Men sevgan Oybek. She’rlar

02210 январь — Устоз Ойбек  таваллудига 118 йил  тўлади

     Ойбек шеърияти сирли, мўъжизага бой, ғоят залвор туғёнлар жо бир ғалаён, ой шуъласидай ёруғ ҳислар бекинган қўшиққа ўхшайди. Шу билан бирга, оташин юрак кечинмаларининг ёдномасидир. Мен бу шеърларни ўқиганимда вужудимда шундай бир тасвири ноаён ҳайрат ва дард сезаманки, бу – дунёда яшашдан мақсадим, олаётган ҳузурларимнинг энг гўзали ва ёқимлиси бўлиб туюлади. Тасаввуримда ХХ аср ўзбек шеъриятида Чўлпондан кейин Ойбекдай шоир йўқдирким, бир-икки сатрини (таъкидламоқдаман – сатрини!) соатлаб ўқиб мароқланиш мумкин бўлса: “Қани, шеър, сўйла абадиятдан”; “Ўтди ваҳший гўзал кунлар”; “Шу кечам умримда ўлмасин”; “Юлдуз каби жимирлайди жон”; “Ариқда оқар нотинч, қора сас”; “Чўпон уйқусига томчилар томди”; “Булутларнинг алвони – бўронларга байроқдир!” Яна қанчадан-қанча гўзал, буюк сатрлар… Ойбекнинг ҳаёти шеърларида мужассам: “Ётма, ўғлон, уйғон, кўз оч, ухлама”; “Абадий яшамоқ, кулмоқ истайман”; “Курашади икки тўлқин, қараб турайми?”; “Ассалом, Навоий!”; “Гулханга отдилар дўстлар китобим”; “Тўйиб ёзажакман бир кун соғайсам”; “Кўнглимда ҳақиқат бир оз сўнмади…”; “Коинот эртаги битмайди…” Ушбу сатрларга унинг таржимаи ҳоли сингиб кетган. Ойбек тунни севади. Исми бутун ижодига ярашиғлиқ шоир худди ойдай тўлиб, гўёки тун узра туриб уни сергак кузатади. Тун ҳақидаги шеърларининг ажиб фазилати шуки, шоир тунни сукут ва уйқу билан эмас, бедорлик ва ҳаракат билан боғлайди. У бедор ва ҳаракатчан тунда қуёш юзини кўради. Юксак чинорлар учи қуёш сочлари билан секин ўйнаши ҳам, япроқлар бетида мудраган ой нурлари ҳам, учган япроқ сасидаги баҳорнинг ёди ҳам юрагимиздан ўтаркан, беиз кетмайди. Ойбек шеърларидаги табиат, кеча, кундуз, майса худди инсон янглиғ нафас олади, нафасимизга нафас қўшади. Жуковский шеъриятни бекорга тасвирий санъат билан муқояса қилмаган эди. Ойбек шеърлари тасвирий санъатнинг тенгсиз намуналарига яқин, улардаги рангин ташбеҳлар гўзал суратлар чизади

Хуршид Даврон

ОЙБЕК
 ШЕЪРЛАРИДАН  НАМУНАЛАР
05

ЭРКИН ҚУШ

Малак каби гўзал бир қуш
Тол шохига келиб қўнди.065
Дедим: «Қушча, ёнимга туш,
Ёш кўнглимга алам тўлди.

Бир оз куйла, шеъринг сўйла,
Маҳзун руҳим қанот қоқсин
Сирли, гўзал нағмаларинг
Амалимнинг шамин ёқсин».

«Ёндим эркнинг савдосида,
Қафаслардан жуда бездим,
Боқчаларнинг ҳижронида
Юраги қон тутқун эдим.

Қўй, чақирма кўкка учай,
Эркинликка энди чиқай:
Баҳор келиб, ҳар ёқ кулди,
Чечакларни бир оз қучай!» —

Дея қушча ҳар ён боқди.
Тиниқ кўкда қанот қоқди,

1924

ЁШ ЙЎЛЧИ

Йўлим кўп узоқ,
Амалим порлоқ:
Орзулар тошди
Кўксимда бу чоқ.

Қутурма, денгиз,
Ҳовлиқма, денгиз.
Кичик қайиқни
Ирғитма, денгиз!

Ёш кучим толмас,
Тилагим қўрқмас.
Тоғдек тўлқининг
Йўлимни тўсмас.

Ёш кўнгил тошар,
Кўклардан ошар.
Севган юлдузин
Ахтариб қучар.

1925, сентябрь

ОНЛАР

I

Қуёш оғди уфқдан,
Бир тўплам олов сочин
Илиб қолди ўрмонлар…
Узоқликларда шу он
Секин ёзди қанотин
Мовий, майин туманлар.
Енгил табассум ёғар,
Осмон зангори, сўнгсиз
Коинотга боқаман.
Кўкда юлдузлар ёнар,
Абадият гўзал қиз
Каби ётар… толаман…

1929, апрель

II

Мен юраман аста-секин,
Йўллар қумли, ипак каби…
Уйғонмиш тонг ва шамоллар.

Узун йўлнинг ўнг ва чап
Қатор юксак яшил арча
Учларида қуёш ёнар.

Эркин қушлар ва япроқлар,
Куйлашади узоқ-яқин.
Бундан кўзни ололмайман.

Шунда битар ғам, фироқлар,
Мангу ҳаёт мусиқасин
Тинглаб-тинглаб қонолмайман…

1929, май, Ялта

* * *

Уфқлар қуроқ тутди.
Ранг-баранг булутлардан.
Юксак оғочлар учи
Қуёш сочлари билан
Секин ўйнайди…
Соф узоқлик,
Сўнгсизлик
Маъсум бола каби тинч,
Абадият қўйнида
Ётиб мудрайди…
Жимгина толаман…
Шу дамда
Кўнгил фалсафасига
Сажда қиламан.
Кўксимга сиғмайди —
Севги, севинч…

1929

ЁЗ КЕЧАСИ

Ой нурлари мудрайди
Япроқларнинг бетида…
Теран сукут шу тунда…

Кўнглимга туташгандир.
Сўнгсиз, улуғ коинот,
Мангу ёш гўзал ҳаёт.

Юлдузларнинг узоқда
Олтин киприги ўйнар,
Суяди, зркалайди
Она каби мени-да…

1930

ДЕНГИЗДА ОҚШОМ

Сувларда секин ўйнар,
Oлтин қайиқчалардек,
Қуёш алангалари…

Ғуруб ёнғини қоплар,
Само юзи анордек,
Булутлар атлас каби…

Уфқлар қулочига
Сиғмаган буюк денгиз
Чайқалар секингина.

Сувлар қуёш сочига
Ўралашиб тинимсиз
Ўпар қирғоқни аста…

1930, октябрь.

КЎКЛАМ ҲИСЛАРИ

Бошимда олманинг хушбўй оқ гули,
Улуғ ерни қучиб ётибман уйғоқ.
Қулочим етмаса қалбим еткуси,
Инсоннинг қалбига қуёш жинчироқ.

Дарахтлар кўтармиш гул қадаҳчалар
Кўкламнинг, ҳаётнинг соғлиги учун…
Ясанса, қузонса қирлар, боғчалар,
Нега меҳнат, ерни мақтамай бугун?

Бирлашган меҳнат-ла техника ва фан,
Ҳаёт олтинини шахдам қазийди.
Колхознинг ҳар ёғи туташ бир гулшан
Бу ерда иш — меҳнат бир қўшиқ каби.

Ота-боболарнинг хотираларин
Бир сукут сингари сақлайди бу ер.
Фақат мафтун этар шоир хаёлин
Қўйнидаги кўклам, манглай тўккан тер.

1934

* * *

Бир ютум май каби
Сева симирдим
Гилосдай лабингни,
Дўндиқ, севгилим!

Бир ютум май каби
Сева симирдим,
У дамда абадий
Туюлди умрим.

Ой нурин ёпинган
Чиройли баҳор…
Қани у соғинган
Гилос дудоқлар?…

1934, 21 декабрь

* * *

Юраман, тошади севинчим.
Бу севинч қаердан, билмайман.
Кечанинг оғуши латиф, жим…
Юлдузлар чамани гуллаган.

Тошлар ҳам, қушлар ҳам ухлайди
Шамоллар учганда еп-енгил,
Ой нури мавжланиб титрайди,
Баргларга киради ширин тил.

Коинот севгиси гул каби
Қалбимда очилар, қаёл — ҳур.
Тўладир севинчнинг қадаҳи,
Юлдузлар томчилар олтин нур…

1936, июль, Чимён

* * *

Абадият ва умр
Сингари оқади сув.
Оқ сочларини уйқу
Силамас бунда бир қур.

Унинг мавжлари урса,
Чўнг тошлар тилга кирар,
Ўзидан найи дилбар,
Эркаланиб, кўпирса.

Тоғдан шўх, шодлик сурар
Аллақайға совғаси
Қуёшнинг олтин тоси
Кундузи унда сузар…

Олтин узуклар оқар,
Ҳар кун ҳарир кўксида.
Жим-жим жимирлаш ила
Янги кунларга чопар.

Яшил ёқаларида
Кезаман кундуз, оқшом.
Ҳовучим қадаҳ ва жом,
Ичаман қона-қона.

1936, июль

* * *

Тепага чиқамен, сойга тушамен,
Ё гаранг тошларга жим суянамен,
Ё булоқ бошида бир чўпон каби
Ястаниб бир лаҳза ўйга толамен.

Жўшади булоқнинг кумуш ёшлари,
Ҳам мунгли, ҳам ширин жилдирашлари
Буралиб, кўкатлар ичидан чопар,
Узилган марварид ярқирашлари.

Кундузнинг шўхлиги ҳар ерда улфат,
Ҳар ерда гулларнинг саломи эсар:
Булутлар тепага қўнар бир муддат.
Шуълалар, соялар бирга тентирар.

«Дунёда яшамоқ на гўзал!» — бир сас
Ҳаво олтинида жаранглаб учар;
Узоқ бир ўтовда патефон тинмас,
Орзулар сийнага сиғмасдан тошар…

1936

* * *

Олтин сепкилли қоп-қора кеча,
Қора илиқлик, хушбўй бир нафас
Секин эсади. Ухлар қир, тепа,
Ариқда оқар нотинч, қора сас.
Гуллар тожини силайди уйқу,
Орзулари жўш урар кўнгулнинг.
Оғочлиқлардан келди бир «уҳу».
Шамол шивирлар: келмас, узулманг!
Тугар ҳисларин қора бахмалча.
Юлдузлар жим-жим киприкдан томар,
Тун хушбўй, илиқ: нозли бир палла,
Тоғлар бошида юлдузлар чақнар…

1936

НАЪМАТАК

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида,
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида.

Нафис чайқалади бир туп наъматак
Майин рақсига ҳеч қониқмас кўнгил,
Ваҳший тошларга ҳам у берар фусун,
Сўнмайди юзида ёрқин табассум.

Яноқларни тутиб олтин бўса-чун,
Қуёшга тутади бир сават оқ гул!
Пойида йиғлайди кумуш қор юм-юм…
Нафис чайқалади бир туп наъматак…

Шамол инжуларни сепар чашмадак
Бошида бир сават оқ юлдуз — чечак,
Нозик саломлари нақадар маъсум!
Тоғлар ҳавосининг фирузасидан
Майин товланади бутун ниҳоли.
Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди:
Юксакда рақс этар бир туп наъматак,
Қуёшга бир сават гул тутиб хурсанд!

1936

* * *

Шамол, бир эртак ўқи
Ўзганда тоғ уетидан.
Ичиб булок бошидан,

Шамол, бир зртак ўқи!
Арчалар шохидан туш!
Кўк ипакда қил жилва,

Сочларимда ғивирла,
Кел, қалбимга шивирла,
Арчалар шохидан туш!

Тоғлар рўёсини айт,
Юлдуз саломини айт,
Шивирла ҳаёт сасин,
Севги дуосини айт.

1936, 9 июль

ШЕЪР

Дейдиларки шеър — юлдуз кирпиги.
Болчиқ йўлни ёрит, деёлмас ҳеч ким.
Ҳаёт қорасида инжу нур ипи.
Дейдиларки шеър — фақат қуш тили
Маъносин туяди ҳассос кўнгиллар,
Ёки у кўр қалбнинг кўз ёш томчиси,
Tошларга томади, ё тақар гуллар.
Дейдиларки шеър — ўз мантиқини
Юмшоқ уйқу чоғи олади тушдан,
Қон ва севинч берган ернинг ҳидини
Илҳомлар сўрмади пуч ғурур билан…

1936

* * *

Майли, сув ич, қаттиқ нон кемир,
Лекин, ёнсин қалбингда олов.
Фалсафанинг аччиғин симир,
Фароғат, тин сенга бўлсин ёв.
Тошга ҳам, рангга ҳам, сўзга ҳам
Ҳаёт нури билан бер жило.
Нашъа эмас, ҳатто сенда ғам
Қалбга солсин ҳаётдан зиё.

1937

ҚОРАХАТ

Бехосдан узилган шода дур каби,
Тўкилди умиднинг рангли барглари.
Осилди бир онда қўллар мадорсиз,
Ер қочди, қорайди қуёш зарлари…

1941

* * *

Йиғи келмайди сира…
Ғазабдан қақраган кўз.
Бу йўлларнинг яхидек
Лабимда қотипти сўз.
Қошлар, киприклар қиров —
Юраман ҳушсиз, ҳайрон.
Қорним оч, эсга келмас
Халтамдаги ғиштдек нон…
Куйган уйларда увлар
Қиш қуюни бетиним.
Танҳо кезаман. Йиғлар
Юрагимда Ватаним.

1944, 17 февраль

КУЗДА

Кетаман тентираб танҳо йўлларда,
Дарахтлар гўёки машъалдек ёниқ.
Куз кўркам яшнайди хил-хил рангларда.
Шафтоли барглари ёнар олтиндай,
Ўрикда қирмизи ёқут шуълалар.
Шуълаларнинг рақси баргда, новдада.
Сувлар оқар секин, шишадай тиниқ,
Осмон чўкиб олган сувларга гўё.
Ҳазога тўймайман, нафаси илиқ…
О, азим чинорлар, нақадар кўркам,
Тўхтайман ўйланиб: «Олтинланибди,
Умри асрлардир, илдизи маҳкам…»
Қисқарди кунлар ҳам, учади мезон,
Алвидо, деб қушлар бошлади сафар,
Япроқлар тўкилур,.. йиғлайди хазон…
Олмалар ёноғи қип-қизил ёқут,
Арава, машина ташир шаҳарга,
Ўзбеклар элида — мўл, барака, қут!
Токларда ранг-баранг тотли узумлар,
Тилларни ёради бол каби ширин:
Хушбўй май ичгандай гўё туюлар.
Юраман хаёлда, ўтар кундузи,
Дарахтлар туради ёниқ машъалдай.
Кечқурун йўлимда оқшом юлдузи…

1960

* * *

Сирли йўллар босиб, кезаман осмон,
Ўйлайман, ўйлайман, сира билмайман,
Осмонга сепилган олтиндан сомон.
Ҳакиқат нимадир, ўйлайман ҳамон…

1965, август

     10 yanvar — Ustoz Oybek  tavalludiga 118 yil  to’ladi

Oybek she’riyati sirli, mo»jizaga boy, g’oyat zalvor tug’yonlar jo bir g’alayon, oy shu’lasiday yorug’ hislar bekingan qo’shiqqa o’xshaydi. Shu bilan birga, otashin yurak kechinmalarining yodnomasidir. Men bu she’rlarni o’qiganimda vujudimda shunday bir tasviri noayon hayrat va dard sezamanki, bu – dunyoda yashashdan maqsadim, olayotgan huzurlarimning eng go’zali va yoqimlisi bo’lib tuyuladi. Tasavvurimda XX asr o’zbek she’riyatida Cho’lpondan keyin Oybekday shoir yo’qdirkim, bir-ikki satrini (ta’kidlamoqdaman – satrini!) soatlab o’qib maroqlanish mumkin bo’lsa: “Qani, she’r, so’yla abadiyatdan”; “O’tdi vahshiy go’zal kunlar”; “Shu kecham umrimda o’lmasin”; “Yulduz kabi jimirlaydi jon”; “Ariqda oqar notinch, qora sas”; “Cho’pon uyqusiga tomchilar tomdi”; “Bulutlarning alvoni – bo’ronlarga bayroqdir!” Yana qanchadan-qancha go’zal, buyuk satrlar… Oybekning hayoti she’rlarida mujassam: “Yotma, o’g’lon, uyg’on, ko’z och, uxlama”; “Abadiy yashamoq, kulmoq istayman”; “Kurashadi ikki to’lqin, qarab turaymi?”; “Assalom, Navoiy!”; “Gulxanga otdilar do’stlar kitobim”; “To’yib yozajakman bir kun sog’aysam”; “Ko’nglimda haqiqat bir oz so’nmadi…”; “Koinot ertagi bitmaydi…” Ushbu satrlarga uning tarjimai holi singib ketgan. Oybek tunni sevadi. Ismi butun ijodiga yarashig’liq shoir xuddi oyday to’lib, go’yoki tun uzra turib uni sergak kuzatadi. Tun haqidagi she’rlarining ajib fazilati shuki, shoir tunni sukut va uyqu bilan emas, bedorlik va harakat bilan bog’laydi. U bedor va harakatchan tunda quyosh yuzini ko’radi. Yuksak chinorlar uchi quyosh sochlari bilan sekin o’ynashi ham, yaproqlar betida mudragan oy nurlari ham, uchgan yaproq sasidagi bahorning yodi ham yuragimizdan o’tarkan, beiz ketmaydi. Oybek she’rlaridagi tabiat, kecha, kunduz, maysa xuddi inson yanglig’ nafas oladi, nafasimizga nafas qo’shadi. Jukovskiy she’riyatni bekorga tasviriy san’at bilan muqoyasa qilmagan edi. Oybek she’rlari tasviriy san’atning tengsiz namunalariga yaqin, ulardagi rangin tashbehlar go’zal suratlar chizadi

Xurshid Davron

OYBEK
SHE’RLARIDAN NAMUNALAR
05

ERKIN QUSH

080

Malak kabi go’zal bir qush
Tol shoxiga kelib qo’ndi.
Dedim: «Qushcha, yonimga tush,
Yosh ko’nglimga alam to’ldi.

Bir oz kuyla, she’ring so’yla,
Mahzun ruhim qanot qoqsin
Sirli, go’zal nag’malaring
Amalimning shamin yoqsin».

«Yondim erkning savdosida,
Qafaslardan juda bezdim,
Boqchalarning hijronida
Yuragi qon tutqun edim.

Qo’y, chaqirma ko’kka uchay,
Erkinlikka endi chiqay:
Bahor kelib, har yoq kuldi,
Chechaklarni bir oz quchay!» —

Deya qushcha har yon boqdi.
Tiniq ko’kda qanot qoqdi,

1924

YOSH YO’LCHI

Yo’lim ko’p uzoq,
Amalim porloq:
Orzular toshdi
Ko’ksimda bu choq.

Quturma, dengiz,
Hovliqma, dengiz.
Kichik qayiqni
Irg’itma, dengiz!

Yosh kuchim tolmas,
Tilagim qo’rqmas.
Tog’dek to’lqining
Yo’limni to’smas.

Yosh ko’ngil toshar,
Ko’klardan oshar.
Sevgan yulduzin
Axtarib quchar.

1925, sentyabr`

ONLAR

I

Quyosh og’di ufqdan,
Bir to’plam olov sochin
Ilib qoldi o’rmonlar…
Uzoqliklarda shu on
Sekin yozdi qanotin
Moviy, mayin tumanlar.
Yengil tabassum yog’ar,
Osmon zangori, so’ngsiz
Koinotga boqaman.
Ko’kda yulduzlar yonar,
Abadiyat go’zal qiz
Kabi yotar… tolaman…

1929, aprel`

II

Men yuraman asta-sekin,
Yo’llar qumli, ipak kabi…
Uyg’onmish tong va shamollar.

Uzun yo’lning o’ng va chap
Qator yuksak yashil archa
Uchlarida quyosh yonar.

Erkin qushlar va yaproqlar,
Kuylashadi uzoq-yaqin.
Bundan ko’zni ololmayman.

Shunda bitar g’am, firoqlar,
Mangu hayot musiqasin
Tinglab-tinglab qonolmayman…

1929, may, Yalta

* * *

Ufqlar quroq tutdi.
Rang-barang bulutlardan.
Yuksak og’ochlar uchi
Quyosh sochlari bilan
Sekin o’ynaydi…
Sof uzoqlik,
So’ngsizlik
Ma’sum bola kabi tinch,
Abadiyat qo’ynida
Yotib mudraydi…
Jimgina tolaman…
Shu damda
Ko’ngil falsafasiga
Sajda qilaman.
Ko’ksimga sig’maydi —
Sevgi, sevinch…

1929

YOZ KECHASI

Oy nurlari mudraydi
Yaproqlarning betida…
Teran sukut shu tunda…

Ko’nglimga tutashgandir.
So’ngsiz, ulug’ koinot,
Mangu yosh go’zal hayot.

Yulduzlarning uzoqda
Oltin kiprigi o’ynar,
Suyadi, zrkalaydi
Ona kabi meni-da…

1930

DENGIZDA OQSHOM

Suvlarda sekin o’ynar,
Oltin qayiqchalardek,
Quyosh alangalari…

G’urub yong’ini qoplar,
Samo yuzi anordek,
Bulutlar atlas kabi…

Ufqlar qulochiga
Sig’magan buyuk dengiz
Chayqalar sekingina.

Suvlar quyosh sochiga
O’ralashib tinimsiz
O’par qirg’oqni asta…

1930, oktyabr`.

KO’KLAM HISLARI

Boshimda olmaning xushbo’y oq guli,
Ulug’ yerni quchib yotibman uyg’oq.
Qulochim yetmasa qalbim yetkusi,
Insonning qalbiga quyosh jinchiroq.

Daraxtlar ko’tarmish gul qadahchalar
Ko’klamning, hayotning sog’ligi uchun…
Yasansa, quzonsa qirlar, bog’chalar,
Nega mehnat, yerni maqtamay bugun?

Birlashgan mehnat-la texnika va fan,
Hayot oltinini shaxdam qaziydi.
Kolxozning har yog’i tutash bir gulshan
Bu yerda ish — mehnat bir qo’shiq kabi.

Ota-bobolarning xotiralarin
Bir sukut singari saqlaydi bu yer.
Faqat maftun etar shoir xayolin
Qo’ynidagi ko’klam, manglay to’kkan ter.

1934

* * *

Bir yutum may kabi
Seva simirdim
Gilosday labingni,
Do’ndiq, sevgilim!

Bir yutum may kabi
Seva simirdim,
U damda abadiy
Tuyuldi umrim.

Oy nurin yopingan
Chiroyli bahor…
Qani u sog’ingan
Gilos dudoqlar?…

1934, 21 dekabr`

* * *

Yuraman, toshadi sevinchim.
Bu sevinch qaerdan, bilmayman.
Kechaning og’ushi latif, jim…
Yulduzlar chamani gullagan.

Toshlar ham, qushlar ham uxlaydi
Shamollar uchganda yep-yengil,
Oy nuri mavjlanib titraydi,
Barglarga kiradi shirin til.

Koinot sevgisi gul kabi
Qalbimda ochilar, qayol — hur.
To’ladir sevinchning qadahi,
Yulduzlar tomchilar oltin nur…

1936, iyul`, Chimyon

* * *

Abadiyat va umr
Singari oqadi suv.
Oq sochlarini uyqu
Silamas bunda bir qur.

Uning mavjlari ursa,
Cho’ng toshlar tilga kirar,
O’zidan nayi dilbar,
Erkalanib, ko’pirsa.

Tog’dan sho’x, shodlik surar
Allaqayg’a sovg’asi
Quyoshning oltin tosi
Kunduzi unda suzar…

Oltin uzuklar oqar,
Har kun harir ko’ksida.
Jim-jim jimirlash ila
Yangi kunlarga chopar.

Yashil yoqalarida
Kezaman kunduz, oqshom.
Hovuchim qadah va jom,
Ichaman qona-qona.

1936, iyul`

* * *

Tepaga chiqamen, soyga tushamen,
YO garang toshlarga jim suyanamen,
YO buloq boshida bir cho’pon kabi
Yastanib bir lahza o’yga tolamen.

Jo’shadi buloqning kumush yoshlari,
Ham mungli, ham shirin jildirashlari
Buralib, ko’katlar ichidan chopar,
Uzilgan marvarid yarqirashlari.

Kunduzning sho’xligi har yerda ulfat,
Har yerda gullarning salomi esar:
Bulutlar tepaga qo’nar bir muddat.
Shu’lalar, soyalar birga tentirar.

«Dunyoda yashamoq na go’zal!» — bir sas
Havo oltinida jaranglab uchar;
Uzoq bir o’tovda patefon tinmas,
Orzular siynaga sig’masdan toshar…

1936

* * *

Oltin sepkilli qop-qora kecha,
Qora iliqlik, xushbo’y bir nafas
Sekin esadi. Uxlar qir, tepa,
Ariqda oqar notinch, qora sas.
Gullar tojini silaydi uyqu,
Orzulari jo’sh urar ko’ngulning.
Og’ochliqlardan keldi bir «uhu».
Shamol shivirlar: kelmas, uzulmang!
Tugar hislarin qora baxmalcha.
Yulduzlar jim-jim kiprikdan tomar,
Tun xushbo’y, iliq: nozli bir palla,
Tog’lar boshida yulduzlar chaqnar…

1936

NA’MATAK

Nafis chayqaladi bir tup na’matak
Yuksakda, shamolning belanchagida,
Quyoshga ko’tarib bir savat oq gul,
Viqor-la o’shshaygan qoya labida.

Nafis chayqaladi bir tup na’matak
Mayin raqsiga hech qoniqmas ko’ngil,
Vahshiy toshlarga ham u berar fusun,
So’nmaydi yuzida yorqin tabassum.

Yanoqlarni tutib oltin bo’sa-chun,
Quyoshga tutadi bir savat oq gul!
Poyida yig’laydi kumush qor yum-yum…
Nafis chayqaladi bir tup na’matak…

Shamol injularni separ chashmadak
Boshida bir savat oq yulduz — chechak,
Nozik salomlari naqadar ma’sum!
Tog’lar havosining firuzasidan
Mayin tovlanadi butun niholi.
Vahshiy qoyalarning ajib ijodi:
Yuksakda raqs etar bir tup na’matak,
Quyoshga bir savat gul tutib xursand!

1936

* * *

Shamol, bir ertak o’qi
O’zganda tog’ uetidan.
Ichib bulok boshidan,

Shamol, bir zrtak o’qi!
Archalar shoxidan tush!
Ko’k ipakda qil jilva,

Sochlarimda g’ivirla,
Kel, qalbimga shivirla,
Archalar shoxidan tush!

Tog’lar ro’yosini ayt,
Yulduz salomini ayt,
Shivirla hayot sasin,
Sevgi duosini ayt.

1936, 9 iyul`

SHE’R

Deydilarki she’r — yulduz kirpigi.
Bolchiq yo’lni yorit, deyolmas hech kim.
Hayot qorasida inju nur ipi.
Deydilarki she’r — faqat qush tili
Ma’nosin tuyadi hassos ko’ngillar,
Yoki u ko’r qalbning ko’z yosh tomchisi,
Toshlarga tomadi, yo taqar gullar.
Deydilarki she’r — o’z mantiqini
Yumshoq uyqu chog’i oladi tushdan,
Qon va sevinch bergan yerning hidini
Ilhomlar so’rmadi puch g’urur bilan…

1936

* * *

Mayli, suv ich, qattiq non kemir,
Lekin, yonsin qalbingda olov.
Falsafaning achchig’in simir,
Farog’at, tin senga bo’lsin yov.
Toshga ham, rangga ham, so’zga ham
Hayot nuri bilan ber jilo.
Nash’a emas, hatto senda g’am
Qalbga solsin hayotdan ziyo.

1937

QORAXAT

Bexosdan uzilgan shoda dur kabi,
To’kildi umidning rangli barglari.
Osildi bir onda qo’llar madorsiz,
Yer qochdi, qoraydi quyosh zarlari…

1941

* * *

Yig’i kelmaydi sira…
G’azabdan qaqragan ko’z.
Bu yo’llarning yaxidek
Labimda qotipti so’z.
Qoshlar, kipriklar qirov —
Yuraman hushsiz, hayron.
Qornim och, esga kelmas
Xaltamdagi g’ishtdek non…
Kuygan uylarda uvlar
Qish quyuni betinim.
Tanho kezaman. Yig’lar
Yuragimda Vatanim.

1944, 17 fevral`

KUZDA

Ketaman tentirab tanho yo’llarda,
Daraxtlar go’yoki mash’aldek yoniq.
Kuz ko’rkam yashnaydi xil-xil ranglarda.
Shaftoli barglari yonar oltinday,
O’rikda qirmizi yoqut shu’lalar.
Shu’lalarning raqsi bargda, novdada.
Suvlar oqar sekin, shishaday tiniq,
Osmon cho’kib olgan suvlarga go’yo.
Hazoga to’ymayman, nafasi iliq…
O, azim chinorlar, naqadar ko’rkam,
To’xtayman o’ylanib: «Oltinlanibdi,
Umri asrlardir, ildizi mahkam…»
Qisqardi kunlar ham, uchadi mezon,
Alvido, deb qushlar boshladi safar,
Yaproqlar to’kilur,.. yig’laydi xazon…
Olmalar yonog’i qip-qizil yoqut,
Arava, mashina tashir shaharga,
O’zbeklar elida — mo’l, baraka, qut!
Toklarda rang-barang totli uzumlar,
Tillarni yoradi bol kabi shirin:
Xushbo’y may ichganday go’yo tuyular.
Yuraman xayolda, o’tar kunduzi,
Daraxtlar turadi yoniq mash’alday.
Kechqurun yo’limda oqshom yulduzi…

1960

* * *

Sirli yo’llar bosib, kezaman osmon,
O’ylayman, o’ylayman, sira bilmayman,
Osmonga sepilgan oltindan somon.
Hakiqat nimadir, o’ylayman hamon…

1965, avgust

08

(Tashriflar: umumiy 45 858, bugungi 1)

10 izoh

  1. Yewgeni Onegin roman-poemany
    terjime edeniñ biri Aybek. Shol poemany ikinji terjime eden shahyr kimka?

Izoh qoldiring