Yashar Qosim. Meni she’r bog’iga yetaklagan kim?

001

Бадиий ижод ҳодисаларига, адабий сиймоларга ҳаққоний баҳо бериш учун уларнинг генезисини, яъни келиб чиқиш ва вужудга келиш тарихини, адабий-маънавий сарчашмаларини, умуман, бадиий таъсирланиш ва маънавий-руҳий озиқланиш манбаларини аниқлаш жудаям зарурдир. Бунингсиз исталган шоир ёки санъаткор тўғрисида тугал тасаввур ҳосил этиш мушкул. Мумтоз адабиёт намояндаларига ҳам, замонавий ёзувчилар ижодига ҳам шу йўсинда ёндашилса, асл бадиий ҳақиқатни англаб етиш бирмунча осон кўчади.

044
МЕНИ ШЕЪР БОҒИГА ЕТАКЛАГАН КИМ?
Яшар Қосим
011

04 Ҳар қайси давр адабиёти ёки муайян санъаткор ижодига турли нуқтаи назар ва мавқедан ёндашса бўлади. Адабиётшунослар кўпинча бадиий ижоднинг етакчи пафосини, ғоявий-эстетик маъно қирраларини, янада аниқроғи, ижодкорнинг нимани айтаётганлиги ёки нима демоқчи бўлганлигини текширишга эътибор беришади. Лекин ҳар қандай даврдаги адабий жараённинг туб моҳиятини ёки муайян бир ижодкорни тўла-тўкис англаш учун шунинг ўзигина етарли эмас.

Бадиий ижод ҳодисаларига, адабий сиймоларга ҳаққоний баҳо бериш учун уларнинг генезисини, яъни келиб чиқиш ва вужудга келиш тарихини, адабий-маънавий сарчашмаларини, умуман, бадиий таъсирланиш ва маънавий-руҳий озиқланиш манбаларини аниқлаш жудаям зарурдир. Бунингсиз исталган шоир ёки санъаткор тўғрисида тугал тасаввур ҳосил этиш мушкул. Мумтоз адабиёт намояндаларига ҳам, замонавий ёзувчилар ижодига ҳам шу йўсинда ёндашилса, асл бадиий ҳақиқатни англаб етиш бирмунча осон кўчади.

Миллий сўз санъатимиз ва улкан санъаткорларимизнинг генатик моҳиятини чуқур билиш ҳамда ҳаққоний ёритиш, умуман, адабиётнинг тараққиёт хусусиятларини, бадиий ижод сирлари ва қонуниятларини белгилашда қўл келишини махсус таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

XX acр рyс шеъриятининг буюк намояндаларидан бири Осип Мандельштам машҳур мақолаларидан бирида айни шу масалага тўхталиб, қуйидагиларни айтиб ўтганди: «Шоирнинг адабий генезисини, адабий сарчашмаларини, унинг маънавий яқинларини ва келиб чиқишини аниқлаш бизни тўғри ўқ илдизга олиб боради. Мунаққид шоир нима демоқчи бўлган, деган саволга жавоб бермаслиги ҳам мумкиндир, бироқ унинг келиб чиқиш манбаларини айтишга бурчлидир”.

Шуни алоҳида таъкидлашга тўғри келадики, шеъриятимизга олтмишинчи йилларда кириб кела бошлаган иқтидорли шоирлар, хусусан, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Омон Матжон, Маъруф Жалил каби забардаст ижодкорлар бадиий оламига худди шу нуқтаи назардан ёндашилмаган.

Бадиий тафаккуримизнинг кейинги даврлардаги ривожланиш йўлларини ва йўналишларини аниқ тасаввур этиш учун мазкур авлоднинг адабий-маънавий таржимаи ҳолини билиш муҳимдир. Дастлабки қадамлари балан адабий жамоатчилик ва устозлар назарига тушган ёш қаламкашларнинг ўз ижодий йўлларидан умиди, ўз истеъдодлари тақдирига ишончи зўр эди.

Абдулла Ориповнинг «Созим» (1967) деган фахриясида ўша умидворлик, ўша орзу ва ўша навқирон ишонч дадил ифодаланганди:

Мен шоирман, истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим.
Бировлардан олмадим туйғу,
Ўзгага ҳам бермам овозим.

Мен куйлайман – гоҳ дилда кадар,
Гоҳ севиниб шеър тўқийман мен.
Тингламаса ўзгалар агар,
Ўз-ўзимга шеър ўқийман мен.

Ёш лирик қаҳрамоннинг шундай соф ва беғубор шоирона ақида билан яшаши, эзгу мақсад билан қалам тебратиши қалбингизга беихтиёр шукуҳ бағишлайди. «Шеър кечаси» деган таъсирчан манзумасида Эркин Воҳидов ўз поэтик истиқболи хусусида кўтаринки руҳда, ёшликка хос соф бир самимият билан сўзлайди:

Шеърлар чамани кенг,
Умрим ҳам узоқ,
Гуллар теражакман қучоқ ва қучоқ.
Аммо бир гул менинг юрагимдадар.
Бир шеър ёзмоқ менинг тилагимдадир.

Бу шеърни излайман ақлимни таниб,
Бу шеърни куйлайман оташда ёниб.
Бу шеър ишқи билан яшайман мудом,
Бу шеър ишқи билан кўнглимда илҳом,

Бу шеърга банд бутун эзгу ҳисларим…
Мени маъзур тутинг, бу гал дўстларим,
Қувноқ даврангизда ўқиб бергали
Энг яхши шеъримни ёзмабман ҳали.

Ана шу «энг яхши шеър» идеали ва аъмоли лирик «мен»ни бир зум тинч қўймайди. Уни фаол маънавий фаолиятга, курашларга ундайди, юксак ижодий чўққилар сари етаклайди.

Ёш лирик қаҳрамон эстетик дунёқараши ва адабий орзулари Рауф Парфининг «Шеърият» номли шеър-хитобида таъсирчан акс этган:

Юксак орзулари бордир шоирнинг.
Шоирларда бўлар фақат эзгу ният.
Қалам, қалам эмас –
Бонгга зарб ила урилгувчи чўқмор,
Ундан таралгувчи садо ва акс-садо сен – шеърият!

Муаллиф шеъриятимизда туғилаётган янги садонинг қудратига ва тақдирига, унинг давомли акс садоларга айланишига чин дилдан ишонади. Ёш шоир шеърият, сўз дунёси ҳақида шунчалар олижаноб, шу қадар юксак фикрда. Бу дунё унга қандайдир фавқулодда, беҳад маҳобатли туюлади. У шеъриятни дунёдаги знг эзгу ва энг қудратли овоз, деб билади.

Замоннинг бошқа бир навқирон ижодкори Омон Матжон шеърият кошонаси қошида уятчан ва ўйчан кайфиятда турган ёш қаламкаш аҳволи-руҳиясини, унинг қалбидаги ийманиш ва илинж, муқаддас даргоҳ остонасидаги журъатсизлик ва ҳаяжон ҳисларини ҳамда кўнгилдаги узундан-узун дардмандлик, орзумандик туйғуларини ҳаққоний, самимият билан тасвирлаган:

Кимнидир ахтардим, ахтардим узоқ,
Кўзим паналаб баъзан қуёшдан.
Ғилдирак изидек узун тунларда
Номин ҳай-ҳуйладим унинг тоғ-тошдан.

Ва ниҳоят, бугун – истиқбол куни
Кўриб қолдим уни оламдек равшан –
Менинг қалбим эди у, дунё таниб
Шеърият эшигин қоқарди ўйчан.

Юқорида келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, ҳар бир ижодкорнинг адабий-эстетик идеалини ўз асарларидан, яъни унинг ўз эътирофлари ва дил сўзларидан излаганимиз маъқулроқ. Ёш шоирларнинг турли-туман фахриялари ва қадрдон устозларга бағишловларида биз янги лирик қаҳрамоннинг маънавий озиқланиш ва таъсирланиш манбаларини, руҳий таянч ва суянчиқларини, қайсидир маъноларда эса савқитабиий интилиш мўлжалларини кузатамиз.

Синчиклаб қаралса, авлоднинг адабий-маънавай куч олиш манбалари кенг қўламлилиги ва ранг-баранглиги билан диққатни тортади. Энг муҳими, ушбу авлоддошларнинг адабий-маънавий интилишлари силсиласида, айтиш мумкинки, бирортаям ўткинчи ёки тасодифий номлар йўқ.

Абдулла Ориповнинг «Сен Пушкиннинг севган малаги» деб бошланадаган ажойиб шеъри янги лирик қаҳрамон поэтик таржимаи ҳолини билишга бирмунча кўмаклашади:

Сен Пушкиннинг севган малаги,
Сен Гёте орзу этган қиз.
Сен Байроннинг ўтли юраги,
Сен Гейнени ёндирган юлдуз.

Алишернанг Гулисисан сен,
Сен Лутфийнинг сўлим ғазали.
Булбулисан Ҳофиз гулшанин
Ва Хайёмнинг ширин асали

Толеимда нозланаб турган,
Эй сен менинг эрка гўзалим.

Ёш шоирнинг ўзи ҳақидаги нозик фахриясида иккита муҳим фикр ифодаланганини кўрамиз. Биринчидан, муаллиф фахриясида Шарқу Ғарб манбаларини махсус таъкидлаб, ўзига маънан ва руҳан яқин сўз даҳоларига алоҳида эътиборни қаратади. Иккинчидан эса ёш лирик қаҳрамон санъат дунёсида ўткинчи ёки шунчаки меҳмон эмаслигини навқирон бир эҳтирос билан қайд этар экан, унинг: «Толеимда нозланиб турган, Эй сен менинг эрка гўзалим», дея ўз шеър илоҳасини чексиз бир севги билан куйлаши ва бу илоҳий гўзални Пушкиннинг севган малаги, Гёте орзулаган қиз, Байроннинг ўтли юраги, Гейнени ёндирган юлдуз, Алишернинг Гулиси, Лутфийнинг сўлим ғазали, Ҳофиз гулшанининг булбули, Хайёмнинг ширин асали, деб таърифлаши ва улар билан қиёслаши қалбингизга фараҳ, шукуҳ бағишлайди.

Айни чоғда, мазкур мисралар истеъдоднинг қудрати ва бадиий мўлжаллари ҳақида ҳам муайян тасаввур беради. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш даркорки, юқорида тилга олинган юксак ва улуғвор номлар, умуман, олтмишинчи йиллардаги шоирлар авлоди учун азиз ва мўътабар номлар эди. Улардан, айниқса, Навоийнинг авлод адабий-маънавий таржимаи ҳоли шаклланишидаги ва келгуси тақдиридаги ўрни, ҳаётбахш таъсири теран ва эътиборга лойиқдир.

Абдулла Орипов «Алишер» номли шеърида Навоийга муносабатини янада теранроқ ифодалашга эришган. Муаллиф талқинича, Навоий ижоди фақат она тилидаги шеъриятнинг энг юксак чўққиси ёки бетакрор тимсолигина эмас. Балки миллий борлиқнинг энг ёрқин бошланғичи, миллий ўзликнинг энг мукаммал рамзидир:

Жаҳонки муқаддас нени кўрибди –
Барига онасан, эй қодир ҳаёт.
Беш юз йил наридан боқиб турибди,
Нурли бу юзларга нуроний бир зот.

Шу буюк ўғлингни ардоқлаб дилдан,
Халқим, таъзим этсам арзийди тамом.
Унинг номи билан бирга битилган
Дунё дафтарига ўзбек деган ном.

Шеърда улуғ бобокалонимизнинг миллий маънавият ва маданиятимиздаги муаззам ўрни билан бирга, айни чоғда, улуғ тарихий шахс сифатида беқиёслиги ҳам очиб берилган.

Олтмишинчи йиллар шоирларининг Навоий ҳазратлари билан маънавий мулоқот ва унсиятидан сўзларкан, Эркин Воҳидов шеъриятида алломага бўлган ниҳоясиз муҳаббатни махсус тилга олиб ўтиш жоиздир. Эркин Воҳидовнинг лирик қаҳрамони ҳам Навоий санъатининг ўнлаб улкан ва ўзига хос, олис ва яқин акс-садоларидан бири сифатида ўша илоҳий ижодга адоқсиз меҳрдан туғилган, ўша муқаддас меросдан ранглар ва оҳанглар ўзлаштирган. Улуғ алломага чексиз ихлосини Эркин Воҳидов қатор шеърларида чин дилдан, ёниб-куйиб куйлаган.

Навоий дунёсини ўз шоирона руҳининг азал-абад замини, куч-қувват ва маънавий озуқа олиш маскани, асосий таянч нуқтаси, деб таърифлаган:

Фузулий девонин қўлимга олдим,
У солди кўнглимга ғазал меҳрини.
Кўп заҳмат сўнгида англаб етолдим
Устоз Алишернинг буюк сеҳрини.

Уни танидиму элимни билдим,
Маҳкамроқ тургандай бўлдим заминда.
Диёрим, сен билан ифтихор қилдим,
Барча шавқу оташ шу боис менда.

Ушбу мисраларда Навоий меросининг бугунги авлодлар учун адабий-бадиий, айни пайтда, миллий-маънавий Ватан эканлигн поэтик таъкидланган. Ёш шоир биргина сўзга меҳр эмас, балки элу юртга муҳаббат ҳам шу қутлуғ шеърият туфайли қалбига кириб борганлигини сидқидилдаи эътироф этади. «Уни танидиму элимни билдим» мисрасининг маъно кўлами Навоий даҳосининг ёш каламкаш учун кимлигини тенгсиз миллий ифтихор рамзи, ҳаёт-мамот янглиғ бир қудрат, яшаш ва яратишга чорловчи маънавий-руҳий манба эканлигини билдиради.

Навоий Эркин Воҳидов наздида, миллий шеър санъатининг энг юксак тимсоли бўлибгина қолмай, шу билан бирга, она юрт, Ватан рамзи ҳамдир. «Ватан ва Навоий» ёки «Навоий ва миллат» – улуғ устоз сўзининг «буюк сеҳрини» чин дилдан севган ва англаб етолган инсон – ижодкор учун ҳақиқатан ҳам ёндош ва жондош атамалар, синоним тушунчалардир. Зеро, миллат рамзига айланган улуғвор санъаткорлар ижодида шахснинг маънавий олами сарҳадлари муқаддас Ватан ҳудудлари билан туташади, янада аниқроғи, тенглашади:

Шунинг-чун сўрсалар: – Илк устозинг ким?
Сенга шеър асрорин ким этди ошкор?
Дейман: – Қалам берди муқаддас юртим,
Ватан меҳри этди мени шеърга ёр.

Авлоднинг Навоий даҳосига сўнгсиз севгиси хусусида фикр юритганда, яна қатор шеърларни, айниқса, бир қанча унутилмас мисраларни четлаб ўтиш қийин. Рауф Парфииинг қуйидаги дилга яқин ва ёниқ сатрлари шулар жумласидандир:

Шоир, шеър айтмоққа сен шошма фақат,
Улуғ Алишернинг қутлуғ тилида.

Бунда она тилимиз ҳамда улуғ Навоий теппа-тенг улуғланган. Аниқроғи, муаллиф уларни онгли равишда тенглаштирган. Яъни Навоийнинг «қутлуғ тили» – бу она тилимизнинг ўзгинаси демакдир. Ушбу ғоят ҳаётий ва ўринли муқоясада заррача муболаға йўқ.

Ҳақиқатан, она тилимизнинг бойиши, ривожи ва гуллаб-яшнаши, жаҳоннинг энг обрўли вa улуғвор адабий тилларидан бирига айланишида Навоий қадар меҳнат ва машаққат чеккан иккинчи бир сиймони ўйлаб топиш мушкул. Худди шу сабабли муаллиф юқоридаги сатрларда мазкур ҳақиқатни астойдил уқтиради. Айни чоғда, ушбу таъкидда ёш шоирнинг Навоий бадиий мўъжизасига чексиз муҳаббати ҳам акс этган. Ҳа, Payф Парфи таърифида, улуғ Алишер, «қутлуғ тил» ижодкори ва бунёдкори, руҳимизни илоҳий бир тарзда янгратган мўъжизалар соҳиби сифатида эъзозланади.

Умуман, бадиий ижоднинг ёки айрим адабий авлодларнинг генезисини, яъни туғилиш ва келиб чиқиш жараёнини тадқиқ этиш ҳар доим жиддий илмий аҳамиятга молик масалалардан ҳисобланиб келган. Айни шу жиҳатдан олтмишинчи йиллар шоирлар авлодининг адабий-маънавий манбалари ҳақида фикр юритарканмиз, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўша даврда адабиёт оламига кириб келган ёш қаламкашларнинг адабий сарчашмалари сирасида Ғафур Ғулом ва унинг катта авлодининг (Иброҳим Ғафуров) мавқеи ва салмоғи бутунлай бўлакчадир.

Ҳақиқатан ҳам Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Миртемирлар ёш шоирлар учун чин маънода намуна, тимсол эдилар. Улар ижодидаги устоз санъаткорларга аталган қатор шеърий асар ва достонлар, турли бағишловлар, ёлқинли мадҳиялару ёниқ марсиялар шундан далолат беради. Авлоднинг пешқадам вакилларидан Эркин Воҳидовнинг XX аср ўзбек шеъриятининг яловбардорларидан бири Ҳамид Олимжонга бағишланган қуйидаги самимий сатрлари юқоридаги мулоҳазаларимизни тасдиқлайди.

Мени шеър боғига етаклаган ким?
Бу чаман асрорин ким этди аён?
Оламдан мен фақат шодлик изладим,
Менга устоз бунда Ҳамид Олимжон

Айтиш керакки, ёш шоирларнинг устозларга қизиқиши ва меҳри шунчаки оддий, одатий авлодлараро муносабат билангана чегараланмайди.

Бу тарихнинг фавқулодда ва менгзарсиз гардиши, замоннинг беомон эврилишлари боис туғилган бетакрор бир ҳис, ҳайратомуз бир муҳаббат эди. Олтмишинчи йиллар шоирлар авлодининг маънавий оламини ушбу муҳаббатсиз тасаввур этиш қийин. Зеро, ёш шоирларнинг Ватанга, миллатга, элу юртга оташин меҳри ана шу муҳаббат алангасида йўғрилган, десак адашмаймиз. Уларнинг инсон ва адабий шахс, ватандош ва санъаткор сингари ўсиб- улғайиши, шаклланиб вояга етиши бевосита устоз деб аталган муқаддас маънавий оталарнинг меҳри, далдаси ёрдамида, ижодий сабоқлари таъсирида кечган, рўёбга чиққанди.

Шоира Зулфияга бағишланган «Теранлак» шеърида Эркин Воҳидов устоз ва шогирдлар, катта ва ёш авлод ўртасидаги маънавий алоқаларни чиройли очиб берган:

Теранликни қидирмадим уммонлардан,
Инсонлардан топдим уни, инсонлардан.
Теранлик – бу нур ёғилган юзлардадир,
Теранлак – бу ўйчан боққан кўзлардадар,
Теранлик – бу айтилмаган сўзлардадир.

Муаллиф ихчамгина шеърда теранликни – не-не синовларга ва кўргиликларга, «машъум йиллар дилга солган озор»ларга, «оналарнинг ҳасратию оҳ-зорлари»га, замоннинг зилзилаю тўфонларига дош беролган буюк ва пок қалбларгина эришиши мумкин бўлган ахлоқий фазилат, руҳий баркамоллик сифатида таърифлайди:

Теранликнинг таърифига сўз бормикан?
Машъум йиллар дилга солган озоридан,
Оналарнинг ҳасратидан, оҳ-зоридан
Одамларнинг юрагида уммони бор,
Уммонларнинг сокинлигу тўфони бор.

Табиийки, бунда таъриф ва таҳлил этилаётган улуғвор ва бой умр йўли, серқирра ва сермаъно ҳаёт мазмуни билан бирга, ундан ёш шоир чиқарган хулосалар ҳам ибратомуздир: «Умидларда ҳаёт қадар теранлак бор. Кўнгилдаги сабот қадар теранлак бор. Теранликни қидирмадим уммонлардан. Инсонлардан топдим уни, инсонлардан».

Дарҳақиқат, мана шундай нодир умр ва ижод сабоқлари эндигина мустақил ҳаёт ва адабиёт остонасида турган навқирон қаламкашлар учун жудаям зарур ва бебаҳо эди. Олис манзилларни кўзлаган, олдинда не-не мураккаб ва зиддиятли ҳаёт, ижод довонлари кутиб турган ёш авлодга маънавий суянчиқ ва таянчдай керакли ҳамда қимматли эди. Олтмишинчи йиллар шоирлари ўз муҳитларида худди шундай таянч нуқталарни топа олганлари, айни пайтда, уларга суяниб, маънавий-эстетик изланишларида улардан куч, мадад ола билганлари учун ҳам ўз олдиларига замон нуқтаи-назаридан муҳим ғоявий-бадиий мадсадларни, зарурий вазифаларни қўйишга журъат қилдилар.

Устозлар босиб ўтган йўлдан ва улар қолдирган меросдан англанган ва чиқарилган маънолар, келинган хулосалар – бу уларнинг насллар маънавиятида яшаши демакдир. Бошқачароқ айтсак, ворисларга эга бўлиш, кейинги авлодлар ички эҳтаёжига айланиш – бу замонлараро робитанинг узилмаслиги белгисидир. Миллий бадиий тафаккур тараққиётида шу нарса катта аҳамиятга моликдир.

Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфилар мансуб тенгқур қаламкашлар билан Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғуломлар авлодининг маънавий алоқалари катта тадқиқотларга мавзу бўлишга арзийди. Бу жиҳатдан ҳар иккала давр – авлод шеъриятининг билимдони, атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуровнинг “Қуёшга” мақоласидаги кузатишларини эслаш жоиз кўринади: «Эркин Воҳидовнинг илк шеърларини ўқиган ва тинглаган одамлар қанчалар бирдан завқланиб кетганликларини ўзим кўп маротабалаб кўрган, кузатганман. У пайтлар Ўзбекистон ҳавосида Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода сингари жўшқин эҳтиросли, маърифатли шоир ва адибларнинг сўзлари, оҳанглари, қофиялари, латифалари, доноликлари чарх уриб қанот қоқарди.

Ўша даврнинг урушдан базўр омон чиққан биз мурғак болаларини Ғaфyp Ғуломнинг сўзлари тамомила ўзига ром қилиб олган эди. Унинг «Яша, дейман, ўғлим!» , «Билиб қўйки, сени Ватан кутади», «Аввал ўқи», «Тонготар қўшиғи», «Қуёшчалар шеъри», «Бир ғунча очилгунча», «Чароғларим-қароғларим» сингари энг олд шеърларини худди оятдай такрорлаб юрар эдик. Эркин Воҳидов эса Ғафур Ғулом шеърларини илоҳий бир даражада севар эди”. Устоз авлодлар ижоди ва дунёқарашининг ўша давр ёш қаламкашларига кучли ва табиий таъсирини юқоридаги мулоҳазалар равшанроқ тушунтиради деб ўйлайман. Ва ушбу таъсир ва маънавий мулоқот шунчаки бир ўткинчи ҳолат, қисқа фурсатли бир қизиқиш эмасди.

Катта авлоднинг ғоявий-эстетик олами ёшларнинг адабий изланишларида узоқ вақт акс-садо беради. Хусусан, уларнинг дастлабки асарларида ўрганиш майли, таъсирланиш ва тақлид қўлами анча кенг эди. Ёш шоирлар устозлар бадиий оламига беғубор бир муҳаббат билан талпинар эдилар. Тўғри, бир қанча фурсат ўтгач, ёш қаламкашлар уларнинг идеал ва ғоялари, замонага мос қарашларига шубҳа билан ёндашишга бошладилар. Бундай фикр ва ғоялардан қутулиш заруратини ёш авлод зийраклик билан англаб етади.

Бироқ устоз авлоднинг соф инсоний ва шоирона дунёси, замонлар қолипига сиғмаган мангу эстетик қадриятлари, бадиий кашф ва топилмалари ёш шоирлар учун бир умр қадрдон бўлиб қолади. «Тадқиқотчилар Эркин Воҳидовнинг ўша пайтдаги шеърларида, – деб ёзади Иброҳим Ғафуров юқорида тилга олинган мақоласида, – Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжоннинг оҳангларига эргашиш майли кучли, деб қайд этганлар. Бунда, албатта, маълум бир ҳақиқат йўқ эмас.

Лекин, билмадим, тўғри тахмин қиляпманми ё нотўғрими, ҳар ҳолда шоиримизнинг илк даврида ҳаётдан бўса олиб ёзиш, унинг найини чалиб ёзиш ва бир сўз билан айтганда, «қуёшча» бўлиб ёзиш устунлик қилади. Улар ўзини қуёшча деб ҳис қилган ёш йигитча, бағри оламга кенг очилган, қулоғи Ғафур Ғуломнинг ҳузурбахш оҳанграбо аллаларига ўрганган зувалали шоирнинг шеърларидир.

У Ғафур Ғулом илгари сурган идеаллардаги инсондек яшашга чоғланган. Ҳаётдан, оламдан фақат тиниқлик, сурур, мағрур юксалишни кўзлайди. Эркин Воҳидов Ғафур Ғулом билан Ойбек қандай айтган бўлса, шундай илмлар тоғлари ва чўққиларини забт этмоқ иштиёқи билан ҳаётга отланади…” Мазкур мулоҳазалар олтмишинчи йиллар шоирлари авлодининг барча вакилларига у ёки бу даражада тааллуқли, деб бемалол айтиш мумкин.

Олтмишинчи йиллар ёшлар шеъриятида хилма-хил сабаблар ва маънавий эҳтиёж юзасидан устозлар меросига, анъаналарига мурожаатни эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Ўша мурожаатнинг муҳим кўринишларидан, масалан, турли эпиграф ва иқтибосларни, катта авлод ижодидаги етакчи мавзу ва мотивларга издошларча ёндашувни айтиш мумкин. Ёки ранг-баранг шеър ва манзумаларида ёш шоирлар устозлар шахсига ва ҳаёт йўлига, улар ижодининг ёрқин ва бетакрор қирраларига алоҳида урғу беришади. Энг муҳими, ҳамиша устоз шоирлар адабий сабоқларига эҳтиёжманд ва орзуманд кўнгил кўзи билан қарайдилар.

Бу хусусда, Абдулла Ориповнинг бир қатор шеърларида ана шундай ёндашувнинг гувоҳи бўламиз. Жумладан, «Ўзбекистон” қасидасида Абдулла Орипов, табиий равишда, Ғафур Ғулом билан Ҳамид Олимжонни эслайди. Ойбекни махсус тилга олиб ўтади. Сиз ўша мисраларни ўқиётиб, бу ёдга олишлар шунчаки юзхотир юзасидан ёка номига эмаслигини чуқур ҳис қиласиз. Ёш шоирнинг устозларни қандайдир соғинч ва меҳр билан эслашида чуқур сабаблар мавжудлигини англайсиз.

Ахир, она Ватанни ким ҳам улардай жўшқин илҳом, эҳтиросли ва баланд пардаларда куйлаганди?! Ўзбекистон ҳақидаги энг дилбар достонларни, энг дилрабо қўшиқларни улар ёзмаганмиди?!

Сен кетарсан балки йирокқа,
Фарғонада балки балқарсан.
Балки чиқиб оқарган тоққа.
Чўпон бўлиб гулхан ёқарсан.

Балки устоз Ойбекдек тўлиб
Ёзажаксан янги бир достон,
Балки Ҳабиб Абдулла бўлиб,
Саҳроларда очажаксан кон.

Тупроғи зар, маъданим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Ишончимиз комилки, мазкур мисраларда устоз Ойбек эсланмаганида эди – муаллифнинг ҳам, бизнинг ҳам кўнглимиз унчалик тўлмаган бўларди. Зеро, бунда «бетимсол Ойбек» (Абдулла Орипов) фақатгина бадиий образ тариқасида гавдаланмайди. Шу билан бирга, «устоз Ойбек» Ватан образининг ва тасаввурининг муҳим бир қирраси ҳамдир.

Қолаверса, Ватан образини яратишга, уни куйлашга бел боғлаган шогирднинг устозларни бир қур ёд этиши, шубҳасиз, чуқур маънавий эҳтиёж, миннатдорлик, айни пайтда, адабий бурч ва қарздорлик туйғулари билан боғлиқ бўлса керак. Табиийки, бунда навқирон бир миллий ўзлик тасдиғи, фарзандларча ғурур ва ифтихор туйғулари ҳам балқиб турибди:

Юрмасман ҳеч беҳиштни излаб,
Тополмасам чекмасман алам.
Ўтирмасман эртаклар сўзлаб,
Мусалло деб йўнмасман калам.

Кўкламингдан олиб сурурни,
Довруқ солди устоз Олимжон.
Ғафур Ғулом туйган ғурурни
Қилмоқ мумкин дунёга достон.

Олис тарих қадамим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним!.

Абдулла Ориповнннг нозик ва лутфкор бадиий таҳлилида устоз шоирлар дунёсининг бетакрор жиҳатлари, улар истеъдоди ва ижодининг етакчи қирралари бўртиб акс этган, дейиш мумкин. Абдулла Ориповнинг поэтик таъриф ва талқинлари ўзининг беҳад ҳаётийлиги, ҳаққонийлиги билан диққатни жалб этади.

Агар таъбир жоиз бўлса, устоз шоирлардан Абдулла Ориповга руҳан жуда яқини алломайи замон Ғафур Ғуломдир. Бy нарса ўқиш-ўрганишлар ва ҳар турли таъсирланишлар билан бирга, айни чоғда, истеъдодлар табиати, бадиий тафаккур ва идрокдаги табиий туғма уйғунлик, азалий ўхшашликлар ҳосиласидай тушунилса ва талқин этилса, айни муддаодир.

Кези келганда, қуйидагача қиёслаш фикримизни равшанлаштиришга ёрдам беради, деб ўйлаймиз: Эркин Воҳидов шеърияти ўз услубий йўналишига кўра ва руҳан Ҳамид Олимжонга; Рауф Парфи лирикаси ўз табиатига биноан Ойбек ва Усмон Носирга; Омон Матжон ва Маъруф Жалилнинг ҳаётий мазмун билан йўғрилган, воқеабанд шеърлари Миртемир домланинг содда, самимий, дилкаш ва донишманд шеъриятига; Чўлпон Эргашнинг ғоят вазмин ва ўйчан тажрибалари Мақсуд Шайхзоданинг фикрчан ва фалсафий лирикасига ҳамоҳанг туюлади. Ана шундай маънавий маҳрамлик, руҳий қондошлик, бадиий тахайюлнинг бепоёнлиги, «руҳий поённинг чексизлиги» жиҳатидан Абдулла Орипов замонамизнинг улуғ санъаткорларидан Ғафур Ғуломга яқинроқ туради. Ва биз, шу ўринда, устозу шогирдлар ўртасидаги ўзаро муносабатни фақатгина сийқаси чиққан адабий таъсир омили билан чегаралаб қўйишни истамаймиз.

Дарвоқе, шуни ҳам унутмаслик керакки, ёшлик чоғларида ижодий-руҳий изланиш жараёнида ёппасига ҳамма-ҳаммадан эмас, балки туғма ўхшаш, руҳан, табиатан яқин истеъдодларгина ўзаро маънавий мулоқотга киришади. Хусусан, «Қандай чексиз эди руҳий поёнинг» мисрасадан шуни англаш мумкинки, устоз Ғафур Ғулом руҳий поёнининг бепоёнлигини ҳеч ким Абдулла Ориповдай аниқ ва равшан тасаввур қилолмаса керак.

Абдулла Ориповнинг «Баҳор» шеърида Шайхзода хаёлини васф этувчи маҳзун мисралар келади:

Беқиёс эди у шеър лочини!
Хаёли бамисли Кўрагонийдек.
Гар тарих эврилса, шуҳрат тожини
Унга кийгизарди Султон Улуғбек.

Балхдан ҳориб қайтган Алишер мисол
Энди тўлғизганди чўккан давотин.
Кетди пок бир сиймо, теран бир хаёл,
Қолдириб дунёда ҳеч ўчмас отин.

Бақою бебақо аён буюклик
Ўтди сўнгги дамда бош эгиб қуйи.
Фақат билганидан қолмас Тириклик.
Мана, гулга чўммиш Чиғатой бўйи.

Мақсуд Шайхзоданинг ўз замонига сиғмаган улкан иқтидорини ва бетакрор ижодий қисматини акс эттирувчи мазкур мисралар таъсирчан поэтик мундарижаси туфайли хотирамизга ўрнашади. Табиийки, ушбу мисраларда ҳам самимий меҳр, ёлқинли муҳаббат ўз ифодасини топган.

Лекин ёш шоир устозга эҳтиром туйғуларини ифодалаш билангина чекланмаган. Шайхзоданинг тенгсиз ижодий жасоратини ҳамда аччиқ қисматини бир неча ёрқин мисра ва эсда қоларли деталлар орқали маҳорат билан умумлаштиришга эришган. Жудаям оғир ва машаққатли бир даврда унинг Мирзо Улуғбек образини ва фожиасини доҳиёна севги ва куйинчаклик билан яратишини ёш Абдулла Орипов тўлиб-тошиб, тўлқинланиб куйлайди. Замонининг шафқатсиз чиғириғидан бир амаллаб ўтган ва беомон синовларга бардош берган санъаткор умрининг ва асарларининг асосий сабоқларини англашга ва англатишга интилади.

Устоз Абдулла Қаҳҳорга бағишланган атиги саккиз сатрли, бироқ жудаям теран фалсафий маънолар билан йўғрилган шеърида ҳам Абдулла Орипов поэтик умумлашмалар яратиш йўлидан боради:

Йўллар ортимизда қолар эдилар,
Саҳролар қоларди чексиз, бетакрор.
Негa улар чексиз, десам дедилар:
Бу ердан ўтганди Абдулла Қаҳҳор.

Шеърда улуғ санъаткорнинг мураккаб ҳаёт йўли ва ҳавас қилгудек ижодий толеи – умумхалқ муҳаббатига сазовор бўлган бахтиёр ижодкор тақдири рост ва ишонарли тасвирланган.

Абдулла Орипов буюк ёзувчи образининг халқ қалбидан қанчалар чуқур жой олганига урғу берган. Янада аниқроғи, халқ ва Абдулла Каҳҳор муносабатларини чиройли ва таъсирчан акс эттирган. Яъни Ватан кенгликлари, она юрт саҳролари Абдулла Қаҳҳор сўзи туфайли чексиз, бепоён. Ватанимиз чўққилари ҳам Абдулла Қаҳҳор сўзининг қудратидан салобатли, сарбаланд, юксак!.. Гўзал ва ҳаққоний муболаға, шундай эмасми?!

Аён бўлдики, катта авлодга мансуб ёзувчи ва шоирлар образига мурожаат қилар экан, уларнинг номини шунчаки улуғлашни мақсад қилиб қўймайди. Аксинча, устоз адибларнинг ўзига хос ва бетакрор қиёфаларини бадиий гавдалантиришга ҳаракат қилади. Мазкур жиддий поэтик ниятни эса ёш издошлар устоз санъаткорлар ҳаёт ва ижод йўлининг бадиий-фалсафий таҳлили, уларнинг инсон сифатида ўзига хос хусусиятларини ва асарларнинг етакчи пафосини, муҳим қирраларини ҳаққоний ёритиш, маҳорат билан умумлаштириш орқали амалга оширади. Улар ҳақидаги теран мазмунли манзумалари оддий ва анъанавий бағишловлардай таассурот қолдирмайди.

Шоир мураккаб ва улуғвор умр йўлларининг нозик ва ҳассос поэтик таҳлилидан келажак учун зарурий хулосалар чиқаради. Умуман, 60-йиллар шоирлари, салафлар шеърияти ва шахсияти 60-йиллар шоирлар авлодининг келгуси тақдирига, адабий-маънавий улғайиши ва камолотга етишида эса, мана шундай ижодий сабоқлар ҳамда ҳаётий хулосаларнинг умидбахш таъсири беқиёс эди.

XDK

(Tashriflar: umumiy 190, bugungi 1)

Izoh qoldiring