Komil Avaz. Xorazmning fidoyi muarrixlari.

05
Суҳбатимиз ниҳоясида Зиё ака “Хоразмшоҳлар – Ануштегинийлар давлати” китобига дастхат ёзиб берди. Ўша учршувимиз ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Толмас ижодкор Зиё аканинг ўша куни Урганч фуқаролиги, Абулғозихон ҳайкали тўғрисидаги гапимдан кейин чарақлаб кетган юз-кўзлари, ўзга бир меҳрли нигоҳи то ҳануз кўзим ўнгида.

08
ХОРАЗМНИНГ ФИДОЙИ МУАРРИХЛАРИ
Комил Аваз
Огаҳий номидаги Хоразм вилоят жамғармаси раиси
023

02 Зиёвуддин Мусо ўғли Бунёдовнинг номи тарих илми оламида жуда машҳурдир. Нега китобларининг русча нашрларида фамилияси Бунёдов эмас, Буниятовлигини олимнинг ўзи шоир Миразиз Аъзам билан суҳбат чоғида аниқлик киритган: “Бунёдов” деганда, бу сўзнинг ичида “яд”, яъни “заҳар” маъноли бўғин учрайди. Бу рус қондошларим ва оғайниларим учун таънага баҳона бўлмасин деб, ўзим айтайин “Буниятов” қилганман. Русчада яхши жаранглайди”. (У.Бекмуҳаммад “Хоразмга ошуфта кўнгиллар”, Т. “Янги аср авлоди” нашриёти, 2012 й. 183 б.)

Умид Бекмуҳаммаднинг юқорида тилга олинган китобини мутолаа қилаётган кунларим (2014 й.11-12 апрел) Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани маркази Бўстон шаҳрида, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 декабридаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигга бағишлаб ўтказиладиган катта анжуманга таклиф қилишди. Биз бир гуруҳ хоразмлик ёзувчи, шоирлар Бўстон шаҳрига келдик. Бизни “Санъат саройи” мажмуаси олдида, Тошкентдаги “Янги нашр” нашриётида 2011 йилда чоп қилинган “Қадимги Хоразм қалъалари” китобининг муаллифи, тарихчи олим Самандар Исмоилов кутиб олди ва “Очиқ осмон остидаги музей” ёнига бошлаб борди. Ушбу музей саҳнида Тупроққалъа, Аёзқалъа, Қирққизқалъа, Элликқалъа, Яккапўрсонқалъа, Оташгоҳ тарҳлари ҳамда “Қадимги Хоразм аскари” ҳайкали дид ва ихлос билан жойлаштирилган.

Самандар ака ҳар қалъа тўғрисида қизиқарли ҳикоятлар, афсоналар билан тушунтираркан “Элликқалъа”ни номи “эллик”мас, “еллик”, яъни шамолли маскан деб изоҳ берди. Дарҳақиқат, ўша куни эсаётган шамол ҳам у кишини сўзларини маъқуллаётгандек, гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб турди. У ердан чиқиб, “Элликқалъа тумани археология ва тарих музейи”га бордик. Музейнинг жонкуяр бошлиғи, тарихчи олим Ўразали Жумаев ўтмишни музейда акс этдириш борасидаги фидойилиги билан бизларни таҳсинимизга сазовор бўлди.. У ердан чиқиб, Гулдурсунқалъага бордик. Қалъанинг шарқ томонидан, унинг қарийб пойигача ўзлаштирилган, суғорилган, отизлар оралаб кирдик.

Қалъа ичкарисига киргандаёқ, мен бу ерга неча марта келган бўлсам, шунча маротаба қандайдир ичкин ҳайрату ҳаяжон билан разм солдим ва машҳур археолог олим С.П.Толстовнинг Гулдурсунқалъанинг аввалги номи Гулистон дея аталгани тўғрисидаги қорақалпоқ олими Ў.Қўжуров Гулдурсун тўғрисида болалигида эшитган қиссани сўзлаб берган ривоятни эсладим.Ривоят бўйича, қалъа XII-XIII асрлар, яъни мўғуллар босқинчилиги даврида қалмиқлар томонидан бир неча ой қамал қилингани, охир-оқабат халқ очликдан таслим бўлишга қарор қилганда, подшоликдан бир одам топилиб, сўнгги нажот чорасини қўллашни, яъни қолган бир неча ҳўкиз ичидан энг семизини маҳфий йўл билан саройга келтириб, уни подшоҳ омборидаги сўнгги буғдой билан боқиб, шаҳар ташқарисига чиқариб юборишни таклиф қилади. Қалмиқлар ҳам очликдан азоб чекишаётган эди. Энди қамални бўшатиб, қайтиб кетишга чоғланган пайтда ҳалиги буғдой едирилган ҳукиз қалъадан чиқиб келади ва оч душман ҳам дарҳол ҳўкизни сўйишса, унинг ичи сара буғдой билан тўлалигини кўриб, агар улар молни шунчалик боқса, ғамлаган озиқ-овқати беҳисоб экан-да, қамал қилишдан фойда йўқ, қалъани олиб бўлмайди, очликдан қирилиб кетмайлик дея, қайтиб кўриш тадоригини кўра бошлашибди. Бироқ подшоҳнинг қизи Гулдурсун узоқ ойлар давомида қалмиқларнинг мард, паҳлавон, ёш ва хушқомад лашкарбошиси шаҳзодани севиб қолгани боис гулистонликларнинг ҳийласини ҳамда шаҳзодага бўлган муҳаббатини изқор қилиб, яна бир кун кут, қалъанинг таслим бўлишини ўзинг кўрасан деган мазмунда ўзининг содиқ канизаги билан хат жўнатибди. Қалмиқлар туялардан юкларини тушириб, катта гулхан ёқибдилар. Ҳийлалари иш бермагач, Гулдурсун айтганидек, эртасига қалъа таслим бўлибди. Алқисса, қалмиқлар шаҳрни талаб, аҳолисини бир қисмини қириб ташлашибди.

Сотқин Гулдурсунга шаҳзода: “Ватаннинг душманига бўлган номуносиб эҳтирос туфайли халқига ва ўз отасига хиёнат қилган экан, яна бошқа биров унинг ҳирсини уйғотса, менга вафо қилармиди? Уни ёввойи айғирларнинг думига боғланг, токи бундан кейин ҳеч ким хиёнат қилмасин”, деган. Хиёнаткор жазоланибди – отнинг думига боғланган Гулдурсуннинг танаси парча-парча бўлиб, чўл-биёбонларда қолиб кетибди. Хоиннинг лаънати қони тўкилган бу ер харобага айланиб, энди Гулистон эмас, Гулдурсун деб атала бошлабди. (С.П.Толстов “Хоразм цивилизациясини излаб”, Т.“Янги аср авлоди” нашриёти, 2014 й. 30-32 бетлар)

Ушбу ривоятни бир неча бор эшитиб, ёзилган мақолаларда ўқиган бўлсам ҳам Самандар аканинг бу қисса борасидаги жўяли фикрини келтиришни лозим деб топдим.

Самандар ака ривоятни такрорлаб:
– Подшонинг қизи Гулдурсун қалмиқ шаҳзодасига ёзган хатида, қалъа дарвозани очиб беришади, яна бир кун кут, таслим бўлишади, лекин биттаям одамга зиён этказмайсан, дея шарт қўяди. Шаҳзода қалъани эгаллайди, талайди, бироқ қизнинг шартини бажариб, ҳеч кимни ўлимга буюрмайди. Мана, неча асрларким, қанча қазишмалар қилинди, аммо бирор одам суяги топилгани йўқ, – деди.

099 С.П.Толстов ҳам йиллар ўтиб, бу ҳақда гап-сўз бўлади деган мақсаддами, юқорида номланган ўша китобининг 32 бетида: “Ушбу фожеали афсонада тарихий ҳақиқат учқунлари яширинган” деб, ёзади.
Билҳақ, С.П.Толстовнинг қадим Хоразм тарихини ўрганишдаги хизматлари беқиёс каттадир. Ахир, ёшгина йигит, Москва давлат университетининг тарих факультетини битириб, шаҳардаги музейларнинг бирида ишлаб юрган, болалигидан эртагу афсоналарга қизиқиши боис 1929 йили, 22 ёшида, Хоразмга келиши жуда катта жасорат эди. Бирёнда “қулоқ”ларни қама-қама авжига чиққан, катта қирғин – қатағон йилларининг нафаси кела бошлаган қалтис вазиятда олис Хоразмга келиб, археологик қазишмалар тараддудини кўриш мушоҳадага сиғмайдиган бир ҳодисадир. Шунинг билан у қарийб бутун умрини қадим Хоразм тарихига бахшида қилди. У Хоразмни, Хоразм эса, уни дунёга танитди. Олимнинг нақадар машаққатли изланишларини кўз олдига келтириш учун унинг неча-неча оғир меҳнатларидан бир лавҳасинигина ўқиш кифоя қилади. У Хоразмнинг қадимий қалъаларида қазишма ишлари авжланган 1937-38 йиллар борасида шундай қайд қилади: “Дастлабки қазишмалар VIII асрга оид Тешикқалъада олиб борилди. Араб истилосининг гувоҳи бўлмиш, ташқи томондан жуда яхши сақланиб қолган бу қалъа харобаларида экспедиция 3 ой ишлади. Тешиқалъадаги базадан туриб, саҳронинг анча ичкарисига кириб борувчи қалъалар занжири – Қўйқирилганқалъа, Анқоқалъа, Бозорқалъа, Катта ва Кичик Қирққиз, Аёзқалъа, Тупроққалъа ва Қизилқалъа разведкка қилинди. Қазишма айни қизиган пайтдаёқ шарқий уфқдаги қумлар орасида кўмилиб кетган, атрофимиздаги VII-VIII асрларга мансуб қалъаларга ўхшамайдиган ғалати бир қалъа эътиборимизни жалб қилди”.(С.П.Толстов “Хоразм цивилизациясини излаб”, Т.“Янги аср авлоди” нашриёти, 2014 й. 44-45 бетлар )

Олим ўша қалъани дурбин орқали узоқ кузатганлари, тахминлари, баҳсу, мушоҳадалари ўлароқ фотограф Е.А Поляков ва туякаш Сансизбой Ўрумов билан бирга туяларда сўҳрли харобалар сари йўл олади. Бир неча кунлик йўл азоби, харобани суратга олиш жараёнини изчиллик билан тасвирлаб шундай ёзади: “Йўлда кучли қум бўронига дуч келдик: теварак-атрофда қизиган қум гирдоби увиллар, Одамлиқалъа қум ичида кўздн ғойиб бўлди, ёнимизда келаётган туянинг сояси ғира-шира кўринарди. Одамлиқалъа деворлари тагига – пана жойга базўр етиб олдик. Ичадиган сувимиз тамом бўлган бўлса-да, биз ишни тўхтатиб ўтирмасдан, бўрон бироз тинчиган вақтдан фойдаланиб, қалъани ўлчадик ва суратга олдик. Е.А Поляковни шамол йиқитиб кетишидан қўрқиб, девор панасида, бурчакка беркиниб олиб, ёвуз ниятли одам каби, аппарати билан қалъанинг марказий буржини мўлжалга олиб турган пайтини унутиш қийин. Эҳтимол, биз ҳам Сансизбой Ўрумов билан шамол ва қум қаршилигини енгиб, рулетканинг шамол тортқилаётган лентасини маҳкам ушлаганча, Юрий Олеша эртагининг қаҳрамонларидан бири сингари, “осмонга учиб кетай” деб буржга қоқилиб-суқилиб чиқаётганимизда антиқа кўринишга эга бўлгандирмиз”. (С.П.Толстов “Хоразм цивилизациясини излаб”,Т. “Янги аср авлоди” нашриёти, 2014 й 47-48 бетлар)

Худди шундай, қадим Хоразм тарихига ошуфта кўнгил Зиё Бунёдовдир. У жаҳон урушидан кейин, 1946 йилдан, Москвадаги Наримонов номли шарқшунослик институти талабалик даврлариданоқ, қадим Хоразм тарихига, мўғуллар истилосию, мард Жалолиддин Мангубурди ҳаёти билан қизиқиб, турли манбалардан материаллар йиға бошлайди. Шаҳобуддин Муҳаммад ан-Насавийнинг “Сийрат ул-султон Жалолиддин Менгбурни” (“Султон Жалолидди Менгбурнининг ички дунёси”) асарини арабчадан русчага таржима қилади. Шу-шу олимнинг ҳаёти ҳамда илмий ишлари Хоразмнинг олис ва яқин тарихи билан боғланиб қолади.
Йиллар ўтиб,. З.Бунёдов қилган буюк хизматлари учун Хоразм халқининг ардоқли фарзандига, Урганч шаҳрининг фахрий фуқароси бўлиш шарафига муяссар бўлади.

Маълумингизким, Арабмуҳаммадхоннинг ўғли Хива ҳукмдори Абулғози Баҳодирхон 1645 йиллари Хоразм вилоятининг ҳозирги маркази Урганч шаҳрига асос солади. Бу шаҳарга Кўҳна Урганч аҳолисининг бир қисмини кўчириб келтиради ва 1647-48 йилларда Урганч шаҳар бўлиб шаклланади. Мазкур воқеа билан боғлиқ Абулғози Баҳодирхон образини кейинларда, Наврўз умумхалқ байрами саҳнида гавдалантирган эдик. Абулғозий Баҳодирхон монологи мана шундай янграган эди:

– Даврлар тўфони, замонлар салосилида не-не ҳодисоту, не-не воқеот содир бўлмадиким, бунга тарих гувоҳдур. Менким, Абулғозий Баҳодирхон, тарих рақам қилурманким, мен туғилмасдан 30 йил бурун, яъниким. 1573 ланжи йили қадим Жайхун – Аму дарё суви Хост Канорасининг юқорисини Қора айғир тўқай дерлар, ул ердан йўл ясаб, Тук қалъасина бориб, Сир денгизига қуйган эркондир. Ул сабабдин қадим машҳури маъво Гурганж чўл бўлибдур.

Оллоҳнинг карами-ю, мадади бирлан Хивақ тахтиға мутамакин ўлғонимдин 1 йил ўтуб, 1645 ланжи йили Аму дарё канорасиға қариб ул-қарин ушбу тоза Урганж шаҳрина асос солдим. Токим, бу қасри мулк мамлакатимиз равнақиға сарзамин, мудофаасиға русти истеҳком, савдосиға арфаъи даражот бўлғай!
Ва яна аҳдимиз: қадим Гурганждин бу тоза Урганчга шаҳарсозлиқ илмиға вобаста аҳолини кўчириб келтиришни сайъ қилдукким, аладдавом, бул Урганж анинг шуҳратиға монанд, балки ундан-да воло поя бўлғай!

Бахти хуш азиз авлодим! Менинг номим ила боғлиқ бул мукаррамаи маснади маъво Урганжнинг довруғи дунё борки тоабад довруқи даврон, жаҳон кўркида зебу музайян, авлодлар бахтига муттако бўлғай! Омин!

Хулласи калом, кейинларда Урганч шаҳар ҳокими (1992-1998 йиллар) бўлиб ишлаган Рустам Султонов, ўша 1988 йили, шаҳарнинг мафкуравий ташкилотнинг раҳбари эди. У шаҳарнинг 340 йиллигини кенг нишонлаш учун ҳамишаги шиддатли, далерона хатти-ҳаракати билан кенг кўламда тайёргарлик ишларини бошлаб юборади. Тошкентдан, Москвадан, қўшни вилоятлардан тарихчи олимлар таклиф қилиниши кўзда тутилади.

Лекин вилоят раҳбарининг рус миллатига мансуб биринчи ўринбосари, ўзи хон, кўланкаси майдон Нетяго деган шахс шаҳарнинг 340 йиллигини ўтказишга тиш-тирноғи билан қарши чиқади. У Рустам Султоновни кабинетига олдириб дағдаға қилади:
– Сен вилоят раҳбарларининг рухсатисиз, ўзбошимчалик билан Хива хонини улуғламоқчимисан?!
– Мен хонни эмас, Урганч шаҳрининг 340 йиллигини ўтказмоқчиман. Шаҳар исполкоми билан қўшма қарор қабул қилганмиз.
– Ҳе! Қарор? Шаҳар қарори билан тантанали юбилей ўтказмоқчимисан? Бекорларни айтибсан! Ўтказмайсан, тамом вассалом!

Бу суҳбатда қатнашаётган ўша пайтдаги бообрў саналмиш, вилоят раҳбарининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Ғайрат Машарипов ҳам, вилоят раҳбарининг мафкура бўйича ўринбосари Эркин Раҳмонов ҳам чурқ этиб оғиз очишмайди. Лекин анча ишни бажариб қўйган Рустам Султонов:
– Ўртоқ Нетяго, Нега Москва шаҳрининг қоқ марказида Юрий Долгорукийнинг ҳайкали турибди? У бор-йўғи Москва шаҳрининг мери бўлган ва у ишлаган даврда Москва шаҳар бўлиб шаклланган. Абулғози эса, шаҳримизга асос солган. Худди Пётр I, Петербургга асос солгандай…

Нетяго унинг сўзини кескин бўлди:
– Тенглаштирган одамингни қара! Кулгимни қистама! Юбилей ўтказишингга мен рухсат қилмайман!
Ҳамиша унга маслакдошлик қилиб келишаётган Ғайрат ака, Эркин акаларнинг Нетягонинг ўжарлигига бир оғиз гап айтмай, лоқайд туришлари уни янада қатъийликка ундади.
– Шаҳарнинг 340 йиллигига жуда кўп меҳмонларни таклиф қилганмиз. Москвадан академик Федосеев, Ожарбойжондан “Хоразмшоҳлар — Ануштегинийлар давлати” китобини ёзган академик Зиё Бунёдов ва бошқалар…

Нетяго яна унинг сўзини бўлди:
– Мени кимлар келиши қизиқтирмайди, сен ўзбошимчалик билан ўтказмоқчи бўлган анжуман ўтказмаслиги қизиқтиради, тушундингми? Ўтказмайсан! Агар ўтказсанг партиядан ўчираман, ишдан оламан! Гап тамом!
Рустам ака энди ҳақиқий ватанпарварлик тўнини кияди.

– Авваламбор, сиз партиядан ўчиролмайсиз. Мени бошланғич партия ташкилоти, партия пленуми, конференцияси ўчиради. Қолаверса, мени, шу тантанали юбилейдан кейин ишдан олаверинг!

Рустам ака ўзининг ҳаётига болта урилиши мумкин бўлган ҳукмни қандай жасорат билан айтган бўлса, шундай шиддатли ҳолатда чиқиб кетади. У на муовинларига, на шаҳар исполком раҳбарларига Нетяго билан бўлган кескин суҳбат ҳақида оғиз очмай, тайёргарлик ишларини давом қилдираверди. Унинг устига вилоятнинг биринчи раҳбари билан ҳам муносабатлари таранг. Лекин, Рустам Султонов орқага қайтадиган инсонлардан эмас. Унинг ёдига 1981 йилда, у шаҳар исполкомининг раиси бўлиб ишлаётганда, Урганч шаҳри уч кунлик узлуксиз ёққан ёмғир натижасида талофат кўрган икки ярим минг уйни йиқиш бўйича қабул қилинган, тасдиқлатиш учун вилоят исполкомига бирилган қарорни вилоят исполком раиси мақулламади, бироқ икки-уч кундан кейин вилоят мафкуравий идорасида бўлиб ўтган мажлисдан кейин вилоят исполкоми шаҳар қўшма қарорини тасдиқлаб берганини яшин тезлигида хаёлидан ўтказди ва Рустам ака чинакам иш жараёни штабини тузиб, шаҳарни қайта қурилишига бош-қош бўлди. Ана шу жасоратининг ўзиёқ унга шаҳар марказида ҳайкал қўйилишига асос бўлгувиси эди. 340 йилдан кейин Абулғозихонга ҳайкал қўйилгандек, вақти келиб, йиллар ўтиб, шундай ҳам бўлса не ажаб…

Алқисса, 1988 йили 1 сентябр куни Огаҳий номидаги мусиқали драма театрида Урганч шаҳрининг 340 йиллиги муносабати катта тантанали анжуман ўтказилди. Вилоят раҳбари раҳбари бирёнда Москва-ю, Озарбойжон, Тошкенту, Бухоро Қорақалпоғистон, Тошҳовуздан кўпгина меҳмонлар ташриф буюраётганини эшитиб, иккинчи томондан Ғайрат ака Рустам аканинг илтимосини ётиғи билан тушунтиргач, шаҳар раҳбарияти томонидан тайёрланган маъруза текстини олдириб, мажлисга қатнашди ва маъруза қилди. Ана шу байромана анжуманда Зиё Бунёдов шаҳарнинг фахрий фуқароси деб эълон қилинди.

1992 йили Ўзбекистон Ёзувчиларининг “Дўрмон” ижод уйида Зиё ака билан учрашган чоғимизда, у киши менга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Оролни ва Оролбўйини асраш қўмитаси раиси, профессор Пирмат Шермуҳамедовнинг таклифига кўра 1987 йилда Хоразмда, Орол бўйи минтақасида, Мўноқ, Қўнғирот, Кегейли, Чимбой, Нукусда бўлганини, мулоқотларни дардчил оҳангда сўзлади. Мен у фахрий фуқароси бўлган Урганч тўғрисида қониқиш билан гапирдим, аммо Рустам ака билан ҳамфикр, дўст бўлганимиз боис ипидан-игнасигача биладиган саҳна орти гаплар борасида оғиз очмадим.

Зиё ака бирдан очилишиб кетди ва мароқ билан Урганч шаҳри, Рустам Султоновни эслаб, урганчликларнинг кўрсатган ҳурмат-эътиборига ташаккур билдирди. Ҳозирда шаҳар ҳокими бўлиб ишлаётган Рустам ака ташаббуси билан ҳайкалтарош Шуҳрат Усмонов яратган Абулғозининг от етаклаган ўйчан ҳайкали борасида гапирдим.Суҳбатимиз ниҳоясида Зиё ака “Хоразмшоҳлар – Ануштегинийлар давлати” китобига дастхат ёзиб берди. Ўша учршувимиз ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Толмас ижодкор Зиё аканинг ўша куни Урганч фуқаролиги, Абулғозихон ҳайкали тўғрисидаги гапимдан кейин чарақлаб кетган юз-кўзлари, ўзга бир меҳрли нигоҳи то ҳануз кўзим ўнгида. Юртимиз биродари, шаҳримизнинг фахрий фуқароси бўлган Зиёвуддин Мусо ўғли Бунёдов номи мамлакатимизнинг, хоразмликларнинг ҳамиша қалбида яшаб қолғусидир.

Умид Бекмуҳаммаднинг Хоразм тарихини тадқиқ қилган муаррихларнинг асарларини қайта нашр этдираётгани, В.Бартольд, Я.Ғуломов, А.Фрейман, Б.Греков, А.Якубовский, З.Бунёдовларнинг ҳам воҳа тарихига доир асарларини чоп этишга ҳозирлаётганини кўриб,уни ўша алломаларнинг издоши дея баралла айтсам бўлади.

08
XORAZMNING FIDOYI MUARRIXLARI
Komil Avaz
Ogahiy nomidagi Xorazm viloyat jamg’armasi raisi
023

02    Ziyovuddin Muso o’g’li Bunyodovning nomi tarix ilmi olamida juda mashhurdir. Nega
kitoblarining ruscha nashrlarida familiyasi Bunyodov emas, Buniyatovligini olimning o’zi shoir Miraziz A’zam bilan suhbat chog’ida aniqlik kiritgan: “Bunyodov” deganda, bu so’zning ichida “yad”, ya’ni “zahar” ma’noli bo’g’in uchraydi. Bu rus qondoshlarim va og’aynilarim uchun ta’naga bahona bo’lmasin deb, o’zim aytayin “Buniyatov” qilganman. Ruschada yaxshi jaranglaydi”. (U.Bekmuhammad “Xorazmga oshufta ko’ngillar”, T. “Yangi asr avlodi” nashriyoti, 2012 y. 183 b.)

Umid Bekmuhammadning yuqorida tilga olingan kitobini mutolaa qilayotgan kunlarim (2014 y.11-12 aprel) Qoraqalpog’istonning Ellikqal’a tumani markazi Bo’ston shahrida, Respublika Vazirlar Mahkamasining 2013 yil 25 dekabridagi qaroriga muvofiq O’zbekiston xalq shoiri Muhammad Yusuf tavalludining 60 yilligga bag’ishlab o’tkaziladigan katta anjumanga taklif qilishdi. Biz bir guruh xorazmlik yozuvchi, shoirlar Bo’ston shahriga keldik. Bizni “San’at saroyi” majmuasi oldida, Toshkentdagi “Yangi nashr” nashriyotida 2011 yilda chop qilingan “Qadimgi Xorazm qal’alari” kitobining muallifi, tarixchi olim Samandar Ismoilov kutib oldi va “Ochiq osmon ostidagi muzey” yoniga boshlab bordi. Ushbu muzey sahnida Tuproqqal’a, Ayozqal’a, Qirqqizqal’a, Ellikqal’a, Yakkapo’rsonqal’a, Otashgoh tarhlari hamda “Qadimgi Xorazm askari” haykali did va ixlos bilan joylashtirilgan.

Samandar aka har qal’a to’g’risida qiziqarli hikoyatlar, afsonalar bilan tushuntirarkan “Ellikqal’a”ni nomi “ellik”mas, “ellik”, ya’ni shamolli maskan deb izoh berdi. Darhaqiqat, o’sha kuni esayotgan shamol ham u kishini so’zlarini ma’qullayotgandek, goh kuchayib, goh pasayib turdi. U yerdan chiqib, “Ellikqal’a tumani arxeologiya va tarix muzeyi”ga bordik. Muzeyning jonkuyar boshlig’i, tarixchi olim O’razali Jumaev o’tmishni muzeyda aks etdirish borasidagi fidoyiligi bilan bizlarni tahsinimizga sazovor bo’ldi.. U yerdan chiqib, Guldursunqal’aga bordik. Qal’aning sharq tomonidan, uning qariyb poyigacha o’zlashtirilgan, sug’orilgan, otizlar oralab kirdik.

Qal’a ichkarisiga kirgandayoq, men bu yerga necha marta kelgan bo’lsam, shuncha marotaba qandaydir ichkin hayratu hayajon bilan razm soldim va mashhur arxeolog olim S.P.Tolstovning Guldursunqal’aning avvalgi nomi Guliston deya atalgani to’g’risidagi qoraqalpoq olimi O’.Qo’jurov Guldursun to’g’risida bolaligida eshitgan qissani so’zlab bergan rivoyatni esladim.Rivoyat bo’yicha, qal’a XII-XIII asrlar, ya’ni mo’g’ullar bosqinchiligi davrida qalmiqlar tomonidan bir necha oy qamal qilingani, oxir-oqabat xalq ochlikdan taslim bo’lishga qaror qilganda, podsholikdan bir odam topilib, so’nggi najot chorasini qo’llashni, ya’ni qolgan bir necha ho’kiz ichidan eng semizini mahfiy yo’l bilan saroyga keltirib, uni podshoh omboridagi so’nggi bug’doy bilan boqib, shahar tashqarisiga chiqarib yuborishni taklif qiladi. Qalmiqlar ham ochlikdan azob chekishayotgan edi. Endi qamalni bo’shatib, qaytib ketishga chog’langan paytda haligi bug’doy yedirilgan hukiz qal’adan chiqib keladi va och dushman ham darhol ho’kizni so’yishsa, uning ichi sara bug’doy bilan to’laligini ko’rib, agar ular molni shunchalik boqsa, g’amlagan oziq-ovqati behisob ekan-da, qamal qilishdan foyda yo’q, qal’ani olib bo’lmaydi, ochlikdan qirilib ketmaylik deya, qaytib ko’rish tadorigini ko’ra boshlashibdi. Biroq podshohning qizi Guldursun uzoq oylar davomida qalmiqlarning mard, pahlavon, yosh va xushqomad lashkarboshisi shahzodani sevib qolgani bois gulistonliklarning hiylasini hamda shahzodaga bo’lgan muhabbatini izqor qilib, yana bir kun kut, qal’aning taslim bo’lishini o’zing ko’rasan degan mazmunda o’zining sodiq kanizagi bilan xat jo’natibdi. Qalmiqlar tuyalardan yuklarini tushirib, katta gulxan yoqibdilar. Hiylalari ish bermagach, Guldursun aytganidek, ertasiga qal’a taslim bo’libdi. Alqissa, qalmiqlar shahrni talab, aholisini bir qismini qirib tashlashibdi.

Sotqin Guldursunga shahzoda: “Vatanning dushmaniga bo’lgan nomunosib ehtiros tufayli xalqiga va o’z otasiga xiyonat qilgan ekan, yana boshqa birov uning hirsini uyg’otsa, menga vafo qilarmidi? Uni yovvoyi ayg’irlarning dumiga bog’lang, toki bundan keyin hech kim xiyonat qilmasin”, degan. Xiyonatkor jazolanibdi – otning dumiga bog’langan Guldursunning tanasi parcha-parcha bo’lib, cho’l-biyobonlarda qolib ketibdi. Xoinning la’nati qoni to’kilgan bu yer xarobaga aylanib, endi Guliston emas, Guldursun deb atala boshlabdi. (S.P.Tolstov “Xorazm sivilizatsiyasini izlab”, T.“Yangi asr avlodi” nashriyoti, 2014 y. 30-32 betlar)

Ushbu rivoyatni bir necha bor eshitib, yozilgan maqolalarda o’qigan bo’lsam ham Samandar akaning bu qissa borasidagi jo’yali fikrini keltirishni lozim deb topdim.

Samandar aka rivoyatni takrorlab:
– Podshoning qizi Guldursun qalmiq shahzodasiga yozgan xatida, qal’a darvozani ochib berishadi, yana bir kun kut, taslim bo’lishadi, lekin bittayam odamga ziyon etkazmaysan, deya shart qo’yadi. Shahzoda qal’ani egallaydi, talaydi, biroq qizning shartini bajarib, hech kimni o’limga buyurmaydi. Mana, necha asrlarkim, qancha qazishmalar qilindi, ammo biror odam suyagi topilgani yo’q, – dedi.

033 S.P.Tolstov ham yillar o’tib, bu haqda gap-so’z bo’ladi degan maqsaddami, yuqorida nomlangan o’sha kitobining 32 betida: “Ushbu fojeali afsonada tarixiy haqiqat uchqunlari yashiringan” deb, yozadi. Bilhaq, S.P.Tolstovning qadim Xorazm tarixini o’rganishdagi xizmatlari beqiyos kattadir. Axir, yoshgina yigit, Moskva davlat universitetining tarix
fakul`tetini bitirib, shahardagi muzeylarning birida ishlab yurgan, bolaligidan ertagu afsonalarga qiziqishi bois 1929 yili, 22 yoshida, Xorazmga kelishi juda katta jasorat edi. Biryonda “quloq”larni qama-qama avjiga chiqqan, katta qirg’in – qatag’on yillarining nafasi kela boshlagan qaltis vaziyatda olis Xorazmga kelib, arxeologik qazishmalar taraddudini ko’rish mushohadaga sig’maydigan bir hodisadir. Shuning bilan u qariyb butun umrini qadim Xorazm tarixiga baxshida qildi. U Xorazmni, Xorazm esa, uni dunyoga tanitdi. Olimning naqadar mashaqqatli izlanishlarini ko’z oldiga keltirish uchun uning necha-necha og’ir mehnatlaridan bir lavhasinigina o’qish kifoya qiladi. U Xorazmning qadimiy qal’alarida qazishma ishlari avjlangan 1937-38 yillar borasida shunday qayd qiladi: “Dastlabki qazishmalar VIII asrga oid Teshikqal’ada olib borildi. Arab istilosining guvohi bo’lmish, tashqi tomondan juda yaxshi saqlanib qolgan bu qal’a xarobalarida ekspeditsiya 3 oy ishladi. Teshiqal’adagi bazadan turib, sahroning ancha ichkarisiga kirib boruvchi qal’alar zanjiri – Qo’yqirilganqal’a, Anqoqal’a, Bozorqal’a, Katta va Kichik Qirqqiz, Ayozqal’a, Tuproqqal’a va Qizilqal’a razvedkka qilindi. Qazishma ayni qizigan paytdayoq sharqiy ufqdagi qumlar orasida ko’milib ketgan, atrofimizdagi VII-VIII asrlarga mansub qal’alarga o’xshamaydigan g’alati bir qal’a e’tiborimizni jalb qildi”.(S.P.Tolstov “Xorazm sivilizatsiyasini izlab”, T.“Yangi asr avlodi” nashriyoti, 2014 y. 44-45 betlar )

Olim o’sha qal’ani durbin orqali uzoq kuzatganlari, taxminlari, bahsu, mushohadalari o’laroq fotograf YE.A Polyakov va tuyakash Sansizboy O’rumov bilan birga tuyalarda so’hrli xarobalar sari yo’l oladi. Bir necha kunlik yo’l azobi, xarobani suratga olish jarayonini izchillik bilan tasvirlab shunday yozadi: “Yo’lda kuchli qum bo’roniga duch keldik: tevarak-atrofda qizigan qum girdobi uvillar, Odamliqal’a qum ichida ko’zdn g’oyib bo’ldi, yonimizda kelayotgan tuyaning soyasi g’ira-shira ko’rinardi. Odamliqal’a devorlari tagiga – pana joyga bazo’r yetib oldik. Ichadigan suvimiz tamom bo’lgan bo’lsa-da, biz ishni to’xtatib o’tirmasdan, bo’ron biroz tinchigan vaqtdan foydalanib, qal’ani o’lchadik va suratga oldik. YE.A Polyakovni shamol yiqitib ketishidan qo’rqib, devor panasida, burchakka berkinib olib, yovuz niyatli odam kabi, apparati bilan qal’aning markaziy burjini mo’ljalga olib turgan paytini unutish qiyin. Ehtimol, biz ham Sansizboy O’rumov bilan shamol va qum qarshiligini yengib, ruletkaning shamol tortqilayotgan lentasini mahkam ushlagancha, Yuriy Olesha ertagining qahramonlaridan biri singari, “osmonga uchib ketay” deb burjga qoqilib-suqilib chiqayotganimizda antiqa ko’rinishga ega bo’lgandirmiz”. (S.P.Tolstov “Xorazm sivilizatsiyasini izlab”,T. “Yangi asr avlodi” nashriyoti, 2014 y 47-48 betlar)

Xuddi shunday, qadim Xorazm tarixiga oshufta ko’ngil Ziyo Bunyodovdir. U jahon urushidan keyin, 1946 yildan, Moskvadagi Narimonov nomli sharqshunoslik instituti talabalik davrlaridanoq, qadim Xorazm tarixiga, mo’g’ullar istilosiyu, mard Jaloliddin Manguburdi hayoti bilan qiziqib, turli manbalardan materiallar yig’a boshlaydi. Shahobuddin Muhammad an-Nasaviyning “Siyrat ul-sulton Jaloliddin Mengburni” (“Sulton Jaloliddi Mengburnining ichki dunyosi”) asarini arabchadan ruschaga tarjima qiladi. Shu-shu olimning hayoti hamda ilmiy ishlari Xorazmning olis va yaqin tarixi bilan bog’lanib qoladi. Yillar o’tib,. Z.Bunyodov qilgan buyuk xizmatlari uchun Xorazm xalqining ardoqli farzandiga, Urganch shahrining faxriy fuqarosi bo’lish sharafiga muyassar bo’ladi.

Ma’lumingizkim, Arabmuhammadxonning o’g’li Xiva hukmdori Abulg’ozi Bahodirxon 1645 yillari Xorazm viloyatining hozirgi markazi Urganch shahriga asos soladi. Bu shaharga Ko’hna Urganch aholisining bir qismini ko’chirib keltiradi va 1647-48 yillarda Urganch shahar bo’lib shakllanadi. Mazkur voqea bilan bog’liq Abulg’ozi Bahodirxon obrazini keyinlarda, Navro’z umumxalq bayrami sahnida gavdalantirgan edik. Abulg’oziy Bahodirxon monologi mana shunday yangragan edi:

– Davrlar to’foni, zamonlar salosilida ne-ne hodisotu, ne-ne voqeot sodir bo’lmadikim, bunga tarix guvohdur. Menkim, Abulg’oziy Bahodirxon, tarix raqam qilurmankim, men tug’ilmasdan 30 yil burun, ya’nikim. 1573 lanji yili qadim Jayxun – Amu daryo suvi Xost Kanorasining yuqorisini Qora ayg’ir to’qay derlar, ul yerdan yo’l yasab, Tuk qal’asina borib, Sir dengiziga quygan erkondir. Ul sababdin qadim mashhuri ma’vo Gurganj cho’l bo’libdur.

Ollohning karami-yu, madadi birlan Xivaq taxtig’a mutamakin o’lg’onimdin 1 yil o’tub, 1645 lanji yili Amu daryo kanorasig’a qarib ul-qarin ushbu toza Urganj shahrina asos soldim. Tokim, bu qasri mulk mamlakatimiz ravnaqig’a sarzamin, mudofaasig’a rusti istehkom, savdosig’a arfa’i darajot bo’lg’ay!Va yana ahdimiz: qadim Gurganjdin bu toza Urganchga shaharsozliq ilmig’a vobasta aholini ko’chirib keltirishni say’ qildukkim, aladdavom, bul Urganj aning shuhratig’a monand, balki undan-da volo poya bo’lg’ay!

Baxti xush aziz avlodim! Mening nomim ila bog’liq bul mukarramai masnadi ma’vo Urganjning dovrug’i dunyo borki toabad dovruqi davron, jahon ko’rkida zebu muzayyan, avlodlar baxtiga muttako bo’lg’ay! Omin!

Xullasi kalom, keyinlarda Urganch shahar hokimi (1992-1998 yillar) bo’lib ishlagan Rustam Sultonov, o’sha 1988 yili, shaharning mafkuraviy tashkilotning rahbari edi. U shaharning 340 yilligini keng nishonlash uchun hamishagi shiddatli, dalerona xatti-harakati bilan keng ko’lamda tayyorgarlik ishlarini boshlab yuboradi. Toshkentdan, Moskvadan, qo’shni viloyatlardan tarixchi olimlar taklif qilinishi ko’zda tutiladi.

Lekin viloyat rahbarining rus millatiga mansub birinchi o’rinbosari, o’zi xon, ko’lankasi maydon Netyago degan shaxs shaharning 340 yilligini o’tkazishga tish-tirnog’i bilan qarshi chiqadi. U Rustam Sultonovni kabinetiga oldirib dag’dag’a qiladi:
– Sen viloyat rahbarlarining ruxsatisiz, o’zboshimchalik bilan Xiva xonini ulug’lamoqchimisan?!
– Men xonni emas, Urganch shahrining 340 yilligini o’tkazmoqchiman. Shahar ispolkomi bilan qo’shma qaror qabul qilganmiz.
– He! Qaror? Shahar qarori bilan tantanali yubiley o’tkazmoqchimisan? Bekorlarni aytibsan! O’tkazmaysan, tamom vassalom!

Bu suhbatda qatnashayotgan o’sha paytdagi boobro’ sanalmish, viloyat rahbarining qishloq xo’jaligi bo’yicha o’rinbosari G’ayrat Masharipov ham, viloyat rahbarining mafkura bo’yicha o’rinbosari Erkin Rahmonov ham churq etib og’iz ochishmaydi. Lekin ancha ishni bajarib qo’ygan Rustam Sultonov:
– O’rtoq Netyago, Nega Moskva shahrining qoq markazida Yuriy Dolgorukiyning haykali turibdi? U bor-yo’g’i Moskva shahrining meri bo’lgan va u ishlagan davrda Moskva shahar bo’lib shakllangan. Abulg’ozi esa, shahrimizga asos solgan. Xuddi Pyotr I, Peterburgga asos solganday…

Netyago uning so’zini keskin bo’ldi:
– Tenglashtirgan odamingni qara! Kulgimni qistama! Yubiley o’tkazishingga men ruxsat qilmayman!
Hamisha unga maslakdoshlik qilib kelishayotgan G’ayrat aka, Erkin akalarning Netyagoning o’jarligiga bir og’iz gap aytmay, loqayd turishlari uni yanada qat’iylikka undadi.
– Shaharning 340 yilligiga juda ko’p mehmonlarni taklif qilganmiz. Moskvadan akademik Fedoseev, Ojarboyjondan “Xorazmshohlar — Anushteginiylar davlati” kitobini yozgan akademik Ziyo Bunyodov va boshqalar…

Netyago yana uning so’zini bo’ldi:
– Meni kimlar kelishi qiziqtirmaydi, sen o’zboshimchalik bilan o’tkazmoqchi bo’lgan anjuman o’tkazmasligi qiziqtiradi, tushundingmi? O’tkazmaysan! Agar o’tkazsang partiyadan o’chiraman, ishdan olaman! Gap tamom!
Rustam aka endi haqiqiy vatanparvarlik to’nini kiyadi.

– Avvalambor, siz partiyadan o’chirolmaysiz. Meni boshlang’ich partiya tashkiloti, partiya plenumi, konferentsiyasi o’chiradi. Qolaversa, meni, shu tantanali yubileydan keyin ishdan olavering!

Rustam aka o’zining hayotiga bolta urilishi mumkin bo’lgan hukmni qanday jasorat bilan aytgan bo’lsa, shunday shiddatli holatda chiqib ketadi. U na muovinlariga, na shahar ispolkom rahbarlariga Netyago bilan bo’lgan keskin suhbat haqida og’iz ochmay, tayyorgarlik ishlarini davom qildiraverdi. Uning ustiga viloyatning birinchi rahbari bilan ham munosabatlari tarang. Lekin, Rustam Sultonov orqaga qaytadigan insonlardan emas. Uning yodiga 1981 yilda, u shahar ispolkomining raisi bo’lib ishlayotganda, Urganch shahri uch kunlik uzluksiz yoqqan yomg’ir natijasida talofat ko’rgan ikki yarim ming uyni yiqish bo’yicha qabul qilingan, tasdiqlatish uchun viloyat ispolkomiga birilgan qarorni viloyat ispolkom raisi maqullamadi, biroq ikki-uch kundan keyin viloyat mafkuraviy idorasida bo’lib o’tgan majlisdan keyin viloyat ispolkomi shahar qo’shma qarorini tasdiqlab berganini yashin tezligida xayolidan o’tkazdi va Rustam aka chinakam ish jarayoni shtabini tuzib, shaharni qayta qurilishiga bosh-qosh bo’ldi. Ana shu jasoratining o’ziyoq unga shahar markazida haykal qo’yilishiga asos bo’lguvisi edi. 340 yildan keyin Abulg’ozixonga haykal qo’yilgandek, vaqti kelib, yillar o’tib, shunday ham bo’lsa ne ajab…

Alqissa, 1988 yili 1 sentyabr kuni Ogahiy nomidagi musiqali drama teatrida Urganch shahrining 340 yilligi munosabati katta tantanali anjuman o’tkazildi. Viloyat rahbari rahbari biryonda Moskva-yu, Ozarboyjon, Toshkentu, Buxoro Qoraqalpog’iston, Toshhovuzdan ko’pgina mehmonlar tashrif buyurayotganini eshitib, ikkinchi tomondan G’ayrat aka Rustam akaning iltimosini yotig’i bilan tushuntirgach, shahar rahbariyati tomonidan tayyorlangan ma’ruza tekstini oldirib, majlisga qatnashdi va ma’ruza qildi. Ana shu bayromana anjumanda Ziyo Bunyodov shaharning faxriy fuqarosi deb e’lon qilindi.

1992 yili O’zbekiston Yozuvchilarining “Do’rmon” ijod uyida Ziyo aka bilan uchrashgan chog’imizda, u kishi menga O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi qoshidagi Orolni va Orolbo’yini asrash qo’mitasi raisi, professor Pirmat Shermuhamedovning taklifiga ko’ra 1987 yilda Xorazmda, Orol bo’yi mintaqasida, Mo’noq, Qo’ng’irot, Kegeyli, Chimboy, Nukusda bo’lganini, muloqotlarni dardchil ohangda so’zladi. Men u faxriy fuqarosi bo’lgan Urganch to’g’risida qoniqish bilan gapirdim, ammo Rustam aka bilan hamfikr, do’st bo’lganimiz bois ipidan-ignasigacha biladigan sahna orti gaplar borasida og’iz ochmadim.

Ziyo aka birdan ochilishib ketdi va maroq bilan Urganch shahri, Rustam Sultonovni eslab, urganchliklarning ko’rsatgan hurmat-e’tiboriga tashakkur bildirdi. Hozirda shahar hokimi bo’lib ishlayotgan Rustam aka tashabbusi bilan haykaltarosh Shuhrat Usmonov yaratgan Abulg’ozining ot yetaklagan o’ychan haykali borasida gapirdim..Suhbatimiz nihoyasida Ziyo aka “Xorazmshohlar – Anushteginiylar davlati” kitobiga dastxat yozib berdi. O’sha uchrshuvimiz hech yodimdan ko’tarilmaydi. Tolmas ijodkor Ziyo akaning o’sha kuni Urganch fuqaroligi, Abulg’ozixon haykali to’g’risidagi gapimdan keyin charaqlab ketgan yuz-ko’zlari, o’zga bir mehrli nigohi to hanuz ko’zim o’ngida. Yurtimiz birodari, shahrimizning faxriy fuqarosi bo’lgan Ziyovuddin Muso o’g’li Bunyodov nomi mamlakatimizning, xorazmliklarning hamisha qalbida yashab qolg’usidir.

Umid Bekmuhammadning Xorazm tarixini tadqiq qilgan muarrixlarning asarlarini qayta nashr etdirayotgani, V.Bartol`d, YA.G’ulomov, A.Freyman, B.Grekov, A.Yakubovskiy, Z.Bunyodovlarning ham voha tarixiga doir asarlarini chop etishga hozirlayotganini ko’rib,uni o’sha allomalarning izdoshi deya baralla aytsam bo’ladi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 780, bugungi 1)

Izoh qoldiring