Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 1.Tarix va ta’rif & Najmiddin Komilov «Navoiy gulshani» teleloyihasida

022   5 ОКТЯБР — ТАСАВВУФШУНОС ОЛИМ, ПРОФЕССОР, УСТОЗ НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТУҒИЛГАН КУН

  Ўзбек тафаккури, илму фани, хусусан фақат мустақилликдан кейингина шакллана бошлаган замонавий тасаввуфшунослик илмининг асосчиларидан бири Нажмиддин Комилов энг аввало,исми руҳияти, дунёқарашига мос комил инсон эди.Унинг инсон камолати ҳақидаги тушунчалари фақат қоғозда эмас, қаламининг ҳар қораламасида, даврада ёки кафедра айтилган ҳар бир сўзида ҳаёт ва тафаккур ҳикматлари намоён бўлар, Азизиддин Насафий комил инсонга таъриф бериб ёзган тўрт нарса: яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф Нажмиддин аканинг суратида ҳам,сийратида ҳам мужассам эди.

Ҳазрат Алишер Навоий тили билан айтганда:

Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи.
Хуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи.

Мўътабар китобларнинг бирида битилганидек, ”Мавтул олими мавтул олами”,яъни олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир. Бу ҳикматдан кўзланган маъно Нажмиддин аканинг инсоний ҳаёти ва олимлик фаолияти ўзига хос такрорланмас ва бебаҳо олам эди, айни шу сабабдан унинг ўлими нафақат ўзбек, балки Шарқ тафаккур тараққиёти учун оғир йўқотиш бўлди.

Бундан чорак аср аввал Шайх Нажмиддин Куброга бағишланган “Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Кубро тушлари” китобимни ёза бошлаганимда Нажмиддин ака маслаҳатлари ва йўл-йўриқларини аямади.

Нажмиддин ака университетда менга сабоқ берган домуллам эди.Нажмиддин ака бу ҳаётда камдан-кам одамни устоз деб тан оладиган ўжар табиатли шоирларнинг, шу жумладан менинг маънавий устозим эди. Гарчи мен шу пайтгача бирон марта Нажмиддин акага қарата “Устоз” деб мурожаат қилмаган бўлсам-да,юрагимнинг туб-тубида бу инсонга нисбатан асл устоз ва муаллимларгагина дохил эҳтиром яширин эди.

Устозимизни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!

Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири

008

НАЖМИДДИН КОМИЛОВ
ТАСАВВУФ
02

ТАРИХ ВА ТАЪРИФ

Тасаввуф Шарқ маънавияти тарихида муҳим ўрин эгаллаб келган тадрижий тараққиётга эга бир таълимот бўлиб, ислом оламида VIII асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Дастлаб у зоҳидлик ҳаракати кўринишида куртак ёяди. Гап шундаки, ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин мусулмонлар жамоаси ичида бўлиниш юз беради, айниқса, халифа Усмон разйаллоҳу анҳу замонларида бойликка ружу қўйиш, қимматбаҳо туҳфалар билан қариндош-уруғлар, яқин дўст-биродарларни сийлаш расм бўлади. Уммавия халифалиги даврига келиб эса, сарой ҳашамлари, дабдабали безаклар, олтин-кумушга берилиш, хазина тўплаш авж олди. Яъни диний машғулотлар, Худо йўлидаги тоат-ибодат ўрнини дунёвий ишлар, дунё молига муҳаббат эгаллай бошлади. Бу ҳол диний амрларни адо этишни ҳар қандай дунёвий ишлар, бойликлардан устун қўйган эътиқодли кишиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Улар орасида ҳадис тўпловчи муҳаддислар, илгаридан қашшоқ бўлиб, уй-жой, мол-мулкка эътибор қилмаган саҳобалар ҳам бор эди. Буларнинг бир қисми динни ҳимоя қилиб, очиқ курашга отланган бўлсалар, иккинчи қисми эса, қаноат ва зуҳдни («зуҳд» сўзидан «зоҳид» сўзи келиб чиққан) асосий мақсад қилиб олиб, сарой аҳли ва сарватдорлар, бойлар ахлоқига қарши норозилик белгиси сифатида таркидунёчилик ғоясини тарғиб этиб, ижтимоий фаолиятдан бутунлай четлашганлар, сурункали тоат-ибодат билан шуғулланганлар.

Куфа, Бағдод, Басра шаҳарларида таркидунё қилган зоҳид-лар кўп эди, айтиш керакки, уларнинг обрў-эътибори ҳам халқ орасида катта бўлган. Чунончи, Увайс Қараний (VII аср), Ҳасан Басрий (642–728) каби йирик сўфийлар аслида зоҳид кишилар эдилар, шунинг учун бу зотларнинг номи шайхлар ва сўфийлар ҳақидаги тазкираларда зоҳид сифатида тилга олинади, баъзи муаллифлар эса уларни сўфийлар қаторига қўшмаганлар ҳам.

Бунинг боиси шуки, зоҳидлар узлат ва тақвони пеша этган бўлишларига қарамай, ишқ ва ирфон (илоҳий маърифат)дан бехабар кишилар эдилар. Улар фалсафий мушоҳадакорлик, ажзу иродат билан маънавий-ахлоқий камолот сари интилиш, валилик, каромат-мўъжизалар кўрсатиш каби хислатларга эга эмасдилар. Зоҳидларнинг нияти ибодат билан охират мағфиратини қозониш, Қуръони Каримда ваъда қилинган жаннатнинг ҳузур-ҳаловатига етишиш эди. Сўфийлар назарида эса жаннат умидида тоат-ибодат қилиш ҳам тамаънинг бир кўринишидир. Ҳолбуки, сўфий учун на дунёдан ва на охиратдан тамаъ бўлмаслиги керак. Ягона истак бу – Худонинг дийдоридир, холос.

Машҳур сўфий аёл Робия Адвия (714–801) Аллоҳга муножотларида нола қилиб айтар экан: «Эй Парвардигорим, эй Ёри азиз, агар жаннатинг тамаъида тоат қиладиган бўлсам, жаннатингдан бенасиб эт, агар дўзахингдан қўрқиб ибодат қиладиган бўлсам, мени дўзах ўтида куйдир – минг-минг розиман! Аммо агар Сенинг жамолингни деб тунларни бедор ўтказар эканман, ёлвораман, мени жамолингдан маҳрум этма!»

Аллоҳ таолога қуруқ, кўр-кўрона мутеъликнинг ҳожати йўқ. Худо ғазабидан қўрқибгина амри маъруфни бажариш садоқат белгиси эмас, балки риёдир. Шунинг учун сўфийлар: Аллоҳни жон-дилдан севиш, Унинг зоти ва сифатларини таниш ва билиш, кўнгилни нафсу ҳирс ғуборидан поклаб, ботиний мусаффо бир ҳолатда Илоҳ васлига етишиш ва бундан лаззатланиш ғоясини кенг тарғиб қилдилар. Инсон руҳи илоҳийдир ва, демак, асосий мақсад – илоҳий оламга бориб қўшилмоқдир, дедилар.

Шу тариқа, дунёдан кўнгил узган, аммо зоҳидларга ўхшамайдиган, «бир назар билан тупроқни кимё этадиган» (Ҳофиз Шерозий) зеҳну заковат, ақлу фаросатда тенгсиз, аммо ўзга мутафаккирлар, файласуфлардан ажралиб турадиган, шариат илмини сув қилиб ичган, тоату ибодатда мустаҳкам, лекин оддий диндорлардан фарқланадиган ажойиб хислатли одамлар тоифаси пайдо бўлган эдики, уларни руҳ кишилари деб атардилар. Бундай одамларнинг феъл-атвори, юриш-туриши, хориқулодда (одатдан ташқари) сўзлари ва ишлари атрофдагиларни ҳайратга солар, баъзиларининг ғайбдан башорат берувчи камроматлари, сирли мўъжизалари ақлларни лол қолдирарди. Уларни аҳлуллоҳ, авлиё, аҳли ҳол, аҳли ботин, арбоби тариқат, дарвеш, қаландар, фақир деган номлар билан тилга олардилар. Аммо бу тоифага нисбатан кўпроқ «сўфий» номи қўлланилган, чунки ушбу сўзнинг маъноси анча кенг бўлиб, бошқа тушунча ва атамаларни ўз ичига сиғдирарди.

Хўш, «сўфий» сўзи қаердан пайдо бўлган? Бу ҳақда бир неча хил қарашлар бор. Баъзилар бу сўз «саф» сўзидан келиб чиққан дейдилар, чунки сўфий Илоҳ йўлига кирганларнинг биринчи сафида турувчидир. Баъзи олимлар уни «суффа» сўзидан ҳосил бўлган деб айтадилар: асҳоби суффа ҳазрати Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларидаёқ тарки дунё қилган тақво-дор кишилар бўлиб, сўфийлар шуларга тақлид қиладилар, деб тушунтирадилар. Яна бир гуруҳ олимлар сўфий сўзи «сафо» сў-зидан келиб чиққан, чунки бу тоифанинг қалби сидқу сафо офтобидай порлаб туради, деганлар. Яна баъзилар сўфий «суфуҳ» сўзидан ясалган, суфуҳ – бирор бир нарсанинг хулосасидир, бу жамоа халқнинг хулосаси бўлганлиги сабабли уларни сўфий деганлар, деб ёзадилар. Сўфий сўзи «соф» сўзидан чиққан дегувчилар ҳам бор. Абу Райҳон Беруний бўлса «суф», яъни файласуф сўзининг охирги қисмидан ясалган деб кўрсатади. Аммо кўпчилик сўфий сўзи арабча «сўф» сўзидан ҳосил бўлган, деган фикрни билдирадилар. «Сўф» сўзининг луғавий маъноси жун ва жундан тўқилган матодир. Сўфийлар кўп ҳолларда жун чакмон ёки қўй терисидан тикилган пўстин кийиб юришни одат қилганлари учун уларни жун кийимлилар (форсчаси пашминапўш), яъни сўфий деб юритганлар. Бизнингча, шу кейинги эътимологик маъно ҳақиқатга яқинроқдир, зеро, сўфий сўзининг «сўф» сўзидан ясалиши араб тили қонун-қоидаларига мос келади.

Агар «сўф» сўзидан сўфий ясалган бўлса, ўз навбатида, «сў-фий»дан, «тасаввуф», «мустасуф», «мутассуф», «мутасаввуф» сўзлари ҳосил бўлган. Мустасуф ўзини сўфийларга ўхшатиб, тақлид қилиб юрадиган, аммо асл мақсади амал-мансаб, молу мулкка интилишдан иборат бўлган кишиларга нисбатан ишлатилган сўз бўлса, мутассуф тариқат ва ҳақиқатда муайян манзилларни эгаллаган, бироқ сўфий даражасига кўтарила олмаган кишилардир. Қалбан сўфиёна ғояларга мойил, тасаввуфни эътиқод — маслак қилиб олган, лекин тариқат амалиётини ўтама-ган, расман сўфий бўлмаган одамлар эса мутасаввуф бўлиб ҳисобланганлар. Сўфийларнинг ўзини ҳам Ҳусайн Воиз Кошифий «Футувватномаи султоний» номли асарида уч гуруҳга ажратган: муоширлар, мутарасмлар, муҳаққиқлар. Муоширлар – тариқат аҳлининг мухлислари. Улар дарвешларга муҳаббат билан қарайдилар, дарвешлар суҳбатида иштирок этадилар, уларнинг хизматларини бажарадилар ва савобга ўзларини шерик деб биладилар. «Мутарасм» сўзининг маъноси расму русумга эргашувчи демак, аммо мутарасмлар дарвешларнинг одатларига зоҳиран тақлид қилсалар-да, ботинан ҳол талабгоридирлар ва шу тоифига ихлослари туфайли файздан баҳраманддирлар.

Муҳаққиқлар – Ҳаққа етганлар, уларни олий мартабали сўфийлар деб таърифлаш мумкин. Ҳақиқий авлиёлар, шайхи муршидлар шулар ичидан етишиб чиққан. Бу ўринда муҳаққиқ сўфийларнинг нажиб сифатлари хусусида тўхтаб ўтиш жоиз деб ҳисоблаймиз.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, чин сўфий ўзликдан ва фоний дунёлан кечган ва Ҳақ бақосида ўзлигини қайта топган зот бўлиб, суратда бандаю, маънида озод кишидир. Сурат – ташқи кўринишда банда бўлиш – жисм-танани Илоҳ тоатига бағишлаш бўлса, маънида озодлик-ботинни барча алоқалардан тозалаб, руҳни ҳур ва пок сақлаш демак. Сўфийга ҳеч бир нарса ва ҳеч бир киши қарам бўлмаслиги; унинг ўзи ҳам ҳеч бир нарсанинг ва ҳеч бир одамнинг қарами бўлмсалиги керак. Баҳоуддин Нақшбанд айтганларидай:

Ҳечи мо нею ҳечи мо кам не,
Аз пайи ҳеч-ҳечи мо ғам не,
Жанда бар пушту пушт-гўристон,
Рўзе ки мирем ҳеч мотам не.

Маъноси: Ҳеч нарсамиз бўлмаганлиги учун ҳеч камимиз йўқ, ўша «ҳеч», яъни нарса кетидан қувиб, ғам ҳам чекмаймиз. Эгнимизда – жанда, орқамизда – гўристон, биз вафот этган кун ҳеч бир мотамнинг кераги йўқ.

Сўфийнинг озодлиги деганда тасаввуф аҳли соликнинг башарий сифатлардан мутлақ қутулиши ва илоҳий фақр сифати бўлмиш пок руҳ кўринишида истиғно олами – Тангри таоло оламининг заруратлари бепоёнлигини куллан идрок этишини англаганлар. Сўфий яна «сирри соф, ақли етук, муҳаббат аҳлига дил боғлаган» (Кошифий) бўлиши, нафасидан бедардлар қалби бедор бўлмоғи керак. Сўфийлар руҳоният билан суҳбат қурадиган, кайҳону фалак асроридан мужда келтирадиган, фақрни ихтиёрий равишда бўйинга олиб, табиий ахлоқни тарк эта бориб, илоҳий ахлоқни касб этувчи, эзгулик йўлида жонини фидо қилувчидирлар, улар борлиқ ва йўқлик, замон ва макондан хориж, азалу абадни бирлаштирган мукаррам зотдирлар.

Бундай кароматли инсонларни халқ азиз-авлиё, қудсий нафасли кишилар сифатида алоҳида эъзозлаган. Бу зотлар атрофдагилар онги ва шуурига қаттиқ таъсир ўтказганлар ва маънавият султонлари бўлиб майдонга чиққанлар. Уларнинг сўзи ва ҳаракати, хислати ва ахлоқи ҳаммага ибрат қилиб кўрсатилган. Жаҳоннинг бутунлиги, ободонлик ва осойишталик Парвардигор файзини етказувчи шу табаррук зотларнинг дуоси, хайрли ишларига вобаста деб қаралган. Шу аснода авлиё-анбиёнинг меросхўри – давомчиси деган ақида шаклланган. Яъни, гарчи Пайғамбари охирзамон Муҳаммад салаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Пайғамбар келмаса-да, аммо қутби киром валилар ҳар замонда пайдо бўлиб, халқни ислом ҳақиқатларига ҳидоят этадилар, тўғри йўлга бошлайдилар. Чунончи, улуғ шоир Хусрав Деҳлавий ўз пири Низомидин Авлиёни шундай кишилардан деб таъриф этади ва «Матлаъул анвор» достонида бундай ёзади:

Нури жаҳон аз қадами авлиёст,
Жони назар дар жасади тўтиёст.

(Кўзнинг равшанлиги тўтиё вужудида бўлганидай, жаҳоннинг нури авлиё қадамидандир).

Алишер Навоий ҳам Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдураҳмон Жомийни гарчи Хусрав Деҳлавий каби пайғамбар давомчиси деб атамаса-да, лекин уларни «муршиди офоқ», «кошифи асрори Илоҳ», барча ишлардан хабардор кароматли ва пок ниятли зотлар сифатида таъриф-тавсиф этади. Масалан, Баҳоуддин Нақшбанд:

Мулки жаҳон мазраи деҳқони ул,
Балки жаҳон мулки нигаҳбони ул.
Йўқ мамоликка нигаҳбон бўлиб,
Барча салотин уза султон бўлиб…
Ҳақ сўзин элга қилурда адо,
Тенг кўруниб олида шоҳу гадо.
(«Ҳайратул аброр»дан)

Бу фақат шоирларнинг ҳаяжонли таъриф-тавсифи эмас, албатта. Буни ўрта асрлар кишисининг тафаккур тарзи ва дунёқараши ифодаси деб билмоқ керак. Сўфий ва дарвешлар ҳақиқатан ҳам катта нуфуз ва обрўга эга эдилар. Муқтадир шайхларгина эмас, қаландарлар, эшонлар, мажзуб «девоналар», оддий дарвешларни ҳам одамлар ҳурмат қилганлар. Шунинг натижаси ўлароқ,, дарвешчилик ҳаракати кенг қулоч ёйган, хонақо удумлари шаклланиб, дарвешлар алоҳида бир тоифа — табақа сифатида жамиятда муҳим ўрин эгаллаган.

Бироқ бу бирданига юзага келган ҳаракат эмас, айтиб ўтганимиздай, тасаввуф ва дарвешлик ҳаракати узоқ тадрижий тарихга эга. Олимлар тасаввуф тарихини дастлаб икки даврга ажратадилар: биринчи – зоҳидлик даври, иккинчиси – орифлик ва ошиқлик даври. Сўфийларнинг ўзини ҳам ориф сўфийлар, зоҳид сўфийлар, ринд сўфийлар, фақир сўфийлар, файласуф сўфийларга ажратиш мумкин.

Зоҳидлик даври сўфийлари (чунончи: Иброҳим Адҳам, Ҳасан Басрий, Абуҳошим Куфий ва бошқалар) тақво ва парҳезкорликни бош мақсад деб билган бўлсалар, кейинги давр сўфийлари тафаккурий-шуурий ривожланиш – яъни дунёни ва Илоҳни билиш, танишни асосий мақсад деб ҳисоблаганлар. Биринчи даврни тасаввуфнинг ибтидоий даври («аввалги давр») сифатида тилга оладилар. Орифлик даври деб атаганимиз иккинчи давр ҳам (бу IX аср ўрталаридан бошланади) бир неча босқичларга эга. Чунончи, IX–X асрлар – хонақоҳларнинг пайдо бўлиши, тариқат русумларининг шаклланиш даври. XI–XII асрлар – тасаввуф мактаблари, силсилаларнинг таркиб топиш даври. Бунда Миср, Бағдод, Басра, Бухоро, Нишопур, Термиз, Балх шаҳарлари тасаввуф ва тариқат марказлари сифатида муҳим рол ўйнаган. Натижада Миср, Хуросон, Мовароуннаҳр, Ироқ ва Туркистон мактаблари шуҳрат топган.

XIII аср охири – XIV аср бошлари тасаввуф тарихида ало-ҳида бир маҳсулдор давридир. Бу даврга келиб, тасаввуф ҳам назарий-илмий нуқтаи назардан, ҳам амалий ҳаракатчилик нуқтаи назаридан ўзининг юксак чўққисига кўтарилган эди. Тасаввуф адабиётининг гуллаши ҳам шу даврга тўғри келади. Айниқса, Нажмиддин Кубро (1145–1221), Муҳйиддин Ибн Арабий (1165–1240), Яҳъё Суҳравардий (1155–1191) сингари мутафаккир шайхлар, Фаридиддин Аттор (ваф. 1220), Аҳмад Яссавий (ваф. 1166), Жалолиддин Румий (1207–1273) каби улуғ сўфий шоирлар тасаввуф илмининг доирасини кенгайтирдилар, уни фалсафа ва ҳикмат билан бойитдилар. Агар IX–XI асрларда тавҳид асосларини чуқурлаштиришга катта эътибор берилиб, тасаввуфнинг фано ва бақо каби тушунчалари, Ҳаққа восил бўлиш майли шиддат билан тарғиб қилинган бўлса, XIII аср ўрталаридан бошлаб, тафаккурий-аҳлий йўналиш етакчилик қила бошлади. Бу фалсафий оқим тасавуф тарихида «ваҳдатул вужуд» номи билан шуҳрат топди. Сўфийлар энди коинот тузилиши, одамларнинг ҳусусиятлари, олам ва одам муносабатлари, комил инсон англамлари билан бош қотирадиган бўлдилар. Натижада Ибн Арабий ва Жалолиддин Румий каби зотларнинг асарларида бутун бир фалсафий тизим ўз ифодасини топди, улар илоҳий кашфу каромат, руҳий-психологик ҳолатлар, ботиний латифликлар билан бирга, реал инсоний ҳаёт ҳақида ҳам кўп ажойиб фикрларни баён этдилар. Шундай қилиб, тасаввуф Шарқ фикрий тараққиётидаги кўп асрлик тажрибаларни ўз ичига қамраб олиб, уни ривжлантирди, дин ва фалсафа, ҳикмат ва ваҳдат, калом ва ҳадис илмларини бирлаштирди, илоҳий илмлар билан дунёвий илмларни ўзаро боғлашга ҳаракат қилди. Натижада тасаввуф Шарқ кишисининг тафаккур тарзи ва ахлоқ нормасини белгилайдиган ҳодисага айланиб қолди.

Тасаввуф тарихига назар ташлар эканмиз, ислом динидаги мазҳаблар, қарашлар хилма-хиллиги сўфийлар ҳаёти ва дунёқарашига ҳам инчунин таъсир этиб турганини кўрамиз. Хусусан, сунний ва шиа мазҳаблари орасидаги кураш сезиларли из қолдирган. Эрон олимлари, жумладан, «Тасаввуф истилоҳлари шарҳи» (Теҳрон, 1347 ҳижрий йили) номли қомус муаллиф Сайид Содиқ Гуҳарин тасаввуфнинг пайдо бўлиши ва қарор топишида шиа мазҳаби қарашларининг таъсири борлигини таъкидлайди. Бошқа бир қатор олимлар юнон фалсафаси, қадимги зардуштийлар, ҳинд фалсафий-асотирий қарашларининг ролини кўрсатадилар. Тасаввуф амалиёти ва фалсафасида бу булоқларнинг самарали таъсири бўлиши мумкин. Бу ерда бошқа нарсани таъкидламоқ керак: биринчидан, исломий тасаввуф ўзи ўзлаштирган жамики нарсаларини ислом руҳида қайта ишлаб, шариатга мувофиқлаштирган. Иккинчидан, биз айтмоқчи бўлган фикр шуки, шиа ва сунний мазҳаблари орасидаги кураш тасаввуф силсилаларининг йўналаишларини белгилаган. Чунончи, тайфурия, суҳравардия, ҳулулия, фирдавсия каби силсилалар кўпроқ шиачиликка мойил бўлсалар, яссавия, қодирия, нақшбандия сулуклари сунний мазҳабида мустаҳкам турган тариқатлар эди. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг асосий жидду жаҳди ҳам тасаввуф ва тариқатни сунний мазҳабига мослаштириш, уни шиачиликка хос жаҳру самоълардан тозалашдан иборат бўлган. Натижада нақшбандия сунний мазҳабли аҳоли орасида чуқур ёйилган.

Аммо Нажмиддин Кубро асослаган кубравия силсиласида шиа ва сунний мазҳабидаги кишилар бирга таълим олардилар. Чунки улуғ шайхнинг ўзлари мазҳаб ва маслакларга эътибор қилмаган. Нажмиддин Кубро вафотидан кейин эса шогирдларининг бир қисми сунний тариқатига (Сайфиддин Бохарзий каби), бир қисми эса шиа асосидаги тариқатларга (Саъдиддин Ҳамавий каби) қўшилиб кетганлар.

Шу каби Жалолиддин Румий номи билан боғлиқ бўлган мавлавия мазҳаби ҳам сунний йўналишдаги тариқат бўлса-да, лекин диний ва мазҳабий айирмалар уларда у қадар аҳамиятли бўлмаган. Бугина эмас, Румий умуман динларнинг ўзини ҳам бир-биридан устун қўймай, уларни Оллоҳ сари олиб борадиган турли йўллар деб қараган.

Тасаввуф тарихи ҳақида гапирар эканмиз, ҳазрати Баҳоуд-дин Нақшбанддан кейинги даврни ҳам баҳолашимиз лозим бў-лади. XV–XVI асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросонда нақшбандия тўла тантана қилиб, гуллаган давр бўлди. Айниқса, Хожа Аҳрори Валининг амалий ва Маҳдуми Аъзам-Аҳмади Хожагоннинг илмий фаолиятлари туфайли нақшбандия мустаҳкамланди, нуфузи ошди ва Ҳиндистон, Арабистон ерларига етиб борди, Туркияга тарқалди.

Нақшбандиядан кейин тасаввуф тарихида бошқа силсила вужудга келган эмас. Эрон ва Ҳиндистонда айрим янги тариқатлар шаклланган, лекин улар шохобчалар бўлиб, тасаввуф учун янги назарий ва амалий йўналиш бермади. Умуман XV асрдан кейин тасаввуфнинг назарий-фалсафий жиҳати сўна бошлади. Маҳдуми Аъзам рисолалари нақшбандия ақидаларини шарҳлаш ва чуқурлаштиришдан иборатдир. Ҳиндистонда бир қадар тафаккурий силжиш бўлган. Жумладан, «ваҳдатуш шуҳуд», «ваҳдати мавжуд» оқимларини янги фалсафий оқимлар деб қараш мумкин. Мирзо Бедил ижодига бу қарашларнинг таъсири бор. Яъни унда барча илмларни инсон шахси билан боғлаш, инсон ва унинг руҳини тадқиқ этишга уриниши бўлган. Бироқ, барибир XV асрдан кейинги даврда илгари тўпланган тажрибани ўзлаштириш, шарҳу тафсир қилиш ва тарғиб этиш билан шуғулланилди. Шунинг учун энг тоза ва журъатли фикрларни биз IX–XIII асрларда яшаган сўфийларда учратамиз. Тасаввуфнинг классик даври ҳам шу даврдир.

Тасаввуф ғояларининг сарчашмалари устида баҳс бўлгани-дай, биринчи сўфийлар ким эди, деган саволга ҳам турли хил жавоблар мавжуд. Ҳусайн Воиз Кошифий «Футувватномаи султоний» асарида («Мерос» нашриёти, 1994) келтириладиким, биринчи сўфий Одам алайҳиссломнинг фарзандларидан бири Шиш деган киши эди. У оқ пўстин кийиб юргани учун шу номни олган. Алишер Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарида биринчи сўфий сифатида ҳазрати Пайғамбаримизнинг замондоши ва муҳиби Увайс Қараний тилга олинади. Лекин Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳотул унс» асарида биринчи марта эл орасида сўфий лақаби билан шуҳрат қозонган киши Абуҳошим Куфий эканлиги айтилган. Уни Абуҳошим Ас сўфий Ал Куфий ҳам дейдилар. Жомийнинг ёзишича, Абуҳошим Сўфёни Саврий деган бошқа бир атоқли дарвеш билан замондош бўлган экан. Сўфёни Саврий ҳижрий 191 (милодий 807) йилда оламдан ўт-ган. Абуҳошим эса Гуҳариннинг маълумотига қараганда, 788 йилда вафот этган («Шарҳи истилоҳоти тасаввуф», I жилд. Му-қаддима, 55-бет). Сўфёни Саврий дейди: «Мен Абуҳошимни кўрганимга қадар сўфий нима эканини билмас эдим ва унгача ҳам зуҳд ва муомала ва вараъда, таваккул тариқи ва муҳаббат тариқида собит бузургворлар бор эдилар, лекин аввал киши-ким уни сўфий деб атадилар ул эди ва унгача бирор кишини бу ном билан атамаган эдилар» («Нафаҳотул унс», Тошканд, 1913, 27-бет).

«Абуҳошим насроний роҳиблар каби узун жун кийим кийиб юрар ва ҳамиша тақво билан кун ўтказарди» (Гуҳарин, кўрсатилган асар, 53-бет). Сайид Содиқ Гуҳарин бундан ташқари Жобир бин Ҳаён (822 йилда фавот этган) ва Абдак Сўфий (821 йилда вафот этган)ларни ҳам дастлабки сўфийлар сифатида тилга олади. Шуни ҳам қайд этиш керакки, тасаввуф аҳли Чор ёри узом ва Расулуллоҳнинг яқин саҳобаларидан Салмон Форсий ҳамда Имом Жаъфар Содиқни сўфийлик ва валийлик хислати кўринган улуғ инсонлар сифатида эҳтиром билан тилга оладилар. Мазкур зотлар инчунин жувонмардларнинг пирлари сифатида ҳам зикр этилади. Бежиз эмаски, кўп сўфийлар ўз шажараларини шу уч зоти шарафга ёхуд уларнинг бирови воситасида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бориб боғлайдилар. Чунончи, «Назмус силсила» асари муаллифи Васлий Самарқандий (XIX аср охири ХХ аср бошларида яшаб ижод этган) ургутлик Эшони Валихон силсиласини ёзар экан, ул кишининг сўфийлик нисбатини қуйидагича белгилаб чиқади: ҳазарти Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳуга, ул кишидан Салмон Форсийга, ул жанобдан Имом Жаъфари Қосим разийаллоҳу анҳуга, ул жанобдан Имом Жаъфар Содиқга, ул жанобдан Султон Абуязид Бистомийга, ул жанобдан Абулҳасан Харақонийга, ул жанобдан Хожа Али Формадийга, ул жанобдан Хожа Юсуф Ҳамадонийга, ул жанобдан Хожа Ориф Ревгарийга, ул жанобдан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга, ул жанобдан Хожа Али Рометанийга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Бобойи Самосийга, ул жанобдан Сайид Амир Кулолга, ул Жанобдан Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Алоуддин Атторга, ул жанобдан Яъқуби Чархийга, ул жанобдан Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валига, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Зоҳидга, ул жанобдан Хожа Дарвешга, ул жанобдан Хожа Амкангийга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Боқийбиллоҳга, ул жанобдан Хожа Аҳмад Форуқ – Имом Раббонийга, ул жанобдан Хожа Муҳам-мад Саидга, ул жанобдан Хожа Абдулаҳадга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Обидга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Мусохонга, ул жанобдан Хожа Муҳаммад Сиддиқга, ул жанобдан Мавлоно Ҳусайнга, ул жанобдан Мавлоно Мирмуҳаммад Иброҳимга, ул жанобдан ҳазрати Эшон Хожа Валихонга сўфийлик нисбати ўтиб келган. Демак, нақшбандия силсиласи Салмон Форсий ва Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳумалар орақли Пайғамбаримизга олиб бориб уланган.

Шу зайлда, тасаввуф тарихи ислом тарихи билан бирга ривожланиб, ислом маданияти ва маърифатига ўлкан ҳисса бўлиб қушилди. Агар дастлабки пайтларда Куфа, Басра ва Бағдод шаҳарларида саноқли даражада зоҳид суфийлар яшаган бўлса, бора-бора мусулмон оламида шайху машойихлар, сўфий дарвешлар, қаландарларнинг сони кўпайди, юқорида айтганимиздай бу ўзига хос бир ҳаракатга айланди. Биригина Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳотул унс минал ҳазаротул қудс» номли китобида 664 та шайху сўфийнинг номи зикр этилади. Бу XV асргача яшаб ўтган атоқли сўфийлар тазкираси, ваҳоланки улардан кўпларининг номи Жомий китобида зикр эитлмаган, Навоий уларнинг бир қисмини «Насойимул муҳаббат» асарига киритган. Шулардан юздан ортиқроғи Туронзаминда етишиб чиққан бузургворлар ҳисобланади. XV асрдан кейин ҳам яна қанча азизу авлиё яшаб ўтганлар.

Тасаввуф тарихи ҳақида қисқача нигоришимиз (обзор) ниҳоясига етар экан, яна бир нуқтани таъкидламоқчимиз: Тасаввуфда турли йўналишлар, яъни зоҳидона тасаввуф, орифона тасаввуф, ошиқона ва риндона тасаввуф оқимлари бўлгани каби сўфийлар ҳам турли қарашларга эга бўлган ҳар хил табиатли кишилар эдилар. Улар орасида зоҳидлар, мўътадил орифлар, исёнкор ошиқлар, мажзуб девоналар, дарбадар қаландарлар, донишманд файласуфларни кўрамиз.

«Мавлоно Жалолиддин, унинг ҳаёти, фалсафаси, асарлари» номли китоб муаллифи, туркиялик олим Абдулбоқий Гўпёнарли сўфийларнинг саккиз тоифасини ажратиб кўрсатади. Чунончи:

1. Ҳаёт ва дунё лаззатларига қаттиқ боғланган сўфийлар. Улар гуноҳу савоб, исён ва ахборни арзимас, ортиқча деб биладилар. Шаръий амрлар жамият интизоми учундир, бизга у тааллуқли эмас, биз завқу ҳол кишиларимиз, тақводан халосмиз деб ўйлайдилар.

2. Коинотни Парвардигор зоти олами тажаллисининг сурати деб биладиган сўфийлар. Улар дунёни нақш ва ранглардан деб билиб, бутун оламни эса Парвардигорнинг зотидан иборат деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, Мутлақ Илоҳ дунё суратида тажаллий этибдур ва моҳият Унинг ўзидир. Ошиқ ва Маъшуқ ҳам Удир, демак, ҳақиқий қибла ҳам Унинг Ўзидир.

3. Ҳамма нарсани Мутлоқ Илоҳ тажаллиси деб билиб, Исога ўхшаб фикр юритадиган ва ўнг юзингга шапатиласалар, чап юзингни ҳам тут, деган ақидани олға сурадиганлар. Улар зулмга эътироз билдирмайдилар, аммо мазлумларга иложи борича илтифот кўрсатадилар. Улар учун дунё ва унинг ишлари маънисиз, арзимас, инсон бурчини Илоҳни танишдан иборат деб биладилар.

4. Фалсафани, ақлни рад этувчи сўфийлар. Улар хаёл оламига ғарқ бўлиб, лоҳут оламидан сўз айтадилар, ўтмишдан ва келажакдан каромат қиладилар. «Ер юзидан хабарлари йўқ, аммо осмонни қадамлаб кезиб чиққандай гапирадилар. Оёқлари остидаги қудуқни билмайдилар, лекин сайёралар сайрию самовий ажойиботлардан сўзлайдилар» (Гўпёнарли, ўша китоб, 292-бет).

5. Ўз тасарруфларида фалсафа ва ҳикматни рад этмоқчи бўлган, лекин аслида сўфиёна ақидаларни фалсафий мушоҳадалар билан синовдан ўтказган, омухта этган сўфийлар. Булар орада қолганликлари учун шариат аҳли томонидан ҳам, тариқат аҳли томонидан ҳам маломатга учраганлар.

6. Тасаввуфнинг нозик ҳақиқатлари, фалсафа ва ҳикмат билан можароларини сезган ҳолда, аммо шариатдан кўнгил узолмайдиган сўфийлар. Улар тариқат одобини шариат аҳкомига сингдириб юборишга интиладилар ва тавҳид илмида мутаассиблар билан бир хил эътиқодда бўлишга уринадилар.

7. Шундай сўфийлар ҳам бўлганки, ўзларини замон Пайғамбари, кўкдан тушган Маҳди деб эълон қилганлар. Замона охир бўлгани, охират ва дунё бирлашгани ҳақида хабар берадилар, ўзларини Оллоҳ зотининг ердаги кўриниши, Буюк адолат даврининг асосчиси деб таништирадилар. Бундай уринишлар тарихида қонли фожеалар билан тугаган.

8. Аросатда, зиддиятлар ичида қолган сўфийнамо кишилар ҳам бўлган. Улар на тоза мусулмон, на бутунлай ғайри иймондирлар. Дардлари ичларида, ёниб, қийналиб юрадилар. Бирор динга ёки мазҳабга боғланмайдилар. Аммо уларнинг ботиний олами ниҳоятда бой. Улар зоҳирларини беркитиб сир сақлаб юрадилар. Уларнинг аъмоли ва сўзларига диққат қилсангиз, зиддиятни кўрасиз. Барча ҳолларда Оллоҳга бандаликни бажо келтирадилар ва айни ҳолда сурату сийратлар, расму русумларни писанд қилмайдилар, ахлоқу илмлари билан барчадан устунликларини намоён этадилар, заковат ва қобилиятлари ҳайратланарлидир…

Китобнинг бошқа бўлимлари:
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 2.Тариқат
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 3. Сўфий психологияси ёки ҳол
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 4. Маърифат ва ҳақиқат
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 5. Тасаввуф онтологияси ва гносеологияси
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 6. Марказий Осиё тариқатлари
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 7. Комил инсон
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 8. Ваҳдатул вужуд ва ваҳдатуш шуҳуд
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 9. Тасаввуф ва калом илми

5 oktyabr — tasavvufshunos olim, professor, ustoz Najmiddin Komilov tug’ilgan kun

O’zbek tafakkuri, ilmu fani, xususan faqat mustaqillikdan keyingina shakllana boshlagan zamonaviy tasavvufshunoslik ilmining asoschilaridan biri Najmiddin Komilov eng avvalo,ismi ruhiyati, dunyoqarashiga mos komil inson edi.Uning inson kamolati haqidagi tushunchalari faqat qog’ozda emas, qalamining har qoralamasida, davrada yoki kafedra aytilgan har bir so’zida hayot va tafakkur hikmatlari namoyon bo’lar, Aziziddin Nasafiy komil insonga ta’rif berib yozgan to’rt narsa: yaxshi fe’l, yaxshi axloq va maorif Najmiddin akaning suratida ham,siyratida ham mujassam edi.

Hazrat Alisher Navoiy tili bilan aytganda:

Foniyvasheki, ham so’zidur pok, ham o’zi.
Xush davlat ul kishigaki, tushgay aning ko’zi.

Mo»tabar kitoblarning birida bitilganidek, ”Mavtul olimi mavtul olami”,ya’ni olimning o’limi olamning o’limidir. Bu hikmatdan ko’zlangan ma’no Najmiddin akaning insoniy hayoti va olimlik faoliyati o’ziga xos takrorlanmas va bebaho olam edi, ayni shu sababdan uning o’limi nafaqat o’zbek, balki Sharq tafakkur taraqqiyoti uchun og’ir yo’qotish bo’ldi.

Bundan chorak asr avval Shayx Najmiddin Kubroga bag’ishlangan “Shahidlar shohi yoxud Shayx Kubro tushlari” kitobimni yoza boshlaganimda Najmiddin aka maslahatlari va yo’l-yo’riqlarini ayamadi.

Najmiddin aka universitetda menga saboq bergan domullam edi.Najmiddin aka bu hayotda kamdan-kam odamni ustoz deb tan oladigan o’jar tabiatli shoirlarning, shu jumladan mening ma’naviy ustozim edi. Garchi men shu paytgacha biron marta Najmiddin akaga qarata “Ustoz” deb murojaat qilmagan bo’lsam-da,yuragimning tub-tubida bu insonga nisbatan asl ustoz va muallimlargagina doxil ehtirom yashirin edi.

Ustozimizni Olloh rahmatiga olgan bo’lsin!

Xurshid DAVRON
O’zbekiston xalq shoiri

NAJMIDDIN KOMILOV
TASAVVUF
02

TARIX VA TA’RIF

Tasavvuf Sharq ma’naviyati tarixida muhim o’rin egallab kelgan tadrijiy taraqqiyotga ega bir ta’limot bo’lib, islom olamida VIII asrning o’rtalarida paydo bo’lgan. Dastlab u zohidlik harakati ko’rinishida kurtak yoyadi. Gap shundaki, hazrati Muhammad Mustafo sallallohu alayhi vasallam vafotlaridan keyin musulmonlar jamoasi ichida bo’linish yuz beradi, ayniqsa, xalifa Usmon razyallohu anhu zamonlarida boylikka ruju qo’yish, qimmatbaho tuhfalar bilan qarindosh-urug’lar, yaqin do’st-birodarlarni siylash rasm bo’ladi. Ummaviya xalifaligi davriga kelib esa, saroy hashamlari, dabdabali bezaklar, oltin-kumushga berilish, xazina to’plash avj oldi. Ya’ni diniy mashg’ulotlar, Xudo yo’lidagi toat-ibodat o’rnini dunyoviy ishlar, dunyo moliga muhabbat egallay boshladi. Bu hol diniy amrlarni ado etishni har qanday dunyoviy ishlar, boyliklardan ustun qo’ygan e’tiqodli kishilarning noroziligiga sabab bo’ldi. Ular orasida hadis to’plovchi muhaddislar, ilgaridan qashshoq bo’lib, uy-joy, mol-mulkka e’tibor qilmagan sahobalar ham bor edi. Bularning bir qismi dinni himoya qilib, ochiq kurashga otlangan bo’lsalar, ikkinchi qismi esa, qanoat va zuhdni («zuhd» so’zidan «zohid» so’zi kelib chiqqan) asosiy maqsad qilib olib, saroy ahli va sarvatdorlar, boylar axloqiga qarshi norozilik belgisi sifatida tarkidunyochilik g’oyasini targ’ib etib, ijtimoiy faoliyatdan butunlay chetlashganlar, surunkali
toat-ibodat bilan shug’ullanganlar.

Kufa, Bag’dod, Basra shaharlarida tarkidunyo qilgan zohid-lar ko’p edi, aytish kerakki, ularning obro’-e’tibori ham xalq orasida katta bo’lgan. Chunonchi, Uvays Qaraniy (VII asr), Hasan Basriy (642–728) kabi yirik so’fiylar aslida zohid kishilar edilar, shuning uchun bu zotlarning nomi shayxlar va so’fiylar haqidagi tazkiralarda zohid sifatida tilga olinadi, ba’zi mualliflar esa ularni so’fiylar qatoriga qo’shmaganlar ham.

Buning boisi shuki, zohidlar uzlat va taqvoni pesha etgan bo’lishlariga qaramay, ishq va irfon (ilohiy ma’rifat)dan bexabar kishilar edilar. Ular falsafiy mushohadakorlik, ajzu irodat bilan ma’naviy-axloqiy kamolot sari intilish, valilik,  karomat-mo»jizalar ko’rsatish kabi xislatlarga ega emasdilar. Zohidlarning niyati ibodat bilan oxirat mag’firatini qozonish, Qur’oni Karimda va’da qilingan jannatning huzur-halovatiga yetishish edi. So’fiylar nazarida esa jannat umidida toat-ibodat qilish hamtama’ning bir ko’rinishidir. Holbuki, so’fiy uchun na dunyodan va na oxiratdan tama’ bo’lmasligi kerak. Yagona istak bu – Xudoning diydoridir, xolos.

Mashhur so’fiy ayol Robiya Adviya (714–801) Allohga munojotlarida nola qilib aytar ekan: «Ey Parvardigorim, ey Yori aziz, agar jannating tama’ida toat qiladigan bo’lsam, jannatingdan benasib et, agar do’zaxingdan qo’rqib ibodat qiladigan bo’lsam, meni do’zax o’tida kuydir – ming-ming roziman! Ammo agar Sening jamolingni deb tunlarni bedor o’tkazar ekanman, yolvoraman, meni jamolingdan mahrum etma!»

Alloh taologa quruq, ko’r-ko’rona mute’likning hojati yo’q. Xudo g’azabidan qo’rqibgina amri ma’rufni bajarish sadoqat belgisi emas, balki riyodir. Shuning uchun so’fiylar: Allohni jon-dildan sevish, Uning zoti va sifatlarini tanish va bilish, ko’ngilni nafsu hirs g’uboridan poklab, botiniy musaffo bir holatda Iloh vasliga yetishish va bundan lazzatlanish g’oyasini keng targ’ib qildilar. Inson ruhi ilohiydir va, demak, asosiy maqsad – ilohiy olamga borib qo’shilmoqdir, dedilar.

Shu tariqa, dunyodan ko’ngil uzgan, ammo zohidlarga o’xshamaydigan, «bir nazar bilan tuproqni kimyo etadigan» (Hofiz Sheroziy) zehnu zakovat, aqlu farosatda tengsiz, ammo o’zga mutafakkirlar, faylasuflardan ajralib turadigan, shariat ilmini suv qilib ichgan, toatu ibodatda mustahkam, lekin oddiy dindorlardan farqlanadigan ajoyib xislatli odamlar toifasi paydo bo’lgan ediki, ularni ruh kishilari deb atardilar. Bunday odamlarning fe’l-atvori, yurish-turishi, xoriqulodda (odatdan tashqari) so’zlari va ishlari atrofdagilarni hayratga solar, ba’zilarining g’aybdan bashorat beruvchi kamromatlari, sirli mo»jizalari aqllarni lol qoldirardi. Ularni ahlulloh, avliyo, ahli hol, ahli botin, arbobi tariqat, darvesh, qalandar, faqir degan nomlar bilan tilga olardilar. Ammo bu toifaga nisbatan ko’proq «so’fiy» nomi qo’llanilgan, chunki ushbu so’zning ma’nosi ancha keng bo’lib, boshqa tushuncha va atamalarni o’z ichiga sig’dirardi.

Xo’sh, «so’fiy» so’zi qaerdan paydo bo’lgan? Bu haqda bir necha xil qarashlar bor. Ba’zilar bu so’z «saf» so’zidan kelib chiqqan deydilar, chunki so’fiy Iloh yo’liga kirganlarning birinchi safida turuvchidir. Ba’zi olimlar uni «suffa» so’zidan hosil bo’lgan deb aytadilar: as’hobi suffa hazrati Payg’ambar sallallohu alayhi vasallam hayotliklaridayoq tarki dunyo qilgan taqvo-dor kishilar bo’lib, so’fiylar shularga taqlid qiladilar, deb tushuntiradilar. Yana bir guruh olimlar so’fiy so’zi «safo» so’-zidan kelib chiqqan, chunki bu toifaning qalbi sidqu safo oftobiday porlab turadi, deganlar. Yana ba’zilar so’fiy «sufuh» so’zidan yasalgan, sufuh – biror bir narsaning xulosasidir, bu jamoa xalqning xulosasi bo’lganligi sababli ularni so’fiy deganlar, deb
yozadilar. So’fiy so’zi «sof» so’zidan chiqqan deguvchilar ham bor. Abu Rayhon Beruniy bo’lsa «suf», ya’ni faylasuf so’zining oxirgi qismidan yasalgan deb ko’rsatadi. Ammo ko’pchilik so’fiy so’zi arabcha «so’f» so’zidan hosil bo’lgan, degan fikrni bildiradilar. «So’f» so’zining lug’aviy ma’nosi jun va jundan to’qilgan matodir. So’fiylar ko’p hollarda jun chakmon yoki qo’y terisidan tikilgan po’stin kiyib yurishni odat qilganlari uchun ularni jun kiyimlilar (forschasi pashminapo’sh), ya’ni so’fiy deb yuritganlar. Bizningcha, shu keyingi e’timologik ma’no haqiqatga yaqinroqdir, zero, so’fiy so’zining «so’f» so’zidan yasalishi arab tili qonun-qoidalariga mos keladi.

Agar «so’f» so’zidan so’fiy yasalgan bo’lsa, o’z navbatida, «so’-fiy»dan, «tasavvuf», «mustasuf», «mutassuf», «mutasavvuf» so’zlari hosil bo’lgan. Mustasuf o’zini so’fiylarga o’xshatib, taqlid qilib yuradigan, ammo asl maqsadi amal-mansab, molu mulkka intilishdan iborat bo’lgan kishilarga nisbatan ishlatilgan so’z bo’lsa, mutassuf tariqat va haqiqatda muayyan manzillarni egallagan, biroq so’fiy darajasiga ko’tarila olmagan kishilardir. Qalban so’fiyona g’oyalarga moyil, tasavvufni e’tiqod — maslak qilib olgan, lekin tariqat amaliyotini o’tama-gan, rasman so’fiy bo’lmagan odamlar esa mutasavvuf bo’lib hisoblanganlar. So’fiylarning o’zini ham Husayn Voiz Koshifiy «Futuvvatnomai sultoniy» nomli asarida uch guruhga ajratgan: muoshirlar, mutarasmlar, muhaqqiqlar. Muoshirlar – tariqat ahlining muxlislari. Ular darveshlarga muhabbat bilan qaraydilar, darveshlar suhbatida ishtirok etadilar, ularning xizmatlarini bajaradilar va savobga o’zlarini sherik deb biladilar. «Mutarasm» so’zining ma’nosi rasmu rusumga ergashuvchi demak, ammo mutarasmlar darveshlarning odatlariga zohiran taqlid qilsalar-da, botinan hol talabgoridirlar va shu toifiga ixloslari tufayli fayzdan bahramanddirlar.

Muhaqqiqlar – Haqqa yetganlar, ularni oliy martabali so’fiylar deb ta’riflash mumkin. Haqiqiy avliyolar, shayxi murshidlar shular ichidan yetishib chiqqan. Bu o’rinda muhaqqiq so’fiylarning najib sifatlari xususida to’xtab o’tish joiz deb hisoblaymiz.

Avvalo, shuni ta’kidlash kerakki, chin so’fiy o’zlikdan va foniy dunyolan kechgan va Haq baqosida o’zligini qayta topgan zot bo’lib, suratda bandayu, ma’nida ozod kishidir. Surat – tashqi ko’rinishda banda bo’lish – jism-tanani Iloh toatiga bag’ishlash bo’lsa, ma’nida ozodlik-botinni barcha aloqalardan tozalab, ruhni hur va pok saqlash demak. So’fiyga hech bir narsa va hech bir kishi qaram bo’lmasligi; uning o’zi ham hech bir narsaning va hech bir odamning qarami bo’lmsaligi kerak. Bahouddin Naqshband aytganlariday:

Hechi mo neyu hechi mo kam ne,
Az payi hech-hechi mo g’am ne,
Janda bar pushtu pusht-go’riston,
Ro’ze ki mirem hech motam ne.

Ma’nosi: Hech narsamiz bo’lmaganligi uchun hech kamimiz yo’q, o’sha «hech», ya’ni narsa ketidan quvib, g’am ham chekmaymiz. Egnimizda – janda, orqamizda – go’riston, biz vafot etgan kun hech bir motamning keragi yo’q.

So’fiyning ozodligi deganda tasavvuf ahli solikning bashariy sifatlardan mutlaq qutulishi va ilohiy faqr sifati bo’lmish pok ruh ko’rinishida istig’no olami – Tangri taolo olamining zaruratlari bepoyonligini kullan idrok etishini anglaganlar. So’fiy yana «sirri sof, aqli yetuk, muhabbat ahliga dil bog’lagan» (Koshifiy) bo’lishi, nafasidan bedardlar qalbi bedor bo’lmog’i kerak. So’fiylar ruhoniyat bilan suhbat quradigan, kayhonu falak asroridan mujda keltiradigan, faqrni ixtiyoriy ravishda bo’yinga olib, tabiiy axloqni tark eta borib, ilohiy axloqni kasb etuvchi, ezgulik yo’lida jonini fido qiluvchidirlar, ular borliq va yo’qlik, zamon va makondan xorij, azalu abadni birlashtirgan mukarram zotdirlar.

Bunday karomatli insonlarni xalq aziz-avliyo, qudsiy nafasli kishilar sifatida alohida e’zozlagan. Bu zotlar atrofdagilar ongi va shuuriga qattiq ta’sir o’tkazganlar va ma’naviyat sultonlari bo’lib maydonga chiqqanlar. Ularning so’zi va harakati, xislati va axloqi hammaga ibrat qilib ko’rsatilgan. Jahonning butunligi, obodonlik va osoyishtalik Parvardigor fayzini yetkazuvchi shu tabarruk zotlarning duosi, xayrli ishlariga vobasta deb qaralgan. Shu asnoda avliyo-anbiyoning merosxo’ri – davomchisi degan aqida shakllangan. Ya’ni, garchi Payg’ambari oxirzamon Muhammad salallohu alayhi vasallamdan keyin Payg’ambar kelmasa-da, ammo qutbi kirom valilar har zamonda paydo bo’lib, xalqni islom haqiqatlariga hidoyat etadilar, to’g’ri yo’lga boshlaydilar. Chunonchi, ulug’ shoir Xusrav Dehlaviy o’z piri Nizomidin Avliyoni shunday kishilardan deb ta’rif etadi va «Matla’ul anvor» dostonida bunday yozadi:

Nuri jahon az qadami avliyost,
Joni nazar dar jasadi to’tiyost.

(Ko’zning ravshanligi to’tiyo vujudida bo’lganiday, jahonning nuri avliyo qadamidandir).

Alisher Navoiy ham Bahouddin Naqshband va Abdurahmon Jomiyni garchi Xusrav Dehlaviy kabi payg’ambar davomchisi deb atamasa-da, lekin ularni «murshidi ofoq», «koshifi asrori Iloh», barcha ishlardan xabardor karomatli va pok niyatli zotlar sifatida ta’rif-tavsif etadi. Masalan, Bahouddin Naqshband:

Mulki jahon mazrai dehqoni ul,
Balki jahon mulki nigahboni ul.
Yo’q mamolikka nigahbon bo’lib,
Barcha salotin uza sulton bo’lib…
Haq so’zin elga qilurda ado,
Teng ko’runib olida shohu gado.
(«Hayratul abror»dan)

Bu faqat shoirlarning hayajonli ta’rif-tavsifi emas, albatta. Buni o’rta asrlar kishisining tafakkur tarzi va dunyoqarashi ifodasi deb bilmoq kerak. So’fiy va darveshlar haqiqatan ham katta nufuz va obro’ga ega edilar. Muqtadir shayxlargina emas, qalandarlar, eshonlar, majzub «devonalar», oddiy darveshlarni ham odamlar hurmat qilganlar. Shuning natijasi o’laroq,, darveshchilik harakati keng quloch yoygan, xonaqo udumlari shakllanib, darveshlar alohida bir toifa — tabaqa sifatida jamiyatda muhim o’rin egallagan. Biroq bu birdaniga yuzaga kelgan harakat emas, aytib o’tganimizday, tasavvuf va darveshlik harakati uzoq tadrijiy tarixga ega. Olimlar tasavvuf tarixini dastlab ikki davrga ajratadilar: birinchi – zohidlik davri, ikkinchisi – oriflik va oshiqlik davri. So’fiylarning o’zini ham orif so’fiylar, zohid so’fiylar, rind so’fiylar, faqir so’fiylar, faylasuf so’fiylarga ajratish mumkin.

Zohidlik davri so’fiylari (chunonchi: Ibrohim Adham, Hasan Basriy, Abuhoshim Kufiy va boshqalar) taqvo va parhezkorlikni bosh maqsad deb bilgan bo’lsalar, keyingi davr so’fiylari tafakkuriy-shuuriy rivojlanish – ya’ni dunyoni va Ilohni bilish, tanishni asosiy maqsad deb hisoblaganlar. Birinchi davrni tasavvufning ibtidoiy davri («avvalgi davr») sifatida tilga oladilar. Oriflik davri deb ataganimiz ikkinchi davr ham (bu IX asr o’rtalaridan boshlanadi) bir necha bosqichlarga ega. Chunonchi, IX–X asrlar – xonaqohlarning paydo bo’lishi, tariqat rusumlarining shakllanish davri. XI–XII asrlar – tasavvuf maktablari, silsilalarning tarkib topish davri. Bunda Misr, Bag’dod, Basra, Buxoro, Nishopur, Termiz, Balx shaharlari tasavvuf va tariqat markazlari sifatida muhim rol o’ynagan. Natijada Misr, Xuroson, Movarounnahr, Iroq va Turkiston maktablari shuhrat topgan.

XIII asr oxiri – XIV asr boshlari tasavvuf tarixida alo-hida bir mahsuldor davridir. Bu davrga kelib, tasavvuf ham nazariy-ilmiy nuqtai nazardan, ham amaliy harakatchilik nuqtai nazaridan o’zining yuksak cho’qqisiga ko’tarilgan edi. Tasavvuf adabiyotining gullashi ham shu davrga to’g’ri keladi. Ayniqsa, Najmiddin Kubro (1145–1221), Muhyiddin Ibn Arabiy (1165–1240), Yah’yo Suhravardiy (1155–1191) singari mutafakkir shayxlar, Farididdin Attor (vaf. 1220), Ahmad Yassaviy (vaf. 1166), Jaloliddin Rumiy (1207–1273) kabi ulug’ so’fiy shoirlar tasavvuf ilmining doirasini kengaytirdilar, uni falsafa va hikmat bilan boyitdilar. Agar IX–XI asrlarda tavhid asoslarini chuqurlashtirishga katta e’tibor berilib, tasavvufning fano va baqo kabi tushunchalari, Haqqa vosil bo’lish mayli shiddat bilan targ’ib qilingan bo’lsa, XIII asr o’rtalaridan boshlab, tafakkuriy-ahliy yo’nalish yetakchilik qila boshladi. Bu falsafiy oqim tasavuf tarixida «vahdatul vujud» nomi bilan shuhrat topdi. So’fiylar endi koinot tuzilishi, odamlarning hususiyatlari, olam va odam munosabatlari, komil inson anglamlari bilan bosh qotiradigan bo’ldilar. Natijada Ibn Arabiy va Jaloliddin Rumiy kabi zotlarning asarlarida butun bir falsafiy tizim o’z ifodasini topdi, ular ilohiy kashfu karomat, ruhiy-psixologik holatlar, botiniy latifliklar bilan birga, real insoniy hayot haqida ham ko’p ajoyib fikrlarni bayon etdilar. Shunday qilib, tasavvuf Sharq fikriy taraqqiyotidagi ko’p asrlik tajribalarni o’z ichiga qamrab olib, uni rivjlantirdi, din va falsafa, hikmat va vahdat, kalom va hadis ilmlarini birlashtirdi, ilohiy ilmlar bilan dunyoviy ilmlarni o’zaro bog’lashga harakat qildi. Natijada tasavvuf Sharq kishisining tafakkur tarzi va axloq normasini belgilaydigan hodisaga aylanib qoldi.

Tasavvuf tarixiga nazar tashlar ekanmiz, islom dinidagi mazhablar, qarashlar xilma-xilligi so’fiylar hayoti va dunyoqarashiga ham inchunin ta’sir etib turganini ko’ramiz. Xususan, sunniy va shia mazhablari orasidagi kurash sezilarli iz qoldirgan. Eron olimlari, jumladan, «Tasavvuf istilohlari sharhi» (Tehron, 1347 hijriy yili) nomli qomus muallif Sayid Sodiq Guharin tasavvufning paydo bo’lishi va qaror topishida shia mazhabi qarashlarining ta’siri borligini ta’kidlaydi. Boshqa bir qator olimlar yunon falsafasi, qadimgi zardushtiylar, hind falsafiy-asotiriy qarashlarining rolini ko’rsatadilar. Tasavvuf amaliyoti va falsafasida bu buloqlarning samarali ta’siri bo’lishi mumkin. Bu yerda boshqa narsani ta’kidlamoq kerak: birinchidan, islomiy tasavvuf o’zi o’zlashtirgan jamiki narsalarini islom ruhida qayta ishlab, shariatga muvofiqlashtirgan.


Ikkinchidan, biz aytmoqchi bo’lgan fikr shuki, shia va sunniy mazhablari orasidagi kurash tasavvuf silsilalarining yo’nalaishlarini belgilagan. Chunonchi, tayfuriya, suhravardiya, hululiya, firdavsiya kabi silsilalar ko’proq shiachilikka moyil bo’lsalar, yassaviya, qodiriya, naqshbandiya suluklari sunniy mazhabida mustahkam turgan tariqatlar edi. Hazrati Bahouddin Naqshbandning asosiy jiddu jahdi ham tasavvuf va tariqatni sunniy mazhabiga moslashtirish, uni shiachilikka xos jahru samo’lardan tozalashdan iborat bo’lgan. Natijada naqshbandiya sunniy mazhabli aholi orasida chuqur yoyilgan.

Ammo Najmiddin Kubro asoslagan kubraviya silsilasida shia va sunniy mazhabidagi kishilar birga ta’lim olardilar. Chunki ulug’ shayxning o’zlari mazhab va maslaklarga e’tibor qilmagan. Najmiddin Kubro vafotidan keyin esa shogirdlarining bir qismi sunniy tariqatiga (Sayfiddin Boxarziy kabi), bir qismi esa shia asosidagi tariqatlarga (Sa’diddin Hamaviy kabi) qo’shilib ketganlar.

Shu kabi Jaloliddin Rumiy nomi bilan bog’liq bo’lgan mavlaviya mazhabi ham sunniy yo’nalishdagi tariqat bo’lsa-da, lekin diniy va mazhabiy ayirmalar ularda u qadar ahamiyatli bo’lmagan. Bugina emas, Rumiy umuman dinlarning o’zini ham bir-biridan ustun qo’ymay, ularni Olloh sari olib boradigan turli yo’llar deb qaragan.

Tasavvuf tarixi haqida gapirar ekanmiz, hazrati Bahoud-din Naqshbanddan keyingi davrni ham baholashimiz lozim bo’-ladi. XV–XVI asrlar Movarounnahr va Xurosonda naqshbandiya to’la tantana qilib, gullagan davr bo’ldi. Ayniqsa, Xoja Ahrori Valining amaliy va Mahdumi A’zam-Ahmadi Xojagonning ilmiy faoliyatlari tufayli naqshbandiya mustahkamlandi, nufuzi oshdi va Hindiston, Arabiston yerlariga yetib bordi, Turkiyaga tarqaldi.

Naqshbandiyadan keyin tasavvuf tarixida boshqa silsila vujudga kelgan emas. Eron va Hindistonda ayrim yangi tariqatlar shakllangan, lekin ular shoxobchalar bo’lib, tasavvuf uchun yangi nazariy va amaliy yo’nalish bermadi. Umuman XV asrdan keyin tasavvufning nazariy-falsafiy jihati so’na boshladi. Mahdumi A’zam risolalari naqshbandiya aqidalarini sharhlash va chuqurlashtirishdan iboratdir. Hindistonda bir qadar tafakkuriy siljish bo’lgan. Jumladan, «vahdatush shuhud», «vahdati mavjud» oqimlarini yangi falsafiy oqimlar deb qarash mumkin. Mirzo Bedil ijodiga bu qarashlarning ta’siri bor. Ya’ni unda barcha ilmlarni inson shaxsi bilan bog’lash, inson va uning ruhini tadqiq etishga urinishi bo’lgan. Biroq, baribir XV asrdan keyingi davrda ilgari to’plangan tajribani o’zlashtirish, sharhu tafsir qilish va targ’ib etish bilan shug’ullanildi. Shuning uchun eng toza va jur’atli fikrlarni biz IX–XIII asrlarda yashagan so’fiylarda uchratamiz. Tasavvufning klassik davri ham shu davrdir.

Tasavvuf g’oyalarining sarchashmalari ustida bahs bo’lgani-day, birinchi so’fiylar kim edi, degan savolga ham turli xil javoblar mavjud. Husayn Voiz Koshifiy «Futuvvatnomai sultoniy» asarida («Meros» nashriyoti, 1994) keltiriladikim, birinchi so’fiy Odam alayhisslomning farzandlaridan biri Shish degan kishi edi. U oq po’stin kiyib yurgani uchun shu nomni olgan. Alisher Navoiyning «Nasoyimul muhabbat» asarida birinchi so’fiy sifatida hazrati Payg’ambarimizning zamondoshi va muhibi Uvays Qaraniy tilga olinadi. Lekin Abdurahmon Jomiyning «Nafahotul uns» asarida birinchi marta el orasida so’fiy laqabi bilan shuhrat qozongan kishi Abuhoshim Kufiy ekanligi aytilgan. Uni Abuhoshim As so’fiy Al Kufiy ham deydilar. Jomiyning yozishicha, Abuhoshim So’fyoni Savriy degan boshqa bir atoqli darvesh bilan zamondosh bo’lgan ekan. So’fyoni Savriy hijriy 191 (milodiy 807) yilda olamdan o’t-gan. Abuhoshim esa Guharinning ma’lumotiga qaraganda, 788 yilda vafot etgan («Sharhi istilohoti tasavvuf», I jild. Mu-qaddima, 55-bet). So’fyoni Savriy deydi: «Men Abuhoshimni ko’rganimga qadar so’fiy nima ekanini bilmas edim va ungacha ham zuhd va muomala va vara’da, tavakkul tariqi va muhabbat tariqida sobit buzurgvorlar bor edilar, lekin avval kishi-kim uni so’fiy deb atadilar ul edi va ungacha biror kishini bu nom bilan atamagan edilar» («Nafahotul uns», Toshkand, 1913, 27-bet).

«Abuhoshim nasroniy rohiblar kabi uzun jun kiyim kiyib yurar va hamisha taqvo bilan kun o’tkazardi» (Guharin, ko’rsatilgan asar, 53-bet). Sayid Sodiq Guharin bundan tashqari Jobir bin Hayon (822 yilda favot etgan) va Abdak So’fiy (821 yilda vafot etgan)larni ham dastlabki so’fiylar sifatida tilga oladi. Shuni ham qayd etish kerakki, tasavvuf ahli Chor yori uzom va Rasulullohning yaqin sahobalaridan Salmon Forsiy hamda Imom Ja’far Sodiqni so’fiylik va valiylik xislati ko’ringan ulug’ insonlar sifatida ehtirom bilan tilga oladilar. Mazkur zotlar inchunin juvonmardlarning pirlari sifatida ham zikr etiladi. Bejiz emaski, ko’p so’fiylar o’z shajaralarini shu uch zoti sharafga yoxud ularning birovi vositasida Muhammad sallallohu alayhi vasallamga olib borib bog’laydilar. Chunonchi, «Nazmus silsila» asari muallifi Vasliy Samarqandiy (XIX asr oxiri XX asr boshlarida yashab ijod etgan) urgutlik Eshoni Valixon silsilasini yozar ekan, ul kishining so’fiylik nisbatini quyidagicha belgilab chiqadi: hazarti Muhammad sallallohu alayhi vasallamdan Abu Bakr Siddiq raziyallohu anhuga, ul kishidan Salmon Forsiyga, ul janobdan Imom Ja’fari Qosim raziyallohu anhuga, ul janobdan Imom Ja’far Sodiqga, ul janobdan Sulton Abuyazid Bistomiyga, ul janobdan Abulhasan Xaraqoniyga, ul janobdan Xoja Ali Formadiyga, ul janobdan Xoja Yusuf Hamadoniyga, ul janobdan Xoja Orif Revgariyga, ul janobdan Xoja Mahmud Anjir Fag’naviyga, ul janobdan Xoja Ali Rometaniyga, ul janobdan Xoja Muhammad Boboyi Samosiyga, ul janobdan Sayid Amir Kulolga, ul Janobdan Xoja Bahouddin Naqshband hazratlariga, ul janobdan Xoja Muhammad Alouddin Attorga, ul janobdan Ya’qubi Charxiyga, ul janobdan Xoja Ubaydulloh Ahrori Valiga, ul janobdan Xoja Muhammad Zohidga, ul janobdan Xoja Darveshga, ul janobdan Xoja Amkangiyga, ul janobdan Xoja Muhammad Boqiybillohga, ul janobdan Xoja Ahmad Foruq – Imom Rabboniyga, ul janobdan Xoja Muhammad Saidga, ul janobdan Xoja Abdulahadga, ul janobdan Xoja Muhammad Obidga, ul janobdan Xoja Muhammad Musoxonga, ul janobdan Xoja Muhammad Siddiqga, ul janobdan Mavlono Husaynga, ul janobdan Mavlono Mirmuhammad Ibrohimga, ul janobdan hazrati Eshon Xoja Valixonga so’fiylik nisbati o’tib kelgan. Demak, naqshbandiya silsilasi Salmon Forsiy va Abu Bakr Siddiq raziyallohu anhumalar oraqli Payg’ambarimizga olib borib ulangan.

Shu zaylda, tasavvuf tarixi islom tarixi bilan birga rivojlanib, islom madaniyati va ma’rifatiga o’lkan hissa bo’lib qushildi. Agar dastlabki paytlarda Kufa, Basra va Bag’dod shaharlarida sanoqli darajada zohid sufiylar yashagan bo’lsa, bora-bora musulmon olamida shayxu mashoyixlar, so’fiy darveshlar, qalandarlarning soni ko’paydi, yuqorida aytganimizday bu o’ziga xos bir harakatga aylandi. Birigina Abdurahmon Jomiyning «Nafahotul uns minal hazarotul quds» nomli kitobida 664 ta shayxu so’fiyning nomi zikr etiladi. Bu XV asrgacha yashab o’tgan atoqli so’fiylar tazkirasi, vaholanki ulardan ko’plarining nomi Jomiy kitobida zikr eitlmagan, Navoiy ularning bir qismini «Nasoyimul muhabbat» asariga kiritgan. Shulardan yuzdan ortiqrog’i Turonzaminda yetishib chiqqan buzurgvorlar hisoblanadi. XV asrdan keyin ham yana qancha azizu avliyo yashab o’tganlar.

Tasavvuf tarixi haqida qisqacha nigorishimiz (obzor) nihoyasiga yetar ekan, yana bir nuqtani ta’kidlamoqchimiz: Tasavvufda turli yo’nalishlar, ya’ni zohidona tasavvuf, orifona tasavvuf, oshiqona varindona tasavvuf oqimlari bo’lgani kabi so’fiylar ham turli qarashlarga ega bo’lgan har xil tabiatli kishilar edilar. Ular orasida zohidlar, mo»tadil oriflar, isyonkor oshiqlar, majzub devonalar, darbadar qalandarlar, donishmand faylasuflarni ko’ramiz.

«Mavlono Jaloliddin, uning hayoti, falsafasi, asarlari» nomli kitob muallifi, turkiyalik olim Abdulboqiy Go’pyonarli so’fiylarning sakkiz toifasini ajratib ko’rsatadi. Chunonchi:

1. Hayot va dunyo lazzatlariga qattiq bog’langan so’fiylar. Ular gunohu savob, isyon va axborni arzimas, ortiqcha deb biladilar. Shar’iy amrlar jamiyat intizomi uchundir, bizga u taalluqli emas, biz zavqu hol kishilarimiz, taqvodan xalosmiz deb o’ylaydilar.

2. Koinotni Parvardigor zoti olami tajallisining surati deb biladigan so’fiylar. Ular dunyoni naqsh va ranglardan deb bilib, butun olamni esa Parvardigorning zotidan iborat deb hisoblaydilar. Ularning fikricha, Mutlaq Iloh dunyo suratida tajalliy etibdur va mohiyat Uning o’zidir. Oshiq va Ma’shuq ham Udir, demak, haqiqiy qibla ham Uning O’zidir.

3. Hamma narsani Mutloq Iloh tajallisi deb bilib, Isoga o’xshab fikr yuritadigan va o’ng yuzingga shapatilasalar, chap yuzingni ham tut, degan aqidani olg’a suradiganlar. Ular zulmga e’tiroz bildirmaydilar, ammo mazlumlarga iloji boricha iltifot  ko’rsatadilar. Ular uchun dunyo va uning ishlari ma’nisiz, arzimas, inson burchini Ilohni tanishdan iborat deb biladilar.

4. Falsafani, aqlni rad etuvchi so’fiylar. Ular xayol olamiga g’arq bo’lib, lohut olamidan so’z aytadilar, o’tmishdan va kelajakdan karomat qiladilar. «Yer yuzidan xabarlari yo’q, ammo osmonni qadamlab kezib chiqqanday gapiradilar. Oyoqlari ostidagi quduqni bilmaydilar, lekin sayyoralar sayriyu samoviy ajoyibotlardan so’zlaydilar» (Go’pyonarli, o’sha kitob, 292-bet).

5. O’z tasarruflarida falsafa va hikmatni rad etmoqchi bo’lgan, lekin aslida so’fiyona aqidalarni falsafiy mushohadalar bilan sinovdan o’tkazgan, omuxta etgan so’fiylar. Bular orada qolganliklari uchun shariat ahli tomonidan ham, tariqat ahli tomonidan ham malomatga uchraganlar.

6. Tasavvufning nozik haqiqatlari, falsafa va hikmat bilan mojarolarini sezgan holda, ammo shariatdan ko’ngil uzolmaydigan so’fiylar. Ular tariqat odobini shariat ahkomiga singdirib yuborishga intiladilar va tavhid ilmida mutaassiblar bilan bir  xil e’tiqodda bo’lishga urinadilar.

7. Shunday so’fiylar ham bo’lganki, o’zlarini zamon Payg’ambari, ko’kdan tushgan Mahdi deb e’lon qilganlar. Zamona oxir bo’lgani, oxirat va dunyo birlashgani haqida xabar beradilar, o’zlarini Olloh zotining yerdagi ko’rinishi, Buyuk adolat davrining asoschisi deb tanishtiradilar. Bunday urinishlar tarixida qonli fojealar bilan tugagan.

8. Arosatda, ziddiyatlar ichida qolgan so’fiynamo kishilar ham bo’lgan. Ular na toza musulmon, na butunlay g’ayri iymondirlar. Dardlari ichlarida, yonib, qiynalib yuradilar. Biror dinga yoki mazhabga bog’lanmaydilar. Ammo ularning botiniy olami nihoyatda boy. Ular zohirlarini berkitib sir saqlab yuradilar. Ularning a’moli va so’zlariga diqqat qilsangiz, ziddiyatni ko’rasiz. Barcha hollarda Ollohga bandalikni bajo keltiradilar va ayni holda suratu siyratlar, rasmu rusumlarni pisand qilmaydilar, axloqu ilmlari bilan barchadan ustunliklarini namoyon etadilar, zakovat va qobiliyatlari hayratlanarlidir…

Kitobning boshqa bo’limlari:
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 2.Tariqat
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 3. So’fiy psixologiyasi yoki hol
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 4. Ma’rifat va haqiqat
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 5. Tasavvuf ontologiyasi va gnoseologiyasi
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 6. Markaziy Osiyo tariqatlari
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 7. Komil inson
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 8. Vahdatul vujud va vahdatush shuhud
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 9. Tasavvuf va kalom ilmi

033

(Tashriflar: umumiy 10 688, bugungi 3)

Izoh qoldiring