Ibrohim G’afurov. Zulfiya siymosi & Shoiraga bag’ishlan ko’rsatuv va film

Ashampoo_Snap_2017.03.01_02h35m16s_001_.png      1 март– Атоқли шоира Зулфия таваллуд топган кун

   Менга Зулфия шеърияти бошдан оёқ қиррадор бўлиб туюлади. Бунда ҳар бир сўз, қофия, ибора, жумла қиррадор. Зулфия чақмоқ ташбеҳига тез-тез мурожаат этади. Нега? Чунки унинг шеъри интиутив тарзда қиррадорликка интилади. Чақмоқ қиррадор. Олмос қиррадор. Илдиз қиррадор. Булар қиррадор бўлмасайди ҳаёт деган нарсани яратмасди.

ЗУЛФИЯ СИЙМОСИ
Иброҳим ҒАФУРОВ
08

Айни замонда, айни соатда, айни сонияда туғилган гўдакнинг шу замон ва сониядаги бутун дунёнинг ишларига дахлдорлиги бўлади. Чунки одамзот битта, толе ва қуёш битта. Ишонмасангиз, истаган вақтда осмонга қаранг: ҳаммаси кўриниб турибди. Ички кўзлар барини тўхтовсиз илғайди.

Ҳар биримизнинг ёруғ оламга келишимиздан кетишимизгача тасодифмикин? Тасодифлар қўшилиб, бирлашиб қонуниятга айланмасмикин?

Шоира Зулфиянинг дунёга келиши, шоир ва халқаро миқёсдаги жамоат арбоби бўлиб етилиши тасодифмикин?

007Кўҳна Шошнинг энг қадимги ҳунармандлар ва зиёлилар ўчоғи – Ўқчилар маҳалласида катта файзиёб хонадонда қалин қора жингалак сочли қизалоқ туғилганда сана 1915 йил 1 март эди. Бундай жингалак қора сочли бола туғилганда атрофдаги барчанинг юзи ёришиб, қувончларидан лабларини йиғиштиролмай, баробар: “Қўзичоқ туғилди!” – дейдилар. Чақалоқнинг онаси Ҳадича ая бироз машаққат чеккан бўлса-да: “Вой, бу номи билан туғилди, сочларининг қўнғироқларини қаранг… Зулфизар бу Зулфизар!” – деб жуда оҳангдор қилиб айтти. Унинг исмини Зулфия қўйдилар.

Биринчи жаҳон уруши авжга миниб борарди. Болқонда, Болтиқ бўйларида, Днепр, Днестр, Дон томонларда, Яқин Шарқда, Шомда,Африкада дунёни қайта бўлиш учун қаттол уруш борарди. Юз эллик миллиондан ортиқ одам унинг комига тортилганди. Шошнинг кўҳна Ўқчи маҳалласи гарчи у қон дарё бўлиб оққан ерлардан жуда олисда эди, лекин бири-биридан даҳшатли хабарлар келиб турарди. Улар ўша пайтларнинг жасоратли “Турон”, “Тараққий”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Ойина” деган газета-журналларида босиларди. Беҳбудий каби улуғ тараққийпарварлар воқеа жойларидан ўз кўрган-кечирганларини баён қилардилар, авомнинг кўзларини очишга интилардилар.

Зулфия туғилганда, ўлкада ижтимоий фикр шаклланиш палласига кирганди.Зулфия таваллуд топган катта қўрғон хонадонда замон воқеалари қизғин муҳокама қилинарди, газеталар ўқиларди, карвонлар қабул қилинарди, зеро улар бу хонадон устахонасида тайёрланган темир-чўян-пўлат-тунука маҳсулотлар ўзининг сифати, пишиқлиги, узоқ хизмат қилиши билан довруқ қозонганди. Жуда катта темирчилик устахонасида иш доим қизғин эди. Ишга яроқли барча хеш-ақраболар, маҳаллалик шогирдлар бунда сидқидилдан хизмат қилишарди. Зулфиянинг қулоғига Ҳадича ая айтган жонузор аллалар билан бирга устахонанинг даранглаган чақмоқ садолари ҳам тўхтамай кирган. Шунинг учун “ўт”, “чақмоқ”, “аланга” ва барча ўт билан боғлиқ образлар, ташбеҳлар унинг учун туғма ва табиий.

Машҳур Америка тилшуноси Ноам Чомский “Тил ва тафаккур” (“Язык и мышление», М, 1972) китобида тилшуносликда янги –ғояларни илгари сураркан, улар билан бирга янгидан янги терминлар ва илмий тушунчаларни ҳам қўллайди. Улар, чунончи, “врожденная умственная структура”, “врожденная идея”, “овладение знанием и поведением” ( “туғма ақлий тузилма”, “туғма ғоя”. “билим ва хулқни эгаллаш” сингари) кишини тил фалсафаси билан боғлиқ тарзда жуда қаттиқ ўйлатади. Буларнинг тагига етиб бориш осон бўлмаса ҳам, улар ўз илмий жозибасига эга. Зулфияда шундай туғма ақлий тузилма тушунчаси билан аниқ изоҳланадиган бадиий ҳодисалар оз эмас. Туғма хусусиятга эга образлар ва фикрлаш тарзи оз эмас. Фалсафада рационализм ва сюррационализм йўналишининг отаси француз файласуфи Башляр бирон санъаткор ўз ижодида маълум бир стихияли образларга мунтазам ва кўп мурожаат этаётган бўлса, бу унинг юрагида комплекс ҳаракат қилаётганлигини билдиради. Шу комплексни топилса, бадиий асарни яхши тушуниш мумкин. Асар шу комплекс орқали яхлитлик касб этади. Агар комплекс бўлмаса, ўзакдан маҳрум асар ғайришуурга етиб бормайди ва совуқ уйдирма, сохта бўлиб туюлади. Башляр табиат асосидаги тўрт унсур –сув, ўт, ҳаво, тупроқни – тасаввур гормонлари деб атайди. Ушбу стихиялар онгда ўз динамик ҳаракатига эга. Улар образлар тўдалари (уюрлари)ни ҳаракатга солади. Улар борлиқни интим тарзда ўзлаштириш ва ўзгартиришга ёрдам беради, катта синтезни юзага чиқаради ва тасаввурни мунтазам тусга киритади. Шоирона ягоналик ва хаёл қуввати шулардан ҳосил бўлади.

Зулфия нур тўла, учқун тўла муҳитда дунёга келди ва шулар бағрида ўсди, хаёллари шулардан қувватланди. У шу муҳитнинг туғма ғояларига бағирдош эди. Шунинг учун унинг ташбеҳлари нур, учқун, ўт-олов, чақмоқ… замирида туғилади. Зулфиянинг шеърий энергетик комплекслари шулар. Истаган шеърингизда булар бадиий оқим мақомида. Ҳаёт ва ижодда шахснинг ўрнига жуда катта аҳамият бериб қараган персоналистлар шароитни енгиб чиқиш, шароит тақозо этган шартларни енгиб ўтиш санъат шахсиятининг энг юксак фаоллигидир (Недонсел) дейишади. Зеро Зулфиянинг фаоллиги – шеърият ва ўз навбатида шеъриятнинг фаоллиги шахсият. Унинг шеъриятининг ҳар қаторида шеър яратувчи қиёфа туради, ҳар қаторда қиёфа шаклланади ва бу қиёфа ҳар дамда ҳаётий бутунлик сари ҳаракатланади. Бутунлик сари ҳаракат Зулфия ижодиётининг инсоний, бадиий фалсафасидир. Бутунликни, яъни одамнинг ўзини тўла одамдай ҳис қилиши ва тўла одамдай иш қилишини фалсафа дейиш мумкинми? Тўрт томондан ҳаёт чегараланганда бутунлик ҳисси бўладими? Бутунлик моддий; бутунлик жисмоний; бутунлик руҳоний, Зулфия шеъриятида булар ғоялар комплексига айланиб улгурган. Шахс ғояси ижод ғояси билан чамбарчас боғланган. Ижод ғояси Зулфия борлиғининг асоси: “Шеър бўлиб эл ичра юраман мен чақноқ”. Бутунликка тўсиқ бўлувчи, уни парчаловчи кучлар ҳам мудом мавжуд ва булар шеъриятнинг мангу зиддиятларини юзага чиқаради.

Йигирманчи йилларнинг боши ва биринчи ярмида хотин-қизлар билим юрти (дорилмуаллимот) деб аталган илк ўқув даргоҳларида оз сонли қизлар қаторида билим олган машҳур Ойдин Собировалар (ёзувчи, шоира, жамоат арбоби Ойдин) даврида ўзбек хотин- қизлари зулматдаги мазлумалар деб аталар ва уларнинг социалистик бахтиёрликка интилаётгани ва ҳатто эришгани ҳар қадамда қаттиқ таъкидланарди. Ойдин Собирова эркига эришган хотин-қизлар тимсоли каби тақдим, тарғиб ва ташвиқ қилинарди. Ойдин Собирова ҳам шу ижтимоий театр саҳнасидаги ролни тўла қабул қилиб ўзлаштирган, уни муваффақият билан ўйнар ва бу ўзига ҳам жуда ярашар ва ёқарди.

Зулфия 1931 йилда хотин-қизлар билим юртига ўқишга кирганда, (билим юрти уларнинг Ўқчи маҳалласида жойлашган эди), билим юртини битиргач ва то қирқинчи йилларнинг ярмигача асосан Ойдин Собированинг таъсирида бўлди ва унга шогирд эканлигидан фахрланарди. Лекин ўттизинчи йилларда энди йигирманчи йиллардан фарқли ўлароқ Зулфия каби янгроқ қизлар зулматдан чиққан, қутулган, мазлумалик паранжилари, паранжи — чачвон ичидаги қолоқликлардан қутулган, бахтиёр нурли келажак сари дадил одим отаётган ҳисобланардилар. Зулфия шу давр ижодини эслашни ёқтирмайди, Балки социалистик эрк ичида янги тусдаги эрксизлик занжирлари қуйилганлигини у ўта зукколик билан фаҳмлаб қолган эди. Ўша даврдаги фикрловчи шахсиятларнинг жуда кўп зиддиятлари асосан шундан – янги мафкуранинг мунофиқликларидан келиб чиқарди. Ва қанчалаб асл жонажон аёллар бунақа тараққиётни қабул қилишни истамаганликлари учун жазо колонияларига тортилдилар, тақдирлари маҳв этилди.

Зулфия Ойдин Собирова изидан бориб нашриётда ишлади, академия аспирантурасида ўқиди. 1932 йилда Зулфиянинг тақдирида бурилиш бошланди. У Ҳамид Олимжон, Уйғун, Ғафур Ғулом, Ойбек, Музайяна Алавия билан яқиндан танишди, илк шеърлари билан ёзувчилар давраларига кирди. Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Уйғун адабиётда ҳайқириқ солган йиллар эди. Уларга эргашди.Улар тийрак ва ўта туйғун қизчанинг интилишларини бажонидил қўллаб-қувватладилар.

Зулфиянинг заковати кучли эди. Қўллов унинг туғма талантини очди. 1914 – 15 йиллар Турон-Туркистон диёрлари учун узоқ давом этган умидсизлик, тушкунлик, келажакни кўролмаслик ва булардан ўзини батамом ожиз сезиш вақтлари тугаб — бир замонлар мислсиз улуғ ишларни рўёбга чиқарган диёр энди жаҳон уруши замонида яна ижтимоий бурилиш ясашга қодирдек кўринарди. Зулфия шундай мамлакат ҳаётида янгиланиш бошланадиган дамда дунёга келди. Бу туғилишда азал сирли маърифатнинг яна ҳам сирлироқ интилишлари зуҳур этмаган деб ким айтолади? Беҳбудий, Алмаий, Авлоний, Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори, Тавалло,Хислатнинг ўтли фарёдлари бу туғилишда инъикос этмаган деб ким ишонтира олади? Бу мистика ёки метафизика эмас, бу тарих ва халқ ўзига керакли фарид зотларни айни ўз пайтида кечикмай яратишига яна бир далилдир. Халқнинг асаблари бундай тарихий онларда таранг тортилмаса, Зулфия сингари хотин-қизлар тақдирида янги халқа, янги толе анжумани бошланармиди? Нега эса у сочлари тимқора жингалак зулфизар қиз бўлиб туғилди? Азамат ўғиллар изидан Исроил дегрезнинг улуғ хонадонида орзули қиз бўлиб туғилди. Ойдан, кундан туғилгандек бўлиб туғилди. Нега қизча 1932 йили чиққан илк китобчасини “Ҳаёт варақлари” деб атади? Рус тилидан кирган эмасми бу фикрлаш йўсини? Тил билиш орқали кўнгил кўзи билан бирга фикрлаш кўзи ҳам кенг очилдими? Ўзини илк машқлари билан бирга айни ҳаёт билан чамбарчас боғладими? Кескин реалистик йўл танладими? У кейинроқ ёзган қисқагина таржима ҳолида ҳаёт варақларининг маъносини тушунтириб ўтгандай бўлди: “… асл устозим ҳаётнинг ўзи эди” деди. Ҳаёт эса кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар, фасллардан иборат ва ҳар бир даму соатнинг ўз варағи бор эди унинг назарида. Ва у бутун ижодий ҳаёти давомида бу варақлар образига доим мурожаат қилиб турди. Ҳатто сўнгги “Хотирам синиқлари” асари ҳам қай бир тарзда варақлар билан чамбарчас боғланади-да, Зулфия ижодиётига мундарижа томондан бир бутунлик бағишлайди. Ушбу варақлар ҳаммадан ортиқроқ муаллим, ибрат ва законинг кони эди. У дегрезнинг қизи илк шеърларини балки “Ҳаёт кўраси” деб атаганда маънолироқ бўлармиди? Яъни ҳаёт чўғлари алангаланадиган дегрез кўраси, рус тилида буни горнило деган шоирона сўз билан юритишади.”Доим олов иси келарди отамдан. Отам пўлат қуювчи эдилар. Мен отамнинг чўғдай пўлатни истаган шаклга сола олганларини, ундан турли буюмлар ясаганларини, бундан роса ҳайратга тушганларимни ҳам кечагидай эслайман… отам… унинг қўлида жилмайиб тургандек қизғиш чўғ…” Ахир бўлажак шоира отасининг ҳеч қачон ўчмайдиган кўрасидан тобланиб чиқмадими, кўзлари пўлат эритадиган чўғларнинг алангасидан юлдуздай порламадими ва ўзи йигирма тўрт ёш, ақли эса минг ёш Ҳамидни мафтун қилиб қўймадими? Зулфиянинг ярқироқ юлдузи ер юзига келиб тушгунча дегрезларнинг неча-неча авлодлари ҳаёт оташгоҳига келиб кетмади? Ўқчилар, дегрезлар, чўян қуювчиларнинг авлодлари машҳур эдилар кўҳна Шошу Илоқ диёрида! Узоқ кўз илғамас тарихдан машҳур кўҳна Шош камончилари! Ойболта, камон, шамшир, қозон усталари! Юз йил капкир урилганда ҳам тешилмас, сийқаланмасди уларнинг турмушбоп, рўзғорбоп қозонлари! Темир ғўлалари мумдай эрирди ва мулойим бўлиб қиличларга дўнарди! Тўрт унсурдан бири чўғ дунё яралиши ва қурилишида ҳамиша фаол қатнашади. Сув ва ҳаводан чўғнинг кучи ортади ва тошларни эритади, Зулфия бобоси мулла Муслим ва отаси уста Исроилнинг кўрасида ловуллаган чўғдай эди. Унинг жингалакларида олам ва тирикликнинг сирлари ўйнарди. Унинг Акмал Икромов кадрлари қаторида юксак лавозимларда жон куйдириб ишлаган акаси Нормат Исроилов суюкли синглисининг илк китобчасини қўлига олиб шундай азамат бургутдай йигит тўлиқиб кетиб йиғлаб юборган эди.

” Тўрт акам бор эди, бири биридан кўркам, кучли, мард йигитчалар… ерга урса кўкка сапчийдиган акаларим… Ажойиб дўстлар эдик… Баъзан шеърларимга ўша шаффоф кунларимнинг парчалари оқиб киради. Лекин у бир томчи холос, балки болалигим, уни безаган яқинларим ҳақида китоб ёзиш бахти менга насиб этар…”( Ҳулкар Олимжонова шоира бу орзули армонли ишга тўқсонинчи йиларнинг бошларида қизғин киришганликлари ва анча воқеаларни қоғозга туширганликларини айтадилар. Бу “Хотирам синиқлари” ёзилаётган пайтлар эди, Шоира ниҳоят ўзининг узоқ орзу қилган энг суюкли ёзувига ўтирганди. Аммо у шиддатдан айрим парчаларгина қолди, шоира ўзи туғилиб вояга етган ота-она, аждодлар хонадонининг тафсилотларига ҳаёт экан, жуда оз тўхталган эди: “Мен эса ҳанузгача ёзмаганман, лекин ёзгим келади” деган эди шоира буюк армон билан, ҳолбуки, “биз ажойиб дўстлар эдик” дейди шоира. Улар ҳамалари қўнғироқ сочли қувноқ ва тийрак қизча Зулфия сингилларини ғоят севишар, эркалатишар, доим унга мадад беришарди, биз бу ўринда шоиранинг туғишганлари – уста Исроил ҳамда чевар аёл Ҳадича аянинг фарзандлари ҳақида қисқача маълумот келтириб ўтишни зарур деб биламиз. Исмоил Исроилов. Ихтисосликлари ветеринар врач. Турли идоралар ва вилоятларда фаол ташкилотчилик ишларида фаолият олиб борганлар. Олти фарзандлари бор. Тахминан 1898 йилларда туғилиб 80 ёшларида оламдан ўтганлар. Қодиржон Исроилов. Фарзандлари Минавар аянинг ҳикоя қилиб беришларича, 1902 йилда туғилганлар. Олий таълим олганлар ва турли ҳукумат идораларида ишлаганлар. Сиёсий жараёнларнинг ўзгаришлари боис кейинчалик ота касби дегрезликни давом эттирганлар. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкент трамвай-троллейбус депосида хизмат қилганлар. 1992 йили оламдан ўтганлар. Минавар, Қайнар, Баҳодир, Ғайрат, Аҳмаджон, Каримжон сингари фарзандлари бўлган. Нормат Исроилов. Туғилган саналари 1905 (тахминан). Москвада олий таҳсил олганлар. Йирик сиёсий-жамоат арбоби бўлиб етишган. Репрессия қурбони бўлган. Аҳмаджон Исроилов. Москвада таҳсил олган. Шамоллаб оғриб Тошкентда ёш вафот этган. Бувиниса Исроилова. Чевар. Уйда дўппи кўйлаклар тикишарди. Оёқларига игна кириб заҳарланиб ёш қазо қилган. Карим Исроилов.Педагогика институти талабаси. Нохуш фалокат натижасида ёш ҳалок бўлган.

Зулфия Исроилова. (1915. 1 март – 1996. 1 август). Улуғ шоира ва жамоат арбоби. Уста Муслим бобонинг Исроил, Ҳамдам (адиб Адҳам Ҳамдамнинг отаси), Файзи (адиб Илёс Муслимнинг отаси), Раҳматжон, Ҳури, Жўравой сингари фарзандлари бўлган. Бизга бу мухтасар маълумотларни олишда Минавар аянинг қизи куюнчак халқ таълими ходими Гулчеҳра Шоумарова лутфан ёрдамлашди. Гулчеҳра кўп вақтини Зулфия опанинг ёнида ўтказар, шоирага яқиндан кўмаклашарди. Опа уни суюб шеър ҳам бағишлаганди. Бу шеърнинг қўлёзмаси сақланиб қолган. Гулчеҳранинг ижозати билан уни биринчи маротаба бу ерда келтириб ўтамиз:

“ГУЛЧЕҲРАГА

Гулчеҳрам, кийикниг кўзидек
Кўзларинг кўзимга мудом жо.
Қалбимни биласан ўзимдек,
Даркормас илтимос, илтижо.

Тилингдан тўкилган шакар сўз
Меҳрингдан яйрайди дилгинам
Илоҳим, сурмали қора кўз
Кўзёшин билмасин, қизгинам!

Дилларни хуш этар исминг бор,
Донолик, одобинг – латофат.
Вақт келиб бўлажак сенга ёр
Йигит ҳам бахш этсин саодат.

Ўшанда кўзларинг менингмас,
Севганинг қалбига бўлсин жо!
Ўзинг-ла олиб бор қувонч, бахт,
Кутмайин илтимос, илтижо!

ЗУЛФИЯ”

1983 йилда ёзилган бу шеър 20 ноябрь 1984 йилда Гулчеҳрага шоира томонидан қўлёзмада тақдим этилган).

Дунё яралишида чўғнинг сифатлари кўп. Биттаси шуки, у доим ўз даврасига тортади. Жозибаси билан жамлайди. Яна бир сири: у чорлайди, бирлаштиради: ер зимистонлигида ҳаёт давом этаётганлигидан дарак беради. Ана энди шулардан кейин Зулфиянинг бутун шеъриятида жамлаш, бирлаштириш, даврага чорлаш ғояси ниҳоятда кучли жаранглаганлигини ва бу юқорироқда айтганимиз туғма ғоя эканлигини англатади. Лоақал машҳур “Мушоира”ни, лоақал “Қуёшли қалам”ни, лоақал “Хотирам синиқлари”ни эслайлик. Умуман унинг қайси бир шеъри ва қайси бир сатри бу ғоялардан холи! Сабабини англагандирсиз: бу ахир ўша Исроил уста кўрасидаги чўғнинг шуълалари! Кўрадаги азалий чўғлардан эмасми бу:

Ҳарорат не ўзи?
Ҳарорат, ҳарорат
минг йиллар…
Безовта этган ҳис эмасми ҳарорат?

Зеро юракдаги ҳислар кўрадаги чўғлар каби эмасми Зулфия шеъриятида? Зулфия тақдирида бир эмас иккита жаҳон уруши акс этади. У кейинчалик фаолиятининг халқаро миқёсига кўра озодлик ва тенглик, адолатга интилган хотин-қизларнинг овозига айланди. Уни Осиё кенгликларида тимсол деб қабул қилдилар. Жом даштларида ҳар баҳорда лолалар чаман очилсалар, бу бесабаб эмас. Ер туғилганда бу ерларга анвойи лолалар уруғини ташлаган, лолалар макон топган, Зулфия педбилим даргоҳида ўқиб юрган,(Матбуот маълумотларига кўра, 1918 йилнинг июлида янги шўро мактаблари учун муаллимлар тайёрлайдиган педагогик курслар очилган. 1919 йилдан улар олти ойлик курсларга айланган. 1919 йилнинг февралида турк тилидан ўқитиладиган педкурс очилиб, унга Мунавварқори мудир тайинланган. Айни пайтда хотин-қизлар педкурси ишга тушган, кейин шу асосда педбилим юрти ташкил бўлган. С.Жиянхонов ва М.Исломованинг китобчасида ёзилишича, (“Қутлуғ даргоҳ”, Тошкент -2002) ўқув режалари ва дастурларини Мунавварқори тузган. 1920 йилдан булар инпросга айлантирилган. 1923 йилда инпросни ўзбек тилида еттита хотин-қиз битириб чиққан. Саодат Шамсиева, Жаҳон Обидова сингари илғор талантли аёллар шу инпросни биринчи битирувчилардан бўлганлар. 1930 -31 йилда таълим-тарбия техникумини 11 қиз ва уч йигит битирди. Бу ерда Тошпўлат Нормуҳамедов (Талас), Оқил Шарафиддинов, Зуфар Қодиров дарс берган, Зулфия 1931-32 йилларда шу педбилим юртида ўқиди.

Билим юртидан кўп машҳур кишилар етишиб чиқди. Адиблардан Уйғун ва Рамз Бобожон ҳам шу даргоҳда ўқиганлар). Тошпўлат Саъдий ва Музайяна Алавиядан Навоийни ўрганаётган чоғларидаёқ тийрак қиз туйғунлик билан ўзини англашга ва бу орқали шахсиятини шеърда намоён этишга жазм этган эди. Зеро у бир сўзли уста ҳунарманднинг қизи — азми узоқларни кўзлаганди. Унда ўзни намоён этмоқликнинг барча яшовчан куртаклари мавжуд ва жазм билан ўсишга интиларди. Сўфизода, Ҳамза,Чўлпон, Авлоний, Ойбек, Ғафур Ғулом каби улуғ ижтимоий овоз шоирлари тинмай хотин-қизларни озодлик, фаолликка чақирардилар. Ўзликни намоён этиш замоннинг ўтли шиорларидан эди. Бахтли дамларнинг қабариқ юлдузлари кулиб боқарди Зулфияга. “Бу йилларда менинг ҳаётимга яна бир қувонч тўлқини кирди. Бу – Ҳамид Олимжон эди… Ҳамид Олимжон менинг учун талабчан устоз, меҳрли дўст эди. Шеърларимни илк бор ҳаяжондан титраб унга ўқирдим. У аёвсиз таҳрир этарди. Йиллар ўтди, йилларнинг бири билан қўшилиб Ҳамид Олимжон ҳам ўтди… Сўнг ҳаётимга йўллар кириб келди…”

Қуёшдан тўкилганман
Ушлай оламан ўтни –

дейди Зулфия. Туғма ғояларга ҳайратланмай иложинг йўқ. Бу ғоядан у сўнгги дамгача воз кечмади: Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўтман, деди у охирида.

Зулфия хаёл билан қалин дўстлашган ва мудом хаёл дунёсига ғарқ эди. Савдо-сотиқ, бозор дунёси уни ҳеч қачон қизиқтирмаган, қачон бирон дўкон остонасига қадам қўйганлигини ҳам эслолмасди.

Зулфияни қийнаган, азобларга қўйган нарса: у ҳеч қачон ўтмиш юкларидан қутулолмасди, бу юкларнинг залвори доим елкаларини эзиб ётар ва бир зум ҳам ўз исканжасидан бўшатмасди. Ота-онадан айрилиш, азамат акаларининг доғи-ҳижрони, гўзал синглиси Бувинисанинг аламли ўлими, талаба укасининг ҳеч кутилмаган ҳалокати, айниқса, 1944 йилда суюкли умр ҳамдами Ҳамид Олимжоннинг фалокатга учрагани ҳаётсевар аёлнинг қалбида ҳеч ўчмас чандиқлар қолдирди. Бу чандиқлар вақт ўтиб битгандай бўлса ҳам, тинимсиз оғрирди. Нега деганда, Зулфия уларнинг ҳаммаларини беҳад севарди, ҳаётини уларсиз тасаввур қилолмасди. Улар улкан севги ва меҳрга арзийдиган одамлар эдилар. Бу айрилиқлар азобини янада кучайтирарди: казоликал азобу ва ла азобул охирати акбару лав кону таъламун (Азоб шундай. Агар билсалар, охират азоби янада катта. Қалам,33). Зулфиянинг реал ҳижрон ва айрилиқлар азоблари, дардлари ҳақида ёзганлари аллақачонлар унинг таржимайи ҳолининг интим доирасидан тошиб чиқиб кетган ва тор доирага мутлақо сиғмай қолган:

Ҳижроннинг, фарёднинг дудларин тўкдим,
Юрагим сўкилди бўлак ва бўлак…
Йиғлаб келиб, йиғлаб кетар одамзот
Либосимдай қора шеърларни ёздим…-

0 dex.jpgҲижрон юракдан чиқиб шеърга кўчиб, ижтимоий нарсага, ижтимоий ҳодисага айланди. Уруш ва урушдан кейинги йилларда миллионлаб юрак-бағри доғли аёлларнинг нола-фарёдларига ҳамоҳанглик топди. Зулфия ўз дардида уларнинг барчалариинг дардларини оловли сўзларда ифодалагандай бўлди. Зулфиянинг ўзи ҳам жумла жаҳон дардли карвонига қўшилиб бораётиб умуминсоният дардини куйлаётганини билди, буни юракдан туйди, бу куйлар қалбининг жуда нозик чилвир торларига мангу эш бўлиб қолганлигини англади. Шу англамда ижтимоий инсон туғилди, ижтимоий инсон юзага чиқди. Ҳатто бутун инсониятнинг дард-аламга лимо-лим шеър сўзини ҳисобга олганда ҳам, фавқулоддалиги билан ажралиб турадиган ифодалар юрак қаърларидан отилиб чиқди;

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!

Бунда ҳижрондан ҳам каттароқ, буюкроқ бир нарса бор. Зулфия катта юрак ва катта ақл эгаси – шу нарсани топган ва фикр қудуғидан тортиб олган. Бу матонат, қатъият, садоқат, назокат, адолат ҳаммаси бир бўлиб жамланган, инсоннинг борлиқ мазмунига айланган бир нарса. Унинг номи бор. Лекин бу номни – бир сўзни айтиш, топиб жойига қўйиш жуда қийин. Тинимсиз ўйлаш, Зулфия каби тинимсиз хаёл оламига ғарқ бўлишнинг натижаси каби топилади у ягона сўз! Зулфия бу фавқулодда порлоқ сўзларни айни ўттиз ёшга тўлганда, 1945 йилда ёзган. Бу сўзлар аҳд мақомига кўтарилди. Юксак аҳд-паймондай эшитилди ва аҳд-паймондай қабул қилинди. Кейин Зулфия то тўқсонинчи йилларнинг ўрталаригача нима ёзмасин, ҳар бир сатрининг ҳар бир сўзида бу қуёш сўзлар шуъла сочиб, ҳар бир сўзини ёритиб, ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам маънодор ва мазмундор қилиб турди. Миллионлаб аёлларга далда бўлди бу сўзлар! Яна миллионлаган аёл зотига келажакда далда бўлажак! Зулфиянинг қайси шеърини очиб қараманг, шу оҳанг, шу умидбахш матонат, тоқат ва ирода янграб туради. Шу улуғ сўзларни ёзиб Зулфия беҳад хаёлчан бўлиб қолди. Шунда унинг лабларига нимтабассум қўнди. У ўлмайдиган ироданинг табассуми эди. Дардлар туғёнлари кўзёшлари бўлиб қуюлган чоғларда ҳам унинг лабидан бу нимтабассум аримади. Ирода агар одам шаклига кирса шундай табассум қилади. Унинг беҳад хаёл дунёсига ғарқ бўлганлигининг боиси шунда:

Ажинлар из солган кенг пешонамни
Истиқбол ҳаётбахш қўли силасин.
Қатағон йиллари ютган жигарлар
Доғини тортмоққа тоқат тиласин!

Йиллар,
Нодир онлар,
Севги,
Ҳижроним,
Дилимни замзамлаб, кетмаган учиб…
Бор бўлса бешми, ўн мухлис шеърхоним,
Ёзмоқ – бахт қаламим учини ўпиб…

Бу сатрларни Зулфия 1994 йилда ёзди. 45- йилда ёзилган юксак аҳдга бу сатрларни қиёс қилиб Зулфиянинг инсон ва ижодкор сифатида кимлиги ва шахсиятининг миқёсини англаймиз. Нима учун Тихоновдай, Ғафур Ғуломдай, Қайсин Қулиевдай, Расул Гамзатовдай.Индира Гандидай, Мустай Каримдай, Чингиз Айтматовдай буюк инсонлар унинг миссиясини ардоқлаганликларига тушуниб етамиз. Зулфия юқорида парча келтирилган шеърини “Иқрорга вақт етди” деб атаган эди. Унинг иқрорлари ўйловчи, англовчи ақлларни ларзага солди.

Зулфия ҳаёт пўртаналарига ҳар дамда дуч келиб, сўнг ижтимоий таянч излади. Ўтганлар ёди ва шеър унга шундай таянч бўлди. Ҳамид Олимжон унга шеъриятнинг сир асрорларинигина эмас, инсоний маърифат билан ҳам ошно қилди. Зулфия Ҳамид Олимжондан қатъият ва ирода билан яшашни ўрганди. Зулфиянинг феъл-атворида, азал зуваласида қонида бу хусусиятлар бор эди, Лекин Ҳамид Олимжон оҳанграбоси боис булар Зулфия жонида интизом тусига кирди. Билим юртида Зулфиянинг интизомига ҳавас қилишарди. Бу унга онаси Ҳадича аядан ўтиб келаётган туғма фазилат эди. Аммо фазилат Ҳамид Олимжон туфайли интизомли қатъият ва интизомли ҳодиса. У ранг-баранг шаклларга киради, қаҳрамонлик даражасига кўтарилади.

Мен Зулфия шеъриятида майинликни учратмаганман. Менга Зулфия шеърияти бошдан оёқ қиррадор бўлиб туюлади. Бунда ҳар бир сўз, қофия, ибора, жумла қиррадор. Зулфия чақмоқ ташбеҳига тез-тез мурожаат этади. Нега? Чунки унинг шеъри интиутив тарзда қиррадорликка интилади. Чақмоқ қиррадор. Олмос қиррадор. Илдиз қиррадор. Булар қиррадор бўлмасайди ҳаёт деган нарсани яратмасди. Зулфия шеъриятида қиррадорлик унинг шахсияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ташқи онгдан кўра онгости ҳодисалари билан кўпроқ боғлиқ.

Бу ҳатто Зулфиянинг бадиий таржималарида, Леся Украинка, Пушкин, Некрасовдан қилган таржималарида ҳам бадиий поэтик шакл сифатида кўзга ташланади. Қаердан бу қиррадорлик? У пўлат эритувчилар олис авлодларидан, Муслим бобо, Исроил дегрездан ўтиб келаётган, томирларда оқаётган туғма генетик боғланиш. Бадиий қиррадорлик охири 90- йилларда яратилган шеърлар ва айниқса, “Хотирам синиқлари”да ўзини тўла бадиият билан намоён этди. Мангу оғриқлар тилга кирди. Ана энди шу қиррадор қатъият ҳаётнинг барча катта-кичик воқеа- ҳодисаларини тартиб-низомга киритиб изга солди ва тўла ҳукмпармо бўлди. Билим юртида не-не нурга йўғрилган хаёллар қучоғида юрган ўн етти яшар қизча “Ҳаёт варақлари”да шуни орзу қилмаганмиди, алп қомат акаси Нормат китобчада олтмиш йил кейин келадиган воқеаларни кўриб кўзига қувонч ёшларини олмаганмиди? Интизомли қатъият, қиррадор интизом Зулфия сиймосида том камолга етмадими? Зулфиянинг интизоми илҳом яратарди. Бу ноёб, шукуҳли, шеърият парвозидаги интизом эди, У шеъриятда фалсафага, фалсафий ғояга айланганди.

Унинг сиймосида сўз билан ифодаланмаган, айтилмаган қимматлар чамаси, айтилган ва ифодаланганларидан беқиёс кўпроқ. Уни ўртаган, қийнаган, оғир изтироблар исканжасига солган ҳоллар – уни эркалаган, шарафлаган, ардоқлаган, шеърият гултожини бошига кийдирган ҳоллардан кўпроқ эди.

Шодиёнада қайғу, қайғуда шодиёна омухта эди. Ва бунга ўша замонада чора, даво, халос йўқ эди. У “бирлик,биродарлик бор ерда юксалиш бор” деб ўтди. Ва охирида “ асл устозим ҳаётнинг ўзи эди” деди ва бахтиёр, беғубор, инжудай болалилигига қайтди. Яна ўн етти ёшдаги ўз “ҳаёт варақлари”га тугал содиқ қолди.

ҚАБАРИҚ ЮЛДУЗ БОЛАЛИГИНИНГ МУСАФФО ОСМОНИГА КЎТАРИЛДИ.

“Салом! – дейман хаёл бинафшасига,-
Сенсиз кўнгил боғим қоларди ғариб!
…Ҳеч маст бўлганмисиз соф нашъасига
Бошин хиёл эгиб турса жилмайиб?…

Ноябрь 2014 йил.

ZULFIYA SIYMOSI
Ibrohim G‘AFUROV
08

Ayni zamonda, ayni soatda, ayni soniyada tug‘ilgan go‘dakning shu zamon va soniyadagi butun dunyoning ishlariga daxldorligi bo‘ladi. Chunki odamzot bitta, tole va quyosh bitta. Ishonmasangiz, istagan vaqtda osmonga qarang: hammasi ko‘rinib turibdi. Ichki ko‘zlar barini to‘xtovsiz ilg‘aydi.

Har birimizning yorug‘ olamga kelishimizdan ketishimizgacha tasodifmikin? Tasodiflar qo‘shilib, birlashib qonuniyatga aylanmasmikin?

0 74_1.jpgShoira Zulfiyaning dunyoga kelishi, shoir va xalqaro miqyosdagi jamoat arbobi bo‘lib yetilishi tasodifmikin?

Ko‘hna Shoshning eng qadimgi hunarmandlar va ziyolilar o‘chog‘i – O‘qchilar mahallasida katta fayziyob xonadonda qalin qora jingalak sochli qizaloq tug‘ilganda sana 1915 yil 1 mart edi. Bunday jingalak qora sochli bola tug‘ilganda atrofdagi barchaning yuzi yorishib, quvonchlaridan lablarini yig‘ishtirolmay, barobar: “Qo‘zichoq tug‘ildi!” – deydilar. Chaqaloqning onasi Hadicha aya biroz mashaqqat chekkan bo‘lsa-da: “Voy, bu nomi bilan tug‘ildi, sochlarining qo‘ng‘iroqlarini qarang… Zulfizar bu Zulfizar!” – deb juda ohangdor qilib aytti. Uning ismini Zulfiya qo‘ydilar.

Birinchi jahon urushi avjga minib borardi. Bolqonda, Boltiq bo‘ylarida, Dnepr, Dnestr, Don tomonlarda, Yaqin Sharqda, Shomda,Afrikada dunyoni qayta bo‘lish uchun qattol urush borardi. Yuz ellik milliondan ortiq odam uning komiga tortilgandi. Shoshning ko‘hna O‘qchi mahallasi garchi u qon daryo bo‘lib oqqan yerlardan juda olisda edi, lekin biri-biridan dahshatli xabarlar kelib turardi. Ular o‘sha paytlarning jasoratli “Turon”, “Taraqqiy”, “Sadoi Turkiston”, “Sadoi Farg‘ona”, “Oyina” degan gazeta-jurnallarida bosilardi. Behbudiy kabi ulug‘ taraqqiyparvarlar voqea joylaridan o‘z ko‘rgan-kechirganlarini bayon qilardilar, avomning ko‘zlarini ochishga intilardilar.

Zulfiya tug‘ilganda, o‘lkada ijtimoiy fikr shakllanish pallasiga kirgandi.Zulfiya tavallud topgan katta qo‘rg‘on xonadonda zamon voqealari qizg‘in muhokama qilinardi, gazetalar o‘qilardi, karvonlar qabul qilinardi, zero ular bu xonadon ustaxonasida tayyorlangan temir-cho‘yan-po‘lat-tunuka mahsulotlar o‘zining sifati, pishiqligi, uzoq xizmat qilishi bilan dovruq qozongandi. Juda katta temirchilik ustaxonasida ish doim qizg‘in edi. Ishga yaroqli barcha xesh-aqrabolar, mahallalik shogirdlar bunda sidqidildan xizmat qilishardi. Zulfiyaning qulog‘iga Hadicha aya aytgan jonuzor allalar bilan birga ustaxonaning daranglagan chaqmoq sadolari ham to‘xtamay kirgan. Shuning uchun “o‘t”, “chaqmoq”, “alanga” va barcha o‘t bilan bog‘liq obrazlar, tashbehlar uning uchun tug‘ma va tabiiy.

Mashhur Amerika tilshunosi Noam Chomskiy “Til va tafakkur” (“Yazыk i mыshleniye», M, 1972) kitobida tilshunoslikda yangi –g‘oyalarni ilgari surarkan, ular bilan birga yangidan yangi terminlar va ilmiy tushunchalarni ham qo‘llaydi. Ular, chunonchi, “vrojdennaya umstvennaya struktura”, “vrojdennaya ideya”, “ovladeniye znaniyem i povedeniyem” ( “tug‘ma aqliy tuzilma”, “tug‘ma g‘oya”. “bilim va xulqni egallash” singari) kishini til falsafasi bilan bog‘liq tarzda juda qattiq o‘ylatadi. Bularning tagiga yetib borish oson bo‘lmasa ham, ular o‘z ilmiy jozibasiga ega. Zulfiyada shunday tug‘ma aqliy tuzilma tushunchasi bilan aniq izohlanadigan badiiy hodisalar oz emas. Tug‘ma xususiyatga ega obrazlar va fikrlash tarzi oz emas. Falsafada ratsionalizm va syurratsionalizm yo‘nalishining otasi fransuz faylasufi Bashlyar biron san’atkor o‘z ijodida ma’lum bir stixiyali obrazlarga muntazam va ko‘p murojaat etayotgan bo‘lsa, bu uning yuragida kompleks harakat qilayotganligini bildiradi. Shu kompleksni topilsa, badiiy asarni yaxshi tushunish mumkin. Asar shu kompleks orqali yaxlitlik kasb etadi. Agar kompleks bo‘lmasa, o‘zakdan mahrum asar g‘ayrishuurga yetib bormaydi va sovuq uydirma, soxta bo‘lib tuyuladi. Bashlyar tabiat asosidagi to‘rt unsur –suv, o‘t, havo, tuproqni – tasavvur gormonlari deb ataydi. Ushbu stixiyalar ongda o‘z dinamik harakatiga ega. Ular obrazlar to‘dalari (uyurlari)ni harakatga soladi. Ular borliqni intim tarzda o‘zlashtirish va o‘zgartirishga yordam beradi, katta sintezni yuzaga chiqaradi va tasavvurni muntazam tusga kiritadi. Shoirona yagonalik va xayol quvvati shulardan hosil bo‘ladi.

Zulfiya nur to‘la, uchqun to‘la muhitda dunyoga keldi va shular bag‘rida o‘sdi, xayollari shulardan quvvatlandi. U shu muhitning tug‘ma g‘oyalariga bag‘irdosh edi. Shuning uchun uning tashbehlari nur, uchqun, o‘t-olov, chaqmoq… zamirida tug‘iladi. Zulfiyaning she’riy energetik komplekslari shular. Istagan she’ringizda bular badiiy oqim maqomida. Hayot va ijodda shaxsning o‘rniga juda katta ahamiyat berib qaragan personalistlar sharoitni yengib chiqish, sharoit taqozo etgan shartlarni yengib o‘tish san’at shaxsiyatining eng yuksak faolligidir (Nedonsel) deyishadi. Zero Zulfiyaning faolligi – she’riyat va o‘z navbatida she’riyatning faolligi shaxsiyat. Uning she’riyatining har qatorida she’r yaratuvchi qiyofa turadi, har qatorda qiyofa shakllanadi va bu qiyofa har damda hayotiy butunlik sari harakatlanadi. Butunlik sari harakat Zulfiya ijodiyotining insoniy, badiiy falsafasidir. Butunlikni, ya’ni odamning o‘zini to‘la odamday his qilishi va to‘la odamday ish qilishini falsafa deyish mumkinmi? To‘rt tomondan hayot chegaralanganda butunlik hissi bo‘ladimi? Butunlik moddiy; butunlik jismoniy; butunlik ruhoniy, Zulfiya she’riyatida bular g‘oyalar kompleksiga aylanib ulgurgan. Shaxs g‘oyasi ijod g‘oyasi bilan chambarchas bog‘langan. Ijod g‘oyasi Zulfiya borlig‘ining asosi: “She’r bo‘lib el ichra yuraman men chaqnoq”. Butunlikka to‘siq bo‘luvchi, uni parchalovchi kuchlar ham mudom mavjud va bular she’riyatning mangu ziddiyatlarini yuzaga chiqaradi.

Yigirmanchi yillarning boshi va birinchi yarmida xotin-qizlar bilim yurti (dorilmuallimot) deb atalgan ilk o‘quv dargohlarida oz sonli qizlar qatorida bilim olgan mashhur Oydin Sobirovalar (yozuvchi, shoira, jamoat arbobi Oydin) davrida o‘zbek xotin- qizlari zulmatdagi mazlumalar deb atalar va ularning sotsialistik baxtiyorlikka intilayotgani va hatto erishgani har qadamda qattiq ta’kidlanardi. Oydin Sobirova erkiga erishgan xotin-qizlar timsoli kabi taqdim, targ‘ib va tashviq qilinardi. Oydin Sobirova ham shu ijtimoiy teatr sahnasidagi rolni to‘la qabul qilib o‘zlashtirgan, uni muvaffaqiyat bilan o‘ynar va bu o‘ziga ham juda yarashar va yoqardi.

Zulfiya 1931 yilda xotin-qizlar bilim yurtiga o‘qishga kirganda, (bilim yurti ularning O‘qchi mahallasida joylashgan edi), bilim yurtini bitirgach va to qirqinchi yillarning yarmigacha asosan Oydin Sobirovaning ta’sirida bo‘ldi va unga shogird ekanligidan faxrlanardi. Lekin o‘ttizinchi yillarda endi yigirmanchi yillardan farqli o‘laroq Zulfiya kabi yangroq qizlar zulmatdan chiqqan, qutulgan, mazlumalik paranjilari, paranji — chachvon ichidagi qoloqliklardan qutulgan, baxtiyor nurli kelajak sari dadil odim otayotgan hisoblanardilar. Zulfiya shu davr ijodini eslashni yoqtirmaydi, Balki sotsialistik erk ichida yangi tusdagi erksizlik zanjirlari quyilganligini u o‘ta zukkolik bilan fahmlab qolgan edi. O‘sha davrdagi fikrlovchi shaxsiyatlarning juda ko‘p ziddiyatlari asosan shundan – yangi mafkuraning munofiqliklaridan kelib chiqardi. Va qanchalab asl jonajon ayollar bunaqa taraqqiyotni qabul qilishni istamaganliklari uchun jazo koloniyalariga tortildilar, taqdirlari mahv etildi.

Zulfiya Oydin Sobirova izidan borib nashriyotda ishladi, akademiya aspiranturasida o‘qidi. 1932 yilda Zulfiyaning taqdirida burilish boshlandi. U Hamid Olimjon, Uyg‘un, G‘afur G‘ulom, Oybek, Muzayyana Alaviya bilan yaqindan tanishdi, ilk she’rlari bilan yozuvchilar davralariga kirdi. Hamid Olimjon, G‘afur G‘ulom, Oybek, Uyg‘un adabiyotda hayqiriq solgan yillar edi. Ularga ergashdi.Ular tiyrak va o‘ta tuyg‘un qizchaning intilishlarini bajonidil qo‘llab-quvvatladilar.

Zulfiyaning zakovati kuchli edi. Qo‘llov uning tug‘ma talantini ochdi. 1914 – 15 yillar Turon-Turkiston diyorlari uchun uzoq davom etgan umidsizlik, tushkunlik, kelajakni ko‘rolmaslik va bulardan o‘zini batamom ojiz sezish vaqtlari tugab — bir zamonlar mislsiz ulug‘ ishlarni ro‘yobga chiqargan diyor endi jahon urushi zamonida yana ijtimoiy burilish yasashga qodirdek ko‘rinardi. Zulfiya shunday mamlakat hayotida yangilanish boshlanadigan damda dunyoga keldi. Bu tug‘ilishda azal sirli ma’rifatning yana ham sirliroq intilishlari zuhur etmagan deb kim aytoladi? Behbudiy, Almaiy, Avloniy, Qodiriy, Cho‘lpon, Munavvarqori, Tavallo,Xislatning o‘tli faryodlari bu tug‘ilishda in’ikos etmagan deb kim ishontira oladi? Bu mistika yoki metafizika emas, bu tarix va xalq o‘ziga kerakli farid zotlarni ayni o‘z paytida kechikmay yaratishiga yana bir dalildir. Xalqning asablari bunday tarixiy onlarda tarang tortilmasa, Zulfiya singari xotin-qizlar taqdirida yangi xalqa, yangi tole anjumani boshlanarmidi? Nega esa u sochlari timqora jingalak zulfizar qiz bo‘lib tug‘ildi? Azamat o‘g‘illar izidan Isroil degrezning ulug‘ xonadonida orzuli qiz bo‘lib tug‘ildi. Oydan, kundan tug‘ilgandek bo‘lib tug‘ildi. Nega qizcha 1932 yili chiqqan ilk kitobchasini “Hayot varaqlari” deb atadi? Rus tilidan kirgan emasmi bu fikrlash yo‘sini? Til bilish orqali ko‘ngil ko‘zi bilan birga fikrlash ko‘zi ham keng ochildimi? O‘zini ilk mashqlari bilan birga ayni hayot bilan chambarchas bog‘ladimi? Keskin realistik yo‘l tanladimi? U keyinroq yozgan qisqagina tarjima holida hayot varaqlarining ma’nosini tushuntirib o‘tganday bo‘ldi: “… asl ustozim hayotning o‘zi edi” dedi. Hayot esa kunlar, haftalar, oylar, yillar, fasllardan iborat va har bir damu soatning o‘z varag‘i bor edi uning nazarida. Va u butun ijodiy hayoti davomida bu varaqlar obraziga doim murojaat qilib turdi. Hatto so‘nggi “Xotiram siniqlari” asari ham qay bir tarzda varaqlar bilan chambarchas bog‘lanadi-da, Zulfiya ijodiyotiga mundarija tomondan bir butunlik bag‘ishlaydi. Ushbu varaqlar hammadan ortiqroq muallim, ibrat va zakoning koni edi. U degrezning qizi ilk she’rlarini balki “Hayot ko‘rasi” deb ataganda ma’noliroq bo‘larmidi? Ya’ni hayot cho‘g‘lari alangalanadigan degrez ko‘rasi, rus tilida buni gornilo degan shoirona so‘z bilan yuritishadi.”Doim olov isi kelardi otamdan. Otam po‘lat quyuvchi edilar. Men otamning cho‘g‘day po‘latni istagan shaklga sola olganlarini, undan turli buyumlar yasaganlarini, bundan rosa hayratga tushganlarimni ham kechagiday eslayman… otam… uning qo‘lida jilmayib turgandek qizg‘ish cho‘g‘…” Axir bo‘lajak shoira otasining hech qachon o‘chmaydigan ko‘rasidan toblanib chiqmadimi, ko‘zlari po‘lat eritadigan cho‘g‘larning alangasidan yulduzday porlamadimi va o‘zi yigirma to‘rt yosh, aqli esa ming yosh Hamidni maftun qilib qo‘ymadimi? Zulfiyaning yarqiroq yulduzi yer yuziga kelib tushguncha degrezlarning necha-necha avlodlari hayot otashgohiga kelib ketmadi? O‘qchilar, degrezlar, cho‘yan quyuvchilarning avlodlari mashhur edilar ko‘hna Shoshu Iloq diyorida! Uzoq ko‘z ilg‘amas tarixdan mashhur ko‘hna Shosh kamonchilari! Oybolta, kamon, shamshir, qozon ustalari! Yuz yil kapkir urilganda ham teshilmas, siyqalanmasdi ularning turmushbop, ro‘zg‘orbop qozonlari! Temir g‘o‘lalari mumday erirdi va muloyim bo‘lib qilichlarga do‘nardi! To‘rt unsurdan biri cho‘g‘ dunyo yaralishi va qurilishida hamisha faol qatnashadi. Suv va havodan cho‘g‘ning kuchi ortadi va toshlarni eritadi, Zulfiya bobosi mulla Muslim va otasi usta Isroilning ko‘rasida lovullagan cho‘g‘day edi. Uning jingalaklarida olam va tiriklikning sirlari o‘ynardi. Uning Akmal Ikromov kadrlari qatorida yuksak lavozimlarda jon kuydirib ishlagan akasi Normat Isroilov suyukli singlisining ilk kitobchasini qo‘liga olib shunday azamat burgutday yigit to‘liqib ketib yig‘lab yuborgan edi.

” To‘rt akam bor edi, biri biridan ko‘rkam, kuchli, mard yigitchalar… yerga ursa ko‘kka sapchiydigan akalarim… Ajoyib do‘stlar edik… Ba’zan she’rlarimga o‘sha shaffof kunlarimning parchalari oqib kiradi. Lekin u bir tomchi xolos, balki bolaligim, uni bezagan yaqinlarim haqida kitob yozish baxti menga nasib etar…”( Hulkar Olimjonova shoira bu orzuli armonli ishga to‘qsoninchi yilarning boshlarida qizg‘in kirishganliklari va ancha voqealarni qog‘ozga tushirganliklarini aytadilar. Bu “Xotiram siniqlari” yozilayotgan paytlar edi, Shoira nihoyat o‘zining uzoq orzu qilgan eng suyukli yozuviga o‘tirgandi. Ammo u shiddatdan ayrim parchalargina qoldi, shoira o‘zi tug‘ilib voyaga yetgan ota-ona, ajdodlar xonadonining tafsilotlariga hayot ekan, juda oz to‘xtalgan edi: “Men esa hanuzgacha yozmaganman, lekin yozgim keladi” degan edi shoira buyuk armon bilan, holbuki, “biz ajoyib do‘stlar edik” deydi shoira. Ular hamalari qo‘ng‘iroq sochli quvnoq va tiyrak qizcha Zulfiya singillarini g‘oyat sevishar, erkalatishar, doim unga madad berishardi, biz bu o‘rinda shoiraning tug‘ishganlari – usta Isroil hamda chevar ayol Hadicha ayaning farzandlari haqida qisqacha ma’lumot keltirib o‘tishni zarur deb bilamiz. Ismoil Isroilov. Ixtisosliklari veterinar vrach. Turli idoralar va viloyatlarda faol tashkilotchilik ishlarida faoliyat olib borganlar. Olti farzandlari bor. Taxminan 1898 yillarda tug‘ilib 80 yoshlarida olamdan o‘tganlar. Qodirjon Isroilov. Farzandlari Minavar ayaning hikoya qilib berishlaricha, 1902 yilda tug‘ilganlar. Oliy ta’lim olganlar va turli hukumat idoralarida ishlaganlar. Siyosiy jarayonlarning o‘zgarishlari bois keyinchalik ota kasbi degrezlikni davom ettirganlar. Ikkinchi jahon urushi yillarida Toshkent tramvay-trolleybus deposida xizmat qilganlar. 1992 yili olamdan o‘tganlar. Minavar, Qaynar, Bahodir, G‘ayrat, Ahmadjon, Karimjon singari farzandlari bo‘lgan. Normat Isroilov. Tug‘ilgan sanalari 1905 (taxminan). Moskvada oliy tahsil olganlar. Yirik siyosiy-jamoat arbobi bo‘lib yetishgan. Repressiya qurboni bo‘lgan. Ahmadjon Isroilov. Moskvada tahsil olgan. Shamollab og‘rib Toshkentda yosh vafot etgan. Buvinisa Isroilova. Chevar. Uyda do‘ppi ko‘ylaklar tikishardi. Oyoqlariga igna kirib zaharlanib yosh qazo qilgan. Karim Isroilov.Pedagogika instituti talabasi. Noxush falokat natijasida yosh halok bo‘lgan.

Zulfiya Isroilova. (1915. 1 mart – 1996. 1 avgust). Ulug‘ shoira va jamoat arbobi. Usta Muslim boboning Isroil, Hamdam (adib Adham Hamdamning otasi), Fayzi (adib Ilyos Muslimning otasi), Rahmatjon, Huri, Jo‘ravoy singari farzandlari bo‘lgan. Bizga bu muxtasar ma’lumotlarni olishda Minavar ayaning qizi kuyunchak xalq ta’limi xodimi Gulchehra Shoumarova lutfan yordamlashdi. Gulchehra ko‘p vaqtini Zulfiya opaning yonida o‘tkazar, shoiraga yaqindan ko‘maklashardi. Opa uni suyub she’r ham bag‘ishlagandi. Bu she’rning qo‘lyozmasi saqlanib qolgan. Gulchehraning ijozati bilan uni birinchi marotaba bu yerda keltirib o‘tamiz:

“GULCHЕHRAGA

Gulchehram, kiyiknig ko‘zidek
Ko‘zlaring ko‘zimga mudom jo.
Qalbimni bilasan o‘zimdek,
Darkormas iltimos, iltijo.

Tilingdan to‘kilgan shakar so‘z
Mehringdan yayraydi dilginam
Ilohim, surmali qora ko‘z
Ko‘zyoshin bilmasin, qizginam!

Dillarni xush etar isming bor,
Donolik, odobing – latofat.
Vaqt kelib bo‘lajak senga yor
Yigit ham baxsh etsin saodat.

O‘shanda ko‘zlaring meningmas,
Sevganing qalbiga bo‘lsin jo!
O‘zing-la olib bor quvonch, baxt,
Kutmayin iltimos, iltijo!

ZULFIYA”

1983 yilda yozilgan bu she’r 20 noyabr 1984 yilda Gulchehraga shoira tomonidan qo‘lyozmada taqdim etilgan).

Dunyo yaralishida cho‘g‘ning sifatlari ko‘p. Bittasi shuki, u doim o‘z davrasiga tortadi. Jozibasi bilan jamlaydi. Yana bir siri: u chorlaydi, birlashtiradi: yer zimistonligida hayot davom etayotganligidan darak beradi. Ana endi shulardan keyin Zulfiyaning butun she’riyatida jamlash, birlashtirish, davraga chorlash g‘oyasi nihoyatda kuchli jaranglaganligini va bu yuqoriroqda aytganimiz tug‘ma g‘oya ekanligini anglatadi. Loaqal mashhur “Mushoira”ni, loaqal “Quyoshli qalam”ni, loaqal “Xotiram siniqlari”ni eslaylik. Umuman uning qaysi bir she’ri va qaysi bir satri bu g‘oyalardan xoli! Sababini anglagandirsiz: bu axir o‘sha Isroil usta ko‘rasidagi cho‘g‘ning shu’lalari! Ko‘radagi azaliy cho‘g‘lardan emasmi bu:

Harorat ne o‘zi?
Harorat, harorat
ming yillar…
Bezovta etgan his emasmi harorat?

Zero yurakdagi hislar ko‘radagi cho‘g‘lar kabi emasmi Zulfiya she’riyatida? Zulfiya taqdirida bir emas ikkita jahon urushi aks etadi. U keyinchalik faoliyatining xalqaro miqyosiga ko‘ra ozodlik va tenglik, adolatga intilgan xotin-qizlarning ovoziga aylandi. Uni Osiyo kengliklarida timsol deb qabul qildilar. Jom dashtlarida har bahorda lolalar chaman ochilsalar, bu besabab emas. Yer tug‘ilganda bu yerlarga anvoyi lolalar urug‘ini tashlagan, lolalar makon topgan, Zulfiya pedbilim dargohida o‘qib yurgan,(Matbuot ma’lumotlariga ko‘ra, 1918 yilning iyulida yangi sho‘ro maktablari uchun muallimlar tayyorlaydigan pedagogik kurslar ochilgan. 1919 yildan ular olti oylik kurslarga aylangan. 1919 yilning fevralida turk tilidan o‘qitiladigan pedkurs ochilib, unga Munavvarqori mudir tayinlangan. Ayni paytda xotin-qizlar pedkursi ishga tushgan, keyin shu asosda pedbilim yurti tashkil bo‘lgan. S.Jiyanxonov va M.Islomovaning kitobchasida yozilishicha, (“Qutlug‘ dargoh”, Toshkent -2002) o‘quv rejalari va dasturlarini Munavvarqori tuzgan. 1920 yildan bular inprosga aylantirilgan. 1923 yilda inprosni o‘zbek tilida yettita xotin-qiz bitirib chiqqan. Saodat Shamsiyeva, Jahon Obidova singari ilg‘or talantli ayollar shu inprosni birinchi bitiruvchilardan bo‘lganlar. 1930 -31 yilda ta’lim-tarbiya texnikumini 11 qiz va uch yigit bitirdi. Bu yerda Toshpo‘lat Normuhamedov (Talas), Oqil Sharafiddinov, Zufar Qodirov dars bergan, Zulfiya 1931-32 yillarda shu pedbilim yurtida o‘qidi.

Bilim yurtidan ko‘p mashhur kishilar yetishib chiqdi. Adiblardan Uyg‘un va Ramz Bobojon ham shu dargohda o‘qiganlar). Toshpo‘lat Sa’diy va Muzayyana Alaviyadan Navoiyni o‘rganayotgan chog‘laridayoq tiyrak qiz tuyg‘unlik bilan o‘zini anglashga va bu orqali shaxsiyatini she’rda namoyon etishga jazm etgan edi. Zero u bir so‘zli usta hunarmandning qizi — azmi uzoqlarni ko‘zlagandi. Unda o‘zni namoyon etmoqlikning barcha yashovchan kurtaklari mavjud va jazm bilan o‘sishga intilardi. So‘fizoda, Hamza,Cho‘lpon, Avloniy, Oybek, G‘afur G‘ulom kabi ulug‘ ijtimoiy ovoz shoirlari tinmay xotin-qizlarni ozodlik, faollikka chaqirardilar. O‘zlikni namoyon etish zamonning o‘tli shiorlaridan edi. Baxtli damlarning qabariq yulduzlari kulib boqardi Zulfiyaga. “Bu yillarda mening hayotimga yana bir quvonch to‘lqini kirdi. Bu – Hamid Olimjon edi… Hamid Olimjon mening uchun talabchan ustoz, mehrli do‘st edi. She’rlarimni ilk bor hayajondan titrab unga o‘qirdim. U ayovsiz tahrir etardi. Yillar o‘tdi, yillarning biri bilan qo‘shilib Hamid Olimjon ham o‘tdi… So‘ng hayotimga yo‘llar kirib keldi…”

Quyoshdan to‘kilganman
Ushlay olaman o‘tni –

deydi Zulfiya. Tug‘ma g‘oyalarga hayratlanmay ilojing yo‘q. Bu g‘oyadan u so‘nggi damgacha voz kechmadi: Sakson yil lovullab so‘nmagan o‘tman, dedi u oxirida.

Zulfiya xayol bilan qalin do‘stlashgan va mudom xayol dunyosiga g‘arq edi. Savdo-sotiq, bozor dunyosi uni hech qachon qiziqtirmagan, qachon biron do‘kon ostonasiga qadam qo‘yganligini ham eslolmasdi.

Zulfiyani qiynagan, azoblarga qo‘ygan narsa: u hech qachon o‘tmish yuklaridan qutulolmasdi, bu yuklarning zalvori doim yelkalarini ezib yotar va bir zum ham o‘z iskanjasidan bo‘shatmasdi. Ota-onadan ayrilish, azamat akalarining dog‘i-hijroni, go‘zal singlisi Buvinisaning alamli o‘limi, talaba ukasining hech kutilmagan halokati, ayniqsa, 1944 yilda suyukli umr hamdami Hamid Olimjonning falokatga uchragani hayotsevar ayolning qalbida hech o‘chmas chandiqlar qoldirdi. Bu chandiqlar vaqt o‘tib bitganday bo‘lsa ham, tinimsiz og‘rirdi. Nega deganda, Zulfiya ularning hammalarini behad sevardi, hayotini ularsiz tasavvur qilolmasdi. Ular ulkan sevgi va mehrga arziydigan odamlar edilar. Bu ayriliqlar azobini yanada kuchaytirardi: kazolikal azobu va la azobul oxirati akbaru lav konu ta’lamun (Azob shunday. Agar bilsalar, oxirat azobi yanada katta. Qalam,33). Zulfiyaning real hijron va ayriliqlar azoblari, dardlari haqida yozganlari allaqachonlar uning tarjimayi holining intim doirasidan toshib chiqib ketgan va tor doiraga mutlaqo sig‘may qolgan:

Hijronning, faryodning dudlarin to‘kdim,
Yuragim so‘kildi bo‘lak va bo‘lak…
Yig‘lab kelib, yig‘lab ketar odamzot
Libosimday qora she’rlarni yozdim…-

Hijron yurakdan chiqib she’rga ko‘chib, ijtimoiy narsaga, ijtimoiy hodisaga aylandi. Urush va urushdan keyingi yillarda millionlab yurak-bag‘ri dog‘li ayollarning nola-faryodlariga hamohanglik topdi. Zulfiya o‘z dardida ularning barchalariing dardlarini olovli so‘zlarda ifodalaganday bo‘ldi. Zulfiyaning o‘zi ham jumla jahon dardli karvoniga qo‘shilib borayotib umuminsoniyat dardini kuylayotganini bildi, buni yurakdan tuydi, bu kuylar qalbining juda nozik chilvir torlariga mangu esh bo‘lib qolganligini angladi. Shu anglamda ijtimoiy inson tug‘ildi, ijtimoiy inson yuzaga chiqdi. Hatto butun insoniyatning dard-alamga limo-lim she’r so‘zini hisobga olganda ham, favquloddaligi bilan ajralib turadigan ifodalar yurak qa’rlaridan otilib chiqdi;

Hijroning qalbimda, sozing qo‘limda,
Hayotni kuylayman, chekinar alam.
Tunlar tushimdasan, kunduz yodimda,
Men hayot ekanman, hayotsan sen ham!

Bunda hijrondan ham kattaroq, buyukroq bir narsa bor. Zulfiya katta yurak va katta aql egasi – shu narsani topgan va fikr qudug‘idan tortib olgan. Bu matonat, qat’iyat, sadoqat, nazokat, adolat hammasi bir bo‘lib jamlangan, insonning borliq mazmuniga aylangan bir narsa. Uning nomi bor. Lekin bu nomni – bir so‘zni aytish, topib joyiga qo‘yish juda qiyin. Tinimsiz o‘ylash, Zulfiya kabi tinimsiz xayol olamiga g‘arq bo‘lishning natijasi kabi topiladi u yagona so‘z! Zulfiya bu favqulodda porloq so‘zlarni ayni o‘ttiz yoshga to‘lganda, 1945 yilda yozgan. Bu so‘zlar ahd maqomiga ko‘tarildi. Yuksak ahd-paymonday eshitildi va ahd-paymonday qabul qilindi. Keyin Zulfiya to to‘qsoninchi yillarning o‘rtalarigacha nima yozmasin, har bir satrining har bir so‘zida bu quyosh so‘zlar shu’la sochib, har bir so‘zini yoritib, ichidan ham, tashqarisidan ham ma’nodor va mazmundor qilib turdi. Millionlab ayollarga dalda bo‘ldi bu so‘zlar! Yana millionlagan ayol zotiga kelajakda dalda bo‘lajak! Zulfiyaning qaysi she’rini ochib qaramang, shu ohang, shu umidbaxsh matonat, toqat va iroda yangrab turadi. Shu ulug‘ so‘zlarni yozib Zulfiya behad xayolchan bo‘lib qoldi. Shunda uning lablariga nimtabassum qo‘ndi. U o‘lmaydigan irodaning tabassumi edi. Dardlar tug‘yonlari ko‘zyoshlari bo‘lib quyulgan chog‘larda ham uning labidan bu nimtabassum arimadi. Iroda agar odam shakliga kirsa shunday tabassum qiladi. Uning behad xayol dunyosiga g‘arq bo‘lganligining boisi shunda:

Ajinlar iz solgan keng peshonamni
Istiqbol hayotbaxsh qo‘li silasin.
Qatag‘on yillari yutgan jigarlar
Dog‘ini tortmoqqa toqat tilasin!

Yillar,
Nodir onlar,
Sevgi,
Hijronim,
Dilimni zamzamlab, ketmagan uchib…
Bor bo‘lsa beshmi, o‘n muxlis she’rxonim,
Yozmoq – baxt qalamim uchini o‘pib…

Bu satrlarni Zulfiya 1994 yilda yozdi. 45- yilda yozilgan yuksak ahdga bu satrlarni qiyos qilib Zulfiyaning inson va ijodkor sifatida kimligi va shaxsiyatining miqyosini anglaymiz. Nima uchun Tixonovday, G‘afur G‘ulomday, Qaysin Quliyevday, Rasul Gamzatovday.Indira Gandiday, Mustay Karimday, Chingiz Aytmatovday buyuk insonlar uning missiyasini ardoqlaganliklariga tushunib yetamiz. Zulfiya yuqorida parcha keltirilgan she’rini “Iqrorga vaqt yetdi” deb atagan edi. Uning iqrorlari o‘ylovchi, anglovchi aqllarni larzaga soldi.

Zulfiya hayot po‘rtanalariga har damda duch kelib, so‘ng ijtimoiy tayanch izladi. O‘tganlar yodi va she’r unga shunday tayanch bo‘ldi. Hamid Olimjon unga she’riyatning sir asrorlarinigina emas, insoniy ma’rifat bilan ham oshno qildi. Zulfiya Hamid Olimjondan qat’iyat va iroda bilan yashashni o‘rgandi. Zulfiyaning fe’l-atvorida, azal zuvalasida qonida bu xususiyatlar bor edi, Lekin Hamid Olimjon ohangrabosi bois bular Zulfiya jonida intizom tusiga kirdi. Bilim yurtida Zulfiyaning intizomiga havas qilishardi. Bu unga onasi Hadicha ayadan o‘tib kelayotgan tug‘ma fazilat edi. Ammo fazilat Hamid Olimjon tufayli intizomli qat’iyat va intizomli hodisa. U rang-barang shakllarga kiradi, qahramonlik darajasiga ko‘tariladi.

1 bshoz.jpgMen Zulfiya she’riyatida mayinlikni uchratmaganman. Menga Zulfiya she’riyati boshdan oyoq qirrador bo‘lib tuyuladi. Bunda har bir so‘z, qofiya, ibora, jumla qirrador. Zulfiya chaqmoq tashbehiga tez-tez murojaat etadi. Nega? Chunki uning she’ri intiutiv tarzda qirradorlikka intiladi. Chaqmoq qirrador. Olmos qirrador. Ildiz qirrador. Bular qirrador bo‘lmasaydi hayot degan narsani yaratmasdi. Zulfiya she’riyatida qirradorlik uning shaxsiyati bilan chambarchas bog‘liq holda tashqi ongdan ko‘ra ongosti hodisalari bilan ko‘proq bog‘liq.

Bu hatto Zulfiyaning badiiy tarjimalarida, Lesya Ukrainka, Pushkin, Nekrasovdan qilgan tarjimalarida ham badiiy poetik shakl sifatida ko‘zga tashlanadi. Qayerdan bu qirradorlik? U po‘lat erituvchilar olis avlodlaridan, Muslim bobo, Isroil degrezdan o‘tib kelayotgan, tomirlarda oqayotgan tug‘ma genetik bog‘lanish. Badiiy qirradorlik oxiri 90- yillarda yaratilgan she’rlar va ayniqsa, “Xotiram siniqlari”da o‘zini to‘la badiiyat bilan namoyon etdi. Mangu og‘riqlar tilga kirdi. Ana endi shu qirrador qat’iyat hayotning barcha katta-kichik voqea- hodisalarini tartib-nizomga kiritib izga soldi va to‘la hukmparmo bo‘ldi. Bilim yurtida ne-ne nurga yo‘g‘rilgan xayollar quchog‘ida yurgan o‘n yetti yashar qizcha “Hayot varaqlari”da shuni orzu qilmaganmidi, alp qomat akasi Normat kitobchada oltmish yil keyin keladigan voqealarni ko‘rib ko‘ziga quvonch yoshlarini olmaganmidi? Intizomli qat’iyat, qirrador intizom Zulfiya siymosida tom kamolga yetmadimi? Zulfiyaning intizomi ilhom yaratardi. Bu noyob, shukuhli, she’riyat parvozidagi intizom edi, U she’riyatda falsafaga, falsafiy g‘oyaga aylangandi.

Uning siymosida so‘z bilan ifodalanmagan, aytilmagan qimmatlar chamasi, aytilgan va ifodalanganlaridan beqiyos ko‘proq. Uni o‘rtagan, qiynagan, og‘ir iztiroblar iskanjasiga solgan hollar – uni erkalagan, sharaflagan, ardoqlagan, she’riyat gultojini boshiga kiydirgan hollardan ko‘proq edi.

Shodiyonada qayg‘u, qayg‘uda shodiyona omuxta edi. Va bunga o‘sha zamonada chora, davo, xalos yo‘q edi. U “birlik,birodarlik bor yerda yuksalish bor” deb o‘tdi. Va oxirida “ asl ustozim hayotning o‘zi edi” dedi va baxtiyor, beg‘ubor, injuday bolaliligiga qaytdi. Yana o‘n yetti yoshdagi o‘z “hayot varaqlari”ga tugal sodiq qoldi.

QABARIQ YULDUZ BOLALIGINING MUSAFFO OSMONIGA KO‘TARILDI.

“Salom! – deyman xayol binafshasiga,-
Sensiz ko‘ngil bog‘im qolardi g‘arib!
…Hech mast bo‘lganmisiz sof nash’asiga
Boshin xiyol egib tursa jilmayib?…

Noyabr 2014 yil.

Zulfiya. Yillar sadosi

001

(Tashriflar: umumiy 1 401, bugungi 1)

Izoh qoldiring