шукур ака, раҳматли шоирлардан фақат Шайхзодани тан оларди. Хўш, менинг эса журналист факультетини ташлаб (2-курсдан) театр институтига ўтишимни (4-курсга) истарди. Мен буни истамасдим. Шунда Шукур ака шундай дерди: “Ҳой, оковси, сандан барибир Шайхзода чиқмайди! Тушунсанг-чи, актёр чиқади сандан…” Мен “тушунмадим” ва ўз йўлимда қолдим… Ўшанда тўгаракда Шекспирнинг “Гамлет” асари қўйилмоқда, камина бош ролни ижро этмоқда эдим… Дарвоқе, кеннойингиз, ўшанда Шарқ факультетида ўқийдиган опачангиз  Офелия ролини ижро этарди… Ҳа-ҳа, ўшанда танишиб қолганмиз. Кейин нима бўлгани ўзингизга маълум. Худога шукр, учта фарзанд кўрдик…
— Фарзандларингиздан адабиётга қизиққани…
— Қизиқиш ҳаммасида бор эди. Қизим Сайёрани атай халқ оғзаки ижодига қизиқтирганман…
— Нега “атай”?
— Булунғурга биринчи марта оборганимда, опасига (яънги онасига): “Опа, катта додамиз қозоқ бўлганми?” депти. Хотиним кулибди. Менга айтди. Ўзингиз биласиз, кўчманчи уруғларнинг аксари “жўқчи”. Шунда қизимга тушунтирмоқчи бўлдим, аммо Тошкентда туғилган қизалоқ “ж”лаб гапиришни ҳазм қилолмади. Шунда “тўхтаб тур” деган эдим. Дорилфунундаги диплом ишиниям “Алпомиш” достонидан қилдирдим. Қарасангиз, “жўқчи”ларнинг тилини балодай тушуниб қолибди. Кандидатлик иши ҳам шу мавзуда бўлди. Хўш, кичик ўғлим – кенжам Жаҳонгир учинчи синфдан ҳикоялар ёза бошлаган эди. Ҳозир йигирманинг устида. “Тонг юлдузи”да қиссаси, бошқа газеталарда ҳикоялари чоп этиляпти. Лекин, лекин, менинг фарзандим бўлгани биланг – замонасининг боласи-да, ука!
— Тушунтириброқ айтинг.
— Кейинги ҳикоялари, асосан, детектив жанрда… Мен қайси куни унга: “Болам, оғирроқ жанрларда ёзсанг-чи, руҳий чуқурроқ бўлса асарларинг”, дедим. “Унақа асарри ким ўқийди?” деди безрайиб. “Зиёлилар, ўзбекнинг элитаси ўқийди…” дея гапимни тугатишимга улгурмай ёқамдан олди: “Ўзбегийизда элита борми? Опа, эшитвоссизми аданинг гапларини? Бизда элита борми! Ҳа, бор, — деб ҳаяжонланиб кетди. – Битта бойвачча уч қаватли уй қурипти. Мармар сарой дейсиз! Ёнидаги қўшнисига ёрдам берай демайди… Элита бормиш! Кўзи очлар бор!.. Уҳ, кевотганимда мошинасига ўт қўйворгим келди. Нокас, камбағалларгаям қарашгин-де! Гапирманг, дада! Ўшалар газетаям ўқишмийди. Асар ўқиш эмиш… Тағин “одобсиз” деб Американинг бойларини сўкишади. Қайда! Ана ўшалар инсонга қайишади. Улардек бўлгунча, мен сиззи ёшингизга кириб қоламан.
— Хўп, анави ҳавасингизни қўзғатганлар ҳақида… Улар ўзи кимлар?
— Аниқ айтишим мумкин: Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад, Олим Отахон, Шодиқул Ҳамро…
— Билмадим, шу гапингиз самимийми… Ахир, сиз ўзбекона ёзасиз-ку? Уларнинг ҳар бир сатридан Лотин Америка адабиётининг йўналиши келиб туради. Менга сингмайди.
— Менгаям. Лекин мен уларнинг умуман, адабиётга ихлосини ҳурмат қиламан. Уларда тамани сезмайман, бир ажиб фидойилик кўзга ташланади…
— Шукур ака, битта савол туғилди: “оила” деганда Сиз нимани тушунасиз? Оила – фақат эр-хотин, бола-чақа, рўзғорми?
— Ҳим, фалсафий савол бердингиз… Арастунинг айтишича, “Оила бу — Давлат”. Давлат бўлгандаям, илгинчи, ибтидоий ва энг табиий давлатдир. Буюк давлатларнинг ҳам асосий нусхаси оддий оиладан олинган. Демак, кундалик ҳаётда маълум бир оила ёки оилалар қандайдир даражада тўқ-тўкин, тинч-осойишта ҳаёт кечирар экан, бу тепадаги давлатнинг энг ишончли кўрсаткичи ҳисобланади…
— Раҳмат, Шукур ака. Ижодингиз ҳақида кўпроқ сўрагим бору, газета талаби билан уни бошқа суҳбатга қолдираман. Фақат муваффақият тилаб, китобларингиз тезроқ чиқишини истайман… Суҳбат учун раҳмат, ака.
— Сизгаям раҳмат. Илойи, Сизнинг ҳам газета чиқаришдаги машаққатларингиз камроқ бўлсин…

1997

Манбаъ: “Оила ва жамият”, 1997 йил, 19-25 июнь, №25.

Mazkur maqolani Shukur Xolmirzayevning facebookdagi sahifasida joylashtirgan (sahifani ham tashkil etgan) yosh do’stim Otabek Muhammadiyga minnatdorchilik bildiraman.

(Tashriflar: umumiy 114, bugungi 1)

Izoh qoldiring