Usmon Azim. Balladalar & Madina Bolliyeva. G’arbona janrning sharqona namunasi

Ashampoo_Snap_2016.12.24_23h05m39s_003_.png    Баллада мавзуда гапирилар экан, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимни тилга олмасликнинг иложи йўқ. Шоир инсон изтиробларини тасвирлашда буюм ва жиҳозлардан рамз-тимсол сифатида усталик билан фойдаланади. Шу жиҳатдан ғарбона баллада билан шарқона масални уйқаштириб юборади.

Мадина БОЛЛИЕВА
ҒАРБОНА ЖАНРНИНГ ШАРҚОНА НАМУНАСИ
08

Шоир қалби даштдек кенг, тоғдек юксак, дарёдек тошқин бўлади. Фақатгина шоирлар инсон руҳининг оний изтиробларию қувончларини сатрлар қатига жо эта олади. Адабий турларнинг энг нозиги лириканинг қай бир жанрида қалам тебратилмасин, инсон кўнглида мавж урадиган инжа туйғулар тараннум этилади. Жумладан, сюжетлилиги билан ажралиб турадиган балладалар ҳақида ҳам шундай фикр айтиш мумкин.

“Баллада” термини “рақсбоп қўшиқ” деган маънони англатади. Ўрта асрлар Европа адабиётида пайдо бўлганлиги айтилади, келиб чиқишига кўра ривоят ва ҳикоятларга бориб тақалади. Эртак ва қўшиқ жанрининг ҳам баъзи жиҳатларини мужассамлаштирган. Балладаларда тарихий ва ҳаётий сюжет ёрқин акс этади. Кўпинча мифологик мавзуга мурожаат қилинади, афсонавий қаҳрамонлар қатнашади. Баллада сентиментализм ва романтизмнинг муҳим жанрларидан ҳисобланади.

DSCN3574.jpgСюжетда кульминация, тугун ва ечимнинг бўлиши, муаллифнинг кучли эмоцияси ва қаҳрамоннинг ҳис-туйғулари тасвирланиши балладанинг муҳим белгилари сирасига киради. Асрлар давомида мазкур жанр ҳам такомиллашиб келмоқда, мавзу уфқлари кенгайиб, услубий ўзгачаликлар касб этмоқда. ХХ аср ўзбек адабиётида Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода, Уйғун каби шоирлар балладанинг гўзал намуналарини яратишган. Бу мавзуда гапирилар экан, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимни тилга олмасликнинг иложи йўқ. Шоир инсон изтиробларини тасвирлашда буюм ва жиҳозлардан рамз-тимсол сифатида усталик билан фойдаланади. Шу жиҳатдан ғарбона баллада билан шарқона масални уйқаштириб юборади. Масалан: “Буюмлар ҳақида баллада”, “Автомобил ҳақида баллада”, “Декабр балладаси”, “Ёмғир ҳақида баллада”, “Мардлик ҳақида баллада” ва ҳоказо.

Усмон Азим балладаларидаги табиат тасвири бетакрорлиги билан эътиборга молик. “Дераза ҳақида баллада”сига қулоқ тутайлик.

Кузакнинг бесоҳиб кечаларида
Изғиринлар елар, ёмғирлар эзар…
Дунёнинг ҳўл, зулмат кўчаларида,
Тентираб кезинар ёлғиз дераза.

Ойнасида ўйнар чироқнинг акси,
Қайиқ сурати бор пардаларида.
Тентирар дераза – хазонлар босиб,
Бепарво кузакнинг зардаларига.

Табиат олтин рангга беланиб, бор гўзаллигини кўз-кўз этса-да, куз фаслини инсон ҳаётининг шомига қиёслаймиз. Тилларангнинг оловли нурлари зулматга юз тутган хазонрез умрни ёрита олмас экан. Балладанинг дастлабки мисралариданоқ табиат лирикасининг гўзал намунасини кўришимиз мумкин. Шу орқали инсоннинг оний кечинмалари тасвирланган.

Саккиз ойнаси бор – саккизта туман,
Ғуссадан саккизга бўлинган сийна –
Боради чарчаган кўчалар билан,
Саккизга ажралган жонини қийнаб.

Автолар ёнидан ўтар зувиллаб,
Ҳалқоблар пойида қолар сочилиб.
Боради жунжикиб, борар ҳувиллаб,
Йиғлар – мен билмадим кимга ачиниб.

Кеча мавжланади – ҳудудсиз денгиз…
(Изғиринлар елар, ёмғирлар эзар)…
Тунга чўкиб кетган тўрт тараф тубсиз…
Ночор кема каби сузар дераза.

Баллада реал ҳаёт ва фантастик тасвирни уйғунлаштирган. Саккиз ойнаси бор дераза тасвири орқали инсоннинг ташқи аъзолари рамзлаштирилиб, бадиий образ ҳосил қилинган. Дераза-одамнинг кўзёшига беланган кўйи тунги шаҳар бўйлаб изғишидан иборат фантастик сюжет таъсирчан пейзаж билан бойитилган.

Кўп қават бинолар чарақлаб турар,
Сассиз ҳайқиришар: “Бизлар – бахтиёр!..”
Бахтдан гангиб қолган бу чўнг девларга
Ёлғиз деразанинг дарди не даркор?

Дераза чарчабми ерга чўкади,
Тани чиппа ботар кузак лойига.
Устидан дарахтлар хазон тўкади…
Ҳамма деразалар жойи-жойида!

Дераза қайтади пойи-пиёда,
Ўтган йўларини танимас кўзи…
Совуқ бир девор бор, ахир, дунёда,
Ўша муздай девор қисматнинг ўзи!

Тани бошқа дард билмас. Бахтиёр кўп қаватли биноларга дарбадар деразанинг аҳволи руҳияси ғалат туюлади. Чунки улар ҳаётда ҳаммаси қандай бўлса, шундайлигича қабул қилган. Кўникувчаннинг куни қулай кечади. Бизнинг деразамиз эса деворда серрайиб тураверишдан зериккан, қандайдир ўзга маъволарни қўмсайди, истайди, излайди. Аммо аччиқ қисмат орзу қанотларини қайириб, яна тақдир чизиғига қайтишга мажбурлайди.

Синган қанот каби судралиб борар,
Икки пардаси – шундоқ жиққа ҳўл.
Ахир, бу дунёда бир девор бор-а,
Бедорлиги камдир, уйқулари мўл.

Ана, хуррак отиб ухлар беармон…
Дераза термулар деворга ғамгин:
– Бир кун қайтмас бўлиб кетаман, ишон!
Уйғонгин, деворжон! Уйғон, уйғонгин!..

Дераза деворга келиб ўрнашар,
Даҳшатда қотади саккизта кўзи,
Қуриб улгурмаган дарпардалардан
Қайиқлар қайгадир кетишар сузиб…

Изтироб исканжасида тун бўйи ёлғиз ўзи шаҳар кезган дераза яна эски ўрнига қайтади. Асл қисмати шу! Девор ва деразани бир-биридан айро тасаввур эта олмаганимиздек, жисм ва руҳни ҳам бир-биридан ажратиб бўлмайди. Инсон руҳи (яъни дераза) эркинлик излаб изғиринли кўчаларда мунгли изғийди, аммо тақдири азал унинг жисмдан (яъни девордан) ажралишига йўл қўймайди. Жисм (девор) ҳам руҳсиз (деразасиз) мудроқ. Иккиси бирга яхлитликни ташкил қилади, бир бутун бўлади. Лекин орзу қайиқлари қайларгадир сузиб кетаверади…

Ўзбек шеъриятида Усмон Азимнинг белгили, катта ўрни бор. Шоир қаламига мансуб балладалар таҳлили ҳам буни исботлайди. Усмон Азим мазкур жанр имкониятларини янада кенгайтириб, янгича мавзулар, янгича ифодалар олиб кирди. Ғарбона жанрнинг шарқона намуналарини яратди.

Мақола муаллифи ҳақида: 1987 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Бугунги кунда эркин изланувчи тадқиқотчи. “Ўзбек лирик жанрлари тараққиёти ва баллада поэтикаси” мавзусида илмий иш қиляпти

Манба: «Ёшлик» журналининг веб-саҳифаси

УСМОН АЗИМ
БАЛЛАДАЛАР
08

004Усмон Азим 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида таваллуд топган. Ўзбекистон халқ шоири (2000). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). Илк китоби — «Инсонни тушуниш» (1979). «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари» (1985), «Дарс» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса» (1994), «Узун тун» (1994), «Сайланма» (1995), «Куз» (2001) каби шеърий ва «Жоду» (2003) насрий тўпламлари нашр этилган. Драмалар ҳам ёзган («Бир қадам йўл». 1997; «Алпомишнинг кайтиши», 1998 ва бошқа). «Алишер Навоий» киноқиссаси (1990), «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» (2000) фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган. Поль Элюар, Ояр Вациетис, Фозил Ҳусни Доғларжа, А. Вознесенский, Ю. Марцинкявичюс ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). «Дўстлик» ордени соҳиби (1998).

08

БАЛЛАДА

Қулаб тушди ирода — зиндон,
Эркка чиқди бу сўз —»Севаман!»
Мен жўнатдим уни сен томон,
Симёғочлар карвони билан.

Симёғочлар карвони кетди,
Тун бағрини бир-бир оралаб…
У сўз тонгда шаҳрингга этди,
Эшигингни борди қоралаб.

Шитирлади ҳовлинг тўла куз,
Шитирлади хазонлар — жонли.
Остонада кичкина бир сўз —
Сен сесканиб йиғладинг, жоним.

Рўпарангда у бош эгди жим,
Ҳориб келди — узоқ эди йўл.
Сен ёшингни арта билмадинг.
«Салом» ҳам деб узатмадинг қўл.

Ярадор қуш — овозинг титрар.
Шивирладинг аранг:— Кечиринг…
Ўпди ёшли юзу кўзингдан,
Қучоқлади элкангдан эринг.

Мен кутаман… Куз бўлар абас,
Қор, изғирин билан бўзлашиб —
Кўчаларда тентирайман маст,
Хотиралар билан сўзлашиб.

Йўқ, сен мени жуда севасан!
Фақат ёмон қишнинг тўфони —
Балки симлар узилиб қолган,
Балки адашгандир карвони…

БАЛЛАДА

Кўксим бийдай саҳро,
Бўм-бўш шаҳар аро
Юпқагина қоронғилик тўкилиб аста,
Чироқларнинг нури шоён порлаганида,
Эндигина музлаётган қорларни босиб,
Театрга танҳо ўзим ғамгин жўнадим.

Ҳар нарсани истамасдим, фақат севаман,
Тўлиб-тошган севгисига ололмай жавоб,
Кўз ёш тўкиб, яраланган ваҳший йўлбарсдек
Саҳна узра чарх урганда шўрлик Медея,
Ҳамдард йиғи томоғида туриб кўндаланг?
Қафасини ногоҳ сезиб қолган қуш каби
Кўкрагимда юрагимнинг потирлашини.

Ҳар нарсани истмасдим…
Девона тақдир,
Куйганингми, суйганингми — нима қилганинг?
Қизил, яшил нурлар аро тонгдай оқариб,
Оқ кўйлакда оққуш каби ўтди бир малак…

Бирдан (яна «бирдан» дейман, мени кечиринг,
Туйғуларнинг энг буюги туғилган ногоҳ,
Ўлчаб-кесиб ўтирмоққа фурсат топилмас)…

Хуллас, бирдан оёқлари ердан узилди,
Ўтли юлдуз тафтларидан қизарди юзим.
Сенмисан бу, кимлардир «севдим» деганда,
Ўртамизда соя солган дилдаги ғашлик;
Ўзим билан ўзим ночор қолганда танҳо,
Изғиринли кечаларда музлаган юрак
Эриб-юмшаб, борлигини айлаганда фош,
Кўз олдимда ғира-шира кўринган хаёл!

Кечира қол,
Бахтиқаро Медея, кечир!
Бошқа сафар йиғлайдурман сенга қўшилиб,
Аммо ҳозир мен шунчалар бахтиёрманки,
Агар сенга қувончимни тушунтиролсам,
Ўлаётган ишқ азасин бир дам унутиб,
Лабларингда ханда ўйнаб қолса ажабмас.
Ана, қара, фарёд чексанг — лабини тишлаб,
Ўриндиқнинг суянчиғин тутганча маҳкам,
Кўз ёшини артмоқни ҳам унутиб қўйиб,
Ўлтирибди эртаккинам, менинг маликам!
Ҳозир шундай даст турсаму ёнига бориб,
Кўзларига термулсаму дарёдай оқсам.
Чўчиб тушиб, сўнг жилмайиб, сўнг ҳайрон қолиб,
Ишонинг, у «сиз ўшами?» деб қолар тайин.

Бироқ… Парда!
Чироқ ёнар… Гулдурак қарсак…
У саҳнага гуллар отиб ўқийди таҳсин.
У ҳаммадан Медеяни кўпроқ олқишлар,
У ҳаммадан кейин чиқар кўчага ёлғиз.

У кетади…
Кулмангизлар менинг ҳолимдан!
Еримиз-ку кичик нарса, мўъжазгина шар —
Галактика аталмиш бу юддузга тўла
Коинотдан нарида ҳам бўлса диёри —
Мен барибир, у гўзални топиб бораман,
«Мен ўшаман» деган бир жуфт сўзни айтгани.

БЕШАФҚАТ  БАЛЛАДА

Бу қиз бир сўмга ҳам қилади муқом,
Тўйдан қочиб чиқди уялиб мақом.

Қўшиқ — навбатдаги бир «…хон» ҳақида,
Пулни ол! Ор-номус эски ақида.

Ишвани ёпиштир баданга, юзга,
Айниқса, мастларни қочирма кўздан.

Ишва бозори бу! Столлар — раста!
Торнинг  ғилофида пул даста-даста.

Анов дўкончига қил аввал таъзим,
Бир дам совумасин бир нодон базм.

Раққоса! Хиром қил отгунича тонг,
Сўнг ухлаб оларсан келганида шом.

Уйғониб, йиғларсан шом чоғи албат,
Агар йиғламасанг ундан ҳам даҳшат…

Раққоса!  Даврада илдам-илдам суз!..
Нега нозинг — олов, кўзларинг — нақ муз!

Ҳа, ҳаёт — бешафқат!  Тугади эртак!
«Тўхта!..» деб қичқирмас бирор-бир эркак!

АРМОН ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Босиб кела бошлар шом қоронғуси,
Уйларда чироқлар чарақлар шўх-шаън.
Бу хона кечани кутиб олгуси,
Хўмрайиб, бадқавоқ бир назар билан.

Телеекранида олам айланар,
Тубсиз кўзи билан боқади фалак.
Кино кўрмоқликка хона шайланар,
Аммо деразага боқар жонҳалак.

Қаҳратон аёзнинг тош оғушида,
Чирсиллаб синади боғларнинг бели.
Хона ажралади ақлу ҳушидан,
Кимнидир чорлайди: «Хабар ол келиб!».

Дамланган чойга у узатмайда қўл,
Овқат совиб қолар, синдирилмас нон.
Хонанинг бағрида ҳамма нарса мўл,
Фақат ҳамма нарса беқадр, бешон.

Хона ўртанади, ёнар, уҳ тортар,
Бошини уради деворларига,
Унинг дардларини улашса, этар
Дунёнинг жамики беморларига.

Бир маҳал — уйқуга олам чўкканда,
Хонанинг эшиги очилар бесас.
Кўчага ўзини ташлар бир шарпа,
Анграйиб, беқарор туради бир пас.

Сўнг уйлар, боғлардан ҳатлаб жўнар у —
Оёғи тагида синмайди музлар.
Қорни кечиб борар —қор момиқ, парқу,
Аммо қор юзида қолмайди излар.

У кетиб боради шиддаткор, тезкор,
Дарёю тоғлардан ўтади учиб.
Кўзидан ёшлари оқиб шашқатор,
Икки қўли билан кўксини қучиб.

Зулматга термулиб турар безовта,
Олис бир шаҳарнинг чекка бир уйи.
Шарпа етиб келар (шошиб, албатта!)
Ва яланг бошини эгади қуйи:

— Қайдасан, узоқдан келдим соғиниб,
Соғиндим танимда қолмади дармон.
Мен орзу-умиднинг ғамгин ёлқини,
Мен — Армон!  Кўйингда қоврулган Армон!

Ва уйнинг эшиги очилар бесас,
Бир шарпа чиқади булутдан сузиб:
— Келдингми мен билан олгани нафас,
Келдингми йўлларнинг танобин узиб?

Улар бир-бирига тўймай боқишар,
Бир-бирин кўксида беришади жон.
Кулишар, хаёллар ичра оқишар,
Икки ночор вужуд — иккита Армон.

— Совуқ қотмадингми?
— Йўқ, ёниб кетдим!
— Биров кўриб қолса…
— Менга барибир!
— Тақдирга минг шукур, висолга етдим!
— Айтдим-ку, мен сени севаман, ахир!

Улар ажралгиси келмайди абад,
Аммо тонг ёришиб келар муқаррар.
— Алвидо! Бу тонгда зарра йўқ шафқат!
— Алвидо!… Яна тун келгунга қадар!…

Бир шарпа эшикка кириб йўқолар,
Бир шарпа ортига қайтар мунғайиб —
Гандираклаб, қалтираб, ориқлаб қолар,
Дераза ичига бўлгунча ғойиб.

Шу куни бир одам ишга боради,
Ҳаммага табассум қилади ширин.

БОЙСУН ҲАҚИДА ҒАМГИН БАЛЛАДА ЁКИ
ҚАЙТМАЙДИГАН ХОТИРАЛАР ҲАҚИДА ШЕЪР

Шукур акага

Сен бор эдинг. Мени кузатдинг.
— Болам, сингиб кетма шаҳарга,
Юрак билан кўксинг безадим,
Эслаб тургин олис сафарда.

Тилларимда эртак бўлдинг сен:
«Бор экан-да,
Йўқ экан.
Оч экан-да,
Тўқ экан.
Кўрдим,
Кездим, Бойсундай жой
Бу оламда йўқ экан».

Ҳайрон боқиб дўсту бегона,
Хаёлкаш деб кулдилар рўй-рост.
— Бойсун?  Бундай жой йўқ, девона,
У тушингга кирибди, холос.

Бу ҳукмга бўлмасдан рози
Эртагимни куйладим такрор.
— Қулоғимда ҳамон овози,
Ишонинглар, дўстлар, Бойсун бор!

Юрагимга сиғмади соғинч.
Бўлмайин деб ҳижронда вайрон —
Энди куйлай бошладим нотинч:
— Бойсун! Бойсун! Бойсун! Бойсунжон…

Аста-аста, бир-бир этди ром,
Юракларни оҳанграбо куй.
Дедиларки: — Қани, ошнажон,
Бойсунингни бир кўрсатиб қўй.

— Қани кетдик!
Шаҳри шовқинзор
Бошингизни қўймиш гангитиб.
Ҳали кўрасизлар, Бойсун бор!-
Пешвоз чиқар меҳр анқитиб.

Йўллар юрдик, тоғлардан ошдик.
— Бойсун қани? Бойсун қаерда?
— Бир кун қалбим севишдан тошди,
Мен етгандим туғилган ерга.

Дўстлар мени айлашар табрик.
Мен турибман беун, бағрим хун.
Оғайнилар, қаерга келдик,
Кетиб қопти Бойсундан Бойсун…

Мен Бойсунни излайман ҳамон,
Баъзан пинҳон йиғлайман шеърга.
Қаерларга кетдинг, Бойсунжон,
Бизнинг Бойсун қани, қаерда?

БУЮМЛАР ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Бурилиб бўлмайди хонамиз ичра,
(Эҳтиёт бўлсанг-чи!) тўрт тараф буюм,
Оламда кезаман кўзларим хира,
Теграмда айланар буюмдан қуюн.

— Ишла— Нима учун?— Югур!— Нимага?
— Телевизор керак!— Машина!— Буюм…
Бир йилки, боқмадим тўйиб дунёга,
Севгилим, унутдим майсалар бўйин.

— Жавон келган экан…Юринг…Кетдик…Тез!
Усиз одаммиз деб айтоламизми?
— Севгилим, олислаб кетмаймизми биз,
Севгилим, орқага қайтоламизми?

Яхшилаб кўтаринг, ерга тегади,
Бу — йиллик меҳнатга тўланган товон.
— Севгилим, залвори қаддим эгади,
Ерга киргизай деб босади жавон.

— Танишлар ўтмоқда — беришиб салом,
Сиз ҳам бош силкитинг, жилмайинг майин…
— Кўзим тинияпти. Елкамда жавон,
Жоним, одамларни қандай кўрайин?

— Болажон, сен мени танимадингми?
Мен сени туққанман. Қўзим, онангман!
— Онажон, бу жавон шунчалар улкан,
Мени тўсиб қўйди ёруғ оламдан!

— Келдингми?
О, болам, сенда гапим бор…
Биргина сўзингни интизор кутдим!
— Шошяпман… Дўкондан мол олмоқ даркор…
Сенга нега келдим? Унутдим…

ЧИРОҚ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Кундузлари бедардлик ёмон,
Кечалари беомон оғриқ.
Эшикни оч, турибман вайрон
Деразада солланган ёруғ.

Бошларимга ёмғирлар ёғди,
Эримади елкамдан қорлар.
Товушимдан шамоллар оқди,
Бўғзимда узилди торлар.

Изғиб туннинг тиғизлигида
Кичирайди, эзилди юрак.
Кир тўфонлар тўнғизлигидан
Толдим. Менга бошпана керак.

Деразангни чертган ёмғирмас,
Тепгани йўқ дарчангни шамол.
Улар — менман. Мен — бетоқат ғам,
Эшигингни, ёруғ, оча қол!

Хонадонинг нақадар равшан…
Салом, чироқ! Азизим, чироқ…
Мен яшайман энди сен билан
Бу эшикдан кетмайман йироқ.

Чўчимайман фалак қаҳридан,
Булутлардан қўрқмайман зарра.
Зулумотнинг сокин заҳридан
Асрар мен ёруғ бошпана.

Айланади томдан нарида
Алам ичра қоронғу офат.
Навоийнинг узун баҳрида
Мен ғазаллар қилгум тиловат.

Сўзлар энди кўнглимга чўри,
Кун кўраман қалбимни ёзиб.
Чироқ… Жоним… Бу нима кўрим,
Сени шифтга ким қўйди осиб?

У хонага қўрқиб кўз ташлар,
Порлашида нурсиз бир ҳадик.
Қийналару кулиб сўз бошлар:
— Менга керак… Бошпанасизлик…

Тепасида турар буралиб,
Ип ичида ниҳон симарқон.
— Осилганча турибман қотиб,
Бошлана ҳеч керакмас… Ишон!

Бу тўрт девор айлагай асир
Қайда бўлса бир толим зиё.
Умидворсан ёнишдан, ахир,
Бир лаҳза ҳам бунда қолма, оҳ!

…Бир аламли йиғи тиғида
Томоғимга тиқилади шеър…
Тортиш кучи асирлигида
Тун қўйнида учиб борар Ер.

ДАШТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Эркин Аъзамовга бағишладим

Тоғлар кичирайди. Пасайди осмон.
Яшаб бўлмайди-ку, ахир энгашиб…
Жўнадим баландроқ осмонлар томон —
Ортимдан Бойсуннинг дашти эргашди…

Мени ишонмади уфқларга у,
Дош бериб тезликнинг шамолларига
Ортимдан югурди, югурди ёҳу,
Қоқилиб темир йўл шпалларига.

Вагонга чиқазиб қай бир бекатда.
Койидим:— Бу ишдан зарра йўқ маъни!..
У руҳсиз чўзилди тепа қаватга,
Билетсиз ва пулсиз йўловчи каби.

Сўнг шаҳар кўчаси, хиёбонлари
Аро кездим — жойлаб дилимга уни —
Одаму машина оломонлари
Топтаб кетишмасин куп-кундуз куни.

Давру даврон сурдим ҳар ҳафта кўчиб,
Ижара уйларнинг шавқи ёдимда!
Қаттиққўл хўжайин кўзидан чўчиб,
У беун яшади менинг ёнимда.

Муҳаббат ловуллаб кирди юракка,
Илк бора аламли сўзлар тингладим.
Юзларимни босиб хору хашакка,
Даштимни қучоқлаб тунлар йиғладим.

Баҳорда кўкариб, кузда сарғайиб,
Сукунату қорга ўраниб қишда,
Ғўра шеърларимга боқди мунғайиб…
Хуллас, содиқ бўлди ҳар эзгу ишда!

…Аммо, нима қилиб қўйди бу йиллар!
Гарчи мен, мунаққид айтгандай, «ўсдим»—
Ўртамизга кирди қай айёр жинлар,
Кўп хона уйимга сиғмайди дўстим.

Ялинаман унга:
— Бор, Бойсунга бор!
Шаҳарга ярашмас саҳройи сўхтанг.
Борсанг — шамол тайёр, ёмғир ҳам тайёр,
Тоғлар орасида яшайсан кўркам.

Панду насиҳатлар бериб толаман,
Алдайман:
— Юр, кетдик ифор тергани…
Ҳар баҳор довдираб Бойсун бораман,
Бойсунга даштини ташлаб келгани…

Қайтаман. Аммо дашт сезиб улгурар…
Дош бериб тезликнинг шамолларига,
Ортимдан ҳаллослаб, шошиб югурар,
Қоқилиб темир йўл шпалларига.

Уйимга гезариб кириб келаман,
Мени асра энди, инглизча қулф!
Шундоқ остонада дашт қолар гаранг,
Эшикка термулиб » уф» тортади… Уф!

Мана, тонг чоғида ишга кетаяпман.
Юрак, азобдасан — қандай дард эзар?
Жунжикиб, эгасиз ит каби ғамгин
Вокзал майдонида ёлғиз дашт кезар…

ДЕРАЗА ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Кузакнинг бесоҳиб кечаларида
Изғиринлар елар, ёмғирлар эзар…
Дунёнинг ҳўлзулмат кўчаларида,
Тентираб кезинар ёлғиз дераза.

Ойнасида ўйнар чироқнинг акси,
Қайиқ сурати бор пардаларида.
Тентирар дераза — хазонлар босиб,
Бепарво кузакнинг зардаларига.

Саккиз ойнаси бор — саккизта туман,
Ғуссадан саккизга бўлинган сийна —
Боради чарчаган кўчалар билан
Саккизга ажралган жонини қийнаб.

Автолар ёнида ўтар зувиллаб,
Халқоблар пойида қолар сочилиб,
Боради жунжикиб, борар ҳувиллаб,
Йиғлар — мен билмадим кимга ачиниб.

Кеча мавжланади — ҳудудсиз денгиз…
(Изғиринлар елар, ёмғирлар эзар…)
Тунга чўкиб кетган тўрт тараф тубсиз…
Ночор кема каби сузар дераза.

Кўп қават бинолар чарақлаб турар,
Сассиз ҳайқиришар: «Бизлар — бахтиёр!..»
Бахтдан гангиб қолган бу чўнг девларга,
Ёлғиз деразанинг дарди не даркор?

Дераза чарчабми еэрга чўкади,
Тани чиппа ботар кузак лойига.
Устидан дарахтлар хазон тўкади…
Ҳамма деразалар жойи-жойида!

Дераза қайтади пою-пиёда,
Ўтган йўлларини танимас кўзи…
Совуқ бир девор бор, ахир, дунёда,
Ўша муздай девор — қисматнинг ўзи!

Синган қанот каби — судралиб борар
Иккита пардаси — шундоқ жиққа ҳўл.
Ахир, бу дудёда бир девор бор-а,
Бедорлиги камдир, уйқулари мўл.

Ана, хуррак отиб ухлар беармон…
Дераза термулар деворга ғамгин:
— Бир кун қайтмас бўлиб кетаман, ишон!
Уйғонгин, деворжон! Уйғон! Уйғонгин!..

Дераза деворга келиб ўрнашар,
Даҳшатда қотади саккизта кўзи:
Қуриб улгурмаган дарпардалардан
Қайиқлар қайгадир кетишар сузиб…

ЭНГ СЎНГГИ ОҲУ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

«Болажон, энг баланд чўққига чиқдик,
Аммо бу чўққи ҳам қилмагай вафо.
Инсон келаяпти кўтариб милтиқ…
Гўдак илтижоси булармиш бажо.

Тилаган, елкасин темирлар эзган,
Олам берсин бизга халоскор қанот…
…Алвидо, заминда бепарво кезган,
Темирга сиғинган буюк одамзод!»

Оҳу учиб борар заминни ташлаб,
Ёнида боласи — чирой сарвари.
Оҳу учиб борар кўзларин ёшлаб,
Дилни ўртагувчи хаёлот сари.

Одамзод недандир безовта, дилгир,
Чўққида қуёшдай турибди порлаб.
Милтиғин синдириб у «оҳ» урадир —
Одамзод йиғлайди оҳуни чорлаб.

ИЛК ШЕЪРНИНГ ЁЗИЛИШИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Кўкда учар қирқта кабутар,
Бир ўспирин югурар ерда.
Қушлар билан манзиллар ўтар,
Ўтиб борар даладан, қирдан.

Қирқ кабутар фалакда учар,
Бир ўспирин югурар ерда.
Осмон билан ер фарқи ўчар,
Ҳар қадами айланар шеърга.

Уфқларга ташлаб кўз қирин
Қирқ кабутар учади тинмай.
Югуради ерда ўспирин,
Қирқта қушдан кўзини олмай.

Машриқ тараф қорая бошлар,
Мағрибда-чи, шафақ сўнади.
Кабутарлар осмонни ташлаб,
Бир ялангга келиб қўнади.

Улар ечар қуш либосларин —
Қирқта пари бўлади пайдо.
Бутазорлар аро ўспирин
Термулади уларга шайдо.

Эшитилар қандайдир бир куй,
Шўх янграйди танбурми, чилтор.
Қирқта пари — тонглардай хушрўй —
Базм бошлайди, айтишиб алёр.

Ой нурида сочлар йилтирар,
Куй мавжида буралар беллар.
Кўйлаклари шўх-шўх ҳилпирар,
Қўшилганда рақсга еллар.

Қирқта пари қирқ гулхан ёқар,
Қирқ муқомда қилади хиром.
Бутазордан ўспирин боқар —
«Оҳ»лар уриб қўяр ҳар замон.

Юрагида уйғонган баҳор,
Ўрай бошлар ёғдуга бошин —
Шунда елдай келиб беозор
Қўлга олар бир қуш либосин.

Тўзғиб-тўзғиб туннинг қаърида
Учадилар парилар шошиб.
Бири қолар яланг бағрида
Қўлларини ҳавода ёзиб.

Алангадир ўспирин кўзи —
Паризодга тўймай тикилар.
Ой нуридай қалтираб, тўзиб,
Оёғига келиб йиқилар:

«Севаман», дер, сўрайди шафқат,
Сўзлар айтар шириндан ширин.
Пари эса ёлворар фақат:
— Либосимни қайтариб беринг!

«Севаман», деб йиғлар ўспирин,
Пари эса аврайди:
— Ўғлон,
Гар ваъдангиз ҳаётдай ширин,
Ер — сиздандир, мендандир — осмон.

Осмон билан ўйнашманг — қўрқинг,
Кўз ёш тўкманг, ишқдан урманг лоф
Ҳали-замон қудратли қўшин —
Қўзғолади бутун Кўҳи Қоф…

«Қўрқмайман!», дер ўжар ўспирин,
Қуш  либосни қўчади маҳкам.
Пари эса ёлворар бетин:
— Либосимни беринг, эй, одам!

Силкинади ҳозир бу жаҳон,
Зулмат чўкар, бўрон елади.
Ўғлон, сизни этгани қурбон
Учиб лак-лак девлар келади…

«Келаверсин!»— ёнар ўспирин,
Пари ўйлар минг ҳийла-макр:
— Энди сизга очай бир сирим —
Пари зоти бевафо, ахир!

Жамолимга бир қаранг-чи, оҳ!
Бир боқишдан асир бўлмас ким?
Бу тун биров васлимга муштоқ,
Эртага-чи, бошқада севгим.

«Чидайман…», деб инграйди ўғлон,
Ғижимлайди қақшаб кўксини.
Пари унга боқар беором,
Аллақандай титраб, ўксиниб:

— Биз тушганмиз эртак маҳрига,
Парилар — руҳ,  йигит, сиз — вужуд.
Дучор бўлманг худо қаҳрига,
Қолманг абад дўзахни қучиб.

«Майли,— дейди ўғлон,—шу тақдир —
Ишқ йўлида худо йўқ — тамом!»
Хўрсинади бечора пари,
Югуради ялангда ҳар ён:

— Барча гапим ёлғондир, ёлғон,
Қора қилманг шаън ҳаётимни.
Яшолмайман, ахир беосмон,
Ука, беринг шу қанотимни.

Девлар сизга бас кела олмас,
Кўҳи Қофдан балки сиз азиз.
Аммо эрксиз сиз ҳам бир қафас,
Қанотимни, ука, берсангиз…

Эрк! Кўзларин юмади ўғлон,
Тебранар бир тўлқин мавжида.
У майсага ўхшайди шу он,
У гулларга ўхшайди жуда.

— Ол!—парига либосин тутар…
Учиб кетар лаҳзада пари.
Учиб кетар оппоқ кабутар,
Эркинлиги — осмони сари.

Кўзи чақнаб болакай қайтар,
Кўксида Ер, Осмон оқади.
Адашмасдан айни тонг-саҳар,
Эшигимни келиб қоқади.

Гаплашамиз осмон ҳақида,
Унинг тили найдир — бўзлайди.
Гоҳ куйлайди қушлар бахтидан,
Баъзан тўхтаб ердан сўзлайди.

Баҳслашади кўксига уриб,
Ниманидир ўйлар, мўлтирар.
Кейин мени бир четга суриб,
Столимга келиб ўлтирар.

Нурга тўла бошлайди олам,
Гувиллайди соҳилсиз ҳаёт…
Илк шеърини ёзади бола
Бахш этгани ҳаммага қанот!

БУЛБУЛГА АЙЛАНГАН ОДАМ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Бу одам гулларни жуда севарди —
Хонасида гуллар қийғоч, ранг-баранг.
Ишидан шошилиб қайтиб келарди,
Сўзлашгани эрка гуллари билан.

Кўнгил қўйишганди унга гуллар ҳам,
Келдими, ўзгача тарашарди бўй.
Ранглари янада тортарди кўркам,
Ёмғир ёққан каби чўзишарди бўй.

Гуллар меҳр қўйса одам ҳам ўсар —
Кўксида тобора юксаларди қалб.
Ҳар барг шивирининг маъносин сезар,
Суюб япроқларга теккизарди лаб.

Бу киши жуда ҳам ухларди сергак:
Бир тун уйқусида эшитди аён —
Булбул сайрар эди деворни қарғаб,
Деразага тўшин уриб ҳар замон.

Гуллар чайқаларди — интиқ, безовта,
Сўнгги тоқатлари борарди эриб.
Титраб туришари (дардлари катта!),
Деразага шундоқ бағрини бериб.

Деворлар қулагай гуллар йиғласа,
Дераза сув бўлгай булбул урса тўш…
Одам кўзларини очиб қараса,
Қатор тувакларнинг ҳаммаси бўм-бўш.

Равоқда сайрарди булбул, сайрарди,
Дерди:— Куйиб битсин бу хона-қафас…
Гуллар деразага нигоҳ ташларди,
Жим-жит туришарди, хўрсиниб бесас.

— Сизнинг ишқингиздан бағрим доғларда,
Вой, гулим!— оҳ урдим — ёришди тунлар.
Балкондан бир сакранг — кетдик боғларга,
Бекинманг деворнинг қаърига, гуллар!

Хонада каравот ғамгин ғижирлар,
Равоқда рози дил тинмайди бир дам.
Гуллар титраб-қақшаб ночор пичирлар;
— Бизсиз не бўлади бечора одам?

— Одам…
Сайрашидан булбул тўхтайди.
— Одам…
Яхши одам!..— такрорлар гуллар
— Булбул, у ҳам сенга жуда ўхшайди,
Бизсиз ўлдиради шўрликни мунглар.

Ёзнинг сўнгги тонгги боради тугаб,
Зар муҳрин босади куз илк япроққа.
Булбул ўз дардидан кул бўлиб, тутаб,
Куйлаб учиб кетар узоқ-узоққа.

Қунишиб туришар гуллар бир лаҳза,
Хонага тортиниб киришар ночор:
— Қаддингни тиклайвер, девор, дераза,
Мана, турибмиз-ку, тувакда қатор…

Уларга миннатдор боқади одам,
Аммо пирпирайди негадир лаби:
Гулларни қучоқлаб олади бир дам —
Худди севгилисин топгани каби.

Гулларга одамнинг қучоғи тўлар…
Гандираклаб ташқари қадам ташлайди,
Қайрилиб нимадир демоқчи бўлар,
Ва ногоҳ… булбулдай сайрай бошлайди.

СЕВГИ ҲАҚИДА УМИДБАХШ БАЛЛАДА

Қуёш ботиб кетди. Туғилмоқда тун,
Ҳали ўпилмаган — маъсум, бокира.
Кўчада юрибман мен нима учун?
Мен, ахир, ўлганман, мен бир хотира!

Менга нима керак заминда? Ахир,
Менга нима керак ташвишли олам!
Мени судраб борар мусиқа — ғовур,
Мени қучоғига олар ресторан.

Ўлган одамларга сенмисан тирак,
Яқин кел, улфатим, оқбадан шиша.
Мени ташлаб кетди ўтмиш, келажак,
Мендан айро тушди виждон, андиша.

Кўм-кўк тутун ичра сузиб юрар зал,
Ойнинг ёғдусидай куй оқар ҳазин.
…Худди хаёл каби солланиб гўзал,
Рақс майдонида учиб юрган ким?

Ногоҳ  пайдо бўлар кўксимда юрак!
Танимдан кўринмас кафанни юлиб,
У қиздан бир қатра ҳаётми сўраб,
Унинг қаршисига бораман юриб…

— Кечиринг, юзимга тикилиб боқманг,
Мен асли ўлганман, кўзларим чирик…
Қиз рақсга тушади, кулади шўх—шаън:
— Кўриб турибман-ку, сиз тирик…Тирик!

Қўлларим қанотга айланар гўё,
Самода тўзғийди биз қолдирган из.
Паноҳим, учяпмиз юлдузлар аро,
Юлдузлар ичида энг гўзали — сиз!

Менга ҳадя этиб жонимни такрор,
Қиз жўнар уйига — қувончдан яшнаб…
Мен кўча кезаман. Ёға бошлар қор,
Оппоқ қўлчаларни елкамга ташлаб.

Дўстларим оромин бузар телефон,
Уйқусираб бари ғўлдирайди: «Ким?»
Биров телефонга қичқирар шодон:
— Табриклаб қўйинглар, дўстлар, тирилдим»!

Менинг киндик қоним тўкилган юртда,
Телеграфчи қиз ақлдан озди.
Манов телба бўлиб қолган аппарат
«Она, мен тирилдим» деган хат ёзди.

Менинг атрофимда бўлса оппоқ қор,
Менинг атрофимда туйғулар, ўйлар.
Сокин шивирлайди: «Нима гапинг бор?»—
Қадамим товшидан уйғонган уйлар.

Биламан, бир уйда — оппоқ тўшакда
Нурдай пок вужудин чойшабга кўмиб,
Бир жувон ухлайди худодай якка,
Балки мен ҳақимда ойдин туш кўриб.

Бизнинг ўртамизда балки йиллар бор…
Унинг орзулари қолганда қуриб,
Мен олиб бораман қалбимда баҳор,
Секин шивирлайман: «Келдим. Мен тирик!…

ҚУШ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Қуш баланд учарди,
Жуда ҳам баланд.
Қаноти бор эди қушчанинг, ёҳу!
Аммо коинотга боқиб беписанд,
Ерда бир юрмоқни қиларди орзу.

Юксакликнинг сўнгги чегарасида,
Заминга термулиб учар эди қуш.
Совуқ юлдузчалар тегарасида
Тўзғиб қолишарди муаллақ, беҳуш.

Қоп-қора зулумот ичра ярқираб,
Музлаган коинот билан басма-бас,
Учаркан зулматга тумшуғин тираб,
Ерда юрмоқликни қиларди ҳавас.

Фалакда нима бор — ҳаммаси аниқ:
Бу дунёдан нари — аксулдунё  бор.
Чексизлиқда нари яна чексизлик —
Фақат бири — музкор, бири — оловкор.

Қушча қичқирарди бўшлиққа қараб,
Фазога нидоси кетарди сингиб.
Буюк бир соғинчда бир ўзи, ёраб,
Ҳеч кимга опамас, ҳеч кимга сингил.

Туртиниб ўтарди қанотларига,
Музнафас шамоллар — тош каби ўлик.
Қушчанинг ҳаётбахш баётларига,
Ҳеч ким жўр бўлмасди юраги тўлиб.

Қатланиб ётарди карахт ҳаволар,
Тахланиб турарди беҳисоб осмон.
Қушча бўшлиқларга отиб нидолар,
Ерда бир юрмоқни қиларди армон.

Қуш ҳали заминни кўрмаганди, йўқ,
Тубсиз бўшлиқлардан топганди ҳаёт.
Ана, замин учар ловуллаб — кўм-кўк…
Бир боқсанг саробдай эрийди сабот!

Сабринг жаранглайди — зўриқиб таранг,
Ер шундай яқинки…
Ирода сўнар!
Қушча соғинчлардан маст-аласт, гаранг,
Заминга — бир ўтлоқ устига қўнар.

Қуш ҳали заминни кўрмаганди, ҳа,
Фалак эшитмасди фарёдларини.
У яшил ўтлоққа оёқ қўйди-да,
Ёндириб юборди қанотларини.

Йўловчи тўхтади ҳайратдан қотиб,
Юзига урилди гулхан тафтлари.
Олов ямлаётган қанотга боқиб,
Негадир титраниб кетди лаблари.

Сўнг суҳбат қурдилар қуш билан инсон,
Бир парча ўтлоқнинг устида бахтли —
Одамга қуш Ердан сўзлади шодон,
Одам эса қушга Кўкдан гапирди.

УЧ ДРАМАТИК БАЛЛАДА

1

Қоражон

Умр магар шамол эрур —
Ўтиб кетар, ўтар-о,
«Ҳуй» дегунча манзилига
Етиб қолар давроним.

Элбек бахши, мен учун ҳам
Товушингни кўтар-о —
Ёлғончида қоладими
Менинг ҳам ном-нишоним?

Элбек бахши

Бандаликда чоҳга тушсанг,
Чиқолмайсан, Қоражон —
Чунки сенинг пешонангда
Бойчибордай отинг йўқ.

Беклигингда оқ ўтовни
Тиколмассан, Қоражон —
Чунки сенинг тақдирингда
Барчинойдай хотин йўқ.

Лашкар тортиб, ёв устига
Юролмайсан, Қоражон —
Чунки сенга қисмат душман —
Омад йўқдир, бурдинг йўқ.

Бошингда тож — шоҳлик гаштин
Суролмайсан, Қоражон —
Чунки сенинг мададкоринг —
Қўнғиротдай юртинг йўқ.

«Дўстим» дейсан, «оҳ» урасан —
Тўлғонасан, Қоражон,
О, дўстликда сенинг каби
Моҳир йўқдир, соҳир йўқ.

Йўқлик ичра бир кун ночор
Уйғонасан, Қоражон —
Чунки сенинг элатингда —
Мендай улуғ шоир йўқ.

2

Муаллиф

Ўсдинг, одам, боғларингдан ўсдинг
Шонинг ўсиб достонга этди.
Ўсдинг, одам, тоғлардан ўсдинг —
Бошинг ўсиб осмонга этди.

Мақтовларга беравер бардош —
Одам, нега ғамгин юрибсан?
Кимдир сени атади «қуёш»—
Сен кўз ёшсиз йиғлаб турибсан?

Улкан одам

Кеча-кундуз жим ёлвораман,
Мадад бер, деб оёқларимга.
Ахир, мен ҳам ўсиб толаман —
Ем бўлиб ел тирноқларига.

Йиқитмагин, қодир худойим!—
Вужудимга тўлган зил само.
Бўлади-ку қиёмат қойим,
Юрт устига тушсам шу асно.

Гарчи боқди менга бу дунё,
Суҳбат қуриб юлдузлар билан —
Юрт устига тушсам шу асно,
Кўтаришга куч топармикан?

3

Малика

Кўнглим сенда, сендадир фақат,
Аммо кечгин мендан, ботирим.
Ор деганда — душман бешафқат —
Пичоқ қайрар қирқ минг шотири.

Оқботир

Қирқ минг ёвнинг ёнидан туриб,
Суйдим, дединг — шу басдир менга.
Бир тиғ урсам — ўтади юлиб —
Қирқ минг шотир қирқ хасдир менга.

Малика

Кўнглим сенда, сендадир… Гарчи
Хавотирим мўлдир, полвоним.
Занжир ясар қирқ минг темирчи —
Кет, занжирбанд бўлмасдан, жоним.

Оқботир

Кўнглинг менда — ёвнинг ўлгани!
Насиб! — умидлари бузилгай…
Бир «оҳ» урсам шердай тўлғониб —
Занжирлари ипдай узилгай.

Малика

Кўнглим сенда, кўнглим сендадир,
Аммо мендан кечгин, ботирим.
Қирқ газли дор солланар оғир,—
Гўё севгимизнинг хотири…

Оқботир

Сен ёнимда: қўрқувлар — туман,
Туманларда қуёшим порлар.
Ёв дастида тутгуси суман,
Кунпаякун бўлгуси дорлар.

Малика

Сенда, сенда, сендадир юрак,
Аммо дилни тарк этмас хавос:
Ботирим, айт, қанақа кўмак
Ёвларингдан айлайди халос?

Оқботир

Сеҳргардир қодир муҳаббат! —
Адоватлар топгуси абас.
Сўрамайман сендан  марҳамат…
Фақат кўнглинг менда бўлса бас.

НОДРАМАТИК БАЛЛАДА ЁКИ БЕҒАМ МАРШ

Барча эртакларнинг
Қаҳрамониман.
Эртакда яшамоқ —
О, нақадар соз.
Парқу булутларнинг
Оппоқ ёнидан,
«Учар галам»ларда
Қиламан парвоз.
Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бир он!
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон!

Ҳа, албатта мени
Малика севар,
Севмаса ҳам хафа
Бўлмайман зарра.
Фақат хонавайрон
Бўлади девлар —
Шўрликлар бошида
Синади дарра.
Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бир он!
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон.

Подшоҳларни қаттиқ
Этгум назорат —
Халқига ноҳақ  сўз
Айтса бир оғиз,
Оёғим ўпса ҳам,
Қилмасман шафқат —
Уни ямламасдан
Ютар ялмоғиз.
Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бир он.
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон!

Қаршимда аждарҳо
Эгар бошини,
Қуриган денгизга
Сув қайтар — савоб.
Денгизни ютганлар
Тўкар ёшини —
Уларни ажина
Қилади хароб.
Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бир он!
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон!

Ҳамма Алпомишлар
Тирилиб қайтар,
Тепсиниб туради
Ҳамма Бойчибор.
Бир куни кўз ёшсиз
Қўшиқлар айтар,
Фарзанди борлигин
Сезган бу диёр.
Юрак, югур! Югур!
Тўхтама бирон!
Ўлмасак бўлди-да —
Бош бўлсин омон!

О, нақадар создир
Эртакли дунё,
Бахтли бўлаверинг —
Битмоқда сўзим…
Ўзим муродимга
Этмайман аммо,
Бахтли бўлолмайман
Фақат бир ўзим.
Юрак, югур! Югур!
Тўхтама, бу чоғ…
Ўлсак, ўлибмиз-да —
Дунё бўлсин соғ.

 

vsadnik1400.jpgMadina BOLLIYEVA
G‘ARBONA JANRNING SHARQONA NAMUNASI
08

Shoir qalbi dashtdek keng, tog‘dek yuksak, daryodek toshqin bo‘ladi. Faqatgina shoirlar inson ruhining oniy iztiroblariyu quvonchlarini satrlar qatiga jo eta oladi. Adabiy turlarning eng nozigi lirikaning qay bir janrida qalam tebratilmasin, inson ko‘nglida mavj uradigan inja tuyg‘ular tarannum etiladi. Jumladan, syujetliligi bilan ajralib turadigan balladalar haqida ham shunday fikr aytish mumkin.

“Ballada” termini “raqsbop qo‘shiq” degan ma’noni anglatadi. O‘rta asrlar Yevropa adabiyotida paydo bo‘lganligi aytiladi, kelib chiqishiga ko‘ra rivoyat va hikoyatlarga borib taqaladi. Ertak va qo‘shiq janrining ham ba’zi jihatlarini mujassamlashtirgan. Balladalarda tarixiy va hayotiy syujet yorqin aks etadi. Ko‘pincha mifologik mavzuga murojaat qilinadi, afsonaviy qahramonlar qatnashadi. Ballada sentimentalizm va romantizmning muhim janrlaridan hisoblanadi.

04de5036-be53-4a12-83dc-781d932058cc.jpgSyujetda kulminatsiya, tugun va yechimning bo‘lishi, muallifning kuchli emotsiyasi va qahramonning his-tuyg‘ulari tasvirlanishi balladaning muhim belgilari sirasiga kiradi. Asrlar davomida mazkur janr ham takomillashib kelmoqda, mavzu ufqlari kengayib, uslubiy o‘zgachaliklar kasb etmoqda. XX asr o‘zbek adabiyotida Hamid Olimjon, Maqsud Shayxzoda, Uyg‘un kabi shoirlar balladaning go‘zal namunalarini yaratishgan. Bu mavzuda gapirilar ekan, O‘zbekiston xalq shoiri Usmon Azimni tilga olmaslikning iloji yo‘q. Shoir inson iztiroblarini tasvirlashda buyum va jihozlardan ramz-timsol sifatida ustalik bilan foydalanadi. Shu jihatdan g‘arbona ballada bilan sharqona masalni uyqashtirib yuboradi. Masalan: “Buyumlar haqida ballada”, “Avtomobil haqida ballada”, “Dekabr balladasi”, “Yomg‘ir haqida ballada”, “Mardlik haqida ballada” va hokazo.
Usmon Azim balladalaridagi tabiat tasviri betakrorligi bilan e’tiborga molik. “Deraza haqida ballada”siga quloq tutaylik.

Kuzakning besohib kechalarida
Izg‘irinlar yelar, yomg‘irlar ezar…
Dunyoning ho‘l, zulmat ko‘chalarida,
Tentirab kezinar yolg‘iz deraza.

Oynasida o‘ynar chiroqning aksi,
Qayiq surati bor pardalarida.
Tentirar deraza – xazonlar bosib,
Beparvo kuzakning zardalariga.

Tabiat oltin rangga belanib, bor go‘zalligini ko‘z-ko‘z etsa-da, kuz faslini inson hayotining shomiga qiyoslaymiz. Tillarangning olovli nurlari zulmatga yuz tutgan xazonrez umrni yorita olmas ekan. Balladaning dastlabki misralaridanoq tabiat lirikasining go‘zal namunasini ko‘rishimiz mumkin. Shu orqali insonning oniy kechinmalari tasvirlangan.

Sakkiz oynasi bor – sakkizta tuman,
G‘ussadan sakkizga bo‘lingan siyna –
Boradi charchagan ko‘chalar bilan,
Sakkizga ajralgan jonini qiynab.

Avtolar yonidan o‘tar zuvillab,
Halqoblar poyida qolar sochilib.
Boradi junjikib, borar huvillab,
Yig‘lar – men bilmadim kimga achinib.

Kecha mavjlanadi – hududsiz dengiz…
(Izg‘irinlar yelar, yomg‘irlar ezar)…
Tunga cho‘kib ketgan to‘rt taraf tubsiz…
Nochor kema kabi suzar deraza.

Ballada real hayot va fantastik tasvirni uyg‘unlashtirgan. Sakkiz oynasi bor deraza tasviri orqali insonning tashqi a’zolari ramzlashtirilib, badiiy obraz hosil qilingan. Deraza-odamning ko‘zyoshiga belangan ko‘yi tungi shahar bo‘ylab izg‘ishidan iborat fantastik syujet ta’sirchan peyzaj bilan boyitilgan.

Ko‘p qavat binolar charaqlab turar,
Sassiz hayqirishar: “Bizlar – baxtiyor!..”
Baxtdan gangib qolgan bu cho‘ng devlarga
Yolg‘iz derazaning dardi ne darkor?

Deraza charchabmi yerga cho‘kadi,
Tani chippa botar kuzak loyiga.
Ustidan daraxtlar xazon to‘kadi…
Hamma derazalar joyi-joyida!

Deraza qaytadi poyi-piyoda,
O‘tgan yo‘larini tanimas ko‘zi…
Sovuq bir devor bor, axir, dunyoda,
O‘sha muzday devor qismatning o‘zi!

Tani boshqa dard bilmas. Baxtiyor ko‘p qavatli binolarga darbadar derazaning ahvoli ruhiyasi g‘alat tuyuladi. Chunki ular hayotda hammasi qanday bo‘lsa, shundayligicha qabul qilgan. Ko‘nikuvchanning kuni qulay kechadi. Bizning derazamiz esa devorda serrayib turaverishdan zerikkan, qandaydir o‘zga ma’volarni qo‘msaydi, istaydi, izlaydi. Ammo achchiq qismat orzu qanotlarini qayirib, yana taqdir chizig‘iga qaytishga majburlaydi.

Singan qanot kabi sudralib borar,
Ikki pardasi – shundoq jiqqa ho‘l.
Axir, bu dunyoda bir devor bor-a,
Bedorligi kamdir, uyqulari mo‘l.

Ana, xurrak otib uxlar bearmon…
Deraza termular devorga g‘amgin:
– Bir kun qaytmas bo‘lib ketaman, ishon!
Uyg‘ongin, devorjon! Uyg‘on, uyg‘ongin!..

Deraza devorga kelib o‘rnashar,
Dahshatda qotadi sakkizta ko‘zi,
Qurib ulgurmagan darpardalardan
Qayiqlar qaygadir ketishar suzib…

Iztirob iskanjasida tun bo‘yi yolg‘iz o‘zi shahar kezgan deraza yana eski o‘rniga qaytadi. Asl qismati shu! Devor va derazani bir-biridan ayro tasavvur eta olmaganimizdek, jism va ruhni ham bir-biridan ajratib bo‘lmaydi. Inson ruhi (ya’ni deraza) erkinlik izlab izg‘irinli ko‘chalarda mungli izg‘iydi, ammo taqdiri azal uning jismdan (ya’ni devordan) ajralishiga yo‘l qo‘ymaydi. Jism (devor) ham ruhsiz (derazasiz) mudroq. Ikkisi birga yaxlitlikni tashkil qiladi, bir butun bo‘ladi. Lekin orzu qayiqlari qaylargadir suzib ketaveradi…

O‘zbek she’riyatida Usmon Azimning belgili, katta o‘rni bor. Shoir qalamiga mansub balladalar tahlili ham buni isbotlaydi. Usmon Azim mazkur janr imkoniyatlarini yanada kengaytirib, yangicha mavzular, yangicha ifodalar olib kirdi. G‘arbona janrning sharqona namunalarini yaratdi.

Maqola muallifi haqida: 1987 yili tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. Bugungi kunda erkin izlanuvchi tadqiqotchi. “O‘zbek lirik janrlari taraqqiyoti va ballada poetikasi” mavzusida ilmiy ish qilyapti

Manba: “Yoshlik” jurnalining veb-sahifasi

USMON AZIM
BALLADALAR
08

004Usmon Azim 1950 yil 13 avgustda Surxondaryo viloyati, Boysun tumanida tavallud topgan. O’zbekiston xalq shoiri (2000). ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tugatgan (1972). Ilk kitobi — «Insonni tushunish» (1979). «Holat» (1979), «Oqibat» (1980), «Ko’zgu» (1983), «Surat parchalari» (1985), «Dars» (1985), «Ikkinchi aprel`» (1987), «Baxshiyona» (1989), «G’aroyib ajdarho» (1990), «Uyg’onish azobi» (1991), «G’ussa» (1994), «Uzun tun» (1994), «Saylanma» (1995), «Kuz» (2001) kabi she’riy va «Jodu» (2003) nasriy to’plamlari nashr etilgan. Dramalar ham yozgan («Bir qadam yo’l». 1997; «Alpomishning kaytishi», 1998 va boshqa). «Alisher Navoiy» kinoqissasi (1990), «Alpomish» kinodostoni (1997), «Sevgi» (1998, shu nomli hikoya asosida) va 2 seriyali «Alpomish» (2000) fil`mlarining stsenariysiga mualliflik qilgan. Pol` Elyuar, Oyar Vatsietis, Fozil Husni Dog’larja, A. Voznesenskiy, YU. Martsinkyavichyus va boshqa shoirlarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. Gruziyaning Mayakovskiy nomidagi Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan (1982). «Do’stlik» ordeni sohibi (1998).

08

BALLADA

Qulab tushdi iroda — zindon,
Erkka chiqdi bu so’z —»Sevaman!»
Men jo’natdim uni sen tomon,
Simyog’ochlar karvoni bilan.

Simyog’ochlar karvoni ketdi,
Tun bag’rini bir-bir oralab…
U so’z tongda shahringga etdi,
Eshigingni bordi qoralab.

Shitirladi hovling to’la kuz,
Shitirladi xazonlar — jonli.
Ostonada kichkina bir so’z —
Sen seskanib yig’lading, jonim.

Ro’parangda u bosh egdi jim,
Horib keldi — uzoq edi yo’l.
Sen yoshingni arta bilmading.
«Salom» ham deb uzatmading qo’l.

Yarador qush — ovozing titrar.
Shivirlading arang:— Kechiring…
O’pdi yoshli yuzu ko’zingdan,
Quchoqladi elkangdan ering.

Men kutaman… Kuz bo’lar abas,
Qor, izg’irin bilan bo’zlashib —
Ko’chalarda tentirayman mast,
Xotiralar bilan so’zlashib.

Yo’q, sen meni juda sevasan!
Faqat yomon qishning to’foni —
Balki simlar uzilib qolgan,
Balki adashgandir karvoni…

BALLADA

Ko’ksim biyday sahro,
Bo’m-bo’sh shahar aro
Yupqagina qorong’ilik to’kilib asta,
Chiroqlarning nuri shoyon porlaganida,
Endigina muzlayotgan qorlarni bosib,
Teatrga tanho o’zim g’amgin jo’nadim.

Har narsani istamasdim, faqat sevaman,
To’lib-toshgan sevgisiga ololmay javob,
Ko’z yosh to’kib, yaralangan vahshiy yo’lbarsdek
Sahna uzra charx urganda sho’rlik Medeya,
Hamdard yig’i tomog’ida turib ko’ndalang?
Qafasini nogoh sezib qolgan qush kabi
Ko’kragimda yuragimning potirlashini.

Har narsani istmasdim…
Devona taqdir,
Kuyganingmi, suyganingmi — nima qilganing?
Qizil, yashil nurlar aro tongday oqarib,
Oq ko’ylakda oqqush kabi o’tdi bir malak…

Birdan (yana «birdan» deyman, meni kechiring,
Tuyg’ularning eng buyugi tug’ilgan nogoh,
O’lchab-kesib o’tirmoqqa fursat topilmas)…

Xullas, birdan oyoqlari yerdan uzildi,
O’tli yulduz taftlaridan qizardi yuzim.
Senmisan bu, kimlardir «sevdim» deganda,
O’rtamizda soya solgan dildagi g’ashlik;
O’zim bilan o’zim nochor qolganda tanho,
Izg’irinli kechalarda muzlagan yurak
Erib-yumshab, borligini aylaganda fosh,
Ko’z oldimda g’ira-shira ko’ringan xayol!

Kechira qol,
Baxtiqaro Medeya, kechir!
Boshqa safar yig’laydurman senga qo’shilib,
Ammo hozir men shunchalar baxtiyormanki,
Agar senga quvonchimni tushuntirolsam,
O’layotgan ishq azasin bir dam unutib,
Lablaringda xanda o’ynab qolsa ajabmas.
Ana, qara, faryod cheksang — labini tishlab,
O’rindiqning suyanchig’in tutgancha mahkam,
Ko’z yoshini artmoqni ham unutib qo’yib,
O’ltiribdi ertakkinam, mening malikam!
Hozir shunday dast tursamu yoniga borib,
Ko’zlariga termulsamu daryoday oqsam.
Cho’chib tushib, so’ng jilmayib, so’ng hayron qolib,
Ishoning, u «siz o’shami?» deb qolar tayin.

Biroq… Parda!
Chiroq yonar… Guldurak qarsak…
U sahnaga gullar otib o’qiydi tahsin.
U hammadan Medeyani ko’proq olqishlar,
U hammadan keyin chiqar ko’chaga yolg’iz.

U ketadi…
Kulmangizlar mening holimdan!
Yerimiz-ku kichik narsa, mo»jazgina shar —
Galaktika atalmish bu yudduzga to’la
Koinotdan narida ham bo’lsa diyori —
Men baribir, u go’zalni topib boraman,
«Men o’shaman» degan bir juft so’zni aytgani.

BESHAFQAT BALLADA

Bu qiz bir so’mga ham qiladi muqom,
To’ydan qochib chiqdi uyalib maqom.

Qo’shiq — navbatdagi bir «…xon» haqida,
Pulni ol! Or-nomus eski aqida.

Ishvani yopishtir badanga, yuzga,
Ayniqsa, mastlarni qochirma ko’zdan.

Ishva bozori bu! Stollar — rasta!
Torning g’ilofida pul dasta-dasta.

Anov do’konchiga qil avval ta’zim,
Bir dam sovumasin bir nodon bazm.

Raqqosa! Xirom qil otgunicha tong,
So’ng uxlab olarsan kelganida shom.

Uyg’onib, yig’larsan shom chog’i albat,
Agar yig’lamasang undan ham dahshat…

Raqqosa! Davrada ildam-ildam suz!..
Nega nozing — olov, ko’zlaring — naq muz!

Ha, hayot — beshafqat! Tugadi ertak!
«To’xta!..» deb qichqirmas biror-bir erkak!

ARMON HAQIDA BALLADA

Bosib kela boshlar shom qorong’usi,
Uylarda chiroqlar charaqlar sho’x-sha’n.
Bu xona kechani kutib olgusi,
Xo’mrayib, badqavoq bir nazar bilan.

Teleekranida olam aylanar,
Tubsiz ko’zi bilan boqadi falak.
Kino ko’rmoqlikka xona shaylanar,
Ammo derazaga boqar jonhalak.

Qahraton ayozning tosh og’ushida,
Chirsillab sinadi bog’larning beli.
Xona ajraladi aqlu hushidan,
Kimnidir chorlaydi: «Xabar ol kelib!».

Damlangan choyga u uzatmayda qo’l,
Ovqat sovib qolar, sindirilmas non.
Xonaning bag’rida hamma narsa mo’l,
Faqat hamma narsa beqadr, beshon.

Xona o’rtanadi, yonar, uh tortar,
Boshini uradi devorlariga,
Uning dardlarini ulashsa, etar
Dunyoning jamiki bemorlariga.

Bir mahal — uyquga olam cho’kkanda,
Xonaning eshigi ochilar besas.
Ko’chaga o’zini tashlar bir sharpa,
Angrayib, beqaror turadi bir pas.

So’ng uylar, bog’lardan hatlab jo’nar u —
Oyog’i tagida sinmaydi muzlar.
Qorni kechib borar —qor momiq, parqu,
Ammo qor yuzida qolmaydi izlar.

U ketib boradi shiddatkor, tezkor,
Daryoyu tog’lardan o’tadi uchib.
Ko’zidan yoshlari oqib shashqator,
Ikki qo’li bilan ko’ksini quchib.

Zulmatga termulib turar bezovta,
Olis bir shaharning chekka bir uyi.
Sharpa yetib kelar (shoshib, albatta!)
Va yalang boshini egadi quyi:

— Qaydasan, uzoqdan keldim sog’inib,
Sog’indim tanimda qolmadi darmon.
Men orzu-umidning g’amgin yolqini,
Men — Armon! Ko’yingda qovrulgan Armon!

Va uyning eshigi ochilar besas,
Bir sharpa chiqadi bulutdan suzib:
— Keldingmi men bilan olgani nafas,
Keldingmi yo’llarning tanobin uzib?

Ular bir-biriga to’ymay boqishar,
Bir-birin ko’ksida berishadi jon.
Kulishar, xayollar ichra oqishar,
Ikki nochor vujud — ikkita Armon.

— Sovuq qotmadingmi?
— Yo’q, yonib ketdim!
— Birov ko’rib qolsa…
— Menga baribir!
— Taqdirga ming shukur, visolga yetdim!
— Aytdim-ku, men seni sevaman, axir!

Ular ajralgisi kelmaydi abad,
Ammo tong yorishib kelar muqarrar.
— Alvido! Bu tongda zarra yo’q shafqat!
— Alvido!… Yana tun kelgunga qadar!…

Bir sharpa eshikka kirib yo’qolar,
Bir sharpa ortiga qaytar mung’ayib —
Gandiraklab, qaltirab, oriqlab qolar,
Deraza ichiga bo’lguncha g’oyib.

Shu kuni bir odam ishga boradi,
Hammaga tabassum qiladi shirin.

BOYSUN HAQIDA G’AMGIN BALLADA YOKI
QAYTMAYDIGAN XOTIRALAR HAQIDA SHE’R

Shukur akaga

Sen bor eding. Meni kuzatding.
— Bolam, singib ketma shaharga,
Yurak bilan ko’ksing bezadim,
Eslab turgin olis safarda.

Tillarimda ertak bo’lding sen:
«Bor ekan-da,
Yo’q ekan.
Och ekan-da,
To’q ekan.
Ko’rdim,
Kezdim, Boysunday joy
Bu olamda yo’q ekan».

Hayron boqib do’stu begona,
Xayolkash deb kuldilar ro’y-rost.
— Boysun? Bunday joy yo’q, devona,
U tushingga kiribdi, xolos.

Bu hukmga bo’lmasdan rozi
Ertagimni kuyladim takror.
— Qulog’imda hamon ovozi,
Ishoninglar, do’stlar, Boysun bor!

Yuragimga sig’madi sog’inch.
Bo’lmayin deb hijronda vayron —
Endi kuylay boshladim notinch:
— Boysun! Boysun! Boysun! Boysunjon…

Asta-asta, bir-bir etdi rom,
Yuraklarni ohangrabo kuy.
Dedilarki: — Qani, oshnajon,
Boysuningni bir ko’rsatib qo’y.

— Qani ketdik!
Shahri shovqinzor
Boshingizni qo’ymish gangitib.
Hali ko’rasizlar, Boysun bor!-
Peshvoz chiqar mehr anqitib.

Yo’llar yurdik, tog’lardan oshdik.
— Boysun qani? Boysun qaerda?
— Bir kun qalbim sevishdan toshdi,
Men yetgandim tug’ilgan yerga.

Do’stlar meni aylashar tabrik.
Men turibman beun, bag’rim xun.
Og’aynilar, qaerga keldik,
Ketib qopti Boysundan Boysun…

Men Boysunni izlayman hamon,
Ba’zan pinhon yig’layman she’rga.
Qaerlarga ketding, Boysunjon,
Bizning Boysun qani, qaerda?

BUYUMLAR HAQIDA BALLADA

Burilib bo’lmaydi xonamiz ichra,
(Ehtiyot bo’lsang-chi!) to’rt taraf buyum,
Olamda kezaman ko’zlarim xira,
Tegramda aylanar buyumdan quyun.

— Ishla— Nima uchun?— Yugur!— Nimaga?
— Televizor kerak!— Mashina!— Buyum…
Bir yilki, boqmadim to’yib dunyoga,
Sevgilim, unutdim maysalar bo’yin.

— Javon kelgan ekan…Yuring…Ketdik…Tez!
Usiz odammiz deb aytolamizmi?
— Sevgilim, olislab ketmaymizmi biz,
Sevgilim, orqaga qaytolamizmi?

Yaxshilab ko’taring, yerga tegadi,
Bu — yillik mehnatga to’langan tovon.
— Sevgilim, zalvori qaddim egadi,
Yerga kirgizay deb bosadi javon.

— Tanishlar o’tmoqda — berishib salom,
Siz ham bosh silkiting, jilmaying mayin…
— Ko’zim tiniyapti. Yelkamda javon,
Jonim, odamlarni qanday ko’rayin?

— Bolajon, sen meni tanimadingmi?
Men seni tuqqanman. Qo’zim, onangman!
— Onajon, bu javon shunchalar ulkan,
Meni to’sib qo’ydi yorug’ olamdan!

— Keldingmi?
O, bolam, senda gapim bor…
Birgina so’zingni intizor kutdim!
— Shoshyapman… Do’kondan mol olmoq darkor…
Senga nega keldim? Unutdim…

CHIROQ HAQIDA BALLADA

Kunduzlari bedardlik yomon,
Kechalari beomon og’riq.
Eshikni och, turibman vayron
Derazada sollangan yorug’.

Boshlarimga yomg’irlar yog’di,
Erimadi yelkamdan qorlar.
Tovushimdan shamollar oqdi,
Bo’g’zimda uzildi torlar.

Izg’ib tunning tig’izligida
Kichiraydi, ezildi yurak.
Kir to’fonlar to’ng’izligidan
Toldim. Menga boshpana kerak.

Derazangni chertgan yomg’irmas,
Tepgani yo’q darchangni shamol.
Ular — menman. Men — betoqat g’am,
Eshigingni, yorug’, ocha qol!

Xonadoning naqadar ravshan…
Salom, chiroq! Azizim, chiroq…
Men yashayman endi sen bilan
Bu eshikdan ketmayman yiroq.

Cho’chimayman falak qahridan,
Bulutlardan qo’rqmayman zarra.
Zulumotning sokin zahridan
Asrar men yorug’ boshpana.

Aylanadi tomdan narida
Alam ichra qorong’u ofat.
Navoiyning uzun bahrida
Men g’azallar qilgum tilovat.

So’zlar endi ko’nglimga cho’ri,
Kun ko’raman qalbimni yozib.
Chiroq… Jonim… Bu nima ko’rim,
Seni shiftga kim qo’ydi osib?

U xonaga qo’rqib ko’z tashlar,
Porlashida nursiz bir hadik.
Qiynalaru kulib so’z boshlar:
— Menga kerak… Boshpanasizlik…

Tepasida turar buralib,
Ip ichida nihon simarqon.
— Osilgancha turibman qotib,
Boshlana hech kerakmas… Ishon!

Bu to’rt devor aylagay asir
Qayda bo’lsa bir tolim ziyo.
Umidvorsan yonishdan, axir,
Bir lahza ham bunda qolma, oh!

…Bir alamli yig’i tig’ida
Tomog’imga tiqiladi she’r…
Tortish kuchi asirligida
Tun qo’ynida uchib borar Yer.

DASHT HAQIDA BALLADA

Erkin A’zamovga bag’ishladim

Tog’lar kichiraydi. Pasaydi osmon.
Yashab bo’lmaydi-ku, axir engashib…
Jo’nadim balandroq osmonlar tomon —
Ortimdan Boysunning dashti ergashdi…

Meni ishonmadi ufqlarga u,
Dosh berib tezlikning shamollariga
Ortimdan yugurdi, yugurdi yohu,
Qoqilib temir yo’l shpallariga.

Vagonga chiqazib qay bir bekatda.
Koyidim:— Bu ishdan zarra yo’q ma’ni!..
U ruhsiz cho’zildi tepa qavatga,
Biletsiz va pulsiz yo’lovchi kabi.

So’ng shahar ko’chasi, xiyobonlari
Aro kezdim — joylab dilimga uni —
Odamu mashina olomonlari
Toptab ketishmasin kup-kunduz kuni.

Davru davron surdim har hafta ko’chib,
Ijara uylarning shavqi yodimda!
Qattiqqo’l xo’jayin ko’zidan cho’chib,
U beun yashadi mening yonimda.

Muhabbat lovullab kirdi yurakka,
Ilk bora alamli so’zlar tingladim.
Yuzlarimni bosib xoru xashakka,
Dashtimni quchoqlab tunlar yig’ladim.

Bahorda ko’karib, kuzda sarg’ayib,
Sukunatu qorga o’ranib qishda,
G’o’ra she’rlarimga boqdi mung’ayib…
Xullas, sodiq bo’ldi har ezgu ishda!

…Ammo, nima qilib qo’ydi bu yillar!
Garchi men, munaqqid aytganday, «o’sdim»—
O’rtamizga kirdi qay ayyor jinlar,
Ko’p xona uyimga sig’maydi do’stim.

Yalinaman unga:
— Bor, Boysunga bor!
Shaharga yarashmas sahroyi so’xtang.
Borsang — shamol tayyor, yomg’ir ham tayyor,
Tog’lar orasida yashaysan ko’rkam.

Pandu nasihatlar berib tolaman,
Aldayman:
— Yur, ketdik ifor tergani…
Har bahor dovdirab Boysun boraman,
Boysunga dashtini tashlab kelgani…

Qaytaman. Ammo dasht sezib ulgurar…
Dosh berib tezlikning shamollariga,
Ortimdan halloslab, shoshib yugurar,
Qoqilib temir yo’l shpallariga.

Uyimga gezarib kirib kelaman,
Meni asra endi, inglizcha qulf!
Shundoq ostonada dasht qolar garang,
Eshikka termulib » uf» tortadi… Uf!

Mana, tong chog’ida ishga ketayapman.
Yurak, azobdasan — qanday dard ezar?
Junjikib, egasiz it kabi g’amgin
Vokzal maydonida yolg’iz dasht kezar…

DERAZA HAQIDA BALLADA

Kuzakning besohib kechalarida
Izg’irinlar yelar, yomg’irlar ezar…
Dunyoning ho’lzulmat ko’chalarida,
Tentirab kezinar yolg’iz deraza.

Oynasida o’ynar chiroqning aksi,
Qayiq surati bor pardalarida.
Tentirar deraza — xazonlar bosib,
Beparvo kuzakning zardalariga.

Sakkiz oynasi bor — sakkizta tuman,
G’ussadan sakkizga bo’lingan siyna —
Boradi charchagan ko’chalar bilan
Sakkizga ajralgan jonini qiynab.

Avtolar yonida o’tar zuvillab,
Xalqoblar poyida qolar sochilib,
Boradi junjikib, borar huvillab,
Yig’lar — men bilmadim kimga achinib.

Kecha mavjlanadi — hududsiz dengiz…
(Izg’irinlar yelar, yomg’irlar ezar…)
Tunga cho’kib ketgan to’rt taraf tubsiz…
Nochor kema kabi suzar deraza.

Ko’p qavat binolar charaqlab turar,
Sassiz hayqirishar: «Bizlar — baxtiyor!..»
Baxtdan gangib qolgan bu cho’ng devlarga,
Yolg’iz derazaning dardi ne darkor?

Deraza charchabmi yeerga cho’kadi,
Tani chippa botar kuzak loyiga.
Ustidan daraxtlar xazon to’kadi…
Hamma derazalar joyi-joyida!

Deraza qaytadi poyu-piyoda,
O’tgan yo’llarini tanimas ko’zi…
Sovuq bir devor bor, axir, dunyoda,
O’sha muzday devor — qismatning o’zi!

Singan qanot kabi — sudralib borar
Ikkita pardasi — shundoq jiqqa ho’l.
Axir, bu dudyoda bir devor bor-a,
Bedorligi kamdir, uyqulari mo’l.

Ana, xurrak otib uxlar bearmon…
Deraza termular devorga g’amgin:
— Bir kun qaytmas bo’lib ketaman, ishon!
Uyg’ongin, devorjon! Uyg’on! Uyg’ongin!..

Deraza devorga kelib o’rnashar,
Dahshatda qotadi sakkizta ko’zi:
Qurib ulgurmagan darpardalardan
Qayiqlar qaygadir ketishar suzib…

ENG SO’NGGI OHU HAQIDA BALLADA

«Bolajon, eng baland cho’qqiga chiqdik,
Ammo bu cho’qqi ham qilmagay vafo.
Inson kelayapti ko’tarib miltiq…
Go’dak iltijosi bularmish bajo.

Tilagan, yelkasin temirlar ezgan,
Olam bersin bizga xaloskor qanot…
…Alvido, zaminda beparvo kezgan,
Temirga sig’ingan buyuk odamzod!»

Ohu uchib borar zaminni tashlab,
Yonida bolasi — chiroy sarvari.
Ohu uchib borar ko’zlarin yoshlab,
Dilni o’rtaguvchi xayolot sari.

Odamzod nedandir bezovta, dilgir,
Cho’qqida quyoshday turibdi porlab.
Miltig’in sindirib u «oh» uradir —
Odamzod yig’laydi ohuni chorlab.

ILK SHE’RNING YOZILISHI HAQIDA BALLADA

Ko’kda uchar qirqta kabutar,
Bir o’spirin yugurar yerda.
Qushlar bilan manzillar o’tar,
O’tib borar daladan, qirdan.

Qirq kabutar falakda uchar,
Bir o’spirin yugurar yerda.
Osmon bilan yer farqi o’char,
Har qadami aylanar she’rga.

Ufqlarga tashlab ko’z qirin
Qirq kabutar uchadi tinmay.
Yuguradi yerda o’spirin,
Qirqta qushdan ko’zini olmay.

Mashriq taraf qoraya boshlar,
Mag’ribda-chi, shafaq so’nadi.
Kabutarlar osmonni tashlab,
Bir yalangga kelib qo’nadi.

Ular yechar qush liboslarin —
Qirqta pari bo’ladi paydo.
Butazorlar aro o’spirin
Termuladi ularga shaydo.

Eshitilar qandaydir bir kuy,
Sho’x yangraydi tanburmi, chiltor.
Qirqta pari — tonglarday xushro’y —
Bazm boshlaydi, aytishib alyor.

Oy nurida sochlar yiltirar,
Kuy mavjida buralar bellar.
Ko’ylaklari sho’x-sho’x hilpirar,
Qo’shilganda raqsga yellar.

Qirqta pari qirq gulxan yoqar,
Qirq muqomda qiladi xirom.
Butazordan o’spirin boqar —
«Oh»lar urib qo’yar har zamon.

Yuragida uyg’ongan bahor,
O’ray boshlar yog’duga boshin —
Shunda yelday kelib beozor
Qo’lga olar bir qush libosin.

To’zg’ib-to’zg’ib tunning qa’rida
Uchadilar parilar shoshib.
Biri qolar yalang bag’rida
Qo’llarini havoda yozib.

Alangadir o’spirin ko’zi —
Parizodga to’ymay tikilar.
Oy nuriday qaltirab, to’zib,
Oyog’iga kelib yiqilar:

«Sevaman», der, so’raydi shafqat,
So’zlar aytar shirindan shirin.
Pari esa yolvorar faqat:
— Libosimni qaytarib bering!

«Sevaman», deb yig’lar o’spirin,
Pari esa avraydi:
— O’g’lon,
Gar va’dangiz hayotday shirin,
Yer — sizdandir, mendandir — osmon.

Osmon bilan o’ynashmang — qo’rqing,
Ko’z yosh to’kmang, ishqdan urmang lof
Hali-zamon qudratli qo’shin —
Qo’zg’oladi butun Ko’hi Qof…

«Qo’rqmayman!», der o’jar o’spirin,
Qush libosni qo’chadi mahkam.
Pari esa yolvorar betin:
— Libosimni bering, ey, odam!

Silkinadi hozir bu jahon,
Zulmat cho’kar, bo’ron yeladi.
O’g’lon, sizni etgani qurbon
Uchib lak-lak devlar keladi…

«Kelaversin!»— yonar o’spirin,
Pari o’ylar ming hiyla-makr:
— Endi sizga ochay bir sirim —
Pari zoti bevafo, axir!

Jamolimga bir qarang-chi, oh!
Bir boqishdan asir bo’lmas kim?
Bu tun birov vaslimga mushtoq,
Ertaga-chi, boshqada sevgim.

«Chidayman…», deb ingraydi o’g’lon,
G’ijimlaydi qaqshab ko’ksini.
Pari unga boqar beorom,
Allaqanday titrab, o’ksinib:

— Biz tushganmiz ertak mahriga,
Parilar — ruh, yigit, siz — vujud.
Duchor bo’lmang xudo qahriga,
Qolmang abad do’zaxni quchib.

«Mayli,— deydi o’g’lon,—shu taqdir —
Ishq yo’lida xudo yo’q — tamom!»
Xo’rsinadi bechora pari,
Yuguradi yalangda har yon:

— Barcha gapim yolg’ondir, yolg’on,
Qora qilmang sha’n hayotimni.
Yasholmayman, axir beosmon,
Uka, bering shu qanotimni.

Devlar sizga bas kela olmas,
Ko’hi Qofdan balki siz aziz.
Ammo erksiz siz ham bir qafas,
Qanotimni, uka, bersangiz…

Erk! Ko’zlarin yumadi o’g’lon,
Tebranar bir to’lqin mavjida.
U maysaga o’xshaydi shu on,
U gullarga o’xshaydi juda.

— Ol!—pariga libosin tutar…
Uchib ketar lahzada pari.
Uchib ketar oppoq kabutar,
Erkinligi — osmoni sari.

Ko’zi chaqnab bolakay qaytar,
Ko’ksida Yer, Osmon oqadi.
Adashmasdan ayni tong-sahar,
Eshigimni kelib qoqadi.

Gaplashamiz osmon haqida,
Uning tili naydir — bo’zlaydi.
Goh kuylaydi qushlar baxtidan,
Ba’zan to’xtab yerdan so’zlaydi.

Bahslashadi ko’ksiga urib,
Nimanidir o’ylar, mo’ltirar.
Keyin meni bir chetga surib,
Stolimga kelib o’ltirar.

Nurga to’la boshlaydi olam,
Guvillaydi sohilsiz hayot…
Ilk she’rini yozadi bola
Baxsh etgani hammaga qanot!

BULBULGA AYLANGAN ODAM HAQIDA BALLADA

Bu odam gullarni juda sevardi —
Xonasida gullar qiyg’och, rang-barang.
Ishidan shoshilib qaytib kelardi,
So’zlashgani erka gullari bilan.

Ko’ngil qo’yishgandi unga gullar ham,
Keldimi, o’zgacha tarashardi bo’y.
Ranglari yanada tortardi ko’rkam,
Yomg’ir yoqqan kabi cho’zishardi bo’y.

Gullar mehr qo’ysa odam ham o’sar —
Ko’ksida tobora yuksalardi qalb.
Har barg shivirining ma’nosin sezar,
Suyub yaproqlarga tekkizardi lab.

Bu kishi juda ham uxlardi sergak:
Bir tun uyqusida eshitdi ayon —
Bulbul sayrar edi devorni qarg’ab,
Derazaga to’shin urib har zamon.

Gullar chayqalardi — intiq, bezovta,
So’nggi toqatlari borardi erib.
Titrab turishari (dardlari katta!),
Derazaga shundoq bag’rini berib.

Devorlar qulagay gullar yig’lasa,
Deraza suv bo’lgay bulbul ursa to’sh…
Odam ko’zlarini ochib qarasa,
Qator tuvaklarning hammasi bo’m-bo’sh.

Ravoqda sayrardi bulbul, sayrardi,
Derdi:— Kuyib bitsin bu xona-qafas…
Gullar derazaga nigoh tashlardi,
Jim-jit turishardi, xo’rsinib besas.

— Sizning ishqingizdan bag’rim dog’larda,
Voy, gulim!— oh urdim — yorishdi tunlar.
Balkondan bir sakrang — ketdik bog’larga,
Bekinmang devorning qa’riga, gullar!

Xonada karavot g’amgin g’ijirlar,
Ravoqda rozi dil tinmaydi bir dam.
Gullar titrab-qaqshab nochor pichirlar;
— Bizsiz ne bo’ladi bechora odam?

— Odam…
Sayrashidan bulbul to’xtaydi.
— Odam…
Yaxshi odam!..— takrorlar gullar
— Bulbul, u ham senga juda o’xshaydi,
Bizsiz o’ldiradi sho’rlikni munglar.

Yozning so’nggi tonggi boradi tugab,
Zar muhrin bosadi kuz ilk yaproqqa.
Bulbul o’z dardidan kul bo’lib, tutab,
Kuylab uchib ketar uzoq-uzoqqa.

Qunishib turishar gullar bir lahza,
Xonaga tortinib kirishar nochor:
— Qaddingni tiklayver, devor, deraza,
Mana, turibmiz-ku, tuvakda qator…

Ularga minnatdor boqadi odam,
Ammo pirpiraydi negadir labi:
Gullarni quchoqlab oladi bir dam —
Xuddi sevgilisin topgani kabi.

Gullarga odamning quchog’i to’lar…
Gandiraklab tashqari qadam tashlaydi,
Qayrilib nimadir demoqchi bo’lar,
Va nogoh… bulbulday sayray boshlaydi.

SEVGI HAQIDA UMIDBAXSH BALLADA

Quyosh botib ketdi. Tug’ilmoqda tun,
Hali o’pilmagan — ma’sum, bokira.
Ko’chada yuribman men nima uchun?
Men, axir, o’lganman, men bir xotira!

Menga nima kerak zaminda? Axir,
Menga nima kerak tashvishli olam!
Meni sudrab borar musiqa — g’ovur,
Meni quchog’iga olar restoran.

O’lgan odamlarga senmisan tirak,
Yaqin kel, ulfatim, oqbadan shisha.
Meni tashlab ketdi o’tmish, kelajak,
Mendan ayro tushdi vijdon, andisha.

Ko’m-ko’k tutun ichra suzib yurar zal,
Oyning yog’dusiday kuy oqar hazin.
…Xuddi xayol kabi sollanib go’zal,
Raqs maydonida uchib yurgan kim?

Nogoh paydo bo’lar ko’ksimda yurak!
Tanimdan ko’rinmas kafanni yulib,
U qizdan bir qatra hayotmi so’rab,
Uning qarshisiga boraman yurib…

— Kechiring, yuzimga tikilib boqmang,
Men asli o’lganman, ko’zlarim chirik…
Qiz raqsga tushadi, kuladi sho’x—sha’n:
— Ko’rib turibman-ku, siz tirik…Tirik!

Qo’llarim qanotga aylanar go’yo,
Samoda to’zg’iydi biz qoldirgan iz.
Panohim, uchyapmiz yulduzlar aro,
Yulduzlar ichida eng go’zali — siz!

Menga hadya etib jonimni takror,
Qiz jo’nar uyiga — quvonchdan yashnab…
Men ko’cha kezaman. Yog’a boshlar qor,
Oppoq qo’lchalarni yelkamga tashlab.

Do’stlarim oromin buzar telefon,
Uyqusirab bari g’o’ldiraydi: «Kim?»
Birov telefonga qichqirar shodon:
— Tabriklab qo’yinglar, do’stlar, tirildim»!

Mening kindik qonim to’kilgan yurtda,
Telegrafchi qiz aqldan ozdi.
Manov telba bo’lib qolgan apparat
«Ona, men tirildim» degan xat yozdi.

Mening atrofimda bo’lsa oppoq qor,
Mening atrofimda tuyg’ular, o’ylar.
Sokin shivirlaydi: «Nima gaping bor?»—
Qadamim tovshidan uyg’ongan uylar.

Bilaman, bir uyda — oppoq to’shakda
Nurday pok vujudin choyshabga ko’mib,
Bir juvon uxlaydi xudoday yakka,
Balki men haqimda oydin tush ko’rib.

Bizning o’rtamizda balki yillar bor…
Uning orzulari qolganda qurib,
Men olib boraman qalbimda bahor,
Sekin shivirlayman: «Keldim. Men tirik!…

QUSH HAQIDA BALLADA

Qush baland uchardi,
Juda ham baland.
Qanoti bor edi qushchaning, yohu!
Ammo koinotga boqib bepisand,
Yerda bir yurmoqni qilardi orzu.

Yuksaklikning so’nggi chegarasida,
Zaminga termulib uchar edi qush.
Sovuq yulduzchalar tegarasida
To’zg’ib qolishardi muallaq, behush.

Qop-qora zulumot ichra yarqirab,
Muzlagan koinot bilan basma-bas,
Ucharkan zulmatga tumshug’in tirab,
Yerda yurmoqlikni qilardi havas.

Falakda nima bor — hammasi aniq:
Bu dunyodan nari — aksuldunyo bor.
Cheksizliqda nari yana cheksizlik —
Faqat biri — muzkor, biri — olovkor.

Qushcha qichqirardi bo’shliqqa qarab,
Fazoga nidosi ketardi singib.
Buyuk bir sog’inchda bir o’zi, yorab,
Hech kimga opamas, hech kimga singil.

Turtinib o’tardi qanotlariga,
Muznafas shamollar — tosh kabi o’lik.
Qushchaning hayotbaxsh bayotlariga,
Hech kim jo’r bo’lmasdi yuragi to’lib.

Qatlanib yotardi karaxt havolar,
Taxlanib turardi behisob osmon.
Qushcha bo’shliqlarga otib nidolar,
Yerda bir yurmoqni qilardi armon.

Qush hali zaminni ko’rmagandi, yo’q,
Tubsiz bo’shliqlardan topgandi hayot.
Ana, zamin uchar lovullab — ko’m-ko’k…
Bir boqsang sarobday eriydi sabot!

Sabring jaranglaydi — zo’riqib tarang,
Yer shunday yaqinki…
Iroda so’nar!
Qushcha sog’inchlardan mast-alast, garang,
Zaminga — bir o’tloq ustiga qo’nar.

Qush hali zaminni ko’rmagandi, ha,
Falak eshitmasdi faryodlarini.
U yashil o’tloqqa oyoq qo’ydi-da,
Yondirib yubordi qanotlarini.

Yo’lovchi to’xtadi hayratdan qotib,
Yuziga urildi gulxan taftlari.
Olov yamlayotgan qanotga boqib,
Negadir titranib ketdi lablari.

So’ng suhbat qurdilar qush bilan inson,
Bir parcha o’tloqning ustida baxtli —
Odamga qush Yerdan so’zladi shodon,
Odam esa qushga Ko’kdan gapirdi.

UCH DRAMATIK BALLADA

1

Qorajon

Umr magar shamol erur —
O’tib ketar, o’tar-o,
«Huy» deguncha manziliga
Yetib qolar davronim.

Elbek baxshi, men uchun ham
Tovushingni ko’tar-o —
Yolg’onchida qoladimi
Mening ham nom-nishonim?

Elbek baxshi

Bandalikda chohga tushsang,
Chiqolmaysan, Qorajon —
Chunki sening peshonangda
Boychiborday oting yo’q.

Bekligingda oq o’tovni
Tikolmassan, Qorajon —
Chunki sening taqdiringda
Barchinoyday xotin yo’q.

Lashkar tortib, yov ustiga
Yurolmaysan, Qorajon —
Chunki senga qismat dushman —
Omad yo’qdir, burding yo’q.

Boshingda toj — shohlik gashtin
Surolmaysan, Qorajon —
Chunki sening madadkoring —
Qo’ng’irotday yurting yo’q.

«Do’stim» deysan, «oh» urasan —
To’lg’onasan, Qorajon,
O, do’stlikda sening kabi
Mohir yo’qdir, sohir yo’q.

Yo’qlik ichra bir kun nochor
Uyg’onasan, Qorajon —
Chunki sening elatingda —
Menday ulug’ shoir yo’q.

2

Muallif

O’sding, odam, bog’laringdan o’sding
Shoning o’sib dostonga etdi.
O’sding, odam, tog’lardan o’sding —
Boshing o’sib osmonga etdi.

Maqtovlarga beraver bardosh —
Odam, nega g’amgin yuribsan?
Kimdir seni atadi «quyosh»—
Sen ko’z yoshsiz yig’lab turibsan?

Ulkan odam

Kecha-kunduz jim yolvoraman,
Madad ber, deb oyoqlarimga.
Axir, men ham o’sib tolaman —
Yem bo’lib yel tirnoqlariga.

Yiqitmagin, qodir xudoyim!—
Vujudimga to’lgan zil samo.
Bo’ladi-ku qiyomat qoyim,
Yurt ustiga tushsam shu asno.

Garchi boqdi menga bu dunyo,
Suhbat qurib yulduzlar bilan —
Yurt ustiga tushsam shu asno,
Ko’tarishga kuch toparmikan?

3

Malika

Ko’nglim senda, sendadir faqat,
Ammo kechgin mendan, botirim.
Or deganda — dushman beshafqat —
Pichoq qayrar qirq ming shotiri.

Oqbotir

Qirq ming yovning yonidan turib,
Suydim, deding — shu basdir menga.
Bir tig’ ursam — o’tadi yulib —
Qirq ming shotir qirq xasdir menga.

Malika

Ko’nglim senda, sendadir… Garchi
Xavotirim mo’ldir, polvonim.
Zanjir yasar qirq ming temirchi —
Ket, zanjirband bo’lmasdan, jonim.

Oqbotir

Ko’ngling menda — yovning o’lgani!
Nasib! — umidlari buzilgay…
Bir «oh» ursam sherday to’lg’onib —
Zanjirlari ipday uzilgay.

Malika

Ko’nglim senda, ko’nglim sendadir,
Ammo mendan kechgin, botirim.
Qirq gazli dor sollanar og’ir,—
Go’yo sevgimizning xotiri…

Oqbotir

Sen yonimda: qo’rquvlar — tuman,
Tumanlarda quyoshim porlar.
Yov dastida tutgusi suman,
Kunpayakun bo’lgusi dorlar.

Malika

Senda, senda, sendadir yurak,
Ammo dilni tark etmas xavos:
Botirim, ayt, qanaqa ko’mak
Yovlaringdan aylaydi xalos?

Oqbotir

Sehrgardir qodir muhabbat! —
Adovatlar topgusi abas.
So’ramayman sendan marhamat…
Faqat ko’ngling menda bo’lsa bas.

NODRAMATIK BALLADA YOKI BEG’AM MARSH

Barcha ertaklarning
Qahramoniman.
Ertakda yashamoq —
O, naqadar soz.
Parqu bulutlarning
Oppoq yonidan,
«Uchar galam»larda
Qilaman parvoz.
Yurak, yugur! Yugur!
To’xtama bir on!
O’lmasak bo’ldi-da —
Bosh bo’lsin omon!

Ha, albatta meni
Malika sevar,
Sevmasa ham xafa
Bo’lmayman zarra.
Faqat xonavayron
Bo’ladi devlar —
Sho’rliklar boshida
Sinadi darra.
Yurak, yugur! Yugur!
To’xtama bir on!
O’lmasak bo’ldi-da —
Bosh bo’lsin omon.

Podshohlarni qattiq
Etgum nazorat —
Xalqiga nohaq so’z
Aytsa bir og’iz,
Oyog’im o’psa ham,
Qilmasman shafqat —
Uni yamlamasdan
Yutar yalmog’iz.
Yurak, yugur! Yugur!
To’xtama bir on.
O’lmasak bo’ldi-da —
Bosh bo’lsin omon!

Qarshimda ajdarho
Egar boshini,
Qurigan dengizga
Suv qaytar — savob.
Dengizni yutganlar
To’kar yoshini —
Ularni ajina
Qiladi xarob.
Yurak, yugur! Yugur!
To’xtama bir on!
O’lmasak bo’ldi-da —
Bosh bo’lsin omon!

Hamma Alpomishlar
Tirilib qaytar,
Tepsinib turadi
Hamma Boychibor.
Bir kuni ko’z yoshsiz
Qo’shiqlar aytar,
Farzandi borligin
Sezgan bu diyor.
Yurak, yugur! Yugur!
To’xtama biron!
O’lmasak bo’ldi-da —
Bosh bo’lsin omon!

O, naqadar sozdir
Ertakli dunyo,
Baxtli bo’lavering —
Bitmoqda so’zim…
O’zim murodimga
Etmayman ammo,
Baxtli bo’lolmayman
Faqat bir o’zim.
Yurak, yugur! Yugur!
To’xtama, bu chog’…
O’lsak, o’libmiz-da —
Dunyo bo’lsin sog’.

02

(Tashriflar: umumiy 4 446, bugungi 1)

Izoh qoldiring