Шеъриятда «ақл ва тоқат қушлари»ни (Навоий) ҳуркитадиган шовқин-суронлар самимият кушандаларидир. Шеър машаққатига бўйни ёр бермаган, «бало истамоқда машаққат бор»лигини (Бобо Саммосий) ҳис этгиси келмаётганлар Сўз ва Туйғуга санъаткорона муносабат бўлиши мумкин эмас деган фикрга канадай ёпишиб олганлиги ачинарли ва хавфлидир. Ваҳоланки, юрак ва ақл бир-бири билан келишмагандаги ақл ва юрак баҳсида фикр ва туйғулар мувозанатининг бузилмаслиги – шоирдан, фақат, тутқаноқ ҳолатини эмас, шеърга санъаткорона, сўзга заргарона муносабатни талаб қилади, яъни, шеър – ақл жунуни эмас, жунун ақлидир. Шоирнинг жиннидан фарқи ҳам, «ақл йўлидаги девоналик»(Ажзий) ҳам, эҳтимол, шудир (Одил Икром).
Одил ИКРОМ
ШЕЪРЛАР
***
Қўлим очилмайди, ўлгунимча то
Сендан яширганим – ўша бир нарса.
Менинг бандалигим бўлгунча бажо,
Билмайсан.
Билмайсан, бу хаёл Искандарнинг ҳам
Қўлидан келмаган орзуси, ўйи.
Қўлимдан келади, ахир, азизам,
Қўлим очилганда – сочларинг бўйи.
Йўлим очилмайди, ўлгунимча то
Йўлимга сиғмаган битта қилдайсан.
Фолбинлар – ёлғончи, таъбирлар – хато,
Билмайсан.
Билмайсан, бир куни тумонат одам
Ортимдан эргашар шошиб-шошмасдан.
Йўлни мен бошлайман, ахир, азизам,
Йўлни мен бошлайман қадам босмасдан.
Кўзим очилмайди, бошқа одам у, –
Кўзин катта-катта очиб жилмайган.
Мен сендан бир дунё яширдим мангу,
Билмайсан.
Билмайсан, сен – дунё кўрмаган одам,
У – ғамгин юракнинг ёстиқдошлари.
Кўзимда яшайди, ахир, азизам,
Кўзимда – кўзингнинг ёшлари…
ЯРИМ ТУН
Тун бўйи сиқтаган соғинчларим оч,
Кўкрагимга ботган кимнинг излари?
Нечун бунча совуқ лаънати қувонч,
Нечун, бунча гўзал ғамнинг кўзлари?
Бир тоза юракда келар яшагим,
Қанча юракларга келтирдим малол.
Нечун, ўзим билан ўзим яшадим,
Нечун, ўзимдан ҳам ўлигим ҳалол?
Юрагим талпинар, соғинч роҳида
Кўкрагимни босиб ўтди кунларим.
Юраклар қонидан, юрак қонидан
Нечун, кўнгил тўлар,
Нечун, тун — ярим?..
* * *
Мен келдим ўзимни ўлдирган жойга,
Ой – гувоҳ, мен бунда топганман тўзим.
Раҳмат, дейман мени таниган ойга,
Бироқ, танимайман ўзимни ўзим.
Хаёл етаклайди қарғаб ва алдаб,
Хаёлга ит каби эргашаман жим.
Мен келдим ўзимни ит каби ҳайдаб,
Бироқ, ҳайдаламан ўзимдан ўзим.
Кетарман, қўлимдан тутмайди хаёл,
Кетарман, йўлларни кўрмайди кўзим.
Менга хотиралар келмоқда малол,
Мен қайтиб келмасман ўзимга ўзим.
Қолса осмон қолар, қолса ер қолар,
Сенинг нигоҳингда қолмасман бошқа.
Қолса никоҳингда битта эр қолар,
Ой қолар – мен олиб кетмаган бошдай.
***
Тоқат қил…
Оғир бўл, дардни эмиздинг,
Озурда хаёлдай кетмагин тўзиб.
Ризқимиздай синган бардошимизнинг
Ерда изи қолар, осмонда ўзи.
Ёлғизоёқ йўлдир савобнинг йўли,
Ўзингдан кетмагил, ўзгалардан қоч.
Қўявер, бир куни сенга жўр бўлиб,
Сайраса сайрабди ўша қалдирғоч…
Кунларни санайсан ақлдан озиб,
Тундошингга дўнар ёлғиз ирода.
Ахир, тариқатдан, тоқатдан ошиб,
Тош бўлиб тўкилдим ўшал Минога.
Қобиғидан чиқиб кетади чўнг дил.
Мунаққаш чўққилар бермаганда панд.
Кўзларинг ёшига чўкмаган кўнгил, –
Отанг ётган уйнинг томидай баланд.
Барча фарёдингни ютасан ичга,
Бунча ардоқладинг ҳижронни, ғамни.
Гургзода дунёда бўрилар ичра
Шу пайтгача тирик юрганинг камми?!..
Топилар ўртанган армонларга ном,
Бир умр гумонда қолмассан мангу.
Бағримда офатлар олмоқда ором,
Кўриб қўй, мен тоқат қилаяпман-ку.
***
Нигоҳларим қайрилган тиғдай
Қароғингга тўқинди беэрк.
Қайтиб кетдим кўзингга сиғмай,
Остонадан ҳайдалган итдек.
Мен қўрқмайман энди ўлимдан,
Тирикликдан қўрқаман, бироқ.
Хаёлларим тирик кўмилган
Таним – ойдан ўғирланган хок.
Қанотлари қайрилган армон
Юрагимга суйкалар беҳуш.
Баданимда типирчилар жон, –
Кучукка дуч келган каби қуш.
Жон – капалак, осмонингдан туш,
Жон, капалак, йиғлама, йитма.
Мен ўшаман – ўзинг билган қуш,
Ўзинг билган мен ўша итман.
… Оҳ, ёшларинг сочилар тим-тим,
Буёғини пешонангдан кўр.
Битта бошга – минг битта ўлим,
Битта бошга – биттагина гўр.
НИЯТ
Қўрқма, азоб берса агар ит талаб
Ёки хафа қилса дўстинг, душманинг.
Тўкилган ёшингни битта- битталаб
Териб олар, фақат, умид қушлари.
Қўрқма, ёмон кўрса сени ўзгалар,
Қандай яралгансан – яшайсан шундай.
Фақат, ўтинаман, очма сўзга лаб,
Сен менга жуда ҳам яқинсан тундай.
Қўрқма, кўнгилнинг тор йўлакларига
Хазондай сочилса иғволар тоши.
Улғаяр нафратнинг йўргакларида
Фақат, ишқ, фақат ишқ – юрак фарроши.
ХИЁНАТ
Судралар тинкангни толиқтириб тун…
Лаънат муҳри янглиғ безраяди ой.
Офтоб кўлкасидай узанган узун
Кечаларни қаро зулфи – сумансой.
Ўт кетди хаёлнинг харобатига,
Бу дўзах ўтига энди не чора?
Нотавон вужуднинг касофатига
Кўнгил қолиб кетди, кўнгил — бечора.
Зор йиғлаб-сиқтаган руҳлар ортидан
Судралар тинкангни толиқтириб тун.
Гиёҳванд қутқулар гирдибодида
Гуноҳингни гизлар халоскор очун.
Томирингни тирнар ўрмалаган хун,
Ўлакса самода ой кезар хунхор.
Судралар тинкангни толиқтириб тун, –
Думига сочларинг бойланган тулпор.
ОРЗУ
Кўнглинг ҳамон Одамда, ўзинг
ҳалигача Ҳаводадирсан.
Ахир, ҳали ҳеч кимга кўзи
очилмаган дарбозадирсан.
Кўнглинг ҳамон бузилар, ўзинг
ўзинг каби топ-тозадирсан.
Ахир, етти иқлимга сўзи
сочилмаган овозадирсан.
Кўнглинг ҳамон ердадир, маъюс,
ҳамон ўзинг самодадирсан.
Ахир, бошим устида ҳануз
ўқилмаган жанозадирсан.
МУСОФИР
Гапларимиз бўлмайди адо,
Ҳар гал олсанг ҳолимдан хабар.
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.
Инсон қадр-қиммати бир пул,
Ишонмасанг бир пулдир бари.
Сен кетасан, дунёдан буткул
Аразлаган одам сингари.
Юрагимни нотайин бир ҳис
Ғижимлайди ҳар кун, ҳар кеча.
Сен кетасан кўнгилдан олис,
Кузатаман остонагача.
Ёмғир баланд томлардан ўтар,
Тепкиланган ерлар бўлар лой.
Ўчар, қаттиқ шамолда ўчар,
Тошфанордай милтиллаган ой.
Оч йиртқичдай исковуч шамол
Ахтаради ўлжа ҳидини.
Яхши одам кўчага алҳол,
Қўйвормасди, ҳатто, итини.
Мен қизийман, фақат уятдан,
Дош бермади ғамга суягим.
Совуқ ўтар суяк-суякдан,
Совимоқда сендан юрагим.
Шамол ҳамон бузуқ най чалиб
Чийиллайди, тинмади ёмғир.
Ўз уйингга етолдингми деб
Ўй сураман оғирдан-оғир.
Хавотирим бўлмайди адо,
Ололмасман ҳолингдан хабар:
Кулгуларинг тугагунча то,
Кўз ёшларинг тингунга қадар.
САФАР ОЙИ
Тўнғиган таппаклар ёнар осуда,
Қумғон қайнаб-қайнаб бўлади ярим.
Тандирнинг олдида, ўчоқ бошида
Тутатқига дўнди менинг шеърларим.
Қайғулар ёлғондир, қувончлар ёлғон, –
Одам тушунмаса одамнинг тилин.
Ахир, йиғлаганни кулдириш осон,
Ахир, кулганларни йиғлатиш қийин.
Кулмасман, мен йиғлаб билмасман зеро,
Нозик наволар ҳам сиғмайди дилга.
Наҳотки, юракка сиғмаган дунё,
Чўкиб кетса саёз, кўлмак ақлга.
Қумғон қайнаб-қайнаб дардини ютар,
Бироқ, тугамайди андуҳ сойлари.
Билмасман, олдинда мени не кутар,
Ортимда кўринар сафар ойлари…
***
Қанақа замон бу?.. Ёлғондир бари,
Руҳлар нотинч бўлса, гўр қалтирайди.
Юрак алғов-далғов, дунё тескари,
Ожизнинг қошида зўр қалтирайди.
Қанақа замон бу? Кўнгиллар тўлмас,
Кўнгилга йўналган йўл қалтирайди.
Водариғ, садақа тилаган қўлмас,
Садақа узатган қўл қалтирайди.
ХАЁЛ
Гапирма, туз сепма эски ярамга,
Эслатма, қўй энди ўшаларингни.
Захлаган хаёллар олар аланга,
Эсласам зардуштий бўсаларингни.
Қақшаган юракдай ёнар осуда,
Кўнгилнинг қўл етмас тор гўшалари.
Кўзингда порлаган қўнғир ёғдудан
Ёришар ёдимнинг жинкўчалари…
Ўзингдан кетасан… Йиғлагинг келар,
Ўзингдан кетасан ўзиб, ўзгариб.
Ҳувиллаган хона дилингни эзар,
Кўнгилни бўшатсанг тўлар, кўзларинг.
Васлни тушунмас норасида ишқ,
Айрилиқ нелигин билмайди фироқ.
Мадорлар қурийди, тўкилгай сиришк,
Лабларим қонади, қонмади, бироқ.
Дилимда садоқат шамлари сўнди,
Ўт кетди эҳтирос қафасларига.
Ўчмаган оловдай кетарман шўнғиб
Қўнғир сочларингга, нафасларингга…
Жонингга ҳар икки олам даъвогар,
Жонингга тегмасин аҳли бетамиз.
Ўшал ғайбдан келган беайб маъвога,
Агар насиб бўлса, бир кун етамиз.
ЮРАК ЎFИРИ
Эски тегирмондай дукиллар юрак,
Ваҳмдан оқарди янчилган умр.
Бешафқат меҳрдай кечиккан кузак
Шафиқ хаёлингдан сўрайди узр.
Тор дилга сиғмагай гуноҳи азим,
Дилингда дунёлар айлар жангу жўш.
Умидлар хайлидан айро сийратинг
Боласиз ҳовлининг ялоғидай бўш.
Кун ботар сўзининг устидан чиқиб,
Кир босган ёқадай кўринар шафақ.
Fазабини сочиб, қурбини йиғиб
Йўлтўша сўрайди жонингдан рамақ.
Қоронғи осмонда ой кетар синиб,
Сен қараб турибсан кўзингни узмай.
Гуноҳимни ювган ёшларинг илиқ,
Манглайимни эса тер босар муздай.
Ёлғон уясида урчийди фасод,
Сичқоннинг инида жон сақлар кадар.
Масхара туюлар ҳар қандай нажот,
Бўғизда булғанар зардобу заҳар.
Ютоққан ваҳмнинг харобатида
Ҳирсини қондирар Меҳр, Адоват.
Қолмасанг қайғунинг касофатига,
Кулгунинг зўридан сингай таҳорат.
Сочларинг рангидай тунлар – мунофиқ,
Қайғунинг кўзидай ҳислар – мустаманд.
Ишқнинг манглайига битилган ёзиқ,
Ишқнинг мозорида ўқилар баланд.
Музлаган кўнгилни овутар томуғ,
Кўнгилни дунёдан совутар оғуш.
Тунлар – сен дуч келган хатардай ёвуқ,
Кунлар – сен кутмаган хабардай нохуш.
Ахир, адо қилдинг кунларни санаб,
Қирқ йиллик қувончинг кетмайди тўзиб.
Кифтингдан тушмайди сарғайган ғазаб,
Кўнгилни кўтариб терлади кўзинг.
Кўргулик ўшадир, саҳфалар бўлак,
Қисмат китобининг бетлари юмуқ.
Ҳозирча, ярадор юрагинг – гўдак,
Ҳозирча, беғубор кўз ёшинг – улуғ.
***
Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Юрагинг – ҳали мард кўрмаган майдон.
Осмонга боқамиз хавотирланиб,
Биз бош қўйган ёстиқ янглиғ ой сарсон.
Дарёлар қошидан қайтамиз сувсаб,
Булутлар ортига қўрқиб қарайди.
Ақлим қочди, кўнгил ортидан қувсам,
Ақл ошиб кетса, меҳр камайди.
Биз учдик осмонннг ёлғонларига,
Жаҳолат аршидан тушмадик, бироқ.
Осилдик айрилиқ арқонларига,
Ерда эса, фақат, иблислар – иноқ.
Пайтавалар тожга дўнди самода,
Ерда торож бўлди тоза ҳаволар.
Орамизга тушиб қолди балога,
Киприк қоқмай қараб турган балолар.
Алдайди қисматнинг асотирлари,
Тўзонга дош бермай қайтар тавбалар.
Кўр кўнгил қўймайди кўз очиргани,
Ёмғир савалайди, тинмай савалар.
***
Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Юраклар – таланган маъводай юпун.
Орамиздан ўтар ҳар дуойи бад,
Орамиздан ўтар Худо урган тун.
Баъзида, юракни кўмар нолага,
Юраклар оралаб ўтган ер изи.
Баъзида, осмон ҳам тушар орага:
Зарҳал ҳарф битилган чўчқа териси.
Орадан ой ўтар – ойсиз тунларим,
Орадан йил ўтар – чўзилган қасос.
Сенсиз ўтаётган менинг кунларим
Менинг гуноҳимдан ўтмайди, холос.
Орадан бешафқат ўтиб кетар вақт,
Биз бевақт қартайган норасидамиз.
Бизнинг орамизда нима қолди, айт,
Жавоб бер, кимларнинг орасидамиз?..
***
Кўзингда бир калом тентирар унсиз,
Кўзингда бир қайғу жилмаяр маъсум.
Ахир, мен – кафанга ўралган бир ҳис,
Кўзларинг оқига чулғанган мардум.
Ахир, мен – заминда яшаган осмон,
Ахир, мен – осмонга етмаган овоз.
Ахир, бу дунёнинг ростлиги – ёлғон,
Ахир, бу дунёнинг ёлғонлиги – рост.
Ахир, бу дунёда мен бошқа дунё,
Меники эмас бу ўткинчи кадар.
Ахир, мен қирқ йилда бўлай деб бунёд,
Кечдим тўққиз ойлик дунёдан бадар.
Жисмимни киннадай ёриб кирган жон
Чақирганим билан чиқмас бир муддат.
Ёлворганим билан ёришмайди тонг,
Ҳайдаганим билан кетмайди зулмат.
Айтсанг-да – айтмасанг кетарман тўзиб,
Гумроҳман – йўлимга тикаверма кўз.
Ахир, мен – дунёга ўтмаган сўзинг,
Ахир, мен – дунёдан ўтаётган сўз…
Манба: www.ijodkor.com
Одил Икром ҳақида
1960 йил, 26 январда Тожикистоннинг Исфара туманидаги Кўлкент қишлоғида туғилган. 1967 – 1977 йилларда Исфара тумани, Кўлкент қишлоғидаги №35-ўрта мактабда ўқиган. 1977 – 1981 йилларда Ленинобод Давлат педагогика институти (ҳозирги ХДУ)нинг тарих-филология факултети, ўзбек тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган. 1981 – 1983 йилларда {исор туманининг Шаҳринав шаҳарчасига қарашли Катта Бўйни Қинғир участкасидаги 8-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берган. 1983 – 1985 йилларда «Совет Тожикистони» (ҳозирги «Халқ овози») жумҳурият рўзномасининг маориф ва маданият, партия турмуши, адабиёт ва санъат бўлимларининг махсус мухбири, 1986 – 1990 йилларда Ўзбекистон радиоси адабий-драматик эшиттиришлар Бош муҳарририятининг муҳаррири, 1990 – 1996 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси қошидаги Таржима ва адабий алоқалар марказида бўлим мудири вазифаларида ишлаган.
«Уфқ дарахти» (Fафур Fулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1991 йил), «Таҳажжуд» («Хуросон» нашриёти, Хужанд, 2007 йил), «Узлат» (Раҳим Жалил номидаги Давлат нашриёти, Хужанд, 2012 йил), «Таҳаммул» (Раҳим Жалил номидаги Давлат нашриёти, 2012 йил) номли шеърий китоблари нашр этилган.
Эрон шоираси Фуруғ Фаррухзоддан қилган таржималари «Аср овози» (Fафур Fулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1988 йил) номли тўпламда, шунингдек, Заҳирий Самарқандийнинг «Макрулнисо» номли насрий асари «Хотинлар макри» (Fафур Fулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, Тошкент, 1992 йил, Раҳим Жалил номидаги Давлат нашриёти, Хужанд, 2012 йил) ҳамда Тожикистон халқ шоири Лойиқдан қилган таржималари (Сайфуллохон Қорихонов билан биргаликда) «Онагинам» (Раҳим Жалил номидаги Давлат нашриёти, Хужанд, 2012 йил) номи билан алоҳида китоб ҳолида нашр этилган. Бундан ташқари у Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асарини, Мирзо Абдулқодир Бедилнинг маснавийларини, Нақибхон Тўғралнинг ғазалларини, Муҳаммад Иқбол (Покистон) рубоийларини, Нодир Нодирпур (Эрон), Сайидали Маъмур, Фарзона, Озарахшнинг шеърий китобларини, Муҳаммад Субҳоннинг «Наҳанги мўйлабдор» насрий асарини ҳамда барча замонавий тожик шоирларининг ашъоридан намуналарни ўзбек тилига таржима қилган.
Унинг шеърлари тожик, инглиз, ҳинд тилларига ўгирилган ва чоп этилган.
ОДИЛ ИКРОМНИНГ «ТАХАММУЛ» КИТОБИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ