Tuvaning bosh shomoni Kara-Ool Dopchun-Ool nasihatlaridan

034    Агар нимадир қилмоқчи бўлсангиз, шубҳалардан халос бўлинг. Қўрқув тўғри йўлдан адаштиради. Қўрқув ёвузликларнинг асосий воситасидир. Илк марта уринганда ҳеч нимага эришолмасангиз, умидингизни йўқотманг. Ҳар қандай кичик ғалаба буюк ғалабаларга яқинлаштиради.

Абдурашид Абдураҳмонов
«ТУРКИЙ АДАБИЁТНИНГ ҚАДИМИЙ
ҚАТЛАМЛАРИ» КИТОБИДАН

067

ШОМОНИЙЛИК

   Шомонийлик (Эвенк тилида шаман – руҳоний) қадимги туркийларнинг диний эътиқод шаклларидан ҳисобланади. Унинг асосини ёвуз ва эзгу руҳларнинг инсон ҳаётига таъсир этишига ишониш ташкил этади. Шомоний руҳонийлар – шаманлар одамлар ҳузурида руҳ билан алоқага киришганлар ва бўлажак воқеаларни олдиндан айтиб берганлар. Геродотнинг кўрсатишича, шомонликнинг тарихи милоддан аввалги ХI асрларга бориб тақалади.

Араб тарихчиси Жувайний шундай ёзади: «Мўтабар мўғуллардан эшитдимки, қора қишда ялангоёқ бўлиб, тоғларга чиқиб кетган бир киши бор эди. У: «Тангри билан гаплашдим. Буюрдики: ер юзини Тимучин ва ўғилларига бердим, аслини Чингизхон қўйдим», дейди. Бу одамга Таб Тангри дейишарди». Таб Тангри – шомон бўлиб, у келажакдан хабар берувчидир. «Қўрқут ота китоби»да Қўрқут ота туркийлар қавмини жипслаштириш, уларнинг турмуш тарзини яхшилашга раҳнамолик кўрсатган улуғ сиймодир. Шу билан бирга у ўз қавмининг келажагини айта олиш қобилиятига кўра шомонликнинг вакили сифатида ҳам намоён бўлади.

Шомонлик туркий қавмлар ўртасида қом деб юритилган. Қомлар бола дунёга келиши билан унинг қисматидаги воқеалардан хабар берган. Қўрқут ота ўз қавмида туғилган болага «исмини мен бердим, умрини Тангри берсин» деб, дуо қилиши шомонлик вазифасини ўташидир. Эрон тарихчиси Жувайний келтиришича, қом илмидан хабардор уйғурлар шайтонларга ҳам ҳукмини ўтказишга ҳаракат қилганлар.

Қомлар қор ва ёмғир ёғдириш сеҳрини ҳам эгаллашган. Маҳмуд Кошғарий «Девону луғотит-турк» китобида бу воқеага шоҳид бўлганлигини эслайди: «Бир тош (ят-яда) билан коҳинлик қилинади, шамол ва ёмғир чақирилади. Бу ҳол туркларда жуда кенг тарқалган бўлиб, мен ҳам унинг шоҳиди бўлдим. Ёзда катта бир ёнғин чиққан эди. Уни ўчириш мақсадида Оллоҳнинг изни билан қор чақирилди ва у ёғиб, ёнғин сўнди».

Қомлар яда тошлари сеҳри билан ёмғир ёки қор ёғдириши тўғрисида кўплаб ривоят, афсона, тарихчи олимларнинг эса ҳаётий кузатишлари битилган хотиралар етиб келган. Яда тошларининг пайдо бўлиши Нуҳ пайғамбарга боғланар экан. Турк олими Усмон Турон шундай ривоятни келтиради: Нуҳ пайғамбар Туркистонни ўғли Ёфасга берганида, у бу сувсиз ўлкада нима қилишини сўрайди. Ота унга ёмғир ёғдириш қудратини бахш этиб, устига дуо (исми аъзам) ёзилган бир тош (тилсим) беради. Яъни эҳтиёж бўлганда, шу тош билан Оллоҳга дуо этиб, ёмғир ёғдирилар эди. Тошни «яда, тоши» (яда – жада, жодугарлик демакдир – А.А.) дейишарди. Ривоятларга кўра, тош ўғузлар қўлига ўтгани учун унга эга бўлиш мақсадида қорлуқ, ҳазар ва бошқа турклар ўртасида урушлар бўлган. Туркларнинг аждодига Оллоҳ ёмғир ёғдириш қобилиятини бергани ҳақидаги ривоятлар Хитой, ислом ва насроний манбаларда ҳам кўп марта зикр этилган.

Аҳмад бин Юсуф ал-Тифоший Аҳмад бин Абу Холиднинг «Китоб ул-Ахжар» асари асосида яда тошлари билан боғлиқ ривоятни келтиради: «Хоразмшоҳ (Алоуддин Муҳаммад)нинг қўшинида бир турк истаган пайтда ёмғир ёғдирган. Ёғингарчилик вақтида Сурхоб номли бир қуш пайдо бўлиб, тухумдек келадиган тошлар ташлаган. Улар тўпланиб, ҳукмдор хазинасида сақланган ва керак бўлганида улардан ёмғир ёғдириш, душманга қарши бўрон турдириш мақсадида фойдаланилган…

Кекса бир турк чодир ичида ёмғир ёғдиришга киришганда, биз ҳам хазина бошчилар билан бирга усти очиқ бўлган ўзга бир чодирда эдик. У олдига сув тўла бир идиш қўйди. Кейин уч дона қалин қамишни сувнинг ўнгу сўлига тиқиб, охиргисини кўндаланг қилиб қўйди. Ингичка ва қизил яда тоши рангидаги илон думини кўндаланг ётган қамишга ёнма-ён ётқизиб, бошини сувнинг тепасида тутди. Кейин иккита яда тошини сувга солиб, бир-бирига ишқади. Бу ишни етти марта такрорлар экан, унга шогирдлари ёрдам бериб турди. Ниҳоят, ядачи боши очиқ, сочлари тўзғаган, юзи асабий ва кўпчиган ҳолда бошини кўкга қаратди-да, икки соат давомида ёмғир дуосини ўқиди, ниҳоят, осмонни булут қоплади ва қаттиқ жала қуйди».

Шомонлар яхши турмуш тарзини орзу этишганларида эзгу руҳлардан мадад олганлар. Олтой туркийлари эзгулик руҳини тоғ тимсолида кўрадилар ва у билан мулоқотга киришадилар.

Қуёш айланмас пўлат тоғ,
Ой айланмас пўлат тоғ
Она ўрмонларининг ёпинчиғи

Муқаддас буюк тоғ.
Оталаримиз, буюкларимиз сенга топиндилар
Бу бирор яхшилик келтиради-ми?

Абадий яшаяжак уруғимизга фойда беради-ми?
Қўлимиздан тутиб етаклайди-ми?

Эй, бешик руҳини яратган,
Сурувларимизга барокат бер!
Юртимизга яшаш бахш этгин!

Шомонлар туркийларнинг келажакдаги ҳаётини башорат қиладилар. Турк олими А.Қабоқли «Турк адабиёти» китобида шомонийликнинг бу хил вазифаси акс этган икки шеърий парчани келтиради Теленгет шомонлари охир замон кўринишини шундай башорат қиладилар:

Охир замон келганда,
Осмон темир бўлиб қолур.
Ер бокир бўлиб қолур
Хоқон хоқонга ёпишар.
Қаттиқ тош майдаланур.
Ота ўғилни танимас,
Ўғил отани танимас.
Погир ўти қимматланур.
От бошидек катта олтин,
Бир тавоқ ошга арзимас.
Оёқ остидан олтин чиқар,
Уни олувчи йўқ бўлур.
Қора ерга ўт ёғилар.
Қайра хонла Худай ота (Тангрилар)
Бунга тутар қулоғин.
Бу ҳангомадан дунё бузилар.
Денгизлар чайқалар.

Олтой шомонлари ҳам охир замон белгиларини олдиндан айтадилар:

Қора сув қон бўлиб оқади,
Ер гулдирар, тоғлар ўрнидан силжир.
Кўк қимирлар, парчаланар,
Денгизлар оқар таги кўриниб.
Денгиз тубида тўққиз қўлли қора тош,
Тўққиз еридан парча-парча бўлур.
У ердан тўққиз темир отли киши чиқар,
Улар минган отлар,
Йирик, сариқ, урушқоқдир.
Дарахтларга тегса уни синдирар,
Жониворга тегса тилка-пора қилади.
(Ўша лаҳзада) ойнинг ёруғи йўқ бўлади,
Дарахтлар томири билан суғирилади.

045

ТУВАНИНГ БОШ ШОМОНИ КАРА-ООЛ ДОПЧУН-ООЛ
НАСИҲАТЛАРИДАН
Кара-Оол Допчун-Оол тилидан шогирди Қарағай шомон  ёзиб олган.
Маъруфжон Йўлдошев таржимаси
067

1. Йўлда кетаётганингизда қуш патини топиб олсангиз, уни уйингизга олиб бориб бирор гулдонга ё токчага қўйинг, ёки деворга осиб қўйсангиз ҳам бўлади. Бу сизга кўкдан тушган ғаройиб тилсимдир. Руҳлардан келган бундай ишоратларни англашга ҳаракат қилинг.

2. Дарёлардан тош тўплашни одат қилинг. Уларда буюк куч ва тилсимли қувват бор.

3. Бор кучингизни ишга солиб ўзгаларга ёрдам беришга интилинг. Бахт бера олмасангиз, зарар ҳам берманг.

4. Машаққатлар расмиятчиликдан бошқа нарса эмас. Жиддий машаққатлар ҳам жиддийдир, аммо барибир расмиятчиликдан бошқа нарса эмас. Осмонни баъзида булутлар қоплаб олади. Озгина ғайрат билан (масалан, учқич ёрдамида) булутлар ортидаги мусаффо осмонни кўриш мумкин. Ҳаммага тинчлик!

5. Орзуга етишмоқ учун баъзан бор-йўғи бир одим отишингиз керак бўлади холос. Машаққатдан қўрқманг. Чунки улар ҳар доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Эзгу мақсад билан бошлаган йўлингиз очиқ бўлсин!

6. Тамойилингиз ҳеч кимга зарар келтирмаслик бўлмоғи керак. Умр бўйи шунга амал қилинг. Ҳар доим шу ҳақда ўйланг: “Ҳеч қачон ҳеч кимга, ҳеч нимага зарар бермайман!”

7. Ўзгаларни қувонтиринг, шунда ўзингиз ҳам қувонасиз. Бошқа бировларга азият етказсангиз, ўзингиз ҳам азоб чекасиз. Унутманг!

8. Ҳар куни, камида бир соат сукут учун вақт ажратинг. Мулоқот эҳтиёж бўлгани каби, сукут ҳам заруратдир.

9. Севмоқ дунёдаги энг муҳим неъмат. Барчани севишни ўрганинг, душманларингизни ҳам.

10. Оқаётган сувга хас-чўп отманг. Асло! Сувнинг руҳи асабийлашиши мумкин. Руҳини шод қилиш учун сувга нон, сут ёки танга ташланг.

11. Одатда, ўтмишдаги маълум даврларни “олтин чоғлар”, “олтин кунлар” деб атаймиз. Бу хатодир. Ҳаётимизнинг ҳар они асл маънода олтин чоғдир.

12. Мукаммал дин ва эътиқод йўқ, динларнинг ёмони ҳам йўқ. Тангри ягонадир. Истаганингизча дуо қилишингиз мумкин, фақат шуни унутманг: дуруст яшанг, ота-боболарингизни ҳурмат қилинг ва севинг.

13. Агар дунёни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, аввало ўзингизни ўзгартиринг. Севги ва қувончнинг қувватини ҳис қилинг. Булар инсон учун муҳим хусуслардир. Табассум, қаҳқаҳа ва қувонч катта куч манбаидир. Буларни англаб етганингизда «ишқ»нинг эшикларини очган бўласиз.

14. Маъқул бир мақол бор: Берган қўлни кам кўрма. Ночор ва эҳтиёжмандларга пул беринг. Қанчалиги муҳим эмас, бермоқ муҳимдир.

15. Умр жуда қисқа. Уни кўз ёши, жанжал, ҳақорат ва ароқ билан ўтказманг. Вақтингизни яхши амалларга сарф қилинг, фарзанд тарбияланг, дам олинг, инсонларга бахт улашувчи эзгу ишлар қилинг.

16. Ёмғир… У инсон ҳиссиётлари ва қувватини таъсир доирасига олиши мумкин. Ҳаётининг қайсидир лаҳзасини ёдига солиши мумкин… Ёки барча хотираларини ювиб юбориши мумкин. Ёмғирда покловчи қувват бор. Баъзан, нимадир кўнгилдагидек бўлмаган чоғда… Мен ташқарига чиқаман… Ёмғир остида жимгина кутаман…

17. Агар севган кишиларингиз айбингиз бўлмагани ҳолда сиздан хафа бўлишса уларни бағрингизга босинг. Токи хатоларини англаб етгунларича уларни қўйиб юборманг.

18. Агар кайфиятингиз тушиб кетса, ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз, билганингизча хиргойи қилинг… Кўнглингизга нима ёқса, ўшани куйланг. Баъзан кўнгил ҳам овозини эшиттиргиси келади…

19. Ёдингизда тутинг: мукаммал дин ҳам, мукаммал эътиқод ҳам йўқ. Шунингдек, бенуқсон инсон ҳам йўқ. Тангри ягонадир. Тангри тоғнинг чўққиси мисоли. Турли эътиқод ва динлар ўша чўққига элтувчи турли сўқмоқлардир. Кимга ишонмоқ сизга ҳавола. Унутмагки, энг муҳим амолингиз гуноҳсиз бўлмоқ эмас, Тангрига улашмоқ бўлмоғи керак.

20. Агар нимадир қилмоқчи бўлсангиз, шубҳалардан халос бўлинг. Қўрқув тўғри йўлдан адаштиради. Қўрқув ёвузликларнинг асосий воситасидир. Илк марта уринганда ҳеч нимага эришолмасангиз, умидингизни йўқотманг. Ҳар қандай кичик ғалаба буюк ғалабаларга яқинлаштиради.

21. То тирик экансиз, унутманг: Ҳар ким хизматига ярашасини олади. Муаммоларни руҳингизга ва ўйларингизга йўлатманг. Шу тарзда ташвишлар танингизга ҳам зарар бермагай.

22. Ҳаёт, сизга юзини ёки бошқа ёғини ўгирган бўлиши мумкин. Фақат баъзи инсонларгина ҳаётни, аслида, ўзлари терс ўгирганликларини биладилар. Бошқалар ҳақидаги бадниятингиз ўзингизга қайтгусидир. Ҳасадингиз ҳам ёқангизга ёпишажакдир, албатта. Буларни нима кераги бор? Сокин ва меъёрида яшашни ўрганинг. Бировларни кўролмаслик яхши эмас. Бунга сабаб ҳам йўқдир… Бир одам қимматбаҳо машинага эга бўлса, гўзал юзга ҳам эга бўлади дегани эмас. Олтин, аслида, кирли металдир. Ўша матоҳни деб қалбингизни кирлатманг. Юзингиздан кулги аримасин. Бошқалар ҳам сизга меҳр билан боқади. Умр бўйи яқинларингизга табссум билан боқинг.

23. Сизга ҳурмат кўрсатишларини истасангиз, бошқаларни ҳурмат қилинг. Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаринг. Ёмонлик қилсалар кўрмагандай муносабатда бўлинг. Ёмонликни ўзига касб қилиб олган кишилар сизнинг бундай жавобингиздан қаттиқ изтироб чекадилар.

24. Ичкилик ичманг. Асло ичманг. Ичкилик баданни, мияни ва руҳни ўлдиради. Мен кўпдан бери ичмайман. Агар шомон бўлсангиз ёки руҳоний бўлсангиз, кўп ўтмай барча кучларингиздан маҳрум бўласиз, руҳлар сизни жазолайди. Ичкилик ҳақиқатан ҳам ўлдиради. Аҳмоқлик қилманг. Роҳатланмоқ учун хаммом бор, кўнгилчоғлик учун қўшиқ бор, суҳбат ва дардлашмоқ учун чой бор. Бир аёлни яқиндан танимоқ учун турли-туман ширинликлар бор.

25. Ҳеч нима учун пушаймон бўлманг, ҳаммаси беҳуда. Руҳлар томонидан берилганига қаноат қилинг. Бу энг яхшисидир.

26. Ҳайвонларга ўхшаган тошларни махсус маросимсиз ердан олманг. Акс ҳолда кўзланиб қоласиз. Агар шундай тошни топиб олсангиз ва олиб кетмоқчи бўлсангиз, олдин ўша жойнинг азиз Руҳидан рухсат сўранг. Кейин тошни оқ матога ўраб олинг.

27. Роҳатбахш мусиқа кун бўйи руҳингизга сингган негатив энергиялардан халос қилади. Мусиқа бир нав медитациядир. Сизни тетиклаштиради ва ҳаётдан завқ олиб яшашингизга кўмаклашади.

28. Нафас олишингизни маромга келтирмоқ ва ҳузурли яшамоқ учун йиғлашни ўрганинг.

29. Агар вазиятни бошқара олмай қолган бўлсангиз ва чиқиш йўли топа олмасангиз қўлингизни юқорига кўтаринг. Кейин бир силкиб пастга туширинг ва «минг лаънат!» денг. Яна яхшилаб ўйланг. Азизлар бежиз айтишмаган: «Сизни еб битиришган бўлсалар ҳам икки чиқиш йўли ҳар доим мавжуд.»

30. Аёллар савдо-сотиқ қилиш баробарида эртанги кун учун оиласига қувонч ҳам олган бўлади. Тоза, хушҳид, лаззатли мевалар оилага севинч ва ҳузур ҳам олиб киради. Эр ўз аёлини пул билан таъминлаб туриши керак. Шунда аёл энг сара меваларни сотиб олиши мумкин. Рўзғор учун хасислик қилманг: токи оила фақирлик ва бахтсизлик сари юз тутмасин. Бундай хасислик орқали яқинларингзнинг бахтидан қисган бўласиз.

31. Ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз ёки бирор нарсадан ташвишга тушган бўлсангиз, енгил ҳаракат билан рақс тушинг. Шунда негатив энергиядан халос бўласиз, руҳингиз тиниқади.

062

Abdurashid Abdurahmonov
«TURKIY ADABIYOTNING QADIMIY
QATLAMLARI» KITOBIDAN

067

SHOMONIYLIK

SHOMONIYLIK (Evenk tilida shaman – ruhoniy) qadimgi turkiylarning diniy e’tiqod shakllaridan hisoblanadi. Uning asosini yovuz va ezgu ruhlarning inson hayotiga ta’sir etishiga ishonish tashkil etadi. Shomoniy ruhoniylar – shamanlar odamlar huzurida ruh bilan aloqaga kirishganlar va bo’lajak voqyealarni oldindan aytib berganlar. Gerodotning ko’rsatishicha, shomonlikning tarixi miloddan avvalgi XI asrlarga borib taqaladi.

Arab tarixchisi Juvayniy shunday yozadi: «Mo’tabar mo’g’ullardan eshitdimki, qora qishda yalangoyoq bo’lib, tog’larga chiqib ketgan bir kishi bor edi. U: «Tangri bilan gaplashdim. Buyurdiki: yer yuzini Timuchin va o’g’illariga berdim, aslini Chingizxon qo’ydim», deydi. Bu odamga Tab Tangri deyishardi». Tab Tangri – shomon bo’lib, u kelajakdan xabar beruvchidir. «Qo’rqut ota kitobi»da Qo’rqut ota turkiylar qavmini jipslashtirish, ularning turmush tarzini yaxshilashga rahnamolik ko’rsatgan ulug’ siymodir. Shu bilan birga u o’z qavmining kelajagini ayta olish qobiliyatiga ko’ra shomonlikning vakili sifatida ham namoyon bo’ladi.

Shomonlik turkiy qavmlar o’rtasida qom deb yuritilgan. Qomlar bola dunyoga kelishi bilan uning qismatidagi voqyealardan xabar bergan. Qo’rqut ota o’z qavmida tug’ilgan bolaga «ismini men berdim, umrini Tangri bersin» deb, duo qilishi shomonlik vazifasini o’tashidir. Eron tarixchisi Juvayniy keltirishicha, qom ilmidan xabardor uyg’urlar shaytonlarga ham hukmini o’tkazishga harakat qilganlar.

Qomlar qor va yomg’ir yog’dirish sehrini ham egallashgan. Mahmud Koshg’ariy «Devonu lug’otit-turk» kitobida bu voqyeaga shohid bo’lganligini eslaydi: «Bir tosh (yat-yada) bilan kohinlik qilinadi, shamol va yomg’ir chaqiriladi. Bu hol turklarda juda keng tarqalgan bo’lib, men ham uning shohidi bo’ldim. Yozda katta bir yong’in chiqqan edi. Uni o’chirish maqsadida Ollohning izni bilan qor chaqirildi va u yog’ib, yong’in so’ndi».

Qomlar yada toshlari sehri bilan yomg’ir yoki qor yog’dirishi to’g’risida ko’plab rivoyat, afsona, tarixchi olimlarning esa hayotiy kuzatishlari bitilgan xotiralar yetib kelgan. Yada toshlarining paydo bo’lishi Nuh payg’ambarga bog’lanar ekan. Turk olimi Usmon Turon shunday rivoyatni keltiradi: Nuh payg’ambar Turkistonni o’g’li Yofasga berganida, u bu suvsiz o’lkada nima qilishini so’raydi. Ota unga yomg’ir yog’dirish qudratini baxsh etib, ustiga duo (ismi a’zam) yozilgan bir tosh (tilsim) beradi. Ya’ni ehtiyoj bo’lganda, shu tosh bilan Ollohga duo etib, yomg’ir yog’dirilar edi. Toshni «yada, toshi» (yada – jada, jodugarlik demakdir – A.A.) deyishardi. Rivoyatlarga ko’ra, tosh o’g’uzlar qo’liga o’tgani uchun unga ega bo’lish maqsadida qorluq, hazar va boshqa turklar o’rtasida urushlar bo’lgan. Turklarning ajdodiga Olloh yomg’ir yog’dirish qobiliyatini bergani haqidagi rivoyatlar Xitoy, islom va nasroniy manbalarda ham ko’p marta zikr etilgan.

Ahmad bin Yusuf al-Tifoshiy Ahmad bin Abu Xolidning «Kitob ul-Axjar» asari asosida yada toshlari bilan bog’liq rivoyatni keltiradi: «Xorazmshoh (Alouddin Muhammad)ning qo’shinida bir turk istagan paytda yomg’ir yog’dirgan. Yog’ingarchilik vaqtida Surxob nomli bir qush paydo bo’lib, tuxumdek keladigan toshlar tashlagan. Ular to’planib, hukmdor xazinasida saqlangan va kerak bo’lganida ulardan yomg’ir yog’dirish, dushmanga qarshi bo’ron turdirish maqsadida foydalanilgan…

Keksa bir turk chodir ichida yomg’ir yog’dirishga kirishganda, biz ham xazina boshchilar bilan birga usti ochiq bo’lgan o’zga bir chodirda edik. U oldiga suv to’la bir idish qo’ydi. Keyin uch dona qalin qamishni suvning o’ngu so’liga tiqib, oxirgisini ko’ndalang qilib qo’ydi. Ingichka va qizil yada toshi rangidagi ilon dumini ko’ndalang yotgan qamishga yonma-yon yotqizib, boshini suvning tepasida tutdi. Keyin ikkita yada toshini suvga solib, bir-biriga ishqadi. Bu ishni yetti marta takrorlar ekan, unga shogirdlari yordam berib turdi. Nihoyat, yadachi boshi ochiq, sochlari to’zg’agan, yuzi asabiy va ko’pchigan holda boshini ko’kga qaratdi-da, ikki soat davomida yomg’ir duosini o’qidi, nihoyat, osmonni bulut qopladi va qattiq jala quydi».

Shomonlar yaxshi turmush tarzini orzu etishganlarida ezgu ruhlardan madad olganlar. Oltoy turkiylari ezgulik ruhini tog’ timsolida ko’radilar va u bilan muloqotga kirishadilar.

Quyosh aylanmas po’lat tog’,
Oy aylanmas po’lat tog’
Ona o’rmonlarining yopinchig’i

Muqaddas buyuk tog’.
Otalarimiz, buyuklarimiz senga topindilar
Bu biror yaxshilik keltiradi-mi?

Abadiy yashayajak urug’imizga foyda beradi-mi?
Qo’limizdan tutib yetaklaydi-mi?

Ey, beshik ruhini yaratgan,
Suruvlarimizga barokat ber!
Yurtimizga yashash baxsh etgin!

Shomonlar turkiylarning kelajakdagi hayotini bashorat qiladilar. Turk olimi A.Qaboqli «Turk adabiyoti» kitobida shomoniylikning bu xil vazifasi aks etgan ikki she’riy parchani keltiradi Telenget shomonlari oxir zamon ko’rinishini shunday bashorat qiladilar:

Oxir zamon kelganda,
Osmon temir bo’lib qolur.
Yer bokir bo’lib qolur
Xoqon xoqonga yopishar.
Qattiq tosh maydalanur.
Ota o’g’ilni tanimas,
O’g’il otani tanimas.
Pogir o’ti qimmatlanur.
Ot boshidek katta oltin,
Bir tavoq oshga arzimas.
Oyoq ostidan oltin chiqar,
Uni oluvchi yo’q bo’lur.
Qora yerga o’t yog’ilar.
Qayra xonla Xuday ota (Tangrilar)
Bunga tutar qulog’in.
Bu han1gomadan dunyo buzilar.
Dengizlar chayqalar.

Oltoy shomonlari ham oxir zamon belgilarini oldindan aytadilar:

Qora suv qon bo’lib oqadi,
Yer guldirar, tog’lar o’rnidan siljir.
Ko’k qimirlar, parchalanar,
Dengizlar oqar tagi ko’rinib.
Dengiz tubida to’qqiz qo’lli qora tosh,
To’qqiz yeridan parcha-parcha bo’lur.
U yerdan to’qqiz temir otli kishi chiqar,
Ular mingan otlar,
Yirik, sariq, urushqoqdir.
Daraxtlarga tegsa uni sindirar,
Jonivorga tegsa tilka-pora qiladi.
(O’sha lahzada) oyning yorug’i yo’q bo’ladi,
Daraxtlar tomiri bilan sug’iriladi.

055

TUVANING BOSH SHOMONI KARA-OOL DOPCHUN-OOL
NASIHATLARIDAN
Kara-Ool Dopchun-Ool tilidan  shogirdi Qarag’ay shomon  yozib olgan.
Ma’rufjon Yo’ldoshev tarjimasi
067

1. Yo’lda ketayotganingizda qush patini topib olsangiz, uni uyingizga olib borib biror guldonga yo tokchaga qo’ying, yoki devorga osib qo’ysangiz ham bo’ladi. Bu sizga ko’kdan tushgan g’aroyib tilsimdir. Ruhlardan kelgan bunday ishoratlarni anglashga harakat qiling.

2. Daryolardan tosh to’plashni odat qiling. Ularda buyuk kuch va tilsimli quvvat bor.

3. Bor kuchingizni ishga solib o’zgalarga yordam berishga intiling. Baxt bera olmasangiz, zarar ham bermang.

4. Mashaqqatlar rasmiyatchilikdan boshqa narsa emas. Jiddiy mashaqqatlar ham jiddiydir, ammo baribir rasmiyatchilikdan boshqa narsa emas. Osmonni ba’zida bulutlar qoplab oladi. Ozgina g’ayrat bilan (masalan, uchqich yordamida) bulutlar ortidagi musaffo osmonni ko’rish mumkin. Hammaga tinchlik!

5. Orzuga yetishmoq uchun ba’zan bor-yo’g’i bir odim otishingiz kerak bo’ladi xolos. Mashaqqatdan qo’rqmang. Chunki ular har doim bo’lgan va bundan keyin ham bo’ladi. Ezgu maqsad bilan boshlagan yo’lingiz ochiq bo’lsin!

6. Tamoyilingiz hech kimga zarar keltirmaslik bo’lmog’i kerak. Umr bo’yi shunga amal qiling. Har doim shu haqda o’ylang: “Hech qachon hech kimga, hech nimaga zarar bermayman!”

7. O’zgalarni quvontiring, shunda o’zingiz ham quvonasiz. Boshqa birovlarga aziyat yetkazsangiz, o’zingiz ham azob chekasiz. Unutmang!

8. Har kuni, kamida bir soat sukut uchun vaqt ajrating. Muloqot ehtiyoj bo’lgani kabi, sukut ham zaruratdir.

9. Sevmoq dunyodagi eng muhim ne’mat. Barchani sevishni o’rganing, dushmanlaringizni ham.

10. Oqayotgan suvga xas-cho’p otmang. Aslo! Suvning ruhi asabiylashishi mumkin. Ruhini shod qilish uchun suvga non, sut yoki tanga tashlang.

11. Odatda, o’tmishdagi ma’lum davrlarni “oltin chog’lar”, “oltin kunlar” deb ataymiz. Bu xatodir. Hayotimizning har oni asl ma’noda oltin chog’dir.

12. Mukammal din va e’tiqod yo’q, dinlarning yomoni ham yo’q. Tangri yagonadir. Istaganingizcha duo qilishingiz mumkin, faqat shuni unutmang: durust yashang, ota-bobolaringizni hurmat qiling va seving.

13. Agar dunyoni o’zgartirmoqchi bo’lsangiz, avvalo o’zingizni o’zgartiring. Sevgi va quvonchning quvvatini his qiling. Bular inson uchun muhim xususlardir. Tabassum, qahqaha va quvonch katta kuch manbaidir. Bularni anglab yetganingizda «ishq»ning eshiklarini ochgan bo’lasiz.

14. Ma’qul bir maqol bor: Bergan qo’lni kam ko’rma. Nochor va ehtiyojmandlarga pul bering. Qanchaligi muhim emas, bermoq muhimdir.

15. Umr juda qisqa. Uni ko’z yoshi, janjal, haqorat va aroq bilan o’tkazmang. Vaqtingizni yaxshi amallarga sarf qiling, farzand tarbiyalang, dam oling, insonlarga baxt ulashuvchi ezgu ishlar qiling.

16. Yomg’ir… U inson hissiyotlari va quvvatini ta’sir doirasiga olishi mumkin. Hayotining qaysidir lahzasini yodiga solishi mumkin… Yoki barcha xotiralarini yuvib yuborishi mumkin. Yomg’irda poklovchi quvvat bor. Ba’zan, nimadir ko’ngildagidek bo’lmagan chog’da… Men tashqariga chiqaman… Yomg’ir ostida jimgina kutaman…

17. Agar sevgan kishilaringiz aybingiz bo’lmagani holda sizdan xafa bo’lishsa ularni bag’ringizga bosing. Toki xatolarini anglab yetgunlaricha ularni qo’yib yubormang.

18. Agar kayfiyatingiz tushib ketsa, o’zingizni yomon his qilsangiz, bilganingizcha xirgoyi qiling… Ko’nglingizga nima yoqsa, o’shani kuylang. Ba’zan ko’ngil ham ovozini eshittirgisi keladi…

19. Yodingizda tuting: mukammal din ham, mukammal e’tiqod ham yo’q. Shuningdek, benuqson inson ham yo’q. Tangri yagonadir. Tangri tog’ning cho’qqisi misoli. Turli e’tiqod va dinlar o’sha cho’qqiga eltuvchi turli so’qmoqlardir. Kimga ishonmoq sizga havola. Unutmagki, eng muhim amolingiz gunohsiz bo’lmoq emas, Tangriga ulashmoq bo’lmog’i kerak.

20. Agar nimadir qilmoqchi bo’lsangiz, shubhalardan xalos bo’ling. Qo’rquv to’g’ri yo’ldan adashtiradi. Qo’rquv yovuzliklarning asosiy vositasidir. Ilk marta uringanda hech nimaga erisholmasangiz, umidingizni yo’qotmang. Har qanday kichik g’alaba buyuk g’alabalarga yaqinlashtiradi.

21. To tirik ekansiz, unutmang: Har kim xizmatiga yarashasini oladi. Muammolarni ruhingizga va o’ylaringizga yo’latmang. Shu tarzda tashvishlar taningizga ham zarar bermagay.

22. Hayot, sizga yuzini yoki boshqa yog’ini o’girgan bo’lishi mumkin. Faqat ba’zi insonlargina hayotni, aslida, o’zlari ters o’girganliklarini biladilar. Boshqalar haqidagi badniyatingiz o’zingizga qaytgusidir. Hasadingiz ham yoqangizga yopishajakdir, albatta. Bularni nima keragi bor? Sokin va me’yorida yashashni o’rganing. Birovlarni ko’rolmaslik yaxshi emas. Bunga sabab ham yo’qdir… Bir odam qimmatbaho mashinaga ega bo’lsa, go’zal yuzga ham ega bo’ladi degani emas. Oltin, aslida, kirli metaldir. O’sha matohni deb qalbingizni kirlatmang. Yuzingizdan kulgi arimasin. Boshqalar ham sizga mehr bilan boqadi. Umr bo’yi yaqinlaringizga tabssum bilan boqing.

23. Sizga hurmat ko’rsatishlarini istasangiz, boshqalarni hurmat qiling. Yaxshilikka yaxshilik bilan javob qaytaring. Yomonlik qilsalar ko’rmaganday munosabatda bo’ling. Yomonlikni o’ziga kasb qilib olgan kishilar sizning bunday javobingizdan qattiq iztirob chekadilar.

24. Ichkilik ichmang. Aslo ichmang. Ichkilik badanni, miyani va ruhni o’ldiradi. Men ko’pdan beri ichmayman. Agar shomon bo’lsangiz yoki ruhoniy bo’lsangiz, ko’p o’tmay barcha kuchlaringizdan mahrum bo’lasiz, ruhlar sizni jazolaydi. Ichkilik haqiqatan ham o’ldiradi. Ahmoqlik qilmang. Rohatlanmoq uchun xammom bor, ko’ngilchog’lik uchun qo’shiq bor, suhbat va dardlashmoq uchun choy bor. Bir ayolni yaqindan tanimoq uchun turli-tuman shirinliklar bor.

25. Hech nima uchun pushaymon bo’lmang, hammasi behuda. Ruhlar tomonidan berilganiga qanoat qiling. Bu eng yaxshisidir.

26. Hayvonlarga o’xshagan toshlarni maxsus marosimsiz yerdan olmang. Aks holda ko’zlanib qolasiz. Agar shunday toshni topib olsangiz va olib ketmoqchi bo’lsangiz, oldin o’sha joyning aziz Ruhidan ruxsat so’rang. Keyin toshni oq matoga o’rab oling.

27. Rohatbaxsh musiqa kun bo’yi ruhingizga singgan negativ energiyalardan xalos qiladi. Musiqa bir nav meditatsiyadir. Sizni tetiklashtiradi va hayotdan zavq olib yashashingizga ko’maklashadi.

28. Nafas olishingizni maromga keltirmoq va huzurli yashamoq uchun yig’lashni o’rganing.

29. Agar vaziyatni boshqara olmay qolgan bo’lsangiz va chiqish yo’li topa olmasangiz qo’lingizni yuqoriga ko’taring. Keyin bir silkib pastga tushiring va «ming la’nat!» deng. Yana yaxshilab o’ylang. Azizlar bejiz aytishmagan: «Sizni yeb bitirishgan bo’lsalar ham ikki chiqish yo’li har doim mavjud.»

30. Ayollar savdo-sotiq qilish barobarida ertangi kun uchun oilasiga quvonch ham olgan bo’ladi. Toza, xushhid, lazzatli mevalar oilaga sevinch va huzur ham olib kiradi. Er o’z ayolini pul bilan ta’minlab turishi kerak. Shunda ayol eng sara mevalarni sotib olishi mumkin. Ro’zg’or uchun xasislik qilmang: toki oila faqirlik va baxtsizlik sari yuz tutmasin. Bunday xasislik orqali yaqinlaringzning baxtidan qisgan bo’lasiz.

31. O’zingizni yomon his qilsangiz yoki biror narsadan tashvishga tushgan bo’lsangiz, yengil harakat bilan raqs tushing. Shunda negativ energiyadan xalos bo’lasiz, ruhingiz tiniqadi.

055

(Tashriflar: umumiy 1 108, bugungi 1)

Izoh qoldiring