Самариддин Саййидзод 1986 йили Қашқадарёнинг Чироқчисида туғилган, таниқли шоир Ўроз Ҳайдарнинг ҳамқишлоғи. Шу йилнинг бошида унинг ўзига хос мушоҳада тарзи намоён бўлган бир туркум шеърини эълон қилган эдик. Бугун эса шоирнинг янги шеърларини тақдим этмоқдамиз.
Самариддин Саййидзод
ШЕЪРЛАР
Тонгга яқин
Ой тун бўйи май қуйиб тутди,
Борлиқ ютди, алвон қадаҳни.
Маст ел шохин силкитиб ўтди,
Олмаларин отди дарахтни.
Бир зум тиниб қолди сўқмоқлар,
Чигирткалар кўз ёрар илдиз.
Июннинг оқ, ойдин тунида
Ёз сайр этар…
Ялангбош…
Енгсиз…
Ўз қонига ботди бир сопол —
Ой-бўлмади ярқироқ тошлар.
Ҳар заррани уйғотди шамол,
Фақат тоғлар ётди ёнбошлаб.
Фақат тоғлар уйғонмай ётди.
Рауф Парфига
Дунё,
Сенга келиб фироққа етдим,
Шафақдай алвонранг япроққа етдим,
Тўкилдим, тўлмадинг тупроққа етдим,
Баргрезон.
Ётдим, болишларим ботди хатога,
Дилни хатлаб бердим қодир Худога,
Наҳот, Ҳақдан олдин келдим фанога,
Саргардон.
Бахтинг — бошимдаги баланд дормиди?
Дўстинг- айвонимга ёққан қормиди?
Қулоғимга айтар гапинг бормиди?
Одамзор.
Бўғзимдаги титроқ, товушсан, асли,
Бир жуфти йиртилган ковушсан, асли.
Менинг қувончимдан хомушсан, асли,
Аламзор.
***
Аё Ҳақ, келдим мано,
Не кўрсам кўзимники.
Атолар этдинг хато,
Сабоқлар ўзингники.
Қароғсан кунимдаги,
Чироқсан тунимдаги.
Ун чексам, унимдаги
Фироқлар ўзингники.
Бегона дўсту ғаним,
Ягона топинганим —
Ишқ аро денгиз таним,
Қирғоқлар ўзингники.
Нур бўлдинг фалакларда,
Қўр бўлдинг юракларда.
Мен суйган малакларда,
Қароғлар ўзингники.
Висолинг ўлимдами?!
Сўнг борар йўлимдами?!
Бу дунёнг қўлимдами?! —
Сўроқлар ўзингники.
Дурмисан уммондаги,
Тўрттала томондаги.
Ой десам, осмондаги-
Ўроқлар ўзингники.
Мен ишққа ўхшаб юрган,
Жонимни тўшаб юрган,
Ёшимни яшаб юрган
Шу чоғлар ўзингники.
Зикр этсам тилимдаги,
Фикр этсам дилимдаги.
Мен етган билимдаги
Чароғлар ўзингники.
Ўтгач умрим баҳори,
Бошимда ишқ ғубори.
Гоҳ сариқ, гоҳ зангори-
Япроқлар ўзингники.
Ҳар ондин ҳисоб сўрган,
Қонимдан сизиб турган,
Умримни ишққа бурган
Сўқмоқлар ўзингники.
Энди эл Мажнун атар,
Мен ишққа этдим сафар.
Ўзимдан кетсам бадар,
Ер бўлиб ётсам агар,
Жонимга Маҳшар қадар,
Сен томон бергай хабар-
Тупроқлар ўзингники.
Мен ишққа этдим сафар.
***
Туннинг сочларига оралади оқ,
Уфқда энг сўнгги юлдузлар сўнди.
Ой — терак учида хира шамчироқ,
Ариқлар лабига шабнамлар қўнди.
Ҳорғин сўриларда кетган пинакка,
Адирлар ортини туш кўрган кетмон.
Бу тун — ой, далани суғориб якка,
Саҳар елкасига бош қўйган деҳқон.
Энди ҳовлилардан ўрлайди тутун,
Кимдир ташвишларин қалар ўчоққа.
Ҳаволаниб турган райҳонлар ҳидин,
Ел кўтариб кетар қўшни чорбоққа.
Боғлар — девор оша мингашган жийда,
Йўллар япроқларга минг йиллик сирдош.
Тошлар ортидаги олтин водийда
Бокира бир тонгни йўргаклар қуёш.
Борлиққа бўй тарар нурлар оҳанги,
Ой ботган сой томон ошиқар сўқмоқ.
Хивчин саватларда осилган тонгги
Сутлар ҳовуридан оқарар қишлоқ.
***
Ойдин оқшом…
Ой нурин кўмар
Қанотига капалакларнинг.
Бўй етмаган қизлар кўз юмар,
Тушларида ҳур малакларнинг.
Мажнун — тол кокилин қирқ ўриб
Анҳорга соч ювар, эҳтимол.
Эртанинг дардини ўй суриб
Боғларга йиқилар тун — беҳол.
Юксакда — хаёлот хирмони,
Пойига энгашар ҳув осмон.
Муаттар ис чулғаб дунёни
Кўкракда ғимирлаб қолар жон.
Қулоқ ос!
Қумрилар авжига,
Жўр бўлган, мен ўша — ноламан.
Кун келар бу тунлар сеҳридан
Шоирга айланиб қоламан.
2007.
***
Мен билмаган ғам бор, бўсадек тотли,
Қайдадир Ватан бор ошиқлар учун.
Ўқ ўтмас хаёл бор, юлдуз қанотли
Сўз бор, Искандарнинг қудуғи ичим.
Ой ҳам ғариб туннинг табассумлари
Минг йилки фалакда, фонус ёққанча
Мен юриб ўтмаган йўллар бор ҳали
Мен чиқиб кўрмаган тоғлар бор қанча.
Умринг бор, бошингги эккан оқ тола,
Бўғзингда улғайиб борар ғамгин сас.
Йўргакда ётгандир бир шоир бола,
Дунёни сўз олар, ботирлар эмас.
Шу дам қай боғларда очилар балки,
Мен ҳатто номини эшитмаган гул.
Токи ишқ,
Бир Худо
Икки дунё бор,
Тириклик таваллуд топгуси буткул.
Туйғулари ғунча кулгусидек соф
Болангни бағрингга босганда юрак.
Қайдадир бахтлиман сўзин айтгали
Бахтли одамлар ҳам бўлиши керак.
Сўз бор — айтилмаган, умримдек сўлим,
Эл қишламас юртдек кўнглимдир талош.
Ҳали ҳаёт менга аталган ўлим,
Ойдин чечакларни топиб бер, Қуёш!
***
Кулча нондай,
Ҳақ йўлларда асраб юрди,
Ватан менга,
Оллоҳ тақиб қўйган тумор.
Йироқ кетсам хаёлимнинг уфқларида
Турналари “турку” айтар бир осмон бор.
Умрим менинг — елкамдаги тол бешиклар,
Умрим — юртнинг оталари тиклар минор.
Кўкда офтоб мендан аввал ўғил бўлган
Қалдирғочлар ошён қурган бир айвон бор.
Мен жим суюб,
Кечар бўлдим лаҳзаларни.
Сўзим қондир — томиримда тинмас тулпор.
Лек бу тилда айтолмадим рост гапларни,
Кўзларимдан ичкарида бир забон бор.
Биру борим — Ҳақ, Ватан, Сўз жам илкимда,
Ишққа эҳсон этар бўлсам, битта жон бор.
Асли ишқ деб яралганман шу тупроқдан,
Майли умрим сўнгги бўлсин ишқ деган дор.
Асли ишқ деб шу тупроққа қайтар баҳор.
Қизим Гулирухсорга
Энг гўзал шеърларга ўхшатдим сени,
Сенга исм қўйдим шеърий тилга мос.
Сўзга ошиқ бўлиб келган дунёга
Отангнинг қошига дунё келганмас.
Сарғайсанг, саратон соя бўлолмас,
Довуллар келганда қоя бўлолмас.
Отангнинг топгани шу лазиз туйғу,
Йигирма беш йил мен ёзолмаган шеър
Сенинг кўзларингга ўхшаб кетар у.
***
Қалбинг қалбим билан,
Гарчи фироқсан,
Ёдингдан сув ичар йилларим фасли.
Йиқилсам, бағрингни очар тупроқсан,
Сендан униб чиққан дарахтман асли.
Қара, ўрлаяпман кун сайин кўкка,
Гуллаб бораяпти бардошларим жим.
Энди айланади алвон кўприкка,
Кузги япроқларин тўккан соғинчим.
***
Ўттиз йилки —
Актёрман
Эрта-ю кеч битта саҳнада.
Ўзи истамаган ролни
Ўйнаб чарчаган.
Йўловчиман —
Ўзим билмаган йўлда
Аравакаш қўшиғини
Куйлаб чарчаган.
Мен ҳаммолман —
Замон озғин елкаларимга
Юкин ортган,
Базўр босгум оёқларимни.
Мусаввирман —
Кўзимга мил тортган кимсалар
Бармоғим-ла ўғирлаган
Бўёқларимни.
Мен шоирман —
Ҳақ деб бўзлар
Бисотида ўлмайдиган
Чин сўзи йўқ.
Мунажжимман —
Кўкни кўзлар
Осмонида сўлмайдиган
Юлдузи йўқ.
Мен ошиқман —
Йиртиқ, ямоқ жандам ичра.
Юрагимни кўрмас одамлар.
Бир бандиман —
Айро йўлга ташлаб кетилган.
Нечун ҳолим сўрмас одамлар.
Ўзимнинг ролимни ўйнайман қачон,
Қачон ўзим очган йўлдан юраман.
Елкамдан юкларинг олмасанг, замон,
Тик оёқда қандай тураман.
Қачон чин сўзимни айтаман сизга,
Қачон аҳволимни сўрар одамлар.
Айланмасдан жисмим ялпизга
Юрагимни кўрар одамлар.
Қачон…
***
Олмаларнинг юзларига югурди қон,
Июль. Туннинг елкасига чопон тушди.
Кундуз ерга қайноқ кафтин босди осмон,
Дарахтларнинг жони — сайраётган қушдир.
Томиримда дунёни ҳис этаяпман,
Таваллудим яқин энди, қутлар бари.
Тангрим! Наҳот ўлим сари кетаяпман,
Тупроқларга тушмиш умрим олмалари.
Қанотланиб тун кўксини тиғлар шамол,
Томиримда куртаклайди ўксик нидо.
Менга сўз бер, майли ёрти умримни ол,
Чиқса жоним шу сўз билан чиқсин Худо.
Менга сўз бер…
***
Соат…
Юрагимга ўхшар чиқ-чиқи,
Тўхтаса юргизиб қўйгайман уни.
Фақат юрагимга етмас бармоқлар,
Юрагимдан ўзиб кетган бир куни —
Соат.
***
Шоир…!
Шеърингизда ватан сўзи кўп,
Аммо тополмадим ватаннинг ўзин.
Ватаннинг ўзини тополмадим мен.
Наздимда ҳалқумдан тирик сўз чиқмас,
Тирик сўз қориндан тургай юқори.
Юракда айтилар ўлмайдиган сўз.
***
«Севдим» сўзин айтмай туриб севиш мумкин,
Кўз ёш тўкмай йиғлаш мумкин, кўнгил тўлса.
Сен Ватанни севаман, деб ҳайқирсанг-у,
Кўксингдаги сара гуллар сўлган бўлса.
Кулсанг, кўзда кулгуларинг рост бўлмаса,
Юрагингга гул сўзларинг кўмса забон.
Сўз деб, Ҳақнинг дорларига осилмасанг,
Аё кўнглим, яшамоғинг ёлғон…ёлғон…
Шоирлари ёлғон айтса эл тик бўлмас,
Мардлар юртнинг майдонида ор сотмайди.
Умри арзон шоирларнинг сўзи ўлмас,
Нечун Тангрим шоирларни уйғотмайди.
***
Сен мажнунтол эдинг, ариқ бўйида,
Униб чиққанингдан хокисор ўсдинг.
Ўзни ўйламадинг ўзга кўйида,
Совуқ шамолларнинг йўлларин тўсдинг.
Қуёшнинг кўзига тик қаролмадинг,
Берган саломларинг аликсиз қолди.
Ўзингнинг кунингга ҳеч яролмадинг,
Ўзганинг дардлари сени йиқолди.
Қондош томирларга айтганча видо,
Айро қирғоқларни қирғоққа қўшдинг.
Қилмишингга боқиб лол қолди дунё,
Ариқнинг устига узала тушдинг.
Сендан каслар ўтди, нокаслар ўтди,
Миқ этмай дардингни ичингга ютдинг.
Ҳақ бунча тўзимни қайдан бахш этди,
Залвор қадамларга кўксингни тутдинг.
Бир бошинг заминда.. оёғинг осмон,
Гўё яшаяпсан, қаддинг эгиб тик.
Устингдан ўтса ҳам доғули карвон,
Нега қуламайсан, омонат кўприк?
2012
***
Қандай одам бўлдинг… телба тескари,
Нур деб чиққан бўлсанг остона хатлаб.
Сени суриб қўйди уфқдан нари,
Уфқдан нарида бўй чўзган матлаб.
Сенга ўлмоқ қийин, кун кўрмоқ осон,
Асов дарёларга умринг из солган.
Асосин йўқотган йўлларда сарсон,
Отанг шотутларга суяниб қолган.
Гарчандки, ҳеч кимса қилмайди гина,
Эҳтимол, ийманар қалбин очгани.
Рўмолин остида яшар жимгина,
Онангнинг пахтадек оппоқ сочлари.
“Акам шоир” дейди, борсанг хуш кўрар,
Балки осмонларга дард айтар узоқ.
Тунлар тонг отгунча сени туш кўрар,
Синглингнинг кўксида ётган кўзмунчоқ.
Кенгликлар шунчаки кенгликмас асло,
Уларнинг пасти йўқ, йўқдир осмони.
Сендек суянчи йўқ, қўй боқар танҳо,
Бу қирлар — акангнинг очиқ айвони.
Бу қирлар отангнинг очиқ айвони,
Қанчалар ўзингдан кетмагин узоқ.
Ахтариб топганинг бутун дунёни,
Сенга қайтиб келар, сен кетган сўқмоқ.
2010
Соямга
Юриб келаяпсан пою- пиёда,
Менга ўхшаб кетар жуссангу жисминг.
Айт, ўзи бормисан, кимсан дунёда,
Йигирма беш йилки, билмадим исминг.
Йиғласам, мен билан кўзда ёш тўкдинг,
Сени дўстим дедим, сир айтдим яккаш.
Мен қўрққан кимсага қаддингни эгдинг,
Аҳдингми, ортимдан эргашиб яшаш.
Гўё парвонасан қуёшли кунлар,
Зулмат қай меҳробга эгаяпсан бош?
Билмадим, қалбингда қандай тугунлар,
Дардинг — айвонимга отилмаган тош.
Ногаҳон юксакдан йиқилса қоям,
Ҳайронман, ғурбатга чўмиласанми?
Ҳолинг нима кечар ўшанда, соям,
Мен билан тупроққа кўмиласанми?
Соям…
2010
***
Мен шабнамга бошқача қарай бошладим,
Чунки тонгимда бошқа шабнамлар бор эди.
Мен гулларга бошқача қарай бошладим,
Чунки қўлимда бошқа гул бор эди.
Мен дунёга бошқача қарай бошладим,
Чунки ёнимда ўзга дунё бор эди.
Биз умрнинг номсиз кўчаларидан
Ўтиб бораяпмиз бегоналардек.
Ёш кўнгил билан
Қариб борар вақт.
***
Отам олис жойга кетди,
Ой деб онам ойга кетди.
Менинг кўнглим найга кетди,
Осмонларга кетмадим ман.
Кўклам қариб кузга етди,
Куз ахтариб музга етди.
Шўр пешонам тузга етди,
Буюк сўзга етмадим ман.
Гард уюлиб тоғ бўлмади,
Дард гуллади. боғ бўлмади.
Бир бахтиёр чоғ бўлмади,
Шодлик майин ютмадим ман.
Ишқ куртаги япроқ бўлди,
Хазон бўлди, тупроқ бўлди.
Тупроқда ҳам гуноҳ бўлди,
Кўзларимга суртмадим ман.
Руҳим тандин кетган либос,
Бу ишқ жондин олгай қасос.
Маним умрим ишқдир холос,
Ишқ сингари кўп қадимман,
Ишқсиз куним ўтмадим ман.
Маним тангрим ишқдир холос.
2011
***
Исминг атаганда тилим гулласа,
Тўрт фаслим тўзони йилим гулласа.
Аё Ҳақ, қонимда ўлим гулласа,
Арзанда жонимни сазога берсанг.
Ўздан кечгудайин висолинг тотлиғ,
Ваҳдат садолари юлдуз қанотлиғ.
Оловдан яралган самандар отлиғ
Саргашта руҳимни қазога берсанг.
Гар ажрим қолмаса Одам Атодан,
Гумроҳ этакларни тутсам самодан.
Ўлмай, умидларим ўтса дунёдан,
Яшашдай энг улкан жазога берсанг.
2009
***
Ой ботар…
Ёноғи олмос баркашдай
Уфқдан нарида офтоб ёнбошлар.
Кўксимда чалажон руҳим саргашта,
Тонгларим байт истаб бўзара бошлар.
Сўз бўлиб тўкилар ҳар лаҳза, ҳар он,
Тун йўли айланиб борар сўқмоққа.
Йиғлаб юлдузларин кўммоқда осмон,
Онамдек хокисор қаро тупроққа.
Гул кўнглимда кузак, бошимда баҳор,
Ишқимда ҳурларнинг ҳижрони тутқун.
Телбавор умримга қисмат қурган дор —
Шеърият — буюк дард, бир қучоқ афсун.
Тонг отгач, самонинг бағрин пичоқлаб
Боғларда ногаҳон бузилар сукут.
Ҳайҳотдай дунёнинг дардин кучоқлаб,
Мен — кўкка осилиб қолган пок вужуд.
2009
Дарахт
Юз йилки, тушдайин бир ҳолат такрор,
Улкан умидлари дўнар япроққа.
Унинг кулгусида гуллайди баҳор,
Кузда орзуларин қўяр тупроққа.
Сира писанд этмас ёмғирни, қорни,
Пойида йиғлайди отилган тошлар.
Дунё деб овунар тўртта деворни,
Кўксида куй чалган етим бардошлар.
Қуёшга қўл чўзиб, югурар ҳатто-
Юксалар, наздида бор дунё карахт.
Мудроқ ёвшанларга бўй бермас асло,
Ўлса ҳам тик туриб ўлади дарахт.
2008
Samariddin Sayyidzod
SHE’RLAR
Tongga yaqin
Oy tun bo’yi may quyib tutdi,
Borliq yutdi, alvon qadahni.
Mast yel shoxin silkitib o’tdi,
Olmalarin otdi daraxtni.
Bir zum tinib qoldi so’qmoqlar,
Chigirtkalar ko’z yorar ildiz.
Iyunning oq, oydin tunida
Yoz sayr etar…
Yalangbosh…
Yengsiz…
O’z qoniga botdi bir sopol —
Oy-bo’lmadi yarqiroq toshlar.
Har zarrani uyg’otdi shamol,
Faqat tog’lar yotdi yonboshlab.
Faqat tog’lar uyg’onmay yotdi.
Rauf Parfiga
Dunyo,
Senga kelib firoqqa yetdim,
Shafaqday alvonrang yaproqqa yetdim,
To’kildim, to’lmading tuproqqa yetdim,
Bargrezon.
Yotdim, bolishlarim botdi xatoga,
Dilni xatlab berdim qodir Xudoga,
Nahot, Haqdan oldin keldim fanoga,
Sargardon.
Baxting — boshimdagi baland dormidi?
Do’sting- ayvonimga yoqqan qormidi?
Qulog’imga aytar gaping bormidi?
Odamzor.
Bo’g’zimdagi titroq, tovushsan, asli,
Bir jufti yirtilgan kovushsan, asli.
Mening quvonchimdan xomushsan, asli,
Alamzor.
***
Ayo Haq, keldim mano,
Ne ko’rsam ko’zimniki.
Atolar etding xato,
Saboqlar o’zingniki.
Qarog’san kunimdagi,
Chiroqsan tunimdagi.
Un cheksam, unimdagi
Firoqlar o’zingniki.
Begona do’stu g’anim,
Yagona topinganim —
Ishq aro dengiz tanim,
Qirg’oqlar o’zingniki.
Nur bo’lding falaklarda,
Qo’r bo’lding yuraklarda.
Men suygan malaklarda,
Qarog’lar o’zingniki.
Visoling o’limdami?!
So’ng borar yo’limdami?!
Bu dunyong qo’limdami?! —
So’roqlar o’zingniki.
Durmisan ummondagi,
To’rttala tomondagi.
Oy desam, osmondagi-
O’roqlar o’zingniki.
Men ishqqa o’xshab yurgan,
Jonimni to’shab yurgan,
Yoshimni yashab yurgan
Shu chog’lar o’zingniki.
Zikr etsam tilimdagi,
Fikr etsam dilimdagi.
Men yetgan bilimdagi
Charog’lar o’zingniki.
O’tgach umrim bahori,
Boshimda ishq g’ubori.
Goh sariq, goh zangori-
Yaproqlar o’zingniki.
Har ondin hisob so’rgan,
Qonimdan sizib turgan,
Umrimni ishqqa burgan
So’qmoqlar o’zingniki.
Endi el Majnun atar,
Men ishqqa etdim safar.
O’zimdan ketsam badar,
Yer bo’lib yotsam agar,
Jonimga Mahshar qadar,
Sen tomon bergay xabar-
Tuproqlar o’zingniki.
Men ishqqa etdim safar.
***
Tunning sochlariga oraladi oq,
Ufqda eng so’nggi yulduzlar so’ndi.
Oy — terak uchida xira shamchiroq,
Ariqlar labiga shabnamlar qo’ndi.
Horg’in so’rilarda ketgan pinakka,
Adirlar ortini tush ko’rgan ketmon.
Bu tun — oy, dalani sug’orib yakka,
Sahar yelkasiga bosh qo’ygan dehqon.
Endi hovlilardan o’rlaydi tutun,
Kimdir tashvishlarin qalar o’choqqa.
Havolanib turgan rayhonlar hidin,
Yel ko’tarib ketar qo’shni chorboqqa.
Bog’lar — devor osha mingashgan jiyda,
Yo’llar yaproqlarga ming yillik sirdosh.
Toshlar ortidagi oltin vodiyda
Bokira bir tongni yo’rgaklar quyosh.
Borliqqa bo’y tarar nurlar ohangi,
Oy botgan soy tomon oshiqar so’qmoq.
Xivchin savatlarda osilgan tonggi
Sutlar hovuridan oqarar qishloq.
***
Oydin oqshom…
Oy nurin ko’mar
Qanotiga kapalaklarning.
Bo’y yetmagan qizlar ko’z yumar,
Tushlarida hur malaklarning.
Majnun — tol kokilin qirq o’rib
Anhorga soch yuvar, ehtimol.
Ertaning dardini o’y surib
Bog’larga yiqilar tun — behol.
Yuksakda — xayolot xirmoni,
Poyiga engashar huv osmon.
Muattar is chulg’ab dunyoni
Ko’krakda g’imirlab qolar jon.
Quloq os!
Qumrilar avjiga,
Jo’r bo’lgan, men o’sha — nolaman.
Kun kelar bu tunlar sehridan
Shoirga aylanib qolaman.
2007.
***
Men bilmagan g’am bor, bo’sadek totli,
Qaydadir Vatan bor oshiqlar uchun.
O’q o’tmas xayol bor, yulduz qanotli
So’z bor, Iskandarning qudug’i ichim.
Oy ham g’arib tunning tabassumlari
Ming yilki falakda, fonus yoqqancha
Men yurib o’tmagan yo’llar bor hali
Men chiqib ko’rmagan tog’lar bor qancha.
Umring bor, boshinggi ekkan oq tola,
Bo’g’zingda ulg’ayib borar g’amgin sas.
Yo’rgakda yotgandir bir shoir bola,
Dunyoni so’z olar, botirlar emas.
Shu dam qay bog’larda ochilar balki,
Men hatto nomini eshitmagan gul.
Toki ishq,
Bir Xudo
Ikki dunyo bor,
Tiriklik tavallud topgusi butkul.
Tuyg’ulari g’uncha kulgusidek sof
Bolangni bag’ringga bosganda yurak.
Qaydadir baxtliman so’zin aytgali
Baxtli odamlar ham bo’lishi kerak.
So’z bor — aytilmagan, umrimdek so’lim,
El qishlamas yurtdek ko’nglimdir talosh.
Hali hayot menga atalgan o’lim,
Oydin chechaklarni topib ber, Quyosh!
***
Kulcha nonday,
Haq yo’llarda asrab yurdi,
Vatan menga,
Olloh taqib qo’ygan tumor.
Yiroq ketsam xayolimning ufqlarida
Turnalari “turku” aytar bir osmon bor.
Umrim mening — yelkamdagi tol beshiklar,
Umrim — yurtning otalari tiklar minor.
Ko’kda oftob mendan avval o’g’il bo’lgan
Qaldirg’ochlar oshyon qurgan bir ayvon bor.
Men jim suyub,
Kechar bo’ldim lahzalarni.
So’zim qondir — tomirimda tinmas tulpor.
Lek bu tilda aytolmadim rost gaplarni,
Ko’zlarimdan ichkarida bir zabon bor.
Biru borim — Haq, Vatan, So’z jam ilkimda,
Ishqqa ehson etar bo’lsam, bitta jon bor.
Asli ishq deb yaralganman shu tuproqdan,
Mayli umrim so’nggi bo’lsin ishq degan dor.
Asli ishq deb shu tuproqqa qaytar bahor.
Qizim Guliruxsorga
Eng go’zal she’rlarga o’xshatdim seni,
Senga ism qo’ydim she’riy tilga mos.
So’zga oshiq bo’lib kelgan dunyoga
Otangning qoshiga dunyo kelganmas.
Sarg’aysang, saraton soya bo’lolmas,
Dovullar kelganda qoya bo’lolmas.
Otangning topgani shu laziz tuyg’u,
Yigirma besh yil men yozolmagan she’r
Sening ko’zlaringga o’xshab ketar u.
***
Qalbing qalbim bilan,
Garchi firoqsan,
Yodingdan suv ichar yillarim fasli.
Yiqilsam, bag’ringni ochar tuproqsan,
Sendan unib chiqqan daraxtman asli.
Qara, o’rlayapman kun sayin ko’kka,
Gullab borayapti bardoshlarim jim.
Endi aylanadi alvon ko’prikka,
Kuzgi yaproqlarin to’kkan sog’inchim.
***
O’ttiz yilki —
Aktyorman
Erta-yu kech bitta sahnada.
O’zi istamagan rolni
O’ynab charchagan.
Yo’lovchiman —
O’zim bilmagan yo’lda
Aravakash qo’shig’ini
Kuylab charchagan.
Men hammolman —
Zamon ozg’in yelkalarimga
Yukin ortgan,
Bazo’r bosgum oyoqlarimni.
Musavvirman —
Ko’zimga mil tortgan kimsalar
Barmog’im-la o’g’irlagan
Bo’yoqlarimni.
Men shoirman —
Haq deb bo’zlar
Bisotida o’lmaydigan
Chin so’zi yo’q.
Munajjimman —
Ko’kni ko’zlar
Osmonida so’lmaydigan
Yulduzi yo’q.
Men oshiqman —
Yirtiq, yamoq jandam ichra.
Yuragimni ko’rmas odamlar.
Bir bandiman —
Ayro yo’lga tashlab ketilgan.
Nechun holim so’rmas odamlar.
O’zimning rolimni o’ynayman qachon,
Qachon o’zim ochgan yo’ldan yuraman.
Yelkamdan yuklaring olmasang, zamon,
Tik oyoqda qanday turaman.
Qachon chin so’zimni aytaman sizga,
Qachon ahvolimni so’rar odamlar.
Aylanmasdan jismim yalpizga
Yuragimni ko’rar odamlar.
Qachon…
***
Olmalarning yuzlariga yugurdi qon,
Iyul`. Tunning yelkasiga chopon tushdi.
Kunduz yerga qaynoq kaftin bosdi osmon,
Daraxtlarning joni — sayrayotgan qushdir.
Tomirimda dunyoni his etayapman,
Tavalludim yaqin endi, qutlar bari.
Tangrim! Nahot o’lim sari ketayapman,
Tuproqlarga tushmish umrim olmalari.
Qanotlanib tun ko’ksini tig’lar shamol,
Tomirimda kurtaklaydi o’ksik nido.
Menga so’z ber, mayli yorti umrimni ol,
Chiqsa jonim shu so’z bilan chiqsin Xudo.
Menga so’z ber…
***
Soat…
Yuragimga o’xshar chiq-chiqi,
To’xtasa yurgizib qo’ygayman uni.
Faqat yuragimga yetmas barmoqlar,
Yuragimdan o’zib ketgan bir kuni —
Soat.
***
Shoir…!
She’ringizda vatan so’zi ko’p,
Ammo topolmadim vatanning o’zin.
Vatanning o’zini topolmadim men.
Nazdimda halqumdan tirik so’z chiqmas,
Tirik so’z qorindan turgay yuqori.
Yurakda aytilar o’lmaydigan so’z.
***
«Sevdim» so’zin aytmay turib sevish mumkin,
Ko’z yosh to’kmay yig’lash mumkin, ko’ngil to’lsa.
Sen Vatanni sevaman, deb hayqirsang-u,
Ko’ksingdagi sara gullar so’lgan bo’lsa.
Kulsang, ko’zda kulgularing rost bo’lmasa,
Yuragingga gul so’zlaring ko’msa zabon.
So’z deb, Haqning dorlariga osilmasang,
Ayo ko’nglim, yashamog’ing yolg’on…yolg’on…
Shoirlari yolg’on aytsa el tik bo’lmas,
Mardlar yurtning maydonida or sotmaydi.
Umri arzon shoirlarning so’zi o’lmas,
Nechun Tangrim shoirlarni uyg’otmaydi.
***
Sen majnuntol eding, ariq bo’yida,
Unib chiqqaningdan xokisor o’sding.
O’zni o’ylamading o’zga ko’yida,
Sovuq shamollarning yo’llarin to’sding.
Quyoshning ko’ziga tik qarolmading,
Bergan salomlaring aliksiz qoldi.
O’zingning kuningga hech yarolmading,
O’zganing dardlari seni yiqoldi.
Qondosh tomirlarga aytgancha vido,
Ayro qirg’oqlarni qirg’oqqa qo’shding.
Qilmishingga boqib lol qoldi dunyo,
Ariqning ustiga uzala tushding.
Sendan kaslar o’tdi, nokaslar o’tdi,
Miq etmay dardingni ichingga yutding.
Haq buncha to’zimni qaydan baxsh etdi,
Zalvor qadamlarga ko’ksingni tutding.
Bir boshing zaminda.. oyog’ing osmon,
Go’yo yashayapsan, qadding egib tik.
Ustingdan o’tsa ham dog’uli karvon,
Nega qulamaysan, omonat ko’prik?
2012
***
Qanday odam bo’lding… telba teskari,
Nur deb chiqqan bo’lsang ostona xatlab.
Seni surib qo’ydi ufqdan nari,
Ufqdan narida bo’y cho’zgan matlab.
Senga o’lmoq qiyin, kun ko’rmoq oson,
Asov daryolarga umring iz solgan.
Asosin yo’qotgan yo’llarda sarson,
Otang shotutlarga suyanib qolgan.
Garchandki, hech kimsa qilmaydi gina,
Ehtimol, iymanar qalbin ochgani.
Ro’molin ostida yashar jimgina,
Onangning paxtadek oppoq sochlari.
“Akam shoir” deydi, borsang xush ko’rar,
Balki osmonlarga dard aytar uzoq.
Tunlar tong otguncha seni tush ko’rar,
Singlingning ko’ksida yotgan ko’zmunchoq.
Kengliklar shunchaki kenglikmas aslo,
Ularning pasti yo’q, yo’qdir osmoni.
Sendek suyanchi yo’q, qo’y boqar tanho,
Bu qirlar — akangning ochiq ayvoni.
Bu qirlar otangning ochiq ayvoni,
Qanchalar o’zingdan ketmagin uzoq.
Axtarib topganing butun dunyoni,
Senga qaytib kelar, sen ketgan so’qmoq.
2010
Soyamga
Yurib kelayapsan poyu- piyoda,
Menga o’xshab ketar jussangu jisming.
Ayt, o’zi bormisan, kimsan dunyoda,
Yigirma besh yilki, bilmadim isming.
Yig’lasam, men bilan ko’zda yosh to’kding,
Seni do’stim dedim, sir aytdim yakkash.
Men qo’rqqan kimsaga qaddingni egding,
Ahdingmi, ortimdan ergashib yashash.
Go’yo parvonasan quyoshli kunlar,
Zulmat qay mehrobga egayapsan bosh?
Bilmadim, qalbingda qanday tugunlar,
Darding — ayvonimga otilmagan tosh.
Nogahon yuksakdan yiqilsa qoyam,
Hayronman, g’urbatga cho’milasanmi?
Holing nima kechar o’shanda, soyam,
Men bilan tuproqqa ko’milasanmi?
Soyam…
2010
***
Men shabnamga boshqacha qaray boshladim,
Chunki tongimda boshqa shabnamlar bor edi.
Men gullarga boshqacha qaray boshladim,
Chunki qo’limda boshqa gul bor edi.
Men dunyoga boshqacha qaray boshladim,
Chunki yonimda o’zga dunyo bor edi.
Biz umrning nomsiz ko’chalaridan
O’tib borayapmiz begonalardek.
Yosh ko’ngil bilan
Qarib borar vaqt.
***
Otam olis joyga ketdi,
Oy deb onam oyga ketdi.
Mening ko’nglim nayga ketdi,
Osmonlarga ketmadim man.
Ko’klam qarib kuzga yetdi,
Kuz axtarib muzga yetdi.
Sho’r peshonam tuzga yetdi,
Buyuk so’zga yetmadim man.
Gard uyulib tog’ bo’lmadi,
Dard gulladi. bog’ bo’lmadi.
Bir baxtiyor chog’ bo’lmadi,
Shodlik mayin yutmadim man.
Ishq kurtagi yaproq bo’ldi,
Xazon bo’ldi, tuproq bo’ldi.
Tuproqda ham gunoh bo’ldi,
Ko’zlarimga surtmadim man.
Ruhim tandin ketgan libos,
Bu ishq jondin olgay qasos.
Manim umrim ishqdir xolos,
Ishq singari ko’p qadimman,
Ishqsiz kunim o’tmadim man.
Manim tangrim ishqdir xolos.
2011
***
Isming ataganda tilim gullasa,
To’rt faslim to’zoni yilim gullasa.
Ayo Haq, qonimda o’lim gullasa,
Arzanda jonimni sazoga bersang.
O’zdan kechgudayin visoling totlig’,
Vahdat sadolari yulduz qanotlig’.
Olovdan yaralgan samandar otlig’
Sargashta ruhimni qazoga bersang.
Gar ajrim qolmasa Odam Atodan,
Gumroh etaklarni tutsam samodan.
O’lmay, umidlarim o’tsa dunyodan,
Yashashday eng ulkan jazoga bersang.
2009
***
Oy botar…
Yonog’i olmos barkashday
Ufqdan narida oftob yonboshlar.
Ko’ksimda chalajon ruhim sargashta,
Tonglarim bayt istab bo’zara boshlar.
So’z bo’lib to’kilar har lahza, har on,
Tun yo’li aylanib borar so’qmoqqa.
Yig’lab yulduzlarin ko’mmoqda osmon,
Onamdek xokisor qaro tuproqqa.
Gul ko’nglimda kuzak, boshimda bahor,
Ishqimda hurlarning hijroni tutqun.
Telbavor umrimga qismat qurgan dor —
She’riyat — buyuk dard, bir quchoq afsun.
Tong otgach, samoning bag’rin pichoqlab
Bog’larda nogahon buzilar sukut.
Hayhotday dunyoning dardin kuchoqlab,
Men — ko’kka osilib qolgan pok vujud.
2009
Daraxt
Yuz yilki, tushdayin bir holat takror,
Ulkan umidlari do’nar yaproqqa.
Uning kulgusida gullaydi bahor,
Kuzda orzularin qo’yar tuproqqa.
Sira pisand etmas yomg’irni, qorni,
Poyida yig’laydi otilgan toshlar.
Dunyo deb ovunar to’rtta devorni,
Ko’ksida kuy chalgan yetim bardoshlar.
Quyoshga qo’l cho’zib, yugurar hatto-
Yuksalar, nazdida bor dunyo karaxt.
Mudroq yovshanlarga bo’y bermas aslo,
O’lsa ham tik turib o’ladi daraxt.
2008
Самариддиннинг шеърларида гоҳ тонгги япроқлардаги шудринг каби инжа туйғулар талқинига, гоҳ дарвишлар қўшиғига монанд жазбадан туғилган мисраларга дуч келар экансиз. Ташбиҳлари ўзига хос, битта шаклга боғланиб қолмаган, ёзганлари рост. Қолаверса, Назар Шукурдек истеъдодлар сув ичган чашмалардан баҳра топиб улғайган бўлса, зўр шоир бўлиши аниқ.(Гулноз)
Yosh shoir she`rlarida deklarativlik, dabdaba, soxtalik yo`q. Umri uzoq bo`lsin,avvalo.Rassomga ilhom berib rasm chizdiradigan, odamni o`rnidan turishga majbur qiladigan she`rlar.Menga juda yoqadi, rahmat.