Улуғ аждодларимиз Амир Темур таваллудининг 680 ва Мирзо Улуғбек таваллудининг 625 йиллиги олдидан
Азиз ёш китобхон дўстим, Сизга Амир Темур ва Мирзо Улуғбек ҳақида ҳикоя бошлашдан аввал асардаги воқеалар кечган жўғрофий ҳудуд, тарихий давр ва шахслар хусусида қисқача сўзлаб бермоқчиман.
Хуршид Даврон
СОҲИБҚИРОН НАБИРАСИ
ЁКИ МИТТИ ЮЛДУЗ ҚИССАСИ
Қисса 1994 йилда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигига бағишлаб ёзилган.
Жимирлайди митти юлдуз…
Абдулла Ориф
Азиз ёш китобхон дўстим, Сизга Амир Темур ва Мирзо Улуғбек ҳақида ҳикоя бошлашдан аввал асардаги воқеалар кечган жўғрофий ҳудуд, тарихий давр ва шахслар хусусида қисқача сўзлаб бермоқчиман.
Энг аввало фаҳмингиз бўлсинким, бадиада воқеалар санаси ҳижрий ва мелодий йилларда қайд этилади. Демак,биз ҳижрий ва мелодий йиллар ҳисоби ҳақида мухтасар хабардо бўлишимиз лозим. Хўш, мелодий йил қачон бошланган? Бу ҳисоб ҳазрати Исо пайғамбар туғилган йилдан оёқланади. Лекин унгача ҳам йил ҳисоби мавжуд бўлиб, у Рим шаҳрига асос солинган вақтдан бошлангани сабабли Рим тақвими деб юритилган. Мелодий йил ҳисоби жорий этилгандан сўнг “мелоддан олдин”, “мелоддан кейин”, “эски эра”, “янги эра” иборалари пайдо бўлган ва оммавийлашиб борган.
Ҳижрий йил ҳисобининг боши эса Ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган, яъни кўчган йилидан олинган. Ҳижрий йил ҳисоби ёки ҳижрия Пайғамбаримиз ҳижратидан ўн беш йил ўтгач – мелодий 637 йил 17 апрелда иккинчи халифа бўлмиш ҳазрати Умар бин Хаттоб томонидан жорий этилган. Баъзан мазкур йил ҳисобини “ҳижрий эра” ёхуд “Муҳаммад эраси” деб ҳам атайдилар.
Энди биз – ўзбеклар мансуб туркийлар яшаган тупроқ ва унга яқин иқлим ҳақида. Биз манзил қурган тупроқ қадимда ва турли даврларда “Турон”, “Туркистон”, “Мовароуннаҳр”, “Ўрта Осиё” номи билан атала бошланди. Аммо бу номларнинг энг шукуҳлиси ва кўламлиси “Турон” ва “Туркистон”дир. Ҳар икки сўз ҳам “турклар юрти” маъносида келади.
Кўҳна китобларда қайд этилган маълумотларга қараганда, “Туркистон” калимаси энг қадимги туркий қавм – саха(сак)лар ёки исқитлар (скифлар) яшаган мелоддан аввалги VII асрдан мелоддан кейинги III асргача қамраган даврдаги обидаларда “Туркистанак” ҳолида ифода этилган. Энг қадимий “Овесто” достонида Туркистон ва Турон сўзлари қўлланилган. “Овесто”га кўра, Тангри тоғлари, яъни Тяньшан тоғларининг шарқи ва Амударё ораларидаги Хуросонга қадар давом этган ерлар Турон ва ёхуд Туркистондир. VIII асрда бу ҳудудни забт этган араблар “Туркистон” ўрнига “Билод ат-Турк” атамасини “Мовароуннаҳр” атамаси билан баробар қўллаганлар, бу ҳам бари бир “Туркистон” демак эди. Маҳмуд Қошғарий “Девони луғотит-Турк” асарида “Билод ат-Турк”нинг ҳудудларини Чиндан, яъни Хитойдан Ҳазар-Каспий денгизигача, Бизанс, Қипчоқ, Русияга қадар бағир тортган ерлардан иборат деб кўрсатгандир.
Табиийки, кенг тупроқларга эга бўлган Туркистоннинг ҳудудлари замон-замон ўзгариб турган. Қадим аждодларимиздан бўлмиш Хунлар ва Кўктурклар замонидан бери Туркистон “дунё турклигининг маркази” сифатида жаҳон тарихи саҳнасида бўлиб келди. Бу ўлка буюклиги сабаби ила баъзан Турон номи билан ҳам танилган. Масалан, Қорахонийлар ҳукмронлиги даврида Турон сўзи Туркистон маъносида қўлланилгандир. Туркистоннинг буюк ҳукмдори ва қўмондони Соҳибқирон Амир Темур шарафига ёзилган бир обидада шавкатли бобомиз “Султони Турон” дея алқанган. Аммо Туркистон ўрнига ҳар вақт Турон сўзини ишлатмоқ одат тусига кирмаган. Қисқаси, аждодларимиз суяк сурган биз яшаб турган зами Х асрдан эътиборан тамомила “Туркистон” оти билан тасвиру-таъриф этилгандир.
Қиссада Туркистон билан баробар Мовароуннаҳр ва Хуросон атамалари ҳам кўп тилга олинган. Боягина айтиб ўтганимиздек, икки дарё оралиғидаги ерларни босиб олган араблар бу ҳудудни Мовароуннаҳр деб атай бошладилар. Бу арабча сўз бўлиб, “дарё ортидаги ер” маъносини билдиради.
“Мовароуннаҳр” тушунчаси “Ҳудуд ул олам” китобида қуйидагича таърифланади: “Мовароуннаҳр ноҳиядурким, унинг шарқий ҳудуди Тибет билан чегарадошдур ва унинг дануби Хуросондур ва Хуросон ҳудудидур ва унинг мағриби Ғўр ва Балх билан чегарадошдур… Ва бу ноҳия азим ва ободон ва сернеъмат ва Туркистон эшигидур ва савдогарлар маконидур. Ва унинг халқи жангчи ва ғозийпеша ва пок динлидур”.
Муҳташам “Абдулланома” муаллифи Ҳофиз Таниш ва эса Мовароуннаҳр ҳақида ушмундоқ ёзади: “Фазлу заковат эгалари, ақлу фаросат аҳлининг фикр ва хотирларидан махфий қолмасинки, Мовароуннаҳр хос ва авом орасида нозу-неъматлари ва кенглиги билан машҳурдир. Унинг аксарий қисми бешинчи иқлимдадир. Унинг узунлиги ғарбда Хоразмдан… то Қошғар ва Хўтан вилоятларигачадир. Унинг эни тўртинчи иқлим охири ва бешинчи иқлимнинг бошланиши ҳисобланган Амудан бешинчи иқлимнинг охири бўлган Фарғона томонларгача ва илгари олтинчи иқлимга қарашли бўлган Қошғар ва Олмалиққачадир. Баъзилар Мовароуннаҳр мамлакати икки сув орасига жойлашган деб атайдилар. Унинг ҳудудини шундай баён қилганлар: Унинг шарқий чегараси жанубга мойил Панжоб мавзуи ва Бадахшон тоғларидир. Унинг шимолга туташган тарафи Қошғар вилояти ва Хўтандан то Мўғилистон чегараларигача. Уйғур замини ҳам унга дохилдир. Мовароуннаҳрнинг ғарбий чегарасида Хоразм жойлашган. Уни баъзилар Мовароуннаҳрга, айримлар эса Журжонга қарашли деб ҳисоблайдилар. Мовароуннаҳрнинг ғарбдан шимолга туташган тарафида Дашти Қипчоқ, Ўзбек мамлакати ва Туркистон жойлашган. Унинг жанубга муътасил томони Хоразм, Хуросон ва Хазар денгизи ўртасида жойлашган саҳродир. Мовароуннаҳрнинг шимолий чегараси олтинчи иқлимдир. Унда жами турклар мамлакати Олмалиқ ва Боласағун бор. Мовароуннаҳрнинг жануб тарафи Амударё бўлиб, у Мовароуннаҳр билан Хуросон ўлкалари ўртасидадир. Мовароуннаҳр деб аталиши ҳам шундандир.
Мовароуннаҳрни баъзилар шундай таърифлайдилар: Унинг тарафлари нозу-неъмат хусусида мамлакатларнинг ободидир. У очиқлик жиҳатдан энг каттадир. Ундаги хоҳ шаҳар бўлсин, хоҳ текислик, хоҳ ўтлоқ бўлсин, ободонликда унга тенг йўқ. Ҳавоси – ҳаволарнинг энг соғломи; суви сувларнинг энг ширини ва энг енгили; суви барча тоғ ва атрофларида бирдек шириндир. Унинг тупроғи тупроқларнинг энг хушбўйи. Катта шаҳарлари: Бухоро, Самарқанд, Хўжанд бўлиб, халқи диндор, илмлик, тақводор, жувонмард ва шижоатлидир”.
Мовароуннаҳр халқи, сизу-бизнинг ота-боболаримиз ҳамма вақт ҳокимлик ва донишмандлик билан танилиб, шавкат ва мардоналик бобида беқиёсу-беназир бўлганлар. Ривоят борким, бир куни Балх подшоси Гуштасп саройида хизмат қилган Жамаспдан: “Нима қилсам менда мардонавор ўғиллар, фармонбардор лашкар ва мастура қизлар бўлади?” деб сўрабди. Жамасп айтибдики: “Мовароуннаҳрдан лашкар, Румдан хотин ол”. Бошқа бир ривоятга кўра, халифа Маъмун сипоҳ хусусида ғамхўрлик қилиб, бир киши Мовароуннаҳрдан, икки киши Шомдан, бир киши Ироқдан бўлсин, деб буюрган экан. Мирзо Бобур фахрланиб хитоб қилади: “Ҳазрати Рисолат замонидан бери ул миқдор аиммайи Исломким, Мовароуннаҳрдан пайдо бўлибтур, мунча бўлмуш бўлғай”.
“Хуросон” тушунчаси ҳақида Абу Исҳоқ Истаҳрий деган машҳур муаррихнинг “Масолик ва мамолик” асарида шундай қайдлар бор: “Хуросон шарқида Систон ва Ҳиндистон диёри бордир. Унинг ғарби эса Ғазна биёбони ва Гургон вилояти билан чегарадош, шимолида Мовароуннаҳр, Туркистон юртининг денгизи ва Хуттал бордир”.
“Хуросон” форсий сўз бўлиб, “кун чиқиш” ёки “шарқ” маъносини билдирган. У қадимда “Хварасон” шаклида қўлланилган. Хуросон ҳозирги Эроннинг шимоли-шарқий қисми, Марв воҳаси, Туркманистоннинг жанубий қисми, Афғонистоннинг шимоли ва шимоли-ғарбини ўз ичига олган. Машҳад, Нишопур, Балх, Ҳирот, Тус, Сарахс, Обивард, Нисо, Сабзавор ўша пайтдаги Хуросоннинг энг катта шаҳарлари бўлган.
Қиссамизнинг воқеалари кечган даврда Хуросоннинг маркази – Ҳирот, Мовароуннаҳрнинг пойтахти – Самарқанд шаҳри бўлган.
Туркистон тарихда ўз бошидан кўп фожиалларни кечиргандир. Юнон Искандар Мақдуний, Эрон, Араб, Мўғул, Хитой ва Рус истилолари шуларнинг бир кўринишидир. Босқинчи душманларга қарши юзма-юз жанг қилган Тўмарис, Широқ, Спитамен, Диваштич, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Маҳмуд Торобий, Пўлатхон, Бобонбек, Султон Содиқ, Намоз каби Туркистон фарзандлари номи тарих китоблари ва халқ хотирасига абадий муҳрлангандир.
Сизу-бизнинг Ватанимиз бўлган Туркистон буюк тараққиёт йўли, илму-ирфонлаги истеъдоди оламгирлик қилган алломалар, қаламининг кучи тошни йиғлатган шоирлар, тафаккур қудратлари туфайли бу юрт шуҳратини оламга ёйган донишманд даҳолар ватанидир.
Буюк математик, фалакиётшунос ва географ, ҳозирги замон алгебрасининг отаси Муҳаммад ал-Хоразмий, “Шайх ур-Раис”, “Донишмандлар султони”, “Табиблар шоҳи” Абу Али ибн Сино, неча замонавий илмларга асос солган, умумжаҳон фани ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган Абу Райҳон Беруний, иккинчи Арасту номи билан машҳури жаҳон Абу Носир Фаробий, араб тили грамматикасини ишлаб чиққан Маҳмуд Замахшарий билан Абу Саҳл Жавҳарий, Ислом дини, маданияти ва фани иқлимида қўл етмас ўрин тутган Имом Исмоил Бухорий, улуғ шайхлар Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний ва Хожа Аҳмад Яссавий, туркий адабиётнинг султони ҳазрат Амир Алишер Навоий, ниҳоят қиссамиз қаҳрамони, Навоий таъбири билан айтганда, “кўзи олдида осмон паст” бўлган Мирзо Улуғбек муқаддас Туркистон тупроғининг фарзандларидир.
“Соҳибқирон набираси ёхуд митти юлдуз қиссаси” деб аталган бадиа сарлавҳасидаёқ, унинг бутун мазмуни очилади, мазкурнинг Амир Темур ва Мирзо Улуғбек ҳақида эканлиги равшанлашади. Ҳар икки мўътабар бобомиз қиссамизнинг бош қаҳрамонлар десак хато қилмаймиз.
“Темурбекнинг зоту буди Кешдин”, деб ёзади жаҳонгирнинг буюк авлоди Мирзо Бобур. Кеш бугунги Шаҳрисабз шаҳридир. Амир Темурнинг отаси Кеш воҳасида яшовчи барлос уруғи амирларидан бўлмиш Муҳаммад Тарағай Баҳодир, онаси эса бухоролик Садр уш-Шариъа хонадонига мансуб Тегуна Хотун (Такина хотин) эди.
Амир Темур дунёга келган пайтда Мовароуннаҳр-Туркистон тупроғи Чиғатой улуси таркибига кирарди. Тарих дарсликларидан биласизки, Чингизхон уч йиллик босқин давомида (1219-1221 йиллар) бизнинг она юртимизни босиб олган эди. Чингизхон ўлими олдидан (1227 йил) ўзи забт этган эллар ва мамлакатларни тўрт ўғли: Жўжи, Чиғатой, Ўқтой ва Тўлухонга тақсимлаб берди. Уйғурлар ери – Шарқий Туркистондан Хоразмгача бўлган ҳудуд унинг иккинчи ўғли Чиғатойга тегди. Шу сабабдан “Туркистон”, “Мовароуннаҳр” атамалари қаватида “Чиғатой улуси” атамаси ҳам пайдо бўлди.
Чиғатой тахтга ўтирган санадан Амир Темур туғилгангача бўлган юз йилдан ортиқ вақт давомида бу улус мўғуллар томонидан бошқарилди. Аммо босқинчиларга қарши кўп исёнлар бўлганини ҳам тарих дарсликларида ўқигансиз. Бу ҳаракатларнинг энг каттаси Маҳмуд Торобий ва Самарқанд сарбадорлари бошқарган халқ қўзғолони бўлди. Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, Мирзо Улуғбек қаламига мансуб “Тарихи арбаъи улус” (“Тўрт улус тарихи”) деган тарихий асарда Маҳмуд Торобий ҳақида ҳа ҳикоя қилинган. Аммо Ватанимизни босқинчилардан халос этишдек буюк ҳимматга Амир Темур бобомиз эришди. У бу мақсад йўлида узоқ ва машаққатли кураш олиб борди, ўн йилдан ортиқ вақт давомида жанг майдонидан чиқмади. Ниҳоят, 1370 йилда Мовароуннаҳрни тўла қўлга киритди. Мана шу қутлуғ ва шонли санадан эътиборан, Ватанимиз ва халқимиз тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилган самарали ва шавкатли йиллар – Амир Темур даври бошланди.
Тарихда шундай шахслар борким, уларнинг инсоният хотирасида мангу муҳрланган фаолияти абадий яшовчи ва ҳаракат қилувчи ҳодисалар туркумига мансуб бўлади. Бундай ҳодисалар, ҳатто шахс ўлимга юз тутган вақтда ҳам сира тўхтамайдилар, қолаверса уни юзага чиқарган миллат онгида мунтазам ривожланаверадилар. Амир Темур фаолияти худди мана шундай ҳодисалар туркумидандир. Жаҳонгир бобомиз вафотида неча асрлар ўтмасин, унинг даҳоси ва ўлмас хотираси халқимиз юрагида қон каби гупиллаб яшаб турибди.
Амир Темурнинг тарихимизда тутган ўрнини англашимизга, унга бўлган сўнмас муҳаббатимизга фақат бир фазилат сабаб: баҳодир ва донишманд бобомизнинг бизга нисбатан таъсирида руҳимизни озод ва бақувват қилувчи зўр қудрат бор. Соҳибқирон шахсиятида, фаолияти табиатда ҳамиша миллат келажагига хизмат қилувчи мана шу маънавий қудратни кўрамиз. Бу қудрат Миллий Истиқлолдир. Бу қудратнинг номи Озодликдир!
Амир Темур она юртимиз учун энг оғир паллада тарих саҳнасида пайдо бўлди. Унинг ҳам давлат арбоби, ҳам ҳарбий саркардалик даҳоси Ватан учун мураккаб пайтда зоҳир бўлгани мўъжиза эмасми?
Ҳар бир миллат ўз тарихи давомида кўп оғир воқеаларни бошдан ўткаради. Мана шундай дамларда миллат ўз қисматини фидойи фарзандлари қўлига топширади. Бу жонфидо ва комил фарзандлар миллат тақдири ҳал бўлган оғир ва шукуҳли даврнинг рамизига айланадилар. Мўғуллар истибдоди авжида бўлган пайтда мамлакат ва башарият тарихи майдонига чиққан Амир Темур худди Самарқанд сарбадорлари каби душман яғмосига қарши кураш рамзи бўлиб қолди. Бу шукуҳли рамз асрлар давомида кейинги авлодларни жасоратга ва матонатга ундади.
Амир Темур давлатининг юзага чиқиши Марказий Осиё халқлари маданияти ва адабиёти, илм-фани ривожининг олий босқичга кўтарилишига имконият туғдирди. Бу давлатнинг равнақи башариятнинг улуғ фарзандлари сафидан муносиб ўрин олган Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Бобур Мирзо, Камолиддин Беҳзод, Мавлоно Музаҳҳиб, Мавлоно Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Аълоуддин Али Қушчи, Мирам Чалабий, Давлатшоҳ Самарқандий, Шарафиддин Али Яздий, Шайх Озарий сингари мутафаккирлар ижодининг уйғониш даври бўлди.
Амир Темурнинг давлатчилик фаолиятида жаҳонгирлик, яъни ўз юртидан ташқари мамлакатларни забт этиш катта ўрин эгаллади. У Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Кавказ, Россия, Кичик Осиё ҳудудларига юриш қилиб, янгидан-янги ғалабаларга эришди. Натижада Хитой чегараларидан тортиб, то Мисргача бўлган ҳудудда Темур салтанати вужудга келди. Жаҳонгирлик билан бир қаторда Соҳибқирон ўз она юртининг иқтисодий ва маданий равнақи учун анча ибратли ишлар қилиб улгурди. Унинг бошқа мамлакатларни забт этишдан мақсади ҳам киндик қони тшкилган тупроқни – Мовароуннаҳрни обод этиш эди. Масалан, амалга ошмай қолган Хитой юришидан мақсад – Шарқ билан Ғарбни боғлаган савдо йўлини яна қайтариб Мовароуннаҳрга буриб юбориш эдики, бу нарса мамлакатнинг иқтисодий кўтарилишида катта мавқега эга бўлиши мумкин эди.
Амир Темурнинг мамлакат ичидаги сиёсатга келсак, Карл Маркс айтганидек, “Темур ўзининг янги салтанатига шундай давлат тузуми ва қонунлар жорий этдики, булар унинг буйруғи билан Чингизхон бошлиқ мўғул галалари томонидан қилинган ваҳшийликлар ва ёввойиларча вайронагарчиликлардан катта фарқ этарди”.
Амир Темур давлатининг яна бир муҳим фазилати: бу даврга келиб маҳаллий халқларга мансуб турк тили ривож топди, туркий тилда ижод қилувчи забардаст ижодкорлар пайдо бўлди. Бу жараённинг ривожланишига Темур ва темурийлар орасида адабиёт ва санъатга бўлган эътиборнинг анъанага айланиши самарали таъсир этди.
Амир Темур улуғ давлат арбоби ва салоғиятли саркарда бўлиши билан бир қаторда бизга ибрат бўладиган даражада турли соҳаларга қизиққан, кўп соҳаларда муваффақиятга эришган эди. Хусусан, шоҳмот соҳасида ўз давридан камдан-кам киши унга тенглаша олган. Шунингдек, илму-фанга, айниқса фалакиётшунослик – астрономияга қизиқиши бениҳоя эди. Шунинг учун ҳам рус тарихчиси Т.Грановский тан олиб, қуйидагича қайд этади: “Темурнинг қаҳрли юрагида, ҳақли равишда айтиш мумкинки, илмга, аҳли ирфонга бўлган илоҳий ҳурмат ва самимий эътибор бор эди”.
Ҳазрат Мир Алишер Навоий “Мажолисун нафойис” асарида жаҳонгир бобомизнинг адабиётга қизиқишини шундай таърифлайдилар: “Мулук шажараларининг бўстони ва салотин гавҳарларининг уммони ҳоқони жаҳонгири Соҳибқирон Амир Кўрагон агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдилар, аммо назм ва насрни андоқ хўб маҳал ва мавқеъда ўқибтурларким, анингдек бир байт ўқиғони минг байт айтқуча бор”.
“Мажолисун нафойис”нинг еттинчи мажлисидан келтирилган ва шеър, маънодор сўз ва ўрнида айтиладиган ҳикматга ишқибозлиги, ҳатто ўзи ҳам ажойиб фикрни баъзан мақбул шеърий тарзда ифода эта билишига оид бу таъриф Амир Темурни ўз кўзи билан кўрган ёки шоҳидларни кўрганларнинг айтганларига асосланган тарихчиларнинг сўзларини тасдиқлайди. Масалан, Ибн Холдун, Ҳофизи Абру, Ибн Арабшоҳ, Клавихо асарларида Соҳибқироннинг илмни, айниқса амалий аҳамиятга молик илмларни қадрлагани, мажлис ва базмларда қиссахонлардан ўтмиш ҳақида ҳикоя тинглашни яхши кўргани, унинг кўпгина Шарқ тилларини обдон билгани ҳақида хабарлар қайд этилгани маълум.
Энди Мирзо Улуғбекнинг ота-онаси ҳақида сўзламоққа кўчайлик. Тарихий асарлар ва битикларнинг гувоҳлик беришича, Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳруҳ мирзо эди. Амир Темур мўғуллар томонидан вайрон этилган Фанокент шаҳрини тиклашни буюриб, уни ободон қалъага айлантирган ва у ерлар Шоҳруҳга белгилангани учун шаҳар Шоҳруҳия номи билан атала бошлаган. Шоҳруҳ мирзо отасининг амрига кўра кейинчалик узоқ вақт Хуросон мулкини бошқарган. У гардуншиор Соҳибқироннинг деярли барча юришларида фаол қатнашган. Ҳижрий 807 йил шаъбон ойининг ўн еттинчи куни – мелодий 1405 йилнинг 18 февралида Амир Темур оламдан ўтгач, фарзандлари ва набиралари ўртасида тожу-тахт кураши бошланди. Мана шу тўрт йиллик ўзаро жангу-жадалда Шоҳруҳ мирзо ғолиб чиқди ва Мовароуннаҳру-Хуросон мулкининг ҳукмдори бўлди. Шоҳруҳ мирзо умрининг охиригача салтанатни Ҳиротда туриб бошқарди. Мовароуннаҳрни содиқ ўғли Мирзо Улуғбекка топширди.
Мирзо Улуғбек онасининг исми Гавҳаршод оғо бўлиб, у тархонлар авлодидан, Чиғатой улуси амирларидан Ғиёсиддин тархоннинг қизи эди.
Тархон Чингизхон замонидан подшоҳ амри билан бериладиган унвон бўлиб, унга сазовор бўлган кишилар солиқлардан ва бошқа мажбуриятлардан озод этиларди. Шу билан бирга “тархон” ўзбек элатларидан бирининг номи ҳамдир. Гавҳаршодбегим мансуб бўлган амирлар хонадони Чингизхон пайтида бу унвонга эришган эдилар. Тархонлар мамлакат сиёсатида жуда муҳим ўрин тутганлар.
Гавҳаршод оғонинг туғишган биродарлари – амир Ҳамза тархон, амир Муҳаммад Сўфи тархон, амир Сайид Аҳмад тархон, амир Ҳасан Сўфи тархон аввал Амир Темурга, кейинчалик Шоҳруҳ мирзога узоқ вақт хизмат қилишган. Айниқса, уларнинг Шоҳруҳнинг тожу-тахт учун олиб борган кураши пайтида қилган ҳиммат ва хизматлари салмоқли бўлди.
Худди Сароймулкхонимга ўхшаб Гавҳаршод оғо ҳам кўп неваралари тарбияси билан ўзи шуғулланган. Хусусан, Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдулатиф мирзо ҳам унинг тарбиясини олган. Бинобарин, Сароймулкхонимда бўлган кўп фазилатлар Гавҳаршод оғода йўқ эди. Бу хотин такаббур ва ўжар аёл бўлган. У ҳақдаги қолган гапларни қиссани ўқиш давомида билиб оласиз.
Энди қисқача Мирзо Улуғбек шахсияти ва унинг халқимиз тарихида тутган ўрни ҳақида.
Энг аввало унинг башарият тарихида нечоғли ўрин тутганини кўрсатувчи бир мисол келтираман. Машҳур поляк астрономи Ян Гавелиунинг 1690 йилда нашр этилган “Продромус астрономия” деган машҳур китобидп иккита суврат босилган бўлиб, уларнинг ҳар иккаласида ҳам Мирзо Улуғбекнинг сиймоси акс эттирилган. Биринчи суратда буюк ватандошимиз илми нужум – астрономия худоси Ураниянинг ёнида, овруполик тўрт мунажжим: юнонистонлик Птолемей, олмон шаҳзодаси Гасс, даниялик Тихо Браге ва италиялик Жан Баптист Риччиоли билан бирга тасвирланган. Иккинчи сувратда эса у яна Урания теварагида ўтирган тўққиз машҳур мунажжим: Тимахарис (мелоддан аввалги II аср), Птолемей (мелоддан аввалги II аср), ал Баттоний (852-929 йиллар), Региомонтан (1436-1476), Вольтер (1430-1543), шаҳзода Гасс (1532-1592), Николай Коперник (1473-1543), Тихо Браге (1546-1601 йиллар) билан бирга акс эттирилган. Бу мисол Мирзо Улуғбек номи бундан уч аср илгариёқ машҳури жаҳон бўлганини кўрсатиб турибди.
Муаррих ва тазкиранавис Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш-шуаро” асарида шундоқ нақл қилади: “Олим, одил, ғолиб ва ҳимматли подшоҳ Улуғбек Кўрагон… юлдузлар илмида осмон қадар юксалиб борди, маоний илмида қилни қирқ ёрди. Унинг даврида олиму-фозиллар мартабаси ниҳоят чўққисига кўтарилди.
Мирзо Улуғбек ҳандаса илмида чигалларни ечувчи, ҳайъат илмида Мажистийкушо эрди. Фозиллару-ҳакимларнинг якдил фикрлари шулким, Исломият замонида, балки Искандар Зулқарнайн замонидан шу дамгача Улуғбек Кўрагондек олим ва подшоҳ салтанат тахтида ўлтирмаган. Ул риёзиёт (яъни математика) илмини шу қадар даража билан эгаллаган эрдики, замонасининг кўркам олимлари, чунончи уламо ва ҳакимлар фахри Қозизода румий ҳам Ғиёсиддин Жамшид билан биргаликда юлдузлар илмига расад боғлади. Лекин замонасининг бу икки улуғ олими расад охирига етмай туриб вафот этдилар ва султон Улуғбек бор ҳимматини бу ишни адоғига етказмоққа сарф қилди. Расаднинг қолган қисмини мирзонинг ўзи поёнига етказиб, “Зийжи Султоний”ни кашф этгач, уни ўз исми билан зийнатлади. Бу кун мазкур зийж ҳакимлар наздида мўътабар ва амалдадир. Баъзи олимлар уни “Зийжи Носири Элхоний”дан ортиқ кўрадилар…”
Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Мирзо Улуғбекни бундоқ мадҳ этади:
Темурхон наслидан султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек.
Анинг абнойи жинси бўлди барбод,
Ки давр аҳли биридан айламас ёд.
Ва лек ул илм сори топди чун даст,
Кўзи олинда бўлди осмон паст.
Расадким боғламиш – зеби жаҳондир,
Жаҳон ичра яна бир осмондир.
Билиб бу навъ илми осмоний,
Ки андин ёзди “Зийжи Кўрагоний”.
Қиёматга лекинча аҳли айём
Ёзорлар анинг аҳкомидин аҳком…
Азиз китобхон, шоир бобомизнинг сўзларидан илҳомланиб, донишманд бобомизнинг болалик йиллари ҳақида ёзишни, унинг энг беғубор ва сизу-бизга ибратли болалигига сайру-саёҳат қилишни мақсад этдик. Сиз бу сайр давомида бугун эшитган ва эшитмаган кўп нарсаларни қайта эшитасиз, билмаганларингизни билиб оласиз.
Бу йил (Қисса 1994 йилда ёзилган) Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги нишонланади. Ўзбеклар тўйга тўёна билан борадиган халқ. Ушбу кичик қисса айёмга менинг камтарин туҳфамдир.
МУҚАДДИМА
Ҳижрий 850 йил зулҳижжа ойининг охири – мелодий 1447 йил март ойининг ўн саккизинчи куни эрталаб уст-бошини чанг-тўзон қоплаган чопар, Самарқанд шаҳристони ўртасида юксалиб турган муаззам Кўксарой дарвозаси олдига етганда отдан тушди. Уни қаршилаган оқсоқ мулозим чопар билан бир-икки оғиз гаплашгач, ранг-рўйи оқариб от етаклаганча шошиб арк этагидаги отхона томон кетди. Кўп вақт ўтмай чопар олиб келган нохуш хабар сарой бўйлаб тарқалди, ўша заҳоти оғизма-оғиз ўтиб, доруссалтанат аҳлини ваҳимага солди:
— Подшоҳ Шоҳруҳ мирзо оламдан ўтибдилар!
— Подшоҳ Шоҳруҳ мирзо оламдан ўтибдилар!
Бозор-ўчарда тўс-тўполон бошланди, бир пасда нарх-наво осмонга кўтарилди. Одамлар қоп кўтариб, бозорда қандай емак бўлса, бир бошдан супуриб ола бошладилар. Подшоҳларнинг ўлими ҳамиша нотинчлик, беомон ғавғою-можаролар бошлашини улар ҳали унутмаган эдилар.
Мовароуннаҳр ҳокими Мирзо Улуғбек Хуросондан келган чопарни қабул қилгач, аркони давлатни машваратга чорлади. Зарур одамлар тўплангач, овози титраб гап бошлади:
— Қиблагоҳимиз оламдан ўтибмишлар. Фарзанди аржумандимиз Абдуллатиф мирзо мактубидан бу воқеъ беш кун аввал, якшанба куни рўй берибдур, деб маълум қилибтур.
Дарҳақиқат, чопар, олиб келган мактубга кўра, Шоҳруҳ мирзо марҳум фарзанди Бойсунқур мирзонинг ўғли, набираси Султон Муҳаммад мирзо исёнини бостириш вақтида Рай вилоятига қарашли Пешоварий қишлоғида етмиш икки ёшида оламдан ўтган эди.
Машваратга йиғилган уламо-ю умаро бирин-кетин Мирзо Улуғбекка таъзия билдирдилар, шайхулислом Мавлоно Бурҳониддин марҳумга бағишлаб Қуръон тиловат қилди.
Мирзо Улуғбек марҳум подшоҳнинг тўнғич фарзанди, боз устига етти ўғлондан бугун тирик бўлган яккаю-ёлғиз ўғил эди. Шу сабабдан ҳам тожу-тахти расм-русумига кўра салтанат унга тегишли эди. Аммо Кўксаройда тўпланганларнинг деярли ҳаммаси марҳум ҳукмдорнинг беҳисоб набираларининг ҳар бири тожу-тахт эгаси бўлиш учун ҳаракат бошлашга тайёр эканини яхши англардилар. Қолаверса, малика Гавҳаршодбегим Мовароуннаҳру-Хуросон тахтини ўз туққан фарзанди Мирзо Улуғбекка эмас, эрка набираси Алоуддавлага муносиб кўришини подшоҳ ҳаётлигидаёқ ошкор қилиб қўйган. Шаҳзода Абдуллатиф мирзо йўллаган мактубида ҳам малика ҳали эрининг жасади совуб улгурмасдан ўз мақсадини амалга оширишга киришгани очиқ-ойдин маълум қилинган эди. Шунинг учун аркони давлат Мирзо Улуғбек ҳаялламай Ҳиротга отланиши, ўз маврусий ҳуқуқини бутун салтанат – Мовароуннаҳру-Хуросон устида ўрнатиши учун зарар барча тадбирни қўллаши лозим деган қарорга келди…
Айни шу паллада подшоҳ вафот этган Рай шаҳри яқинидаги лашкаргоҳда ягона ҳукмфармо бўлиб қолган Гавҳаршодбегимнинг макри авжига чиққан эди. Подшоҳ ўлган куниёқ Ҳиротга – Алоуддавла олдига яширин одам юборган, бундан сўнг қандай иш тутмоқ режасини тўла-тўкис тузиб олган маликанинг кўнгли бежо эди. Режага кўра, у энг аввало набираси Абдуллатиф мирзони ҳузурига чорлади. Малика набирасининг Самарқандга одам йўллаганидан хабардор эди. Мирзо Улуғбек Хуросонга етиб келгунга қадар азалий мақсадини амалга оширишга улгуришини малика яхши фаҳмларди. Шаҳзода Абдуллатиф мирзонинг феълини пухта билган бибиси ҳаракат бошлади.
Абдуллатиф мирзо кириб келгач, қариб қолган, йирик гавдали, серсавлат, узун шоҳи бахмал кўйлак кийган малика анча вақтгача намойишкорона кўзёш тўкиб, оҳ-воҳ қилди, сўнг мақсадга кўчди. У набирасини қўмондон қилиб бош туғ остига қўйиш нияти борлигини, қолаверса, унинг гапини қўшиндаги амирлар икки қилмасдан, рози бўлишларини маълум қилди. Шаҳзоданинг кўзлари чарақлаб кетди. Кейин бирдан марҳум бобоси тахтига нақадар яқин турганини ўйлаб, боши гангида. Қаршисида ўтириб, уни жўги каби авраётган кампир бибиси аллақачон Алоуддавлага одам юбориб, тожу-тахтни қўлга олиш учун қулай фурсат келгани ҳақида хабардор қилганидан шаҳзода бехабар эди.
Абдуллатиф мирзо эҳтиёткорлик билан иш тутмайдиган, серзарда ва дағал йигит эди. Марҳум подшоҳ лашкарига бошлиқ бўлиб қолган қисқа вақт ичида унинг одамлари элу-юртга шу қадар зуғум қилдиларки, йиллар ўтиб бир муаррих: “Тамоми халқ онинг жабру-зулмига қолди”, деб бу ҳолни қайд этган эди. Шу қисқа вақт мобайнида шаҳзоданинг такаббурлиги унинг теварагида жипслаша бошлаган кишиларнинг ҳам жонига тегди. У қўшинда ёлғизланиб қолди.
Кейин шаҳзода алданганини билиб қолди-ю, ғазаб отига минди: кекса бибисини ҳибс этмоқни буюрди. Ёш бола ҳолига тушган Абдуллатиф мирзо нима қилишини билмай қолди. Ахир, у бибисининг Алоуддавлани подшоҳ қилиш нияти борлигини яхши биларди-ку! Ахир, неча йил аввал подшоҳ бобоси тўсатдан хасталаниб қолганда, давлат идорасини тўла измига олган малика суюкли Алоуддавла номига хутба ўқилишини талаб қилганидан хабардор эмасмиди?! Боши қотган шаҳзода шошилинчи тарзда падари Мирзо Улуғбекка кетма-кет одам йўллаб, уни тезроқ ҳаракат қилишга чорлади. Ўзи бўлса қўшин билан Ҳирот йўлига чиқди.
Пойтахт подшоҳ ўлимининг хабари етгач, бузилган ари уясига айланди-қолди. Шаҳзода Алоуддавла малика бибиси юборган хабардан сўнг фурсатни қўлдан бермай, атрофига садоқатли кишиларни тўплашга киришди. Сўнг ҳаялламай доруссалтанадаги бор қўшин билан Абдуллатиф мирзо қаршисига отланди. У шиддат билан ҳаракат қилиб рақибини ғафлатда қолдирди. Унинг одамлари қора тунда Абдуллатиф қароргоҳига бостириб кириб, шаҳзодани қўлга олдилар ва ҳибсдаги маликани озод қилдилар. Маликанинг талаби билан қўшин амирлари Алоуддавлани подшоҳ деб тан олдилар. Асир тушган Абдуллатиф мирзо эса халқ орасида Оққўрғон номи билан машҳур Ихтиёриддин қалъасига қамаб қўйилди.
Самарқанддан қўшин тортиб келаётган Мирзо Улуғбек Балх шаҳрига етганда фарзандининг зиндонбанд этилгани дарагини эшитгач, нима қилишини билмай тўхтаб қолди. Юришни давом этиб, уруш бошлай деса, ўғли нобуд бўлиши, ортига қайтай деса, бу иши тожу-тахтга бўлган шаръий ҳуқуқидан воз кечгани тарзида шарҳланмоғи мумкин.
Охир-оқибат фарзанд меҳри ғолиб келди: ўғли қисматини ўйлаган Мирзо Улуғбек ўртадаги муаммони тинч йўл билан ҳал қилишга уринди. У иниси Бойсунқур мирзонинг фарзанди бўлмиш Алоуддавлага мактуб йўллаб, жиянини инсофга чорлади. Шунингдек, мактубида Абдуллатиф мирзони озод этиб, ҳузурига юборишни, шу йўл билан ўртада сулҳ тузишга чақирди.
Амакиси мактубин ўқиган Алоуддавла бибиси билан сирлашди. Гавҳаршодбегим ортиқча ўйлаб ҳам ўтирмади, мактубга жавоб бермай, урушга ҳозирги кўришни маслаҳат берди.
— Фарзандимиз бўлмиш Улуғбек мирзо жанг қилишни билмайдур, — деди малика. – Анинг учун салтанат тахтидан Самарқанд Кўҳагида тиклаган расади афзалроқдур. Шундоқ эркан, тожу-тахт деб талашмағони маъқул. Қирқ йил мобайнида Мовароуннаҳр тахтида ўлтирдиким, бир қарич ерни забт қилғонича йўқ. Аксинча қанча ерни олдириб қўйибтур. Марҳум бобонгиз эрса отдан тушмай жанг қилдилар, не-не мулкларни яна ўз измлариға олдилар.
— Бобомизни сиз отдан туширмас эдингиз-да, бибижон! – дея тиржайди Алоуддавла айтган сўзи маликага хуш келишини олдиндан билиб.
Набираси сўзига эътибор бермаган кампир бошини сарак-сарак қилди:
— Йўқ, йўқ осмондаги юлдузларни деб салтанатни унутғон киши подшоҳликка лойиқ эмас.
Бибисининг сўзлари Алоуддавлага ўринли туюлди. У амакисига жавоб ёзмади, пухта ҳозирлик кўриб жанг қилишни ўйлади. Аммо биродари бўлмиш Журжон ва Мозандарон ҳокими Абулқосим мирзо ишни бузди. У “Нега тахтга мен эмасу, эрка Алоуддавла ўтиради?” – деган андишага бориб, Ҳирот устига қўшин тортди. Янги даъвогар шиддат билан йўл босди. Шу сабабдан унинг қўшини Тусга етгани ҳақида хабар топган Алоуддавла икки ўт орасида тушиш мумкинлигини ўйлаб, қўрқиб кетди. У биродарига қарши қўшин жўнатгунча, Абулқосим Бобур мирзо аллақачонлар Жомга етиб қолган эди. Шу манзилда ака-ука қўшинлари тўқнашдилар. Шиддатли қисқа жангда Абулқосим Бобур ғолиб чиқди. У ғалабадан руҳланиб, Ҳирот устига бостриб бораверди. Худди шу сабабдан Алоуддавла амакиси Улуғбек мирзо билан сулҳ тузиш лозимлигини англади. Шундай қилсагина, Ҳирот ҳокимиятини амаллаб қўлида сақлаб қолиши мумкин эди. Оқибатда орада сулҳ тузилди. Сулҳга биноан мовароуннаҳр қўшини эгаллаган Балх вилояти Мирзо Улуғбек тасарруфига ўтадиган, Хуросоннинг қолган қисми эса Алоуддавла мулки ҳисобланадиган бўлди. Ваъдага биноан, тез орада шаҳзода Абдуллатиф отаси ёнига – Балхга келди.
Аммо бундан олдинроқ Ихтиёриддин қалъасидан бўшатилган Абдуллатифни Гавҳаршодбегим ҳузурига олиб келдилар. Кекса малика ёлғиз эди. У навбатдаги макрли режасини амалга оширишга киришган эди. Малика ранг-рўйи афтода неварасини кўриши билан гавдасига ярашмаган эпчиллик билан ўрнидан турди ва ўзига совуқ кўзларини қадаб турган Абдуллатифни қучоқлай кетди.
— Вой нодон болам-а, вой шошқалоқ болам-а! – дерди у кўзларидан ёш оқизиб. – Қани, келинг, мирзо, мана бу ёққа, менинг ёнимга ўлтирсинлар.
Абдуллатиф мирзо бибисининг ёнига чўкка тушди-ю, миқ этмай, шумшайиб ўтирди. Маликанинг оғзи тинмасди. У бўлиб ўтган воқеаларга мирзонинг ўзи айбдорлигини, нокасларнинг гапига учиб, бир оёғи билан гўрда турган гуноҳсиз бибисини ҳибс этгани, ҳолбуки бибиси ёлғиз уни салтанат тахтига муносиб билгани, ҳатто ҳозир ҳам шу ниятда экани ҳақида узоқ гапирди.
— Наҳотки, сизни ўзим ўстирмағон бўлсам! Наҳотки, сизга уқтирган гапларимни унутган бўлсангиз, мирзо! – дерди кампир невараси елкасини силаб-сийпалаб. – Падарингиз сизни унутғон бўлса ҳам мен сизни унутмадим, Алоуддавладан сизни озод қилишни тинмай ўтиндим…
Сизни мен тарбия қилғон бўлсам, мен ўйламай, ким ўйласун? Тилингиз чиққонини кўрмаган бўлса, бўйингиз ўсғонини кўрмаган бўлса, падарингиз сизни ўйлармиди? Анинг нияти сиз эмас, Абдулазиз мирзо! Смарқанддаги менинг одамим бир куни анинг оғзидан бир сирлик гап эшитибдур. Ул дебтурки, менинг васиятим Абдуллатиф мирзоға эмас, Абдулазиз мирзоға!
Бибисининг сўнгги сўзлари шаҳзода юрагига тиғдек ботиб, шусиз ҳам пажмурда юрагини қон этди. Унинг совуқ нигоҳида ўт чақнади, ияги титради, тиззаси устида ёйилиб турган карахт бармоқлари тугилиб, муштга айланди. Аммо бари бир чурқ деб оғиз очмади. Бибиси даргоҳидан чиқиб кетатуриб ҳам бош силкиб хайрлашган бўлди, холос…
Мирзо Улуғбек фарзандининг омон-эсон қайтганидан беҳад қувонди. Ўғлини ёнига ўтқазиб, узоқ суҳбатлашди, унинг не-не подшоҳлару-шаҳзодаларни комига ютиб, нес-нобуд этган Ихтиёриддин қалъасида тортган азоблари қиссасини алам билан эшитди, ўғлининг ҳижил кўнглини тасаллилар билан кўтаришга уринди. Суҳбат сўнгида Алоуддавла билан тузилган сулҳ шартларига биноан Мовароуннаҳр тасарруфига ўтган Балх Бутун мажлис давомида ўғлининг юзида зоҳир бўлган совуқликни волидаси макридан бехабар ота омадсиз фарзанди бошига тушган аччиқ кунлар асорати деб билди. Маккор малика ўз ниятига эришган: ота билан ғқил ўртасига ишончсизлик пардаси тушган эди. Аммо ота ҳали хабарсиз эди. Яна бир неча муддат фарзанди билан бирга бўлган Мирзо Улуғбек Самарқандга қараб отланди.
Аммо бир йил ўтар-ўтмас, Хуросон билан Мовароуннаҳр ўртасидаги тинчлик бузилди. Абдуллатиф мирзо отасидан берухсат Алоуддавла мулкига бостириб кирди. Ҳар икки давлат ўртасидаги сарҳад деб белгиланган Чечакту мавзесида бўлиб ўтган қисқа, аммо шиддаткор жангда хуросонликлар Абдуллатиф мирзо қўшинини мағлуб этдилар. Боз устига ғалабадан руҳланган Алоуддавла Ҳиротдан катта қўшин билан чиқиб, Балх томонга юрди. Шармандаси чиққан шаҳзода Самарқандга – отасидан ёрдам сўраб чопар жўнатди.
Ҳижрий 852 – мелодий 1448 йилнинг кўкламида Мирзо Улуғбек қўшини Жайҳундан кечди. Абдуллатиф мирзо Балхдан келиб қўшилгач, сони тўқсон мингга етган улкан қўшин Ҳирот томон ҳаракат бошлади. Хуросон мулки пойтахтининг кунчиқар тарафида, шаҳардан манзилда жанг бўлди. Жангда Мирзо Улуғбекнинг қўли баланд келди. Енгилган Алоуддавла Ҳиротни бой берганини англаб, куни кеча тахт талашган биродари Абулқосим Бобур мирзо паноҳига – Астробод сари от қўйди.
Мирзо Улуғбек Ҳиротда узоқ турмади, қўшинни рақиби изидан бошлади. Бир ҳафта йўл босиб Машҳадга етди, уни жангу-жадалсиз қўлга киритди. Ўша куниёқ, Ҳазрат Имомнинг қабри қуббаси ёнида тиклатган ғоят ҳашаматли ва зийнатли масжиди жомеда намоз ўқиди. Ниятда шундай муқаддас даргоҳни қурдирган волидасига Аллоҳдан саломатлик ва иноят тилади…
Хуросонда бошланган ғавғолардан қочган одамлар қатори мағриб томонга оқарди. Одамлар тинч макон излардилар. Аммо тинч макон бормикан?! Карвонлар тизимини кўрган Мирзо Улуғбек ич-ичидан эзилар, мамлакатда осойишталик ўрнатиш йўлларини изларди.
Мағрибга қараб кетаётган карвонларнинг бирида юввош от минган етти яшар бола ҳам бор эди. Ўғлоннинг исми Алишер. Боланинг ўзи ҳам, ундан кўз узмай бораётган ота-онаси ҳам, улар тушган карвонни кўриб турган Мирзо Улуғбек ҳам бу мурғак гўдак улғайиб, келажакда қалами билан тўрт томонга сочилган туркий элларни бирлаштира олган буюк шоир бўлажагидан ҳали хабарсиз.
Бу сирдан ёлғиз Аллоҳ огоҳ эди.
Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкина ёнидаги йўлдоши – етмишлардан ошганига қарамай ҳали тетик кўринган қария билан суҳбатлашиб борарди. Ғиёсиддин Кичкинанинг аждодлари Соҳибқирон Амир Темур хонадонни билан боғлиқ кишилар эдилар. Унинг бобоси жаҳонгир қўшинида амирлик мансабида турган бўлса, отаси ҳукмдорнинг ўғли Умаршайх мирзо билан кўкалдош, яъни Ғиёсиддиннинг момоси Умаршайх мирзони ҳам ўз сути билан боққан эди. Агар Соҳибқироннинг суюкли ўғли, жангу-жадалда баҳодирлиги билан донг таратган Умаршайх мирзо бевақт ҳалок бўлмаганида, Ғиёсиддин мансуб оила кўкалдошлик ҳақ-ҳурмати туфайли не шарафларга эришарди, Худодан ўзгасига номаълум. Аммо бу яқинлик Амир Темурнинг кенжа ўғли Шоҳруҳ мирзо подшоҳлиги замонида ҳам зоҳир эди: Ғиёсиддин саройда нуфузли мансабларда хизмат қилди. Шу яқинлик боис фарзанди шаҳзодалар билан бир мактабда ўқиди, Ғиёсиддин Кичкина подшоҳ ўлмидан сўнг салтанатда бошлаган беҳисобликлардан ташвиш чекади, давлат пойдеворини силкитаётган воқеалардан юрак-бағри эзилади.
— Заиф томирларида Соҳибқирон ҳазратлари қони оққан шаҳзодалар боболар ҳикматини унутмишлар. Тожу-тахт ҳаваси қонларини айнитиб қўйғон. Қанийди, ҳазрати Соҳибқирон тирилсалару, жазо қиличини ишга солиб, серғавғо салтанатда тартиб, низом ўрнатсалар, — дерди алам билан бир замонлар Амир Темурнинг гардуншоир лашкари сафида жанг қилган, кесайиб Ҳаж ниятида Ҳиротдан йўлга чиққан қария.
— Алҳамдуллилаҳ, қанийди шундоқ бўлса, — деб қария сўзларини маъқулларди Ғиёсиддин Кичкина. – Умидим ёлғиз Мирзо Улуғбекдин эди. Ул буюк зотнинг илмдаги камолининг тарихда мисли йўқдир… Афсуским, ҳарб майдонида андак омадлари йўқ. Бўлмасам, бу она сути оғзида қуримаган, тожу-тахт даъвоси бирлан ғавғо кўтариб, оқибатда фуқаронинг шўрини қуритаётган шаҳзодаларга вожибул имтисол топишлари мумкин эди.
Йўл ҳоритиб қўйган қария “афсус” дегандек, маъюс бош чайқади. Анчадан кейин у одатдагидек, ёшлик чоғларида Рум мулкида қилган жанглари қиссасини бошлади.
Алишер катталарнинг суҳбатига қулоқ солиб бораркан, бирдан ўзини ҳарб майдонида, отасининг нақлига кўра, донишманд подшоҳ бўлмиш Мирзо Улуғбек ёнида туриб қилич чопқиллашган киши тасаввур қилиб, отини чоптирди. От ҳорғин йўртиб борар, аммо бола тасаввурида у шиддат билан учиб бораётгандек эди.
Атроф нима қоронғилашиб, уфқда пайдо бўлган кабутар қонидай қизғиш тасма узра ёлғиз, аммо йирик юлдуз жимирлаб кўринди. Бу юлдуз қандай аталишини Алишер билмасди. Отаси мақтаган Мирзо Улуғбек эса ерда туриб юлдузларни аниқ кўрадиган, ҳар бирининг номини биладиган, ҳатто уларнинг мингдан ортиғини хатга туширган, “Зийж” деган китоб битган донишманд эди. Боланинг Мирзо Улуғбекка ҳаваси келди. “Келажакда мен ҳам юлдузшунос бўлурмен!” – деб ўйлади ва у отасининг узоқдан ҳой-ғойлашига парво қилмай, яна отини тезлатди. Бола уфқ узра чўғдек ёниб турган ёлғиз юлдуз томон учиб бораркан, “Бу юлдузни Мирзо Улуғбек кўриб турганмикан!” – деб ўйларди…
Мирзо Улуғбек Машҳад этагидаги қўрғоннинг ўн газлик девори устида туриб мағриб ёқда жимирлаб кўринган ёлғуз юлдузга тикилиб ўйга ботган эди. Унинг нигоҳи юлдузда, хаёлллари эса ер ташвишлари билан банд эди.
Туронзамин аҳволин оқибати не бўлур?! Бобоси яратган улкан салтанат пойдевори емирилди, емирилмоқда. Темурийман деган шаҳзода борки, ҳар бири ўз нафсини ўйлайди, тожу-тахтни ёлғиз ўзига раво кўради. Боболарнинг салтанат тутмоқ, ҳукмфармолик қилмоққа оид низомлари, қадимий удумларини билиб, билмаганга оладилар. Оқибатда бемеҳрлик, кўрнамаклик авжида!.. Пораканда давлатда тартиб ўрнатмоқ лозим. Аксинча бўлса, салтанат тамоман бузилиб, эл-улус жабр комига ботиб кетиши тайин. Шунингдек, фалокатни даф этмоқ тадбирини ахтармоқ унинг бурчи эмасму?! Шаръий ҳукмдор ул эмасму?!
Мирзо Улуғбек салтанатда тинчлик-осойишталик ўрнатиш учун ўзаро жангларга барҳам бермоқ, урушларга барҳам бермоқ учун эса мухолифлик йўлига кирган ака-ука жиянларини тинчитиши лозимлигини фаҳмлади. Шу сабабдан у юришни тўхтатмади. Ҳатто Абулқосим мирзонинг элчиси Машҳадга келиб, Мирзо Улуғбекни олий ҳукмдор мақомида тан олажагини маълум қилган шаҳзода мактубини топширганда ҳам қўшинни қайтармади, босиб бораверди. Аммо Машҳаддан кейин Исфароинни қўлга киритди-ю, узоқ вақт мазкур шаҳарда тўхтаб қолди.
Ҳатто ашаддий рақиби Алоуддавлани тирқиратиб қуваётганидан завқланган Абдуллатиф мирзо юришни давом эттириш муддаоси билан қайта-қайта мурожаат қилганидан сўнг ҳам бу масканни тарк этмади, ўғлига қўшин билан олға юришни буюрди, холос. Кейин Абдуллатиф мирзо Астрободни забт этгани, Абулқосим Бобур билан Алоуддавла эса Домғонга қараб қочганини эшитганда ҳам зафарли юришни, рақибларни бир ёқлик қилишни фарзандига тўла ишонди.
Мирзо Улуғбекнинг бу кичик шаҳарда узоқ вақт муқим туришига нима сабаб бўлди? Уни қандай куч ва қандай муддао бу ерда ушлаб қолди? Бу олис болалик ёди, болалик завқи, болаликни эслашдек ширин қувонч ва армон қудрати, муддаоси эди.
Исфароин шаҳри Машҳаддан Астрободга борадиган йўлларнинг қоқ ўртасида жойлашган. У Искандар Мақдуний замонида Шарқу-Ғарбни бирлаштирган қадимий йўл ёқасида қурилган работдан бошланган бўлиб, асрлар давомида кенгайиб бугунги ҳолатига келган. Агар осойишталик йилларида шаҳарга яқинлашган киши дарвозалардан кириб-чиқиб турган карвонлар қаторини кўрган, той-той юк ортилган нортуялар бўкириши, мис қўнғироқларнинг жангур-жунгури, бозорларнинг ғала-ғовури, мисгарлик, темирчилик, чилангарлик расталарининг тарақ-туруқини эшитган, бозору-расталарда ёйиб қўйилган сон-саноқсиз молларни кўриб, кўзлари қамашган бўлар эди. Гир атрофи девор билан ўралган Исфароиннинг ўртасида саҳни беш-олти ботмон келадиган тшрт бурчакли тепа устида мўъжаз қалъа бор эди. Бу қадимий деворлару қалъа сосоний шаҳаншоҳлар замонидан қолган. Шаҳарни забт этгач, Мирзо шу қалъага қўнди. Асрлар тўфонидан аламзада қалъанинг ғариб аҳволини кўрган Мовароуннаҳр ҳукмдори ўзи билан қалъа ўртасида қандайдир боғлиқлик сезгандек бўлди. Қолаверса, у қай манзилга бормасин ўша ердаги энг юксак ерда яшашни, юлдузларга яқин бўлишни истарди. Қадимий қалъанинг ўрни расадхона учун қулай эканини ўйларкан, Самарқанд Кўҳагида жойлашган расадхонасини нечоғли соғинганини сезди. Қалъада ўтган кечаларни ухламай, юлдузларни кузатиш билан ўтказди.
Мирзо Улуғбек қалъага ўрнашганининг учинчи куни қалъа ўртасидаги тўрт тарафи айвонлик уйда пешин намозини ўқиб бўлган ҳам эдики, подшоҳи замон ҳузурига кирмоқчи бўлаётганини айтди.
Мирзо Улуғбек дарвешлар билан суҳбат қурмоқни хуш тутарди. Бу одат унга Соҳибқирон бобосидан мерос қолган. У дарвешлар ҳам подшоҳу-олимлар каби турлича бўлишини яхши билар, баъзан дарвеш қиёфасидаги фирибгарларга ҳам дуч келган эди. Бироқ, асл дарвешлар – алдоқчи дунёга этак силкиб, Аллоҳ жамолини юракларида жилвалантирган покдомон, комил зотлар суҳбатидан сўнг тожу-тахт кўз ўнгида арзимас нарса бўлиб қолар, кўпроқ илк билан шуғулланишга бериларди. Соҳибқирон бобоси ҳам йигитлик ибтидосида маълум муддат дарвешликда бўлганидан хабардор Мирзо Улуғбек ҳар гал бу ҳақда эслар экан, нима учундир жаҳонгир абадий уйқуда ётган Гўри Мир мақбараси ҳошиясига битилган “Жаҳон сендан юз ўгирмасдан олдин сен жаҳондан кўнгил уза билгин” ҳикматини эслайди. Ҳикмат бобоси тавсияси билан битилганини билганидан ҳар гал кўнглида унинг донишмандлигига тан берди. Кўз ўнгида бобосининг чеҳраси зоҳир бўлиб, таниш овоз: “Ҳа, улуғ бегим, сизга нима бўлди, невчун ҳолингиз паришон!” дегандек бўлади.
Амрини кутиб турган ясовулга буюрди:
— Дарвешни бунда келтуринг.
Ясовул таъзим қилганича тисарилиб, чиқиб кетди. У кетиши билан яна ўйлар оғушида қолган подшоҳ айвон бурчагида тўшалган бахмал кўрпача устига тиз букди.
Дам ўтмай ясовул айвонга анча ёшга борган, фақирона кийинган, аммо юзидан нур ёғилиб турган дарвешни бошлаб чиқди. Чол чўзиқ юзлик, дўнгпешона, кўзлари йирик, узун соқолли эди. Унга нигоҳи тушди-ю, “Бу кишини қаерда кўрган эканман!” деган ўй ялт этиб миясига урилди. Кейин ҳаяжонини яширолмай, шошиб сўради:
— Эй дарвеш! Сен бизга эски суҳбатдош кўринасен… Ўша қиссахонимизнинг жияни Ҳамза эмасмусен?
Дарвеш жилмайиб жавоб берди:
— Қуввайи ҳофизангизга Аллоҳдан ривож, подшоҳим! Ҳа, ўшамен, ўша сизнинг суҳбатдошингиз Ҳамзамен!
Жилмайиб турган чол шундай деди-ю, озғин елкалари титраб, йиғлаб юборди.
Мирзо Улуғбекнинг кўнгли бирдан юмшаб, кўзлар намланди. У ўрнидан туриб, бир пайтлар ўзига сабоқ берган инсонни бағрига босгиси, тасаллилар бергиси келди, аммо айвон четида қўққайиб, воқеаларни кўриб турган ясовул олдида ўзини тутди.
Қаршисида йиғлаб турган дарвеш чолга тикиларкан, Мирзо Улуғбек бундан қирқ йиллик масофада – жуда йироқларда қолган болалигини эслади. Соҳибқирон бобосининг қиссахонига жиян бўлган Ҳамза ибн Али Малик ат-Тусий ўша пайтлар қанчалик кўркам ва забардаст бўлганига ҳозир ишониш қийин.
Азоб-уқубатларга тўлиб-тошган йиллар унинг бўйнига ажинлардан тўр солган, қўлларини суякдай қотириб, томирларини бўрттирган, бир пайтлар шамшоддек тик қоматини букчайтириб қўйган эди. Улар ёши ўртасида ўн икки йил фарқ борлигини билган Мирзо Улуғбек болалик ҳамроҳи етмиш ёшларга яқинлашиб қолганини фаҳмлади.
— Хуш келибсиз, Шайх Озарий! – деди Мирзо Улуғбек ўрнидан туриб, сўнг ёнидан жой кўрсатиб, давом этди. – Суҳбатдошимиз эдингиз, ўтиринг, суҳбатдошим бўлинг.
Сўфия йўлига кирганидан кейин Шайх Озарий номи билан машҳур бўлган Ҳамза ат-Тусий шоҳи рўмолча билан кўзёшларни арта-арта подшоҳга таъзим қилди. Унинг ҳамон ёнига чорлаб чўзилган қўлини кўргач, оҳиста юриб бориб, кўрпачага чўккалади.
Улар узоқ вақт чурқ этмай, бир-бирига сўзсиз тикилиб ўтирдилар, ҳар иккаласи ўша олис болалик ва ёшлик кунлари хотираси оғушида эди. Улар тил билан эмас, дил билан, сўзлар билан эмас, кўзлар билан суҳбат қурардилар.
Анча вақтдан кейин Мирзо Улуғбек оғиз очди:
Эвоҳким, ёшлик эди – номам битди,
Қиш келдию, ул тоза баҳорим йитди.
Ул мурғи талаб эрди ажаб, исми – шабоб!..
Билмам, у қачон келди-ю, қачон кетди?!
Ўша заҳот Шайх Озарий маъюс кўзларини ҳукмдорга тикиб, жавоб қилди:
Озарий, ўйину ғафлат аро кечди умр,
Ғофил бўлма, неки боқий – фурсатдан топ…
Б И Р И Н Ч И Қ И С М
СУЛТОНИЯ БАҲОРИ
Ҳижрий 795 – мелодий 1392 йил кузида Соҳибқирон Амир Темур Мовароуннаҳр мулкини тарк этиб, тарихда “Беш йиллик сафар” номини олган юришини бошлаб, Мағриб томонга йўл олди. Туронзамин султони яқинлашиб қолган қишни Мозандаронда ўтказди. Баҳор арафасида Форс мулкига бостириб кириб, бу мулкка эгалик қилиб турган музаффарийлар сулоласининг сўнгги вакили Шоҳ Мансурни беомон жангда мағлуб этди. Соҳибқирон фатҳ этилган Форс мулкини суюкли фарзанди Умаршайх мирзога суюрғол этди.
Бу воқеадан сўнг жаҳонгирнинг учинчи ўғли Мироншоҳ мирзо ва набиралари, ака-ука амирзодалар: Муҳаммад Султон билан Пирмуҳаммад Жаҳонгир қўмондонлик қилган қўшинлар Қазвин, Султония шаҳарларини, Соҳибқироннинг кенжа ўғли Шоҳруҳ мирзо бошчилигидаги қўшин эса элхонийлар мулки деб аталган, маркази Султония бўлган улкан ҳудудга юрди ва у Мироншоҳ мирзога суюрғол бўлди.
1393 йил август ойида Амир Темур Бағдод устига юриш бошлади. Жалойирийлар сулоласи бошқарган бу мулк ҳукмдори Султон Аҳмад роппа-роса ўн йил аввал – Амир Темур бу юртга биринчи марта келганида қандай тадбир тутган бўлса, ўшани такрорлади. У жанг қилмасдан қочди. Аммо Бағдодни тарк этаркан, Дажла дарёсидаги кемаларни чўктириб юборишга, кўприкларни ёндиришга фармон берди. Ўзи бўлса Миср султони паноҳига кетди. 1393 йилнинг кузида Амир Темур Бағдоднинг жанубидаги Тактирни қўлга киритди ва шу манзилда тураркан, Арзинжон амри, Қарамон ўғиллари, Дилқодир ўғиллари, Қорақуюнли ва Оққуюнли уруғларининг бекларига, Сиваш-Қайсария ҳукмдори қози Бурҳониддин Аҳмадга мактублар йўллаб, уларни итоатга даъват этди. Миср мамлуклари султони Барқуқ ҳузурига ўз элчисини жўнатди.
Ҳижрий 796 – мелодий 1394 йилнинг баҳори Ироқи Ажамнинг бош шаҳри бўлмиш Султония теварагини қуршаб олган дашту-далаларни забт этгач, ҳаялламай шаҳарга ҳам бостириб кирди.
Дов-дарахтлар қуш тилидек майда барглар чиқарди. Момоқаймоқлар сап-сариқ гул очди. Анҳору-ариқлар қирғоғини ялпизлар қоплади. Баҳор чечаклари билан безанган яшил гиламини ёйган даштда қизғиш-қўнғир илонлар офтобда тобланиб мароқланади, тошбақалар буришиб кетган хунук бўйинларини ўтларга чўзади, сайғоқлар галаси нимадандир ҳуркиб чопиб ўтади, туёқлар зарбидан еру-кўк гумбурлаб кетади.
Қадимда Ҳулакулар давлатининг иккинчи пойтахти бўлган Султония шаҳрига элхонийлардан Арғун (1284-91) асос олган, шаҳар қурилиши элхонийларнинг еттинчиси Муҳаммад Худобанда Ўлжайту (1304-16) замонида ниҳоясига етган эди. Ўтган қисқа муддат ичида шаҳар минг турлик бинолар билан безанди, асос солинган йиллари режа билан барпо этилган боғлардаги дарахтлар осмонга бўй чўзди.
Султония бир эмас, икки эмас, беш карвон йўли туташадиган манзилда ўрнашган. Шу сабабдан йил сайин бойиб, кенгайиб, ободон ва маъмур шаҳарга айланган. Бозорларида инсон жонидан бўлак ҳамма нарса топиладиган бу шаҳар Форс, Ироқ, Ширвон ва Рум юриши пайтларида ҳам ҳамиша Соҳибқирон қўниб ўтадиган манзил эди.
Баҳор келиб, шаҳарнинг энг кўркам бинолари – машҳур меъмор Алишоҳ тиклаган саккиз қиррали Авлиё Ҳайдар мақбараси гумбази, Ўлжайту мақбараси ва мадрасаси пештоқлари устида ҳам яшил чечаклар униб чиқди. Авлиё мақбарасига яқин ерда бир боғ бор. Мироншоҳ мирзога тегишли Чинорон деб аталган бу боғда Ироқ томонда жанг қилаётган Амир Темур қўшини Уғруқи қўним топган. Олис-олисларда кўпириб оққан жанг садоси, саноқсиз одамларнинг ҳалокатга юз тутгани, вайрон этилган шаҳарлар ҳақида етиб келган миш-мишлар атрофи баланд деворлар билан ўралган боғни четлаб ўтиб кетар ва дунёнинг етти иқлимини ларзага соларди. Бу боққа ёлғиз шаҳару-қалъаларни кетма-кет забт этаётган жаҳонгир ва унинг фарзандларининг довруғи жарангдор сўзларга ўраниб етиб келади, холос.
Бир йилча аввал Соҳибқирон Султонияда жўнаб кетди-ю, уғруқ ва маликалар: Сароймулкхоним, Туман оғобегим, Чўлпонмулк оғобегим, уларнинг келинлари, норасида набиралари мана шу боғда қолдилар. Улар орасида Шоҳруҳ мирзонинг хотини, ой-куни яқинлашган Гавҳаршодбегим ҳам бор эди.
Ҳижрий 796 йил жумодулаввал ойининг ўн тўққизинчи куни – мелодий 1394 йилнинг 22 марти. Тонг. Дашту-далалар томонидан эсган майин шабада минг турли гул-чечаклар ҳидини шаҳарга тарайди.
Бугун уғруқ қўним топган Боғи Чиноронда байрамона кайфият ҳукмрон. Салтанат маҳди-улёси Сароймулкхонимнинг қувончи ичига сиғмайди. Малика жаҳонгир эрини қувонтиргувчи воқеа юз берганидан суюнчи тилаб келган борки, ҳаммасини марҳаматли қўли билан сийлайди. Неча кундан бери оёқ учида юрган мулозимлар бугун шитоб билан, югуриб-елиб хизмат қилмоқдалар. Бугун боғ аҳлини қуёш эмас, тонг сукунатини бузиб янграган чақалоқ йиғиси уйҳотди. Инжиқлиги билан машҳур Гавҳаршодбегимнинг кўзи ёриди – ўғил кўрди.
Сароймулкхоним жаҳонгирнинг кўп фарзандлари ва неваралари туғилишига гувоҳ бўлган бўлса-да, бу чақалоқнинг туғилиши маликага ўзгача қувонч бағишлади. Зеро, гўдакнинг отаси Шоҳруҳ мирзо Сароймулкхонимга туққан фарзанддек азиз эди. У туғилиши билан малика тарбиясига топширилган, фарзандсиз маликанинг жону-танига айланган эди. Шоҳруҳ мирзонинг илк фарзанди туғилишини интизор кутган малика шу сабабдан ҳам инжиқ келини хархашасини деярли сезмас, унинг юкдан эсон-омон қутулишини ўйлаб, кеча-кундуз парвона эди.
Янги меҳмон туғилиши билан шўр сувга чўмилтириб, баданига ёғ сурдилар. Бу ишларни Сароймулкхонимнинг ўзи бажарди, бировга ишонмади. Чақалоққа бегона қўли тегишидан, ёмон кўздан сақлаш учун шундай қилди. Малика шу иш билан овора экан, дам: “Вой қўзичоғим, вой кўзлари мунчоғим!” – деб севинар, дам ўз қувончидан қўрқиб, ортиқча қувониш бахтсизликни бошлаб келади, деган гапга ишонганидан: “Ёмон бола, бурни пачоқ бола, оғзи қийшиқ бола!” – деб қўярди. Аммо бир пасдан кейин яна қувонишга берилиб: “Бобосининг яроғи, бибисининг яруғи!” – дейишга ўтар, “Қилич тутар қўлларинг узун бўлсун!” – деб қўлларини, “Юрганингда толиқма!” – деб оёқларини оҳиста-оҳиста тортиб қўяр, елкаларини силаб: “Тобутимни кўтарадиган болагинам!” – деб ният қиларди.
Чақалоқнинг йўлдошини ҳам боғ четидаги дарахт остига ўзи кўмди. Кўмаётиб:
Тошдай бўлсун,
Темирдай бўлсун,
Итдай тишлаб ётсин! – деб ирим қилди.
Чақалоқнинг ювинтириб бўлгач, оппоқ матога беллашдан аввал, гўдакни оқ ва кўк мато бўлаклари билан сийпалаб:
Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм!
Менинг қўлим эмас –
Биби Фотима,
Биби Заҳронинг қўли,
Умай она,
Қамбар онанинг қўли.
Тошдай қил,
Темирдай қил,
Илоҳим, золим қилма, олим қил! — дея айтим айтди.
Сароймулкхоним шон-шавкатли эри қулоғига хушхабарни етказишга кўп шошилмади. “Аввал чилласи ўтсин!” – деб ўйлади у. Илло малика янги меҳмон учун Соҳибқирон олдида жавобгар эканини яхши фаҳмларди. Чақалоқнинг заиф туғилганини кўрган малика кўнглидан неча кунгача ваҳима аримади. Аммо ёш ва соғлом доя хотиннинг сути, бибисининг меҳрибонлиги сабаб бўлдими, меҳмон чиллада бирор дардга чалинмади. Роппа-роса бир ой деганда, чақалоқ кучга тўлиб бораётганини кўрган малика Амир Темур ҳузурига чопар жўнатди.
Бу пайтда Амир Темур қўшин билан Мобайнилнаҳр (Икки дарё оралиғи)даги Мордин шаҳрини қамал қилган, аммо баланд тоғ устида жойлашган шаҳарни забт этиш кундан-кунга суриларди. Қамалнинг учинчи ойи охирлаб борар, қалъадагилар бўлса таслим бўлишни ўйламай, жанг қилардилар.
Қиш тугаб, баҳор бошланган, тевароак-атроф яшилланиб безанган эди. Баҳор жуда иссиқ келди. Эрталабдан оташин ҳарорат ёғилар, унга кун бўйи қизиган ердан кўтарилаётган, тоқат қилиб бўлмайдиган ҳовур қўшиларди. Умри бино бўлиб, Амир Темур баҳорнинг бунчалик иссиқ келишини кўрмаган эди.
Соҳибқирон Форс мулкидан қўшин тортиб кўмакка келаётган Умаршайх мирзони интизорлик билан кутар, аммо кўнгли қандайдир бир фалокатни сезгандек безовта эди. Шундай безовта кунларнинг бирида ёмон туш кўрди.
…Тушида бундан ўн саккиз йил аввал тўсатдан оламдан кўз юмган тўнғич фарзанди Муҳаммад Жаҳонгирни кўрди.
…бирданига унинг ёнида Умаршайх пайдо бўлди.
…иккала ўғли ҳам оппоқ либосда эдилар.
…иккала ўғли ҳам етти-саккиз ёшарли пайтларидаги қиёфада эдилар.
…у олисдан туриб нималарнидир гапираётган ўғиллари томон чопа бошлади, аммо у етиб бормасдан ўғиллари оппоқ қушларга айланиб учиб кетдилар.
Ваҳима аралаш уйғонди-ю, кўрган туши нимага ишора эканини сезгандек, юрагида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди.
Бир неча кун ўтар-ўтмас оталик сезгиси уни алдамагани маълум бўлди – тўнғич Жаҳонгир ўлимидан сўнг бош ўғил бўлиб қолган суюкли Умаршайх мирзо Хармату қалъаси яқинида ҳалок бўлгани ҳақида хабар келди. Соҳибқирон бу мудҳиш хабарни эшитгач, ич-ичдан эзилиб йиғлади, аммо кўз ёшлари ичига оқди. Илло, у душман билан юзма-юз турган амирлари олдида, таслим бўлишни истамай жанг қилаётган душманлари қаршисида кўз ёшларини ошкор этмади. Зеро, боболар: “Душманинг олдида қон тупурма!” деганларини у унутмаган эди.
Кун бўйи ҳузурига ҳеч кимни йўлатмай ёлғиз ўтирди. Бир пасда ранг-рўйи қорайиб кетгандек, кўзлари чўккандек, бутун мадори вужудини тарк этгандек ўтираркан, бутун дунё унга бегона эди. Кўз ўнгидан эса даҳшатли бир манзара такрор-такрор ўтарди.
…Умаршайх икки тарафида баланд тоғлар юксалган тор дарадан ўтиб бормоқда. Ўғлининг нигоҳи тоғ устида ўрнашган қалъага тушди.
Шу кичкина қалъани кўришинг шартмиди, Умаршайх?! Уни кўрмасдан ўтиб кетсанг бўлмасмиди, Умаршайх?!
Ана, ўғли отининг жиловини кескин тортиб, тўхтатди-да, ерга сакраб тушди. Сўнг қалъани яқиндан кўрмоқ ниятида тошдан-тошга сакраб, тепага ўрлади.
Ана, қалъа девори устида бир шарпа пайдо бўлди. Амир Темур аниқ кўрди: курд башараси қоп-қора, кўзлари совуқ бир кимса эди. У қонсиз лабини қимтиб, кичик кўзларини қалъага яқинлашиб келаётган одамдан узмасди. Қўлида камон. Жун босган бармоқлари камонни маҳкам сиқиб турибди.
Ана, ўғли улкан қоятош устига чиқиб тўхтади, бир муддат қалъага тикилди. Сўнг тор дарадан дарё каби оқиб келаётган аскарларига қарата қўлини кўтарди. Қўшин, тўғонга дуч келган дарёдек, ҳаракатдан тўхтади. Қадди-қомати келишган, қўрқув нималигини билмаган ўғли, кўзининг қораси юрагининг пораси Умаршайх қоятош четида гуллаб турган дўланага яқинлашиб, унинг гулларини ҳидлай бошлади.
Курд эса пастдаги одам қалъани қўлга киритишга аҳд қилганини англади. У секин бошини кўтариб, орадаги масофани нигоҳи билан ўлчади. Унинг оқи деярли билинмайдиган кўзлари пастдаги одамга маҳкам қадалди. Сўнг камонни кўтарганча, қалъа деворидан ошириб мўлжалга олди. Унинг юраги дукуллаб ура бошлади. Бу безовта дукуллашни Амир Темур эшитгандай бўлди.
Курд пастдаги одамни узоқ нишонда тутди, кейин ўзидан-ўзи чўчиб, камонни пастга туширди. Аммо қоятошдаги одам кафтда турган олмадек яққол кўриниб турганидан завқи келдими, ёки қулай пайтни бой бермаслик учунми, яна девор оша камонни тўғрилади. Ўқ “шув” этиб учди.
Ана, Умаршайх қулоғига таниш товушни эшитди, ялт этиб қалъа томонга қаради. Аммо ўша лаҳза шувиллаб келган ўқ унинг чап қўлтиғининг остига санчилди. Бирдан бутун вужуди сулайиб, пастга оғиб бораркан, оҳиста қайрилиб, иягини сийпалаганча бир дам чайқалиб туриб қолди. Лабидан қон сизиб, хириллаган овозда пастдан шитоб билан кўтарилиб келаётган одамларни ёрдамга чақиргандек бўлди. Сўнг бирдан ёнидаги қиличини суғуриб олди-ю, қалъа томонга ўқталди. Аммо бутун қуввати бу шиддатга сарф бўлгандек, қўлидан қиличи тушиб кетди. Энгашиб уни олмоқчи бўлди-ю, пастга оғди. Тош устида ётаркан, заиф бармоқлари билан қилич дастасини ушлади, жонҳолатда чираниб турмоқчи бўлди. Чаккаларидан қуюлиб оққан тердан кўз олди қоронғиллашди. Амаллаб, қиличига таяниб, тиззага турди, лабларидан силқиётган қон кўкрагига, тош устига томаётганини кўриб, қилич тутган қўллари бўшашди, “гурс” этиб ерга қулади…
Мотамзада ота бирдан, худди туш кўраётгандек, йиқилган ўғли томон чопиб бораётгандек бўлди. У аламдан чайқалиб-чайқалиб, товуш чиқармай бўзлар, ҳаёлида эса оёғи ерга ёпишиб қолгандай, фарзанди қошига ҳеч етиб бўлмайдигандай, худди бўшлиқда қотиб қолгандай сезарди, ўзини.
Бутун вужуди музлагандек бир алфозда йиқилган ўғли устига етиб келди. Дунё ғойиб бўлди, унинг ўрнига фақат қонсиз бир чеҳра қолди. Ота кўзларига ишонмай букчайди ва ердан қонга беланган ўғли жасадини кўтарди, сўнг уни бағрига босганча орқасига тисарилди. Шунда жон бераётган ўғлининг кўзларида суюкли хотини Туркон Ўлжойни кўргандай бўлди.
— Ўғлимни асрай олмадингиз-ку, бегим?! Сиздан умидим шулмиди, султоним?! – дегандек мунгли термиларди Туркон Ўлжой.
Бу аламли сўзларни эшитиб, изтиробдан кар бўлиб қолган ота қулоғи очилгандай бўлди ва дунё шовқинга тўлди. Юмилган кўзлари ҳам очилди-ю, кўрган воқеалари рўё эканини англади. Ташқарида Мордин учун бораётган жангу-жадал сурони эшитиларди. Ота шаҳид фарзандининг жасади ҳали олисда эканини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, рўёдан айрилгиси келмагандек, яна кўзларини юмди.
Амир Темур ўғлининг ўлимини ғойибдан тасаввур қилар экан, фарзандининг сўнгги лаҳза осмонга армон билан тикилган кўзларини кўриб турарди. Бу кўзларда олис Самарқанд боғлари, Кўҳак чечаклари, Сиёб мавжлари, Кеш тоғлари акс этиб тургандай эди.
Соҳибқирон ортиқ ўзини тўхтатолмади, ўкириб йиғлаб юборди, кўз ёшлари чеккасидан дув-дув оқаркан, изтироб билан бўзлади:
— Ўғлим, Умарим, жигарбандим!..
Эртаси куни унинг ҳузурига чақирилган аркони давлат Соҳибқироннинг сочлари тамом оқарганини кўрдилар. Содиқ амирлар унга ҳамдардлик билдириб, ўз жойларини эгаллашар, ҳамманинг боши эгик эди. Мавлоно Абдулжаббор Самарқандий шаҳид кетган Умаршайх мирзо руҳига Қуръон тиловат қилди. Бутун маросим давомида сукут сақлаган Амир Темур амирларга рухсат бериш олдидан қатъий овозда буюрди:
— Мордин бугундан қолмай олинсун! Тамом, боринглар!
Ҳам алам, ҳам қаҳру-ғазаб билан айтилган бу буйруқни бажариш имконсиз эканини ҳамма, шу жумладан, ҳукмдорнинг ўзи ҳам биларди. Қалъага кун бўйи тирмашган қўшин барибир унинг деворларидан ошиб ўтолмади. Эртаси куни ҳам самарасиз ўтди.
Амир Темур одатдагидек, шаҳар этагидаги тепаликда туриб, жанг боришини кузатарди. Тепаликдан чор атрофгина эмас, Мордин шаҳри ўртасидаги қоятош устида юксалиб қопланган ҳовлилар, кимсасиз кўчалар, шаҳар деворларига ҳар икки томондан мўру-малахдай ёпишган бесаноқ одамлар кўзга яққол кўринарди. Соҳибқирон шаҳарга яқинлашиб келаётган, раҳматлик фарзанди Форсдан бошлаб чиққан, аммо манзилга йўлбошчисиз етиб келган қўшин оёғи остидан кўтарилган чангу-тўзонни ҳам шу ерда туриб илғади. У отларнинг туёқлари, навкарлар оёқлари остидан кўтарилган чанг кўкка ўрлаб, сўнг оҳиста майсаларга, яшил япроқларга, қизиган тошларга инишини бир лаҳза кўз ўнгида жонлантирди-да, яна шаҳар томонга ўгирилди.
Бир пасдан кейин Соҳибқирон пастга тушиб, отига минди. У оппоқ тулпорини жануб томонга бошлади. Анча масофадан кейин узоқдан келаётган қўшин бошдан-оёқ кўриниб турган дўнгликка чиқди. Амир Темур арғумоқ жиловини тортиб, бепоён даланинг орқа-олдига, адирлар оралаб жой танлаб, бўлиниб кетаётган қўшиннинг бош-охирига кўз ташлади. Уйқусизлик ва ғам-ҳасратдан кўзлари қонталаш, ранг-рўйи оқарган, чарчоқдан сийрак ажинлари қуюқлашган чеҳраси сўнгги кунлар ичида биринчи марта ёришди.
Қўшимча куч етиб келгач, уч кунлик хордиқ ва тараддуд тугаб, қалъага ҳужум бошлаш учун қўшинлар охирини кўз илғамас сафга тизилди. Қамалдагилар ҳам ваҳима ичида бу манзарани кузатар эканлар, сўнгги беомон жанг муҳлати яқинлигини англаб, саросимага тушдилар. Бутун шаҳар тўрт томонга ёйилиб тизилган аскарлар билан ўраб олинди.
Амир Темур ҳали чодирида ўтирар, амирлари, фарзанду-набираларига сўнгги фармойишлар бериш билан банд эди. Худди шу ҳол устида унга Султониядан чопар келгани ҳақида хабар бердилар.
Уст-бошини чанг босган чопар – алп келбатли найман йигит югуриб кирди ва тиз чўкиб, таъзим қилди. Кейин бошини кўтармай, қўлидаги ўрам қилиб ипак боғич билан боғланган мактубни икки қўллаб боши узра кўтарди. Фармондорлардан бири мактубни олиб, Соҳибқирон қўлига топширди. Темур ипак боғич узра босилган Сароймулкхоним муҳрини таниди. “Илойим, тинчлик-омонлик бўлсун!” – деган ўй билан муҳрини бузиб, ипак боғични ечди. Сўнг мактубни ёйиб, унга кўз ташлади, сония ўтмай чеҳраси ёришди, кўзларида қувонч жимирлади. Савлатли қоматини тиклаб, хитоб қилди:
— Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!
Ҳузурида ўтирганлар шодлик сабабини билиш мақсадида донг қотдилар. Амир Темур тахтдан орқароқда ўтирган ўғил-набиралари томонга қаради. Кўзи Шоҳруҳ мирзога тушиши билан бош ирғаб уни ёнига чорлади. Ўғлига мактуб бераркан:
— Ўқинг, мирзо! – деди.
Шоҳруҳ мирзо мактубни ўқиб тугатмасданоқ юзига табассум жилваланиб, бош кўтариб отасига қараб қўйди.
Амир Темур озғин, аммо ҳали бақувват қўлини ўғли елкасига қўяр экан:
— Фарзанд муборак бўлсун, ўғлим! – деди, сўнг даврадагиларга хотиржам кўз ташлади ва қувонч сирини очди:
— Аллоҳ таоло инояти ила муҳобий фарзандимиз Шоҳруҳ мирзо фарзандлиғ бўлубдурлар. Аллоҳга шукрлар бўлсун!
Тўрт томондан Аллоҳга ҳамду-сано билан муборакбод ёғилди. Соҳибқирон эшик оғасига қараган эди, унинг ҳар бир нигоҳини англайдиган кекса барлос бир пасда сарупо билан бир сипар олтин қўйилган лаълини кўтариб кирди. Салтанатниг бош фармондорларидан бири амир Худойдод сарупони олиб, чопар елкасига ташлади, олтинни устидан сочди. Тангаларни териб олган чопар қайта-қайта таъзим қиларкан, тисарилиб чиқиб кетаётган Шоҳруҳ мирзонинг завқи жўшиб, ёнидаги бир сиқим олтинни эшик томонга қараб сочди. Ўша лаҳза отасига бу қилиғи ёқмаганини сезиб, нима қилишини билмай, бориб ўрнига ўтирди. Амирзодалар тўнғич ўғил билан ёш отани қутлай бошладилар. Шоҳруҳ мирзони яна қувонч ўз оғушига олди.
Янги меҳмон шарофати билан амирларга ҳам тортиқлар берилди. Кечагина мотам кайфияти ҳукмрон қароргоҳда шодиёна янгради.
Шоҳруҳ мирзо отасидан ўғлига ном қўйишни сўрагиси келди, аммо нима дейишни билмади. Ниҳоят:
— Падари бузрукворимдан фарзандимга дуо тилайман, — деб гап бошлади-ю, тили қотди.
— Ўғлим, — деди Амир Темур, — Сизга Аллоҳ таоло фарзанд ато қилғон экан, шунинг ўзи улуғ дуодир!
Сўнг ўғли ундан нимани тилаётганини сезгандек, сўради:
— Мирзо, фарзандинғиз исмини не деб қўюрмиз?
Даврадагилар бирдан жим қолдилар. Соҳибқирон бир дам ўйга ботгач, Шоҳруҳ мирзога кўз тикиб, мамнун товуш билан айтди:
— Мушфиқ Аллоҳ таолога ҳамд бўлсунким, фарзанди аржуманд исмини раҳматли отамиз шарафига Муҳаммад Тарағай деб қўйдук. Ул ҳам жойи жаннатда бўлгур бобонгиздек улуғ бек бўлсун!
Тўрт тарафдан:
— Улуғбек бўлсин, омин!
— Улуғбек бўлсун, омин! Аллоҳу акбар! – деган хитоблар янгради.
Набира таваллуди мотамзада бобонинг ғазабини эритди – Мордин устига бошланажак ҳужум тўхтатилди. Амир Темур ўша куниёқ Мордин устига халқининг молу-жонидан кечгани, бироқ кўп навкарларининг нобуд бўлишига сабабчи амир Мажидиддин Исони ҳокимиятдан четлатиб, шаҳар ва вилоят ихтиёрини амирнинг иниси бўлмиш Султон Солиҳга ўтказгани ҳақида ол-тамға босилган ёрлиқ жўнатди. Кўп ўтмасдан шаҳар дарвозалари очилиб, амир Султон Солиҳ бошлиқ акобиру-ашрафлар Турон султонига келиб юкундилар. Улар Соҳибқиронни янги туғилган меҳмон билан қутлаб, Мордин аҳли номидан пешкашлар қилдилар.
Шундан сўнг, қўшин қўнган кўз илғамас ялангликда, қароргоҳда сон-саноқсиз қозонлар остига ўт ёқилиб, катта тўй-томоша бошланди. Мордин аҳолиси ҳам қирғиндан қутулганига ишониб, бу омонлик сабабчиси бўлмиш янги меҳмон исмини тилдан қўймасдилар. Ҳар бир гулхан атрофида, ҳар бир чодирда, ҳар бир майдонда Муҳаммад Тарағай шарафига тилаклар айтилиб, Соҳибқирон тилидан учган ният қайта-қайта янграрди:
— Илоҳим, улуғ бек бўлсун! Омин! Аллоҳу акбар!
— Илоҳим, улуғ бек бўлсун! Омин! Аллоҳу акбар!
…Тахти олийда ўтирган Амир Темур тўсатдан малика Сароймулкхоним мактубини келтиришларини талаб қилди. Мактубни очиб, қайта-қайта ўқиб чиқар экан, кўзи намланди, киприклари пирпиради, аммо бўғзига тиқилиб келган вовайлони ичига ютар экан, маҳзунҳол шивирлади:
— Эй, Аллоҳ, ҳукмингға шукрлар бўлсун!..
Уни ҳайрату-ҳасратга солган нарса мактубда қайд этилган невараси туғилган сана эди. Мактубга биноан Муҳаммад Тарағай жумодулаввал ойининг ўн тўққизинчи кунидан дунёга келган. Агар бу ҳақиқат бўлса… Агар мактубда тўғри ёзилган бўлса… Бирдан Амир Темурнинг нафаси қисилди… Ахир, айнан мана шу санада кўзининг қораси, нуридийдаси Умаршайх ўлдирилган эди-ку!..
Бир куннинг ўзида Аллоҳ таоло ҳам фарзандидан жудо, ҳам набира ато қилганини англаган Соҳибқирон бу кароматдан ҳайратга тушди. Наҳотки, Қодир эгам бир қўли билан ўғлидан айирган, иккинчи қўли билан набира берган бўлса?!
Чор атрофда давом этаётган тўю-томоша шовқини Амир Темур қулоғига бегона эди. У чуқур ўйга ботган, кўзлари маҳзун эди. Аллоҳ каромати олдида ақли ожиз эди. Кейин бирдан Парвардигор нобуд бўлган Умаршайх ўрнига Муҳаммад Тарағайни берганига имон келтирди, каромат эгасига шукроналар айтди. Кўнглида ҳали кўрмаган мурғак гўдакка беқиёс меҳр уйғонди. Набираси чеҳрасини тасаввур қилишга уринди, аммо кўз ўнгида Умаршайхнинг болалик чеҳраси кўринди, холос…
ДАВОМИ БОР
1 izoh