Umarali Normatov. Ko’ngillarga ko’chgan she’riyat

011

28 декабрь – Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллуд топган кун

Эркин Воҳидовнинг ҳаётдаги бахти, омади шуки, аввало, у ўз даврининг пешқадам зиёлилари оиласида дунёга келиб, гарчи ота-онасидан эрта айрилган бўлса-да, маърифатли жигарлари қўлида тарбия топиб вояга етди. Унга Миллий университетда Ғулом Каримов, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов каби улкан адабиётшунослар яратган жўшқин адабий муҳитда тарбия олиш насиб этди. Бундан ҳам муҳими, мамлакатни миллатнинг гуллари қонига ботирган мустабид ҳукмдор тарих саҳнасини тарк этиб, қисман эркинлик шабадалари эса бошлаган, ижодда қудратли янги тўлқин ҳаракатга келган бир паллада қўлига қалам олди; шу ҳаракатнинг бошида турган улуғ адиб Абдулла Қаҳҳорнинг назарига тушди.

09
Умарали Норматов
КЎНГИЛЛАРГА КЎЧГАН ШЕЪРИЯТ
Эркин Воҳидов шеъриятига бир назар
09

07шбу мақолани тўғридан-тўғри Эркин Воҳидов шеърияти, шоирнинг миллий шеъриятимиз равнақи йўлидаги хизматлари таърифидан бошламоқчи эдим. Аммо гапни узоқроқдан бошлашга тўғри келди, чунки бусиз масала моҳияти тагига етиш қийин.

Шеърият даврнинг акс садоси деган қараш кенг тарқалган. Унда муайян асос бор. Бироқ чинакам шеърият даврнинг акс садоси бўлиши билан баробар, унинг ўзи ҳам бутун бошли ўзига хос давр, бадиий олам яратишга қодирдир. Бундай шеърият одамларнинг дилидаги, тили учидаги гапларни айтиш, кўнгил розларини ифодалаш билан чекланмай, кўпчиликнинг хаёлига келмаган ўй-мушоҳадалар, фикр-туйғулар изҳори орқали қалбларни забт этиши, шеърхонларнинг ўзи яшаётган давр ҳодисалари ва, муҳими, ўзи, қалби ҳақида билган-англаганларини, тасаввурларини бутунлай ўзгартириб юбориши, бинобарин, кўнгилларга ғалаён солиши, ҳаётий жараёнларга кучли таъсир кўрсатиши мумкин.

Яна шундай мангу савол бугун ҳам кун тартибидан тушгани йўқ: шеър ким учун ёзилади – шоирнинг ўзи учунми, хос китобхон учунми ёки кўпчилик – омма учунми? Бу уч хил қараш тарафдорларининг ҳар қайсисини ҳурмат қилган ҳолда, шахсан ўзим ана шу уч жиҳатни ўзида бирлаштирган шеъриятни юксак санъат ҳодисаси деб биламан. Далил-исбот учун узоққа боришга ҳожат йўқ. ХХ аср янги ўзбек миллий шеърияти тажрибалари бунинг ёрқин исботидир.

Ниҳоят, яна бир гап. Адабиёт фанида бадиий жараён моҳияти ва даржасини кўпроқ лирик асарлар орқали белгилаш таомили устун. Бироқ тажрибадан аёнки, кичик бир шеър ҳам йирик романга тенг улкан миссияни адо этавериши мумкин. Чўлпоннинг «Қаландар ишқи», «Юпанмоқ истаги», «Кўнгил», Ойбекнинг «Наъматак», Ғафур Ғуломнинг «Соғиниш», Ҳамид Олимжоннинг «Ўрик гуллаганда», Усмон Носирнинг «Юрак», Зулфиянинг «Баҳор келди сени сўроқлаб» сингари ХХ аср биринчи ярми миллий шеърий тафаккур даражасини белгиловчи беназир мафтункор сирли-сеҳрли олам яратган сара шеърлари аҳамияти жиҳатидан «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз», «Сароб», «Навоий» каби романлардан асло қолишмайди. 20-50-йиллар давомида ўзини эл-юртнинг маърифатли фарзанди санаган зот борки, бу асарлар улар қалбини забт этган, миллатнинг бир эмас, бир неча авлоди айни шу асарларда илгари сурилган эзгу туйғулар, олижаноб ғоялар руҳида тарбияланган. Машъум тоталитар режим, ягона мустабид мафкура ҳукмронлиги замонида миллатнинг ўзлигини, дилини, тилини, нафосат, ҳақиқат, адолат, эрк ва озодликка ташналик майлларини сақлаб қолишда бу хил асарларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Ана шу қутлуғ анъана ХХ аср иккинчи ярмида янгича кўринишда давом этди, ўтган асрнинг 60-йилларида миллий шеърият майдонига кириб келган янги авлод яловбардорлари – Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва уларнинг ўнлаб истеъдодли сафдош ва издошлари қаламига мансуб ноёб лирик рубобий тароналарнинг эл орасидаги довруғига ўзимиз бевосита гувоҳмиз. Мана энди Эркин Воҳидов шеърияти баҳсига ўтсак бўлар.

033ркин Воҳидовнинг ҳаётдаги бахти, омади шуки, аввало, у ўз даврининг пешқадам зиёлилари оиласида дунёга келиб, гарчи ота-онасидан эрта айрилган бўлса-да, маърифатли жигарлари қўлида тарбия топиб вояга етди. Унга Миллий университетда Ғ.Каримов, М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов каби улкан адабиётшунослар яратган жўшқин адабий муҳитда тарбия олиш насиб этди. Бундан ҳам муҳими, мамлакатни миллатнинг гуллари қонига ботирган мустабид ҳукмдор тарих саҳнасини тарк этиб, қисман эркинлик шабадалари эса бошлаган, ижодда қудратли янги тўлқин ҳаракатга келган бир паллада қўлига қалам олди; шу ҳаракатнинг бошида турган улуғ адиб Абдулла Қаҳҳорнинг назарига тушди. Ижоддаги илк қадамларидаёқ ўз сафдошлари каби одат тусига кирган «бахтли замон»ни, партияни, доҳийларни улуғловчи сатрларни эмас, гарчи бир оз содда, оддий бўлса-да кўнглини мафтун этган, самимий туйғуларини қоғозга тўка бошлади. Унинг йигирма уч ёшида чиққан илк шеърлар тўплами «Тонг нафаси» миллий шеъриятимизга янги нафас олиб кирди. Унга тақриз ёзган устоз Озод Шарафиддинов таъкидлаганидек, ёш шоир илк машқларида кўпроқ дунёни энди кашф этаётган, ўзининг кашфиётидан ўзи завқланиб, қувончидан бошқаларни хабардор этишга ошиқаётган, ҳаёт бениҳоя гўзал, ноёб неъмат эканини тушуниб келаётган мурғак қалбнинг қувончлари бор. Кейинроқ шоир ақл ва ҳис баҳсига ўтди. Мадҳия, фахрия, қасидачилик кайфиятларига берилган онлари ҳам бўлди, романтик хаёллар оғушида ишқий ғазаллар битди. Шу асарлар қаторида беғубор қувноқ юмор, ҳазил-мутойибалар билан йўғрилган шеърлар ҳам яратди; айни пайтда кўнгил армонларини, ўкинчларини, халқимизнинг оғир ва шонли кечмишини, тарихимизнинг қора ва нурли саҳифаларини, уруш келтирган офатларини ҳам шеърларга солди, лекин барибир, некбин руҳ – ҳаёт мадҳи, севги сурури, фахр-ифтихор туйғуси ижодида етакчилик қилди. Бу хусусият 1969 йили чоп этилган «Ёшлик девони» китобида ёрқин кўринди.

Бу китоб фақат Эркиннинг 60-йиллар ижоди намунаси, ўша йиллардаги шоир кайфияти, ўй-мушоҳадалари ифодаси бўлибгина қолмай, умуман миллий шеъриятимиз тараққиётидаги муайян тамойилнинг кўрниши сифатида ҳам қимматлидир. Гап шундаки, адабиётда вульгар социологизм балоси ҳукмрон бўлган кезлари ҳамма ёқни ижтимоий-сиёсий мавзудаги тумтароқ шеърлар босиб кетган, севги, шахсий-интим кечинмалар бадном этилган, шеъриятдан бадарға қилинган эди. 60-йилларга келиб аҳвол ўзгара бошлади, инсон шахсига, кишининг хилма-хил кечинмалари, жумладан, анъанавий севги тароналари учун қисман йўл очилди. Шуниси характерлики, поэзиямизда севги мотивларининг қайта ҳаёти анъанавий шакл, айниқса, ғазалнинг жонланишига олиб келди. «Ёшлик девони» шу жараённинг энг жиддий ҳодисаси, шоирнинг улкан ижодий жасоратидир. Шоир Абдулла Орипов ёзганидай, «мумтоз адабиётимизнинг олтин эшиклари абадий бекилади дея каромат қилишаётганда ёш авлод орасида биринчилардан бўлиб Эркин Воҳидов арузнинг табаррук остонасида посбон янглиғ пайдо бўлди». Кўҳна аруз вазнининг янги замон шеъри услубига, оҳангига яқинлаштириш учун уринган Чўлпон, Ғ.Ғулом, Усмон Носирлар анъанасини юқори босқичга кўтарди. Эркин Воҳидов ғазаллари, шоирнинг ўз арузи, ўз ғазали шаклига айлангани учун ҳам миллий адабиётимиз, шеъриятимиз ривожида ҳодиса бўлди. Уларда биз фақат Эркиннинг ўзига хос шаклини юзага келтирган ҳиссий оҳангини, қалб садосини, юрак тебранишларини, ўйлаш- фикрлаш йўсинини кўрамиз.

Тун билан йиғлабди булбул ғунча ҳажри доғида.
Кўз ёши шабнам бўлиб қолмиш унинг япроғида.

Ниҳоятда гўзал, мангуликка муҳрланиб қолган беназир ҳолат, жараённинг бу қадар нафис, чиройли, сирли-сеҳрли оҳангларга йўғрилган ифодасини «Ёшлик девони»дагина учратиш мумкин.

Фақат «Ёшлик девони» ғазаллари эмас, шоирнинг 60-йилларда яратган бошқа жанрлардаги сара асарлари ҳам эл орасида ниҳоятда машҳур бўлиб кетди. Бевосита шоир шахсий ҳаёти, таржимаи ҳоли – фашизмга қарши уруш қурбони бўлган ўз отаси ҳақидаги «Нидо» достони лирик қаҳрамонининг қалб садоси, андуҳлари, Абдулла Қаҳҳор ёзганидек, миллион-миллион кишиларнинг нидоси, урушга нафрати, урушда ҳалок бўлганлар хотирасига эҳтироми каби янгради.

Табиийки, ўша йиллар шоир шеъриятининг энг авж палласи «Ўзбегим» қасидасидир. Бу ўринда қасидани махсус шарҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ: у ҳақда кўп ёзилди. Асар дарсликлардан жой олган. Миллатнинг шаъни-ғурури топталган, тарих дарсликларимизда халқимизнинг шонли ўтмиши қора бўёқлар билан булғанган, ҳар тонгда куйланадиган давлат мадҳияси улуғ оғага, партияга ҳамду санолар билан бошланадиган замонларда кечмишнинг шонли саҳифаларини улуғловчи «Ўзбегим» қасидаси ғайрирасмий миллий мадҳияга айланди. Шу тариқа «Ўзбегим» 60-йиллари бирин-кетин чиққан бешта шеърлар тўплами, «Нидо», «Палаткада ёзилган достон»лардаги ижодий изланишларнинг муайян якуни бўлди.

Йиллар ўтган сари Эркин ижодида фикрлар уфқи кенгайиб, ҳис-туйғулар тобора сержило бўлиб борди. Шунга қарамай, шоирда эришган ютуқлардан қониқмаслик, ўзини янгилашга мойиллик кайфияти кундан-кун ортиб борди. Бу бир дард, армон бўлиб вужудини ғалаёнга сола бошлади. Бу ҳолат 70-йиллар бошларида битилган «Йўқолган шеър»да яхши ифодаланган: шоир ўз асрига мос, фақат миллатнинг эмас, бутун оламнинг шавқини, дардини ўзида мужассам этадиган шеърлар излайди, шундай шеърлар ёзишни орзу қилади. Ниҳоят, бу орзу-интилиш, изланишнинг самараси 70-80-йилларда яратилган «Тирик сайёралар», «Шарқий қирғоқ», «Куй авжида узилмасин тор», «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» каби тўпламларидан жой олган шеърларида, «Руҳлар исёни», «Истамбул фожиаси» достонларида яққол кўринди. Замин, замон ва инсон ташвишларига ҳамдардлик, оддий кундалик ҳодисаларда катта инсоний муаммоларни кўра билиш, улардан умумбашарий маънолар қидириш, ўша кезлари ўзини ҳаяжонга солган масалаларни дадил ўртага қўйиб, уларга жавоб излаш, одамлар эътиборини жалб этиш – бу даврдаги энг яхши достон ва шеърларига хос хусусиятлардир. Бу асарлардаги ҳар бир сўз, ҳар бир сатрда инсоният қисматидан безовта қалб кечинмалари, замон тақдирига жавобгарлик ҳисси билан тепаётган юрак ҳаяжонлари ловуллаб туради, улар дунёга тийрак кўз билан назар солишга чақириқ бўлиб янграйди. «Инсон», «Шарқий қирғоқ», «Сирдарё ўлани», «Арслон ўйнатувчи», «Руҳлар исёни» каби ўткир фуқаролик руҳи-нафаси билан йўғрилган достон ва шеърларни ХХ аср миллий шеъриятмизнинг ўзига хос давр яратган нодир намуналаридан десак асло муболаға бўлмайди.

«Инсон» қасидаси сатрлари қатидаги изтиробга тўла ўй-мушоҳадалар силсиласига бир қур назар ташлайлик. Шеър қасида руҳидаги инсон мадҳияси билан бошланади:

Собиту сайёрада
Инсон ўзинг, инсон ўзинг.
Мулки олам ичра бир
Ҳоқон ўзинг, султон ўзинг.

Шоир ана шу ҳоқон, султон саналмиш бугунги фан-техника замони одами измидаги ёруғ дунё надур, деган савол қўяди-да, кескин ва шафқатсиз равишда «Кошонадур, вайронадур» дея жавоб қилади. Шу сатрлардан бошлаб шеърда мадҳия оҳанги чекинади, шоирнинг ҳам фахр-ифтихор, ҳам афсус-надоматларга тўла армонли ноласи янграй бошлайди; инсон зотига хос зиддиятли таъриф-тавсиф давом этади. Инсон гоҳ адолат, гоҳ адоват қўйнида, ўз дилининг даргоҳида гоҳ шайтон, гоҳ ғилмон; жон борки қасди жон, қотил ҳам, қурбон ҳам, ҳаёт уммонида қатрадек сарсон ҳам, гардон ҳам шу инсоннинг ўзи! Машъали фикрат ҳам, чангали ваҳшат ҳам – шу зотнинг ўзи! Она замин тақдири шу улуғ ва ожиз зот – инсоннинг ўз қўли, ихтиёрида. Шоир инсонни инсон деган улуғ номга муносиб бўлиши, фарзандлик бурчига содиқ қолиши, замин дардига дармон, унга қалқон бўлишини тилайди. Шоир инсонни жамики зиддиятлари, кучли ва ожиз томонлари ила таъриф этмасин, барибир унинг имкониятларига, даҳосига, истиқболига ишонч билан қарайди, инсон номини ҳамиша ўкинч, армон аралаш ёниқ бир меҳр билан қаламга олади.

1979 йили ёзиб тугатган «Руҳлар исёни» достонида миллий истиқлол тўғрисида сўз очиш асло мумкин бўлмаган бир замонда мустабид тузум қатағони қурбони Фитратнинг «Чин севиш», «Ҳинд ихтилолчилари» асарлари изидан бориб, декорацияни Ҳинд элига кўчириб, шоир Назрул Ислом тимсоли орқали ўз она юртида эрк, озодлик йўлига ҳаётини тиккан Қодирий, Чўлпон, Фитратлар қисматига ишора этишга, ривояту, ҳикоятлар орқали шахс эрки ғоясини умуминсоний миқёсларда туриб ифодалашга эришади.

80-йиллар охири 90-йиллар бошларида битилган шеърларини ўз ичига олувчи «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» тўпламини ўша тарихий бурилиш даври шоир қалбининг кардиограммаси деб аташ мумкин. Тўпламга хос бош хусусият ундаги шеърларда руҳий эркинликнинг тўла намоён бўлганлигидир. Бу ниҳоятда муҳим фазилат. Бусиз чинакам бадиий кашфиётлар дунёга келиши мумкин эмас. Новаторлик деймизми, ижодий оригиналлик деймизми, услубнинг ўзига хослиги, шаклий топилмалар деймизми – барчасининг ибтидоси шу руҳий эркинликдан бошланади. Етмиш йил давомида миллий шеъриятимиз, ижодкорларимиз ҳукмрон мафкура, сиёсат тазйиқида бўлиб келди. Бу тазйиқдан четда туришга, мустабид тузум ақидалари қобиғини ёриб чиқишга дадил уринишлар ҳам бўлди. Бироқ жасур, ҳақгўй ижод аҳли ҳар қанча уринмасинлар, барибир, уларнинг қонида қандайдир ҳадик, Чўлпон айтган сусткашлик давом этди, тутқунлик зуғуми ўз асоратини қолдирди. Фақат истиқлол арафасига келиб шоирларимизда руҳий эркинлик тўла намоён бўла бошлади. Э.Воҳидовнинг шу давр маҳсули саналмиш афсус-надоматлар билан битилган «Ватан умиди» шеърида шундай сатрлар бор:

Агарчи исмим Эркин, эрки йўқ, банди кишан бўлдим.
Кўзим боғлиқ, дилим доғлиқ, тилим йўқ, бесухан бўлдим.

У бор овоз билан «Бас, етар ёлғон саодат, Ёлғон эрк, ёлғон ватан!» дея ҳайқиради.

033ркиннинг истиқлол йилларидаги шеърлари топталган миллий қадриятларни тиклаш, ўзини топиш, ўзлигини танишдек машаққатли йўл ғоят шарафли эканини яна бир бор тасдиқлайди. Айни шу йўлдан борган ижодкоргагина шафқатсиз ҳақиқат эшиклари очилади, бу ёруғ дунёнинг сиру асрорларини англаш, теварак-атрофда юз бераётган, шитоб билан ўзгариб, янгиланаётган тарихий жараёнларнинг, ҳаёт жумбоқларининг туб моҳиятига етиш имкони туғилади. Кейинги шеърларида кўпни кўрган, 70 ёш бўсағасида турган донишманд шоирнинг айни бу ёшга хос ҳолат-кайфиятлари, ўй-мушоҳадалари, бой ҳаёт тажрибалари ғоят ёрқин намоён бўлмоқда. Агар у «Ёшлик девони»да «Ёшлигим, кел, куйга тўлган Қалбим олтин сози бўл, Мен қўшиқ айтай тўлиб, Бир лаҳза жўр овози бўл» дея шўх-шодон куйлаган бўлса, энди кекса ҳазрат Навоий каби дангал «Кексалик келгач насибинг Йўлга боқиб ўлтириш. Энди манзил ҳеч харита – Ичра номи йўқ диёр, Кексалик – ул мамлакатга Йўл тадоригин кўриш» деб ёзади. Айни пайтда яна улуғ Навоий иборалари билан айтганда, қарилик чоғда ҳам ёр васлидан кўнгил узолмайди, «Мен ҳаётда бор эканман, Ўйласам, сен бор учун, Кўксим ичра қалб урар Тун-кун ўзингга зор учун… То жаҳонда бор эканман, Борлиғим сен ёр учун» сингари оловли мисралар тизади. Қўл қовуштириб ўтирмай эл-юртнинг бугунги муаммолари устида бош қотиришда давом этади, миллат мустақилликка эришиб ўз куч-қудрати, ақл-заковатини тўла намоён этиш даври келганида, унинг парвози йўлидаги тўғаноқлар, юз йил бурун жадид боболаримизни доғда қолдирган қолоқ удумлар устида аламли ўйларга толади, жумладан, «Нега япон юз йил яшар…» шеърида бу ҳақли саволга жавобан киноя-кесатиқлар ила «Чунки япон биздек қоронғу Саҳар туриб ошга бормайди. Мотамида у обрў учун Элни чорлаб зиёфат қурмас. Байрамида бел боғлаб уч кун Шамдек қотиб кўчада турмас. Гарчи биздан юз бор фаровон, Гарчи биздан юз карра тўқдир. Тўй харжида юзта бой япон Бир камбағал ўзбекча йўқдир» дейди ўкинч билан… Бугина эмас, мумтоз шоирларимиз каби Оллоҳ олдида эркалик қилиб мана бундай исёнкорона мангу саволларни ўртага қўяди:

Дунё, сенинг бизга мунис маъволигинг қани?
Ёруғ кунинг камдир, ёруғ дунёлигинг қани?
Оқилга ғам, жоҳилга зар – берган ўзинг эсанг,
Павардигор, одилликда танҳолигинг қани?

Мана энди хулоса чиқарилса бўлар. Эркин Воҳидов шеърияти, аниқроғи, унинг сара шеърлари биринчи галда шоирнинг ўзи учун энг ардоқли, дил қаъридан сизиб отилиб чиққан шахсий кечинма-туйғулар ҳосиласидир. Айни пайтда ана шу шахсий кечинмалар кўпчилик одамлар учун ҳам қадрли ва тушунарлидир. Эркиннинг ёзганлари қоғозда қолиб кетадиган сатрлар эмас, улар тиллардан дилларга кўчиб у ерда муқим жой олган етук шеъриятдир. Шоир шеърлари сиртдан содда, етти ёшдан етмишгача барча учун бирдек тушунарли туюлса-да, улардаги тагмаънога етиш, уларни уқиш осон эмас. Улар «хос одамлар»нинг теран таҳлил, ўй-мушоҳадалари, хилма-хил талқинлари учун бой озиқа беради. «Ўзбегим», «Инсон» қасидаларини, «Руҳлар исёни» достонини англаб етиш учун қанчалар билим, бой ҳаётий ва адабий тажриба кераклиги аён. Бир маърифий даврада донишманд аллома Алихонтўра Соғуний «Ёшлик девони»даги «Узум» радифли ғазални ярим соат давомида байтма-байт ёд айтиб уларни бирма-бир шарҳлаб, оддий туюлган сатрлар бағридаги биз хаёлга келтиролмаган турли маъноларни батафсил тушунтириб берган, охирги «Эй дилором, сенга Эркин Тутди майдек шеърини, Дил хумида неча йил Қон бўлди бу девон — узум» сатрларини «шоҳ байт» деб атаган, уни ҳазрат Навоийнинг машҳур «Ашрақат» ғазалидаги сатрларга қиёс этган эдилар.

Афсус, адабиётшунослигимизда Эркин шеърларининг бунақа теран, синчков таҳлиллари амалга оширилган эмас.

Эркин Воҳидов ижодий фаолиятини жамоат ишлари билан қўшиб олиб борди. Айниқса, атоқли ва ардоқли шоиримиз мустақиллик йиллари Олий Кенгаш, Олий Мажлис депутати, Сенат аъзоси сифатида масъул лавозимларда ишлаган кезлари улкан давлат арбоби сифатида ҳам танилди. «Одамларга фақат шеъринг эмас, ўзинг ҳам кераклигингни сезиш – бу катта бахт, — дейди шоир. – Шунинг учун ҳам жамоат меҳнатидан ҳеч қачон қочган эмасман. Қайноқ ҳаёт ичида яшаб, ишлаб ўрганганман». У беназир шеъру достонлари билан баробар Мустақиллигимизнинг бош меъмори Президентимиз ёнида туриб истиқлол идеалларини рўёбга чиқариш йўлидаги хайрли хизматлари билан ҳам миллатимиз учун ардоқлидир. Эркин Воҳидов «Халқ шоири», «Ўзбекистон Қаҳрамони»дек юксак унвонларга ҳар жиҳатдан муносибдир.

2006

Мақола Умарали Норматов веб-саҳифасидан олинди

032

(Tashriflar: umumiy 539, bugungi 1)

Izoh qoldiring