Xurshid Davron. «Menkim, Bobur…»

07414 ФЕВРАЛ — МИРЗО БОБУР ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

   Инсон ҳаётида унинг бутун келажагини белгилаб берувчи воқеалар бўлади. Бобур мирзо учун бундай воқеа отаси Умаршайх мирзонинг ҳалокати бўлди. Агар бу фожиали ўлим юз бермаганда, кейинги воқеалар тадрижи, Бобур мирзонинг тақдири қандоқ кечарди, бу ёлғиз Аллоҳга аён.

Хуршид Даврон
“МЕНКИМ, БОБУР…”
011

 05   ИНСОН ҲАЁТИДА унинг бутун келажагини белгилаб берувчи воқеалар бўлади. Бобур мирзо учун бундай воқеа отаси Умаршайх мирзонинг ҳалокати бўлди. Агар бу фожиали ўлим юз бермаганда, кейинги воқеалар тадрижи, Бобур мирзонинг тақдири қандоқ кечарди, бу ёлғиз Аллоҳга аён.

“Паст бўйлук, тегирма соқоллик, кўба юзлук” Умаршайх мирзо бобокалони Амир Темурга тақлид қилиб аксар мўғулча бўрк киярди. Яхши кўрган машғулоти “Шоҳнома”ни мутолаа қилиш эди. Қиличидан кўра, муштининг зарби кучлироқ бўлиб, урса йиқитарди. Йигитлигида кўп чоғир ичарди, ичгандаям, хушсуҳбат улфатлар даврасида ичишни ёқтирарди. Ёшлик чоғларида дурустгина ғазаллар битганига қарамай кейинчалик машқини давом эттирмади. Темурийлар анъанасига кўра, кабутар сақларди. Жангу жадал ва шикордан бўш вақтларини тикка жар лабида тикланган Ахси қўрғонидаги каптархонасида ўтказарди. Тарих саккиз юз тўқсон тўққизинчи йил рамазон ойининг тўртида, душанба куни (мелодий 1493 йилнинг 8 июни) Умаршайх мирзо 39 ёшида кутилмаганда, каптархона билан жарга учиб ҳалок бўлди.

Нима бўлгандаям, тақдири азал ҳукми билан тарих саккиз юз тўқсон тўққизда, рамазон ойининг бошида (мелодий 1494 йилнинг июнида) Фарғона вилоятида ўн икки ёшли бола ҳукмдор бўлди. У темурийлар наслидан, Турон султонининг учинчи ўғли Мироншоҳ мирзо авлодидан бўлиб, Султон Умаршайх мирзонинг фарзанди эди. Султон Умаршайх мирзодан уч ўғлон: Заҳириддин Муҳаммад мирзо, Жаҳонгир мирзо, Носир мирзо; беш қиз: Хонзодабегим, Меҳрибонубегим, Шаҳрбонубегим, Ёдгор Султонбегим, Руқия Султонбегим қолди. Бола ҳоким мана шу фарзандларнинг тўнғичи эди.

Заҳириддин Муҳаммаднинг отаси Умаршайх мирзога уланган шажараси қуйидагича: Мирзо Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибн Умаршайх мирзо ибн Мирзо Султон Абусайид ибн Мирзо Султон Муҳаммад ибн Мирзо Мироншоҳ Кўрагон ибн Амир Темур Кўрагон. Бола ҳоким  Умаршайх мирзонинг суюкли хотини Қутлуғ Нигорхонимдан тарих саккиз юз саксон саккизда, муҳаррам ойининг олтинчи куни (мелодий 1483 йилнинг 14 феврали) дунёга келди. Қутлуғ Нигорхоним Тошкентда ҳукмдорлик қилган чиғатой хони Юнусхоннинг иккинчи қизи эди. Заҳириддин Муҳаммад тахтга чиққан пайтда Тошкентда Юнусхоннинг ўғли, Қутлуғ Нигорхонимнинг биродари Султон Маҳмудхон ҳукмдор эди. Заҳириддин Муҳаммаднинг она томондан шажараси қуйидагича эди: Мирзо Заҳириддин Муҳаммад Бобур ибн Қутлуғ Нигорхоним бинат Юнусхон ибн Вайсхон ибн Шерали ўғлон ибн Муҳаммадхон ибн Хизрхўжахон ибн Туғлуқ Темурхон ибн Эсон Буғахон ибн Дувахон ибн Бароқхон ибн Ёсун Тува ибн Мўватуғон ибн Чиғатойхон ибн Чингизхон. Шу билан бирга Қутлуғ Нигорхоним томирида қипчоқ қониям бор эди. Юнусхоннинг онаси туркистонлик қипчоқ бекларидан, Амир Темур ҳурмат кўрсатган Шайх Нуриддиннинг зурриёди бўлганлиги кўҳна китобларда қайд этилган.

Ровийларнинг хабар беришича, бола туғилганида “ул зот бобарокатиға ҳазрат Хожа Аҳрори Валий, қуддуси сирраҳ, Мирзо Заҳириддин (деб) ном қўйғон эканлар. Ва бул исм баъзи авом халқнинг тиллариға кирғон келди. Эрса ҳазрат Хожа Аҳрори Валий Мирзо Бобур исмиға хитоб қилдилар. Хутбада хатиблар Муҳаммад Заҳириддин Бобур ўқир эрдилар”.

Мирзо Бобур туғилган пайтда унинг шукуҳли бобоси – соҳибқирон Амир Темур тиклаган буюк салтанат парчаланиш жараёни ичида  эди. Маркази Ҳирот бўлган Хуросон мулкида ўша давр темурий ҳукмдорларнинг энг кучлиси Султон Ҳусайн Бойқаро сиёсат юргизса, салтанат асоси бўлган Мовароуннаҳр заминида бир неча ҳукмдор: Абу Сайид Мирзонинг фарзандлари:  Самарқандда Султон Аҳмад мирзо, Фарғонада Султон Умаршайх мирзо ўтирарди. Дашти қипчоқ ва Хоразм кўчманчи ўзбеклар ҳукмдори Абулхайрхоннинг, Тошкент эса юқорида ёзганимиздек, чиғатой хони, Султон Аҳмад мирзонинг куёви  Султон Маҳмудхон измида эди.

  “Замонким, тарих 899 эрди, Мирзо Умаршайхнинг умри тамом бўлуб, оламдан ўтди. Уламо ва умарои замон иттифоқ айлаб, фарзандлар аржуманди Бобурхонни ўн икки ёшида Фарғона юртиға хон қилдилар. Андижон шаҳрида тахтға ўлтурди”. Тахтга ўлтирган онидан бошлаб Мирзо Бобур учун умрининг сўнгига қадар тўхтамаган таҳликали, фароғатсиз ҳаёт бошланди. Бу бефароғатлик ибтидоси ота ўлими ва бу ўлим хабарини олган Самарқанд тахтида ўтирган Султон Аҳмад мирзонинг Андижонга қараб юриш бошлаши эди. Умаршайх мирзонинг бекларидан бўлмиш Ширим Тоғойи бошлиқ бир гуруҳ Мирзо Бобурга: “Султон Аҳмад мирзо келаётгани хабари етса, айрим беклар сизни ва вилоятни ул мирзога топширадилар”, — деб қочишга ундаган бир пайтда, бундан дарак топган Андижоннинг эътиборли кишиларидан, ёш ҳукмдорнинг пири бўлган Хожа Мавлонойи Қозий бошлиқ бошқа гуруҳ Мирзо Бобур қошига келиб, янги тахт эгасига содиқ эканликларини айтиб, Қуръон устида қасам ичдилар. Бундан руҳланган бола ҳукмдор жангга ҳозирланди.

Султон Аҳмад мирзо қўшини Андижондан тўрт йиғоч масофадаги Қубо (Қува) кентига қўнгани ҳақида хабар етгач, Бобур мирзо кўпчиликнинг маслаҳати билан амакиси ҳузурига мактуб билан  элчи жўнатди. Бобур мирзо ўз амакисига бўйсунишдан бошқа иложи йўқлиги учун ҳам мактубда ўзини Султон Аҳмадга ҳам фарзанд, ҳам мулозим деб аташга мажбур бўлди. Бу билан отаси тахтига бўлган ҳуқуқини сақлаб қолишни кўзлади.

Султон Аҳмад  эса жиянининг иноятталаб мактубига парво қилмай юришини давом эттирди. Бироқ, Самарқанд қўшини Қувасой кўпригига етганда фалокат юз берди. Лашкар тиқилиб, тор кўприк оғирликни кўтаролмай бир томонга қийшайиб, сойга ағанади. Кўп кишилар, отлар ва тевалар тезоқар сувда нобуд бўлди. Лашкар ичида ваҳима бошланди. Бунинг устига от ўлати бошланиб, отлар таппа-таппа йиқилиб, ўлаётганини кўрган Султон Аҳмад дилидаги ваҳима ўрнини қўрқув эгаллади. Шу сабабдан ҳам у ўз жияни билан сулҳ тузиб ортига қайтишга мажбур бўлди. Аммо у Самарқандни қайтиб кўрмади – Ўратепа қўрғони яқинидаги Оқсув деган жойга етганда тўсатдан оламдан кўз юмди.

Амакиси қўшини қайтганидан қувонган бола ҳукмдорнинг қувончи кўпга чўзилмади. Энди тошкентлик тоғаси Султон Маҳмудхон бошлиқ мўғуллар қўшини ҳам Андижон ерига кўз олайтириб йўлга чиққани, келиб Ахси қўрғонини қаттиқ қамал қилгани хабари етди. Бобур мирзонинг ҳақ-ҳуқуқини парвардигорнинг ўзи сақладими, Султон Маҳмудхоннинг ҳам омади юришмади. Қанчалик урунмасин, Ахсини олишга қурби етмади, ахсилик ҳимоячиларнинг матонати олдида танг қолган хон Тошкентга қайтишни маъқул кўрди.

Вафот этган Султон Аҳмад мирзонинг ўрнини оладиган ўғли бўлмаганидан Самарқанд тахтига унинг иниси, Бобур мирзонинг бошқа амакиси, Ҳисор, Қундуз, Хатлон, Бадахшон ҳокими бўлган Султон Маҳмуд мирзо ўтирди. Унинг тахтдорлиги узоққа бормади. Кўп вақт ўтмай у ҳам икки биродари ортидан чин дунёга равона бўлди. Самарқанд тахтини унинг ўғли Бойсунқур мирзо эгаллади. Аммо унинг укаси Султон Али мирзо тожу-тахт деб биродарликдан кечди, биродарига қарши уруш очди. Тахт гоҳ бу, гоҳ у томон қўлга ўтиб турди. Самарқанд тахти учун кураш бошлаган Бобур мирзо ҳам шу сабабдан ҳам гоҳ бу, гоҳ у мирзо билан жанг қила бошлади. Аммо бу орада, дастлаб темурий мирзоларнинг ғавғосини зимдан кузатиб, томоша қилган, уларни заифлаштирмоқ мақсадида мухолифларга кўмаклашган, ўз вақти-соатини кутган Муҳаммад Шайбоний ҳам Самарқанд учун кураш майдонига кирди. Бундан кейинги Самарқанд учун бўлган жанглар Бобур мирзо билан Муҳаммад Шайбонийхон ўртасида бўлди.

БОБУР МИРЗОНИНГ ҚИЗИ ГУЛБАДАНБЕГИМ  “Ҳумоюннома”да ёзади: “Соҳибқирон ҳазратлари (Амир Темур) замонидан то Фирдавс макон ҳазратлари (Бобур мирзо) замонигача ўтган султонлардан ҳеч қайсиси бу киши сингари нотинч бўлмаган. Ўн икки ёшда подшоҳ бўлганлар. Тўққиз юз тўқсон тўққизинчи йил муборак рамазоннинг бешинчи куни Фарғона вилоятининг пойтахти – Андижон шаҳрида (у киши номига) хутба ўқилган.

Тўлиқ ўн бир йил давомида Мовароуннаҳр ўлкасида чиғатой, темурий ва ўзбек султонлари билан шундай жанглар ва мудофаалар қилдиларки, уларнинг сонини тўла баён қилишга қалам тили ожиз ва нуқсонлидир.

Жаҳонгирлик бобида ҳазратимиз тортган қадар машаққат ва хатарлар кам кишиларда учраган. У Ҳазратга дуч келган уқубат ва хатарлар оз подшоҳларга дуч келган. Уч қайта Самарқандни қилич зўри билан фатҳ қилдилар. Биринчи марта Подшоҳ бобом ҳазратлари ўн икки ёшда (аслида ўн беш ёшда. Х.Д. изоҳи) иккинчи мартада ўн тўққиз ёшда ва учинчи марта эса йигирма икки ёшда эдилар. (Иккинчи олишда) олти ой давомида Самарқандни сақлашга уриндилар, лекин мақсадларига ета олмадилар. (Чунки) Хуросондаги амакилари Султон Ҳусайн мирзо Бойқаро каби Кошғарда бўлган тоғалари Султон Маҳмудхон ҳам ёрдам юбормадилар. Ҳеч жойдан мадад ва ёрдам келмагач, маъюс бўлдилар.

Ана шундай вақтда Шоҳибекхон (Шайбонийхон): “Агар ўз эгачингиз Хонзодабегимни менга берсангиз, орамизда сулҳ тузилади ва иттифоқчилик алоқалари ўрнатилади”, — деб айтгизиб юборди. Охири Хонзодабегимни ўша хонга бериб, ўзларининг қайтишлари зарур бўлди.

Икки юз киши пиёда, елкаларида чопон, оёқларида чориқ, қўлларида таёқ бўлгани ҳолда, беяроқ, худога таваккал қилиб, Бадахшон ва Кобулга қараб йўл олдилар”.

Бу сўзларни ёзган Гулбаданбегим отаси йўлини “Бадахшон ва Кобулга қараб йўл олдилар”, — дея жуда қисқартириб айтади. Аслида Бобур мирзо Кобулга етгунча, бир йилдан зиёд Мовароуннаҳрда, у манзилдан бу манзилга ўтиб, саргардонлик, қозоғликда  қолди. Энг охири Сўх томонларда кечган сарсонликдан сўнг бир ҳовуч йигитлари билан тоғу тош ошиб ватанидан бош олиб кетди.

У ғурбат манзилини кўзлаб бораркан, на уйқусида, на ўнгида ҳаловат топарди. От устида тебранган кўйи бораётган Бобур мирзонинг кўзига бўлиб ўтган воқеалар туш ва хаёлдек кўриниб, кечар экан, Мир Алишер Навоийнинг бир байтини оғиздан қўймай, қайта-қайта такрорларди:

Мақсуд топилса яхши, йўқса нетайин,
Бошимни олиб, қай сори эмди кетайин?..

Алам билан тилга олинган бу сатрлар унинг ботинида кучли қайноқ жо эканидан дарак берарди. Дилини ўртаётган фожиага – Ватандан бош олиб кетмоққа Бобур мирзо руҳан тайёр эди. Чунки у ҳали жуда ёш, “Ватанга бир кун албатта қайтаман” деган умиди кучли эди.

Хўш, бош олиб кетиш билан Бобур мирзо нимага эришмоқчи эди? “Ғаразим бу эдики, — деб ёзади у бош олиб кетишдан кўзлаган мақсади тўғрисида, — бу баҳона била орадан чиқсам, Мўғулистон ва Турфонға борғонда худ ҳеч моне ва дағдаға қолмас. Ўз жиловим ўзумнинг илигимда бўлур”.

Бироқ, орадан чиқиш ва ўз жилови ўз қўлида бўлиш истаги учун она юртдан айрилиш, очиқроғи, ундан қочиш Бобур мирзо юрак-бағрини қаттиқ ўртарди:

Келди ул вақтки, бошимни олиб кетгаймен,
Олам ичра аёғим етгунча етгаймен...

Бобур мирзо бир неча муддат аввал – ҳам Андижон, ҳам Самарқанд илигидан чиқиб дарбадарликда кечган аҳволини “Бобурнома”да: “Бормоққа не маскан муяссар, турмоққа не давлат муқаррар”, — деб тасвирлаган эди. Энди бормоққа маскан муяссар, турмоққа давлат муқаррар бўлишини тилаб йўлга чиққан Бобур мирзонинг лаблари умрбод юрагини ўртагувчи байтларни қайта-қайта пичирларди:

Мақсуд топилса яхши, йўқса нетайин,
Бошимни олиб, қай сори эмди кетайин?..

Шайбонийлар эса Мовароуннаҳрни тўла қўлга киритгач, Хуросонга ҳамла қила бошладилар. Султон Ҳусайн Бойқаронинг кўнглига ғулғула тушиб, Муҳаммад Шайбонийхон билан жанг қилишга аҳд қилди. Бобур мирзо ёзади: “Султон Ҳусайн мирзо Муҳаммад Шайбонийхоннинг дафъиға азм-жазм қилиб, тамом ўғлонларини тилатти, мен дағи Сайид Султон Али хоббиннинг ўғли Сайид Афзални йибориб тилаб эди. Хуросон жонибини азимат қилмоқ бизга неча жиҳатдан лозим бўлди. Бир буким, Султон Ҳусайн мирзодек Темурбек ўруниға ўлтурғон улуғ подшоҳ йиғноқ қилиб, атроф ва жавонибдин ўғлонларини ва бекларини тилатиб, Шайбонийхондек ғанимнинг устиға озим бўлғонда, эл аёқ била борғонда, биз бош била борғайбиз, эл таёқ била борғонда – биз тош била борғайбиз”.

Аммо афсуски, Бобур мирзо йўлда кетаётганда “Султон Ҳусайн мирзо вафот этди” деган хабар келиб, ёнган умид шами сўнди.

Ҳусайн Бойқаронинг вафотидан сўнг унинг ўғиллари оталарининг ўрнини олти ой ҳам сақлаб туролмадилар. Шайбонийхон бошчилигидаги эллик минглик қўшин тўққиз юз ўн учинчи йили муҳаррам ойида Ҳиротни забт этди. Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Бадиуззамон мирзо Эронга – сафавийлар ҳукмдори Шоҳ Исмоил Хатоий паноҳига қочди.  Унинг қочиши темурийлар сулоласининг Мовароуннаҳр ва Хуросонда тариҳ саҳнасидан тушиш жараёнига хира бўлса-да нуқта қўйди.

Тарих тўққиз юз ўн олтинчи йил шаъбон ойининг ўттизинчи куни (мелодий 1510 йилнинг 4 февралида) Муҳаммад Шайбонийхон сафавийлар ҳукмдори Шоҳ Исмоил билан бўлган жангда, Марв яқинида ҳалок бўлди. Шоҳ Исмоил бу жангдан кейин, тўхтамай Қандаҳоргача босиб борди. Ҳирот шаҳри эса сафавийлар давлатининг иккинчи марказига айланди.

ГУЛБАДАНБЕГИМ “Ҳумоюннома”да ёзади: “Шоҳибекхонни Шоҳ Исмоил ўлдирди”, — деган хабар келди. Подшоҳ ҳазратлари Кобулни Носир мирзога бериб, ўзлари аҳли аёллари ва фарзандлари: Ҳумоюн, Меҳржаҳонбегим, Борбўл мирзо, Масъума Султонбегим ва Мирзо Камронларни олиб Самарқандга кетдилар.

Шоҳ Исмоилнинг ёрдами била Самарқандни қўлга киритдилар ва саккиз ой давомида бутун Мовароуннаҳр у кишининг ҳукмронликлари остида бўлди”.

Ҳафиз Таниш Бухорийнинг ёзишича, Шайбонийхон Бобур мирзонинг эгачиси Хонзодабегимни талоқ қилиб сайидларидан бирига хотинликка берган эди. Шайбонийхон ҳалок бўлган Марв жангида Хонзодабегим сафавийлар қўлига тушади. Сўнг Шоҳ Исмоил амри билан зўр иззат-икром кўрсатилиб, Кобулга – Бобур подшоҳ ҳузурига жўнатилади. Уни кузатиб борган элчи келишув ва ҳамкорликни ўз ичига олган хат ва хабарни ҳам Бобурга етказди. Бобур подшоҳ Шоҳ Исмоил мактуби билан танишгач, ўз амакиваччаси Хонмирзо ибн Султон Маҳмуд мирзони шоҳ ҳузурига юборди. У билан ҳайрихоҳлик, итоаткорликни ифодаловчи нома ҳам юбориб, ёрдам сўради. Шоҳ Исмоил Бобур мирзо илтимосини ортиғи билан бажо келтириб, ўз аскарларини Хонмирзога ҳамроҳ қилди. Бобур мирзо уларнинг ёрдамига таяниб, Ҳисор устига қўшин тортди. Сурхон дарёсининг сўл ирмоғи Оби Хингав устига қурилган кўприк яқинида шайбонийлар мағлуб бўлдилар. Ҳисорни бошқарган Ҳамза Султон ва Маҳди Султон ҳалок бўлишди.

“Бу воқеа барчага аён бўлгач, жами” шайбоний султонлар, замон тақозосича, тезлик билан Туркистон томонга жўнадилар ва ўша ерда қарор ва ором топдилар, — деб ёзади Ҳафиз Таниш, — Тарих тўққиз юз ўн бешинчи йил ражаб ойида Бобур мирзо… у ёмон тоифа (яъни шиалар) ёрдами билан ўзининг мерос қолган мамлакатларини истило қилди ва Самарқандни пойтахт қилди. Бухорога эса Ширим Тоғойини ҳоким қилиб қўйди. Аммо Мовароуннаҳр халқи бошда подшоҳнинг бу ғалабасидан мамнун бўлган бўлса ҳам охирида унинг номақбул феъллари ва хулқлари туфайли уни ўзларидан фироқ бўлишини… тангридан сўрадилар”.

“Нима учун шундай бўлди?” – деган сўроққа Ҳафиз Таниш шундай жавоб беради: “Чунки халқ подшоҳдан қачон у ўзининг мерос қолган мамлакатига эга бўлса, ҳаёт ва тирикчилик заруратидан бу ерга келган қизилбошлаб либосини ташлаб, аҳли суннат ва жамоат зийнатига кириб, шу вилоятнинг либосини кийишини кутар эди. Аммо Бобур подшоҳ ул маймун табақанинг либосини ўзидан йироқ қилмади ва халқнинг ундан кўзлаган умиди юзага чиқмади, чунки Бобур подшоҳнинг шавкати ва қуввати бошқадан мадад ва кўмак олиш эҳтиёжи тушмайдиган даражага етмаган эди… Мана шу сабабдан Бобур подшоҳ Мовароуннаҳрда саккиз ойдан ортиқ ҳокимият ва мансаб эгаси бўла олмади ва шикаст топиб яна чекиниш йўлини тутди… Бу воқеанинг баёни шулки ўша йилги қиш тамом бўлиши ва кетма-кет тўхтовсиз ёмғирлар ёғиб, ер юзи сабзадан тўн кийиши билан Шайбоний ҳоқонлардан Убайдуллохон Жонибек Султоннинг маслаҳати билан икки минг олти юз киши билан чўл тарафдан, Еттиқудуқ билан келиб, Бухорога ҳужум қилди. Бобур қирқ минг аскар билан Бухоро томонга отланди ва Бухоронинг ғарбий томонидан жойлашган Кўли Малик деган жойда Убайдуллохон қўшинига муқобил бўлди ва енгилди. Бобур бир неча саноқли одами билан қочиб Ҳисор томонга кетди. Бу воқеа саккиз юз ўн саккизинчи йил сафар ойида (1512 йил апрелида) содир бўлди.

САМАРҚАНД Убайдуллохон қўлига ўтди. Бу воқеа юз берган куни Хожа Мавлоно Исфаҳоний Убайдуллохон номини жума хутбасига қўшиб ўқиди.

Аммо, шайбонийлар сулоласининг тартиби ва муқаррар дастури шундай эдики, катта оғалари ва улуғ хешлари ҳаёт экан, кичиклари подшоҳлик тахтига қадам қўёлмасди. Шунинг учун ҳам Убайдуллохон Туркистондан келган амакиси Кўчкинчихонни Самарқанд тахтига ўтказиб, ўзи Бухоро томонга юзланди. Кўчкинчихон Абулхайрхон билан Мирзо Улуғбекнинг қизи бўлмиш Робиа Султонбегимнинг фарзанди эди. Тақдирнинг ўйини деб шуни айтсалар керак…

Бироқ, Бобур мирзо чархи кажрафторнинг бу ишига бефарқ қараб ўтирмади. У яна Шоҳ Исмоилга одам юбориб, кўмак сўради. Шоҳ Исмоил ўзининг бош амири, қаҳри қаттиқлиги билан “қораюзли” деб сифатланган Нажмиддин Соний бошчилигидаги олтмиш минглик қўшинни ёрдамга жўнатди. Нажмиддин Соний Мовароуннаҳрни ўт бўлиб ёндириб, шаҳарларда қирғинлар уюштириб, Бухоро Ғиждувонигача бостириб борди. Худди шу ерга етганда икки қўшин бир-бирига муқобил бўлди. Жангда шайбонийлар ғолиб чиқдилар, Нажмиддин Соний калласини танасидан айириб, найзага илдилар.

Бу мағлубият Бобур мирзо дилидаги Самарқанд тахтини қўлга киритиш умиди илдизига болта урди. Гулбаданбегим ёзади: “Ака-укаларнинг ноаҳиллиги ва мўғулларнинг душманлигидан Кўли Маликда Убайдуллохондан шикаст едилар ва ортиқ у вилоятда тура олмадилар. Сўнг Бадахшон ва Кобулга йўл олдилар. Шундан сўнг яна Мовароуннаҳрни қўлга киритиш хаёлини тамоман кўнгилдан чиқариб ташладилар”.

Хира нуқта аниқ шаклга кирди. Соҳибқирон Амир Темур барпо этган салтанат тарих китобларига кўчди.

Йиллар ўтиб, қудратли ва шавкатли салтанат эгаси бўлгандаям, қизи Гулбаданбегим “кўнгилдан чиқариб ташладилар” деб айтган Самарқанд хаёли ва айрилиқ алами Бобур мирзони энг сўнгги кунгача тарк этмади. Айниқса, шу хаёлга етиш истагида сўнгги уринишида йўл қўйган хатоликларини ўйлаганда, юрак-бағри сирқираб оғрирди. Мана шундай аламли дамларнинг бирида, Аградаги Зарафшонбоғдаги кўшкда ўтириб, умридаги энг қайғули ва маҳзун сатрларни битди:

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим
Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди…

(Ушбу рубоий шарҳини мана бу саҳифада ўқинг.)

04Самарқанд тахтини эгаллашдан маҳрум бўлган Бобур мирзо Ҳинд мулкини фатҳ этишга бел боғлади. Бобур ўз китобида ёзади: “То Кобулға келиб эдик, ҳамиша Ҳиндустон юриши хаёлида эдук, баъзи мавоне жиҳатидан муяссар бўлмас эди”… Темурбек Ҳиндистонға кириб чиққанидин бери бу неча вилоятким Баҳра ва Хушоб ва Чаноб ва Чанут бўлғай, Темурбек авлодининг тавобе ва лавоҳики тасарруфида эди…”

Бобур мирзо тилга олган бобомерос ерларни забт этгач, Панжобга тўрт марта қўшин тортди. Ниҳоят, 1525 йилда қилган бешинчи юришида Панжобни эгаллаб, Деҳли султони Иброҳим Лўдий устига юрди. Ўзаро бўлган қизғин-жадаллардан кейин, охир-оқибат Панипат шаҳри яқинида 1526 йил 21 апрелда юз берган даҳшатли тўқнашувда Ҳиндистон тақдири ҳал қилинади. Султон Иброҳим Лўдий жанг майдонига юз минг аскари ва икки мингдан зиёд жангчи филларини олиб чиқади. Бобур мирзо қўшини бор-йўғи ўн икки минг кишидан иборат эди. Бироқ Бобурнинг жангу-жадалда орттирган тажрибаси, шунингдек ҳиндлар учун ҳали номаълум янги қурол – тўфакларни усталик билан ишлатиши туфайли тарозу палласи Бобур томонга оғади. Иброҳим Лўдий ва ўн беш минг ҳинд навкари жангда нобуд бўлади. Шаҳзода Муҳаммад Ҳумоюн бошчилигидаги қўшин Деҳлидан кейинги муҳим шаҳар саналган Аграни эгаллади. Аграда Деҳли салтанати хазинаси, шу жумладан ягоналиги билан машҳури жаҳон “Кўҳи Нур” олмоси қўлга киритилди. Мана шу санадан бошлаб, Бобур замонлар ўтиб Буюк Бобурийлар салтанати деб ном олган давлатга асос сола бошлади.

Ҳал қилувчи жанглардан бири 1527 йилда юз беради. Бу сафар Бобур мирзо ҳинд рожаларининг бирлашган қўшинига бошчилик қилган, “юз жанг қаҳрамони” деб таъриф этилган, Рожастоннинг ҳокими машҳур Рано Санго билан урушди. Тўқнашув Биёна музофотининг Конво мавзуидаги тоғ яқинида, ҳижрий тўққиз юз ўттиз учинчи жумадуллохир ойининг 13 куни (мелодий 1527 йил 17 март куни) содир бўлди. Рано Сангонинг кўп сонли қўшинини кўрган Бобуршоҳ аскарлари таҳликага тушиб қоладилар. Буни сезган Бобуршоҳ беклари ва йигитларига қарата оташин нутқ сўзлайди. Бу ҳақда Гулбаданбегим ёзади: “Султон Иброҳим фатҳидан бир йил ўтгач, Рано Ҳиндистон томонидан ҳисобсиз аскарлари билан пайдо бўлди… Деярлик икки юз минг отлиқ аскар тўпланди. Шу вақтда мунажжим Муҳаммад Шариф аскарларга мурожаат қилиб, шукур юлдуз бир-бири билан баробар турибди, бу вақтда жанг қилмасинлар, дедилар. Подшоҳ аскарлари ўртасида ҳайронлик пайдо бўлди, кўп парокандалик ва қўрқув бошланиб, улар умидсизликка тушиб қолдилар. Подшоҳ аскарларнинг бу аҳволини кўриб, чуқур фикр қилдилар. Душман яқинлашиб қолганида, у кишининг муборак хотирлариға келган нарса шу бўлдики, ҳамма амирлар, хонлар ва султонлар, катта ва кичик, баланд ва паст, қочиб кетган кишилар ҳамда бўйин товлаганлардан бошқа ҳамма қолганлар, бир жойда йиғилсинлар, деб буюрдилар.

ҲАММАЛАРИ йиғилиб келдилар. Подшоҳ уларга қараб: “Шуни эсингиздан чиқармангларки, ватанимиз ва шаҳаримиздан бизни неча ойлик йўл ажратиб турибди. Худо у кундан асрасин, агар аскаримиз бу жангда енгилса (Худо бизни ҳимоя қилсин), биз қаерларда қолиб кетамиз. Шаҳаримиз қаерда, Ватанимиз қаерда? Иш ажнабийлар ва бегоналар қўлига тушиб қолади. Аҳвол шундай экан, икки йўлдан бирини танлаб олиш керак. Агар душманни ўлдирсак, ғози бўламиз, агар ўлдирилсак, шаҳид бўламиз. Шу ҳар иккала тақдир ҳам бизникидир. Бизнинг улуғ даражамиз ва олий мартабамиздир”, — дедилар.

(Бу гапларни) ҳамма бир оғиздан қабул қилди. Подшоҳ, худо хоҳласа, то жону танимизда охирги нафасимиз қолгунича урушамиз, жон фидоликда ва қон сочишликда ўзимизни аямаймиз, агар шу гапдан қайтсак, хотинимиз талоқ бўлсин деб Қуръон билан қасам ичдилар. Рано Санго жангидан икки кун бурун подшоҳ ҳазратлари шароб ичишдан ва бошқа номуносиб ишларидан тавба қилган эдилар. Мардоналик, якдиллик, ҳамжиҳатлик билдирган тўрт юз атоқли йигит ўша мажлисда подшоҳ туфайли улар ҳам шароб ичишдан тавба қилдилар. Шароб ичишга керак бўладиган ҳамма тилла ва кумуш асбобларни, олтин пиёлаларни ва бошқа қийматли идишларни синдириб камбағал бечораларга бўлиб бердилар…

Тўққиз юз ўттиз учинчи йили жумодил аввал ойида, саҳар вақтида Сикри тоғининг этагида Рано Санго билан жанг бўлди. Худонинг инояти билан подшоҳ ғалаба қозондилар ва ғози бўлдилар…”

07Бу ғалабадан кейин Бобуршоҳ Ҳиндистоннинг ягона ҳукмдорига айланди. Аммо бу пайтга келиб унинг соғлиғи ёмонлашади. Бу “жумоъ куни рабиул-аввал ойининг ўн олтисида, тарих тўққиз юз ўттиз учда” (мелодий 1526 йил 21 декабрда) Панипат жангида ҳалок бўлган Султон Иброҳим Лўдийнинг онаси малика Байда томонидан заҳарланиши туфайли бўлди. Бобур ўз китобида ёзадиким: “Ҳар қанча бу воқеаи ҳоила хотиримға келса, бехост ҳолим мутағаййир бўлур. Тангри таолонинг инояти бор экандур, манга янги бошдин жон бағишлади. Мунинг шукрини на тил била қилғаймен…”

Бу заҳарланишдан бошлаб Бобур мирзо заифлашиб бораверди. Кенжа ўғли Олур мирзонинг ўлими, тўнғич фарзанди, тожи-тахт валиаҳди — Ҳумоюннинг оғир хасталаниши унга сўнгги кучли зарба бўлди. У бу зарбадан қайта ўнгланмай, 1530 йилнинг 26 декабрида оламдан ўтди. Халқ орасида подшоҳ ўлими ҳамиша исёну-тафриқа қўзғагани сабабидан Бобуршоҳнинг ўлимини сир тутдилар, “Бобуршоҳ тожу-тахтни ўғли Муҳаммад Ҳумоюнга топшириб, ўзи дарвешлик йўлини тутмиш” деган хабар чиқардилар. Унинг жасади Аградаги боғларнинг бирида тупроққа топширилди. Орадан тўққиз йил ўтгач, унинг хокини Қобулга кўчирдилар. (Айни шу воқеаларга, яъни Бобур мирзонинг сўнгги кунларига бағишлаган драматик асарни мана бу саҳифада ўқинг)

Ҳиндистонлик олим Муни Лаъл шундай ёзган эди: “Бобур қирқ саккиз ёшида вафот этди. У ҳамма нарсага жасорат ва ҳалоллик ила эришди. Буюк мағлубиятлар устига буюк ғалабалари иморатини қура олди. Ёшликда кўрган омадсизликлари ўрнига кейинчалик улуғ омадлар унга ёр бўлди. Ниҳоят, у Ҳиндистонга буюк салтанатга асос солди. Бобурнинг буюклиги ана шу мезонлар ила ўлчанади…”

Манба: «Ўзбекистон овози» газетаси, 1993 йил 16 декабрь

Яна шу мавзуда мутолаа қилинг:
Хуршид Даврон. Самарқанд хаёли. Биринчи қисм.
Хуршид Даврон. Самарқанд хаёли. Иккинчи қисм.
Хуршид Даврон. Самарқанд хаёли. Учинчи қисм.
Хуршид Даврон. Соғинч ёҳуд Бобуршоҳ. Икки қисмли спектакл

03Кобулдаги Бобур боғлари (Боғи Бобур)
02
Мирзо Бобур қабри
14 FЕVRAL — MIRZO BOBUR TAVALLUD TOPGAN KUN

Inson hayotida uning butun kelajagini belgilab beruvchi voqealar bo‘ladi. Bobur mirzo uchun bunday voqea otasi Umarshayx mirzoning halokati bo‘ldi. Agar bu fojiali o‘lim yuz bermaganda, keyingi voqealar tadriji, Bobur mirzoning taqdiri qandoq kechardi, bu yolg‘iz Allohga ayon.

Xurshid Davron
“MENKIM, BOBUR…”
011

05 INSON HAYOTIDA uning butun kelajagini belgilab beruvchi voqealar bo’ladi. Bobur mirzo uchun bunday voqea otasi Umarshayx mirzoning halokati bo’ldi. Agar bu fojiali o’lim yuz bermaganda, keyingi voqealar tadriji, Bobur mirzoning taqdiri qandoq kechardi, bu yolg’iz Allohga ayon.

“Past bo’yluk, tegirma soqollik, ko’ba yuzluk” Umarshayx mirzo bobokaloni Amir Temurga taqlid qilib aksar mo’g’ulcha bo’rk kiyardi. Yaxshi ko’rgan mashg’uloti “Shohnoma”ni mutolaa qilish edi. Qilichidan ko’ra, mushtining zarbi kuchliroq bo’lib, ursa yiqitardi. Yigitligida ko’p chog’ir ichardi, ichgandayam, xushsuhbat ulfatlar davrasida ichishni yoqtirardi. Yoshlik chog’larida durustgina g’azallar bitganiga qaramay keyinchalik mashqini davom ettirmadi. Temuriylar an’anasiga ko’ra, kabutar saqlardi. Jangu jadal va shikordan bo’sh vaqtlarini tikka jar labida tiklangan Axsi qo’rg’onidagi kaptarxonasida o’tkazardi. Tarix sakkiz yuz to’qson to’qqizinchi yil ramazon oyining to’rtida, dushanba kuni (melodiy 1493 yilning 8 iyuni) Umarshayx mirzo 39 yoshida kutilmaganda, kaptarxona bilan jarga uchib halok bo’ldi.

Nima bo’lgandayam, taqdiri azal hukmi bilan tarix sakkiz yuz to’qson to’qqizda, ramazon oyining boshida (melodiy 1494 yilning iyunida) Farg’ona viloyatida o’n ikki yoshli bola hukmdor bo’ldi. U temuriylar naslidan, Turon sultonining uchinchi o’g’li Mironshoh mirzo avlodidan bo’lib, Sulton Umarshayx mirzoning farzandi edi. Sulton Umarshayx mirzodan uch o’g’lon: Zahiriddin Muhammad mirzo, Jahongir mirzo, Nosir mirzo; besh qiz: Xonzodabegim, Mehribonubegim, Shahrbonubegim, Yodgor Sultonbegim, Ruqiya Sultonbegim qoldi. Bola hokim mana shu farzandlarning to’ng’ichi edi.

Zahiriddin Muhammadning otasi Umarshayx mirzoga ulangan shajarasi quyidagicha: Mirzo Zahiriddin Muhammad Bobur ibn Umarshayx mirzo ibn Mirzo Sulton Abusayid ibn Mirzo Sulton Muhammad ibn Mirzo Mironshoh Ko’ragon ibn Amir Temur Ko’ragon. Bola hokim Umarshayx mirzoning suyukli xotini Qutlug’ Nigorxonimdan tarix sakkiz yuz sakson sakkizda, muharram oyining oltinchi kuni (melodiy 1483 yilning 14 fevrali) dunyoga keldi. Qutlug’ Nigorxonim Toshkentda hukmdorlik qilgan chig’atoy xoni Yunusxonning ikkinchi qizi edi. Zahiriddin Muhammad taxtga chiqqan paytda Toshkentda Yunusxonning o’g’li, Qutlug’ Nigorxonimning birodari Sulton Mahmudxon hukmdor edi. Zahiriddin Muhammadning ona tomondan shajarasi quyidagicha edi: Mirzo Zahiriddin Muhammad Bobur ibn Qutlug’ Nigorxonim binat Yunusxon ibn Vaysxon ibn Sherali o’g’lon ibn Muhammadxon ibn Xizrxo’jaxon ibn Tug’luq Temurxon ibn Eson Bug’axon ibn Duvaxon ibn Baroqxon ibn Yosun Tuva ibn Mo’vatug’on ibn Chig’atoyxon ibn Chingizxon. Shu bilan birga Qutlug’ Nigorxonim tomirida qipchoq qoniyam bor edi. Yunusxonning onasi turkistonlik qipchoq beklaridan, Amir Temur hurmat ko’rsatgan Shayx Nuriddinning zurriyodi bo’lganligi ko’hna kitoblarda qayd etilgan.

Roviylarning xabar berishicha, bola tug’ilganida “ul zot bobarokatig’a hazrat Xoja Ahrori Valiy, quddusi sirrah, Mirzo Zahiriddin (deb) nom qo’yg’on ekanlar. Va bul ism ba’zi avom xalqning tillarig’a kirg’on keldi. Ersa hazrat Xoja Ahrori Valiy Mirzo Bobur ismig’a xitob qildilar. Xutbada xatiblar Muhammad Zahiriddin Bobur o’qir erdilar”.

Mirzo Bobur tug’ilgan paytda uning shukuhli bobosi – sohibqiron Amir Temur tiklagan buyuk saltanat parchalanish jarayoni ichida  edi. Markazi Hirot bo’lgan Xuroson mulkida o’sha davr temuriy hukmdorlarning eng kuchlisi Sulton Husayn Boyqaro siyosat yurgizsa, saltanat asosi bo’lgan Movarounnahr zaminida bir necha hukmdor: Abu Sayid Mirzoning farzandlari:  Samarqandda Sulton Ahmad mirzo, Farg’onada Sulton Umarshayx mirzo o’tirardi. Dashti qipchoq va Xorazm ko’chmanchi o’zbeklar hukmdori Abulxayrxonning, Toshkent esa yuqorida yozganimizdek, chig’atoy xoni, Sulton Ahmad mirzoning kuyovi  Sulton Mahmudxon izmida edi.

“Zamonkim, tarix 899 erdi, Mirzo Umarshayxning umri tamom bo’lub, olamdan o’tdi. Ulamo va umaroi zamon ittifoq aylab, farzandlar arjumandi Boburxonni o’n ikki yoshida Farg’ona yurtig’a xon qildilar. Andijon shahrida taxtg’a o’lturdi”. Taxtga o’ltirgan onidan boshlab Mirzo Bobur uchun umrining so’ngiga qadar to’xtamagan tahlikali, farog’atsiz hayot boshlandi. Bu befarog’atlik ibtidosi ota o’limi va bu o’lim xabarini olgan Samarqand taxtida o’tirgan Sulton Ahmad mirzoning Andijonga qarab yurish boshlashi edi. Umarshayx mirzoning beklaridan bo’lmish Shirim Tog’oyi boshliq bir guruh Mirzo Boburga: “Sulton Ahmad mirzo kelayotgani xabari yetsa, ayrim beklar sizni va viloyatni ul mirzoga topshiradilar”, — deb qochishga undagan bir paytda, bundan darak topgan Andijonning e’tiborli kishilaridan, yosh hukmdorning piri bo’lgan Xoja Mavlonoyi Qoziy boshliq boshqa guruh Mirzo Bobur qoshiga kelib, yangi taxt egasiga sodiq ekanliklarini aytib, Qur’on ustida qasam ichdilar. Bundan ruhlangan bola hukmdor jangga hozirlandi.

Sulton Ahmad mirzo qo’shini Andijondan to’rt yig’och masofadagi Qubo (Quva) kentiga qo’ngani haqida xabar yetgach, Bobur mirzo ko’pchilikning maslahati bilan amakisi huzuriga maktub bilan elchi jo’natdi. Bobur mirzo o’z amakisiga bo’ysunishdan boshqa iloji yo’qligi uchun ham maktubda o’zini Sulton Ahmadga ham farzand, ham mulozim deb atashga majbur bo’ldi. Bu bilan otasi taxtiga bo’lgan huquqini saqlab qolishni ko’zladi.

Sulton Ahmad esa jiyanining inoyattalab maktubiga parvo qilmay yurishini davom ettirdi. Biroq, Samarqand qo’shini Quvasoy ko’prigiga yetganda falokat yuz berdi. Lashkar tiqilib, tor ko’prik og’irlikni ko’tarolmay bir tomonga qiyshayib, soyga ag’anadi. Ko’p kishilar, otlar va tevalar tezoqar suvda nobud bo’ldi. Lashkar ichida vahima boshlandi. Buning ustiga ot o’lati boshlanib, otlar tappa-tappa yiqilib, o’layotganini ko’rgan Sulton Ahmad dilidagi vahima o’rnini qo’rquv egalladi. Shu sababdan ham u o’z jiyani bilan sulh tuzib ortiga qaytishga majbur bo’ldi. Ammo u Samarqandni qaytib ko’rmadi – O’ratepa qo’rg’oni yaqinidagi Oqsuv degan joyga yetganda to’satdan olamdan ko’z yumdi.

Amakisi qo’shini qaytganidan quvongan bola hukmdorning quvonchi ko’pga cho’zilmadi. Endi toshkentlik tog’asi Sulton Mahmudxon boshliq mo’g’ullar qo’shini ham Andijon yeriga ko’z olaytirib yo’lga chiqqani, kelib Axsi qo’rg’onini qattiq qamal qilgani xabari yetdi. Bobur mirzoning haq-huquqini parvardigorning o’zi saqladimi, Sulton Mahmudxonning ham omadi yurishmadi. Qanchalik urunmasin, Axsini olishga qurbi yetmadi, axsilik himoyachilarning matonati oldida tang qolgan xon Toshkentga qaytishni ma’qul ko’rdi.

Vafot etgan Sulton Ahmad mirzoning o’rnini oladigan o’g’li bo’lmaganidan Samarqand taxtiga uning inisi, Bobur mirzoning boshqa amakisi, Hisor, Qunduz, Xatlon, Badaxshon hokimi bo’lgan Sulton Mahmud mirzo o’tirdi. Uning taxtdorligi uzoqqa bormadi. Ko’p vaqt o’tmay u ham ikki birodari ortidan chin dunyoga ravona bo’ldi. Samarqand taxtini uning o’g’li Boysunqur mirzo egalladi. Ammo uning ukasi Sulton Ali mirzo toju-taxt deb birodarlikdan kechdi, birodariga qarshi urush ochdi. Taxt goh bu, goh u tomon qo’lga o’tib turdi. Samarqand taxti uchun kurash boshlagan Bobur mirzo ham shu sababdan ham goh bu, goh u mirzo bilan jang qila boshladi. Ammo bu orada, dastlab temuriy mirzolarning g’avg’osini zimdan kuzatib, tomosha qilgan, ularni zaiflashtirmoq maqsadida muxoliflarga ko’maklashgan, o’z vaqti-soatini kutgan Muhammad Shayboniy ham Samarqand uchun kurash maydoniga kirdi. Bundan keyingi Samarqand uchun bo’lgan janglar Bobur mirzo bilan Muhammad Shayboniyxon o’rtasida bo’ldi.

BOBUR MIRZONING QIZI GULBADANBEGIM “Humoyunnoma”da yozadi: “Sohibqiron hazratlari (Amir Temur) zamonidan to Firdavs makon hazratlari (Bobur mirzo) zamonigacha o’tgan sultonlardan hech qaysisi bu kishi singari notinch bo’lmagan. O’n ikki yoshda podshoh bo’lganlar. To’qqiz yuz to’qson to’qqizinchi yil muborak ramazonning beshinchi kuni Farg’ona viloyatining poytaxti – Andijon shahrida (u kishi nomiga) xutba o’qilgan.

To’liq o’n bir yil davomida Movarounnahr o’lkasida chig’atoy, temuriy va o’zbek sultonlari bilan shunday janglar va mudofaalar qildilarki, ularning sonini to’la bayon qilishga qalam tili ojiz va nuqsonlidir.

Jahongirlik bobida hazratimiz tortgan qadar mashaqqat va xatarlar kam kishilarda uchragan. U Hazratga duch kelgan uqubat va xatarlar oz podshohlarga duch kelgan. Uch qayta Samarqandni qilich zo’ri bilan fath qildilar. Birinchi marta Podshoh bobom hazratlari o’n ikki yoshda (aslida o’n besh yoshda. X.D. izohi) ikkinchi martada o’n to’qqiz yoshda va uchinchi marta esa yigirma ikki yoshda edilar. (Ikkinchi olishda) olti oy davomida Samarqandni saqlashga urindilar, lekin maqsadlariga yeta olmadilar. (Chunki) Xurosondagi amakilari Sulton Husayn mirzo Boyqaro kabi Koshg’arda bo’lgan tog’alari Sulton Mahmudxon ham yordam yubormadilar. Hech joydan madad va yordam kelmagach, ma’yus bo’ldilar.

Ana shunday vaqtda Shohibekxon (Shayboniyxon): “Agar o’z egachingiz Xonzodabegimni menga bersangiz, oramizda sulh tuziladi va ittifoqchilik aloqalari o’rnatiladi”, — deb aytgizib yubordi. Oxiri Xonzodabegimni o’sha xonga berib, o’zlarining qaytishlari zarur bo’ldi.

Ikki yuz kishi piyoda, yelkalarida chopon, oyoqlarida choriq, qo’llarida tayoq bo’lgani holda, beyaroq, xudoga tavakkal qilib, Badaxshon va Kobulga qarab yo’l oldilar”.

Bu so’zlarni yozgan Gulbadanbegim otasi yo’lini “Badaxshon va Kobulga qarab yo’l oldilar”, — deya juda qisqartirib aytadi. Aslida Bobur mirzo Kobulga yetguncha, bir yildan ziyod Movarounnahrda, u manzildan bu manzilga o’tib, sargardonlik, qozog’likda qoldi. Eng oxiri So’x tomonlarda kechgan sarsonlikdan so’ng bir hovuch yigitlari bilan tog’u tosh oshib vatanidan bosh olib ketdi.

U g’urbat manzilini ko’zlab borarkan, na uyqusida, na o’ngida halovat topardi. Ot ustida tebrangan ko’yi borayotgan Bobur mirzoning ko’ziga bo’lib o’tgan voqealar tush va xayoldek ko’rinib, kechar ekan, Mir Alisher Navoiyning bir baytini og’izdan qo’ymay, qayta-qayta takrorlardi:

Maqsud topilsa yaxshi, yo’qsa netayin,
Boshimni olib, qay sori emdi ketayin?..

Alam bilan tilga olingan bu satrlar uning botinida kuchli qaynoq jo ekanidan darak berardi. Dilini o’rtayotgan fojiaga – Vatandan bosh olib ketmoqqa Bobur mirzo ruhan tayyor edi. Chunki u hali juda yosh, “Vatanga bir kun albatta qaytaman” degan umidi kuchli edi.

Xo’sh, bosh olib ketish bilan Bobur mirzo nimaga erishmoqchi edi? “G’arazim bu ediki, — deb yozadi u bosh olib ketishdan ko’zlagan maqsadi to’g’risida, — bu bahona bila oradan chiqsam, Mo’g’uliston va Turfong’a borg’onda xud hech mone va dag’dag’a qolmas. O’z jilovim o’zumning iligimda bo’lur”.

Biroq, oradan chiqish va o’z jilovi o’z qo’lida bo’lish istagi uchun ona yurtdan ayrilish, ochiqrog’i, undan qochish Bobur mirzo yurak-bag’rini qattiq o’rtardi:

Keldi ul vaqtki, boshimni olib ketgaymen,
Olam ichra ayog’im yetguncha yetgaymen...

Bobur mirzo bir necha muddat avval – ham Andijon, ham Samarqand iligidan chiqib darbadarlikda kechgan ahvolini “Boburnoma”da: “Bormoqqa ne maskan muyassar, turmoqqa ne davlat muqarrar”, — deb tasvirlagan edi. Endi bormoqqa maskan muyassar, turmoqqa davlat muqarrar bo’lishini tilab yo’lga chiqqan Bobur mirzoning lablari umrbod yuragini o’rtaguvchi baytlarni qayta-qayta pichirlardi:

Maqsud topilsa yaxshi, yo’qsa netayin,
Boshimni olib, qay sori emdi ketayin?..

Shayboniylar esa Movarounnahrni to’la qo’lga kiritgach, Xurosonga hamla qila boshladilar. Sulton Husayn Boyqaroning ko’ngliga g’ulg’ula tushib, Muhammad Shayboniyxon bilan jang qilishga ahd qildi. Bobur mirzo yozadi: “Sulton Husayn mirzo Muhammad Shayboniyxonning daf’ig’a azm-jazm qilib, tamom o’g’lonlarini tilatti, men dag’i Sayid Sulton Ali xobbinning o’g’li Sayid Afzalni yiborib tilab edi. Xuroson jonibini azimat qilmoq bizga necha jihatdan lozim bo’ldi. Bir bukim, Sulton Husayn mirzodek Temurbek o’runig’a o’lturg’on ulug’ podshoh yig’noq qilib, atrof va javonibdin o’g’lonlarini va beklarini tilatib, Shayboniyxondek g’animning ustig’a ozim bo’lg’onda, el ayoq bila borg’onda, biz bosh bila borg’aybiz, el tayoq bila borg’onda – biz tosh bila borg’aybiz”.

Ammo afsuski, Bobur mirzo yo’lda ketayotganda “Sulton Husayn mirzo vafot etdi” degan xabar kelib, yongan umid shami so’ndi.

Husayn Boyqaroning vafotidan so’ng uning o’g’illari otalarining o’rnini olti oy ham saqlab turolmadilar. Shayboniyxon boshchiligidagi ellik minglik qo’shin to’qqiz yuz o’n uchinchi yili muharram oyida Hirotni zabt etdi. Sulton Husayn Boyqaroning o’g’li Badiuzzamon mirzo Eronga – safaviylar hukmdori Shoh Ismoil Xatoiy panohiga qochdi. Uning qochishi temuriylar sulolasining Movarounnahr va Xurosonda tarih sahnasidan tushish jarayoniga xira bo’lsa-da nuqta qo’ydi.

Tarix to’qqiz yuz o’n oltinchi yil sha’bon oyining o’ttizinchi kuni (melodiy 1510 yilning 4 fevralida) Muhammad Shayboniyxon safaviylar hukmdori Shoh Ismoil bilan bo’lgan jangda, Marv yaqinida halok bo’ldi. Shoh Ismoil bu jangdan keyin, to’xtamay Qandahorgacha bosib bordi. Hirot shahri esa safaviylar davlatining ikkinchi markaziga aylandi.

GULBADANBEGIM “Humoyunnoma”da yozadi: “Shohibekxonni Shoh Ismoil o’ldirdi”, — degan xabar keldi. Podshoh hazratlari Kobulni Nosir mirzoga berib, o’zlari ahli ayollari va farzandlari: Humoyun, Mehrjahonbegim, Borbo’l mirzo, Mas’uma Sultonbegim va Mirzo Kamronlarni olib Samarqandga ketdilar.

Shoh Ismoilning yordami bila Samarqandni qo’lga kiritdilar va sakkiz oy davomida butun Movarounnahr u kishining hukmronliklari ostida bo’ldi”.

Hafiz Tanish Buxoriyning yozishicha, Shayboniyxon Bobur mirzoning egachisi Xonzodabegimni taloq qilib sayidlaridan biriga xotinlikka bergan edi. Shayboniyxon halok bo’lgan Marv jangida Xonzodabegim safaviylar qo’liga tushadi. So’ng Shoh Ismoil amri bilan zo’r izzat-ikrom ko’rsatilib, Kobulga – Bobur podshoh huzuriga jo’natiladi. Uni kuzatib borgan elchi kelishuv va hamkorlikni o’z ichiga olgan xat va xabarni ham Boburga yetkazdi. Bobur podshoh Shoh Ismoil maktubi bilan tanishgach, o’z amakivachchasi Xonmirzo ibn Sulton Mahmud mirzoni shoh huzuriga yubordi. U bilan hayrixohlik, itoatkorlikni ifodalovchi noma ham yuborib, yordam so’radi. Shoh Ismoil Bobur mirzo iltimosini ortig’i bilan bajo keltirib, o’z askarlarini Xonmirzoga hamroh qildi. Bobur mirzo ularning yordamiga tayanib, Hisor ustiga qo’shin tortdi. Surxon daryosining so’l irmog’i Obi Xingav ustiga qurilgan ko’prik yaqinida shayboniylar mag’lub bo’ldilar. Hisorni boshqargan Hamza Sulton va Mahdi Sulton halok bo’lishdi.

“Bu voqea barchaga ayon bo’lgach, jami” shayboniy sultonlar, zamon taqozosicha, tezlik bilan Turkiston tomonga jo’nadilar va o’sha yerda qaror va orom topdilar, — deb yozadi Hafiz Tanish, — Tarix to’qqiz yuz o’n beshinchi yil rajab oyida Bobur mirzo… u yomon toifa (ya’ni shialar) yordami bilan o’zining meros qolgan mamlakatlarini istilo qildi va Samarqandni poytaxt qildi. Buxoroga esa Shirim Tog’oyini hokim qilib qo’ydi. Ammo Movarounnahr xalqi boshda podshohning bu g’alabasidan mamnun bo’lgan bo’lsa ham oxirida uning nomaqbul fe’llari va xulqlari tufayli uni o’zlaridan firoq bo’lishini… tangridan so’radilar”.

“Nima uchun shunday bo’ldi?” – degan so’roqqa Hafiz Tanish shunday javob beradi: “Chunki xalq podshohdan qachon u o’zining meros qolgan mamlakatiga ega bo’lsa, hayot va tirikchilik zaruratidan bu yerga kelgan qizilboshlab libosini tashlab, ahli sunnat va jamoat ziynatiga kirib, shu viloyatning libosini kiyishini kutar edi. Ammo Bobur podshoh ul maymun tabaqaning libosini o’zidan yiroq qilmadi va xalqning undan ko’zlagan umidi yuzaga chiqmadi, chunki Bobur podshohning shavkati va quvvati boshqadan madad va ko’mak olish ehtiyoji tushmaydigan darajaga yetmagan edi… Mana shu sababdan Bobur podshoh Movarounnahrda sakkiz oydan ortiq hokimiyat va mansab egasi bo’la olmadi va shikast topib yana chekinish yo’lini tutdi… Bu voqeaning bayoni shulki o’sha yilgi qish tamom bo’lishi va ketma-ket to’xtovsiz yomg’irlar yog’ib, yer yuzi sabzadan to’n kiyishi bilan Shayboniy hoqonlardan Ubaydulloxon Jonibek Sultonning maslahati bilan ikki ming olti yuz kishi bilan cho’l tarafdan, Yettiquduq bilan kelib, Buxoroga hujum qildi. Bobur qirq ming askar bilan Buxoro tomonga otlandi va Buxoroning g’arbiy tomonidan joylashgan Ko’li Malik degan joyda Ubaydulloxon qo’shiniga muqobil bo’ldi va yengildi. Bobur bir necha sanoqli odami bilan qochib Hisor tomonga ketdi. Bu voqea sakkiz yuz o’n sakkizinchi yil safar oyida (1512 yil aprelida) sodir bo’ldi.

SAMARQAND Ubaydulloxon qo’liga o’tdi. Bu voqea yuz bergan kuni Xoja Mavlono Isfahoniy Ubaydulloxon nomini juma xutbasiga qo’shib o’qidi.

Ammo, shayboniylar sulolasining tartibi va muqarrar dasturi shunday ediki, katta og’alari va ulug’ xeshlari hayot ekan, kichiklari podshohlik taxtiga qadam qo’yolmasdi. Shuning uchun ham Ubaydulloxon Turkistondan kelgan amakisi Ko’chkinchixonni Samarqand taxtiga o’tkazib, o’zi Buxoro tomonga yuzlandi. Ko’chkinchixon Abulxayrxon bilan Mirzo Ulug’bekning qizi bo’lmish Robia Sultonbegimning farzandi edi. Taqdirning o’yini deb shuni aytsalar kerak…

Biroq, Bobur mirzo charxi kajraftorning bu ishiga befarq qarab o’tirmadi. U yana Shoh Ismoilga odam yuborib, ko’mak so’radi. Shoh Ismoil o’zining bosh amiri, qahri qattiqligi bilan “qorayuzli” deb sifatlangan Najmiddin Soniy boshchiligidagi oltmish minglik qo’shinni yordamga jo’natdi. Najmiddin Soniy Movarounnahrni o’t bo’lib yondirib, shaharlarda qirg’inlar uyushtirib, Buxoro G’ijduvonigacha bostirib bordi. Xuddi shu yerga yetganda ikki qo’shin bir-biriga muqobil bo’ldi. Jangda shayboniylar g’olib chiqdilar, Najmiddin Soniy kallasini tanasidan ayirib, nayzaga ildilar.

Bu mag’lubiyat Bobur mirzo dilidagi Samarqand taxtini qo’lga kiritish umidi ildiziga bolta urdi. Gulbadanbegim yozadi: “Aka-ukalarning noahilligi va mo’g’ullarning dushmanligidan Ko’li Malikda Ubaydulloxondan shikast yedilar va ortiq u viloyatda tura olmadilar. So’ng Badaxshon va Kobulga yo’l oldilar. Shundan so’ng yana Movarounnahrni qo’lga kiritish xayolini tamoman ko’ngildan chiqarib tashladilar”.

Xira nuqta aniq shaklga kirdi. Sohibqiron Amir Temur barpo etgan saltanat tarix kitoblariga ko’chdi.

Yillar o’tib, qudratli va shavkatli saltanat egasi bo’lgandayam, qizi Gulbadanbegim “ko’ngildan chiqarib tashladilar” deb aytgan Samarqand xayoli va ayriliq alami Bobur mirzoni eng so’nggi kungacha tark etmadi. Ayniqsa, shu xayolga yetish istagida so’nggi urinishida yo’l qo’ygan xatoliklarini o’ylaganda, yurak-bag’ri sirqirab og’rirdi. Mana shunday alamli damlarning birida, Agradagi Zarafshonbog’dagi ko’shkda o’tirib, umridagi eng qayg’uli va mahzun satrlarni bitdi:

Tole’ yo’qi jonimg’a balolig’ bo’ldi
Har ishniki ayladim, xatolig’ bo’ldi.
O’z yerni qo’yib, Hind sori yuzlandim
YO rab, netayin, ne yuz qarolig’ bo’ldi…

(Ushbu ruboiy sharhini mana bu sahifada o’qing.)

04Samarqand taxtini egallashdan mahrum bo’lgan Bobur mirzo Hind
mulkini fath etishga bel bog’ladi. Bobur o’z kitobida yozadi: “To Kobulg’a kelib edik, hamisha Hinduston yurishi xayolida eduk, ba’zi mavone jihatidan muyassar bo’lmas edi”… Temurbek Hindistong’a kirib chiqqanidin beri bu necha viloyatkim Bahra va Xushob va Chanob va Chanut bo’lg’ay, Temurbek avlodining tavobe va lavohiki tasarrufida edi…”

Bobur mirzo tilga olgan bobomeros yerlarni zabt etgach, Panjobga to’rt marta qo’shin tortdi. Nihoyat, 1525 yilda qilgan beshinchi yurishida Panjobni egallab, Dehli sultoni Ibrohim Lo’diy ustiga yurdi. O’zaro bo’lgan qizg’in-jadallardan keyin, oxir-oqibat Panipat shahri yaqinida 1526 yil 21 aprelda yuz bergan dahshatli to’qnashuvda Hindiston taqdiri hal qilinadi. Sulton Ibrohim Lo’diy jang maydoniga yuz ming askari va ikki mingdan ziyod jangchi fillarini olib chiqadi. Bobur mirzo qo’shini bor-yo’g’i o’n ikki ming kishidan iborat edi. Biroq Boburning jangu-jadalda orttirgan tajribasi, shuningdek hindlar uchun hali noma’lum yangi qurol – to’faklarni ustalik bilan ishlatishi tufayli tarozu pallasi Bobur tomonga og’adi. Ibrohim Lo’diy va o’n besh ming hind navkari jangda nobud bo’ladi. Shahzoda Muhammad Humoyun boshchiligidagi qo’shin Dehlidan keyingi muhim shahar sanalgan Agrani egalladi. Agrada Dehli saltanati xazinasi, shu jumladan yagonaligi bilan mashhuri jahon “Ko’hi Nur” olmosi qo’lga kiritildi. Mana shu sanadan boshlab, Bobur zamonlar o’tib Buyuk Boburiylar saltanati deb nom olgan davlatga asos sola boshladi.

Hal qiluvchi janglardan biri 1527 yilda yuz beradi. Bu safar Bobur mirzo hind rojalarining birlashgan qo’shiniga boshchilik qilgan, “yuz jang qahramoni” deb ta’rif etilgan, Rojastonning hokimi mashhur Rano Sango bilan urushdi. To’qnashuv Biyona muzofotining Konvo mavzuidagi tog’ yaqinida, hijriy to’qqiz yuz o’ttiz uchinchi jumadulloxir oyining 13 kuni (melodiy 1527 yil 17 mart kuni) sodir bo’ldi. Rano Sangoning ko’p sonli qo’shinini ko’rgan Boburshoh askarlari tahlikaga tushib qoladilar. Buni sezgan Boburshoh beklari va yigitlariga qarata otashin nutq so’zlaydi. Bu haqda Gulbadanbegim yozadi: “Sulton Ibrohim fathidan bir yil o’tgach, Rano Hindiston tomonidan hisobsiz askarlari bilan paydo bo’ldi… Deyarlik ikki yuz ming otliq askar to’plandi. Shu vaqtda munajjim Muhammad Sharif askarlarga murojaat qilib, shukur yulduz bir-biri bilan barobar turibdi, bu vaqtda jang qilmasinlar, dedilar. Podshoh askarlari o’rtasida hayronlik paydo bo’ldi, ko’p parokandalik va qo’rquv boshlanib, ular umidsizlikka tushib qoldilar. Podshoh askarlarning bu ahvolini ko’rib, chuqur fikr qildilar. Dushman yaqinlashib qolganida, u kishining muborak xotirlarig’a kelgan narsa shu bo’ldiki, hamma amirlar, xonlar va sultonlar, katta va kichik, baland va past, qochib ketgan kishilar hamda bo’yin tovlaganlardan boshqa hamma qolganlar, bir joyda yig’ilsinlar, deb buyurdilar.

HAMMALARI yig’ilib keldilar. Podshoh ularga qarab: “Shuni esingizdan chiqarmanglarki, vatanimiz va shaharimizdan bizni necha oylik yo’l ajratib turibdi. Xudo u kundan asrasin, agar askarimiz bu jangda yengilsa (Xudo bizni himoya qilsin), biz qaerlarda qolib ketamiz. Shaharimiz qaerda, Vatanimiz qaerda? Ish ajnabiylar va begonalar qo’liga tushib qoladi. Ahvol shunday ekan, ikki yo’ldan birini tanlab olish kerak. Agar dushmanni o’ldirsak, g’ozi bo’lamiz, agar o’ldirilsak, shahid bo’lamiz. Shu har ikkala taqdir ham biznikidir. Bizning ulug’ darajamiz va oliy martabamizdir”, — dedilar.

(Bu gaplarni) hamma bir og’izdan qabul qildi. Podshoh, xudo xohlasa, to jonu tanimizda oxirgi nafasimiz qolgunicha urushamiz, jon fidolikda va qon sochishlikda o’zimizni ayamaymiz, agar shu gapdan qaytsak, xotinimiz taloq bo’lsin deb Qur’on bilan qasam ichdilar. Rano Sango jangidan ikki kun burun podshoh hazratlari sharob ichishdan va boshqa nomunosib ishlaridan tavba qilgan edilar. Mardonalik, yakdillik, hamjihatlik bildirgan to’rt yuz atoqli yigit o’sha majlisda podshoh tufayli ular ham sharob ichishdan tavba qildilar. Sharob ichishga kerak bo’ladigan hamma tilla va kumush asboblarni, oltin piyolalarni va boshqa qiymatli idishlarni sindirib kambag’al bechoralarga bo’lib berdilar…

To’qqiz yuz o’ttiz uchinchi yili jumodil avval oyida, sahar vaqtida Sikri tog’ining etagida Rano Sango bilan jang bo’ldi. Xudoning inoyati bilan podshoh g’alaba qozondilar va g’ozi bo’ldilar…”

07Bu g’alabadan keyin Boburshoh Hindistonning yagona hukmdoriga aylandi. Ammo bu paytga kelib uning sog’lig’i yomonlashadi. Bu “jumo’ kuni rabiul-avval oyining o’n oltisida, tarix to’qqiz yuz o’ttiz uchda” (melodiy 1526 yil 21 dekabrda) Panipat jangida halok bo’lgan Sulton Ibrohim Lo’diyning onasi malika Bayda tomonidan zaharlanishi tufayli bo’ldi. Bobur o’z kitobida yozadikim: “Har qancha bu voqeai hoila xotirimg’a kelsa, bexost holim mutag’ayyir bo’lur. Tangri taoloning inoyati bor ekandur, manga yangi boshdin jon bag’ishladi. Muning shukrini na til bila qilg’aymen…”

Bu zaharlanishdan boshlab Bobur mirzo zaiflashib boraverdi. Kenja o’g’li Olur mirzoning o’limi, to’ng’ich farzandi, toji-taxt valiahdi — Humoyunning og’ir xastalanishi unga so’nggi kuchli zarba bo’ldi. U bu zarbadan qayta o’nglanmay, 1530 yilning 26 dekabrida olamdan o’tdi. Xalq orasida podshoh o’limi hamisha isyonu-tafriqa qo’zg’agani sababidan Boburshohning o’limini sir tutdilar, “Boburshoh toju-taxtni o’g’li Muhammad Humoyunga topshirib, o’zi darveshlik yo’lini tutmish” degan xabar chiqardilar. Uning jasadi Agradagi bog’larning birida tuproqqa topshirildi. Oradan to’qqiz yil o’tgach, uning xokini Qobulga ko’chirdilar. (Ayni shu voqealarga, ya’ni Bobur mirzoning so’nggi kunlariga bag’ishlagan dramatik asarni mana bu sahifada o’qing)

Hindistonlik olim Muni La’l shunday yozgan edi: “Bobur qirq sakkiz yoshida vafot etdi. U hamma narsaga jasorat va halollik ila erishdi. Buyuk mag’lubiyatlar ustiga buyuk g’alabalari imoratini qura oldi. Yoshlikda ko’rgan omadsizliklari o’rniga keyinchalik ulug’ omadlar unga yor bo’ldi. Nihoyat, u Hindistonga buyuk saltanatga asos soldi. Boburning buyukligi ana shu mezonlar ila o’lchanadi…”

Manba: «O’zbekiston ovozi» gazetasi, 1993 yil 16 dekabr

Yana shu mavzuda mutolaa qiling:
Xurshid Davron. Samarqand xayoli. Birinchi qism.
Xurshid Davron. Samarqand xayoli. Ikkinchi qism.
Xurshid Davron. Samarqand xayoli. Uchinchi qism.
Xurshid Davron. Sog‘inch yohud Boburshoh. Ikki qismli spektakl

07

(Tashriflar: umumiy 2 192, bugungi 1)

1 izoh

  1. Илтимос хумоюн тахтга утиргандан кейинги хаети тугрисида малумот берсангиз

Izoh qoldiring