Abdulhamid Ismoil. Jinlar bazmi yoxud katta o’yin. Roman

Ashampoo_Snap_2017.11.05_00h00m48s_006_.png  Ўша йил куз ўзгача чиройда келди. Шаҳар кезиб Кўкчадаги янги тушган трамвай бекатидан ҳувиллаган кўчалар бўйлаб уйга қайтасанми, Самарқанд Дарвозадаги синчу гувала деворлар ортига кўз қирини ташлайсанми, толиқиб ўз боғингга чиқасанми – кўк осмон остида алвон-алвонранглар. Сарғишу-қизғиш барглар негадир бу кузак қовжирамай, шоху-бутоқлардан узилмасдан, гўёки мусаффо ва осуда ҳавода қишларга довур ялт-ялт ҳилпирагусидек. Шундай эса-да, силжимас ҳаводаю қартайган ушуқ қуёшда аллақандай ҳазинлигу аччиқлик, кўзга бўлмаса-да, димоққа сезиларди. Узоқларда ёқилган чўпу хазоннинг элас-элас исимиди бу тахирлик…

Абдулҳамид Исмоил
ЖИНЛАР БАЗМИ
ЁХУД КАТТА ЎЙИН

011

021Таниқли шоир, ёзувчи ва таржимон Абдулҳамид Исмоил 1954 йил 5 май куни Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетинини тугатган.
Дастлабки шеърий тўпламлари «Боғ» (1987), «Чўл» (1990) номлари билан Тошкентда чоп этилган. Кейинчалик «Пост Фаустум» (1990), «Йўқлик китоби» (1992) каби визуал шеърий тўплмлари Москвада чоп этилади. «Ле Вагабонд Фламбоянт» (1993), «Ҳай ибн Яқзон» (2001), «Ўлимга йўл ўлимдан катта» (2005) каби насрий китоблари чоп этилган. Унинг «Мбобо», «Тон Хван», «Икки чол қиссаси», «Муртад», «Вундеркинд Ержан» каби насрий асарлари ҳам мавжуд.
Абдулҳамид Исмоилнинг «Темир йўл» романи Роберт Чандлер томонидан инглиз тилига таржима қилиниб, 2006 йили чоп этилган. У рус ва ғарб адабиётидан ўзбек тилига, ўзбек ва тожик адабиётидан рус ва ғарб тилларига таржималар қилган.
Абдулҳамид Исмоил Буюк Британиянинг «Россика» ва АҚШнинг «Аатсил» мукофотлари ва яна бирқанча танловлар ғолиби бўлган. 30 дан ортиқ китоблари чоп этилган. Бирқанча тилларда ижод қилади (ўзбек, рус, инглиз, француз ва б).

011

Кўнгилдаги муҳаббатнинг учқунин
Хаёлимнинг бир бурчида беркитдим.
Ул учқуннинг кучлигидан сийнамда
Ҳеч тузалмас, оғир яра бор этдим.

Қулоғимга ол бахт, деб эшитилган
Азонларни шайтоний деб ўйладим.
Шунинг учун бахт берган малакка
Турли-туман афсоналар сўйладим.

Сочларини ўйнаб туриб эшитди
Ва дедиким: “Афсоналар беҳуда”.
Бул сўзлари қулоғимга етишди:
“Оқдим, – деди, – қонли, зардобли сувда…”

Оқ-оқ, – деди афсоналар султони, —
Сенинг тахтинг, бахтинг унда кутадир,.
Ул зардобли, қонли сувлар остида
Қора кийган жонинг жилва этадир.

Кет, эй шайтон, босирқадим… қўрқаман;
Кет-кет. Қилич синган, қалқон тешилган.
Кўрасанми? Мен эзилган, ётаман,
Устимга-да бало тоғи йиқилган.

Сўнгги нафас, охирги дам, эй малак,
Кел, бир қара, сўнгра йиқилсун фалак!

Чўлпон

УЛОҚ

Ўша йил куз ўзгача чиройда келди. Шаҳар кезиб Кўкчадаги янги тушган трамвай бекатидан ҳувиллаган кўчалар бўйлаб уйга қайтасанми, Самарқанд Дарвозадаги синчу гувала деворлар ортига кўз қирини ташлайсанми, толиқиб ўз боғингга чиқасанми – кўк осмон остида алвон-алвонранглар. Сарғишу-қизғиш барглар негадир бу кузак қовжирамай, шоху-бутоқлардан узилмасдан, гўёки мусаффо ва осуда ҳавода қишларга довур ялт-ялт ҳилпирагусидек. Шундай эса-да, силжимас ҳаводаю қартайган ушуқ қуёшда аллақандай ҳазинлигу аччиқлик, кўзга бўлмаса-да, димоққа сезиларди. Узоқларда ёқилган чўпу хазоннинг элас-элас исимиди бу тахирлик…

Ким билсин…

Бугунга Абдулла ток кўмишни мўлжаллаган. Барди ўрилиб, ҳув чекароқда увун-тўда ғарамланган. Туновида болалар гулхан ёқиб, бардига ўт қўйиб юборай дейишди. Худо бир асради ўшанда. Ток-қайчи қўлида, Абдулла кенг ишком тагида тураркан, бир-икки ерда истак узилиб, бағозлар бўшаганига кўзитушди-да, бу фавқулодда ҳолни нимага йўйишини билмади: ҳосилнинг мўллигимиёқаровнингозлигимиди боис? Рост-да, бу ёзу бу куз боғига одатдагидек қаролмади, жабр бўлди пояга. Кўнгли алахсиди. Офтобчувоқ кўкламда токни очганидан бери, оламда жинлар базми бошланиб кетгандек. Кўча-кўйда узуккун янграгани — ғат-ғат оркестру “ура”–“ура” ҳайқириқлари. Хадрадан то Ўрдага қадар ҳар бинога сўлақмондек қилиб расмлар осилган. Ерга тиқилган хода борки, устида ранг-баранг байроқ. Кечалари эса ягана кўрган даладек бирма-бир жўралари йўқолади. Бириси куни Ғози Юнус-домланинг беркинавериб,унниққан ўғли Тўлқин, отасининг тилла соатини кўтариб, пул сўраб келибди.

Тунов эса Чўлпоннинг бебаҳра хотини Катя-хоним: “Сиз тавсия хати ёзиб юборинг, сизга ишонишади-ку!” — деб йиғлайди. Кимга ким ишонарди ҳозир?! Кунимиз бетайин, қаттол замонга колиб кетган бўлса. Дала яганаланиб, уватга айлангани йўқ. Ҳазрат айтмиш: “Бешаи Мозандаронга тушти ўт”. Олағовурда ҳўлу қуруқ бир ёняпти. Мана унинг ўзи ҳам эгарланган очаға отдек тайёр турибди. “Чўх!” – дейишса кетади.

Бу маъюс хаёлларда Абдулла токнинг пастқам,олақароқ новдаларини кеса бошлаганини ҳам сезмай қолибди. Аста-секин қийшанғи пояни бутоқлар. Ҳалим-бери чуғурлашиб болалари ҳам ёппасига-қийғос ҳашарга чиқиб келишса ажаб эмас. Афсуски, тўнғичи Ҳабибулла касал бўлиб ётиб қолди, ёнига кириб ишни тезлаштиришармиди. Лўмбиллаган кенжатойи Маъсуд “отам-отам” бўлиб,ўроқдеганда косовни узатса-да, гапга солиб турар. Кенжасини эслаб, Абдулла мийиғида кулиб қўйди. Олам ҳодис, ҳалида нарвонни шитоброқ тиккайтирилган ишкомга қўйса борми, маймунчадек тепасига чиқиб кетади. “Дадачи, дада, чилпиган истакларни мен кесай” — деб боғбон-отачадек хархаша қилади. Майли-да! Қайдам, токларнинг барини бугун кесиб, ётқизиб, қўндоқлаб, барди билан ёпишга улгурмас-ўв! Яна эрта бор, яна Худо хоҳласа индин бор… Токларини кўмар ҳам, совуқлар ҳам ўтар, шовур-шовур ёмғирли кўклам қайтиб, буюрса, пояю бачкилар яна занг отар… Бир — кўмилади, бир — яна ҳеч нарса бўлмагандек, очилади… Адабиёт ҳам шундай эмасми, — деб ўйлади,қаншаридаги бир томчи терни артиб, Абдулла.

Олачалпоқдан кўзлари қамашдими, чунки худди шу пайт кесилган бир новда қўлига илашиб, шапалоқдек баргни ўзи билан ерга тортдию, бояги барг остида яширинган майдагина ғужумча узум очилиб қолди. “Қирмизка-қирмизка!” – деб ўтган йили аллақаердан топиб эккан токи. Бояги шингил ҳам қирмизка номига монанд, узилмай панада ётаверганидан, қип-қирмизи бўлиб етишган, юм-юмалоқ узумчалари ҳам — зўри келса — шабнам томчисидан зиёда эмас, худди ўйинчоқ ғужумнинг ўзгинаси. Юраклари дук-дук урди Абдулланинг. Анчадан бери кўнглига тугиб юрган китоби бор эди: уч подшоҳга хотин бўлган гўзал каниз ҳикояси. Барг остида қизларнинг луччак бетидек қип-қирмизи бўлиб яширинган бу шингилнинг кеч кузда бир куни яланғоч қинғайган новдалар аро тўсатдан муҳайё бўлиши Абдулланинг чигал ўйларини бирдан ёзиб юборгандек эди. “Маъсуд, отам, кела қолинг!” — деб севинчини уй томонга ҳайқирди. Кўнгил қурғур қув-да, ғужум ҳали лиққою тахирлабқолган бўлмасин, — дея, кенжасига илинган шингилнинг энг майда донасини эндигина узун рўзадан чиққан тишига қўйиб эди-ки, безаха узумча тирс этиб, тилни ёрадиган шираю-маза бехосдан Абдулланинг бутун вужудига урди.

Биракайига билди у қандай бошлашини бу қиссани. Шундай ажабтовур қисса бўлсинки, уни ўқиган одам “Ўтган кунлар”ни ҳам “Меҳробдан чаён”ни ҳам унутиб юборсин. Кўча бошидаги Аҳмад Қоридан. “Бадое ул-виқоя” ни олиб ўқиш демаса, Мулло Олим Махдуму Ҳакимхон тўраларни аврасидан астаригача титкилаб чиқди. Манави уйнинг атала-бўтала ишларидан хотиржам бўлиб, бир қиш оёғини сандалга солиб, узлатда ўтирса, қиссани албатта ёзиб битиради…

Лўппи кенжатойи, отаси, Отабеги уйдан чиқавермагач, Абдулла чирсиллатиб, яна бир дона ғойибдан келган қирмизка узумдан еди-да, ғужумчанинг қолдиғини,бежама сифат, қулоқ кетига қистириб, ишга киришди.

Ўша аёз қишнинг 31-нчи декабрь куни, янги 1938-нчи йил арафасида, Абдуллани таъзири билмол қилиб, уйидан қамоққа олиб кетишди…

* * *

Йўқ, у ҳикояни сарғайган барг остида беркиниб, кеч кузга етиб келган хазонак ғужумчадан бошлагани йўқ. Абдулла қиссани улгили улоқдан бошлади. Эмишки Бухоро амири Ҳайдархоннинг иккинчи ўғли Насруллоҳхон Қаршида ҳоким бўлиб ўтирган пайти улоқ томошасини хуш кўрар, мана бу куни ҳам ўзининг эндигина совутилган тўриқ айғирига миниб, шаҳар четидаги сайҳонга кириб борарди. Отлар ичида Насруллоҳхон тўриқларини хушлар, балки сағрисига қамчи урганда, ё сонини қилич тилганда сизган қон кўзга ташланмаганлиги учунми. Ҳокимни аъёнлари билан кўрган оломон ғала-ғовурда такбирлар ҳайқиришга киришар экан, Насруллоҳхон ўзининг бедав тўриғига кўз қирини ташлаб қўйди: отмисан-от-да: ёлларига жажжигина зар қўнғироқлар боғланган, буларнинг ҳар эшитилар-эшитилмас зинғирига тафти совуса-да қони ҳали совумаган айғир сесканиб, зийрак тортади, юганининг юмшоқ қайишга садафлар тақилган, эгарнинг қоши қизил тиллодан, ҳатто тўқими ҳам оқ бўталарнинг юнгидан босилган кигиз… “Ҳа, савил!”, — деб қўяди ҳар бир силкинишига дўлвор гавдали ҳоким. Унинг зарчопонларини айтмайсизми, қараган одамларнинг кўзлари қамашади, айниқса тоза тилло устига от кўзидек гавҳар қўндирилган камар тўқасию бу камарга осилган ғилофу шамшир. Ушбу ерга тўпланган бор авомнинг бисотидан ортиқроқ бўлса бордир. “Ҳай-ҳай, не жавоҳир!” — деб ўйлаб қўяди ўз-ўзидан кўнгли тўлиб Насруллоҳхон.

Мана силлиқ юзлигу, бироқ чап кўзи билан бети аҳён-аҳён учар ёш ҳоким кенг чорпоя капа остига кириб борди-да, эпчил ясовуллардан бири хумоюн тўриқнинг оёғига тушов солди-ю, икки ёндан икки ғулом елпиғичларини кўтаришган эди ҳамки, такбирлар бир зумда тиниб, ўртага баковул ила шаҳар қозиси чиқишди. Қозикалон узундан узоқ қилиб, Қуввати Дин Буҳоро аморотида Иймон сирожини порлоқ тутган Манғит хонаводасию хоссатан ўшал хонавода гавҳари шаҳзода Насруллоҳхон шарафларига дуои саломлар қилиб, ҳоким қамчисини бир силкигачгина, ўртадан ғойиб бўлди-да, баковул нарироқда кишнагану ер тепган асов отларини шайлаб турган чавандозларга қарата ўз йўриқларини ҳайқирди. Якум, — деди, — бир-бирингни қулатмайсан, бир-бирингга қамчи урмайсан, дуввум, — деди, — отларингни бир-бирига тишлатмайсану тепдирмайсан, севум, — деди, -йиқилганни отинг билан депсатмайсан. Чавандозларнинг бари “Балли! Балли!” –деб бу гапларни олқишлаб туришди. Шу пайт қора от минган икки навкар тақимига улоқни босганича, чекадан елдек учиб келишди-да, ҳоким капасининг шундоқ пешида ўн қадамларча нари новвосча келадиган улоқни ерга улоқтиришдию, бир зумга тўхтамай, боди раф-раф бўлиб, оломон томонга ўтиб кетишди.

Баковул томоғини йиртгудек бўлиб: “Улоқ кўтарилди!” — деб буюрди ва дарров ўзини панага тортди. Ана бошланди шунда рўзи маҳшар! Гижинглаб турган отлар чангу-чим кўтариб, дупур-дупурга тушди, авом, тизгини қўйиб юборилгандек, ғалаён кўтарди, узоқроқдаги ўлаксахўр қарғалар жон ҳолатда осмонга қалқишди.

“Ол!” — деди кимдир. “Ёпиш!” — деди бошқаси. “Шошма!”-деди учинчиси. Мингларча одам тўпланган бўла ҳар бири бу жўрга қўшилди, ит эгасини танимай қолди.
Даврага интилган отларнинг пишқиришларидан Насруллоҳхоннинг тўриғи чўчидими, ё қони қўзиб, тушовига қарамасдан юлкинди, тепина бошлади, бироқ “Ё, сабил” –деб жиловни қўлига маҳкам ўраган ҳоким тортишга ҳам улгурмасдан, икки ясовул икки тарафдан ўзангига ёпишишди. Отларнинг оғизлари қийшайди, оғизларидан кўпиклар сачради, қамчилар ёғилди, қани ҳоким бу орада улоқни кўрса.

Кўргани -бир-бирини туртиб суртган отларнинг кўтлари бўлди. Юраги дук-дук урди ҳокимнинг. Икки ясовулиниикки томонга тепиб, отини ўртага солмоқчи бўлди, шамширини яланглатиб бўлса-да орага ёриб кирсаю, қамчи оғзида, бир энгашиб улоқни ўзи кўтарса… Тўриғи ҳам ҳокимнинг фикру-зикрини сезгандек, яна бир талпинди ва агарда шунда тумонот отлар даврасидан қулоқ пардасини йиртгудек чинқириқ кўтарилмаганида эди, ким билсин, савлату-давлатига қарамай Насруллоҳхон ўзини даврага урармиди…
Чека отлар бирданига сийраклашиб, туёқлар оралаб кўргани шу бўлдики, кимдир улоқни эмас, илигидан тортиб тақимига одам боласини кўтармоқда эди…

“От босди, от босди!” — деган овоза чор тарафга бошлар оша тарқалди. Баковул ўртадаги пўсиб қолган даврага шошилди. Бир зум ўтмай орадан улоқни эмас, бежон чавандозлардан бирини от гарданига осилтириб, яна бир чавандоз чиқди-да, унинг кетидан қўлма-қўл қилиб, етимлаган саман отини баковулга тутқазишди. Баковул ҳоким тарафга таъзим ила боққанди, ҳоким бош ирғади. Чокарлардан иккиси капа ичидан зарбоф чопон олиб чиқишди-да, саманнинг устига ёпишди. Баковул саман жиловини тана кўтариб чиққан отлиққа тутқизди-да, у оломон ичида дод-вой кўтарилган тарафга икки отни йўрғалатганича жўнади.

Узоқдаги оҳу-вовайлога қарамай яна улоқ кўтариш бошланиб кетди. Энди чекароқда турганлар ўзларини ўртага уришди. Бундан бир ҳафта аввал Қаршига Насруллоҳхоннинг отаси Бухоро амири Ҳайдар-подшоҳ келган эди, бугун олампаноҳ вазири Ҳаким-қушбегидан чопар келибди: “Валинеъматингиз сиздан қайтгач, бетоб бўлиб қолдилар, масиҳо нафасли табиблар муолажа учун қанча уринмасин аҳволи хумоюнлари тобора оғирлашмоқда!”-дейди. Ҳаким-қушбеги: “Тадоригингизни кўраверинг!” — деб юборибди.

Отаси илмга берилди, ҳилмга берилди, манғитлар хонаводасини заифлади. Аморат фитналарга чўмган. Бари бир-бирини сотган. Самарқанд ҳокими Давлат-қушбегини хитой-қипчоқ улуси талабди. Шаҳрисабз томондан Дониёл-оталиқ бир нечта қўрғонни қўлга киритган. Ички хиёнатлардан фойдаланиб, Хўқанд амири Умархон Жиззаҳ қалъасини узук кўзидек қамалга олган…

Аҳволи хумоюнлари тобора оғирлашятганмиш. Бу ерда эканларида манови ўлаксахўр баковул бир нарса едириб қўйган бўлмасин тағин. Бир томчиси от йиқитадиган маргумушим бор!-деб мақтаниб юрарди, ош-пошларига солиб юборганмикан? Бир терговга тутса бўларди бу мурдашўйни. Майли, режаланган ишлар битиб олсин-чи!

Шу тоб яна қий-чув кўтарилди. “Улоқ, улоқ кўтарилди!” Чиндан ҳам кўтарилган улоққа чап томондан узатилган қўлни тиззаси билан шарақлатиб синдириб, кетда қолган дод-войга қарамасдан, орадан ёшгина бир чавандоз отилиб чиқди-да, улоқни тақимига босганича, ҳокимникидай тўриқ айғирини ўнг томонга учирди. Кетидан отларнинг жийронию қорабайири, чақирию бўзи, марқасию ақал такаси, оқбулоқу кўки қувишга ташланди. Баковулнинг бояда “бировингга қамчи урма”дегани қани, шартиллатиб оғзи-бурнини билмай савалаб ётишибди. От отни чалган, чавандозлар чим билан бир бўлиб, туёқлар остида қолиб кетишган, яна боягиндай қиёмат!

Эллик қадамча нарида тўриқнинг оёғи дўнгалакми, чуқурда тойдими, бир энтиккан эди, чил минган чавандоз бир тарафдан, бурноч мингани иккинчи тарафдан ўртага олишди, ва яна чопганча торт-торт бошланиб кетди. Лекин оти қоқилса ҳам чавандози абжир экан, тақимидан бермади улоғини бояги дўнон йигит, қамчиси бирининг биқинига ниқталди, жиловини кескин чап томон тортган эди, улоқ босган тиззаси қўл узатган иккинчи чавандозни ҳам эгаридан улоқтириб юборди-да, бир неча қадам улоққа ёпишганича у ер бўйлаб судралди-да, тап этиб ўз отининг тагида қолиб кетди.

“Азамат!” — деб юборди силлиқ юзли Насруллоҳхон. Улоқни кўтарганига яраша олиб кетишини ҳам эплаган бу йигитчани негадир ўзига ўхшатди. Бошқа пайт, айниқса отасининг ўнгида баковулни чақириб сўкарди балки, бироқ бу кез аллақайси хаёлда йигитга офаринлар айтди. Отаси Амир Ҳайдарга бир нарса бўлгудек бўлса, Насруллоҳхоннинг оғаси амир Ҳусайн, инилари Умархону Зубайрхон, Ҳамзахону Сардорхонлар улоққа ташлангандек, тахтига ёпишишади. Лекин улоқни байталлар уюри эмас-да, остида типирчилаб турган тўриқ ғўнонни минган Амир Насруллоҳхон олиб кетиши муқаррар.
Шу фикрда, томошанинг қоқ авжида тарк этиб, шошган аёнларига қарамай, ҳоким тушовсизланган отини кўшкига қараб чоптирди…

* * *

Абдулланинг ўз қиссасини кеч кузда ғайбдан пайдо бўлган бир бошча узумдан эмас, улоқдан бошлаганича ҳам бор экан.

Янги йил арафаси, 31-нчи декабр куни уйига бостириб кела, Янги йил кутамиз деб турган бола-чақанинг доду-войию оби-дийдасига қарамай, ўртадаги байрам дастурхонини ағдар-тўнтар қилиб, Абдулланинг китобу-қоғозларини тинтувига киришишганида, ана ўша улоқ саҳнаси бир кечиб ўтди Абдулла хаёлидан. “Чўх!” — дейишни кутган от эдим, энди бу чавандозлар ўзимни тақимларига босишади чоғи, — деб ўйлаган эди ҳамки, лаин очарвоҳлар икки қўлига икки кишан солиб, икки қўлидан судраганича, ҳовлида кўтарилган қиёмат оралаб, дарвоза тагидаги олонда турган учқур машинага улоқтиришди.

Хадраларга етганда атрофларда Янги йил мушаклари отилгани, радиокарнайлардан Янги йилнинг лахтак-лахтак табриклари янграётгани Абдулланинг қулоғига чалингандек бўлди. Аттанг, бугун Темир йўлчилар саройига бориб, болаларига Янги йил совғаларини уйда яшириб қўйган эди-да! Ҳар бир бордонда Москвадан келган ширинликлару болаларга энг ёққани — биттадан сап-сариқ норинж бор эди-я! Хотини Раҳбар-бону, болаларини юпатгач, бўйсаралаб, совға халталарини бўлишармикан? Ё йиғи-сиғида эсидан чиқиб қолармикан?

Абдулла бундан ўн бир йил авал қамалиб чиққанлиги учунми, на саросима, на ғулғулага тушган эди. Боёв кўнгил ғалаёнга ўшанда учраб, ўшанда куйиб бўлган. Ҳозир эса ачингани — Янги йилсиз қолган болаларию қиш бадамида узилган иши.
Ташқаридан анбуҳ карнай-сурнаю ноғораларнинг ғат-ғатию гиж-бадабанги қулоғига чалинар экан, қўлида кишани ҳар силкинишдан занг урганида тўймисан тўйни эсларди у.

1235-нчи ҳижрия, Сунбула ойининг ўрталари каллаи саҳардан карнаю сурнай овози доруламон пойтахти Хўқанднинг паст ҳавосини осмону фалакка кўтарган. Жарчиларнинг ҳайқириқлари бу кун барно юзли Амирул-муслимийн Умар ибн Олимхон – Ғозихўжанинг гўзалликда тенги йўқ қизи Пошшахонни ўз никоҳи шарийяларига олишларини шаҳар фуқарою фузалосига эълон этмоқда. Саройдан эса машшоқу муғаннийларнинг мунгли хиргойилари тарала бошлаган. Ўрдада халойиққа ош, саройда аҳли хосга зиёфат, бир эмас, уч кунга байрам…

Бу тўй Амирул-муслимийнинг биринчи тўйи эмас, шу боис бўйи ўртадан жичча пастроқ, бироқ савлатдор Амирнинг ўзи ҳам, халойиқ ҳам уч кунлик хашамат тараддудида ўз тадоригини кўрмоқда. Гулчилар саройга даста-даста гул ташиган, қандолатчилар қозонларидан узулмай холваю новвот, пашмагу хўрозқандлар пишириш билан машғул, ўрислардан асирга тушган икки мушакбоз тўпларни уртуксизлантириб, аввалдан тайёрланган ранг-баранг мушаклар учун улкан лўпчиқлар ила тозалашмоқда.
Юзига бироз сўлиқлик югурган Амирул-мўминийн эса шаҳару-қалъаларни забт этишдан олмаган нашъасида усрукланиб ўтирибди. Ўн сакиз минг оламда тенги йўқ ўн саккиз ёш гўзал қиз бу кеча унинг никоҳига тушажак. Ҳазрат айтмиш:

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажабки сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.

Ҳай-ҳай не ошублар ила ани қўлга киритди. Эндигина ёзилган ғазалида битилмиш:

Ғамингдин, эй пари рухсора, жони нотавоним бор,
Қилурға ранги ҳижронинг қиличин қатра қоним бор…

Бир куни ҳаракатда эпчил Амир Умархон Шаҳрихонга ўз синглиси Офтоб-ойимдан хабар олгани борганида, у даргоҳда Шаҳрихон хонининг оқила ва покиза хотини ҳам хозир экан. У Амир арзига ушбу сўзларни қилди: “Ҳазрати олийлари хотирларида бўлса, Ўратепадан Сайид Ғози-хожани ўз ғазабларига дучор этиб, кўч-кўрони билан ушбу вилоятга сургун қилиб эрдилар. У зот ҳозир шу ўлтирган уйимиз орқасидаги бир кулбада хору-зорликда кун кечирмоқда. Аммо ул зотнинг Ойхонпошша отли бир қизи борки, унинг чиройини тавсиф этишга сўз ожиз, тил соқов, қалам синиқдур. Шоир айтмиш:

Оразин кўргач кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Ўйлаким пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғач қуёш.

Ул қилвир хотин қизнинг таърифини зиёда қилдики, Амирул-мўминийн орада таъмами ё ғараз бор деган гумонга борди, бироқ барча тарқагач, Умархон ўз сингли Офтоб-ойим билан қолганида, ул маликаи айёр негадир янгидан ўрганган Шаҳрихон шевасида: “Ҳа, тузук, бу қизди мен ҳам кўрғонман-да, бети — синмаган сопол ой, кўзлари – тун бошида ярақлаган Чўлпон, бели — болчи арининг белидек ингичка, думбаси қум уюмидек оғир”,-деб болалигида бирга тинглаган “Минг бир кеча” тавсифларидан келтирган заҳоти,Амирнинг юраклари дарз кетди. Эртак айтмиш, энди чегачига эҳтиёж унинг бутун вужудини қамради…

Бир эмас икки дафъа Ғози-хожанинг уйига совчи юборди, иккала сафар ҳам йўқ жавобини эшитди. Бирида: “Бу мастурамизни қариндошлардан бирига унаштириб қўйганмиз, яқин орада тўй қилишга умунганмиз” — деган эса, иккинчи кез Ғози-хожа ўз аламини очиқроқ ифода этибди. “Мен ғурбатда юрган бир айбаки ғариб бўлсам. Амирул-мўминийннинг бу саъи-корлари на адолат юзасидан, на дину-диёнат жиҳатидан ақлга тўғри келади. Агар зўрлик билан олмоқчи бўлсалар, яна ўзлари биладилар!” — деб хотинларнинг йиғи-сиғисини қўшиб, совчиларни қайтарган экан.

Лекин…

Шу пайт ичи қоронғи машина таққа тўҳтаб, Абдулланинг хаёлини узди. Манзилига етиб келишибди-да… Нималарни ўйлаётган эди боягинда. Ҳа, қандили ўчган уйдаги болаларига улашилмаган бешта қуёшранг норинж ҳақида… Аттанг-а! Йўқ, навқирон ёшлигида ёзган бир ҳикояси бўлгич эди. Отасининг бир ваҳимали саргузашти ҳақида. “Жинлар базми” деган… Отасига ўхшаб Абдулланиям жин босдими?
Эшиклар шарақлаб очилди-да, ташқарида осуда ёғаётган лайлак қорни ҳар томонга тўзитиб, ҳайқириқ янгради: “Кадыри, выходи!”. Тўрт тарафи қоп-қора олабаргоҳ бино билан ўралган ҳовлида одам оёғи босмаган покизаю беғубор кўм-кўк қор ётарди…

* * *

Қўлида кишани билан Абдуллани қоронғу бинонинг қоронғу зиналари бўйлаб қоронғу ертўласига судрашди. Ертўланинг бир хонасида темир катакка илинган жинчироқ остида пешанаси кетга кетган бир барзангидек ўрис Абдулланинг чопони остига қўлини тиқиб, чўнтакларини кавлаб, сариқ чақагача бор пулини йиғиб олди-да, сўнг иштонига ёпишиб,ултон қамарини ечди. “Мана бунга имзо чек!” – деб бир парча қоғозни узатар экан, Абдулла қўлидаги кишанга имо қилган эди: “Ҳа, ёзувчишка, қичиган қўлларинг қисқарибди-да!”-деб тиззасига оғир ўтиги билан тепган эди, қимтилаб Абдулла чидаб бўлмас оғриқдан икки эгилди. “Тишла энди ручкани!”-деб ўшқирди бу бандибон жаллод.

“Қўй, Винокуров,-деб аралашгандек бўлди уйда тинтув қилганлардан бири,-келиши биланоқ ўлдириб юборма! Ҳали бу ифлосни сўроқ қилишим керак! Пока же в одиночку!” -деб буйруқ берди-да, анави онағар Винокуровни Янги йили билан табриклаб, ўзи уйга, оиласи билан байрамни кутгани кетишини айтдию маҳбусни Винокуров қарамоғида қолдирди.

Янги йил аламини олдими, ўшанда Абдулладан қияпешона Винокурови, ё Янги йил қилиб аввалдан ичиб олган эканми, роса тепкилади, сўкди, урди маҳбусни ва чалажон ҳолатда, якка камерага ташлади. Бўғзига ёпишай деса- қўллари кишанланган, тишлай деса- номардлик, лабини қон қилиб тишлаганича Оллоҳга солди бу безанглаган маҳлуқни Абдулла…

Лўққиллаган оғриққа ҳам кўникса бўларкан: нафасингни оғриқ тўлқинларига мослайсан-да, бу мавжнинг авжини атайин кутасан, лекин адолатсизлик аламига чидаб бўлмайди, кучсизлик азобига бардош бериш қийин. Абдулла аввалига анавининг бағритошлигинию юрагини анор қилиб эзган бу оғриқни унинг ўрислигига йўйди, бироқ уйидан чиқаверишида афтидан андироқ татар терговчининг “ий”лаганроқ талаффузидаги гаплари эсига тушди: “Сини биз билябиз. Уртақларинг барлиғини бизгяйеткургянляр…”
Қамоқ борки қамоқда тепки емасдан қолмайсан. 26-нчи йили ҳам Абдуллани ўлардек тепкилашган. Унда ўзининг эгиз ўзбеклари. Лекин унда ҳам юрагини қон қилгани бу тепкилару муштлар эмас, ўзи ишонган, ўзи дўст деб тутинган қора кўзларнинг хиёнати бўлган эди. Ўшанда шу қора кўзларга қайта қараш ўрнига маҳкамадан тузукроғи уни отиб ташлашни сўраган эди. Ўшанда бебок ёшлик ғурурида на бола-чақасини, на Раҳбарини ўйлаган экан…

Бердимикан Раҳбар-бону болаларига аталган норинжларни? Эртага (ё аллақачон бугунми?) Абдулла болаларини Темир йулчилар саройига арча байрамига олиб бориши керак эди. Темир йулчилар саройида арчаларнинг ҳам энг каттаси, томошанинг ҳам энг сараси бўлгич эди. Ўтган йили болаларига айниқса одам гапига жавоб берувчи қирриқ итлар ёққан эди. Кейин бу ажойиб маҳлуқлар бир-бирини чанада басма-бас тортиб кетишган эди. Олиб борармикан Раҳбар болаларини, ё олиб борса-да энди қўйишмасмикан уларни? Эшик тагидан ҳайдармикин баттоллар, қамалганнинг болалари деб? Юраги бирам эзилди болаларини эслаб.

Бир куни ўзининг болалигида ерли рус мактабида ўқиятган чоғи ҳавас қилиб башанг янги шим, янги чопонда арча байрамига келаётганида мактаб қоровули Холмирза-тажанг эшик тагида тутиб олиб: “Сан ҳам копир бўлдингми?” -деб балдоқи билан бола болдирига аямай тушириб қолганида, буни кўрган адабиёт ўқитувчиси Георгий Евстигнеевич, чолнинг олдига келиб, тоза сарт тилида: “Ахир Исо ибн Мариямнинг милоди бу. Исо сенинг ҳам пайғамбаринг-ку!” -деб айтганини эслади Абдулла. Ўшанда янги шимию оёғи қонга буланиб, арча байрамининг ўрнига Георгий Евстигнеевичнинг извошчигида аввал касалхона, сўнг уйига қайтган эди у. Йўқ, саҳоватинг ҳам, разолатинг ҳам миллати бўлмас экан.

Ана, буларни барини гуржи бошқариб ўтирибди. Бирини гўштини бири еган…
Бу фикрда Абдулланинг алмойи-алжойи хаёллари яна олисларга учди…

* * *

Ўлоқдан бирор ҳафта ўтар-ўтмас Ҳаким-қушбегидан яна чопар келди: “Падари бузрукворингизнинг жон қуши дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилди. Аркнинг ундур дарвозасини берк тутгандек бу хабарни ҳам ҳануз сир тутяпмиз. Фурсатни ғанимат билиб, черик ила Бухорои шарифга чобук қатъи манозил айлагайсиз!”-дея. Тадорик кўрилган эмасми, уч юз навкар ила Насруллоҳ Бухоро томон юзланди.

Аммо ойни этак билан ёпиб бўлармиди. Амир Хайдар ҳарамининг шўру-шайни ила хабар гузарма-гузар бутун шаҳарга тарқалди. Амирнинг тўнғич ўғли Ҳусайн-тўра андин воқиф ўлғач, ўз навкарлари ила Арк томон шошилди.

Ҳаким-қушбеги, Арк дарвозасини берк тутиш ваъдасини Насруллоҳ-тўрага бермаганми, ул зот аскари билан Бухоро томон силжиганини билгач, Ҳусайн-тўра унинг исёнкор тарафдорларини ўқу-милтиққа тутди. Лекин булар Арк деворлари тагига етишган, Ҳусайн-тўра эса ўз маҳрамлари ила ўзларини Арк ёнидаги пул зарбхонасининг панасига олишганди.

Шу учурҲаким-қушбеги буларнинг бошига Арк деворларидан тошу-ғўлалар ёғдириш буйруғини қилди. Тошлардан бири келиб Ҳусайн-тўра бошини ёрди. Қонга буланса-да, тўра шаштидан қайтмади. Қайтага жароҳатланган шаҳзодани кўриб, халойиқ жунбушу уштулумга келди. Басталигу чеплар оша, энди булар ўқу тошбўронга ҳам қарамай, Арк дарвозасига ёпишдилар ва ерга сочилган тошлар ила уни уриб синдиришди.

Томчи сув кетидан фаврак, фаврак кетидан оқим, оқим кетидан сел келганидек, бир заҳоти оламон Аркка сизди, ёпирилди, босиб кетди. Яраланган шаҳзода Ҳусайн Аркка амирсимон кириб борди. Бузғунчи Ҳаким-қушбегини қидиришди, ҳеч қаердан топишолмади. Ўшанда бир пайт, тўпчи Ражабнинг олинган калласи қўлида,Ҳаким-қушбегиАмир олдига ўзи чиқиб келди. “Бир қошиқ қонимдан кечинг, ғафлат уйқусида қолибман, мана бу кўрнамак эса сиз Хумоюн ҳазратларига Арк дарвозасини очиш ўрнига ўт очибди!”–дея, кўплаб тавозеълар қилди. Ҳусайн-тўра унинг гуноҳидан кечиб, марҳум отаси йўлида ўз вазири қилиб тайинлади.

Эртасига Ҳусайн-тўрани Амир қилиб тахтга кўтаришди, бироқ тахтни эгаллаганидан сал ўтмай, Амир Ҳусайн бир номаълум касалга чалиниб, масиҳонафас табибларнинг муолажа уринишлари зое кетиб, салтанати уч ойга етар-етмас дунё омонатини қўлдан бой берди. Насруллоҳхон баковулини ҳадъя тариқасида саройга юборган эди, “Маргимушини ҳам ўзи билан олиб кетибди-йўв бу аблаҳ!”-деб ўйлади ўзича у, яна черигини Бухоро томон тортар экан…

* * *

Хаёл йўллари ажиб. Қаердан келди буниси, танадаги жароҳатлариданми, ё анави Винокуровнинг дағдағасиданми? Ё балки лоямут гуржи пошшони эслаганиданми? Ахир Янги йил кечаси чирқиллаб қолган болаларини ўйлаётган эдию Абдулла.

Чиндан ҳам отаси айтмиш, жин босар экан, ёзувчи одамни. Ишга киришдингми–зикру хаёлинг ана ўша тўқимада, қолгани-фақат алахсиш, фақат чалғишдек туюлар экан.Ўтган ой ичида анча-мунча қоғозларни қоралаб қўйди Абдулла, айтмовдими: “Шу қиш узлат қилиб ўтирсам, қиссани ёзиб битказаман” -деб. Афсус, ишнинг белига от тепди. Анави анди татар топган қўлёзмасини уйдаги биттаю битта жомадонга босиб, ўзи билан олиб келди. Ўқирмикан барини? Эскичага кўзи ўтармикан? Ё яна ўзининг қора кўзларидан ёллаб, уларга ўқитармикан?

Нега ахир узум ғужумидан бошлагани йўқ, боғбонлар ҳаётидан бир асарча деб қўя қолармиди. Ҳали бунисини ҳам унинг бўйнига қўйишса керак. Хаёл йўллари ажиб.

Мана, боягина ҳам Умаршоҳнинг биринчи тўйи ҳақида ўйлаётган эди. Андижон ҳокими Раҳмонқулибек ҳижрий 1220-нчи сана, ўз исмат пардаси ортидаги қизи Моҳларойимни Амир Умархонга узатгани ҳақида ёзиб битирганларини, қуда-андачилик машмашасию, тўй-тугун дабдабасини хаёлидан кечирганди. Аммо негадир бу тўйдан хаёллари иккинчи тўйга кўчиб кетди. Недан бу? Недан ёзаётган чоғинг ҳам бир нарсаларни мўлжаллайсану, бир сўзми, бир жумла баҳона мутлақо айрича саҳнага ўтиб кетасан. Хаёл йўллари ажиб.

Бадану руҳ оғриғини тахайюлига белаб, улоқтирилган ерида ўзини уйқулатмоқчими Абдулла? Ё йиллар давомида орттирган одати-бошини ёстиққа қўйиб: “Ётдим тинч” дуосидан сўнг хаёл жиловини озод қўйиб юбориши бу ерда ҳам, муздек ва зах цемент устида ўз кучини кўрсатяптими… “Ётдим тинч”ни ўқигани йўқку ахир…

Амир Умархоннинг биринчи тўйини эринмай ёзган эди Абдулла. Давлат саройидаги жамшидий базм барпосинию, ўйин-кулги ва шодлик садосини. Иқбол ноғораси овози осмоннинг зумрад гумбазини тутишинию, масрурлик овозаси одам аҳли қулоғига етишини. Қувонч бодаси шодлик қадахида кўпирганинию, муғаннийлар навоси юракларни шавқу-завқ ила ўпирганини…

Моҳларойимнинг ҳам суратини эринмай чизган эди: андижонлик қизлардек қадди қомати келишганлигинию, теракдек новчалигини, бўйни бироз узунлигинию, овози бошқа аёлларникидан пича йўғонроқлигини, бундан эса гапининг оҳанги билар-билинмас йиғлоқироқлигини…

Шу боис иккинчи тўйга бошқа услуб қидирган эди. Бояда иккинчи тўй саҳнасини хаёлидан кечирган экан, лоп этиб топгандек ҳам бўлувди. Нима эди-я у хаёл?
Ҳа, учинчи сафар Амир Умархон Ғози-хожа хонадонига совчи қилиб шайхулислом Маъсумхон-тўра ҳазратларининг ўғиллари одамохун Муҳаммадҳакимхон-тўрани юборди. Ҳакимхон айни пайт Амирнинг жияни бўлиб, маҳрамларидан эди, ўзгалардан қизғанса-да, Амир совчиланган қиз чиройини ўз жиянидан қизғанмади. Орадан не гаплар, таҳдиду-ваъдалар ўтди, фақат совчиларнинг ўзларию, оқ қошларини тер босгану дами ичига тушиб кетган Ғози-хожага маълум. Қандай бўлмасин ўт билан ўйнаб бўлмаслигини тушуниб етган Ғози-хожа чор-ночор бошини розиликда ирғабди.

Ўша саҳарнинг ўзидаёқ Муҳаммадҳакимхон-тўра ул бокира қизни ўз қўшига келтириб, Амир Умархоннинг сингли бўлмиш Офтоб-онасига топширибди. Қиз чиройидан ёқасини тишлаган совчи йигит ўз онасига ушбу байтни айтибди.

Бутеки зи дидани он шаклу рафтор,
Бибандад зоҳиди сад сола зуннор.

Санамки, кўрганда ул шаклу-рафтор,
Юз яшар зоҳид ҳам тақади зуннор.

Бечора қиз ўзининг эски кўйлагида экан. Амир Умархон ўз қайлиғини кўргани келиб, уни шоҳона атласу ҳарирларга ўратгач, бу кўйлакни табаррук қатори канизларга бермоқчи бўлишса, буларнинг бари у кўйлакдан ижирғанган экан.
Лекин бу ҳам эмас эди Абдулланинг хаёлидан боя лип этиб учган учқунча. Нима эди-я у?
Шу топ бирданига қамоқ сукунатини ёриб, девсимон Винокуровнинг сурсимон овози панжараю деворларга қоқилди: “С Новым годом, бляди!”

* * *

Бир зумга Абдулла на кулишини, на йиғлашини билмай қолди. Бу девнинг ҳам атрофида ҳеч ким қолмабдими, ёлғизлигидан мана маҳбусларга бўлса-да ўз зорлигинию, ўз борлигини изҳор этяпти. Ё қоровул аскарлари билан ичиб олиб, уларга ҳайқирганими буниси?

Янги йил ҳам кирибди. Янги йилингиз муборакбод, Абдулла! Бир қиш ўтирсам қиссамни ёзиб битираман, -деган эдингиз. Худо хоҳласа демаган экансиз-да ўшанда. Кўнглингизда бор эдию бу хатар, ахир Фитрату Чўлпон, Вадуд Маҳмуду Ғози Юнус, Анқабою Элбекни олиб кетган жойда сизни тинч қўйишармиди?! “Чўҳ”- деса кетадиган от экансиз, арқонингизни узунроқ ташлаб қўйишган экан-да, “Қани ёзиб турсинчи, роса қизиғида босамиз”,-дейишган эканми.

Янги йилни қаерда кутиб олсанг, йилинг ҳам шундай ўтади,-деган ўрислардан юққан бир ирим бор эди, қамоқда ўтказар экансиз-да бу йилни, Абдулла! Ўтган сафар олти ой деганда қўйиб юборишган эди, бу сафар ана Фитратнинг ҳам, Чўлпониннг ҳам қамоққа тушганига ярим йилдан ошиб кетди. Чиқишидан дом-дарак бўлгани йўқ. Улар ҳам шу атрофдамикан? Бир-икки девор наримикан? Анави барзанги Винокуровга ўхшаб ҳайқирса, жавоб беришармикан?!

Ҳаҳ! Эсига тушди бояда миясида чақнаган анави учқун. Муҳаммадҳакимхон-тўранинг чимилдиқ пойлагани. Деярли ёд олган “Мунтахаб ат-таворих”ни эслади Абдулла. “Аммо камина ҳам айни ёшлик даврим бўлгани учун ва ҳам бир томони шўхлик қилиб ҳеч ёққа қўзғалмадим ва беадаблик йўлига кириб чимилдиқнинг бир чекасида бекинганча, ул ой ва қуёшнинг яқинлашувини тўйиб томоша қилдим. Ҳуллас ўша чоғда Амир Умархоннинг димоғида жуфтлашиш шароби кўпирди, ул дилрабо юзида эса ҳаё тори шабнам донасидек намоён бўлди. Нозу-ниёз лаҳзалари қизиди-ҳаридор иштиёқи кучайиб, мол эгаси мулойимлиги ортди. Чунки орзу кишининг булути мақсадини ҳосил қилиш учун мурод пардаси ортида шай турарди. Гулғунча шамолнинг уятсизлиги натижасида қабога бандини ечишга мажбур бўлди ва ўзининг гулгунлиқ оғушига солди. Омонлик суманининг ғунчаси мақсади ҳосиллик насими ҳилпираши сабабидан оғзини очди ва мақсуд бўстонидан кумуш ранг садафга симоб гавҳари томчилади.

Айни ўша пайт каминанинг кулгиси қистаб қолса бўладими?”

Абдулла бу сўзларни дуосимон пичирлар экан,хаёли ҳар томонга тўзиди. Қийшиқпешона Винокуровнинг наъраси ҳам унинг кулгисини қистатмаганмиди ҳозиргина. У ҳам ўзини бир зумга чимилдиқ кетида писиб ётган Ҳакимхон-тўрага менгзатди, рост, бу чимилдиқнинг деворлари тош, остида эса севги эмас ўлим ҳукмрон эди. Тўхта, тўхта! Жиловни қўлингдан чиқариш вақти эмас бу. Учқур хаёлинг обқочиб кетмасин сени. Жимжимадоргилиги демаса саҳна ажойиб ёзилган, айниқса бошию кети, лекин Абдулла ундан азбарои бошқа туртки олди ўхшайди.

* * *

Ойхон-пошша Сайид Ғози-хожа ҳазратларининг тўнғич қизи эди. Ўн саккизга ҳали кириб-кирмаган бу қиз ёш умрига қарамай кўпни кўрганиданми ўз онаси Қантак пошшога қиз эмас, сингил қатори эди. 1232-нчи йилнинг Жадий ойида улар туғилиб ўсган Ўратепани Хўқанд подшоҳи Амир Умархон босиб, сайидлар паноҳи Маҳмуд-хожаю, бошқа улуғ-улуғ ҳазратларнинг қўлларига кишан солганида, бало Сайид Ғози-хожанинг ҳам хонадонига кириб келди. Қишнинг қаттиқ совуғига қарамай буларнинг барини қор устида зор йиғлатиб бутун борлиғини мусодара қилишди-да,уловга солиб, Хўқанд томон бадарға қилишди. Ойхон-пошша ўшанда ўн беш ёшда эди. Оч-яланғоч булар Хўқандга етишгач, Амир Умархоннинг хожагонга қарши ғазаби битмай, Сайид Ғози-хожаю Ўратепа улусининг бошқа улуғларини ундан ҳам нари, Шаҳрихонга сургун қилди. Ул бечораларни шу қадар талашган эди-ки, бир кулча нон буларнинг кўзларига фалак чархи, жулдур кўйлак эса биҳишт ҳилъатидек кўринарди.

Қиш қаҳратонида яйдоқроқ ерда бир кулба қуриб Сайид Ғози-хожа маҳалладаги учта-тўртта майдага дарс ўқитиш ила, Қантак-пошшо билан Ойхон-пошшо эса дўппи тикиш ила кун кўриша бошлашди. Дўппи гулларини ипакдан тикишса-да, ўзлари бўз кўйлак кийишди. Топган-тутганлари фақат қора қозонни қайнатишига етиб турди холос. Кичик ука-сингилларини- отасини уринтирмасдан -ўзи ўқитди Ойхон-пошша. Уларга аллалар айтди, эртаклар тўқиди, ғазаллар битди.

Ютган аламлариданми, иккинчи қишга бориб, Қантак-пошшанинг аввалига буқоғи шишиб кетди. Кейин битмас йўтал ёпишди. Сайид Ғози-хожа аллақаердан кийик ўти тилаб келди, уни қайнатиб ичиришди, ёрдам бергани йўқ, кўкламга етар-етмас беш болани тирик етим қолдириб, Қантак-пошша бу вафосиз дунёдан кечди. Зор-зор йиғлаб қолишди булар. Энди Ойхон-пошша отасига ягона суянчиқ, ука-сингилларига она ўрнида қолди. Илгари ҳафтасига ўн дўппи тиккан бўлса, энди йигирматадан тикди, ўшанданми шаҳло кўзлари икки ўткир ханжардек чархланди, укаларини ювди, таради, ўқишию ошига қаради, ҳаракатлари сиртлоннинг урғочисидек енгилу эпчил бўлди, бирданига мункайиб қолган отасининг синиқ кўнглини асраб-авайлаб чегалади-овозлари чиннидаги қиёмдекширалади…

Буни биринчи бўлиб ҳар кўклам Эски-Новқатдан Шаҳрихонга келиб, боғчаларни чопишдаю, экин экишда ёрдам бериб юрадиган амакиваччаси Сайид Қосим-хожа йигитча сеза бошлади. Энди у аввалгилардек ишини битирса, Сайид Ғози-хожа ҳазратларининг дуосини олиб йўлига ошиқмас, балки турли баҳона топиб, бир буларнинг бариниковушларини ямар, бир тандиру ўчоғ атрофидаги сувоқни янгилар, бир деворингиз нураб қолибди, -дея, пахса қаларди.

Сайид Ғози-хожанинг болалари ҳам СайидҚосимни хуш кўрар, бири унга лой отган, бошқаси хипчин олиб келиб, тойчоқ ясаб бер дея, хархаша қилган, учинчиси “Катта бўлсам, сизга тегаман” – деб ваъдалашган. Фақат Ойхон-пошша ўзини бу амакиваччаси билан сипо тутар, керагида чойига, керагида жойига қарарди.
Ўша эрта кўклам ҳам бошқа ишларини битириб бўлгач, Сайид Қосим буларнинг икки тупгина токини очиб бериш важҳида яна Эски-Новқатига қайтишга кеч қолди. Ҳолбуки Сайид Ғози-хожа ўша куни Янги-Новқат томон Саҳобани зиёрат қилгани ўзининг 14 яшар ўғли Сайид Олим билан йўлга чиққан эди. Ойхон-пошшанинг икки синглиси маҳалладаги Отинча-бувиникига дарс олгани чиқиб кетишган, ёлғиз кенжатой Сайид Нозимхонуйда ҳали ҳам уйқусидан турмаган эди.

Сайид Қосим-йигит аввалига ишкомининг бир-икки ямоғини янги ходалар билан ямади. Бир чой қайнар вақтдан сўнг токни очишга киришди, бардиларни аста бир чекага йиғди, қўндоқланган токни авайлаб очди, хар тугул совуқ урмабди, ва оҳиста таг-тагидан бошлаб, ток поясинию, новдаларини истак билан ишкомга тараб-тараб боғлай бошлади. Кўклам жони поя танасидан югура бошлаган, шўралар эгилиб-букилиб, ҳар томон гажак ташлай бошлаган эди.

Шу пайт чойини кўтариб Ойхон-пошша келиб қолди. “Ҳормангиз, ака!” –деб сўрашди-да, қўлтиғидаги қийиқчани ёзиб, ичидаги нонни ушатди, чойни пиёлага қуйиб имо қилди: “Чойдан ичиб олинг, қувват бўлади!”. “Майлингиз!”,- деб жавоб берди Сайид Қосим ва дастурхонгача яқинлашар экан, Ойхон-пошшанинг анави гажак-гажак шўралар каби ўгирилиб, уй томон кетажагини пайқади-да, бирдан:
-Менга ёрдамингиз керак эди, Ойпошша!-деди.

Ойхон бир қиё боқди-да:
-Нима эди, ака?- деб сўради.
Бу “ака” деб айтган сўзида неларни англамади ўша он Сайид Қосим-йигит, дами ичига тушиб кетиб, қарийиб шивирлади:
-Шотини ушлаб туролмайсизми. Ишкомнинг тепаси нозикроқ, шўрани боғлаб олай…
Ойхон бебоғ шўрадек ялт этиб ўгирилди.
-Майлингиз…

Чой ҳам бир чекада қолиб кетди, Сайид Қосим-йигитча, қўлу-нафаси титраганича, ишком тагида ётган нарвонни турғизиб, ишкомнинг пухтароқ бир ходасига тирадию:
-Мана бу тарафдан ушлаб турсангиз, мен дарровгина токни тараб ташлай,-деди.

Ингичка Ойхон қаддини ростлаб, бор жаҳди билан нарвонга ёпишди. Сайид Қосим эса бирданига ўзини дорбоз янглиғ ҳис этиб, шоти тепасига учиб чиқди. Кўклам шабадаси унинг юзу-сочларини қитиқлар, у эса ўзини ишком тепасида тугул, бутун олам узра учаётгандек сезарди. Қўлидаги истак билан бир новдани боғлади, иккинчисини. Учинчиси- бебошроғи хийла узоққа қайирилган экан, истак ушлаган қўли билан чўзилганини билади Сайид Қосим-йигит, бирданига нарвон бир томонга оғиб, боягина янгидан ямалган ишком катаги қарс этдию, қизнинг “Дод!”-деганига қарамай, Сайид Қосим-йигит нарвони билан осмондан ерга қулади.

“Дод!”–деб Ойхон йигит олдига ташланди, бетларига уриб боқди, ёқасидан ушлаб силкитиб кўрди, қани жон асорати кўринса. Йигитнинг юзига дув-дув ёшлар оқди, жонсарак лабларини йигитнинг тер босган манглайига босган эди, йигит бирданига бир ингради.
-Вой худойим! – деб ҳитоб қилган Ойхон кетидан:
-Кўрдим, кўрдим, ўпишдийла!– деган овоз қизни чўчитди…

Кечаси кенжа укаси Сайид Нозимхонни қучоғида олиб ётаркан, Ойхон-пошша унга:
-Сиз боягини ҳеч кимга айтиб юрманг-а, яна, — деб сирлашарди.
Қўшни хонада ётган Сайид Қосим-йигитнинг эса урилган бадани лўқ-лўқ қақшаса-да, юраги елвизакка бўй берган новдадек сарҳуш эди…

* * *

Қоронғу туннинг билмам қай бир қисмида Абдулла лўқ-лўқ қақшаган баданини кўтариб, бурчакда қорайган ёстиққа ташлади; бадани оғриққа тўла эса-да, негадир юраги енгил тортди. Қайси муждадан экан буниси?
Айёру қувча Сайид Нозимхон дадаларига сотиб қўйдими, ё Саҳобадан қайтаётгач, Эски-Новқатдаги қариндошлари билан хабарлашган Сайид Ғози-хожа маслаҳатини пишириб келдими, баҳарҳол боғу-роғ ишларини битирган Сайид Қосим-йигитбуларнинг кўнгилларини ярим қилиб, уйига кетганида, ота тўнғич қизини пешгоҳда ўз олдига чақирди-да, гапни Одам Атою Момо Ҳаводан бошлаб, аста-секин кўнгилларидаги муддаоларини изҳорладилар:
— Сайид Қосим-хожа яхши йигит, тагли-тугли, ўзимизнинг сайидлар авлодидан. Қўли гул йигит, экин чопишгаю, гувала теришга бирдек эпчил. Ана, томорқани ҳам қўралаб қўйибди. Устига-устак ўқимишли йигит, оталари Сайид Қодир-қози Хўқанддан ҳужра олиб бериб, зиёда ўқитиш ниятида эканлар. Мен ҳам қариб қолдим, кўзларим назла, қўлларим гириҳ, ёнимга кирадиган бир маҳрамим йўқ, қани шўрлик онангиз роҳатингизни кўрса эди… – деб тусмоллагандек бўлдилар.

Бўроз Ойхон-пошша аввалига оталари уни синаяптимикан деган хаёлга борди. Бироз йиғлаб ҳам олди:
-Отажон! – деди, -дўхтари заифангизни афу этинг, мен гуноҳкор – сизга яхши қаролмадим. Бир каштага алахсидим, бир қозонга. Энди зинҳор ундай қилмайман, онажонимдан ўрнак олсам бўлмасмиди…

— Йўқ, — деди Сайид Ғози-хожа, -ундай деманг, онам қизим, мен қариб, ақлимни еб қўйибман. Ўзим эмас, сизни ўйлаб айтган гапим эди. Қуръони Каримнинг “Ал Ҳужурат” сурасида Аллоҳ таоло айтибдурким: “Йа айюҳаннасу, инна ҳалакнакум мин закари ва унса ва жаалнакум шуубан ва қабална таарафу. Садақаллоҳу азийм!” Бу дегани, “Эй, инсонлар,чиндан ҳам биз сизни эркак ва аёл қилиб яратдик, ва бир бирингни билингиз деб халқу-қавмларга бўлдик!” Эркаку аёл орасидаги никоҳ Пайғамбаримиз суннатидир, мана сизнинг ҳам бўйингиз етиб қолган, деб шу андишага борган эдим… – деди маюс овозда Сайид Ғози-хожа…
Ойхон-пошшанинг пирпираган лаблари ҳатто: “Ихтиёрингиз!” -дейишга ҳам бормади, у фақат қуйи солинган оғир бошини ирғаб қўйди холос.

* * *

Ўша кўкламнинг охирида Ойхон пошша укалари билан Эски-Новқатга амакисининг уйларига бориб, бир ҳафта туриб келадиган бўлди. Буларни олиб кетиш учун Сайид Қосим-йигитнинг ўзи улови ила келди. Бомдоддан кейинги ғира-шира саҳарда Сайид Ғози-хожанинг дуосини олиб, булар йўлга чиқишди. Бардию похол устидан ёпилган уч қават кўрпача устида силкина-силкина, Асакаю Аравон қилиб, пешинларга қирғизларнинг Қора Кўчкан деган жойига кириб келишди. У ерда нонушта еб, қирғизларнинг тоза қимизидан симиришган эди, йўлнинг тоғ қисмини Ойхон-пошшанинг иккала укаси ҳам донг қотганича ухлаб кетишди. Икки томон адиру-тоғ, сой ёқалаб кетишар экан, Сайид Қосим-йигит от ҳайдаб ўтирган еридан орқага ўгирилмай ўзига сўзлагандек:
-Тоғ шаббодаси яхши-да! – деб сўрадими, ё, жўнгина, тўлиб кетган кўнглини бўшатдими, унга хомушликдан сиқилиб кетгану кимсасиз ялангликда чимматини юзидан олган Ойхон-пошша ҳам:
-Айниқса кўклам шаббодаси ўзгача, — деб жавоб берди.

-Буни мен анови куни ишком устида англаган эдим… – дедию соддадилликда СайидҚосим-йигит ва бирданига тилини тишлаб қолди, чунки Ойхон-пошша хижолат тортганини ўгирилмасданоқ унинг оғир “уҳ”идан пайқади.
-Мен, ўлгур, ўшанда ушлай олмадим… – деб ўкина бошлаган эди қиз, Сайид Қосим-йигит дарров гапни бошқа томонга чалғитти.
— Бу тоғларда одамнинг негадир ашула айтгиси келади-я…

Кўм-кўк адирлардан, пастда оқиб турган тиниқ сой сувларидан, ях ҳаводанубояги тоза қимиздан элиган Ойхон ҳам бош ирғаб:
-Ҳа, — дедию, қизлик ҳаёси тўсқин келдими: -Айтмайсизми, ака? – деб қўя қолди.
Сайид Қосим-йигит ҳам, ортиқча қистатмасдан, ўпкасини тўлдириб,умканларини шишириб, куйлай бошлади:

Арзимни айтай боди сабога…
Арзимни айтай боди сабога.
Кўзлари Чўлпон, зулфи паришон,
Сарви хиромон, дод-ей, қоши қарога.
Биздан дуолар бўлсин ул дилрабога…
Учди кўзимдин ул пари янглиғ,
Ташлади кетти, дод-ей, турли балога…
Қилдик икковлон бир аҳду-паймон
Ҳар ким ёмондур, ёрай, солдим худога…

Йигитнинг овози эшилиб-эшилиб, тоғ томон кўтарилаётган шабодага эргашгандек, юқори интилар, ашула авжига чиқиб борар экан, Ойхон ҳам ўзини тиёлмасдан, аста хиргойи қила бошлади…
Бу ашулага яна бири қўшилди. Қизнинг овози ҳам эркин ҳавода озодроқ янграр, буни сезган Сайид Қосим-йигит ашула тугар-тугамас:
-Энди сиздан ҳам эшитайлик, пошшам, — деб қолди.
Ойхон укаларига ялт этиб кўз ташлади-да, ҳали ҳам қимиз кучи босган уйқуда эканларига амин бўлгач, Сайид Қосим-тўра ҳеч қачон эшитмаган ғазални куйлай бошлади:

Овозим титрайдиё, аранг-аранг жон келсин,
Гулнинг ярми ранг бўлса, қолганига қон келсин.

Кеча кундуздан тошиб сим-сим оқди эрса ёш,
Кўзни куйдиргач Чўлпон кун бўлиб афғон келсин…

Қиз овози адир бағирларидаги лола-қизғалдоқлардек уятчангу нозик, айни пайт туновги ток шўраларидек гажакдору, ернинг сармаст қилувчи ширасидек кучли эди. Сайид Қосим-йигитнинг бу хаёлларини ғайбдан пайқагандек Ойхон бирданига:

Томга шоти қўйган ким, чангга ботгунча олманг,
Ё бизни хазон урсин, ё сизга боғбон келсин, —

деб куйлаганида, йигит бу ғазални ким битганини юрагининг ҳар зарби билан ўз-ўзига аниқ тасдиқлади.

Бир ўгрилиб боқишинг икки жаҳонга ўлим,
Иккисида тирилсам биридан нишон келсин…

Сайид Қосим тизгинларини деярли қўйиб юборган, чошгоҳнинг тоғ букури бўйлаб думалаган пастқам офтоб нурида орқасига ўгирилдию, чимматсиз қиз юзи эмас, қуёш нурларида чарақлаган маюс ой кўргандек бўлди.

Бу кунимга мих қоқиб кўнглимни асрай десам
Тилди кўнглимни бу кун, кетгали осон келсин…

Кошки бу сўзларни қиз эмас, Сайид Қосим-йигитнинг ўзи айтсайди… Қуёш, бир думалаб, тоғ кетида ярим бошини йўқотдию, қиз ҳам авжидан тушиб, оҳиста хиргойи тарзида ашуласини эшитилар-эшитилмас қилиб битказди:

Юрагимнинг яраси ямоқ-ямоқ бўлганда
Елвизакка ип боғлаб Ойхондек осмон келсин…

* * *

Қуёш тафтию ашула ҳовури ҳали ҳам музлаб бўлмаган хавода овунар экан, улар Кўк Жетик деган яйловга кириб келишди. Ўтов ичида оёқларини ёзиб, асрни ўқиб бўлгач, Сайид Қосим-тўра отларини боқиб берган таниш қирғиз йигитлардан бирини ўзи билан олди-да, қоронғуда қолиб кетмайлик дея, яна йўлга шошилди. “Орада бир довон қолди”, — деб Ойхону укаларига тушунтирди у қирғиз йигитнинг тоғ шевасини… Ана шу довонда юрак-пураклари чиқиб кетди Ойхоннинг. Йўл тепага шу қадар тик кетар эканки, отлар ҳансираб қолишди. Сайид Қосим-тўраям, бояги қирғиз йигитча ҳам, аравадан тушиб, бири тизгинни ушлаганича отларни тепага торта бошлади, бошқаси эса араванинг кетидан баҳоли қудрат итара бошлади.

Ҳалигина Ойхон ўз ашуласида айтганидек, қуёш ҳам тоғ тепасига қоқилдию бир вақтга қадар қотиб қолди гўё; тоғ ортига думалаб кетай деса, буларнинг аравалари тепароқ чиқавериб қуёшни кўздан йўқотишмади. Сайид Қосим-йигит ҳам худди бор кучини шу қуёшни узоқроқ ушлаб туришга, қўрққанидан, араванинг бурчагига биқиниб, чимматига бурканиб олган Ойхон юзларида, чиммат узра бўлса-да, қуёш нурлари ўйнашини орзулагандек эди. Довоннинг энг тепасига чиқишганида яна ўша ишком тепасидаги туйғу йигит юрагини чулғади: “Илло, энди арава шотиси билан қуламасам” -деган хаёлда қора тер босган қўйнига туфлаб қўйди. Тепа ёп-ёруғ, довоннинг икки тарафидаги воҳаларга эса қоронғуликнинг илк сояси тушган эди.

Бу тоққа чиқиш қўрқинчлироқмиди Ойхон учун, ё тушиш йўлими, ким билсин, лекин қоронғу тушиши билан улар сойлари кокил каби таралган Орол номли обод ерга, яна бир соат деганда эса осмонида юлдузлар чарақлаган Эски-Новқатга кириб келишди.

Умрида бу қадар бахтли бўлмаган эди Ойхон ўша бир ҳафта.
Аммо бир ой ўтар-ўтмас уларнинг кулбасига Амир Умархоннинг совчилари бостириб келишди. Ўша йилнинг Сунбула ойида эса Ойхон-пошшани зўрлаб, Амир Умархонга учинчи хотин сифатида никоҳлашди ва у чимилдиққа қамоққа тушган қушдек кирди…

Бу фикрни эндигина тўйган Абдулла кимнинг оғриғидан инграётганини ўзи билмай қолди. Навқирон йигит Сайид Қосимнингишком эмас, довон эмас, чарақлаган юлдузли осмонидан қаро ерга қулаган вужудининг оғриғимиди бу, ё қор устида зор йиғлаб турган болаларни музлаб қолган кўзларида ҳаргиз эритолмайдиган Ойхон-пошшанинг азиятимиди? Қаерда ўзи у? Нималар бўляпти бу дунёда, бу битмас зулматда?! Оғриқдан ортиқ нарса борми ўзи?..
Тоғ тепалаб ботаётган қуёш, бешта норинж бўлиб, пастга думалаб кетди-ю, Абдуллани қоронғу уйқу босди…

* * *

Эрталаб қамоқхонанинг эшиги шарақлаб очилди-да, чўчиб: “Қаердаман ўзи?” -деб уйғонган Абдуллага ошпаз аскар бир товоқ бўтқа билан бир кружка чой қолдирди. Қамоқдаги биринчи уйғониш бошқача бўлади. Буни Абдулла биринчи қамалишидан эслаб қолган: тушсиз уйқуда бўлса-да, қамоқда эканлигингни англайсану, уйғонгач биринчи хаёлинг – тунги васвасаларим туш бўлиб чиқса-я! – деган ўй бўлади. Лекин, қарайсанки, босинқираш ёки алаҳсирашэмасэкан у, ростданам қамоқдасан. Ростданам кеча 31-нчи декабрь уч киши келиб, қўшнинг гувоҳлигида уйингни тинтув қилишган, Раҳбару болалар қор устида зор йиғлашган, гўдаклигида: “Кўтаринг бер!” – деб қўлга ўрганган кенжатойи Маъсуд: “Дадажон!” – дея, кишанланган қўллари томон талпиниб қолган…

Урилгани, тепилгани ҳам рост, бурчакда турган пақирдаги сувга турмоқчи бўлган Абдулла бутун вужуди зирқираганидан яна жойида узалиб қолди. Йўқ, насҳ босиб, бомдодниям қазо қилибди, аста туриб таҳоратини олиши керак, қазо қилиб бўлса-да бомдодни ўқиб олиши лозим… Бадандаги оғриқини енгиб, Абдулла ўрнидан турди, бурчакда таҳоратини олди, ётоғига қайтиб, қибла қайси томонда эканини билмасдан,гардкамига қазо бўлган бомдодини ётоқ бўйлаб ўқиб олди. Бўтқага кўнгли бормади, тахир чойни ичиб олди.

Чой фикрларини ёзиб юборди.
Ўйламабмиди, шу деворлар орқасида Ғози Юнус аллома бўлиши мумкин, Фитрат домла бўлиши мумкин, Чўлпон, ҳа, Чўлпон бўлиши мумкин, деб. Аравада ашула айтган қизни Чўлпон ёзмаганмиди, ана ким Шаҳрихоннию Эски-Новқатни афзалроқ чизиб бериши мумкин эди. Қўмсади Чўлпонни Абдулла. Қанчадан қанча гаплашадиган гаплари тугулиб юрган эди кўнглида. Энди кўришармикан у билан бу ерда? Энди етказа олармикан унга рус хотинининг ҳавотиру ташвишларини?…

Қамоқдаги биринчи кун айрича. Нималар бўларкин? – деб пуч хаёлларда эшик орқасида қитир этган ҳар бир сасга қулоқ тутиб ўтирасан. Лекин узоқ-узоқ ҳеч нарса бўлмайди. Бундан яна беҳудаю зое хаёлларга бериласан. Яна бир нарсаларни эслайсан, яна ўз кўнглингни оғиртегирмон тошлари орасига соласан. Бундан чиққани эса – пуф деса тўзиб кетадиган тўқимаю тахайюл уни…

Оғир тош деди. Лекин Ойхон-пошшанинг ўз қамоғидаги биринчи эртаси бундан юз карра оғир бўлмаганми? Зўрланган ул қизнинг, эрталаб келин саломга чиқиб, ўз отаси Сайид Ғози-хожага бош эгиши, ундан сўнг хонага бирин-кетин кириб келаётган хотин-халаж, уни зўрлаган ва ҳалқумидаю қорнида оғир бир тугун қолдирган Амирнинг онаю холалари, аммаю хотинлари олдида қад эгиш оғирлгини бир зумга сездию Абдулла, ўз нолишини шу кезоқ унутиб,хаёлини Оллоҳнинг зикрига бурди.

Озми-кўпми вақт ўтди, қамоқхона эшиги яна очилиб: “Заключенный Кадыри, руки за спину, на выход!” — деган аскар уни ертўладаги бошқа бир катакка бошлади, у ерда қўлига номери ёзилган тахтача тутқазиб, бир -юзи тарафидан, бир -ёнидан расмга туширишди, кейинги катакда эса қартайган жуҳуд сартарош сочию соқол-мўйловини тозалаб қиртишлади. Ғўдайиб турган аскар ўнгида оғиз очишга изн берилмаганиданми, соқовликдан ичи ёрулгудек у сартарош пишилларди, вишшилларди, шивирларди, илож топмагач, гапга чанқоқлигини қўллари орқали ифодаларди. У Абдулланинг кўпикдан озод бетларига енгил шапатлар туширар, яктагининг ёқасини тортиб қўяр, қулоғига энгашиб яна пишиллар, вишшиллар, яна ўзига бир нарсаларни шивирларди.

Абдулла бирданига Сайид Қосим устида гиргиттон бўлган Ойхонни эсладию, бирданига кулай деворди. Йўқ, устара остидаю анави аскарнинг муздек кўзлари ўнгида ўзини жиддий тутгани дуруст. Келиб-келиб бу кулгининг нуқси манови бечора сартарошга ҳам урмасин. Уям ахир бир навъ маҳбус эмасми? Қўлга тушмай деб буларга ишлаётганмикин? Ё чинданам маҳбусмикан? Қўлларини аямай оппоқлади у Абдулла яноқларини.

Соч олдириш осон эса-да, бир зумда бесоқолу бемўйлов бўлиш оғир экан – тепа лаби дўрддайиб кетди Абдулланинг. Яхшиям расмга бу ҳолатда тушмади… Анови туксиз рус аскарига қараганиданми, қиссасида кейинроқ ва кенгроқ ишлатмоқчи бўлган бир ҳикоя эсига тушиб кетди.

19-нчи асрнинг бошида Россия қарамида бўлган Польшанинг Шавел шаҳрида аслзода Виткевичлар оиласида ўғил туғилади. Отаси унинг отини Ян, француз маданиятига моил онаси эса Жан деб аташади. Бола зукко ва абжир бўлиб ўсади. Поляк тилидан ташқари ёшлигиданоқ рус ва инглиз, француз ва немис тилларида бемалол гаплашади. 14 ёшида Кражшаҳрининг гимназиясида ўқир экан, Ян Виткевич “Қора қардошлар” деган махфий ташкилот тузиб, халойиқ орасида русларга ва Россия мустамлакачилигига қарши шеърлару варақалар тарқатаётганда қўлга тушади. Ёшлигига қарамай, барча мулкию, ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум этиб,бу ўспиринни бадарға қилишади.

Рост, қадди-қомати ўспирин эмас, йигитлик даражасида эканлигиданми, қўнғир сочлари бараварида ҳали мўрт мўйловларинаям аскар сартароши қиртишлаганида, лаблари дўрдайиб қолганини у кейинроқ ўз хотираларида ёзган эди.

Орск чўлида, татару қозоқлар орасида, у маҳаллий тилларни ўрганишга киришади, ҳамда илмининг ўткирлигидан татарлар орасида Ян эмас, Жан эмас, Галимзян, қозоқлар орасида эса Алимжанга айланади.
Онда-сонда Бухородан Маскўвга кетаётган савдогарлардан у форсчани ҳам юқтириб олади. Бу уринишларда олти йил ўтади. Ўша пайт Сибир экспедициясидан қайтар экан, Оренбургда машҳур немис шарқшуноси Вильгельм Ҳумбольт тўхтаб ўтади. Тасодифан 20 яшар Ян Виткевич билан учрашиб қолган олим, унинг билимларига қойил қолиб, эндигина Оренбург губернатори этиб тайинланган полковник Перовскийга Виткевични тавсия этади.

Чор ҳукумати тарафдан Ўрта Осиёни забт этиш вазифаси юклатилган Перовскийга Виткевичдек одамлар айни муддао бўлганидан, у Галимзянни 1835-нчийили Бухорога жосус сифатида юборади. Бир йил деганда у Бухоро қушбегию вазирлари билан танишиб, маълумоту ахборот йиғиб, Перовский олдига қайтади. Бундан сўнг у яна бир қанча жосуслик сафарларига Туркманистону Афғонистонларга йўлланади.

Русларга ва Русия ҳукуматига кўрсатган хизматлари учун уни зобит этиб тайинлашади, ҳақ-ҳуқуқларини тиклашади. Келажаги порлоқ 30 яшар зобитни 1839-нчи йили пойтахт Петербургга чақиришади. Меҳмонхонада экан, у тасодифан ўзининг ёшлигидаги дўсти шоир -Константин Тышкевич билан учрашиб қолади.Шунча йил кўришмаган икки дўст хонага қамалиб, ёшлик орзуларинию бошларидан кечганларини бир-бирига ошиқиб-тошиқиб сўзлашади.

Ян ҳам ўзининг Галимзяну Алимжонга айланганини, Бухорою, Нишопуру, Кобулларда бўлган саргузаштларини айтар экан Тышкевич тобора оқариб, бўзариб, ахир Виткевич ўз ҳукукларида тикланганию, зобит мартабасига кўтарилганини сўзлаганида,бирданига уни кесиб:
-Сен биласанми кимсан? Сен сотқин. Сен хоин. Ахир буларга қарши ўлгунча курашамиз деб қасам ичмаганмидик?! Сен эса буларнинг малагига айланибсан, — деб шартта ўрнидан турадию, эшикни шарақлатиб ёпганича, хонадан чиқиб кетади.
Эртасига миясига ўқ еган Виткевичнинг жасади, қўлида тўппончаси билан, ўз хонасида топилади…

* * *

Абдулла бу хомроқ ҳикояни кейинроққа сақлаб қўйган, балки пишганида, “Рус рулеткаси” деган бир боб қилиб ёзар. Иншоллоҳ, бу ердан эсон-омон чиқиб олсин-чи, ҳали Виткевичнинг Бухородаги саргузаштларига ҳам қайтади. Бу ҳикояни серсув қиладиган бир-икки қўшимча қочиримлари бор. Тилини ҳам анча зийнатлаш керак. Ҳозирча жўнгина қилиб манови рус йигитга айтиб берсамикан бу ҳикояни?Тушунармикан? Тўзиб кетди Абдулланинг хаёллари ўзининг тўкилган сочлардек. Ақлини бир ерга жамлаб олиши керак. Айниқса бу ерда…

Сартарош ҳам ўз ишини битирди. Яна бояги бир-бирига ўхшаган темир эшиклар бўйлаб уни ўз қамоқхонасига бошлашди. Ақлини бир ерга тўплаши керак. Бедов хаёлларининг жиловини қўлга ўраши керак. Сўроқ бўладиган бўлса, нималарни сўрашади? Буларга жавобларини пишитиб қўйиши лозим. Нималарда айблашди кеча уни? Татар терговчининг қоғозида, хато қилмаса, 57-нчи, 67-нчи моддалар кўрсатилганди. Эрталаб кўрмаган экан, эшик ёнида титкиланган китоб- Жиноий Кодексётибди. Уни қўлига олиб, ўз моддаларини қидиришга киришди Абдулла. 57-нчи модда: “Совет Иттифоқи Конституцияси ва Иттифоқдош республикалар Конституцияларини, Совет Иттифоқи ва Иттифоқдош автоном республикаларнинг ишчи-деҳқон ҳокимиятини ағдариб ташлашга, қўпоришга ва ё заифлаштиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, ҳамда Совет Иттифоқининг халқ хўжалигинингпролетарреволюциясиқўлга киритганғалабаларниқўпоришга, заифлаштиришга қаратилган уринишлар контрреволюцион деб ҳисобланади.

Совет Иттифоқи таркибига кирмайдиган меҳнаткашларнинг бошқа бир давлатига қарши қилинган хатти-ҳаракатлар ҳам, барча меҳнаткашларнинг манфаатини, интернационал бирдамликни ҳимоя қилиш мақсадида контрреволюцион деб ҳисобланади”.

Абдулла бу моддани қайта-қайта ўқиб, ўзининг қайси бир ҳаракатини ушбу йўсинда йўйиш мумкинлигини билмай, ўйланиб қолди. Ё: “Дўппи бўлса бош топилади” -деган хилиданмикан буниси?
Бир неча бет варақлаб у 67-нчи моддани ҳам топди: “Контрреволюцион мақсадда қилинган ҳар бир ташкилий фаолият, ва ё унга тайёргарликда қатнашган, айни пайтда юқорида қайд этилган биронта жиноятни содир этган шахслар ушбу бўлимнинг контрреволюцион жиноятлар сирасида кўзда тутилган моддаларга мувофиқ жиноий жавобгарлкка тортилади”.

Бунисини ҳам қанча тиришмасин, Абдулла тушунгани йўқ. Бир томондан тушунмаганлиги юрагига аллақандай ғулғула солгандек бўлса-да, бошқа тарафдан ақли: “Буларга менинг ҳеч қандай дахлим йўқ-ку!” – дегандек, енгил тортди.

Бекорчиликда бошқа моддаларни ҳам кўздан кечира бошлади у. “Безорилик” деганда Тошпўлат-тажангини эслади. “Қўшхотинлик” деган моддага Отабекини солди. “Диний даъватга” Калвак Махзумини ўлчади. “Ўғрилик”ни очганда, ният қилиб қўйган Намоз-ўғрини хотирлади. Китобни бир бошидан, бир оёғидан титкилаб, буларнинг барчасига ҳазил-ҳазил модда топиб чиқди, лекин ўзига ярашасини кўрмади. “Хаёлпарастлик” – деган жиноят йўқ-ку ахир. “Ўйчанлик” ё “Орзукашлик” деган ҳам модда учрамайди бу китобда.
Жиноят дейдиган бўлса мана буни сўзлаб берсин у…

1242-нчи ҳижрий йилнинг Шаъбон ойи, эрта баҳор. Қарши ҳокими Насруллоҳхон яна черик чорлаб, Бухоро томон юзланган. Бу сафар унинг шашти баланд, бу сафар улоқни у олажак. Отаси Амир Ҳайдар ул бевафо дунёни тарк этганида, улуғ оғаси Амир Ҳусайн тахтга чиқди. Бухоро остонасига черик тортган Насруллоҳ сув бўйидан сув ичмасдан қайтди. Уч ой ўтар-ўтмас Амир Ҳусайн ҳам фонийдан боқийга отаси кетидан йўл олгач, Карманада ҳоким бўлиб ўтирган кичик иниси Амир Умархон эпчиллик қилиб тахтга уйқашиб олди. Бир сафар оғам деган эса Насруллоҳ, иккинчи сафар иним деб яна Бухоро остонасидан қуруқ қайтди.
Энди Ҳаким-қушбеги юборган чопардан эшитишича Амир Умар салтанат ишлари эмас, айшу ишрату, кайфу сафо билан куну кеч бандмиш. Амирлик емирилаётган бир пайт Амир Умар чоғиру таннозлардан ўзгасини билмасмиш. Бундан нолиган вазирлару беклар Ҳаким-қушбегини ўртага солиб, чопарларини яна кимга – Насруллоҳхонга жўнатишди.

Бу кез энди ёлғон мулозаматга бориш йўқ. Насруллоҳхон шахтидан қайтмайди, тахт тиланмас, тахт улоқ каби юлиб олинар экан. Бухорога етишдан аввал Насруллоҳхон Хожа Баҳовиддин мақбараларини зиёрат этиб,Ҳожатбарор Пиримиздан ўз ишларида дастак сўради. Мушкулларини раво қилиб бердими Ҳожатбароримиз, бир неча ҳафта қамалдан сўнг 1242-нчи сана,Шаъбон ойининг йигирманчи куни Ҳаким-қушбеги бошлиқ аъён Амир Умарга хиёнат қилиб, Арк дарвозасини Насруллоҳхонга очиб бердилар ва ўша куннинг ўзидаёқ инисини тутиб,Амир Насруллоҳ-хонни тахтга кўтардилар.

Пиримиз хожа Баҳовуддин Ҳожатбарор руҳлари ҳали элимаган эканми Амир кўнглидан, орада Эшон Муҳаммадшариф-хўжа ўртачи бўлиб, расвои-раддибало Умархонни ўз отига айқаштириб, шаҳардан олиб чиқиб кетди. Йўлда оламондан бири амирга қўл узатиб, бошидан зар қалпоғини, бошқаси эса белбоғу зарчопонини юлиб олса бўладими! Бухоро кўчаларидан бошялангу яланғоч чиқиб кетди кечаги амир… Э,бевафою беоқибат дунё! Агарчи Эшон Муҳаммадшариф-хўжа ўзларининг фақирлик кулоҳларини амир бошига кийгизган эканлар.

Подшохларга муносиб тож ила авранг эрур,
Йўқса билмиш ҳар гадо эски кулоҳ бош узра тож…

Амир Насруллоҳ-хон тахтга чиққач,Ҳожатбароримиз буюрган мурувват илаунга қўшилган инилари Зубайрахон Ҳамзахон ва Сардорхонларга инъом сифатида Бухоро туманларидан бири — Наразим ҳокимиятини топширди. Ҳаким-қушбегини қайта вазирликка тайинлади, халойиққа Арк ўнгида ош тортди…

Мана энди Ҳаким-қушбеги билан юзма-юз ўзининг хос хонасида ўтирар экан, ўзини дўсараликка солган қушбеги ўсмоқлаб:
-Шояд инингизни озод қўйиб юборганингиз хайрия йўлига йўйилса,-деб қўйди.
-Недан? – деб дўққироқ тарзда сўради чап бети аҳён-аҳён учган амир.
-Салотини Усмониянинг ажиб бир расми бор экан деб эшитдим, тахт ворисидан ўзга барча иноғалар гўдаклигидан қатл этиларкан! Тахтга даъво бўлмасун деб…

-Дуруст, унда бизам шаҳид кетган бўлурдик – деб дўлайиброқ жавоб берди Амир Насруллоҳ.
-Астағфирулло, — деб ўз хатосини ямашга шошилди Ҳаким-қушбеги. – Мақсад – бу тахт табаррук қўлингизга тушгач, уни даъвою, дўқ-даварадан озод этиш…
Шипдаги чилчироқ липиллаб ёнар, Ҳоким-қушбегининг салқиюзида ажиб соялар ўйнарди.
-Сeн менга ўзгача гапни айт, баковулинг ўзи қандай одам? Ишонса бўладими? – ўзини гўлликка солиб сўради чап кўзи пир-пир учган Насруллоҳ-хон.
-Қўлингиздан ўтгач, таълимингизни ҳалигача унутмаган… – гап қаёққа бурилаётганини билмай каловланди қушбеги.
-Сўраётганим, падари бузрукворимиз бехосдан касалликка учради. Оғамиз Амир Ҳусайннинг навқирон умри бир зумда хазанакка айланди. Буларда шу баковулингни қўли йўқми? – деб синагандек бўлди ёш амир.
-Илло-билло! – деб уф тортдиайёр қушбеги, суҳбат жиловини яна қўлига олар экан. – Мўмин одам, ҳолвадан ортиғига парвои фалак…
— Ҳолва дейсану, иниларимдан эҳтиёт бўлсакми дейман…

Чекадан бу суҳбатни эшитаётган одам нималарни ҳам тушунарди, лекин беш-олти амирни кўрган қушбеги чинни пиёлага қараб, бу пиёланинг ичидаги нимпиёладан ҳам бохабар туриши шарт. Охирги гапни,шайху эшонга кўниб, ўз иниси Амир Умарни озод қўйиб юборган Қарши ҳокими мўрт Насруллоҳ-бек айтяптими, ёки Ҳаким-қушбегининг гапларини қулоғига қуйган тахт оғаси Амир Насруллоҳ-хонми?
-Баковул бунда, ул зотлар Наразимда, -деб ўртага синов тошини отди қушбеги.
-Шуни айтаман-да…
Йўқ, ўз фикру-ниятларини беркитишда ҳалиям мўрт амиримиз, баковул айтмиш: қиёмига етмаган. Буни илғаган қари тулки Ҳаким-қушбеги шахдамлик билан:
-Чорасини Ғозибек-мирохўр қалмоққа топширамиз, — деди.

Бир ой ўтар-ўтмас Амир Насруллоҳ-хоннинг уч иниси: Зубайрхон, Ҳамзахон ва Сардорхонларнинг нозанин бўйинларига тун ярмида пичоқ тортилди. Бухоро салтанати Амир фармонига мувофиқ малъунлар қўлида шаҳид кетган шаҳзодаларга уч кун мотам тутди…
Мана буни жиноят деса бўлади, — деб ўйларди Абдулла…

* * *

Тўзиди Абдулланинг текис хаёллари. Иккинчи дафъа қамоққа тушса-да, кўникмас экан бунга инсон. Тушликка йўғон макарон билан озгина хантал сурилган котлета берилибдиям-ки, Абдулланинг кўнглида “Босинқирашим узунроқ чўзиляптими? Энди уйғонсам ҳам уйғонаман, уйғонмасам ҳам уйғонаман”, – деган қатъиятга қарши кун давом этаверди. Пешинини ўтирган ерида ўқиб олди Абдулла. Раҳбарни, болаларини қўйшармикан ҳабар олгани? Темирйўлчилар саройига Янги йил арчасига бориш ўрнига ташқарида Ленинградская кўчасинингизғирин совуғида бировларга ялиниб туришганмикан? Текис хаёллар деб ўйлаётган эди у. Бунақанги ҳолатда текис ўйлар келармиди мияга. Текис ерда тўзиб кетган ҳаётга жавоби ҳам манови тўзиб кетган ўйлар бўляптими? Қай бирига ёпишишини билмайди, қай бири унга эп келиб, тушган ҳолатига малҳамми ё жавоб бера олади? Ё чиндан ҳам васваса босдими уни? Жин чалган ўйларига яраша ҳаётини ҳам жин чаляптими? Болалигида Абдулланинг раҳматли отаси жинлар базми ҳақидаги ҳикоясини сўзлаб бўлгач, ўғлига ҳазиломуз тарзда: “Хаёлларингни тузук қил, яхшироқ нарсалар ҳақида ўйласанг бўлмайдими?” – деб қўярди.

Балки чиндан ҳам дурустроқ нарсалар ҳақида ўйлагани маъқулмиди? Ахир бу қиссадан ҳам “Ўтган кунлар”нинг бир турини ясаса бўларди-ку?

Моҳларойимни эслади у. Жаҳонотинни, Амирий тахаллуси остидаги Умархонни. Йўқ, бошиданоқ айтақолсин: Нодирабегим, Увайсию Амирийларни.
Моҳларойим шаҳзода Умархонга узатилган куниданоқ бошлаб, ўз эрини қизғанарди. Аввалига амир эмас шаҳзодалигига, сўнг шаҳзодаларнинг отаси Амир Олимхон оламдан кўз юмиб, аморотини ўғлига мерос қилиб қолдиргач, салтанатнинг битмас ишларига, девону шикор, юришу зиёфатларига қизғана бошлади.
Бутун дунё Амир Умархонни Моҳларойим қучоғидан тортиб олаётгандек туюларди унга:

Куйдурди чаман гулларини рашк ўти бирла,
Ул ғунчаи хандон ила ул наргиси шаҳло…

Никоҳдан бир кун аввал Моҳларойимнинг падари бузруквори Андижон ҳокими Раҳмонқулибек ўз қизига насиҳат тариқасида: “Эрингга яхши қарагин. Эркак зоти кўча-куйда ҳоким. Уйга қайтгач ҳокимни ҳам хотин бошқаради. Ана, онангдан ўрган!” – деб айтган эдилар. Албатта бу сўзларда волидаи муҳтарам ўз манфаатларини кўзлаган бўлишлари ҳам мумкин, бироқ астойдил уқибдимиўшал насиҳатга Моҳларойим, аҳён-аҳён ўз шакугумонларини текшириб ўз-ўзига йиғлоқироқ йўғон овозда: “Тавба!” -деб қўярди.
Туновида Амир Умархон эркак зотини Сирдарё тўқайларига овга бошлаганида, Моҳларойим зерикмаслик учун саройга аёлларни буюртиргач, тўюзиёфатдан сўнг ўйин-кулгу бошланиб,ҳаммани ўзи қарамида тутадиган пастаккина Жаҳонотин бир чистонларини ўқиган эди:

Ул на гумбаздир, эшиги туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгунпўш қизлар анда айлабдур макон.
Синдируб гумбазни қизлар ҳолидин олсам хабар,
Юзларига парда тортиғлиқ турарлар бағри қон…

Кимдир “Амирнинг ҳарами” деди, кимдир “тандирдаги нон” деди, фақат зукко Моҳларойим икки шамани ҳамоно илғаб олган эди: ул гумбаз шаклидаги нарсанинг на эшиги ва на туйнуги бор, ҳамда ул қўлга сиғар нарса бўлмоғи даркор, ахир “синдириб гумбазни” дейиляпти-ку. Парда ортидаги қизларнинг бағри қонлиги суратга ранг бериб, Моҳларойим ўзининг пича йўғонроқ овозида йиғлансингандек: “Анор” – деганларида,босалобат, омирона Жаҳонотин таъзим бажо келтириб, маликаи дилрабо отига таҳсинлар ўқиган эди: “Чиндан сиз Нодирасиз!”
Куни кеча эса маликаи дилором ўрниларидан кечроқ тураркан, эртароқ девонларига чиқиб кетган завжи хумоюнларининг ҳали ҳидлари ўчмаган ва кўрпа устида қолиб кетган ҳилъати гулгунларини қўлларига олар экан, жайбидаги бир парча қоғозга кўзи тушиб қолди. Олсалар – ўз илки олийлари ила битилган ғазал:

Бўлди то табдин ҳарифи лаъли жононим анор,
Гул қилур хуни жигардин хори мижгоним анор…

Бул радифга ёзилган матлаъни ўқибоқ,хипча-бел Моҳларойимнинг бетига анор сувидек қип-қизил қон урди. Юракларидони сепилган анордек бўшашиб, кўзлари ғазал узра югурди.

Ҳусн боғи мевасига ёр ноз айлаб деди:
“Лабларим анжирдур, себи заноҳдоним анор”.

Боғ гул бирла анориға агар ноз айласа,
Ёр айтур оразим гул, лаъли хандоним анор…

Моҳларойим, лаблари пичирлаб, бу байтларни ўқир экан, кўнглида ғичир-ғичир анор донасидек юз минг хаёллар исёнкорона ачишди. Анжир деб уларнинг ошиқ-маъшуқ тилида нима аталишидан огоҳ Моҳларойим ажиб бир ғулғула туя бошлади.

Лаблари шафтолисиға зормен, эй боғбон,
Тўкмасин беҳуда истиғно била қоним анор…

Шарбатим қондур агар топсанг ул ой базмиға бор,
Лаъли хандонинға еткур арзим, эй жоним анор…

Кўз энтикиб илгари югурса-да, кетидан илашган ивирсиқ онг: “Подшоҳим ҳаргиз лабимни шафтолига менгзатмаган эди” – деган фикрда, анор эзган қўлдек, қовжираган юракни эзарди.
Ёралиғ кўнглимни кўз ёшида қилдим парвариш,
Ким эрур бу боғ аро мақбули султоним анор

Себи ғабғаблар фироқида беҳидек сарғариб,
Қон ютарменким эмастур боби дандоним анор

“Себи ғабғаблар” калимасини ўқидию теракқад Моҳларойим, синоатли анор гумбази бузилиб, сир туйқусдан очилгандек бўлди: йўқ, ёш киз эмас, жувон бу… Тўкилган доналар эзилди, янчилди… Наҳотки…

Кўз лабинг уннаби ҳижронида йиғларким, тўкар
Қатра-қатра қон ёшимдан жайбу домоним анор.

“Унноб эмас, аъноб!” – деб йиғоқироқ оҳангда йўл-йўлакай рашкини жаҳлга бурди Моҳларойим.

Олам элида вафо топилмас,
Бу гавҳар эрур жаҳонда ноёб…¬-

деб кўзларидан ёш оқизди Нодира. Бир томчи ёш ҳилъати хумоюн жайбидан пинҳона олинган хитой қоғоз устига томди-да, “унноби” деган ёзув эриб, “вов” харфи “аъйн”га айлана бошлади. Моҳларойим зудлик билан енгини қоғозга босди. Афсус, из қолиб бўлганди. Рашк, алам, ғазаб, ўкинч, араз шарбати қону кўз ёшига сачраган Моҳларойим хира нигоҳ ила ғазал мақтаъсига боқди:

Оразинг раммонини бу боғ аро истар Амир,
Мудаодур анга эй сарви хиромоним анор…

“Хато устига хато” – деб ўйларди Моҳларойим. Лекин назарида нени тутарди? Арабчада “анор” сўзини англатувчи “руммон” сўзининг “раммон” деб ёзилишиними, ё ўз гумонларида янглиш бўла олишиними, ё-да аксинча ўз ёри-дўстига вафодорлигию оқибатининг хатосиними, ёинки бу дунёю бу ҳаётнинг адашлигини?

Себи заб-заб бирла аъноби лабинг ҳижронида
Меваи алвони боғу бўстоним бўлди талх.

* * *

Кеч тушаётганини Абдулла юрагининг бўшашятганлигидан сезарди. Ертўла бу қамоқда панжара йўқки, осмон рангидан огоҳ бўлиб турсанг. Кеч тушаётганини Абдулла, зерикиб, кечаги кечани эслаганидан туярди. Намозшомда ёзишни яхши кўрарди Абдулла. Шомни ўқиб бўлгач, деразага ёни билан тиралган столи ўнгида ўтирарди-да, ғира-шира осмонга тикилиб,ҳазин юрагидаги ҳануз илиқ соғинчларни оқ қоғозга тўкарди. Чўлпоннинг ажойиб шеъри бор, “Кечкириш” деган. Шуни ёддан биларди Абдулла. Мана энди ҳам бу шеър бехосдан эсига тушганидан, кеч тушаётганини тушунди Абдулла:

Баланду паст катта-кичик бинолар
қизил, кўм-кўк, яшил томлар устида
ола-була, қуюқ-суюқ булутлар…
кўкни қоплаб бир томонда тўпланган.

Кун ботадур…тарқоқ, ёйиқ лолалар,
унда-мунда булутларнинг юзида
сил юзидек ранги кетиб сўлиблар…
Қоронғулик Шарқ томондан қўзғалган

Шом азони, муаззиннинг йўсунсиз,
кучсиз товши титрабгина чўзилган…
ёмғир пича ёғиб ўтган, бузилган
қинғир кўча четидаги узун из…

Қисмат излаб ҳар томонга тарқалган
катта-кичик, ёшу-қари бўшашиб,
хориб, чарчаб, секингина қайтадир,
маҳалланингбир ерига тўпланган
бир тўп бола турлик ўйин ўйнашиб,
кетганларни кутадир…
Белгисизлик қанотини кенг ёйиб,
коинотни қучоғига тортадир.
Чироқлар ҳам жин кўзидек йилтиллаб
хира қараб, мунғайиб
кўриндилар –
килкиллаб-
ёмғир суви ер бағрида ётадир…

Кеча ҳам Самарқанд Дарвозасининг тепалигидан Кўкча томондаги уйларнинг томларига қараб ўтирганида,Камолан Дарвозаси тарафдаги масжиддан муаззиннинг йўсинсизроқ овози етишгандек эди. Булутлар, булутлар, — деб ўйларди Абдулла, — қаердан қаёққа кетяпсиз, кунни тунга боғлаб, негувоҳликларни ўзингиз билан ўтмишга олиб кетяпсиз. Бу белгисиз соатни ўтказиб олсам, қоронғунинг равшан чироғида яна ёзишга киришаман. Янги йил кутишгача икки-уч қоғоз қоралаб оларман, — деб беқарорликда ўтирганида, эшик тақиллаб қолди. Қўшни хонадан зиёфат дастурхонини ёпишаётган болаларининг овози етишди: “Дада, эшикни кимдир тақиллатяпти!” Абдулла елкасига чопонини ташлаб эшик томон юрди.

Қисмат излаб хар томонга тарқалган
катта-кичик, ёшу-қари бўшашиб
хориб, чарчаб, секингина қайтадур…

Ким келган экан бу бемаҳал соатда, киши борки,ҳозир ўз ўйида Янги йилга тайёрланиб ўтирмайдими, — деб хаёлидан кечирди Абдулла ва эшик тамбасини очишдан аввал: “Ким?” -деб сўради. Эшик ортидан: “Мен, домком Раҳматилла акайзман!” -деган овоз келди. Қизиқ, ойда-йилда бу ерга келмаган домком нима қилиб юрибди, тинчликмикан? — деб эшик тамбасини очган эдиям-ки, салом йўқ, алик йўқ, қора ёмғирпўш кийган уч нусха ёпирилиб кирди.

Эшик қийиғидан Абдулла “Қора қузғун” машинасини кўрдию, барини тушунди.

Кўз олдида болалари. Қўлига кишанлар солиб, уни машина томон судрашятканида Анисими, ё Адибаси у томон интилиб, остона тагида турган обдастага қоқилдию, кўзида ёш — ётиб қолди. Кўзойнак таққан анови татар терговчи кўзойнагини чақнатиб унга шавқатсиз назар ташлади.

Белгисизлик қанотини кенг ёйиб
коинотни қучоғига тортадир.
Чироқлар ҳам жин кўзидек йилтиллаб
хира қараб мунғайиб
кўриндилар-
килкиллаб-
ёмғир суви ер бағрида ётадир…

Бир кун ўтибди.

* * *

Бир кун ўтар-ўтмас сарвқомат Моҳларойим ўзининг кечаги шак-шубҳаларидан ўзи уялар: “Наҳотки битта сўзнинг иккита шеърда учрашидан у қадар гумонларга борсам? Ахир Жаҳонотиннинг анор чистонини султонимга ўзим ҳам айтган бўлишим мумкин-ку…
Ановинда:

Маъшуқ аҳлидин васл рамзини сўрсам ўлдирур сўрмасам ўлам,
Дард аҳлиға ишқ дўконини қурсам ўлдирур, қурмасам ўлам.

матлаъли ғазалини салобатли Жаҳонотиндан эшитиши биланоқ, ўшал кечаёқ ўз рашкини Амирул-мўминийннинг Амирий рашки билан босиш учунми, бошдан оёқ, қизишиб, ўқиб берганди-ку.
Ҳатто мақтаъсига етганида, “Вайсий” тахаллусини “Нодира”га алмаштирай дейишига бир баҳя қолган эмасмиди:

Мендан ор этар, хору-зор этар, фоний дунёдин ушбу жон кетар,
Нодира ғариб, ранги сарғариб турсам ўлдирур, турмасам ўлам…

Ваҳолонки, “Нодира” “Вайсий”дан бу мисрга кўпроқ ва хўброқ ярашур эрди.
Лекин тиниб-тинчимас Жаҳонотиннинг феъли барибир ажибу-ғариб. Минг яқин тутмасин Моҳларойим унга ўзини, сарой ҳарамида хос отин дея, не қадар эъзозланмасин, ўз ғазалларини унутиб, ҳаттотларга қанчалик Увайсий девону баёзларини топширмасин, Жаҳонотиннинг на оёғига, на хаёлига тушов солиб бўлмайди. Кўнглида нелар сақлаганини ҳам билиб бўлмайди. Мана охирги ёзган ғазали:

Хўқанд шаҳридан келганлар, кафшим йўқолди, сандаму?
Ҳоли дилимни билганлар, кафшим йўқолди, сандаму?

Нима ҳақда ўзи бу ғазал? Анинг даъвоси неда?

Бу ғамда йўқ, менда ҳамдам, йўқ, йўқотдим, дийидамданам,
Кўкабиби, жонга марҳам, кафшим йўқолди, сандаму?

Қайси кафш ҳақида гап кетяпти ўзи? Эртакдаги малика бўлиш учун ўлчалган кафшмасмикан ул кафш?

Ман жисмдурман, сан жоним, ташлаб кетганим армоним,
Арзим эшит Қўзихоним, кафшим йўқолди, сандаму?

Ўз зукколиги билан бу ғазалнинг моҳиятига етолмаган Моҳларойим ҳар бир сўзни синчковлаб текширар, аммо ғазал унинг ақлини майна қилгандек, сирдан сирга кўмиларди. Моҳларойим ахир ғазалнинг мақтаъсига етди-да, на ҳайқиришини, на дамини ичига ютишини билмай, гаранг бўлиб қолди:

Шояд хабардор ўлса шоҳ, тўққиз фалакдин ўтди оҳ,
Дуо қилгил, Вайсий, гумроҳ, кафшим йўқолди, сандаму?

Йўқ-йўқ, шукурки, у заминдаги шоҳни чорлаётгани йўқ, қизғанмаса бўлади Моҳларойим, лекин арши муаллодаги Шоҳга даъват этяпти, ҳа-да, арши муаллодаги Султони Азимга “кафшим йўқолди, сандаму?”-дейишга ҳадди сиққан арзандадан ул аршнию, ул Султонни қизғанмай бўлармикан? Ул рашки аъзамда ўз каломидан муқобилини тополмаган Нодира Фузулийни эсга олишга мажбур қолди:

Раҳм қил, давлатли султоним,
Мурувват чоғидур…

* * *

Шомга Абдулла “Ваз-Зуҳа” билан “Ваш-Шамсу”ни овозини чиқариброқ ўқиди. Намоз ярмида эшик яна шарақлади-да, кечки нонуштага бижиганроқ карамнинг қовурдоғи билан бир бурда қора нон келди. Анави карамнинг ўткир ҳиди бутун қамоқхонани тутди. Намозни дилга ўтқазиб, Абдулла ошпаз аскарнинг қўлидан овқатини кутиб олди. Негадир эсига тўнғич ўғли Ҳабибулланинг доимий ҳазили-қачонки уйда карамдан томоқ пиширилар экан, “лутфи караминг…” деб хиргойи қила бошлаши тушди. Касал қолди-я, ётган ерида тўнғичи. Олдига кириб хайрлашишга ҳам қўйишмади.
Кечки овқатни тарқатган аскар йигитча мусулмондан эканми, чиндан ҳам темир товоқдаги таомни узатишида аллақандай лутфу карам бордек эди. Кимга ўхшатди-я шу йигитни Абдулла? Гап очиб боқса бўларди, аммо намозини бузгиси келмади. Балки бу йигитча воситасида Чўлпонми, Ғози Юнуслар билан хабарлашармиди… Намозини ўқиб бўлгач,Абдулла овқатдан татиб боқди. Бижиган карамнинг тахир тами оғзини қамаштирди. “Есам, кейинроқ ерман”,- деб нонини кавшай бошлади у. Кечга келиб суяклари яна оғрий бошлаганини сезди. Ҳар бир чайнашдан жағларининг оғриғи чаноғига, чаноғидан икки курагига, куракларидан қовурғаларига, қовурғаларидан белию оёқларига тарқарди. Бир бурда нон оғриқ билан ейилди. Рост оғизда ширин бир таъм қолди. Уни анови бижиқ карам талхи билан бузгиси келмади Абдулла ва яна ўйга толди.

Эслаганларини барини ёзиб улгурганмиди? Ёзиб улгурганларини эсладими холос? Ё бари тўзиб, ақлига келгани пойинтар-сойинтар бўлдими? Чунки ёзса буларнинг барини: Умархоннинг Хўқанд саройию Насруллоҳ-хоннинг Бухоро Аркини қориштирмасди. Чунончи орада бир эмас, ўн йил фарқ бор. Амир Умархонга муқобил қиладиган бўлса Амир Ҳайдарни кўпроқ ёзарди. Лекин, нега бирданига Насруллоҳ-хонга ўтиб кетди? Хаёллари, ҳаёти тўзиб кетганиданми? Сезганлари анча тиниқроқ эдику… Моҳларойимнинг ҳам феъли-атвори бошқачароқ эди эмасми? Нима бўляпти Абдулланинг миясида ўзи? Жин босди дегани шуурига ҳам етиб бўлдими?

Абдулла зўр бериб буларнинг барини унутишга ҳаракат қилди. Чўлпон айтмиш:

Тун ёмон, тун қоронғу,
тун қўрқинч, тун азоб,
тунда эски ва янги
ҳар нарса хаёл, сароб…

Буларнинг барини ўзининг сўнгги пайт севиб-севиб ўқиган “Зарбул масали”га алмаштирмоқчи бўлди. Шу нарсанинг ҳалига қадар поёнига етгани йўқ эди. Қай йўсинда қиссасига киритишини уйлаб-ўйлаб, ўйларининг кетига етмаган эди.

“Аммо ровийлар андоғ ривоят қилурларким, илгарига айёми нафаржомда Фарғона иқлимида Кайкубод отлиғ подшодин қолган бир эски шаҳристон бор эди. Аммо ани ҳавоси хуш ва боди дилкаш. Сабза, раёҳин, анвои гуллар, чечаклар касратидин кўрган баҳор чоғда товуснинг парларидек турланиб, мунаққаш кўринур эди. Ва анинг ёнида бир ёғочлик ерда Япалоққуш маскани, ота-бобосидан қолган жойи бор ерди. Аммо Бойўғлининг бир қизи бор эрдики меҳри ховарий юзига банда эди.

Оразидин шамсу қамардур ҳижил,
Сўзларидин шаҳду шакар мунфаил,
Ҳосили умри эди ул бойни,
Оти Гунашбону ўшал ойни….”

Ахир бу Амир Умархоннинг Сайид Ғози-хожа қизи Ойхон-пошшага уйланиши тарихи-ку! Наҳотки ҳозирга қадар Абдулла буни сезмаган бўлса! Қойил-э!
Лаззатидан ўзича ёдга тушиб қолган сўзларни бирма-бир қайтарар экан, Абдулла ички севинч билан ўз инкишофини ўзи тасдиқлаётгандек эди. Япалоқ Кўрқушни совчиликка юборганини эслаб, Ҳаким-тўранинг “Мунтахаб ат-таворих”ига қиёслади:
“Бойўғлининг бир чиройлик қизи бор эмиш. Бизни тарафдин совчи бўлиб боринг. Ҳарқанча қалин бўлса топилур.

Анда Кўрқуш айди: “Бор мақтанса топилур, йўқ мақтанса чочилур” – деган яхшиларнинг масалидур. Бойўғлининг оғзининг бурчидан чиқар: “Минг чордевор қизимнинг қалини” – деб. Ҳоло подшоҳимиз Ҳазрат Сайид Умархон Амирул-муслимийн аҳд ва замонларида одам маъмур ва раоё масрур. Ҳар нечук аёлмандлар тасбиҳи маржондан уйрулур – бир бўш чордевор топилмас, уялурмиз. Нечукким айтмишлар: “Ёлғон масал турмас”, “Уят – ўлумдин қаттиғ”. Яна айтмишлар: “Эрман ёғочини эгилгани – сингани, эр йигитнинг уялгани – ўлгани… ”

Ахир Гулханийнинг ҳам Тожикистон тарафларда туғилганини билмасмиди Абдулла? Аттанг, текшириб боқмаган экан, Нола тахаллусли шоир Сайид Ғози-хожага агарчи қариндош чиқмаса, онҳазрат қўлларида таҳсил олган бўлмасин… Сайид Амир Умархон ҳақидаги заҳарханда бундан далолат эмасми?…
Ундан кейин Фазлийдан маълумки, Гулханий Умаршохга навкар бўлган. Ким билсин, бу дўлвор одамни Амир Умархон Ҳакимхон-тўрага қўшиб Сайид Ғози-хожаникига важоҳат учун юборган бўлса-чи?! Ҳакимхон-тўра қиз билан ота орасида нималар ўтганини ёзмаса-да, Гулханий “Зарбулмасал”да бу саҳнани тоза ўхшатган-ку!

“Анда Бойўғли айди: “Ори, боланинг бўйи етибдур. Ўзидан сўраб жавоб берсам керак”, – деб туруб, қизининг олдига кирди: “Эй болам, Япалоқ бибининг боласи Қулонкирсултон ҳавохоҳ бўлуб, совчи юбормиш, на жавоб берурсан?”

Анда Гунашбону ойим, нечукким рўзғор қизларининг аълоларидур, “Сукут – аломати ризо” дегандек, бошини қуйи солиб ўлтурди. Бойўғли қизнинг майлини билиб айдики: “Бу болиғанинг кўнгли эр тилар ўхшар”, — дегач, қиз тилга келиб айди: “Эй, беъмани чол, соқолингдин уёл. Хомуш турмоқлик жавобибўйла бўлурми? Хайр ишиға мутакаллим бўлғоннинг хитоби бўйла бўлурми?”

Шу пайт калитлар ғичири билан эшик шарақлаб очилди-да, йўғон ва малла навкар Гулханий ўрнида девсимон Винокуров қамоқхонага кириб келиб: “Ну что, с Новым годом что ли, буржуазно-националистическая крыса, думал зарылся в нору здесь? А я тебя тут же за хвост!”–деб “Карнайчидан нима кетди, пуф”– дея, Гулханий билан хайрлашишга улгурмаган Абдулланинг оғзи-бурнини бир қилиб, урибутепиб кетди…

* * *

Хуши чип-чип қону оғир оғриқ билан ўзига қайтгач, бу сафар ёмон афсусланди Абдулла. Нега,хом хаёлларга берилиб, бунга тайёр бўлмади?! Винокуровнинг бўғзига қўлининг кучи етмаса тиши билан ёпишса бўларди-ку, отиб ташласин эди шу ернинг ўзидаёқ, лекин мановинга ўхшаб хор бўлиб ётганидан минг карра афзалроқ эмасмиди?! Энди қайтишга йўл йўқ. Сал кучини йиғиб олсин:кўриши билан тишлаб, ғажиб, бўғиб, ўлдиради у маҳлуқни. Абдулланинг тишлари ғижирлади. Ўлдиради! Ўлдиради! Ўлдиради!

Туни бўйи биронта пуч хаёлга берилмай, фақат аблаҳ Винокуровнинг интиқомини ўйлаб чиқди Абдулла. На оғриқни сезди, на қотган қонни, фақат ёниб-куйиб ўртанган қасоскор юрагини. Хуфтон намози эсидан чиқиб кетди, буни тун ярмида элас эслагандек бўлди, лекин намоз сўзи миясининг бир бурчагида учқунлагач, кимни эслади — Намоз-ўғрини. Аср бошида ўрислар қамоғидан чиқиб, Самарқанд вилоятида бой-бадавлатни қийратиб, улар томонидан сотилгану,ўрис қамоғига тушган Намоз-ботирни. Уни урмоқчи бўлган аскарларнинг тўртта-бештасини гумдон қилган экан у. Шунинг учун ҳам Намозни ташлашган қоронғироқ хонага ҳеч ким ёлғиз йўламас, кирганда ҳам 10-12 киши милтиқларини шайлаб киришар экан.

Намоз йигитлари уддабурон эмасми -булардан бир-иккитаси майда ўғрилик қилиб, атайин шу қамоққа тушишади-да, Намознинг қайси катакда ўтирганини билиб, у билан ўзлари билган сирли алоқага чиқишади. Ким тош билан тўсин тақиллатишни айтса, ким ашула айтиб, ашулага керакли сўз қўшишни сўзлайди. Неки бўлмасин, буларнинг баъзилари ўзларига тегишли 50 дарра еб, қамоқдан чиққач, ташқаридан ер кавлашга тушишади ва келишилган пайт бу қазима Намоз-ўғри ўтирган катакнинг бурчагидан чиқиб келади. Лекин осонгина қочса, Намоз Намоз бўлмас эди. Ўрани яхшилаб яшириб, у саҳарда ўз эшигига бир неча бор тақиллатади. Бир-бирини уйғотиб, ҳайбаракалаб ўн-ўн бешаскар милтиқлари билан кириб келишади-да, ғира-шира қоронғуликда Намоз-ўғрини тополмай, ҳавога ўқ отганича, кими ташқарига, кими бошқа катакларни очишга, кими эса жойида қотиб қолишади. Ҳаммаёқ ола-гастон. Шу пайт шифт остидан болорларга тирсагию тиззасини тираб ёпишган Намоз-ботир анави карахт бўлиб қолганларнинг устига сакраб, ер билан яксон қиладию, милтиқларини қўлтиқлаб, ўзини ўрага уради.

Ўшанда унинг кетидан ўн-ўн бешта қамалган ҳам ола-тасирдан фойдаланиб, қочиб қутулган экан.

Буни ҳам ёзмоқчи бўлган эди Абдулла. Лекин нимага бу саҳнани хозир эслади у? Бошқа қиссада, бошқа замон содир бўлган ҳодиса эмасми бу? Агар Намоз қилганини қайтараман деса, на ўзининг одамлари бор Абдулланинг, на бу бетон узра ўра ковлаш мумкин, на шифтга ёпишай деса, тўсину болорлар бор. Шифтдаги чироқни ўраган темир катак холос, лекин унга ҳам осилмаслик учун камару белбоғларни ечиб олишган…
Барибир ёпишади маймунпешона Винокуровнинг бўғзига! Барибир…
Шу иштиёқда Абдулла, ўрага қулагандек, қоп-қоронғу тушсиз уйқуга қулади…

* * *

Эрталаб эшик ғичирлашидан сесканиб уйғонган Абдулла зеҳни билан эмас, кечаги аламининг кучибилан кириб келганга ҳамла қилмоқчи эканлигини уйғониши биланоқ туйиб, қўллари муштга тугулган эдики, қараса эшикдан анави бесўнақайроқ ўзбек аскарчаси кириб келаяпти. “Худо бир асради-я!”–деб ўзиними, ё йигитними ўйлади Абдулла ва мусулмон бу йигитга юзини ювмасдан салом беришга бетламай, апил-тапил қонлари қотган пешонасию кўзларини, шишган икки яноқу, оғриган жағини бурчакда ювиб олди.

Йигитнинг ўзи шивирлаброқ салом бергандек бўлди. Саломи ҳам Тошкентчасига: “Соламан, ака!” – қабилида бўлиб, Абдулла юзини чопонининг этагига артиб, алигини олди.
-Ока, сизга нон-чой опкелудув…
Абдулла кечагидақа бўтқа билан кружкадаги чойни таъзим билан қабул қилиб, пастроқ овозда:
-Тошкентликмисиз? Қайси маҳалладансиз? – деб сўради.
Аскарча идиш-товоқни тақиллатиброқ топширар экан, бу шовқинга овозини ўраб:
-Қумлоқливуза, Калҳовуз бўйидан. Бзайа хизмат бўса этувринг! – деб пичирлади.

Абдулла ҳам кружка билан товоқни бир-бирига шақирлатиброқ:
-Майли, ўйлаб боқай-чи! – деди-да, қайрилиб, “уҳу-уҳу” билан чиқишга юзланган аскарчага: -Чўлпон билан Ғози Юнус дегани қайси хонадайкин? – деб қолди.
Эшитдими унинг саволини қумлоқлик аскарча, ким билсин, эшик шарақлаб ёпилдию, Абдулла анави бўтқа устида ўз хаёллари билан яккама-якка қолди.

Нимани сўраса экан бу йигитчадан? Нима келар экан унинг қўлидан? Пичоқ обкелиб бер, — десамикан? Эплолармикин? Ё осонроғи – бир парча қоғоз билан қалам топ деб уйдагиларига хат ёзиб юборсамикан? Нима деб ҳам ёзарди? Эсон-омонман деса- ёлғон, эрта-индин чиқиб қоларман деса- пуч хаёл, уриб-тепкилашяпти, — деб ёзмайди-ку! Ё Виноградов деган ярамасни ўлдирмоқчиман, кечиринглар ва алвидо дейиши ҳам қип-қизил аҳмоқлик. Лекин барибир негадир аввалига бир парча қоғоз билан қалам сўрашни ният қилиб қўйди, жилла қурса, Раҳбарга: “Темирйўлчилар саройига бордингларми?” – деб ёзиб юборар. Кейин: “Канизак қиссасининг қўлёзмаларини шийпондаги ёқилмайдиган чўян печканинг ичига беркитган эдим, уни қариндош-уруғларникида асраб қўй!”-дермиди? Қўлёзманинг тўлароқ қисмини авваламбор болалардан, қолаверса Раҳбарнинг ўзидан яшириб, чўян печкада сақлаши қўл келдимикан, терговчилар майда-майда қоғозларгача барини тинтиб-тортиб-тергаб олишди, бироқ шийпондаги печканинг ичига қарашга биронтасининг ақли етмади…

Абдулла мазасиз сўк бўтқани еркан, яна терговчилару, домкомни эслади. Тергови қачон бошланаркин? Бир-икки кун Янги йил қилиб, дам олишса керак, демакки бу кунлар Винокуровнинг маҳрига ёзилиб, Винокуровнинг хасмига айланган экан-да!
Пичоқ сўраши керак қумлоқлик йигитчадан.

Ойхон-пошша гўшангада янчилган талқондек ётар экан, на дод дейишга кучи, на юм-юм йиғлашга ёши, на ўзини бўғиб ўлдиришга мажоли бор эди. Зўрланган қизнинг адоқсиз кечаси… Зўрлаган маҳлуқ эса ғусл олгани чимилдиқ ортидан ташқарига чиқиб кетган, унга эргашгану, қулаган нафрат қиз кўкрагини тегирмон тошидек босган. Тепинди қиз, тимдалади, тишлади, дарранда-чи бундан қайтага жўшиб, пишқириб, кўпикларини нозик гулбаданга сочди. Чип-чип қону оғир оғриққа буланиб ётган қиз: “Энди келса бўғзига тишим билан ёпишаман!” – деб маржондек тишларини ғижирлатиб ётибди.

Ойхон-пошша уловга солинганида навкарлар орасида баланд бўйли қизғишроқ одамни кўрган эди. Кўзига иссиқ кўринган бу навкар ваҳший ҳайвонни ҳам гўшангагача қўриб келган эди. Ўратепада отасининг қўлида ўқиган кўҳлик Муҳаммад Шариф бўлмасин тағин! Ўзини “Нола” атаган отаси уни эркалаб “Гулханий” деб атарди… Агарда ўша бўлса, ялиниб, эркаланиб, ханжар сўрасамикан?…

* * *

Новча бўйли Моҳларойимнинг ўзининг пича пастак султони Амир Умархоннинг салтанат ишларигаю, илҳом ғилмонлари, ҳатто бир вақт “анор” сўзи кетидан Жаҳонотинга қизғаниши ўйинчоқ бўлиб чиқди. Моҳларойим иккита бола кўриб, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолгач, Амир Умархон, сиёсат юзасидан дея, япалоқроқ қипчоқ қизни Моҳларойим устига қўшхотин қилганида ҳам куюккани ҳолва бўлиб чиқди. Рашкнинг бузурги, иҳтимомнинг кабири, қизғанчнинг улуғи ҳали олдинда экан.

Ким йўлдан оздирди олампаноҳни ўзи, лекин бир ёз Шаҳрихондаги синглидан хабар оламан деб бориб келдию, бом-бошқа бўлиб қайтди. Моҳларойимнинг шоирона юрагини алдаб бўлармиди?
Гулу лола мавсумидир, қани ёри дилнавозим,
Назаримдин ўлди ғойиб санами суҳан тирозим.

Ҳама сайди орзудур бу жаҳон шикаргоҳи,
Нетайин қўлимдин учди бу маҳалда шаҳбозим…

Билди ўшанда Моҳларойим селдек офат келишини. Машраб айтмиш:

Минг шўри фиғон бирла ҳай-ҳай не бало келди,
Жон қичқирадур қўй деб ханжарни оло келди…

Бор чорасини ишга солди Моҳларойим, аввалига аниси ғамкашининг жайбидан Хўқанд қоғозига ёзилган ғазални топди:

Висолингга кўнгул муштоқ эди, эй ёр, хуш келдинг,
Кўзим нурини равшан айладинг бисёр, хуш келдинг.

Хуморим заъфидин бетоб эдим, базм ичра, эй соқий,
Хиромон шишаи соғар тутиб саршор хуш келдинг.

Бу шаклу бу шамоил бирла базми ноз аро кирдинг,
Сиҳи қадларни қилдинг сояи девор, хуш келдинг.

Кеча кулбамға пинҳон келди ул маҳваш, Амир айди:
“Бу лутфу марҳаматни билмасун ағёр, хуш келдинг…”

Уни, пинҳон келган маҳваш ўнгида, ағёрга айланиши ҳам бир гап, лекин девордаги сояга эврилиши ажаб қийнади сарой бекасини. Ишончли маккораларни ишга солиб, бу фитнанинг бошида Шаҳрихон ҳокимининг хотини турганини билса-да, бало ривож олиб, томир отиб, муолажа палласидан чиқиб бўлган экан. Моҳларойимнингикки дастархончиси аллақачон Шаҳрихонга қувилган Сайид Ғози-хожа қизига совчи бўлиб тушишган экан.

Ким экан ул маҳваш? — дея ўртанди, куйди Моҳларойим, токи Сайид Умаршоҳ жияни ўспирин Ҳакимхон-тўрани орачи қилиб,Амирул-муслимийннинг шаҳрихонлик сингиллари, тўранинг волидаи муҳтарамаларини кўриш баҳонасида никоҳи хумоюнга тараб-тайёрланган “сиҳи қадларни сояи девор” қилган товуси хушрафторни парда ортидан кўрмади. Ул душизани кўрдию, барча аввалги майда-чуйда рашклари бир тараф ва бул рашкларнинг рашки бир тараф бўлди. Энди билди Моҳларойим рашк дегани нималигини, ҳолонки унга ўз сўзининг қудрати етишмасдан бемажол лаблари яна оташнафас Машрабнинг байтларини пичирлади:

Минг шўру фиғон бирла ҳай-ҳай не бало келди,
Жон қичқирадур қўй деб ханжарни оло келди.

Қўлида қилич фўлод, бошимга келиб жаллод,
Қилди мани бебунёд, тийғи гузаро келди…

* * *

Абдулла бемаза-бематра сўк бўтқасини еб бўлиб, офтоби ўлган тахир чойдан хўплади. Чўлпонлару Фитрат домлалар қамоқ кунларига кўникиб кетган бўлсалар керак. Катаклардаги хлорка билан тер ҳидию бу белаззат томоқ, шифтдаги жинчироқу, тунгги ҳамлалар – Абдулла ўзининг биринчи қамалишидан билганидек буларнинг барига бора-бора кўникма ҳосил бўлади. Буларни вақти-бевақт бузиб турадиган сўроқлару юзлаштиришлар эса ташқи дунё билан алоқадек – рост у ташқи дунёнинг шакли қинғир, шамоили қийшиқ, аслию арази эса ёлғондир.

Бироқ Янги йил байрамлари боисми, ҳануз бирон тергов бўлгани йўқ, ё уни аввалига бу ерда янчиб-синдириб, кейин юмалоқ-ёстиқ қилишмоқчими?! Бояги қумлоқлик йигит чалғитди Абдулланинг муқаррар иродасини: умид бор ерда ихтиёр бўшашади чоғи – балки анави дарранда Винокуровни ўлдирмас, бироқ энди ғафлатда қолиб, унга текинга тан бермаслиги тайин. Оғизда қамаштирувчи тахирлик қолдириб, чой ҳам битди.

Қумлоқлик йигитни ўз томонига оғдирса ажаб бўларди! Китобларини ўқиганмикан у йигитча? Афтидан соддароқ, аммо НКВД аскарларига олишган экан, бир нарсаси бўлса керак бу йигитнинг. Ҳамманиям олишавермайди-ку! Ана, туновги терговчилару текширувчилар орасида биронта ўзбекка йўлиққани йўқ Абдулла… Раҳбар-бонуга хат ёзиб, қўлёзмаларини сақлаб қўйса яхши бўларди, йўқса қиш чилласи кириб, қаҳратонда уй иситамиз деб чўян печкага ҳам ўт қалаштириб юборишмаса… Бу фикрдан Абдулла анча тоқатсизланди. Ҳозирга қадар ёзилган саҳналари унча-мунча эсида бўлса-да, гап фақат қуруқ саҳналарда эмас-да, топилган талаффузда, терилган сўзларда, вақтида қўйилган нуқтада…

Баъзи асарлар пишиқ ғиштдан теп-текис терилган иморатларга ўхшайди, бармоқ тиқадиган кавак тополмайсан унда. Деворлари жаранглайди. Бошқалари эса – қинғир-қийшиқ гуваладан апил-тапил ясалган кулба мисол. Ер бир силкинса, жўнгина дўнглик қолади булардан…
Оғдириш керак бу йигитчани ўз тарафига.

“Келин-саломга упаланган-пардозланган Ойхон-пошша белидаю, оёқларида чидаб бўлмас оғриқ билан чиқиб борди. Юрганида оёқлари бир-бирига чуваланар, ҳарам хотинлари унинг ҳусну-малоҳатига “оҳу-воҳ” қилишса-да, у ўз-ўзини сувга тушган мушукми, ё аксинча ярғаш суваракдек ҳис этарди. Йўқ, ўртага ташланган бежон улоқчадек… Типирчи, давуғеч кампирлар атрофда ивирсир, улардан бири отинча бўлиб:

Сарв бўйлуқ хуш қадам, раъно сифат, хуш келдингиз,
Юришинг товус киби барно сифат, хуш келдингиз.

Ҳа, келинлик даврини сурсанг керак бир неча вақт,
Нури дийдам, тожсар, келинойим, хуш келдингиз.

Умрингиз бўлсун дароз, ҳам бахтингиз бўлсун кушод,
Охуни барпо билан қўша қаринг, хуш келдингиз…-

биддилларди. Бу чуғурлашга энсаси қотди Ойхон-пошшанинг. Ким тўқибди бу қадар бесўнақай, йўсинсиз ғазални? На қофияси бор, на маъноси… Санъати илтифот ўрнида эса тескари жайдари сенсирашга ирғиш… Ҳарир ниқоби остидан Ойхон-пошша атрофга зимдан қараб боқди. Ажузалар ўнгини ўраб, улардан кейин рўбинондан сарупо олиш илинжида турган катта-кичикка кўзи тушди.

Отинча шеърдан-шеърга сакраб, келин саломига киришди. Аввалига хонадон улуғларига эгди у Ойхонни, улардан ҳадъя бўлиб тушган лаълу-маржонлар қизнинг лойқа ёшга тўла кўзини ёритмади, сўнг кундошлари ўнгида букди Ойхонни отинча, айниқса саройнинг тўнғич бекаси Моҳларойимни онқадар таърифладики, булбули гўё бўлди:

Ул куни туриб бериб сарупо,
То қилди улуғлиғки бар аъло,
Сер айлади ҳар ғарибу ғурабо…

Тўр остидан ул таърифи беназиру нодир аёлга кўз югуртирган Ойхон икки кўз эмас, икки ханжар қадалганини сездию, юраги шиғ этди. Ахир баёзлардан унинг Нодира таҳаллуси ила ёзилган ғазалларини Ойхон ёд биларди-ку:

Шому фурқат ёрсиз мен ютмаган қон қолмади.
Раҳм қилким, энди қон ютмакка имкон қолмади…

Энди эса, кетида икки ўспирин ўғлини еталаб,у Ойхонга туҳфа ўрнида алвон-алвон шойи-ипакларни тортиқлар экан, оғриқдан эгилган белини тўғирлолмай, дол сифат қотган пошша қиз бошқа матлаъни ич-ичидан ваҳму-даҳшатга тўлиб, хаёлидан кечирди:

Қон тўкар майдон аро ул қилса жавлон ҳар тараф,
Мавж урар дарё каби майдон аро қон ҳар тараф.

Жинлар базми» романининг тўлиқ нусхасини саҳифа якунида мутолаа қилишингиз мумкин.

022Oʻsha yil kuz oʻzgacha chiroyda keldi. Shahar kezib Koʻkchadagi yangi tushgan tramvay bekatidan huvillagan koʻchalar boʻylab uyga qaytasanmi, Samarqand Darvozadagi sinchu guvala devorlar ortiga koʻz qirini tashlaysanmi, toliqib oʻz bogʻingga chiqasanmi – koʻk osmon ostida alvon-alvonranglar. Sargʻishu-qizgʻish barglar negadir bu kuzak qovjiramay, shoxu-butoqlardan uzilmasdan, goʻyoki musaffo va osuda havoda qishlarga dovur yalt-yalt hilpiragusidek. Shunday esa-da, siljimas havodayu qartaygan ushuq quyoshda allaqanday hazinligu achchiqlik, koʻzga boʻlmasa-da, dimoqqa sezilardi. Uzoqlarda yoqilgan choʻpu xazonning elas-elas isimidi bu taxirlik…

Abdulhamid Ismoil
JINLAR BAZMI
YOXUD KATTA OʻYIN

011

08Taniqli shoir, yozuvchi va tarjimon Abdulhamid Ismoil 1954 yil 5 may kuni Qirgʻizistonning Toʻqmoq shahrida tugʻilgan. Toshkent davlat universitetinini tugatgan.
Dastlabki sheʼriy toʻplamlari “Bogʻ” (1987), “Choʻl” (1990) nomlari bilan Toshkentda chop etilgan. Keyinchalik “Post Faustum” (1990), “Yoʻqlik kitobi” (1992) kabi vizual sheʼriy toʻplmlari Moskvada chop etiladi. “Le Vagabond Flamboyant” (1993), “Hay ibn Yaqzon” (2001), “Oʻlimga yoʻl oʻlimdan katta” (2005) kabi nasriy kitoblari chop etilgan. Uning “Mbobo”, “Ton Xvan”, “Ikki chol qissasi”, “Murtad”, “Vunderkind Yerjan” kabi nasriy asarlari ham mavjud.
Abdulhamid Ismoilning “Temir yoʻl” romani Robert Chandler tomonidan ingliz tiliga tarjima qilinib, 2006 yili chop etilgan. U rus va gʻarb adabiyotidan oʻzbek tiliga, oʻzbek va tojik adabiyotidan rus va gʻarb tillariga tarjimalar qilgan.
Abdulhamid Ismoil Buyuk Britaniyaning “Rossika” va AQSHning “Aatsil” mukofotlari va yana birqancha tanlovlar gʻolibi boʻlgan. 30 dan ortiq kitoblari chop etilgan. Birqancha tillarda ijod qiladi (oʻzbek, rus, ingliz, fransuz va b).

Koʻngildagi muhabbatning uchqunin
Xayolimning bir burchida berkitdim.
Ul uchqunning kuchligidan siynamda
Hech tuzalmas, ogʻir yara bor etdim.

Qulogʻimga ol baxt, deb eshitilgan
Azonlarni shaytoniy deb oʻyladim.
Shuning uchun baxt bergan malakka
Turli-tuman afsonalar soʻyladim.

Sochlarini oʻynab turib eshitdi
Va dedikim: “Afsonalar behuda”.
Bul soʻzlari qulogʻimga yetishdi:
“Oqdim, – dedi, – qonli, zardobli suvda…”

Oq-oq, – dedi afsonalar sultoni, —
Sening taxting, baxting unda kutadir,.
Ul zardobli, qonli suvlar ostida
Qora kiygan joning jilva etadir.

Ket, ey shayton, bosirqadim… qoʻrqaman;
Ket-ket. Qilich singan, qalqon teshilgan.
Koʻrasanmi? Men ezilgan, yotaman,
Ustimga-da balo togʻi yiqilgan.

Soʻnggi nafas, oxirgi dam, ey malak,
Kel, bir qara, soʻngra yiqilsun falak!

Choʻlpon

ULOQ

Oʻsha yil kuz oʻzgacha chiroyda keldi. Shahar kezib Koʻkchadagi yangi tushgan tramvay bekatidan huvillagan koʻchalar boʻylab uyga qaytasanmi, Samarqand Darvozadagi sinchu guvala devorlar ortiga koʻz qirini tashlaysanmi, toliqib oʻz bogʻingga chiqasanmi – koʻk osmon ostida alvon-alvonranglar. Sargʻishu-qizgʻish barglar negadir bu kuzak qovjiramay, shoxu-butoqlardan uzilmasdan, goʻyoki musaffo va osuda havoda qishlarga dovur yalt-yalt hilpiragusidek. Shunday esa-da, siljimas havodayu qartaygan ushuq quyoshda allaqanday hazinligu achchiqlik, koʻzga boʻlmasa-da, dimoqqa sezilardi. Uzoqlarda yoqilgan choʻpu xazonning elas-elas isimidi bu taxirlik…

Kim bilsin…

Bugunga Abdulla tok koʻmishni moʻljallagan. Bardi oʻrilib, huv chekaroqda uvun-toʻda gʻaramlangan. Tunovida bolalar gulxan yoqib, bardiga oʻt qoʻyib yuboray deyishdi. Xudo bir asradi oʻshanda. Tok-qaychi qoʻlida, Abdulla keng ishkom tagida turarkan, bir-ikki yerda istak uzilib, bagʻozlar boʻshaganiga koʻzitushdi-da, bu favqulodda holni nimaga yoʻyishini bilmadi: hosilning moʻlligimiyoqarovningozligimidi bois? Rost-da, bu yozu bu kuz bogʻiga odatdagidek qarolmadi, jabr boʻldi poyaga. Koʻngli alaxsidi. Oftobchuvoq koʻklamda tokni ochganidan beri, olamda jinlar bazmi boshlanib ketgandek. Koʻcha-koʻyda uzukkun yangragani — gʻat-gʻat orkestru “ura”–“ura” hayqiriqlari. Xadradan to Oʻrdaga qadar har binoga soʻlaqmondek qilib rasmlar osilgan. Yerga tiqilgan xoda borki, ustida rang-barang bayroq. Kechalari esa yagana koʻrgan daladek birma-bir joʻralari yoʻqoladi. Birisi kuni Gʻozi Yunus-domlaning berkinaverib,unniqqan oʻgʻli Toʻlqin, otasining tilla soatini koʻtarib, pul soʻrab kelibdi.

Tunov esa Choʻlponning bebahra xotini Katya-xonim: “Siz tavsiya xati yozib yuboring, sizga ishonishadi-ku!” — deb yigʻlaydi. Kimga kim ishonardi hozir?! Kunimiz betayin, qattol zamonga kolib ketgan boʻlsa. Dala yaganalanib, uvatga aylangani yoʻq. Hazrat aytmish: “Beshai Mozandaronga tushti oʻt”. Olagʻovurda hoʻlu quruq bir yonyapti. Mana uning oʻzi ham egarlangan ochagʻa otdek tayyor turibdi. “Choʻx!” – deyishsa ketadi.

Bu maʼyus xayollarda Abdulla tokning pastqam,olaqaroq novdalarini kesa boshlaganini ham sezmay qolibdi. Asta-sekin qiyshangʻi poyani butoqlar. Halim-beri chugʻurlashib bolalari ham yoppasiga-qiygʻos hasharga chiqib kelishsa ajab emas. Afsuski, toʻngʻichi Habibulla kasal boʻlib yotib qoldi, yoniga kirib ishni tezlashtirisharmidi. Loʻmbillagan kenjatoyi Maʼsud “otam-otam” boʻlib,oʻroqdeganda kosovni uzatsa-da, gapga solib turar. Kenjasini eslab, Abdulla miyigʻida kulib qoʻydi. Olam hodis, halida narvonni shitobroq tikkaytirilgan ishkomga qoʻysa bormi, maymunchadek tepasiga chiqib ketadi. “Dadachi, dada, chilpigan istaklarni men kesay” — deb bogʻbon-otachadek xarxasha qiladi. Mayli-da! Qaydam, toklarning barini bugun kesib, yotqizib, qoʻndoqlab, bardi bilan yopishga ulgurmas-oʻv! Yana erta bor, yana Xudo xohlasa indin bor… Toklarini koʻmar ham, sovuqlar ham oʻtar, shovur-shovur yomgʻirli koʻklam qaytib, buyursa, poyayu bachkilar yana zang otar… Bir — koʻmiladi, bir — yana hech narsa boʻlmagandek, ochiladi… Adabiyot ham shunday emasmi, — deb oʻyladi,qansharidagi bir tomchi terni artib, Abdulla.

Olachalpoqdan koʻzlari qamashdimi, chunki xuddi shu payt kesilgan bir novda qoʻliga ilashib, shapaloqdek bargni oʻzi bilan yerga tortdiyu, boyagi barg ostida yashiringan maydagina gʻujumcha uzum ochilib qoldi. “Qirmizka-qirmizka!” – deb oʻtgan yili allaqayerdan topib ekkan toki. Boyagi shingil ham qirmizka nomiga monand, uzilmay panada yotaverganidan, qip-qirmizi boʻlib yetishgan, yum-yumaloq uzumchalari ham — zoʻri kelsa — shabnam tomchisidan ziyoda emas, xuddi oʻyinchoq gʻujumning oʻzginasi. Yuraklari duk-duk urdi Abdullaning. Anchadan beri koʻngliga tugib yurgan kitobi bor edi: uch podshohga xotin boʻlgan goʻzal kaniz hikoyasi. Barg ostida qizlarning luchchak betidek qip-qirmizi boʻlib yashiringan bu shingilning kech kuzda bir kuni yalangʻoch qingʻaygan novdalar aro toʻsatdan muhayyo boʻlishi Abdullaning chigal oʻylarini birdan yozib yuborgandek edi. “Maʼsud, otam, kela qoling!” — deb sevinchini uy tomonga hayqirdi. Koʻngil qurgʻur quv-da, gʻujum hali liqqoyu taxirlabqolgan boʻlmasin, — deya, kenjasiga ilingan shingilning eng mayda donasini endigina uzun roʻzadan chiqqan tishiga qoʻyib edi-ki, bezaxa uzumcha tirs etib, tilni yoradigan shirayu-maza bexosdan Abdullaning butun vujudiga urdi.

Birakayiga bildi u qanday boshlashini bu qissani. Shunday ajabtovur qissa boʻlsinki, uni oʻqigan odam “Oʻtgan kunlar”ni ham “Mehrobdan chayon”ni ham unutib yuborsin. Koʻcha boshidagi Ahmad Qoridan. “Badoye ul-viqoya” ni olib oʻqish demasa, Mullo Olim Maxdumu Hakimxon toʻralarni avrasidan astarigacha titkilab chiqdi. Manavi uyning atala-boʻtala ishlaridan xotirjam boʻlib, bir qish oyogʻini sandalga solib, uzlatda oʻtirsa, qissani albatta yozib bitiradi…

Loʻppi kenjatoyi, otasi, Otabegi uydan chiqavermagach, Abdulla chirsillatib, yana bir dona gʻoyibdan kelgan qirmizka uzumdan yedi-da, gʻujumchaning qoldigʻini,bejama sifat, quloq ketiga qistirib, ishga kirishdi.

Oʻsha ayoz qishning 31-nchi dekabr kuni, yangi 1938-nchi yil arafasida, Abdullani taʼziri bilmol qilib, uyidan qamoqqa olib ketishdi…

* * *

Yoʻq, u hikoyani sargʻaygan barg ostida berkinib, kech kuzga yetib kelgan xazonak gʻujumchadan boshlagani yoʻq. Abdulla qissani ulgili uloqdan boshladi. Emishki Buxoro amiri Haydarxonning ikkinchi oʻgʻli Nasrullohxon Qarshida hokim boʻlib oʻtirgan payti uloq tomoshasini xush koʻrar, mana bu kuni ham oʻzining endigina sovutilgan toʻriq aygʻiriga minib, shahar chetidagi sayhonga kirib borardi. Otlar ichida Nasrullohxon toʻriqlarini xushlar, balki sagʻrisiga qamchi urganda, yo sonini qilich tilganda sizgan qon koʻzga tashlanmaganligi uchunmi. Hokimni ayonlari bilan koʻrgan olomon gʻala-gʻovurda takbirlar hayqirishga kirishar ekan, Nasrullohxon oʻzining bedav toʻrigʻiga koʻz qirini tashlab qoʻydi: otmisan-ot-da: yollariga jajjigina zar qoʻngʻiroqlar bogʻlangan, bularning har eshitilar-eshitilmas zingʻiriga tafti sovusa-da qoni hali sovumagan aygʻir seskanib, ziyrak tortadi, yuganining yumshoq qayishga sadaflar taqilgan, egarning qoshi qizil tillodan, hatto toʻqimi ham oq boʻtalarning yungidan bosilgan kigiz… “Ha, savil!”, — deb qoʻyadi har bir silkinishiga doʻlvor gavdali hokim. Uning zarchoponlarini aytmaysizmi, qaragan odamlarning koʻzlari qamashadi, ayniqsa toza tillo ustiga ot koʻzidek gavhar qoʻndirilgan kamar toʻqasiyu bu kamarga osilgan gʻilofu shamshir. Ushbu yerga toʻplangan bor avomning bisotidan ortiqroq boʻlsa bordir. “Hay-hay, ne javohir!” — deb oʻylab qoʻyadi oʻz-oʻzidan koʻngli toʻlib Nasrullohxon.

Mana silliq yuzligu, biroq chap koʻzi bilan beti ahyon-ahyon uchar yosh hokim keng chorpoya kapa ostiga kirib bordi-da, epchil yasovullardan biri xumoyun toʻriqning oyogʻiga tushov soldi-yu, ikki yondan ikki gʻulom yelpigʻichlarini koʻtarishgan edi hamki, takbirlar bir zumda tinib, oʻrtaga bakovul ila shahar qozisi chiqishdi. Qozikalon uzundan uzoq qilib, Quvvati Din Buhoro amorotida Iymon sirojini porloq tutgan Mangʻit xonavodasiyu xossatan oʻshal xonavoda gavhari shahzoda Nasrullohxon sharaflariga duoi salomlar qilib, hokim qamchisini bir silkigachgina, oʻrtadan gʻoyib boʻldi-da, bakovul nariroqda kishnaganu yer tepgan asov otlarini shaylab turgan chavandozlarga qarata oʻz yoʻriqlarini hayqirdi. Yakum, — dedi, — bir-biringni qulatmaysan, bir-biringga qamchi urmaysan, duvvum, — dedi, — otlaringni bir-biriga tishlatmaysanu tepdirmaysan, sevum, — dedi, -yiqilganni oting bilan depsatmaysan. Chavandozlarning bari “Balli! Balli!” –deb bu gaplarni olqishlab turishdi. Shu payt qora ot mingan ikki navkar taqimiga uloqni bosganicha, chekadan yeldek uchib kelishdi-da, hokim kapasining shundoq peshida oʻn qadamlarcha nari novvoscha keladigan uloqni yerga uloqtirishdiyu, bir zumga toʻxtamay, bodi raf-raf boʻlib, olomon tomonga oʻtib ketishdi.

Bakovul tomogʻini yirtgudek boʻlib: “Uloq koʻtarildi!” — deb buyurdi va darrov oʻzini panaga tortdi. Ana boshlandi shunda roʻzi mahshar! Gijinglab turgan otlar changu-chim koʻtarib, dupur-dupurga tushdi, avom, tizgini qoʻyib yuborilgandek, gʻalayon koʻtardi, uzoqroqdagi oʻlaksaxoʻr qargʻalar jon holatda osmonga qalqishdi.

“Ol!” — dedi kimdir. “Yopish!” — dedi boshqasi. “Shoshma!”-dedi uchinchisi. Minglarcha odam toʻplangan boʻla har biri bu joʻrga qoʻshildi, it egasini tanimay qoldi.
Davraga intilgan otlarning pishqirishlaridan Nasrullohxonning toʻrigʻi choʻchidimi, yo qoni qoʻzib, tushoviga qaramasdan yulkindi, tepina boshladi, biroq “Yo, sabil” –deb jilovni qoʻliga mahkam oʻragan hokim tortishga ham ulgurmasdan, ikki yasovul ikki tarafdan oʻzangiga yopishishdi. Otlarning ogʻizlari qiyshaydi, ogʻizlaridan koʻpiklar sachradi, qamchilar yogʻildi, qani hokim bu orada uloqni koʻrsa.

Koʻrgani -bir-birini turtib surtgan otlarning koʻtlari boʻldi. Yuragi duk-duk urdi hokimning. Ikki yasovuliniikki tomonga tepib, otini oʻrtaga solmoqchi boʻldi, shamshirini yalanglatib boʻlsa-da oraga yorib kirsayu, qamchi ogʻzida, bir engashib uloqni oʻzi koʻtarsa… Toʻrigʻi ham hokimning fikru-zikrini sezgandek, yana bir talpindi va agarda shunda tumonot otlar davrasidan quloq pardasini yirtgudek chinqiriq koʻtarilmaganida edi, kim bilsin, savlatu-davlatiga qaramay Nasrullohxon oʻzini davraga urarmidi…
Cheka otlar birdaniga siyraklashib, tuyoqlar oralab koʻrgani shu boʻldiki, kimdir uloqni emas, iligidan tortib taqimiga odam bolasini koʻtarmoqda edi…

“Ot bosdi, ot bosdi!” — degan ovoza chor tarafga boshlar osha tarqaldi. Bakovul oʻrtadagi poʻsib qolgan davraga shoshildi. Bir zum oʻtmay oradan uloqni emas, bejon chavandozlardan birini ot gardaniga osiltirib, yana bir chavandoz chiqdi-da, uning ketidan qoʻlma-qoʻl qilib, yetimlagan saman otini bakovulga tutqazishdi. Bakovul hokim tarafga taʼzim ila boqqandi, hokim bosh irgʻadi. Chokarlardan ikkisi kapa ichidan zarbof chopon olib chiqishdi-da, samanning ustiga yopishdi. Bakovul saman jilovini tana koʻtarib chiqqan otliqqa tutqizdi-da, u olomon ichida dod-voy koʻtarilgan tarafga ikki otni yoʻrgʻalatganicha joʻnadi.

Uzoqdagi ohu-vovayloga qaramay yana uloq koʻtarish boshlanib ketdi. Endi chekaroqda turganlar oʻzlarini oʻrtaga urishdi. Bundan bir hafta avval Qarshiga Nasrullohxonning otasi Buxoro amiri Haydar-podshoh kelgan edi, bugun olampanoh vaziri Hakim-qushbegidan chopar kelibdi: “Valineʼmatingiz sizdan qaytgach, betob boʻlib qoldilar, masiho nafasli tabiblar muolaja uchun qancha urinmasin ahvoli xumoyunlari tobora ogʻirlashmoqda!”-deydi. Hakim-qushbegi: “Tadorigingizni koʻravering!” — deb yuboribdi.

Otasi ilmga berildi, hilmga berildi, mangʻitlar xonavodasini zaifladi. Amorat fitnalarga choʻmgan. Bari bir-birini sotgan. Samarqand hokimi Davlat-qushbegini xitoy-qipchoq ulusi talabdi. Shahrisabz tomondan Doniyol-otaliq bir nechta qoʻrgʻonni qoʻlga kiritgan. Ichki xiyonatlardan foydalanib, Xoʻqand amiri Umarxon Jizzah qalʼasini uzuk koʻzidek qamalga olgan…

Ahvoli xumoyunlari tobora ogʻirlashyatganmish. Bu yerda ekanlarida manovi oʻlaksaxoʻr bakovul bir narsa yedirib qoʻygan boʻlmasin tagʻin. Bir tomchisi ot yiqitadigan margumushim bor!-deb maqtanib yurardi, osh-poshlariga solib yuborganmikan? Bir tergovga tutsa boʻlardi bu murdashoʻyni. Mayli, rejalangan ishlar bitib olsin-chi!

Shu tob yana qiy-chuv koʻtarildi. “Uloq, uloq koʻtarildi!” Chindan ham koʻtarilgan uloqqa chap tomondan uzatilgan qoʻlni tizzasi bilan sharaqlatib sindirib, ketda qolgan dod-voyga qaramasdan, oradan yoshgina bir chavandoz otilib chiqdi-da, uloqni taqimiga bosganicha, hokimnikiday toʻriq aygʻirini oʻng tomonga uchirdi. Ketidan otlarning jiyroniyu qorabayiri, chaqiriyu boʻzi, marqasiyu aqal takasi, oqbuloqu koʻki quvishga tashlandi. Bakovulning boyada “birovingga qamchi urma”degani qani, shartillatib ogʻzi-burnini bilmay savalab yotishibdi. Ot otni chalgan, chavandozlar chim bilan bir boʻlib, tuyoqlar ostida qolib ketishgan, yana boyaginday qiyomat!

Ellik qadamcha narida toʻriqning oyogʻi doʻngalakmi, chuqurda toydimi, bir entikkan edi, chil mingan chavandoz bir tarafdan, burnoch mingani ikkinchi tarafdan oʻrtaga olishdi, va yana chopgancha tort-tort boshlanib ketdi. Lekin oti qoqilsa ham chavandozi abjir ekan, taqimidan bermadi ulogʻini boyagi doʻnon yigit, qamchisi birining biqiniga niqtaldi, jilovini keskin chap tomon tortgan edi, uloq bosgan tizzasi qoʻl uzatgan ikkinchi chavandozni ham egaridan uloqtirib yubordi-da, bir necha qadam uloqqa yopishganicha u yer boʻylab sudraldi-da, tap etib oʻz otining tagida qolib ketdi.

“Azamat!” — deb yubordi silliq yuzli Nasrullohxon. Uloqni koʻtarganiga yarasha olib ketishini ham eplagan bu yigitchani negadir oʻziga oʻxshatdi. Boshqa payt, ayniqsa otasining oʻngida bakovulni chaqirib soʻkardi balki, biroq bu kez allaqaysi xayolda yigitga ofarinlar aytdi. Otasi Amir Haydarga bir narsa boʻlgudek boʻlsa, Nasrullohxonning ogʻasi amir Husayn, inilari Umarxonu Zubayrxon, Hamzaxonu Sardorxonlar uloqqa tashlangandek, taxtiga yopishishadi. Lekin uloqni baytallar uyuri emas-da, ostida tipirchilab turgan toʻriq gʻoʻnonni mingan Amir Nasrullohxon olib ketishi muqarrar.
Shu fikrda, tomoshaning qoq avjida tark etib, shoshgan ayonlariga qaramay, hokim tushovsizlangan otini koʻshkiga qarab choptirdi…

* * *

Abdullaning oʻz qissasini kech kuzda gʻaybdan paydo boʻlgan bir boshcha uzumdan emas, uloqdan boshlaganicha ham bor ekan.

Yangi yil arafasi, 31-nchi dekabr kuni uyiga bostirib kela, Yangi yil kutamiz deb turgan bola-chaqaning dodu-voyiyu obi-diydasiga qaramay, oʻrtadagi bayram dasturxonini agʻdar-toʻntar qilib, Abdullaning kitobu-qogʻozlarini tintuviga kirishishganida, ana oʻsha uloq sahnasi bir kechib oʻtdi Abdulla xayolidan. “Choʻx!” — deyishni kutgan ot edim, endi bu chavandozlar oʻzimni taqimlariga bosishadi chogʻi, — deb oʻylagan edi hamki, lain ocharvohlar ikki qoʻliga ikki kishan solib, ikki qoʻlidan sudraganicha, hovlida koʻtarilgan qiyomat oralab, darvoza tagidagi olonda turgan uchqur mashinaga uloqtirishdi.

Xadralarga yetganda atroflarda Yangi yil mushaklari otilgani, radiokarnaylardan Yangi yilning laxtak-laxtak tabriklari yangrayotgani Abdullaning qulogʻiga chalingandek boʻldi. Attang, bugun Temir yoʻlchilar saroyiga borib, bolalariga Yangi yil sovgʻalarini uyda yashirib qoʻygan edi-da! Har bir bordonda Moskvadan kelgan shirinliklaru bolalarga eng yoqqani — bittadan sap-sariq norinj bor edi-ya! Xotini Rahbar-bonu, bolalarini yupatgach, boʻysaralab, sovgʻa xaltalarini boʻlisharmikan? Yo yigʻi-sigʻida esidan chiqib qolarmikan?

Abdulla bundan oʻn bir yil aval qamalib chiqqanligi uchunmi, na sarosima, na gʻulgʻulaga tushgan edi. Boyov koʻngil gʻalayonga oʻshanda uchrab, oʻshanda kuyib boʻlgan. Hozir esa achingani — Yangi yilsiz qolgan bolalariyu qish badamida uzilgan ishi.
Tashqaridan anbuh karnay-surnayu nogʻoralarning gʻat-gʻatiyu gij-badabangi qulogʻiga chalinar ekan, qoʻlida kishani har silkinishdan zang urganida toʻymisan toʻyni eslardi u.

1235-nchi hijriya, Sunbula oyining oʻrtalari kallai sahardan karnayu surnay ovozi dorulamon poytaxti Xoʻqandning past havosini osmonu falakka koʻtargan. Jarchilarning hayqiriqlari bu kun barno yuzli Amirul-muslimiyn Umar ibn Olimxon – Gʻozixoʻjaning goʻzallikda tengi yoʻq qizi Poshshaxonni oʻz nikohi shariyyalariga olishlarini shahar fuqaroyu fuzalosiga eʼlon etmoqda. Saroydan esa mashshoqu mugʻanniylarning mungli xirgoyilari tarala boshlagan. Oʻrdada xaloyiqqa osh, saroyda ahli xosga ziyofat, bir emas, uch kunga bayram…

Bu toʻy Amirul-muslimiyning birinchi toʻyi emas, shu bois boʻyi oʻrtadan jichcha pastroq, biroq savlatdor Amirning oʻzi ham, xaloyiq ham uch kunlik xashamat taraddudida oʻz tadorigini koʻrmoqda. Gulchilar saroyga dasta-dasta gul tashigan, qandolatchilar qozonlaridan uzulmay xolvayu novvot, pashmagu xoʻrozqandlar pishirish bilan mashgʻul, oʻrislardan asirga tushgan ikki mushakboz toʻplarni urtuksizlantirib, avvaldan tayyorlangan rang-barang mushaklar uchun ulkan loʻpchiqlar ila tozalashmoqda.
Yuziga biroz soʻliqlik yugurgan Amirul-moʻminiyn esa shaharu-qalʼalarni zabt etishdan olmagan nashʼasida usruklanib oʻtiribdi. Oʻn sakiz ming olamda tengi yoʻq oʻn sakkiz yosh goʻzal qiz bu kecha uning nikohiga tushajak. Hazrat aytmish:

Oʻn sakkiz ming olam oshubi agar boshindadur,
Ne ajabki sarvinozim oʻn sakkiz yoshindadur.

Hay-hay ne oshublar ila ani qoʻlga kiritdi. Endigina yozilgan gʻazalida bitilmish:

Gʻamingdin, ey pari ruxsora, joni notavonim bor,
Qilurgʻa rangi hijroning qilichin qatra qonim bor…

Bir kuni harakatda epchil Amir Umarxon Shahrixonga oʻz singlisi Oftob-oyimdan xabar olgani borganida, u dargohda Shahrixon xonining oqila va pokiza xotini ham xozir ekan. U Amir arziga ushbu soʻzlarni qildi: “Hazrati oliylari xotirlarida boʻlsa, Oʻratepadan Sayid Gʻozi-xojani oʻz gʻazablariga duchor etib, koʻch-koʻroni bilan ushbu viloyatga surgun qilib erdilar. U zot hozir shu oʻltirgan uyimiz orqasidagi bir kulbada xoru-zorlikda kun kechirmoqda. Ammo ul zotning Oyxonposhsha otli bir qizi borki, uning chiroyini tavsif etishga soʻz ojiz, til soqov, qalam siniqdur. Shoir aytmish:

Orazin koʻrgach koʻzimdin sochilur har lahza yosh,
Oʻylakim paydo boʻlur yulduz nihon boʻlgʻach quyosh.

Ul qilvir xotin qizning taʼrifini ziyoda qildiki, Amirul-moʻminiyn orada taʼmami yo gʻaraz bor degan gumonga bordi, biroq barcha tarqagach, Umarxon oʻz singli Oftob-oyim bilan qolganida, ul malikai ayyor negadir yangidan oʻrgangan Shahrixon shevasida: “Ha, tuzuk, bu qizdi men ham koʻrgʻonman-da, beti — sinmagan sopol oy, koʻzlari – tun boshida yaraqlagan Choʻlpon, beli — bolchi arining belidek ingichka, dumbasi qum uyumidek ogʻir”,-deb bolaligida birga tinglagan “Ming bir kecha” tavsiflaridan keltirgan zahoti,Amirning yuraklari darz ketdi. Ertak aytmish, endi chegachiga ehtiyoj uning butun vujudini qamradi…

Bir emas ikki dafʼa Gʻozi-xojaning uyiga sovchi yubordi, ikkala safar ham yoʻq javobini eshitdi. Birida: “Bu masturamizni qarindoshlardan biriga unashtirib qoʻyganmiz, yaqin orada toʻy qilishga umunganmiz” — degan esa, ikkinchi kez Gʻozi-xoja oʻz alamini ochiqroq ifoda etibdi. “Men gʻurbatda yurgan bir aybaki gʻarib boʻlsam. Amirul-moʻminiynning bu saʼi-korlari na adolat yuzasidan, na dinu-diyonat jihatidan aqlga toʻgʻri keladi. Agar zoʻrlik bilan olmoqchi boʻlsalar, yana oʻzlari biladilar!” — deb xotinlarning yigʻi-sigʻisini qoʻshib, sovchilarni qaytargan ekan.

Lekin…

Shu payt ichi qorongʻi mashina taqqa toʻhtab, Abdullaning xayolini uzdi. Manziliga yetib kelishibdi-da… Nimalarni oʻylayotgan edi boyaginda. Ha, qandili oʻchgan uydagi bolalariga ulashilmagan beshta quyoshrang norinj haqida… Attang-a! Yoʻq, navqiron yoshligida yozgan bir hikoyasi boʻlgich edi. Otasining bir vahimali sarguzashti haqida. “Jinlar bazmi” degan… Otasiga oʻxshab Abdullaniyam jin bosdimi?
Eshiklar sharaqlab ochildi-da, tashqarida osuda yogʻayotgan laylak qorni har tomonga toʻzitib, hayqiriq yangradi: “Kadыri, vыxodi!”. Toʻrt tarafi qop-qora olabargoh bino bilan oʻralgan hovlida odam oyogʻi bosmagan pokizayu begʻubor koʻm-koʻk qor yotardi…

* * *

Qoʻlida kishani bilan Abdullani qorongʻu binoning qorongʻu zinalari boʻylab qorongʻu yertoʻlasiga sudrashdi. Yertoʻlaning bir xonasida temir katakka ilingan jinchiroq ostida peshanasi ketga ketgan bir barzangidek oʻris Abdullaning choponi ostiga qoʻlini tiqib, choʻntaklarini kavlab, sariq chaqagacha bor pulini yigʻib oldi-da, soʻng ishtoniga yopishib,ulton qamarini yechdi. “Mana bunga imzo chek!” – deb bir parcha qogʻozni uzatar ekan, Abdulla qoʻlidagi kishanga imo qilgan edi: “Ha, yozuvchishka, qichigan qoʻllaring qisqaribdi-da!”-deb tizzasiga ogʻir oʻtigi bilan tepgan edi, qimtilab Abdulla chidab boʻlmas ogʻriqdan ikki egildi. “Tishla endi ruchkani!”-deb oʻshqirdi bu bandibon jallod.

“Qoʻy, Vinokurov,-deb aralashgandek boʻldi uyda tintuv qilganlardan biri,-kelishi bilanoq oʻldirib yuborma! Hali bu iflosni soʻroq qilishim kerak! Poka je v odinochku!” -deb buyruq berdi-da, anavi onagʻar Vinokurovni Yangi yili bilan tabriklab, oʻzi uyga, oilasi bilan bayramni kutgani ketishini aytdiyu mahbusni Vinokurov qaramogʻida qoldirdi.

Yangi yil alamini oldimi, oʻshanda Abdulladan qiyapeshona Vinokurovi, yo Yangi yil qilib avvaldan ichib olgan ekanmi, rosa tepkiladi, soʻkdi, urdi mahbusni va chalajon holatda, yakka kameraga tashladi. Boʻgʻziga yopishay desa- qoʻllari kishanlangan, tishlay desa- nomardlik, labini qon qilib tishlaganicha Ollohga soldi bu bezanglagan mahluqni Abdulla…

Loʻqqillagan ogʻriqqa ham koʻniksa boʻlarkan: nafasingni ogʻriq toʻlqinlariga moslaysan-da, bu mavjning avjini atayin kutasan, lekin adolatsizlik alamiga chidab boʻlmaydi, kuchsizlik azobiga bardosh berish qiyin. Abdulla avvaliga anavining bagʻritoshliginiyu yuragini anor qilib ezgan bu ogʻriqni uning oʻrisligiga yoʻydi, biroq uyidan chiqaverishida aftidan andiroq tatar tergovchining “iy”laganroq talaffuzidagi gaplari esiga tushdi: “Sini biz bilyabiz. Urtaqlaring barligʻini bizgyayetkurgyanlyar…”
Qamoq borki qamoqda tepki yemasdan qolmaysan. 26-nchi yili ham Abdullani oʻlardek tepkilashgan. Unda oʻzining egiz oʻzbeklari. Lekin unda ham yuragini qon qilgani bu tepkilaru mushtlar emas, oʻzi ishongan, oʻzi doʻst deb tutingan qora koʻzlarning xiyonati boʻlgan edi. Oʻshanda shu qora koʻzlarga qayta qarash oʻrniga mahkamadan tuzukrogʻi uni otib tashlashni soʻragan edi. Oʻshanda bebok yoshlik gʻururida na bola-chaqasini, na Rahbarini oʻylagan ekan…

Berdimikan Rahbar-bonu bolalariga atalgan norinjlarni? Ertaga (yo allaqachon bugunmi?) Abdulla bolalarini Temir yulchilar saroyiga archa bayramiga olib borishi kerak edi. Temir yulchilar saroyida archalarning ham eng kattasi, tomoshaning ham eng sarasi boʻlgich edi. Oʻtgan yili bolalariga ayniqsa odam gapiga javob beruvchi qirriq itlar yoqqan edi. Keyin bu ajoyib mahluqlar bir-birini chanada basma-bas tortib ketishgan edi. Olib borarmikan Rahbar bolalarini, yo olib borsa-da endi qoʻyishmasmikan ularni? Eshik tagidan haydarmikin battollar, qamalganning bolalari deb? Yuragi biram ezildi bolalarini eslab.

Bir kuni oʻzining bolaligida yerli rus maktabida oʻqiyatgan chogʻi havas qilib bashang yangi shim, yangi choponda archa bayramiga kelayotganida maktab qorovuli Xolmirza-tajang eshik tagida tutib olib: “San ham kopir boʻldingmi?” -deb baldoqi bilan bola boldiriga ayamay tushirib qolganida, buni koʻrgan adabiyot oʻqituvchisi Georgiy Yevstigneyevich, cholning oldiga kelib, toza sart tilida: “Axir Iso ibn Mariyamning milodi bu. Iso sening ham paygʻambaring-ku!” -deb aytganini esladi Abdulla. Oʻshanda yangi shimiyu oyogʻi qonga bulanib, archa bayramining oʻrniga Georgiy Yevstigneyevichning izvoshchigida avval kasalxona, soʻng uyiga qaytgan edi u. Yoʻq, sahovating ham, razolating ham millati boʻlmas ekan.

Ana, bularni barini gurji boshqarib oʻtiribdi. Birini goʻshtini biri yegan…
Bu fikrda Abdullaning almoyi-aljoyi xayollari yana olislarga uchdi…

* * *

Oʻloqdan biror hafta oʻtar-oʻtmas Hakim-qushbegidan yana chopar keldi: “Padari buzrukvoringizning jon qushi dorul fanodan dorul baqoga rihlat qildi. Arkning undur darvozasini berk tutgandek bu xabarni ham hanuz sir tutyapmiz. Fursatni gʻanimat bilib, cherik ila Buxoroi sharifga chobuk qatʼi manozil aylagaysiz!”-deya. Tadorik koʻrilgan emasmi, uch yuz navkar ila Nasrulloh Buxoro tomon yuzlandi.

Ammo oyni etak bilan yopib boʻlarmidi. Amir Xaydar haramining shoʻru-shayni ila xabar guzarma-guzar butun shaharga tarqaldi. Amirning toʻngʻich oʻgʻli Husayn-toʻra andin voqif oʻlgʻach, oʻz navkarlari ila Ark tomon shoshildi.

Hakim-qushbegi, Ark darvozasini berk tutish vaʼdasini Nasrulloh-toʻraga bermaganmi, ul zot askari bilan Buxoro tomon siljiganini bilgach, Husayn-toʻra uning isyonkor tarafdorlarini oʻqu-miltiqqa tutdi. Lekin bular Ark devorlari tagiga yetishgan, Husayn-toʻra esa oʻz mahramlari ila oʻzlarini Ark yonidagi pul zarbxonasining panasiga olishgandi.

Shu uchurHakim-qushbegi bularning boshiga Ark devorlaridan toshu-gʻoʻlalar yogʻdirish buyrugʻini qildi. Toshlardan biri kelib Husayn-toʻra boshini yordi. Qonga bulansa-da, toʻra shashtidan qaytmadi. Qaytaga jarohatlangan shahzodani koʻrib, xaloyiq junbushu ushtulumga keldi. Bastaligu cheplar osha, endi bular oʻqu toshboʻronga ham qaramay, Ark darvozasiga yopishdilar va yerga sochilgan toshlar ila uni urib sindirishdi.

Tomchi suv ketidan favrak, favrak ketidan oqim, oqim ketidan sel kelganidek, bir zahoti olamon Arkka sizdi, yopirildi, bosib ketdi. Yaralangan shahzoda Husayn Arkka amirsimon kirib bordi. Buzgʻunchi Hakim-qushbegini qidirishdi, hech qayerdan topisholmadi. Oʻshanda bir payt, toʻpchi Rajabning olingan kallasi qoʻlida,Hakim-qushbegiAmir oldiga oʻzi chiqib keldi. “Bir qoshiq qonimdan keching, gʻaflat uyqusida qolibman, mana bu koʻrnamak esa siz Xumoyun hazratlariga Ark darvozasini ochish oʻrniga oʻt ochibdi!”–deya, koʻplab tavozeʼlar qildi. Husayn-toʻra uning gunohidan kechib, marhum otasi yoʻlida oʻz vaziri qilib tayinladi.

Ertasiga Husayn-toʻrani Amir qilib taxtga koʻtarishdi, biroq taxtni egallaganidan sal oʻtmay, Amir Husayn bir nomaʼlum kasalga chalinib, masihonafas tabiblarning muolaja urinishlari zoye ketib, saltanati uch oyga yetar-yetmas dunyo omonatini qoʻldan boy berdi. Nasrullohxon bakovulini hadʼya tariqasida saroyga yuborgan edi, “Margimushini ham oʻzi bilan olib ketibdi-yoʻv bu ablah!”-deb oʻyladi oʻzicha u, yana cherigini Buxoro tomon tortar ekan…

* * *

Xayol yoʻllari ajib. Qayerdan keldi bunisi, tanadagi jarohatlaridanmi, yo anavi Vinokurovning dagʻdagʻasidanmi? Yo balki loyamut gurji poshshoni eslaganidanmi? Axir Yangi yil kechasi chirqillab qolgan bolalarini oʻylayotgan ediyu Abdulla.

Chindan ham otasi aytmish, jin bosar ekan, yozuvchi odamni. Ishga kirishdingmi–zikru xayoling ana oʻsha toʻqimada, qolgani-faqat alaxsish, faqat chalgʻishdek tuyular ekan.Oʻtgan oy ichida ancha-muncha qogʻozlarni qoralab qoʻydi Abdulla, aytmovdimi: “Shu qish uzlat qilib oʻtirsam, qissani yozib bitkazaman” -deb. Afsus, ishning beliga ot tepdi. Anavi andi tatar topgan qoʻlyozmasini uydagi bittayu bitta jomadonga bosib, oʻzi bilan olib keldi. Oʻqirmikan barini? Eskichaga koʻzi oʻtarmikan? Yo yana oʻzining qora koʻzlaridan yollab, ularga oʻqitarmikan?

Nega axir uzum gʻujumidan boshlagani yoʻq, bogʻbonlar hayotidan bir asarcha deb qoʻya qolarmidi. Hali bunisini ham uning boʻyniga qoʻyishsa kerak. Xayol yoʻllari ajib.

Mana, boyagina ham Umarshohning birinchi toʻyi haqida oʻylayotgan edi. Andijon hokimi Rahmonqulibek hijriy 1220-nchi sana, oʻz ismat pardasi ortidagi qizi Mohlaroyimni Amir Umarxonga uzatgani haqida yozib bitirganlarini, quda-andachilik mashmashasiyu, toʻy-tugun dabdabasini xayolidan kechirgandi. Ammo negadir bu toʻydan xayollari ikkinchi toʻyga koʻchib ketdi. Nedan bu? Nedan yozayotgan chogʻing ham bir narsalarni moʻljallaysanu, bir soʻzmi, bir jumla bahona mutlaqo ayricha sahnaga oʻtib ketasan. Xayol yoʻllari ajib.

Badanu ruh ogʻrigʻini taxayyuliga belab, uloqtirilgan yerida oʻzini uyqulatmoqchimi Abdulla? Yo yillar davomida orttirgan odati-boshini yostiqqa qoʻyib: “Yotdim tinch” duosidan soʻng xayol jilovini ozod qoʻyib yuborishi bu yerda ham, muzdek va zax sement ustida oʻz kuchini koʻrsatyaptimi… “Yotdim tinch”ni oʻqigani yoʻqku axir…

Amir Umarxonning birinchi toʻyini erinmay yozgan edi Abdulla. Davlat saroyidagi jamshidiy bazm barposiniyu, oʻyin-kulgi va shodlik sadosini. Iqbol nogʻorasi ovozi osmonning zumrad gumbazini tutishiniyu, masrurlik ovozasi odam ahli qulogʻiga yetishini. Quvonch bodasi shodlik qadaxida koʻpirganiniyu, mugʻanniylar navosi yuraklarni shavqu-zavq ila oʻpirganini…

Mohlaroyimning ham suratini erinmay chizgan edi: andijonlik qizlardek qaddi qomati kelishganliginiyu, terakdek novchaligini, boʻyni biroz uzunliginiyu, ovozi boshqa ayollarnikidan picha yoʻgʻonroqligini, bundan esa gapining ohangi bilar-bilinmas yigʻloqiroqligini…

Shu bois ikkinchi toʻyga boshqa uslub qidirgan edi. Boyada ikkinchi toʻy sahnasini xayolidan kechirgan ekan, lop etib topgandek ham boʻluvdi. Nima edi-ya u xayol?
Ha, uchinchi safar Amir Umarxon Gʻozi-xoja xonadoniga sovchi qilib shayxulislom Maʼsumxon-toʻra hazratlarining oʻgʻillari odamoxun Muhammadhakimxon-toʻrani yubordi. Hakimxon ayni payt Amirning jiyani boʻlib, mahramlaridan edi, oʻzgalardan qizgʻansa-da, Amir sovchilangan qiz chiroyini oʻz jiyanidan qizgʻanmadi. Oradan ne gaplar, tahdidu-vaʼdalar oʻtdi, faqat sovchilarning oʻzlariyu, oq qoshlarini ter bosganu dami ichiga tushib ketgan Gʻozi-xojaga maʼlum. Qanday boʻlmasin oʻt bilan oʻynab boʻlmasligini tushunib yetgan Gʻozi-xoja chor-nochor boshini rozilikda irgʻabdi.

Oʻsha saharning oʻzidayoq Muhammadhakimxon-toʻra ul bokira qizni oʻz qoʻshiga keltirib, Amir Umarxonning singli boʻlmish Oftob-onasiga topshiribdi. Qiz chiroyidan yoqasini tishlagan sovchi yigit oʻz onasiga ushbu baytni aytibdi.

Buteki zi didani on shaklu raftor,
Bibandad zohidi sad sola zunnor.

Sanamki, koʻrganda ul shaklu-raftor,
Yuz yashar zohid ham taqadi zunnor.

Bechora qiz oʻzining eski koʻylagida ekan. Amir Umarxon oʻz qayligʻini koʻrgani kelib, uni shohona atlasu harirlarga oʻratgach, bu koʻylakni tabarruk qatori kanizlarga bermoqchi boʻlishsa, bularning bari u koʻylakdan ijirgʻangan ekan.
Lekin bu ham emas edi Abdullaning xayolidan boya lip etib uchgan uchquncha. Nima edi-ya u?
Shu top birdaniga qamoq sukunatini yorib, devsimon Vinokurovning sursimon ovozi panjarayu devorlarga qoqildi: “S Novыm godom, blyadi!”

* * *

Bir zumga Abdulla na kulishini, na yigʻlashini bilmay qoldi. Bu devning ham atrofida hech kim qolmabdimi, yolgʻizligidan mana mahbuslarga boʻlsa-da oʻz zorliginiyu, oʻz borligini izhor etyapti. Yo qorovul askarlari bilan ichib olib, ularga hayqirganimi bunisi?

Yangi yil ham kiribdi. Yangi yilingiz muborakbod, Abdulla! Bir qish oʻtirsam qissamni yozib bitiraman, -degan edingiz. Xudo xohlasa demagan ekansiz-da oʻshanda. Koʻnglingizda bor ediyu bu xatar, axir Fitratu Choʻlpon, Vadud Mahmudu Gʻozi Yunus, Anqaboyu Elbekni olib ketgan joyda sizni tinch qoʻyisharmidi?! “Choʻh”- desa ketadigan ot ekansiz, arqoningizni uzunroq tashlab qoʻyishgan ekan-da, “Qani yozib tursinchi, rosa qizigʻida bosamiz”,-deyishgan ekanmi.

Yangi yilni qayerda kutib olsang, yiling ham shunday oʻtadi,-degan oʻrislardan yuqqan bir irim bor edi, qamoqda oʻtkazar ekansiz-da bu yilni, Abdulla! Oʻtgan safar olti oy deganda qoʻyib yuborishgan edi, bu safar ana Fitratning ham, Choʻlponinng ham qamoqqa tushganiga yarim yildan oshib ketdi. Chiqishidan dom-darak boʻlgani yoʻq. Ular ham shu atrofdamikan? Bir-ikki devor narimikan? Anavi barzangi Vinokurovga oʻxshab hayqirsa, javob berisharmikan?!

Hah! Esiga tushdi boyada miyasida chaqnagan anavi uchqun. Muhammadhakimxon-toʻraning chimildiq poylagani. Deyarli yod olgan “Muntaxab at-tavorix”ni esladi Abdulla. “Ammo kamina ham ayni yoshlik davrim boʻlgani uchun va ham bir tomoni shoʻxlik qilib hech yoqqa qoʻzgʻalmadim va beadablik yoʻliga kirib chimildiqning bir chekasida bekingancha, ul oy va quyoshning yaqinlashuvini toʻyib tomosha qildim. Hullas oʻsha chogʻda Amir Umarxonning dimogʻida juftlashish sharobi koʻpirdi, ul dilrabo yuzida esa hayo tori shabnam donasidek namoyon boʻldi. Nozu-niyoz lahzalari qizidi-haridor ishtiyoqi kuchayib, mol egasi muloyimligi ortdi. Chunki orzu kishining buluti maqsadini hosil qilish uchun murod pardasi ortida shay turardi. Gulgʻuncha shamolning uyatsizligi natijasida qaboga bandini yechishga majbur boʻldi va oʻzining gulgunliq ogʻushiga soldi. Omonlik sumanining gʻunchasi maqsadi hosillik nasimi hilpirashi sababidan ogʻzini ochdi va maqsud boʻstonidan kumush rang sadafga simob gavhari tomchiladi.

Ayni oʻsha payt kaminaning kulgisi qistab qolsa boʻladimi?”

Abdulla bu soʻzlarni duosimon pichirlar ekan,xayoli har tomonga toʻzidi. Qiyshiqpeshona Vinokurovning naʼrasi ham uning kulgisini qistatmaganmidi hozirgina. U ham oʻzini bir zumga chimildiq ketida pisib yotgan Hakimxon-toʻraga mengzatdi, rost, bu chimildiqning devorlari tosh, ostida esa sevgi emas oʻlim hukmron edi. Toʻxta, toʻxta! Jilovni qoʻlingdan chiqarish vaqti emas bu. Uchqur xayoling obqochib ketmasin seni. Jimjimadorgiligi demasa sahna ajoyib yozilgan, ayniqsa boshiyu keti, lekin Abdulla undan azbaroi boshqa turtki oldi oʻxshaydi.

* * *

Oyxon-poshsha Sayid Gʻozi-xoja hazratlarining toʻngʻich qizi edi. Oʻn sakkizga hali kirib-kirmagan bu qiz yosh umriga qaramay koʻpni koʻrganidanmi oʻz onasi Qantak poshshoga qiz emas, singil qatori edi. 1232-nchi yilning Jadiy oyida ular tugʻilib oʻsgan Oʻratepani Xoʻqand podshohi Amir Umarxon bosib, sayidlar panohi Mahmud-xojayu, boshqa ulugʻ-ulugʻ hazratlarning qoʻllariga kishan solganida, balo Sayid Gʻozi-xojaning ham xonadoniga kirib keldi. Qishning qattiq sovugʻiga qaramay bularning barini qor ustida zor yigʻlatib butun borligʻini musodara qilishdi-da,ulovga solib, Xoʻqand tomon badargʻa qilishdi. Oyxon-poshsha oʻshanda oʻn besh yoshda edi. Och-yalangʻoch bular Xoʻqandga yetishgach, Amir Umarxonning xojagonga qarshi gʻazabi bitmay, Sayid Gʻozi-xojayu Oʻratepa ulusining boshqa ulugʻlarini undan ham nari, Shahrixonga surgun qildi. Ul bechoralarni shu qadar talashgan edi-ki, bir kulcha non bularning koʻzlariga falak charxi, juldur koʻylak esa bihisht hilʼatidek koʻrinardi.

Qish qahratonida yaydoqroq yerda bir kulba qurib Sayid Gʻozi-xoja mahalladagi uchta-toʻrtta maydaga dars oʻqitish ila, Qantak-poshsho bilan Oyxon-poshsho esa doʻppi tikish ila kun koʻrisha boshlashdi. Doʻppi gullarini ipakdan tikishsa-da, oʻzlari boʻz koʻylak kiyishdi. Topgan-tutganlari faqat qora qozonni qaynatishiga yetib turdi xolos. Kichik uka-singillarini- otasini urintirmasdan -oʻzi oʻqitdi Oyxon-poshsha. Ularga allalar aytdi, ertaklar toʻqidi, gʻazallar bitdi.

Yutgan alamlaridanmi, ikkinchi qishga borib, Qantak-poshshaning avvaliga buqogʻi shishib ketdi. Keyin bitmas yoʻtal yopishdi. Sayid Gʻozi-xoja allaqayerdan kiyik oʻti tilab keldi, uni qaynatib ichirishdi, yordam bergani yoʻq, koʻklamga yetar-yetmas besh bolani tirik yetim qoldirib, Qantak-poshsha bu vafosiz dunyodan kechdi. Zor-zor yigʻlab qolishdi bular. Endi Oyxon-poshsha otasiga yagona suyanchiq, uka-singillariga ona oʻrnida qoldi. Ilgari haftasiga oʻn doʻppi tikkan boʻlsa, endi yigirmatadan tikdi, oʻshandanmi shahlo koʻzlari ikki oʻtkir xanjardek charxlandi, ukalarini yuvdi, taradi, oʻqishiyu oshiga qaradi, harakatlari sirtlonning urgʻochisidek yengilu epchil boʻldi, birdaniga munkayib qolgan otasining siniq koʻnglini asrab-avaylab chegaladi-ovozlari chinnidagi qiyomdekshiraladi…

Buni birinchi boʻlib har koʻklam Eski-Novqatdan Shahrixonga kelib, bogʻchalarni chopishdayu, ekin ekishda yordam berib yuradigan amakivachchasi Sayid Qosim-xoja yigitcha seza boshladi. Endi u avvalgilardek ishini bitirsa, Sayid Gʻozi-xoja hazratlarining duosini olib yoʻliga oshiqmas, balki turli bahona topib, bir bularning barinikovushlarini yamar, bir tandiru oʻchogʻ atrofidagi suvoqni yangilar, bir devoringiz nurab qolibdi, -deya, paxsa qalardi.

Sayid Gʻozi-xojaning bolalari ham SayidQosimni xush koʻrar, biri unga loy otgan, boshqasi xipchin olib kelib, toychoq yasab ber deya, xarxasha qilgan, uchinchisi “Katta boʻlsam, sizga tegaman” – deb vaʼdalashgan. Faqat Oyxon-poshsha oʻzini bu amakivachchasi bilan sipo tutar, keragida choyiga, keragida joyiga qarardi.
Oʻsha erta koʻklam ham boshqa ishlarini bitirib boʻlgach, Sayid Qosim bularning ikki tupgina tokini ochib berish vajhida yana Eski-Novqatiga qaytishga kech qoldi. Holbuki Sayid Gʻozi-xoja oʻsha kuni Yangi-Novqat tomon Sahobani ziyorat qilgani oʻzining 14 yashar oʻgʻli Sayid Olim bilan yoʻlga chiqqan edi. Oyxon-poshshaning ikki singlisi mahalladagi Otincha-buvinikiga dars olgani chiqib ketishgan, yolgʻiz kenjatoy Sayid Nozimxonuyda hali ham uyqusidan turmagan edi.

Sayid Qosim-yigit avvaliga ishkomining bir-ikki yamogʻini yangi xodalar bilan yamadi. Bir choy qaynar vaqtdan soʻng tokni ochishga kirishdi, bardilarni asta bir chekaga yigʻdi, qoʻndoqlangan tokni avaylab ochdi, xar tugul sovuq urmabdi, va ohista tag-tagidan boshlab, tok poyasiniyu, novdalarini istak bilan ishkomga tarab-tarab bogʻlay boshladi. Koʻklam joni poya tanasidan yugura boshlagan, shoʻralar egilib-bukilib, har tomon gajak tashlay boshlagan edi.

Shu payt choyini koʻtarib Oyxon-poshsha kelib qoldi. “Hormangiz, aka!” –deb soʻrashdi-da, qoʻltigʻidagi qiyiqchani yozib, ichidagi nonni ushatdi, choyni piyolaga quyib imo qildi: “Choydan ichib oling, quvvat boʻladi!”. “Maylingiz!”,- deb javob berdi Sayid Qosim va dasturxongacha yaqinlashar ekan, Oyxon-poshshaning anavi gajak-gajak shoʻralar kabi oʻgirilib, uy tomon ketajagini payqadi-da, birdan:
-Menga yordamingiz kerak edi, Oyposhsha!-dedi.

Oyxon bir qiyo boqdi-da:
-Nima edi, aka?- deb soʻradi.
Bu “aka” deb aytgan soʻzida nelarni anglamadi oʻsha on Sayid Qosim-yigit, dami ichiga tushib ketib, qariyib shivirladi:
-Shotini ushlab turolmaysizmi. Ishkomning tepasi nozikroq, shoʻrani bogʻlab olay…
Oyxon bebogʻ shoʻradek yalt etib oʻgirildi.
-Maylingiz…

Choy ham bir chekada qolib ketdi, Sayid Qosim-yigitcha, qoʻlu-nafasi titraganicha, ishkom tagida yotgan narvonni turgʻizib, ishkomning puxtaroq bir xodasiga tiradiyu:
-Mana bu tarafdan ushlab tursangiz, men darrovgina tokni tarab tashlay,-dedi.

Ingichka Oyxon qaddini rostlab, bor jahdi bilan narvonga yopishdi. Sayid Qosim esa birdaniga oʻzini dorboz yangligʻ his etib, shoti tepasiga uchib chiqdi. Koʻklam shabadasi uning yuzu-sochlarini qitiqlar, u esa oʻzini ishkom tepasida tugul, butun olam uzra uchayotgandek sezardi. Qoʻlidagi istak bilan bir novdani bogʻladi, ikkinchisini. Uchinchisi- beboshrogʻi xiyla uzoqqa qayirilgan ekan, istak ushlagan qoʻli bilan choʻzilganini biladi Sayid Qosim-yigit, birdaniga narvon bir tomonga ogʻib, boyagina yangidan yamalgan ishkom katagi qars etdiyu, qizning “Dod!”-deganiga qaramay, Sayid Qosim-yigit narvoni bilan osmondan yerga quladi.

“Dod!”–deb Oyxon yigit oldiga tashlandi, betlariga urib boqdi, yoqasidan ushlab silkitib koʻrdi, qani jon asorati koʻrinsa. Yigitning yuziga duv-duv yoshlar oqdi, jonsarak lablarini yigitning ter bosgan manglayiga bosgan edi, yigit birdaniga bir ingradi.
-Voy xudoyim! – deb hitob qilgan Oyxon ketidan:
-Koʻrdim, koʻrdim, oʻpishdiyla!– degan ovoz qizni choʻchitdi…

Kechasi kenja ukasi Sayid Nozimxonni quchogʻida olib yotarkan, Oyxon-poshsha unga:
-Siz boyagini hech kimga aytib yurmang-a, yana, — deb sirlashardi.
Qoʻshni xonada yotgan Sayid Qosim-yigitning esa urilgan badani loʻq-loʻq qaqshasa-da, yuragi yelvizakka boʻy bergan novdadek sarhush edi…

* * *

Qorongʻu tunning bilmam qay bir qismida Abdulla loʻq-loʻq qaqshagan badanini koʻtarib, burchakda qoraygan yostiqqa tashladi; badani ogʻriqqa toʻla esa-da, negadir yuragi yengil tortdi. Qaysi mujdadan ekan bunisi?
Ayyoru quvcha Sayid Nozimxon dadalariga sotib qoʻydimi, yo Sahobadan qaytayotgach, Eski-Novqatdagi qarindoshlari bilan xabarlashgan Sayid Gʻozi-xoja maslahatini pishirib keldimi, baharhol bogʻu-rogʻ ishlarini bitirgan Sayid Qosim-yigitbularning koʻngillarini yarim qilib, uyiga ketganida, ota toʻngʻich qizini peshgohda oʻz oldiga chaqirdi-da, gapni Odam Atoyu Momo Havodan boshlab, asta-sekin koʻngillaridagi muddaolarini izhorladilar:
— Sayid Qosim-xoja yaxshi yigit, tagli-tugli, oʻzimizning sayidlar avlodidan. Qoʻli gul yigit, ekin chopishgayu, guvala terishga birdek epchil. Ana, tomorqani ham qoʻralab qoʻyibdi. Ustiga-ustak oʻqimishli yigit, otalari Sayid Qodir-qozi Xoʻqanddan hujra olib berib, ziyoda oʻqitish niyatida ekanlar. Men ham qarib qoldim, koʻzlarim nazla, qoʻllarim girih, yonimga kiradigan bir mahramim yoʻq, qani shoʻrlik onangiz rohatingizni koʻrsa edi… – deb tusmollagandek boʻldilar.

Boʻroz Oyxon-poshsha avvaliga otalari uni sinayaptimikan degan xayolga bordi. Biroz yigʻlab ham oldi:
-Otajon! – dedi, -doʻxtari zaifangizni afu eting, men gunohkor – sizga yaxshi qarolmadim. Bir kashtaga alaxsidim, bir qozonga. Endi zinhor unday qilmayman, onajonimdan oʻrnak olsam boʻlmasmidi…

— Yoʻq, — dedi Sayid Gʻozi-xoja, -unday demang, onam qizim, men qarib, aqlimni yeb qoʻyibman. Oʻzim emas, sizni oʻylab aytgan gapim edi. Qurʼoni Karimning “Al Hujurat” surasida Alloh taolo aytibdurkim: “Ya ayyuhannasu, inna halaknakum min zakari va unsa va jaalnakum shuuban va qabalna taarafu. Sadaqallohu aziym!” Bu degani, “Ey, insonlar,chindan ham biz sizni erkak va ayol qilib yaratdik, va bir biringni bilingiz deb xalqu-qavmlarga boʻldik!” Erkaku ayol orasidagi nikoh Paygʻambarimiz sunnatidir, mana sizning ham boʻyingiz yetib qolgan, deb shu andishaga borgan edim… – dedi mayus ovozda Sayid Gʻozi-xoja…
Oyxon-poshshaning pirpiragan lablari hatto: “Ixtiyoringiz!” -deyishga ham bormadi, u faqat quyi solingan ogʻir boshini irgʻab qoʻydi xolos.

* * *

Oʻsha koʻklamning oxirida Oyxon poshsha ukalari bilan Eski-Novqatga amakisining uylariga borib, bir hafta turib keladigan boʻldi. Bularni olib ketish uchun Sayid Qosim-yigitning oʻzi ulovi ila keldi. Bomdoddan keyingi gʻira-shira saharda Sayid Gʻozi-xojaning duosini olib, bular yoʻlga chiqishdi. Bardiyu poxol ustidan yopilgan uch qavat koʻrpacha ustida silkina-silkina, Asakayu Aravon qilib, peshinlarga qirgʻizlarning Qora Koʻchkan degan joyiga kirib kelishdi. U yerda nonushta yeb, qirgʻizlarning toza qimizidan simirishgan edi, yoʻlning togʻ qismini Oyxon-poshshaning ikkala ukasi ham dong qotganicha uxlab ketishdi. Ikki tomon adiru-togʻ, soy yoqalab ketishar ekan, Sayid Qosim-yigit ot haydab oʻtirgan yeridan orqaga oʻgirilmay oʻziga soʻzlagandek:
-Togʻ shabbodasi yaxshi-da! – deb soʻradimi, yo, joʻngina, toʻlib ketgan koʻnglini boʻshatdimi, unga xomushlikdan siqilib ketganu kimsasiz yalanglikda chimmatini yuzidan olgan Oyxon-poshsha ham:
-Ayniqsa koʻklam shabbodasi oʻzgacha, — deb javob berdi.

-Buni men anovi kuni ishkom ustida anglagan edim… – dediyu soddadillikda SayidQosim-yigit va birdaniga tilini tishlab qoldi, chunki Oyxon-poshsha xijolat tortganini oʻgirilmasdanoq uning ogʻir “uh”idan payqadi.
-Men, oʻlgur, oʻshanda ushlay olmadim… – deb oʻkina boshlagan edi qiz, Sayid Qosim-yigit darrov gapni boshqa tomonga chalgʻitti.
— Bu togʻlarda odamning negadir ashula aytgisi keladi-ya…

Koʻm-koʻk adirlardan, pastda oqib turgan tiniq soy suvlaridan, yax havodanuboyagi toza qimizdan eligan Oyxon ham bosh irgʻab:
-Ha, — dediyu, qizlik hayosi toʻsqin keldimi: -Aytmaysizmi, aka? – deb qoʻya qoldi.
Sayid Qosim-yigit ham, ortiqcha qistatmasdan, oʻpkasini toʻldirib,umkanlarini shishirib, kuylay boshladi:

Arzimni aytay bodi saboga…
Arzimni aytay bodi saboga.
Koʻzlari Choʻlpon, zulfi parishon,
Sarvi xiromon, dod-yey, qoshi qaroga.
Bizdan duolar boʻlsin ul dilraboga…
Uchdi koʻzimdin ul pari yangligʻ,
Tashladi ketti, dod-yey, turli baloga…
Qildik ikkovlon bir ahdu-paymon
Har kim yomondur, yoray, soldim xudoga…

Yigitning ovozi eshilib-eshilib, togʻ tomon koʻtarilayotgan shabodaga ergashgandek, yuqori intilar, ashula avjiga chiqib borar ekan, Oyxon ham oʻzini tiyolmasdan, asta xirgoyi qila boshladi…
Bu ashulaga yana biri qoʻshildi. Qizning ovozi ham erkin havoda ozodroq yangrar, buni sezgan Sayid Qosim-yigit ashula tugar-tugamas:
-Endi sizdan ham eshitaylik, poshsham, — deb qoldi.
Oyxon ukalariga yalt etib koʻz tashladi-da, hali ham qimiz kuchi bosgan uyquda ekanlariga amin boʻlgach, Sayid Qosim-toʻra hech qachon eshitmagan gʻazalni kuylay boshladi:

Ovozim titraydiyo, arang-arang jon kelsin,
Gulning yarmi rang boʻlsa, qolganiga qon kelsin.

Kecha kunduzdan toshib sim-sim oqdi ersa yosh,
Koʻzni kuydirgach Choʻlpon kun boʻlib afgʻon kelsin…

Qiz ovozi adir bagʻirlaridagi lola-qizgʻaldoqlardek uyatchangu nozik, ayni payt tunovgi tok shoʻralaridek gajakdoru, yerning sarmast qiluvchi shirasidek kuchli edi. Sayid Qosim-yigitning bu xayollarini gʻaybdan payqagandek Oyxon birdaniga:

Tomga shoti qoʻygan kim, changga botguncha olmang,
Yo bizni xazon ursin, yo sizga bogʻbon kelsin, —

deb kuylaganida, yigit bu gʻazalni kim bitganini yuragining har zarbi bilan oʻz-oʻziga aniq tasdiqladi.

Bir oʻgrilib boqishing ikki jahonga oʻlim,
Ikkisida tirilsam biridan nishon kelsin…

Sayid Qosim tizginlarini deyarli qoʻyib yuborgan, choshgohning togʻ bukuri boʻylab dumalagan pastqam oftob nurida orqasiga oʻgirildiyu, chimmatsiz qiz yuzi emas, quyosh nurlarida charaqlagan mayus oy koʻrgandek boʻldi.

Bu kunimga mix qoqib koʻnglimni asray desam
Tildi koʻnglimni bu kun, ketgali oson kelsin…

Koshki bu soʻzlarni qiz emas, Sayid Qosim-yigitning oʻzi aytsaydi… Quyosh, bir dumalab, togʻ ketida yarim boshini yoʻqotdiyu, qiz ham avjidan tushib, ohista xirgoyi tarzida ashulasini eshitilar-eshitilmas qilib bitkazdi:

Yuragimning yarasi yamoq-yamoq boʻlganda
Yelvizakka ip bogʻlab Oyxondek osmon kelsin…

* * *

Quyosh taftiyu ashula hovuri hali ham muzlab boʻlmagan xavoda ovunar ekan, ular Koʻk Jetik degan yaylovga kirib kelishdi. Oʻtov ichida oyoqlarini yozib, asrni oʻqib boʻlgach, Sayid Qosim-toʻra otlarini boqib bergan tanish qirgʻiz yigitlardan birini oʻzi bilan oldi-da, qorongʻuda qolib ketmaylik deya, yana yoʻlga shoshildi. “Orada bir dovon qoldi”, — deb Oyxonu ukalariga tushuntirdi u qirgʻiz yigitning togʻ shevasini… Ana shu dovonda yurak-puraklari chiqib ketdi Oyxonning. Yoʻl tepaga shu qadar tik ketar ekanki, otlar hansirab qolishdi. Sayid Qosim-toʻrayam, boyagi qirgʻiz yigitcha ham, aravadan tushib, biri tizginni ushlaganicha otlarni tepaga torta boshladi, boshqasi esa aravaning ketidan baholi qudrat itara boshladi.

Haligina Oyxon oʻz ashulasida aytganidek, quyosh ham togʻ tepasiga qoqildiyu bir vaqtga qadar qotib qoldi goʻyo; togʻ ortiga dumalab ketay desa, bularning aravalari teparoq chiqaverib quyoshni koʻzdan yoʻqotishmadi. Sayid Qosim-yigit ham xuddi bor kuchini shu quyoshni uzoqroq ushlab turishga, qoʻrqqanidan, aravaning burchagiga biqinib, chimmatiga burkanib olgan Oyxon yuzlarida, chimmat uzra boʻlsa-da, quyosh nurlari oʻynashini orzulagandek edi. Dovonning eng tepasiga chiqishganida yana oʻsha ishkom tepasidagi tuygʻu yigit yuragini chulgʻadi: “Illo, endi arava shotisi bilan qulamasam” -degan xayolda qora ter bosgan qoʻyniga tuflab qoʻydi. Tepa yop-yorugʻ, dovonning ikki tarafidagi vohalarga esa qorongʻulikning ilk soyasi tushgan edi.

Bu toqqa chiqish qoʻrqinchliroqmidi Oyxon uchun, yo tushish yoʻlimi, kim bilsin, lekin qorongʻu tushishi bilan ular soylari kokil kabi taralgan Orol nomli obod yerga, yana bir soat deganda esa osmonida yulduzlar charaqlagan Eski-Novqatga kirib kelishdi.

Umrida bu qadar baxtli boʻlmagan edi Oyxon oʻsha bir hafta.
Ammo bir oy oʻtar-oʻtmas ularning kulbasiga Amir Umarxonning sovchilari bostirib kelishdi. Oʻsha yilning Sunbula oyida esa Oyxon-poshshani zoʻrlab, Amir Umarxonga uchinchi xotin sifatida nikohlashdi va u chimildiqqa qamoqqa tushgan qushdek kirdi…

Bu fikrni endigina toʻygan Abdulla kimning ogʻrigʻidan ingrayotganini oʻzi bilmay qoldi. Navqiron yigit Sayid Qosimningishkom emas, dovon emas, charaqlagan yulduzli osmonidan qaro yerga qulagan vujudining ogʻrigʻimidi bu, yo qor ustida zor yigʻlab turgan bolalarni muzlab qolgan koʻzlarida hargiz eritolmaydigan Oyxon-poshshaning aziyatimidi? Qayerda oʻzi u? Nimalar boʻlyapti bu dunyoda, bu bitmas zulmatda?! Ogʻriqdan ortiq narsa bormi oʻzi?..
Togʻ tepalab botayotgan quyosh, beshta norinj boʻlib, pastga dumalab ketdi-yu, Abdullani qorongʻu uyqu bosdi…

* * *

Ertalab qamoqxonaning eshigi sharaqlab ochildi-da, choʻchib: “Qayerdaman oʻzi?” -deb uygʻongan Abdullaga oshpaz askar bir tovoq boʻtqa bilan bir krujka choy qoldirdi. Qamoqdagi birinchi uygʻonish boshqacha boʻladi. Buni Abdulla birinchi qamalishidan eslab qolgan: tushsiz uyquda boʻlsa-da, qamoqda ekanligingni anglaysanu, uygʻongach birinchi xayoling – tungi vasvasalarim tush boʻlib chiqsa-ya! – degan oʻy boʻladi. Lekin, qaraysanki, bosinqirash yoki alahsirashemasekan u, rostdanam qamoqdasan. Rostdanam kecha 31-nchi dekabr uch kishi kelib, qoʻshning guvohligida uyingni tintuv qilishgan, Rahbaru bolalar qor ustida zor yigʻlashgan, goʻdakligida: “Koʻtaring ber!” – deb qoʻlga oʻrgangan kenjatoyi Maʼsud: “Dadajon!” – deya, kishanlangan qoʻllari tomon talpinib qolgan…

Urilgani, tepilgani ham rost, burchakda turgan paqirdagi suvga turmoqchi boʻlgan Abdulla butun vujudi zirqiraganidan yana joyida uzalib qoldi. Yoʻq, nasʼh bosib, bomdodniyam qazo qilibdi, asta turib tahoratini olishi kerak, qazo qilib boʻlsa-da bomdodni oʻqib olishi lozim… Badandagi ogʻriqini yengib, Abdulla oʻrnidan turdi, burchakda tahoratini oldi, yotogʻiga qaytib, qibla qaysi tomonda ekanini bilmasdan,gardkamiga qazo boʻlgan bomdodini yotoq boʻylab oʻqib oldi. Boʻtqaga koʻngli bormadi, taxir choyni ichib oldi.

Choy fikrlarini yozib yubordi.
Oʻylamabmidi, shu devorlar orqasida Gʻozi Yunus alloma boʻlishi mumkin, Fitrat domla boʻlishi mumkin, Choʻlpon, ha, Choʻlpon boʻlishi mumkin, deb. Aravada ashula aytgan qizni Choʻlpon yozmaganmidi, ana kim Shahrixonniyu Eski-Novqatni afzalroq chizib berishi mumkin edi. Qoʻmsadi Choʻlponni Abdulla. Qanchadan qancha gaplashadigan gaplari tugulib yurgan edi koʻnglida. Endi koʻrisharmikan u bilan bu yerda? Endi yetkaza olarmikan unga rus xotinining havotiru tashvishlarini?…

Qamoqdagi birinchi kun ayricha. Nimalar boʻlarkin? – deb puch xayollarda eshik orqasida qitir etgan har bir sasga quloq tutib oʻtirasan. Lekin uzoq-uzoq hech narsa boʻlmaydi. Bundan yana behudayu zoye xayollarga berilasan. Yana bir narsalarni eslaysan, yana oʻz koʻnglingni ogʻirtegirmon toshlari orasiga solasan. Bundan chiqqani esa – puf desa toʻzib ketadigan toʻqimayu taxayyul uni…

Ogʻir tosh dedi. Lekin Oyxon-poshshaning oʻz qamogʻidagi birinchi ertasi bundan yuz karra ogʻir boʻlmaganmi? Zoʻrlangan ul qizning, ertalab kelin salomga chiqib, oʻz otasi Sayid Gʻozi-xojaga bosh egishi, undan soʻng xonaga birin-ketin kirib kelayotgan xotin-xalaj, uni zoʻrlagan va halqumidayu qornida ogʻir bir tugun qoldirgan Amirning onayu xolalari, ammayu xotinlari oldida qad egish ogʻirlgini bir zumga sezdiyu Abdulla, oʻz nolishini shu kezoq unutib,xayolini Ollohning zikriga burdi.

Ozmi-koʻpmi vaqt oʻtdi, qamoqxona eshigi yana ochilib: “Zaklyuchennыy Kadыri, ruki za spinu, na vыxod!” — degan askar uni yertoʻladagi boshqa bir katakka boshladi, u yerda qoʻliga nomeri yozilgan taxtacha tutqazib, bir -yuzi tarafidan, bir -yonidan rasmga tushirishdi, keyingi katakda esa qartaygan juhud sartarosh sochiyu soqol-moʻylovini tozalab qirtishladi. Gʻoʻdayib turgan askar oʻngida ogʻiz ochishga izn berilmaganidanmi, soqovlikdan ichi yorulgudek u sartarosh pishillardi, vishshillardi, shivirlardi, iloj topmagach, gapga chanqoqligini qoʻllari orqali ifodalardi. U Abdullaning koʻpikdan ozod betlariga yengil shapatlar tushirar, yaktagining yoqasini tortib qoʻyar, qulogʻiga engashib yana pishillar, vishshillar, yana oʻziga bir narsalarni shivirlardi.

Abdulla birdaniga Sayid Qosim ustida girgitton boʻlgan Oyxonni esladiyu, birdaniga kulay devordi. Yoʻq, ustara ostidayu anavi askarning muzdek koʻzlari oʻngida oʻzini jiddiy tutgani durust. Kelib-kelib bu kulgining nuqsi manovi bechora sartaroshga ham urmasin. Uyam axir bir navʼ mahbus emasmi? Qoʻlga tushmay deb bularga ishlayotganmikin? Yo chindanam mahbusmikan? Qoʻllarini ayamay oppoqladi u Abdulla yanoqlarini.

Soch oldirish oson esa-da, bir zumda besoqolu bemoʻylov boʻlish ogʻir ekan – tepa labi doʻrddayib ketdi Abdullaning. Yaxshiyam rasmga bu holatda tushmadi… Anovi tuksiz rus askariga qaraganidanmi, qissasida keyinroq va kengroq ishlatmoqchi boʻlgan bir hikoya esiga tushib ketdi.

19-nchi asrning boshida Rossiya qaramida boʻlgan Polshaning Shavel shahrida aslzoda Vitkevichlar oilasida oʻgʻil tugʻiladi. Otasi uning otini Yan, fransuz madaniyatiga moil onasi esa Jan deb atashadi. Bola zukko va abjir boʻlib oʻsadi. Polyak tilidan tashqari yoshligidanoq rus va ingliz, fransuz va nemis tillarida bemalol gaplashadi. 14 yoshida Krajshahrining gimnaziyasida oʻqir ekan, Yan Vitkevich “Qora qardoshlar” degan maxfiy tashkilot tuzib, xaloyiq orasida ruslarga va Rossiya mustamlakachiligiga qarshi sheʼrlaru varaqalar tarqatayotganda qoʻlga tushadi. Yoshligiga qaramay, barcha mulkiyu, haq-huquqlaridan mahrum etib,bu oʻspirinni badargʻa qilishadi.

Rost, qaddi-qomati oʻspirin emas, yigitlik darajasida ekanligidanmi, qoʻngʻir sochlari baravarida hali moʻrt moʻylovlarinayam askar sartaroshi qirtishlaganida, lablari doʻrdayib qolganini u keyinroq oʻz xotiralarida yozgan edi.

Orsk choʻlida, tataru qozoqlar orasida, u mahalliy tillarni oʻrganishga kirishadi, hamda ilmining oʻtkirligidan tatarlar orasida Yan emas, Jan emas, Galimzyan, qozoqlar orasida esa Alimjanga aylanadi.
Onda-sonda Buxorodan Maskoʻvga ketayotgan savdogarlardan u forschani ham yuqtirib oladi. Bu urinishlarda olti yil oʻtadi. Oʻsha payt Sibir ekspeditsiyasidan qaytar ekan, Orenburgda mashhur nemis sharqshunosi Vilgelm Humbolt toʻxtab oʻtadi. Tasodifan 20 yashar Yan Vitkevich bilan uchrashib qolgan olim, uning bilimlariga qoyil qolib, endigina Orenburg gubernatori etib tayinlangan polkovnik Perovskiyga Vitkevichni tavsiya etadi.

Chor hukumati tarafdan Oʻrta Osiyoni zabt etish vazifasi yuklatilgan Perovskiyga Vitkevichdek odamlar ayni muddao boʻlganidan, u Galimzyanni 1835-nchiyili Buxoroga josus sifatida yuboradi. Bir yil deganda u Buxoro qushbegiyu vazirlari bilan tanishib, maʼlumotu axborot yigʻib, Perovskiy oldiga qaytadi. Bundan soʻng u yana bir qancha josuslik safarlariga Turkmanistonu Afgʻonistonlarga yoʻllanadi.

Ruslarga va Rusiya hukumatiga koʻrsatgan xizmatlari uchun uni zobit etib tayinlashadi, haq-huquqlarini tiklashadi. Kelajagi porloq 30 yashar zobitni 1839-nchi yili poytaxt Peterburgga chaqirishadi. Mehmonxonada ekan, u tasodifan oʻzining yoshligidagi doʻsti shoir -Konstantin Tыshkevich bilan uchrashib qoladi.Shuncha yil koʻrishmagan ikki doʻst xonaga qamalib, yoshlik orzulariniyu boshlaridan kechganlarini bir-biriga oshiqib-toshiqib soʻzlashadi.

Yan ham oʻzining Galimzyanu Alimjonga aylanganini, Buxoroyu, Nishopuru, Kobullarda boʻlgan sarguzashtlarini aytar ekan Tыshkevich tobora oqarib, boʻzarib, axir Vitkevich oʻz hukuklarida tiklanganiyu, zobit martabasiga koʻtarilganini soʻzlaganida,birdaniga uni kesib:
-Sen bilasanmi kimsan? Sen sotqin. Sen xoin. Axir bularga qarshi oʻlguncha kurashamiz deb qasam ichmaganmidik?! Sen esa bularning malagiga aylanibsan, — deb shartta oʻrnidan turadiyu, eshikni sharaqlatib yopganicha, xonadan chiqib ketadi.
Ertasiga miyasiga oʻq yegan Vitkevichning jasadi, qoʻlida toʻpponchasi bilan, oʻz xonasida topiladi…

* * *

Abdulla bu xomroq hikoyani keyinroqqa saqlab qoʻygan, balki pishganida, “Rus ruletkasi” degan bir bob qilib yozar. Insholloh, bu yerdan eson-omon chiqib olsin-chi, hali Vitkevichning Buxorodagi sarguzashtlariga ham qaytadi. Bu hikoyani sersuv qiladigan bir-ikki qoʻshimcha qochirimlari bor. Tilini ham ancha ziynatlash kerak. Hozircha joʻngina qilib manovi rus yigitga aytib bersamikan bu hikoyani?Tushunarmikan? Toʻzib ketdi Abdullaning xayollari oʻzining toʻkilgan sochlardek. Aqlini bir yerga jamlab olishi kerak. Ayniqsa bu yerda…

Sartarosh ham oʻz ishini bitirdi. Yana boyagi bir-biriga oʻxshagan temir eshiklar boʻylab uni oʻz qamoqxonasiga boshlashdi. Aqlini bir yerga toʻplashi kerak. Bedov xayollarining jilovini qoʻlga oʻrashi kerak. Soʻroq boʻladigan boʻlsa, nimalarni soʻrashadi? Bularga javoblarini pishitib qoʻyishi lozim. Nimalarda ayblashdi kecha uni? Tatar tergovchining qogʻozida, xato qilmasa, 57-nchi, 67-nchi moddalar koʻrsatilgandi. Ertalab koʻrmagan ekan, eshik yonida titkilangan kitob- Jinoiy Kodeksyotibdi. Uni qoʻliga olib, oʻz moddalarini qidirishga kirishdi Abdulla. 57-nchi modda: “Sovet Ittifoqi Konstitutsiyasi va Ittifoqdosh respublikalar Konstitutsiyalarini, Sovet Ittifoqi va Ittifoqdosh avtonom respublikalarning ishchi-dehqon hokimiyatini agʻdarib tashlashga, qoʻporishga va yo zaiflashtirishga qaratilgan har qanday xatti-harakat, hamda Sovet Ittifoqining xalq xoʻjaliginingproletarrevolyutsiyasiqoʻlga kiritgangʻalabalarniqoʻporishga, zaiflashtirishga qaratilgan urinishlar kontrrevolyutsion deb hisoblanadi.

Sovet Ittifoqi tarkibiga kirmaydigan mehnatkashlarning boshqa bir davlatiga qarshi qilingan xatti-harakatlar ham, barcha mehnatkashlarning manfaatini, internatsional birdamlikni himoya qilish maqsadida kontrrevolyutsion deb hisoblanadi”.

Abdulla bu moddani qayta-qayta oʻqib, oʻzining qaysi bir harakatini ushbu yoʻsinda yoʻyish mumkinligini bilmay, oʻylanib qoldi. Yo: “Doʻppi boʻlsa bosh topiladi” -degan xilidanmikan bunisi?
Bir necha bet varaqlab u 67-nchi moddani ham topdi: “Kontrrevolyutsion maqsadda qilingan har bir tashkiliy faoliyat, va yo unga tayyorgarlikda qatnashgan, ayni paytda yuqorida qayd etilgan bironta jinoyatni sodir etgan shaxslar ushbu boʻlimning kontrrevolyutsion jinoyatlar sirasida koʻzda tutilgan moddalarga muvofiq jinoiy javobgarlkka tortiladi”.

Bunisini ham qancha tirishmasin, Abdulla tushungani yoʻq. Bir tomondan tushunmaganligi yuragiga allaqanday gʻulgʻula solgandek boʻlsa-da, boshqa tarafdan aqli: “Bularga mening hech qanday daxlim yoʻq-ku!” – degandek, yengil tortdi.

Bekorchilikda boshqa moddalarni ham koʻzdan kechira boshladi u. “Bezorilik” deganda Toshpoʻlat-tajangini esladi. “Qoʻshxotinlik” degan moddaga Otabekini soldi. “Diniy daʼvatga” Kalvak Maxzumini oʻlchadi. “Oʻgʻrilik”ni ochganda, niyat qilib qoʻygan Namoz-oʻgʻrini xotirladi. Kitobni bir boshidan, bir oyogʻidan titkilab, bularning barchasiga hazil-hazil modda topib chiqdi, lekin oʻziga yarashasini koʻrmadi. “Xayolparastlik” – degan jinoyat yoʻq-ku axir. “Oʻychanlik” yo “Orzukashlik” degan ham modda uchramaydi bu kitobda.
Jinoyat deydigan boʻlsa mana buni soʻzlab bersin u…

1242-nchi hijriy yilning Shaʼbon oyi, erta bahor. Qarshi hokimi Nasrullohxon yana cherik chorlab, Buxoro tomon yuzlangan. Bu safar uning shashti baland, bu safar uloqni u olajak. Otasi Amir Haydar ul bevafo dunyoni tark etganida, ulugʻ ogʻasi Amir Husayn taxtga chiqdi. Buxoro ostonasiga cherik tortgan Nasrulloh suv boʻyidan suv ichmasdan qaytdi. Uch oy oʻtar-oʻtmas Amir Husayn ham foniydan boqiyga otasi ketidan yoʻl olgach, Karmanada hokim boʻlib oʻtirgan kichik inisi Amir Umarxon epchillik qilib taxtga uyqashib oldi. Bir safar ogʻam degan esa Nasrulloh, ikkinchi safar inim deb yana Buxoro ostonasidan quruq qaytdi.
Endi Hakim-qushbegi yuborgan chopardan eshitishicha Amir Umar saltanat ishlari emas, ayshu ishratu, kayfu safo bilan kunu kech bandmish. Amirlik yemirilayotgan bir payt Amir Umar chogʻiru tannozlardan oʻzgasini bilmasmish. Bundan noligan vazirlaru beklar Hakim-qushbegini oʻrtaga solib, choparlarini yana kimga – Nasrullohxonga joʻnatishdi.

Bu kez endi yolgʻon mulozamatga borish yoʻq. Nasrullohxon shaxtidan qaytmaydi, taxt tilanmas, taxt uloq kabi yulib olinar ekan. Buxoroga yetishdan avval Nasrullohxon Xoja Bahoviddin maqbaralarini ziyorat etib,Hojatbaror Pirimizdan oʻz ishlarida dastak soʻradi. Mushkullarini ravo qilib berdimi Hojatbarorimiz, bir necha hafta qamaldan soʻng 1242-nchi sana,Shaʼbon oyining yigirmanchi kuni Hakim-qushbegi boshliq ayon Amir Umarga xiyonat qilib, Ark darvozasini Nasrullohxonga ochib berdilar va oʻsha kunning oʻzidayoq inisini tutib,Amir Nasrulloh-xonni taxtga koʻtardilar.

Pirimiz xoja Bahovuddin Hojatbaror ruhlari hali elimagan ekanmi Amir koʻnglidan, orada Eshon Muhammadsharif-xoʻja oʻrtachi boʻlib, rasvoi-raddibalo Umarxonni oʻz otiga ayqashtirib, shahardan olib chiqib ketdi. Yoʻlda olamondan biri amirga qoʻl uzatib, boshidan zar qalpogʻini, boshqasi esa belbogʻu zarchoponini yulib olsa boʻladimi! Buxoro koʻchalaridan boshyalangu yalangʻoch chiqib ketdi kechagi amir… E,bevafoyu beoqibat dunyo! Agarchi Eshon Muhammadsharif-xoʻja oʻzlarining faqirlik kulohlarini amir boshiga kiygizgan ekanlar.

Podshoxlarga munosib toj ila avrang erur,
Yoʻqsa bilmish har gado eski kuloh bosh uzra toj…

Amir Nasrulloh-xon taxtga chiqqach,Hojatbarorimiz buyurgan muruvvat ilaunga qoʻshilgan inilari Zubayraxon Hamzaxon va Sardorxonlarga inʼom sifatida Buxoro tumanlaridan biri — Narazim hokimiyatini topshirdi. Hakim-qushbegini qayta vazirlikka tayinladi, xaloyiqqa Ark oʻngida osh tortdi…

Mana endi Hakim-qushbegi bilan yuzma-yuz oʻzining xos xonasida oʻtirar ekan, oʻzini doʻsaralikka solgan qushbegi oʻsmoqlab:
-Shoyad iningizni ozod qoʻyib yuborganingiz xayriya yoʻliga yoʻyilsa,-deb qoʻydi.
-Nedan? – deb doʻqqiroq tarzda soʻradi chap beti ahyon-ahyon uchgan amir.
-Salotini Usmoniyaning ajib bir rasmi bor ekan deb eshitdim, taxt vorisidan oʻzga barcha inogʻalar goʻdakligidan qatl etilarkan! Taxtga daʼvo boʻlmasun deb…

-Durust, unda bizam shahid ketgan boʻlurdik – deb doʻlayibroq javob berdi Amir Nasrulloh.
-Astagʻfirullo, — deb oʻz xatosini yamashga shoshildi Hakim-qushbegi. – Maqsad – bu taxt tabarruk qoʻlingizga tushgach, uni daʼvoyu, doʻq-davaradan ozod etish…
Shipdagi chilchiroq lipillab yonar, Hokim-qushbegining salqiyuzida ajib soyalar oʻynardi.
-Sen menga oʻzgacha gapni ayt, bakovuling oʻzi qanday odam? Ishonsa boʻladimi? – oʻzini goʻllikka solib soʻradi chap koʻzi pir-pir uchgan Nasrulloh-xon.
-Qoʻlingizdan oʻtgach, taʼlimingizni haligacha unutmagan… – gap qayoqqa burilayotganini bilmay kalovlandi qushbegi.
-Soʻrayotganim, padari buzrukvorimiz bexosdan kasallikka uchradi. Ogʻamiz Amir Husaynning navqiron umri bir zumda xazanakka aylandi. Bularda shu bakovulingni qoʻli yoʻqmi? – deb sinagandek boʻldi yosh amir.
-Illo-billo! – deb uf tortdiayyor qushbegi, suhbat jilovini yana qoʻliga olar ekan. – Moʻmin odam, holvadan ortigʻiga parvoi falak…
— Holva deysanu, inilarimdan ehtiyot boʻlsakmi deyman…

Chekadan bu suhbatni eshitayotgan odam nimalarni ham tushunardi, lekin besh-olti amirni koʻrgan qushbegi chinni piyolaga qarab, bu piyolaning ichidagi nimpiyoladan ham boxabar turishi shart. Oxirgi gapni,shayxu eshonga koʻnib, oʻz inisi Amir Umarni ozod qoʻyib yuborgan Qarshi hokimi moʻrt Nasrulloh-bek aytyaptimi, yoki Hakim-qushbegining gaplarini qulogʻiga quygan taxt ogʻasi Amir Nasrulloh-xonmi?
-Bakovul bunda, ul zotlar Narazimda, -deb oʻrtaga sinov toshini otdi qushbegi.
-Shuni aytaman-da…
Yoʻq, oʻz fikru-niyatlarini berkitishda haliyam moʻrt amirimiz, bakovul aytmish: qiyomiga yetmagan. Buni ilgʻagan qari tulki Hakim-qushbegi shaxdamlik bilan:
-Chorasini Gʻozibek-miroxoʻr qalmoqqa topshiramiz, — dedi.

Bir oy oʻtar-oʻtmas Amir Nasrulloh-xonning uch inisi: Zubayrxon, Hamzaxon va Sardorxonlarning nozanin boʻyinlariga tun yarmida pichoq tortildi. Buxoro saltanati Amir farmoniga muvofiq malʼunlar qoʻlida shahid ketgan shahzodalarga uch kun motam tutdi…
Mana buni jinoyat desa boʻladi, — deb oʻylardi Abdulla…

* * *

Toʻzidi Abdullaning tekis xayollari. Ikkinchi dafʼa qamoqqa tushsa-da, koʻnikmas ekan bunga inson. Tushlikka yoʻgʻon makaron bilan ozgina xantal surilgan kotleta berilibdiyam-ki, Abdullaning koʻnglida “Bosinqirashim uzunroq choʻzilyaptimi? Endi uygʻonsam ham uygʻonaman, uygʻonmasam ham uygʻonaman”, – degan qatʼiyatga qarshi kun davom etaverdi. Peshinini oʻtirgan yerida oʻqib oldi Abdulla. Rahbarni, bolalarini qoʻysharmikan habar olgani? Temiryoʻlchilar saroyiga Yangi yil archasiga borish oʻrniga tashqarida Leningradskaya koʻchasiningizgʻirin sovugʻida birovlarga yalinib turishganmikan? Tekis xayollar deb oʻylayotgan edi u. Bunaqangi holatda tekis oʻylar kelarmidi miyaga. Tekis yerda toʻzib ketgan hayotga javobi ham manovi toʻzib ketgan oʻylar boʻlyaptimi? Qay biriga yopishishini bilmaydi, qay biri unga ep kelib, tushgan holatiga malhammi yo javob bera oladi? Yo chindan ham vasvasa bosdimi uni? Jin chalgan oʻylariga yarasha hayotini ham jin chalyaptimi? Bolaligida Abdullaning rahmatli otasi jinlar bazmi haqidagi hikoyasini soʻzlab boʻlgach, oʻgʻliga hazilomuz tarzda: “Xayollaringni tuzuk qil, yaxshiroq narsalar haqida oʻylasang boʻlmaydimi?” – deb qoʻyardi.

Balki chindan ham durustroq narsalar haqida oʻylagani maʼqulmidi? Axir bu qissadan ham “Oʻtgan kunlar”ning bir turini yasasa boʻlardi-ku?

Mohlaroyimni esladi u. Jahonotinni, Amiriy taxallusi ostidagi Umarxonni. Yoʻq, boshidanoq aytaqolsin: Nodirabegim, Uvaysiyu Amiriylarni.
Mohlaroyim shahzoda Umarxonga uzatilgan kunidanoq boshlab, oʻz erini qizgʻanardi. Avvaliga amir emas shahzodaligiga, soʻng shahzodalarning otasi Amir Olimxon olamdan koʻz yumib, amorotini oʻgʻliga meros qilib qoldirgach, saltanatning bitmas ishlariga, devonu shikor, yurishu ziyofatlariga qizgʻana boshladi.
Butun dunyo Amir Umarxonni Mohlaroyim quchogʻidan tortib olayotgandek tuyulardi unga:

Kuydurdi chaman gullarini rashk oʻti birla,
Ul gʻunchai xandon ila ul nargisi shahlo…

Nikohdan bir kun avval Mohlaroyimning padari buzrukvori Andijon hokimi Rahmonqulibek oʻz qiziga nasihat tariqasida: “Eringga yaxshi qaragin. Erkak zoti koʻcha-kuyda hokim. Uyga qaytgach hokimni ham xotin boshqaradi. Ana, onangdan oʻrgan!” – deb aytgan edilar. Albatta bu soʻzlarda volidai muhtaram oʻz manfaatlarini koʻzlagan boʻlishlari ham mumkin, biroq astoydil uqibdimioʻshal nasihatga Mohlaroyim, ahyon-ahyon oʻz shakugumonlarini tekshirib oʻz-oʻziga yigʻloqiroq yoʻgʻon ovozda: “Tavba!” -deb qoʻyardi.
Tunovida Amir Umarxon erkak zotini Sirdaryo toʻqaylariga ovga boshlaganida, Mohlaroyim zerikmaslik uchun saroyga ayollarni buyurtirgach, toʻyuziyofatdan soʻng oʻyin-kulgu boshlanib,hammani oʻzi qaramida tutadigan pastakkina Jahonotin bir chistonlarini oʻqigan edi:

Ul na gumbazdir, eshigi tuynugidin yoʻq nishon,
Necha gulgunpoʻsh qizlar anda aylabdur makon.
Sindirub gumbazni qizlar holidin olsam xabar,
Yuzlariga parda tortigʻliq turarlar bagʻri qon…

Kimdir “Amirning harami” dedi, kimdir “tandirdagi non” dedi, faqat zukko Mohlaroyim ikki shamani hamono ilgʻab olgan edi: ul gumbaz shaklidagi narsaning na eshigi va na tuynugi bor, hamda ul qoʻlga sigʻar narsa boʻlmogʻi darkor, axir “sindirib gumbazni” deyilyapti-ku. Parda ortidagi qizlarning bagʻri qonligi suratga rang berib, Mohlaroyim oʻzining picha yoʻgʻonroq ovozida yigʻlansingandek: “Anor” – deganlarida,bosalobat, omirona Jahonotin taʼzim bajo keltirib, malikai dilrabo otiga tahsinlar oʻqigan edi: “Chindan siz Nodirasiz!”
Kuni kecha esa malikai dilorom oʻrnilaridan kechroq turarkan, ertaroq devonlariga chiqib ketgan zavji xumoyunlarining hali hidlari oʻchmagan va koʻrpa ustida qolib ketgan hilʼati gulgunlarini qoʻllariga olar ekan, jaybidagi bir parcha qogʻozga koʻzi tushib qoldi. Olsalar – oʻz ilki oliylari ila bitilgan gʻazal:

Boʻldi to tabdin harifi laʼli jononim anor,
Gul qilur xuni jigardin xori mijgonim anor…

Bul radifga yozilgan matlaʼni oʻqiboq,xipcha-bel Mohlaroyimning betiga anor suvidek qip-qizil qon urdi. Yuraklaridoni sepilgan anordek boʻshashib, koʻzlari gʻazal uzra yugurdi.

Husn bogʻi mevasiga yor noz aylab dedi:
“Lablarim anjirdur, sebi zanohdonim anor”.

Bogʻ gul birla anorigʻa agar noz aylasa,
Yor aytur orazim gul, laʼli xandonim anor…

Mohlaroyim, lablari pichirlab, bu baytlarni oʻqir ekan, koʻnglida gʻichir-gʻichir anor donasidek yuz ming xayollar isyonkorona achishdi. Anjir deb ularning oshiq-maʼshuq tilida nima atalishidan ogoh Mohlaroyim ajib bir gʻulgʻula tuya boshladi.

Lablari shaftolisigʻa zormen, ey bogʻbon,
Toʻkmasin behuda istigʻno bila qonim anor…

Sharbatim qondur agar topsang ul oy bazmigʻa bor,
Laʼli xandoningʻa yetkur arzim, ey jonim anor…

Koʻz entikib ilgari yugursa-da, ketidan ilashgan ivirsiq ong: “Podshohim hargiz labimni shaftoliga mengzatmagan edi” – degan fikrda, anor ezgan qoʻldek, qovjiragan yurakni ezardi.
Yoraligʻ koʻnglimni koʻz yoshida qildim parvarish,
Kim erur bu bogʻ aro maqbuli sultonim anor

Sebi gʻabgʻablar firoqida behidek sargʻarib,
Qon yutarmenkim emastur bobi dandonim anor

“Sebi gʻabgʻablar” kalimasini oʻqidiyu terakqad Mohlaroyim, sinoatli anor gumbazi buzilib, sir tuyqusdan ochilgandek boʻldi: yoʻq, yosh kiz emas, juvon bu… Toʻkilgan donalar ezildi, yanchildi… Nahotki…

Koʻz labing unnabi hijronida yigʻlarkim, toʻkar
Qatra-qatra qon yoshimdan jaybu domonim anor.

“Unnob emas, aʼnob!” – deb yigʻoqiroq ohangda yoʻl-yoʻlakay rashkini jahlga burdi Mohlaroyim.

Olam elida vafo topilmas,
Bu gavhar erur jahonda noyob…¬-

deb koʻzlaridan yosh oqizdi Nodira. Bir tomchi yosh hilʼati xumoyun jaybidan pinhona olingan xitoy qogʻoz ustiga tomdi-da, “unnobi” degan yozuv erib, “vov” xarfi “aʼyn”ga aylana boshladi. Mohlaroyim zudlik bilan yengini qogʻozga bosdi. Afsus, iz qolib boʻlgandi. Rashk, alam, gʻazab, oʻkinch, araz sharbati qonu koʻz yoshiga sachragan Mohlaroyim xira nigoh ila gʻazal maqtaʼsiga boqdi:

Orazing rammonini bu bogʻ aro istar Amir,
Mudaodur anga ey sarvi xiromonim anor…

“Xato ustiga xato” – deb oʻylardi Mohlaroyim. Lekin nazarida neni tutardi? Arabchada “anor” soʻzini anglatuvchi “rummon” soʻzining “rammon” deb yozilishinimi, yo oʻz gumonlarida yanglish boʻla olishinimi, yo-da aksincha oʻz yori-doʻstiga vafodorligiyu oqibatining xatosinimi, yoinki bu dunyoyu bu hayotning adashligini?

Sebi zab-zab birla aʼnobi labing hijronida
Mevai alvoni bogʻu boʻstonim boʻldi talx.

* * *

Kech tushayotganini Abdulla yuragining boʻshashyatganligidan sezardi. Yertoʻla bu qamoqda panjara yoʻqki, osmon rangidan ogoh boʻlib tursang. Kech tushayotganini Abdulla, zerikib, kechagi kechani eslaganidan tuyardi. Namozshomda yozishni yaxshi koʻrardi Abdulla. Shomni oʻqib boʻlgach, derazaga yoni bilan tiralgan stoli oʻngida oʻtirardi-da, gʻira-shira osmonga tikilib,hazin yuragidagi hanuz iliq sogʻinchlarni oq qogʻozga toʻkardi. Choʻlponning ajoyib sheʼri bor, “Kechkirish” degan. Shuni yoddan bilardi Abdulla. Mana endi ham bu sheʼr bexosdan esiga tushganidan, kech tushayotganini tushundi Abdulla:

Balandu past katta-kichik binolar
qizil, koʻm-koʻk, yashil tomlar ustida
ola-bula, quyuq-suyuq bulutlar…
koʻkni qoplab bir tomonda toʻplangan.

Kun botadur…tarqoq, yoyiq lolalar,
unda-munda bulutlarning yuzida
sil yuzidek rangi ketib soʻliblar…
Qorongʻulik Sharq tomondan qoʻzgʻalgan

Shom azoni, muazzinning yoʻsunsiz,
kuchsiz tovshi titrabgina choʻzilgan…
yomgʻir picha yogʻib oʻtgan, buzilgan
qingʻir koʻcha chetidagi uzun iz…

Qismat izlab har tomonga tarqalgan
katta-kichik, yoshu-qari boʻshashib,
xorib, charchab, sekingina qaytadir,
mahallaningbir yeriga toʻplangan
bir toʻp bola turlik oʻyin oʻynashib,
ketganlarni kutadir…
Belgisizlik qanotini keng yoyib,
koinotni quchogʻiga tortadir.
Chiroqlar ham jin koʻzidek yiltillab
xira qarab, mungʻayib
koʻrindilar –
kilkillab-
yomgʻir suvi yer bagʻrida yotadir…

Kecha ham Samarqand Darvozasining tepaligidan Koʻkcha tomondagi uylarning tomlariga qarab oʻtirganida,Kamolan Darvozasi tarafdagi masjiddan muazzinning yoʻsinsizroq ovozi yetishgandek edi. Bulutlar, bulutlar, — deb oʻylardi Abdulla, — qayerdan qayoqqa ketyapsiz, kunni tunga bogʻlab, neguvohliklarni oʻzingiz bilan oʻtmishga olib ketyapsiz. Bu belgisiz soatni oʻtkazib olsam, qorongʻuning ravshan chirogʻida yana yozishga kirishaman. Yangi yil kutishgacha ikki-uch qogʻoz qoralab olarman, — deb beqarorlikda oʻtirganida, eshik taqillab qoldi. Qoʻshni xonadan ziyofat dasturxonini yopishayotgan bolalarining ovozi yetishdi: “Dada, eshikni kimdir taqillatyapti!” Abdulla yelkasiga choponini tashlab eshik tomon yurdi.

Qismat izlab xar tomonga tarqalgan
katta-kichik, yoshu-qari boʻshashib
xorib, charchab, sekingina qaytadur…

Kim kelgan ekan bu bemahal soatda, kishi borki,hozir oʻz oʻyida Yangi yilga tayyorlanib oʻtirmaydimi, — deb xayolidan kechirdi Abdulla va eshik tambasini ochishdan avval: “Kim?” -deb soʻradi. Eshik ortidan: “Men, domkom Rahmatilla akayzman!” -degan ovoz keldi. Qiziq, oyda-yilda bu yerga kelmagan domkom nima qilib yuribdi, tinchlikmikan? — deb eshik tambasini ochgan ediyam-ki, salom yoʻq, alik yoʻq, qora yomgʻirpoʻsh kiygan uch nusxa yopirilib kirdi.

Eshik qiyigʻidan Abdulla “Qora quzgʻun” mashinasini koʻrdiyu, barini tushundi.

Koʻz oldida bolalari. Qoʻliga kishanlar solib, uni mashina tomon sudrashyatkanida Anisimi, yo Adibasi u tomon intilib, ostona tagida turgan obdastaga qoqildiyu, koʻzida yosh — yotib qoldi. Koʻzoynak taqqan anovi tatar tergovchi koʻzoynagini chaqnatib unga shavqatsiz nazar tashladi.

Belgisizlik qanotini keng yoyib
koinotni quchogʻiga tortadir.
Chiroqlar ham jin koʻzidek yiltillab
xira qarab mungʻayib
koʻrindilar-
kilkillab-
yomgʻir suvi yer bagʻrida yotadir…

Bir kun oʻtibdi.

* * *

Bir kun oʻtar-oʻtmas sarvqomat Mohlaroyim oʻzining kechagi shak-shubhalaridan oʻzi uyalar: “Nahotki bitta soʻzning ikkita sheʼrda uchrashidan u qadar gumonlarga borsam? Axir Jahonotinning anor chistonini sultonimga oʻzim ham aytgan boʻlishim mumkin-ku…
Anovinda:

Maʼshuq ahlidin vasl ramzini soʻrsam oʻldirur soʻrmasam oʻlam,
Dard ahligʻa ishq doʻkonini qursam oʻldirur, qurmasam oʻlam.

matlaʼli gʻazalini salobatli Jahonotindan eshitishi bilanoq, oʻshal kechayoq oʻz rashkini Amirul-moʻminiynning Amiriy rashki bilan bosish uchunmi, boshdan oyoq, qizishib, oʻqib bergandi-ku.
Hatto maqtaʼsiga yetganida, “Vaysiy” taxallusini “Nodira”ga almashtiray deyishiga bir bahya qolgan emasmidi:

Mendan or etar, xoru-zor etar, foniy dunyodin ushbu jon ketar,
Nodira gʻarib, rangi sargʻarib tursam oʻldirur, turmasam oʻlam…

Vaholonki, “Nodira” “Vaysiy”dan bu misrga koʻproq va xoʻbroq yarashur erdi.
Lekin tinib-tinchimas Jahonotinning feʼli baribir ajibu-gʻarib. Ming yaqin tutmasin Mohlaroyim unga oʻzini, saroy haramida xos otin deya, ne qadar eʼzozlanmasin, oʻz gʻazallarini unutib, hattotlarga qanchalik Uvaysiy devonu bayozlarini topshirmasin, Jahonotinning na oyogʻiga, na xayoliga tushov solib boʻlmaydi. Koʻnglida nelar saqlaganini ham bilib boʻlmaydi. Mana oxirgi yozgan gʻazali:

Xoʻqand shahridan kelganlar, kafshim yoʻqoldi, sandamu?
Holi dilimni bilganlar, kafshim yoʻqoldi, sandamu?

Nima haqda oʻzi bu gʻazal? Aning daʼvosi neda?

Bu gʻamda yoʻq, menda hamdam, yoʻq, yoʻqotdim, diyidamdanam,
Koʻkabibi, jonga marham, kafshim yoʻqoldi, sandamu?

Qaysi kafsh haqida gap ketyapti oʻzi? Ertakdagi malika boʻlish uchun oʻlchalgan kafshmasmikan ul kafsh?

Man jismdurman, san jonim, tashlab ketganim armonim,
Arzim eshit Qoʻzixonim, kafshim yoʻqoldi, sandamu?

Oʻz zukkoligi bilan bu gʻazalning mohiyatiga yetolmagan Mohlaroyim har bir soʻzni sinchkovlab tekshirar, ammo gʻazal uning aqlini mayna qilgandek, sirdan sirga koʻmilardi. Mohlaroyim axir gʻazalning maqtaʼsiga yetdi-da, na hayqirishini, na damini ichiga yutishini bilmay, garang boʻlib qoldi:

Shoyad xabardor oʻlsa shoh, toʻqqiz falakdin oʻtdi oh,
Duo qilgil, Vaysiy, gumroh, kafshim yoʻqoldi, sandamu?

Yoʻq-yoʻq, shukurki, u zamindagi shohni chorlayotgani yoʻq, qizgʻanmasa boʻladi Mohlaroyim, lekin arshi muallodagi Shohga daʼvat etyapti, ha-da, arshi muallodagi Sultoni Azimga “kafshim yoʻqoldi, sandamu?”-deyishga haddi siqqan arzandadan ul arshniyu, ul Sultonni qizgʻanmay boʻlarmikan? Ul rashki aʼzamda oʻz kalomidan muqobilini topolmagan Nodira Fuzuliyni esga olishga majbur qoldi:

Rahm qil, davlatli sultonim,
Muruvvat chogʻidur…

* * *

Shomga Abdulla “Vaz-Zuha” bilan “Vash-Shamsu”ni ovozini chiqaribroq oʻqidi. Namoz yarmida eshik yana sharaqladi-da, kechki nonushtaga bijiganroq karamning qovurdogʻi bilan bir burda qora non keldi. Anavi karamning oʻtkir hidi butun qamoqxonani tutdi. Namozni dilga oʻtqazib, Abdulla oshpaz askarning qoʻlidan ovqatini kutib oldi. Negadir esiga toʻngʻich oʻgʻli Habibullaning doimiy hazili-qachonki uyda karamdan tomoq pishirilar ekan, “lutfi karaming…” deb xirgoyi qila boshlashi tushdi. Kasal qoldi-ya, yotgan yerida toʻngʻichi. Oldiga kirib xayrlashishga ham qoʻyishmadi.
Kechki ovqatni tarqatgan askar yigitcha musulmondan ekanmi, chindan ham temir tovoqdagi taomni uzatishida allaqanday lutfu karam bordek edi. Kimga oʻxshatdi-ya shu yigitni Abdulla? Gap ochib boqsa boʻlardi, ammo namozini buzgisi kelmadi. Balki bu yigitcha vositasida Choʻlponmi, Gʻozi Yunuslar bilan xabarlasharmidi… Namozini oʻqib boʻlgach,Abdulla ovqatdan tatib boqdi. Bijigan karamning taxir tami ogʻzini qamashtirdi. “Yesam, keyinroq yerman”,- deb nonini kavshay boshladi u. Kechga kelib suyaklari yana ogʻriy boshlaganini sezdi. Har bir chaynashdan jagʻlarining ogʻrigʻi chanogʻiga, chanogʻidan ikki kuragiga, kuraklaridan qovurgʻalariga, qovurgʻalaridan beliyu oyoqlariga tarqardi. Bir burda non ogʻriq bilan yeyildi. Rost ogʻizda shirin bir taʼm qoldi. Uni anovi bijiq karam talxi bilan buzgisi kelmadi Abdulla va yana oʻyga toldi.

Eslaganlarini barini yozib ulgurganmidi? Yozib ulgurganlarini esladimi xolos? Yo bari toʻzib, aqliga kelgani poyintar-soyintar boʻldimi? Chunki yozsa bularning barini: Umarxonning Xoʻqand saroyiyu Nasrulloh-xonning Buxoro Arkini qorishtirmasdi. Chunonchi orada bir emas, oʻn yil farq bor. Amir Umarxonga muqobil qiladigan boʻlsa Amir Haydarni koʻproq yozardi. Lekin, nega birdaniga Nasrulloh-xonga oʻtib ketdi? Xayollari, hayoti toʻzib ketganidanmi? Sezganlari ancha tiniqroq ediku… Mohlaroyimning ham feʼli-atvori boshqacharoq edi emasmi? Nima boʻlyapti Abdullaning miyasida oʻzi? Jin bosdi degani shuuriga ham yetib boʻldimi?

Abdulla zoʻr berib bularning barini unutishga harakat qildi. Choʻlpon aytmish:

Tun yomon, tun qorongʻu,
tun qoʻrqinch, tun azob,
tunda eski va yangi
har narsa xayol, sarob…

Bularning barini oʻzining soʻnggi payt sevib-sevib oʻqigan “Zarbul masali”ga almashtirmoqchi boʻldi. Shu narsaning haliga qadar poyoniga yetgani yoʻq edi. Qay yoʻsinda qissasiga kiritishini uylab-oʻylab, oʻylarining ketiga yetmagan edi.

“Ammo roviylar andogʻ rivoyat qilurlarkim, ilgariga ayyomi nafarjomda Fargʻona iqlimida Kaykubod otligʻ podshodin qolgan bir eski shahriston bor edi. Ammo ani havosi xush va bodi dilkash. Sabza, rayohin, anvoi gullar, chechaklar kasratidin koʻrgan bahor chogʻda tovusning parlaridek turlanib, munaqqash koʻrinur edi. Va aning yonida bir yogʻochlik yerda Yapaloqqush maskani, ota-bobosidan qolgan joyi bor yerdi. Ammo Boyoʻgʻlining bir qizi bor erdiki mehri xovariy yuziga banda edi.

Orazidin shamsu qamardur hijil,
Soʻzlaridin shahdu shakar munfail,
Hosili umri edi ul boyni,
Oti Gunashbonu oʻshal oyni….”

Axir bu Amir Umarxonning Sayid Gʻozi-xoja qizi Oyxon-poshshaga uylanishi tarixi-ku! Nahotki hozirga qadar Abdulla buni sezmagan boʻlsa! Qoyil-e!
Lazzatidan oʻzicha yodga tushib qolgan soʻzlarni birma-bir qaytarar ekan, Abdulla ichki sevinch bilan oʻz inkishofini oʻzi tasdiqlayotgandek edi. Yapaloq Koʻrqushni sovchilikka yuborganini eslab, Hakim-toʻraning “Muntaxab at-tavorix”iga qiyosladi:
“Boyoʻgʻlining bir chiroylik qizi bor emish. Bizni tarafdin sovchi boʻlib boring. Harqancha qalin boʻlsa topilur.

Anda Koʻrqush aydi: “Bor maqtansa topilur, yoʻq maqtansa chochilur” – degan yaxshilarning masalidur. Boyoʻgʻlining ogʻzining burchidan chiqar: “Ming chordevor qizimning qalini” – deb. Holo podshohimiz Hazrat Sayid Umarxon Amirul-muslimiyn ahd va zamonlarida odam maʼmur va raoyo masrur. Har nechuk ayolmandlar tasbihi marjondan uyrulur – bir boʻsh chordevor topilmas, uyalurmiz. Nechukkim aytmishlar: “Yolgʻon masal turmas”, “Uyat – oʻlumdin qattigʻ”. Yana aytmishlar: “Erman yogʻochini egilgani – singani, er yigitning uyalgani – oʻlgani… ”

Axir Gulxaniyning ham Tojikiston taraflarda tugʻilganini bilmasmidi Abdulla? Attang, tekshirib boqmagan ekan, Nola taxallusli shoir Sayid Gʻozi-xojaga agarchi qarindosh chiqmasa, onhazrat qoʻllarida tahsil olgan boʻlmasin… Sayid Amir Umarxon haqidagi zaharxanda bundan dalolat emasmi?…
Undan keyin Fazliydan maʼlumki, Gulxaniy Umarshoxga navkar boʻlgan. Kim bilsin, bu doʻlvor odamni Amir Umarxon Hakimxon-toʻraga qoʻshib Sayid Gʻozi-xojanikiga vajohat uchun yuborgan boʻlsa-chi?! Hakimxon-toʻra qiz bilan ota orasida nimalar oʻtganini yozmasa-da, Gulxaniy “Zarbulmasal”da bu sahnani toza oʻxshatgan-ku!

“Anda Boyoʻgʻli aydi: “Ori, bolaning boʻyi yetibdur. Oʻzidan soʻrab javob bersam kerak”, – deb turub, qizining oldiga kirdi: “Ey bolam, Yapaloq bibining bolasi Qulonkirsulton havoxoh boʻlub, sovchi yubormish, na javob berursan?”

Anda Gunashbonu oyim, nechukkim roʻzgʻor qizlarining aʼlolaridur, “Sukut – alomati rizo” degandek, boshini quyi solib oʻlturdi. Boyoʻgʻli qizning maylini bilib aydiki: “Bu boligʻaning koʻngli er tilar oʻxshar”, — degach, qiz tilga kelib aydi: “Ey, beʼmani chol, soqolingdin uyol. Xomush turmoqlik javobiboʻyla boʻlurmi? Xayr ishigʻa mutakallim boʻlgʻonning xitobi boʻyla boʻlurmi?”

Shu payt kalitlar gʻichiri bilan eshik sharaqlab ochildi-da, yoʻgʻon va malla navkar Gulxaniy oʻrnida devsimon Vinokurov qamoqxonaga kirib kelib: “Nu chto, s Novыm godom chto li, burjuazno-natsionalisticheskaya krыsa, dumal zarыlsya v noru zdes? A ya tebya tut je za xvost!”–deb “Karnaychidan nima ketdi, puf”– deya, Gulxaniy bilan xayrlashishga ulgurmagan Abdullaning ogʻzi-burnini bir qilib, uributepib ketdi…

* * *

Xushi chip-chip qonu ogʻir ogʻriq bilan oʻziga qaytgach, bu safar yomon afsuslandi Abdulla. Nega,xom xayollarga berilib, bunga tayyor boʻlmadi?! Vinokurovning boʻgʻziga qoʻlining kuchi yetmasa tishi bilan yopishsa boʻlardi-ku, otib tashlasin edi shu yerning oʻzidayoq, lekin manovinga oʻxshab xor boʻlib yotganidan ming karra afzalroq emasmidi?! Endi qaytishga yoʻl yoʻq. Sal kuchini yigʻib olsin:koʻrishi bilan tishlab, gʻajib, boʻgʻib, oʻldiradi u mahluqni. Abdullaning tishlari gʻijirladi. Oʻldiradi! Oʻldiradi! Oʻldiradi!

Tuni boʻyi bironta puch xayolga berilmay, faqat ablah Vinokurovning intiqomini oʻylab chiqdi Abdulla. Na ogʻriqni sezdi, na qotgan qonni, faqat yonib-kuyib oʻrtangan qasoskor yuragini. Xufton namozi esidan chiqib ketdi, buni tun yarmida elas eslagandek boʻldi, lekin namoz soʻzi miyasining bir burchagida uchqunlagach, kimni esladi — Namoz-oʻgʻrini. Asr boshida oʻrislar qamogʻidan chiqib, Samarqand viloyatida boy-badavlatni qiyratib, ular tomonidan sotilganu,oʻris qamogʻiga tushgan Namoz-botirni. Uni urmoqchi boʻlgan askarlarning toʻrtta-beshtasini gumdon qilgan ekan u. Shuning uchun ham Namozni tashlashgan qorongʻiroq xonaga hech kim yolgʻiz yoʻlamas, kirganda ham 10-12 kishi miltiqlarini shaylab kirishar ekan.

Namoz yigitlari uddaburon emasmi -bulardan bir-ikkitasi mayda oʻgʻrilik qilib, atayin shu qamoqqa tushishadi-da, Namozning qaysi katakda oʻtirganini bilib, u bilan oʻzlari bilgan sirli aloqaga chiqishadi. Kim tosh bilan toʻsin taqillatishni aytsa, kim ashula aytib, ashulaga kerakli soʻz qoʻshishni soʻzlaydi. Neki boʻlmasin, bularning baʼzilari oʻzlariga tegishli 50 darra yeb, qamoqdan chiqqach, tashqaridan yer kavlashga tushishadi va kelishilgan payt bu qazima Namoz-oʻgʻri oʻtirgan katakning burchagidan chiqib keladi. Lekin osongina qochsa, Namoz Namoz boʻlmas edi. Oʻrani yaxshilab yashirib, u saharda oʻz eshigiga bir necha bor taqillatadi. Bir-birini uygʻotib, haybarakalab oʻn-oʻn beshaskar miltiqlari bilan kirib kelishadi-da, gʻira-shira qorongʻulikda Namoz-oʻgʻrini topolmay, havoga oʻq otganicha, kimi tashqariga, kimi boshqa kataklarni ochishga, kimi esa joyida qotib qolishadi. Hammayoq ola-gaston. Shu payt shift ostidan bolorlarga tirsagiyu tizzasini tirab yopishgan Namoz-botir anavi karaxt boʻlib qolganlarning ustiga sakrab, yer bilan yakson qiladiyu, miltiqlarini qoʻltiqlab, oʻzini oʻraga uradi.

Oʻshanda uning ketidan oʻn-oʻn beshta qamalgan ham ola-tasirdan foydalanib, qochib qutulgan ekan.

Buni ham yozmoqchi boʻlgan edi Abdulla. Lekin nimaga bu sahnani xozir esladi u? Boshqa qissada, boshqa zamon sodir boʻlgan hodisa emasmi bu? Agar Namoz qilganini qaytaraman desa, na oʻzining odamlari bor Abdullaning, na bu beton uzra oʻra kovlash mumkin, na shiftga yopishay desa, toʻsinu bolorlar bor. Shiftdagi chiroqni oʻragan temir katak xolos, lekin unga ham osilmaslik uchun kamaru belbogʻlarni yechib olishgan…
Baribir yopishadi maymunpeshona Vinokurovning boʻgʻziga! Baribir…
Shu ishtiyoqda Abdulla, oʻraga qulagandek, qop-qorongʻu tushsiz uyquga quladi…

* * *

Ertalab eshik gʻichirlashidan seskanib uygʻongan Abdulla zehni bilan emas, kechagi alamining kuchibilan kirib kelganga hamla qilmoqchi ekanligini uygʻonishi bilanoq tuyib, qoʻllari mushtga tugulgan ediki, qarasa eshikdan anavi besoʻnaqayroq oʻzbek askarchasi kirib kelayapti. “Xudo bir asradi-ya!”–deb oʻzinimi, yo yigitnimi oʻyladi Abdulla va musulmon bu yigitga yuzini yuvmasdan salom berishga betlamay, apil-tapil qonlari qotgan peshonasiyu koʻzlarini, shishgan ikki yanoqu, ogʻrigan jagʻini burchakda yuvib oldi.

Yigitning oʻzi shivirlabroq salom bergandek boʻldi. Salomi ham Toshkentchasiga: “Solaman, aka!” – qabilida boʻlib, Abdulla yuzini choponining etagiga artib, aligini oldi.
-Oka, sizga non-choy opkeluduv…
Abdulla kechagidaqa boʻtqa bilan krujkadagi choyni taʼzim bilan qabul qilib, pastroq ovozda:
-Toshkentlikmisiz? Qaysi mahalladansiz? – deb soʻradi.
Askarcha idish-tovoqni taqillatibroq topshirar ekan, bu shovqinga ovozini oʻrab:
-Qumloqlivuza, Kalhovuz boʻyidan. Bzaya xizmat boʻsa etuvring! – deb pichirladi.

Abdulla ham krujka bilan tovoqni bir-biriga shaqirlatibroq:
-Mayli, oʻylab boqay-chi! – dedi-da, qayrilib, “uhu-uhu” bilan chiqishga yuzlangan askarchaga: -Choʻlpon bilan Gʻozi Yunus degani qaysi xonadaykin? – deb qoldi.
Eshitdimi uning savolini qumloqlik askarcha, kim bilsin, eshik sharaqlab yopildiyu, Abdulla anavi boʻtqa ustida oʻz xayollari bilan yakkama-yakka qoldi.

Nimani soʻrasa ekan bu yigitchadan? Nima kelar ekan uning qoʻlidan? Pichoq obkelib ber, — desamikan? Eplolarmikin? Yo osonrogʻi – bir parcha qogʻoz bilan qalam top deb uydagilariga xat yozib yuborsamikan? Nima deb ham yozardi? Eson-omonman desa- yolgʻon, erta-indin chiqib qolarman desa- puch xayol, urib-tepkilashyapti, — deb yozmaydi-ku! Yo Vinogradov degan yaramasni oʻldirmoqchiman, kechiringlar va alvido deyishi ham qip-qizil ahmoqlik. Lekin baribir negadir avvaliga bir parcha qogʻoz bilan qalam soʻrashni niyat qilib qoʻydi, jilla qursa, Rahbarga: “Temiryoʻlchilar saroyiga bordinglarmi?” – deb yozib yuborar. Keyin: “Kanizak qissasining qoʻlyozmalarini shiypondagi yoqilmaydigan choʻyan pechkaning ichiga berkitgan edim, uni qarindosh-urugʻlarnikida asrab qoʻy!”-dermidi? Qoʻlyozmaning toʻlaroq qismini avvalambor bolalardan, qolaversa Rahbarning oʻzidan yashirib, choʻyan pechkada saqlashi qoʻl keldimikan, tergovchilar mayda-mayda qogʻozlargacha barini tintib-tortib-tergab olishdi, biroq shiypondagi pechkaning ichiga qarashga birontasining aqli yetmadi…

Abdulla mazasiz soʻk boʻtqani yerkan, yana tergovchilaru, domkomni esladi. Tergovi qachon boshlanarkin? Bir-ikki kun Yangi yil qilib, dam olishsa kerak, demakki bu kunlar Vinokurovning mahriga yozilib, Vinokurovning xasmiga aylangan ekan-da!
Pichoq soʻrashi kerak qumloqlik yigitchadan.

Oyxon-poshsha goʻshangada yanchilgan talqondek yotar ekan, na dod deyishga kuchi, na yum-yum yigʻlashga yoshi, na oʻzini boʻgʻib oʻldirishga majoli bor edi. Zoʻrlangan qizning adoqsiz kechasi… Zoʻrlagan mahluq esa gʻusl olgani chimildiq ortidan tashqariga chiqib ketgan, unga ergashganu, qulagan nafrat qiz koʻkragini tegirmon toshidek bosgan. Tepindi qiz, timdaladi, tishladi, darranda-chi bundan qaytaga joʻshib, pishqirib, koʻpiklarini nozik gulbadanga sochdi. Chip-chip qonu ogʻir ogʻriqqa bulanib yotgan qiz: “Endi kelsa boʻgʻziga tishim bilan yopishaman!” – deb marjondek tishlarini gʻijirlatib yotibdi.

Oyxon-poshsha ulovga solinganida navkarlar orasida baland boʻyli qizgʻishroq odamni koʻrgan edi. Koʻziga issiq koʻringan bu navkar vahshiy hayvonni ham goʻshangagacha qoʻrib kelgan edi. Oʻratepada otasining qoʻlida oʻqigan koʻhlik Muhammad Sharif boʻlmasin tagʻin! Oʻzini “Nola” atagan otasi uni erkalab “Gulxaniy” deb atardi… Agarda oʻsha boʻlsa, yalinib, erkalanib, xanjar soʻrasamikan?…

* * *

Novcha boʻyli Mohlaroyimning oʻzining picha pastak sultoni Amir Umarxonning saltanat ishlarigayu, ilhom gʻilmonlari, hatto bir vaqt “anor” soʻzi ketidan Jahonotinga qizgʻanishi oʻyinchoq boʻlib chiqdi. Mohlaroyim ikkita bola koʻrib, oʻzi bilan oʻzi ovora boʻlib qolgach, Amir Umarxon, siyosat yuzasidan deya, yapaloqroq qipchoq qizni Mohlaroyim ustiga qoʻshxotin qilganida ham kuyukkani holva boʻlib chiqdi. Rashkning buzurgi, ihtimomning kabiri, qizgʻanchning ulugʻi hali oldinda ekan.

Kim yoʻldan ozdirdi olampanohni oʻzi, lekin bir yoz Shahrixondagi singlidan xabar olaman deb borib keldiyu, bom-boshqa boʻlib qaytdi. Mohlaroyimning shoirona yuragini aldab boʻlarmidi?
Gulu lola mavsumidir, qani yori dilnavozim,
Nazarimdin oʻldi gʻoyib sanami suhan tirozim.

Hama saydi orzudur bu jahon shikargohi,
Netayin qoʻlimdin uchdi bu mahalda shahbozim…

Bildi oʻshanda Mohlaroyim seldek ofat kelishini. Mashrab aytmish:

Ming shoʻri figʻon birla hay-hay ne balo keldi,
Jon qichqiradur qoʻy deb xanjarni olo keldi…

Bor chorasini ishga soldi Mohlaroyim, avvaliga anisi gʻamkashining jaybidan Xoʻqand qogʻoziga yozilgan gʻazalni topdi:

Visolingga koʻngul mushtoq edi, ey yor, xush kelding,
Koʻzim nurini ravshan aylading bisyor, xush kelding.

Xumorim zaʼfidin betob edim, bazm ichra, ey soqiy,
Xiromon shishai sogʻar tutib sarshor xush kelding.

Bu shaklu bu shamoil birla bazmi noz aro kirding,
Sihi qadlarni qilding soyai devor, xush kelding.

Kecha kulbamgʻa pinhon keldi ul mahvash, Amir aydi:
“Bu lutfu marhamatni bilmasun agʻyor, xush kelding…”

Uni, pinhon kelgan mahvash oʻngida, agʻyorga aylanishi ham bir gap, lekin devordagi soyaga evrilishi ajab qiynadi saroy bekasini. Ishonchli makkoralarni ishga solib, bu fitnaning boshida Shahrixon hokimining xotini turganini bilsa-da, balo rivoj olib, tomir otib, muolaja pallasidan chiqib boʻlgan ekan. Mohlaroyimningikki dastarxonchisi allaqachon Shahrixonga quvilgan Sayid Gʻozi-xoja qiziga sovchi boʻlib tushishgan ekan.

Kim ekan ul mahvash? — deya oʻrtandi, kuydi Mohlaroyim, toki Sayid Umarshoh jiyani oʻspirin Hakimxon-toʻrani orachi qilib,Amirul-muslimiynning shahrixonlik singillari, toʻraning volidai muhtaramalarini koʻrish bahonasida nikohi xumoyunga tarab-tayyorlangan “sihi qadlarni soyai devor” qilgan tovusi xushraftorni parda ortidan koʻrmadi. Ul dushizani koʻrdiyu, barcha avvalgi mayda-chuyda rashklari bir taraf va bul rashklarning rashki bir taraf boʻldi. Endi bildi Mohlaroyim rashk degani nimaligini, holonki unga oʻz soʻzining qudrati yetishmasdan bemajol lablari yana otashnafas Mashrabning baytlarini pichirladi:

Ming shoʻru figʻon birla hay-hay ne balo keldi,
Jon qichqiradur qoʻy deb xanjarni olo keldi.

Qoʻlida qilich foʻlod, boshimga kelib jallod,
Qildi mani bebunyod, tiygʻi guzaro keldi…

* * *

Abdulla bemaza-bematra soʻk boʻtqasini yeb boʻlib, oftobi oʻlgan taxir choydan xoʻpladi. Choʻlponlaru Fitrat domlalar qamoq kunlariga koʻnikib ketgan boʻlsalar kerak. Kataklardagi xlorka bilan ter hidiyu bu belazzat tomoq, shiftdagi jinchiroqu, tunggi hamlalar – Abdulla oʻzining birinchi qamalishidan bilganidek bularning bariga bora-bora koʻnikma hosil boʻladi. Bularni vaqti-bevaqt buzib turadigan soʻroqlaru yuzlashtirishlar esa tashqi dunyo bilan aloqadek – rost u tashqi dunyoning shakli qingʻir, shamoili qiyshiq, asliyu arazi esa yolgʻondir.

Biroq Yangi yil bayramlari boismi, hanuz biron tergov boʻlgani yoʻq, yo uni avvaliga bu yerda yanchib-sindirib, keyin yumaloq-yostiq qilishmoqchimi?! Boyagi qumloqlik yigit chalgʻitdi Abdullaning muqarrar irodasini: umid bor yerda ixtiyor boʻshashadi chogʻi – balki anavi darranda Vinokurovni oʻldirmas, biroq endi gʻaflatda qolib, unga tekinga tan bermasligi tayin. Ogʻizda qamashtiruvchi taxirlik qoldirib, choy ham bitdi.

Qumloqlik yigitni oʻz tomoniga ogʻdirsa ajab boʻlardi! Kitoblarini oʻqiganmikan u yigitcha? Aftidan soddaroq, ammo NKVD askarlariga olishgan ekan, bir narsasi boʻlsa kerak bu yigitning. Hammaniyam olishavermaydi-ku! Ana, tunovgi tergovchilaru tekshiruvchilar orasida bironta oʻzbekka yoʻliqqani yoʻq Abdulla… Rahbar-bonuga xat yozib, qoʻlyozmalarini saqlab qoʻysa yaxshi boʻlardi, yoʻqsa qish chillasi kirib, qahratonda uy isitamiz deb choʻyan pechkaga ham oʻt qalashtirib yuborishmasa… Bu fikrdan Abdulla ancha toqatsizlandi. Hozirga qadar yozilgan sahnalari uncha-muncha esida boʻlsa-da, gap faqat quruq sahnalarda emas-da, topilgan talaffuzda, terilgan soʻzlarda, vaqtida qoʻyilgan nuqtada…

Baʼzi asarlar pishiq gʻishtdan tep-tekis terilgan imoratlarga oʻxshaydi, barmoq tiqadigan kavak topolmaysan unda. Devorlari jaranglaydi. Boshqalari esa – qingʻir-qiyshiq guvaladan apil-tapil yasalgan kulba misol. Yer bir silkinsa, joʻngina doʻnglik qoladi bulardan…
Ogʻdirish kerak bu yigitchani oʻz tarafiga.

“Kelin-salomga upalangan-pardozlangan Oyxon-poshsha belidayu, oyoqlarida chidab boʻlmas ogʻriq bilan chiqib bordi. Yurganida oyoqlari bir-biriga chuvalanar, haram xotinlari uning husnu-malohatiga “ohu-voh” qilishsa-da, u oʻz-oʻzini suvga tushgan mushukmi, yo aksincha yargʻash suvarakdek his etardi. Yoʻq, oʻrtaga tashlangan bejon uloqchadek… Tipirchi, davugʻyech kampirlar atrofda ivirsir, ulardan biri otincha boʻlib:

Sarv boʻyluq xush qadam, raʼno sifat, xush keldingiz,
Yurishing tovus kibi barno sifat, xush keldingiz.

Ha, kelinlik davrini sursang kerak bir necha vaqt,
Nuri diydam, tojsar, kelinoyim, xush keldingiz.

Umringiz boʻlsun daroz, ham baxtingiz boʻlsun kushod,
Oxuni barpo bilan qoʻsha qaring, xush keldingiz…-

biddillardi. Bu chugʻurlashga ensasi qotdi Oyxon-poshshaning. Kim toʻqibdi bu qadar besoʻnaqay, yoʻsinsiz gʻazalni? Na qofiyasi bor, na maʼnosi… Sanʼati iltifot oʻrnida esa teskari jaydari sensirashga irgʻish… Harir niqobi ostidan Oyxon-poshsha atrofga zimdan qarab boqdi. Ajuzalar oʻngini oʻrab, ulardan keyin roʻbinondan sarupo olish ilinjida turgan katta-kichikka koʻzi tushdi.

Otincha sheʼrdan-sheʼrga sakrab, kelin salomiga kirishdi. Avvaliga xonadon ulugʻlariga egdi u Oyxonni, ulardan hadʼya boʻlib tushgan laʼlu-marjonlar qizning loyqa yoshga toʻla koʻzini yoritmadi, soʻng kundoshlari oʻngida bukdi Oyxonni otincha, ayniqsa saroyning toʻngʻich bekasi Mohlaroyimni onqadar taʼrifladiki, bulbuli goʻyo boʻldi:

Ul kuni turib berib sarupo,
To qildi ulugʻligʻki bar aʼlo,
Ser ayladi har gʻaribu gʻurabo…

Toʻr ostidan ul taʼrifi benaziru nodir ayolga koʻz yugurtirgan Oyxon ikki koʻz emas, ikki xanjar qadalganini sezdiyu, yuragi shigʻ etdi. Axir bayozlardan uning Nodira tahallusi ila yozilgan gʻazallarini Oyxon yod bilardi-ku:

Shomu furqat yorsiz men yutmagan qon qolmadi.
Rahm qilkim, endi qon yutmakka imkon qolmadi…

Endi esa, ketida ikki oʻspirin oʻgʻlini yetalab,u Oyxonga tuhfa oʻrnida alvon-alvon shoyi-ipaklarni tortiqlar ekan, ogʻriqdan egilgan belini toʻgʻirlolmay, dol sifat qotgan poshsha qiz boshqa matlaʼni ich-ichidan vahmu-dahshatga toʻlib, xayolidan kechirdi:

Qon toʻkar maydon aro ul qilsa javlon har taraf,
Mavj urar daryo kabi maydon aro qon har taraf.

Abdulhamid Ismoilning “Jinlar bazmi” romanini toʻliq nusxasini mutolaa qiling.

хдк

(Tashriflar: umumiy 4 273, bugungi 1)

Izoh qoldiring