Неъмат Аминовнинг раислари, “катта одам”лари шу қадар кўп эдики, баъзида уларни адаштириб ҳам юборардик. Бир қарасанг, у ёш ва керагидан ошиқ даражада ғайратли бўлади. Яна бир қарасанг, раис етмишларни қоралаган кекса одамга айланади. Мункиллаган чолга айланадию Бухоро радиосининг кимдир эски бойдан қолган кўрдеворли, чорбурчак мусулмони ғишт тўшалган ҳовлисида, намозшомгул ва гултожихўроз экилган бир парча ерда донлаб юрган чумчуқларга узоқ тикилиб қолади. Кейин секин овоз беради:
–Ўртоқ Аминў–ўф, бу тараф келинг…
Мурод Муҳаммад Дўст
«ЗАРБУЛМАСАЛ» ВА БОШҚА МАСАЛАЛАР
Бундан ўттиз йилча аввал журналистлар, ёзувчию шоирлар орасида Бухоро лаҳжасини аралаштириб сўзлаш бир муддат расм бўлдики, Мурод Хидиров — Ака Мурод, Носир Фозилов — Ака Носир… ва бошқа қатор кишилар ҳам шу каби… пеши уйқаш нисб билан аталишига ҳеч ким ажабланмас эди.
Салом-аликдан кейин албатта “ёмон йўқми?” деб аҳвол сўрайсиз. Бу – “аҳволинг яхшими?” деган саволнинг бухороча кўриниши. Бинобарин, “анъана”дан бехабар одам жўнгина “аҳволинг қалай?” деб сўраса, унга албатта “ёмон йўқ”, деб жавоб беришингиз шарт.
Айниқса, чўнтагидан пули тушиб қолган одамга “пулингиз йиқилди”, деб айтиш завқли эди.
Ҳовлига келган меҳмонга: “Итимиз қопмайди, ҳуради, холос”, дейиш ўрнига, “Кучукимиз чақмайди, фақат вав-вав қилади”, деб тасалли бериш гаштини таърифлашга эса ҳар қандай бурро тил ҳам ожизлик қилади.
Адашмасам, ўша замонда киностудияда ишлардим. Аниқроғи, тузукроқ ишламасдан маош олардим. “Ижодий устахона” деган ғаройиб бир бўлим очиб, бир йилда битта фильмга матн ёзиш шарти билан уч–тўрт ёзувчини ишга қабул қилишган эди. Устамиз Одилшо Агишев Масковда яшарди. Ойда бир марта келиб, биз ўрис лисонида “твоя-моя” қилиб ёзган уч–тўрт варақ нарсани ўқийди, маслаҳат беради, сўнг яна Масковга учиб кетади. Хуллас, бу дориломондаги ҳаёт шу қадар фароғатли, шунинг баробарида шу қадар бетус ва зерикарли эдики, кўп вақтим газет–журналлардаги акалар ва дўстларни зиёрат қилиш билан ўтарди.
Мурод Хидировнинг “Гулистон” журналидаги хонасида гап сотиб ўтирган эдим. Телефон жиринглади. Мурод ака трубкани олди, кимнидир юзи тиришиб тўрт-беш сония тинглаб турди, сўнг “телефондан бохабар бўп туринг, шоир, мени энағар Сталин чақиряпти” деб чиқиб кетди. Англадимки, уни бош муҳаррир муовини Ваҳоб Рўзиматов ҳузурига чорлади, энди инжиқ чол кап-катта одамни ҳовонга тиқадию эринмасдан туяди: сувга сийманг–да, окаси, биламан, сизларга гапим ёқмайди, лекин на қилай, окаси, айтиш – манинг бурчим, хоҳлайсизми–йўқми, ман бир адабиёт дарвозасига бойланган итман… ва ҳоказо ва ҳоказо.
Телефон яна жиринглади. Бу гал қаттиқ жиринглади. Кимдир узоқдан сўраётгани аниқ эди. Трубкани кўтардим.
–Ассалому алайкум, акажон! – деди симнинг нариги учидаги одам.
–Ваалайкум ассалом, – дедим мен. – Ёмон йўқми?
–Э! Топдингиз, акажон! – дея хитоб қилди. – Топдингиз, ман Бухородан! Ман – ўрт-тоқ Бақоев!
Бақоев кимлигини билмасдим, лекин сир бой бермадим.
–Узр, Бақоев ака, – дедим – Ака Мурод Ака Ваҳобнинг кабинкасига чиғди.
Бор–йўғи шу. Бир дақиқалик суҳбат. Ўртоқ Бақоев билан бошқа гаплашганимиз ҳам, кўришганимиз ҳам йўқ. Табиийки, ўртоқ Бақоев Неъмат Аминов асарларида турли номлар билан элга достон бўлишини тасаввур ҳам этолганим йўқ.
Билмаган одам бухороча такаллумларимизни эшитиб, бизни жинни деб ўйларди. Бизни жинни қилган “нобакор”нинг оти ҳам аён эди – Неъмат Аминов. Ака Неъмат. Асли бухоролик, Ромитан музофотининг Питмон қишлоғидан. Отасининг касби – темирчи. Ўзи – бугун элга машҳур ва матлуб ёзувчи.
–Неъмат ака, Бақоев деганлари ким? – деб сўрадим бир гал.
Неъмат ака, бўлиқ вужудини майда титратиб, маза қилиб кулди, сўнг, арслон ёлидай ҳурпайган қалин сочларини икки панжасини кенг ёзиб ортга таради, курсига жойлашиброқ ўтирди.
–Бақоев – раис, укажон, – деди у ниҳоят.
–Мансаби раисми? – деб сўрадим мен.
–Энди, раис–да, укажон…
Неъмат аканинг тўғри саволга шу тарзда дудмалроқ жавоб берадиган одати бор эди. Бир гал Эркин Аъзам “Ёлғончи фаришталар” романидаги Шамси Тўраев кимлигини сўраганида ҳам шундай жавоб берган эди:
–Шамси Тўраевич – катта одам, укажон.
–Катта бўлса, мансаби нима? Облисполкомми, обкомми, ким?
–Энди, катта одам–да, укажон…
Неъмат Аминовнинг раислари, “катта одам”лари шу қадар кўп эдики, баъзида уларни адаштириб ҳам юборардик. Бир қарасанг, у ёш ва керагидан ошиқ даражада ғайратли бўлади. Яна бир қарасанг, раис етмишларни қоралаган кекса одамга айланади. Мункиллаган чолга айланадию Бухоро радиосининг кимдир эски бойдан қолган кўрдеворли, чорбурчак мусулмони ғишт тўшалган ҳовлисида, намозшомгул ва гултожихўроз экилган бир парча ерда донлаб юрган чумчуқларга узоқ тикилиб қолади. Кейин секин овоз беради:
–Ўртоқ Аминў–ўф, бу тараф келинг…
Ўртоқ Аминўф, яъники Бухоро радиоси бош муҳаррири Неъмат Аминов раисга яқинроқ боради:
–Чақирдингизми, домлажон?
–Қаранг, ўртоқ Аминўф, – дея уҳ тортади раис. – Прастой чумчуқ… чиқаду – тушаду, чиқаду – тушаду… бир минутга қирк марта чиқаду–тушаду… бизга бир ойга бир марта йўқ…
–Тузоқ қўйсак–чи, домлажон? – деб сўрайди Неъмат Аминов ичидан тошиб чиқаётган кулгини зўрға босиб. – Чумчуқ гўшти даво дейишади…
–Фойда не, – дейди раис файласуфона сўлиш олиб, – одамизод шу аст, ўртоқ Аминўф, аввал у ёқи ўладу, баъдаз бу ёқи ўладу… баъдаз ўзи ўладу…
Неъмат ака кекса раиснинг қартайган овозини ҳам, лаҳжасини ҳам роса ўхшатиб кўрсатарди. Биз Бухорои шарифда шундай одам борлигига ишонардик, лекин, бари бир, бу одамнинг вилоят радиосига раислик қилгани эриш бўлиб туюларди.
–Лекин ёмон раис эмасди, укажон, – деб куларди Неъмат ака.
–Тилни билармиди ўзи?
–Энди, раис тилни билиши шарт эмас-да, укажон, кейин бу радио бўлса, мухбирлар ёзганини эшитса бўлди–да…
–Эшитармиди, ишқилиб?..
–Йўқ, укажон, эшитмасди… Бизга ишонарди. Биз ишлардик, у киши раислик қиларди.
Неъмат аканинг бошқа ҳикоясида раис бирдан ёшариб қоларди.
Недир байрам куни. Раис ўзининг хонасида зерикиб ўтирибди. Ижодкор ходимлар уй-уйида, ишхонада турли хабарлар ва консертлар ёзиб қўйилган тайёр тасмаларни айлантириб турадиган техник ходимлар қолган, холос.
Тушга яқин обкомдан “ваҳий” келадики, палон колхоздаги Эшматов бошлиқ бригада вилоятда биринчи бўлиб пахта планини бажарибди, Эшматов дегани ҳам бригадир, ҳам механизатор, унга мухбир юборинг, зудлик билан ёзиб келиб, аҳли Бухорони янги меҳнат зафаридан огоҳ этсин.
Раис оғир аҳволда тушиб қолади. Ўзи эплаб ёзолмайди. Бирорта журналистни уйидан чақириб олай деса вақт кетади. Обком топшириғи – кўп қалтис масала, вақтида бажармасанг мансабдан учиб кетасан. Ноиложликдан унинг ўзи, мухбирхонада қалашиб ётган “Репортёр” русумли магнитофонлардан бирини Васянинг елкасига илиб, илғор бригадир яшайдиган колхозга зудлик билан жўнайди. Бориб кўрсаки, иш жуда қизғин – асфальт ётқизилган кенг майдонда уч-тўрт киши, қўлларида паншаха, нам пахтани у ёну бу ёнга ағдариб қуритяпти, пахта терадиган икки-уч мошина ҳам шийпон ёнида далага чиқишга шай бўлиб турибди.
–Ўрт-тоқ биргадир! Ўрт-тоқ Тошматов! – дея овоз беради раис.
Мошиналар атрофида куймаланиб юрган одамлардан бири келади, салом беради. Раис гапни чўзиб ўтирмасдан, унинг бурнига микрофон тутади. Сўнг Васяга имо қилади. Вася магнитофон мурватини бурайди.
–Сиз, ўрт-тоқ Тошматов, бу хўжалик йилига нечча тонна пахта тердинг? – деб сўрайди раис. Жумлани “сиз”дан бошлаб, “сен”да тугатганини сезмайди ҳам.
–Ман – Эшматов… – дейди бригадир ўнғайсизланиб.
–Хай, майли, ўрт-тоқ Эшматов… сиз бу хўжалик йилига неча тонна пахта тердинг?
–Сиз – мухбирме? – деб сўрайди бригадир.
–Мухбир, мухбир… – дейди раис бетоқат бўлиб, сўнг, тағин бу кўргиликларни бошқаларга сотиб юрмасин, деган ўй билан шопирига ўқрайиб қарайди. Куйган калладай тиржайиб турган Вася дарров лаб-лунжини йиғиштириб олади. – Хўш, ўрт-тоқ Тошматов, сиз бу хўжалик йилига…
–Ман – Эшматов… Исмим – Хайрулло, – деб эслатади бригадир.
–Эшматов, Эшматов… Сиз бу хўжалик йилида нечча тонна пахта териб бердинг?
–Ман, Эшматов Хайрулло, бу хўжалик йилида эллик тонна пахта териб бердим…
Шу замон паншахада пахта совуриб юрган одамлар тарафдан овоз келади:
–Тердинг-а, тердинг… зормандани тердинг!..
–Раисс!.. – дея зорланади Вася. – Они же ругаются…
Лекин раис унинг гапига парво қилмайди, мухбирлик шавқи баттар жўшиб, яна бригадирни сўроққа тутади:
–Ўрт-тоқ Тошматов… то ес Эшматов… Сиз бу хўжалик йилига яна нечча тонна пахта териб берасан?
–Ман, Эшматов Хайрулло, бу хўжалик йилида яна эллик тонна териб бераман…
–Пахта… пахта териб бераман, дейиш керак, ўрт-тоқ Тошматов… – деб тузатади раис. – Кейин… шартмас яна эллик тонна дейиш, қирқ ёки олтмиш тонна деса ҳам бўлаберади…
Бу гал бригадир нисбини ҳимоя қилиб ўтирмайди, ўргатилган сўзларни бурро-бурро этиб такрорлайди:
–Ман, Эшматов Хайрулло, бу хўжалик йилида яна қирқ ёки олтмиш тонна пахта териб бераман десам ҳам бўлаберади.
Хирмон тарафдан яна овоз келади:
–…зормандани терасан!..
Овоз ёзиб олаётган Вася бу гал чидаб туролмайди, додлаб юборади:
–Так нельзя писать, раисс! Зорманда… это же “х…”?!
–Ёзавер, Вася, – дейди раис пинак бузмасдан. – “Х…” потом отрежем.
Озгина қўшиб-чатганимдан ташқари, Неъмат ака бу манзарани турли қиёфаларга кириб, турли овозларни ўхшатиб, росмана театр қилиб кўрсатарди. Бизнинг, раисингиз сал думбул-довдирроқ экан, деган мулоҳазамизга қўшилгандай бўларди-ю, лекин дарров қаҳрамонини оқлашга ўтарди:
–Радиомонтаж нималигини тушунганига балли, демайсизми, укажон? Вася хумпар тушунмайди, лекин у тушунади… Ишхонага қайтиб, тасмада нечта “х…” бўлса ҳаммасини кесиб ташлади, кейин репортаж эфирга кетди.
–Раиснинг ўзи кесдими?
–Ҳа майли, оператор йигитлар кесган бўлақолсин, – дея “таслим” бўларди Неъмат ака. – Лекин раиснинг ўзи ишни назорат қилиб туради, хотин-халажни тасмадаги “х…”ларга яқин келтирмайди. Мусулмончилик бўлса шунча бўлади-да, укажон.
–Бўлган воқеами шу, ё ўзингиз тўқиганмисиз?
–Бўлган, бўлган… Тўқилган жойи ҳам бор, лекин жуда оз, укажон.
–Раис ким? Бақоевми?
–Энди, у киши раис-да, укажон… Лекин Бақоев эмас, – дея куларди Неъмат ака.
Кулардию гапни бутунлай бошқа соҳилларга буриб юборарди. Шундай лаҳзаларда у ўзи ёзган бир ҳикояда ҳамма сирни тўкиб соладиган, лекин лаҳза сайин “ман хабаркаш эмас” деб эслатиб турадиган болани эслатарди.
Неъмат Аминовнинг нақлига кўра, раис фақат “х…”ни кесиш билан чекланмаган, бир муддат ҳикоя ёзишга ҳам уриниб кўрган. Шўролар давридаги раислар камтарроқ турмуш кечиришга мажбур эди. Шу сабаб, раисга Неъмат Аминовга ўхшаш ёзувчи ёки журналистларнинг ҳикоя ёки мақола ёзиб, ёзганларини радиода бериб топган озгина чойчақаси тинчлик бермаган, деб айтиш нотўғри бўларди. Раиснинг ёзувчилик шуҳратига қизиққани ҳақиқатга яқинроқ туюлади.
Хуллас, жазирама ёз кунларидан бирида раис, қўлида даста қоғоз, бош муҳаррир Неъмат Аминовнинг хонасига кириб келади.
–Э-э… биз ҳам бир ҳикоя ёзибидик, ўрт-тоқ Аминов, шуни… ҳалиги… сенировка қилсак…
Неъмат Аминов гап нимада эканини дарров тушунади – раиси тушмагур ҳикоя ёзган, энди шуни радиопьеса қилиб узатмоқчи.
–Кўп яхши иш бўпти-да, акажон. Лекин жадал инсценировка қилолмаймиз, вилоят театри татилга чиққан, артистлар тўй-пўй билан овора…
–Артис чи ҳожат, ўрт-тоқ Аминов, сизу биз… – раис бўш келмайди, унинг турли овозларда гапириш уқувига очиқча шама қилади: – Сизу биз… ўзибиз сенировка қилабиз.
Неъмат Аминов ночор қолади. Ҳикояни олиб ўқийди. “Биринчи кашшоф” деган номиданоқ мазмуни аён бўлади.
–Кашшоф билан пионер – иккови бир гўр, укажон, аслияти – “биринчи”, – дея ҳикоя қиларди Неъмат ака. – “Биринчи кашшоф” деб ёзиб келган раисга буни тушунтириб бўлмаса… Раис акамиз кашшоф деганда бўйнига қизил латта бойлаган гапдон болани кўради, холос. У ёғига ўтолмайди, ақли етмайди ёки эринади… “Бизни овозибиз майинроқ, биз кашшоф бўлсак, – деб таклиф қилди раис. – Сиз… ўрт-тоқ Аминов… сиз ревком билан қўрбоши бўласиз…” Хуллас, “ҳикоя”нинг у-бу жойини радиога мослаб ўзгартиб, кейин овоз ёзадиган студияга кирдик. Мен аввал ревком раиси (инқилобий қўмита раиси – ММД) бўлиб, ўзимизнинг раисни, яъни кашшофни махфий топшириқ билан узоқдаги қизил аскарлар қароргоҳига жўнатдим. Бошқа чопар қуриб қолгандай, нега бир маҳмадона болани жўнатганимга ўзим ҳам тушунмайман. Кейин, укажон, овозимни сал ўзгартиб, қўрбошига айландиму чангалзор-тўқайнинг ўртасида кашшофни тутиб олдим. Қарасам, кашшоф, яъни раисимиз, осонликча жон берадиган эмас. Қўрбошига дағалроқ овоз танлаб эдим, “қийноқ” саҳнасида роса қўл келди. “Айтасан, ҳароми, – деб туриб олдим, – нима топшириқ билан кетаётганингни айтмасанг ўласан, муртад!” Раиснинг овози ростдан ҳам майинроқ эди, кашшоф бечора унинг ижросида баттар чийиллаб гапиради: “Айтмайман! Ман – кашшоф, ман кашшоф сифатида Шўролар учун, отамиз Ленин ғоялари учун жонимни ҳам фидо қилишга тайёрман!!.” Энди, укажон, раис келтирган қоғозда “ҳароми”, “муртад” деган сўзлар йўқ эди. Кашшоф ҳадеб қайсарлик қилавергани учун ўзимдан қўшиб юбордим. Ёмон чиқмади лекин. Раис нуқул чийиллайди, мен нуқул ҳайқираман. Рости, раис билан шунча йил бирга ишлаб юриб, жонимга тегиб кетган қилиқларини эсладиму тўйгунимча сўкиб олдим. У бечора бундан бехабар, шўроларга жон бағишлаб чийиллайди, мен эса, овозимни борича қўйиб: “Оғзингни юм, итвачча!!.” деб ўшқираман…
–Кейин-чи? – деб сўраймиз жўровоз билан.
–Кейин мени ўртоқ Музаффаров ҳузурига чақирдилар, – деб кулади Неъмат ака.
Неъмат ака биргина ўртоқ Музаффаровнинг отини аниқ атарди-ю, лекин ул зотнинг мартабасини сир тутарди. Кейинроқ ўзимиз суриштириб билдик: ўртоқ Музаффаров компартиянинг Бухоро вилоят қўмитасида котиб бўлиб ишлаган экан.
“Биринчи кашшоф” ҳавога учгандан учиб, Бухорои шарифнинг радиокарнайи бор жамики хонадонларига кириб боради. Зиёлироқ одам бўлса, эшитгани анчайин оғзаки саҳна, оғзаки ҳикоя эканини тушуниб етади. Зиёдан бебаҳра қолганлар ёки ҳикояни чала-чулпа эшитганлар эса ҳамма гапни ростга йўяди. Қарабсизки, бутун шаҳар бўйлаб овоза тарқалади: Аминов билан раиси радиёлда даҳанаки жанг қилибди, Аминов раисини радиёлда “итдан тарқаган” деб ҳақорат қилибди…
Миш-мишлар соат сайин маҳобатли тус олиб, Неъмат Аминовнинг ўзи ҳам “воқеа” ривожидан андак ташвишга тушиб қолган пайтда ўртоқ Музаффаров телефон қилади.
–Бир келиб кетинг, ўртоқ Аминўф…
Бошқа гапирмайди. Телефонни жойига қўяди. Умуман, Неъмат аканинг нақлларида ўртоқ Музаффаров жуда кам гапиради. Кўпроқ мажлислар ҳайъатида, мум тишлагандай жим ўтиради. Сукут сақлагани сайин салобати ҳам ошиб бораверади…
Неъмат ака, хаёлида минг бир ваҳима, недир ҳайфсан ёки бошқа қаттиқроқ жазо кутиб, юксак даргоҳ зиналаридан бўшашиб чиқиб боради, нечанчидир қатга кўтарилади, ўртоқ Музаффаровнинг қабулхонасига киради, котибанинг рухсатини олиб, юрак ютганча эшикни қия очади.
Хона тўрида ўтирган ўртоқ Музаффаров уни кўриб, пастга ияк ташлайди –киришга изн беради. Неъмат ака ичкари киради. Эшикни зичлаб ёпган заҳоти ўртоқ Музаффаровнинг қувноқ хитобини эшитади:
–Бу, дейман, кеча… баччағар раиснинг онасини… бопладингиз–ку, ўртоқ Аминўф!!.
Маълум бўладики, ўртоқ Музаффаров ўртоқ раисни кўп хушламас, шу боис, бўлиб ётган ҳангомадан шахсан мамнун эканини изҳор этиш учун ҳузурига расман чорлаган экан.
Давомини мана бу саҳифада ўқинг
Manba: BBC O’zbek xizmati