Ibrohim Haqqul. G’ussali yurak — yolqinli yurak.

777     Шеър ёзадиганлар кўп. Аммо севишга қодир, кўнглини ишқ ишғол айлаган шоирлар ниҳоятда кам. Усмонни Оллоҳ севгидан қисмаган. Шунинг учун унинг Кўнгли эркин, руҳи ва фикри эркиндир. Шунинг учун унинг энг яхши шеърларида ишқ ва эътиқод шуъласи порлаб туради. Эҳтимол мана шу учун ҳам Усмон Азимнинг “Сайланма”сини ўқиган шеърхон ташқи бир дунёга эмас, балки улкан био шоирнинг Кўнгил боғларига сайру саёҳат қилгандай бўлади.

021
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
ҒУССАЛИ ЮРАК – ЁЛҚИНЛИ ЮРАК
04

Ҳақиқий шоирнинг руҳ ва фикр мақоми ўзига хос, доимо юксак бўлади. Бу ўзига хослик ва юксакликнинг муҳим бир жиҳати – оломонни қизиқтирувчи, оломонга мақбул келувчи фикр ва туйғулардан шоир қалбининг покланишидир. Акс ҳолатларда шоир оломоннинг ортидан эргашиб юрмаса-да, ўзи хоҳ истасин, хоҳ истамасин, оломон куйчисига айланиб қолаверади. Санъат завқи ила қалам тебратадиган шоирни оломон тушунмайди. Тушунмагач, унинг асарларини тўғри қабул эта олмайди. Шоир бундан ҳеч нима ютқизмайди, балки сўқирлик ва қўполликдан ўзини-ўзи муҳофаза қилишни гўё қонунлаштиради. Яъни унинг шеъриятидаги зоҳирий дунё, ботиний ҳақиқатлар оламини сир сақлашга хизмат этади. Сирга етиш, гўзаллик сирларини кашф айлашни эса ғофил кимсалар мутлақо ёқтиришмайди. Улар жўнликни, саёзликни яхши кўради. Сохта чечаник ва жўнлик оломонга ҳамиша енгиллик беради. Шунинг учун у ўз шоири ёки ёзувчисини қўллаб-қувватлаш ва илҳомлантиришда бағоят ташаббускор. Бир пайтлар, шеъриятимизга етмишинчи йилларда ва ундан сал кейинроқ кириб келган истеъдодли ёшлар ижодига қарши кескин ҳужумлар уюштирилиши ва уларнинг миллатчилик ҳиссиётларни ёлқинлантирувчи шеърларини беписандлик билан танқид қилинишига асосий сабаб ҳам мана шу эди.

Ҳурриятчилик – шеъриятдаги энг устивор ва энг умидбахш йўналиш. Бу йўналишга қарши туриш ёки маълум бир вақт унинг ҳаракатларини сусайтириш мумкин. Лекин ҳеч қандай куч уни батамом тўхтатиш ва йўқотишга қодир эмас. Чунки Руҳ эркинлиги инсонни давр ва замоннинг ҳар қандай хавф-хатарларидан муҳофаза эта олади. Руҳан ва қалбан озод шахс – енгиш қобилияти шаклланган шахс. Унинг тик қоматини фитна ва бўҳтон, жаҳолат ва зулм тўфонлари бука олмайди. Ҳасад ва ғазаб тошларини у нокаслик ва ожизликнинг бир “туҳфа”си сифатида қабул қилади.

Саксонинчи йилларга келиб шеъриятимизда сўзнинг янги таъсир қувватини очиш, рамзлар, ишоратлар тили билан асрий ёлғон ва ҳақсизликларни фош этиш тамойили янада кучайди. Айрим шоирларни миллатчиликда айблаш хавфи хавф бўлмай қолди. Чунки узоқ муддат омма онгини чулғаб олган сиёсий хурофот аста-секинлик билан бўлса ҳамки, чекинишга бошлаганди. Бу ҳол энг шўропараст ижодкорларни ҳам бир қадар ҳушёр тортишга мажбур этди. Улар шеъриятдаги янги ва шиддатли мафкуравий тўлқин истиқболига аввал иштибоқ ила қарадилар. Зарурият туғилганда, улуғ Чўлпон ва Фитрат меросини тўла оқлаш ёки уларнинг ғоявий-бадиий анъаналари давом топишига қарши эканликларини ҳам яширмадилар. Бундай шоиру ёзувчиларни қайта қуриш ва ошкоралик насимлари анча дадиллаштирди. Ва улар фикран, руҳан қайта янгиланиш азобларини хаёлга ҳам келтирмасдан, жуда моҳирлик билан замонга қайта мослашдилар. Орадан унча кўп фурсат ўтмади, ички, яъни виждоний мустақилликдан маҳрум айни шу шоир, шу ёзувчилар давлатимиз Мустақиллигининг “муҳофиз”лари қиёфасида минбарларда кўкрак кера бошладилар. Ҳолбуки, эрк ва мустақиллик учун куйиб-ёнган бўлса, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориф ва Рауф Парфи куйиб-ёнган эди. Шахс ҳуррияти ва Ватан озодлиги учун умрини тиккан бўлса, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим тиккан эди. Ёки Миразиз Аъзам, Чўлпон Эргаш, Омон Матжонга ўхшаш шоирларнинг шеъриятини холис баҳоламасдан, қандай қилиб одамларни Мустақиллик адолатига ишонтириш мумкин?

Мана, Усмон Азимнинг чоп этилган “Сайланма”си. Китобдаги аксарият шеърлар яхши таниш – олдин ҳам ўқилган шеърлар. Лекин улардаги ҳиссиёт ўша-ўша: жўшқин ва табиий. Эҳтирос ўша: ёниқ ва шиддатли. Фикр шамойили деярли ўзгармаган: ишончбахш ва муросасиз.

Шеър ёзадиганлар кўп. Аммо севишга қодир, кўнглини ишқ ишғол айлаган шоирлар ниҳоятда кам. Усмонни Оллоҳ севгидан қисмаган. Шунинг учун унинг Кўнгли эркин, руҳи ва фикри эркиндир. Шунинг учун унинг энг яхши шеърларида ишқ ва эътиқод шуъласи порлаб туради. Эҳтимол мана шу учун ҳам Усмон Азимнинг “Сайланма”сини ўқиган шеърхон ташқи бир дунёга эмас, балки улкан био шоирнинг Кўнгил боғларига сайру саёҳат қилгандай бўлади. Шу боғларнинг баҳорий манзара ва қувончларидан руҳланади, куз қучоғидаги ҳолатларига нигоҳ ташлаб гоҳ ҳазин, гоҳ ўйчан, гоҳ ғам-ғуссали хаёлларга берилади. Қандай фикр ё ғоя илгари сурилишидан қатъи назар, шеър – ҳолат, кайфият, руҳоният сувратларидир. Хусусан, руҳий идрок ва руҳий англаш майллари акс этмаган шеърнинг қуруқ ва яланғочлигига тоқат қилиш қийин. Усмон бу ҳақиқатни чуқур англайди. Унинг “Руҳга кўчдим – таним қолмади”, дейиши ҳам шу ҳақиқатнинг бир эътирофидир.

Имом Ғаззолийнинг таърифлашича, “Руқ инсондаги идрок қилувчи ва билувчи латифликдир”. Усмоннинг олдинги ҳамма шеърий тўпламларига нисбатан “Ғусса” деб номланган мажмуасида ана шу латифликнинг миқёси кенг ва моҳияти теранлашган. “Сайланма”да ундаги шеърларга кенгроқ ўрин ажратилган ва тўғри қилинган. “Ғусса”дан танланган шеърлар Усмоннинг фикр-қарашларида кучли силжиш содир бўлганлигини англаш жиҳатидангина эмас, балки унинг шеъриятида сифат ўзгариши ҳосил бўлганлигини билиш маъносида ҳам диққатга молик.

Ғам етди дил хилватларига,
Ёлғонларнинг шуъласи сўнди. –

дейди шоир. Ёлғоннинг ранги воқеликнинг қиёфасини ўзгартиради. Ёлғонларнинг шуъласи дунё ишлари ва инсон қисматига тўғри назар ила қарашга имкон бермайди. Ёлғон, шодлик ва “қувончнинг кўп зулмлари бор”лигини билишга йўл қўймайди. Балки шу учун у бошқа бир шеърида “Дўстлар, илиқ ёлғон ҳайданг – кузга чиқсин қалбингиз” дея “зариф ғусса жомидан” сипқоришга даъват этгандир. Агар шоир басират нигоҳида ниманидир аниқ кўриш ёки дунёнинг мураккаб ҳақиқатарини тўғри ва теран ўзлаштиришни хоҳласа, унинг ақли ҳар турли ўткинчи даъволардан, кераксиз баҳсу мунозара қўзғовчи ҳиссиётлар, шайтоний майл ва сохта талаблардан фориғ бўлиб, мутлақ хотиржамликка етишмоғи шарт. Усмоннинг бир қатор шеърлари шундай хотиржамлик ва руҳни ёриштирувчи сокинлик шавқидан туғилган. У тазарру боғларига юз бураркан, қалб ҳаётидаги ўзгаришлар ва тушунчаларидаги эврилишларни ҳам шеърда моҳирлик билан акс эттиради.

Кечиргин – эрк учун талошганимни
Ва эрк сенлигингни билмаганим-чун.

Бу фикр – Тангрига илтижо. Ва айни пайтда у эрк учун талашмоқ, эрксизликнинг айни ўзи эканлигини англаган, бандасидан Эрку Озодлик кутиш бесамар иш эканлигини аниқ билган юрак иқрори эрур. Дарҳақиқат, Кўнгил учун Ҳақ ишқидан ортиқ ва бепоён ҳуррият йўқ. Энг сўнгги нажот ҳам инсонни абадият салтанати – Оллоҳ даргоҳида чорловчи шу ишқдир:

Ишқ, сендадир энг сўнгги нажот,
Узат, тоза дастингни узат –
Сен йўқ жойда ғарибдир ҳаёт,
Сен йўқ жойда кишандир узлат.

Биз “маъно” сўзини кўп тилга оламиз. “Маъно” тўғрисида тўхтовсиз гапирамиз. Аммо “маъно” бағрида яширинган маънолар билан деярли қизиқмаймиз. Маъно – тасаввуф шеъриятидаги бош сўз ва етакчи тимсоллардан бири. Шарқнинг буюк мутасаввуф шоирлари бу сўзга нуқта, ҳақиқат, маърифат (ирфон), руҳоний илм, олам каби мазмунларда ишлатганлар. Аҳмад Яссавий муршидининг ўгитларини хотирлаб:

Аё нодон маъно бул, деб айтди билдим,
Ондин сўнгра чўллар кезиб Ҳақни суйдим –

деганида ҳақойиқи илоҳий ва маърифати руҳонийни назарда тутган. “Маъно”нинг асосий сифати – уни тўлиқ кашф айлаш ва очиқ-ойдин ифодалаш мумкин бўлмаган бир тилсим эканлигидадир. Зеро, чин ошиқларга кўра “Маънони билдим деган — билмас”. Тасаввуфий маслакда, маънонинг зидди – даъво эрур. Даъво – қуруқ, зоҳирий ва илдизсиз билим – ҳақиқатдан йироқ бир иддао. Шу боис бошқа бир ҳақпараст шоир демиш:

Бизга дийдор керак, дунё керакмас,
Бизга маъно керак, даъво керакмас.

Мустақилликдан сўнг ўзбек шеъриятида даъводан кечиб “маънога” юз буриш жараёни бошланди. Ҳали танқидчилик бу жараён билан қизиққани ҳам йўқ. Лекин мавжуд тажрибалар яқин келажакда мустақиллик даври шеърияти билан мумтоз шеъриятимиз ўртасида ирфоний ва руҳоний бир яқинлик пайдо бўлишидан далолат бериб турибди. Бу қуруқ гап эмас, балки юзлаб мисоллар билан исботланадиган ҳақиқат. Шундай шеърларнинг сара намуналари Усмоннинг “Сайланма”сида ҳам мавжуд. У бир шеърнинг охирида ёзган:

Ҳамма ўйим оқдир, бор бахтим – қора,
Фақат ишқим покдир, фақат дил – гадо.
Ё Оллоҳ! Ишқингнинг умиди аро,
Оёққа илашган лойдай сарсонман.

Нажот ана шу умидворликда. Дил қувончи ана шу сарсонликда. Шеър ёзмоқ Усмон Азимга касбмас – қисмат.

1996 йил, 11 октябр

012

021
Ibrohim HAQQUL
G’USSALI YURAK – YOLQINLI YURAK
04

Haqiqiy shoirning ruh va fikr maqomi o’ziga xos, doimo yuksak bo’ladi. Bu o’ziga xoslik va yuksaklikning muhim bir jihati – olomonni qiziqtiruvchi, olomonga maqbul keluvchi fikr va tuyg’ulardan shoir qalbining poklanishidir. Aks holatlarda shoir olomonning ortidan ergashib yurmasa-da, o’zi xoh istasin, xoh istamasin, olomon kuychisiga aylanib qolaveradi. San’at zavqi ila qalam tebratadigan shoirni olomon tushunmaydi. Tushunmagach, uning asarlarini to’g’ri qabul eta olmaydi. Shoir bundan hech nima yutqizmaydi, balki so’qirlik va qo’pollikdan o’zini-o’zi muhofaza qilishni go’yo qonunlashtiradi. Ya’ni uning she’riyatidagi zohiriy dunyo, botiniy haqiqatlar olamini sir saqlashga xizmat etadi. Sirga yetish, go’zallik sirlarini kashf aylashni esa g’ofil kimsalar mutlaqo yoqtirishmaydi. Ular jo’nlikni, sayozlikni yaxshi ko’radi. Soxta chechanik va jo’nlik olomonga hamisha yengillik beradi. Shuning uchun u o’z shoiri yoki yozuvchisini qo’llab-quvvatlash va ilhomlantirishda bag’oyat tashabbuskor. Bir paytlar, she’riyatimizga yetmishinchi yillarda va undan sal keyinroq kirib kelgan iste’dodli yoshlar ijodiga qarshi keskin hujumlar uyushtirilishi va ularning millatchilik hissiyotlarni yolqinlantiruvchi she’rlarini bepisandlik bilan tanqid qilinishiga asosiy sabab ham mana shu edi.

Hurriyatchilik – she’riyatdagi eng ustivor va eng umidbaxsh yo’nalish. Bu yo’nalishga qarshi turish yoki ma’lum bir vaqt uning harakatlarini susaytirish mumkin. Lekin hech qanday kuch uni batamom to’xtatish va yo’qotishga qodir emas. Chunki Ruh erkinligi insonni davr va zamonning har qanday xavf-xatarlaridan muhofaza eta oladi. Ruhan va qalban ozod shaxs – yengish qobiliyati shakllangan shaxs. Uning tik qomatini fitna va bo’hton, jaholat va zulm to’fonlari buka olmaydi. Hasad va g’azab toshlarini u nokaslik va ojizlikning bir “tuhfa”si sifatida qabul qiladi.

Saksoninchi yillarga kelib she’riyatimizda so’zning yangi ta’sir quvvatini ochish, ramzlar, ishoratlar tili bilan asriy yolg’on va haqsizliklarni fosh etish tamoyili yanada kuchaydi. Ayrim shoirlarni millatchilikda ayblash xavfi xavf bo’lmay qoldi. Chunki uzoq muddat omma ongini chulg’ab olgan siyosiy xurofot asta-sekinlik bilan bo’lsa hamki, chekinishga boshlagandi. Bu hol eng sho’roparast ijodkorlarni ham bir qadar hushyor tortishga majbur etdi. Ular she’riyatdagi yangi va shiddatli mafkuraviy to’lqin istiqboliga avval ishtiboq ila qaradilar. Zaruriyat tug’ilganda, ulug’ Cho’lpon va Fitrat merosini to’la oqlash yoki ularning g’oyaviy-badiiy an’analari davom topishiga qarshi ekanliklarini ham yashirmadilar. Bunday shoiru yozuvchilarni qayta qurish va oshkoralik nasimlari ancha dadillashtirdi. Va ular fikran, ruhan qayta yangilanish azoblarini xayolga ham keltirmasdan, juda mohirlik bilan zamonga qayta moslashdilar. Oradan uncha ko’p fursat o’tmadi, ichki, ya’ni vijdoniy mustaqillikdan mahrum ayni shu shoir, shu yozuvchilar davlatimiz Mustaqilligining “muhofiz”lari qiyofasida minbarlarda ko’krak kera boshladilar. Holbuki, erk va mustaqillik uchun kuyib-yongan bo’lsa, Erkin Vohidov, Abdulla Orif va Rauf Parfi kuyib-yongan edi. Shaxs hurriyati va Vatan ozodligi uchun umrini tikkan bo’lsa, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron, Usmon Azim tikkan edi. Yoki Miraziz A’zam, Cho’lpon Ergash, Omon Matjonga o’xshash shoirlarning she’riyatini xolis baholamasdan, qanday qilib odamlarni Mustaqillik adolatiga ishontirish mumkin?

Mana, Usmon Azimning chop etilgan “Saylanma”si. Kitobdagi aksariyat she’rlar yaxshi tanish – oldin ham o’qilgan she’rlar. Lekin ulardagi hissiyot o’sha-o’sha: jo’shqin va tabiiy. Ehtiros o’sha: yoniq va shiddatli. Fikr shamoyili deyarli o’zgarmagan: ishonchbaxsh va murosasiz.

She’r yozadiganlar ko’p. Ammo sevishga qodir, ko’nglini ishq ishg’ol aylagan shoirlar nihoyatda kam. Usmonni Olloh sevgidan qismagan. Shuning uchun uning Ko’ngli erkin, ruhi va fikri erkindir. Shuning uchun uning eng yaxshi she’rlarida ishq va e’tiqod shu’lasi porlab turadi. Ehtimol mana shu uchun ham Usmon Azimning “Saylanma”sini o’qigan she’rxon tashqi bir dunyoga emas, balki ulkan bio shoirning Ko’ngil bog’lariga sayru sayohat qilganday bo’ladi. Shu bog’larning bahoriy manzara va quvonchlaridan ruhlanadi, kuz quchog’idagi holatlariga nigoh tashlab goh hazin, goh o’ychan, goh g’am-g’ussali xayollarga beriladi. Qanday fikr yo g’oya ilgari surilishidan qat’i nazar, she’r – holat, kayfiyat, ruhoniyat suvratlaridir. Xususan, ruhiy idrok va ruhiy anglash mayllari aks etmagan she’rning quruq va yalang’ochligiga toqat qilish qiyin. Usmon bu haqiqatni chuqur anglaydi. Uning “Ruhga ko’chdim – tanim qolmadi”, deyishi ham shu haqiqatning bir e’tirofidir.Imom G’azzoliyning ta’riflashicha, “Ruq insondagi idrok qiluvchi va biluvchi latiflikdir”. Usmonning oldingi hamma she’riy to’plamlariga nisbatan “G’ussa” deb nomlangan majmuasida ana shu latiflikning miqyosi keng va mohiyati teranlashgan. “Saylanma”da undagi she’rlarga kengroq o’rin ajratilgan va to’g’ri qilingan. “G’ussa”dan tanlangan she’rlar Usmonning fikr-qarashlarida kuchli siljish sodir bo’lganligini anglash jihatidangina emas, balki uning she’riyatida sifat o’zgarishi hosil bo’lganligini bilish ma’nosida ham diqqatga molik.

G’am yetdi dil xilvatlariga,
Yolg’onlarning shu’lasi so’ndi. –

deydi shoir. Yolg’onning rangi voqelikning qiyofasini o’zgartiradi. Yolg’onlarning shu’lasi dunyo ishlari va inson qismatiga to’g’ri nazar ila qarashga imkon bermaydi. Yolg’on, shodlik va “quvonchning ko’p zulmlari bor”ligini bilishga yo’l qo’ymaydi. Balki shu uchun u boshqa bir she’rida“Do’stlar, iliq yolg’on haydang – kuzga chiqsin qalbingiz” deya “zarif g’ussa jomidan” sipqorishga da’vat etgandir. Agar shoir basirat nigohida nimanidir aniq ko’rish yoki dunyoning murakkab haqiqatarini to’g’ri va teran o’zlashtirishni xohlasa, uning aqli har turli o’tkinchi da’volardan, keraksiz bahsu munozara qo’zg’ovchi hissiyotlar, shaytoniy mayl va soxta talablardan forig’ bo’lib, mutlaq xotirjamlikka yetishmog’i shart. Usmonning bir qator she’rlari shunday xotirjamlik va ruhni
yorishtiruvchi sokinlik shavqidan tug’ilgan. U tazarru bog’lariga yuz burarkan, qalb hayotidagi o’zgarishlar va tushunchalaridagi evrilishlarni ham she’rda mohirlik bilan aks ettiradi.

Kechirgin – erk uchun taloshganimni
Va erk senligingni bilmaganim-chun.

Bu fikr – Tangriga iltijo. Va ayni paytda u erk uchun talashmoq, erksizlikning ayni o’zi ekanligini anglagan, bandasidan Erku Ozodlik kutish besamar ish ekanligini aniq bilgan yurak iqrori erur. Darhaqiqat, Ko’ngil uchun Haq ishqidan ortiq va bepoyon hurriyat yo’q. Eng so’nggi najot ham insonni abadiyat saltanati – Olloh dargohida chorlovchi shu ishqdir:

Ishq, sendadir eng so’nggi najot,
Uzat, toza dastingni uzat –
Sen yo’q joyda g’aribdir hayot,
Sen yo’q joyda kishandir uzlat.

Biz “ma’no” so’zini ko’p tilga olamiz. “Ma’no” to’g’risida to’xtovsiz gapiramiz. Ammo “ma’no” bag’rida yashiringan ma’nolar bilan deyarli qiziqmaymiz. Ma’no – tasavvuf she’riyatidagi bosh so’z va yetakchi timsollardan biri. Sharqning buyuk mutasavvuf shoirlari bu so’zga nuqta, haqiqat, ma’rifat (irfon), ruhoniy ilm, olam kabi mazmunlarda ishlatganlar. Ahmad Yassaviy murshidining o’gitlarini xotirlab:

Ayo nodon ma’no bul, deb aytdi bildim,
Ondin so’ngra cho’llar kezib Haqni suydim –

deganida haqoyiqi ilohiy va ma’rifati ruhoniyni nazarda tutgan. “Ma’no”ning asosiy sifati – uni to’liq kashf aylash va ochiq-oydin ifodalash mumkin bo’lmagan bir tilsim ekanligidadir. Zero, chin oshiqlarga ko’ra “Ma’noni bildim degan — bilmas”. Tasavvufiy maslakda, ma’noning ziddi – da’vo erur. Da’vo – quruq, zohiriy va ildizsiz bilim – haqiqatdan yiroq bir iddao. Shu bois boshqa bir haqparast shoir demish:

Bizga diydor kerak, dunyo kerakmas,
Bizga ma’no kerak, da’vo kerakmas.

Mustaqillikdan so’ng o’zbek she’riyatida da’vodan kechib “ma’noga” yuz burish jarayoni boshlandi. Hali tanqidchilik bu jarayon bilan qiziqqani ham yo’q. Lekin mavjud tajribalar yaqin kelajakda mustaqillik davri she’riyati bilan mumtoz she’riyatimiz o’rtasida irfoniy va ruhoniy bir yaqinlik paydo bo’lishidan dalolat berib turibdi. Bu quruq gap emas, balki yuzlab misollar bilan isbotlanadigan haqiqat. Shunday she’rlarning sara namunalari Usmonning “Saylanma”sida ham mavjud. U bir she’rning oxirida yozgan:

Hamma o’yim oqdir, bor baxtim – qora,
Faqat ishqim pokdir, faqat dil – gado.
YO Olloh! Ishqingning umidi aro,
Oyoqqa ilashgan loyday sarsonman.

Najot ana shu umidvorlikda. Dil quvonchi ana shu sarsonlikda. She’r yozmoq Usmon Azimga kasbmas – qismat.

1996 yil, 11 oktyabr

09

(Tashriflar: umumiy 150, bugungi 1)

Izoh qoldiring