Xurshid Davron. Sohibqiron nabirasi yoki Mitti yulduz qissasi (2).

09Улуғ аждодларимиз Амир Темур таваллудининг 680 ва Мирзо Улуғбек таваллудининг 622 йиллиги олдидан

     Тасодифми ёки маросим шарофатими, худди ўша куни Амир Темур ҳузуридан ёш меҳмонга, Гавҳаршодбегимга ва уғруқдаги маликаларга тенги йўқ тортиқлар билан чақалоқнинг тоғаси – эндигина мўйлаби сабза ура бошлаган Муҳаммад Сўфи тархон етиб келди. У совғалар билан баробар Амир Темур мактубини Сароймулкхонимга топширди. Соҳибқирон ўз мактубида туғилган набирасига Муҳаммад Тарағай деб ном қўйганини, Аллоҳдан куну  тун унга омонлик тилаётганини маълум қилган эди.

 

Хуршид Даврон
«СОҲИБҚИРОН НАБИРАСИ
ЁКИ МИТТИ ЮЛДУЗ ҚИССАСИ (2)

07

1394 – 1395 ЙИЛЛАР, УҒРУҚ.
САМАРҚАНДГА ҚАЙТИШ

Султония. Боғи Чинорон. Ражаб ойининг биринчи куни Гавҳаршодбегим фарзандининг чилласи чиқди. Шу муносабат билан уғруқ аҳли тўю-томошага ҳозирлик бошлади. Чилла тугаши садақасига Сароймулкхоним мушкулкушод ўқиттирди. Ўша куни қирқ кулча ёпиб, авлиёлару муқаддас мозорларга тарқатдилар.

Сароймулкхоним қайчи билан чақалоқнинг қўли билан оёғига киндиги тушган куни боғланган ипларни кеса туриб:

— Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм!
Умринг узун бўлсун,
Рисқинг фузун бўлсун,
Қадаминг қутлуғ бўлсун,
Мартабанг улуғ бўлсун!..

– деб яхши ниятлар қилди. Мулозималарнинг бири исириқ тутаттириб, давра қуриб ўтирган маликалар, бегимлару  хонимлар, уларнинг биқинларига тиқилиб, мунчоқ кўзларини жовдиратиб ўтирган болалар бошлари узра айлантириб чиқди. Кейин янги меҳмон билан Гавҳаршодбегим атрофини бир неча дафъа айланди. Ғир-ғир эсиб турган шамол исириқ исини айвондан бутун боғга тарқатди.

Уғруқ онабошиси Сароймулкхоним раҳбарлигида чақалоққа янги либос кийгизилди. Либослар кийдириларкан, малика яна айтим айтди:

— Кийим тўзсун,
Болам ўссун,
Ёқаси хатли бўлсун,
Этаги қутлу бўлсун!..

Кийим кийдирилгач, қўғирчоқдек ясанган чақалоқни даврадаги энг ёши улуғ аёл – Амир Темурнинг эшик оғасининг хотини олдига олиб бордилар. Барлос кампир номи билан машҳур етмишдан ўтиб, саксонни қоралаган кампир кўрманага олиб келган сарупони гўдак устига оҳиста қўяркан, яккам-дуккам тиши қолган оғзини очиб, дуо айтди:

— Сан қирқ кунлик,
Ман минг йиллик,
Бу эскириб оқ бўлсун,
Балолар йироқ бўлсун!..

Маликалар Туман оғо, Чўлпонмулк оғо ҳам янги меҳмонга қимматбаҳо матолардан тикилган сарупо тортиқ қилдилар. Уғруқдаги аёл зоти борки, ҳаммаси ўзига яраша кўрмана билан келган эди. Гавҳаршодбегим эрталабдан пешингача совғаларни қабул қилиш билан банд бўлди.

Пешин намозидан сўнг Сароймулкхоним чақалоқни кўтариб, боғнинг мағриб томонидаги эски девор томон юрди. Чақалоқнинг заифроқ туғилганидан ташвишланган малика Боғи Чинороннинг қирқ йиллик деворида бир туйнук очтириб, болани ундан ўтказиб олишни ният қилган, бугун шу ниятини амалга оширмоқчи эди. Болани туйнукдан ўтказиб бўлгач, бир қўли билан чақалоқни бағрига босиб, иккинчи қўли билан мулозима кўтариб турган лаълидан бир ҳовуч буғдойни олиб:

— Қушлар есин донини,
Дуо қилсин жонини!..

– деб сочиб юборди. Сокин боғни маскан этган қушлар “гурр” этиб ерга қўндилар.

Тасодифми ёки маросим шарофатими, худди ўша куни Амир Темур ҳузуридан ёш меҳмонга, Гавҳаршодбегимга ва уғруқдаги маликаларга тенги йўқ тортиқлар билан чақалоқнинг тоғаси – эндигина мўйлаби сабза ура бошлаган Муҳаммад Сўфи тархон етиб келди. У совғалар билан баробар Амир Темур мактубини Сароймулкхонимга топширди. Соҳибқирон ўз мактубида туғилган набирасига Муҳаммад Тарағай деб ном қўйганини, Аллоҳдан куну  тун унга омонлик тилаётганини маълум қилган эди.

Муҳаммад Сўфи тархон Муҳаммад Тарағай шарафига амир Соҳибқирон берган тўю-томоша ҳақида гапириб бераркан, жаҳонгир бобо тилидан учган ният туфайли бутун қўшин, омон қолган Мордин аҳолисининг етти ёшаридан етмиш ёшаригача янги меҳмонни шарафлаб, “Улуғбек” деб мадҳ этаётганини қайта-қайта таъкидлади.

— Аҳли қўшин Амир Соҳибқирон ҳазратлари ниятлари туфайли Муҳаммад Тарағайга “Улуғбек” деб лақаб қўймишлар, — деб ҳикоясини якунлади кўзлари гул-гул яшнаган Муҳаммад Сўфи тархон.

Соҳибқирон эрининг нияти, Муҳаммад Сўфининг завқли ҳикояси сабаб бўлдими, ўша кундан бошлаб Сароймулкхоним ёш меҳмонни “Улуғбек” деб эркалай бошлади. Бора-бора, чақалоқ ўсгани сайин, деярли ҳамма гўдакни Улуғбек деб аташга кўникиб қолди. Онаси Гавҳаршодбегим ҳам оналик меҳрини қўзғаганда, ўғлининг кулимсираб турган юзига қараб: “Улуғбегим, қадами қутлуғ бегим!” – деб суйинарди.

Мордин аҳолисига омонлик берган Амир Темур шаҳарнинг собиқ ҳокими Мажидиддин Исони Султонияга тутқун этиб юборгач, юришни давом эттириб, Диёрбакирга бостириб борди. Сўнг Ван кўлининг жанубидаги Олабоғда қўним топди. Шу ердан Шарқий Онадўлининг турли шаҳарларини фатҳ этмоқ учун аскар жўнатиб, ўзи Ушкилисага келди. Бу манзилда Арзинжон мулкининг амири Мутаххартин Амир Темур ҳузурига келиб итоат билдирди.

Худди ўша кунлари Соҳибқирон Мисрдан даҳшатли хабар олди: мамлуклар султони Барқуқ у юборган элчиларни қатл этибди. Элчини ўлдириш номардлик ва қўрқувдан нишона эди. Бу машъум воқеадан огоҳ бўлган Амир Темур Миср мамлуклари тасарруфидаги Бағдод устига қўшин тортишга қарор қилди. Бу урушга ҳозирлик пайтида Сивас-Қайсария ҳукмдори Қози Бурҳониддин ташаббуси билан султон Барқуқ, усмонлилар ҳукмдори Боязит Йилдирим унга қарши иттифоқ тузганларини билди. У иттифоқчилар бирлашиб ҳаракат қилишларининг олдини олиш мақсадида Арзирумга бостириб борди. Аммо бу ерда яна бир совуқ гапни етказдилар: мағрибдаги уч иттифоқчи Олтин Ўрда хони Тўхтамиш билан алоқа ўрнатиб, ҳамкорлик қилишга хоннинг розилигини олган эмишлар. Бир пайтлар Амир Темур кўмагида тахтни қўлга киритган кўрнамак Тўхтамиш орқадан зарба бериш тараддудида эмиш.

Бу нохуш хабарни эшитган Амир Темур икки ўт орасида қолиши мумкинлигини англаб, юришни тўхтатди. Кетма-кет Тўхтамиш Гуржистон орқали ҳужум қилармиш, деган маълумот етди-ю, Соҳибқирон шошиғич Гуржистону  Арманистон устига юрди. Жуда қисқа вақт ичида ҳар икки ўлкани забт этди. Аммо олган маълумоти ёлғон чиқди: Тўхтамиш ҳамон Олтин Ўрда ҳудудида турарди. Хавф йўқлигини билганидан сўнг, Амир Темур қишлоқ учун Кура дарёсининг икки ўзани оралиғида жойлашган Маҳмудободга йўл олди. Бу шаҳарни элхонийлардан бўлмиш Маҳмуд Ғозонхон асос солган эди. Маҳмудободда тўхтаган Амир Темур Султониядаги уғруқни ҳузурига чорлади.

Ҳаракатга келган уғруқ Ардабил ва Ганжа шаҳарлари орқали ўтиб, куз бошларида манзилга етди. Йўлда Шоҳруҳ мирзонинг бошқа хотинидан ҳам ўғил туғилди. Бу қувончли хабар ва уғруқнинг яқинлашиб қолганидан огоҳ Амир Темур улкан тўй беришга ҳозирлик кўришни буюрди. Қўшнабира шарафига бериладиган тўй хабари чор-атрофга тарқалди. Соҳибқирон итоатидаги мулк ҳукмдорлари тўйга яраша совға-салом ҳозирлашга киришдилар, унинг душманлари эса ҳужумни кутавериб, ваҳимадан толиққан юракларига ҳордиқ беришни ўйладилар. Ёлғиз Тўхтамишгина қулай фурсат етганини англади.

Ниҳоят уғруқ манзилга етиб келди. Сароймулкхоним бошлиқ маликалар Улуғбек билан Шоҳруҳ мирзонинг ҳали исм қўйилмаган иккинчи ўғлини кўтариб кирганларида Амир Темурнинг толиққан чеҳраси ёришиб кетди. Сароймулкхоним эрининг оқариб кетган сочларини кўриб, юраги “жиз” этиб куйганини сезди. Сўнг ўзига пешвоз юриб келаётган Соҳибқирон кўзидаги шодликни илғаб, юзига беқиёс табассум ёйилди.
— Қайси бирлари Муҳаммад Тарағайдур? – деди Амир Темур, сўнг соғ қўли билан “Тўхтанг, ўзим топай!” дегандек ишора қилди-ю, бу орада ҳар икки набирани икки қўлтиғидан кўтариб олишга улгурган Сароймулкхоним қўлидаги гўдаклар юзига тикилди. Ниҳоят Маликанинг ўнг қўлтиғидаги болани қўлига оларкан:
— Мана бизнинг азиз фарзандимиз Муҳаммад Тарағай! – деди.

Малика эрига қараб, “Топдингиз!” дегандек жилмайиб турарди. Соҳибқирон қўлидаги гўдакка тикиларкан, унинг чеҳрасида ўзининг таниш аломатларини кўриб ҳайратланарди. Боланинг қош-кўзи отасига, лаблари онасига, юзининг чўзинчоқлиги эса бобокалони Муҳаммад Тарағайга менгзарди. “Билиб ном қўйган эканман!” – деб фахрланди ичида Соҳибқирон. Аммо гўдак кўзларидаги жилваланиб турган ўт набирасига ўзидан ўтганини у билмас эди. Кўздаги ўт юракдаги нурнинг жилваланишидан нишона.

— Аржуманд фарзандингизни улуғлаб ният қилғанингиздан мутаасир бўлдук, ани ниятингиз шарафиға Улуғбек деб чақиришга кўникдик, — деди Сароймулкхоним.
— Яхши ният – ярим давлат! – деди Амир Темур жиддий. – Қолғон ярим давлатни анга ўзинғиз берурсиз, токим биз кексайғонда суянчиғимиз бўлсун!

Эрининг сўзларини эшитиб, Улуғбек мирзо тарбияси ўзига топширилганини фаҳмлаган Сароймулкхоним таъзим қиларкан:
— Бош устиға, султоним! – деди.
Қайнотасининг сўзларини эшитган Гавҳаршодбегим бир дақиқа ваҳима ичида қолди. Аммо чурқ этиб бир нарса айтишга ихтиёрсиз эди.

Амир Темур қаерга юруш қилмасин, хотинлари-ю набираларини бирга олиб кетарди. Бундан кўзлаган биринчи муроди набиралари суягини жангу  жадаллар, узоқ ва машаққатли йўлларда чиниқтириш бўлса, иккинчи мақсади набиралар ўз волидалари қўл остида тарбиялансалар, эрка ва тантиқ бўлиб улғаядилар, деган фикрдан келиб чиқиб, уларни оналарнинг ортиқча меҳру-муҳаббатларидан асраш эди. Илло, асалнинг кўпи зарар, меъёрда бўлса фойдали бўлишини мозий билимдонлари кўп нақл этганлар.

— Менинг фарзандларим эрка бўлмаслиғи керак! – дерди Амир Темур. – Аларни эркалайдиган ер жанггоҳу  майдон бўлсун. Арғумоқ ила қилич аларнинг жонажон дўсти, жанг-жадал, юриш аларнинг устозидур!

Мана шу ниятда жаҳонгир набиралар тарбиясини оқила Малика зиммасига юклаган эди. Сароймулкхоним хон қизи эмасми, мурғакликдан ҳукмфармолик ва баҳодирликдан сабоқ олган. Қолаверса, бу хотини мудом Соҳибқироннинг ёнида ҳамроҳ. Хуллас, кўзланган икки мақсад бир-бири билан бевосита боғлиқ бўлганидан маликалари набиралар ўрнашган уғруқ қўшин ортидан узилмай йўл босди.

Соҳибқирон иккинчи набирасига Иброҳим Султон деб ном берди. Сўнг маликалар ва келинлари, набира-ю-чеваралари билан кўришиб, бир бошдан ҳар бирининг ҳол-аҳволини суриштирди. Шоҳруҳ мирзонинг фарзанд кўрган хотинларини муборакбод этаркан, ҳар бирига кабутар тухумидек келадиган марварид тортиқ қилди. Ниҳоят Сароймулкхонимдан бошқа ҳаммага жавоб берилди.

Амир Темур анча вақтгача Султонияда ва йўл давомида рўй берган воқеаларни, набиралари, келинлари соғлиғини суриштирди. Улуғбекнинг заифроқлигини пайқаганини ҳам айтишни унутмади.
— Тўй-томошадан сўнг Қорабоққа кўчурмиз. Иншооллоҳ, у ернинг обу-ҳавоси анға шифо бўлғай.

Жаҳонгир об-ҳавони ўзгартириш инсон вужудига, айниқса, ўсаётган бола ривожига таъсир қилишини яхши биларди. Қачонлардир бир санада туғилган ўғиллари Муҳаммад Жаҳонгир мирзо билан Умаршайх мирзо табиатида бу таъсирни ўзи кўрган. Ўшанда у Ҳисор томонга юриш қилган ва ўзи билан бирга Умаршайх мирзони олиб кетган эди. Кўҳсор ҳавоси ёқдими, бир ой ичида Умаршайхнинг бўйи ўшанда роппа-роса бир қаричга ўсган, Шаҳрисабзда қолган Жаҳонгир мирзода эса ўзгариш йўқ эди.

Кейин Соҳибқирон Сароймулкхонимга Мордин, Диёрбакир, Гуржистону-Арманистон жанглари ҳақида ҳикоя қиларкан, кўнглини безовта қилаётган нарсаларни ҳам Маликадан яширмади. Анча вақт раҳматли Умаршайхни эсга олиб, маҳзунлик қилди. Суҳбат охири яна набиралар устига кўчди:

— Гавҳаршодбегим инжиқ хотун, — деди Соҳибқирон, — шул сабабдин Улуғбек мирзо тарбиясини сизға инондик. Аммо, Иброҳим Султонни ҳам ўз паноҳингизга олсангиз, янада аъло иш бўлур эрди. Илло, алар болаликдан биродарликларини билиб улғайсунлар, бир-бирларига ёт бўлмасунлар. Ҳар иккисини тенг кўрунг, бириға ортиқча айтғон бир сўзунғиз эртага ораларига жар солмасун. Шундоқ тарбия берингким, алар сўзунгизни қулоқлари ила эмас, юраклари ила фаҳмласунлар.

Улар ярим тунгача суҳбатлашдилар. Ниҳоят, Амир Темур маликани кузатиб ташқарига чиқди. Хотини билан хайрлашиб, орқага қайтаркан, кўзи кўкда ғужғон ўйнаган юлдузларга тушди-ю, тўхтади қолди. Соҳибқироннинг энг яхши кўрган машғулоти шатранжу илми нужум – юлдузлар илми эди. Ахир, у чексиз саҳролар қўйнида хору-зор адашиб юрган пайтларида йўл топиб берган, бегона юртларда жангу-жадал қилганида манзилу-вақтни айтиб берадиган шу юлдузлар эмасми?!

Унинг юлдуз илмига бўлган ҳаваси волидаси Такина Хотун болалигида совға қилган китоб билан боғлиқ. Волидаси бухоролик машҳур фиқхшунослар хонадонидан бўлиб, унинг катта бобоси, бобоси ва ота ўз замонасининг оқил ва олим кишилари эдилар. Узоқ изланишлардан сўнг тарих битикларидан бу хонадоннинг уч вакили ҳақида қуйидагиларни аниқладик:

1. Шамсиддин Аҳмад ибн Убайдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Аҳмад ал-Маҳбубий ал-Бухорий. Буюк фиқҳ олими бўлган бу зот замондошлари томонидан “Садр уш-Шариъа ал-Аввал”, “Садр ус-Шариъа ал-Акбар” каби фахрли куняларга лойиқ топилган. Ҳаёти ҳақида батафсил маълумот йўқ. Маълумки, у “Талҳиҳул укул фи фурукаин нукул вал усул” номли асар ёзган. Муаррихлар уни XIII асрда яшаган деб кўрсатадилар.

2. Маҳмуд ибн Аҳмад Убайдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Аҳмад ал-Маҳбубий ал-Бухорий. “Тож уш-Шариъа” деб ном олган бу зот ҳам отаси каби фикҳшунос эди. Ҳаёти ҳақида тўла маълумот йўқ. Вафот қилган деб турли йилларни кўрсатадилар. Кўпчилик муаррихлар XIV асрнинг 30-40 йилларида деб ҳисоблайдилар. “Ал-Виқоятир ривоят фи масаилул-Ҳидоя” ёки қисқача “ал-Виқоя”, “ал-Мухтор”, “Канз уд дақоиқ”, “Мажмаул-Баҳрайн” каби асарларнинг муаллифи саналади. “ал-Виқоя” Ханафия мазҳабида “Мутуни арбаъ” деб айтилган тўрт мўътабар китобнинг бири ҳисобланган.

3. Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Аҳмад ибн Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий ал-Бухорий. Отаси ва бобоси каби ўз даврининг машҳур фикҳшунос олими бўлган бу зотни замондошлари “Садр уш-Шариъа ас-Соний”, “Садр ус-Шариъа ал-Асғар” деб улуғлаганлар. Бобоси ва отасидан сабоқ олган Убайдуллоҳнинг ақли ва нақли фикҳ илми ва усулида уламо назарида мақбулу машҳур бўлган. Ҳижрий 747 (1345 – 1346) йилда вафот қилган.

Садр уш-Шариъа ас-Соний “ат-Танкиҳ ва шарҳи ат-Тавдиҳ фи ҳолли гавамид ут-Танкиҳ”, Шарҳи ул-Виқоя”, “ан-Никоя” асарларининг муаллифи эди. Сўнгги асар отасининг “ал-Виқоя” китобининг мухтасар баёни эди. Садр уш-Шариъа ас-Соний – Такина Хотуннинг отаси эди. Волидаси берган китоб ҳам мана шу зотнинг фалакшуносликка оид “Таъадил ал-ҳайъат ал-афлок” номли китоби бўлиб, она уни ўғлига бобосидан ёдгорлик сифатида тақдим этган эди. Ўшанда Темур ўн олти-ўн етти яшар эди. Китоб осмон ёритқичлари ҳолати акс эттирилган чизгилар билан безатилган бўлиб, у икки-уч ўқигани билан ҳеч нимани англамади. Фақат бир неча йилдан кейин, унгача бошқа китобларни ўқигани учун, бобоси ёзган китобни ўқиб, мағзини чақди. Ўша китоб ҳозирга қадар унинг ёнида юради. У бирдан “Улуғбек улғайса унга, албатта, бу китобни совға қиламан” деб ўйлади-ю, шу китоб ҳаққи, бобосини эслаб, дуога оғиз очди.

Тунги осмонга ўйчан тикилиб турган Соҳибқирон йиллар ўтиб китобни набирасига совға қилишини билса-да, Улуғбек улғайиб, фалаку-юлдуз илмига ҳавас қўйиши, Самарқандда етти иқлимда тенги йўқ расад қошида кутубхона барпо этиб, у ерда бобосининг бобоси ёзган китобни машҳур ҳаттот Ибодуллоҳ Боязид ибн Ҳасан ан-Нисавий томонидан кўчиритириб, умрининг охиригача эҳтиром билан асрашидан бехабар эди.

Соҳибқирон юлдузли осмонга тикилар экан, яна набираларини эсга олди. Кўнгли юмшади, аммо ўша заҳоти “Қаридим, шекилли!” – деган ўй кўнглидан ўтди. Бу икки набираси қай юлдуз остида туғилган экан? Келажакда уларнинг қисматида нелар ёзуқлик экан? Боболари тузган салтанат шон-шавкатини оламга ёйишга ярармикинлар, ёки Умаршайху-Жаҳонгир мирзо каби эрта хазон бўладиларми? Буларни ёлғиз Тангри билади, одамлар қисмати ҳақида сўйлагувчи юлдузларни ҳам шу Парвардигор яратган. Шундай экан, инсоннинг саодати ҳам, бахтсизлиги ҳам юлдузлар ҳолати, уларнинг вазияти, бир-бирига муносабатига эмас, балки инсонни ва юлдузни яратган Аллоҳ таоло измига боғлиқдур.

Уғруқ манзилга етганида Шоҳруҳ мирзо сафарда эди. У отасининг амри билан Қорабоққа – қишлов учун жой ҳозирлаётган навкарлар ишини назорат қилишга юборилган эди. Уғруқнинг манзилга етгани ҳақида эшитиб, Маҳмудободга қайтган Шоҳруҳ мирзо Соҳибқирон ҳузурига киргач, шоша-пиша тайёргарлик қандай бораётгани ҳақида ахборот берган бўлди. Жаҳонгир узоқ йўл босиб келган фарзанди юзига тикиларкан, ўғлининг ҳаёли бошқа ерда эканлигини англади. Бироз ранжиса ҳам индамади. Зеро, Умаршайх мирзо ўлимидан сўнг унинг бор умиди шу кенжа ўғлига боғланиб қолган. Бундан бир ярим-икки йилча бурун шу ўғли уни муқаррар ўлимдан сақлаб қолгани ҳам ёдида.

Ўшанда Потил деган жойда Форс ҳукмдори Шоҳ Мансур билан бағоят қаттиқ жанг бўлган эди. Бутун молу-мулки, орзую-умидларидан айрилаётганини сезган Шоҳ Мансур учун бу ҳаёт-мамот жанги бўлди. Жанг энг авжига чиққан паллада Форс ҳукмдори ўз суворийлари билан Туркистон қўшини сафларини иккига бўлиб ташлади. Туронликлар томонидан отилган қалин ўқ галалари форс суворийларини тўхтатишга ожиз қолди. Ёғийлар қилич ўйнатиб, ўқ узиб, найза санчиб, устма-уст ҳамлалар билан уларнинг йўлини тўсишга бўлган ҳар бир уринишни боса-боса, олға силжиб келардилар. Амир Темур атрофини қуршаб олган баҳодирлар гоҳ қилич, гоҳ найза ишлатиб, душманга қаттиқ қаршилик кўрсатишларига қарамай, бир тўда форс отлиқлари яқинлашиб қолган эдилар. Боз устига Соҳибқирон турган дўнгликнинг бир тарафи тўсатдан очиқ қолди. Бу ҳолни сезган Шоҳ Мансур арслонкор шиддат билан дуч келган одамни икки томонга ирғитиб, соҳибқирон ёнига етиб борди. Турон султони бор-йўғи тўрт-беш навкар билан бирга қолган эди.

Одамлар жасадлари билан тўла майдонда эгасиз отлар, эгарлари қийшайган, жиловлари оёқларига ўралган ҳолда, кўзларини даҳшатдан чақчайтириб, пароканда кезардилар. Бундан олдин узоқ вақт хасталанган Амир Темур ҳали яккама-якка жанг қилгудек ҳолатда эмас эди. Аммо у душманига орқа ўгирмади – қиличини яланғочлаб, Шоҳ Мансур томонга отилди. Форс суворийлари Соҳибқиронни энди ўртага оламиз, деб турганларида ўн олти яшар Шоҳруҳ мирзо отасига кўмакка келди. У рақиб зарбасидан эс-ҳушини йўқотиб, қочмоқ пайида бўлган навкарларни қайириб, ёғий суворийлари йўлини тўсди. Ёш мирзонинг шиддати олдида ожиз қолган форсийлар орқага чекиндилар. Шоҳруҳ саросимада қолган Шоҳ Мансур билан бетма-бет қилич чопқиллашаркан, пайт пойлаб рақибининг биқинига қиличини санчди. Шоҳ Мансурнинг оғзидан қони келиб, отдан ағдарилиб тушди. Ўша лаҳза амирзода ёнида турган навкарлар сапчиб тушиб, жон бераётган форс амирининг бошини танасидан жуда қилди. Шоҳруҳ мирзо кесилган бошни отаси оёғи остига ирғитаркан, кўзлари чақнаб: “Ҳамма душманларингизнинг бошлари отингизнинг туёқлари остига мана шундай тушсин!” – дея ҳайқирган эди…

Ҳозир кенжа ўғлининг Қорабоғдаги аҳвол ҳақида берган ахборотини тинглар экан, узоқ суриштириб, тўнғич фарзандларини кўришга ошиқиб турган Шоҳруҳ мирзони қийнашни истамади. Қисқа савол-жавобдан кейин жавоб берди. Ёлғиз қолгач, хаёлга ботди. Форс юриши пайтида рўй берган Шайх Ҳофизиддин Шерозий исмли муғомбир шоир билан бўлган учрашувни эслади.

Ўшанда Шерозни қўлга киритган Амир Темур ер тагидан бўлса ҳам Ҳофизни топиб, ҳузурига олиб келишни буюрди. Соҳибқирон назарида иззат-ҳурмат топган Сайид Зайнулобиддин Гунободий шоирни топиб келишни ўз зиммасига олди. Илло, у шайхнинг муриди эди.

Кўп вақт ўтмай сайид ўз муршидини Амир Темурга рўпара қилди. Турон султони қаримсиқ, фақирона кийинган шоирга узоқ қараб турди. Бечора шоир ранг-рўйи оқариб, қисматига нималар битилганини билмоқчидек, бесаранжом аҳволда бош эгиб турарди. Ниҳоят, Амир Темур бир пайтлар ғазабига сабаб бўлган сатрларни, уларнинг муаллифини ҳам ҳайратга солганча, гўзал қироат билан ўқиди:

Агар он турки шерози ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро…

Орада сукунат чўкди. Тинчликни яна Соҳибқирон бузди:
— Эй, Ҳофиз, менинг кимлигимни биласанму?

Шоир таъзим билан жавоб қилди:
— Сизким, Туронзамин султони, Соҳибқирон Амир Темурсиз!

Амир Темур юз-қиёфасини ўзгартирмай айтди:
— Нафақат Турон, Эрон ҳам бизга тобедур!

Бу сўзларни тинглаб, Ҳофиз бир неча кун аввал одамлардан эшитган гапни эслади. Эмишким, Тус олинган куни Амир Темур Эрону Турон жангларига бағишланган “Шоҳнома”ни ёзган Фирдавсийнинг мозори устига бориб шундай деган эмиш: “Қалқ, эй Фирдавсий! Қалқ-да, мағлуб Турон шавкатини энди кўр!”

Ҳофиз хавотир билан гапнинг давомини кутди. Амир Темур кўп куттирмади:
— Мен Самарқанду Бухорони маъмур этаман, рўйизаминнинг бемонанд шаҳарларига айлантираман деб етти иқлимни зир титратсаму, сен аларни бир қора холга бахшида қиласанму?

Ҳофизнинг зеҳни тез, фикри чаққон эди. У ўша заҳоти уст-бошини кўрсатиб, жавоб қилди:
— Султони олам, мана шу ўйламай-нетмай бахшида қилаверганимдан шундай аҳволга тушдим-да!

Амир Темур бу сўзларни эшитиб, кулиб юборишдан ўзини зўрға тийди. Ичида шоирнинг топқирлигига таҳсин ўқиди. Сўнг қаршисида ўз жавобига бериладиган муносиб баҳони кутиб, бош эгиб турган Ҳофиздан кўз узиб, Сайид Гунободийга қаради. У Соҳибқироннинг амрини пойлаб таъзимда эгилди.
— Шоирга лойиқ вазифа топингиз, мундай фақирликда қолмасун! – деди Амир Темур.

Ҳозир бу воқеани эслаган Соҳибқирон юзида мамнунлик зоҳир эди. Гарчи Амир Темур умрида фақат бир марта, амир Ҳусайнга мактуб ёзаётганда, тўсатдан, ўз-ўзидан қуюлиб келган байтни битган бўлса-да, назмни нозик англар, шеър ўқиганда бу санъатнинг усталари ҳам ҳайрат бармоғини тишлар эдилар. Жаҳонгир қалам аҳлини мудом қўллаб-қувватлар, улар яратган китоблар келажак наслларга салтанатининг қудрати ва шавкатидан хабар етказишларини фаҳмларди. Мана шу фикрга кўра, у жаҳонгирлик фақат жангу жадал ё бузғунчилик эмас, билъакс нотинч ўлкаларни бирлаштириб обод этиш, эл-улус манфаати учун зарур хайрли бинолар тиклаш, донишманду шоирларга кўмак бериш, илму-фанни ривожлантириш деб англарди. У кўзлаган мақсад молу мулк тўплаш эмас, балки уларни юрт ва улус равнақи учун сарфлаш эди. Илло, шоир Гургоний айтганидек:

Умр бўйи Сосоний, Сомонийлар тўплаган
Шунча мулку неъматдан нима қолди бу замон?!
Ва лекин Рўдакийнинг қасида-ю, мадҳлари,
Ҳамда Борбад қўшиғи яшаб келмоқда ҳамон!

Шу сабабдан ҳам у забт этган мулкларни обод қилиш билан машғул бўлар, умрибоқий иморатлар тиклар, ижод аҳлига саховат кўрсатарди…

Шоҳруҳ мирзо ўзига тегишли ўтовга отилиб кираркан, янги меҳмон исини – сут исини сезди. Оппоқ мато устида ётган ўғли ёнида, эрининг келганидан аллақачонлар хабар топган ёш она – ўн олти яшар Гавҳаршодбегим ўтирарди. У қувонч ва хижолатдан қип-қизариб эрига пешвоз турган эди, қўлидаги билакузуклар жаранглаб кетди.

— Қийналмай етиб келдингизму, Гавҳар? – деди Шоҳруҳ мирзо суюкли хотинига меҳр билан тикилиб. Сўнг жавоб кутмай, ўғлини қўлига олди. Гўдакнинг қўлтиғидан кўтариб, оёқларидан ўпиб, тўйиб-тўйиб искади.

Шоҳруҳ мирзонинг кела солиб болага ёпишганини кўриб, Гавҳаршодбегимнинг инжиқлиги тутди.
— Бизни унутдингизму, амирим, — деди у ўпкаланган оҳангда. – Ҳол сўрайсизу, тингламайсиз. Кўзум ёригунча озмунча азоб кўрдумму, ахир!

Тўнғич ўғлини бағрига босган Шоҳруҳ мирзо хотинига қаради. Шу пайтда ўзига фарзанд инъом этган Гавҳаршодбегимнинг инжиқлиги ҳам унга ёқарди. У хотинига жилмаяркан:
— Кўрган азобларингиз эвазиға, бизға ўғил инъом қилғанинғиз эвазиға кўнглинғиз тилаганини айтинг, берай! Аммо нима тиламанг, нима бермайин, барчаси фарзандимиз олдида арзимас бўлишин ҳам билурмен! – деди.

Кўп ўтмай Амир Темур набиралари таваллуди ва зафарли юришлар шарафига тўю-томоша бошлади. Атроф карнай-сурнай, кўпкарига тушган йигитлар қийқириғи-ю, бесаранжом отлар кишнаши, курашгир полвонларни ўраб олган давралар бақириқ-чақириғи, болакайларнинг қий-чувига тўлди. Тўй қарийб қирқ кун давом этди. Куз охирларида, тўй чарчоқларининг кули совиб улгурмасдан бутун қўшин ва уғруқ Қорабоғ томонга отланди.

Қорабоғда қиш деярли сезилмасди. Теваракдаги юксак тоғлар унинг ўтлоқларини қишнинг совуқ нафасидан омон сақлайди. Яшиллик мангу тарк этмайди. Амир Темур ҳар галгидек тоққа яқин ўтлоқда ўтов тикди.

Амир Темур Қорабоғнинг сокин ва салқин кечаларини яхши кўрарди. Бундай кечаларда иссиқ чақмон кийиб олган Соҳибқирон вақтини бирор шеърий баёзни мутолаа қилиш, шатранж суриш ёки қиссахонини ҳузурига чорлаб, мозийнинг ибратли ҳикоятларини тинглаш билан ўтказарди.

Аммо бу гал бутун куз давомида унинг кўнгли хавотир ичида бўлди. Тўхтамишнинг ҳарбий юришга ҳозирлик кўраётганини билгач, хавотири баттар кучайди. Амир Темур ўтовидаги хонтахта устига ёйиб қўйилгн харитага тикиларкан, ҳаёлан Олтин Ўрда, Оқ Ўрда, Жата, Форсу Шом, Руму Миср мулкларида юзага келган вазиятни кўз ўнгида ўтказарди. Бу мулкларнинг ҳар бир қаричи унга яхши таниш, моҳир харитачилар бу ўлкалардаги тоғу-даралар, ўрмону-тўқайзорлар, дашту-далаларни, улардан ўтишга қулай йўлларни, бу йўллардаги ҳар бир работу-қудуқни хариталарга аниқ қайд этганлар. Соҳибқирон нигоҳи гоҳ Баҳри Ҳазар тевараги, гоҳ Дашти Қипчоқ сарҳадларига қадалар, у ерларда бошланган воқеалар тадрижини ўзича мушоҳада қилар, гоҳ нигоҳи дорусалтанат Самарқанд томонга ўтар, унинг йўқлигида Мовароуннаҳрда нималар содир бўлаётгани ҳақида айғоқчилар етказган хабарларни ўйларди. Ягона мақсади ўзига қарши иттифоқ тузган мамлуклар султони Барқуқ, Сивас ҳукмдори Бурҳониддин, усмонли турклар султони Йилдирим Боязид ва Олтин Ўрда хони Тўхтамиш қандай ҳаракат бошлашларини билиш эди. Амир Темур Олтин Ўрданинг ҳарбий имкониятларидан яхши хабардор – иттифоқчилар орасида ёлғиз Тўхтамишхонгина энг кўп сонли қўшин тўплашга қодирлигини у билади. Шу сабабдан ҳам Соҳибқирон ўзи боқиб катта қилган бўривачча – Тўхтамишни бир ёқлик қилмагунича мағрибга юришдан фойда ва натижа бўлмаслигини англади. Амир Темур кўкламга чиқиб, Олтин Ўрдага уруш очишни ўйлади.

Далв ойининг бошларида етиб келган хабар унинг режасини бузиб юборди: Тўхтамишхон Дарбанд орқали ўтиб, Ширвоннинг шаҳар-қишлоқларини талаётган эмиш. Аммо Амир Темур қўшин тортиб чиқишга шошилмади. У энг аввал маликалару-набираларни Самарқандга жўнатишга қарор қилди. Ҳузурига Шоҳруҳ мирзони чорлади. Унга Мовароуннаҳрга қайтадиган уғруқни кузатиб боришни топширар экан, тайинлади:

— Ўғлим, илдам, жадал юринг. Баттол Тўхтамиш қиличдан кўра ҳийлаю-фитна ила жанг қилмоқни маъқул билур. Шул сабабдин Дашти Қипчоқдаги баъзи ишонган одамларига суяниб ғавғо бошламоғи эҳтимолдан ҳоли эмас. Хоразму-Оқ Ўрда сарҳадлари мудом ҳушёр нигоғингиз остида бўлсун. Фарғонадаги қўшинлар мудом шай турсинлар!

Шоҳруҳ мирзо отаси Тўхтамишнинг Мовароуннаҳрга бостириб киришидан хавотирланаётгани фаҳмлади. Унинг кўз ўнгида қотмадан келган, укки кўзли, иягида сийрак сарғимтир туклар тиккайиб турган, мушукдай чаққон Олтин Ўрда хонининг қиёфаси гавдаланди.

Тўхтамиш Оқ Ўрдадаги ҳукмрон сулоланинг кўзга кўринган вакили – чингиззода Тўйхўжа ўғлоннинг ўғли, Тўйхўжа эса шаҳзода Қутлуғхўжа фарзанди эди. Тўйхўжа Оқ Ўрда ҳукмдори Ўрисхон замонида Манғишлоқнинг ҳокими эди. Ўрисхон тахтини мустаҳкамлаш учун курашаркан, Тўйхўжанинг йўлига тўғаноқ бўлишини англаб, уни қатл эттирди. Етим қолган ғайратли ва қобилиятли Тўхтамиш анча вақтгача отаси тақдирига дучор бўлишдан хавотирланиб юрди. Ҳижрий 777 – мелодий 1376 йили эса ҳаёти хавф остида қолганини англагач, Самарқандга қараб от қўйди. Мовароуннаҳрнинг янги ҳукмдори Чу дарёсининг юқори қисмида жойлашган Қўчқор деган жойда жеталиклар билан уруш қилиб юрган пайтда унга, шаҳзода Тўхтамиш Ўрисхоннинг таъқибидан қочиб, сенинг олдингга мадад ва паноҳ истаб келди, деб хабар келтирдилар.

Воқеалар тадрижини “Олтин Ўрда ва унинг қулаши” китобини варақлаган ҳолда давом этамиз.

Ақлли ва узоқни кўрадиган сиёсатчи бўлган Темур ҳар қанақасига Тўхтамишнинг кўнглини кўтариш ва уни қўллаб-қувватлаш керакигини жуда яхши тушунарди. Ўрта Осиёнинг бўлиниб ётган ерларини ягона давлат қилиб бирлаштириш билан банд бўлган Темур Оқ Ўрданинг кучайиши натижасида келиб чиқадиган хавф-хатарни сезмаслиги мумкин эмасди. Бунинг устига, кучли Оқ Ўрданинг тўс-тўполонларга барҳам бериб, бутун Жўжи улусида ҳокимиятни ўз тасарруфига олиши мумкинлигини Темур яхши тушунарди. Қўшни бўлиб турган кучли ва қудратли икки ўрда – Оқ Ўрда билан Олтин Ўрда Мовароуннаҳрни бирлаштириш ишига жуда хавф солиб турарди. Мана шунинг учун ҳам Амир Темур Оқ Ўрда ишларига ўз таъсирини ўтказиб, шу мақсадда у ерга ўз одамини қўймоқчи бўлди. Ана шундай ният ва мақсадларни кўзда тутган Темур қочоқ шаҳзодани мумкин қадар яхшилаб кутиб олишни буюриб, ўзи эса Ўзган орқали Самарқандга жўнади. Бу ерда амирлар Темурга ёш шаҳзодани таништирдилар. Низомиддин Шомийнинг ёзишича, Темур Тўхтамишнинг ҳар томонлама кўнглини кўтарган, унга катта тортиқлар ҳадя қилган ва кўпдан-кўп олтин, чорва, чодирлар, зебу-зийнатлар, қўшин, шунингдек, ҳокимият рамзи бўлган ноғора, байроқ ва қурол-яроғ берган. Шу билан бирга, Темур Ўтрор, Сиғноқ ва Савронни Тўхтамишга инъом қилди. Аммо, бу инъом этилган шаҳарларни қўлга олиш керак эди, чунки бу шаҳарлар Оқ Ўрда тасарруфида эди.

Вазият эса қулай – Ўрисхон Оқ Ўрда пойтахти Сиғноқда ўғли Қутлуғ Буғани қолдириб, ўзи Волга бўйига аскар тортиб кетган эди. Тўхтамиш Самарқанд ҳукмдори берган қўшин билан Оқ Ўрдага бостириб кирди. Биринчи жангдаёқ Қутлуғ Буға ҳалок бўлди, аммо унинг ўлими Оқ Ўрда қўшинининг қонини қайнатиб юборди ва шундан кейин Тўхтамиш тор-мор этилди. Жанг майдонидан қочиб келган шаҳзода яна Темурнинг паноҳидан жой топди. Тўхтамиш муваффақиятсизликка учраган бўлса-да, лекин Темурнинг ундан кўнгли совумади. Мовароуннаҳр ҳукмдори Тўхтамишни иккинчи марта бутун керакли уруш анжомлари билан таъминлади ва унга янги, аввалгидан кўра, яна ҳам кучлироқ бўлган қўшин берди. Бу сафар Тўхтамишга қарши Ўрисхоннинг бошқа ўғли – Тўхтакия аскар тортиб чиқди. Тўхтамиш бу гал ҳам қаттиқ шикаст еди. Шомий билан Яздий омадсиз Тўхтамишнинг бир ўлимдан қолганлиги тўғрисида жуда ажойиб воқеани ҳикоя қиладилар. Тор-мор қилинган Тўхтамишни қолган аскарлари ҳам ташлаб кетганларидан кейин у Сирдарё ёқасига қочиб борган ва устидаги кийимларини ечиб, нариги қирғоққа ўтиб олиш учун ўзини дарёга ташлаган. Тўхтакиянинг саркардаларидан бири бўлган Қозончи баҳодир Тўхтамишни қувлаб бориб, камондан унга қаратиб ўқ узган ва Тўхтамишнинг қўлидан ярадор қилган. Тўхтамиш зўр машаққатлар билан қирғоққа аранг чиқиб олиб буталар орасига кириб бекинган. Кутилмаганда Темур юборган Идику барлос деган одам ўша ерга яқин жойда бўлади. Темур бу мулозимини бирор кўнгилсиз воқеа юз бергудай бўлса, Тўхтамишга ёрдам бериш учун атайин юборган эди. Идику барлос буталар ичида инграган товушни эшитиб, шу овоз чиққан томонга қараб юради ва Тўхтамишнинг жуда аянчли аҳволда ётганини кўради.

Шундай қилиб, Тўхтамиш иккинчи марта ҳам Темур саройига шармандаи-шармисор блиб қайтди. Бироқ Темур Оқ Ўрдада ўз одами бўлиши кераклигини ниҳоятда истаганлигидан, Тўхтамишга ҳеч қандай норозилик билдирмади. Тез орада Самарқандга, Темур ҳузурига иккинчи қочоқ – манғитлар қабиласидан бўлган Идику (рус солномасида Едигей) деган одам келди. Идику ҳам Тўхтамиш сингари Ўрисхондан қочиб келган эди. Ўрисхон Сирдарё ёқаларида юз бераётган ишлардан хабар топиб, ўз юртига қайтиб келди ва дарҳол Темур ҳузурига кетма-кет икки элчи юбориб, исёнкор Тўхтамишни унга тутиб беришни талаб қилди ва акс ҳолда уруш қиламан, деб дағдаға этди. Темур Ўрисхон талабини рад этди ва урушга тайёрлана бошлади.

Ҳар икки томоннинг қўшини ҳижрий 777 йилнинг қишида Сиғноқ шаҳри яқинида бир-бирларига рўпара бўлдилар. Аммо жангчилар совуқдан қўлларига қурол ушлай олмаганлари учун ҳар икки томон ҳам жанг бошламасликка қарор берди. Аммо Темур унча аҳамиятли бўлмаса ҳам душманга қарши бир неча марта муваффақиятли ҳамлалар қилди. Шу қиш Темур юртига қайтди ва Оқ Ўрдани бўйсундириш ишини баҳорга қолдирди.

Ҳижрий 778 – милодий 1376 йил баҳорида Темур Ўрисхонга қарши яна жуда катта қўшин тортиб борди. Аммо уруш арафасида Ўрисхон оламдан ўтди. Оқ Ўрда тахтига тўнғич шаҳзода Тўхтакия чиқди, лекин тез орада у ҳам вафот қилди. Тахт Темурмалик қўлига ўтди. Темур қўмондонликни яна Тўхтамишга юклади. Тўхтамиш эса яна мағлубиятга учради. Темур шахсан совға қилган учқур от туфайли Тўхтамиш асир тушишдан ва Оқ Ўрда хонининг қаҳр-ғазабига дучор бўлишдан қочиб қутулди. Темур бу сафар ҳам сабр қилди ва у Тўхтамишни Оқ Ўрда тахтига хон қилиб ўтказиш фикридан қайтмади. Бундан кейинги вазиятнинг ўзи Тўхтамишнинг омадини берди. Илло, Темурмалик ўғлон жиддий одам эмас эди, у кўп вақтини ишратпарастлик, ўйин-кулгу билан ўтказди, ичкиликка берилди ва шу туфайли бутун обрўсини йўқотди. Самарқандга Сиғноқдан ва бошқа жойлардан, Оқ Ўрдада Тўхтамиш тарафдорлари бўлган одамлар анчагина бор, деган хабарлар кела бошлади. Темур бу қулай вазиятни ҳисобга олиб, Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, ҳижрий 778 йил охирида – мелодий 1377 йилнинг кўкламида тўртинчи марта Тўхтамишга қўшин бериб, Оқ Ўрда тахтини олиш учун юборди. Бу сафар Тўхтамиш ғалаба қилди ва ўзини Оқ Ўрда хони деб эълон этди. У Сиғаноқ, Саврон ва бошқа шаҳарларни босиб олди. У бир йил ичида идора қилиш ишларини тартибга солди. Оқ Ўрданинг энг нуфузли ва кучли вакиллари билан яхши муносабатлар ўрнатди ҳамда кўп сонли ва сараланган қўшин тўплади. Шундан кейин ҳижрий 779 йил – мелодий 1378 йил баҳорида Олтин Ўрда устига қўшин тортди ва тез орада Сарой Берка, Волганинг сўл қирғоғидаги бошқа шаҳарларни қўлга киритди.

Ҳар галги ҳарбий муваффақиятдан кейин Тўхтамишнинг улуғ Олтин Ўрда давлатини тиклашга бўлган умиди мустаҳкамланар, ҳар бир омад унда, жуда катта кучнинг эгасиман, деган қаттиқ ишонч туғдирарди. Амир Темурнинг мадади билан ҳамда унинг вассали бўлиб тахтда ўтирган Тўхтамиш Жўжи улусидаги асосий рақиби Мамайни тор-мор қилгандан ва Русиянинг катта қисми, Қримни ўз тасарруфига киритгандан кейин тез орада – ҳижрий 785 – мелодий 1383 йилда Хоразмда ўз номи билан пул зарб қилдиришдан қўрқмади. Темурнинг Хоразмни Мовароуннаҳрнинг бошқа ерларига қайтадан қўшиб олиш ниятлари Тўхтамишга яхши маълум эди. Темурнинг Хоразмда сўфийлар сулоласидан бўлган амирларни фақат вассал сифатида қўйиб қўйганини ҳам Тўхтамиш билмаслиги мумкин эмас эди. Шундай қилиб, Хоразм ишларига аралашиш, у ерда ўз номи билан пул зарб қилдириш Тўхтамишнинг ўла-ўлагунча унутмаслиги керак бўлган ҳукмдор билан очиқдан-очиқ алоқани узганлигини кўрсатарди.

Ҳерман Вамбери ёзади: “Қуролининг муваффақияти билан сармаст юрган бу одам ўз ҳомийсига бўлган шукронани тез унутди. У жаҳонгирлик даъвосига тушди. 789 (1387) йили, яъни Темур Озарбайжонда бўлган пайтда Ҳазар денгизи соҳилидаги ғарбий вилоятларга тажовуз қилди. Темурнинг ўғли Мироншоҳ Кур дарёсининг бу томонига қараб, унга қарши юрди. Тўхтамишнинг илғори енгилди, у қочди ва чекинди. Темур шу ҳолатда ҳам кенглик ва розилик аломатини кўрсатиб, “Ал фитнау нооиматун алъаноллоҳу лиман айқозахо” (“Фитна бошлаган Аллоҳнинг лаънатига учрайди”) ҳадисини мулоҳазага олиб, у билан сулҳ тузишга розилик берди”.

Аммо, маккор ва кўрнамак Дашти Қипчоқ ҳукмдори бутунлай хиёнат йўлига ўтган эди. У Темурнинг Эронда юрганини ва Мовароуннаҳрда кучли қўшиннинг йўқлигини билиб катта қўшин билан икки давлат чегарасида жойлашган Савронга етиб келди. Саврон ҳимоячилари шу қадар мардона жанг қилдиларки, Тўхтамиш ҳар қанча уринмасин, қалъани забт этолмади. Тўхтамишга қарши Андижондан Умаршайх мирзо бошлиқ қўшин етиб келгач, Ўтрор яқинида жанг бўлиб, бу тўқнашувда Умаршайх мағлуб бўлди ва Самарқандга қараб чекинди. Тўхтамиш учун бой ва обод мамлакатни талаш имконияти туғилди.

Олтин Ўрда хонининг бу босқини Мовароуннаҳр учун даҳшатли бўлди. Дастлаб Самарқандни қамал қилган Тўхтамиш бу ерда узоқ қолиб кетишини англаб, қўшинни Бухоро устига бошлади. Бироқ Саврон сингари Бухорода ҳам у қаттиқ қаршиликка дуч келди. Шаҳарни ололмаслигини сезган ёғий, у ердан жўнаб, эгасиз қолган Бухородан то Термизгача бўлган ерларни қўрага кириб қолган йиртқичлар галасидек ғорат қилди. Қаршидан ғарб томонда жойлашган, бир пайтлар Сароймулкхонимнинг отаси, Чиғатой улуси хони Қозонхон замонида юксалган Занжирсарой айниқса, қаттиқ зарар кўрди.

Бу ёвузлик хабари етганда Амир Темур Шерозда эди. Нохуш хабар уни саросимага солди: илло, Тўхтамиш унинг нафақат жаҳонгирлик режаларига, шу билан бирга, унинг асосий мақсади – Мовароуннаҳрни ягона давлатга бирлаштириш ҳаракатини ҳам жиддий хатар остига қолдирган эди. Тўхтамишнинг Хоразм ҳукмдори Сулаймон Сўфи билан тил бириктириб, янги зарбага ҳозирланаётгани бу хавфнинг исботи эди. Амир Темур Хоразмга қўшин тортди. Сулаймон Сўфи жанг қилишдан кўра, ҳаётини сақлаб қолишни афзал кўриб, Тўхтамиш ҳузурига қочди.

Олдинги осон ғалабасидан сармаст Тўхтамиш жуда катта қўшин билан яна Мовароуннаҳр сарҳадларига яқинлашди. Икки лашкар Сирдарё ёқасида тўқнашди. Олтин Ўрда навкарлари Темур қўшини зарбасига дош беролмади ва мағлуб бўлиб қочди. Кейинги баҳорда яна ўртада жанг бўлди, яна Тўхтамиш шарманда аскарлари олдига тушиб қочди.

Ҳерман Вамбери ёзади: “Лекин у (Темур) ҳануз таскин топмаган, ғазаби сусаймаган эди. 793 (1391) йил қишида Темур хос ва мунтазам қуролли лашкар билан Тўхтамишга қарши омонсиз жангга отланди. Жанубий Сибириянинг кимсасиз чўлларида олти ҳафта юрдилар. Унинг чўлдаги бу сафари қийинчиликлар ва заҳматлар билан тўла эдики, унинг энг буюк тоғлардан ўтиш билан тенглаштириш мумкин. Чарчаган ва очиққан лашкар душманни узоқ вақт излади. Охир-оқибатда уни май ойида Ёйиқ (Ўрол) дарёсининг яшил соҳилларига келиб топди. Жасур ва шонли суворийлар кураши бошланди. Ҳар икки қўшин уч кун мобайнида қаҳрамонлик билан жанг қилдилар, ажойиб шижоат кўрсатдилар. Аммо Тўхтамиш ўз қариндошларининг хиёнати туфайли мағлуб этилди, озодликни қочишдан излашга мажбур бўлди. (Бу ерда Вамбери хатога йўл қўяди: Темур қўшини ҳозирги Самара вилоятида Черемшан дарёсини Қундузча ирмоғи ёқасида Тўхтамиш лашкарига тўқнаш келади. 1391 йил 18 апрелда Турон султонининг шахсан ўзи етти ғулдан иборат қўшинини жангга бошлайди. Жанг ғоят қаттиқ бўлиб, гоҳ у томоннинг, гоҳ бу томоннинг қўли баланд келиб турган, лекин Тўхтамиш охири батамом тор-мор қилинган – Х.Д.) Темур ўқ тезлиги билан Русия ерлари томон таъқиб этиб, суриб ташлади ва Московга етиб борди”.

Тарих илмида, Амир Темур Москвани забт этганми, йўқми, деган баҳс узоқ вақтдан бери давом этиб келмоқда. Тарихни бузиб кўрсатишга мойил рус муаррихлари Темур Москва князи билан жанг қилишдан ҳадиксиради, деган бўлмағур гапни қайта-қайта айтишган. Ҳолбуки, Амир Темур шиддатини тўхтатадиган куч, Тўхтамишга малай бўлган Москва князлиги ёки бўлиниб-парчаланиб, бир-бири билан ер талашиб ётган бошқа рус князликлари у ёқда турсин, на Шарқда, на Оврупода мавжуд эди. Қолаверса, ўша пайтдаги ёғочдан тикланган Москва Самарқанддек улуғвор пойтахти бўлган, Шарқнинг ҳайбатли шаҳарларини кўрган Соҳибқирон диққатини тортадиган даражада эмас эди. Ўша пайтдаги Москва, Самарқанд ёки Бухоро эгаллаган ҳудуднинг ўндан бирига ҳам тўғри келмайдиган манзилни эгаллаган, кўрксиз, қашшоқ шаҳар эди. Боз устига, Мовароуннаҳр ҳукмдори зафарли юриши натижасида шундай катта ўлжани қўлга киритган эдики, урушни давом эттириш салоҳиятсиз бир ҳаракат бўларди. Шунингдек, ўз даврининг билимдон кишиси Амир Темур бу иқлим шароитини яхши билар, қаҳрли қишда Русияда жон сақлаш мушкуллигидан хабардор эди. Хуллас, Вамбери ёзганидек, ўн бир ойлик сафардан кейин Темур жуда кўп асирлар, бисёр ғаниматлар ва шимолнинг жавоҳири билан ўз пойтахтига қайтди…

Аммо йиқилган курашга тўймас деганларидек, шундан кейин ҳам Тўхтамишнинг кўзи очилмади. У тағин куч тўплаб, Амир Темурдан ўч олмоқ пайида бўлди.

Мана энди Миср мамлуклари ва усмонлилар султонлари билан тил бириктириб, уларнинг қутқусига учиб, Соҳибқирон итоатида бўлган Ширвон мулкига бостириб кирган эди.

Шоҳруғ мирзо, отаси тайинлагандек, шиддат билан Самарқандга қараб йўл олди.

Уғруқ ҳижрий 797 йил жумодаллаввал ойининг еттинчи куни – мелодий 1395 йилнинг 28 февралида Самарқандга қараб йўлга тушди. Худди ўша куни Амир Темур қўшининг уруш анжомлари-ю, қурол-яроғларини кўздан кечириб чиқди. Кейин амирларга, қўшин бошлиқларига донг чиқарган баҳодирларга совғалар улашди ва ўз қароргоҳининг жанговар ҳолатга кўчирди. Тез орада улкан қўшин ҳаракатга келди. Соҳибқирон йўлда кета туриб, уруш пайти қонун-қоидаларига сўзсиз амал қилишини айтиб, Тўхтамиш ҳузурига ақлли ва тажрибали вазири Шамсиддин ал-Маликийни элчи қилиб жўнатди. Амирлар уруш бошлашга қанчалик шошмасинлар, Амир Темур сабр билан душманнинг яна яқинроқ келишини ва жангни рақиби бошлашини кутиб турди. Сабрсиз амирларга эса шундай дерди: “Ов қопқонга ўзи келиб тушгани маъқул. Уни излаб юрсанг, овлаш фурсати узоққа чўзилади. Қари товуқ қарчиғайдан қўрқмайди. Агар чигирткада қизил қанот ўсса, у ҳар қадамда ўзини қарғадан ҳимоя қилади”. Шу сўзлардан кейин ҳазилни ёқтирмайдиган, аммо мутойиба қилиш пайти етганда, уни бой бермаган Амир Темур бош эгиб чиқиб кетаётган амирларига қарата сўз қотди:
— Худо хоҳласа бу гал аплбатта, Тўхтамишни тўхтамиш қилғаймиз!

Тўхтамишхон элчи Шамсиддин ал-Маликийни яхши кутиб олди, унга Соҳибқирон билан ярашмоқчи эканини айтди. Аммо эртаси куни ўз амирлари гапига учди-ю, ваъдасини бузди: Амир Темур шаънига номуносиб сўзлар битилган мактубни элчига топширди.

Элчи орқага қайтганда, Амир Темур Албурс тоғига яқин жойда, Ҳазар денгизидан беш фарсаҳли масофадаги Самур дарёси водийсида ўрнашиб олган эди. Элчидан бўлиб ўтган воқеаларни билиб олгач, у қўшинни жанговар сафга тизди. Қўшиннинг сўл қаноти тоғ этагигача, ўнг қаноти эса денгиз соҳилларигача бориб етди. Шу тариқа туманбегилар, мингбошилару-юзбошилар ўз навкарларини бошлаб йўлга тушдилар.

Мелодий 1395 йилнинг 15 апрелида Гори (Терек) дарёси воҳасида ўша замоннинг энг йирик жангларидан бири юз берди. Бу жангда нафақат Тўхтамишнинг, шу билан бирга бутун Олтин Ўрда давлатининг тқадири ҳал бўлди. Бу жангда ғалаба Амир Темур байроғи тарафига ўтди. Тўхтамиш енгилиб, Сибириянинг жанубий даштларига қочди. Ўша томонларда ноу-нишонсиз йўқолиб кетди.

Уғруқ узоқ йўл босиб, баҳор ўрталарида Самарқандга етиб келди. Бу орада Улуғбек мирзо аввал эмаклашни, кейин тетапоя қадам ташлашни ўрганди. Йўлда Самарқанд ҳақидаги гап-сўзлар қулоғига қуйилаверганиданми, биринчи ўрганган сўзи “Самақа” бўлди. Унинг бу сўзини эшитиб, юзи ёришган Сароймулкхоним уғруқ тўхтаган Дарғам ариғи ёқасидаги тепаликка набирасини кўтариб чиқди. Тепага чиққач, олисда кўриниб турган шаҳарни кўрсатиб, болага гапирди:
— Ана, Самарқанд, болам! Худойимга минг қатла шукрки, ватанга етдик!

САМАРҚАНД. САРОЙМУЛКХОНИМ. ХУРОСОН.

Доруссалтанага етиб келган Сароймулкхоним билан Улуғбек Самарқанд шаҳрининг жанубидаги боғда яшадилар. Дарғам ариғи яқинида Соҳибқирон томонидан барпо этилган бу яшил гўша чинорлар кўплиги сабабли Боғи Чинор деб аталарди. Боғи Чинор Амир Темурнинг она юрти – Кеш шаҳрига борадиган йўл устида эди.

Соҳибқирон Сароймулкхонимни ўз никоҳига олганда, уни шу қадимий йўл билан Самарқандга олиб қайтган. Ўшанда Амир Темур ўттиз учга, Малика эса йигирма саккизга тўлган эди.
Сароймулкхоним Чиғатой хонларидан бири – Қозонхоннинг қизи эди. Қозонхон эса амир Ясовурнинг ўғли эди. Бу амирнинг яна бир фарзанди, Қозонхоннинг оғаси бўлмиш Халил ҳам тарихда ўз номини қолдирган. У кўпроқ Халил Ота номи билан, ҳазрати Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг устози бўлганлиги билан машҳур.

Сароймулкхоним беш ёшга тўлар-тўлмас унинг отаси амир Қазаған томонидан ўлдирилди. Кейин эса қотил амир уни набираси амир Ҳусайнга, хоннинг қизи деб, ниҳоҳлаб берди. 1369 йилда эса Амир Темур Ҳусайнни Балхда қатл эттиргач, унинг ҳарамидаги хотинларни амирларига улашиб берди-ю, Сароймулкхонимни ўз никоҳига киритди. Малика Ҳусайндан ҳам, Соҳибқирондан ҳам фарзанд кўрмади. Ҳусайн бу ҳолни унинг юзига солиб, неча марта хўрлаган, аммо Темур унинг иззат-ҳурматини жойига қўйди, хотинлари орасида бош маликалигини ҳар бир ҳаракати билан зоҳир этди, фарзандсизлигини билинтирмади.

Барибир фарзандсизлик доғи Сароймулкхонимга азоб берарди. Шу дард туфали, Бибихоним деб иззатланган, салтанат бош маликаси бўлган бу хотин аслида муштипар ва ожиза эди. Кечалари ҳеч кимга билдирмай йиғлар, кўзидан оққан ёшлари ҳуснини буза олмаган ажинлар оралаб оқарди. Бояқишнинг юраги фарзанд меҳрини билмади, сийнаси гўдакнинг тамшаниб сут эмганларини сезмасдан қовжиради.
Аммо Соҳибқирон суюкли хотини изтиробларини билгандек, дастлаб унга бошқа хотинларидан туғилган фарзандлари, кейин набиралари тарбиясини топширди. Малика кўнглидаги фарзандга бўлган меҳр-муҳаббати, ушалмаган ниятлари кўпроқ набираларга насиб бўлди. Улар устида оналардан зиёда куйиб-пишиб, ўргилиб-чеврилиб парвона бўларди. Кечалари уларнинг боши устида ўтирар экан, тимқора сочларини тарар ва алла айтар, юзларига тикилиб туғилмаган болаларини кўргандек бўлар, шу сабабдан набиралари дийдорига бутун вужуди ва барча сезгилари билан термулар, лекин барибир тўймас эди.

Малика тарбиялаган Шоҳруҳ, Халил Султонлар улғайиб, Соҳибқирон ёнида туриб жанг қилмоқдалар. Ҳар гал юриш бошланса, маликанинг хавотири ошади. Меҳри сингган бу шаҳзодалар дийдоридан абадий маҳрум бўлишдан, уларнинг бирор жанг-жадалда нобуд бўлишидан қўрқиб яшайди.

Мана, энди у Шоҳруҳ мирзхонинг боласини тарбияламоқда. Малика Улуғбекни жонидан ортиқ кўрар, бир мурғак вужудининг ҳар бир томчи қонига, ҳар парча этига бору-йўғини беришга тайёр эди. Ҳар оқшом набирасини алла айтиб ухлатаркан, бола пишиллаб ухлаб қолишини кўриб ўрнидан қўзғалишдан олдин “Болажоним, сени ҳар қачон, ҳар балодан Худо ўз паноҳида сақласин”! деб дуо айтишни унутмасди.

Биби билан набира Самарқандда хотиржам яшаган бир пайтда Соҳибқирон жангу-жадал ичидан чиқмади. У Тўхтамишхон билан жанг қилди. Олдинги лавҳамида биз Тўхтамишхон енгилиб, Сибирия даштлари томонга қочгани ва ўша тарафларда ному-нишонсиз йўқолиб кетгани ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Шундан кейинги воқеалар хусусидаги ҳикоямизни Аббосқули оға Боқихоннинг “Гулистони Ирам” асарини варақлаган ҳолда тўхтаган жойидан давом этамиз.

Олтин Ўрда хони мағлубиятга учраб қочганидан сўнг Амир Темур Комари (Кума) дарёси соҳилида Терек жангида бошқаларга намуна бўлган навкарларига тортиқлар улашди. Сўнг яна шиддат билан душман қўшинини таъқиб қилишда давом этди. Қадим замонлардан Оқ Эдил (Итил) деб туркий ном билан аталган Волга дарёсига етиб боргач, Тўхтамишдан аввал Дашти-Қипчоқ тахтида ўтирган Ўрисхон авлоди бўлмиш Темур Қутлуғни хон деб эълон қилди (Темур Қутлуғ хоник тахтида 1395-1401 йиллар ўтирди). Шундан кейин, Соҳибқирон қўшинини яна ҳаракатга келтирди. У жанубий Русиянинг Ока дарёсигача бўлган қисмини ғорат қилгач, кутилмаганда Қора денгиз томонга йўналди. Қисқа жангдан кейин Азоқ (Азов) шаҳрини забт этди. Черкеслар ерида ва Кавказда ҳам зафар туғини ўрнатгач, қишлов учун Комари дарёси воҳасига қайтди. Қиш ўртасида тўсатдан Ҳожи Тархон (Астрахан) шаҳрига ҳужум қилди, шу боришда Сарой Беркани ҳам қўлга киритди. Ниҳоят, Амир Темур Доғистондаги бир қатор қалъаларни вайрон этиб, 1396 йилнинг баҳорида Ширвонга қайтди.

Энди тарихий солномаю-битиклар, кўғна афсона ва ривоятларда сақланиб қолган Доғистон халқларининг Амир Темур ҳақидаги ҳикояларини эшитинг.

Амир Темур Терек ва Сулак дарёлари оралиғида яшовчи қўмиқларни итоатга киритгач, Мичикич заминидаги етти минг хонадондан иборат Алмак шаҳрига етди. Қаттиқ жангдан сўнг қалъани забт этди. У ердан ҳозиргача Темуршоҳ йўли деб аталадиган йўлдан Салатов тоғларини ошиб ўтиб, Берктов, Алхадтов, Чўбонтов ва Батмук қалъаларини қўлга киритди.

Кейин Койсу, Сулак ва Ахатли дарёларини бирин-кетин кечиб ўтиб, етти-саккиз минг хонадонли Годар қалъасини қамалга олди. Бу шаҳар қалъаси қаттиқ мустаҳкамланганлиги ва уни забт этиш мушкуллигини англаган Амир Темур ҳарбий ҳийла қўллади. У қалъадагилар билан музокара бошлади ва шаҳардаги оч аҳолига тарқатиш учун совға-салом тарзида жуда кўп сандиқлар юборди. Аслида бу сандиқларда унинг қуролланган жангчилари яширинган эдилар. Сандиқлар қалъага киритилиши билан жанг бошланди ва сандиқлардаги жангчилар кўмагида қалъа бир неча дақиқа ичида забт этилди.
Амир Темур яна олдинга ҳаракат бошлади… Кунларнинг бирида бир кўзи кўр Гобден исмли қўмиқ амири Соҳибқирон ҳузурига келди. У ҳўкиз устида қўр тўкиб ўтираркан, Амир Темурга шундай сўз қотди: “Мен – бир кўзи кўр Гобден, сен – Буюк Темурдан сўрашга келдим. Сендек қудратли ҳукмдор бизларни ким деб ўйладинг? Бизнинг нимамиз борки, уни олиш учун биз билан жанг қиласан?!”
Унинг мардлиги, айтган сўзлари Амир Темурга маъқул тушди. У бир кўзли қўмиқ амирига забт этилган ерларнинг бир қисмини тортиқ қилди.

Амир Темурдан Кавказ мулкида қолган машҳур ёдгорликлардан бири “Гулистони Ирам” асари ёзилган ўтган асрнинг қирқинчи йилларигача, ундан кейин ҳам Оқсоқ Темур хори деб аталган ва қўрғон-қўрғон шаклида Дарбанд шаҳридан бошланиб, Ўтамиш далаларигача, у ердан эса кўтарма шаклида Буноқ ва Тарков (Тарҳу) қалъалари ёқалаб ўтиб, Темурсуй (Амир Темур қудуқ қаздиргани учун шундай аталган) манзилигача ва Сулак дарёсидан ўтиб, Назрану-Қорачойгача етиб борган тупроқдан кўтарилган ғовдир. Баъзиларнинг айтишича, Темур ғови нима мақсадда тиклангани номаълум, аммо шуниси ҳақиқатки, “Амир Темур бу ғов билан чегараларни белгилаган ва ёки ўз куч-қудратини намойиш этган”, деб ёзади бу ғовлару-қўрғонлар ҳақида “Боғи Ирам” муаллифи.

Биз бундай тупроқдан тикланган қўрғонлар ва ғовлар Ўзбекистонда, шунингдек, Марказий Осиёдаги бошқа жумҳуриятлар ҳудудида ҳам борлигини яхши биламиз. Агар кимки Самарқанддан Бухорога бораётиб, йўлда кузатиб борса, бундай тепақўрғонларни кўплаб санаши мумкин. Тарихдан маълумки, Амир Темур бу қўрғонлардан ўзига хос хабар узатиш воситалари сифатида фойдаланган. Масалан, мамлакат сарҳадларида бирор-бир хавф-хатар пайдо бўлгани мана шу тупроққўрғонлар устида ёқилган гулханлар воситасида дорулсалтанатга жуда қисқа муддат ичида етиб келган.

Муаррихларнинг гувоҳлик беришларича, ҳижрий 789-мелодий 1396 йилнинг баҳорида Амир Темур Дарбанд қалъаси ва Кура дарёси ёқалаб Озарбайжон сари йўл босди. Бу сафарда унга Ширвон мулкини ҳукмдори Шайх Иброҳим ҳамроҳлик қилди. Шайх Иброҳим бир йилча аввал Соҳибқирон ҳузурига келиб юқунган, итоатини билдирган эди.

Ибн Арабшоҳ ёзади: “(Шайх Иброҳимнинг) насби подшоҳ Кисро Ануширвонга бориб боғланади. Унинг Абу Язид исмли қозиси бўлиб, Шайх Иброҳим давлатининг жами арконлари орасида унга яқинлиги билан бошқалардан устун турарди. У Шайх Иброҳим мамлакатининг дастури саналиб, унинг салтанати фалакининг қутби эди. Шайх Иброҳим Темур масаласида ҳам “Нима қилмоқ керак?” – деб ундан маслаҳат сўради: — “Унга бўйсунсинми ёки истеҳком қурсинми, қочсинми ёки у билан урушсинми?” Абу Язид: “Қочиш ва баланд тоғларда қўрғон тикиб олиш, фикримча, энг ишончли ва мақбул йўлдир”, — деб жавоб қилди. “Бу мақсадга мувофиқ фикр эмас, — деди Шайх Иброҳим. – Ўзим нажот топиб, раияларимни қийин кунларга ташлаб кетишим билан қиёмат куни яратган Эгамга нима жавоб қиламан? Чунки мен улар ғамини ейдиган киши бўлиб, уларни қириб юборсам-а? Мен Темурга қарши муқотала бошлаб, уни ҳарбу-зарб билан муқобил олишга азм қилмайман. Лекин тезда Темур ҳузурига бориб, амрига итоат билдириб, унга қуллуқ қиламан. Агар у мени ўз мартабамга қайтариб, вилоятимда қарор топтирса, бу мен учун айни муддао ва кўзланган мақсад бўлади. Агар у менга азият бериб мартабамдан азл этса ёки мени ҳибсга солса ё қатл қилса, унда раия ўлим, талон-тарож ва асорат азобидан қутуладилар ва шунда Темур ўзи ихтиёр этган кишисини раия ва мамлакат устидан ҳоким қилиб қўяди”. Кейин Шайх Иброҳим егулик, озиқ-овқатлар тўплашларини буюриб, қўшинларига эса бўлиниб, тарқалишларига рухсат этди. У ўз вилоятлари шаҳарларига зебу-зийнат бериб безашларини, аҳолига эса хоҳ қуруқликда, хоҳ денгизда бўлсин, шинам ва кўркам кийиниб, хотиржам ҳолда бир-бирларига ширин муомала қилишларини, минбарларда Темур исми билан хутба ўқитиб, динорлару-дирхамларни унинг тамғаси-ю, белгиси билар зарб этишларини амр қилди.

Шундан кейин Шайх Иброҳим армуҳону-хизматкорларини олиб, ширин кайфияту, дадил қадам билан Темурга томон юзланди. У Темур ҳузурига етиб келгач, унинг олдида қуллуқ қилиб, унга ҳадялар ва туҳфалар, турли-туман ғаройибу-ажойиб ашёлар тақдим этди. Ҳадя тақдим қилаётганда чиғатойликларнинг одати шундай эдики, улар ҳадя тақдим қилинадиган кишининг ҳурмат ва эътиборини қозониш учун туҳфанинг ҳар қайсисидан тўққизтадан тортиқ қилардилар. Шу сабабли Шайх Иброҳим ўзи тақдим қилган ҳадяларнинг ҳар қайси туридан тўққизтадан тортиқ қилди-ю, қуллардан эса саккизта тақдим қилди. Шу сабабли туҳфа қабул қилувчилар: “Тўққизинчи қул қани?” – деб сўрадилар. Шайх Иброҳим: “Тўққизинчи мен ўзим, қурбонман!” – деди. Бу хитоб Темурга ёқиб қолиб, Шайх Иброҳим унинг қалбидан юқори мартабани эгаллади ва у Шайх Иброҳимга: “Йўқ, сен менинг фарзандимсан ва ўша ерларда менинг халифам ва эътимодли кишимсан”, — деди. У Шайх Иброҳимга қимматбаҳо хилъатлар кийгизиб, ўз осойишталигига эришганидан мамнун ҳолатда уни ўз мамлакатига қайтарди”.

Ағдам шаҳрига етгач, Қорабоғ ўтлоқларидан бирида бўлиб ўтган қурултоқда Соҳибқирон Дарбанддан Бағдодгача, Ҳамадондан Мовароуннаҳр сарҳадларигача бўлган ерларни учинчи ўғли бўлмиш Мироншоҳга суюрғол этди. Бундан бироз олдинроқ, Ширвонда, Самур дарёси воҳасида туриб, усмонли турклар султони Йилдирим Боязидга мактуб жўнатди. Бу мактубида Соҳибқирон ўз ниятини яшириб ўтирмади, очиқ-ойдин баён қилди. Мактубида Аллоҳнинг ёрдами илк Тўхтамиш мағлуб бўлганини билдиргандан кейин тағдидона сўзлар билан бир йилча аввал Ироқи Ажамда бўлганида Шом тарафдаги мулклар ҳукмдорларига мактуб йўллагани, Миср мамлуклари султони Барқуққа армуғон ва элчилар жўнатгани, зоти паст султон эса Шайх Сова бошчилигидаги бу элчиларни қатл қилгани ҳақида гапириб, мана энди Дашти Қипчоқда тартиб ўрнатиб бўлганидан кейин Шом ўлкалари устига юриш бошлаяжагини, хусусан Миср султони билан апоқ-чапоқ бўлган Қайсарий-Сивас мулки ҳукмдори Қози Бурҳониддин Аҳмадга ўз ҳаддини кўрсатиб қўяжагини маълум қилган эди. Бу таҳдидда Султон Боязид агар бундан кейин ҳам Миср султони ва Сивас ҳукмдори билан дўстона муносабатни давом эттирса, у ҳам албатта жазоланажагига ишора бор эди. Аммо Турон султони кўп йиллик юриш давомида зафарёб қўшини толиққанини, уни янги қувват билан кучайтириш лозимлигини яхши англагани учун Шом устига юришни кейинга сурди. Шу сабабдан қўшин Султония орқали Самарқандга қайтди. Бу орада 1396 йил ҳам охирлаб қолди.

Амир Темур Самарқандда бир йилдан ортиқ ўтиролмади. У ўз нигоҳини Хитой мулкига қаратган, куну-тун ёлғизликда, баъзан набиралари Улуғбек мирзо-ю, Иброҳим Султонни тиззасига олганча, бўлажак юриш режасини тузиш билан овора эди. Шу мақсадда у хуфияларини ишга солиб, Хитой мулкидаги вазиятни ўрганди, харитачилар бўлажак юриш ўтадиган манзиллардаги ҳар бир масофанинг аниқ тарҳини қоғозга тушириш билан машғул бўлдилар. Махсус топшириқ олган амирзода Муҳаммад Султон бошлиқ бир гуруҳ амирлар Қошғар билан Хитойга олиб борадиган йўллар ёқасида истеҳкомлар қуриш ишларини назорат остига олдилар. Бобоси тахтига меросхўр – салтанат валиаҳди бўлмиш Муҳаммад Султон мирзо ғайрат билан юришга ҳозирлик бошлаган бир пайтда, унинг биродари амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгир бутун режани бузиб қўйди.

Амир Темурнинг тўнғич ўғли Муҳаммад Жаҳонгирнинг кенжа ўғли бўлмиш Пирмуҳаммад Жаҳонгир 1392 йилда Қундуз, Бағлон, Кобул, Ғазни, Қандаҳор ва уларга тобе ерлар ҳокими этиб тайинланган эди. Мана шу шошқалоқ набираси ёшлик ғайратига алданиб (у энди ўн саккизга кирган эди), 1397 йилнинг эрта кўкламида Ҳиндистон сарҳадига бостириб кирди. У Сулаймон тоғлари этагида яшайдиган урушқоқ афғон қабилалари яшаган манзилларни бирин-кетин талагач, Синд дарёсидан ўтиб, Деҳли ҳукмдори Султон Маҳмудхонга тегишли Уча шаҳрини эгаллади, Мултон шаҳрини қамал этди. Қамал узоқ давом этди, бу орада Султон Маҳмудхон ҳам қўшин тўплаб, Деҳлидан чиқди. Бу ишлардан хабар топган, Амир Темур жадаллик билан иш тутмаса, набираси кўп сонли Деҳли қўшинидан мағлубиятга учраши, бу эса Соҳибқироннинг чор атрофда тағликада қолган рақибларида Самарқанд куч-қудратига шубҳа уйғотиши, уларнинг бош кўтаришларига сабаб бўлиши мумкинлигини англади. У шошилинч чопар жўнатиб, Пирмуҳаммад Жаҳонгирни доруссалтанага чақиртирди. Набираси Самарқандга етиб келгунига қадар, ўтган вақт ичида юзага келган вазиятни таҳлил этган Соҳибқирон Хитой сафарини қолдириб, Ҳиндистон юришига тайёргарлик кўриш лозимлигига амин бўлди. Шундан кейин бўлиб ўтган қурултой ҳақида Амир Темур ўз тузукларида шундай ҳикоя қилади:

“Даставвал фарзандларим ва амирларимнинг кўнгли, ўй-фикрларини билиб олиш учун уларга маслаҳат солдим. Амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгир: “Агар Ҳиндистонни олсак, унинг олтинлари билан бутун ер юзини эгаллаймиз”, — деди. Амирзода Муҳаммад Султон эса: “Ҳиндистонни оламизу, бироқ бунга тўсиқлар бор: биринчиси – дарёлар, иккинчиси – ўрмону-тўқайлар, учинчиси – тўлиқ қуролланган сипоҳийлар ва одамни ов қилувчи қутурган филлар кўп”, — деди. Амирзода Султон Ҳусайн: “Агар Ҳиндистонни қўлга кирита олсак, тўрт иқлимга ҳукмрон бўлурмиз”, — деди. Амирзода Шоҳруҳ деди: “Мен туркларнинг қонунида ўқиган эдимки, жаҳонда бешта шон-шавкатли подшоҳ бордир. Уларнинг улуғворлигини ҳурматлаб, номларини атамай, лақаблари билан атайдилар: Ҳинд подшосини – рой, Рум подшосини – қайсар, Хитой ва Чин-Мочин подшосини – фағфур, Туркистон подшосини – ҳоқон, Эрону-Турон подшосини – шаҳаншоҳ, дейдилар. Шаҳаншоҳ ҳукми ҳамиша Ҳиндистон мамлакатларида жорий этиларди. Ҳозир Эрону-Туронзамин бизнинг қўлимизда бўлгани учун Ҳиндистонни ҳам фатҳ этмоғимиз лозимдур”. Амирлар эса: “Борингки, Ҳиндистонни олдик ҳам дейлик. Бироқ у ерда турғун бўлиб қолсак, наслимиз йўқолади, авлодларимиз ўз аслидан ажраб, тиллари ҳиндча бўлиб кетади”, — дейишди. Мен эса Ҳиндистонга юриш учун ҳиммат камарини белга боғлаганимдан ўз азму-жазмимдан воз кечишни истамадим ва шундай жавоб қилдим: “Тангри таолога ўтинч билан мурожаат этайлик. Жанг қилиш ё қилмаслик ҳақида Қуръондан фол очайлик, токи Тангри таоло нени буюрса, шунга амал қилгаймиз”. Ҳаммалари менинг таклифимни маъқуллашди. Қуръонни масжиддан фол очсам, ушбу улуғ оят чиқди: “Эй пайғамбар, кофирларга ва мунофиқларга қарши жаҳд қилғил”. Уламо мазкур оятнинг мазмунини амирларга тушунтириб бергандан кейин, бошларини эгиб, жим бўлиб қолдилар. Уларнинг хомушлигидан дилим ранжиди. “Ўз-ўзимга кенгашиб, Ҳиндистонни забт этишга розилик бермаётган амирларни мансабларидан олиб, қўшинларини қутволларига топширмоқчи бўлдим. Лекин ўзим тарбиялаган кишилар бўлганликлари учун уларни хароб этишни истамадим. Гарчи улар юрагимни ҳар қанча қон қилган бўлсалар-да, уларга юмшоқлик, мулойимлик қилдим. Лекин охир-оқибатда менинг фикримга қўшилганларида, кўнглимда уларга нисбатан ғубор қолмади. Сўнгра қайтадан кенгаш чақириб, иқболимиз хонаси – Ҳиндистонга қарата қўл кўтариб, зафару-фатҳ фотиҳасини ўқидим…”

Ниҳоят, 1398 йил эрта кўкламида Турон қўшини Қашқадарё воҳаси орқали ўтиб, Термизга яқин ерда Амударёга ташлангар солкўприк устидан Хуросон мулкига ўтди.

Амир Темур бу юришга малика Сароймулкхоним билан тўрт яшар Улуғбек мирзони ҳам бирга олиб кетди. Ҳиндистон юриши тарихини ёзган муаррих Ғиёсиддин Али ушбу ҳолни шундай қайд этган эди: “Сафарда ўз замонасининг маҳди улёси, ўз асрининг Билқиси, барча жаҳон маликаларининг ҳимоячиси Бибихоним ҳам иштирок қилдилар, — илоҳи уларнинг шон-шавкати барқ уриб, иффатли хонимнинг шуҳратлари замину-замонга ёйилғай. Жамики инсониятнинг музаффар шаҳзодаси, Аллоҳнинг нури, подшоҳнинг қўлидаги узуги, чексиз бахт-саодат хазинасининг лаъли-дурафшони бўлмиш Улуғбек баҳодур ҳам қатнашдилар, — унинг ҳукми ва шуҳрати фаровон бўлғай”.

Мурғак амирзода илк марта Самарқанддан бошқа шаҳарларни: бобоси туғилган Кешни, Термиз, Балх, Бадахшон, Хулм, Арҳанг Сарой, Самангон, Андароб каби шаҳру-вилоятларни кўришга муваффақ бўлди. Тўрт ёшлик бўлишига қарамай аллақачон хат-саводи чиққан Улуғбек мирзонинг мурғак онги йўл давомида кўрган воқеаларни ўзича мушоҳада қиларди. Ҳар ўтган вақт, ҳар босиб ўтилган фарсаҳ, унинг дунё ҳақидаги тасаввурини бойитарди.

Андаробга яқин бир манзилда ёш мирзо даҳшатли ва ғаройиб воқеанинг гувоҳи бўлди. Тунда Соҳибқирон қароргоҳи ўрнашган ўтлоқ четидаги бир неча чодирга афғонлар ҳужум қилиб, жуда кўп кишининг ёстиғини қуритдилар. Бу ҳолдан қаттиқ ғазабланган Амир Темур қароргоҳ хавфсизлигига масъул амир ва навкарларни муносиб жазолагач, бир пора йигитларни юбориб, кўриниб турган тоғлар орасидаги афғон қалъасини забт этишни буюрди. “Улар ўт тишлаб келмагунча қўйманг!” – деб уқтирди ҳужумга отланганларга қаҳрдан юзи қизариб кетган Амир Темур.

Йигитлар эртаси куни катта ўлжа ва кўп асирлар билан қайтдилар. Улар қайтган йўлнинг чанги босилмай, кетма-кет бир тўда афғон келаётганини кўрдилар. Гуруҳнинг озлигини кўриб турса-да, Амир Темур ҳушёр туришни буюрди. Аммо яқинлашиб қолган афғонлар бўйинларига қилич осиғлиқ, ўт тишлаб келишаётганини кўргач, жаҳонгирнинг юзи ёришди. Афғонлар қароргоҳ четига яқинлашгач, баравар тиз чўкдилар. Навкарлар афғонларни чодир олдига бошлаб келдилар. Уларнинг ўт тишлаб туришлари, Улуғбекнинг кулгисини қўзғади. Аммо бобосининг “ялт” этиб қараганини сезган бола ўзини тийди.

— Мана, келдилар, биз сизнинг молингизмиз деб келдилар, — деди Амир Темур асирларга қаҳрли тикилиб. – Афғоннинг одати шу: урушмоқдан ожиз бўлсалар, ғанимлари олдига ўт тишлаб келадилар. Бу “Биз сизнинг молингизмиз” деганлари эмиш.

Улуғбек афғонлар тўдасига тикилиб қараркан, чеккадаги ориқ чолга ёпишиб, оғзида бир тутам ўт тишлаб турган, ўзига тенгдош болага кўзи тушди. У секин-аста юриб, болага яқинлашди. Унинг қаршисида тўхтагач, афғон бола қуралай кўзларини кўтарди. Қаршисидаги шоҳона кийинган амирзоданинг кулиб тургани афғон болага алам қилди шекилли, оғзида ўт, тилини чиқарди. Бу ҳолатни кузатиб турган Амир Темур юзида табассум пайдо бўлди. У набирасини чақирди:

— Улуғбек! Аларни сизга топширдим, хоҳласангиз ҳаммасини ўлдирғайсиз, хоҳласангиз озод этғайсиз!

Улуғбек ҳайрон қотиб қоли. У нима қилишини билмасди. Кейин ялт этиб, бобосиними, отасиними маҳкам ушлаб турган афғон болага қаради. Сўнг яна бобосига ўгириларкан пичирлади:
— Мен уларни озод қилсам… майлими?
— Ихтиёрингиз! Айтдим-ку, аларни сизга топширдим, деб!

Улуғбек бирдан четда турган мулозимга қараб буюрди:
— Сув келтириб, уларга ичир!

Мулозим сув келтиргач, Улуғбек косаларнинг бирини олиб, афғон болага тутди. Бола ҳапқириб ича бошлади. Ниҳоят ҳамма асирлар сув ичиб бўлгач, Улуғбек бобосига қаради:
— Бобожон, алар меҳмонимиз бўлдилар, меҳмонни ўлдириш фазлу-карам аҳлининг расми эмасдур.

Тўрт яшар боладан чиққан бу гапни эшитган Соҳибқирон бир муддат донг қотди. Сўнг набирасининг фаросатига қойил қолиб, “давом эт” дегандек бош силкиди.
— Мен аларни озод қилдим! – деди овозини баландроқ чиқариб Улуғбек.

Асирлар ёнида турган қўрбоши Соҳибқиронга қаради. Амир Темур “Бажар!” дегандек, ишора қилгач, қўрбоши афғонларга яқинлашиб, нималарнидир айтиб бақирди. Афғонлар ўринларидан турдилар, аммо нимадандир ҳайиқиб қотиб туравердилар. Соҳибқирон ёнида турган амирга буюрди:

— Бориб айт, набирам Улуғбек мирзо алар гуноҳини авф этиб, озод қилди! Аммо, бу ёғига эҳтиёт бўлсунлар, мабодо яна ёғийлик ила қўлимга тушсалар, набирам эмас, тақдирларини ўзим ҳал қилгайман. Ўт тишлаб келғонларига ҳам қараб ўтирмайман!

Амир югуриб бориб, афғонларга сўз уқтира кетди. Афғонлар дам Амир Темурга, дам Улуғбек томонга қараб, бир пас эскнкираб турдилар-да, бирдан баравар тиз чўкиб, бошларини ерга қўйдилар. Сўнг ўринларидан туриб кета бошладилар.

Улуғбек чол қўлини маҳкам ушлаб бораётган афғон боладан кўзини узмасди. Қани эди, у шу ерда қолса-ю, бирга ўйнашса! Тўсатдан афғон бола ялт этиб, орқасига ўгирилди. Унинг кўзлари кулиб турарди. Улуғбек ҳам жилмайди. Афғон бола эса худди аввалгидек тилини чиқарди. Улуғбек ҳам унга шундай жавоб қилди. Кўп ўтмай асирлар тўдаси кўздан йўқолди…

Амир Темур ёз мавсумини Андаробда ўтказиб, ҳижрий 800 йил зулҳижжа ойининг бошида – мелодий 1398 йилнинг августида Панжшир дарёси ёқалаб Кобул томон йўналди. Кобулда унга бўлажак юришдп омаду-фатҳ тиламоққа келган Олтин Ўрда хони ва ўғли Мироншоҳ йўллаган элчиларни қабул қилди. Олтин Ўрда элчилари бир қанча муддат ўтиб, қайтишга ижозат тилагач, уларнинг карвонини қўриқлаш учун бир гуруҳ аскар ажратди. У бу ишни ёлғиз элчилари ўйлаб эмас, карвон билан доруссалтанатга қайтиши маъқул топилган Сароймулкхоним билан Улуғбек мирзо хавфсизлигини таъминлаш учун қилган эди. Амир Темур малика билан набирасини нима сабабдан шошилинч тарзда Самарқандга жўнатди? Муаррих Ғиёсиддин Али бу ҳақда шундай ёзади: “Подшоҳи олам ҳарчанд уларни ўз ёнларидан силжитмасликни истасалар ҳам ва нури дийдалари, жигарпораларидан айрилиш ҳарчанд оғир бўлса ҳам, жаҳонгир ҳазратлари Ҳиндистоннинг иссиғи амирзода Улуғбекнинг муборак соғлиқларига – худонинг ўзи асрасин – зарар етказмасмикин, деб хавотирда бўлдилар. Ҳукмдор айрилиқ дардига чидаб, муқаддас жиҳодни тўхтатмасликни афзал кўрдилар. Дин йўлидаги ҳимматлари ҳукмдорни Улуғбекка бўлган меҳрдан кечиб, ундан жудо бўлишга мажбур қилди. Аммо набираси ўз бобосининг қароргоҳидан қанча узоқ бўлса ҳам, у бутун вужуди ва қиёфаси билан сафар вақтида қароргоҳдаги ҳукмдорнинг кўз ўнгида турди…”

Муаррихнинг мана шу қисқа қайдида бобо билан набира ўртасидаги меҳр-муҳаббат нақадар яқин бўлгани, қолаверса қаҳри қаттиқ Амир Темур ҳақида узоқ йиллар зўр бериб миямизга қуйилган гапларга мутлақо зид тарзда улуғ жаҳонгир бобомиз қиёфасининг янги қиррасини очиб кўрсатувчи ҳақиқат мавжуддир.

Бундан ўн етти йил аввал қўлга киритилган Хуросон мулкининг Ҳиндистон билан чегарадош қисми ҳамиша нотинч бўлиб келган. Ҳиндистон юришини мақсад қилган Соҳибқирон шу сабабдан ҳам қўшин ортини хавф-хатардан ҳоли қилиш ниятида Қобулни тарк этиб, Сулаймоншоҳ тоғлари яқинида яшаган афғон қабилалари, бебош қора кийимлилар – сиёҳпўшлар номи билан машҳур исёнчиларни тавбасига таянтириш, ўзининг кўнглини тинчлантириш билан машғул бўлди. Қолаверса, бу тадбир Деҳли ҳукмдори, Ферузшоҳ лақабли Султон Маҳмудхонни чалғитишнинг йўли ҳам эди. Гўё ўзини Ҳиндистонни забт этиш учун эмас, мана шу бебош қабилаларни итоатга келтириш учун келган қилиб кўрсатмоқчи бўлди.

Вақт етиши билан Амир Темур ўттиз минг аскарга раҳбар бўлмиш амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгирга Сулаймон тоғларини ошиб, Синд дарёсини тўхтамай кечиб ўтиб Мўлтон вилоятига, амирзода Муҳаммад Султон, амирзода Рустам бошчилигидаги ўттиз минглик қўшинга эса Синд дарёси ёқалаб Кашмир тоғи этагидаги йўлдан юриб, Лоҳур вилоятига босқин қилишга фармон берди. Ўзи бўлса қўшиннинг асосий қисми – ғул билан Бадахшон вилояти томонга йўналди ва тоғ ошиб, Ҳиндистон сарҳадларига бостириб кирди. Орадан кўп вақт ўтмай, Султон Маҳмудхон Деҳли шаҳри ёнида мағлуб этилди. Доруссалтанат бўлмиш Деҳли 1398 йилнинг 19 декабрида фатҳ этилди.

Амир Темур зафарли юришини тугатиб, ҳижрий 801 йил ражаб ойининг йигирма биринчи куни – мелодий 1399 йил 28 март куни Амударё устида солинган солкўприкдан Мовароуннаҳр тупроғига ўтди. Кўприк тузилган ерда Термиз саййидлари бошлиқ уламою-қузало, салтанат акобирлари музаффар қўшинни катта тантана билан кутиб олдилар. Самарқанддан Сароймулкхоним бошлиқ маликалар, улр қатида Улуғбек мирзо ҳам Соҳибқиронни пешвоз олиш учун бу ерга келган эдилар. Роппа-роса беш ёшга тўлган Улуғбек кўприк қаршисида тикланган шийпонда кўзлари аланг-паланг бўлиб, суюкли бобосини кўришга ошиқарди. Амир Темур соҳилга қадам қўйиши билан уни кутиб олишга чиққанлар, айниқса доруссалтанага қолган салтанат акобирлари бир-бирлари билан ким ўздига баҳс қилгандай, ўз ҳукмдорлари, юриш пайтида кўрсатган қаҳрамонликлари оғизма-оғиз кўчиб аллақачонлар Мовароуннаҳрга етиб келган диловар шаҳзодалар: Халил Султон, Султон Ҳусайн, Муҳаммад Султон бошлари узра дурру-жавоҳир ва олтин танга соча бошладилар. Айниқса, икки шаҳзода Халил Султон билан Султон Ҳусайн азамат ўспиринлар эдилар. Беғубор, тетик юзларидаги майса мўйларига ҳали устара теккани йўқ. Улар одамларнинг бундай муомаласидан жуда ҳижолат бўлиб, индамай, ерга қараб қадам ташлардилар. Улуғбек мирзо бир лаҳза бобосини ҳам унутиб, амирзода Халил Султонга маҳлиё бўлиб қолди. У ўн беш яшар амакиваччасининг Деҳли жангида ёлғиз қилич билан маст филга қўрқмасдан ҳужум қилгани ҳақида Самарқандга етиб борган фатҳномадан билиб олган эди. Ғиёсиддин Али битган фатҳномада Халил Султон жасоратига оид қисқа эслатма кўп ўтмай муаррихнинг Ҳиндистон юришига бағишланган асарида бир неча саҳифани эгаллади:

“Жангларнинг бирида душман Уқёнус каби қудратли, даҳшатли катта фил жангчиларни сафба-саф қилиб тизди. Шу чоқда Халил Султон душманга рўпара чиқиб, қилич яланғочлади ва ўзи тоғдек, хулқи-атвори деб каби ваҳший, иблисдай қабиҳ, хартуми одам каллаларини човгон ўйинидаги коптокдек илиб олиб, йўқлик оламига улоқтираётган бир филга ҳамла қилди.

Ҳеч бир замонда ҳеч қандай навқирон шаҳзода бу каби мардлик қилгани ва шу билан кеча ва кундуз саҳифасига ўз номи ила шон-шавкатини ёзиб қолдиргани тарихда ҳеч бўлган эмас…”

Улуғбек хаёлан бобосининг Самарқанддаги Боғи Биҳишт боғидаги қўриқхонада кўрган фил билан Халил Султон гавдасини солиштираркан, ичида амакиваччасига қойил қолди. Кейин “Халил Султон ўрнида мен бўлсам, филдан қўрқармидим ё қўрқмасмидим?” дея ўйга ботди.

Ҳиндистонда оғир хасталикка дучор бўлган Амир Темур анча озган, ранг-рўйи оқарган, оғир дард азоби туфайли кечалари уйқуга тўймаган кўзлари киртайган аҳволда эди. У маликалар билан орадан бир йил вақт ўтмагандек, хотиржам саломлашди. Аммо Улуғбекка кўзи тушди-ю, кўзларида хира тортган нур қайтадан кучайиб жилваланди.
— Эҳе, мени кутиб олишга сиз ҳам келдингизму, улуғ бегим?! – деди у набирасини қучоқлаб, бағрига маҳкам босар экан.

Бобосининг қувончи бола кўнглини эритиб юборди, бирдан кўзларига ёш қуйилди, аммо бобоси йиғлоқиларни суймаслигини эслади-ю, кўзёшларини бобосининг елкаларига билинтирмай суркади.
— Мен сизга мактуб жўнатган эдим, ўқидингизму? – Амир Темур набирасига савол назари билан тикилди.
— Ўқидим, бобожон, ўқидим! – деди ўнг қўлини кўксига босган Улуғбек.

Унинг бу ҳаракати набирасини соғинган бобонинг баттар завқини келтирди. Набирасини қайтиб бағрига босар экан, сўради:
— Сизни кўп китоб ўқийди, деб ёзибди бибингиз, тўғрими?

Аммо бобоси набирасининг жавобини эшита олмади, бояттан бери катталарга ўхшаб ўзини сипо тутиб турган бола, бирдан бобосининг қучоғидан юлқиниб чиқди-да, кўприк томонга отилди. Амир Темур унинг ортидан бораркан, набирасининг қилиғидан хафа бўлишга ҳам улгурмади, дарров тушунди.

Дарё устига ташланган иккинчи солкўприкдан Ҳиндистон ғазовати чоғида ўлжа олинган бойликни кўтарган бир юз тўқсон бир фил ўта бошлаган – набирасининг ҳаёлини тортган нарса ҳам мана шу филлар эди. Қолаверса, бошқаларнинг диққати ҳам ўша томонга қаратилган, ҳатто маликалар ҳам Соғибқирон қошида турганларини бир дам унутиб, кўприк томонга ҳайратланиб боқардилар.

ҲАВАСНИНГ ТУҒИЛИШИ

Ҳиндистондан бетоб бўлиб қайтган Амир Темур икки-уч кун Термиз яқинида, дарё бўйидаги Ҳақим ат-Термизий мақбараси яқинида жойлашган чорбоғда дам олди. Кейинги кунлар қадим-қадимдан, эски асотирларда битилганидек, авлиё ва саййидлар макони саналган мазкур шаҳар теварагидаги муқаддас мозорларни зиёрат қилди. Тўртинчи куни қайиқ билан Пайғамбар оролига ўтди ва унга ҳамроҳ бўлган қорилар куни билан Зул Кифл мозори бошида Қуръон тиловат қилдилар.

Мана шу кунлар давомида солкўприкдан қаторлашиб ўтган сон-саноқсиз лашкар қурол-яроғининг шарақлаши, отларнинг безовта кишнаши тинмади.

Улуғбек мудом бобоси ёнида бўлди. Набирасининг қаттиқ соғинган Соҳибқирон болани ёнида жилдирмас, суҳбатлашиб завқ оларди. Малика Сароймулкхоним жаҳонгир эрининг юрагида фонус ичидаги ўт каби равшан тортган меҳри энг моҳир табиблар куну қўллаган малҳаму-дорилардан кучлироқ шифо бўлаётганини сезгандек, бобо-набира суҳбатига деярли аралашмас, ҳар замонда, ўшандаям берилган саволга жавоб қайтариб, гап қўшарди, холос.

Бир ҳафтадан кейин Сароймулкхоним амирзода Улуғбек номидан Соҳибқирон шарафига базм тузди. Ўша куни Деҳлида ва бошқа шаҳарларда қўлга олинган бойликнинг бир қисми яшил чорбоғ этагидаги ялангликда намойиш этилди. Базмдан сўнг томошага чиққан Амир Темур ўзига соядек эргашган набирасининг қулоғига нималарнидир шивирлади. Улуғбек мирзонинг кўзлари чақнаб, ёйиб қўйилган буюмлар томонга югуриб кетди.

Соҳибқирон ўзига савол назари билан қараган Маликага тикилди. Ортидан қолмай деярли барча ҳарбий юришларда қатнашган завжасининг сочлари оқара бошлаганини кўриб, вақт шиддат билан ўтаётганини юракдан сезди.

— Болага нима дедингизки, бунча қувонди! – деб сўради Сароймулкхоним.
— Кўнглингга нима ёқса, ўшани олишинг мумкин дедим, — дея жилмайди Амир Темур, сўнг қўшиб қўйди: — Сизлар ҳам боринглар.

Улуғбек ёйиб қўйилган буюмлар оралаб юрар, кўклам ёшартирган қуёшнинг нурларидан минг турда товланаётган буюмлардан кўзлари қамашиб, ҳайратланарди.

Катта кумуш баркашларда уюм-уюм қилиб қўйилган инжулар, дуру-гавҳарлар, кабутар тухумидек келадиган ёқутлар, тиллаю-кумушдан ясалган бир неча қўлли, турли қиёфадаги маъбудалар-ҳайкалчалари, Деҳли ҳукмдори хазинасидан олинган сандиқ тўла тиллаю-кумушлар, сопларида тенги йўқ қимматбаҳо тошлар жимжима қилиб нақшланган қиличлар, дастаси олтиндан қуёлган гурзилар, — хуллас ёйиб қўйилган бойликларнинг бир қарашда кўз қамраб ололмасди. Юз тўқсон бир филдаги хазинанинг ҳаммаси ёйиб қўйилганда нима бўлишини маликалар тасаввур қилолмай ҳайрон эдилар.

Тўсатдан Улуғбекнинг нигоҳи бир буюмга тушди-ю, анграйиб уни томоша қила бошлади. Унинг диққатини тортган нарса бибисининг қулоғидаги самарқанча балдоққа ўхшар, фақат балдоқдан бир неча баробар каттароқ эди. Илмоққа осилган ҳалқа атрофи сон-саноқсиз катакларга бўлинган, уларда қандайдир сўзлар ва рақамлар ёзилган. Ҳалқа ўртасида яна бир доира бўлиб, доира устида эса учлари катта ҳалқадаги катаклар бўйлаб айланадиган, чизиқмасимон юпқа мис тахтакач ўрнатилган. Улуғбек ўзини қизиқтирган буюмни қўлига олиб, завқ билан кўздан кечираркан, мис тахтакачни айлантира бошлади. Шу ўйинга берилиб кетиб, ўзига яқинлашган бобосини сезмай қолди.
— Танлаб олдингизму, улуғ бегим! – деб сўради Амир Темур.

Улуғбек мирзо бобосига нима деб жавоб беришни билмай қолди.
— Тезроқ танлангиз, ҳозир аларни филларга юклаб, Самарқанлға жўнатғайлар, — деди Соҳибқирон неварасининг елкасига қўлини қўйиб.
— Мана бу… мана буни олгайман, — деб қўлидаги буюмни бобосига кўрсатди Улуғбек мирзо.

— Эҳ-ҳе, буни не қиласиз! Ана, ҳув анави қилични ўзингизга олсангиз-чи, — дея маслаҳат берган бўлди Амир Темур набирасига. – Уни уч аср бурун Лаҳорда ясағонлар. Лаҳор пўлати Дамашқ пўлатидан ҳам аълодур.
— Бобожон, ижозат берсангиз, мен шу буюмни олақоламан, — деди Улуғбек бобосига тийрак кўзларини қадаб.

— Бу ўзи нималигини биласизми? – деб сўради Соҳибқирон.
— Йўқ, — деди бола кўзларини жовдиратиб.

Юлдузлар илми – илми ҳайъатдан яхши хабардор Амир Темур набираси қўлидаги буюмнинг нималигини аниқ биларди.
— Бу нарса – устурлоб. У осмону-фалакдаги юлдузлар ҳолатини аниқлайдиган олатдур.

Амир Темур атрофига аланглаб, сафарда бирга ҳамроҳ бўлган фалакшунос олим Мавлоно Аҳмадни қидирди. Ниҳоят уни кўрди-ю, қошига чақирди. Кейин устурлобни ушлаб олган набирасини Мавлоно Аҳмадга топшириб, ўзи Самарқандга қараб йўлга чиқиш олдидан тиниқиб олиш мақсадида дарё бўйидаги чорбоғ томон кетди.

Ўша куни Улуғбек мирзо Мавлоно Аҳмаддан юлдузлар ҳақида, юлдузлар ҳолатини ўрганувчи илми ҳайъат, юлдузларга қараб фол очишга хизмат қилган илми нужум – астрология хусусида илк сабоқ олди. У мавлоно айтган кўп гапларни англамаган бўлса-да, ўша кундан эътиборан осмондаги юлдузларга қизиқиш билан қарайдиган, баъзан уларга тикилиб ҳаёл сурадиган одат чиқарди. Айниқса, Мавлоно Аҳмаднинг Мовароуннаҳрдан етишган улуғ алломалар: Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Маҳмуд Хўжандий, Муҳаммад ал-Хоразмийлар юлдузлар илми билан шуғулланганлари ҳақидаги ҳикояси уни қаттиқ ҳаяжонга солди. Кўнглида буюк ватандошларига ҳавас уйғонди. Бу ҳавас бутун умри давомида уни тинч қўймаслигидан ўзи ҳали бехабар эди…

Ўша куннинг эртаси Самарқандга йўлга тушдилар. Йўлнинг тўртинчи куни Шоҳруҳ мирзо билан юриш пайтида Самарқандни идора қилиш ҳуқуқи берилган Умаршайх мирзо (Мироншоҳнинг ўғли) Соҳибқирон оталари ва боболарига пешвоз чиқдилар.

Роппа-роса бир ҳафтадан сўнг улар Амир Темур Тахтиқорача довонини ошиб ўтиб, Самарқанд тупроғига оёқ урди ва эртаси куни тоғ билан шаҳар орақлиғидаги Боғи Жаҳоннамога қўнди. Бир кундан кейин Давлатобод боғига кўчди. У ердан Самарқандга энг яқин жойлашган Боғи Дилкушога кўчди. Сана ҳижрий 801 йил шаъбон ойи – мелодий 1399 йилнинг апрели эди.

Боғи Дилкушога қўниб, чарчоғини ёзган Амир Темур яна бир кундан сўнг саҳоба Қусам ибн Аббоснинг файз берувчи мозорига бориб қутланди. Ундан Шоҳизинда мозори дарвозасининг қаршисида бўлган малика Туман оғо хонақоҳида пешин намозини адо қилди. Сўнгра шаҳар жанубидаги Боғи Чинорга қараб жўнади. Келаси кун Боғи Баландга келди.

Ўрни келганидан бир азиз китобхонга жаҳонгир бобомиз фақат ҳарбий юришлар билан банд бўлмай, буюк меъморчилик иншоотлари тиклаган ҳукмдор бўлгани хусусида, бунинг исботи бўлмиш Самарқанд атрофида Амир Темур барпо қилган боғлар хусусида қисқача ҳикоя қиламиз. Илло, Соҳибқирон бобосининг бу хайрли ишини Улуғбек мирзо ҳам давом эттирди ва бобоси каби боғлар тиклади.

АМИР ТЕМУР БОҒЛАРИ

Боғ яратиш, боғдорчилик амали инсоният тараққиёти тарихидаги энг улуғ кашфиётлардан биридир. Инсон ибтидоий замонлардан боғни ҳаёт ва тўкинчилик рамзи санайди. Барча қадимий диний асотирларда жаннат мангу яшнаб турган боғга қиёс этилади. Шу сабабдан Шарқ шоирлари гўзал боғларни ва яшил-кўкаламзор шаҳарларни “жаннатмонанд”, “фирдавсмонанд” дея таъриф этадилар.

Энг қадимий Шумер салтанатидан бошлаб инсоният суғориш тармоқларини такомиллаштириб борган. Бу эса ўз навбатида боғдорчиликни ривожлантиришга туртки берган. Олис юлдузлар сирини кашф этишга иштиёқманд қадим донишмандлар табиатни гўзаллик тимсоли деб билиб, ундан руҳий завқ олишга интилганлар, охир-оқибатда нафис табиат ижодидан қиёс олиб боғлар яратишга тутинганлар. Мелоддан аввалги 811-781 йилларда Ашшура (Ассирия) маликаси Шамурамат – Семирамада яратган осма боғлар, Миср подшоси Шаддод бунёд этган Боғи Эрам ҳақидаги афсоналар ҳануз-ҳанузгача кўнгилларни ҳаяжонга солади.

Боғдорчилик халқ тарихи, унинг маданияти, илм-фани, адабиёти ва санъати, деҳқончилиги тарихи ва тажрибаси билан чамбарчас боғлиқ. Муайян халқ яшаган жўғрофий ҳудуд, унинг маданий-илмий равнақи, адабиёти ва санъати, деҳқончилик ва суҳориш тармоқлари даражаси ўтмишда яратилган боғу-роғларда ўз аксини топган.

Буюк бобомиз Амир Темур бунёд этган боғлар жаҳон боғдорчилик тарихида алоҳида ўрин эгаллайди. Соҳибқирон тарихини ўрганиш билан шуғулланган барча муарриху-олимлар Турон Султонининг боғдорчилик санъатидаги салоҳиятини эътироф этиб, ўз асарларида у иншо этган боғларни таърифу-тасниф айлайдилар.

Фирдавсмонанд деб мадҳ этилган Самарқанд тупроғи азал-азалдан боғлар мамлакати саналган. Минг йилча бурун бу тупроққа келган Истаҳрий шундай маълумот ёзиб қолдирган эди: “Бирон тепаликка чиқиб, атрофга назар ташлайдиган бўлсангиз, Самарқанд Сўғдида, шунингдек, Самарқанднинг ўзида ҳам нигоҳингиз кўкаламзорга ва ёқимли жойларга тушади. Унинг яқинида дов-дарахтсиз тоғлар ва чанги фиғон ураётган даштлар йўқ. Самарқанд Сўғди биз тилга олган уч жой орасида энг гўзалидир, чунки у Бухоро чегарасига қадар Сўғд (Зарафшон) дарёси бўйлаб ўнг ва чап томондан узилмай давом этиб келади. Унинг катталиги шунчаки, кўкаламзор ва боғлар орасидан саккиз кун юрасан. Бу доимо сув оқиб турадиган ариқлар билан ўраб олинган яхлит боғлардир, ўтлоқлар ва далалар ўртасида эса ҳовузлар бор. Дарёнинг ҳар икки ёқаси кўм-кўк дарахтлар ва экинзорлар билан қопланган. Яшил дарахтлар экинларни ҳимоя қилади, экинзорлардан кейин эса чорва моллари учун яйловлар ястанган. Бу ердаги ҳар бир шаҳар ва қишлоқда қўрғон бўлиб, у кўкаламзорлар орасида бамисоли сув ўзанлари билан тўқилган ва қасрларнинг жилваси билан безатилган яшил парча либосдек ярқираб туради. Сўғд, Аллоҳ мамлакатларининг энг унумдор еридир, унда энг яхши дарахтлар ва мевалар, одамлар яшайдиган барча масканда боғлар, ҳовузлар ва оқар сувлар бор. Оқар сувли ариғи бўлмаган кўча ёки уй камдан-кам учрайди”.

Амир Темур замонида Зарафшон воҳаси Истаҳрий таърифлаган гўзаллигини сақлаб қолган эди. Соҳибқирон фахр билан айтар эканки: “Менинг бир боғим борки, у Бухородан Самарқандгачадир”. Яна айтар эканларки: “Шоҳ бўлсанг-да, боғ ярат, гадо бўлсанг-да боғ ярат, бир куни мевасидан тотарсан”. Қудратли салтанат пойтахти теварагида Амир Темур томонида бунёд этилган боғлар хусусида муаррих Абу Тоҳирхўжа Самарқандий шундай ёзади: “Самарқандда Амир Темур Кўрагон солдирган боғларким, Эрам гулистони рашк қилар даражада, еттита экан:

Биринчиси – Боғи Шимол – Самарқанд шимолида. Девори Қиёмат ичида. Иккинчиси – Боғи Баланд. Учинчиси – Боғи Беҳишт. Тўртинчиси – Боғи Чинор. Бу икки боғ шаҳарнинг кунчиқар томонида. Бешинчиси – Боғи Дилкушо бўлиб, Конигилнинг жануб томонида. Конигил Кўҳак дарёсининг ёқасида, Самарқанднинг энг гўзал ва чиройлик еридир. Олтинчиси – Боғи Зоғон – Шовдор туманининг шимол томонида воқедир. Еттинчиси – Боғи Жаҳоннамо – Анҳор туманида бўлиб, тоғ этагига яқин ерда, Самарқанднинг жанубида бунёд қилингандир”.

Биз Абу Тоҳирхўжа ҳазрат Соҳибқирон тиклаган боғларнинг ҳаммасини санамагани учун саноқда давом этамиз: Саккизинчи боғнинг номи Боғи Нав. Тўққизинчиси – Боғи Бўлду. Бу боғ тахминан Боғи Дилкушога яқин ерда жойлашган. Ўнинчиси – Боғи Нақшижаҳон – Чўпонота тепалигининг жанубий этакларида бўлган. Тадқиқотчилар бу боғни Амир Темур бино этган дастлабки боғлардан биридир деб ҳисоблайдилар. Бобур мирзонинг ёзишича, боғ Оби Раҳмат ариғи ёқасида жойлашган. Ўн биринчиси Боғи Давлатободдир. У Самарқанднинг жанубида, Термизга кетиш йўлининг чап томонида, Боғи Дилкушо билан Боғи Жаҳоннамо оралиғида барпо этилган. Яна бир ҳужжатга кўра, Дарғом ариғи ёқасида бўлган. Ўн иккинчи боғ Соҳибқирон замонида амирзода Шоҳруҳ шарафига ёки мирзонинг ўзи томонидан тикланган боғ бўлиб, у китобларда “Боғи амирзодайи Шоҳруҳ” номи билан тилга олинади. Ўн учинчиси – Боғи Майдон. Ўн тўртинчиси – Боғча. Ўн бешинчиси – Гулбоғ ёхуд Тахтиқорача боғи.
Биз мазкур боғлар хусусида мухтасар маълумот беришни мақсад қилдик, токи мозий муаррихларидан бири айтганидек, “ҳар эзгу ишдан ибрат олингиз, эй ақли солим эгалари!”

1. БОҒИ ШИМОЛ. Бу боғ халқ орасида Боғишамол номи билан машҳур бўлган. У 1397 йили иншо этилган. Муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг қайд этишича, бу манзил боғ асос бўлмасдан олдин ҳа кўкаламзор жой бўлган. Муаррих ёзади: “Ҳазрати Соҳибқирон обод Самарқанднинг шимолий томонида барпо этгани Боғи Шимол номи билан машҳур боққа кўчиб ўтиб, жаҳон аҳли сиғгудек улкан саропарда (шоҳона чодир) қурдирди. Унинг дарвозаси олдидаги чодир (кўндалон) ҳамда подшоҳ қабулхонаси (боргоҳ) базмлар учун тикилган катта ва кичик чодирлар кўкка бўй чўзиб, ойга теккудек туюларди. Бу боғи Эрам янглиғ ором маскани жаннатнинг базм саройи ҳасад қиладиган даражада ораста ва салобатли қилиб безатдилар. Қазодек кескин фармон содир бўлдики, ул фирдавсмонанд боғда амирзода Мироншоҳнинг қизи, олий иффат соҳибаси Бека Султон номига атаб дилни ром этувчи баланд қаср ва гўзал бир ишратгоҳ қурсинлар. Форс ўлкасининг барча вилоятлари, Ироқ, Озарбайжон, Доруссалом (Бағдод) ва бошқа мамлакатлардан жамъ бўлган моҳир муҳандислар, равшан фикрли меъморлар қасрнинг тарҳини теран фаросат қалами билан маҳорат лавҳасига чиздилар. Уни ҳазрати Соҳибқирон маъқуллагач, ёрқин раъйли мунажжимлар қаср қурилишини бошлаш учун муносиб вақтни белгилашда ҳушёрлик ва эҳтиёткорликнинг барча шартларига риоя қилган ҳолда 799 сана жумодул охир ойининг (1397 йил, март) қувончли бир соати ва бахтли бир толеъида иншосини бошладилар.

Қасрнинг тўрт рукнини амирлар ўртасида тақсимлаб, ҳар бир ишбоши ихтиёрига бирор мамлакатдан келтирилган ҳунармандларни тайин қилдилар… мустаҳкам рукнларини бағоят маҳкам ва пухта қилиб кўтардилар. Ҳар бир рукнига биттадан Табриздан келтирилган мармар тошдан ишланган устун ўрнатдилар. Деворлари сатҳини ложувард ва олтин билан шундай ажойиб ва ҳайратомуз даражада гўзал этиб нақшладиларки, уларнинг тароватидан Моний расмлари ва Чин нигорхонасини уяту-хижолат ғубори қоплади. Қасрнинг саҳнига мармар тошлардан ва Кўҳи Нур (Нурота)дан келтирилган тошлардан чиройли қилиб ётқиздилар… Ташқи деворининг ич тарафидаги изорасини кошин билан зийнатладилар”.

Бу сарой ҳақида машҳур можор олими Армений Вамбери “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида шундай ёзади: “Мазкур сарой тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар томони бир ярим минг қадам келарди. Унинг мармар нақшлари ажойиб, ҳайратли эди. Замини қайрағоч ва фил тишидан ишланган кошинли эди…”

Бир қанча тарихий манбаларда боғ шаҳарнинг “Девори Қиёмат” деб аталган қадимий девори чегарасида, Дамашқ (Димишқ) қишлоғи яқинида бўлган, деб кўрсатилади. Ўша ерда боғ номи билан аталган ариқ оқиб ўтган. Самарқандликлар Амир Темур шарафига шаҳар туманларидан бирини Боғишамол деб аташган.

2. БОҒИ БЕҲИШТ – Самарқанднинг ғарбий тарафида малика Туман оғо шарафига 1378 йилда иншо этилган. Бу боғ Боғи Шимолнинг жануби-ғарбида жойлашган. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, боғдаги сарой атрофини сув билан тўлдирилган хандақ ўраган бўлиб, бир неча кўприк сарой билан боғни ўзаро боғлаб турган. Ғоят кўркам боғ саройи атайлаб кўтарилган дасти тепалик устида Табриздан келтирилган оқ мармардан тикланган.

Боғи Беҳиштнинг бир томонида ҳайвонот боғчаси – қўриқхона бўлиб, ундаги жониворлар қафасларда эмас, атрофи ўралган майдончаларда эркин ҳолда сақланган. Шунинг учун бир қатор Ғарб тадқиқотчилари Амир Темурни илк қўриқхона асосчиси деб ҳисоблайдилар.

Боғ манзили ҳақида турли фикрлар мавжуд. Агар “Самария” муаллифи уни Самарқанднинг шарқида жойлашган деб ёзса, Бобур мирзо “Бобурнома”да: “шаҳарнинг қуйи ёнида Боғи Шимол ва Боғи Беҳишттур”, дея қайд этади. Қадимшунос М.Массон ўз текширишларида бу боғнинг ўрнини Боғи Шамолдан жануби-ғарбда бўлган, деб кўрсатади. Ўзбек олими Ў.Алимов эса “Ўрта асрларда Мовароуннаҳрда боғдорчилик хўжалиги тарихи” китобида олиб борган изланишлари натижасида боғдан бирор из топилмагани ҳақида ёзади. Биз бу ўринда кўпроқ Бобур мирзо гувоҳлиги ҳақиқатга молик деб ҳисоблаймиз.

3. БОҒИ БАЛАНД – шаҳарнинг шимолидаги Чўпонота тепалиги ёнбағрида барпо этилган боғ. У Амир Темурнинг энг гўзал боғларидан саналиб, боғни яратишда Эрон, Ироқ, Озарбайжон ва бошқа забт этилган ўлкалардан келтирилган уста меъморлар қатнашган. Боғдаги Табриз мармари билан тикланган сарой биноси учта катта хонадон иборат бўлиб, унда қимматбаҳо буюмлар, нодир санъат асарлари сақланган. Бу боғ Соҳибқироннинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оғабегимга атаб қурилган. Пойтахт шимолидаги тепаликда барпо этилгани сабаб, Боғи Баланд номини олган. Боғнинг асосий қисми узумзор, олмазор ва анжирзордан иборат бўлган. Ҳозиргача Боғи Баланд деб аталувчи бу манзил ўзининг тўкин анжирзорлари билан машҳур.

4. БОҒИ ДУЛКУШО – Самарқанд шарқидаги боғ. Шаҳардан тахминан олти чақирим масофада, Панжакент йўлининг ўнг томонида бўлган. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Боғи Дилкушони бино қилиш давомида олдиндан мавжуд бўлган ўн иккита боғ бирлаштирилиб мукаммалаштирилган. Боғ қурилиши 1396 йилда бошланган. Боғда гумбаз шаклида тикланган қаср ва унинг уч томонида миноралар юксалиб турган. 1398 йил баҳорида – Ҳинд юриши арафасида Амир Темур шу янги боғда мислсиз тантаналар ўтказиб, амир Хизрхўжа қизи – Тўкалхонимга уйланган ва боғдаги қасрни ёш маликага атаган.

“Зафарнома” муаллифи ёзади: “Боғ ниҳоятда дилкушо ва гўзал тарзда барпо этилгач, безавол иқбол тили унинг исми-жисмига монанд бўлсин учун “Боғи Дилкушо” деб атади”.

Боғи Дилкушо тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар бир томони бир ярим минг газга эн берган. Тўрт томонда тоқи рангли кошинлару-нақши нигорлар билан зийнатланган дарвозалари бўлган. Шаҳарга қараган дарвоза тоқида “Дарвозайи Феруза” деб ҳал билан жуда чиройли ёзилган. Бобур мирзо ёзишича, “Андин (боғдан) Феруза дарвозасигача хиёбон қилиб, икки тарафида терак йиғочлари эктирибтур”.
Боғнинг тўрт бурчагида, муаррихлар таърифлаганидек, ат-Тоир юлдузига етгудек баланд миноралар қад кўтарган. Боғ саҳни ҳандаса услубида тўртбурчак шаклидаги йўлаклар ва олтибурчагу-учбурчак шаклидаги чаманзорларга бўлинган. Йўлаклар четида оқтераклар, олти ва учбурчакли чаманзорлар атрофида мевали дарахтлар, гулбуталар яшнаган.

Боя айтганимиздек, боғ ўртасида тикланган юксак гумбазли қасрнинг уч пештоғи ва уч минораси бўлган. Оқ мармардан тикланган мазкур сарой ой нурида товланиб турган. Узоқдан ҳам саройнинг кенг, катта, осмон ва юлдузлар акс этган кошинлар билан безатилган пештоқлари яққол кўринган. Пештоқларда осмону-юлдузларнинг акс эттирилиши, Соҳибқироннинг илми-фалакиётга қизиққани хусусидаги олдинги сўзларимизни тасдиқлайди.

Мелодий 1399 йилда қаср деворларида Амир Темурнинг Ҳиндистон юриши воқеалари рангин тасвирланган – “Бобурнома”дан: “…Кўшкта Темурбекнинг Ҳиндистон урушини тасвир қилибтур”. Ўша пайтда саройдаги наққош ва мусаввирларнинг раҳбари Абдулҳайй ал-Бағдодий бўлган. Абдулҳайй қўл остида ишлаган санъатчилардан айримларининг, жумладан, уста Абдуллоҳ ва Заҳириддин Азҳор кабиларнинг номлари ҳам маълум. Агар Абдулҳайй ал-Бағдодий Самарқандга 1393 йили келтирилганини, Ҳиндистон юриши эса 1398-1399 йилларда бўлганини инобатга олсак, Боғи Дилкушо деворларидаги жанг манзараларини Абдулҳайй ва унинг тасарруфидаги усталар ижод қилгани айни ҳақиқатдир.

Турон султони 1404 йилнинг 8 сентябрида Кастилия қироли элчиси Руи Ҳонсалес де Клавихони Боғи Дилкушода қабул қилган. Элчи боғдаги фавворадан отилиб турган сувнинг тепадаги олтиндан ясалган олмаларга урилиб сочилишини кўриб, бу гўзал ва ғаройиб манзарадан бениҳоя ҳайратга тушганини ёзади.

Муҳташам Боғи Дилкушо таърифида Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Абу Тоғирхўжа Самарқандий каби муаррихлар ҳа қалам тебратганлар. Ҳазрат Алишер Навоий боғ хусусида шундай сатрларни битганлар:

Гоҳ бўстони Дилкушо ичра,
Касру айвоне жонфизо ичра,
Қилса не ранг ичига наққоше
Таши ҳам бўлғай ул сифат коше…

Кейинчалик боғ ўрни Хончорбоғ деб аталган. Рус ҳарбий экспедицияси иштирокчиси Абдурраҳмон Мустажир қаламига мансуб “Искандаркўл сафари кундалиги”да бу ҳақда шундай сатрларни ўқидик: “У ердан ўтиб, бир жойга етдикки, Хончорбоғ дейдилар, айтишларича бу жойлар Амир Темур Кўрагон чорбоғи бўлган. Йўлнинг ҳар икки четида ҳозир ҳам ўша чорбоғ деворлари нишонаси сақланиб қолган. Ҳозир ҳам девор ўртасидаги чорбоғ Амир Темурнинг вақфи саналади”.

5. БОҒИ ЧИНОР – Самарқанд жанубида, Дарғом ариғи ёқасида бино этилган боғ. У ерда чинорлар ҳаддан зиёд кўп бўлгани сабабидан “Бо0и Чинор” деб аталган. Бу боғ ўрни бўлган ва кейинчалик Хожа Кафшар номини олган манзилда ҳозир ҳам чинорлар кўп. (“Самария”дан: “Хожа Кафшар шаҳарнинг жанубий томонида, бир тошнинг учдан бир улуши (тўрт минг қадам) чамаси олдиндадир”).

Муаррих Ғиёсиддин Али бу боғ ҳақида маълумот бериб, у шарқ томонда бўлган деб ёзади. Шарафиддин Али Яздий эса боғ Кеш шаҳридан келаверишда (шаҳарга яқин турган) биринчи боғдир деб хабар беради. Бошқа маълумотлар Яздийнинг маълумотини тасдиқлайди. Масалан, Бобур мирзо ёзадиким: Яна Самарқанднинг жанубида Боғи Чинордур, қалъани ёвуқтур”. Клавихо ўз сафарномасида “Боғи Чинор янги қурилган ҳашаматли сарой жойлашган боғ эди” деб қайд этади. Мазкур маълумотга кўра, боғ 1400 йилдан кейин тикланган бўлиши эҳтимоли бор.
Армений Вамбери ёзади: “Боғи Чинор ҳам шаҳарнинг шу (жанубий) қисмида эди, гўзал йўлаклари, йўлларни безаган кўркам чинорлари бор эди. Бу ерда, брғ ичида, дасти тепаликда салб шаклидаги қаср қад кўтарган. Унинг ташқариси Шом наққошининг (Абдулҳайй ал-Бағдодийнинг – муаллиф) моҳирона ижоди билан ичкариси гўзал суврат ва лавҳалар билан зийнатланган, қимматбаҳо буюмлар билан лиқ тўла эди. Масалан, оғир кумуш қуббилар, тахтлар ва бошқа нодир буюмлар эртаклардаги ажойиботларни эслатарди”.

Тарихдан маълумки, кейинчалик Мовароуннаҳр ҳокими бўлган Мирзо Улуғбек даврида ҳам боғ обод бўлган. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, 1420 йил баҳорида ҳукмдор пойтахт Ҳиротдан келган онаси, салтанат маҳди улёси Гавҳаршод оғо шарафига Боғи Чинорда “подшоҳона тўй ва хусравона зиёфат” берган.

6. БОҒИ ЗОҒОН – Самарқанднинг шарқий томонида, шаҳардан тахминан 20 чақирим масофада, Кўчайи Хиёбон, яъни шаҳарнинг Хиёбон мавзесига олиб борадиган йўл устида, “Самария” муаллифи ёзганидек, “Шовдор туманининг шимол томонида” бўлган. Бу боғ ўрнида ҳозир Боғи Зоғон қишлоғи мавжуд.

7. БОҒИ НАВ – Самарқанд жанубида Лолазор қишлоғи яқинида 1404 йил барпо этилган боғ. Боғ Амир Темурнинг барча боғлари каби тўртбурчак шаклида бўлиб, баланд девор билан ўралган. Боғнинг ҳар бурчагида миноралар қад тиклаган. Ўртасидаги гумбазнамо қаср қурилган, унинг олдида катта ҳовуз ҳам бўлган. Қаср хоналари қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Шарафиддин Али Яздий ёзишича, боғи Нав билан Боғи Дилкушонинг ҳар томони бир ярим газ, яъни томонлари мингга минг метрлие шаклда – квадратдан иборат бўлган. Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон “Меҳмонномайи Бухоро” асарида XVI аср воқеалари баёнида Боғи Навни Самарқанднинг Чорраҳа дарвозаси яқинида деб ёзади. Шунга асосланган айрим тадқиқотчилар, жумладан, М.Массон бу боғ ўрни ҳозирги шаҳар истироҳат боғида бўлган бўлса керак, дея тахмин қилади. Клавихо саёҳатномасида Боғи Нав ҳақида ёзади: “Боғнинг тўрт томони баланд девор билан ўралган, ҳар бир бурчида баланд, юмалоқ минора қад кўтарган. Девор ҳам минора каби зийнатланган эди. Боғ ўртасида эса хоч шаклида муаззам бино қад ростлаган, унинг олдида катта ҳовуз бор. Бу бино биз олтин ва ложувард билан зийнатланган. Бу боғ ва саройлар шаҳардан ташқарида, у масканни Багина (Боғи Навнинг испанча айтилиши) деб атайдилар” (Муаллифдан: 5 синфда ўқиганимда, совуқ декабрь ойида Боғи Зоғонда пахта терган эдим.) .

8. БОҒИ ЖАҲОННАМО – Самарқанд жанубидаги Тахтиқорача девонига яқин, шаҳардан 24-25 чақирим узоқдаги Қоратета қишлоғида бино қилинган боғ. Боғнинг ёнида катта қалъа ҳам бўлган. Боғ ва қалъа Амир Темур ҳарбий юришлар арафасида ва жангдан қайтишда ҳордиқ оладиган маскан ҳисобланган. Айрим тадқиқотчиларнинг ёзишича, Соҳибқирон барпо қилган боғлардан ёлғиз Боғи Жаҳоннамо йўқдан бор этилган, қолган боғлар эса асосан мавжудлари ўрнида таъмир ва кенгайтириш йўсунида бунёд этилган. “Зафарнома” муаллифи боғдаги сарой 1398 йил қурилган деб маълумот беради. Муаррихларнинг муболағасига кўра, боғ шу қадар улкан эканки, у ерда бир от йўқолиб қолиб, олти ойдан кейин топилган экан.

9. ГУЛБОҒ – Самарқанднинг жануб томонида, Тахти Қорача довони яқинидаги боғ. Боғ ўртасида наср жойлашган ва унинг ёнидан тоғдан тушган жилға оққан. Шарафиддин Али Яздийнинг маълумотига кўра боғ 1398 йилда барпо қилинган. Муаррих ёзади: “Ҳазрати Соҳибқирон бир неча кундан сўнг (Самарқанддан кўтарилиб), азимат жиловини Кеш томон жўнатди. Бу йўлда бир тоғ борки, ундан Самарқандгача қарийиб етти фарсаҳ келади. Унинг бошланишида бир анҳор оқади. Дарёдек сахий ва осмондек шавкатли подшоҳона ташриф шуъласи у тоққа тушди. Оламни тартибга келтириб равнақ бериш борасида ҳимматининг зўрлиги туфайли иморат қуришга яроқли ҳар бир жойнинг зое кетишини раво кўрмайдиган, мамлакатларга оро берувчи раъй бу мавзеда бир боққа асос солишга фармон берди, токи бу чучук сувли анҳор у жаннат асарли бўстонда “унинг тагида анҳор жорийдир” деган ояти каримани эслатиб турсин. Боғ ўртасида воқе бўлган кўпҳора устида эса бир қаср қуришни буюрди. Бажарилиши вожиб бўлган бу амр ижро этилиб, қаср қурилиши битгач, унга “Тахти Қорача” деб ном берилди”.

Дарҳақиқат, боғни ўз кўзи билан кўрган Клавихо боғни шундай тасвирлайди: “Боғнинг атрофи пахса девор билан ўралган бўлиб, девор айланаси тўла бир лига (лига – испанча узуник ўлчови бўлиб, 5572 метрга тўғри келади) келар эди. Боғда пўртаҳол (апельсин) ва лимудан тортиб, ҳар хил мевали дарахтлар бор эди. Боғда олтита ҳовуз бўлишига қарамай, боғни кесиб ўтган анҳор оқиб туради. Ҳовузларнинг биридан иккинчисига баланд ва катта сояли дарахтлардан бамисоли йўл солинган. Бу яшил йўллар ўртасидан баландликка томон кўтарилган худди шундай сўқмоқлар бутун боғ бўйлаб ўтган. Бу йўлдан яна қиялаб бошқа бутун боғ бўйлаб ўтган. Бу йўлдан яна қиялаб бошқа йўллар ўтказилган. Ундан яна бошқалари тармоқлаб кетган. Хуллас, бу йўллардан юриб, бутун боғни томоша қилиш мумкин эди. Боғда атрофи ёғоч қозиқлар билан ўралган сунъий барпо қилинган усти текис тепалик бор. Тепалик устида ажойиб сарой қад кўтарган. Сарой олтин, ложувард ва ялтироқ кошинлар билан тўкис зийнатланган. Сарой жойлашган мазкур тепалик сувга тўла ҳандақ билан ўралган. Ҳандаққа доимий равишда катта сув оқими тушиб туради. Тепалик устидаги саройнинг икки қарама-қарши томонида унга кириладиган иккита кўприк қурилган. Ҳар бир кўприкнинг олдида дарвоза бор, ундан кейин тепалик устида кўтариладиган зинапоя. Хуллас, мазкур сарой мустаҳкам қўрғон эди. Боғда шоҳ (Темур) топшириғи билан эркин қўйилган кийиклар ва тустовуқлар (товуслар ҳам) мавжуд. Боғдан катта узумзорга чиқадиган дарвоза бор. Боғ каби катта ва кенг узумзор атрофидаги тепалик бўйлаб ўстирилган баланд дарахтлар жуда чиройли кўринади. Мазкур боғ ва сарой “Талисия”, уларнинг тилида эса Кальбет (Гулбоғ) деб аталади”. Ҳозир бу боғнинг ўрнида Гулбоғ қишлоғи мавжуд.

10. БОҒИ БЎЛДУ – Самарқанд шарқида барпо бўлган боғ. Бобур мирзо ёзадики: “(Темурбек) Самарқанднинг шарқида икки боғ солибтур, бириким йироқроқтур, Боғи Бўлдудур, ёвуқроғи (яқинроғи) Боғи Дилкушодир”. В.Вяткин қадимий Самарқанд топографиясига оид мақоласида Боғу Бўлдуни Боғи Дилкушога яқин ердаги Қўрғонча қишлоғида бўлган, деб маълумот беради. Ў.Алимовнинг текширишлари натижасида боғнинг Панжакентга кетадиган йўлнинг ўнг томонида, Боғи Дилкушодан бир ярим километрча нарида жойлашганлиги аниқланган.

Боғ номи хусусида фикр юритганда айтиш жоизки, “Бўлду” калимасини айримлар “камолотга етган, етук, кам-кўстсиз”, бошқалар эса “фаровонлик, мўлчилик” маъносига эга деб кўрсатадилар. В.Радловнинг турк шевалари луғатида бу сўз “бадавлат” маъносини билдиради деб қайд этилган. Шунга кўра, Боғи Бўлду “тўкин боғ” маъносига эгадир.

Афсоналарнинг бирида айтилишича, Боғи Бўлду дарвозалари пештоғига ўрнатилган мармартош кечаси ўзидан ёғду таратиб, атрофни ёритиб турар экан. Халқ тўқиган бу афсонада жон бор. Чунки сарой дарвозаси пештоқидаги зарҳал нақшлар ой ёруғида шуълаланиб турган. Биз бу боғни Боғи Дилкушодан кейин, 1398-1400 йилларда барпо этилган бўлса керак, деб тахмин қиламиз.

11. БОҒИ НАҚШИ ЖАҲОН – Чўпонота тепалигининг жанубий этакларида бунёд этилган боғ. Айрим тадқиқотчилар Боғи Нақши Жаҳон Амир Темур қурдирган дастлабки боғларнинг бири, деб ҳисоблайдилар. “Нақши Жаҳон” сўзи “дунё безаги” маъносини билдиради. Мирзо Бобур ёзади: “(Темурбек) яна Пуштаи Кўҳак доманасида, Конигилнинг қора суйининг устидиким, бу сувни Оби Раҳмат дерлар, бир боғ солибтур, Нақши Жаҳонға мавсум. Мен кўрган маҳалда бу боғ бузулуб эрди, оти беш қолмайдур эди” (яъни номидан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган эди).

12. БОҒИ ДАВЛАТОБОД – Самарқанд жанубида, Термиз йўлининг ёқасида, Боғи Дилкушо билан Боғи Жаҳоннамо оралиғида барпо этилган боғ. Темурийлар даврига оид вақф ҳужжатларига кўра, боғ Дарғом ариғи билан Шовдор ариғи яқинида бўлган. Ҳарбий юришлардан қайтган жаҳонгир шу боғда тантанали маросимлар ўтказган, элчиларни қабул қилган. Хусусан, Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Амир Темур 1399 йили Ҳиндистон юришидан қайтаётиб, Боғи Жаҳонномада ором олгандан сўнг Давлатобод боғига, у ердан Боғи Дилкушога келганини ҳикоя қилади. Ў.Алимовнинг ёзишича, боғдаги сарой баланд тепалик устида қурилган бўлиб, шимол тарафдан Дарғом ариғи ҳамда Самарқанднинг гўзал манзаралари, жануб тарафидан эса Қоратепа тоғлари кўриниб турган. Шарқ тарафидан қишлоқлар, ғарб томондан эса бепоён далалар ўраб турган.

13. БОҒЧА – Самарқанд шаҳрининг ичида, амирзода Муҳаммад Султон мадрасаси ва даҳмаси (бу ер Гўри Мир деб аталади) ёнида барпо этилган кичик боғ. Шарафиддин Али Яздий ёзади: “Оламни забт этувчи Соҳибқирон Жаҳоннамо қасридан саодат билан отга миниб, 807 йил муҳаррам ойида (1404 йил июлида) Самарқандда Боғи Чинорга келиб қўнди, у ердан шаҳар ичига кирди ва (марҳум) бахтли шаҳзода Муҳаммад Султон мадрасасини келиб кўриб, (қабрни) зиёрат қилиш расмини адо этди… Бу ерда фармон чиқдики, шаҳзоданиг нурли қабри учун унинг ҳиммат меъмори томонидан қурилган мадрасага улаб бир гумбаз кўтарсинлар. Фармонга мувофиқ хонақоҳ майдонининг олд томонидан (мадрасанинг) жанубий суффасига улаб, фалак янглиғ бир қубба бунёд эттилар, унинг изорасини тилло ва ложувард билан нақшланган мармар тошлардан ишладилар ҳамда мағрифатга чўмилгур мурдани қўйиш учун бир сардоба ковладилар. Сўнгра хатми Қуръон қилиб, ожизу-эҳтиёжмандларга садақалар улашиб, барча расм-русумларга риоя қилинган ҳолда марҳум шаҳзода жасадини хонақоҳнинг гумбази остидан шу сардобага кўчирдилар. Мадраса атрофида бўлган бир нечта уйни бузиб, жаннат мисол бир боғча яратдилар…”

14. БОҒИ МАЙДОН – Самарқанд шимолида, Афросиёб билан Чўпонота (Кўҳак) тепаликлари оралиғида барпо этилган боғ. Бобур мирзо бу боғни Улуғбек мирзо барпо этган деб ёзса-да, бошқа бир қатор асарлар боғ Амир Темур замонасидан қолгани ва Соҳибқирон набираси уни таъмирлагани, у ерда кўшк тиклагани ҳақида ёзадилар. “Бобурнома”дан: “Яна пуштаи Кўҳакнинг доманасида ғарб сари боғе сролибтур, Боғи Майдонға мавсум. Бу боғнинг ўртасида бир олий иморат қилибтур, Чилсутун дерлар, ду ошёна (икки қаватли), сутунлари тамом тошдин. Бу иморатнинг тўрт бурчида тўрт манордек буржлар қўпорибтурларким, юққориға чиқар йўллар бу тўрт бурждиндур. Ўзга тамом ерларда тошдин сутунлардир. Баъзини морпеч хиёра қилибтурлар, Юққориғи ошёнининг тўрт тарафи айвондур, сутунлари тошдин. Ўртаси чордара уйдур. Иморат курсисини тамом тошдин фарш қилибтурлар”…

Бу боғни Улуғбек мирзо тиклаган сарой номи билан Боғи Чилсутун деб ҳам аташган.

Тарихий манбаъларга кўра, Амир Темур замонида боғда чиройли айвон қурилиб, унда қимматбаҳо тошдан ясалган тахт сақланган.

Шунингдек, Амир Темур замонида Соҳибқирон фарзандлари, набиралари ва салтанатнинг нуфузли амирлари томонидан бунёд этилган боғлар ҳам мавжуд бўлгани бир қатор тарихий солномаларда қайд этилган. Кейинчалик буюк боғбон – Амир Темурнинг авлод ўз оталари ва боболаридан ибрат олиб, Самарқанддагина эмас, Ҳиротда (Шоҳруҳ, Ҳусайн Бойқаро), Ҳиндистонда (Бобур мирзо ва бобурийлар) кўплаб ажойиб ва беқиёс боғлар яратдилар. Бу анъана бугун ҳам ўлгани йўқ. Самарқандда Амир Темур боғларининг тикланаётгани, Тошкентда Миллий боғ ва бошқа яшил чаманзорларнинг, Андижонда Бобур боғининг бунёд этилгани фикримиз далилидир.

Бу ҳикоямизни ўн бешинчи боғ билан боғлиқ ривоят билан якунлаймиз.

Ривоят қиладиларки, Соҳибқироннинг кенжа ўғли, Улуғбек мирзоинг отаси бўлмиш Шоҳруҳ мирзо ҳам Амир Темурга эргашиб, бир боғ барппо қилибди. Боғ битгач, отаси билан ўғлининг шарафига ўша яшил гўшада зиёфат ва мажлис тузибди. Зиёфатдан сўнг Шоҳруҳ мирзо отасидан:

— Падари бузруквор, менинг бу боғим ҳақида нима дейсиз, сизга маъқул бўлдими? – деб сўрабди.

Амир Темур шундай жавоб қилибди:
— Эй кўзимнинг нури ўғлим, сенинг боғинг жуда ҳам зебо ва дилкушо боғ бўлибди. Аммо давлати, бойлиги бор ҳар бир киши бундай боғни барпо эта олади. Лекин дунёда шундай беназир икки боғ мавжуддирким, уларнинг бирини бунёд этишга сен ҳам, мен ҳам мудом интилишимиз керак, аммо иккинчисини барпо этмоққа ёлғиз Улуғбек мирзогина муяссар бўлажакдур!

Шоҳруҳ мирзо:
— Биринчи боғ қандай боғ экан? – деб сўраган экан, Соҳибқирон жавоб берибди:

— У боғ олимлар, фозиллар, шоирлар, донишмандлар ва бошқа аҳлоқли, тарбияли улуғ инсонлар суҳбатидур. Шу улуғ зотлардан тарбия топиб, яхши ва ибратли ишларни зуҳурга келтириш бу боғнинг дарахти бўлиб, меваси яхши номга эга бўлишдир.

Шоҳруҳ мирзо:
— Улуғбек бунёд этишга қодир иккинчи боғ қандай боғ экан? – деб сўраган экан, Амир Темур шундай жавоб берибди:

— Салтанатимнинг гавҳари бўлмиш Улуғбек барпо этадиган боғнинг номи илму-маърифат боғидур, тафаккур боғидур. Бу боғнинг дарахтлари китоблару, мевалари ҳикматлардур. Қалам ва Ақл ёдгорлиги ўлмасдур, абадийдур. Мен ҳам, сен ҳам кун келиб бир ҳовуч тупроққа айланажакмиз, лекин Улуғбек яратган илм китоблари абадиян одамларга ҳамнафас бўлажаклар.

Ҳа, кўзимнинг нури ўғлим, мудом ёдингда бўлсинким, китоблар бунёдкорлик, ақл-идрок ва илму-донишнинг асоси, ҳаётни ўргатувчи мураббийдур!

Qissaning lotin alifbosidagi matnini yuklab oling
ДАВОМИ БОР

XDK

(Tashriflar: umumiy 1 020, bugungi 1)

1 izoh

  1. Bu ma’lumotlar qaysi manbalarga asoslangan?? Adabiy to’qima emasmi? Juda qiziq va foydali ma’lumotlar ekan. Rahmat

Izoh qoldiring