12 yanvar – O’zbekiston xalq artisti Kamoliddin Rahimov tavalludiga 70 yil to’ladi. Qutlaymiz!

камолиддинрахимов

      Ўзбек мумтоз мусиқасининг энг ёрқин юлдузларидан бири, Ўзбекистон xалқ aртисти Камолиддин Раҳимов 12 январь куни 70 ёшга тўлади. У ҳақида Ўзбекистон миллий энциклопедиясининг 7 жилдида қуйидаги маълумот берилган:
Раҳимов Камолиддин (J943. 12. 1, Наманган) — хонанда, Ўзбекистан халқ артисти (1983). Жарангдор ва кучли овоз соҳиби. Ашула йўлларини дастлаб Ваҳобжон Абдуллаевдан ўрганган. Тошкент маданият ин-тини тугатган (1987). Наманганда маданият уйи қошидаги Уста Рўзиматхон номидаги ашула ва рақс ансамблида хонанда, мусиқа раҳбари ва бадиий раҳбар (1960—71), Алишер Навоий номидаги вилоят театрида яюсахон хонанда (1972—98). Репертуаридан мумтоз ва замонавий бастакорлар ашулалари («Баёт», «Ушшоқ», «Гиря», «Кўча боғи», «Қаландарий», «Куйгай» каби) ҳамда куйларини ўзи яратган асарлари («Кул, азизим», «Менга раҳм айла», «Ҳаргиз», «Келмаганингда», «Мастона-мастона», «Парвона қилсангиз», «Она мадҳи» ва б.) ўрин олган. Ижро услубига лирик талқин, сўз б-н оҳангдаги уйғунлик хос. Ўзбектелефильм студиясида унинг ижодига бағишланган «Дил таронаси» фильми суратга олинган (1982).Камолиддин Раҳимов ижросидаги ашулалар бир нечта граммпластинка («Камолиддин Раҳимов куйлайди», 1966—1972; «Наргиз», 1980; «Булбул», 1983; «Ул ёр қўлида кўза», 1987) ҳамда компакт диск («Қайдасан» 2002)га ёзилган. Камолиддин Раҳимов Навоий, Бобур, Машраб, Маҳтумқули ва б. мумтоз шоирлар асарларига ашулалар туркумларини 20 дан зиёд аудиокассетага тўплаб ёздирган. Осиё, Европа, Америка мамлакатларида гастролда бўлган. «Эл-юрт ҳурмати» ордени б-н мукофотланган (1998).

kamoliddin

Бундан беш йилча аввал Камолиддин Раҳимов ВВС радиоси ўзбек хизмати орқали ўз мухлисларининг саволларига жавоб берган эди. Бугун ҳам кўпчилик учун қизиқарли суҳбатни сизга тақдим этамиз.

Би-би-си: Тошкент вилоятидан Наргиз исмли муҳлисингиз «Наргиз» қўшиғингизнинг тарихи қандай, у қандай дунёга келган, деб сўрабди.

Камолиддин Раҳимов: Бу «Наргиз» деган қўшиғим… Комил Девоний деган хоразмлик бир шоирнинг китобини сотиб олгандим китоб дўконидан. Шу китобни варақласам, ичида шу «Эй, юзинг кўзгусига волаи ҳайрон, Наргиз» дея ғазал битилган экан. Шу ғазал менга ёқди, шунга ашула яратиш устида анчагина бош қотирдим. Таҳминан бир олти ойларча шу ашулани яратиш устида машғулотлар ўтказиб, кўп машғулот қилдим. Бизнинг Наманган вилоятининг Чуст деган тумани бор, шу Чустнинг тепасида Ғова деган тоғли қишлоғимиз бор. Ўша Ғовага икки биродарим билан дам олгани чиқдик. Шу ерда ғазални яна олдимга олиб, яна куй басталашга ҳаракат қилдим. Шу ерда шу ашула бунёд бўлди. У ер тоғли, олдингиздан сой оқади, рўпарангиз тоғ, ажойиб, кўркам манзарали жойлар… Шундай қилиб, «Наргиз» ашуласи шу ерда 1976-йилда бунёд бўлди… Кейин, ошнам ҳазилкашроқ эди, раҳматли бўлиб кетган, мен унга «мана, эшитиб кўринг, Эркинбой, ашула тайёр бўлди,» дедим ва чалиб «рарарам, рарарум» бўлганидан кейин, шу ашуланинг тугалланишида «эҳеҳей» десам, у «Ҳа, ошна, ашула бир чирой бўлибди-ю, шунисини нима қиласиз қўшиб?» деди. Мен «Эй дўстим, мана шуниси шу ашуланинг кўрки бўлади, ҳудо хоҳласа,» дедим. Фаришталар овмин деган экан, ашула 76-йилда тайёр бўлиб, 77-йил республика телевидениесида ҳар йили бир қўшиқлар гулдастасини тайёрлаб, бир соат концерт айтиб чиқардим. Шу навбатдаги ашулаларим гулдастасида «Наргиз» ашуласи ҳам янгради. Шу томошабинларга манзур бўлганича, мана шу дамгача, ҳозирги ёшлар ҳам қандайдир уни яхши кўришади, кўп биродарлар қизлар кўриб исмини Наргиз қўйишди. Шу ашулани ҳали ҳам айтиб келаяпман, қисқача тарихи шу.

Би-би-си: Буюк Британиядан Аброр исмли муҳлисингиз сўрабди, «Агар дунё ўзбеклари саҳнасига фақат биргина қўшиғингиз билан чиқиш имкони бўлса, қайси қўшиқни ижро этган бўлардингиз ва нима учун»?

Камолиддин Раҳимов: Энди, қўшиқчи учун ҳамма қўшиқлар азиз, у ҳамма қўшиқларини яхши кўради, мен ўзим машаққат чекиб тайёрлаганман ҳаммасини. Ҳамма ашулаларимни севаман ўзим. Агар шунақа ашула айтиш лозим бўлса, мен раҳматли шоиримиз Нормурод Нарзуллаевнинг «Шафақ тўлса ял-ял ёниб, наҳор сабаб, яшилликка бурканса юрт, баҳор сабаб» деган ғазаллари бор эди, ҳамиша концертларда шуни айтаман. Шу дўстимизнинг мулоҳазалари экан, шу ерда жам бўлган биродарларимиз, ўзбеклар учун шу «Диёр сабаб» деган қўшиқни айтган бўлардим.

Би-би-си: Америкадан Камолиддин исмли муҳлисингиз сиздан савол сўрабди.

Камолиддин Раҳимов: Адашим экан…

Би-би-си: Ҳа, адашингиз экан. Улар балки Америкада ҳозир ижодингиздан бехабардир, «нима учун сўнгги пайтларда янги қўшиқлар яратмайсиз, бу нимага боғлиқ, илхомгами ёки ҳаётга?» деб сўрабди.

Камолиддин Раҳимов: (кулади) Йўқ, янги ашулалар тайёрлаб турибман. Ҳа, айтиб турибман. Яна айтиш иштиёқида ҳозир ҳаракатим бор, яна Бобораҳим Машраб, Махтумқулилардан, Навоий, Бобурлардан, ўзимизнинг Ҳабиб Саъдилло, Эркин Воҳидовлар, Абдулла Ориповларнинг ғазалларидан яна бирорта қўшиқлар гулдастаси тайёрлаш ҳаракатим бор. Энди, бироз ёш ҳам кексайгандим кейин, оз-моз сал нимаям бироз сустлашади. Ҳам тор чалиб, ҳам айтиб ижро этиш сал муроккаброқ. Шунинг учун, албатта, бу адашим, муҳлисларимга янги қўшиқлар гулдастаси, ҳудо хоҳласа, 2008-йилларда етиб борса ажабмас.

Би-би-си: Тилла бола деб ўзини номлаган муҳлисингиз ҳозирги ёш қўшиқчаларга бўлган фикрингизни сўрабди.

Камолиддин Раҳимов: Энди, замон тараққиёти билан ҳамма нарса, ҳамма касблар тараққий этганидек, қўшиқчилик соҳаси ҳам тараққий этаяпти. Шу жумладан, ёшларимизга ҳам, буларнинг қулайлик томонлари жуда кўп жиҳатдан яхши бўлаяпти. Овозни чиқариш техникалари, электр қуввати билан айтадиган мусиқа асбоблар, бошқа-бошқалар, ҳулласкалом, ёшлар ўқийдиган олий мактаблар жуда тараққий этди шу замонларда. Бизнинг ёшлигимиздагига нисбатан. Ҳозир энди ёшлар ҳар қандай ашула, ҳар қандай куй чалишса, ҳамма имконият бор. Баъзи бир ашулаларининг меъёрига етмаган жиҳати бор. Буни устозлардан сўрашса, мендан сўрашса, бемалол, қўлимдан келганича ўргатаман. Энди, шу ёшларнинг битта камчилиги, ўзидан катта устозларнинг этагидан ушлаб, мусиқа, қўшиқчилик соҳасида ўрганиши керак. Эринмасдан ўрганиши керак. Шунда касби мукаммал бўлади. Қўшиқчилик соҳасида ҳам равнақ топишади деган умиддаман.

Би-би-си: Лондондан ўз исмини айтмаган муҳлисингиз савол жўнатибди. У қўйидагича. «80-йилларда Қодиржон аканинг шеърига басталанган «Бир гўзал япроқ узилди» номли қўшиғингиз бўларди. Менимча, ўша давр цензурасига қарамай, халқда ҳурматли инсоннинг мотамини жуда дардли ҳиссиёт ила ижро эта олгандингиз. Ҳозирда шу каби ўз фикрингиз, изтироб, дард ҳиссиётингизни, замонга бўлган муносабатингизни ўз ичига оладиган қўшиқларингиз борми? Бор бўлса, қайсилари?»

Камолиддин Раҳимов: Ҳа, қўшиқлар жуда кўп айтаяпмиз, айниқса Махтумқули ғазаллари билан, Бобораҳим Машраб, Ҳабиб Саъдилло, Эркин Воҳидов, Абдуллажон Орипов, ва ўзимизнинг Фузулий, Навоий, Огаҳийларнинг ҳамма ғазалларини айтаяпман. Илгари, тўхтаб, айтса бўлармикан ё бўлмасмикан деган фикрлар бўларди. Ҳозир мустақилликдан кейин шу ғазаллар китобларда босилиб чиққан. Уларни бемалол томошабинларимизга ижро этаяпмиз. Бу «Бир гўзал япроқ узилди» деган қўшиғим забардаст ҳофиз Расулқори Мамадалиевга бағишланганди. У беқиёс ҳофиз эди. шунинг учун эл севарди, давлатимиз ҳам ҳурмат қиларди. Ўшанда Қодир Деҳқон шеърига қўшиқ айтилгандан кейин, ҳудди узукка кўз қўйгандек, халқимизга, ҳозир шу кеча кундузда ҳам, унинг шинавандаларига айтиб келаяпман. Шунақа ашулаларимиз кўп. Ҳудо хоҳласа, тингловчимизнинг қўлларига шу каби ашулаларим етиб борар.

Би-би-си: АҚШдан Санжар исмли муҳлисингиз устозларингиз ким бўлганини билмоқчи экан, ва улар сизга энг яхши тилакларини йўллабди.

Камолиддин Раҳимов: Раҳмат, омон бўлсинлар. Энди, биласиз, мен Наманган вилоятида вояга етиб, катта бўлганман. 20 ёшимгача вилоятда бўлиб, кейин Тошкентга келиб, ўқишни давом эттирганман. Устозлар вилоятдан бошланган. Биринчи устозларимдан Тожиали Алимов. Улардан доира усулларини ўрганганман, ёшлигимда доира чалардим, ашула ҳам айтаверардим. Ваҳобжон Абдуллаевдан тор чалиб ашула айтиш йўлларини ўрганганман. Тошкентга келганимдан кейин, бу ердаги Ўзбекистон халқ ҳофизлари Шоҳасим Шожалилов, ака-ука, Бобоҳон Сўпихоновлар, Ориф Алимаҳсумов, Тожикистон халқ ҳофизи Маъруфхўжа Баҳодиров, ўзимизнинг Фахриддин Умаров, Комилжон Баратов… Бу устозларнинг кўп номларини келтириш мумкин. Мен ашула айтиш сирлари, ўзини қандай тутиш, санъат, қўшиқчилик соҳасидаги кўп сабоқларни шу устозлардан олгандим, ҳаммаларининг жойлари жаннатда бўлсин.

Би-би-си: Жануби Кореядан Жаҳонгир исмли муҳлисингиз сўраяпти. Саволи қуйидагича. «Ҳаммамизга маълумки, ўзбек қўшиқчилари орасида ягона сиёсий қўшиқ куйлайдиган ва куйлаб келаётган арбоб Дадаҳон Ҳасанни кўпчилик эшитган, бу инсон қўшиқлари ҳақида нима дея оласиз?»

Камолиддин Раҳимов: Ҳа, мен у кишининг 70-йилларда айтган ашулаларини биламан, масалан «Лайло» деган ашулаларини. Кейинги ашулаларини кўп ҳам эшитмаганман. Жуда кам кўраман у кишини ман. У киши ўзига яраша яхши қўшиқчи эди.

Куйгай. Ҳамид Олимжон шеъри.

Наргиз.Комил Девоний ғазали

diqqat

album

Mashrab g’azallariga bastalangan qo’shiqlar
2011
Formati: MP3
Hajmi: 118,2 Mb

Files.uz-translations.uz dan yuklang
Hotfile.com dan yuklang

(Tashriflar: umumiy 2 186, bugungi 1)

Izoh qoldiring