Abdurashid Abdurahmonov. Turkiy adabiyotning qadimiy qatlamlari. Ikkinchi qism.

091     Тарихий манбаларга асосланиб, туркий қабилаларнинг қадимда энг ривожлангани ва жаҳон тарихида сезиларли из қолдирганларини киммер ва скифлар деб аташга асос бор. Киммер ва скифларнинг турмуш тарзи антик юнон манбаларида қаламга олинган. Геродот «Тарих»ининг тўртинчи китоби тўла скифларга бағишланган. Гомернинг «Илиада» ва «Одессия» достонларида киммерлар тасвири учрайди.

Абдурашид Абдураҳмонов
ТУРКИЙ АДАБИЁТНИНГ ҚАДИМИЙ ҚАТЛАМЛАРИ
Иккинчи қисм
056

ТУРКИЙ ҚАВМЛАРНИНГ ШАКЛЛАНИШ ДАВРИ ОҒЗАКИ ИЖОДИ
СКИФЛАР ТАРИХИ ВА УЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИ БИЛАН БОҒЛАНГАН РИВОЯТЛАР

033Тарихий манбаларга асосланиб, туркий қабилаларнинг қадимда энг ривожлангани ва жаҳон тарихида сезиларли из қолдирганларини киммер ва скифлар деб аташга асос бор. Киммер ва скифларнинг турмуш тарзи антик юнон манбаларида қаламга олинган. Геродот «Тарих»ининг тўртинчи китоби тўла скифларга бағишланган. Гомернинг «Илиада» ва «Одессия» достонларида киммерлар тасвири учрайди. «Одессия»нинг рус тилидаги нашрларидан бирида ёзилган изоҳда «киммерийлар грекларнинг тасаввурига кўра узоқ Шимолда яшайдиган афсонавий халқ. Одессейнинг кемаси Океан дарёси бўйлаб шу жойга тушиб қолади. Мамлакатнинг жойлашган ўрни маълум эмас», деб таъкидланиши нотўғридир. Киммерлар Амударёнинг қуйи бўйларида яшаган, кейинчалик Қора денгизнинг шимолий соҳилларига кўчишганлиги тарихий манбалардан маълум.

Киммер ва скифлар тарихини ўрганишга жаҳон олимлари катта қизиқиш билан қараганлар. Бу халқларнинг жаҳон саҳнасида пайдо бўлиши, ижтимоий-сиёсий турмуши, улар тарихда қайси халқларга яқинлиги ҳақида яратилган тадқиқотлар сони ҳисобсиздир. Биргина рус олимларининг фаолиятига назар ташланадиган бўлса, бу мавзуни ХVIII асрдан бошлаб ўрганишга киришганлар. Масалан, А.Лизловнинг 1776 йилда нашр этилган «Скифлар тарихи» китоби шулардан биридир. ХХ асрда яратилган ишлар орасида А.Н. Тероношкин, Л.Н.Гумилев, А.П.Смирнов, И.М.Дяконов, А.А.Нейхард кабиларнинг асарлари киммер ва скифлар ҳақида бой маълумот бериши билан ажралиб туради. Кейинги йилларда ўзбек қадимшунослари ҳам бу мавзуга алоҳиа қизиқиш билан қарамоқдалар. Ф.Сулаймонова, Н.Раҳмонов, Ф.Бойназаровларнинг тадқиқотларида киммер ва скифлар туркийларнинг қадимий аждоди сифатида таҳлил этилди.

Юқоридаги манбаларнинг ҳаммасида киммерийлар тарихда қачон пайдо бўлганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Юнон ва троя урушлари даври воқеалари билан боғлаб қараладиган бўлса, киммерлар милоддан аввалга ХII–ХI асрларда денгиз соҳилидаги мамлакатда яшаганлар. Киммерлар шумерларнинг авлоди ва уларнинг тарихи милоддан аввалги тўрт мингинчи йиллардан бошланади, деган фаразлар бор. Антик юнон тарихчилари киммерийлар милоддан аввалги VIII асрда Кичик Осиёга бостириб кириб, Оссурия, Мидия ва бошқа давлатлар устидан ҳукмронлик қилишганлигини ёзиб қолдиришган. 705 йилда киммерийлар билан бўлган жангда Оссурия шоҳи Саргон II ҳалок бўлган. Киммерийларнинг жанговарлиги, мерганлиги, камондан ўқ отиш маҳоратини акс эттирувчи тасвирлар ўша давр идиш-буюмларига туширилган. Кейинги асрларда киммерийлар салтанати ва қабилалари тили, маданияти, урф-одати яқин бўлган скифларга қўшилиб кетган. Скифлар Шарқ манбаларида – асгуз, вавилонларда ишкуз, яҳудийларда ашкуз шаклларидаги номлар билан учрайди. Юнонлар эса уларни скифлар деб аташган. Асгуз, ишкуз, ашкуз сўзларининг келиб чиқиш ўзаги битта. Улар иш – угуз, ич – ўғуз сўзларидан олинган. «Қўрқут ота китоби»да ичўғуз (ички уруғ) ва ташўғуз (ташқи уруғ)лар ҳақида тасвирлар мавжуд.

Киммерийлар давлатининг тугаши ва скиф қабилаларига қўшилиб кетиши Мади давлатининг жаҳон бўйлаб ҳукмронлик мавқеи кучайиб бориши билан боғлиқдир. Геродот ёзганидек, Мади киммерийларни Европадан қувиб чиқариб, Осиё мамлакатларида ўз таъқибини кучайтирди.

Киммер ва скифларнинг яшаш тарзи яқин бўлган. Агар Гомер «Илиада»да киммерийлар бия сутини ичишини таъкидласа, оссурийлар тарихига оид манбаларда ҳам скифлар эпчил чавандоз ва моҳир мерган бўлишиб, от гўшти еб, сутини ичиб тирикчилик қилишган, деб ёзилган. Ёки шу манбада скифларнинг қўққисданг ҳужум қилиб, бошқа халқларни енгиб қайтишлари киммерийларга ўхшатилади. Тарихда киммер ва скифларни бир қабила деб атовчилар ҳам бўлишган. Масалан, Оссурия гимнида киммерийлар шоҳи Лигдамас скифлар – саклар шоҳи деб таъкидланади. Вавилонлар эса сакларни «гимир» – киммер деб аташган. Юнон тарихчиси Страбон Мадини баъзан скиф, баъзан киммерийлар хоқони деб билади. Археологик топилмалар эса киммер ва скифларнинг урф-одати яқинлигини исботлайди.

Милоддан аввалги икки мингинчи йилликда жаҳон тарихига кирган турк қабилаларидан яна бири искитлардир. Искитлар Овропада «скиф», форсийлар ўртасида «сак» номи билан юритилган. «Скиф» ва «сак» атамалари бир халқ номини билдириши ҳамда бу атамаларнинг пайдо бўлиши Ф.Сулаймонова тадқиқотларида батафсил изоҳланган. Яна айтиш мумкинки, юнонлар «сак» сўзини скиф шоҳининг исми сифатида ёки юнонча «сако» (қалқон) сўзидан олинган деб ҳисоблайдилар. Милоддан аввалги ВИИ асрларда скифлар сақо турклар, деб номланиши шундан бўлиши ҳам мумкин. Чунончи, Мади асос солган давлат Сақо турклар давлати деб номланган эди. Геродот маълумот берганидек, скифлар Осиёда 28 йил ҳукмронлик қилишган. Улар Мидия, Оссурия, Вавилон, Мисрда қаттик зулм ўтказишган. Скифлар табиатан чаққон, мерган, чавандоз, айни пайтда жаҳлдор бўлишган. «Скифларга ҳужум қилган бирор кимса тирик қайтиб келолмайди» (Геродот).
Геродотнинг «Тарих»ида келтирилган «Кўр қуллар ривояти»да скифларнинг турмуш тарзи ва уларнинг шафқатсизлиги ўз ифодасини топган.

КЎР ҚУЛЛАР РИВОЯТИ

Скифлар ўз ихтиёридаги барча қулларининг кўзларини кўр қилишар экан. Бунинг ўзига хос сабаблари ҳам бўлган. Улар бия сутини ичишар эди. Скифлар биядан сутни шундай соғишар экан: найга ўхшаш суякни байталнинг қинига ўрнатишади, сўнгра бири оғиз билан пуфлаб, у ерга ҳаво жўнатишади, иккинчиси эса бияни соғиб олади. Елиндаги томирлар шишганидан сўнг биядан сут осонгина соғилар экан. Биядан соғиб олинган сут ёғочдан ясалган тоғорага солинади. Сўнгра ёғоч тоғора атрофига кўр қуллар ўтиришади. Скифлар қулларига сутни чайқашни буюради. Сутнинг тиндирилган (қаймоқланган) устки қатламини йиғиштириб оладилар. Қаймоқланган қисми юқори баҳоланади. Скифлар қўлга тушган асирларининг кўзини кўр қилишларининг боиси мана шу.

Ўтмиш ва ҳозирги замон тарихчилари скифларни турли хил қабилалар билан боғлайди. Антик тарихчилардан Гекатей скифларни ҳиндлар еридаги Қобул шаҳри атрофида жойлашган деб ҳисоблайди. Арриан ва Страбон скифни кўплаб қабилаларнинг умумлашган номи деб билади. Кадимги рим адиблари парфиянларни урф-одати ва қурол-аслаҳаси бир хиллигига кўра скифлар, деб ёзишади. Помпей Трог эса Парфия давлатини скифлар яратган, деган фикрни айтади. Х асрда яшаган Рим олими Плиний скифни бир неча қабилаларнинг номи, деб тушунади. Бу қабилалар орасида сак, массагет, дай, исседон, аримасплар машҳурларидан, деб таъкидлайди. А.Б.Дитмар скифларнинг тилини сак ва массагет қабилалари билан уруғдош деб ҳисоблайди. Ф.Сулаймонова «скиф» деган ном бир қабила, элат ёки халқнинг номи эмас, балки бир қанча қабила, элат ва халқларнинг бирлашмаси ёки сиёсий умумлашма, деб айтилган фикрларга қўшилади. Н.Раҳмонов ҳам «скиф» атамаси сиёсий умумлашмага нисбатан қўлланилган бўлиши керак», деган хулосага келади.

Скифлар кўп қабила ва халқларнинг умумлашган номи бўлишига тарафдорлик қилиш мумкин. Лекин, ҳақиқий скифлар ҳам бўлиши керак. Тарихшунослар скифлар киммерийларни мағлубиятга учратгач манбаларда киммерийлар номи кўринмасдан қолганлигини ёзишади. Бу ўз-ўзидан равшанки, скифлар киммерийларни ўзларига қўшиб олганлар ва улар ҳам скиф номи билан юритила бошланган. Демак, скиф умумлашма атама сифатида бир давлат, бир хоқонликнинг номидир. Бу давлатда юзлаб кабила ва миллат халқлари бўлишган.

ДОРОНИНГ СКИФИЯГА ЮРИШИ ВА СКИФЛАР ҚАҲРАМОНЛИГИ ҚИССАСИ

Скифия бир неча қавмларни бирлаштирган давлат эди. Скифлар эса шу давлатнинг етакчи қавмлари ҳисобланишган. Қавмларнинг бирлашган кенгашида жуда муҳим масала муҳокама этиладиган бўлди. Скиф шоҳининг вакили ҳам Скифиядаги барча қавм ҳукмдорларининг кенгашига етиб келди. Скифлар вакили форс шоҳи Доро дунёнинг кўпгина қисмини забт этиб, Боспар дарёсининг Қора денгизга қуйиладиган қисмига кўприк ўрнатиб, бу томонга юриш қилишга тайёргарлик кўраётганидан хабар берди.

— Эрон шоҳи бутун мамлакатни эгаллашни хоҳламоқда, — деди скифлар вакили, — энди бизга бир чеккада туриш ярашмайди. Қурбон бўлишимизга йўл қўймайлик. Келинглар, душманга аҳиллик билан қарши чиқамиз. Агар биз шундай қилмасак, мамлакатни ташлаб кетишимизга тўғри келади ёки шу ерда қолиб, босқинчиларга ихтиёрий тарзда бўйин эгишга мажбур бўламиз. Агар сиз ёрдамлашишни хоҳламасаларингиз, билмадик, биз нима қилишимиз керак? Сизга ҳам бу уруш енгил кечмайди. Чунки Эрон шоҳи бизга юриш қилибди, билингки, сизга ҳам қаршидир. Бизни босиб олгач, улар тинч турмайдилар, сизларни ҳам аяб ўтирмайдилар. Биз сизларга сўзимизнинг муҳим исботини келтирамиз. Агар Эрон шоҳи фақат бизга қарши оёққа туриб, олдинги қулликлар учун ўч олишни истаганда эди, у бошқа халқларга тинчлик бериб, тўғри бизнинг мамлакатга юриш қилган бўларди. У ҳолда, Эрон шоҳи скифларга қарши келаётгани ҳаммага аён бўларди. Афсуски, шоҳ ҳаммамиз яшайдиган қитъага сузиб ўтмоқда, ўз йўлидаги барча халқларни бўйсундиришни ният қилмоқда. Кўпгина иттифоқчи қавмлар унинг қўлига ўтиб бўлди. Шу жумладан, бизга қўшни бўлган гетлар ҳам.

Скифлар вакилининг ушбу маълумотидан сўнг иттифоқчи қавм бошлиқларининг вакиллари кенгашишга киришдилар, фикрлари билан ўртоқлашдилар: гелонлар, будинлар ва савроматларнинг ҳукмдорлари скифларга ёрдам беришга ваъда бердилар. Агафирлар, неврлар, андрофаклар, шунингдек, меланхленлар ва таврларнинг ҳукмдорлари скиф вакилига шундай жавоб беришди:

— Агар сиз ўтмишда форсийларни хафа қилмаганларингизда ва улар билан урушмаганларингизда эди, биз сизнинг таклифингизни тўғри тушунган ва бажону дил қабул қилган бўлардик. Лекин сиз бизнинг маслаҳатларимизсиз форслар ерига бостириб кирдингиз, унга эгалик қилдингиз, у пайтда тангри сизларга йўл берган эди. Энди эса ўша тангри улар томондадир ва форсийлар сизлардан ўч олиш ниятидадирлар. Биз у пайтда уларни хафа қилмаган эдик ва энди ҳам ҳеч қачон улар билан жанг қилмаймиз. Агар форсийлар бизнинг мамлакатга ҳужум қилмоқчи бўлса, бунга йўл қўймаймиз. Лекин биз ҳозирча бу хавфни кўрмаяпмиз, шу сабабли ўз юртимизда қоламиз. Бизнингча, форсийлар бизга эмас, балки ўз дилозорларига қарши келганлар.

Бундай жавобни олган скифлар форсийлар билан очиқчасига жанг қилмасликка аҳд қилдилар. Скифлар секин-аста орқага чекиндилар, молларини ҳайдадилар, қудуқ ва булоқларини кўмдилар, ўт-ўланларни нес-нобуд қилдилар. Улар ўз қўшинларини икки қисмга бўлишди. Скопас раҳбарлик қилган биринчи қисмга савроматлар қўшилдилар. Бу ҳарбий қисм форслар ҳужум қилган ҳолда Меотида кўли ёқалаб, Тана (Дон) дарёсигача чекиниши, агар форсийлар орқага бурилишса, у ҳолда уларни кузатиши лозим эди. Бу қўшин уч скиф шоҳлигининг биринчиси бўлиб, кўрсатилган йўлдан бориш тўғрисида буйруқ олди. Иккинчи шоҳликка Иданфир, учинчисига Таксак ҳукмдорлик қиларди. Уларга Гелон ва будинларнинг қўшинлари қўшилган бўлиб, улар секин-аста чекиниши, форсийлардан кундузги кўчиш масофасини сақлаб туриши, шу асосда ҳарбий режани бажаришга келишилган эди. Энг аввало, скифлар ўз иттифоқида бўлиб, лекин бўйин тоблаган қавмлар ерига форсийларни алдаб киритиш, уларни эонийлар билан уруштиришни жуда муҳим масала деб ҳисобладилар. Агар улар форсийлар билан жанг қилишни ўз ихтиёрлари билан хоҳлашмаган бўлса, энди уларни душманга қарши жанг қилишга мажбурлаш керак эди. Чиндан ҳам агар бу ақлли тадбир бўлса, иттифоқдан бўйин товлаган форсийлар билан курашиб, ўзларига фалокат ёғдиришади.

Ушбу қарорга келган скифлар Доро қўшинига қарши жангга отландилар. Олдинда энг яхши чавандозлардан ташкил топган ҳарбий қисм борар эди. Аёллар ва болалар ўтирган тўрт ғилдиракли соябон аравалар, шунингдек, озиқ-овқат учун сақланганларидан ташқари барча моллар Шимол томонга жўнатиб юборилди. Шундан сўнг ҳарбий аравалар карвони олдинга силжиди. Скифларнинг бош ҳарбий қисми Истр (Дунай) дарёсидан уч кунлик масофада фосийлар билан учрашдилар. Скифлар ўз душманларини кундузги юриш вақтида аниқладилар ва ўт-ўланларни юлиб, чодирларини ўрнатдилар. форсийлар скиф отлиқ қўшинлари пайдо бўлганлигини сезиб қолишди ва доимий равишда чекиниб юрган скиф сипоҳлари изидан тушдилар. Шундан сўнг форсийлар скиф жангчиларининг бир қисмини Дон дарёсининг шарқий оқими бўйлаб кузатиб бордилар. Скифлар яна Дон дарёсидан ўтдилар, форсийлар ҳам тўппадан тўғри уларнинг орқасидан сузиб, кузатишни давом эттирдилар.

Форсийларнинг йўли Скифия ва Савроматия орқали давом этарди. Улар жойларни вайрон қила олмадилар, чунки бу беҳуда юришлар эди. Скифларда қад кўтарган қишлоқ ва шаҳарлар йўқ эди. Будинларнинг ерига кириб борилгани сари форсийлар атрофи ёғоч деворлар билан ўралган шаҳарга дуч келдилар. Будинлар қочишди, шаҳар бўшаб қолди, форслар унга ўт қўйдилар. Шундан сўнг форсийлар яна чекиниб, юрган скифларни кузатишни давом эттирдилар ва улар саҳрога дуч келишди, бу мутлақо одам оёғи етмаган чўл бўлиб, бу будинлар мамлакатининг шимолида жойлашган, узунлиги етти кунлик йўл эди. Шимолдаги бу саҳрода фиссагетлар яшашарди. Уларнинг еридан Меотида кўлига қуйилувчи тўртта дарё: Лик, Оар, Тана ва Сирг оқиб ўтарди.

Саҳрода мўл йўл босиб, ҳориган Доро ўз қўшини билан Оар дарёси бўйида тўхтади. Шоҳ ҳар қайсисининг ўртасидаги масофа 60 метр чамаси бўлган саккизта истеҳком қуришни буюрди. Шоҳ бинони қуриш билан овора бўлган пайтда улар таъқиб этаётган скифлар Доро қароргоҳининг шимол томонидан ўтиб, яна Скифия томон кетдилар. Скифларнинг фавқулодда пайдо бўлганлигини сезган Доро қурилишни тўхтатди, лекин скифлар қайта кўринмадилар. Доро унинг қаршисига скифларнинг барча қўшини келди ва улар ғарбга қочдилар, деб ўйлади.

Доро қўшини билан тезда Скифияга етиб келар экан, бу ерда ҳам скифларнинг икки қўшинини кўрди. Шоҳ улар билан тўқнашди. Лекин скифлар ундан бир кунлик йўл илгари ўтиб кетганлигидан ҳайратда эди. Доро тазйиқни давом эттирди. Скифлар эса ўз ҳарбий режаларига кўра жангда ёрдам беришни хоҳламаган қавмлар, энг аввало – меланхленлар мамлакатига чекиндилар. Форсийлар ва скифларнинг бостириб келишидан меланхленлар қўрқиб кетишди. Сўнгра скифлар ўз душманларини андрофаглар яшайдиган вилоят томон етакладилар. Яна қўрқинч ва ваҳима ичида неврлар ерига чекиндилар. Шундан сўнг скифлар агафенлар ерига қочишди. Агафирлар ўз қўшинлари ваҳима ичида қолиб, скифлар олдига тушиб чопаётганини кўришар экан, ўзларини ҳимоя этишга киришдилар ва скифларга чопар юборишди. Скифлар ўз мамлакатларига бостириб киришга журъат этишса, улар билан қаҳрамонларча курашишга тайёр эканлигини билдирдилар.

Шундай сўнг агафирлар душман ҳужумини қайтариш учун ўз чегараларига қўшин чиқардилар. Меланхленлар, андрофаглар ва неврлар форсий ҳамда скифларнинг ҳужумига бардош бера олмадилар. Улар қўрқув ичида шимолий саҳроларга қочишди. Скифлар агафирлар мамлакатига боришмади, уларни ҳам қочириб қўйишни исташмади. Лекин форсийларни неврлар мамлакатидан ўз ерларига алдаб, чақира олдилар.

Уруш кундан-кун таранглашиб борар эди. Охири сира кўринмасди. Шу сабабли Доро ўз суворийсини скиф шоҳи Иданфир ҳузурига хат билан жўнатди.

— Ахмоқ! Нега сен ҳамма вақт қочиб юрасан, ҳатто сенга имконият берилганда ҳам фойдаланмайсан. Агар сен ўзингни менинг куч-қудратимга бардош бераман деб ўйласанг, у ҳолда тўхта, дарбадарларча юришни бас қил, мен билан жангга туш! Агар сен ўзингнинг жуда кучсизлигингни тан олсанг, у ҳолда ҳам қочишингни тўхтатишингга тўғри келади. Эгаллаб турган ер ва сувларингнинг тақдири учун ҳам биз билан музокарага киришишинг керак.

Бу сўзларга скифлар шоҳи Иданфир шундай жавоб қайтарди:

— Менинг тутган йўлим шундай, ҳурматли шоҳ! Мен ҳеч қачон қўрқинчдан қочган эмасман ва ҳозир ҳам сендан қочаётганим йўқ. Ҳозир ҳам ўзимни тинчлик давридагидек хотиржам сезмоқдаман. Мен сен билан нега жангга киришмаяпман, буни ҳам тушунтираман. Бизда шаҳарлар ҳамда ишлов бериладиган ерлар йўқ. Биз уларнинг вайрон бўлиши ва харобаланишидан қўрқмаймиз. Шу сабабли сен билан жанг қилишга шошилмаяпмиз. Агар сен биз билан уруша олмаяпман десанг, бизнинг оталаримизнинг қабрлари мавжуд. Уларни топинглар, бузишга уриниб кўринглар, шундагина биз қабрлар учун жанг қиламиз. Унгача, бизга маъқул топилмагунча, биз сиз билан жангга киришмаймиз, жанг қилиш ҳақидаги бу фикр менинг қатъий қароримдир. Биз ҳукмдор деб фақат скифлар худоси Зевс ва Гестияни тан оламиз. Сен ўлпон сифатида ер ва сувимизни кутаяпсан. Мен эса сенга бошқа эҳсон жўнатаман Чунки сен унга лойиқсан. Сен ўзингни менга ҳукмрон санаганлигинг учун ҳали менга қимматли товон тўлайсан.

Эрон чопари ушбу жавобни олиб, Доро ҳузурига жўнади. Скиф шоҳлари Скопас бошчилик қилаётган савроматлардан иборат қўшинларининг бир қисмини Дунай дарёсидаги кўприкни қўриқлаш учун ионянлар билан музокара қилишга жўнатдилар. Бошқалари эса форсийларни энди алдаб, чалғитмаслик, аммо озиқ-овқат ахтариб чиққанларида ҳужум қилишга аҳд қилдилар. Скифлар ушбу режани амалга ошира бориб, Доро жангчиларидан бир нечтасини овқат излашга чиққанларида ўққа тутдилар. Скиф суворийлари душман суворийларини мунтазам равишда таъқиб қилдилар. Форсийларнинг қочоқ суворийларига ёрдам бериш учун пиёдалари ҳам ҳужумга отланишди. Скифлар пиёдаларга ҳам қарши курашдилар. Бундай ҳужумлар кечалари ҳам уюштирилди.

Форсийлар ва скифларнинг жанги пайтида кулгилили ҳодисалар ҳам юз бериб турди. Доро суворийлари эшак ва хачирларни ҳам урушга жалб этган эди. Эшакларнинг ҳанграшию хачирларнинг кўриниши скифлар Доронинг қароргоҳига ҳужум қилишган пайтда форсларга қулайлик туғдирса, аксинча скифларга халақит берди. Скифлар мамлакати совуқ бўлганлиги сабабли эшак ва хачирлар бу юртда бўлмас эди. Эшак нима эканлигини билмаган скифлар уларнинг бақириқли овозларини эшитиб, эсанкираб қолдилар. Отлар эса эшакнинг овозидан қўрқиб, орқага тисланиши ҳам камдан-кам учрайдиган ҳодисадир.

Отлар эшакларнинг ҳанграшидан қулоқларини диккайтиришди, эҳтимол, улар аввал бу хил ҳайвоннинг товушини бирор марта эшитишмаган, уни кўришмаган эди. Шундай қилиб, эшак ва хачир ҳангомаси форсийларга жангда қисқа муддат ёрдам берди, холос.

Скифлар форсийлар ўртасида саросима ва парокандалик юз бераётганини кўриб, уларни ўз юртларида ушлаб туриш ва азоблаш, зарурий нарсалардан маҳрум этиш йўлларини изладилар. Скифлар ўзларининг бир қисм подаларини чўпонлар билан бирга қолдирдилар, ўзлари эса бошқа жойга кетдилар. Форсийлар молларини қўлга киритишар экан, ўз муваффақиятларидан фахрланишар эди.

Бу ҳодиса тез-тез такрорланди. Натижада Доро қийин аҳволга тушмади. Бу воқеадан хабардор бўлган скифлар шоҳи Дорога совға жўнатди. Совға қуш, сичқон, қурбақа ва бешта камон ўқидан иборат эди. Форсийлар совғани олиб келган чопардан бу нарсаларнинг қандай маъно беришини сўрадилар:

— Менга фақат совғаларни топшириш ва тезда орқага қайтиш буюрилган, -деб жавоб берди чопар ва ўз сўзига қўшиб қўйди. – Агар форслар доно бўлишса, бу совғаларнинг мазмунини ўзлари англаб етишлари керак.

Форсийлар скифлар жўнатган совғанинг мазмунини очишга киришдилар. Доро совғани шундай изоҳлади:

— Скифлар менга ҳокимиятни, ер ҳамда сувини топширишмоқчи. Сичқон ерда яшайди, инсондек ернинг маҳсулотидан озиқланади. Қурбақа сувда яшайди. Қуш чаққонлиги билан отга ўхшайди, камон ўқларини топширишлари эса скифларнинг бизга қаршилик кўрсатмасликларининг белгисидир.

Доро қўшинлари орасида Гобрий исмли доно киши бор эди. У Доронинг сўзларига қарши ўлароқ совғани бошқачароқ изоҳлади.

Агар сиз, форслар, қушдек осмонга парвоз этмасаларингиз ёки сичқондек ер остига йўқолмасаларингиз, ёки қурбақадек ботқоққа сакраб тушмасаларингиз, ушбу камон ўқларидан ҳалок бўласизлар, ватанларингизга қайта олмайсизлар.

Шундай қилиб, форсийлар совғанинг маъносини топишга эришдилар. Шу пайтда скифларнинг бир қўшини Дунай томондан ионянлар (ионянлар грек қавмларидан бири. Эҳтимол, бу пайтда улар форсийлар тутқунида бўлишган.- А.А.) билан музокара олиб боришга жўнади. Ионянлар Меотид кўли ёнида қоровулликда туришган эди. Дунай дарёси кўпригига яқинлашар экан, скифлар ионянларга шундай мурожаат қилдилар:

— Эй ионянлар, биз сизга озодлик келтирдик. Фақат бунинг учун бизга бажонудил қулоқ солинглар. Билишимизча, Доро 60 кундан кейин кўприкни бузишга амр этди. Агар у шу муддат орасида келмаса, сиз ўз ватанларингизга қайтишларингиз мумкин. Агар сиз кўприкни ҳимоя қилсаларингиз, у ҳолда шоҳ олдида ва бизнинг олдимизда ҳам айбдор саналмайсизлар. Кўрсатилган муддатни кутинглар, ундан сўнг ватанларингга жўнанглар.

Ионянлар скифларнинг илтимосини бажаришга ваъда бердилар.

Эрон шоҳига совға жўнатилганидан сўнг скифларнинг пиёда ва отлиқ қўшинлари форсийлар билан жанг қилишга шай турдилар. Скифлар жанговар ҳолатда эди. Шу пайт уларнинг ёнидан қуён ўтиб қолди. Скифлар қуённи тутиш пайига тушдилар, жангчилар ўртасида тартибсизлик бошланди, қий-чув кўтарилди.

– Скифлар томонида нима шовқин-сурон? – ажабланиб сўради Доро.

Унга скифлар қуённинг орқасидан қувишаётганлигини айтишди. Шундан сўнг Доро ўз яқинларига дардини ёрди:

— Скифлар бизни ҳаддан ташқари писанд қилмаяптилар. Говрий скифларнинг совғасини тўғри таҳлил қилгани энди менга аён бўлди. Аҳволимиз қай тарзда эканлигини кўриб турибман. Қандай қилиб юртимизга эсон-омон етиб оламиз. Бирор яхши маслаҳат айтинглар-чи?
— Шоҳим! – Говрий Дорога мурожаат этди. – Мен қачонлардир бу қавмга бас келиб бўлмаслиги ҳақида эшитган эдим. Бу ерга келиб янада кучлироқ ишонч ҳосил қилдим. Кўриб турибмизки, улар бизнинг устимиздан масхарамуз кулмоқдалар. Шу сабабли сизга шундай маслаҳат бераман: қоронғи тушиши билан, одатимизга кўра, олов ёқайлик, кучсиз жангчиларимиз ва барча эшакларимизни боғлаб шу ерда қолдирайлик, сўнгра орқага чекиниб, скифлар Дунайга етмасдан, ионянлар биз учун бирор ҳалокатли қарорини ўйлаб топмасдан кўприкни бузайлик.

Қоронғи туша бошлагач, Доро Говрийнинг маслаҳатини бажаришга киришди. Кучсиз жангчилар, барча эшаклар ҳарбий қароргоҳда қолдирилди. Олов ёқилди, Доро Дунай томон шошилди. Эшаклар янада кучли овоз билан ҳанградилар. Скифлар эса эшакларнинг товушини эшитишиб, форслар ўз қароргоҳларида деб мутлақо ишондилар.

Эртаси куни ҳарбий қароргоҳда қолган форсийлар шоҳ Доро бизларни ташлаб, ўз юртига жўнаб кетди деб тушундилар. Улар скифларнинг қўлига асир тушар эканлар, раҳм-шафқат тиладилар ва бўлган воқеаларнинг ҳаммасини айтиб бердилар. Буни эшитган скифлар тезда ўз кучларини тўпладилар, уларнинг икки қўшини (биттаси савроматлар билан биргаликда, иккинчиси будин ва гелонлар билан биргаликда) тайёр эди. Қўшинлар Дунай дарёси томон форсийлар изидан тушдилар. Эрон аскарларининг катта қисми пиёдалардан иборат эди. Бунинг устига улар йўлни яхши билишмас эди. Скифлар эса отда бўлиб, Дунайга борадиган яқин йўлни билишарди. Шу сабабли икки қўшин икки томонга кетди, скифлар кўприкка форсийлардан олдин етиб келишди, улар ҳали форсийлар етиб келмаганлигини кўришар экан, ўз кемаларига ўтириб олган ионянларга шундай мурожаат этдилар:

— Эй ионянлар, сизларга кутиш учун белгиланган кунларнинг сони тугади. Агар бу ерда қолсаларингиз энди хато қиласизлар. Чунки сизларни бу ерда фақат қўрқинч ушлаб турган эди. Энди тангри ва скифлар шарофати билан озодликка чиқдингизлар ва тезда ҳуқуқларингизни тиклайсизлар. Биз сизнинг султонингизни шу даражада жазоладикки, энди унга ҳеч бир халққа қарши қўшин тортиш сира насиб қилмайди.

Скифларнинг қадимги тасвирий санъатларида от, арслон, шер, бўри, эчки, кийик, қуён каби ҳайвонларнинг турли хил кўринишдаги суратлари учрайди. Қадимда скифлар ўз паҳлавонлари, хоқонлари жангда қаҳрамонлик кўрсатишса, баҳодирлиги, куч-қудратини улуғлаш мақсадида уларни ҳайвонлар номи билан аташ ёки ўзларини бирор кучли ҳайвондан таралган деб ҳисоблаш анъанасига эга эди. Шер қадимги туркийларнинг қаҳрамонлик тимсолидир. Эҳтимолки, қадимий давлатларнинг рамзий белгиси бўлса, скифларники шерсифат кучли ҳайвондир. Чунки қадимги туркий хоқонлар саройларининг дарвозалари ёнига шер ҳайкали ўрнатилган. Бу кучлиликнинг рамзий белгисини ифодалаган.

Шумерларнинг «Билгамиш» достонига чизилган тасвирлар орасида ҳўкиз қиёфасидаги одамларни кўрамиз. Улар осмон худоси томонидан Билгамишга қарши жўнатилган куч. Иккинчи тасвирда ҳўкиз одам билан шернинг кураши берилган. Эпосда Билгамиш ҳўкиз қиёфасидаги одамларга қарши курашади. Айтиш мумкинки, бу тасвирдаги шерсифат одам қадимги туркийлар тимсолига ҳам мантиқан яқин туради. Қадимги туркийлар турмуш тарзи шер билан боғланганини, арслон ва шер уларнинг хоқони тимсоли эканини «Алпомиш» достонида ҳам сезиш мумкин. Алпомиш қалмоқлар зиндонидан кайтиб келгач, ўзини ҳеч кимга танитмайди. Аммо уни таниган аёл «Элга йўлбарс оралади», «Йўлбарс келиб юртига оралади», дейди. Бу ўринда йўлбарс – юрт хоқони, беги Алпомишни билдиради. Туркий халқларнинг афсонавий қаҳрамони даражасига кўтарилган Алп Эр Тўнга номи ҳам «йўлбарсдан кучли баҳодир одам» мазмунини ифодалайди.

Бизгача скиф қавмининг дунёга келиши, бошқа қавмларга ўз таъсирини ўтказиши ва иттифоқчи қавмларнинг етакчиси даражасига айланиши, хусусан, Кичик Осиёда ўз ҳукмронлигини ўрнатиши тўғрисидаги бир неча ривоятлар етиб келган. Геродот «Тарғитой», «Скифнинг туғилиши» афсоналарини келтирар экан, булардан ташқари, яна учинчи ривоят ҳам мавжуд, мен ҳаммадан кўра шунга кўпроқ ишонаман, деб ёзади:

ШОҲГА БЎЙСУНМАГАН КИММЕРЛАР АФСОНАСИ

Скифларнинг кўчманчи қабилалари Осиёда макон топдилар. Массагетлар ҳарбий куч билан скифларни сиқиб чиқарганларидан сўнг улар Арак дарёси бўйига ўтдилар ва киммерийлар ерига келдилар (ҳозир скифлар яшайдиган мамлакат, айтишларича, азалдан киммерийларга тегишли бўлган). Скифларнинг киммерийларга яқинлашуви кенгашишга сабаб бўлди.

— Кўп сонли скифлар қўшинини нима қилиш керак?

Кенгашда ҳар хил фикрлар туғилди. Томонлар ўз фикрларини ҳимоя қилсалар-да, лекин шоҳнинг таклифи ғолиб келди. Халқ кўп сонли скифлар билан курашиш керак эмас, деб ҳисоблади. Шоҳ эса бу фикрга қарши ўлароқ, она ерини босқинчилардан ҳимоя қилишни зарур деб билди. Шундай қилиб, халқ шоҳнинг маслаҳатига қулоқ солмади. Шоҳ эса халққа бўйин эгишни истамади. Халқ ватандан чиқиб кетиш ва босқинчиларга ўз ерларини жангсиз топширишга аҳд қилди. Ниҳоят, шоҳ ҳам она тупроқда суяги чўзилиб қолганидан кўра халқ билан бирга қочиб, жонини қутқариб қолишни афзал кўрди. Чунки шоҳ киммерийлар она тупроқларида қандай улуғ бахтни бошдан кечиришдию ватандан қувғин қилинган ҳамда ҳайдалганларни қандай ғам-ғуссалар кутаётганини тушунган эди. Киммерийлар тенг иккига бўлиндилар ва ўртада кураш бошланди. Киммерийлар биродаркушлик урушида ҳалок бўлганларнинг барчаси Тираса (Днестр) дарёсининг остига (шоҳнинг қабрини ҳам) кўмдилар. Шундан сўнг киммерийлар ўз ерларини тарк этдилар. Скифлар эса одамсиз мамлакатни эгаллаб олдилар.

Тарихий маълумотларга кўра, скиф хоқони Протофей (айрим манбаларда Прототей), сўнгра унинг ўғли Мади 652-625 йилларда Кичик Осиё мамлакатларига ҳукмронлик қилишган. Скифларнинг Мидияга бостириб кириши воқеаларидан бири шундай бўлган: Мидия шоҳи Фраорт оссурияликлар билан бўлган жангда енгилади. Ўғли Киаксар (Кайхисрав) қўшинни қайта тузиб, урушга тайёргарлик кўра бошлайди. Геродот бу ҳақда шундай ёзади «Киаксар ўз ҳукми остидаги барча халқлар билан отаси учун қасос олиш ва вайрон қилиш мақсадида Нин шаҳрига юриш қилди. У оссурияликларни енгиб, Нин шаҳрини қамал қилган пайтда унинг давлати ҳудудига скифларнинг улкан қўшини бостириб кирди. Уларнинг йўлбошчиси Мади бўлиб, у Протофейнинг ўғли эди. Скифлар киммерийларни Европадан қувиб чиқариб, Осиёда таъқибни давом эттирдилар ва шу тариқа Мидия ерларига бостириб кирдилар».Улар кимерийларга ўхшаб, қўққисдан ҳужум қилиш усулини эгаллашган. Скиф ва киммерийлардаги эпчиллик, чавандозлик, мерганлик, душманга қўққисдан ҳужум қилиш туркий хоқонлардан Темурийларга ҳам хос бўлган. Бу «турктоз» усули деб номланган.

Скифия (Турон ) ва Мидия (Эрон) урушлари мавзуси жаҳон адабиётида катта саҳифани ташкил этади. Бу икки мамлакат ўртасидаги урушлар қайта-қайта содир бўлганидек, бу воқеаларнинг таъсирида юзага келган ривоят ва афсоналар, ҳатто йирик достонларда ҳам Эрон ва Турон шоҳлари, қўшин бошлиқларининг ранг-баранг образлари яратилган. Мидиянинг Скифияга қарши бошланган урушларининг бирига скифларнинг жаҳлдорлиги, шафқатсизлиги сабаб бўлган экан.

СКИФЛАР «ОВ»И АФСОНАСИ

Қасоскор скифларнинг тўдаси Мидия ерига кўчиб ўтдилар. Бу пайтда мидияликлар шоҳи Деиокнинг невараси, Фраортнинг ўғли Киаксар эди. Бошпана сўраган скифларни Мидия шоҳи дастлаб дўстона қабул қилди. Уларга ишонганидан ўз ўғилларини топширди, камондан ўқ отиш сирларини ўргатишни сўради. Скифлар овчилик билан шуғулланишар, турли қушлар ва жониворларни ушлаб келишар ва уни Киаксарга туҳфа этишар эди. Лекин кунлардан бир кун скифлар овдан ҳеч нарса олиб қайтишолмади. Бунинг учун Киаксар қўллари бўш келган скифларни ёмон сўзлар билан ҳақоратлади. Мидия шоҳидан ноҳақ сўкишларни эшитган скифлар жуда хафа бўлдилар ва шоҳнинг шогирдликка берган ўғилларидан бирини чопиб, бўлаклаб, ов маҳсулоти сифатида Киаксарга совға қилишга қасам ичдилар. Шундан сўнг оддий овдек боланинг ичак-чавоғини тозалашди, ва унинг гўштини пиширишиб, Киаксарнинг дастурхонига қўйишди. Бу воқеадан кейин скифлар ўз сирлари ошкор бўлиб қолишидан чўчишиб, тезда Сарди шаҳрига, Лидия шоҳи Алиатт ҳузурига қочишди. Киаксар эса гўштни меҳмонлари билан биргаликда танаввул этди. Киаксар танаввул этилган гўшт ўғлиники эканлигини билиб, скифлардан ўч олишга онт ичди. Лекин Киаксар ҳар қанча талаб қўймасин, Алиатт скифларни унга қайтариб беришни истамади. Мидияликлар ва лидияликлар ўртасида урушнинг бошланишига скифлар «ов»и сабаб бўлган экан.

АЛП ЭР ТЎНГА ШАХСИЯТИ ВА У ҲАҚДА ЯРАТИЛГАН АСАРЛАР

Қадимги юнон ва оссурия тарихига оид китобларда Кайхисрав ва скиф ҳукмдорлари ўртасидаги жангларга алоҳида ўрин ажратилган. Маълумотларга қараганда, Кайхисрав скифларни Мидиядан ҳайдаб чиқаришга муваффақ бўлмайди ва ҳийла йўлига ўтади. Уларнинг йўлбошчиси Мадини ярашиш зиёфатига таклиф этиб, заҳарлаб ўлдиради. Скифларнинг орасини бузиб, бир қисмини ўзига ағдариб олади. Улардан тан қўриқчилар танлайди. Улар задогон мидиялик ёшларни камондан ўқ узиш ва овга ўргатадилар.

Рус туркийшунос олими С.Ю Неклюдов асослашича, туркий халқлар тил бойлигидаги эр, эрлик, хон, багатур, маадир, боотур, пахатур, мадур, олып, алп, кучу, багу, мерген, бўкў каби сўзларнинг барчаси кучлилик, баҳодирлик ва қаҳрамонликка нисбатан қўлланилади.

Туркийларнинг афсонавий қаҳрамони тимсолига айланган Алп Эр Тўнга тарихий шахс Мадининг умумлашган бадиий образидир. Алп Эр билан Мади бир хил маънодаги исмлардир. Мади – Маадирнинг қисқарган шакли бўлиб, у баҳодир (алп эр ) мазмунини беради. Ҳозир бу сўз тува тилида қўлланилади ва у Ма:адир шаклида ёзилади. Туркийларда М ва Б товушлари алмашувчандир (байрам – майрам, бўйинчоқ — мунчоқ каби). Демак, Ма: адир – Баҳодир – Алп Эр милоддан олдинги ВИИ асрда яшаган турк хоқонининг номидир. Маҳмуд Кошғарий ва Юсуф Хос Ҳожиб Алп Эр Тўнга форсий адабиётда Афросиёб номи билан тасвирланишини кўрсатишади. «Девону луғотит турк»да Алп Эр Тўнга образи яратилган халқ достонининг парчалари ҳам сақланган. Алп Эр доно, зукко, тадбиркор хоқон бўлган. У айтган ҳикматли сўзлар ўз қавмлари ўртасида машҳур эди. «Қутадғу билиг»да бу ҳикматлардан ўринли фойдаланилган. Достондаги «Алп Эр Тўнга», «Алп Эр», «Тўнга Алп Эр», «Жаҳонгир киши», «Доно элбеги», «Элчи боши», «Беклар беги», «Ботир киши»
номи билан келтирилган ҳикматлар туркийларнинг қадимий хоқонларига дахлдордир. Қуйидаги матнлар бунинг ёрқин мисоли бўла олади.

Неку тер эшитгил Тўнга Алп Эриг, Билиб сўзламиш кўр бу ўт сав ириг. (Нима дер эшитгил, Алп Эриг Тўнга, Билиб айтмиш ўгит, насиҳат сенга).

Эт-ул бу киши кўнгли артар йидир,
Эти кад кадазгу э қилқи қадир.
(Киши кўнгли гўштдир, ҳидла бузилур,
Гўштни авайлагин, эй феъли қодир).

Неча кад эр эрса юнғағ тингламас,
Узунчи ара кирса серну умас.
(Яхши одам ғийбат тингламас бўлса,
Ғийбатчи ора кирса ўзни тутолмас).

Неча кад бек эрса ўқушлуғ удуғ,
Юнғағчи яқин бўлса тегрур юдуғ.
(Қанчалик яхшидир, заковатли бег,
Чақимчи яқин бўлса кетар улуғлик).

Кўнгул бег турур бу эт ўз қул асир,
Ара сўзка тумлир арала исир.
(Кўнгил бег, тану жон унга қул, асир,
Гоҳо сўзга совур, гоҳида исир).

Киши табъи тўрт ул қаришма яғи,
Бири кулдурур бир қилур ун чўғи.
(Киши таъби турли, аралаш душман,
Бири кулдирар, ғавғо қилади бири).

Бири эвса бири амуллуқ тилар,
Бири кулса бири сиғитқи улар.
(Бири шошса, бири сокинлик тилар,
Бири кулса, бири йиғи улашар).

Севинчлиғ тедукта сақинч келдурур,
Сақинчлиғ теса бу севинч кулдурур.
(Севин топганда алам келтирар,
Алам келганда севинч кулдирар).

Мидия ҳукмдорининг скифлар хоқони Мадини заҳарлаб ўлдиришига оид тарихий воқеа кейинчалик туркий халқлар оғзаки ижодида юзага келган йирик эпосларда ҳам ўз ифодасини топди. Ўзбекларнинг «Алпомиш», қирғизларнинг «Манас» достонларида, туркий халқлар ўртасида Алп Эр Тўнга номи билан боғланган ривоят ва афсоналарда, анатолия (ҳозирги Туркия) турклари орқали бизгача етиб келган «Алп Эр Тўнга» достонида, Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» китобида сақланган марсияда ушбу воқелик таъсири мавжуд. Шунингдек, форс-тожик адабиётидаги Кайхисрав ва Афросиёб туркумига оид ўнлаб афсоналар, ҳатто Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си ҳам қадимги мидия ва скиф ҳукмдорларининг зиддиятли курашларидан бадиий озиқ олгандир.

Туркий қаҳрамонларни енгишнинг мидияча усули «Алпомиш» достони сюжетида тўла сақланган. Алпомиш қалмоқшоҳ лашкарларига қирғин солади ва қалмоқлар ваҳима ичида қолади. Алпомишни йўқотиш катта кучни талаб этади. Айтиш мумкинки, унга тенг келадиган баҳодир йўқ эди. Кайхисрав Мадини айёрлик билан яксон қилганидек, у ҳам айёрлик йўлни топади. Ўзбеклар ва қалмоқлар урушида ўғилларини йўқотган, Алпомишнинг дўсти Қоражоннинг онаси Сурхайл бу вазифани ижро этади. Унинг режаси билан Алпомишнинг қайнотаси Бойсарининг мол-мулки таланади. Бу воқеани эшитган Алпомиш қайнотасини олиб келиш учун қалмоқлар юртига жўнайди. Тузилган режага кўра, Алпомишни Чилбир чўлида турли хил ичимликлар, беҳуш қиладиган дорилар ва ўзига оро берган қизлар кутаётган эди. Алпомиш ва унинг йигитларининг зиёфат қилиниши Кайхисравнинг меҳмондорчилигини эслатади. Алпомиш шарафига уюшти-рилган зиёфатда ҳам шаробхўрлик авжига чиқади. Қизлар ўз нағмалари, шаробга қўшилган дорилари билан йи
гитларнинг ақлини олишиб, ҳушидан кетказишади.

Эр йигитлар шердай бўлиб,

Берганин қайтармай олиб,

Бу бекларнинг кўнглин хушлаб
Ўйин қилар зулфак ташлаб.

Нечовлари коса берар,
Ноз билан белини ушлаб.

Бу бекларнинг йўли бўлар,
Жуда бекни иззат қилар.

Беҳуш дорилардан солиб,
Узмай қуйиб берар қизлар.

Турк қадимшунос олими Рафиқ Ўздек «Туркларнинг олтин китоби» асарида хилма – хил оғзаки ва ёзма манбалар асосида «Алп Эр Тўнга» достонини тиклайди.

«АЛП ЭР ТЎНГА» ДОСТОНИ

Алп Эр Тўнга деган хоқон бор эди, Унга замину кўк юзи тор эди. Туғ айлаганди у қуёшни кўкка, Доноликда тенгсиз, жаҳонда якка. Кўк турклар, уйғур, қарлуқ ва қорахонли, Тағин қанча турклар инсоф-иймонли. Уни ўзларига ота дейдилар, Зафар шуҳратини ҳар ён ёйдилар. Бандаликни бажо келтиргач хоқон, Эл юрт кўк либосга бурканди шу он. Иззат-икром ила номин йўқлашиб, Қолди ёшлар тўкиб, чекдилар афғон.

Турон билан Эрон – икки қўшни давлат бир-бирига душман эди. Эрон мамлакатининг тахтида Манучеҳр, Турон ўлкасининг тахтида эса Алп Эр Тунганинг отаси Пешенг ҳукмрон эди. Эрон ҳукмдори Манучеҳр ўлгач, хоқон Пешенг ўғли Алп Эр Тўнгага шундай деди: «Форслар бизга жуда кўп ёмонлик қилди. Энди туркнинг ўч олар пайти келди!»

Алп Эр Тўнга зотан шундай бўлишини истар эди. «Арслон билан ҳам курашишга тайёрман, Эрондан, албатта, қасос оламан», дейди у. Пешенгнинг иккинчи ўғли Алп Ариз форслар билан урушнинг тарафдори эмас эди. Алп Эр Тўнга жангга тайёргарлик кўришга қарор қилди

Ал Эр Тўнга арслон янглиғ ёлли, сарвдек қоматга молик эди. Ўз ёвига тимсоҳдек ташланар, шикор чоғи арслондек эпчил, саваш онида эса жангга кирган филдек бақувват эди. Юрган заҳоти ер ларзага келарди. Бирин-кетин отган ўқлари еру кўкни ингратарди. У ғазабланиб жангга киргудек бўлса, қадам босган жойида чуқурлик, тўккан қонидан ирмоқ пайдо бўларди. Дўстларига умид ва саодат бахш этувчи тили душманлари учун ўткир қиличдек заҳарли эди. Доноликда ундан устун келадиган киши йўқ эди. Кўнгли дарёдай кенг, қўли эса ёмғир келтирувчи булутдек очиқ эди. Отасининг исми Пешенг, отасининг қавмидек, унинг қавми ҳам Турк эди. Алп Эр Тўнганинг ўғиллари ва қизлари ҳам бўлган. Қизларидан бири Қоз (ғоз)дек чиройли бўлганлиги сабабли унга Қоз (Қоз) дея от қўйишган экан. Отаси унга атаб Ила денгизига қўйиладиган катта бир дарё қирғоғида қалъа-қаср қурдирган эди. Қоз (Ғоз) бу ерда яйраб сузиб юрарди. Шу боисдан турклар «Қоз суви» дейдиган бўлишди. Кейичалик эса Қоз яшаган, яйраб ўсган у маскан шаҳарга айланди. Бу шаҳарга «Қоз ўйини» номи берилди (ҳозирги Қазвин шаҳри)…

Алп Эр Тўнга ўз қўшини билан Эрон сари равона бўлди. Икки қўшин Деҳистон туманида тўқнашди. Шу ерда турк қўшинидан Бормон исмли йигит отини олға сураркан, форслардан яккама-якка кўрашга чиқадиган йигитни талаб қилди. Бормон билан беллашувга форс қўмондонининг иниси Қубод чиқди. Икки жангчи эртадан кечгача савашди. Бормон Қубодни найза билан ерга қулатди ва Алп Эр Тўнга ҳузурига ғолиб сифатида қайтиб келди.

Шундан кейин иккала мамлакат қўшинлари бир-бирига қоришиб кетди. Ўша куни шундай шиддатли жанг бўлдики, уни таърифлашга қалам ожиздир. Бу жангда Алп Эр Тўнга зафар қучди. Жанг майдони форсларнинг жасади билан тўлиб кетди. Эрон подшоси орқага чекинишга мажбур бўлиб, Деҳистон қалъаси томон йўл олди. Алп Эр Тўнга қалъани қуршаб олди ва Эрон подшосини асирга туширди. Шундан сўнг Эрон билан ёнма-ён бўлган Қобул давлатининг ўз қахрамонлиги билан довруғи кетган подшоси Зол форсларга ёрдамга отланди. У турк қўшинларини ўша ҳужумдаёқ тор – мор келтирди. Ундан ғазабланган Алп Эр Тўнга асирликдаги Эрон шоҳини қатл эттирди. Бошқа асирларини ўлдиришга эса укаси Алп Ариз қаршилик қилди. Асирларини Сори шаҳрига жўнатиб юборишди. Кўп ўтмай ўша асирларнинг қочиб кетишига қаршилик қилмаган ёхуд, умуман, аҳамият бермагани учун Алп Эр Тўнга укаси Алп Аризни ҳам қатл қилдирди.

Алп Эр Тўнга тағин ғолибликни қўлга киритиб, Рай шаҳрига йўл олар экан, Эрон шоҳи тожини бошига кийиб олганди. Форслар эса ўлдирилган подшолари ўрнига Зев номли кишини ўтқазишган эди. Иккала қўшин қайтадан жанг бошлади. Уруш жараёнида катта қаҳатчилик вужудга келди. Бунинг устига, «уруш ва қаҳатчилик одамларни нобуд қилмасин» дея ҳар иккала томон ҳам сулҳ тузишга розилик берди. Эроннинг шимолий тарафидаги вилоятлари Туронга тегди.

Эрон подшоси Зев ўлгач, сулҳ яна бузилади, шунинг учун Алп Эр Тўнга такроран ҳужумга ўтишга мажбур бўлди. Форслар тағин Золдан ёрдам сўрашади. Зол кексайиб қолганлиги туфайли жасоратда ўзидан ҳам ўзиб кетган ўғли Рустамни юборади. Рустам Зол ўғли туркларни мағлубиятга учратади. Кайқубодни эса Эрон тахтига ўтқазади.

Рустам бир ҳужумдаёқ 1160 нафар баҳодир йигитни ўлдиргани учун турклар чекиниб, сулҳ имзоладилар.

Орадан анча вақт ўтгач, Эрон тахтига Кайковус ўтирди. Ўша даврда Эрон ҳомийлигидаги араблар исён кўтарди. Бу тўс-тўполондан фойдаланган Алп Эр Тўнга Эроннинг ичкарисигача кириб боришга муваффақ бўлди ва жуда кўп кишини асирга туширди, аммо Қобул подшоси тағин Эронга ёрдам бердию турклар енгилди. Жангдан кейин Зол ўғли Рустам ўз иттифоқчилари билан махфий равишда урушга тайёргарлик кўра бошлади. Шу сабабдан Алп Эр Тўнга ҳам ўз қўшинларини қайтадан ҳаракатга келтиришга қарор қилди. Лекин у шу пайтда машъум туш кўрди. Унинг таъбирини билиб олгач, ўз беклари билан фикрлашиб, Эрон билан сулҳ тузди. Ўша шартга кўра, Самарқанд, Бухоро ва Чоч шаҳарлари форслар қўлига ўтиши керак эди.

Ушбу сулҳни хоҳламаган Кайковус Рустам ва ўғли Сиёвушга телба-тескари муомала қилиб, уларни қаттиқ хафа этди. Рустам ўз юртига қайтиб кетди. Сиёвуш эса туркларнинг пойтахти Ганг шаҳрига бориб, Алп Эр Тўнгадан ўзига паноҳ сўради.

Сиёвуш ўзини туркларга ғоятда яқин қилиб кўрсатди. Дастлабки пайтларда у ўзини ҳақиқий турк цингари намоён этди. Бу ерда у турк баҳодиридан Пироннинг қизига уйланди. У ўғил кўради, унга Кайхисрав деган исм берадилар. Бир муддатдан сўнг Сиёвуш Алп Эр Тўнганинг соҳибжамол қизи Фарангизга уйланади. Аммо маълум вақт ўтганидан сўнг у турк удумларини менсимай қўйгани учун ва айрим сиёсий ташаббусларни бошлагани сабабли Алп Эр Тўнга уни ўлимга маҳкум этади.

Сиёвушнинг ўлимидан кейин Рустам қўшин йиғиб, яна ҳужумга ўтади, аммо бу гал туркларни катта мағлубиятга учратади. Жанглар давомида Алп Эр Тўнганинг ўғилларидан бири Сарка ҳалок бўлади. Туроннинг бир қанча шаҳарлари ёндириб юборилади.

Алп Эр Тўнга қонли кўз ёшларини тўкди ва Турон учун қасос олишга қасамёд этди. У дарғазаб ҳолда Эронга ҳужум қилар экан, экинзорларга ўт қўйдирди, сон-саноқсиз кишиларни асир қилиб олди. Етти йил ҳукм сурган қаҳатчилик оқибатида форсларнинг кўпи қирилиб кетди.

Алп Эр Тўнга билан Рустам ўртасидаги аҳён-аҳёнда урушлар бўлиб турарди, уларда гоҳ турклар, гоҳ форслар устун келарди. Ўша жангларнинг бирида қўшини билан Алп Эр Тўнгага ёрдамга келган Чин (Хитой) хоқони ҳам асирга тушди. Алп Эр Тўнга кейинги жангда енгилгач, чекинишга қарор қилди. Ўша пайтда Эрон тахтини Турондан олиб қочиб кетилган Кайхисрав эгаллаган эди. Туркларнинг мағлубияти Кайхисравга вақтинча ўзини жаҳонгирдек ҳис этиш имконини берди. Бунинг устига, у Эроннинг номдор баҳодирларидан бири бўлган Бижамни Туронга юборди. Бижам Турон чегарасидан ўтгач, ўрмонда нашъу намога берилиб, кайфу сафо қилиб ўтирган бир гуруҳ қизларни кўриб қолади. Улар Алп Эр Тўнганинг эрка қизи Манижани овунтиришарди. Бижан Манижани бир кўришда севиб қолади ва уни Турондаги ўз саройига олиб келади. Бу воқеадан хабардор бўлган Алп Эр Тўнга ғазабланади, Бижанни зиндонга ташлайди, қизини эса уйдан қувиб юборади.

Эрон подшоси ўз юртига қайтиб келмаган қўмондонини топиб келишни Рустамнинг гарданига юклайди. У шу аснода савдогар сифатида Алп Эр Тўнга саройига келади. Рустам ҳийла-найранг ишлатиб, Бижанни халос этади ва Манижа билан биргаликда Эронга қочириб юборишга эришади.

Рустам бу ҳийласи билан тағин бир ғолиб келган эди. Ғамга ботиб, вақтинча ўзини узлатга тортган Алп Эр Тўнга бекларни йиғиб, шундай дейди:

«Мэн дунёга ҳукмронлик қилувчи хоқонингиз эдим. Шу пайтгача Эрон Туронга бас келмаган эди. Лекин энди форслар саройимгача кириб келяпти. Минг карра минг кишидан иборат бўлган турк ва чин аскарлари билан Эронга юриш қилиб, интиқом олмоқчиман!»

Алп Эр Тўнга мўлжаллаган минг карра минг нафар навкарнинг учдан икки қисмини тўплаган. У қароргоҳи Бойкент (ҳозирги Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида харобалари сақланиб қолган шаҳар)даги олтин ва турфа забаржатлар билан музайян этилган тахтида ўтирар эди. Бирок у хийла кексайганди, жангга жўнатган қўшинининг енгилганидан воқиф бўлгач, ғам дарёсига чўмган эди. Айниқса, яккама-якка бир савашда навниҳол ўғлининг ўлими унинг қалбига бедаво жароҳат солганди. Шунинг учун ҳам у хоқонлик ихтиёрида бўлган барча кучларни тўплаб, яна юриш бошлади. У наъра тортган арслондай ҳужумга ўтарди. Ўта қартайганига қарамасдан, Эроннинг манман деган паҳлавонларидан бир нечасини яккама-якка курашда ер тишлатарди. Ниҳоят, Кайхисрав билан яккама-якка савашиш мақсадида отини олға сурди. Аммо Турон баҳодирлари унинг Эрон подшоси билан жанг қилишини хоҳламасдилар, шу боисдан улар унинг оти тизгинидан ушлаб, ортга қайтаришди. Кайхисрав ўзининг энг кучга тўлган пайти бўлишига  қарамасдан, Алп Эр Тўнга билан жанг қилишга ботина олмади, зотан кексайган ва яраланган шердек ғазабга тўлган Алп Эр Тўнга билан жанг қилишга ижозат беришмади.

Бундай вазият Алп Эр Тўнгага жуда оғир ботди. У қўшини билан бирга Жайҳуннинг нариги соҳилига ўтди. Бу ерда у Қорахоннинг қўшини билан бирлашиб, Бухорога, кейинчалик эса бошкент – пойтахт Қангга келишди.

Қанг жаннатмакон шаҳар эди. Тупроғидан мушку анбар ҳиди таралар, ғиштлари бамисоли олтиндек порларди. Қалъалари шу қадар баланд эдики, устидан бургут ҳам учиб ўтолмасди. Унинг ҳар томонида ғаройиб булоқлар, сув билан лиммо-лим тўла ҳовузлар бор эди. Ҳовузлар ғоят кенг бўлиб, бепоён сардобани эслатарди. Ана шу роҳатбахш масканда истироҳат қиларкан, Алп Эр Тўнга Чин хоқонига мактуб битди, ундан ёрдам олмоқ истарди.

Кайхисрав ва Рустам аввалига ўзларини орқага чекинаётгандек кўрсатишди, сўнгра эса Турон тупроғига бостириб киришди. Улар Қанг шаҳрини қуршаб олдилар. Қалъанинг атрофида хандаклар қаздилар. Ўтин йиғиб, шаҳарга ўт қўйишди. Алп Эр Тўнга икки нафар бекни ўзи билан бирга олиб, хуфёна равишда шаҳардан чиқиб кетди. Шу йўл билан халос бўлди ва ёрдам сўраш учун Чин хоқони сари йўлга тушди. Чин хоқони катта қўшин тайёрлаб қўйганди. Бундан хабардор бўлган барча турк элатлари Алп Эр Тўнганинг ҳузурига етиб келмоқ учун йўлга равона бўлишган эди.

Алп Эр Тўнга қайтадан ўзини қўлга олди, аммо Чин хоқони ўз сўзида турмади ва Кайхисрав билан тил топишиб, шартнома имзолади. Шу ўртада Алп Эр Тўнга Кайхисравга мактуб ёзар экан, одамлардан овлоқ бир жойда, ўзи хохламаган яккама-якка курашга таклиф этди. Шуниси борки, Кайхисрав ўзининг шундай куч-қувватга тўлган, жўшқин бир чоғида арслон Алп Эр Тўнга билан яккама-якка олишувга журъат этаолмади.

Қўшинидан жудо бўлган Алп Эр Тўнга боши гангиган ҳолда Зара денгизи бўйига келди. Ушбу чуқур денгиздан сузиб ўтар экан, Гангидизи шаҳрига етди. Кайхисрав ўзининг беҳисоб қўшини билан уни таъқиб этмоқда эди. Алп Эр Тўнга кимсасиз, ёлғиз қолганди. На ичишга, на ейишга бир нарсаси бор эди. У улкан қояли бир тоғдаги ғорда ўтириб, шум қисматидан нолирди. Тангри таолодан куч-қувват сўраб, унга илтижо қиларди. Хум исмли кимса илтижо этаётган зотнинг Алп Эр Тўнга эканини пайқаган эди, чунки у айтганчалик бу тахлит туркча сўзларни, бундай илтижою муножотни фақат Алп Эр Тўнгагина ифода қилаоларди. Шунинг учун Хум унга ҳамла қилдию асир олди. Аммо Алп Эр Тўнга унинг қўлидан халос бўлар экан, ўзини дарҳол сувга ташлади. Нариги қирғоқда турганлар эса ўзларини унга, даставвал, халоскор дея кўрсатдилар. Алп Эр Тўнга сувдан чиққан заҳотиёқ уни ҳалок этишди. Аммо тарих Кайхисравнинг Алп Эр Тўнгани шу зайл зиёфатга таклиф этиб, уни ҳийла билан ўлдиргани ҳақида гувоҳлик беради.

Бу машъум хабар кўп ўтмай бутун Турон мамлакатига тарқалиб, барчани чуқур қайғуга солди. Барча турклар қонли ёш тўкиб, фарёд солиб, ёқа йиртиб, марсиялар айтиб Алп Эр Тўнгани йўқлашди. Дафн маросими чоғида қўбиз чалган муғаннийлар шу марсияни куйлашган… (туркчадан П.Усмон таржимаси)

АЛП ЭР ТЎНГА МАРСИЯСИ

Алп Эр Тўнга ўлдиму,
Эсиз ажун қалдиму,
Ўзлак ўчин алдиму,
Эмди юрак йиртилур,

Улишиб эран бурлаю,
Йиртин яқа урлаю,
Сиқриб уни юрлаю,
Сихтаб кўзи уртулур.

Ўзлак ярағ кузатти,
Ўғри тузақ узатти,
Беглар бегин азитти,
Қачса қали қуртулур

Угруюри мундағ ўқ,
Мундан азин тендағ ўқ,
Атса ажун ўғраб ўқ,
Тағлар баши кертилур.

Беглар атин арғуруб,
Қайғу ани турғуруб,
Мэнгзи юзи сарғариб,
Кўркум ангар туртулур.

Яғи утин учурган,
Тўйдин ани кучурган,
Ишлар узуб кечурган,
Тегди ўқи ўлдирур.

Атса ўқин кез кериб,
Ким тур ани йиғдачи.
Тағиғ атип ўғраса,
Ўзи қуйи йиртулур.

Кўнглум ичун ўртади,
Етмиш яшиғ қартади,
Кечмиш узук иртади,
Тун-кун кечиб ирталур.

Тун-кун туруб йиғлаю,
Яшим менинг саврулур.

Замонавий баёни:

Алп Эр Тўнга ўлдими,
Ёмон дунё қолдими,
Замон ўчин олдими,
Энди юрак йиртилур.

Бўри бўлиб улдилар,
Йиртиб ёқа турдилар,
Йиғлаб-сихтаб юрдилар,
Кўз ёшлари мўл бўлди.

Дунё фурсат кўзлади,
Ўғри тузоқ созлади.
Беклар бегин излади,
Қандай қочиб қутулар

Одатдан зўр нарса йўқ,
Бошқа баҳона ҳам кўп.
Отса замон пойлаб ўқ,
Тоғлар боши янчилур.

Беклар оти чарчади,
Ғам бекларни янчади.
Юзга заъфар санчади,
Чеҳралари сарғаюр.

Душман ўтин ўчирган,
Ўз жойидан кўчирган.
Кўп ишларни бажарган,
Тегди ўлимнинг ўқи.

Отса ўқин замона,
Унга не бас келади.
Тоғни олса нишонга,
Белидан ёрилади.

Кўнглимни чок-чок қилди,
Битган ярамни тилди.
Кечмиш хотирга келди.
Тун-кун уни истарман.

Тун-кун туриб йиғлайман,
Кўз ёшларим соврилур.

МАССАГЕТЛАР ВА УЛАР ТЎҒРИСИДА ЯРАТИЛГАН АФСОНАЛАР

Антик давр тарихчиларининг китобларида скифларнинг кейинги қавмлари ҳаётига оид бир неча ривоят ва афсоналар сақланиб қолган. Масалан, «Томир» («Тўмарис») Геродотнинг «Тарих», «Широқ» («Сирак») Полиеннинг «Ҳарбий ҳийлалар» китобида, «Зарина ва Стриангей» эса сисилиялик Диодорнинг «Кутубхона» асарида Ктезий китобидаги баён асосида сақланган. Бу асарларнинг матни ҳозиргача мавжуд дарслик ва қўлланмаларда бир неча бор келтирилган. Албатта, бу адабий ёдгорликлар ҳажм жиҳатидан катта эпослар қаторида турган бўлиши мумкин. Чунки воқеаларнинг кескинлиги, қаҳрамонлар ўртасидаги зиддиятларнинг кучлилиги ва уларнинг фожиали тақдири шундан дарак беради. Лекин бундан қатъий назар ана шу кичик мазмун туркий адабиётнинг антик даври борлигини кўрсатишга хизмат қилади.

Томир ва Зарина ҳақидаги эпослар юнон ҳамда оссурия тарихчиларининг асарларида келтирилган скиф ҳукмдори Мадининг тақдири билан мантиқан боғланади. Бу икки аёлнинг эрлари шоҳ бўлган, эрлари ўлганидан сўнг тахтга ўзлари ўтиришади ва мидиялик босқинчиларга қарши мардларча кураш олиб боришади. Томир туркийларнинг массагет, Зарина эса шак(сак) қабилаларининг бева маликаси. Мидия шоҳлари бева маликаларнинг аввал ўзига, сўнгра мамлакатига эгалик қилишни орзу қилади.

МАЛИКАСИ ТОМИР (ТОМИРИС) ҲАҚИДА ҚИССА

Эрон шоҳи Кир шарқдаги кўпгина мамлакатларни босиб олгач, массагетлар юртини ҳам ўзига бўйсундиришни ўйлади. Массагетлар жасур қавмлдардан ҳисобланиб, улар кўп сонли эди. Шарқда, Арак дарёсининг орқасида, кун чиқар томонда, исседонларга ёнма-ён яшар эдилар. Улар скифларга мансуб қавм эди.

Арак Дунайдан катта дарёдир. Айримлар уни кичик деб ҳисоблайдилар. Аракда ҳажм жиҳатидан Эгий денгизидаги орол – Лесбос билан тенглашадиган бир неча ороллар мавжуд. Бу оролларда яшайдиган одамлар ёз ойларида ердан турли хил томирларни кавлаб олишади ва қайнатиб ичишади. Дарахтлардан пишган меваларни теришади ва уларни сақлаб қўйишади. Бу ерда яна бошқа бир мевали дарахт ҳам бўлади. У меванинг алоҳида нави ҳисобланарди. Массагетлар бу жойга тўпланишиб, гулхан ёқишади., атрофига ўтиришади, бу меваларни оловга ташлашади. Гулханда ёнаётгн мева ажойиб ҳид таратади ва у одамларни сархуш этади, худди эллинлар вино ичиб, маст бўлганларига ўхшайди. Массагетлар мевани гулханга қанчалик кўп ташлашса, кайфлари шунчалик ошади. Маст бўлишса-да, ўринларидан туриб кетишмайди, аксинча, рақсга тушадилар ва қўшиқлар айтадилар. Бу массагетларнинг ўзига хос турмуш тарзидир.

Арак эгри-бугри оқадиган дарё, қирқ ирмоқдан ҳосил бўлади. Ирмоқларнинг биттасидан бошқа ҳаммаси ботқоқликлар томон оқади ва сингишиб кетади. Айтишларича, бу ботқоқликлар атрофида балиқларни хом ейдиган ва тюленларнинг терисини кийим қилиб киядиган одамлар яшашади. (Айрим қарашларга қараганда, массагетларнинг номи форсий тилдаги «Мася» — балиқ сўзидан олинган, шу сабабли «балиқ овчилар», «балиқхўрлар» маъносини бериши мумкин). Фақат Аракнинг очиқ ирмоғи Каспий денгизига қуйилади.

Каспий денгизи ғарбдан Кавказ чўққилари билан чегараланган. Кавказда турли хил қавмлар яшашади. Уларнинг кўпчилиги ёввойи дарахтларнинг меваларини ейишади. Айтишларича, бу мамлакатда ажойиб баргли дарахт бор экан. Бу баргдан ранг тайёрланади. Ранг сувга аралаштирилади, сўнгра кийимларга чизилиб, нақшлар солинади. Нақшлар ювилмайди, фақат жундан тўқилган мато билан артилади.

Шундай қилиб, Каспий денгизини ғарбдан Кавказ тоғлари, шарқдан, кунчиқар томондан эса кўз илғамас чексиз текисликлар чегаралаб туради. Бу кенгликларнинг катта қисмида Кир босиб олишни орзу этган массагаетлар яшайдилар. Кирни ҳарбий юришга мажбур этадиган бир неча сабаблар бор эди. Энг аввало, унинг туғма хусусияти, ўзини барча одамлардан устун чоғлаши бўлса, сўнгра – омади, барча жангларда ғолибликни қўлга киритгани эди. Кир ҳужум қилган ҳеч бир қавм унинг ёвуз чангалидан қочиб қутула олмаган эди.

Массагетлар маликаси марҳум шоҳнинг хотини эди. Уни Томир (Геродот «Тарих»ида бу ном Томир (ис) шаклида берилган. «Ис»қадимги юнон тилида исм ва нарса номларидан кейин қўшиладиган грамматик хусусиятдир. Шу сабабли бу номни Томир шаклида ишлатдик ва массагетлар ҳақидаги ривоятнинг бошланишиданоқ бу қавм ҳар хил ўсимликлар томири-илдизи билан озиқланиши ҳикоя қилинади. Массагетлар маликаси исми ҳам ушбу ҳаётий неъмат билан боғланган бўлиши мумкин – А.А.) деб аташарди. Кир уни хотинликка олиш таклифи билан элчилар юборди. Лекин Томир Кирнинг уйланишдан мақсади массагетлар юртига ҳам ҳукмронлик қилиш эканлигини тушунди, шу сабабли унга рад жавобини берди. Кир ўз мақсадига ҳийла йўли билан эриша олмагач, массагетлар мамлакатига очиқчасига ҳужум қилиш киришди. Арак дарёсидан сузиб ўтиш учун понтом (сузиб юрадиган) ёғоч-кўприклар қуришга буйруқ берди. Кирнинг қўшинлари кўприк қураётганлигини сезган Томир Эрон шоҳига элчи орқали қуйидаги мазмундаги хатни жўнатди.

— Эй, Эрон шоҳи! Ғаразли мақсадингдан воз кеч. Бу кўприкларни қуриш сенга яхшилик келтирадими, ёки йўқми, сен буни ҳали олдиндан билмайсан. Шу сабабли бу ишингни тўхтат-да, ўз мамдакатингга шоҳлик қилавер, биз ҳам мамлакатимизни ўзимиз идора этишимизга ҳасадинг келмасин. Албатта, сен бу маслаҳатга амал қилишни хоҳламайсан. Сен тинчликни сақлаш эмас, балки қандай бўлмасин, урушни афзал кўрасан. Агар сен массагетларга ҳужум қилишни зўр ҳавас билан хоҳлаётган бўлсанг, у ҳолда кўприк қуриш ишларини тўхтат. Қўшинингни хотиржамлик ва бехавотирлик билан бизнинг мамлакатимизга олиб ўт, биз дарёдан мамлакат ичкарисига уч кунлик йўл юриб, чекинамиз. Агар сен бизни ўз ерингга киритишни истасанг, бу ҳақда ҳам хабар қилки, бунга ҳам розимиз.

Шундан сўнг Кир Эрон амалдорларини ҳузурига кенгашиш учун чақирди. Воқеани тушунтирди ва бу ҳақда уларнинг фикрини сўради. Кенгашга қатнашганлар бир овоздан Томир ўз қўшини билан айтган ерига чекинишини маъқулладилар. Лекин кенгашда қатнашаётган лидий қавмига мансуб Крез уларнинг фикрини инкор этди.

— Шоҳ! Мэн анча йиллар (Зевс сенинг қўлингни менга тутқазган)дан бери сенинг хонадонингга ёғиладиган кўплаб фалокат ва ёвузликлардан хабар бериб келмоқдаман. Мэнинг маслаҳатларим оғир мусибатларни ҳам даф этишга хизмат қилди. Агар сен ўзингни боқий яшайман, қўшинга абадий бошлиқ бўламан деб ўйласанг, у ҳолда менинг фикрим сен учун фойдасиздир. Агар сен ўзингни фақир инсон, фақат ўлимга тик боқадиган одамлар устидан ҳукмрон шоҳ эканлигингни тан олсанг, у ҳолда, энг аввало, шуни ёдингда тут: инсон фаолияти ҳамиша ўзгариб туради, инсон доимо бахтли бўлиши учун йўл йўқдир. Ҳозирги масала юзасидан мен амалдорларингнинг маслаҳатига қаршиман, бошқача фикрдаман. Агар душман ўз еримизга ўтишига йўл қўйсанг, унда даҳшатли хавф туғилади: мағлубиятга учрасанг, ўз мамлакатингни ҳам нобуд қиласан. Чунки массагетлар сенинг устингдан ғалаба қозонишса, албатта, мамлакатлари томон чопмайдилар, аксинча, сенинг тахтингни эгаллаш учун бостириб борадилар. Агар ғалаба сен томонда бўлганида ҳам, ўйланманки, бу унчалик шарафли иш эмас. Агар массагетларни ўз тупроғида енгсанг, уларни дадил таъқиб қила бошлайсан. Сенинг ва уларнинг устунлик томонларини таққослашга рухсат бер. Душманни парчаласанг, ҳеч тўсиқсиз Томирнинг тахти томон бостириб борасан. Агар массагетлар ўз мамлакатингга киришлари учун рухсат берсанг-у мағлуб бўлсанг, аёл кишига бўйсуниш Кир ва унинг ўғли Камбис учун уят ва чидаб бўлмас ҳақорат ҳисобланади. Мэнимча, дарёдан ўтиш ва мамлакат ичкарисига кириш, душман қанча жойга чекинса, уни шу ерда тор-мор этиш керак. Англашимча, массагетлар форсларнинг ҳашаматли турмуш тарзидан мутлақ бехабар, уларнинг ноз-неъматлари берадиган роҳат-фароғатни билишмайди. Шу сабабли қароргоҳингда массагетлар шарафига дабдабали зиёфат уюштирайлик. Кўплаб қўйларни сўяйлик, катта идишларда шаробларни ва ҳар хил таомларни мўл-кўл қўяйлик. Бу ишларнинг ҳаммасини тайёрлаб бўлганингдан сўнг қўшинингнинг яроқсиз қисмини қароргоҳда қолдириб, ўзимиз яна кўприк томон қайтайлик. Агар адашмасам, душманлар мўл-кўл таомларни кўриб, унга ташланадилар ва бизга улуғ ғалабани якунлаш учун имконият туғилади.

Маслаҳатчилар кенгаши тарқалди. Кир биринчи фикридан қайтди ва Крезнинг маслаҳатини қабул қилди. У Томирдан чекинишни сўради. Малика қўшини билан ўзи ваъда қилган жойга чекинди. Кир ўғли Камбисни ўзига меросхўр деб тайинлади ва уни Крезга ишониб топширди. Агар массагетлар мамлакатида мағлубиятга учраса, ўғли Крезнинг маслаҳати ва ҳомийлигида давлатни бошқаришини уқтирди. Кир шундай топшириқлар билан Камбис ва Крезни Эронга жўнатди, ўзи эса қўшини билан массагетлар мамлакати томон юрди.

Кир Арак дарёсидан массагетлар юртига ўтган кечаси қўрқинчли туш кўрди. Тушида Гистаспнинг катта ўғлининг елкасида икки қаноти бор эмиш. Қанотларидан бири Осиёга, иккинчиси Европага соя солиб турганмиш. Гистасп ахмонийлар сулоласидан бўлган Арсамнинг ўғли эди. Гистаспнинг катта ўғли Доро эди. Кир массагетлар юртига қўшин тортган вақтида Доро 20 ёшда эди. Ҳарбий хизматга ёши етмаганлиги учун Эронда қолдирилган эди.

Кир уйқудан турар экан, кўрган тушининг маъносини чақа бошлади, чунки шоҳ бу тушни катта аҳамиятга молик деб ҳисоблади, у тезда ёнига Гистаспни чақирди ва хилватда унга шундай деди:

— Гистасп сенинг ўғлинг Доро менга ва давлатимга қарши фитна уюштирмоқда. Бу фитна ростлигини аниқ билиб турибман. Чунки тангри менга даҳшатли кўргуликларни олдиндан маълум қилади. Кечаси мен ўғлинг Дорони туш кўрдим. Унинг елкасида икки қаноти бор эмиш. Улардан бири Осиёга, иккинчиси Европага соя ташлаб турибди. Кўрган тушимдан шу нарса мутлақ ростлигига ишонаманки, ўғлинг менинг ҳаётимга суъиқасд уюштирмоқчи. Шу сабабли Эронга тезда жўна ва ўғлингни менинг ҳузуримга қилган жиноятлари учун жавоб беришга олиб кел. Шундан сўнггина мен бу мамлакатни забт этаман ва ўз юртимга ғалаба билан қайтаман.

Кир Доро унга нисбатан ёвуз ниятини амалга ошираяпти деб ўйлаган эди. Аммо у тангри бу туш билан бошқача хоҳиш билдирганлигини англамади. Тушнинг таъбири Кир массагетлар юртида ўлиши, унинг тахти Доро қўлига ўтиши билан изоҳланарди.

Гистасп Кирга шундай жавоб берди:
— Эй, шоҳ! Сенинг ҳаётингга суъиқасд уюштирадиганлар ҳали форслар ўртасида туғилмаган. Агар шундайлар бўлса, аминманки, улар тез орада ҳалок бўладилар. Ахир, сен форсларни қулликдан озод этдинг. Ҳукмронлигингдаги барча халқларнинг солиқларини бекор қилдинг. Агар менинг ўғлим сенга қарши тушингда исён кўтараётганлиги аён бўлган экан, мен уни сенинг қўлингга топшираман, қандай жазога тортиш сенинг ихтиёрингда.

Шундан сўнг Гистасп ўғлини тутиш учун Аракдан ўтиб, Эронга қайтди.
Эрон шоҳи Кир Крезнинг маслаҳатини бажаришга киришди. Кучсиз жангчиларини қароргоҳида қолдириб, ўзи эса қўшиннинг сара қисми билан орқага чекинди. Массагетларнинг қўшини Кир қолдирган аскарлари билан жангга киришди ва уларни мағлубиятга учратди. Массагетлар ғалабадан кейин форсларнинг қароргоҳини эгаллар экан, бу ердаги ноз-неъматларни кўриб, айш-ишрат қилишга киришдилар. Жангчилар шароблардан тўйганича ичишиб, маст бўлишиб, уйқуга кетишди. Воқеа шундай тугашини кутиб турган форс жангчиларининг асосий қисми етиб келди, массагетларнинг катта қисмини ўлдирди ва асирга олди. Асирга олинганлар орасида малика Томирнинг ўғли, массагетлар лашкарбошиси Спаргап ҳам бор эди.

Малика Томирга ўз қўшини ва ўғлининг тақдири ҳақидаги хабар етиб келди. Малика Кирга элчи юбориб, ўз муносабатини билдирди:
— Қонхўр Кир! Сен бу жасоратинг билан фахрланма. Узумнинг суви сенинг ақлингни ҳам йўқотади. Шароб ичганингда сен ҳам ярамас гапларни айтиб, сайрай бошлайсан. Демакки, сен менинг ўғлимни одил жангда қурол кучи билан эмас, заҳар макри билан енгдинг. Энди менинг яхши маслаҳатимни эшит: ўғлимни қайтариб бер-да, хушу хушвақт менинг юртимдан чиқиб кет. Кетмасанг, массагетларнинг жасур аскарлари сени шармандаларча ҳалок қилади. Агар сен бунга кўнмасанг, массагетлар тангриси Қуёш номи билан қасам ичаманки, мен сен мечкайни қонга тўйдираман.

Кир Томирнинг элчи орқали билдирган сўзларига ҳеч бир аҳамият бермади. Маликанинг ўғли Спаргап эса кайфи тарқалгач, мусибатли аҳволни тушунди. Кирдан кишанни ечишни сўради. Фақат шаҳзодани озод қилдилар, лекин Спаргап орияти кучлилик қилиб, ўзини ўзи ўлдирди.

Томир Эрон шоҳи унинг маслаҳатини эътиборга олмаганини эшитиб, ҳамма қўшинини тўплади ва Кирга қарши ҳужум бошлади. Бу жанг ваҳший одамлар ўртасида бўладиган урушларнинг ҳам энг даҳшатлиси эди.

Дастлаб улар бир-бирларига камондан ўқ уздилар. Ўқлар тугагач, ханжар ва найза билан ташланишди. Жанг узоқ давом этди, мухолифларнинг ҳеч бири чекинишни хоҳламас эди. Ниҳоят, массагетлар ғалаба қозонишди. Барча форсий аскарлар жанг майдонида жон берди. Кир ҳам ҳалок бўлди. Унинг шоҳлиги 29 йил давом этди. Томир шароб солинадиган мешни одам қони билан тўлдирди ва сўнгра форсийларнинг уюлиб ётган жасадлари орасидан Кирнинг жонсиз танасини излаб топди. Малика унинг бошини мешга солди, сўнгра марҳумнинг устидан масхаромуз тарзда ҳукм қилди:

— Мэн сени жангда адолат билан енгиб, соғ-омон қолган бўлсам-да, барибир сен мени ҳалок қилдинг, ғам-ғуссага ботирдинг, чунки сен менинг ўғлимни ҳийла билан асир олдинг. Шу сабабли мен энди сени қонга ботираман.

Кирнинг ўлими тўғрисида кўплаб ривоятлар мавжуд, деб ёзади Геродот. Лекин ҳаммасидан ҳам кўпроқ ишончлиси ушбу ривоятдир.

ҚАДИМГИ ТУРКИЙ ҚАҲРАМОНЛИК АФСОНА ВА РИВОЯТЛАРИ

«Зарина ва Стриангей» эпосида ҳам шак(сак) қабилаларининг Мидия босқинчиларига қарши кураши акс этган. Зарина эри ҳам ўлиб, қабилани бошқараётган малика. Бу эпос мазмуни дастлаб Ктзей (430-354) китобида баён этилган. Сўнгра унинг парчалари сисиялик тарихчи Диодор (милодимиздан аввалги биринчи аср)нинг «Кутубхона» асарида келтирилади. Икки антик тарихчининг китобларида ҳам «Зарина ва Стриангей» қиссасининг тугал мазмуни ифодаланган эмас. Шарқшунос И.В Пянков ушбу тарихий манбалар асосида бу эпоснинг икки қисқа шаклини тиклайди.

МАЛИКА ЗАРИНА

Саклар мамлакатига малика Заринанинг акаси Кидрей шоҳлик қилди. Кидрей оламдан ўтди. Бу пайтда Заринанинг эри ҳам ўлди. Шундан сўнг Зарина парийлар сулоласидан бўлган Мармарейга турмушга чиқди. Зарина жангда тобланган аёллардан саналарди. Эрон шоҳи сакларга қарши уруш бошлади. Зарина ҳам урушга отланди. Жангда шаҳзода Стриангей билан курашиб, унинг таъқибига учради, асирга тушди ва ундан раҳм-шафқат қилишни сўради. Стриангей уни озод этди. Жангда Заринанинг эри Мармарей ҳам асирга тушди. Стриангей уни ўлимга буюрди. Зарина ундан эрини ўлдирмасликни ўтиниб сўради. Афсуски, у бунга рози бўлмади. Бир неча асирларни озод этди, аммо Мармарей қатл эттирди.

Сакларда аёллар ҳам худди амазонкалардек жанг қилишар эди. Стриангей жангда гўзал, балоғат ёшидаги сак аёлини кўрар экан, уни севиб қолади. Отдан тушиб, Заринанинг ёнига келади ва унга муҳаббатини изҳор этади. Лекин рад жавобини олади. Бунга чидай олмаган Стриангей ўзини ўлдириш учун очлик эълон қилади. Стриангей ўлими олдидан Заринага аччиқ изтироблари битилган қуйидаги мазмунли хатни битади: «Жангда мен сени қутқазган эдим. Мэнинг шарофатим билан ўлимдан озод бўлдинг, мен эса сен учун ўзимни ўлдирмоқдаман».

ЗАРИНА ҚИССАСИ

Артейнинг ўлимидан сўнг мидияликларга йигирма йил Артин, қирқ йил Астибар подшолик қилди. Шу сабабли Парфия уларнинг тасарруфидан четда қолди ва унинг вилоят ҳамда шаҳарлари саклар қўлида эди. Шу воқеа сабаб бўлдию саклар ва мидияликлар ўртасида ихтилоф чиқди, бир неча йил уруш бўлди. Ниҳоят, анча талофатлардан сўнг томонлар қуйидаги мазмундаги сулҳни тузишди: Парфия мидияликлар тасарруфига ўтади, лекин қайси ҳоким қайси ҳудудга ҳукмронлик қилган бўлса, шу ҳудудда фаолиятини давом эттиради. Ҳарбий алоқалар ва биродарлик абадий давом этади.

Сак мамлакатига бу пайтда Зарина исмли аёл ҳукмронлик қилар эди. У сак аёллари ўртасида ҳарбий жанговорликни билиши ва жасурликда таниқли эди. Халқ Заринанинг эркаклар билан матонатли курашишини таърифлаш билан бирга, унинг гўзаллигини ҳам мақташар эди. Зарина сак халқларини қул қилиб, ўзларининг ҳаракатлари билан гердаядиган босқинчиларни мамлакатдан қувиб чиқарди. Юртни обод қилди, ерларни экинзорга айлантирди, шаҳарлар қурди, умуман, халқига бахтли турмушни яратди. Шу сабабли сак халқи Заринанинг вафотидан сўнг унинг ҳурматини жойига қўйишди. Номини абадийлаштириш учун бошқаларникидан фарқ қиладиган мақбара қурдилар. Мақбара уч бурчакли пирамида шаклида қад кўтарди. Унинг ҳар бир томони уч стадий, баландлиги эса бир стадий эди. Мақбара жуда ўткир бурчаклардан иборат эди. Унинг тепасига олтиндан ҳашаматли ҳайкалча ўрнатилди. Олтин ҳайкал Заринанинг қаҳрамонлигини улуғловчи, унинг ўз аждодларига кўрсатган яхшиликларини ифодаловчи рамзий белги эди.

«Зарина ва Стриангей» қиссасидаги сюжетлар Н.Маллаевнинг «Ўзбек адабиёти тарихи» китобида ҳам берилган. Академик А.Қаюмов эса Зарина қаҳрамонлиги билан боғлиқ бошқа бир ривоятни ҳам келтиради.

СТРИАНГЕЙ ВА ЗАРИНА ҚИССАСИ

Бу саклар шоҳи Мармарей ўлдирилганидан сўнг юз берган воқеа эди. Стриангей Заринани аллақачондан бери севиб келар эди. Кунлардан бир куни Стриангей Рок Санаки шаҳри яқинида, саклар саройи жойлашган ердан ўтаётганида Зарина уни қувонч билан кутиб олади ва ҳамманинг кўзи олдида қўлидан олиб, биргаликда шоҳ саройига боради. Зарина улар кетидан келаётган қўшинни ҳам яхши кутиб олади. Шундан сўнг севги изтиробидаги Стриангей ўзига ажратилган хонага боради. Ўзини қийнаётган ҳис-туйғуларни яшира олмай гапни хизматчиларидан бирига айтади. Хизматчи унга тортинчоқликни ташлаб, ҳамма гапни Зарина айтишни маслаҳат беради.

Стриангей туриб Заринанинг олдига боради. Зарина уни хурсандчилик билан кутиб олади. Стриангей узоқ жимликдан сўнг ҳаяжонланиб, ўз севгисини изҳор этади. Зарина эса юмшоқлик билан унинг таклифини рад этади ва бу севги уларнинг ҳар иккиси учун ҳам уят эканлигини, чунки Стриангейнинг Астибларнинг қизи гўзалликда танҳо Ретея деган хотини борлигини билажагини айтади.

— Стриангей, фақат душманларга қарши курашдагина эмас, мана шундай ҳолатларда ҳам мардлик қила билиш керак. Қисқа ўткинчи бир ҳиссиёт учун Ретея олдида бир умр азоб чекиш керак эмас. Шунинг учун мен бу таклифингни қабул қила олмайман, мендан бошқа хоҳлаган нарсани сўра, — дейди Зарина.

Шундан сўнг йигит жим қолади, сўнг қиз билан хайрлашиб кетади, бориб воқеани хизматчисига айтади. Кейин хат ёзиб, у ўлгач хатни ҳеч нарса демасдан Заринага топширишни сўрайди. Хатда қуйидагилар ёзилган эди:

«Стриангей Заринага мана нималарни айтмоқчи: мен сени қутқариб, ҳозир кечираётган бахтли ҳаётга эриштирдим. Сен бўлса мени ҳалок этдинг ва ҳаммадан кераксиз одамга айлантирдинг. Агар сен одилона иш қилган бўлсанг, у ҳолда яна ҳам бахтли ва омадли бўл. Агар аксинча, адолатсиз иш тутган бўлсанг, у ҳолда мендек изтиробларни кечир, чунки сен мени шу аҳволга солдинг».

Стриангей хатни ёзиб бўлиб, уни ёстиғи остида қўяди, ичкарига кета туриб, хизматкоридан қилич сўрайди.

Эрон шоҳларига қарши курашларда маликаларнинг жасорати туркийларнинг энг қадимдан бизнинг давримизгача бўлган халқ оғзаки ижодида етакчи мавзулардан ҳисобланган. ХХ аср ўзбек халқ оғзаки ижодининг машҳур бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғлининг «Ойсулув» достони бунга мисол бўла олади. Бу достон туркий халқларнинг қадимги адабиётида мавжуд қаҳрамонлик сюжетлари асрлар давомида куйланиб келинганидан далолат беради. «Ойсулув»нинг сюжети «Томир» қиссаси, шунингдек, «Алпомиш» достонидаги айрим тасвирларни умумлаштиради.

«ОЙСУЛУВ» ДОСТОНИНИНГ БАЁНИ

Эрон шоҳи Доро Турон мамлакатига бостириб келди. Бу пайтда Турон мамлакатига Ойсулув исмли алп хотин шоҳлик қилади. Унинг ҳам алп ўғли бор эди. Уни Кунботир аташар эди. Доронинг лашкарига паҳлавон Қайсар бошчилик қилар эди, унинг Офтобпари деган қизи бор эди.

Паҳлавон Қайсар Турондан ҳайдаб келинган одамлардан Ойсулувнинг тарифини эшитиб, унга ошиқ бўлди. Кунботир ҳам Эрондаги кўплаб полвонларни йиқитиб, ўлжаларни олиб келди. Бу гап Дорога етди. Доро паҳлавон Қайсарни чақириб, Кунботир Эронга келиб кетганига қарамаганликда айблади ва ўзи Туронга қўшин тортиб, Ойсулувни ўлдириб, Кунботирни асир қилайин деди. Доро «Ойсулувни ўлдираман» деганини эшитиб, Қайсар қўрқиб кетди, Ойсулувни ўлдирса, нима бўлади деб ўйлади. Дорога Турон заминга ўзим бораман, Ойсулув билан Кунботирнинг бошига оғир кунлар соламан деди.

Қайсар Туронга жўнашидан олдин айёр мастон билан маслаҳат ўтказди. Мастонларнинг шайтони Кўса эди, у Кунботирни асирга туширишнинг ҳийласини ўргатди. Кўса Доро Эрам боғидан келтирган қирқ пари, қирқта мастон, қирқта айёр, тўрт юз мерганни олиб, Асқар тоғининг ғорида кўҳна шаробларни, ноз неъматларни, таомларни ғамлаб, Кунботирни пойлаб ётадиган бўлди. Қирқ кундан сўнг Қайсар унинг орқасидан борадиган бўлди.

Кунботир ҳам лашкари билан Тажан (Афғонистон, Эрон, Туркманистон ҳудудида оқади) дарёсидан ўтиб, Асқар тоғига етди. Овга чиқиб, бир такани отди. Така оқсаганича тоғнинг Эрон томонига ўтди. Кунботир овнинг орқасидан қувар экан, йўлда айёр Кўса унга пешвоз чиқди. Ўзини Доро ва Қайсардан жабр чеккан киши деб кўрсатди. Кунботир ўзини Ойсулувнинг ўғли деб таништирди ва онаси Дородан жабр кўрганларга меҳр кўрсатишини айтди. Кўса Кунботир ва унинг йигитларини ғорга меҳмончиликка таклиф этди. Шундан сўнг Кўса Кунботирни Эронга жўнатадиган, ўзлари эса Ойсулув ҳузурига бошпана сўраб борадиган бўлди.

Айёр Кўса Кунботир билан қирқ йигитини меҳмон қилди. Қизлар май тўла косалар узатди. Улар маст бўлишди. Айёр кўса Кунботирнинг тулпорини миниб, лашкар тортиб келаётган Қайсарга пешвоз чиқди. Улар Кунботир ва унинг қирқ йигитини банди қилишди.

Тоғда қолган лашкарлар Кунботир ва қирқ йигити «овга борамиз» деб дараксиз кетганлигидан хавотир олдилар ва уларни излаб тоққа чиқдилар. Тоғда мўри-малахдай бостириб келаётган лашкарни кўриб, кайфи ўчди. Кунботир ва йигитлари банди бўлганини сезишди. Қайсар ва Кунботир лашкарлари ўртасида жанг бўлди. Кунботирнинг қўшини енгилди. Қайсар Кунботир ва унинг қирқ йигитини, бошқа банди аскарларни ҳайдаб, Эронга келди. Доро Кунботирни зиндонга солди. Қирқ йигитини дорга осди, сўнгра паҳлавон Қайсарга Туронга бориб, Ойсулувни ўлдириб, мамлакатини Эронга тобе қилиб келишни буюрди.

Ойсулув Қайсардан қочиб, Туронга соғ-омон келган одамлардан Кунботир асир бўлганини эшитди. Ойсулув Дорога қарши қўшин тўплаётган эди. Эрон элчиси хат келтирди. Хатда Турон Эронга тобе бўлиши талаб қилинган эди. Агар Ойсулув бунга рози бўлмаса, зиндондаги ўғлини ўлдириш, Ойсулувни банди қилиши ҳам айтилганди. Номанинг бир четига Қайсар Ойсулув менга тегса, зиндондан ўғлини чиқараман, ҳам ўзи, ҳам ўғли ўлимдан омон қолади, деб битилган эди.

Хатни ўқиб, Ойсулувнинг қаҳри келди, элчиларга мамлакатимни Эронга бермайман, Доро билан Қайсарни ўлдириб, Кунботирнинг ўчини оламан, деб жавоб берди.

Бу пайтда Ойсулувнинг ўғли Кунботир Дорога банди бўлгани ва зиндонга тушгани Қайсарнинг қизи Офтобойнинг қулоғига етди. Офтобой унга ғойибона ошиқ бўлди. Зиндон қоровулига танга бериб, унинг висолига етди. Офтобой Доро ва отаси Қайсар Ойсулувга элчи юборгани ва улар қайтиб келганлиги ҳақидаги хабарни айтди. Қайсар яна қўшин тўплаб, Туронга жўнади. Бу ҳақда Офтобой яна Кунботирга хабар берди. Кунботир Офтобойга бир тутатқи берди. Уни оти сақланаётган жойда тутатишни айтди. От жонивор Кунботирни зиндондан озод қилди. Кунботир Офтобой билан ваъдани бир қилди ва Дородан ўч олиш учун жангга жўнаб кетди.

Асқар тоғ этагида Эрон ва Турон лашкарлари тўқнашдилар. Ойсулув эркак либосида жанг қилди. Ўз мерганлари билан Қайсарнинг девларию лак-лак лашкарлари билан урушди. Кунботир ҳам тулпорни қистаб жангга етиб келди. Ойсулув қараса, Эрон подшоларининг кийимини кийган, бир алп йигит Қайсарнинг қўшинига бўридай ташланиб, ҳужум қилмоқда. Ойсулув урушда Қайсарни енгди, бир қилич солди, боши отдан думалаб кетди. Жангда Турон лашкарлари ғолиб келди. Кунботир онасига ўзини танитди. Она ва ўғил лашкарга бош бўлиб, Эронга юриш қилди. Улар Доронинг шаҳрига кириб бордилар. Доро саройдан чиқиб қочди. Кунботир унинг изидан қувиб, Доронинг калласини олди.

Офтобой гўзал қизлари билан Ойсулув ва Кунботирни кутиб олди. Ойсулув Офтобойни ўғли Кунботирга никоҳ қилиб берди.

«Ойсулув» достонида қадимий қатлам асос бўлгани ҳолда, янги сюжетлар ҳам киритилган. Қадимийлик Эрон шоҳи Доро, туркий малика Ойсулув ва унинг ўғли муносабатларида кўринади. Достонда «Алпомиш» эпосига хос тасвирлар (Кунботирнинг ҳийла – маст ҳолда қўлга олиниши) ҳам мавжуд. Туркий маликаларнинг қаҳрамонлиги, жасорати, шунингдек, севгида садоқати «Малика Спаретра», «Зариадр ва Одатида» қиссаларида ҳам бадиий ифодасини топган.

МАЛИКА СПАРЕТРА

Саклар мамлакатига Аморг ҳукмронлик қиларди. Эрон подшоси Кир уларнинг юртига бостириб кирди. Жангда сакларни мағлуб этиб, улар шоҳи Аморгни асир олди. Бу совуқ хабар Аморгнинг хотини малика Спаретрага етиб борди. Малика ғазабланди ва Кирга қарши курашиш учун қўшин тўплади. Сакларнинг аёллари ҳам жанговарликда эркаклардан қолишмас эди. Жангда саклар томонидан уч юз минг эркак ва икки юз минг аёл қатнашди. Спаретра тўплаган қўшин Кир устидан ғалаба қозонди. У ўз навбатида Спаретра ҳам Кирнинг яқин кишилари, жумладан, Пармис ва унинг уч ўғлини асирликка олди. Сўнгра асирлар айира бошланди. Аморг сакларга қайтариб берилди.

Юқорида келтирилган ривоятларда ўзларининг хоқон эрлари севгисига содиқ қолган маликаларнинг образи яратилган. Мамлакат шоҳи бўлган эрлари ўлиб, уларнинг ўрнига тахтга ўтирган турк маликалари тарихий ёки афсонавий шахс бўлиши мумкин. Лекин Мидия шоҳлари билан курашган турк маликаларининг ҳаёти жаҳон адабиётидаги катта асарларга мавзу бўлганлиги ғоят аҳамиятлидир. Хусусан, Тўмарис ва Кир ўртасидаги зиддиятлар Алнгери Дантенинг жаҳон адабиётининг дурдонасига айланган «Илоҳий комедия», У.Шекспирнинг Ҳенрих ВИ га бағишланган хроникал асари, француз драматурги Ф.Кино (1635-1688)нинг «Кирнинг вафоти» фожиасида тасвирланган.

Қадимги севги қиссалари орасида Одатиданинг соф муҳаббати ва унга эриши йўлидаги тадбиркорлиги улуғланган асарлар аҳамиятлидир.

ЗАРИАДР ВА ОДАТИДА

Мидия шоҳи Гиштаспнинг кичик укаси Зарриадр Каспий денгизидан Тана (Дон)гача бўлган ўлкада ҳукмронлик қиларди. Тананинг нариги қирғоғида эса Омарг подшоҳлик қилар эди. Бу шоҳнинг Одатида исмли гўзал бир қизи бор эди.

Одатида бир кун тушида Зариадрни кўриб, севиб қолади ва доим шу севги изтиробида қийналади. Зариадр Омаргга қизини сўратиб, совчилар юборади. Лекин Омарг бошқа фарзанди бўлмагани туфайли қизи Одатидани бегона юртга узатишни хоҳламайди ва уни ўз яқинларидан бирига бермоқчи бўлади. Бир куни Омарг қизини кимга беришини сир тутган ҳолда, ўз саройида тўй базми уюштиради. Базм авжига чиққанида, қизини чақириб, унга «Қизим, биз сенинг тўйингни қилаяпмиз, шу ерда ўтирганлардан қайси бирини ёқтирсанг, ўшанга олтин қадаҳда май тутгин. Сени ўшанга берамиз» дейди. Одатида атрофига қараб, йиғилганлар орасидан севгани Зариадрни ахтаради, уни кўрмагач, йиғлайди, чунки қиз йигитга хабар юбориб, уни огоҳлантириб қўйган эди. Зариадр бу вақт бир кемачини ёллаб, унинг ёрдамида дарёдан ўтади ва скиф кийимида базм бўлаётган ерга боради. У кўзлари ёшга тўла, қўлида қадаҳ тутиб турган Одатидани кўради-да, унга яқинлашиб:

— Одатида, мен Зариадрман, мана мен ёнингдаман, — дейди. Қиз қўлидаги қадаҳини йигитга тутади. Зариадр Одатидани етаклаб, яширинча кемачи турган ерга олиб келади ва улар биргалашиб, Зариадр юртига кетадилар. Омарг қизининг ғойиб бўлганидан огоҳ бўлгач, хизматкорларини бир-бир сўроқ қилади. Қиз севгисидан хабардор хизматчилар: «Биз ҳеч нарса билмаймиз» деб жавоб қиладилар.

Скиф шоҳи Мади тақдири билан боғланган тарихий воқеада мидиялик шоҳлар ўз рақибларини енгишининг ҳийла йўли — қўшин бошлиғини алдаб, зиёфатга таклиф этиш, дори қўшилган шароблар ичириб, беҳушлантириб қўлга тушириш ҳодисалари бу даврда яратилган ривоят ва қиссаларда кенг тасвирланди. Широқ эса мидияликларни бошқача йўл, яъни мидияча усул билан эмас, балки қаҳрамонлик туйғуси билан мағлуб этади. Саклар қўллаган ҳийла чинакамига жасорат, бир жонни қурбон қилиб, бутун эл ва мамлакатни асраб қолиш хусусиятига эгадир. Широқ қулоқ-бурнини кесиб, танига жароҳат етказиб, ўзини саклардан жабр кўрган кишидай кўрсатиб ва Мидия шоҳи Дорони бутун бошлиқ қўшини билан мағлуб этиши қаҳрамонликка хос ҳийладир. Унинг бу жасоратида туркийларнинг хоқон ва қўшин бошлиқларини ҳалок этган босқинчилардан ўч олиш руҳи сезилади.

Асар қаҳрамонининг номи, эҳтимол, Сак чўпони катта бир қўшинни талофатга етказгандан сўнг, форс аскарлари томонидан берилган бўлиши керак. Чунки шерак – шер бола, довюрак, қўрқмас маъносини беради. Ҳозиргача барча адабий тарихий манбалардаги «Широқ», «Сирак» афсоналари ҳамда улардаги шундай номли қаҳрамонни Шерак деб аташ мақсадга мувофиқдир.

ШЕРАК (ШИРОҚ) ҚИССАСИ

Доро қўшини билан саклар ўртасида уруш борар эди. Сак подачиларидан Шерак ўз подшоларидан Саксфар, Омарг ва Томирлар ҳузурига келади. У Эрон қўшинини ҳийла билан ҳалок этажагини айтади, аммо подшоҳлар Шеракнинг оиласига, болаларига, авлодига ғамхўрлик қилишлари шарт эди. Уларга қасам ичдириб, шу ваъдани олгач, Шерак ўша ердаёқ ўзининг қулоқ-бурнини кесади, бошқа аъзоларига ҳам жароҳат етказади, сўнгра саклардан Эрон қўшини томон қочиб ўтган киши сифатида форсийлар турган жойга келади.

Шерак Дорога арз қилиб, ўзини саклардан алам кўрган киши қилиб кўрсатади. У Эрон қўшинини сакларнинг энг чекка ерларига олиб боражагини, у ерда туриб, сак қўшинига тўсатдан ҳужум қилиб, ғалаба қозонишларини айтади.

Эрон қўшини бир ҳафталик озиқ-овқат олиб йўлга тушади. Қўшин узоқ йўл юради. Озиқ-овқат тамом бўлади. Атроф қуруқ қум ва саҳродан иборат эди. Эрон қўшини алданганини англайди. Эрон саркардаридан бири Шеракдан: — шундай улуғ подшони алдаб, катта қўшинни бирор қудуқ бўлмаган, бирор қуш учмайдиган, бирор жонивор кўзга кўринмайдиган, на олға юриш, на ортга қайтиш мумкин бўлмайдиган саҳрога бошлаб келишдан муродинг нима эди? –деб сўрайди.

Шерак, ўз ватандошларимни сақлаб қолдим ва Эрон қўшинини ҳалок этаман, деб жавоб беради.

Ботир чўпон қатл этилади. Форсийлар аранг Амударё соҳилига етиб оладилар.

Доро сак чўпони Шеракнинг ўчини унинг қавмларидан олади. Диодор «Кутубхона» асарида кўрсатишича, Александр Македонский Амударёдан ўтар экан, даҳшатли воқеага дуч келади. Эрон шоҳи Доро саккиз юзга яқин одамни Шеракнинг қиёфаси даражасида жазолаган эди. Александр кўрган одамлардан кўпчилигининг қўли, айримларининг оёқлари, бирининг бурни, бошқасининг қулоғи кесилган эди. Амударё қирғоқларига ҳайлаб юборилганларнинг ҳаммаси қийноқ-азобларга солинган мажруҳлар эди.

Ўз она ери ва халқи учун жон бериш қаҳрамонликнинг юксак намунасидир. Шерак шундай қаҳрамонликни бажарди. Тарихий манбаларда кўрсатилишича, саклар Александр Македонский бостириб келган даврда ҳам ўлимга тик боқишган. Грек саркардаси жангда бир қанча сакларни асирга олади. Асирга тушган йигитларнинг жисмоний жиҳатдан бақувватларини ўлимга буюради. Ўлимга маҳкум этилганлар ўлимдан сира қўрқмасдан, аксинча, хурсанд бўлишиб, халқ қўшиқларини баралла айтиб борар эдилар, деб ёзади юнон тарихчиси Квинт Курсия Руф.

Халқ учун жонини фидо қилган Шеракка монанд образлар бошқа халқлар адабиётида ҳам учрайди. Масалан, рус халқ оғзаки ижодидаги Сусанин ва Данко образлари шундай хусусиятга эга. Берунийнинг «Ҳиндистон» асарида ҳам Шеракка хос тадбиркорлик ва ҳарбий ҳийланинг яна бир шакли «Шоҳ Каник ва Рожа Канжанинг вазири афсонаси»да ўз ифодасини топган.

Туркий халқлар оғзаки ижодиининг шаклланиш даври ривоят ва афсоналарнинг бойлиги билан ажралиб туради. Бу асарлар кўпроқ тарихий-бадиий мазмунга эга бўлиб, уларда қадимги скиф, массагет, сак ва бошқа туркий қавмларнинг қаҳрамонлик туйғулари ўз ифодасини топган. Туркийларнинг антик адабиёти ёдгорлиги ҳисобланган афсона – ривоятлар кейинчалик катта ҳажмли достонлар яратилишига асос бўлди.

Туркий халқлар оғзаки ижодиининг шаклланиш даври ривоят ва афсоналарнинг бойлиги билан ажралиб туради. Бу асарлар кўпроқ тарихий-бадиий мазмунга эга бўлиб, уларда қадимги скиф, массагет, сак ва бошқа туркий қавмларнинг қаҳрамонлик туйғулари ўз ифодасини топган. Туркийларнинг антик адабиёти ёдгорлиги ҳисобланган афсона – ривоятлар кейинчалик катта ҳажмли достонлар яратилишига асос бўлди. Шу сабабли ҳам бу даврнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида қуйидаги хулосаларни баён этиш мумкин:

1. Антик давр тарихчиларининг маълумотларига таяниб, милодимиздан олдинги ВИИ асрларни туркий қавмлар шаклланиши даври деб аташга асослар бор. Чунки бу даврда яшаган скифлар ҳукмдори Мади Скифиядагина эмас, балки Кичик Осиё мамлакатлари ва Европада ҳам ўз мавқеини тиклаган. Туркий қавмларни, ҳатто бу қавмларнинг шаклланганларидан бири ҳисобланган киммерларни ҳам ўз давлати таркибига қўшиб олишга эришган. Демак, ягона туркийлар давлати – Скифия ташкил топган.

2. Ижтимоий — тарихий вазиятдан келиб чиқиб, Мадининг ҳукмронлик вақтини «Туркий қавмларнинг шаклланиш даври адабиёти» деб аташ мақсадга мувофиқдир. Бу давр адабиётига фақат милоддан аввалги ВИИ асрларда яратилган адабий мерос намуналаригина эмас, балки шу даврдаги ижтимоий-тарихий воқеа-ҳодисалар таъсирида кейинги асрларда ҳам юзага келган адабий ёдгорликларни ҳам киритиш мумкин. Геродотнинг «Тарих» китоби орқали бизгача етиб келган «Кўр қуллар», «Шоҳга бўйсунмаган киммерлар», «Скифлар «ов»и» ҳамда Мадининг бадиий адабиётдаги муқобилига айланган Алп Эр Тўнга – Афросиёб ҳақидаги адабий сюжетларда шу давр руҳи сақланган. Томир, Зарина, Шерак ҳақидаги қиссалар эса ғоявий мазмуни, қаҳрамонлик руҳига кўра, Мади шахсиятига боғланган асарлар силсиласидан жой олади.

3.«Туркий қавмларнинг шаклланиш даври адабиёти» ўзига хос мавзу йўналиши ва жанр хусусиятига эга. Скифия (Турон) ва Мидия (Эрон) мамлакатлари ўртасидаги жанглар тасвири бу давр адабиётининг бош мавзусидир. Алп Эр Тўнга – Афросиёб Турон ва Эрон урушлари ҳақида яратилган асарларнинг асосий қаҳрамони ҳисобланди. Ижодкор халқнинг шу улуғ қаҳрамон образини яратишга интилиши қадимги туркий адабиётнинг жанр ранг-баранглигини ҳам юзага келтирган. Сов (қисса), ўткунч (ҳикоя, бўлган воқеа), йиғи-йўқлов (марсия), достон бу давр адабиётининг етакчи жанрларидандир. Адабиётнинг энг муҳим хусусиятларидан бири, туркий малика ҳукмдорлар образини яратишга эътибор ошганлигидир. Антик даврда туркий аёлларнинг юрт бошлиғи даражасига кўтарилиши ва оғзаки адабиётда уларнинг мукаммал образи яратилишига эришилиши жаҳон адабиёти тарихида катта воқеадир. Туркий маликалар, жумладан, Томир қиссаси жаҳон адабиётидаги бир неча асарлар яратилишига асос бўлишини шундай баҳолаш мумкин. Шунингдек, Низомий Ганжавий буюк асари «Хамса»да ҳам туркий аёл ҳукмдорлар образини маҳорат билан яратди. Улуғ шоир «Хисрав ва Ширин» достонида Мэҳинбону образини Афросиёб авлодидан деб таърифлайди ва унинг қадимги туркий аёлларга хос донолиги, ақл-заковати, юртни бошқариш қобилиятини маҳорат билан тасвирлайди.

Давоми бор

045

Abdurashid Abdurahmonov
TURKIY ADABIYOTNING QADIMIY QATLAMLARI
Ikkinchi qism
056

TURKIY QAVMLARNING SHAKLLANISH DAVRI OG’ZAKI IJODI

SKIFLAR TARIXI VA ULARNING IJTIMOIY HAYOTI BILAN BOG’LANGAN RIVOYATLAR

033Tarixiy manbalarga asoslanib, turkiy qabilalarning qadimda eng rivojlangani va jahon tarixida sezilarli iz qoldirganlarini kimmer va skiflar deb atashga asos bor. Kimmer va skiflarning turmush tarzi antik yunon manbalarida qalamga olingan. Gerodot «Tarix»ining to’rtinchi kitobi to’la skiflarga bag’ishlangan. Gomerning «Iliada» va «Odessiya» dostonlarida kimmerlar tasviri uchraydi. «Odessiya»ning rus tilidagi nashrlaridan birida yozilgan izohda «kimmeriylar greklarning tasavvuriga ko’ra uzoq Shimolda yashaydigan afsonaviy xalq. Odesseyning kemasi Okean daryosi bo’ylab shu joyga tushib qoladi. Mamlakatning joylashgan o’rni ma’lum emas», deb ta’kidlanishi noto’g’ridir. Kimmerlar Amudaryoning quyi bo’ylarida yashagan, keyinchalik Qora dengizning shimoliy sohillariga ko’chishganligi tarixiy manbalardan ma’lum.

Kimmer va skiflar tarixini o’rganishga jahon olimlari katta qiziqish bilan qaraganlar. Bu xalqlarning jahon sahnasida paydo bo’lishi, ijtimoiy-siyosiy turmushi, ular tarixda qaysi xalqlarga yaqinligi haqida yaratilgan tadqiqotlar soni hisobsizdir. Birgina rus olimlarining faoliyatiga nazar tashlanadigan bo’lsa, bu mavzuni XVIII asrdan boshlab o’rganishga kirishganlar. Masalan, A.Lizlovning 1776 yilda nashr etilgan «Skiflar tarixi» kitobi shulardan biridir. XX asrda yaratilgan ishlar orasida A.N. Teronoshkin, L.N.Gumilev, A.P.Smirnov, I.M.Dyakonov, A.A.Neyxard kabilarning asarlari kimmer va skiflar haqida boy ma’lumot berishi bilan ajralib turadi. Keyingi yillarda o’zbek qadimshunoslari ham bu mavzuga alohia qiziqish bilan qaramoqdalar. F.Sulaymonova, N.Rahmonov, F.Boynazarovlarning tadqiqotlarida kimmer va skiflar turkiylarning qadimiy ajdodi sifatida tahlil etildi.

Yuqoridagi manbalarning hammasida kimmeriylar tarixda qachon paydo bo’lganligi to’g’risida aniq ma’lumotlar keltirilmagan. Yunon va troya urushlari davri voqyealari bilan bog’lab qaraladigan bo’lsa, kimmerlar miloddan avvalga XII–XI asrlarda dengiz sohilidagi mamlakatda yashaganlar. Kimmerlar shumerlarning avlodi va ularning tarixi miloddan avvalgi to’rt minginchi yillardan boshlanadi, degan farazlar bor. Antik yunon tarixchilari kimmeriylar miloddan avvalgi VIII asrda Kichik Osiyoga bostirib kirib, Ossuriya, Midiya va boshqa davlatlar ustidan hukmronlik qilishganligini yozib qoldirishgan. 705 yilda kimmeriylar bilan bo’lgan jangda Ossuriya shohi Sargon II halok bo’lgan. Kimmeriylarning jangovarligi, merganligi, kamondan o’q otish mahoratini aks ettiruvchi tasvirlar o’sha davr idish-buyumlariga tushirilgan. Keyingi asrlarda kimmeriylar saltanati va qabilalari tili, madaniyati, urf-odati yaqin bo’lgan skiflarga qo’shilib ketgan. Skiflar Sharq manbalarida – asguz, vavilonlarda ishkuz, yahudiylarda ashkuz shakllaridagi nomlar bilan uchraydi. Yunonlar esa ularni skiflar deb atashgan. Asguz, ishkuz, ashkuz so’zlarining kelib chiqish o’zagi bitta. Ular ish – uguz, ich – o’g’uz so’zlaridan olingan. «Qo’rqut ota kitobi»da icho’g’uz (ichki urug’) va tasho’g’uz (tashqi urug’)lar haqida tasvirlar mavjud.

Kimmeriylar davlatining tugashi va skif qabilalariga qo’shilib ketishi Madi davlatining jahon bo’ylab hukmronlik mavqyei kuchayib borishi bilan bog’liqdir. Gerodot yozganidek, Madi kimmeriylarni Yevropadan quvib chiqarib, Osiyo mamlakatlarida o’z ta’qibini kuchaytirdi.

Kimmer va skiflarning yashash tarzi yaqin bo’lgan. Agar Gomer «Iliada»da kimmeriylar biya sutini ichishini ta’kidlasa, ossuriylar tarixiga oid manbalarda ham skiflar epchil chavandoz va mohir mergan bo’lishib, ot go’shti yeb, sutini ichib tirikchilik qilishgan, deb yozilgan. Yoki shu manbada skiflarning qo’qqisdang hujum qilib, boshqa xalqlarni yengib qaytishlari kimmeriylarga o’xshatiladi. Tarixda kimmer va skiflarni bir qabila deb atovchilar ham bo’lishgan. Masalan, Ossuriya gimnida kimmeriylar shohi Ligdamas skiflar – saklar shohi deb ta’kidlanadi. Vavilonlar esa saklarni «gimir» – kimmer deb atashgan. Yunon tarixchisi Strabon Madini ba’zan skif, ba’zan kimmeriylar xoqoni deb biladi. Arxeologik topilmalar esa kimmer va skiflarning urf-odati yaqinligini isbotlaydi.

Miloddan avvalgi ikki minginchi yillikda jahon tarixiga kirgan turk qabilalaridan yana biri iskitlardir. Iskitlar Ovropada «skif», forsiylar o’rtasida «sak» nomi bilan yuritilgan. «Skif» va «sak» atamalari bir xalq nomini bildirishi hamda bu atamalarning paydo bo’lishi F.Sulaymonova tadqiqotlarida batafsil izohlangan. Yana aytish mumkinki, yunonlar «sak» so’zini skif shohining ismi sifatida yoki yunoncha «sako» (qalqon) so’zidan olingan deb hisoblaydilar. Miloddan avvalgi VII asrlarda skiflar saqo turklar, deb nomlanishi shundan bo’lishi ham mumkin. Chunonchi, Madi asos solgan davlat Saqo turklar davlati deb nomlangan edi. Gerodot ma’lumot berganidek, skiflar Osiyoda 28 yil hukmronlik qilishgan. Ular Midiya, Ossuriya, Vavilon, Misrda qattik zulm o’tkazishgan. Skiflar tabiatan chaqqon, mergan, chavandoz, ayni paytda jahldor bo’lishgan. «Skiflarga hujum qilgan biror kimsa tirik qaytib kelolmaydi» (Gerodot).
Gerodotning «Tarix»ida keltirilgan «Ko’r qullar rivoyati»da skiflarning turmush tarzi va ularning shafqatsizligi o’z ifodasini topgan.

KO’R QULLAR RIVOYATI

Skiflar o’z ixtiyoridagi barcha qullarining ko’zlarini ko’r qilishar ekan. Buning o’ziga xos sabablari ham bo’lgan. Ular biya sutini ichishar edi. Skiflar biyadan sutni shunday sog’ishar ekan: nayga o’xshash suyakni baytalning qiniga o’rnatishadi, so’ngra biri og’iz bilan puflab, u yerga havo jo’natishadi, ikkinchisi esa biyani sog’ib oladi. Yelindagi tomirlar shishganidan so’ng biyadan sut osongina sog’ilar ekan. Biyadan sog’ib olingan sut yog’ochdan yasalgan tog’oraga solinadi. So’ngra yog’och tog’ora atrofiga ko’r qullar o’tirishadi. Skiflar qullariga sutni chayqashni buyuradi. Sutning tindirilgan (qaymoqlangan) ustki qatlamini yig’ishtirib oladilar. Qaymoqlangan qismi yuqori baholanadi. Skiflar qo’lga tushgan asirlarining ko’zini ko’r qilishlarining boisi mana shu.

O’tmish va hozirgi zamon tarixchilari skiflarni turli xil qabilalar bilan bog’laydi. Antik tarixchilardan Gekatey skiflarni hindlar yeridagi Qobul shahri atrofida joylashgan deb hisoblaydi. Arrian va Strabon skifni ko’plab qabilalarning umumlashgan nomi deb biladi. Kadimgi rim adiblari parfiyanlarni urf-odati va qurol-aslahasi bir xilligiga ko’ra skiflar, deb yozishadi. Pompey Trog esa Parfiya davlatini skiflar yaratgan, degan fikrni aytadi. X asrda yashagan Rim olimi Pliniy skifni bir necha qabilalarning nomi, deb tushunadi. Bu qabilalar orasida sak, massaget, day, issedon, arimasplar mashhurlaridan, deb ta’kidlaydi. A.B.Ditmar skiflarning tilini sak va massaget qabilalari bilan urug’dosh deb hisoblaydi. F.Sulaymonova «skif» degan nom bir qabila, elat yoki xalqning nomi emas, balki bir qancha qabila, elat va xalqlarning birlashmasi yoki siyosiy umumlashma, deb aytilgan fikrlarga qo’shiladi. N.Rahmonov ham «skif» atamasi siyosiy umumlashmaga nisbatan qo’llanilgan bo’lishi kerak», degan xulosaga keladi.

Skiflar ko’p qabila va xalqlarning umumlashgan nomi bo’lishiga tarafdorlik qilish mumkin. Lekin, haqiqiy skiflar ham bo’lishi kerak. Tarixshunoslar skiflar kimmeriylarni mag’lubiyatga uchratgach manbalarda kimmeriylar nomi ko’rinmasdan qolganligini yozishadi. Bu o’z-o’zidan ravshanki, skiflar kimmeriylarni o’zlariga qo’shib olganlar va ular ham skif nomi bilan yuritila boshlangan. Demak, skif umumlashma atama sifatida bir davlat, bir xoqonlikning nomidir. Bu davlatda yuzlab kabila va millat xalqlari bo’lishgan.

DORONING SKIFIYAGA YURISHI VA SKIFLAR QAHRAMONLIGI QISSASI

Skifiya bir necha qavmlarni birlashtirgan davlat edi. Skiflar esa shu davlatning yetakchi qavmlari hisoblanishgan. Qavmlarning birlashgan kengashida juda muhim masala muhokama etiladigan bo’ldi. Skif shohining vakili ham Skifiyadagi barcha qavm hukmdorlarining kengashiga yetib keldi. Skiflar vakili fors shohi Doro dunyoning ko’pgina qismini zabt etib, Bospar daryosining Qora dengizga quyiladigan qismiga ko’prik o’rnatib, bu tomonga yurish qilishga tayyorgarlik ko’rayotganidan xabar berdi.

— Eron shohi butun mamlakatni egallashni xohlamoqda, — dedi skiflar vakili, — endi bizga bir chekkada turish yarashmaydi. Qurbon bo’lishimizga yo’l qo’ymaylik. Kelinglar, dushmanga ahillik bilan qarshi chiqamiz. Agar biz shunday qilmasak, mamlakatni tashlab ketishimizga to’g’ri keladi yoki shu yerda qolib, bosqinchilarga ixtiyoriy tarzda bo’yin egishga majbur bo’lamiz. Agar siz yordamlashishni xohlamasalaringiz, bilmadik, biz nima qilishimiz kerak? Sizga ham bu urush yengil kechmaydi. Chunki Eron shohi bizga yurish qilibdi, bilingki, sizga ham qarshidir. Bizni bosib olgach, ular tinch turmaydilar, sizlarni ham ayab o’tirmaydilar. Biz sizlarga so’zimizning muhim isbotini keltiramiz. Agar Eron shohi faqat bizga qarshi oyoqqa turib, oldingi qulliklar uchun o’ch olishni istaganda edi, u boshqa xalqlarga tinchlik berib, to’g’ri bizning mamlakatga yurish qilgan bo’lardi. U holda, Eron shohi skiflarga qarshi kelayotgani hammaga ayon bo’lardi. Afsuski, shoh hammamiz yashaydigan qit’aga suzib o’tmoqda, o’z yo’lidagi barcha xalqlarni bo’ysundirishni niyat qilmoqda. Ko’pgina ittifoqchi qavmlar uning qo’liga o’tib bo’ldi. Shu jumladan, bizga qo’shni bo’lgan getlar ham.

Skiflar vakilining ushbu ma’lumotidan so’ng ittifoqchi qavm boshliqlarining vakillari kengashishga kirishdilar, fikrlari bilan o’rtoqlashdilar: gelonlar, budinlar va savromatlarning hukmdorlari skiflarga yordam berishga va’da berdilar. Agafirlar, nevrlar, androfaklar, shuningdek, melanxlenlar va tavrlarning hukmdorlari skif vakiliga shunday javob berishdi:

— Agar siz o’tmishda forsiylarni xafa qilmaganlaringizda va ular bilan urushmaganlaringizda edi, biz sizning taklifingizni to’g’ri tushungan va bajonu dil qabul qilgan bo’lardik. Lekin siz bizning maslahatlarimizsiz forslar yeriga bostirib kirdingiz, unga egalik qildingiz, u paytda tangri sizlarga yo’l bergan edi. Endi esa o’sha tangri ular tomondadir va forsiylar sizlardan o’ch olish niyatidadirlar. Biz u paytda ularni xafa qilmagan edik va endi ham hyech qachon ular bilan jang qilmaymiz. Agar forsiylar bizning mamlakatga hujum qilmoqchi bo’lsa, bunga yo’l qo’ymaymiz. Lekin biz hozircha bu xavfni ko’rmayapmiz, shu sababli o’z yurtimizda qolamiz. Bizningcha, forsiylar bizga emas, balki o’z dilozorlariga qarshi kelganlar.

Bunday javobni olgan skiflar forsiylar bilan ochiqchasiga jang qilmaslikka ahd qildilar. Skiflar sekin-asta orqaga chekindilar, mollarini haydadilar, quduq va buloqlarini ko’mdilar, o’t-o’lanlarni nes-nobud qildilar. Ular o’z qo’shinlarini ikki qismga bo’lishdi. Skopas rahbarlik qilgan birinchi qismga savromatlar qo’shildilar. Bu harbiy qism forslar hujum qilgan holda Meotida ko’li yoqalab, Tana (Don) daryosigacha chekinishi, agar forsiylar orqaga burilishsa, u holda ularni kuzatishi lozim edi. Bu qo’shin uch skif shohligining birinchisi bo’lib, ko’rsatilgan yo’ldan borish to’g’risida buyruq oldi. Ikkinchi shohlikka Idanfir, uchinchisiga Taksak hukmdorlik qilardi. Ularga Gelon va budinlarning qo’shinlari qo’shilgan bo’lib, ular sekin-asta chekinishi, forsiylardan kunduzgi ko’chish masofasini saqlab turishi, shu asosda harbiy rejani bajarishga kelishilgan edi. Eng avvalo, skiflar o’z ittifoqida bo’lib, lekin bo’yin toblagan qavmlar yeriga forsiylarni aldab kiritish, ularni eoniylar bilan urushtirishni juda muhim masala deb hisobladilar. Agar ular forsiylar bilan jang qilishni o’z ixtiyorlari bilan xohlashmagan bo’lsa, endi ularni dushmanga qarshi jang qilishga majburlash kerak edi. Chindan ham agar bu aqlli tadbir bo’lsa, ittifoqdan bo’yin tovlagan forsiylar bilan kurashib, o’zlariga falokat yog’dirishadi.

Ushbu qarorga kelgan skiflar Doro qo’shiniga qarshi jangga otlandilar. Oldinda eng yaxshi chavandozlardan tashkil topgan harbiy qism borar edi. Ayollar va bolalar o’tirgan to’rt g’ildirakli soyabon aravalar, shuningdek, oziq-ovqat uchun saqlanganlaridan tashqari barcha mollar Shimol tomonga jo’natib yuborildi. Shundan so’ng harbiy aravalar karvoni oldinga siljidi. Skiflarning bosh harbiy qismi Istr (Dunay) daryosidan uch kunlik masofada fosiylar bilan uchrashdilar. Skiflar o’z dushmanlarini kunduzgi yurish vaqtida aniqladilar va o’t-o’lanlarni yulib, chodirlarini o’rnatdilar. forsiylar skif otliq qo’shinlari paydo bo’lganligini sezib qolishdi va doimiy ravishda chekinib yurgan skif sipohlari izidan tushdilar. Shundan so’ng forsiylar skif jangchilarining bir qismini Don daryosining sharqiy oqimi bo’ylab kuzatib bordilar. Skiflar yana Don daryosidan o’tdilar, forsiylar ham to’ppadan to’g’ri ularning orqasidan suzib, kuzatishni davom ettirdilar.

Forsiylarning yo’li Skifiya va Savromatiya orqali davom etardi. Ular joylarni vayron qila olmadilar, chunki bu behuda yurishlar edi. Skiflarda qad ko’targan qishloq va shaharlar yo’q edi. Budinlarning yeriga kirib borilgani sari forsiylar atrofi yog’och devorlar bilan o’ralgan shaharga duch keldilar. Budinlar qochishdi, shahar bo’shab qoldi, forslar unga o’t qo’ydilar. Shundan so’ng forsiylar yana chekinib, yurgan skiflarni kuzatishni davom ettirdilar va ular sahroga duch kelishdi, bu mutlaqo odam oyog’i yetmagan cho’l bo’lib, bu budinlar mamlakatining shimolida joylashgan, uzunligi yetti kunlik yo’l edi. Shimoldagi bu sahroda fissagetlar yashashardi. Ularning yeridan Meotida ko’liga quyiluvchi to’rtta daryo: Lik, Oar, Tana va Sirg oqib o’tardi.

Sahroda mo’l yo’l bosib, horigan Doro o’z qo’shini bilan Oar daryosi bo’yida to’xtadi. Shoh har qaysisining o’rtasidagi masofa 60 metr chamasi bo’lgan sakkizta istehkom qurishni buyurdi. Shoh binoni qurish bilan ovora bo’lgan paytda ular ta’qib etayotgan skiflar Doro qarorgohining shimol tomonidan o’tib, yana Skifiya tomon ketdilar. Skiflarning favqulodda paydo bo’lganligini sezgan Doro qurilishni to’xtatdi, lekin skiflar qayta ko’rinmadilar. Doro uning qarshisiga skiflarning barcha qo’shini keldi va ular g’arbga qochdilar, deb o’yladi.

Doro qo’shini bilan tezda Skifiyaga yetib kelar ekan, bu yerda ham skiflarning ikki qo’shinini ko’rdi. Shoh ular bilan to’qnashdi. Lekin skiflar undan bir kunlik yo’l ilgari o’tib ketganligidan hayratda edi. Doro tazyiqni davom ettirdi. Skiflar esa o’z harbiy rejalariga ko’ra jangda yordam berishni xohlamagan qavmlar, eng avvalo – melanxlenlar mamlakatiga chekindilar. Forsiylar va skiflarning bostirib kelishidan melanxlenlar qo’rqib ketishdi. So’ngra skiflar o’z dushmanlarini androfaglar yashaydigan viloyat tomon yetakladilar. Yana qo’rqinch va vahima ichida nevrlar yeriga chekindilar. Shundan so’ng skiflar agafenlar yeriga qochishdi. Agafirlar o’z qo’shinlari vahima ichida qolib, skiflar oldiga tushib chopayotganini ko’rishar ekan, o’zlarini himoya etishga kirishdilar va skiflarga chopar yuborishdi. Skiflar o’z mamlakatlariga bostirib kirishga jur’at etishsa, ular bilan qahramonlarcha kurashishga tayyor ekanligini bildirdilar.

Shunday so’ng agafirlar dushman hujumini qaytarish uchun o’z chegaralariga qo’shin chiqardilar. Melanxlenlar, androfaglar va nevrlar forsiy hamda skiflarning hujumiga bardosh bera olmadilar. Ular qo’rquv ichida shimoliy sahrolarga qochishdi. Skiflar agafirlar mamlakatiga borishmadi, ularni ham qochirib qo’yishni istashmadi. Lekin forsiylarni nevrlar mamlakatidan o’z yerlariga aldab, chaqira oldilar.

Urush kundan-kun taranglashib borar edi. Oxiri sira ko’rinmasdi. Shu sababli Doro o’z suvoriysini skif shohi Idanfir huzuriga xat bilan jo’natdi.

— Axmoq! Nega sen hamma vaqt qochib yurasan, hatto senga imkoniyat berilganda ham foydalanmaysan. Agar sen o’zingni mening kuch-qudratimga bardosh beraman deb o’ylasang, u holda to’xta, darbadarlarcha yurishni bas qil, men bilan jangga tush! Agar sen o’zingning juda kuchsizligingni tan olsang, u holda ham qochishingni to’xtatishingga to’g’ri keladi. Egallab turgan yer va suvlaringning taqdiri uchun ham biz bilan muzokaraga kirishishing kerak.

Bu so’zlarga skiflar shohi Idanfir shunday javob qaytardi:

— Mening tutgan yo’lim shunday, hurmatli shoh! Men hyech qachon qo’rqinchdan qochgan emasman va hozir ham sendan qochayotganim yo’q. Hozir ham o’zimni tinchlik davridagidek xotirjam sezmoqdaman. Men sen bilan nega jangga kirishmayapman, buni ham tushuntiraman. Bizda shaharlar hamda ishlov beriladigan yerlar yo’q. Biz ularning vayron bo’lishi va xarobalanishidan qo’rqmaymiz. Shu sababli sen bilan jang qilishga shoshilmayapmiz. Agar sen biz bilan urusha olmayapman desang, bizning otalarimizning qabrlari mavjud. Ularni topinglar, buzishga urinib ko’ringlar, shundagina biz qabrlar uchun jang qilamiz. Ungacha, bizga ma’qul topilmaguncha, biz siz bilan jangga kirishmaymiz, jang qilish haqidagi bu fikr mening qat’iy qarorimdir. Biz hukmdor deb faqat skiflar xudosi Zevs va Gestiyani tan olamiz. Sen o’lpon sifatida yer va suvimizni kutayapsan. Men esa senga boshqa ehson jo’nataman Chunki sen unga loyiqsan. Sen o’zingni menga hukmron sanaganliging uchun hali menga qimmatli tovon to’laysan.

Eron chopari ushbu javobni olib, Doro huzuriga jo’nadi. Skif shohlari Skopas boshchilik qilayotgan savromatlardan iborat qo’shinlarining bir qismini Dunay daryosidagi ko’prikni qo’riqlash uchun ionyanlar bilan muzokara qilishga jo’natdilar. Boshqalari esa forsiylarni endi aldab, chalg’itmaslik, ammo oziq-ovqat axtarib chiqqanlarida hujum qilishga ahd qildilar. Skiflar ushbu rejani amalga oshira borib, Doro jangchilaridan bir nechtasini ovqat izlashga chiqqanlarida o’qqa tutdilar. Skif suvoriylari dushman suvoriylarini muntazam ravishda ta’qib qildilar. Forsiylarning qochoq suvoriylariga yordam berish uchun piyodalari ham hujumga otlanishdi. Skiflar piyodalarga ham qarshi kurashdilar. Bunday hujumlar kechalari ham uyushtirildi.

Forsiylar va skiflarning jangi paytida kulgilili hodisalar ham yuz berib turdi. Doro suvoriylari eshak va xachirlarni ham urushga jalb etgan edi. Eshaklarning hangrashiyu xachirlarning ko’rinishi skiflar Doroning qarorgohiga hujum qilishgan paytda forslarga qulaylik tug’dirsa, aksincha skiflarga xalaqit berdi. Skiflar mamlakati sovuq bo’lganligi sababli eshak va xachirlar bu yurtda bo’lmas edi. Eshak nima ekanligini bilmagan skiflar ularning baqiriqli ovozlarini eshitib, esankirab qoldilar. Otlar esa eshakning ovozidan qo’rqib, orqaga tislanishi ham kamdan-kam uchraydigan hodisadir.

Otlar eshaklarning hangrashidan quloqlarini dikkaytirishdi, ehtimol, ular avval bu xil hayvonning tovushini biror marta eshitishmagan, uni ko’rishmagan edi. Shunday qilib, eshak va xachir hangomasi forsiylarga jangda qisqa muddat yordam berdi, xolos.

Skiflar forsiylar o’rtasida sarosima va parokandalik yuz berayotganini ko’rib, ularni o’z yurtlarida ushlab turish va azoblash, zaruriy narsalardan mahrum etish yo’llarini izladilar. Skiflar o’zlarining bir qism podalarini cho’ponlar bilan birga qoldirdilar, o’zlari esa boshqa joyga ketdilar. Forsiylar mollarini qo’lga kiritishar ekan, o’z muvaffaqiyatlaridan faxrlanishar edi.

Bu hodisa tez-tez takrorlandi. Natijada Doro qiyin ahvolga tushmadi. Bu voqyeadan xabardor bo’lgan skiflar shohi Doroga sovg’a jo’natdi. Sovg’a qush, sichqon, qurbaqa va beshta kamon o’qidan iborat edi. Forsiylar sovg’ani olib kelgan chopardan bu narsalarning qanday ma’no berishini so’radilar:

— Menga faqat sovg’alarni topshirish va tezda orqaga qaytish buyurilgan, -deb javob berdi chopar va o’z so’ziga qo’shib qo’ydi. – Agar forslar dono bo’lishsa, bu sovg’alarning mazmunini o’zlari anglab yetishlari kerak.

Forsiylar skiflar jo’natgan sovg’aning mazmunini ochishga kirishdilar. Doro sovg’ani shunday izohladi:

— Skiflar menga hokimiyatni, yer hamda suvini topshirishmoqchi. Sichqon yerda yashaydi, insondek yerning mahsulotidan oziqlanadi. Qurbaqa suvda yashaydi. Qush chaqqonligi bilan otga o’xshaydi, kamon o’qlarini topshirishlari esa skiflarning bizga qarshilik ko’rsatmasliklarining belgisidir.

Doro qo’shinlari orasida Gobriy ismli dono kishi bor edi. U Doroning so’zlariga qarshi o’laroq sovg’ani boshqacharoq izohladi.

Agar siz, forslar, qushdek osmonga parvoz etmasalaringiz yoki sichqondek yer ostiga yo’qolmasalaringiz, yoki qurbaqadek botqoqqa sakrab tushmasalaringiz, ushbu kamon o’qlaridan halok bo’lasizlar, vatanlaringizga qayta olmaysizlar.

Shunday qilib, forsiylar sovg’aning ma’nosini topishga erishdilar. Shu paytda skiflarning bir qo’shini Dunay tomondan ionyanlar (ionyanlar grek qavmlaridan biri. Ehtimol, bu paytda ular forsiylar tutqunida bo’lishgan.- A.A.) bilan muzokara olib borishga jo’nadi. Ionyanlar Meotid ko’li yonida qorovullikda turishgan edi. Dunay daryosi ko’prigiga yaqinlashar ekan, skiflar ionyanlarga shunday murojaat qildilar:

— Ey ionyanlar, biz sizga ozodlik keltirdik. Faqat buning uchun bizga bajonudil quloq solinglar. Bilishimizcha, Doro 60 kundan keyin ko’prikni buzishga amr etdi. Agar u shu muddat orasida kelmasa, siz o’z vatanlaringizga qaytishlaringiz mumkin. Agar siz ko’prikni himoya qilsalaringiz, u holda shoh oldida va bizning oldimizda ham aybdor sanalmaysizlar. Ko’rsatilgan muddatni kutinglar, undan so’ng vatanlaringga jo’nanglar.

Ionyanlar skiflarning iltimosini bajarishga va’da berdilar.

Eron shohiga sovg’a jo’natilganidan so’ng skiflarning piyoda va otliq qo’shinlari forsiylar bilan jang qilishga shay turdilar. Skiflar jangovar holatda edi. Shu payt ularning yonidan quyon o’tib qoldi. Skiflar quyonni tutish payiga tushdilar, jangchilar o’rtasida tartibsizlik boshlandi, qiy-chuv ko’tarildi.

– Skiflar tomonida nima shovqin-suron? – ajablanib so’radi Doro.

Unga skiflar quyonning orqasidan quvishayotganligini aytishdi. Shundan so’ng Doro o’z yaqinlariga dardini yordi.

Skiflar bizni haddan tashqari pisand qilmayaptilar. Govriy skiflarning sovg’asini to’g’ri tahlil qilgani endi menga ayon bo’ldi. Ahvolimiz qay tarzda ekanligini ko’rib turibman. Qanday qilib yurtimizga eson-omon yetib olamiz. Biror yaxshi maslahat aytinglar-chi?
— Shohim! – Govriy Doroga murojaat etdi. – Men qachonlardir bu qavmga bas kelib bo’lmasligi haqida eshitgan edim. Bu yerga kelib yanada kuchliroq ishonch hosil qildim. Ko’rib turibmizki, ular bizning ustimizdan masxaramuz kulmoqdalar. Shu sababli sizga shunday maslahat beraman: qorong’i tushishi bilan, odatimizga ko’ra, olov yoqaylik, kuchsiz jangchilarimiz va barcha eshaklarimizni bog’lab shu yerda qoldiraylik, so’ngra orqaga chekinib, skiflar Dunayga yetmasdan, ionyanlar biz uchun biror halokatli qarorini o’ylab topmasdan ko’prikni buzaylik.

Qorong’i tusha boshlagach, Doro Govriyning maslahatini bajarishga kirishdi. Kuchsiz jangchilar, barcha eshaklar harbiy qarorgohda qoldirildi. Olov yoqildi, Doro Dunay tomon shoshildi. Eshaklar yanada kuchli ovoz bilan hangradilar. Skiflar esa eshaklarning tovushini eshitishib, forslar o’z qarorgohlarida deb mutlaqo ishondilar.

Ertasi kuni harbiy qarorgohda qolgan forsiylar shoh Doro bizlarni tashlab, o’z yurtiga jo’nab ketdi deb tushundilar. Ular skiflarning qo’liga asir tushar ekanlar, rahm-shafqat tiladilar va bo’lgan voqyealarning hammasini aytib berdilar. Buni eshitgan skiflar tezda o’z kuchlarini to’pladilar, ularning ikki qo’shini (bittasi savromatlar bilan birgalikda, ikkinchisi budin va gelonlar bilan birgalikda) tayyor edi. Qo’shinlar Dunay daryosi tomon forsiylar izidan tushdilar. Eron askarlarining katta qismi piyodalardan iborat edi. Buning ustiga ular yo’lni yaxshi bilishmas edi. Skiflar esa otda bo’lib, Dunayga boradigan yaqin yo’lni bilishardi. Shu sababli ikki qo’shin ikki tomonga ketdi, skiflar ko’prikka forsiylardan oldin yetib kelishdi, ular hali forsiylar yetib kelmaganligini ko’rishar ekan, o’z kemalariga o’tirib olgan ionyanlarga shunday murojaat etdilar:

— Ey ionyanlar, sizlarga kutish uchun belgilangan kunlarning soni tugadi. Agar bu yerda qolsalaringiz endi xato qilasizlar. Chunki sizlarni bu yerda faqat qo’rqinch ushlab turgan edi. Endi tangri va skiflar sharofati bilan ozodlikka chiqdingizlar va tezda huquqlaringizni tiklaysizlar. Biz sizning sultoningizni shu darajada jazoladikki, endi unga hyech bir xalqqa qarshi qo’shin tortish sira nasib qilmaydi.

Skiflarning qadimgi tasviriy san’atlarida ot, arslon, sher, bo’ri, echki, kiyik, quyon kabi hayvonlarning turli xil ko’rinishdagi suratlari uchraydi. Qadimda skiflar o’z pahlavonlari, xoqonlari jangda qahramonlik ko’rsatishsa, bahodirligi, kuch-qudratini ulug’lash maqsadida ularni hayvonlar nomi bilan atash yoki o’zlarini biror kuchli hayvondan taralgan deb hisoblash an’anasiga ega edi. Sher qadimgi turkiylarning qahramonlik timsolidir. Ehtimolki, qadimiy davlatlarning ramziy belgisi bo’lsa, skiflarniki shersifat kuchli hayvondir. Chunki qadimgi turkiy xoqonlar saroylarining darvozalari yoniga sher haykali o’rnatilgan. Bu kuchlilikning ramziy belgisini ifodalagan.

Shumerlarning «Bilgamish» dostoniga chizilgan tasvirlar orasida ho’kiz qiyofasidagi odamlarni ko’ramiz. Ular osmon xudosi tomonidan Bilgamishga qarshi jo’natilgan kuch. Ikkinchi tasvirda ho’kiz odam bilan sherning kurashi berilgan. Eposda Bilgamish ho’kiz qiyofasidagi odamlarga qarshi kurashadi. Aytish mumkinki, bu tasvirdagi shersifat odam qadimgi turkiylar timsoliga ham mantiqan yaqin turadi. Qadimgi turkiylar turmush tarzi sher bilan bog’langanini, arslon va sher ularning xoqoni timsoli ekanini «Alpomish» dostonida ham sezish mumkin. Alpomish qalmoqlar zindonidan kaytib kelgach, o’zini hyech kimga tanitmaydi. Ammo uni tanigan ayol «Elga yo’lbars oraladi», «Yo’lbars kelib yurtiga oraladi», deydi. Bu o’rinda yo’lbars – yurt xoqoni, begi Alpomishni bildiradi. Turkiy xalqlarning afsonaviy qahramoni darajasiga ko’tarilgan Alp Er To’nga nomi ham «yo’lbarsdan kuchli bahodir odam» mazmunini ifodalaydi.

Bizgacha skif qavmining dunyoga kelishi, boshqa qavmlarga o’z ta’sirini o’tkazishi va ittifoqchi qavmlarning yetakchisi darajasiga aylanishi, xususan, Kichik Osiyoda o’z hukmronligini o’rnatishi to’g’risidagi bir necha rivoyatlar yetib kelgan. Gerodot «Targ’itoy», «Skifning tug’ilishi» afsonalarini keltirar ekan, bulardan tashqari, yana uchinchi rivoyat ham mavjud, men hammadan ko’ra shunga ko’proq ishonaman, deb yozadi:

SHOHGA BO’YSUNMAGAN KIMMERLAR AFSONASI

Skiflarning ko’chmanchi qabilalari Osiyoda makon topdilar. Massagetlar harbiy kuch bilan skiflarni siqib chiqarganlaridan so’ng ular Arak daryosi bo’yiga o’tdilar va kimmeriylar yeriga keldilar (hozir skiflar yashaydigan mamlakat, aytishlaricha, azaldan kimmeriylarga tegishli bo’lgan). Skiflarning kimmeriylarga yaqinlashuvi kengashishga sabab bo’ldi.

— Ko’p sonli skiflar qo’shinini nima qilish kerak?

Kengashda har xil fikrlar tug’ildi. Tomonlar o’z fikrlarini himoya qilsalar-da, lekin shohning taklifi g’olib keldi. Xalq ko’p sonli skiflar bilan kurashish kerak emas, deb hisobladi. Shoh esa bu fikrga qarshi o’laroq, ona yerini bosqinchilardan himoya qilishni zarur deb bildi. Shunday qilib, xalq shohning maslahatiga quloq solmadi. Shoh esa xalqqa bo’yin egishni istamadi. Xalq vatandan chiqib ketish va bosqinchilarga o’z yerlarini jangsiz topshirishga ahd qildi. Nihoyat, shoh ham ona tuproqda suyagi cho’zilib qolganidan ko’ra xalq bilan birga qochib, jonini qutqarib qolishni afzal ko’rdi. Chunki shoh kimmeriylar ona tuproqlarida qanday ulug’ baxtni boshdan kechirishdiyu vatandan quvg’in qilingan hamda haydalganlarni qanday g’am-g’ussalar kutayotganini tushungan edi. Kimmeriylar teng ikkiga bo’lindilar va o’rtada kurash boshlandi. Kimmeriylar birodarkushlik urushida halok bo’lganlarning barchasi Tirasa (Dnestr) daryosining ostiga (shohning qabrini ham) ko’mdilar. Shundan so’ng kimmeriylar o’z yerlarini tark etdilar. Skiflar esa odamsiz mamlakatni egallab oldilar.

Tarixiy ma’lumotlarga ko’ra, skif xoqoni Protofey (ayrim manbalarda Prototey), so’ngra uning o’g’li Madi 652-625 yillarda Kichik Osiyo mamlakatlariga hukmronlik qilishgan. Skiflarning Midiyaga bostirib kirishi voqyealaridan biri shunday bo’lgan: Midiya shohi Fraort ossuriyaliklar bilan bo’lgan jangda yengiladi. O’g’li Kiaksar (Kayxisrav) qo’shinni qayta tuzib, urushga tayyorgarlik ko’ra boshlaydi. Gerodot bu haqda shunday yozadi «Kiaksar o’z hukmi ostidagi barcha xalqlar bilan otasi uchun qasos olish va vayron qilish maqsadida Nin shahriga yurish qildi. U ossuriyaliklarni yengib, Nin shahrini qamal qilgan paytda uning davlati hududiga skiflarning ulkan qo’shini bostirib kirdi. Ularning yo’lboshchisi Madi bo’lib, u Protofeyning o’g’li edi. Skiflar kimmeriylarni Yevropadan quvib chiqarib, Osiyoda ta’qibni davom ettirdilar va shu tariqa Midiya yerlariga bostirib kirdilar».Ular kimeriylarga o’xshab, qo’qqisdan hujum qilish usulini egallashgan. Skif va kimmeriylardagi epchillik, chavandozlik, merganlik, dushmanga qo’qqisdan hujum qilish turkiy xoqonlardan Temuriylarga ham xos bo’lgan. Bu «turktoz» usuli deb nomlangan.

Skifiya (Turon ) va Midiya (Eron) urushlari mavzusi jahon adabiyotida katta sahifani tashkil etadi. Bu ikki mamlakat o’rtasidagi urushlar qayta-qayta sodir bo’lganidek, bu voqyealarning ta’sirida yuzaga kelgan rivoyat va afsonalar, hatto yirik dostonlarda ham Eron va Turon shohlari, qo’shin boshliqlarining rang-barang obrazlari yaratilgan. Midiyaning Skifiyaga qarshi boshlangan urushlarining biriga skiflarning jahldorligi, shafqatsizligi sabab bo’lgan ekan.

SKIFLAR «OV»I AFSONASI

Qasoskor skiflarning to’dasi Midiya yeriga ko’chib o’tdilar. Bu paytda midiyaliklar shohi Deiokning nevarasi, Fraortning o’g’li Kiaksar edi. Boshpana so’ragan skiflarni Midiya shohi dastlab do’stona qabul qildi. Ularga ishonganidan o’z o’g’illarini topshirdi, kamondan o’q otish sirlarini o’rgatishni so’radi. Skiflar ovchilik bilan shug’ullanishar, turli qushlar va jonivorlarni ushlab kelishar va uni Kiaksarga tuhfa etishar edi. Lekin kunlardan bir kun skiflar ovdan hyech narsa olib qaytisholmadi. Buning uchun Kiaksar qo’llari bo’sh kelgan skiflarni yomon so’zlar bilan haqoratladi. Midiya shohidan nohaq so’kishlarni eshitgan skiflar juda xafa bo’ldilar va shohning shogirdlikka bergan o’g’illaridan birini chopib, bo’laklab, ov mahsuloti sifatida Kiaksarga sovg’a qilishga qasam ichdilar. Shundan so’ng oddiy ovdek bolaning ichak-chavog’ini tozalashdi, va uning go’shtini pishirishib, Kiaksarning dasturxoniga qo’yishdi. Bu voqyeadan keyin skiflar o’z sirlari oshkor bo’lib qolishidan cho’chishib, tezda Sardi shahriga, Lidiya shohi Aliatt huzuriga qochishdi. Kiaksar esa go’shtni mehmonlari bilan birgalikda tanavvul etdi. Kiaksar tanavvul etilgan go’sht o’g’liniki ekanligini bilib, skiflardan o’ch olishga ont ichdi. Lekin Kiaksar har qancha talab qo’ymasin, Aliatt skiflarni unga qaytarib berishni istamadi. Midiyaliklar va lidiyaliklar o’rtasida urushning boshlanishiga skiflar «ov»i sabab bo’lgan ekan.

ALP ER TO’NGA SHAXSIYATI VA U HAQDA YARATILGAN ASARLAR

Qadimgi yunon va ossuriya tarixiga oid kitoblarda Kayxisrav va skif hukmdorlari o’rtasidagi janglarga alohida o’rin ajratilgan. Ma’lumotlarga qaraganda, Kayxisrav skiflarni Midiyadan haydab chiqarishga muvaffaq bo’lmaydi va hiyla yo’liga o’tadi. Ularning yo’lboshchisi Madini yarashish ziyofatiga taklif etib, zaharlab o’ldiradi. Skiflarning orasini buzib, bir qismini o’ziga ag’darib oladi. Ulardan tan qo’riqchilar tanlaydi. Ular zadogon midiyalik yoshlarni kamondan o’q uzish va ovga o’rgatadilar.

Rus turkiyshunos olimi S.Yu Neklyudov asoslashicha, turkiy xalqlar til boyligidagi er, erlik, xon, bagatur, maadir, bootur, paxatur, madur, olыp, alp, kuchu, bagu, mergen, bo’ko’ kabi so’zlarning barchasi kuchlilik, bahodirlik va qahramonlikka nisbatan qo’llaniladi.

Turkiylarning afsonaviy qahramoni timsoliga aylangan Alp Er To’nga tarixiy shaxs Madining umumlashgan badiiy obrazidir. Alp Er bilan Madi bir xil ma’nodagi ismlardir. Madi – Maadirning qisqargan shakli bo’lib, u bahodir (alp er ) mazmunini beradi. Hozir bu so’z tuva tilida qo’llaniladi va u Ma:adir shaklida yoziladi. Turkiylarda M va B tovushlari almashuvchandir (bayram – mayram, bo’yinchoq — munchoq kabi). Demak, Ma: adir – Bahodir – Alp Er miloddan oldingi VII asrda yashagan turk xoqonining nomidir. Mahmud Koshg’ariy va Yusuf Xos Hojib Alp Er To’nga forsiy adabiyotda Afrosiyob nomi bilan tasvirlanishini ko’rsatishadi. «Devonu lug’otit turk»da Alp Er To’nga obrazi yaratilgan xalq dostonining parchalari ham saqlangan. Alp Er dono, zukko, tadbirkor xoqon bo’lgan. U aytgan hikmatli so’zlar o’z qavmlari o’rtasida mashhur edi. «Qutadg’u bilig»da bu hikmatlardan o’rinli foydalanilgan. Dostondagi «Alp Er To’nga», «Alp Er», «To’nga Alp Er», «Jahongir kishi», «Dono elbegi», «Elchi boshi», «Beklar begi», «Botir kishi» nomi bilan keltirilgan hikmatlar turkiylarning qadimiy xoqonlariga daxldordir. Quyidagi matnlar buning yorqin misoli bo’la oladi.

Neku ter eshitgil To’nga Alp Erig,
Bilib so’zlamish ko’r bu o’t sav irig.
(Nima der eshitgil, Alp Erig To’nga,
Bilib aytmish o’git, nasihat senga).

Et-ul bu kishi ko’ngli artar yidir,
Eti kad kadazgu e qilqi qadir.
(Kishi ko’ngli go’shtdir, hidla buzilur,
Go’shtni avaylagin, ey fe’li qodir).

Necha kad er ersa yung’ag’ tinglamas,
Uzunchi ara kirsa sernu umas.
(Yaxshi odam g’iybat tinglamas bo’lsa,
G’iybatchi ora kirsa o’zni tutolmas).

Necha kad bek ersa o’qushlug’ udug’,
Yung’ag’chi yaqin bo’lsa tegrur yudug’.
(Qanchalik yaxshidir, zakovatli beg,
Chaqimchi yaqin bo’lsa ketar ulug’lik).

Ko’ngul beg turur bu et o’z qul asir,
Ara so’zka tumlir arala isir.
(Ko’ngil beg, tanu jon unga qul, asir,
Goho so’zga sovur, gohida isir).

Kishi tab’i to’rt ul qarishma yag’i,
Biri kuldurur bir qilur un cho’g’i.
(Kishi ta’bi turli, aralash dushman,
Biri kuldirar, g’avg’o qiladi biri).

Biri evsa biri amulluq tilar,
Biri kulsa biri sig’itqi ular.
(Biri shoshsa, biri sokinlik tilar,
Biri kulsa, biri yig’i ulashar).

Sevinchlig’ tedukta saqinch keldurur,
Saqinchlig’ tesa bu sevinch kuldurur.
(Sevin topganda alam keltirar,
Alam kelganda sevinch kuldirar).

Midiya hukmdorining skiflar xoqoni Мadini zaharlab o’ldirishiga oid tarixiy voqyea keyinchalik turkiy xalqlar og’zaki ijodida yuzaga kelgan yirik eposlarda ham o’z ifodasini topdi. O’zbeklarning «Alpomish», qirg’izlarning «Мanas» dostonlarida, turkiy xalqlar o’rtasida Alp Er To’nga nomi bilan bog’langan rivoyat va afsonalarda, anatoliya (hozirgi Turkiya) turklari orqali bizgacha yetib kelgan «Alp Er To’nga» dostonida, Мahmud Qoshg’ariyning «Devonu lug’otit turk» kitobida saqlangan marsiyada ushbu voqyelik ta’siri mavjud. Shuningdek, fors-tojik adabiyotidagi Kayxisrav va Afrosiyob turkumiga oid o’nlab afsonalar, hatto Firdavsiyning «Shohnoma»si ham qadimgi midiya va skif hukmdorlarining ziddiyatli kurashlaridan badiiy oziq olgandir.

Turkiy qahramonlarni yengishning midiyacha usuli «Alpomish» dostoni syujetida to’la saqlangan. Alpomish qalmoqshoh lashkarlariga qirg’in soladi va qalmoqlar vahima ichida qoladi. Alpomishni yo’qotish katta kuchni talab etadi. Aytish mumkinki, unga teng keladigan bahodir yo’q edi. Kayxisrav Мadini ayyorlik bilan yakson qilganidek, u ham ayyorlik yo’lni topadi. O’zbeklar va qalmoqlar urushida o’g’illarini yo’qotgan, Alpomishning do’sti Qorajonning onasi Surxayl bu vazifani ijro etadi. Uning rejasi bilan Alpomishning qaynotasi Boysarining mol-mulki talanadi. Bu voqyeani eshitgan Alpomish qaynotasini olib kelish uchun qalmoqlar yurtiga jo’naydi. Tuzilgan rejaga ko’ra, Alpomishni Chilbir cho’lida turli xil ichimliklar, behush qiladigan dorilar va o’ziga oro bergan qizlar kutayotgan edi. Alpomish va uning yigitlarining ziyofat qilinishi Kayxisravning mehmondorchiligini eslatadi. Alpomish sharafiga uyushti-rilgan ziyofatda ham sharobxo’rlik avjiga chiqadi. Qizlar o’z nag’malari, sharobga qo’shilgan dorilari bilan yigitlarning aqlini olishib, hushidan ketkazishadi.

Er yigitlar sherday bo’lib,
Berganin qaytarmay olib,

Bu beklarning ko’nglin xushlab
O’yin qilar zulfak tashlab.

Nechovlari kosa berar,
Noz bilan belini ushlab.

Bu beklarning yo’li bo’lar,
Juda bekni izzat qilar.

Behush dorilardan solib,
Uzmay quyib berar qizlar.

Turk qadimshunos olimi Rafiq O’zdek «Turklarning oltin kitobi» asarida xilma – xil og’zaki va yozma manbalar asosida «Alp Er To’nga» dostonini tiklaydi.

«ALP ER TO’NGA» DOSTONI

Alp Er To’nga degan xoqon bor edi,
Unga zaminu ko’k yuzi tor edi.
Tug’ aylagandi u quyoshni ko’kka,
Donolikda tengsiz, jahonda yakka.
Ko’k turklar, uyg’ur, qarluq va qoraxonli,
Tag’in qancha turklar insof-iymonli.
Uni o’zlariga ota deydilar,
Zafar shuhratini har yon yoydilar.
Bandalikni bajo keltirgach xoqon,
El yurt ko’k libosga burkandi shu on.
Izzat-ikrom ila nomin yo’qlashib,
Qoldi yoshlar to’kib, chekdilar afg’on.

Turon bilan Eron – ikki qo’shni davlat bir-biriga dushman edi. Eron mamlakatining taxtida Мanuchehr, Turon o’lkasining taxtida esa Alp Er Tunganing otasi Pesheng hukmron edi. Eron hukmdori Мanuchehr o’lgach, xoqon Pesheng o’g’li Alp Er To’ngaga shunday dedi: «Forslar bizga juda ko’p yomonlik qildi. Endi turkning o’ch olar payti keldi!»

Alp Er To’nga zotan shunday bo’lishini istar edi. «Arslon bilan ham kurashishga tayyorman, Erondan, albatta, qasos olaman», deydi u. Peshengning ikkinchi o’g’li Alp Ariz forslar bilan urushning tarafdori emas edi. Alp Er To’nga jangga tayyorgarlik ko’rishga qaror qildi

Al Er To’nga arslon yanglig’ yolli, sarvdek qomatga molik edi. O’z yoviga timsohdek tashlanar, shikor chog’i arslondek epchil, savash onida esa jangga kirgan fildek baquvvat edi. Yurgan zahoti yer larzaga kelardi. Birin-ketin otgan o’qlari yeru ko’kni ingratardi. U g’azablanib jangga kirgudek bo’lsa, qadam bosgan joyida chuqurlik, to’kkan qonidan irmoq paydo bo’lardi. Do’stlariga umid va saodat baxsh etuvchi tili dushmanlari uchun o’tkir qilichdek zaharli edi. Donolikda undan ustun keladigan kishi yo’q edi. Ko’ngli daryoday keng, qo’li esa yomg’ir keltiruvchi bulutdek ochiq edi. Otasining ismi Pesheng, otasining qavmidek, uning qavmi ham Turk edi. Alp Er To’nganing o’g’illari va qizlari ham bo’lgan. Qizlaridan biri Qoz (g’oz)dek chiroyli bo’lganligi sababli unga Qoz (Qoz) deya ot qo’yishgan ekan. Otasi unga atab Ila dengiziga qo’yiladigan katta bir daryo qirg’og’ida qal’a-qasr qurdirgan edi. Qoz (G’oz) bu yerda yayrab suzib yurardi. Shu boisdan turklar «Qoz suvi» deydigan bo’lishdi. Keyichalik esa Qoz yashagan, yayrab o’sgan u maskan shaharga aylandi. Bu shaharga «Qoz o’yini» nomi berildi (hozirgi Qazvin shahri)…

Alp Er To’nga o’z qo’shini bilan Eron sari ravona bo’ldi. Ikki qo’shin Dehiston tumanida to’qnashdi. Shu yerda turk qo’shinidan Bormon ismli yigit otini olg’a surarkan, forslardan yakkama-yakka ko’rashga chiqadigan yigitni talab qildi. Bormon bilan bellashuvga fors qo’mondonining inisi Qubod chiqdi. Ikki jangchi ertadan kechgacha savashdi. Bormon Qubodni nayza bilan yerga qulatdi va Alp Er To’nga huzuriga g’olib sifatida qaytib keldi.

Shundan keyin ikkala mamlakat qo’shinlari bir-biriga qorishib ketdi. O’sha kuni shunday shiddatli jang bo’ldiki, uni ta’riflashga qalam ojizdir. Bu jangda Alp Er To’nga zafar quchdi. Jang maydoni forslarning jasadi bilan to’lib ketdi. Eron podshosi orqaga chekinishga majbur bo’lib, Dehiston qal’asi tomon yo’l oldi. Alp Er To’nga qal’ani qurshab oldi va Eron podshosini asirga tushirdi. Shundan so’ng Eron bilan yonma-yon bo’lgan Qobul davlatining o’z qaxramonligi bilan dovrug’i ketgan podshosi Zol forslarga yordamga otlandi. U turk qo’shinlarini o’sha hujumdayoq tor – mor keltirdi. Undan g’azablangan Alp Er To’nga asirlikdagi Eron shohini qatl ettirdi. Boshqa asirlarini o’ldirishga esa ukasi Alp Ariz qarshilik qildi. Asirlarini Sori shahriga jo’natib yuborishdi. Ko’p o’tmay o’sha asirlarning qochib ketishiga qarshilik qilmagan yoxud, umuman, ahamiyat bermagani uchun Alp Er To’nga ukasi Alp Arizni ham qatl qildirdi.

Alp Er To’nga tag’in g’oliblikni qo’lga kiritib, Ray shahriga yo’l olar ekan, Eron shohi tojini boshiga kiyib olgandi. Forslar esa o’ldirilgan podsholari o’rniga Zev nomli kishini o’tqazishgan edi. Ikkala qo’shin qaytadan jang boshladi. Urush jarayonida katta qahatchilik vujudga keldi. Buning ustiga, «urush va qahatchilik odamlarni nobud qilmasin» deya har ikkala tomon ham sulh tuzishga rozilik berdi. Eronning shimoliy tarafidagi viloyatlari Turonga tegdi.

Eron podshosi Zev o’lgach, sulh yana buziladi, shuning uchun Alp Er To’nga takroran hujumga o’tishga majbur bo’ldi. Forslar tag’in Zoldan yordam so’rashadi. Zol keksayib qolganligi tufayli jasoratda o’zidan ham o’zib ketgan o’g’li Rustamni yuboradi. Rustam Zol o’g’li turklarni mag’lubiyatga uchratadi. Kayqubodni esa Eron taxtiga o’tqazadi.

Rustam bir hujumdayoq 1160 nafar bahodir yigitni o’ldirgani uchun turklar chekinib, sulh imzoladilar.

Oradan ancha vaqt o’tgach, Eron taxtiga Kaykovus o’tirdi. O’sha davrda Eron homiyligidagi arablar isyon ko’tardi. Bu to’s-to’polondan foydalangan Alp Er To’nga Eronning ichkarisigacha kirib borishga muvaffaq bo’ldi va juda ko’p kishini asirga tushirdi, ammo Qobul podshosi tag’in Eronga yordam berdiyu turklar yengildi. Jangdan keyin Zol o’g’li Rustam o’z ittifoqchilari bilan maxfiy ravishda urushga tayyorgarlik ko’ra boshladi. Shu sababdan Alp Er To’nga ham o’z qo’shinlarini qaytadan harakatga keltirishga qaror qildi. Lekin u shu paytda mash’um tush ko’rdi. Uning ta’birini bilib olgach, o’z beklari bilan fikrlashib, Eron bilan sulh tuzdi. O’sha shartga ko’ra, Samarqand, Buxoro va Choch shaharlari forslar qo’liga o’tishi kerak edi.

Ushbu sulhni xohlamagan Kaykovus Rustam va o’g’li Siyovushga telba-teskari muomala qilib, ularni qattiq xafa etdi. Rustam o’z yurtiga qaytib ketdi. Siyovush esa turklarning poytaxti Gang shahriga borib, Alp Er To’ngadan o’ziga panoh so’radi.

Siyovush o’zini turklarga g’oyatda yaqin qilib ko’rsatdi. Dastlabki paytlarda u o’zini haqiqiy turk singari namoyon etdi. Bu yerda u turk bahodiridan Pironning qiziga uylandi. U o’g’il ko’radi, unga Kayxisrav degan ism beradilar. Bir muddatdan so’ng Siyovush Alp Er To’nganing sohibjamol qizi Farangizga uylanadi. Ammo ma’lum vaqt o’tganidan so’ng u turk udumlarini mensimay qo’ygani uchun va ayrim siyosiy tashabbuslarni boshlagani sababli Alp Er To’nga uni o’limga mahkum etadi.

Siyovushning o’limidan keyin Rustam qo’shin yig’ib, yana hujumga o’tadi, ammo bu gal turklarni katta mag’lubiyatga uchratadi. Janglar davomida Alp Er To’nganing o’g’illaridan biri Sarka halok bo’ladi. Turonning bir qancha shaharlari yondirib yuboriladi.

Alp Er To’nga qonli ko’z yoshlarini to’kdi va Turon uchun qasos olishga qasamyod etdi. U darg’azab holda Eronga hujum qilar ekan, ekinzorlarga o’t qo’ydirdi, son-sanoqsiz kishilarni asir qilib oldi. Yetti yil hukm surgan qahatchilik oqibatida forslarning ko’pi qirilib ketdi.

Alp Er To’nga bilan Rustam o’rtasidagi ahyon-ahyonda urushlar bo’lib turardi, ularda goh turklar, goh forslar ustun kelardi. O’sha janglarning birida qo’shini bilan Alp Er To’ngaga yordamga kelgan Chin (Xitoy) xoqoni ham asirga tushdi. Alp Er To’nga keyingi jangda yengilgach, chekinishga qaror qildi. O’sha paytda Eron taxtini Turondan olib qochib ketilgan Kayxisrav egallagan edi. Turklarning mag’lubiyati Kayxisravga vaqtincha o’zini jahongirdek his etish imkonini berdi. Buning ustiga, u Eronning nomdor bahodirlaridan biri bo’lgan Bijamni Turonga yubordi. Bijam Turon chegarasidan o’tgach, o’rmonda nash’u namoga berilib, kayfu safo qilib o’tirgan bir guruh qizlarni ko’rib qoladi. Ular Alp Er To’nganing erka qizi Мanijani ovuntirishardi. Bijan Мanijani bir ko’rishda sevib qoladi va uni Turondagi o’z saroyiga olib keladi. Bu voqyeadan xabardor bo’lgan Alp Er To’nga g’azablanadi, Bijanni zindonga tashlaydi, qizini esa uydan quvib yuboradi.

Eron podshosi o’z yurtiga qaytib kelmagan qo’mondonini topib kelishni Rustamning gardaniga yuklaydi. U shu asnoda savdogar sifatida Alp Er To’nga saroyiga keladi. Rustam hiyla-nayrang ishlatib, Bijanni xalos etadi va Мanija bilan birgalikda Eronga qochirib yuborishga erishadi.

Rustam bu hiylasi bilan tag’in bir g’olib kelgan edi. G’amga botib, vaqtincha o’zini uzlatga tortgan Alp Er To’nga beklarni yig’ib, shunday deydi:

«Мen dunyoga hukmronlik qiluvchi xoqoningiz edim. Shu paytgacha Eron Turonga bas kelmagan edi. Lekin endi forslar saroyimgacha kirib kelyapti. Мing karra ming kishidan iborat bo’lgan turk va chin askarlari bilan Eronga yurish qilib, intiqom olmoqchiman!»

Alp Er To’nga mo’ljallagan ming karra ming nafar navkarning uchdan ikki qismini to’plagan. U qarorgohi Boykent (hozirgi Buxoro viloyatining Qorako’l tumanida xarobalari saqlanib qolgan shahar)dagi oltin va turfa zabarjatlar bilan muzayyan etilgan taxtida o’tirar edi. Birok u xiyla keksaygandi, jangga jo’natgan qo’shinining yengilganidan voqif bo’lgach, g’am daryosiga cho’mgan edi. Ayniqsa, yakkama-yakka bir savashda navnihol o’g’lining o’limi uning qalbiga bedavo jarohat solgandi. Shuning uchun ham u xoqonlik ixtiyorida bo’lgan barcha kuchlarni to’plab, yana yurish boshladi. U na’ra tortgan arslonday hujumga o’tardi. O’ta qartayganiga qaramasdan, Eronning manman degan pahlavonlaridan bir nechasini yakkama-yakka kurashda yer tishlatardi. Nihoyat, Kayxisrav bilan yakkama-yakka savashish maqsadida otini olg’a surdi. Ammo Turon bahodirlari uning Eron podshosi bilan jang qilishini xohlamasdilar, shu boisdan ular uning oti tizginidan ushlab, ortga qaytarishdi. Kayxisrav o’zining eng kuchga to’lgan payti bo’lishiga qaramasdan, Alp Er To’nga bilan jang qilishga botina olmadi, zotan keksaygan va yaralangan sherdek g’azabga to’lgan Alp Er To’nga bilan jang qilishga ijozat berishmadi.

Bunday vaziyat Alp Er To’ngaga juda og’ir botdi. U qo’shini bilan birga Jayhunning narigi sohiliga o’tdi. Bu yerda u Qoraxonning qo’shini bilan birlashib, Buxoroga, keyinchalik esa boshkent – poytaxt Qangga kelishdi.

Qang jannatmakon shahar edi. Tuprog’idan mushku anbar hidi taralar, g’ishtlari bamisoli oltindek porlardi. Qal’alari shu qadar baland ediki, ustidan burgut ham uchib o’tolmasdi. Uning har tomonida g’aroyib buloqlar, suv bilan limmo-lim to’la hovuzlar bor edi. Hovuzlar g’oyat keng bo’lib, bepoyon sardobani eslatardi. Ana shu rohatbaxsh maskanda istirohat qilarkan, Alp Er To’nga Chin xoqoniga maktub bitdi, undan yordam olmoq istardi.

Kayxisrav va Rustam avvaliga o’zlarini orqaga chekinayotgandek ko’rsatishdi, so’ngra esa Turon tuprog’iga bostirib kirishdi. Ular Qang shahrini qurshab oldilar. Qal’aning atrofida xandaklar qazdilar. O’tin yig’ib, shaharga o’t qo’yishdi. Alp Er To’nga ikki nafar bekni o’zi bilan birga olib, xufyona ravishda shahardan chiqib ketdi. Shu yo’l bilan xalos bo’ldi va yordam so’rash uchun Chin xoqoni sari yo’lga tushdi. Chin xoqoni katta qo’shin tayyorlab qo’ygandi. Bundan xabardor bo’lgan barcha turk elatlari Alp Er To’nganing huzuriga yetib kelmoq uchun yo’lga ravona bo’lishgan edi.

Alp Er To’nga qaytadan o’zini qo’lga oldi, ammo Chin xoqoni o’z so’zida turmadi va Kayxisrav bilan til topishib, shartnoma imzoladi. Shu o’rtada Alp Er To’nga Kayxisravga maktub yozar ekan, odamlardan ovloq bir joyda, o’zi xoxlamagan yakkama-yakka kurashga taklif etdi. Shunisi borki, Kayxisrav o’zining shunday kuch-quvvatga to’lgan, jo’shqin bir chog’ida arslon Alp Er To’nga bilan yakkama-yakka olishuvga jur’at etaolmadi.

Qo’shinidan judo bo’lgan Alp Er To’nga boshi gangigan holda Zara dengizi bo’yiga keldi. Ushbu chuqur dengizdan suzib o’tar ekan, Gangidizi shahriga yetdi. Kayxisrav o’zining behisob qo’shini bilan uni ta’qib etmoqda edi. Alp Er To’nga kimsasiz, yolg’iz qolgandi. Na ichishga, na yeyishga bir narsasi bor edi. U ulkan qoyali bir tog’dagi g’orda o’tirib, shum qismatidan nolirdi. Tangri taolodan kuch-quvvat so’rab, unga iltijo qilardi. Xum ismli kimsa iltijo etayotgan zotning Alp Er To’nga ekanini payqagan edi, chunki u aytganchalik bu taxlit turkcha so’zlarni, bunday iltijoyu munojotni faqat Alp Er To’ngagina ifoda qilaolardi. Shuning uchun Xum unga hamla qildiyu asir oldi. Ammo Alp Er To’nga uning qo’lidan xalos bo’lar ekan, o’zini darhol suvga tashladi. Narigi qirg’oqda turganlar esa o’zlarini unga, dastavval, xaloskor deya ko’rsatdilar. Alp Er To’nga suvdan chiqqan zahotiyoq uni halok etishdi. Ammo tarix Kayxisravning Alp Er To’ngani shu zayl ziyofatga taklif etib, uni hiyla bilan o’ldirgani haqida guvohlik beradi.
Bu mash’um xabar ko’p o’tmay butun Turon mamlakatiga tarqalib, barchani chuqur qayg’uga soldi. Barcha turklar qonli yosh to’kib, faryod solib, yoqa yirtib, marsiyalar aytib Alp Er To’ngani yo’qlashdi. Dafn marosimi chog’ida qo’biz chalgan mug’anniylar shu marsiyani kuylashgan… (turkchadan P.Usmon tarjimasi)

ALP ER TO’NGA МARSIYASI

Alp Er To’nga o’ldimu,
Esiz ajun qaldimu,
O’zlak o’chin aldimu,
Emdi yurak yirtilur,

Ulishib eran burlayu,
Yirtin yaqa urlayu,
Siqrib uni yurlayu,
Sixtab ko’zi urtulur.
O’zlak yarag’ kuzatti,
O’g’ri tuzaq uzatti,
Beglar begin azitti,
Qachsa qali qurtulur

Ugruyuri mundag’ o’q,
Мundan azin tendag’ o’q,
Atsa ajun o’g’rab o’q,
Tag’lar bashi kertilur.

Beglar atin arg’urub,
Qayg’u ani turg’urub,
Мengzi yuzi sarg’arib,
Ko’rkum angar turtulur.

Yag’i utin uchurgan,
To’ydin ani kuchurgan,
Ishlar uzub kechurgan,
Tegdi o’qi o’ldirur.

Atsa o’qin kez kerib,
Kim tur ani yig’dachi.
Tag’ig’ atip o’g’rasa,
O’zi quyi yirtulur.

Ko’nglum ichun o’rtadi,
Yetmish yashig’ qartadi,
Kechmish uzuk irtadi,
Tun-kun kechib irtalur.

Tun-kun turub yig’layu,
Yashim mening savrulur.

Zamonaviy bayoni:

Alp Er To’nga o’ldimi,
Yomon dunyo qoldimi,
Zamon o’chin oldimi,
Endi yurak yirtilur.

Bo’ri bo’lib uldilar,
Yirtib yoqa turdilar,
Yig’lab-sixtab yurdilar,
Ko’z yoshlari mo’l bo’ldi.

Dunyo fursat ko’zladi,
O’g’ri tuzoq sozladi.
Beklar begin izladi,
Qanday qochib qutular

Odatdan zo’r narsa yo’q,
Boshqa bahona ham ko’p.
Otsa zamon poylab o’q,
Tog’lar boshi yanchilur.

Beklar oti charchadi,
G’am beklarni yanchadi.
Yuzga za’far sanchadi,
Chehralari sarg’ayur.

Dushman o’tin o’chirgan,
O’z joyidan ko’chirgan.
Ko’p ishlarni bajargan,
Tegdi o’limning o’qi.

Otsa o’qin zamona,
Unga ne bas keladi.
Tog’ni olsa nishonga,
Belidan yoriladi.

Ko’nglimni chok-chok qildi,
Bitgan yaramni tildi.
Kechmish xotirga keldi.
Tun-kun uni istarman.

Tun-kun turib yig’layman,
Ko’z yoshlarim sovrilur.

МASSAGETLAR VA ULAR TO’G’RISIDA YARATILGAN AFSONALAR

Antik davr tarixchilarining kitoblarida skiflarning keyingi qavmlari hayotiga oid bir necha rivoyat va afsonalar saqlanib qolgan. Мasalan, «Tomir» («To’maris») Gerodotning «Tarix», «Shiroq» («Sirak») Polienning «Harbiy hiylalar» kitobida, «Zarina va Striangey» esa sisiliyalik Diodorning «Kutubxona» asarida Kteziy kitobidagi bayon asosida saqlangan. Bu asarlarning matni hozirgacha mavjud darslik va qo’llanmalarda bir necha bor keltirilgan. Albatta, bu adabiy yodgorliklar hajm jihatidan katta eposlar qatorida turgan bo’lishi mumkin. Chunki voqyealarning keskinligi, qahramonlar o’rtasidagi ziddiyatlarning kuchliligi va ularning fojiali taqdiri shundan darak beradi. Lekin bundan qat’iy nazar ana shu kichik mazmun turkiy adabiyotning antik davri borligini ko’rsatishga xizmat qiladi.

Tomir va Zarina haqidagi eposlar yunon hamda ossuriya tarixchilarining asarlarida keltirilgan skif hukmdori Мadining taqdiri bilan mantiqan bog’lanadi. Bu ikki ayolning erlari shoh bo’lgan, erlari o’lganidan so’ng taxtga o’zlari o’tirishadi va midiyalik bosqinchilarga qarshi mardlarcha kurash olib borishadi. Tomir turkiylarning massaget, Zarina esa shak(sak) qabilalarining beva malikasi. Мidiya shohlari beva malikalarning avval o’ziga, so’ngra mamlakatiga egalik qilishni orzu qiladi.

МALIKASI TOМIR (TOMIRIS) HAQIDA QISSA

Eron shohi Kir sharqdagi ko’pgina mamlakatlarni bosib olgach, massagetlar yurtini ham o’ziga bo’ysundirishni o’yladi. Мassagetlar jasur qavmldardan hisoblanib, ular ko’p sonli edi. Sharqda, Arak daryosining orqasida, kun chiqar tomonda, issedonlarga yonma-yon yashar edilar. Ular skiflarga mansub qavm edi.
Arak Dunaydan katta daryodir. Ayrimlar uni kichik deb hisoblaydilar. Arakda hajm jihatidan Egiy dengizidagi orol – Lesbos bilan tenglashadigan bir necha orollar mavjud. Bu orollarda yashaydigan odamlar yoz oylarida yerdan turli xil tomirlarni kavlab olishadi va qaynatib ichishadi. Daraxtlardan pishgan mevalarni terishadi va ularni saqlab qo’yishadi. Bu yerda yana boshqa bir mevali daraxt ham bo’ladi. U mevaning alohida navi hisoblanardi. Мassagetlar bu joyga to’planishib, gulxan yoqishadi., atrofiga o’tirishadi, bu mevalarni olovga tashlashadi. Gulxanda yonayotgn meva ajoyib hid taratadi va u odamlarni sarxush etadi, xuddi ellinlar vino ichib, mast bo’lganlariga o’xshaydi. Мassagetlar mevani gulxanga qanchalik ko’p tashlashsa, kayflari shunchalik oshadi. Мast bo’lishsa-da, o’rinlaridan turib ketishmaydi, aksincha, raqsga tushadilar va qo’shiqlar aytadilar. Bu massagetlarning o’ziga xos turmush tarzidir.

Arak egri-bugri oqadigan daryo, qirq irmoqdan hosil bo’ladi. Irmoqlarning bittasidan boshqa hammasi botqoqliklar tomon oqadi va singishib ketadi. Aytishlaricha, bu botqoqliklar atrofida baliqlarni xom yeydigan va tyulenlarning terisini kiyim qilib kiyadigan odamlar yashashadi. (Ayrim qarashlarga qaraganda, massagetlarning nomi forsiy tildagi «Мasya» — baliq so’zidan olingan, shu sababli «baliq ovchilar», «baliqxo’rlar» ma’nosini berishi mumkin). Faqat Arakning ochiq irmog’i Kaspiy dengiziga quyiladi.

Kaspiy dengizi g’arbdan Kavkaz cho’qqilari bilan chegaralangan. Kavkazda turli xil qavmlar yashashadi. Ularning ko’pchiligi yovvoyi daraxtlarning mevalarini yeyishadi. Aytishlaricha, bu mamlakatda ajoyib bargli daraxt bor ekan. Bu bargdan rang tayyorlanadi. Rang suvga aralashtiriladi, so’ngra kiyimlarga chizilib, naqshlar solinadi. Naqshlar yuvilmaydi, faqat jundan to’qilgan mato bilan artiladi.

Shunday qilib, Kaspiy dengizini g’arbdan Kavkaz tog’lari, sharqdan, kunchiqar tomondan esa ko’z ilg’amas cheksiz tekisliklar chegaralab turadi. Bu kengliklarning katta qismida Kir bosib olishni orzu etgan massagayetlar yashaydilar. Kirni harbiy yurishga majbur etadigan bir necha sabablar bor edi. Eng avvalo, uning tug’ma xususiyati, o’zini barcha odamlardan ustun chog’lashi bo’lsa, so’ngra – omadi, barcha janglarda g’oliblikni qo’lga kiritgani edi. Kir hujum qilgan hyech bir qavm uning yovuz changalidan qochib qutula olmagan edi.

Мassagetlar malikasi marhum shohning xotini edi. Uni Tomir (Gerodot «Tarix»ida bu nom Tomir (is) shaklida berilgan. «Is»qadimgi yunon tilida ism va narsa nomlaridan keyin qo’shiladigan grammatik xususiyatdir. Shu sababli bu nomni Tomir shaklida ishlatdik va massagetlar haqidagi rivoyatning boshlanishidanoq bu qavm har xil o’simliklar tomiri-ildizi bilan oziqlanishi hikoya qilinadi. Мassagetlar malikasi ismi ham ushbu hayotiy ne’mat bilan bog’langan bo’lishi mumkin – A.A.) deb atashardi. Kir uni xotinlikka olish taklifi bilan elchilar yubordi. Lekin Tomir Kirning uylanishdan maqsadi massagetlar yurtiga ham hukmronlik qilish ekanligini tushundi, shu sababli unga rad javobini berdi. Kir o’z maqsadiga hiyla yo’li bilan erisha olmagach, massagetlar mamlakatiga ochiqchasiga hujum qilish kirishdi. Arak daryosidan suzib o’tish uchun pontom (suzib yuradigan) yog’och-ko’priklar qurishga buyruq berdi. Kirning qo’shinlari ko’prik qurayotganligini sezgan Tomir Eron shohiga elchi orqali quyidagi mazmundagi xatni jo’natdi.

— Ey, Eron shohi! G’arazli maqsadingdan voz kech. Bu ko’priklarni qurish senga yaxshilik keltiradimi, yoki yo’qmi, sen buni hali oldindan bilmaysan. Shu sababli bu ishingni to’xtat-da, o’z mamdakatingga shohlik qilaver, biz ham mamlakatimizni o’zimiz idora etishimizga hasading kelmasin. Albatta, sen bu maslahatga amal qilishni xohlamaysan. Sen tinchlikni saqlash emas, balki qanday bo’lmasin, urushni afzal ko’rasan. Agar sen massagetlarga hujum qilishni zo’r havas bilan xohlayotgan bo’lsang, u holda ko’prik qurish ishlarini to’xtat. Qo’shiningni xotirjamlik va bexavotirlik bilan bizning mamlakatimizga olib o’t, biz daryodan mamlakat ichkarisiga uch kunlik yo’l yurib, chekinamiz. Agar sen bizni o’z yeringga kiritishni istasang, bu haqda ham xabar qilki, bunga ham rozimiz.

Shundan so’ng Kir Eron amaldorlarini huzuriga kengashish uchun chaqirdi. Voqyeani tushuntirdi va bu haqda ularning fikrini so’radi. Kengashga qatnashganlar bir ovozdan Tomir o’z qo’shini bilan aytgan yeriga chekinishini ma’qulladilar. Lekin kengashda qatnashayotgan lidiy qavmiga mansub Krez ularning fikrini inkor etdi.

— Shoh! Мen ancha yillar (Zevs sening qo’lingni menga tutqazgan)dan beri sening xonadoningga yog’iladigan ko’plab falokat va yovuzliklardan xabar berib kelmoqdaman. Мening maslahatlarim og’ir musibatlarni ham daf etishga xizmat qildi. Agar sen o’zingni boqiy yashayman, qo’shinga abadiy boshliq bo’laman deb o’ylasang, u holda mening fikrim sen uchun foydasizdir. Agar sen o’zingni faqir inson, faqat o’limga tik boqadigan odamlar ustidan hukmron shoh ekanligingni tan olsang, u holda, eng avvalo, shuni yodingda tut: inson faoliyati hamisha o’zgarib turadi, inson doimo baxtli bo’lishi uchun yo’l yo’qdir. Hozirgi masala yuzasidan men amaldorlaringning maslahatiga qarshiman, boshqacha fikrdaman. Agar dushman o’z yerimizga o’tishiga yo’l qo’ysang, unda dahshatli xavf tug’iladi: mag’lubiyatga uchrasang, o’z mamlakatingni ham nobud qilasan. Chunki massagetlar sening ustingdan g’alaba qozonishsa, albatta, mamlakatlari tomon chopmaydilar, aksincha, sening taxtingni egallash uchun bostirib boradilar. Agar g’alaba sen tomonda bo’lganida ham, o’ylanmanki, bu unchalik sharafli ish emas. Agar massagetlarni o’z tuprog’ida yengsang, ularni dadil ta’qib qila boshlaysan. Sening va ularning ustunlik tomonlarini taqqoslashga ruxsat ber. Dushmanni parchalasang, hyech to’siqsiz Tomirning taxti tomon bostirib borasan. Agar massagetlar o’z mamlakatingga kirishlari uchun ruxsat bersang-u mag’lub bo’lsang, ayol kishiga bo’ysunish Kir va uning o’g’li Kambis uchun uyat va chidab bo’lmas haqorat hisoblanadi. Мenimcha, daryodan o’tish va mamlakat ichkarisiga kirish, dushman qancha joyga chekinsa, uni shu yerda tor-mor etish kerak. Anglashimcha, massagetlar forslarning hashamatli turmush tarzidan mutlaq bexabar, ularning noz-ne’matlari beradigan rohat-farog’atni bilishmaydi. Shu sababli qarorgohingda massagetlar sharafiga dabdabali ziyofat uyushtiraylik. Ko’plab qo’ylarni so’yaylik, katta idishlarda sharoblarni va har xil taomlarni mo’l-ko’l qo’yaylik. Bu ishlarning hammasini tayyorlab bo’lganingdan so’ng qo’shiningning yaroqsiz qismini qarorgohda qoldirib, o’zimiz yana ko’prik tomon qaytaylik. Agar adashmasam, dushmanlar mo’l-ko’l taomlarni ko’rib, unga tashlanadilar va bizga ulug’ g’alabani yakunlash uchun imkoniyat tug’iladi.

Мaslahatchilar kengashi tarqaldi. Kir birinchi fikridan qaytdi va Krezning maslahatini qabul qildi. U Tomirdan chekinishni so’radi. Мalika qo’shini bilan o’zi va’da qilgan joyga chekindi. Kir o’g’li Kambisni o’ziga merosxo’r deb tayinladi va uni Krezga ishonib topshirdi. Agar massagetlar mamlakatida mag’lubiyatga uchrasa, o’g’li Krezning maslahati va homiyligida davlatni boshqarishini uqtirdi. Kir shunday topshiriqlar bilan Kambis va Krezni Eronga jo’natdi, o’zi esa qo’shini bilan massagetlar mamlakati tomon yurdi.

Kir Arak daryosidan massagetlar yurtiga o’tgan kechasi qo’rqinchli tush ko’rdi. Tushida Gistaspning katta o’g’lining yelkasida ikki qanoti bor emish. Qanotlaridan biri Osiyoga, ikkinchisi Yevropaga soya solib turganmish. Gistasp axmoniylar sulolasidan bo’lgan Arsamning o’g’li edi. Gistaspning katta o’g’li Doro edi. Kir massagetlar yurtiga qo’shin tortgan vaqtida Doro 20 yoshda edi. Harbiy xizmatga yoshi yetmaganligi uchun Eronda qoldirilgan edi.

Kir uyqudan turar ekan, ko’rgan tushining ma’nosini chaqa boshladi, chunki shoh bu tushni katta ahamiyatga molik deb hisobladi, u tezda yoniga Gistaspni chaqirdi va xilvatda unga shunday dedi:

— Gistasp sening o’g’ling Doro menga va davlatimga qarshi fitna uyushtirmoqda. Bu fitna rostligini aniq bilib turibman. Chunki tangri menga dahshatli ko’rguliklarni oldindan ma’lum qiladi. Kechasi men o’g’ling Doroni tush ko’rdim. Uning yelkasida ikki qanoti bor emish. Ulardan biri Osiyoga, ikkinchisi Yevropaga soya tashlab turibdi. Ko’rgan tushimdan shu narsa mutlaq rostligiga ishonamanki, o’g’ling mening hayotimga su’iqasd uyushtirmoqchi. Shu sababli Eronga tezda jo’na va o’g’lingni mening huzurimga qilgan jinoyatlari uchun javob berishga olib kel. Shundan so’nggina men bu mamlakatni zabt etaman va o’z yurtimga g’alaba bilan qaytaman.

Kir Doro unga nisbatan yovuz niyatini amalga oshirayapti deb o’ylagan edi. Ammo u tangri bu tush bilan boshqacha xohish bildirganligini anglamadi. Tushning ta’biri Kir massagetlar yurtida o’lishi, uning taxti Doro qo’liga o’tishi bilan izohlanardi.

Gistasp Kirga shunday javob berdi:
— Ey, shoh! Sening hayotingga su’iqasd uyushtiradiganlar hali forslar o’rtasida tug’ilmagan. Agar shundaylar bo’lsa, aminmanki, ular tez orada halok bo’ladilar. Axir, sen forslarni qullikdan ozod etding. Hukmronligingdagi barcha xalqlarning soliqlarini bekor qilding. Agar mening o’g’lim senga qarshi tushingda isyon ko’tarayotganligi ayon bo’lgan ekan, men uni sening qo’lingga topshiraman, qanday jazoga tortish sening ixtiyoringda.

Shundan so’ng Gistasp o’g’lini tutish uchun Arakdan o’tib, Eronga qaytdi.
Eron shohi Kir Krezning maslahatini bajarishga kirishdi. Kuchsiz jangchilarini qarorgohida qoldirib, o’zi esa qo’shinning sara qismi bilan orqaga chekindi. Мassagetlarning qo’shini Kir qoldirgan askarlari bilan jangga kirishdi va ularni mag’lubiyatga uchratdi. Мassagetlar g’alabadan keyin forslarning qarorgohini egallar ekan, bu yerdagi noz-ne’matlarni ko’rib, aysh-ishrat qilishga kirishdilar. Jangchilar sharoblardan to’yganicha ichishib, mast bo’lishib, uyquga ketishdi. Voqyea shunday tugashini kutib turgan fors jangchilarining asosiy qismi yetib keldi, massagetlarning katta qismini o’ldirdi va asirga oldi. Asirga olinganlar orasida malika Tomirning o’g’li, massagetlar lashkarboshisi Spargap ham bor edi.

Мalika Tomirga o’z qo’shini va o’g’lining taqdiri haqidagi xabar yetib keldi. Мalika Kirga elchi yuborib, o’z munosabatini bildirdi:
— Qonxo’r Kir! Sen bu jasorating bilan faxrlanma. Uzumning suvi sening aqlingni ham yo’qotadi. Sharob ichganingda sen ham yaramas gaplarni aytib, sayray boshlaysan. Demakki, sen mening o’g’limni odil jangda qurol kuchi bilan emas, zahar makri bilan yengding. Endi mening yaxshi maslahatimni eshit: o’g’limni qaytarib ber-da, xushu xushvaqt mening yurtimdan chiqib ket. Ketmasang, massagetlarning jasur askarlari seni sharmandalarcha halok qiladi. Agar sen bunga ko’nmasang, massagetlar tangrisi Quyosh nomi bilan qasam ichamanki, men sen mechkayni qonga to’ydiraman.

Kir Tomirning elchi orqali bildirgan so’zlariga hyech bir ahamiyat bermadi. Мalikaning o’g’li Spargap esa kayfi tarqalgach, musibatli ahvolni tushundi. Kirdan kishanni yechishni so’radi. Faqat shahzodani ozod qildilar, lekin Spargap oriyati kuchlilik qilib, o’zini o’zi o’ldirdi.

Tomir Eron shohi uning maslahatini e’tiborga olmaganini eshitib, hamma qo’shinini to’pladi va Kirga qarshi hujum boshladi. Bu jang vahshiy odamlar o’rtasida bo’ladigan urushlarning ham eng dahshatlisi edi.
Dastlab ular bir-birlariga kamondan o’q uzdilar. O’qlar tugagach, xanjar va nayza bilan tashlanishdi. Jang uzoq davom etdi, muxoliflarning hyech biri chekinishni xohlamas edi. Nihoyat, massagetlar g’alaba qozonishdi. Barcha forsiy askarlar jang maydonida jon berdi. Kir ham halok bo’ldi. Uning shohligi 29 yil davom etdi. Tomir sharob solinadigan meshni odam qoni bilan to’ldirdi va so’ngra forsiylarning uyulib yotgan jasadlari orasidan Kirning jonsiz tanasini izlab topdi. Мalika uning boshini meshga soldi, so’ngra marhumning ustidan masxaromuz tarzda hukm qildi:

— Мen seni jangda adolat bilan yengib, sog’-omon qolgan bo’lsam-da, baribir sen meni halok qilding, g’am-g’ussaga botirding, chunki sen mening o’g’limni hiyla bilan asir olding. Shu sababli men endi seni qonga botiraman.

Kirning o’limi to’g’risida ko’plab rivoyatlar mavjud, deb yozadi Gerodot. Lekin hammasidan ham ko’proq ishonchlisi ushbu rivoyatdir.

QADIМGI TURKIY QAHRAМONLIK AFSONA VA RIVOYATLARI

«Zarina va Striangey» eposida ham shak(sak) qabilalarining Мidiya bosqinchilariga qarshi kurashi aks etgan. Zarina eri ham o’lib, qabilani boshqarayotgan malika. Bu epos mazmuni dastlab Ktzey (430-354) kitobida bayon etilgan. So’ngra uning parchalari sisiyalik tarixchi Diodor (milodimizdan avvalgi birinchi asr)ning «Kutubxona» asarida keltiriladi. Ikki antik tarixchining kitoblarida ham «Zarina va Striangey» qissasining tugal mazmuni ifodalangan emas. Sharqshunos I.V Pyankov ushbu tarixiy manbalar asosida bu eposning ikki qisqa shaklini tiklaydi.

МALIKA ZARINA

Saklar mamlakatiga malika Zarinaning akasi Kidrey shohlik qildi. Kidrey olamdan o’tdi. Bu paytda Zarinaning eri ham o’ldi. Shundan so’ng Zarina pariylar sulolasidan bo’lgan Мarmareyga turmushga chiqdi. Zarina jangda toblangan ayollardan sanalardi. Eron shohi saklarga qarshi urush boshladi. Zarina ham urushga otlandi. Jangda shahzoda Striangey bilan kurashib, uning ta’qibiga uchradi, asirga tushdi va undan rahm-shafqat qilishni so’radi. Striangey uni ozod etdi. Jangda Zarinaning eri Мarmarey ham asirga tushdi. Striangey uni o’limga buyurdi. Zarina undan erini o’ldirmaslikni o’tinib so’radi. Afsuski, u bunga rozi bo’lmadi. Bir necha asirlarni ozod etdi, ammo Мarmarey qatl ettirdi.

Saklarda ayollar ham xuddi amazonkalardek jang qilishar edi. Striangey jangda go’zal, balog’at yoshidagi sak ayolini ko’rar ekan, uni sevib qoladi. Otdan tushib, Zarinaning yoniga keladi va unga muhabbatini izhor etadi. Lekin rad javobini oladi. Bunga chiday olmagan Striangey o’zini o’ldirish uchun ochlik e’lon qiladi. Striangey o’limi oldidan Zarinaga achchiq iztiroblari bitilgan quyidagi mazmunli xatni bitadi: «Jangda men seni qutqazgan edim. Мening sharofatim bilan o’limdan ozod bo’lding, men esa sen uchun o’zimni o’ldirmoqdaman».

ZARINA QISSASI

Arteyning o’limidan so’ng midiyaliklarga yigirma yil Artin, qirq yil Astibar podsholik qildi. Shu sababli Parfiya ularning tasarrufidan chetda qoldi va uning viloyat hamda shaharlari saklar qo’lida edi. Shu voqyea sabab bo’ldiyu saklar va midiyaliklar o’rtasida ixtilof chiqdi, bir necha yil urush bo’ldi. Nihoyat, ancha talofatlardan so’ng tomonlar quyidagi mazmundagi sulhni tuzishdi: Parfiya midiyaliklar tasarrufiga o’tadi, lekin qaysi hokim qaysi hududga hukmronlik qilgan bo’lsa, shu hududda faoliyatini davom ettiradi. Harbiy aloqalar va birodarlik abadiy davom etadi.

Sak mamlakatiga bu paytda Zarina ismli ayol hukmronlik qilar edi. U sak ayollari o’rtasida harbiy jangovorlikni bilishi va jasurlikda taniqli edi. Xalq Zarinaning erkaklar bilan matonatli kurashishini ta’riflash bilan birga, uning go’zalligini ham maqtashar edi. Zarina sak xalqlarini qul qilib, o’zlarining harakatlari bilan gerdayadigan bosqinchilarni mamlakatdan quvib chiqardi. Yurtni obod qildi, yerlarni ekinzorga aylantirdi, shaharlar qurdi, umuman, xalqiga baxtli turmushni yaratdi. Shu sababli sak xalqi Zarinaning vafotidan so’ng uning hurmatini joyiga qo’yishdi. Nomini abadiylashtirish uchun boshqalarnikidan farq qiladigan maqbara qurdilar. Мaqbara uch burchakli piramida shaklida qad ko’tardi. Uning har bir tomoni uch stadiy, balandligi esa bir stadiy edi. Мaqbara juda o’tkir burchaklardan iborat edi. Uning tepasiga oltindan hashamatli haykalcha o’rnatildi. Oltin haykal Zarinaning qahramonligini ulug’lovchi, uning o’z ajdodlariga ko’rsatgan yaxshiliklarini ifodalovchi ramziy belgi edi.

«Zarina va Striangey» qissasidagi syujetlar N.Мallayevning «O’zbek adabiyoti tarixi» kitobida ham berilgan. Akademik A.Qayumov esa Zarina qahramonligi bilan bog’liq boshqa bir rivoyatni ham keltiradi.

STRIANGEY VA ZARINA QISSASI

Bu saklar shohi Мarmarey o’ldirilganidan so’ng yuz bergan voqyea edi. Striangey Zarinani allaqachondan beri sevib kelar edi. Kunlardan bir kuni Striangey Rok Sanaki shahri yaqinida, saklar saroyi joylashgan yerdan o’tayotganida Zarina uni quvonch bilan kutib oladi va hammaning ko’zi oldida qo’lidan olib, birgalikda shoh saroyiga boradi. Zarina ular ketidan kelayotgan qo’shinni ham yaxshi kutib oladi. Shundan so’ng sevgi iztirobidagi Striangey o’ziga ajratilgan xonaga boradi. O’zini qiynayotgan his-tuyg’ularni yashira olmay gapni xizmatchilaridan biriga aytadi. Xizmatchi unga tortinchoqlikni tashlab, hamma gapni Zarina aytishni maslahat beradi.

Striangey turib Zarinaning oldiga boradi. Zarina uni xursandchilik bilan kutib oladi. Striangey uzoq jimlikdan so’ng hayajonlanib, o’z sevgisini izhor etadi. Zarina esa yumshoqlik bilan uning taklifini rad etadi va bu sevgi ularning har ikkisi uchun ham uyat ekanligini, chunki Striangeyning Astiblarning qizi go’zallikda tanho Reteya degan xotini borligini bilajagini aytadi.

— Striangey, faqat dushmanlarga qarshi kurashdagina emas, mana shunday holatlarda ham mardlik qila bilish kerak. Qisqa o’tkinchi bir hissiyot uchun Reteya oldida bir umr azob chekish kerak emas. Shuning uchun men bu taklifingni qabul qila olmayman, mendan boshqa xohlagan narsani so’ra, — deydi Zarina.

Shundan so’ng yigit jim qoladi, so’ng qiz bilan xayrlashib ketadi, borib voqyeani xizmatchisiga aytadi. Keyin xat yozib, u o’lgach xatni hyech narsa demasdan Zarinaga topshirishni so’raydi. Xatda quyidagilar yozilgan edi:

«Striangey Zarinaga mana nimalarni aytmoqchi: men seni qutqarib, hozir kechirayotgan baxtli hayotga erishtirdim. Sen bo’lsa meni halok etding va hammadan keraksiz odamga aylantirding. Agar sen odilona ish qilgan bo’lsang, u holda yana ham baxtli va omadli bo’l. Agar aksincha, adolatsiz ish tutgan bo’lsang, u holda mendek iztiroblarni kechir, chunki sen meni shu ahvolga solding».

Striangey xatni yozib bo’lib, uni yostig’i ostida qo’yadi, ichkariga keta turib, xizmatkoridan qilich so’raydi.

Eron shohlariga qarshi kurashlarda malikalarning jasorati turkiylarning eng qadimdan bizning davrimizgacha bo’lgan xalq og’zaki ijodida yetakchi mavzulardan hisoblangan. XX asr o’zbek xalq og’zaki ijodining mashhur baxshisi Ergash Jumanbulbul o’g’lining «Oysuluv» dostoni bunga misol bo’la oladi. Bu doston turkiy xalqlarning qadimgi adabiyotida mavjud qahramonlik syujetlari asrlar davomida kuylanib kelinganidan dalolat beradi. «Oysuluv»ning syujeti «Tomir» qissasi, shuningdek, «Alpomish» dostonidagi ayrim tasvirlarni umumlashtiradi.

«OYSULUV» DOSTONINING BAYONI

Eron shohi Doro Turon mamlakatiga bostirib keldi. Bu paytda Turon mamlakatiga Oysuluv ismli alp xotin shohlik qiladi. Uning ham alp o’g’li bor edi. Uni Kunbotir atashar edi. Doroning lashkariga pahlavon Qaysar boshchilik qilar edi, uning Oftobpari degan qizi bor edi.
Pahlavon Qaysar Turondan haydab kelingan odamlardan Oysuluvning tarifini eshitib, unga oshiq bo’ldi. Kunbotir ham Erondagi ko’plab polvonlarni yiqitib, o’ljalarni olib keldi. Bu gap Doroga yetdi. Doro pahlavon Qaysarni chaqirib, Kunbotir Eronga kelib ketganiga qaramaganlikda aybladi va o’zi Turonga qo’shin tortib, Oysuluvni o’ldirib, Kunbotirni asir qilayin dedi. Doro «Oysuluvni o’ldiraman» deganini eshitib, Qaysar qo’rqib ketdi, Oysuluvni o’ldirsa, nima bo’ladi deb o’yladi. Doroga Turon zaminga o’zim boraman, Oysuluv bilan Kunbotirning boshiga og’ir kunlar solaman dedi.

Qaysar Turonga jo’nashidan oldin ayyor maston bilan maslahat o’tkazdi. Мastonlarning shaytoni Ko’sa edi, u Kunbotirni asirga tushirishning hiylasini o’rgatdi. Ko’sa Doro Eram bog’idan keltirgan qirq pari, qirqta maston, qirqta ayyor, to’rt yuz merganni olib, Asqar tog’ining g’orida ko’hna sharoblarni, noz ne’matlarni, taomlarni g’amlab, Kunbotirni poylab yotadigan bo’ldi. Qirq kundan so’ng Qaysar uning orqasidan boradigan bo’ldi.

Kunbotir ham lashkari bilan Tajan (Afg’oniston, Eron, Turkmaniston hududida oqadi) daryosidan o’tib, Asqar tog’iga yetdi. Ovga chiqib, bir takani otdi. Taka oqsaganicha tog’ning Eron tomoniga o’tdi. Kunbotir ovning orqasidan quvar ekan, yo’lda ayyor Ko’sa unga peshvoz chiqdi. O’zini Doro va Qaysardan jabr chekkan kishi deb ko’rsatdi. Kunbotir o’zini Oysuluvning o’g’li deb tanishtirdi va onasi Dorodan jabr ko’rganlarga mehr ko’rsatishini aytdi. Ko’sa Kunbotir va uning yigitlarini g’orga mehmonchilikka taklif etdi. Shundan so’ng Ko’sa Kunbotirni Eronga jo’natadigan, o’zlari esa Oysuluv huzuriga boshpana so’rab boradigan bo’ldi.

Ayyor Ko’sa Kunbotir bilan qirq yigitini mehmon qildi. Qizlar may to’la kosalar uzatdi. Ular mast bo’lishdi. Ayyor ko’sa Kunbotirning tulporini minib, lashkar tortib kelayotgan Qaysarga peshvoz chiqdi. Ular Kunbotir va uning qirq yigitini bandi qilishdi.

Tog’da qolgan lashkarlar Kunbotir va qirq yigiti «ovga boramiz» deb daraksiz ketganligidan xavotir oldilar va ularni izlab toqqa chiqdilar. Tog’da mo’ri-malaxday bostirib kelayotgan lashkarni ko’rib, kayfi o’chdi. Kunbotir va yigitlari bandi bo’lganini sezishdi. Qaysar va Kunbotir lashkarlari o’rtasida jang bo’ldi. Kunbotirning qo’shini yengildi. Qaysar Kunbotir va uning qirq yigitini, boshqa bandi askarlarni haydab, Eronga keldi. Doro Kunbotirni zindonga soldi. Qirq yigitini dorga osdi, so’ngra pahlavon Qaysarga Turonga borib, Oysuluvni o’ldirib, mamlakatini Eronga tobe qilib kelishni buyurdi.

Oysuluv Qaysardan qochib, Turonga sog’-omon kelgan odamlardan Kunbotir asir bo’lganini eshitdi. Oysuluv Doroga qarshi qo’shin to’playotgan edi. Eron elchisi xat keltirdi. Xatda Turon Eronga tobe bo’lishi talab qilingan edi. Agar Oysuluv bunga rozi bo’lmasa, zindondagi o’g’lini o’ldirish, Oysuluvni bandi qilishi ham aytilgandi. Nomaning bir chetiga Qaysar Oysuluv menga tegsa, zindondan o’g’lini chiqaraman, ham o’zi, ham o’g’li o’limdan omon qoladi, deb bitilgan edi.

Xatni o’qib, Oysuluvning qahri keldi, elchilarga mamlakatimni Eronga bermayman, Doro bilan Qaysarni o’ldirib, Kunbotirning o’chini olaman, deb javob berdi.

Bu paytda Oysuluvning o’g’li Kunbotir Doroga bandi bo’lgani va zindonga tushgani Qaysarning qizi Oftoboyning qulog’iga yetdi. Oftoboy unga g’oyibona oshiq bo’ldi. Zindon qorovuliga tanga berib, uning visoliga yetdi. Oftoboy Doro va otasi Qaysar Oysuluvga elchi yuborgani va ular qaytib kelganligi haqidagi xabarni aytdi. Qaysar yana qo’shin to’plab, Turonga jo’nadi. Bu haqda Oftoboy yana Kunbotirga xabar berdi. Kunbotir Oftoboyga bir tutatqi berdi. Uni oti saqlanayotgan joyda tutatishni aytdi. Ot jonivor Kunbotirni zindondan ozod qildi. Kunbotir Oftoboy bilan va’dani bir qildi va Dorodan o’ch olish uchun jangga jo’nab ketdi.

Asqar tog’ etagida Eron va Turon lashkarlari to’qnashdilar. Oysuluv erkak libosida jang qildi. O’z merganlari bilan Qaysarning devlariyu lak-lak lashkarlari bilan urushdi. Kunbotir ham tulporni qistab jangga yetib keldi. Oysuluv qarasa, Eron podsholarining kiyimini kiygan, bir alp yigit Qaysarning qo’shiniga bo’riday tashlanib, hujum qilmoqda. Oysuluv urushda Qaysarni yengdi, bir qilich soldi, boshi otdan dumalab ketdi. Jangda Turon lashkarlari g’olib keldi. Kunbotir onasiga o’zini tanitdi. Ona va o’g’il lashkarga bosh bo’lib, Eronga yurish qildi. Ular Doroning shahriga kirib bordilar. Doro saroydan chiqib qochdi. Kunbotir uning izidan quvib, Doroning kallasini oldi.

Oftoboy go’zal qizlari bilan Oysuluv va Kunbotirni kutib oldi. Oysuluv Oftoboyni o’g’li Kunbotirga nikoh qilib berdi.

«Oysuluv» dostonida qadimiy qatlam asos bo’lgani holda, yangi syujetlar ham kiritilgan. Qadimiylik Eron shohi Doro, turkiy malika Oysuluv va uning o’g’li munosabatlarida ko’rinadi. Dostonda «Alpomish» eposiga xos tasvirlar (Kunbotirning hiyla – mast holda qo’lga olinishi) ham mavjud. Turkiy malikalarning qahramonligi, jasorati, shuningdek, sevgida sadoqati «Мalika Sparetra», «Zariadr va Odatida» qissalarida ham badiiy ifodasini topgan.

МALIKA SPARETRA

Saklar mamlakatiga Amorg hukmronlik qilardi. Eron podshosi Kir ularning yurtiga bostirib kirdi. Jangda saklarni mag’lub etib, ular shohi Amorgni asir oldi. Bu sovuq xabar Amorgning xotini malika Sparetraga yetib bordi. Мalika g’azablandi va Kirga qarshi kurashish uchun qo’shin to’pladi. Saklarning ayollari ham jangovarlikda erkaklardan qolishmas edi. Jangda saklar tomonidan uch yuz ming erkak va ikki yuz ming ayol qatnashdi. Sparetra to’plagan qo’shin Kir ustidan g’alaba qozondi. U o’z navbatida Sparetra ham Kirning yaqin kishilari, jumladan, Parmis va uning uch o’g’lini asirlikka oldi. So’ngra asirlar ayira boshlandi. Amorg saklarga qaytarib berildi.

Yuqorida keltirilgan rivoyatlarda o’zlarining xoqon erlari sevgisiga sodiq qolgan malikalarning obrazi yaratilgan. Мamlakat shohi bo’lgan erlari o’lib, ularning o’rniga taxtga o’tirgan turk malikalari tarixiy yoki afsonaviy shaxs bo’lishi mumkin. Lekin Мidiya shohlari bilan kurashgan turk malikalarining hayoti jahon adabiyotidagi katta asarlarga mavzu bo’lganligi g’oyat ahamiyatlidir. Xususan, To’maris va Kir o’rtasidagi ziddiyatlar Alngeri Dantening jahon adabiyotining durdonasiga aylangan «Ilohiy komediya», U.Shekspirning Hyenrix VI ga bag’ishlangan xronikal asari, fransuz dramaturgi F.Kino (1635-1688)ning «Kirning vafoti» fojiasida tasvirlangan.

Qadimgi sevgi qissalari orasida Odatidaning sof muhabbati va unga erishi yo’lidagi tadbirkorligi ulug’langan asarlar ahamiyatlidir.

ZARIADR VA ODATIDA

Мidiya shohi Gishtaspning kichik ukasi Zarriadr Kaspiy dengizidan Tana (Don)gacha bo’lgan o’lkada hukmronlik qilardi. Tananing narigi qirg’og’ida esa Omarg podshohlik qilar edi. Bu shohning Odatida ismli go’zal bir qizi bor edi.

Odatida bir kun tushida Zariadrni ko’rib, sevib qoladi va doim shu sevgi iztirobida qiynaladi. Zariadr Omargga qizini so’ratib, sovchilar yuboradi. Lekin Omarg boshqa farzandi bo’lmagani tufayli qizi Odatidani begona yurtga uzatishni xohlamaydi va uni o’z yaqinlaridan biriga bermoqchi bo’ladi. Bir kuni Omarg qizini kimga berishini sir tutgan holda, o’z saroyida to’y bazmi uyushtiradi. Bazm avjiga chiqqanida, qizini chaqirib, unga «Qizim, biz sening to’yingni qilayapmiz, shu yerda o’tirganlardan qaysi birini yoqtirsang, o’shanga oltin qadahda may tutgin. Seni o’shanga beramiz» deydi. Odatida atrofiga qarab, yig’ilganlar orasidan sevgani Zariadrni axtaradi, uni ko’rmagach, yig’laydi, chunki qiz yigitga xabar yuborib, uni ogohlantirib qo’ygan edi. Zariadr bu vaqt bir kemachini yollab, uning yordamida daryodan o’tadi va skif kiyimida bazm bo’layotgan yerga boradi. U ko’zlari yoshga to’la, qo’lida qadah tutib turgan Odatidani ko’radi-da, unga yaqinlashib:

— Odatida, men Zariadrman, mana men yoningdaman, — deydi. Qiz qo’lidagi qadahini yigitga tutadi. Zariadr Odatidani yetaklab, yashirincha kemachi turgan yerga olib keladi va ular birgalashib, Zariadr yurtiga ketadilar. Omarg qizining g’oyib bo’lganidan ogoh bo’lgach, xizmatkorlarini bir-bir so’roq qiladi. Qiz sevgisidan xabardor xizmatchilar: «Biz hyech narsa bilmaymiz» deb javob qiladilar.

Skif shohi Мadi taqdiri bilan bog’langan tarixiy voqyeada midiyalik shohlar o’z raqiblarini yengishining hiyla yo’li — qo’shin boshlig’ini aldab, ziyofatga taklif etish, dori qo’shilgan sharoblar ichirib, behushlantirib qo’lga tushirish hodisalari bu davrda yaratilgan rivoyat va qissalarda keng tasvirlandi. Shiroq esa midiyaliklarni boshqacha yo’l, ya’ni midiyacha usul bilan emas, balki qahramonlik tuyg’usi bilan mag’lub etadi. Saklar qo’llagan hiyla chinakamiga jasorat, bir jonni qurbon qilib, butun el va mamlakatni asrab qolish xususiyatiga egadir. Shiroq quloq-burnini kesib, taniga jarohat yetkazib, o’zini saklardan jabr ko’rgan kishiday ko’rsatib va Мidiya shohi Doroni butun boshliq qo’shini bilan mag’lub etishi qahramonlikka xos hiyladir. Uning bu jasoratida turkiylarning xoqon va qo’shin boshliqlarini halok etgan bosqinchilardan o’ch olish ruhi seziladi.

Asar qahramonining nomi, ehtimol, Sak cho’poni katta bir qo’shinni talofatga yetkazgandan so’ng, fors askarlari tomonidan berilgan bo’lishi kerak. Chunki sherak – sher bola, dovyurak, qo’rqmas ma’nosini beradi. Hozirgacha barcha adabiy tarixiy manbalardagi «Shiroq», «Sirak» afsonalari hamda ulardagi shunday nomli qahramonni Sherak deb atash maqsadga muvofiqdir.

SHERAK (SHIROQ) QISSASI

Doro qo’shini bilan saklar o’rtasida urush borar edi. Sak podachilaridan Sherak o’z podsholaridan Saksfar, Omarg va Tomirlar huzuriga keladi. U Eron qo’shinini hiyla bilan halok etajagini aytadi, ammo podshohlar Sherakning oilasiga, bolalariga, avlodiga g’amxo’rlik qilishlari shart edi. Ularga qasam ichdirib, shu va’dani olgach, Sherak o’sha yerdayoq o’zining quloq-burnini kesadi, boshqa a’zolariga ham jarohat yetkazadi, so’ngra saklardan Eron qo’shini tomon qochib o’tgan kishi sifatida forsiylar turgan joyga keladi.

Sherak Doroga arz qilib, o’zini saklardan alam ko’rgan kishi qilib ko’rsatadi. U Eron qo’shinini saklarning eng chekka yerlariga olib borajagini, u yerda turib, sak qo’shiniga to’satdan hujum qilib, g’alaba qozonishlarini aytadi.

Eron qo’shini bir haftalik oziq-ovqat olib yo’lga tushadi. Qo’shin uzoq yo’l yuradi. Oziq-ovqat tamom bo’ladi. Atrof quruq qum va sahrodan iborat edi. Eron qo’shini aldanganini anglaydi. Eron sarkardaridan biri Sherakdan: — shunday ulug’ podshoni aldab, katta qo’shinni biror quduq bo’lmagan, biror qush uchmaydigan, biror jonivor ko’zga ko’rinmaydigan, na olg’a yurish, na ortga qaytish mumkin bo’lmaydigan sahroga boshlab kelishdan muroding nima edi? –deb so’raydi.

Sherak, o’z vatandoshlarimni saqlab qoldim va Eron qo’shinini halok etaman, deb javob beradi.

Botir cho’pon qatl etiladi. Forsiylar arang Amudaryo sohiliga yetib oladilar.

Doro sak cho’poni Sherakning o’chini uning qavmlaridan oladi. Diodor «Kutubxona» asarida ko’rsatishicha, Aleksandr Мakedonskiy Amudaryodan o’tar ekan, dahshatli voqyeaga duch keladi. Eron shohi Doro sakkiz yuzga yaqin odamni Sherakning qiyofasi darajasida jazolagan edi. Aleksandr ko’rgan odamlardan ko’pchiligining qo’li, ayrimlarining oyoqlari, birining burni, boshqasining qulog’i kesilgan edi. Amudaryo qirg’oqlariga haylab yuborilganlarning hammasi qiynoq-azoblarga solingan majruhlar edi.

O’z ona yeri va xalqi uchun jon berish qahramonlikning yuksak namunasidir. Sherak shunday qahramonlikni bajardi. Tarixiy manbalarda ko’rsatilishicha, saklar Aleksandr Мakedonskiy bostirib kelgan davrda ham o’limga tik boqishgan. Grek sarkardasi jangda bir qancha saklarni asirga oladi. Asirga tushgan yigitlarning jismoniy jihatdan baquvvatlarini o’limga buyuradi. O’limga mahkum etilganlar o’limdan sira qo’rqmasdan, aksincha, xursand bo’lishib, xalq qo’shiqlarini baralla aytib borar edilar, deb yozadi yunon tarixchisi Kvint Kursiya Ruf.

Xalq uchun jonini fido qilgan Sherakka monand obrazlar boshqa xalqlar adabiyotida ham uchraydi. Мasalan, rus xalq og’zaki ijodidagi Susanin va Danko obrazlari shunday xususiyatga ega. Beruniyning «Hindiston» asarida ham Sherakka xos tadbirkorlik va harbiy hiylaning yana bir shakli «Shoh Kanik va Roja Kanjaning vaziri afsonasi»da o’z ifodasini topgan.

Turkiy xalqlar og’zaki ijodiining shakllanish davri rivoyat va afsonalarning boyligi bilan ajralib turadi. Bu asarlar ko’proq tarixiy-badiiy mazmunga ega bo’lib, ularda qadimgi skif, massaget, sak va boshqa turkiy qavmlarning qahramonlik tuyg’ulari o’z ifodasini topgan. Turkiylarning antik adabiyoti yodgorligi hisoblangan afsona – rivoyatlar keyinchalik katta hajmli dostonlar yaratilishiga asos bo’ldi.

Turkiy xalqlar og’zaki ijodiining shakllanish davri rivoyat va afsonalarning boyligi bilan ajralib turadi. Bu asarlar ko’proq tarixiy-badiiy mazmunga ega bo’lib, ularda qadimgi skif, massaget, sak va boshqa turkiy qavmlarning qahramonlik tuyg’ulari o’z ifodasini topgan. Turkiylarning antik adabiyoti yodgorligi hisoblangan afsona – rivoyatlar keyinchalik katta hajmli dostonlar yaratilishiga asos bo’ldi. Shu sababli ham bu davrning o’ziga xos xususiyatlari to’g’risida quyidagi xulosalarni bayon etish mumkin:

1. Antik davr tarixchilarining ma’lumotlariga tayanib, milodimizdan oldingi VII asrlarni turkiy qavmlar shakllanishi davri deb atashga asoslar bor. Chunki bu davrda yashagan skiflar hukmdori Мadi Skifiyadagina emas, balki Kichik Osiyo mamlakatlari va Yevropada ham o’z mavqyeini tiklagan. Turkiy qavmlarni, hatto bu qavmlarning shakllanganlaridan biri hisoblangan kimmerlarni ham o’z davlati tarkibiga qo’shib olishga erishgan. Demak, yagona turkiylar davlati – Skifiya tashkil topgan.

2. Ijtimoiy — tarixiy vaziyatdan kelib chiqib, Мadining hukmronlik vaqtini «Turkiy qavmlarning shakllanish davri adabiyoti» deb atash maqsadga muvofiqdir. Bu davr adabiyotiga faqat miloddan avvalgi VII asrlarda yaratilgan adabiy meros namunalarigina emas, balki shu davrdagi ijtimoiy-tarixiy voqyea-hodisalar ta’sirida keyingi asrlarda ham yuzaga kelgan adabiy yodgorliklarni ham kiritish mumkin. Gerodotning «Tarix» kitobi orqali bizgacha yetib kelgan «Ko’r qullar», «Shohga bo’ysunmagan kimmerlar», «Skiflar «ov»i» hamda Мadining badiiy adabiyotdagi muqobiliga aylangan Alp Er To’nga – Afrosiyob haqidagi adabiy syujetlarda shu davr ruhi saqlangan. Tomir, Zarina, Sherak haqidagi qissalar esa g’oyaviy mazmuni, qahramonlik ruhiga ko’ra, Мadi shaxsiyatiga bog’langan asarlar silsilasidan joy oladi.

3.«Turkiy qavmlarning shakllanish davri adabiyoti» o’ziga xos mavzu yo’nalishi va janr xususiyatiga ega. Skifiya (Turon) va Мidiya (Eron) mamlakatlari o’rtasidagi janglar tasviri bu davr adabiyotining bosh mavzusidir. Alp Er To’nga – Afrosiyob Turon va Eron urushlari haqida yaratilgan asarlarning asosiy qahramoni hisoblandi. Ijodkor xalqning shu ulug’ qahramon obrazini yaratishga intilishi qadimgi turkiy adabiyotning janr rang-barangligini ham yuzaga keltirgan. Sov (qissa), o’tkunch (hikoya, bo’lgan voqyea), yig’i-yo’qlov (marsiya), doston bu davr adabiyotining yetakchi janrlaridandir. Adabiyotning eng muhim xususiyatlaridan biri, turkiy malika hukmdorlar obrazini yaratishga e’tibor oshganligidir. Antik davrda turkiy ayollarning yurt boshlig’i darajasiga ko’tarilishi va og’zaki adabiyotda ularning mukammal obrazi yaratilishiga erishilishi jahon adabiyoti tarixida katta voqyeadir. Turkiy malikalar, jumladan, Tomir qissasi jahon adabiyotidagi bir necha asarlar yaratilishiga asos bo’lishini shunday baholash mumkin. Shuningdek, Nizomiy Ganjaviy buyuk asari «Xamsa»da ham turkiy ayol hukmdorlar obrazini mahorat bilan yaratdi. Ulug’ shoir «Xisrav va Shirin» dostonida Мehinbonu obrazini Afrosiyob avlodidan deb ta’riflaydi va uning qadimgi turkiy ayollarga xos donoligi, aql-zakovati, yurtni boshqarish qobiliyatini mahorat bilan tasvirlaydi.

Davomi bor

08

(Tashriflar: umumiy 1 090, bugungi 1)

Izoh qoldiring