Muhabbat haqida she’rlar (2)

06     Хуршид Давронда мисралардан жамалаклар тақиб, сатрлардан кўйлак кийган қизу аёллар қувонарли даражада кўп. Улар кўпроқ тасаввурдаги, олдин хаёлимизда туғилиб, кейин шеърларда акс этган вазмин ва гўзал аёллардир. Улар бизга ягона имконият – ўзларини севиш имкониятини беришади. Шоир биринчи “Қадрдон қуёш” тўпламида аёлнинг ботиний гўзаллигини тасвирлашга уринган. “У аёлнинг қўллари дағал…” шеъри бор. Унда нафосат ожиз, мададсиз — ҳимоясиз тушунилмаган ва киши кўнглини ғашлик қафасига соладиган, ҳеч бўлмаса унга ачиниш ҳам уйғота олмайдиган даражада ёқимсиз, шафқатдан ҳам паст бўлиб қолган эди. Ундаги гўзаллик фақат баён ҳолатда ҳаракатсиз, бинобарин самара бериш ўрнига ўзи қандайдир шубҳали ғайри натижа сифатида кўринган эди.
Ушбу тўпламдаги “Тунда силкитаркан дарахтни шамол…” шеърида эса гўзаллик ҳаракатга кўчади, бошқа ҳаракатларга туртки беради: натижада нафис – гўзалликдаги ҳаракат ва ҳаракатдаги гўзаллик мувозанати ҳосил бўлади. Бу нафосат бевосита қудратга, тараққиётга асосланган. У яратади ва шу бунёдкорлик асосида ўзига, ўзининг мангулигига изоҳ беради, моддийлашади. Ушбу шеърни, китобдаги энг гўзал шеърни тўлиқ келтирамиз:

Тунда силктаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркам маҳзун букчайиб,
Дарахтзор қошига келар бир аёл
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.

У гуллар сочгди ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар.
У куйлай бошласа гулларнп тишлаб
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.

Биз кўпинча нарсалар ёки воқеа-вазиятларни уларнинг аксига қиёслаб баҳолаймиз.Юқоридаги шеърда эса гўзалликни қиёслайдиган,унинг акси бўлган бирдан-бир нарса борки,у ҳам бўлса фақат гўзалликдир.Бунда нафосат ўзини нафосат орқалигина ҳис қилади.Ана шу хислатларни ўзида жамлаган бу шеър беҳудуд оламни ҳисларда янада чексизлантиради,уфқни яна бир бор уфқ қадар нарига суради, коинотнинг марказини юрагимизга кўчириб келгандай бўлади.
Хуршид Давроннинг “Севдим гулу аёлларни мен” демаслиги самимиятдан бўлмас эди (Баҳодир Содиқнинг “Тушларга сиғмаган Ватан” мақоласидан парча).

Хуршид Даврон
МУҲАББАТ ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
027

ҚИЗ ВА ШАМОЛ ҲАҚИДА ЭРТАК

Дардларимдай узун кўчани
Оёқларинг саси ўпади.
Ухлаб қолган ойдин кўчани
Уйғотади сочларинг ҳиди.
Узоқлардан сенга изма-из
Ошиқ шамол эргашиб келар,
Ёлворади у сенга унсиз,
Ёлворади тунги майсалар.
Кўзларингга ой боқар қониб,
Кўзларинг ой нуридай тоза.
Мана келдинг —
Бўғилиб, ёниб,
Сени ютар кўҳна дарвоза.
Шамол эса кўчада қолар,
Қилт этмайди,қанотлари тинч.
Парча-парча бўлиб синади
У кўтариб югурган севинч.
Ва лабдаги бўса ҳидидан
Маст бўлганча чайқалиб беҳол,
Қайрағочга кўксини босиб,
Тўлиб-тўлиб йиғлайди шамол.

ТУНДА СИЛКИТАРКАН ДАРАХТНИ ШАМОЛ…

Тунда силкитаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркан маҳзун, букчайиб.
Дарахтзор қўнига кирар бир аёл,
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.

У гуллар сочади ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар.
У куйлай бошласа,гулларни тишлаб,
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.

МЕН СЕВАМАН…

— Мен севаман, — шивирлар аёл, —
кирларингни ювиб бераман,
дазмоллайман кўйлакларингни
сени қучган қўлларим билан.

Фақат бир кун ёнингда ётиб
жилмайганча шивирласам бас:
ЪЮрагимнинг остида кимдир
худди сендек олмоқда нафасъ.

ДАРЁ ЙЎҚДИР СОЧИНГДАН БОШҚА…

Дарё йўқдир сочингдан бошқа,
Тўлқинида оқай десам.
Кўзингдан бошқа юлдуз йўқ,
Қарай десам,боқай десам.
Исмингдан бошқа бир сўз йўқ,
Айтай десам, тўяй десам.
Кўзингдан бошқа юлдуз йўқ,
Оловида куяй десам.

Меҳрингдан бошқа кундуз йўқ,
Суякларим тоблай десам.
Кўзингдан бошқа юлдуз йўқ,
Ўзга йўлдан кетай десам.

ЭРТАКНИНГ ДАВОМИ

Қиз сочида шамол ҳайқирар,
Гувлар шамол каби қиз сочи.
Йўл тугару уйига кирар
Қиз зангори эшикни очиб.
Остонада қоладо шамол,
Чекинади уфққа кундуз.
Пахса деворларни қучоқлаб
Йиғлар шамол кўчада унсиз
Ва шамолни дарахт шохлари
Олар экан тинч қучоғига,
Сочилади куз япроқлари
Қиз ухлаган уй равоғига.
Қари дарахт ҳеч чидаёлмай
Деразадан мўралар маюс.
Хазонларин шамолга бериб
Остонада турар сарсон куз.

Қуюқлашиб бораркан майдай
Қора туннинг қора бўёғи,
Қиз чойшабга ўранган пайтда
Тиниб қолар кузакнинг боғи.
Бу сукунат фароғатидан
Қиз киприги юмилгач аста,
Қиз сочини соғинган шамол
Деразани очар оҳиста
Ва тилларанг хазонлар сочиб,
Боқмай ойнинг нур ўйинига,
Қордек оппоқ чойшабни очиб,
Кирар ойдек қизнинг қўйнига…

РЎМОЛ ЎРАБ КЎЧАГА ЧИҚДИ…

Рўмол ўраб кўчага чиқди,
Рўмолини эчди кўчада
Ва сочлари бирдан шовиллаб
Оқиб кетди елкаларидан.

Жуда гўзал аёл эди у!
Қаландардай эргашди ҳилол…

СИЗ ЎШАМУ?

Юлдузим деб,излаганим,
Армонларда бўзлаганим,
Кеча-кундуз сўзлаганим —
Сиз ўшаму,сиз ўшаму?

Олислардан топмаганим,
Аммо асло тонмаганим,
Ўйлаб-ўйлаб қонмаганим —
Сиз ўшаму,сиз ўшаму?

Тушларимга кириб юрган,
Юлдузлардай ёниб турган,
Мени ўйлаб хаёл сурган
Сиз ўшаму,сиз ўшаму?

Қолманг дейман заволимга,
Жамолингиз хаёлимда,
Дилим дарди саволимда,
Сиз ўшаму,сиз ўшаму?

Пешонамга тақдир битган,
Юрагимни абгор этган,
Отабегим дея кутган
Сиз ўшаму,сиз ўшаму?

Бир бор кўриб,ўлай дейман,
Кулгичига тўяй дейман,
Кўксига бош қўяй дейман,
Сиз ўшаму,сиз ўшаму?

СЕВГИ ГУЛИ

Бу дунё ёлғон дунё,
Кўплардан қолғон дунё,
Бамисли сопқон дунё,
Фақат севги ўлмагай,
Севги гули сўлмагай.

Мен устунман деганлар,
Тоғни ошаб еганлар,
Ўтар,қайтиб келмагай —
Фақат севги ўлмагай.
Севги гули сўлмагай.

Ўтар шоҳу қайсар ҳам,
Мол-дунёдан мастлар ҳам,
Баландлару пастлар ҳам —
Фақат севги ўлмагай,
Севги гули сўлмагай.

* * *

Шоҳимардон тоғларида қор эримас,
Соғинганда юраклардан зор аримас,
Муҳаббатни қадрласанг,ёр қаримас,
Бу дунёда сендан ўзга ёрим йўқдир.

Худди ойдай сен танҳосан осмонларда,
Мен бундаман,сен Кўҳи Қоф томонларда,
Рангу рўйим сарғайди-ку самонлардай,
Бу дунёда сендан ўзга ёрим йўқдур.

Сочларингни дил торига бойлаб қўйдим,
Йўлларингни қароқчидай пойлаб юрдим,
Бир кўрай деб остонангда ойлаб юрдим,
Бу дунёда сендан ўзга ёрим йўқдур.

«Севги ёлғон» деган сўзнинг ўзи ёлғон,
Севги ,ахир,Тоҳирлардан бизга қолғон,
Сенинг билан асал эрур ҳатто ёвғон,
Бу дунёда сендан ўзга ёрим йўқдур.

КЕЛМАДИНГИЗ

Қалдирғочнинг қанотиму қошларингиз,
Ўн олтиму,ўн йеттими ёшларингиз,
Нигоҳ ташланг,кўтарибон бошларингиз,
Келмадингиз ҳолим сўраб бирор бора ,
Келмадингиз,келмадингиз,келмадингиз.

Ойлар кутдим,кунлар кутдим,зор-зор кутдим,
Бу дунёни,у дунёни мен унутдим,
Юрагимни олма мисол сизга тутдим,
Келмадингиз ҳолим сўраб бирор бора —
Келмадингиз,келмадингиз,келмадингиз.

Рўзи маҳшар исмингизни айтиб турай,
Ўшангача кўчангиздан ўтиб турай,
Сиз унутган райҳон шохин ўпиб юрай,
Келмадингиз ҳолим сўраб бирор бора —
Келмадингиз,келмадингиз,келмадингиз.

* * *

Кипригинг найзасидан
Қонларим оқди маним,
Кўзларинг ғамзасидан
Сенга дўст бўлди ғаним.

Сенга дўст бўлган ғаним
Масхара айлар мани,
Тушларимда кўрганим —
Кўзларинг қийнар мани.

Кўзларинг қийнар мани,
Сўзларинг қийнар мани,
Ўзга ёр йўлдоши ул
Изларинг қийнар мани.

Кўкси дог лоладайин
Дил ичи тим қорадур,
Тим қаро ҳасрат аро
Севдигим оворадур.

* * *

Сўзим кўпу айтай десам,
Йўқдир сенга сўзим энди.
Икки қадам,уч қадаммас,
Орамиз хўб узун энди.

Шамолларга сирим очдим,
Тошга дўнди шамоллар ҳам,
Хаёлларга сирим очдим,
Ёшга чўмди шамоллар ҳам.

Сен ёқларга бегонаман,
Бегонадир изим энди.

Икки қадам,уч қадаммас,
Орамиз хўб узун энди.
Сени излаб тополмаган
Нигоҳларим маҳзун энди.

Баҳор келмас,хазон сўлмас,
Юлдуз сўнмас самоларда.
Вожиб бўлмас — умид йўқдир
Биз бўзлаган дуоларда.

Сўзим кўпу айтай десам,
Йўқдир сенга сўзим энди.
«Мен севаман» деган сўздек,
Орамиз хўб узун энди.

* * *

Чечаклар ниш урган баҳорий чоғлар,
Шамол ила кетар,баҳор тўхтамас,
Кўзларни яшнатиб гуллаган боғлар,
Сарғайиб тўкилар,зинҳор тўхтамас.
Фақат юракларда муҳаббат сўлмас,
Муҳаббат ўлмагай,муҳаббат ўлмас.

Сочларнинг қорасин қорлар кўмади,
Ойдек чеҳраларга ажин қўнади,
Ҳатто юлдузлар ҳам бир кун сўнади,
«Ёр-ёр» тўхтамайди,алёр тўхтамас.
Фақат юракларда муҳаббат сўлмас,
Муҳаббат ўлмагай,муҳаббат ўлмас.

Кун келиб қулайди адил чинорлар,
Нурайди осмонга тиргак минорлар,
Қон бўлиб цингади йерга анорлар,
Ватан деган азиз диёр тўхтамас.
Фақат юракларда муҳаббат сўлмас,
Муҳаббат ўлмагай,муҳаббат ўлмас.

Боболар кетдилар,биз ҳам кетамиз,
Биз ҳам олисларга бир кун йетамиз,
«Умр бевафо» деб имдод этамиз,
Умр тўхтаса-да,баҳор тўхтамас.
Фақат юракларда муҳаббат сўлмас,
Муҳаббат ўлмагай,муҳаббат ўлмас.

077    Xurshid Davronda misralardan jamalaklar taqib, satrlardan ko’ylak kiygan qizu ayollar quvonarli darajada ko’p. Ular ko’proq tasavvurdagi, oldin xayolimizda tug’ilib, keyin she’rlarda aks etgan vazmin va go’zal ayollardir. Ular bizga yagona imkoniyat – o’zlarini sevish imkoniyatini berishadi. Shoir birinchi “Qadrdon quyosh” to’plamida ayolning botiniy go’zalligini tasvirlashga uringan. “U ayolning qo’llari dag’al…” she’ri bor. Unda nafosat ojiz, madadsiz — himoyasiz tushunilmagan va kishi ko’nglini g’ashlik qafasiga soladigan, hech bo’lmasa unga achinish ham uyg’ota olmaydigan darajada yoqimsiz, shafqatdan ham past bo’lib qolgan edi. Undagi go’zallik faqat bayon holatda harakatsiz, binobarin samara berish o’rniga o’zi qandaydir shubhali g’ayri natija sifatida ko’ringan edi.
Ushbu to’plamdagi “Tunda silkitarkan daraxtni shamol…” she’rida esa go’zallik harakatga ko’chadi, boshqa harakatlarga turtki beradi: natijada nafis – go’zallikdagi harakat va harakatdagi go’zallik muvozanati hosil bo’ladi. Bu nafosat bevosita qudratga, taraqqiyotga asoslangan. U yaratadi va shu bunyodkorlik
asosida o’ziga, o’zining manguligiga izoh beradi, moddiylashadi. Ushbu she’rni, kitobdagi eng go’zal she’rni to’liq keltiramiz:

Tunda silktarkan daraxtni shamol,
Daraxtlar titrarkam mahzun bukchayib,
Daraxtzor qoshiga kelar bir ayol
Nozik oyoqlarin shabnamga chayib.

U gullar sochgdi hovuch-hovuchlab,
Hayratga to’ladi armonli bog’lar.
U kuylay boshlasa gullarnp tishlab
Uyg’ona boshlaydi qurigan shoxlar.

Biz ko’pincha narsalar yoki voqea-vaziyatlarni ularning aksiga qiyoslab baholaymiz.Yuqoridagi she’rda esa go’zallikni qiyoslaydigan,uning aksi bo’lgan birdan-bir narsa borki,u ham bo’lsa faqat go’zallikdir.Bunda nafosat o’zini nafosat orqaligina his qiladi.Ana shu xislatlarni o’zida jamlagan bu she’r behudud olamni hislarda yanada cheksizlantiradi,ufqni yana bir bor ufq qadar nariga suradi, koinotning markazini yuragimizga ko’chirib kelganday bo’ladi.
Xurshid Davronning “Sevdim gulu ayollarni men” demasligi samimiyatdan bo’lmas edi (Bahodir Sodiqning “Tushlarga sig’magan Vatan” maqolasidan parcha).

Xurshid Davron
MUHABBAT HAQIDA SHE’RLAR
02

QIZ VA SHAMOL HAQIDA ERTAK

Dardlarimday uzun ko’chani
Oyoqlaring sasi o’padi.
Uxlab qolgan oydin ko’chani
Uyg’otadi sochlaring hidi.
Uzoqlardan senga izma-iz
Oshiq shamol ergashib kelar,
Yolvoradi u senga unsiz,
Yolvoradi tungi maysalar.
Ko’zlaringga oy boqar qonib,
Ko’zlaring oy nuriday toza.
Mana kelding —
Bo’g’ilib, yonib,
Seni yutar ko’hna darvoza.
Shamol esa ko’chada qolar,
Qilt etmaydi,qanotlari tinch.
Parcha-parcha bo’lib sinadi
U ko’tarib yugurgan sevinch.
Va labdagi bo’sa hididan
Mast bo’lgancha chayqalib behol,
Qayrag’ochga ko’ksini bosib,
To’lib-to’lib yig’laydi shamol.

TUNDA SILKITARKAN DARAXTNI SHAMOL…

Tunda silkitarkan daraxtni shamol,
Daraxtlar titrarkan mahzun, bukchayib.
Daraxtzor qo’niga kirar bir ayol,
Nozik oyoqlarin shabnamga chayib.

U gullar sochadi hovuch-hovuchlab,
Hayratga to’ladi armonli bog’lar.
U kuylay boshlasa,gullarni tishlab,
Uyg’ona boshlaydi qurigan shoxlar.

MEN SEVAMAN…

— Men sevaman, — shivirlar ayol, —
kirlaringni yuvib beraman,
dazmollayman ko’ylaklaringni
seni quchgan qo’llarim bilan.

Faqat bir kun yoningda yotib
jilmaygancha shivirlasam bas:
‘Yuragimning ostida kimdir
xuddi sendek olmoqda nafas’.

DARYO YO’QDIR SOCHINGDAN BOSHQA…

Daryo yo’qdir sochingdan boshqa,
To’lqinida oqay desam.
Ko’zingdan boshqa yulduz yo’q,
Qaray desam,boqay desam.
Ismingdan boshqa bir so’z yo’q,
Aytay desam, to’yay desam.
Ko’zingdan boshqa yulduz yo’q,
Olovida kuyay desam.

Mehringdan boshqa kunduz yo’q,
Suyaklarim toblay desam.
Ko’zingdan boshqa yulduz yo’q,
O’zga yo’ldan ketay desam.

ERTAKNING DAVOMI

Qiz sochida shamol hayqirar,
Guvlar shamol kabi qiz sochi.
Yo’l tugaru uyiga kirar
Qiz zangori eshikni ochib.
Ostonada qolado shamol,
Chekinadi ufqqa kunduz.
Paxsa devorlarni quchoqlab
Yig’lar shamol ko’chada unsiz
Va shamolni daraxt shoxlari
Olar ekan tinch quchog’iga,
Sochiladi kuz yaproqlari
Qiz uxlagan uy ravog’iga.
Qari daraxt hech chidayolmay
Derazadan mo’ralar mayus.
Xazonlarin shamolga berib
Ostonada turar sarson kuz.

Quyuqlashib borarkan mayday
Qora tunning qora bo’yog’i,
Qiz choyshabga o’rangan paytda
Tinib qolar kuzakning bog’i.
Bu sukunat farog’atidan
Qiz kiprigi yumilgach asta,
Qiz sochini sog’ingan shamol
Derazani ochar ohista
Va tillarang xazonlar sochib,
Boqmay oyning nur o’yiniga,
Qordek oppoq choyshabni ochib,
Kirar oydek qizning qo’yniga…

RO’MOL O’RAB KO’CHAGA CHIQDI…

Ro’mol o’rab ko’chaga chiqdi,
Ro’molini echdi ko’chada
Va sochlari birdan shovillab
Oqib ketdi yelkalaridan.

Juda go’zal ayol edi u!
Qalandarday ergashdi hilol…

SIZ O`SHAMU?

Yulduzim dеb,izlaganim,
Armonlarda bo`zlaganim,
Kеcha-kunduz so`zlaganim —
Siz o`shamu,siz o`shamu?

Olislardan topmaganim,
Ammo aslo tonmaganim,
O`ylab-o`ylab qonmaganim —
Siz o`shamu,siz o`shamu?

Tushlarimga kirib yurgan,
Yulduzlarday yonib turgan,
Mеni o`ylab xayol surgan
Siz o`shamu,siz o`shamu?

Qolmang dеyman zavolimga,
Jamolingiz xayolimda,
Dilim dardi savolimda,
Siz o`shamu,siz o`shamu?

Pеshonamga taqdir bitgan,
Yuragimni abgor etgan,
Otabеgim dеya kutgan
Siz o`shamu,siz o`shamu?

Bir bor ko`rib,o`lay dеyman,
Kulgichiga to`yay dеyman,
Ko`ksiga bosh qo`yay dеyman,
Siz o`shamu,siz o`shamu?

SЕVGI GULI

Bu dunyo yolg’on dunyo,
Ko`plardan qolg’on dunyo,
Bamisli sopqon dunyo,
Faqat sеvgi o`lmagay,
Sеvgi guli so`lmagay.

Mеn ustunman dеganlar,
Tog’ni oshab yеganlar,
O`tar,qaytib kеlmagay —
Faqat sеvgi o`lmagay.
Sеvgi guli so`lmagay.

O`tar shohu qaysar ham,
Mol-dunyodan mastlar ham,
Balandlaru pastlar ham —
Faqat sеvgi o`lmagay,
Sеvgi guli so`lmagay.

* * *

Shohimardon tog’larida qor erimas,
Cog’inganda yuraklardan zor arimas,
Muhabbatni qadrlasang,yor qarimas,
Bu dunyoda sеndan o`zga yorim yo`qdir.

Xuddi oyday sеn tanhosan  osmonlarda,
Mеn bundaman,sеn Ko`hi Qof tomonlarda,
Rangu ro`yim sarg’aydi-ku samonlarday,
Bu dunyoda sеndan o`zga yorim yo`qdur.

Sochlaringni dil toriga boylab qo`ydim,
Yo`llaringni qaroqchiday poylab yurdim,
Bir ko`ray dеb ostonangda oylab yurdim,
Bu dunyoda sеndan o`zga yorim yo`qdur.

«Sеvgi yolg’on» dеgan so`zning o`zi yolg’on,
Sеvgi ,axir,Tohirlardan bizga qolg’on,
Sеning bilan asal erur hatto yovg’on,
Bu dunyoda sеndan o`zga yorim yo`qdur.

KЕLMADINGIZ

Qaldirg’ochning qanotimu qoshlaringiz,
O`n oltimu,o`n yеttimi yoshlaringiz,
Nigoh tashlang,ko`taribon boshlaringiz,
Kеlmadingiz holim so`rab biror bora ,
Kеlmadingiz,kеlmadingiz,kеlmadingiz.

Oylar kutdim,kunlar kutdim,zor-zor kutdim,
Bu dunyoni,u dunyoni mеn unutdim,
Yuragimni olma misol sizga tutdim,
Kеlmadingiz holim so`rab biror bora —
Kеlmadingiz,kеlmadingiz,kеlmadingiz.

Ro`zi mahshar ismingizni aytib turay,
O`shangacha ko`changizdan o`tib turay,
Siz unutgan rayhon shoxin o`pib yuray,
Kеlmadingiz holim so`rab biror bora —
Kеlmadingiz,kеlmadingiz,kеlmadingiz.

* * *

Kipriging nayzasidan
Qonlarim oqdi manim,
Ko`zlaring g’amzasidan
Sеnga do`st bo`ldi g’anim.

Sеnga do`st bo`lgan g’anim
Masxara aylar mani,
Tushlarimda ko`rganim —
Ko`zlaring qiynar mani.

Ko`zlaring qiynar mani,
So`zlaring qiynar mani,
O`zga yor yo`ldoshi ul
Izlaring qiynar mani.

Ko`ksi dog loladayin
Dil ichi tim qoradur,
Tim qaro hasrat aro
Sеvdigim ovoradur.

* * *

So`zim ko`pu aytay dеsam,
Yo`qdir sеnga so`zim endi.
Ikki qadam,uch qadammas,
Oramiz xo`b uzun endi.

Shamollarga sirim ochdim,
Toshga do`ndi shamollar ham,
Xayollarga sirim ochdim,
Yoshga cho`mdi shamollar ham.

Sеn yoqlarga bеgonaman,
Bеgonadir izim endi.

Ikki qadam,uch qadammas,
Oramiz xo`b uzun endi.
Sеni izlab topolmagan
Nigohlarim mahzun endi.

Bahor kеlmas,xazon so`lmas,
Yulduz so`nmas samolarda.
Vojib bo`lmas — umid yo`qdir
Biz bo`zlagan duolarda.

So`zim ko`pu aytay dеsam,
Yo`qdir sеnga so`zim endi.
«Mеn sеvaman» dеgan so`zdеk,
Oramiz xo`b uzun endi.

* * *

Chеchaklar nish urgan bahoriy chog’lar,
Shamol ila kеtar,bahor to`xtamas,
Ko`zlarni yashnatib gullagan bog’lar,
Sarg’ayib to`kilar,zinhor to`xtamas.
Faqat yuraklarda muhabbat so`lmas,
Muhabbat o`lmagay,muhabbat o`lmas.

Sochlarning qorasin qorlar ko`madi,
Oydеk chеhralarga ajin qo`nadi,
Hatto yulduzlar ham bir kun so`nadi,
«Yor-yor» to`xtamaydi,alyor to`xtamas.
Faqat yuraklarda muhabbat so`lmas,
Muhabbat o`lmagay,muhabbat o`lmas.

Kun kеlib qulaydi adil chinorlar,
Nuraydi osmonga tirgak minorlar,
Qon bo`lib singadi yеrga anorlar,
Vatan dеgan aziz diyor to`xtamas.
Faqat yuraklarda muhabbat so`lmas,
Muhabbat o`lmagay,muhabbat o`lmas.

Bobolar kеtdilar,biz ham kеtamiz,
Biz ham olislarga bir kun yеtamiz,
«Umr bеvafo» dеb imdod etamiz,
Umr to`xtasa-da,bahor to`xtamas.
Faqat yuraklarda muhabbat so`lmas,
Muhabbat o`lmagay,muhabbat o`lmas.

044

(Tashriflar: umumiy 4 440, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring