Ozod Mo’min Xo’ja. Ikki fantastik hikoya

022
Ҳар бир инсон ўзини ўраб турган муҳитдаги яшаш қоидалари асосида ҳаёт кечиради. Бу – аксиомадир, яъни исбот талаб қилинмайдиган қонундир. Олайлик, биз, агар, ўзга мамлакатга сафар қилсак, у ерда қанчадир кунларни ўтказишимиз лозим бўлса, албатта ўша юртдаги шароитга мослашишга мажбурмиз. Акс ҳолда, ўзимизни ўзимиз турли кутилмаган қийин ҳолатларга тушириб қўйишимиз тайин.

011
Озод МЎЪМИН ХЎЖА
ИККИ ФАНТАСТИК ҲИКОЯ
011

022 Озод Мўъмин Хўжа (Мўминов Озод Пўлатович) 1952 йил 12 ноябрда Тошкентда туғилган. Тошкент Давлат Университети Физика факультетини тамомлаган. 1975 йили ВНИИПромгазнинг Ўрта Осиё филиалида инженерлик фаолиятини бошлаган. 1980 йилдан то 1990 йилгача Ўзбекистон Фанлар Академияси Физика-Техника илмий-текшириш институтига ўтиб, илмий ходим сифатида фаолият олиб борган.
Шу йиллар давомида адабиётга қизиқиб фантастик ҳикоялар бита бошлаган. 1987 йилда “Хиёбондаги уч учрашув” фантастик ҳикоялар тўплами, 1989 йилда “Мен – робот” китоби, 1990 йилда “Энг доно от” китоби (таржима асар) босмадан чиққан.  1992 йилда “Буюк Амир Темурнинг ёқути” тарихий асари “Шарқ юлдузи” журналида ва 1993 йили алоҳида тўпламда чоп этилган. “Бир йигит ва уч қиз ҳангомаси” ҳажвий ҳикоялари тўплами (1997), “Сардор “Бешагачский” – тоза ўғри” криминал қиссаси (2004), “Ваҳдат ул-ҳақойиқ” фалсафий трактати (2006), “Ойжамол” чойхонаси” криминал триллери (2007) чоп этилган.
2006 йилдан Ўзбекистон тарихидаги ноёб хислатли инсонлар ҳаётига қизиқиб, уларни ўргана бошлаган. 2008 йилда буюк Баҳоуддин Нақшбанднинг устози ҳақида “Ҳазрат Сайид Амир Кулол”, 2010 йилда бошқа бир бухоролик авлиё ҳақида “Хўжа Муҳаммад Паррон” деб номланган тарихий воқеаномалар асарини битган.
Озод Мўъмин Хўжа 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмаси аъзоси.

011

АНТИҚА ДУНЁ

Ҳар бир инсон ўзини ўраб турган муҳитдаги яшаш қоидалари асосида ҳаёт кечиради. Бу – аксиомадир, яъни исбот талаб қилинмайдиган қонундир. Олайлик, биз, агар, ўзга мамлакатга сафар қилсак, у ерда қанчадир кунларни ўтказишимиз лозим бўлса, албатта ўша юртдаги шароитга мослашишга мажбурмиз. Акс ҳолда, ўзимизни ўзимиз турли кутилмаган қийин ҳолатларга тушириб қўйишимиз тайин.

Бир куни улкан шаҳримизнинг ўзим яхши билмайдиган қисмига бир иш билан боришимга тўғри келди. Янгигина машинамни миндим. Мўлжалдаги туманга ғириллаб етиб бордим. Лекин, у ёғига қийналдим. Кўчаларнинг номлари ёзилмаганди. Турли одамлардан сўраб-сўраб айтилган даргоҳни топдим-у, кейин қайтишда яна адашдим. Умуман нотаниш кўчаларга кириб қолдим. Пиёдалардан каттароқ ёки магистраль йўлга қандай чиқишни суриштириб, унга ниҳоят етдим. Аммо, у ҳам ўзгачароқ эди. Одамлар жуда сийрак, йўл ёқасида ҳеч ким кўринмасди. Бир четда тўхтадим-да, қаршимдаги уч этажли бинонинг биринчи қаватида жойлашган озиқ-овқат дўкончасига кирдим, харидорлар йўқлигидан зерикиб ўтирган, ёши тахминан ўзимдан сал каттароқ, қирқ-элликлар орасида каби туюлган сотувчидан сўрадим:

— Кечирасиз, бу кўчани таний олмаяпман. Адашиб қолганга ўхшайман. Қандай қилиб марказ томонга йўналсам бўлади?
Сотувчи шартта жавоб қилди.
— Мен, эътиборингизга биноан, маълумотлар берувчи ташкилот ходими эмасман.
— Шу оддий саволга жавоб бериш қийинми? Ғалати одам экансиз! – дедим мен таажжубланиб.
— Эшитганмисиз, билимсизлик – одамни адаштиради, нотўғри, қинғир йўлларга олиб киради. Айб ўзингизда. Мени ҳақорат қилманг. Нима, шаҳарга янги кўчиб келганларданмисиз?
— Йўқ, шу ерда туғилганман. Фақат, бу ёқларга ҳеч йўлим тушмаган экан. Нима, маълумот бермайсизми?
— Йўқ. Машойихлар айтишганки, ҳар бир кимса ўзи туғилиб ўсган масканни, яъни ватанини яхши билиши ва ўрганиши керак. Шунча ёшга кириб, ўз шаҳрингизда адашиб юрибсиз. Ўзингиз ғалати экансиз!

Мен ушбу сотувчи билан файласуфона суҳбат қуриш ниятида эмасдим. Шошаётгандим. Бугун, ҳали қанча жойларга боришим, корхонамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни таклиф қилишим, уларнинг ўзига хос томонларини тушунтиришим ва рози бўлишса, шартнома тузишим, ундан келиб чиқиб, кейинги кунлардаги ишларимни мўлжаллашим лозим эди. Шунинг учун, дўконни тарк этишга шайланиб, унга кесатиброқ сўз қотдим.
— Раҳмат, қимматли ўгитларингиз учун. Эртадан шу ишга киришаман. Яхши қолинг.
— Сезишимча, сиз бизнес одамисиз, шундайми?
— Ҳа, топдингиз, — дедим мен, тўхтаб.
— Ўзи, бизнесменлар фақат пул топишни ўйлайдилар. Ўз ҳалқлари тарихини ҳам, ўтмишдаги буюк бобокалонларининг номларини ҳам яхши билишмайди. Ҳозир камайиб кетган китоб дўконлари қаерда эканлигидан-ку, умуман хабарлари йўқ. Сизлар жуда тор фикрловчи одамсизлар. Билмайман, фарзандларингиз қанақа инсон бўлиб улғаяркинлар… Ушбу юрт келажаги уларга қолмасин.

Сотувчининг бу гаплари менга ҳақоратдек туюлди.
— Эътиборингизга биноан, мен тарихимизни яхши биламан. Буюк боболаримизни ҳам, масалан, Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Берунийларни…
— Сиз, айсберг, яъни музтоғ ҳақида эшитганмисиз? Унинг фақат кичик бир учигина денгиз сатҳидан юқорида кўриниб туради. Асосий тўқсон фоиз қисми эса, сув остида беркинган бўлади. Айтган зотларингиз ана ўша айсберг учининг бир учи холос. Қолганларни билмайсиз! Холбуки, инсоният ривожига улкан ижобий хисса қўшган ҳалқ фарзандисиз. Чунки, отангиз сизни оми қилиб тарбиялаган! Ёшлигингизда, пулини қизғаниб, сизга китоблар олиб бермаган. Бу дунёнинг, ҳаётнинг қандай мўъжизакор, антиқа ва ажойиб эканлигини тушунтирмаган. Фақат, пул топ, пул топ, пул бўлса – чангалда шўрва, деган ақидани онгингизга қуйган!

Бу гаплардан мен албатта тутоқдим.
— Мархамат қилиб, отамга тил тегизманг! Менинг дадам яхши инсон бўлган.
— Биламан, у такси машина ҳайдаган. Нияти йўловчилардан ортиқча кира ҳақи юлиб олиш бўлган. Сиз кичкиналигингизда чиройли китобларга ҳавас қилгансиз, уларни ўқисам, суратларини томоша қилсам эди, деб орзу қилгансиз. Дадангиз хатто музқаймоққа пул бермаган. Ўзи ҳам, бола-чақаси ҳам ортиқча емаган-ичмаган. У онангизга, сизга ва синглингизга тузукроқ кийимлар ҳам сотиб олмаган. Нияти, пул йиғиб янги “Жигули” машинаси сотиб олиш бўлган. Болалар қуруқ нон-чою, эски-туски кийимларда ҳам катта бўлиб кетаверади, деб фикрлаган.

— Сиз буларни қаердан биласиз? – ҳайратга тушдим мен.
— Мен, сиздан фарқли ўлароқ, кўп ўқиганман. Мактабни битирганингизда, дадангиз, янги замон бошланди, бозорни эгалла, йўллар топ, пуллар топ, доллар топ, деб сизни ўқишга эмас, бизнесга йўналтирган.
— Мабодо, психолог ёки экстрасенс эмасмисиз? – сўрадим мен. Чунки, у фақат тўғри гапираётган эди.
— Йўқ. – деди у, — Мен тадқиқотчиман.
— Қандай тадқиқотчисиз?
— Сиз, аввалига, ишлаб чиқариш фирмаларидан олиб, қурилиш моллари бозорида тайёр шпаклевка сотдингиз. Бизнесга иқтидорингиз бор экан, атрофни кузатиб, шпаклевкани ҳар бир харидорга тортиб беришга анча вақт кетишини, клиентлар эса уни асосан ўн килограммдан олишаётганига эътибор қилдингиз ва фирмадагиларга маҳсулотни шунчадан қадоқлаб беришларини сўрадингиз. Натижада, атрофдаги савдочилар кунига икки юз — уч юз килограммлаб шпаклевка сотишса, сиз тонналаб учирдингиз. Яхши-яхши пул топдингиз. – деди у саволимга парво қилмай.

— Ниятингизни тушунмаяпман. – сўз қотдим мен. – Ҳамма гапингиз тўғри. Лекин, ўзим биламан буларни. Мана, ҳозир, ўша пуллар асосида ишлаб чиқариш корхонаси очганман. Ишларим яхши. Уй-жойимни замонавий қилиб таъмирладим. Машинам янги. Бир фарзандим бор. Уни энг номдор мактабга берганман, шахсан директорига пул тўлаб. Ўзим ўқимаган бўлсам ҳам, уни зиёли қилмоқчиман. Хўш, нега мени йўлдан қолдириб, вақтимни олаяпсиз?

Сотувчи менга синчковлик билан тикилди. Ва кесатиброқ сўз қотди.
-Кечирасиз, бизнесмен ака. Мен аҳмоқ, мен нодон, билмасдан сизнинг қимматли вақтингизни олиб қўйибман. Лекин, аслини олганда, сиз ўзингизнинг умрингизни ўзингиз беҳуда сарфлаяпсиз!
-Қандай қилиб? – таажжубландим мен. – Ўз ишимни қилаяпман. Баъзиларга ўхшаб, бутун рўзғор юкини хотинига ташлаб, кўчаларда нарди ўйнаб, чойхоналарда валақлашиб, вақтимни совуриб юрмаяпман-ку! Оилам, фарзандим учун жон куйдираяпман.

— Ишингиз яқинда касод бўлади. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларингизни ҳеч ким олмай қўяди. Давлат текширув муассасаларидан келишиб, ташкилотингизни тити-пити қилишади. Бор-йўқ топганларингизни уларга топширасиз. Шунда ҳам қутиласизми-йўқми, билмайман. Лавозимли ўртоқларингиз ҳам сизга ёрдам бера олишмайди. Керакли пайтда улар узоқ сафарга кетган бўладилар. Тушундингизми, нега сизни тутиб қолганимни?

Бу сўзлардан даҳшатга тушдим. Унга ишонмай, гапларингга тупурдим, деб
кетворишим мумкин эди. Аммо, у менинг бутун ҳаётимдаги воқеалардан хабардорлигини намойиш қилди-ку! Қаршимдаги одам бир нарсани билмаса, бунчалик ишонч ва истеҳзо билан мени чўчитмасди.
— Қаердан биласиз? – сўрадим мен нафасим ичимга тушиб.
— Айтдим-ку, кўп китоб ўқиганман, ҳаёт тадқиқотчисиман, деб.
— Ҳазиллашмаяпсизми? – дедим умид билан.
— Сизни умримда биринчи бор кўраяпман. Ошна ёки оғайни эмасман.
— Айтган воқеаларингизнинг олдини олиш учун нима қилишим керак? Маслаҳат бера оласизми?
— Ҳа, албатта. Ниятим ҳам, вазифам ҳам шу. Ҳар бир инсон бу ҳаётда ўз вазифасини бажариб яшаши шарт.
— Мен нима қилишим лозим?
— Энг аввало, ўз вазифангиз билан шуғилланишни бошлашингиз керак.
— Эътиборингизга биноан эрта-ю кеч вазифам ҳақида ўйлайман, яна қандай маҳсулот ишлаб чиқарсам экан деб, тажрибалар ўтказаман.

Сотувчи яна истеҳзоли жилмайди.
– Бу вазифа, бу иш – ўша оми дадангизнинг топшириғи. Сиз ўйлаб кўрганмисиз, бу дунёга нима учун келганлигингизни?
— Ҳа, албатта! Барча каби пул топаман, бола-чақа ўстираман, уларни уйли-жойли қиламан. Набираларим бўлади. Қариб кучдан қолганимда жонимни топшираман. Шу.
— Кўрдингизми, сиз ҳам омисиз. Агар, кўп китоб ўқиганингизда, бу ҳаёт тўғрисида ўйлаганингизда, асло бундай гап гапирмаган бўлардингиз. Айтган жараёнингизни онгсиз ҳайвон ҳам адо этади. Сиз – инсонсиз-ку!
— Хўш, менинг ўрнимда, оми эмас, ақлли бўлган инсон нима қиларди?

— У энг аввало, ўйларди: “Мен нима учун, қандай мақсадда дунёга келганман? Ҳаётдаги вазифам нимадан иборат экан?” Ва жавоб топгач, ўша касб билан шуғилланишни бошларди.
— Демак, мен ҳам шундай фикрлашим лозим. Тўғри тушундимми?
— Хулосангиз яхши. Келинг, биргалашиб мулоҳаза қилайлик. Сиз қандай вазифа билан ҳаётга келгансиз. Лекин, яхши билиб олинг, ҳеч ким бу дунёга кўп пул топсин деб юборилмайди. Бу ўта янглиш, ўта омиларча мақсаддир.
— Сиз шундай гапираяпсизки, гўё ўзга дунёдан келгандаксиз. Фантастик киноларда кўрганман бундай ҳолатларни.
— Мана, бу гапингиз ҳам тасдиқлаяпти, умуман китоблар ўқимаганлигингизни. Яхшиям, кино деган нарса чиққан, сиздака омилар учун.
— Тўғри топдимми? Чунки, шунча йил яшаб сиздек гапирадиган, фикрлайдиган одамни учратмаганман.
— Балки, тахминингиз ўринлидир. Лекин, менинг қаердан келганлигимнинг умуман аҳамияти йўқ. Фақат, шуни маълум қилишим мумкинки, мен ушбу оламдаги янглиш йўлга кирган ҳар бир одамга қирқ ёшлар арафасида бир марта учрайман ва уни тўғри йўлга солишга уринаман. Бу менинг асосий вазифам. Сўзимни уққанлар, тегишли хулоса чиқариб, ҳаётларини кескин ўзгартирадилар ва қолган умрларини фаровонликда, барча орзу-ҳавасларига эришиб ўтказадилар.

— Ўзим ақллиман, дейдиганлар-чи?
— Сизга айтдим, нима бўлишини. Бор-шудингиздан айрилиб, яна пул топиш йўлидан қайтмасангиз, оғир касалликка дучор бўласиз, ўзингизни, яқинларингизни қийнайсиз ва вақт келиб, руҳий оламга ўтганингизда қаҳрли муносабатга дуч келасиз.
— Майли, маслаҳат беринг. Аввало, айтинг менинг бу дунёдаги вазифам нима?
— Ана энди, ўзингизга келдингиз, эслаб кўринг-чи, болалигингизда қандай ўйинчоқларни севардингиз, қандай касбдаги кишиларга ҳавасингиз келарди?
— Дадамга бир неча марта “Тез ёрдам” машиначасини олиб беринг деганман. Лекин, пул йўқ деб жавоб берганлар. Умуман, болалигимда ҳам, ҳозир ҳам оқ халат кийиб беморларни даволаётган одамларни кўрсам ҳавасим келади. Лекин, улар маошга қарам одамлар. Пуллари кам. Назаримда, очин-тўқин яшайдилар. Уларнинг кўпчилиги касалларнинг қўлига қарамлар. Шунинг учун, баъзи-баъзида, яхшиям бизнес билан шуғилланаман, деб қувониб қўяман.

— Демак, масала ечилди. Сиз бу ҳаётга одамларни даволаш вазифаси билан келгансиз. Ҳали ҳам кеч эмас. Бизнесни йиғиштириб, шифокорликка ўтинг.
— Қандай қилиб? – тутоқдим мен. – Ёшим қирққа яқинлашди, ўқиш учун яна беш-олти йил кетади. Уларнинг топадиган пули маълум, оиламни қандай боқаман?
— Бу ҳаётдаги қонунлар шундайки, ҳар бир инсонга ўзининг чин вазифасини аниқлаш, уни бажариш йўлига кириш учун қирқ ёшига қадар муддат берилади. Бу чегаравий ёшдан сўнг, у, топшириқни бажармаётган хизматчилар ишдан ҳайдалганидек, бу дунёдан кетказилади. Айтайлик, инфаркт, инсульт, бошқа касалликлар ёки жуда бўлмаса, аварияга учратиш йўли билан руҳий оламга олиб кетилади. Ёққан вариантни танланг.
— Сиз мени икки ўт орасига ташлаяпсиз!
— Янглишаяпсиз. Гуллаб-яшнаган боғ билан ўт орасидасиз!

— Тушунтиринг!
— Ўзига топширилган вазифани сидқидилдан бажараётган кимсалар борлиқ томонидан доимо қувватланадилар, уларга омад, топаётган маблағларига барака берилади. Жаъми орзу-ҳавасларига эришиш йўллари очиб берилади. Уларга ёмон ниятли, зарар келтирувчи одамлар рўпара этилмайди. Фақат яхши инсонлар билан мулоқотга киришадилар. Фарзандлари ҳам бахтга эришадилар. Шу гапларимнинг ўзи сизга кифоя қилиши керак. Оми бўлсангиз ҳам, мантиқий фикрлай олар экансиз.
— Ҳозир, менинг бошимга бир фикр келди. Шифокорликни яхши эгаллаб олсам, балки хусусий клиника очарман, тўғрими?
— Инсон ҳар қандай шароитда, агар ўз йўлидан кетаётган бўлса, ажойиб ютуқларни қўлга киритиши мумкин. Мен сизга яна бир маслаҳат бераман, агар қабул қилсангиз.

— Айтинг.
— Сиз бу ердан чиқиб, бир катта миқдорда савдо қилувчи одам билан учрашмоқчисиз. Асло, на оғзаки, на расмий, шартнома тузманг. У банкдаги ҳисоб рақамингизга тўрт-беш кунгина фаолият юритадиган фирма орқали озгина пул ўтказади-да, хушмуомилалик билан улкан ваъдалар бериб, катта миқдорда маҳсулотларингизни олади. Шундан сўнг, унинг ўзини ҳам, идорасини ҳам тополмайсиз. Фақат, бу гапни каминадан эшитганингизни ҳеч кимга айтманг. Акс ҳолда, менга яхши бўлмайди.
— Нима, сиз у кимсани танийсизми?
— Ҳа, у ўз вазифаси йўлида юрмай, пул топишга гирифтор бўлганларни жазоловчи бўлинма вакили. Билиб қолса, устимдан шикоят қилади. Ва мен мукофотланмай қоламан. Сиз эса менга тушунувчанлигингиз билан ёқиб қолдингиз. Англадингизми? Баъзиларга минг гапир, кўзини лўқ қилиб, бу одам нималар деяпти, деб асосий ғояни англай олмай тураберадилар. Шундай, ўз бошларига бало орттирувчи ғалчаларни хуш кўрмайман.
— Тушундим.

— У ҳолда, хайр. Биз бошқа учрашмаймиз. Бугуноқ шифокорлик йўлига тушиш режасини тузинг ва ҳаракатларингизни бошланг. Одамларнинг турли, яхши-ёмон гапларига парво қилманг. Сиз ўз ҳаётингиз ва келажагингиз эгасисиз. Эслатаман, омиликни тарк этиш учун танлаб-танлаб, яхши-яхши китоблар ўқиб юринг. Шунда асло янглишмайсиз.
— Хўп бўлади. Майли, хайр. Дарвоқе, мен бу кўчадан қайси томонга юриш шаҳар марказига олиб боришини билмайман-ку! Айтолмайсизми?
— Мен, эътиборингизга биноан, маълумотлар берувчи ташкилот ходими эмасман.
— Шу оддий саволга жавоб бериш қийинми? Ғалати одам экансиз! – дедим мен таажжубланиб.
— Бундай хилдаги саволларга жавоб бериш менинг ишим эмас. Сиз, яхшиси, ташқарига чиқинг. Ўз вазифасини аниқ билган одам ҳар қандай нотаниш кўчадан йўл топиб кета олади. Яна бир марта хайр!

— Майли, хайр! Сизга катта раҳмат! – дедим мен ва эшик сари йўналдим.
Ташқарига чиқдим. Ва лол қолдим. Ўзимга жуда яхши таниш кўчада турардим. Ўнг томонга юрсам, уч-тўрт километрдан кейин кичик ҳалқа йўлига уланаман. Машинам олдига бориб, уч қаватли бино тагидаги дўкон томонга ўгирилдим. Таажжуб, унинг эшигидан кетма-кет учта одам чиқди. Улар қаердан пайдо бўлишди? Мен қайтиб дўконга кирдим. Сотувчининг қиёфаси ўзгача, икки кишига хизмат кўрсатаяпти.
– Кечирасиз, ҳозиргина шу ерда бошқа бир сотувчи ўтирганди. Шеригингиз бўлса керак, қани у? – сўрадим мен.
Бу дўкончи менга жиннига қарагандек боқди.
– Дўконимиз кичкина. Мендан бошқа сотувчи йўқ! – кескин жавоб берди у.

Индамай қўяқолдим. Ташқарига чиқиб, машинамга миндим.
Бу воқеанинг сир-асрорига тушунмай лол қолиб, бир-икки дақиқа ҳаёл суриб ўтирдим. Ажабо! Биз яшаётган дунё жуда антиқа-я!
Ниҳоят, машинамни ўт олдирдим-да, янги шартнома тузиш учун эмас, корхонамни ёпиш учун қандай хужжатларни расмийлаштириш зарурлигини аниқлаш учун масъул идора томон йўл олдим.

ҚАСОС

Ҳозирги замонда нима кўп, одамларнинг бир-бирларидан қарздорликлари кўп. Айтайлик, бир йигит тижоратчи. Унга кимдир тўсатдан арзон нархда харидоргир маҳсулот таклиф қилади. “Тез сотиб ол, эртага бўлмайди. Бугун нақд тўлаб, уни қўлга киритсанг, эртага икки баробар қимматига пуллайсан – зўр фойда қиласан! Эгасига пул зарур экан…”, дейди. Хаттоки, ўша маҳсулотни кўрсатади. Аммо, бу тижоратчи йигитда маблағ йўқ. Ҳаммасини бошқа ишларга сарфлаб қўйган. Шунда, у катта фойдадан қуруқ қолмаслик умидида, зир югуриб, ўзидан пулдорроқ дўсти олдига зинғиллаб боради. “Оғайни, менга палон миллион сўм бериб тур! Нари борса уч кунда қайтараман! Мени қандайлигимни биласан, ҳеч қачон ҳеч кимни алдамаганман. Сўзим – сўз! Гапим – гап!..” Воқеанинг бу ёғини тушунгандирсиз. Тижоратчи қарз олиб, пулни ваъдабознинг қўлига тутқизади. Шундан сўнг, на маҳсулотни, на унинг ўзини топади. Оқибатда ўзи катта қарздорга айланади. Яқин оғайнисининг душманига айланади.

Ёки бошқа ҳолатни олайлик. Бу ҳозирги замон айрим дўкондорларига хос. Улар ишлаб чиқарувчидан, шартнома тузиб, маҳсулот олишади. Кейин: ”Менинг нақд ҳаражатларим кўп, ҳали ўт ўчирувчилар, ҳали ҳуқуқ посбонлари, ҳали санитария ходимлари – хуллас уларнинг ҳаммасини рози қилмаса бўлмайди, шунинг учун бир партия маҳсулотни нақдга беринг, сотилгач, пулингизни бераман!” – дейди. Ишлаб чиқарувчида худди шундай муаммолар мавжуд. У дархол айтилганни бажо келтиради. Уч-тўрт марта шундай ишлангандан сўнг, дўкондор қилиқ чиқаради. “Ана молингиз турибди, ҳаммаси сотилмади, таниш харидор келганди, пули камроқ экан, насияга бериб юбордим!” ва ҳакозо баҳоналар чексиз вақт тўқиб борилаверади. Корхона эгаси уни судга беролмайди – сабаби маълум. Шундай қилиб, у бир партия маҳсулотга “аъзо” бўлади. Дўкондор эса бу пайтда бошқа ишлаб чиқарувчи билан худди шундай мулоқотга киришган бўлади. Ҳозир ким кўп – ишлаб чиқарувчи кўп!

Яна бир турдаги дўкондорлар мавжуд. Улар асосан харидорларни чув тушириш билан шуғилланишади. Улар сифатсиз ва арзон маҳсулотларни мақтаб-мақтаб қимматга сотадилар, нарх-наволардан хабарлари йўқ одамларни лақиллатиб, бир сўмлик молни юз сўмга пуллайдилар. Ўзимизда чиқарилган маҳсулотларга бошқа этикетка ёпиштириб, чет элдан келтирилган, сифатига гап йўқ, деб, катта фойда оладилар.

Шунинг учун, шундай хилдаги дўкондорлар янги-янги машиналарда юришади. Янги уй-жойлар қуришади. Лекин, шундай “бизнес”нинг оқибати ҳақида улар ўйлаб кўрганмилар? Билмайдиларки, менинг ташкилотим ходимлари улар ҳақида барча маълумотга эгалар ва ҳар дақиқада жазолашга тайёр турадилар. Менинг биргина ишорам бўлса, кифоя.

Ҳа, менинг махсус ва маҳвий ташкилотим худди шундай ўзгаларнинг ҳақини алдов ва товламачилик йўлллари билан ўзлаштирувчи дўкондорлар билан шуғилланади. Ҳа, фақат дўкондорлар билан! Бошқа турли хилдаги товламачи ва фирибгарлар бошқа ташкилот томонидан кузатилади ва вақт келганда қақшатқич зарба оладилар. Менинг, бу шаҳарда қанча бозор бўлса, ўшанча ходимим бор. Дарвоқе, ўзимни яхшилаб таништирай, тағин бу одам ўзини ким деб фараз қилаяпти, деб, бошимда ёнғоқ чақиб юрманг!

Мен на милиция, на прокуратура ва на бошқа ҳуқуқ идораларига бўйсунмайман. Чунки, мен ва ташкилотим ходимлари ўзга сайёраликмиз. Биз бу ишни яширин тадқиқот сифатида олиб бормоқдамиз. Биз истаган қиёфага кира оламиз, хоҳласак, кўринмас бўлиб ҳам юра оламиз. Биз ҳамма одамларни кўрамиз, бизнинг мавжудлигимизни ҳеч ким сезмайди. “Унда, Ер юзидаги одамларни қилмишлари учун жазолашга нима ҳаққингиз бор? Ўз тадқиқотингизни ўтказинг-да, сайёрангизга жўнаб қолинг!”, дейишингиз мумкин. Ва-ҳа-ҳа… Ахир, ҳеч ким бу олғирларнинг мушугини пишт демаса, аксинча, улар ўз пулини сўраб борган одам устидан милицияга туҳматона арз қилиб, қаматиб юбораётган бўлсалар, натижада бечора жабрдийданинг ҳаёти синаётган бўлса, кимдир уларни жазолаши керакми, йўқми? Хуллас, менинг мантиқим шундай. Биласизми, қасос жуда фойдали нарса. Айниқса, ҳар ким бировга қилган жабри учун қасос олиниши муқаррарлигини билса, ўта фойдали. Кимга фойдали?.. Жамият ривожланиши учун-да! Мен ҳам онгли мавжудотман, менда ҳам қалб бор. Менда ҳам ҳақиқат сари интилиш бор. Мен ҳам чорасиз қолганларга ачинаман. Ва улар учун ўч олишни севаман. Ёмонларни жазолаш имкониятим бор экан, нега бундай ишдан бўйин товлай?..

Энди, сизга бир воқеани айтиб бераман. Диққат билан тингланг.

Ҳар куни кечқурун ўтказиладиган хулосавий йиғилишимизда ходимларимнинг бири ўз бозори ҳудудидаги бир инсоният вакили тўғрисида маълумот берди.
– Командор! Бир одам бор. Олғирларнинг олғири! Пасткашларнинг пасткаши! Уни зудлик билан жазоламасак бўлмайди! – деди у.
– Сабаб? – сўрадим мен. – Одатда, биз арқонни узун ташлаймиз-ку!
– Уни нафақат жазолаш, балки ундан қасос олиш даркор! – хитоб қилди у.
– Нега, ахир? – саволимни қайтардим мен. – Сабабини билишим шарт!
– Ўзингизга маълумки, биз иложи борича қасос олишни кечиктирамиз. Аввал, унинг тушига кириб огоҳлантирамиз. Шунда ҳам эс-ҳушини йиғиб олмаса, боласига касаллик юқтирамиз. Бу восита таъсир қилмаса, дўконига очкўз текширувчиларни юборишни ташкиллаштирамиз, токи улар унинг бор-йўғини шилиб олсинлар ва у чуқур ўйга тўлсин, қилмишларини таҳлил қилсин деб.

– Ўша одаминг бу босқичлардан ўтдими?
– Ҳа, аллақачон ўтган.
– Нима, барибир, ўз қора ишларини бекам-у кўст бажариб юрибдими?
– Ҳа! У ёшлигидан шунақа. Мана, янгилари. Бир неча ой илгари ёшликда бирга ўсган оғайнисини ҳамкорликка чорлади. Бирга савдо корхонаси очайлик, сен қонун-қоидаларни яхши биласан, мен раҳбар бўлсам ҳам барча ишни ўзинг юритасан, фойдани қоқ ўртасидан бўлиб ишлаймиз, деб таклиф қилди. Дўсти ишониб, рози бўлди. У барча мураккаб ишларни оғайнисига топшириб, ўзи фақат тушган пулларни тақсимлаш мажбуриятини олди. Очкўзлигидан, хаттоки, солиқ кодексининг қонун-қоидаларига бўйсунмай, маблағларни чўнтакка ура бошлади. Шеригига-ю онда-сонда, мана сани улушинг деб, озроқ пул ташлаб қўя бошлади. Ҳаммадан эътиборлиси, биз уларнинг корхонасига текширувчилар юборганимизда кўзга кўринди. Топилган камчиликлардан у дарҳол бўйин товлади ва корхонамнинг иш юритувчиси мана бу йигит, мен номигагина директорман, унинг чизган чизиғидан чиқмайман деб, барча гуноҳни дўстининг бўйнига юклаб, ўзи четга чиқиб, индамай тураберди. Яхши ҳамки, мен бош текширувчининг онгига таъсир кўрсатиб, бегуноҳ одамни жабрдан қутқариб қолдим.

– Нега мендан рухсат сўрамадинг?
– Ўзингиз айтгансиз, унар-унмасга безовта қилаберманглар деб! Шароит тақозо қилди, мен руҳий кучимни ишлатдим.
– Унда, майли. Хўш, кейин-чи?
– Кейин, у бошқа бир, таниш-билишлари кўп оғайнисига Дўконларни Текшириш департаментида таъсирли одам топилса, ўз бизнесини у орқали ҳимоя қилиш нияти борлигини айтди. Оғайни эса дарҳол ўшандай кишига рўпара қилди. Янги таъсирли одам ёрдам бериб туришга тайёрлигини айтди. Ва вақт келганда, ўз хизматлари тақдирланиши лозимлигини эслатди.

– Хўш, у пул беришни истамагандир. Бировга муллажиринг узатгунча, жони чиқиб кетган бўлса керак-а?
– Ҳа, худди айтганингиздек бўлди. У шартта юқорироқ идорага ариза ёзиб, ўзидан пора талаб қилинаётганлигини хабар қилди. Ва ўзига ёрдам берган одамни қаматиб юборди.
– Қойил! У жуда ноёб нусха экан!
– Бунинг устига, яқинда яна бир ошнасини чув туширди.
– Йўғ-е, яна қандай усул қўллади? Ўша ошна ҳам аввал унга ёрдам қўлини чўзгандир-а?

– Командор! Сиз ерликларни жуда яхши ўрганибсиз! У ўқишга хафсаласи йўқ ўғлини ўқишга киритишни истаб қолди. Фарзанди ўз кучи билан дорилфунунга киролмасди. У буни яхши биларди. Шунинг учун, ўша ошнага бориб, сени дорилфунунларда таниш-билишларинг мўл, ўғлимга ёрдам бер, ўқишга кирсин, “соққа”сини албатта бераман деб ваъда қилди. Ошна эса керакли одамларни топиб, унинг фарзандини ўқишга киритди. Пул беришга келганда, у: “Ошна! Ёнингда бўлса, бериб юбор, мен ҳозир қийналиб турибман, кейинги ой етказиб келаман!” деб, келишилган маблағни эмас, фақат бир қоп ваъда берди… Командор! Бу кетишда, у кўпчиликни қақшатади. Айтганларим, хамир учидан патир холос! Зудлик билан чора кўринг!

Мен ўйга толдим. Унга қандай жазо берсак экан?.. Автоавария уюштирамизми? Балки, севимли фарзандини ўсал қилиб ётқизиб қўярмиз? Нима қилсак муносиб иш бўлади? Мен ходимларимга боқдим.
– Мана, ўзингиз эшитдингиз. Бу нусхага нисбатан, жабрдийдалар номидан, қандай қасос қўллаш ўринли? Милиция ёки бошқа ҳуқуқ ташкилотлари қўлига топширишдан фойда йўқ. Улар қонун томондан ҳеч нарса қила олмайдилар. Кимда қандай таклиф бор?

Ходимларим бирин-кетин фикрларини баён қила бошлашди.
– Безори, ишкалчи, ҳеч кимдан тап тортмайдиган одамларга рўпара қилиб, яхшилаб урдириш лозим. Улар унинг боплаб пўстагини қоқишсин!
– Яна бир шунга ўхшаш нусхани топиб, иккаласининг машинасини бир-бирига урдириб, мажақлатиб, уларни майиб қилиб, касалхонага туширилса, қандай бўларкин?
– Уйига ўғри тушириш керак! Барча топган пулларидан ажралсин!
– Бултур узатган қизини эрининг хонадонидан ҳайдата қолайлик! Қизи бахтини йўқотсин!
– Балки, шол қилиб, инвалидлар аравачасига ўтказиб қўйган яхшироқдир?!
– Уйига ўт туширсак, муносиб қасос бўлар, нима дейсиз?

Бу таклифларнинг барчаси жўяли эди. Бу айтилган қасослар кўп марта ишлатилганди. Лекин, бу сафар мен жуда бир оригинал, илгари қўлланилмаган қасос усулини топмоқчи эдим.
– Йўқ, — дедим мен, — буларнинг барчаси жуда оддий қасослар. Биз шундай усул топишимиз керакки, у қийналиб-қийналиб, дардларига даво тополмай, бу дунё мени нега азоблаяпти, деган фикрлар билан, ўз уйида, хотин — бола-чақасининг орасида эмас, кўчада, бегона одамлар орасида ўлиб кетсин. Ва уни ҳеч ким танимасин. Бу ердаги жамият ушбу нусхадан тозалангани учун фақат шукур қилиб, енгил тортади. Хўш, нима дейсизлар?

Йиғилишда ғала-ғовур бошланди. Ҳар ким атрофдагиларнинг сўзларини эшитмай ўз фикрини баён қиларди.
– Бўлди, тўхтанглар! Галма-гал гапиринглар! – қичқирдим мен.
Биринчи бўлиб, ўша таклиф киритган ходимим фикрини айтди.
– Тўппа-тўғри! Мен шу ғоя тарафдориман. Фақат унга қандай бедаво дард берамиз?
– Инфаркт! – хитоб қилди бошқа бир ходим. – У яхшигина оғриқ беради. Инсон роса азоб чекади.
– Йўқ, бўлмайди, — дедим мен. – Бу касаллик ҳозир яхши даволанаяпти. Ўзини асраган кимса узоқ яшаяпти.
– У ҳолда, инсультни таклиф қиламан! — деди у жавобан. – Кучли инсультни даволаш жуда мушкул.
– Йўқ, бу вариант ҳам бўлмайди. Бемор комага тушиб, азоб чекаётганини яхши ҳис қилмайди.

Биринчи ходимим қўл кўтарди.
– Хўш, ўзингга нима фикр келди? – сўрадим мен.
– Унинг вужудида, менимча, рак, яъни саратон касаллиги пайдо қилган маъқул. Сабаби, бундай бемор то ўлгунча оғриқдан азоб чекади, аксарият ҳолларда дори-дармон ҳам, жарроҳлик операцияси ҳам фойда бермайди. Биз тез ривожланувчи рак вариантини танласак, у ярим йил – бир йил давомида азобланиб ўлади ва қилмишларини эслайди, бошқаларни алдаб, чув тушириб топиб, босиб ётган пуллари кўзига ҳам кўринмайди. Уларнинг ҳаммасини дорилар ва муолажаларга сарфлайди. Етмаганига машинасини сотади. Вафотидан олдин унга бир оз енгиллик берамиз ва у ўзини яхши ҳис қила бошлагач, қаергадир, бирон сафарга жўнатамиз. Бегона шаҳарда, бегона одамлар орасида, кўчада тўсатдан вафот этади. Унинг кимлигини аниқлашга анча кунлар кетади. Танаси сасиб кетади. Ҳаром пулга катта бўлган фарзандлари эса оталарининг мурдасини ўзга юртдан олиб келиш учун қариндош-уруғдан ёки таниш-билишлардан пул қидиришади, овора-ю сарсон бўлишади.

– Ким рози?! – сўрадим мен йиғилиш аҳлига қараб.
– Барчамиз! – ҳамма бир овоздан жавоб берди.
– Унда мажлис тамом. Ушбу қарорни амалга оширишни ушбу иш учун маъсул бўлган ходимимизга топшираман. У вазифа бажарилгунча, бизга вақти-вақти билан, яъни ҳар ҳафта маълумот бериб туради. Гап тамом – вассалом!

Айтилган кимсадан, ўн ойлик чидаб бўлмас оғриқли азоб-уқубатларга дучор этиб, барча жабрдийдалар номидан қасос олдик. Унинг руҳи янада азоблироқ оловли дунёга равона бўлди.

Шундан бир ойча ўтгач, мен унинг бирон фарзанди, айтайлик, қизи билан суҳбатлашиб кўришга қарор қилдим. Минг қилса ҳам, тадқиқотчиман-да. Қани, ерликлар бутун умр ифлослик билан шуғулланган оталари ҳақида нима дейишаркин?

Мен ўша нусханинг таниши, онда-сонда уйларига бориб, учрашиб турадиган қариндош суратига кирдимда, йирик савдо мажмуаси ичида айланиб юрган киши бўлиб “тасодифан” унинг қизи билан учрашиб қолдим. У мени таниди ва салом берди.
– Ва алайкум ассалом. Қалай соғлиқларинг яхшими? Хафа бўлмай юрибсанми?
– Амаки, нима ҳам қилардик. Дунёнинг ишлари шунақа экан… Кўп умр кўрмадилар.
– Ҳа, тўғри айтасан. Ҳаёт жуда бешавқат.
– Ҳали яшасалар бўларди. Ҳеч кимга ёмонлик қилмаганлар. Қўй оғзидан чўп ҳам олмасдилар. Одамларга жуда меҳрибон эдилар. Барча дўстларини севардилар…
– Майли, сизларга сабр тилайман, — дедим мен, қийинлик билан ҳайратимни яшириб, ва шошилиб турганимни баҳона қилиб, нари кетдим.

Таажжуб! Жуда таажжуб! Бизнинг сайёрада оқни оқ, қорани қора дейишади. Шунинг учунми, биздаги тараққиёт бутун Сомон Йўлида энг илғорлардан ҳисобланади. Сизларда эса… Таажжуб! Лекин, барибир, биз бор эканмиз, тараққиётингиз олға бораверади. Мен бунга ишонаман ва бунинг учун, ёмонлардан қасос олишлар орқали, ўз ҳиссамни қўшавераман…

011
Ozod MO»MIN XO’JA
IKKI FANTASTIK HIKOYA
011

022   Ozod Mo»min Xo’ja (Mo’minov Ozod Po’latovich) 1952 yil 12 noyabrda Toshkentda tug’ilgan. Toshkent Davlat Universiteti Fizika fakul`tetini tamomlagan. 1975 yili VNIIPromgazning O’rta Osiyo filialida injenerlik faoliyatini boshlagan. 1980 yildan to 1990 yilgacha O’zbekiston Fanlar Akademiyasi Fizika-Texnika ilmiy-tekshirish institutiga o’tib, ilmiy xodim sifatida faoliyat olib borgan.
Shu yillar davomida adabiyotga qiziqib fantastik hikoyalar bita boshlagan. 1987 yilda “Xiyobondagi uch uchrashuv” fantastik hikoyalar to’plami, 1989 yilda “Men – robot” kitobi, 1990 yilda “Eng dono ot” kitobi (tarjima asar) bosmadan chiqqan.  1992 yilda “Buyuk Amir Temurning yoquti” tarixiy asari “Sharq yulduzi” jurnalida va 1993 yili alohida to’plamda chop etilgan. “Bir yigit va uch qiz hangomasi” hajviy hikoyalari to’plami (1997), “Sardor “Beshagachskiy” – toza o’g’ri” kriminal qissasi (2004), “Vahdat ul-haqoyiq” falsafiy traktati (2006), “Oyjamol” choyxonasi” kriminal trilleri (2007) chop etilgan.
2006 yildan O’zbekiston tarixidagi noyob xislatli insonlar hayotiga qiziqib, ularni o’rgana boshlagan. 2008 yilda buyuk Bahouddin Naqshbandning ustozi haqida “Hazrat Sayid Amir Kulol”, 2010 yilda boshqa bir buxorolik avliyo haqida “Xo’ja Muhammad Parron” deb nomlangan tarixiy voqeanomalar asarini bitgan.Ozod Mo»min Xo’ja 1991 yildan O’zbekiston Yozuvchilari Uyushmasi a’zosi.

011

ANTIQA DUNYO

Har bir inson o’zini o’rab turgan muhitdagi yashash qoidalari asosida hayot kechiradi. Bu – aksiomadir, ya’ni isbot talab qilinmaydigan qonundir. Olaylik, biz, agar, o’zga mamlakatga safar qilsak, u yerda qanchadir kunlarni o’tkazishimiz lozim bo’lsa, albatta o’sha yurtdagi sharoitga moslashishga majburmiz. Aks holda, o’zimizni o’zimiz turli kutilmagan qiyin holatlarga tushirib qo’yishimiz tayin.

Bir kuni ulkan shahrimizning o’zim yaxshi bilmaydigan qismiga bir ish bilan borishimga to’g’ri keldi. Yangigina mashinamni mindim. Mo’ljaldagi tumanga g’irillab yetib bordim. Lekin, u yog’iga qiynaldim. Ko’chalarning nomlari yozilmagandi. Turli odamlardan so’rab-so’rab aytilgan dargohni topdim-u, keyin qaytishda yana adashdim. Umuman notanish ko’chalarga kirib qoldim. Piyodalardan kattaroq yoki magistral` yo’lga qanday chiqishni surishtirib, unga nihoyat yetdim. Ammo, u ham o’zgacharoq edi. Odamlar juda siyrak, yo’l yoqasida hech kim ko’rinmasdi. Bir chetda to’xtadim-da, qarshimdagi uch etajli binoning birinchi qavatida joylashgan oziq-ovqat do’konchasiga kirdim, xaridorlar yo’qligidan zerikib o’tirgan, yoshi taxminan o’zimdan sal kattaroq, qirq-elliklar orasida kabi tuyulgan sotuvchidan so’radim:

— Kechirasiz, bu ko’chani taniy olmayapman. Adashib qolganga o’xshayman. Qanday qilib markaz tomonga yo’nalsam bo’ladi?
Sotuvchi shartta javob qildi.
— Men, e’tiboringizga binoan, ma’lumotlar beruvchi tashkilot xodimi emasman.
— Shu oddiy savolga javob berish qiyinmi? G’alati odam ekansiz! – dedim men taajjublanib.
— Eshitganmisiz, bilimsizlik – odamni adashtiradi, noto’g’ri, qing’ir yo’llarga olib kiradi. Ayb o’zingizda. Meni haqorat qilmang. Nima, shaharga yangi ko’chib kelganlardanmisiz?
— Yo’q, shu yerda tug’ilganman. Faqat, bu yoqlarga hech yo’lim tushmagan ekan. Nima, ma’lumot bermaysizmi?
— Yo’q. Mashoyixlar aytishganki, har bir kimsa o’zi tug’ilib o’sgan maskanni, ya’ni vatanini yaxshi bilishi va o’rganishi kerak. Shuncha yoshga kirib, o’z shahringizda adashib yuribsiz. O’zingiz g’alati ekansiz!

Men ushbu sotuvchi bilan faylasufona suhbat qurish niyatida emasdim. Shoshayotgandim. Bugun, hali qancha joylarga borishim, korxonamda ishlab chiqarilayotgan mahsulotlarni taklif qilishim, ularning o’ziga xos tomonlarini tushuntirishim va rozi bo’lishsa, shartnoma tuzishim, undan kelib chiqib, keyingi kunlardagi ishlarimni mo’ljallashim lozim edi. Shuning uchun, do’konni tark etishga shaylanib, unga kesatibroq so’z qotdim.
— Rahmat, qimmatli o’gitlaringiz uchun. Ertadan shu ishga kirishaman. Yaxshi qoling.
— Sezishimcha, siz biznes odamisiz, shundaymi?
— Ha, topdingiz, — dedim men, to’xtab.
— O’zi, biznesmenlar faqat pul topishni o’ylaydilar. O’z halqlari tarixini ham, o’tmishdagi buyuk bobokalonlarining nomlarini ham yaxshi bilishmaydi. Hozir kamayib ketgan kitob do’konlari qaerda ekanligidan-ku, umuman xabarlari yo’q. Sizlar juda tor fikrlovchi odamsizlar. Bilmayman, farzandlaringiz qanaqa inson bo’lib ulg’ayarkinlar… Ushbu yurt kelajagi ularga qolmasin.

Sotuvchining bu gaplari menga haqoratdek tuyuldi.
— E’tiboringizga binoan, men tariximizni yaxshi bilaman. Buyuk bobolarimizni ham, masalan, Amir Temur, Alisher Navoiy, Mirzo Ulug’bek, Ibn Sino, Beruniylarni…
— Siz, aysberg, ya’ni muztog’ haqida eshitganmisiz? Uning faqat kichik bir uchigina dengiz sathidan yuqorida ko’rinib turadi. Asosiy to’qson foiz qismi esa, suv ostida berkingan bo’ladi. Aytgan zotlaringiz ana o’sha aysberg uchining bir uchi xolos. Qolganlarni bilmaysiz! Xolbuki, insoniyat rivojiga ulkan ijobiy xissa qo’shgan halq farzandisiz. Chunki, otangiz sizni omi qilib tarbiyalagan! Yoshligingizda, pulini qizg’anib, sizga kitoblar olib bermagan. Bu dunyoning, hayotning qanday mo»jizakor, antiqa va ajoyib ekanligini tushuntirmagan. Faqat, pul top, pul top, pul bo’lsa – changalda sho’rva, degan aqidani ongingizga quygan!

Bu gaplardan men albatta tutoqdim.
— Marxamat qilib, otamga til tegizmang! Mening dadam yaxshi inson bo’lgan.
— Bilaman, u taksi mashina haydagan. Niyati yo’lovchilardan ortiqcha kira haqi yulib olish bo’lgan. Siz kichkinaligingizda chiroyli kitoblarga havas qilgansiz, ularni o’qisam, suratlarini tomosha qilsam edi, deb orzu qilgansiz. Dadangiz xatto muzqaymoqqa pul bermagan. O’zi ham, bola-chaqasi ham ortiqcha yemagan-ichmagan. U onangizga, sizga va singlingizga tuzukroq kiyimlar ham sotib olmagan. Niyati, pul yig’ib yangi “Jiguli” mashinasi sotib olish bo’lgan. Bolalar quruq non-choyu, eski-tuski kiyimlarda ham katta bo’lib ketaveradi, deb fikrlagan.

— Siz bularni qaerdan bilasiz? – hayratga tushdim men.
— Men, sizdan farqli o’laroq, ko’p o’qiganman. Maktabni bitirganingizda, dadangiz, yangi zamon boshlandi, bozorni egalla, yo’llar top, pullar top, dollar top, deb sizni o’qishga emas, biznesga yo’naltirgan.
— Mabodo, psixolog yoki ekstrasens emasmisiz? – so’radim men. Chunki, u faqat to’g’ri gapirayotgan edi.
— Yo’q. – dedi u, — Men tadqiqotchiman.
— Qanday tadqiqotchisiz?
— Siz, avvaliga, ishlab chiqarish firmalaridan olib, qurilish mollari bozorida tayyor shpaklevka sotdingiz. Biznesga iqtidoringiz bor ekan, atrofni kuzatib, shpaklevkani har bir xaridorga tortib berishga ancha vaqt ketishini, klientlar esa uni asosan o’n kilogrammdan olishayotganiga e’tibor qildingiz va firmadagilarga mahsulotni shunchadan qadoqlab berishlarini so’radingiz. Natijada, atrofdagi savdochilar kuniga ikki yuz — uch yuz kilogrammlab shpaklevka sotishsa, siz tonnalab uchirdingiz. Yaxshi-yaxshi pul topdingiz. – dedi u savolimga parvo qilmay.

— Niyatingizni tushunmayapman. – so’z qotdim men. – Hamma gapingiz to’g’ri. Lekin, o’zim bilaman bularni. Mana, hozir, o’sha pullar asosida ishlab chiqarish korxonasi ochganman. Ishlarim yaxshi. Uy-joyimni zamonaviy qilib ta’mirladim. Mashinam yangi. Bir farzandim bor. Uni eng nomdor maktabga berganman, shaxsan direktoriga pul to’lab. O’zim o’qimagan bo’lsam ham, uni ziyoli qilmoqchiman. Xo’sh, nega meni yo’ldan qoldirib, vaqtimni olayapsiz?

Sotuvchi menga sinchkovlik bilan tikildi. Va kesatibroq so’z qotdi.
-Kechirasiz, biznesmen aka. Men ahmoq, men nodon, bilmasdan sizning qimmatli vaqtingizni olib qo’yibman. Lekin, aslini olganda, siz o’zingizning umringizni o’zingiz behuda sarflayapsiz!
-Qanday qilib? – taajjublandim men. – O’z ishimni qilayapman. Ba’zilarga o’xshab, butun ro’zg’or yukini xotiniga tashlab, ko’chalarda nardi o’ynab, choyxonalarda valaqlashib, vaqtimni sovurib yurmayapman-ku! Oilam, farzandim uchun jon kuydirayapman.

— Ishingiz yaqinda kasod bo’ladi. Ishlab chiqarayotgan mahsulotlaringizni hech kim olmay qo’yadi. Davlat tekshiruv muassasalaridan kelishib, tashkilotingizni titi-piti qilishadi. Bor-yo’q topganlaringizni ularga topshirasiz. Shunda ham qutilasizmi-yo’qmi, bilmayman. Lavozimli o’rtoqlaringiz ham sizga yordam bera olishmaydi. Kerakli paytda ular uzoq safarga ketgan bo’ladilar. Tushundingizmi, nega sizni tutib qolganimni?

Bu so’zlardan dahshatga tushdim. Unga ishonmay, gaplaringga tupurdim, deb ketvorishim mumkin edi. Ammo, u mening butun hayotimdagi voqealardan xabardorligini namoyish qildi-ku! Qarshimdagi odam bir narsani bilmasa, bunchalik ishonch va istehzo bilan meni cho’chitmasdi.
— Qaerdan bilasiz? – so’radim men nafasim ichimga tushib.
— Aytdim-ku, ko’p kitob o’qiganman, hayot tadqiqotchisiman, deb.
— Hazillashmayapsizmi? – dedim umid bilan.
— Sizni umrimda birinchi bor ko’rayapman. Oshna yoki og’ayni emasman.
— Aytgan voqealaringizning oldini olish uchun nima qilishim kerak? Maslahat bera olasizmi?
— Ha, albatta. Niyatim ham, vazifam ham shu. Har bir inson bu hayotda o’z vazifasini bajarib yashashi shart.
— Men nima qilishim lozim?
— Eng avvalo, o’z vazifangiz bilan shug’illanishni boshlashingiz kerak.
— E’tiboringizga binoan erta-yu kech vazifam haqida o’ylayman, yana qanday mahsulot ishlab chiqarsam ekan deb, tajribalar o’tkazaman.

Sotuvchi yana istehzoli jilmaydi.
– Bu vazifa, bu ish – o’sha omi dadangizning topshirig’i. Siz o’ylab ko’rganmisiz, bu dunyoga nima uchun kelganligingizni?
— Ha, albatta! Barcha kabi pul topaman, bola-chaqa o’stiraman, ularni uyli-joyli qilaman. Nabiralarim bo’ladi. Qarib kuchdan qolganimda jonimni topshiraman. Shu.
— Ko’rdingizmi, siz ham omisiz. Agar, ko’p kitob o’qiganingizda, bu hayot to’g’risida o’ylaganingizda, aslo bunday gap gapirmagan bo’lardingiz. Aytgan jarayoningizni ongsiz hayvon ham ado etadi. Siz – insonsiz-ku!
— Xo’sh, mening o’rnimda, omi emas, aqlli bo’lgan inson nima qilardi?

— U eng avvalo, o’ylardi: “Men nima uchun, qanday maqsadda dunyoga kelganman? Hayotdagi vazifam nimadan iborat ekan?” Va javob topgach, o’sha kasb bilan shug’illanishni boshlardi.
— Demak, men ham shunday fikrlashim lozim. To’g’ri tushundimmi?
— Xulosangiz yaxshi. Keling, birgalashib mulohaza qilaylik. Siz qanday vazifa bilan hayotga kelgansiz. Lekin, yaxshi bilib oling, hech kim bu dunyoga ko’p pul topsin deb yuborilmaydi. Bu o’ta yanglish, o’ta omilarcha maqsaddir.
— Siz shunday gapirayapsizki, go’yo o’zga dunyodan kelgandaksiz. Fantastik kinolarda ko’rganman bunday holatlarni.
— Mana, bu gapingiz ham tasdiqlayapti, umuman kitoblar o’qimaganligingizni. Yaxshiyam, kino degan narsa chiqqan, sizdaka omilar uchun.
— To’g’ri topdimmi? Chunki, shuncha yil yashab sizdek gapiradigan, fikrlaydigan odamni uchratmaganman.
— Balki, taxminingiz o’rinlidir. Lekin, mening qaerdan kelganligimning umuman ahamiyati yo’q. Faqat, shuni ma’lum qilishim mumkinki, men ushbu olamdagi yanglish yo’lga kirgan har bir odamga qirq yoshlar arafasida bir marta uchrayman va uni to’g’ri yo’lga solishga urinaman. Bu mening asosiy vazifam. So’zimni uqqanlar, tegishli xulosa chiqarib, hayotlarini keskin o’zgartiradilar va qolgan umrlarini farovonlikda, barcha orzu-havaslariga erishib o’tkazadilar.

— O’zim aqlliman, deydiganlar-chi?
— Sizga aytdim, nima bo’lishini. Bor-shudingizdan ayrilib, yana pul topish yo’lidan qaytmasangiz, og’ir kasallikka duchor bo’lasiz, o’zingizni, yaqinlaringizni qiynaysiz va vaqt kelib, ruhiy olamga o’tganingizda qahrli munosabatga duch kelasiz.
— Mayli, maslahat bering. Avvalo, ayting mening bu dunyodagi vazifam nima?
— Ana endi, o’zingizga keldingiz, eslab ko’ring-chi, bolaligingizda qanday o’yinchoqlarni sevardingiz, qanday kasbdagi kishilarga havasingiz kelardi?
— Dadamga bir necha marta “Tez yordam” mashinachasini olib bering deganman. Lekin, pul yo’q deb javob berganlar. Umuman, bolaligimda ham, hozir ham oq xalat kiyib bemorlarni davolayotgan odamlarni ko’rsam havasim keladi. Lekin, ular maoshga qaram odamlar. Pullari kam. Nazarimda, ochin-to’qin yashaydilar. Ularning ko’pchiligi kasallarning qo’liga qaramlar. Shuning uchun, ba’zi-ba’zida, yaxshiyam biznes bilan shug’illanaman, deb quvonib qo’yaman.

— Demak, masala yechildi. Siz bu hayotga odamlarni davolash vazifasi bilan kelgansiz. Hali ham kech emas. Biznesni yig’ishtirib, shifokorlikka o’ting.
— Qanday qilib? – tutoqdim men. – Yoshim qirqqa yaqinlashdi, o’qish uchun yana besh-olti yil ketadi. Ularning topadigan puli ma’lum, oilamni qanday boqaman?
— Bu hayotdagi qonunlar shundayki, har bir insonga o’zining chin vazifasini aniqlash, uni bajarish yo’liga kirish uchun qirq yoshiga qadar muddat beriladi. Bu chegaraviy yoshdan so’ng, u, topshiriqni bajarmayotgan xizmatchilar ishdan haydalganidek, bu dunyodan ketkaziladi. Aytaylik, infarkt, insul`t, boshqa kasalliklar yoki juda bo’lmasa, avariyaga uchratish yo’li bilan ruhiy olamga olib ketiladi. Yoqqan variantni tanlang.
— Siz meni ikki o’t orasiga tashlayapsiz!
— Yanglishayapsiz. Gullab-yashnagan bog’ bilan o’t orasidasiz!

— Tushuntiring!
— O’ziga topshirilgan vazifani sidqidildan bajarayotgan kimsalar borliq tomonidan doimo quvvatlanadilar, ularga omad, topayotgan mablag’lariga baraka beriladi. Ja’mi orzu-havaslariga erishish yo’llari ochib beriladi. Ularga yomon niyatli, zarar keltiruvchi odamlar ro’para etilmaydi. Faqat yaxshi insonlar bilan muloqotga kirishadilar. Farzandlari ham baxtga erishadilar. Shu gaplarimning o’zi sizga kifoya qilishi kerak. Omi bo’lsangiz ham, mantiqiy fikrlay olar ekansiz.
— Hozir, mening boshimga bir fikr keldi. Shifokorlikni yaxshi egallab olsam, balki xususiy klinika ocharman, to’g’rimi?
— Inson har qanday sharoitda, agar o’z yo’lidan ketayotgan bo’lsa, ajoyib yutuqlarni qo’lga kiritishi mumkin. Men sizga yana bir maslahat beraman, agar qabul
qilsangiz.

— Ayting.
— Siz bu yerdan chiqib, bir katta miqdorda savdo qiluvchi odam bilan uchrashmoqchisiz. Aslo, na og’zaki, na rasmiy, shartnoma tuzmang. U bankdagi hisob raqamingizga to’rt-besh kungina faoliyat yuritadigan firma orqali ozgina pul o’tkazadi-da, xushmuomilalik bilan ulkan va’dalar berib, katta miqdorda mahsulotlaringizni oladi. Shundan so’ng, uning o’zini ham, idorasini ham topolmaysiz. Faqat, bu gapni kaminadan eshitganingizni hech kimga aytmang. Aks holda, menga yaxshi bo’lmaydi.
— Nima, siz u kimsani taniysizmi?
— Ha, u o’z vazifasi yo’lida yurmay, pul topishga giriftor bo’lganlarni jazolovchi bo’linma vakili. Bilib qolsa, ustimdan shikoyat qiladi. Va men mukofotlanmay qolaman. Siz esa menga tushunuvchanligingiz bilan yoqib qoldingiz. Angladingizmi? Ba’zilarga ming gapir, ko’zini lo’q qilib, bu odam nimalar deyapti, deb asosiy g’oyani anglay olmay turaberadilar. Shunday, o’z boshlariga balo orttiruvchi g’alchalarni xush ko’rmayman.
— Tushundim.

— U holda, xayr. Biz boshqa uchrashmaymiz. Bugunoq shifokorlik yo’liga tushish rejasini tuzing va harakatlaringizni boshlang. Odamlarning turli, yaxshi-yomon gaplariga parvo qilmang. Siz o’z hayotingiz va kelajagingiz egasisiz. Eslataman, omilikni tark etish uchun tanlab-tanlab, yaxshi-yaxshi kitoblar o’qib yuring. Shunda aslo yanglishmaysiz.
— Xo’p bo’ladi. Mayli, xayr. Darvoqe, men bu ko’chadan qaysi tomonga yurish shahar markaziga olib borishini bilmayman-ku! Aytolmaysizmi?
— Men, e’tiboringizga binoan, ma’lumotlar beruvchi tashkilot xodimi emasman.
— Shu oddiy savolga javob berish qiyinmi? G’alati odam ekansiz! – dedim men taajjublanib.
— Bunday xildagi savollarga javob berish mening ishim emas. Siz, yaxshisi, tashqariga chiqing. O’z vazifasini aniq bilgan odam har qanday notanish ko’chadan yo’l topib keta oladi. Yana bir marta xayr!

— Mayli, xayr! Sizga katta rahmat! – dedim men va eshik sari yo’naldim.
Tashqariga chiqdim. Va lol qoldim. O’zimga juda yaxshi tanish ko’chada turardim. O’ng tomonga yursam, uch-to’rt kilometrdan keyin kichik halqa yo’liga ulanaman. Mashinam oldiga borib, uch qavatli bino tagidagi do’kon tomonga o’girildim. Taajjub, uning eshigidan ketma-ket uchta odam chiqdi. Ular qaerdan paydo bo’lishdi? Men qaytib do’konga kirdim. Sotuvchining qiyofasi o’zgacha, ikki kishiga xizmat ko’rsatayapti.
– Kechirasiz, hozirgina shu yerda boshqa bir sotuvchi o’tirgandi. Sherigingiz bo’lsa kerak, qani u? – so’radim men.
Bu do’konchi menga jinniga qaragandek boqdi.
– Do’konimiz kichkina. Mendan boshqa sotuvchi yo’q! – keskin javob berdi u.

Indamay qo’yaqoldim. Tashqariga chiqib, mashinamga mindim.
Bu voqeaning sir-asroriga tushunmay lol qolib, bir-ikki daqiqa hayol surib o’tirdim. Ajabo! Biz yashayotgan dunyo juda antiqa-ya!
Nihoyat, mashinamni o’t oldirdim-da, yangi shartnoma tuzish uchun emas, korxonamni yopish uchun qanday xujjatlarni rasmiylashtirish zarurligini aniqlash uchun mas’ul idora tomon yo’l oldim.

QASOS

Hozirgi zamonda nima ko’p, odamlarning bir-birlaridan qarzdorliklari ko’p. Aytaylik, bir yigit tijoratchi. Unga kimdir to’satdan arzon narxda xaridorgir mahsulot taklif qiladi. “Tez sotib ol, ertaga bo’lmaydi. Bugun naqd to’lab, uni qo’lga kiritsang, ertaga ikki barobar qimmatiga pullaysan – zo’r foyda qilasan! Egasiga pul zarur ekan…”, deydi. Xattoki, o’sha mahsulotni ko’rsatadi. Ammo, bu tijoratchi yigitda mablag’ yo’q. Hammasini boshqa ishlarga sarflab qo’ygan. Shunda, u katta foydadan quruq qolmaslik umidida, zir yugurib, o’zidan puldorroq do’sti oldiga zing’illab boradi. “Og’ayni, menga palon million so’m berib tur! Nari borsa uch kunda qaytaraman! Meni qandayligimni bilasan, hech qachon hech kimni aldamaganman. So’zim – so’z! Gapim – gap!..” Voqeaning bu yog’ini tushungandirsiz. Tijoratchi qarz olib, pulni va’dabozning qo’liga tutqizadi. Shundan so’ng, na mahsulotni, na uning o’zini topadi. Oqibatda o’zi katta qarzdorga aylanadi. Yaqin og’aynisining dushmaniga aylanadi.

Yoki boshqa holatni olaylik. Bu hozirgi zamon ayrim do’kondorlariga xos. Ular ishlab chiqaruvchidan, shartnoma tuzib, mahsulot olishadi. Keyin: ”Mening naqd harajatlarim ko’p, hali o’t o’chiruvchilar, hali huquq posbonlari, hali sanitariya xodimlari – xullas ularning hammasini rozi qilmasa bo’lmaydi, shuning uchun bir partiya mahsulotni naqdga bering, sotilgach, pulingizni beraman!” – deydi. Ishlab chiqaruvchida xuddi shunday muammolar mavjud. U darxol aytilganni bajo keltiradi. Uch-to’rt marta shunday ishlangandan so’ng, do’kondor qiliq chiqaradi. “Ana molingiz turibdi, hammasi sotilmadi, tanish xaridor kelgandi, puli kamroq ekan, nasiyaga berib yubordim!” va hakozo bahonalar cheksiz vaqt to’qib borilaveradi. Korxona egasi uni sudga berolmaydi – sababi ma’lum. Shunday qilib, u bir partiya mahsulotga “a’zo” bo’ladi. Do’kondor esa bu paytda boshqa ishlab chiqaruvchi bilan xuddi shunday muloqotga kirishgan bo’ladi. Hozir kim ko’p – ishlab chiqaruvchi ko’p!

Yana bir turdagi do’kondorlar mavjud. Ular asosan xaridorlarni chuv tushirish bilan shug’illanishadi. Ular sifatsiz va arzon mahsulotlarni maqtab-maqtab qimmatga sotadilar, narx-navolardan xabarlari yo’q odamlarni laqillatib, bir so’mlik molni yuz so’mga pullaydilar. O’zimizda chiqarilgan mahsulotlarga boshqa etiketka yopishtirib, chet eldan keltirilgan, sifatiga gap yo’q, deb, katta foyda oladilar.

Shuning uchun, shunday xildagi do’kondorlar yangi-yangi mashinalarda yurishadi. Yangi uy-joylar qurishadi. Lekin, shunday “biznes”ning oqibati haqida ular o’ylab ko’rganmilar? Bilmaydilarki, mening tashkilotim xodimlari ular haqida barcha ma’lumotga egalar va har daqiqada jazolashga tayyor turadilar. Mening birgina ishoram bo’lsa, kifoya.

Ha, mening maxsus va mahviy tashkilotim xuddi shunday o’zgalarning haqini aldov va tovlamachilik yo’lllari bilan o’zlashtiruvchi do’kondorlar bilan shug’illanadi. Ha, faqat do’kondorlar bilan! Boshqa turli xildagi tovlamachi va firibgarlar boshqa tashkilot tomonidan kuzatiladi va vaqt kelganda qaqshatqich zarba oladilar. Mening, bu shaharda qancha bozor bo’lsa, o’shancha xodimim bor. Darvoqe, o’zimni yaxshilab tanishtiray, tag’in bu odam o’zini kim deb faraz qilayapti, deb, boshimda yong’oq chaqib yurmang!

Men na militsiya, na prokuratura va na boshqa huquq idoralariga bo’ysunmayman. Chunki, men va tashkilotim xodimlari o’zga sayyoralikmiz. Biz bu ishni yashirin tadqiqot sifatida olib bormoqdamiz. Biz istagan qiyofaga kira olamiz, xohlasak, ko’rinmas bo’lib ham yura olamiz. Biz hamma odamlarni ko’ramiz, bizning mavjudligimizni hech kim sezmaydi. “Unda, Yer yuzidagi odamlarni qilmishlari uchun jazolashga nima haqqingiz bor? O’z tadqiqotingizni o’tkazing-da, sayyorangizga jo’nab qoling!”, deyishingiz mumkin. Va-ha-ha… Axir, hech kim bu olg’irlarning mushugini pisht demasa, aksincha, ular o’z pulini so’rab borgan odam ustidan militsiyaga tuhmatona arz qilib, qamatib yuborayotgan bo’lsalar, natijada bechora jabrdiydaning hayoti sinayotgan bo’lsa, kimdir ularni jazolashi kerakmi, yo’qmi? Xullas, mening mantiqim shunday. Bilasizmi, qasos juda foydali narsa. Ayniqsa, har kim birovga qilgan jabri uchun qasos olinishi muqarrarligini bilsa, o’ta foydali. Kimga foydali?.. Jamiyat rivojlanishi uchun-da! Men ham ongli mavjudotman, menda ham qalb bor. Menda ham haqiqat sari intilish bor. Men ham chorasiz qolganlarga achinaman. Va ular uchun o’ch olishni sevaman. Yomonlarni jazolash imkoniyatim bor ekan, nega bunday ishdan bo’yin tovlay?..

Endi, sizga bir voqeani aytib beraman. Diqqat bilan tinglang.

Har kuni kechqurun o’tkaziladigan xulosaviy yig’ilishimizda xodimlarimning biri o’z bozori hududidagi bir insoniyat vakili to’g’risida ma’lumot berdi.
– Komandor! Bir odam bor. Olg’irlarning olg’iri! Pastkashlarning pastkashi! Uni zudlik bilan jazolamasak bo’lmaydi! – dedi u.
– Sabab? – so’radim men. – Odatda, biz arqonni uzun tashlaymiz-ku!
– Uni nafaqat jazolash, balki undan qasos olish darkor! – xitob qildi u.
– Nega, axir? – savolimni qaytardim men. – Sababini bilishim shart!
– O’zingizga ma’lumki, biz iloji boricha qasos olishni kechiktiramiz. Avval, uning tushiga kirib ogohlantiramiz. Shunda ham es-hushini yig’ib olmasa, bolasiga kasallik yuqtiramiz. Bu vosita ta’sir qilmasa, do’koniga ochko’z tekshiruvchilarni yuborishni tashkillashtiramiz, toki ular uning bor-yo’g’ini shilib olsinlar va u chuqur o’yga to’lsin, qilmishlarini tahlil qilsin deb.

– O’sha odaming bu bosqichlardan o’tdimi?
– Ha, allaqachon o’tgan.
– Nima, baribir, o’z qora ishlarini bekam-u ko’st bajarib yuribdimi?
– Ha! U yoshligidan shunaqa. Mana, yangilari. Bir necha oy ilgari yoshlikda birga o’sgan og’aynisini hamkorlikka chorladi. Birga savdo korxonasi ochaylik, sen qonun-qoidalarni yaxshi bilasan, men rahbar bo’lsam ham barcha ishni o’zing yuritasan, foydani qoq o’rtasidan bo’lib ishlaymiz, deb taklif qildi. Do’sti ishonib, rozi bo’ldi. U barcha murakkab ishlarni og’aynisiga topshirib, o’zi faqat tushgan pullarni taqsimlash majburiyatini oldi. Ochko’zligidan, xattoki, soliq kodeksining qonun-qoidalariga bo’ysunmay, mablag’larni cho’ntakka ura boshladi. Sherigiga-yu onda-sonda, mana sani ulushing deb, ozroq pul tashlab qo’ya boshladi. Hammadan e’tiborlisi, biz ularning korxonasiga tekshiruvchilar yuborganimizda ko’zga ko’rindi. Topilgan kamchiliklardan u darhol bo’yin tovladi va korxonamning ish yurituvchisi mana bu yigit, men nomigagina direktorman, uning chizgan chizig’idan chiqmayman deb, barcha gunohni do’stining bo’yniga yuklab, o’zi chetga chiqib, indamay turaberdi. Yaxshi hamki, men bosh tekshiruvchining ongiga ta’sir ko’rsatib, begunoh odamni jabrdan qutqarib qoldim.

– Nega mendan ruxsat so’ramading?
– O’zingiz aytgansiz, unar-unmasga bezovta qilabermanglar deb! Sharoit taqozo qildi, men ruhiy kuchimni ishlatdim.
– Unda, mayli. Xo’sh, keyin-chi?
– Keyin, u boshqa bir, tanish-bilishlari ko’p og’aynisiga Do’konlarni Tekshirish departamentida ta’sirli odam topilsa, o’z biznesini u orqali himoya qilish niyati borligini aytdi. Og’ayni esa darhol o’shanday kishiga ro’para qildi. Yangi ta’sirli odam yordam berib turishga tayyorligini aytdi. Va vaqt kelganda, o’z xizmatlari taqdirlanishi lozimligini eslatdi.

– Xo’sh, u pul berishni istamagandir. Birovga mullajiring uzatguncha, joni chiqib ketgan bo’lsa kerak-a?
– Ha, xuddi aytganingizdek bo’ldi. U shartta yuqoriroq idoraga ariza yozib, o’zidan pora talab qilinayotganligini xabar qildi. Va o’ziga yordam bergan odamni qamatib yubordi.
– Qoyil! U juda noyob nusxa ekan!
– Buning ustiga, yaqinda yana bir oshnasini chuv tushirdi.
– Yo’g’-ye, yana qanday usul qo’lladi? O’sha oshna ham avval unga yordam qo’lini cho’zgandir-a?

– Komandor! Siz yerliklarni juda yaxshi o’rganibsiz! U o’qishga xafsalasi yo’q o’g’lini o’qishga kiritishni istab qoldi. Farzandi o’z kuchi bilan dorilfununga kirolmasdi. U buni yaxshi bilardi. Shuning uchun, o’sha oshnaga borib, seni dorilfununlarda tanish-bilishlaring mo’l, o’g’limga yordam ber, o’qishga kirsin, “soqqa”sini albatta beraman deb va’da qildi. Oshna esa kerakli odamlarni topib, uning farzandini o’qishga kiritdi. Pul berishga kelganda, u: “Oshna! Yoningda bo’lsa, berib yubor, men hozir qiynalib turibman, keyingi oy yetkazib kelaman!” deb, kelishilgan mablag’ni emas, faqat bir qop va’da berdi… Komandor! Bu ketishda, u ko’pchilikni qaqshatadi. Aytganlarim, xamir uchidan patir xolos! Zudlik bilan chora ko’ring!

Men o’yga toldim. Unga qanday jazo bersak ekan?.. Avtoavariya uyushtiramizmi? Balki, sevimli farzandini o’sal qilib yotqizib qo’yarmiz? Nima qilsak munosib ish bo’ladi? Men xodimlarimga boqdim.
– Mana, o’zingiz eshitdingiz. Bu nusxaga nisbatan, jabrdiydalar nomidan, qanday qasos qo’llash o’rinli? Militsiya yoki boshqa huquq tashkilotlari qo’liga topshirishdan foyda yo’q. Ular qonun tomondan hech narsa qila olmaydilar. Kimda qanday taklif bor?

Xodimlarim birin-ketin fikrlarini bayon qila boshlashdi.
– Bezori, ishkalchi, hech kimdan tap tortmaydigan odamlarga ro’para qilib, yaxshilab urdirish lozim. Ular uning boplab po’stagini qoqishsin!
– Yana bir shunga o’xshash nusxani topib, ikkalasining mashinasini bir-biriga urdirib, majaqlatib, ularni mayib qilib, kasalxonaga tushirilsa, qanday bo’larkin?
– Uyiga o’g’ri tushirish kerak! Barcha topgan pullaridan ajralsin!
– Bultur uzatgan qizini erining xonadonidan haydata qolaylik! Qizi baxtini yo’qotsin!
– Balki, shol qilib, invalidlar aravachasiga o’tkazib qo’ygan yaxshiroqdir?!
– Uyiga o’t tushirsak, munosib qasos bo’lar, nima deysiz?

Bu takliflarning barchasi jo’yali edi. Bu aytilgan qasoslar ko’p marta ishlatilgandi. Lekin, bu safar men juda bir original, ilgari qo’llanilmagan qasos usulini topmoqchi edim.
– Yo’q, — dedim men, — bularning barchasi juda oddiy qasoslar. Biz shunday usul topishimiz kerakki, u qiynalib-qiynalib, dardlariga davo topolmay, bu dunyo meni nega azoblayapti, degan fikrlar bilan, o’z uyida, xotin — bola-chaqasining orasida emas, ko’chada, begona odamlar orasida o’lib ketsin. Va uni hech kim tanimasin. Bu yerdagi jamiyat ushbu nusxadan tozalangani uchun faqat shukur qilib, yengil tortadi. Xo’sh, nima deysizlar?

Yig’ilishda g’ala-g’ovur boshlandi. Har kim atrofdagilarning so’zlarini eshitmay o’z fikrini bayon qilardi.
– Bo’ldi, to’xtanglar! Galma-gal gapiringlar! – qichqirdim men.
Birinchi bo’lib, o’sha taklif kiritgan xodimim fikrini aytdi.
– To’ppa-to’g’ri! Men shu g’oya tarafdoriman. Faqat unga qanday bedavo dard beramiz?
– Infarkt! – xitob qildi boshqa bir xodim. – U yaxshigina og’riq beradi. Inson rosa azob chekadi.
– Yo’q, bo’lmaydi, — dedim men. – Bu kasallik hozir yaxshi davolanayapti. O’zini asragan kimsa uzoq yashayapti.
– U holda, insul`tni taklif qilaman! — dedi u javoban. – Kuchli insul`tni davolash juda mushkul.
– Yo’q, bu variant ham bo’lmaydi. Bemor komaga tushib, azob chekayotganini yaxshi his qilmaydi.

Birinchi xodimim qo’l ko’tardi.
– Xo’sh, o’zingga nima fikr keldi? – so’radim men.
– Uning vujudida, menimcha, rak, ya’ni saraton kasalligi paydo qilgan ma’qul. Sababi, bunday bemor to o’lguncha og’riqdan azob chekadi, aksariyat hollarda dori-darmon ham, jarrohlik operatsiyasi ham foyda bermaydi. Biz tez rivojlanuvchi rak variantini tanlasak, u yarim yil – bir yil davomida azoblanib o’ladi va qilmishlarini eslaydi, boshqalarni aldab, chuv tushirib topib, bosib yotgan pullari ko’ziga ham ko’rinmaydi. Ularning hammasini dorilar va muolajalarga sarflaydi. Yetmaganiga mashinasini sotadi. Vafotidan oldin unga bir oz yengillik beramiz va u o’zini yaxshi his qila boshlagach, qaergadir, biron safarga jo’natamiz. Begona shaharda, begona odamlar orasida, ko’chada to’satdan vafot etadi. Uning kimligini aniqlashga ancha kunlar ketadi. Tanasi sasib ketadi. Harom pulga katta bo’lgan farzandlari esa otalarining murdasini o’zga yurtdan olib kelish uchun qarindosh-urug’dan yoki tanish-bilishlardan pul qidirishadi, ovora-yu sarson bo’lishadi.

– Kim rozi?! – so’radim men yig’ilish ahliga qarab.
– Barchamiz! – hamma bir ovozdan javob berdi.
– Unda majlis tamom. Ushbu qarorni amalga oshirishni ushbu ish uchun ma’sul bo’lgan xodimimizga topshiraman. U vazifa bajarilguncha, bizga vaqti-vaqti bilan, ya’ni har hafta ma’lumot berib turadi. Gap tamom – vassalom!

Aytilgan kimsadan, o’n oylik chidab bo’lmas og’riqli azob-uqubatlarga duchor etib, barcha jabrdiydalar nomidan qasos oldik. Uning ruhi yanada azobliroq olovli dunyoga ravona bo’ldi.

Shundan bir oycha o’tgach, men uning biron farzandi, aytaylik, qizi bilan suhbatlashib ko’rishga qaror qildim. Ming qilsa ham, tadqiqotchiman-da. Qani, yerliklar butun umr ifloslik bilan shug’ullangan otalari haqida nima deyisharkin?

Men o’sha nusxaning tanishi, onda-sonda uylariga borib, uchrashib turadigan qarindosh suratiga kirdimda, yirik savdo majmuasi ichida aylanib yurgan kishi bo’lib “tasodifan” uning qizi bilan uchrashib qoldim. U meni tanidi va salom berdi.
– Va alaykum assalom. Qalay sog’liqlaring yaxshimi? Xafa bo’lmay yuribsanmi?
– Amaki, nima ham qilardik. Dunyoning ishlari shunaqa ekan… Ko’p umr ko’rmadilar.
– Ha, to’g’ri aytasan. Hayot juda beshavqat.
– Hali yashasalar bo’lardi. Hech kimga yomonlik qilmaganlar. Qo’y og’zidan cho’p ham olmasdilar. Odamlarga juda mehribon edilar. Barcha do’stlarini sevardilar…
– Mayli, sizlarga sabr tilayman, — dedim men, qiyinlik bilan hayratimni yashirib, va shoshilib turganimni bahona qilib, nari ketdim.

Taajjub! Juda taajjub! Bizning sayyorada oqni oq, qorani qora deyishadi. Shuning uchunmi, bizdagi taraqqiyot butun Somon Yo’lida eng ilg’orlardan hisoblanadi. Sizlarda esa… Taajjub! Lekin, baribir, biz bor ekanmiz, taraqqiyotingiz olg’a boraveradi. Men bunga ishonaman va buning uchun, yomonlardan qasos olishlar orqali, o’z hissamni qo’shaveraman…

067

(Tashriflar: umumiy 9 495, bugungi 1)

Izoh qoldiring