Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига
XVI-XX асрлар оралиғида Ғарб мамлакатларида шавкатли Соҳибқирон бобомиз Амир Темур сиймоси тасвирланган 60 тадан зиёд турли жанрдаги асарлар яратилган. Бу асарларнинг номланиши деярли бир хил, сюжет йўналиши ҳам ўзаро ўхшашдир . Ушбу асарлар орқали Ғарб томошабинига, бир томондан, турли қизиқ воқеаларга бой антиқа сюжетлар намойиш этилган бўлса, иккинчи томондан, география, сиёсат ва маданият соҳаларига оид янги ахборотларни тақдим этиш ҳисобига Ғарб кишисининг Шарққа нисбатан муносабати ва дунёқараши шакллантириб борилган.
George Frideric Händel (1685 † 1759) — Opera Tamerlano, HWV18
Dramma per musica in tre atti.
Libretto: Nicola Francesco Haym after Agostino Piovene
The first performance at the King’s Theatre, Haymarket London on 31 October 1724.
Personaggi:
Tamerlano, Emperor of the Tartars by Xavier Sabata, countertenor
Andronico, Greek prince by Max Emanuel Cencic, countertenor
Bajazet, Sultan of the Turks by John Mark Ainsley, tenor
Asteria, Bajazet’s daughter by Karina Gauvin, soprano
Irene, Princess of Trebizond, betrothed to Tamerlano by Ruxandra Donose, mezzo-soprano
Leone, friend of Andronico and Tamerlano by Pavel Kudinov, bass
ГЕОРГ ГЕНДЕЛНИНГ “АМИР ТЕМУР” ОПЕРАСИ
Акмал Саидов
XVI-XX асрлар оралиғида Ғарб мамлакатларида шавкатли Соҳибқирон бобомиз Амир Темур сиймоси тасвирланган 60 дан зиёд турли жанрдаги асарлар яратилган. Бу асарларнинг номланиши деярли бир хил, сюжет йўналиши ҳам ўзаро ўхшашдир (1) . Ушбу асарлар орқали Ғарб томошабинига, бир томондан, турли қизиқ воқеаларга бой антиқа сюжетлар намойиш этилган бўлса, иккинчи томондан, география, сиёсат ва маданият соҳаларига оид янги ахборотларни тақдим этиш ҳисобига ғарб кишисининг Шарққа нисбатан муносабати ва дунёқараши шакллантириб борилган.
Ғарб адиблари, драматург ва операнависларининг асарларида, айниқса, Амир Темур қиёфаси ўзига хос тарзда талқин қилинган. Айни чоғда, ғарблик қаламкашлар таянган манбаларда Соҳибқирон шахси турлича, яъни баъзан бир-бирига бутунлай қарама-қарши, баъзан эса ўта чалкаш ифода этилганини айтиб ўтиш керак. Бу, ўз навбатида, адабий-бадиий асарларда ҳам Амир Темур тимсолининг ҳар хил тасвирланишига сабаб бўлган. Бундай ранг-баранглик Соҳибқирон сиймосини ғарблик ижод ва санъат намояндалари турлича идрок этганидан далолат беради.
Шу ўринда Ўзбекистонда ҳали яхши таниш бўлмаган мусиқий саҳна асари – Георг Фридрих Генделнинг (2) (1685-1759) “Амир Темур”3 операсига алоҳида тўхталиш жоиз. Бу уч пардали опера Никола Франческо Хаймнинг4 итальян тилида басталанган либреттоси асосида яратилган. Г.Гендель ўз асарини 1724 йилнинг июль ойида, 20 кун ичида ёзиб тугатган. Опера биринчи маротаба Лондоннинг Қироллик театрида 1724 йил 31 октябрда намойиш этилган.
Опера яратилган ва намойиш этилган саналар Г.Гендель ҳаёти ва фаолиятининг ғоят муҳим даврига тўғри келишига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Чунки айни ўша даврда, яъни 1720-1728 йилларда Г.Гендель Англияда Қироллик мусиқа академиясининг директори лавозимида фаолият олиб борган. Бу лавозимга тайинланиши билан Г.Гендель Германияга йўл олган ва Ганновер, Галл, Дрезден, Дюссельдорфдан ўз труппасига санъаткорларни жалб этиш билан шуғулланган.
Шундан сўнг бастакор опера соҳасида жўшқин фаолият бошлаган. Жумладан, Қиролга бағишланган “Радамист” номли янги операсини 1720 йил 27 апрелда Хеймаркетда илк бор тақдим этган. Аммо, ўша йилнинг охирида Лондонга италиялик композитор Жованни Бонончинининг келиши ва “Астарта” операсини намойиш этиши Г.Генделнинг ижодий ютуқларига соя солган5 .
Г.Гендель ўз операларини итальянча услубда ёзгани боис Бонончини билан ораларида кескин рақобат юзага келган. Қиролга нисбатан мухолифатда бўлган ва Г.Генделга душманлик кайфияти билан ёндашган аксарият аслзодалар италиялик бастакорни қўллаб-қувватлаган. Г.Генделнинг кейинги опералари, “Юлий Цезарь”ни истисно этганда, муваффақиятсизликка учраган.
Вазиятни ўнглаш учун Г.Гендель ҳатто 1721 йил 5 майда тақдим этилган “Алессандро” номли операсига ўзаро рақиб бўлган итальян қўшиқчилари Фаустино Бордони ва Франческо Куццонини жалб этган. Бизнингча, худди шу кескин ижодий беллашув жараёнлари Г.Генделни зафар ва ғалабалар тимсоли – Амир Темур сиймосига мурожаат этишга туртки берган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
“Амир Темур” операсининг асл манбаси Агостине Пиовене (6) қаламига мансуб бўлиб, мазкур либретто матни Н.Ф.Хайм томонидан қайта ишлаб чиқилган. Опера мусиқаси эса Франческо Гаспаринига (7) тегишлидир. Маълумки, Ф.Гаспарини ижодининг етук палласида, 49 ёшида “Амир Темур” операсини яратган.
Антонио Вивальди8 1735 йили ўзининг “Амир Темур” мусиқасини яратишда итальян композитори А.Пиовене либреттосидан фойдаланган. А.Пиовене ҳам ўз асарини ёзишда Пьер Корнелнинг шогирди ва ҳамшаҳри, француз драматурги Жак (баъзан – Никола) Прадон (1644-1698) томонидан 1676 йилда ёзилган “Амир Темур ёхуд Боязиднинг ўлими”9 трагедиясидан илҳомланган.
Баъзи манбаларда Г.Гендель инглиз драматурги ва шоири Николас Роунинг “Амир Темур” операсидан ҳам руҳланган бўлиши мумкинлиги қайд этилган10 . Соҳибқиронга бағишланган саҳна асарлари орасида алоҳида ўрин тутадиган ушбу пьеса машҳурлиги ва аҳамияти нуқтаи назаридан В.Шекспирнинг мумтоз асарлари билан бемалол беллашган. Эътиборли жиҳати шундаки, пьесада Амир Темур образини талқин этишда қаҳрамонлик мавзуси билан бирга яна бир мавзу – бош қаҳрамон билан Астерия (Боязиднинг қизи) ўртасидаги муҳаббат кечинмалари юксак пардаларда тараннум этилган.
Бу мавзуни очиб беришда А.Пиовененинг “Амир Темур” либреттоси (1711) оммабоплиги билан ажралиб туради. Пиовене либреттоси асосига кейинчалик 15 нафар композитор ўз қўшимчаларини киритган ҳолда, жумладан, 1720 йилда – Фортунато Челлери, 1722 йилда – Леонардо Лео, 1728 йилда – Жовани Антонио Нини, 1730 йилда – Николо Порпора, 1735 йилда – Антонио Вивальди, 1754 йилда – Ж.Бернаскони, 1764 йилда – Ж.Сколари ва Петро Гуглиельми, 1773 йилда – Антонио Саккини, 1796 йилда – Фердинандо Пайер, 1818 йилда – Жовани Тадонини, 1824 йилда – Антонио Сапиенца ўзларининг саҳна асарларини намойиш этган.
А.Пиовене либреттосига биринчилардан бўлиб эътибор қаратган композиторлар – Марк Антонио Зиани (1689), Франческо Гаспарини (1717) ва Георг Фридрих Гендель (1724) ҳисобланади.
Г.Гендель ўз операси устида иш бошлаш олдидан Антонио Салвининг11 итальян тилида басталанган либреттоси асосида яратилган Алессандро Скарлаттининг “Буюк Амир Темур” операси билан ҳам танишган бўлса ажаб эмас. Чунки ушбу либретто ҳам Ж.Прадон пьесасидан олинган бўлиб, Флоренцияда 1706 йили намойиш этилган. Г.Гендель эса ўша йиллари Флоренцияда бўлгани маълум.
Г.Гендель операсида тараннум этилган мураккаб сюжет чизиғидаги воқеалар музаффар Соҳибқирон Амир Темур ва унга асир тушган Усмонли турклар султони Боязид Йилдирим ўртасида бўлиб ўтади. Воқеалар санаси – 1402 йил, воқеалар кечадиган жой – Анатолиянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Бурса шаҳри. Опера французча увертюра12 ва менуэт13 билан бошланади.
Биринчи пардада мағлуб, банди ва занжирбанд Боязид Йилдирим Амир Темур даргоҳига олиб келинади. Амир Темур Андроникога унинг қўлларидаги кишанни олиб ташлашни буюради. Лекин Боязид Амир Темурнинг бу шафқатли ҳукми замирида чинакам бағрикенглик мужассам эканига шубҳа билан қарайди.
Амир Темур эса шу тариқа ўзининг нуфузли банди рақибини қатл эттирмагани етмаганидек, унга марҳамату мурувватлар ҳам кўрсатади. Боязид бу илтифотларга жавобан ўз жонига қасд қилишни истайди, лекин бундай қила олмайди. Унинг ўзини ўзи ўлдиришига халақит берадиган ягона сабаб, бу – қизи Астериа14 га бўлган оталарча муҳаббати эди.
Амир Темур эса Астериага уйланиш ниятида. Шу боис Андроникога қиздан ва унинг отаси Боязиддан бу никоҳга розилик олишни буюради. Агар ушбу никоҳга ота-болани кўндирса, Андроникони Юнонистон қироли этиб тайинлашга ва Ирен исмли қизга уйлантириб қўйишга ваъда беради.
Бироқ Андрониконинг ўзи Астериа билан олдиндан аҳду вафо қилган бўлиб, юзага келган чигал вазият уни танг аҳволга солиб қўяди. Ўз навбатида, Ирен15 Амир Темурга астойдил кўнгил қўйган. Шунинг учун Ирен Астериа билан биргаликда ҳамма учун қулай ечим излашга тушади ва бу йўлда маккорона режа тузади.
Пьесанинг иккинчи пардаси Амир Темурнинг Астериа никоҳга рози бўлганини Андроникага маълум қилиши саҳнасидан бошланади. Бундай кутилмаган хушхабардан Амир Темур қанчалик қувонган бўлса, Андронико ва Боязид шунчалик ғазабланади. Улар, фитнадан бехабар ҳолда, Астериадан қаттиқ норози бўладилар.
Астериа эса, бир томондан, Амир Темурни заҳарлаб ўлдириш ва шу йўл билан отасини бандиликдан қутқариб олиб, севгилиси Андроникога турмушга чиқишни ўйласа, иккинчи томондан, Ирен ўзига Амир Темурнинг суюкли умр йўлдоши бўлиши учун ёрдам беришга ваъда қилган Астерианинг сўзларига ишонади.
Аммо бу найранглардан хабар топган Амир Темур Астериага уйланиш фикридан воз кечади. Бундай қарордан, албатта, Андронико ва Боязиднинг кўнгли осойиш топади. Шу тариқа Иренга ҳам Амир Темур қалбидан жой олиш учун қулай имконият пайдо бўлади.
Учинчи пардада Боязид ва қизи Астериа шарафсиз бандиликдан қутилиш мақсадида заҳар ичишга ҳаракат қилаётган манзара намоён бўлади. Ота-боланинг азобланаётганини кўрган Андронико Амир Темурга ўзининг бу борадаги норозилигини очиқ-ойдин баён этади. Уларга ҳамиша марҳамату саховат кўрсатиб келаётган Амир Темур бу гал қаттиқ қаҳрланади.
Амир Темур ушбу нокас кимсаларга шукроналикдан сабоқ бериш мақсадида уччаласини ҳам тўкин зиёфатга таклиф этади. Афсуски, қадаҳлардаги майга хуфёна тарзда заҳар солинган бўлади. Андронико ва Астериа ўз қадаҳларини кўтаришлари билан Ирен туртиб юборади. Боязид эса оғули майни ичишга улгуради.
Бу фожеали манзарани кўрган Амир Темурнинг уларга раҳми келади ва барчасининг гуноҳидан ўтади, кўп марҳаматлар кўрсатади. Воқеалар якунида Амир Темур Иренга уйланади, Андронико ва Астериага эса оқ фотиҳа бериб, Юнонистон қироллигини туҳфа этади. Шундан сўнг мамлакатда тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт яна узоқ йиллар бардавом бўлади…
Ушбу операнинг дастлабки ижрочилари Италия опера театридаги энг атоқли қўшиқчилар бўлган. Яккахон ижрочи айтадиган қисмларни тенор – Франческо Борозини (Боязид), альт – Антонио Берначчо (Амир Темур), сопрано – Мария Бенти Булгарелли (Астерия), сопрано – Фаульстина Бордони (Ирен) каби машҳур санъаткорлар ижро этган16 . Табиийки, уларнинг ижро маҳорати ҳам операнинг муваффақият қозонишида муҳим аҳамият касб этган.
Қироллик консерваториясининг олтинчи мавсуми Г.Генделнинг “Амир Темур” операси билан очилган. Театр жамоасининг ижрочилар гуруҳига опера театри юлдузлари Андреа Пакини (Амир Темур), Франциска Куццони (Астерия), Анна Виценза Дотти (Ирен), аввалги таркибдан эса тенор – Франческо Борозини (Боязид) таклиф этилган.
Мухтасар айтганда, Амир Темур тимсоли ўарбда яратилган саҳнавий ва мусиқий асарларда куч-қудратли, имон-эътиқодли, меҳр-оқибатли ва юксак маданиятли буюк шахс сифатида ижобий талқин қилинган. Шарқ қаҳрамонининг ўарбда, Европадаги мухлислар томонидан ижобий кутиб олингани ҳам диққатга сазовордир.
Шу ўринда Георг Фридрих Генделнинг “Амир Темур” операсини ўзбек тилига таржима қилиш лозим, деган таклифни билдирамиз. Бинобарин, кўп асрлик шонли тарихимиз билан боғлиқ ўарб саҳнавий ва мусиқий асарларини тадқиқ ва тарғиб этиш бу асарлар замиридаги янгидан-янги ғоявий ва услубий талқинларни кашф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
1. Турсунова Р. Образ Амира Темура в сценических произведениях Запада // San’at, 2006, №2.
2. Қаранг: Romain Rolland. Гендель (http://www.en.wikisourse.org/wiki/Handel_( Rolland))= Handel.– 1916.
3 George Frideric Handel. Tamerlano / Dramma per musica in tre atti / Libretto: Nicola Francesco Haym (http://music.genebee.msu.ru/Andrej/G.F.Hendel/Tamerlano.htm).
4. Никола Франческо Хайм (Nicola Francesco Haym, 1678-1729) – Италияда туғилган (асл келиб чиқиши германиялик) машҳур скрипкачи, либреттонавис, опера бастакори, театр бошқарувчиси ва нумизмат (чақа-танга ва медаллар тарихини ўрганувчи). У санъат соҳасида Георг Фридрих Гендель ва Жованни Баттиста Бонончини билан яқин ҳамкорлик қилган, умрининг охирини Англияда ўтказган.
5. Romain Rolland. Гендель (http://www.en.wikisourse.org/wiki/Handel_( Rolland))= Handel.– 1916.–204 c.
6. Агостине Пиовене (Agostino Piovene, 1671-1721) – италиялик бастакор, драматург, либреттонавис.
7. Франческо Гаспарини (Francesco Gasparini, 1668-1727) – италиялик, барокко даврининг машҳур бастакори.
8. Антонио Лючио Вивальди (Antonio Lucio Vivaldi) – 1678 йил 4 мартда Венецияда туғилган ва 1741 йил 28 июлда, 63 ёшида Венада вафот этган. XVIII асрнинг энг забардаст итальян бастакори, машҳур “Йил фасллари” мусиқий асарининг муаллифи, мусиқашунос олим, скрипкачи, педагог, дирижёр, католик руҳоний. Ўн ёшидан скрипка чалишни ўрганган Вивальде бу йўналишда “ломбард” деб номланган янги ижро усулини кашф этган ва мусиқа тарихида итальян скрипка сози ижрочилигининг ўз давридаги йирик намояндаси сифатида ном қолдирган. Антонио Вивальди ғоят сермаҳсул композитор бўлиб, 90 та опера, 500 та концерт муаллифи ҳисобланади. Меркурий сайёрасидаги кратерлардан бирига ва Италиянинг Сиена институтига Антонио Вивальди номи берилган. Қаранг: Вирджилио Боккарди. Вивальди. – Жизнь замечательных людей (Том 1085). – М.: Молодая гвардия, 2007.- С.272.
9. Jacques Pradon. Tamerlan, ou la Mort de Bajazet, Lyon. 1676. 72 pages
10. Турсунова Р. Образ Амира Темура в сценических произведениях Запада // San’at, 2006, №2 .
11. Антонио Сальви (Antonio Salvi, 1664-1724) – Тоскания буюк герцоглигида даргоҳ врачи ва либреттонавис.
12. Увертюра – саҳна асари, кинофильм кабиларнинг бошланиши олдидан ижро этиладиган мусиқали муқаддима; опера увертюраси, операнинг мусиқали муқаддимаси; оркестр учун ёзилган соната шаклидаги мустақил концерт асари.
13. Менуэт – французча қадимий рақс ва унинг мусиқаси.
14. Астериа – юнон афсонасига кўра, юлдуз маъносини билдирадиган Коя ва Феба иттифоқидан туғилган қиз номи.
15. Ирен – юнон афсонасига кўра, Зевс ва Темис никоҳидан туғилган қиз, тинчлик тимсолини ифодалайди.
16. Турсунова Р. Образ Амира Темура в сценических произведениях Запада // San’at, 2006, №2.
Манба: “Китоб дунёси” газетаси