Д.Н. Логофет. Бухоро тоғлари ва текисликларида

07

  Ўрта Осиё Россия томонидан босиб олингач, бу чекка ўлкани чуқурроқ ўрганмоқ, бойликларидан тўлароқ фойдаланиб, халқини мутлақ тобеъликда сақламоқ учун рус буржуазияси томонидан узоқни кўзловчи қатор тадбирлар амалга оширилган. Ҳарбий-жазо экспедициялари билан бир қаторда турли-туман мақсадларни кўзлаб уюштирилган илмий экспедициялар ҳам охир оқибатда ана шу босқинчилик сиёсатини мустаҳкамлашга хизмат қилганини кўрамиз.
Жумладан, император география жамиятининг ҳақиқий аъзоси Д.Н.Логофет асримиз бошларида Ўрта Осиё шаҳар ва қишлоқлари бўйлаб бир неча саёҳатлар уюштиради. “Ўрта Осиё чегараларида”, “Бухоро тоғлари ва текисликларида”, “Ҳуқуқсизлик ўлкасида”, “Россия-Афғон чегараси”, “Бухоро-Афғон чегараси” сингари китоблар унинг ана шундай саёҳатлари натижасида юзага келди. Бу китоблар ўз вақтида рус киборлар жамияти ўртасида катта шов-шувларга сабаб бўлган, Ўрта Осиёдаги рус офицер ва чиновникларига асосий қўлланма сифатида тавсия этилган, ҳатто Ўрта Осиё бойликлари илинжида юрган Англия ҳукумати томонидан инглиз тилига таржима қилиниб, Ҳиндистондаги ҳаракатдаги инглиз армияси сипоҳи ва аскарларига тарқатилган. Ана шу фактнинг ўзиёқ Д.Логофет китобларида ўлкамиз тарихи, жўғрофияси, халқимиз урф-одатлари, психологиясига оид қимматли маълумотлар жамланганидан далолат беради.

Қуйида Д.Логофетнинг “Бухоро тоғлари ва текисликларида” китобидан айрим боблар ҳавола этилмоқда.

Таржимон

07
Д.ЛОГОФЕТ
БУХОРО ТОҒЛАРИ ВА ТЕКИСЛИКЛАРИДА
Илҳом Ҳасанов таржимаси
092

II

Тахта Қорача. Шаҳрисабз ўлкаси. Ўрус қишлоқ. Қашқадарё.

Ёмғир тунда шиддатли жалага айланиб, ерни лой, йўлни қўрғошин тусли лойқа қилганча тонгга яқин тинди. Булутлар ерга эниб келдилар, баъзи жойларда тоғ чўққилари билан туташиб, дараларга янада ғамгин тус бердилар. Аллақаерда ёмғир сувидан ҳосил бўлган ирмоқ шовқин солиб оқар, анчагина баланддан шалола бўлиб қуйиларди. Тоғ тобора гўзалроқ ва улуғворроқ манзара касб этарди.

Почта извошининг отлари бир меъёрда йўртаётган кенг йўл илондай бурала-бурала тобора юқорига ўрлар, биз ҳам ўзимиз сезмаган ҳолда тобора юқорилардик. Икки томонимиздан Оқсойтоғ ва Зарафшон-Ҳисор тоғлари шохобчаларининг кенг ўркачлари кўзга ташланар, бу ўркачлар бир-биридан баланд кўтарилиб бориб, қаердадир олис уфқда хўмрайган осмон билан қўшилиб кетган эдилар. Аравакаш муттасил юқорилаб бораётган йўлдан бир неча чақирим юргач, тўхтади.

— Энди бу ёғи бурама йўл, отларга яхшигина дам бериш керак, — аравакаш нигоҳларимиздаги саволни уқиб, изоҳ берди.

Кейин тамаки тутатди, қамчи дастаси билан ғилдиракларнинг кенгайига уриб, уларнинг лойини тозалаганча гапини давом эттирди:
— Худонинг қарғиши теккан бу жой, отлар учун ўта оғир. Айниқса, қишда, қор кўп ёққанда бурилишлар кўринмайди, шу сабабли тик қияликдан пастга қулаш ҳеч гап эмас. Бу ерда кўплар нобуд бўлди. Ҳар йили бир неча мартадан бахтсиз ҳодиса рўй беради. Қанча эҳтиёт бўлиб юрсанг ҳам, калима қайтарсанг ҳам, бахтсизлик қандай рўй берганини кўпинча ўзинг билмай қоласан: қўли ёки оёғи синсаям одам тирик қолса, катта гап.

Баъзан шундай бўладики, ҳамма нарсанинг дабдаласини чиқариб ташлайди. Бу йил сартларнинг извошчиси одам ташиётиб, бурама йўлдан жарга қулаб тушди. Одамларнинг ҳам, отларнинг ҳам абжағи чиқди – суяк тўла қанорқоп дейсиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бурама йўллар тоғ бағридан айланиб ўтади, бурилишларда пастга қараб бўлмайди, ярим бурилгач, пастга тушилади, сўнг яна, яна. Ўриндиққа ёпишиб ўтирганча эҳтиёт бўлиб ўтамиз бу ердан.
— Чу-у, азизларим, мени мулзам қилманглар!

Извош шаҳд билан қўзғалди ва шу заҳотиёқ майда қадамлашга тушган отлар ҳар 10-20 саржинда бурила-бурила тобора юқорига кўтарилаверди. Гоҳ чапдан, гоҳ ўнгдан жарлик кшринар, ҳув қуйида, биздан бир неча чақирим нарида тоғ дараси тубида Омон Қўтон почта бекатининг бинолари кўзга ташланарди. Кичкина боғ аравасида, ҳар хил тугунлар устида ва яна жарлик бўйлаб кетаётиб биз ўзимизни ноқулай сезардик. Ҳар дақиқада, арава чайқалгани баробар бу улкан тепаликдан 6000 фут пастга қулаётгандек бўлаверасан киши. Ўтиришнинг ноқулайлиги ўзини сездирди ва довоннинг энг баланд нуқтасига кўтарилгач, мен оёқда зўрға турган шўрлик отларимиз каби қаттиқ толиққанимни сездим.

Олдинда, довонда, улкан қоялар кўкрак кериб турар, бу теварак-атрофга ўзгача бир ёввойи, ҳам саҳройи тус берарди. Атрофда ўсимлик кўринмайди. Довон тепасида тош қояни йўл кесиб ўтган, тош деворлар унинг нақ бошида осилиб турар, унча катта бўлмаган текис майдончада устунга қоқилган иккита тахта кўринар, уларнинг бирида “Самарқанд вилоятининг чегараси”, бошқасида “Бухоро мулкининг чегараси” деган ёзув бор эди.
— Демак, Россия тугади, шундайми, — деб сўради йўлдошим ёзувни кўрсатиб.
— Биз энди Россия вассаллигидаги чет давлат ерига ўтамиз.

0331868 йилда анчагина қўшин тўплаб, бизнинг сарҳадларимизга ҳаракатларидан сўнг махсус отряд тузилди ва у Тошкент тарафдан ҳужумга ўтиб, кўп қон тўкишлардан сўнг Бухоро қўрғонлари – Жиззах, Самарқанд, Каттақўрғонни бирин-кетин эгаллай бошлади. Шундай қилиб бутун Зарафшон водийси эгалланиб, Россияга қўшиб олинди ва аввал Зарафшон округи, сўнг Самарқанд вилояти ташкил этилди. Аммо мутаассибона кайфиятдаги руҳонийлар ва бир қисм амалдорлар бундай ҳолат билан келишолмасдилар ва уларнинг кучли таъсири остида Бухоро хони бизни босиб олинган ўлкадан суриб чиқаришга уринди. Амир янада кучлироқ қўшин тўплади, аммо шум тақдир Бухоро устида чарх ура бошлаганди. 1868 йил 2 июлда Каттақўрғон яқинидги Зирабулоқ тепаликларида ўнгланмас мағлубиятга учрагач, амир охири элчи юборишга мажбур бўлди. Элчиларга рус қўшинлари қўмондонлиги қўйган ҳар қандай шартларга кўниб бўлса-да, сулҳ тузишни буюрди.

Бутун Бухоро Россия ҳокимлигини тан олишга тайёр эди, фақат шу пайтда қарийб мустақил бўлган, Бухоро хонлигини номигагина эътироф этадиган Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ беклари мағлубиятларини ҳазм этолмай, ўз мустақилликларини сақлаб қолишга ҳаракат қилишди.

Тахта Қорача довонидан бизнинг кўз ўнгимизда намоён бўлган замини серҳосил, аҳолиси зич жойлашган Қашқадарё водийси шимол, жануб ва шарқдан тизма тоғлар, ғарбдан сувсиз дашт билан ўралган ва мустақил ҳаёт кечирар, юқорида айтилганидек, Бухоро ва унинг амририни номигагина тан оларди. Бутун Шаҳрисаб воҳаси – Темурланг ватани тўласича мустақил мулк ҳисобланиб, уни туркларнинг Кенагас уруғига мансуб, ёлғиз Шаҳрисабз беки ҳокимлигини тан оладиган беклар бошқарар эдилар.

03Бухоро амирлари азалдан Шаҳрисабз воҳасини эгаллашга бир неча бор уринганлар. Бухоро тарихида Насруллохон ва унинг ўғли Музаффар томонидан бу юртга 30 мартага яқин ҳарбий юришлар уюштирилгани маълум. Ва ниҳоят, бу ўлкани маълум муддат эгаллашга муваффақ бўлинади. Бу юришлар Бухоро амирлари мансуб Манғит уруғи ва Шаҳрисабз беклари мансуб Кенагас уруғлари ўртасидаги азалий ёвликни янада кучайтирди, холос. Бу душманлик жуда қадимий бўлиб, у XVIII асрнинг бошларига бориб тақалади… Шаҳримабз беклари Бухоронинг оғир аҳволидан фойдаланишга уриниб, бирданига ҳам Бухоро амири, ҳам русларга қарши кураш байроғини кўтардилар. Самарқанд руслар қўлида бўлишига, унда рус қўшинлари жойлашганига қарамасдан, Шаҳрисабз воҳасида жуда кўп кўнгиллилар қўшини тўпланди ва Китоб беки Жўрабой, Шаар беки Бобобой, Яккабоғ беки Муҳаммалд Ражаб бошчилигида Самарқандга қараб юрдилар, уни қамал қилдилар. Аммо рус қисмлари генерал Кауфман отряди етиб келгунча қаҳрамонларча туриб бердилар.
Шаҳрисабз беклари мағлубиятга учрагач, ўз тоғларига чекинишга мажбур бўлдилар. Ҳужумлари ва ножўя хатти-ҳаракатлари учун уларни жазолаш мақсадида 1870 йилда генерал Абрамов бошчилигида махсус отряд тузилди ва у Шаҳрисабз воҳасига юриш қилиб, Китоб шаҳрини ўраб олди. Бу пайтда рус ҳукумати билан яхши муносабатда бўлган Амир Музаффар рус қўшинларининг ҳужумидан хабар топиб, қулай фурсатдан фойдаланиб Шаҳрисабз воҳасини узил-кесил забт этишга қарор қилади ва қўшин тўплаб, Китобга қараб юради. Генерал Абрамов отрядининг ҳаракатлари қисқа, аммо шиддатли бўлди: 14 августда қонли жангдан сўнг Китоб олинди, беклар Фарғонага қараб қочишди. Шундай қилиб, серҳосил Шаҳрисабз воҳаси рус қуролининг кучи билан олинди ва ҳақиқатда Россияга қўшиб олиш ўрнига кутилмаганда, маҳаллий аҳолини батамом ҳайрон қолдириб, бутун Шаҳрисабз воҳаси, Бухорога ҳеч қачон бўйсунмаган воҳа Бухоро амрига тортиқ этилди.

Орадан икки йил ўтиб, Амир Музаффарнинг тўнғич ўғли Катта Тўра исёни пайтида рус қўшинлари бу ўлкани яна босиб ўтдилар ва жанг билан Қарши шаҳрини эгалладилар. Аммо қўшинларимиз ғарбий Бухоронинг бу қисмини яна амирга қайтариб бердилар. Шу ўринда беихтиёр ўйлаб қоласан киши, қандай сабабларга кўра каттагина қисми рус қуролининг кучу-қудрати билан забт этилган ва рус қони билан сахийларча суғорилган Бухоро ери рус мулкига қўшиб олинмаган экан, аксинча, амирни тан олмаган бўйсунмас ҳукмдорларни енгиб, митти Бухородан каттакон давлат туздик ва уни яна амирга меросий мулк қилиб бердик. Шунга қарамасдан, Россия ва Бухоро ўртасида 1872 йилда тузилган тинчлик шартномасида русларнинг Бухородан ер олиш ҳуқуқига эга эканлиги, аммо фақат Бухоро ва Чоржўйда яшашлари мумкинлиги қайд этилганди. 1895 йилги қўшимча битимга кўра эса бу манзилгоҳларга Керки ва Термиз ҳам қўшилди. Шундай қилиб, Бухоро мулкининг бутн ички қисми рус кишилари учун ёпиқлигича қолди. Рус иши кейинги ўринлардан бирига суриб қўйилди…

Тахта Қорача довонидан пастга эниш янада мушкул эди, бурилишлар янада сезиларлироқ бўлиб қолди. Йўл илондай бурала-бурала қуйига тушиб узоқ-узоқларга кетиб қолганди. Баъзи жойларда йўлнинг бир томонидан тиккасига тош қоя девор каби қаққаяр, бошқа томонидан эса бахтсиз тасодифларнинг олдини олиш мақсадида жарлик лабида тош уюлган, унча баланд бўлмаган тош уюмлари кўринарди. Аравакаш бурилишларга эътибор бермай отларни йўрттириб борар, извош эса силкинганча катта тезлик билан пастга учарди.

— Ҳой, оғайни, сал секинлатсанг бўлармиди, — чидолмасдан гап қотдим мен.
— Хавотир олманг, бу ер текис, қор ҳам йўқ, шунинг учун қўрқмаса ҳам бўлади. Йўл яхши.

Ва яна отларни қамчилаганча биз шиддат билан пастга қараб елиб кетдик. Баъзан тош уюмлари ортидаги тубсизликни кўриб, дамимиз ичимизга тушиб кетар, бош айланарди… Бирор соатча юргач, йўл нишаблашди ва бироз тушгач, биз Қайнари почта бекатига етдик ва отларимизнинг совушини кута бошладик. Бу бекат водийга 4-5 чақирим қолган ерда жойлашган. Атрофда ўрмон билан қопланган тоғлар қад ростлаб турар ва фақат ғарбдагина тоғлар тизмаси чўзилиб кетганди.

— Соғ-саломат етиб келдингларми, — дея бизга яқинлашди ҳовлига чиққан оқсоқол. – Соғ-омон келибсизлар… Энди бу Тахта Қорача довонида юриш турган-битгани ташвиш бўлиб қолди. Балким эшитгандирсизлар, бизнинг жойларимизда қароқчилар пайдо бўлишди. Бутун-бутун тўда бўлиб олиб йўловчиларга тинчлик беришмаяпти. Уларга қарши қўшин ҳам юборишди, қайда дейсиз, тоғларда уларга бас келиб бўлмайди, жуда абжир, айтишларича, кучлари ҳам кўп экан уларнинг.

— Сен уларни кўрганмисан?
— Мен… Мен-ку кўрмадима, аммо одамлар гапиришади, айниқса, сартлар, ўта ҳуркак халқ… Русларга улар камдан-кам тегинишади.
— Марҳамат, тайёр, ўтиришларингиз мумкин…
— Қара, қайтишда унни Китобдан ол, — ортимиздан аравакашга қичқирди оқсоқол.

Аста-секинлик билан теварак-атроф пастлаша бориб, тепачалар билан қопланган текислик қиёфасини олди. Бу ердан кенг Шаҳрисабз водийси яққол кўринар, текислик бўйлаб сочилган қишлоқларнинг атрофидаги дов-дарахтлар узоқдан қоп-қорайиб кўзга ташланарди.

— Ўрус қишлоқ, — қирғиз аравакаши ён томонни кўрсатди. – ўрус кўп, кўп яшади. Қадимда, тўра, жуда қадимда. Отам эслайди. Бой халқ эди.
— Сен билмайсанми, қаердан келишган улар?
— Билмам, тўра. Ўрус келган, қишлоқ қурган…

Бу ерларда пайдо бўлиши биз учун жумбоқ бўлган сирли Ўрус қишлоқ ортда қолди.
Фақат кейинча эшитдимки, 60-йилларда чиндан ҳам бу ерда рус мазҳабпарастлари Бухоро амири ҳомийлигида яшаган экан. Улар Самарқанд шаҳри рус қўшинлари томонидан босиб олиниши арафасида мутаассиб кайфиятдаги бухороликлар томонидан ёппасига ўлдирилган экан.

Йўлнинг ҳар иккала томонида ишлов берилган, Қашқадарё сувидан ва ундан тортиб келинган ариқлардан суғориладиган далалар ястаниб ётарди. Икки соатларча юргач, биз Китобга етиб келдик. Қўнишга зерикарли почта бекати ўрнига маҳаллий бекнинг манзилини танладик. Бухоронинг ҳамма бурчагида элчилар ҳовлиси деб аталадиган карвонсаройга қараб кетдик.

Шаҳар бўйлаб ярим соатча юргач, биз кўзланган манзилга етиб келдик ва Бухоро беги томонидан кўрсатилган расмий учрашувларнинг сертакаллуфона мулозаматни ўтаб, дам олиш учун жойлашдик.

XV.

Абдумаликхон ва унинг амирга қарши исёни. Бойсун тутқунларининг ҳаёти. Шағоллар.

Абдумаликхон!!.
Чақмоқ. Бухоро осойишталигига рахна солувчи, бир вақтлар Россияга ҳам, Хивага ҳам кўп ташвишлар келтирган ўта мард отлиқ. Узоқ муддат Бухоро ва Хивага қўрқув солиб, гоҳ узоқ Ҳиндистон, гоҳ Амударё бўйларида, гоҳ Афғонистону гоҳ Хивада пайдо бўлиб қоладиган одам. Бухоро амири Абдулаҳадхонга даҳшат солиб чўлдги бир тўқнашувда ўзининг асов бошини ерга қўйган, аммо ўлимидан сўнг ҳам ўз номининг ўткирлиги ва жозибадорлиги билан ваҳимали бўлиб қолган киши.

Ёввойи ҳайвонлар унинг чўлда қолган мурдасини аллақачон ғажиб ташлаганлар, шамол унинг гардга айланган жасадини аллақачон тўзитиб бўлган, аммо унинг даҳшатга айланган исмидан халос бўлиши ҳамон қийин.

0951868 йилда музаффар рус қўшинлари қонли жанглардан сўнг бирин-кетин Жиззах, Ўратепа, Самарқанд, Каттақўрғон, Ургут қалъаларини эгаллагач ва Бухоро хонлиги рус қуролининг кучи билан қарийб тўлиқ босиб олингач, Амир Музаффархон ҳеч бўлмаганда ўз ҳокимиятининг бир қисмини сақлаб қолиш мақсадида музокараларга киришди ва Россия билан сулҳ тузди. Соғлом фикрли кишилар бу сулҳда Бухоро хонлиги инқирозини вақтинча кейинга суришнинг ягона йўлини кўрдилар, аммо Россияга ва амирга нисбатан кўр-кўрона нафрат билан заҳарланган мутаасибона кайфиятдаги руҳонийлар бундай деб ҳисоблашмасди. Жуда кўп авбош ёшлар муллаларнинг ваъзларига алданиб, кучли тўдани ҳосил қилишди. Бухоро тахтнинг вориси, амирнинг қарашлари билан келишолмаган, Бухорони қутқаришнинг ягона йўлини рус қўшинларига қаршилик кўрсатишда кўрган Катта Тўра – Абдумаликхон тақдир тақозоси билан тўдага бош бўлди.

У исён байроғини кўтариб, ҳайрон қоларлик тезлик билан ўз атрофида туркман-оломон қароқчилари, қирғизлар ва хонликнинг бошқа нотинч унсурларидан катта тўда тўплади. Узоқ туркман кўчманчилари, Олой чўққилари ва Хивадан унга ҳар тоифа одамлар келиб қўшилди…

Аммо тақдир ўз ҳукмини аллақачон чиқариб қўйганди. Абдумаликхон Қарши шаҳри яқинида рус қўшинлари билан тўқнашувда оғир мағлубиятга учрагач, Хивага қараб қочди, кейинча у ердан Афғонистонга ўтди ва сўнгроқ Ҳиндистонда пайдо бўлди. Гоҳ ғойиб бўлиб, гоҳ яна пайдо бўлиб, узоқ муддат, токи асов бошини қаердадир Хива яқинида ерга қўймагунча Бухорони қўрқувда сақлади, рус қўшинларига ҳам кўп ташвиш келтирди. У Ҳиндистонда илиқ меҳмондўстлик кўрди, ҳатто Россиянинг Ўрта Осиёдаги таъсири кучсизланишидан манфаатдор бўлган Англиядан пул ёрдами олгани ҳам маълум.

Амир Сайид Абдуаҳадхон кичик ўғил бўлганидан Амир Музаффархон вафотидан сўнг қонунан тахтга ворислик даъво қилолмасди. У тахтга фақат Россия билан тузилган алоҳида шартнома шарофати билангина эришди.
Бу ёруғ оламда тахтнинг қонуний вориси Катта Тўра – Абдумаликхоннинг борлиги амирга кўп нохушликлар олиб келаётганди, чунки у қонун ва аҳоли катта қисмининг муҳаббати Катта Тўра томонида эканлигини сезарди.

Фақат Катта Тўранинг ўлимигина Бухоро хонлиги устида пайдо бўлган бу оғир сиёсий вазиятни юмшатди. Аммо бу ерда тўла осойишталиккача ҳали анча узоқ эди. Абдумаликхоннинг зурёдлари – Бухоро тахтига даъвогарлик қилиши мумкин бўлган болалари бор эди.

Қаттиқ ўқ товуши хаёлимни бўлди. Шовқин солиб, қанотларини оғир-оғир қоққанча қизил тустовуқ қағқағлаб бошим устидан учиб ўтди, аммо шу лаҳзадаёқ отилган навбатдаги ўқдан ерга қулади.
— Бир жуфт бўлди, — қувноқ овозда қичқирди Б.қамишлар орасидан кўриниб.

Мен отилган тустовуқни ердан олдим, унинг патларини қизиқиб томоша қила бошладим. Мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, қуш патларининг ёрқин ранглари менинг кўз ўнгимда хира тортиб, нурсизланарди.
— Мана, кечки овқат ҳам тайёр. Энди оёққа зўр берамиз, отларга минишнинг ҳожати йўқ, пиёда ўтамиз, яхшиси, қишлоқ яқинидаги ялангликда тўхтаймиз.

Ўн дақиқалардан сўнг дўнгликда бизнинг манзилгоҳ тикланди. Казаклар гулхан ёқиб, тустовуқларни кабоб қила бошлашди. Биз кабобни кутиб, унинг хуш бўйидан лаззатланганча кигиз устига чўзилдик.
Сиз Абдумаликхон оиласи ҳақида гапириб бермоқчи эдингиз, дея эслатдим вақтичоғлик билан чой хўплаб ичаётган Б.га.

У кўп куттирмади.
021Абдумаликхон мағлубиятга учраб қолгач, Бухоро тахтига Абдулаҳадхон ўтиргач, унинг биринчи қилган иши ўз мавқеини мустаҳкамлаш ва ўзига зарар етказиши мумкин бўлган ҳамма манбаларни йўқотиш бўлди. Улар қаторида Ҳиндистонда паноҳ топган, бахтга қарши оиласини Бухоро заминида қолдириб кетган Катта Тўра ҳам бор эди. Бу бадбахт оила зудлик билан қўлга олинди ва Бухорога келтирилди. Улар устидан шундай ҳукм чиқарилди: барча фарзандсиз хотинлари амалдорларга бўлиб берилсин ва тортиқ этилсин, болали иккита хотини эса Бойсун бекининг алоҳида назорати остида сақлаш учун Бойсун қалъасига қамалсин.
Бойсун – гўзал шаҳар. Ҳисор тизма тоғининг ўртасида жойлашган бўлиб, боғлар билан ўралган. Гўё абадий қорлар билан қопланган чўққилари уни қўриқлаш учун саф тортгандек туюлади. Дов-дарахтлар орасидан бек яшайдиган қўрғоннинг кунгирадор, баланд деворлари ғамгин доғлардай бўлиб чиқиб туради.

Қадимий қўрғон деворлари ичкаридаги ҳаётни бегона кўзлардан яширганча ҳовлидаги биноларни ўраб олган. Унинг орқа томонида икки пахса девор билан ўралган кичик бир ҳовлича жойлашган. Бу – Бойсун тутқунларининг макони. Абдумаликхоннинг хотинлари, Бухоро тахтининг вориси бўлган ўғли ва иккита қизи мана узоқ йиллардан бери даҳшатли тутқунликдан азоб чекигади. Соқчилар у-бу нарсаларнигина сақлаб қололган, кунига ҳар бирини боқиш учун бор-йўғи 15 танга ажратилган тутқунларни сергак қўриқлашади. Зиндон азоблари ва келажакнинг зим-зиёлиги тутқунлик юкини баттар оширади. Қоровулларнинг ҳеч бири улар билан гаплашиш ҳуқуқига эга эмас, фақат уларга биркитилган амалдоргина нозир сифатида ўз хизматини жимгина бажаради, ажратилган арзимас маблағ ҳисобидан уларни энг зарур нарсалар билан таъминлашга, шу арзимас маблағдан ҳам ўз фойдасига нималардир орттириб қолдиришга уринади.
“Юқорида ўтирган одамлар” ҳақида шаҳарда шивирлаб гаплашишади, улар ҳақидаги саволларга истар-истамас жавоб беришади.

— Мен тутқунлар тақдири ҳақида бек билан гаплашиб олишга кўп уриндим, аммо у ҳар сафар бу нозик мавзудан ўзини устамонлик билан олиб қочарди. Шуни яхши биламанки, уларнинг ҳаёти ўта даҳшатли. Уларга ҳатто хизматкор ҳам ажратилмаган, ҳамма қора ишларни ўзлари қилишади. Ва ҳамиша бу ҳовличада қабристон сукунати ҳукмронлик қиладики, девор ортида уч ёш умр кўмилган. Бу ёққа фақат тош ўзандан оқаётган дарё сувининг шовқини етиб келади, бу ердан фақат зангори осмон ва баъзан Ҳисор тоғларининг қорли чўққиларигина кўринади. Абдумаликхоннинг ўғли 30 ёшда, аммо менга айтишдики, у ердагилар гарчанд ёш бўлишса-да, анча қаримсиқ кўринишаркан. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади.

— Худди Иоанн Антоновичдай, а, шундай эмасми?
— Ҳа, бу тўғри… Ўрта аср манзараси! Назаримда , бизнинг ҳукумат бундан бехабарлиги боисидангина бу ишга аралашмаяпти.
— Россиянинг жиддий аралашуви билан тутқунларнинг аҳволи яхшиланишига шак-шубҳа йўқ. Ўзингиз ўйланг-а, бутун умр тутқунликда яшашга ҳукм қилинган. Яна кимлар денг? Оталари бадбахт бўлиб, Бухоро тахтининг вориси бўлиб дунёга келгани учун айбдор бўлганлар!..

Энди ухлаш керак.
Оғир мудроқ босганича у ёндан-бу ёнга узоқ айланиб ётдим. Бир-биридан даҳшатли манзаралар тасаввуримда гавдаланаверди. Мен хаёлан Бойсун қалъаси деворлари ортида тириклайин кўмилган бахтсиз тутқунларни кўргандек бўлдим.

Тутқун шаҳзода чуқур қайғу билан елдирим булутларга тикилар, шулардан бошқа ҳеч нарсани кўрмасди. Иккита қиз Ҳисор тоғларининг қорли чўққилари орасидан кўриниб, бахтсизларни ўз қалқони билан ҳимоя қилаётгн қудратли Россиянинг улкан сиймосига оппоқ қўлларини ишонч-ла чўзишарди.

Мен қичқирганча уйғониб кетдим.
Қаердандир яқин жойдан шаҳолларнинг мунгли, ҳам ҳазин илтижолари эшитиларди. Гўё юзлаб хўрланган болалар жон-жаҳдлари билан чинқирганча йиғлашарди. Таскин кор қилмайдиган йиғи, узоқ ва деярли интиҳосиз йиғи.

Бу пайтда Бойсун тоғлари орасида ҳам ана шундай аччиқ ва таскинсиз кўз ёшлар аёвсиз тўкилаётганди. Ёлғизлик ва ноумидлик ёшлари.
Ҳамма аллақачон унутиб юборган бадбахт тутқунлар!

092

012Дмитрий Николаевич Логофет (1865—1922) — рус генерали,ҳарбий публицист, ёзувчи ва шарқшунос. Орёл губерниясида туғилган. Орёлдаги кадет ва Киевдаги юнкерлар билим юртида тарбияланган. Россия ташқи ишлар вазирлигининг Осиё департаменти қошидаги Шарқ тиллари курсида, Санкт-Петербург Археология институтида таълим олган. Узоқ вақт Ўрта Осиёда махсус чегара қўшинлари бўлинмаси таркибида Амударё бригадасида бўлинма командири, Панж чегара гуруҳи раҳбари сифатида хизмат қилган. Айни ўша йиллари эътиборли шарқшунос олим сифатида танилган. 1897 йилда ташкил этилган Рус география жамиятининг Туркистон бўлими фаолиятида иштирок этган. Ҳарбий публицист ва ёзувчи сифатида «Военный Сборник», «Туркестанские ведомости», «Разведчик» и «Братская помощь» каби журналлар билан ҳамкорлик қилган.
II жаҳон урушида фаол иштирок этган. Октябрь тўнтаришидан кейин РСФСР чегарани қўриқлаш бошқармасида хизмат қилган,қизил армия кавалерия курслари ва мактабларини бошқарган. 1922 йилда вафот этган.

Логофет Ўрта Осиё халқлари тарихи, маданияти ва турмушини яхши билган, узоқ йиллар ёзган кундаликлари асосида бир қатор асарлар яратган.
Асарлари:
Страна Бесправия. Бухарское ханство и его современное состояние. СПб, 1909. — Переиздание: М.: «Либроком», 2011. — ISBN 978-5-397-01597-4.
На границах Средней Азии — Путевые очерки (в трех книгах). СПб, 1909.
На Башне смерти // Кауфманский сборник в память 25-летия со дня смерти устроителя Туркестана К. П. Кауфмана. М, 1910.
Бухарское ханство под русским протекторатом (в двух томах). СПб, 1911.
В забытой стране: Путевые очерки по Средней Азии. М, 1912.
В горах и на равнинах Бухары (Очерки Средней Азии). СПб, 1913.
Завоевание Средней Азии // История русской армии и флота. М, 1913.

Dmitriy Nikolaevich Logofet (1865—1922) — rus generali,harbiy publitsist, yozuvchi va sharqshunos. Oryol guberniyasida tug’ilgan. Oryoldagi kadet va Kievdagi yunkerlar bilim yurtida tarbiyalangan. Rossiya tashqi ishlar vazirligining Osiyo departamenti qoshidagi Sharq tillari kursida, Sankt-Peterburg Arxeologiya institutida ta’lim olgan. Uzoq vaqt O’rta Osiyoda maxsus chegara qo’shinlari bo’linmasi tarkibida Amudaryo brigadasida bo’linma komandiri, Panj chegara guruhi rahbari sifatida xizmat qilgan. Ayni o’sha yillari e’tiborli sharqshunos olim sifatida tanilgan. 1897 yilda tashkil etilgan Rus geografiya jamiyatining Turkiston bo’limi faoliyatida ishtirok etgan. Harbiy publitsist va yozuvchi sifatida «Voenniy Sbornik», «Turkestanskie vedomosti», «Razvedchik» i «Bratskaya pomosh`» kabi jurnallar bilan hamkorlik qilgan.
II jahon urushida faol ishtirok etgan. Oktyabr` to’ntarishidan keyin RSFSR chegarani qo’riqlash boshqarmasida xizmat qilgan,qizil armiya kavaleriya kurslari va maktablarini boshqargan. 1922 yilda vafot etgan.
Logofet O’rta Osiyo xalqlari tarixi, madaniyati va turmushini yaxshi bilgan, uzoq yillar yozgan kundaliklari asosida bir qator asarlar yaratgan.
Asarlari:
Strana Bespraviya. Buxarskoe xanstvo i yego sovremennoe sostoyanie. SPb, 1909. — Pereizdanie: M.: «Librokom», 2011. — ISBN 978-5-397-01597-4.
Na granitsax Sredney Azii — Putevie ocherki (v trex knigax). SPb, 1909.
Na Bashne smerti // Kaufmanskiy sbornik v pamyat` 25-letiya so dnya smerti ustroitelya Turkestana K. P. Kaufmana. M, 1910.
Buxarskoe xanstvo pod russkim protektoratom (v dvux tomax). SPb, 1911.
V zabitoy strane: Putevie ocherki po Sredney Azii. M, 1912.
V gorax i na ravninax Buxari (Ocherki Sredney Azii). SPb, 1913.
Zavoevanie Sredney Azii // Istoriya russkoy armii i flota. M, 1913.

Image
Харитани катталаштириш учун суратни босинг.

O’rta Osiyo Rossiya tomonidan bosib olingach, bu chekka o’lkani chuqurroq o’rganmoq, boyliklaridan to’laroq foydalanib, xalqini mutlaq tobe’likda saqlamoq uchun rus burjuaziyasi tomonidan uzoqni ko’zlovchi qator tadbirlar amalga oshirilgan. Harbiy-jazo ekspeditsiyalari bilan bir qatorda turli-tuman maqsadlarni ko’zlab uyushtirilgan ilmiy ekspeditsiyalar ham oxir oqibatda ana shu bosqinchilik siyosatini mustahkamlashga xizmat qilganini ko’ramiz.

Jumladan, imperator geografiya jamiyatining haqiqiy a’zosi D.N.Logofet asrimiz boshlarida O’rta Osiyo shahar va qishloqlari bo’ylab bir necha sayohatlar uyushtiradi. “O’rta Osiyo chegaralarida”, “Buxoro tog’lari va tekisliklarida”, “Huquqsizlik o’lkasida”, “Rossiya-Afg’on chegarasi”, “Buxoro-Afg’on chegarasi” singari kitoblar uning ana shunday sayohatlari natijasida yuzaga keldi. Bu kitoblar o’z vaqtida rus kiborlar jamiyati o’rtasida katta shov-shuvlarga sabab bo’lgan, O’rta Osiyodagi rus ofitser va chinovniklariga asosiy qo’llanma sifatida tavsiya etilgan, hatto O’rta Osiyo boyliklari ilinjida yurgan Angliya hukumati tomonidan ingliz tiliga tarjima qilinib, Hindistondagi harakatdagi ingliz armiyasi sipohi va askarlariga tarqatilgan. Ana shu faktning o’ziyoq D.Logofet kitoblarida o’lkamiz tarixi, jo’g’rofiyasi, xalqimiz urf-odatlari, psixologiyasiga oid qimmatli ma’lumotlar jamlanganidan dalolat beradi.

Quyida D.Logofetning “Buxoro tog’lari va tekisliklarida” kitobidan ayrim boblar havola etilmoqda.

Tarjimon

07
D.LOGOFET
BUXORO TOG’LARI VA TEKISLIKLARIDA
Ilhom Hasanov tarjimasi
092

II

Taxta Qoracha. Shahrisabz o’lkasi. O’rus qishloq. Qashqadaryo.

Yomg’ir tunda shiddatli jalaga aylanib, yerni loy, yo’lni qo’rg’oshin tusli loyqa qilgancha tongga yaqin tindi. Bulutlar yerga enib keldilar, ba’zi joylarda tog’ cho’qqilari bilan tutashib, daralarga yanada g’amgin tus berdilar. Allaqaerda yomg’ir suvidan hosil bo’lgan irmoq shovqin solib oqar, anchagina balanddan shalola bo’lib quyilardi. Tog’ tobora go’zalroq va ulug’vorroq manzara kasb etardi.

Pochta izvoshining otlari bir me’yorda yo’rtayotgan keng yo’l ilonday burala-burala tobora yuqoriga o’rlar, biz ham o’zimiz sezmagan holda tobora yuqorilardik. Ikki tomonimizdan Oqsoytog’ va Zarafshon-Hisor tog’lari shoxobchalarining keng o’rkachlari ko’zga tashlanar, bu o’rkachlar bir-biridan baland ko’tarilib borib, qayerdadir olis ufqda xo’mraygan osmon bilan qo’shilib ketgan edilar. Aravakash muttasil yuqorilab borayotgan yo’ldan bir necha chaqirim yurgach, to’xtadi.

— Endi bu yog’i burama yo’l, otlarga yaxshigina dam berish kerak, — aravakash nigohlarimizdagi savolni uqib, izoh berdi.

Keyin tamaki tutatdi, qamchi dastasi bilan g’ildiraklarning kengayiga urib, ularning loyini tozalagancha gapini davom ettirdi:
— Xudoning qarg’ishi tekkan bu joy, otlar uchun o’ta og’ir. Ayniqsa, qishda, qor ko’p yoqqanda burilishlar ko’rinmaydi, shu sababli tik qiyalikdan pastga qulash hech gap emas. Bu yerda ko’plar nobud bo’ldi. Har yili bir necha martadan baxtsiz hodisa ro’y beradi. Qancha ehtiyot bo’lib yursang ham, kalima qaytarsang ham, baxtsizlik qanday ro’y berganini ko’pincha o’zing bilmay qolasan: qo’li yoki oyog’i sinsayam odam tirik qolsa, katta gap.

Ba’zan shunday bo’ladiki, hamma narsaning dabdalasini chiqarib tashlaydi. Bu yil sartlarning izvoshchisi odam tashiyotib, burama yo’ldan jarga qulab tushdi. Odamlarning ham, otlarning ham abjag’i chiqdi – suyak to’la qanorqop deysiz. O’zingiz o’ylab ko’ring, burama yo’llar tog’ bag’ridan aylanib o’tadi, burilishlarda pastga qarab bo’lmaydi, yarim burilgach, pastga tushiladi, so’ng yana, yana. O’rindiqqa yopishib o’tirgancha ehtiyot bo’lib o’tamiz bu yerdan.
— Chu-u, azizlarim, meni mulzam qilmanglar!

Izvosh shahd bilan qo’zg’aldi va shu zahotiyoq mayda qadamlashga tushgan otlar har 10-20 sarjinda burila-burila tobora yuqoriga ko’tarilaverdi. Goh chapdan, goh o’ngdan jarlik kshrinar, huv quyida, bizdan bir necha chaqirim narida tog’ darasi tubida Omon Qo’ton pochta bekatining binolari ko’zga tashlanardi. Kichkina bog’ aravasida, har xil tugunlar ustida va yana jarlik bo’ylab ketayotib biz o’zimizni noqulay sezardik. Har daqiqada, arava chayqalgani barobar bu ulkan tepalikdan 6000 fut pastga qulayotgandek bo’laverasan kishi. O’tirishning noqulayligi o’zini sezdirdi va dovonning eng baland nuqtasiga ko’tarilgach, men oyoqda zo’rg’a turgan sho’rlik otlarimiz kabi qattiq toliqqanimni sezdim.

Oldinda, dovonda, ulkan qoyalar ko’krak kerib turar, bu tevarak-atrofga o’zgacha bir yovvoyi, ham sahroyi tus berardi. Atrofda o’simlik ko’rinmaydi. Dovon tepasida tosh qoyani yo’l kesib o’tgan, tosh devorlar uning naq boshida osilib turar, uncha katta bo’lmagan tekis maydonchada ustunga qoqilgan ikkita taxta ko’rinar, ularning birida “Samarqand viloyatining chegarasi”, boshqasida “Buxoro mulkining chegarasi” degan yozuv bor edi.
— Demak, Rossiya tugadi, shundaymi, — deb so’radi yo’ldoshim yozuvni ko’rsatib.
— Biz endi Rossiya vassalligidagi chet davlat yeriga o’tamiz.

059

1868 yilda anchagina qo’shin to’plab, bizning sarhadlarimizga harakatlaridan so’ng maxsus otryad tuzildi va u Toshkent tarafdan hujumga o’tib, ko’p qon to’kishlardan so’ng Buxoro qo’rg’onlari – Jizzax, Samarqand, Kattaqo’rg’onni birin-ketin egallay boshladi. Shunday qilib butun Zarafshon vodiysi egallanib, Rossiyaga qo’shib olindi va avval Zarafshon okrugi, so’ng Samarqand viloyati tashkil etildi. Ammo mutaassibona kayfiyatdagi ruhoniylar va bir qism amaldorlar bunday holat bilan kelisholmasdilar va ularning kuchli ta’siri ostida Buxoro xoni bizni bosib olingan o’lkadan surib chiqarishga urindi. Amir yanada kuchliroq qo’shin to’pladi, ammo shum taqdir Buxoro ustida charx ura boshlagandi. 1868 yil 2 iyulda Kattaqo’rg’on yaqinidgi Zirabuloq tepaliklarida o’nglanmas mag’lubiyatga uchragach, amir oxiri elchi yuborishga majbur bo’ldi. Elchilarga rus qo’shinlari qo’mondonligi qo’ygan har qanday shartlarga ko’nib bo’lsa-da, sulh tuzishni buyurdi.

Butun Buxoro Rossiya hokimligini tan olishga tayyor edi, faqat shu paytda qariyb mustaqil bo’lgan, Buxoro xonligini nomigagina e’tirof etadigan Shahrisabz, Kitob va Yakkabog’ beklari mag’lubiyatlarini hazm etolmay, o’z mustaqilliklarini saqlab qolishga harakat qilishdi.

Taxta Qoracha dovonidan bizning ko’z o’ngimizda namoyon bo’lgan zamini serhosil, aholisi zich joylashgan Qashqadaryo vodiysi shimol, janub va sharqdan tizma tog’lar, g’arbdan suvsiz dasht bilan o’ralgan va mustaqil hayot kechirar, yuqorida aytilganidek, Buxoro va uning amririni nomigagina tan olardi. Butun Shahrisab vohasi – Temurlang vatani to’lasicha mustaqil mulk hisoblanib, uni turklarning Kenagas urug’iga mansub, yolg’iz Shahrisabz beki hokimligini tan oladigan beklar boshqarar edilar.

022Buxoro amirlari azaldan Shahrisabz vohasini egallashga bir necha bor uringanlar. Buxoro tarixida Nasrulloxon va uning o’g’li Muzaffar tomonidan bu yurtga 30 martaga yaqin harbiy yurishlar uyushtirilgani ma’lum. Va nihoyat, bu o’lkani ma’lum muddat egallashga muvaffaq bo’linadi. Bu yurishlar Buxoro amirlari mansub Mang’it urug’i va Shahrisabz beklari mansub Kenagas urug’lari o’rtasidagi azaliy yovlikni yanada kuchaytirdi, xolos. Bu dushmanlik juda qadimiy bo’lib, u XVIII asrning boshlariga borib taqaladi… Shahrimabz beklari Buxoroning og’ir ahvolidan foydalanishga urinib, birdaniga ham Buxoro amiri, ham ruslarga qarshi kurash bayrog’ini ko’tardilar. Samarqand ruslar qo’lida bo’lishiga, unda rus qo’shinlari joylashganiga qaramasdan, Shahrisabz vohasida juda ko’p ko’ngillilar qo’shini to’plandi va Kitob beki Jo’raboy, Shaar beki Boboboy, Yakkabog’ beki Muhammald Rajab boshchiligida Samarqandga qarab yurdilar, uni qamal qildilar. Ammo rus qismlari general Kaufman otryadi yetib kelguncha qahramonlarcha turib berdilar.
Shahrisabz beklari mag’lubiyatga uchragach, o’z tog’lariga chekinishga majbur bo’ldilar. Hujumlari va nojo’ya xatti-harakatlari uchun ularni jazolash maqsadida 1870 yilda general Abramov boshchiligida maxsus otryad tuzildi va u Shahrisabz vohasiga yurish qilib, Kitob shahrini o’rab oldi. Bu paytda rus hukumati bilan yaxshi munosabatda bo’lgan Amir Muzaffar rus qo’shinlarining hujumidan xabar topib, qulay fursatdan foydalanib Shahrisabz vohasini uzil-kesil zabt etishga qaror qiladi va qo’shin to’plab, Kitobga qarab yuradi. General Abramov otryadining harakatlari qisqa, ammo shiddatli bo’ldi: 14 avgustda qonli jangdan so’ng Kitob olindi, beklar Farg’onaga qarab qochishdi. Shunday qilib, serhosil Shahrisabz vohasi rus qurolining kuchi bilan olindi va haqiqatda Rossiyaga qo’shib olish o’rniga kutilmaganda, mahalliy aholini batamom hayron qoldirib, butun Shahrisabz vohasi, Buxoroga hech qachon bo’ysunmagan voha Buxoro amriga tortiq etildi.

Oradan ikki yil o’tib, Amir Muzaffarning to’ng’ich o’g’li Katta To’ra isyoni paytida rus qo’shinlari bu o’lkani yana bosib o’tdilar va jang bilan Qarshi shahrini egalladilar. Ammo qo’shinlarimiz g’arbiy Buxoroning bu qismini yana amirga qaytarib berdilar. Shu o’rinda beixtiyor o’ylab qolasan kishi, qanday sabablarga ko’ra kattagina qismi rus qurolining kuchu-qudrati bilan zabt etilgan va rus qoni bilan saxiylarcha sug’orilgan Buxoro yeri rus mulkiga qo’shib olinmagan ekan, aksincha, amirni tan olmagan bo’ysunmas hukmdorlarni yengib, mitti Buxorodan kattakon davlat tuzdik va uni yana amirga merosiy mulk qilib berdik. Shunga qaramasdan, Rossiya va Buxoro o’rtasida 1872 yilda tuzilgan tinchlik shartnomasida ruslarning Buxorodan yer olish huquqiga ega ekanligi, ammo faqat Buxoro va Chorjo’yda yashashlari mumkinligi qayd etilgandi. 1895 yilgi qo’shimcha bitimga ko’ra esa bu manzilgohlarga Kerki va Termiz ham qo’shildi. Shunday qilib, Buxoro mulkining butn ichki qismi rus kishilari uchun yopiqligicha qoldi. Rus ishi keyingi o’rinlardan biriga surib qo’yildi…

Taxta Qoracha dovonidan pastga enish yanada mushkul edi, burilishlar yanada sezilarliroq bo’lib qoldi. Yo’l ilonday burala-burala quyiga tushib uzoq-uzoqlarga ketib qolgandi. Ba’zi joylarda yo’lning bir tomonidan tikkasiga tosh qoya devor kabi qaqqayar, boshqa tomonidan esa baxtsiz tasodiflarning oldini olish maqsadida jarlik labida tosh uyulgan, uncha baland bo’lmagan tosh uyumlari ko’rinardi. Aravakash burilishlarga e’tibor bermay otlarni yo’rttirib borar, izvosh esa silkingancha katta tezlik bilan pastga uchardi.

— Hoy, og’ayni, sal sekinlatsang bo’larmidi, — chidolmasdan gap qotdim men.
— Xavotir olmang, bu yer tekis, qor ham yo’q, shuning uchun qo’rqmasa ham bo’ladi. Yo’l yaxshi.

Va yana otlarni qamchilagancha biz shiddat bilan pastga qarab yelib ketdik. Ba’zan tosh uyumlari ortidagi tubsizlikni ko’rib, damimiz ichimizga tushib ketar, bosh aylanardi… Biror soatcha yurgach, yo’l nishablashdi va biroz tushgach, biz Qaynari pochta bekatiga yetdik va otlarimizning sovushini kuta boshladik. Bu bekat vodiyga 4-5 chaqirim qolgan yerda joylashgan. Atrofda o’rmon bilan qoplangan tog’lar qad rostlab turar va faqat g’arbdagina tog’lar tizmasi cho’zilib ketgandi.

— Sog’-salomat yetib keldinglarmi, — deya bizga yaqinlashdi hovliga chiqqan oqsoqol. – Sog’-omon kelibsizlar… Endi bu Taxta Qoracha dovonida yurish turgan-bitgani tashvish bo’lib qoldi. Balkim eshitgandirsizlar, bizning joylarimizda qaroqchilar paydo bo’lishdi. Butun-butun to’da bo’lib olib yo’lovchilarga tinchlik berishmayapti. Ularga qarshi qo’shin ham yuborishdi, qayda deysiz, tog’larda ularga bas kelib bo’lmaydi, juda abjir, aytishlaricha, kuchlari ham ko’p ekan ularning.

— Sen ularni ko’rganmisan?
— Men… Men-ku ko’rmadima, ammo odamlar gapirishadi, ayniqsa, sartlar, o’ta hurkak xalq… Ruslarga ular kamdan-kam teginishadi.
— Marhamat, tayyor, o’tirishlaringiz mumkin…
— Qara, qaytishda unni Kitobdan ol, — ortimizdan aravakashga qichqirdi oqsoqol.

Asta-sekinlik bilan tevarak-atrof pastlasha borib, tepachalar bilan qoplangan tekislik qiyofasini oldi. Bu yerdan keng Shahrisabz vodiysi yaqqol ko’rinar, tekislik bo’ylab sochilgan qishloqlarning atrofidagi dov-daraxtlar uzoqdan qop-qorayib ko’zga tashlanardi.

— O’rus qishloq, — qirg’iz aravakashi yon tomonni ko’rsatdi. – o’rus ko’p, ko’p yashadi. Qadimda, to’ra, juda qadimda. Otam eslaydi. Boy xalq edi.
— Sen bilmaysanmi, qaerdan kelishgan ular?
— Bilmam, to’ra. O’rus kelgan, qishloq qurgan…

Bu yerlarda paydo bo’lishi biz uchun jumboq bo’lgan sirli O’rus qishloq ortda qoldi.Faqat keyincha eshitdimki, 60-yillarda chindan ham bu yerda rus mazhabparastlari Buxoro amiri homiyligida yashagan ekan. Ular Samarqand shahri rus qo’shinlari tomonidan bosib olinishi arafasida mutaassib kayfiyatdagi buxoroliklar tomonidan yoppasiga o’ldirilgan ekan.

Yo’lning har ikkala tomonida ishlov berilgan, Qashqadaryo suvidan va undan tortib kelingan ariqlardan sug’oriladigan dalalar yastanib yotardi. Ikki soatlarcha yurgach, biz Kitobga yetib keldik. Qo’nishga zerikarli pochta bekati o’rniga mahalliy bekning manzilini tanladik. Buxoroning hamma burchagida elchilar hovlisi deb ataladigan karvonsaroyga qarab ketdik.

Shahar bo’ylab yarim soatcha yurgach, biz ko’zlangan manzilga yetib keldik va Buxoro begi tomonidan ko’rsatilgan rasmiy uchrashuvlarning sertakallufona mulozamatni o’tab, dam olish uchun joylashdik.

XV.

Abdumalikxon va uning amirga qarshi isyoni. Boysun tutqunlarining hayoti. Shag’ollar.

Abdumalikxon!!.
Chaqmoq. Buxoro osoyishtaligiga raxna soluvchi, bir vaqtlar Rossiyaga ham, Xivaga ham ko’p tashvishlar keltirgan o’ta mard otliq. Uzoq muddat Buxoro va Xivaga qo’rquv solib, goh uzoq Hindiston, goh Amudaryo bo’ylarida, goh Afg’onistonu goh Xivada paydo bo’lib qoladigan odam. Buxoro amiri Abdulahadxonga dahshat solib cho’ldgi bir to’qnashuvda o’zining asov boshini yerga qo’ygan, ammo o’limidan so’ng ham o’z nomining o’tkirligi va jozibadorligi bilan vahimali bo’lib qolgan kishi.

Yovvoyi hayvonlar uning cho’lda qolgan murdasini allaqachon g’ajib tashlaganlar, shamol uning gardga aylangan jasadini allaqachon to’zitib bo’lgan, ammo uning dahshatga aylangan ismidan xalos bo’lishi hamon qiyin.

1868 yilda muzaffar rus qo’shinlari qonli janglardan so’ng birin-ketin Jizzax, O’ratepa, Samarqand, Kattaqo’rg’on, Urgut qal’alarini egallagach va Buxoro xonligi rus qurolining kuchi bilan qariyb to’liq bosib olingach, Amir Muzaffarxon hech bo’lmaganda o’z hokimiyatining bir qismini saqlab qolish maqsadida muzokaralarga kirishdi va Rossiya bilan sulh tuzdi. Sog’lom fikrli kishilar bu sulhda Buxoro xonligi inqirozini vaqtincha keyinga surishning yagona yo’lini ko’rdilar, ammo Rossiyaga va amirga nisbatan ko’r-ko’rona nafrat bilan zaharlangan mutaasibona kayfiyatdagi ruhoniylar bunday deb hisoblashmasdi. Juda ko’p avbosh yoshlar mullalarning va’zlariga aldanib, kuchli to’dani hosil qilishdi. Buxoro taxtning vorisi, amirning qarashlari bilan kelisholmagan, Buxoroni qutqarishning yagona yo’lini rus qo’shinlariga qarshilik ko’rsatishda ko’rgan Katta To’ra – Abdumalikxon taqdir taqozosi bilan to’daga bosh bo’ldi.

U isyon bayrog’ini ko’tarib, hayron qolarlik tezlik bilan o’z atrofida turkman-olomon qaroqchilari, qirg’izlar va xonlikning boshqa notinch unsurlaridan katta to’da to’pladi. Uzoq turkman ko’chmanchilari, Oloy cho’qqilari va Xivadan unga har toifa odamlar kelib qo’shildi…

Ammo taqdir o’z hukmini allaqachon chiqarib qo’ygandi. Abdumalikxon Qarshi shahri yaqinida rus qo’shinlari bilan to’qnashuvda og’ir mag’lubiyatga uchragach, Xivaga qarab qochdi, keyincha u yerdan Afg’onistonga o’tdi va so’ngroq Hindistonda paydo bo’ldi. Goh g’oyib bo’lib, goh yana paydo bo’lib, uzoq muddat, toki asov boshini qayerdadir Xiva yaqinida yerga qo’ymaguncha Buxoroni qo’rquvda saqladi, rus qo’shinlariga ham ko’p tashvish keltirdi. U Hindistonda iliq mehmondo’stlik ko’rdi, hatto Rossiyaning O’rta Osiyodagi ta’siri kuchsizlanishidan manfaatdor bo’lgan Angliyadan pul yordami olgani ham ma’lum.

Amir Sayid Abduahadxon kichik o’g’il bo’lganidan Amir Muzaffarxon vafotidan so’ng qonunan taxtga vorislik da’vo qilolmasdi. U taxtga faqat Rossiya bilan tuzilgan alohida shartnoma sharofati bilangina erishdi.Bu yorug’ olamda taxtning qonuniy vorisi Katta To’ra – Abdumalikxonning borligi amirga ko’p noxushliklar olib kelayotgandi, chunki u qonun va aholi katta qismining muhabbati Katta To’ra tomonida ekanligini sezardi.

Faqat Katta To’raning o’limigina Buxoro xonligi ustida paydo bo’lgan bu og’ir siyosiy vaziyatni yumshatdi. Ammo bu yerda to’la osoyishtalikkacha hali ancha uzoq edi. Abdumalikxonning zuryodlari – Buxoro taxtiga da’vogarlik qilishi mumkin bo’lgan bolalari bor edi.

Qattiq o’q tovushi xayolimni bo’ldi. Shovqin solib, qanotlarini og’ir-og’ir qoqqancha qizil tustovuq qag’qag’lab boshim ustidan uchib o’tdi, ammo shu lahzadayoq otilgan navbatdagi o’qdan yerga quladi.
— Bir juft bo’ldi, — quvnoq ovozda qichqirdi B.qamishlar orasidan ko’rinib.

Men otilgan tustovuqni yerdan oldim, uning patlarini qiziqib tomosha qila boshladim. Meni hayratga solgan narsa shu bo’ldiki, qush patlarining yorqin ranglari mening ko’z o’ngimda xira tortib, nursizlanardi.
— Mana, kechki ovqat ham tayyor. Endi oyoqqa zo’r beramiz, otlarga minishning hojati yo’q, piyoda o’tamiz, yaxshisi, qishloq yaqinidagi yalanglikda to’xtaymiz.

O’n daqiqalardan so’ng do’nglikda bizning manzilgoh tiklandi. Kazaklar gulxan yoqib, tustovuqlarni kabob qila boshlashdi. Biz kabobni kutib, uning xush bo’yidan lazzatlangancha kigiz ustiga cho’zildik.Siz Abdumalikxon oilasi haqida gapirib bermoqchi edingiz, deya eslatdim vaqtichog’lik bilan choy xo’plab ichayotgan B.ga.

U ko’p kuttirmadi.
Abdumalikxon mag’lubiyatga uchrab qolgach, Buxoro taxtiga Abdulahadxon o’tirgach, uning birinchi qilgan ishi o’z mavqeini mustahkamlash va o’ziga zarar yetkazishi mumkin bo’lgan hamma manbalarni yo’qotish bo’ldi. Ular qatorida Hindistonda panoh topgan, baxtga qarshi oilasini Buxoro zaminida qoldirib ketgan Katta To’ra ham bor edi. Bu badbaxt oila zudlik bilan qo’lga olindi va Buxoroga keltirildi. Ular ustidan shunday hukm chiqarildi: barcha farzandsiz xotinlari amaldorlarga bo’lib berilsin va tortiq etilsin, bolali ikkita xotini esa Boysun bekining alohida nazorati ostida saqlash uchun Boysun qal’asiga qamalsin.Boysun – go’zal shahar. Hisor tizma tog’ining o’rtasida joylashgan bo’lib, bog’lar bilan o’ralgan. Go’yo abadiy qorlar bilan qoplangan cho’qqilari uni qo’riqlash uchun saf tortgandek tuyuladi. Dov-daraxtlar orasidan bek yashaydigan qo’rg’onning kungirador, baland devorlari g’amgin dog’larday bo’lib chiqib turadi.

Qadimiy qo’rg’on devorlari ichkaridagi hayotni begona ko’zlardan yashirgancha hovlidagi binolarni o’rab olgan. Uning orqa tomonida ikki paxsa devor bilan o’ralgan kichik bir hovlicha joylashgan. Bu – Boysun tutqunlarining makoni. Abdumalikxonning xotinlari, Buxoro taxtining vorisi bo’lgan o’g’li va ikkita qizi mana uzoq yillardan beri dahshatli tutqunlikdan azob chekigadi. Soqchilar u-bu narsalarnigina saqlab qololgan, kuniga har birini boqish uchun bor-yo’g’i 15 tanga ajratilgan tutqunlarni sergak qo’riqlashadi. Zindon azoblari va kelajakning zim-ziyoligi tutqunlik yukini battar oshiradi. Qorovullarning hech biri ular bilan gaplashish huquqiga ega emas, faqat ularga birkitilgan amaldorgina nozir sifatida o’z xizmatini jimgina bajaradi, ajratilgan arzimas mablag’ hisobidan ularni eng zarur narsalar bilan ta’minlashga, shu arzimas mablag’dan ham o’z foydasiga nimalardir orttirib qoldirishga urinadi.“Yuqorida o’tirgan odamlar” haqida shaharda shivirlab gaplashishadi, ular haqidagi savollarga istar-istamas javob berishadi.

— Men tutqunlar taqdiri haqida bek bilan gaplashib olishga ko’p urindim, ammo u har safar bu nozik mavzudan o’zini ustamonlik bilan olib qochardi. Shuni yaxshi bilamanki, ularning hayoti o’ta dahshatli. Ularga hatto xizmatkor ham ajratilmagan, hamma qora ishlarni o’zlari qilishadi. Va hamisha bu hovlichada qabriston sukunati hukmronlik qiladiki, devor ortida uch yosh umr ko’milgan. Bu yoqqa faqat tosh o’zandan oqayotgan daryo suvining shovqini yetib keladi, bu yerdan faqat zangori osmon va ba’zan Hisor tog’larining qorli cho’qqilarigina ko’rinadi. Abdumalikxonning o’g’li 30 yoshda, ammo menga aytishdiki, u yerdagilar garchand yosh bo’lishsa-da, ancha qarimsiq ko’rinisharkan. Bunga ajablanmasa ham bo’ladi.

— Xuddi Ioann Antonovichday, a, shunday emasmi?
— Ha, bu to’g’ri… O’rta asr manzarasi! Nazarimda , bizning hukumat bundan bexabarligi boisidangina bu ishga aralashmayapti.
— Rossiyaning jiddiy aralashuvi bilan tutqunlarning ahvoli yaxshilanishiga shak-shubha yo’q. O’zingiz o’ylang-a, butun umr tutqunlikda yashashga hukm qilingan. Yana kimlar deng? Otalari badbaxt bo’lib, Buxoro taxtining vorisi bo’lib dunyoga kelgani uchun aybdor bo’lganlar!..

Endi uxlash kerak.
Og’ir mudroq bosganicha u yondan-bu yonga uzoq aylanib yotdim. Bir-biridan dahshatli manzaralar tasavvurimda gavdalanaverdi. Men xayolan Boysun qal’asi devorlari ortida tiriklayin ko’milgan baxtsiz tutqunlarni ko’rgandek bo’ldim.

Tutqun shahzoda chuqur qayg’u bilan yeldirim bulutlarga tikilar, shulardan boshqa hech narsani ko’rmasdi. Ikkita qiz Hisor tog’larining qorli cho’qqilari orasidan ko’rinib, baxtsizlarni o’z qalqoni bilan himoya qilayotgn qudratli Rossiyaning ulkan siymosiga oppoq qo’llarini ishonch-la cho’zishardi.

Men qichqirgancha uyg’onib ketdim.
Qaerdandir yaqin joydan shahollarning mungli, ham hazin iltijolari eshitilardi. Go’yo yuzlab xo’rlangan bolalar jon-jahdlari bilan chinqirgancha yig’lashardi. Taskin kor qilmaydigan yig’i, uzoq va deyarli intihosiz yig’i.

Bu paytda Boysun tog’lari orasida ham ana shunday achchiq va taskinsiz ko’z yoshlar ayovsiz to’kilayotgandi. Yolg’izlik va noumidlik yoshlari.
Hamma allaqachon unutib yuborgan badbaxt tutqunlar!

08

(Tashriflar: umumiy 557, bugungi 1)

Izoh qoldiring