Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobning yakuni

044    Мавлоно Жалолиддин Румий инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг иқтидорли шоир ва мутаржим Одил Икром таржима қилган биринчи китобини тақдим этишни давом этамиз. Бугун асарнинг  (биринчи китобнинг) якуний парчасини мутолаа қилишингиз мумкин. Мутаржимга эса асар давомини тайёрлашда куч-қувват тилаб қоламиз.

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобнинг якуни
Одил Икром таржимаси
06

ЗАЙД ҲИКОЯСИГА ҚАЙТИШ

Топмагайсан Зайдни излаб сен бу кез,
Қочди олганча оёғин қўлга тез.

Ким эрурсан? Зайд ўзин топмас бу он,
Офтобдан порлаган юлдузсимон:

Бунда бор на нақши, на ундан нишон,
На Сомон Йўлига элтгувчи сомон. 3670

Бизда чекли барча ҳис, нутқу калом
Шоҳ илми нуридан ўчмиш тамом.

Ақлу идрок ҳислари ҳам кеча-кун,
Мавжланиб кетмиш “ладайно муҳзарун”.1

Келса тонг, юк элтмиш они ўтди тез,
Ҳар ниҳон юлдуз тушар ишга у кез.

Ақлу ҳушсизларга Ҳақ ҳуш қайтарар,
Тўда-тўда, бор қулоқда ҳалқалар.

Ер тепиб, қўл силкитиб айтар сано,
Жилва айлаб: “Раббано аҳйайтано”.2 3675

Тўзғиган тери, суяклар жон битиб,
Айланиб отлиққа, чанглар тўзғитиб,

Талпинар йўқликдан ул борлик сари,
Сўнгги кунда, шокиру шаккок бари.

Кўрмагандай тортасан бош, аввало
Тортмаган эрдингми бош йўқлик аро?

Сен тираб йўқликка пойинг ҳар сафар
Дер эдинг: “Ким ҳам жойимдан қўзғатар?”

Кўрмадинг сен ўзда Раббоний ижод,
Тутди манглайда сочингдан, айла ёд.3 3680

Тортмагунча то бу ҳолдан ногаҳон,
Қилмас эрдинг сен бу ҳақда ўй-гумон.4

Унга йўқлик қул эрур гар мангулик,
Ишлагин, эй, дев! Сулаймон бор, тирик!

Дев ясар бунда “жифонин к-алжавоб”,
Журъат этмас айтгали қарши жавоб.5

Боқ ўзингга, қалтирарсанми бу дам?
Титратувчи деб сана йўқликни ҳам.

Сен агар ўрнингга чирмашсанг ҳамон,
Талваса, қўрқувда қолгайсан чунон. 3685

Неки бор Ҳақ ишқидан ўзга агар,
Жон талашмоқ – гарчи сен ейсан шакар.

Жон талашмоқ – йўл ўлимга эрта-кеч,
Урмайин обиҳаётга қўлни ҳеч.

Халқ кўзи – тупроқ, мамотда ҳар замон,
Айлагай обиҳаётга юз гумон.

Юз гумон тўқсонга тушсин, бош кўтар,
Тунда юр, гар ухласанг тун ҳам ўтар.

Қоп-қора тундан қидир ул кунни тез,
Пеша қил зулматёқар ақлинг бу кез. 3690

Қоп-қора тунларда кўпдир эзгу нур,
Оби ҳайвон бирла зулмат жуфт эрур.

Уйқудан бошни кўтаргайсан нетиб,
Неча юз ғафлат уруғин сен экиб?

Ул ўлик уйқу, ўлик луқма — шерик,
Хожа ухлар, тунги ўғри ишда, лек.

Билмагайсан сенга кимлар ғов эрур,
Ерлига ўтдан яралган ёв эрур.

Сув ва сув наслига ёвдир ўт тайин,
Сув олов жонига ёв бўлгандайин. 3695

Сув оловни сўндирар, чунки, олов,
Сув ва сув зурёдларига бўлди ёв.

Сўнгра бул ўт бўлди шаҳват ўти ҳам,
Бор гуноҳлар илдизидир унда жам.

Ташқи ўт ўчгувси, сув сепсанг агар,
Элтадир ҳирс ўти то дўзах қадар.

Сезмагай ҳирс ўти сувнинг таъсирин,
Таъбида дўзах азоби яширин.

Ҳирс ўти қандай тинар? Дин нуридин,
“Нурукум итфоъу нори-л-кофирин”.6 3700

Сўндирар бул ўтни не? Ҳақдан жило,
Бил Халилнинг нурини сен раҳнамо:7

Нафс ўтинг Намрудсимон ёнган сайин,
Удсимон жисмингни озод айласин.

Ҳирс ўтин гар тиймасанг – бўлмас адо,
Ёқмасанг – қолмайди ундан ҳеч вақо.

Ўтга то ўтин қаларсан эрта-кеч,
Ўт ўтин ташлашдан, айт, ўчгайми ҳеч?

Гар ўтинни тортсанг, ўт ўчгай тамом,
Чунки, тақво сув сепар ўтга мудом. 3705

Қай гўзал юз бўлгуси ўтдан қаро,
Гар элик “тақви-л-қулуб” ул юзга то? 8

—————————————
1 – “Ахир улар ўзларидан илгари ҳам Биз қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилганимизни – ўшалар уларнинг олдига (яъни, бу дунёга) қайтиб келмасликларини кўрмадиларми? Ҳеч шак шубҳасиз, (уларнинг) барчалари (Қиёмат Кунида) Бизнинг даргоҳимизга ҳозир қилингувчидирлар”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 31-32-оятлар).

“Ладайно муҳзарун” – “Даргоҳимизда ҳозир қилингувчилар”.

“Фақатгина бир даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчилардир”. (Қуръони карим, “Ёсин” сураси, 53-оят).

2 – “Улар дедилар: “Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг (яъни, аввал она қорнида ўлик – жонсиз ҳолда яратиб, сўнгра Ўзинг бизларга жон — ҳаёт ато этдинг. Кейин, ажалимиз етганда Ўзинг жонимизни олиб – ўлдириб, Қиёмат Кунида яна тирилтирдинг). Бас, бизлар (ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча) гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди (бу дўзах азобидан) чиқишнинг бирон йўли борми?” (Қуръони карим, «Fофир» сураси, 11-оят).

“Раббано аҳйайтано” – “Парвардигоро, Сен бизларни тирилтирдинг!”.

3 – “Йўқ! Қасамки, агар у (бундай гумроҳликдан) тўхтамаса, албатта биз уни пешона сочидан – ўша ёлғончи, адашган пешона сочидан тутармиз-да (жаҳаннамга отурмиз)!” (Қуръони карим, «Алақ» сураси, 15-16-оятлар).

4 – “У Бизга “Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?”, деб мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган Зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни Билгувчидир”. (Қуръони карим, “Ёсин” сураси, 78-79-оятлар).

5 – “Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни – ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берурлар. (Эй) Довуд хонадони, (Оллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир”. (Қуръони карим, «Сабаъ» сураси, 13-оят).

“Жифонин к-алжавоб” – “Ҳовузлар каби лаганлар”

6 – “Улар Оллоҳнинг нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Оллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни, Динини) тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйгувчидир”. (Қуръони карим, «Саф» сураси, 8-оят).

“Нурукум итфоъу нори-л-кофирин” – “Нурингиз кофирлар ўтини ўчирди”

“Жаҳаннам мўминга дейди: “Эй, мўмин, ўтавер, нуринг аллақачон алангамни ўчирди”. (Ҳадис).

7 – “Биз айтдик: “Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!” (Қуръони карим, «Анбиё» сураси, 69-оят).

8 – “(Иш) шудир. Ким Оллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур”. (Қуръони карим, «Ҳаж» сураси, 32-оят).

“Тақви-л-қулуб” – “Қалбларнинг тақводорлиги”

УМАР РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУ ЗАМОНИДА ШАҲАРГА ЎТ ТУШГАНИ

Юз бериб ёнғин Умарнинг даврида,
Ёнди тош ёғоч мисол ўт авжида.

Қопламиш оташ бино, уйлар ичин,
Куйдириб қушлар қанотин ҳам инин.

Ўт шаҳарнинг ярмини тез қамрамиш,
Сувни, ҳатто, қўрқитиб, лол айламиш.

Сирка, сув мешин оловга бесабр
Сепдилар ақли расолар бирма-бир. 3710

Ўт ғазабдан кенгайиб, билмасди ҳад,
Етди чексизликдан унга куч, мадад.

Халқ Умар олдига келмиш: “Нега, айт,
Сўнмаётир ўтимиз сувдан бу пайт?”.

Деди: “Бул оташ бари Ҳақдан келур,
Сизда мавжуд зиқналик ўти эрур.

Сирка, сув не? Нонни айланг сиз нисор,
Зиқна бўлманг, гар эсангиз менга ёр!”

Деди халқ: “Эшик очардик ҳар маҳал,
Биз саховат аҳлидан эрдик азал!” 3715

Деди: “Эрди расму одат, неки бор,
Қилмагансиз Ҳақ учун хайру нисор.

Кибру манманлигу ноз эрди бари,
Эҳтиёж, қўрқуву тақводан нари!”.

Мол – уруғ, шўр ерга сочма эрта-кеч,
Ҳар қароқчин илкига тиғ берма ҳеч.1

Кийну дил аҳлин мудом фарқ айлагин,
Халқ-ла суҳбатдошни ёр деб сайлагин.

Ҳар киши ўз қавми деб кўп ғам егай,
Гўл одам ишни адо қилдим дегай. 3720

—————————
1 – “(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни, ёш, нодон етимларга) Оллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни, қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўймангиз, балки уларни ўша моллардан едириб-кийдиринг ва уларга яхши сўзлар билан муомала қилинг!” (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 5-оят).

АМИРУЛМЎМИНИН АЛИ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУНИНГ ЮЗИГА ЁВ ТУПУРГАЧ, АМИРУЛМЎМИНИН АЛИ ҚЎЛИДАГИ ҚИЛИЧНИ УЛОҚТИРГАНИ1

Сен Алийдан ўрганиб сидқу амал,
Ҳийладин – Ҳақ шери пок, бил ҳар маҳал.

Енгди бир алпни жиҳод ичра шу кез,
Шамширин қиндан суғурди шунда тез.

Ул тупурмиш сўнг Алийнинг афтига, –
Ҳар набий, ҳар авлиёнинг фахрига.2

Ул тупурмиш юзгаким, ойнинг юзи
Саждагоҳда қошида тиз чўккуси.

Сўнг Али шамширни ерга ташлади,
Сўнди шиддат, жангга бўлган рағбати. 3725

Жангчини ҳайратга солмиш бул амал,
Ҳам бу авфу раҳму шафқат, бемаҳал.

Деди: “Бошим устида тиғ қайрадинг,
Тиғни ташлаб, нега шафқат айладинг?

Мен-ла жангдан кўрганинг афзал надир?
Тиғни урмоққа нечун қилдинг сабр?

Ул надир, қаҳрингни этгувчи ниҳон?
Сўнди қаҳринг, ярқ этиб чақмоқсимон.

Ул надир, акси дилимни қамраган,
Жоним ичра шуъла пайдо айлаган? 3730

Ул надир, бул давру даврондан азиз?
Менга жон бахш этгулик, жондан азиз?

Сен-ки Ҳақ шери – шижоат бобида,
Ким билар, кимсан мурувват бобида?

Ҳимматинг – чўлда Мусо ёйган булут,
Армуғон этгувчи тенгсиз ризқу қут.3

Ул булут дон берса, жаҳд айлаб чунон,
Халқ пиширгай тотли айлаб болсимон.

Ул Мусо ёйган булут ёзмиш қанот,
Берди заҳматсиз, ширин ризқу нажот. 3735

Ҳар текинхўрга карам-ла ҳиммати,
Ушбу олам узра байроқ тиклади.

Ёғди қирқ йил ичра ҳар кун беадо,4
Ҳар умидворлар учун ризқу ато,

Зиқналар сўргунча айлаб оҳу дод,
Кўкпиёз, турфа кўкатлар, сабзавот.5

Сиз агар Аҳмадга умматсиз мудом,6
То қиёмат сизга етгай бул таом.7

Гар “абиту инда рабий” ошкор,
“Бутъиму юсқий”да ризқнинг рамзи бор.7 3740

Иккиланмай булни сен айла қабул,
То асал, сутдай томоқдан ўтсин ул.

Иккиланмоқдан кетар қайтиб ато,
Чунки, ул кўргай ҳақиқатни хато,

Ким хато кўргай, заифдир ул ақл,
Жузв ақл пўстдир, мағиздир кулл ақл.

Сен ўзингни айла шарҳ, ахборнимас,
Сен мағизни бил ёмон, гулзорнимас.

Эй, Али, буткул ақл, кўзсан, ахир,
Кўрганинг бир қисмини менга гапир. 3745

Жонимизни қилди ҳилминг тийғи чок,
Хокимизни қилди илминг суви пок.

Айт, ахир, Ҳақдан бу асрору бу иш,
Ҳаққа хос, зеро, қиличсиз ўлдириш.

Улки, асбобсиз вужудлар Косиби,
Наф берувчи туҳфаларнинг Соҳиби.

Ҳушни сийлар май бериб Ул ҳар сафар,
Кўз, қулоқ қолгай бу ҳолдан бехабар.

Сўйла, эй, Арш узра лочин, бирма-бир,
Кирдигордан кўрганинг ул дам надир? 3750

Кўзларинг ғайб оламин идрок қилар,
Бунда борларнинг нигоҳи беркилар.

Кимдир ойни кўргуси ошкор-аён,
Кимгадир буткул қоронғу кенг жаҳон.

Ким биров бирдан кўрар уч ойни ҳам,9
Худди, бўлмиш уч нафар бир жойда жам.

Уч нафарда кўз, қулоқ очиқ турар,
Талпинар сенга, қочиб мендан улар.

Бул нигоҳ сеҳри ажиб пинҳона лутф:
Сенга – бўри суврати, менга Юсуф. 3755

Ўн сакиз мингдан зиёд олам агар,
Кўрмагай улки заиф, хор ҳар назар.

Сирни очгил, эй, Алийи Муртазо,
Бошда эй, “суъу-л” ва сўнг “ҳусну-л-қазо!”10

Сўйлагин ақлинг нима топганларин,
Ёки сўйлай менда не товланганин.

Ёғди нур сендан, нечук тутдинг ниҳон?
Ёғдирарсан шуъла сўзсиз, ойсимон.

Кирса ойнинг гардиши тилга агар,
Тунда кезганларга тез йўл кўрсатар. 3760

Бор хатодан юз бурар, кезмас шошиб,
Бонги шайтон бонгини кетгай босиб.

Эрса ой гар раҳнамо сўзсиз ва жим,
Тилга кирса ёғдирар нур бетиним.

Сен агар илм шаҳрига дарвозасан,11
Ҳилм қуёши сингари нур сочасан.12

Бўлгин уй, дарвоза, ким – дарвозасиз,
Пўст ўтиб сен орқали, топсин мағиз.

Кенг очил, раҳм эшиги, сен тоабад,
Унга даргоҳ, “мо лаҳу куфван аҳад”.13 3765

Дарчадир ҳар зарра, ҳар қандай ҳаво,
Ким билар эшиклигин, очгунча то?

То эшикни очмагайдир посбон,
Дил аро қўзғалмагайдир бул гумон.

Лол қолар эшик очилса, шул заҳот,
Ҳам умид, орзу қуши қоққай қанот.

Топди ганж вайронадан ғофил, чунон,
Чопди ҳар вайронага шундан буён.

Топмасанг дарвишдан излаб инжуни,
Бошқа дарвишдан қидирмайсан уни. 3770

Чопса ҳам йиллаб гумонлар илгари,
Бурнининг ковагидан ўтмас нари.

Етмагай бурнингга гар ғайбдан атр,
Сен бурундан ўзга не кўрдинг? Гапир!

———————————
1 – Ғаззолийнинг “Кимёйи саодат” асарида келтирилишича, Али (р.а) жангда бир кофирни енгиб, ўлдирмоққа чоғланганида, у Али (р.а)нинг юзларига тупуради. Сўнг Али (р.а) бўшашиб, кофирни ўлдириш фикридан қайтади ва дейди: “Қаҳрим келгач, Оллоҳ таоло йўлида ўлдиролмаслигимдан қўрқдим”.

2 – “Ким Одамни ва унинг илмини, Нуҳни ва унинг эҳтиёткорлигини, Иброҳимни ва унинг беозорлигини, Мусони ва унинг иззат-эҳтиромини, Исони ва унинг тоат-ибодатини кўрмоқ истаса Алига боқсин”. (Ҳадис).

3 – “Ва булутни устингизга соябон қилдик ҳамда (осмондан) устингизга ширинлик ва беданалар ёғдириб, “Сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар”, (дедик). (Бани Исроил Бизнинг неъматларимизга шукр қилмасликлари билан) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 57-оят).

4 – “(Оллоҳ) деди: “Энди қирқ йил мобайнида бу ер улар учун ҳамроҳдир. Улар Ерда (саҳроларда) адашиб-улоқиб юрурлар. Сен бу итоатсиз қавм (қилмиши)дан маҳзун бўлмагин”. (Қуръони карим, “Моида” сураси, 26-оят).

5 – “Эсланг: “Эй Мусо, Биз бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга Ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин”, деганингизда у: “Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку?”, деди…” (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 61-оят).

6 – “(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сизлар яхши амалга буюрасиз, исён – гуноҳдан қайтарасиз ва Оллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли Китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан (Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирган) мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир”. (Қуръони карим, “Ол-и-имрон” сураси, 110-оят).

7 – “Бу умматни бошқа умматлардан фазилатли қилдим” (Ҳадис).

8 – “Сизлар менга ўхшамайсизлар. Мен тунни Раббим даргоҳида ўтказаман. У мени тўйғизар, сувга қондирар”. (Ҳадис).

“Абиту инда рабий” – “Парвардигорим ҳузурида ухлайман”

“Бутъиму юсқий” – “У мени еб-ичиради”

9 – “Оллоҳ – Учтанинг (яъни, Оллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир, деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўлдилар. Чунки Ягона Илоҳдан (Оллоҳдан) бошқа бирон илоҳ йўқдир. Агар улар айтаётган гапларидан тўхтамасалар, албатта улардан кофир бўлган кимсаларни аламли азоб ушлайди”. (Қуръони карим, “Моида” сураси, 73-оят).

10 – “Суъу-л” – нохуш. “Ҳусну-л-қазо” – “Хуш қазо”.

11 – “Мен илмнинг Мадинасиман, Али эса унинг эшигидир. Ким илм истаса, шу эшик орқали кирсин”. (Ҳадис).

12 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Сиз учун (кофирларнинг бундай озорларига сабр-тоқат қилганингиз сабабли) битмас-туганмас ажр мукофот бордир. Албатта Сиз улуғ Хулқ устидадирсиз”. (Қуръони карим, “Қалам” сураси, 3-4-оятлар).

13 – “Ва лам якул лаҳу куфуван аҳад” — “Ва ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир”. (Қуръони карим, «Ихлос» сураси, 4-оят).

УЛ КОФИРНИНГ АЛИ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУДАН: “МЕНДАН FОЛИБ КЕЛСАНГ-ДА, НЕГА ҚИЛИЧИНГНИ ҚЎЛДАН ТАШЛАДИНГ?” — ДЕБ СЎРАГАНИ

(Деди сўнг янги мусулмон, ул валий,
Мастлигу лаззат ичинда: “Эй, Алий!) 3772/1 (Бу байт бошқа нусхада қўшилган ва тартиб рақами бузилган)

Эй, амирулмўминин, сўйлай бу он,
Ҳомила янглиғ тирилсин танда жон!”.

Етти юлдуз бир нафас рағбат билан,
Пуштга хизмат айлагай навбат билан.

Токи олсин ҳомила вақт етса жон,
Токи ёр бўлсин қуёш ҳам ул замон. 3775

Пуштни жунбушга солар офтоб у кез,
Бахш этар зудлик билан жон унга тез.

Топди юлдузлардан ул суврат, фақат,
То қуёш бўлгунча бош узра мадад.

Пушт она қорнида қандай чоғланиб,
Ҳурлиқо офтобга қолмиш боғланиб?

Яширин йўл бор, бизим ҳисдан йироқ,
Ул фалак офтобига йўл кўп, бироқ:

Йўлки, ундан зар топар қут бегумон,
Йўлки, ундан тош бўлар ёқутсимон. 3780

Йўлки, қирмиз тусга киргай унда лаъл
Йўлки, порлаб, ярқирар унда нағал.

Йўлки, унда мевалар ҳам ғарқ пишар,
Йўлки, далда олгуси лол кимсалар.

“Сўйла, эй, лочин, қанот ёзган бу чоқ,
Шоҳу шоҳнинг илкидан олган сабоқ!

Сўйла, эй, овловчи анқо, шоҳга ёр,
Беқўшин қўшинни қилгич тору мор!

Сен бутун бошли жамоат, неча минг,1
Сўйла, эйки, ўлжа этмиш лочининг. 3785

Бул нечук раҳмат эрур, келгач қаҳр?
Аждаҳога қўл берувчи йўл надир?”

—————————
1 – “Албатта Иброҳим Оллоҳга итоат қилгувчи, Ҳақ Йўлдан тойилмаган бир пешво – имом эди. У мушриклардан эмас эди”. (Қуръони карим, «Наҳл» сураси, 120-оят).

ҚЎЛИДАГИ ҚИЛИЧНИ ЎША ҲОЛАТДА НИМА УЧУН
УЛОҚТИРГАНИГА АМИРУЛМЎМИНИН ЖАВОБИ

Деди: “Тиғ ургум, агар – Ҳақ раҳнамо,
Тан эмас, Ҳақ амрини этгум бажо.

Шериман Ҳақнинг, ҳаваслар шеримас,
Бил, гувоҳ – дийнимга феълим ҳар нафас.

“Мо рамайта из рамайт”1 ул жанг аро,
Мен – қилич, бергай қуёш зарб бехато.

“Ўз”лигим лаш-лушлари – йўлдан нари,
Ҳақдан ўзга неки бор, йўқлик бари. 3790

Соядирман, бошқарувчим – офтоб,
Мен – ҳижоблик, бўлмагум унга ҳижоб.

Тиғману қилгум висол дуррин ато,
Жон бериб, қилмам қатл қирғин аро.

Қон яширмайди тиғимнинг гавҳарин,
Силжитар еллар булутим қандайин?

Хас эмас, сабру ҳилм, дод тоғиман,
Тоғни ҳеч элтарми довул жойидан?

Кимни ел қўзғатса, ул хас, чўп эрур,
Чунки, қарши, зид шамоллар кўп эрур. 3795

Кин ели, қаҳру ғазаб, шаҳват ели
Элтди, кимки бўлмаса тоат эли.2

Тоғ эрурман, борлиғим унга асос,
Ел – Унинг ёди, эсам гар хасга хос.

Қўзғатар майлимни Ул ели, фақат,
Йўқ Аҳаднинг ишқидай пешво, мадад.

Шоҳ учун шоҳдир ғазаб, бизга – қарам,
Мен жилов солдим ғазаб бўйнига ҳам.

Бўлди ҳилмим тийғига қаҳрим дучор,
Менга Ҳақ қаҳрида бўлмиш лутфи ёр. 3800

Нурга ғарқман, эрса ҳам шифтим хароб,
Боғга дўндим, гарчи эрдим Бу Туроб.

Бир сабаб пайдо эса қирғин аро,
Тиғ яширмоқликни билдим мен раво.

То “аҳабба лиллаҳ3 ул номим маним,
Токи “абғаз лиллаҳ”4 ул комим маним,

Токи “аъто лиллаҳ”5 эҳсоним маним,
Токи “амсак лиллаҳ”6и борим маним,

Мендаги бор зиқналик, бор армуғон,
Ҳақ учундир, мен юрарман Ул томон.7 3805

“Лиллаҳ”8имда йўқ гумон, шак ҳар нафас,
Бул аён кўрмоқдан ўзга нарсамас.

Ижтиҳоду изланишга боқмадим,9
Енгни Ҳақнинг этагига боғладим.

Кўрдим ул парвозни ҳар дам мен учиб,
Ғилдиракни ҳам кўрарман чарх уриб.

Юк ташир эрсам – аён қайга қадар,
Ойману менга қуёш йўл кўрсатар.

Бундан ортиқ сўйламоғим, лек, гумон,
Элтмагай уммонни дарё ҳеч қачон. 3810

Сўйлагум элтгунча токи ақлу ҳуш,
Айб эмас, хосдир Расулга бул юмуш.10

Тингла, эркин бир гувоҳман, беғараз,
Қул далили икки пулга арзимас.

Бор шариатда – эрур гар қул гувоҳ,
Ҳукм этар чоғ ўтмагай ул иддао.

Берса-да минг қул гувоҳлик кеча-кун,
Қадри йўқ бир хасчалик Қонун учун.

Эрса ким Ҳақ олдида шаҳватга қул,
Қул ва тутқун бандалардан баттар ул. 3815

Хожанинг бир сўзидан озод бўлар,
Гар яшар тотлиғ, тахир ғамдан ўлар.

Бўлмагай шаҳват қули ҳурликка мос,
Токи ёғмас унга Ҳақ инъоми хос.

Чоҳдадир ул, чоҳки, чоҳнинг қаъри йўқ,
Айби бор унда, жафою жабри йўқ.

Чоҳ сари отмиш ўзин ул мисли ўқ,
Қаърига етгувчи арқон менда йўқ.

Гар узун бўлса, қилай то гапни кам,
Боқ, жигар не бўпти? Қон – тош бағри ҳам! 3820

Қай жигар қонмас, – чидамли жон эмас
Fофилу бадбахтлиги-чун қон эмас.

Қон бўлар бир кун, бироқ, ул – фойдасиз,
Бўл у вақт дилхунки, гар эрса азиз.

Гар гувоҳлик берса қул, бўлмас қабул,
Ақл эрур улки, эмас шайтонга қул.

Бўлди “арсалнока шоҳид”11лик қабул,
Чунки, ҳур олам аро ҳур ўғли ул.

Ҳур эсам, қандоқ қаҳр этгай асир?
Бунда йўқ Ҳақ васфидан ўзгаси, кир! 3825

Кир, сени ҳур айламиш фазли Унинг,
Келди устун қаҳридан раҳми Унинг. 12

Энди кир, бунда чекинмиш хавф-хатар,
Тош эдинг, кимё сени этмиш гуҳар.

Куфру ул хорзоридан сен юз буриб,
Яшна Ҳу бўстонида гулдай униб.

Сен бу – мен, мен эса – сен, эй, муҳтарам!
Сен – Али, айт, ўлдирай қандоқ бу дам?

Бунда сен тоатдан афзал айб этиб,
Бир нафасда кўкни ҳам ўтдинг кесиб. 3830

Хуш эрур ул айб-гуноҳким, қилди мард,
Айт, тикондан унмагайми гулда барг?

Қилди қасд Уммар Расулга, бул гуноҳ
Сўнг қабул даргоҳига кўрсатди роҳ.13

Соҳир аҳлин сеҳри-чун Фиръавнлари
Этди жалб, мулк бўлди сўнг ёрдамлари.

Бўлмаганда сеҳри бирлан куфри гар,
Ким уларни Фиръавнга келтирар?

Айт, улар кўргаймиди сеҳру асо?
Эй, гуноҳ аҳли, гуноҳ – тоат аро? 3835

Ноумидликдан Худо айлар жудо,
Бўлса гар тоатга ўхшаш ҳар гуноҳ.14

Гар ёмон аъмолни қилгайдир У соф,
Қилгуси бул ишни ғийбатга хилоф.15

Шул сабаб, лаънатланиб шайтону шак,
Сўнг ҳасаддан ёрилар икки бўлак.16

Асрагай ҳар бир гуноҳни ул лаъин,
То гуноҳдан бизни чоҳга ташласин.

Қай гуноҳни кўрса гар тоат аро,
Шул заҳот кўрган куни бўлгай қаро. 3840

Марҳамат, бағримни кердим сенга мен,
Сен тупурдинг, совға бердим сенга мен.

Гар жафо қилганга лутф этдим бу пайт,
Чап оёғингга нечук бош қўйгум, айт?

Бас, вафо қилганга инъомим надир?
Англа, боқий мулку ганжлар унгадир.

——————————-
1 – “Бас, (эй мусулмонлар), уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки Оллоҳ ўлдирди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларнинг юзига қўлингиздаги бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, Сиз отмадингиз, балки Оллоҳ отди. Ва (бу ғалабани Оллоҳ) Ўз томонидан мўминларга чиройли инъом бўлсин, деб қилди. Албатта Оллоҳ Эшитгувчи, Билгувчидир”. (Қуръони карим, «Анфол» сураси, 17-оят).

“Мо рамайта из рамайт” – “Отган пайтингда сен отмадинг”

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ўзингизга ваҳий қилинган Китоб – Қуръондан бўлган (оятлар)ни тиловат қилинг ва намозни тўкис адо қилинг! Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки, Оллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Оллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур”. (Қуръони карим, «Анкабут» сураси, 45-оят).

3 – “Аҳабба лиллоҳ” – “Оллоҳ учун суюкли”.

“Амалларнинг энг афзали Оллоҳ учун яхши кўрмоқ ва Оллоҳ учун ёмон кўрмоқдир”. (Ҳадис).

4 – “Абғаз лиллоҳ” – “Оллоҳнинг қаҳрини келтирувчи”.

5 – “Ато лиллоҳ” – “Оллоҳ йўлида берилган”.

6 – “Ман лиллоҳ” – “Оллоҳ учун тўхтатилган”.

7 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим (яъни, қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир. У Зотнинг биронта шериги йўқдир”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 162-оят).

8 – “Лиллоҳ” – “Оллоҳ учун”

9 – Ижтиҳод – (ғайрат қилиш, интилиш), фақиҳ томонидан шаръий ҳукмни ҳосил қилиш учун барча билим ва тоқатини ишга солиш. Пайғамбар (с.а.в) тириклигида у зотдан бошқа одам ижтиҳод қилмаган.

10 – “Биз ҳар бир пайғамбарни (Бизнинг ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз.. Сўнгра Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қилур. У Қудратли, Ҳикматли Зотдир”. (Қуръони карим, «Иброҳим» сураси, 4-оят).

“Биз – пайғамбарлар гуруҳи, одамлар билан уларнинг ақлу имкони даражасида гаплашиш амр этилган”. (Ҳадис).

11 – “Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ҳамда Оллоҳнинг изни-иродаси билан У Зотга (яъни, Унинг Динига) даъват қилгувчи қилиб ва (Ҳақ Йўлни курсатувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз”. (Қуръони карим, «Аҳзоб» сураси, 45-46-оятлар).

“Арсалнока шоҳид” – “Биз Сизни гувоҳлик бергувчи қилиб юборганмиз”

“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (у кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юборгандирмиз”. (Қуръони карим, “Фатҳ” сураси, 8-оят).

12 – Оллоҳ таоло айтади: “Ғазабимдан раҳматим ғолибдир”. (Ҳадис).

13 – Ривоят қилишларича, дастлаб Умар Муҳаммад (с.а.в)ни ўлдириш мақсадида у зотнинг уйига йўл олади. Йўлда синглисининг исломни қабул қилганини эшитгач, синглисиникига ҳам ўша ёвуз мақсадда боради. Аммо, унинг уйида Қуръон тиловатини эшитади ва бу ҳолдан шу қадар таъсирланадики, беихтиёр ёвуз мақсадидан воз кечади ва Пайғамбар (с.а.в) ҳузурига бориб мусулмон бўлади.

14-15 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Қуръони карим, «Зумар» сураси, 53-оят).

“Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, бас, Оллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик — гуноҳларини яхшилик – савобга айлантириб қўюр. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир”. (Қуръони карим, «Фурқон» сураси, 69- 70-оятлар)

16 – “(Оллоҳ) деди: «Бас, ундан (яъни, жаннатдан чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз (Менинг даргоҳимдан) қувилган – малъунсан”. (Қуръони карим, «Ҳижр» сураси, 34-оят).

ПАЙFАМБАР САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ АМИРУЛМЎМИНИН АЛИ КАРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУ ЖИЛОВДОРИ ҚУЛОFИГА: “АЛИНИНГ АЖАЛИ СЕНИНГ ҚЎЛИНГДА ЭКАНЛИГИДАН СЕНИ ХАБАРДОР ҚИЛДИМ”1 – ДЕГАНИ

Шундайин эрдирман, ул душманга ҳам,
Лутф этиб, қаҳрим ниши, бермайди ғам.

Деди Пайғамбар қулимга, бир қаро
Кунда қул бошим қилар тандан жудо. 3845

Айламиш огоҳ Расул Дўст ваҳйидан,
Оқибат ўлгум ўшал қул дастидан.

Дерди қул: “Ўлдир мени сен аввало,
Токи мендан ўтмасин бул шум хато”.

Мен дедим: “Жоним қўлингда бўлса чин,
Айт, Қазо ҳукмини қандоқ алдайин?”

Тиз букиб ёлворди қул: “Эй, меҳрибон!
Мени ўлдиргин, Худо ҳаққи, шу он,

Токи бўлмай оқибатда бахтқаро,
Токи жоним ёнмасин жоним аро”. 3850

Унга айтдим: “Бор, қуриб қолмиш Қалам,2
Ул Қалам қошингда туғлар боши хам.

Йўқ сира сендан ғараз ёхуд гинам,
Булни сендан кўрмагум, ҳеч чекма ғам.

Сен яроғ, Ҳақ илкида тургувчи шай,
Мен нечук Ҳақ олатига зид чиқай?”

Сўрди: “Унда бул қасос, айт, не ахир?”
Деди: “Бул ҳам Ҳаққа хосдир, хуфя сир.

Феълига Ул эътироз қилса, шу чоғ,
Эътирозиндан қилар барпо У боғ. 3855

Эътирозин айлагай пайдо Ўзи,
Лутфу қаҳр ичра эрур танҳо Ўзи.

Ҳодиса шаҳри ичинда мир Ўзи,
Мамлакатда молику тадбир Ўзи.

Ул агар ўз олатини синдирар,
Ҳар синиқни яхшига айлантирар.

Улки, “нансах оятан ав нунсиҳо,
Наъти хайран!”3 рамзин англа, ошно!

Ҳар шариатни қилиб бекор Илоҳ,
Ўрнига келтирди гул, элтиб гиёҳ. 3860

Тунда бекор айламиш кундуз ишин,
Кўр, табиат ақлининг товланишин.

Бўлди тун кун нуридан бекор тағин,
Токи борлиқ ёнсин ўт сочгувчидин.

Гарчи зулмат ичрадир уйқу, сабот,4
Йўқми зулмат ичра ул оби ҳаёт?

Покламиш зулмат ақлни кеча-кун,
Манба бўлди тўхталиш оҳанг учун.

Зидни зиддан айламиш пайдо, аён,
Ҳар қаролик ичра нур топмиш макон. 3865

Ул Расулнинг жанги сулҳнинг меҳвари,
Ул сабаб – охирзамон сулҳин бари.

Кесди юз мингларча бош ул қалби пок,
Бўлмасин деб то жаҳон аҳли ҳалок.

Қирқадир шохларни боғбон, еса лат,
Тикласин деб то ниҳоллар кўрку қад.

Боғ аро юлгай қуруқ ўт ақли соғ,
Токи кўрсатсин жамолин мева, боғ.

Бўлса тиш носоғ, узиб ташлар табиб,
Кетмасин деб токи бемор қийналиб. 3870

Барча нуқсон ичра бор фазлу сабот,
Ҳар шаҳидга бор фано ичра ҳаёт.

Ризқхўр бўғзи кесилгач, шул заҳот,
“Юрзақуна фарриҳина”5 берди тот.

Ҳайвонот бўғзи кесилганда ҳалол,
Одамий зот бўғзи ҳам топмиш камол.

Гар одам бўғзи кесилса, кўр, қани,
Не берар юз? Қил қиёс бунга ани!

Сўнг учинчи бўғз яралгай, сарвати –
Ҳақ таоло нури бирлан шарбати. 3875

Ҳар кесилган бўғз ичар шарбат, бироқ,
“Ҳа”га дўнмиш ул, бўлиб “Йўқ”дан йироқ.

Ҳиммати паст, калтабармоқ, тўхта, бас!
Токай ул жонинг ҳаёти нонпараст?

Чунки, толдай мевасиз бир бандасан,
Ҳамда оқ нон ортидан шармандасан!

Жон ҳисин бул нон учун йўқ сабри гар,
Айлагин кимё билан сен мисни зар.

Гар либос ювмоқчи эрсанг, эй, фалон,
Қургин ул ювғувчилар бирла макон! 3880

Нон агар рўзангни синдирганда ҳам,
Тез синиқни боғла, юксал ҳар қадам.

Ул қўли боғлар эса синганни то,
Бўлгуси синдиргани чиндан даво.

Рўзани синдирсанг, Ул дер: “Кел, бироқ,
Боғлагин”. Бор сенда на қўл, на оёқ.

Синдиришга ҳаққи бор Улнинг, ахир,
Чунки, синганни тузатгай бирма-бир.

Тикса ким, йиртишни ҳам билгай, бироқ,
Сотса не, қилгай харид фойдалироқ. 3885

Уй бузиб, хоҳ остин-устин айласин,
Бир нафасда қургай ундан афзалин.

Битта бошни тандин айри этса ҳам,
Айлагай юз мингта бош пайдо шу дам.

Этмаса ширкка қасосни амр У Зот,
Айтмас эрди: “Бор қасос ичра ҳаёт”.6

Ким қилиб ўз-ўзича журъат, ахир,
Ҳаққа маҳкум кўксига тиғ санчадир?

Чунки, ҳар ким ҳам билар, кимки басир,
Ўша қотил тақдирига қул, асир. 3890

Ул Ҳукм қай бошда чарх ургуси гар,
Боласин кўксига ҳам ул тиғ урар.

Таъналар қилма ёмонга, бор, тийил.
Қанчалар хорсан Ҳукм доминда, бил.

———————————
1 – Али ибн Абу Толиб (тахминан 600-661) – “хулафои рошидин” ёхуд “чорёрлар” деб аталувчи дастлабки тўрт халифанинг тўртинчиси, Муҳаммад (с.а.в)нинг амакиваччалари ва куёвлари. Али (к.в) 661- йилда Абдураҳмон ибн Мулжам ас-Соримий деган шахс томонидан Куфа масжидидан чиқиш пайтида жароҳатланади ва икки кундан сўнг вафот этган.

2 – “Бор мавжудот учун Қалам қуриб қолмиш” (Ҳадис).

3 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз бирон оятни бекор қилсак ёки ёдингиздан чиқарсак, албатта ундан яхшироғини ёки ўшанинг мислини келтирамиз. Оллоҳ ҳар нарсага Қодир зот эканини билмадингизми?” (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 106-оят).

“Нансах оятан ав нунсиҳо, наъти хайран” – “Биз бирор оятни бекор қилсак, ёки ёдимиздан чиқарсак, ундан яхшироғини келтирамиз”.

4 – “Биз сизларни жуфт-жуфт қилиб яратдик. Биз уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик”. (Қуръони карим, «Набаъ» сураси, 8-9-оятлар).

5 –– “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўлик деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Оллоҳ ўз фазлу карами билан уларга берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 169-170-оятлар).

“Юрзақуна фарриҳина” – “Неъматлардан хушнуд ҳолларида”.

6 – “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 179-оят).

ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МАЛЪУН ИБЛИС ГУМРОҲЛИГИДАН ҲАЙРАТЛАНГАНИ ВА КИБРГА БЕРИЛГАНИ

Боқди Одам, паст назар-ла беомон,
Ул ҳақир, бахтиқаро Иблис томон.

Эрди мамнун ўзидан, ҳам русмидан,
Кулди худбинларча Иблис устидан.

Берди Ҳақ рашки садо: “Эй, мумтоз!
Бехабарсан ёширин сирдан бироз. 3895

Тўнин Иблис тескари кийган ҳамон,
Тоғни ҳам тубдан қўпоргай шул замон.

Юзта Одам пардасин йиртиш тугул,
Юзта Иблисни мусулмон айлар ул!”.

Деди Одам: «Тавба қилдим, нораво
Бундай ўйга бошқа бўлмам мубтало.1

“Ё ғиёса-л-мустағисин иҳдино,
Л-афтихора би-л-ъулуми ва-л-ғино.2

Ло тузиғ қалбан ҳадайта би-л-карам,
Васрифи-с-суъ аллазй хата-л-қалам”.3 3900

Жонимизни элтмасин Нохуш қазо,
Этмагил покликка ёрлардан жудо.

Йўқ фироғингдан тахирроқ ҳеч вақо,
Сен паноҳсан, Сендан ўзга йўқ паноҳ.

Лаш-лушимизни лашу лушлар қириб,
Жонимизни жисмимиз кетгай шилиб.

Илкимиз еркан оёқни то ҳамон,
Қолгуси қай жон паноҳингсиз омон?

Сақлагай жонин хатардан гар нари,
Топгани – бахтсизлигу қўрқув бари. 3905

Чунки, Жонон васлига етмайди жон,
Ўз ичинда тоабад кўрдир, ниҳон.

Бермасанг йўл, Сендан ул маҳрум эрур,
Жон агар Сенсиз тирик, марҳум эрур.

Таъна қилсанг қулларингга сен қачон,
Сенга бул жоиз эрур, эй, комрон!

Ой, қуёшни ғам деган чоғингда ҳам,
Сарв қаддин хам деган чоғингда ҳам,

Аршу кўкни Сен ҳақир билганда ҳам,
Денгизу конни фақир билганда ҳам, 3910

Бул қиёс бўлгай камолингга раво,
Сенда – комил мулки бирлан бор фано.

Хавфу йўқликдан жудосан ҳар қадам,
Беталаб, Холиқсан ул йўқликка ҳам.

Улки бор қилмиш, билар йиқмоқни ҳам,
Ул агар йиртса, билар тикмоқни ҳам.

Ҳар кузак боғларни буткул куйдирар,
Яшнатиб гулларни, қайта ундирар:

“Эй, куйик, чиқ, покланиб қилгин наво,
Қайтадин яшнаб, таратгин хуш садо!” 3915

Очди Ул, бўлганда кўр наргис кўзи
Кесди най бўғзин, тағин чалмиш Ўзи.

Биз – яралгувчи, Яратгувчи эмас,
Биз – заиф, қонгувчидирмиз ҳар нафас.

“Мен ўзим!” деб дод солармиз қайтадан,
Чорламас эрсанг, эрурмиз – Аҳраман.4

Гар халосмиз Аҳрамандан, унга зид, –
Айладинг жонларни кўрликдан харид.

Сен – асокаш, ҳар тирик жонга раво,
Кўр надир, айт, беасокаш, беасо? 3920

Сендан ўзга неки бор яхши-ёмон,
Куйдирар одамни ё оташсимон.

Кимга оташ гар паноҳу пушт эрур,
Маъжусий5га айланар, Зардушт6 эрур.

“Куллу шайъин мо халаллаҳ ботилун,7
Инна фазлуллоҳи ғаймун ҳотилун”.8

——————————-
1 – Кейин, Одам ўз Парвардигори тарафидан бир неча Сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олгандан сўнг (Оллоҳ) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни Қабул қилгувчи Меҳрибон Зотдир. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 37-оят).

2 – “Ё ғиёса-л-мустағисин иҳдино,
Л-афтихора би-л-ъулуми ва-л-ғино” – “Эй, додимизга мудом етгувчи Мададкоримиз, бизни Ҳақ йўлга бошла, чунки, биз турфа илм ва бойлигимиз билан фахрлана олмаймиз”.

3 – (Улар айтурлар): «Парвардигоро, Ўзинг бизни ҳидоят қилганингдан кейин – энди дилларимизни Ҳақ Йўлдан оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин! Албатта Сенгина (барча яхшиликларни) ҳадя этгувчисан!». (Қуръони карим, «Оли Имрон» сураси, 8-оят).

Ло тузиғ қалбан ҳадайта би-л-карам,
Васрифи-с-суъ аллазй хата-л-қалам” – “Парвардигоро, Ўзинг бизни ҳидоят қилганингдан кейин – энди дилларимизни Ҳақ йўлдан оғдирмагин ва тақдир қалами ила битилган балони биздан йироқ айла”.

4 – Аҳраман – зардуштийлик динида ёвузлик тимсоли.

5 – Маъжусий – қуёш ёки оловга сиғинувчи одам. Ислом дини келмасдан бурун ажам халқлари маъжусийлик эътиқодига мансуб эдилар.

6 – Зардушт – қадимги Эронда ўтпарастлик динининг асосини қурган киши (бу дин шу ном билан машҳур бўлган)

7 – Бу сатр – яъни, “куллу шайъин мо халаллоҳ ботилун” (“Оллоҳдан бошқа ҳамма нарса ботилдир”), –исломгача яшаган араб шоири Лабид ибн Рабиъийга тегишли.

8 – “Куллу шайъин мо халаллаҳ ботилун,
Инна фазлуллоҳи ғаймун ҳотилун” – “Оллоҳдан бошқа ҳамма нарса ботилдир, чиндан ҳам Оллоҳнинг фазлу марҳамати ёмғир ёғдирувчи булутдир”.

АЛИ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУ ҲИКОЯСИГА ҚАЙТИШ ВА УНИНГ ЎЗ ҚОНХЎРИГА МУРУВВАТ КЎРСАТГАНИ

Қайт Алию унга қонхўр ён бу он,
Ҳамда ул қонхўрига лутфи томон.

Деди: “Ёвни ўз кўзим-ла ҳар қадам
Мен кўрарман, сочмагум қаҳримни ҳам. 3925

Чунки, болдай хуш ёқар менга ажал,
Ул Қиёматга ёпишган ҳар маҳал.

Беажалликда ажал бизга ҳалол,
Мулку молсиз – биздаги бор мулку мол.

Гар ўлим – сирти, ичинда бор ҳаёт,
Сирти – қисқа, лек, ичи билмас мамот.

Пушт раҳим ичра агар, кетмоқ эрур,
Яшнаб, ўзни барқарор этмоқ эрур.

Мангуликка ишқ, ҳавас гар менда бор,
Менга “лотулқу биайдикум”дир ор.1 3930

Чунки, тақиқ донлари бўлгай ширин,
Ҳожати бор кимга аччиқ тақиқин.

Донки, мағзу пўсти гар аччиқ эрур,
Макруҳу аччиқлиги тақиқ эрур.

Жоним ўлмоқ донидан яйрайди то,
“Бал ҳум эҳёун” эрур менга раво.2

“Уқтулуний ё сиқоти ло йимо,
Инна фй қатли ҳаёти доимо.3

Инна фй мавти ҳаёти ё фато!
Кам уфориқ мавтиний ҳатто мато? 4 3935

Фурқати лам лав такун фй зассукун,
Лам яқул инно илайҳи рожиъун”. 5

Ул эрур қайтгувчи, шаҳр ичра тағин,
Келса ваҳдатга бўлинган давридин.

———————————
1 – “Оллоҳ йўлидаги (кураш учун молларингизни) сарфланглар! Ва (бахиллик қилиш билан) ўзингизни ҳалокатга ташламанг! Яхшилик қилинг! Албатта Оллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади!. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 195-оят).

“Лотулқу биайдикум” – “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!”.

2 – “Ва Оллоҳ йўлида ҳалок бўлган (шаҳид)лар ҳақида: “(Булар) ўликлар”, демангиз! Йўқ, улар тириклардир, лекин сизлар сезмайсизлар”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 154-оят).

“Бал ҳум эҳёун” – “Йўқ, улар тириклардир!”

3 – “Уқтулуний ё сиқоти ло йимо,
Инна фй қатли ҳаёти доимо” – “Мени маломат қилиб ўлдиринг, эй, улуғлар, чиндан ҳам менинг ўлимим боқий ҳаётимдир!”.

4 – “Инна фй мавти ҳаёти ё фато!
Кам уфориқ мавтиний ҳатто мато?” – “Чиндан ҳам ўлимим ичра ҳаётим бор, эй, йигит! Қачонгача ўз Ватанимдан жудодирман!?”

5 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бирор мусибат келганда: «Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз», дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!” (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 156-оят).

“Фурқати лам лав такун фй зассукун,
Лам яқул инно илайҳи рожиъун” – “Бу оламда борлигим айрилиқ бўлмаганда эди, Ул “чиндан биз У Зотга қайтгувчилармиз!” – деб айтмасди.

АМИРУЛМЎМИНИН АЛИ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУНИНГ ЖИЛОВДОРИ: “ЭЙ, АМИРУЛМЎМИНИН, МЕНИ ЎЛДИР ВА БУ КЎРГУЛИКДАН ҚУТҚАР” — ДЕБ ЁЛВОРГАНИ

Келди қайтиб: “Тезда ўлдир, эй, Али,
Йўқ кўзим машъум у дамни кўргали!

Тўк маним қонимни, қилдим мен раво,
Токи ул маҳшарга бўлмай мубтало!”.

Мен дедим: “Ҳар зарра қонга ғарқ агар,
Тиғ тутиб, жонимга солсам-да хатар, 3940

Кесмагай бир тола сочинг ҳам бу дам,
Сенга шул қисматни битмиш Ул қалам.

Сенга, лек, ҳомий эрурман, чекма ғам,
Хожаман руҳга, таним этмас қарам.

Тан қадрсиз менга, кечдим баҳридан,
Мен усиз ҳам поку поклик наслиман.

Ханжару шамшир бу – райҳоним маним,
Ҳам ўлим – базмиму гулдоним маним.

Улки, танни мағлуб этмиш ҳар нафас,
Қилдими мирлик, халифатга ҳавас? 3945

Сиртда давлат, рутбага чўзгай у қўл,
Ҳар амир кўрсин, надир то ҳукму йўл,

То амирлар жони бўлсин безарар,
То халифат боғи берсин мевалар”.

МУСТАФО САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ МАККА ВА МАККАДАН ТАШҚАРИДА ҒАЛАБА ҚОЗОНИШ ИСТАГИ, ТОКИ У “АД-ДУНЁА ЖИФАТУН”1 ДЕГАН ЭКАН, ФОНИЙ ДУНЁ МУЛКИГА ИНТИЛИШ ҲАВАСИ ЭМАС, БАЛКИ, ОЛЛОҲ АМРИ ЭКАНЛИГИ БАЁНИДА

Пок Расул Макка томон қилди юриш,
Ким атар дунёпарастлик деб бу иш?

Етти осмон ганжидан, улки шу чоқ,
Бор синовлардан юмиб кўз ўтди, боқ.

Жон ва ҳурлар то кўрайлик деб уни,
Қамрамишлар етти осмон уфқини. 3950

Ул учун ороланиб келмиш бари,
Унда Дўстдан ўзгага парво қани?

Унда Ҳақ мадҳи чунон ҳам эрди мўл,
Унга Ҳақ аҳли тополмас эрди йўл.

“Лоясаъ фино набиййун мурсалу,
Ва-л-малак ва-р-руҳу айзан, фаъқилу”.2

Деди: “Бизлар “ма зағал”3 қарға эмас,
Маст қилар Ул ранги,4 боғ этмайди маст”.

Гар ақл ҳамда фалакнинг ганжлари,
То Расулга хасдайин эркан бари, 3955

Унда недир Маккаю Шому Ироқ,
Қўлга то олмоқни этсин иштиёқ?

Кўнгли кирларга, фақат, бул шубҳа хос,
Ўз жаҳолат, ҳирсига этгай қиёс.

Бўлса кимга гар сариқ ойна ниқоб,
Ул сариқ кўргай қуёш нурин шу тоб.

Синдириб ташла сариқ, кўк ойнани,
Ким эрур мард, ким эрур гард, то тани.

Чанг чавандоз гирдида тўзгач чунон,
Чангни сен Ҳақ марди деб қилдинг гумон. 3960

Деди, кўргач чангни Иблис: “Хок-ку бул!
Мендайин ўтпуштлидан устунми ул?” 5

Сен агар Ҳақ ёрларин билсанг башар,
Бил, бу – Иблис қолдириб кетган назар.

Бўлмасанг Иблисга фарзанд, эй, ўжар!
Сенга ул итдан нечук мерос ўтар?

Ит эмас, Ҳақ шеридирман, ҳақпараст,
Кимки Ҳақ шери, у – суврат ичрамас.

Емиш, ўлжа излар – олам шери ким,
Излагай Ҳақ шери ким – ҳурлик, ўлим. 3965

Ҳар ўлимда юзта борлик кўрса гар,
Борлиғин парвона янглиғ куйдирар.

Ҳар ўлим орзуси содиқ тавқи то,
Имтиҳон бўлсин жуҳудга бул садо.6

Деди Ул Қуръонда: “Эй, қавми яҳуд!
Барча содиққа ўлим – наф, ганжу қут.

Худди, фойда орзуси бордир, бироқ,
Лек, ўлим орзуси ундан яхшироқ.

Эй, жуҳудлар, топгали обрўй ва шон,
Тилда ўлмоқ орзусин айланг баён!7 3970

Топмади ҳеч бир жуҳуд журъат, бироқ,
Тиклаган чоғда Муҳаммад туғ бу чоғ.

Деб: “Бу орзу тилда берса гар садо,
Бир жуҳуд ҳам қолмагай олам аро”.

Бор жуҳуд сўнг тўпламиш молу хирож:
“Бизни сен шарманда қилма, эй сирож!”

Ушбу сўзнинг сўнги йўқдир бегумон,
Қўлни бер менга, кўриб Дўстни аён!

————————————
1 – “Ад-дунйа ясифатун” – “Бу дунё – жасад” .

2 – “Лоясаъ фино набиййун мурсалу,
Ва-л-малак ва-р-руҳу айзан, фаъқилу” – “Орамизга юборилган Пайғамбарларнинг бирортаси, малаклар ҳам, ҳазрати Жабройил (руҳ) ҳам сиғмайди. Шундан сўнг фикр қилиб кўринглар!”. (Бир авлиёнинг сўзига ишора)

3 – “Ўшанда Нилуфарни ўраган нарса (яъни, Оллоҳ таолонинг файзи Илоҳийси) ўраб олган эди. (Пайғамбарнинг) кўзи (ўнгу сўлга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ. Дарҳақиқат, у (ўша соатда) Парвардигорининг буюк оятларини (яъни, У Зотнинг қудрати Илоҳийсига далолат қиладиган жуда кўп аломатларни) кўрди”. (Қуръони карим, «Ва-н-Нажм» сураси, 16-18-оятлар).

“Ма зағал” – “(Кўзи) оғгани йўқ”.

4 – “Оллоҳнинг ранги-ла (рангинмиз). Оллоҳдан ҳам гўзалроқ ранг берувчи борми? Бизлар Унгагина ибодат қилгувчилармиз” (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 138-оят).

5 – “(Шунда Оллоҳ) деди: “Эй иблис, Мен Ўз Қўлларим билан яратган нарсага – Одамга сажда қилишдан нима сени манъ қилди?! Кибру ҳаво қилдингми, ёки сен (Одамга нисбатан) юксак мартабали зотлардан эдингми?!”. У айтди: “Мен ундан яхшироқман. Сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг”. (Оллоҳ) деди: “Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳассиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган малъунсан. Ва албатта то жазо (Қиёмат) Кунигача сенга Менинг лаънатим бўлур”. (Қуръони карим, «Сод» сураси, 75-78-оятлар).

6 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй яҳудийлар, агар сзлар (бошқа) одамларни эмас, фақат ўзларингизни Оллоҳнинг дўстлари деб даъво қилсангизлар – агар (мана шу даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар – ўлимни орзу қилинглар-чи?! Улар қўллари (яъни, ўзлари) қилиб қўйган ишлари (яъни, Тавротда Ҳақ Пайғамбар эканликлари зикр қилинган Муҳаммад алайҳис-саломни ёлғончи қилганлари) сабабли ҳеч қачон (ўлимни) орзу қила олмаслар. Оллоҳ бундай золим кимсаларни Билгувчидир”. (Қуръони карим, «Жумъа» сураси, 6-7-оятлар).

7 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Агар Оллоҳ ҳузурида Охират диёри (жаннат) бошқа одамларсиз фақат сизларники бўлса, у ҳолда ростгўй бўлсангизлар, ўлишни орзу қилинглар-чи!”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 94-оят).

АМИРУЛМЎМИНИН АЛИ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУНИНГ ЎЗ СУҲБАТДОШИГА: “СЕН ЮЗИМГА ТУПУРГАН ЧОFИНГДА, ИЗЗАТ-НАФСИМ ҚЎЗFАЛИБ, АМАЛГА ИХЛОСИМ ҚОЛМАДИ, СЕНИ ЎЛДИРИШИМГА ХАЛАЛ БЕРГАН НАРСА ШУ ЭДИ” — ДЕГАНИ

Ул амирулмўминин унга шу он,
Дедики: “Жанг пайтида, эй, паҳлавон, 3975

Сен юзимга туфлагач, нафсим чунон
Қўзғалиб, хулқимни бузди ногаҳон.

Ярми эрди Ҳақ учун, ярми ҳаво,
Ҳақ ишига иштирокдир нораво.

Ҳақ яратган нақш эрурсан ҳар нафас,
Ҳаққа сен буткул қарашли, менгамас.

Синдир Оллоҳ нақшин, амр этса У Зот,
Сен У Дўст биллурига Дўст тошин от”.

Габр эшитгач булни, ул кўнгли шу дам
Нурга тўлди, кесди сўнг зуннорни ҳам. 3980

Деди: «Мен экдим жафо тухмин чунон,
Бошқа одам деб сени қилдим гумон.

Сен Аҳадхўйлик тарозу, бу – тайин,
Бор тарозулар учун, ҳатто, шайин.

Сен қадрдоним экансан, ақрабо,
Шам экансан ёғдулик – дийним аро.

Мен ўшал нурли чироққа банда, қул,
Айладим Ҳақ ёғдусин сендан қабул.

Қул эрурман нурли уммон мавжига,
Қаъридан чиққувчи дурру ганжига. 3985

Бил раво оғир ўлим менга букун,
То замоннинг фахридирсан мен учун”.

Шунда эллик чоғли қавму ёрлари,
Ошиқона бурдилар юз дин сари.

Қилди ҳилмин тийғи-ла нечоғли зид,
Тийғу халқларни балолардан харид!

Тийғи ҳам ўткир пўлат тиғдан нечоғ,
Балки, юз қўшинданам қудратлироқ.

Лек, надоматким, бир-икки луқма еб,
Ўй-хаёлинг қайнаши қолмиш тиниб. 3990

Битта дон Одам қуёшин тутди тез,
Дум каби ой нурларин ютмиш у кез.1

Лутфини кўр бир сиқим лойдан, мана,
Тўзғимиш ойи Сурайёдай яна.

Эрди нон маъни, емоқ фойдалидек,
Бўлса суврат, ундагай инкорга, лек.

Худди, кўк янтоқни еркан тевалар,
Бул емишдан топгуси лаззат, самар.

Ям-яшиллик кетса гар, қолса қуриб,
Тевалар еркан уни чўлда юриб. 3995

Йиртилар бўғзи ва лунжи, эй, дариғ!
Бўлди ул ардоқлаган гул мисли тиғ.

Эрди нон маъни, тикон ҳам ул яшил,
Қурғагай, бўлгай дағал, олгач шакл.

Одатинг бирлан уни сен бемалол
Еган эрдинг аввал, эй, нозикниҳол!

Бул қуруқ атрин туйиб ейсан ҳамон,
Маъни зах ер-ла бириккач ҳар замон.

Қоришиб хокка, тилар бўғзингни, бил,
Ул гиёҳдан, эй, туя, энди тийил! 4000

Кетди буткул қоришиб тупроққа сўз,
Бўлди сув лойқа, қудуқ оғзини тўс.

Токи, Ҳақ сувни тиниқ, соф айласин,
Улки, лойқа айламиш, поклар тағин.

Сабр этар орзу ато, этмас шитоб,
Қил сабр, “валлоҳу аълам би-с-савоб!”2

———————————-
1 – Ўрта аср астрологиясида ой орбитаси тугунлари “Аждаҳо нуқтаси”, юқорига йўналган қисми “бош”, пастга йўналган қисми эса “аждаҳо думи” деб номланган. Қуёш ва ой шу нуқталарга яқинлашса, қуёш ва ой тутилиши рўй беради, афсоналарга кўра, нурларни тутилиш жараёнида аждаҳо ютади.

2 – “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом, кофирларнинг озор-азийятларига) чиройли сабр билан сабр-тоқат қилинг! Чунки улар У (Кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса унинг яқинлигини билурмиз!” (Қуръони карим, «Маориж» сураси, 5-7-оятлар).

БИРИНЧИ КИТОБ ТУГАДИ

043

БИРИНЧИ КИТОБНИНГ МУНДАРИЖАСИ

Биринчи китоб муқаддимаси
Подшоҳнинг бемор канизакка ошиқ бўлгани ва уни даволатиш учун чора ахтаргани
Канизакни даволашда ҳакимлар ожиз эканлиги маълум бўлгани, подшоҳнинг Оллоҳ даргоҳига юз бургани ва тушида бир авлиёни кўргани
Тавфиқ эгаси Оллоҳдан тавфиқ сўрашда ҳар қандай ҳолатда одоб ҳурматига риоя қилишнинг фазли ва одобсизликнинг зарарли оқибатлари баёнида
Шоҳнинг тушида кўрган авлиё билан мулоқоти
Беморнинг аҳволини кўрсин деб, шоҳ табибни бемор олдига бошлаб боргани
Канизакнинг дардини аниқлаш учун ҳакимнинг шоҳдан уларни ёлғиз қолдиришини сўрагани
Валийнинг канизак дардини аниқлагани ва подшоҳга маълум қилгани
Шоҳнинг заргарни келтириш учун Самарқандга элчилар юборгани
Заргарнинг заҳар бериб ўлдирилиши ҳавойи нафс ва бузуқ ният оқибати эмас, балки, илоҳий ишорат эканлиги баёнида
Баққол, унинг тўтиси ва тўтининг дўконга мой тўкиб қўйиши ҳақида ҳикоят
Таассубдан насронийларни ўлдирган жуҳуд подшоҳи ҳақида ҳикоя
Вазирнинг подшоҳга макр ўргатгани
Вазирнинг насронийлар учун тузган макру ҳийласи
Насронийларнинг вазир макрини қабул қилгани
Насронийларнинг вазирга итоат қилгани
Халифанинг Лайлини кўриб қолгани ҳақида ҳикоят
Вазирнинг ҳасад қилганлиги баёни
Насронийларнинг донишмандлари вазир макрини пайқаб қолишгани
Шоҳнинг вазирга махфий хабар йўллагани
Насронийларнинг ўн икки гуруҳга бўлингани баёни
Маккор вазирнинг инжил ҳукмларини ўзгартиргани
Бу ихтилофларнинг ҳақиқат йўлида эмас, суврат йўлида эканлиги баёнида
Вазирнинг макр қўллашдаги хатоси баёни
Исо алайҳиссалом қавмини йўлдан оздириш учун вазирнинг бошқа макр ўйлаб топгани
Вазирнинг муридларни рад этгани
Муридларнинг вазирни хилватни тарк этишга такрор ундагани
Вазирнинг: “Хилватни тарк этмайман” – деб жавоб бергани
Вазирнинг хилват қилишига муридларнинг эътирози
Вазирнинг хилватни тарк этмай, муридларни ноумид қилгани
Вазирнинг ҳар бир амирни алоҳида-алоҳида валиаҳд этиб тайинлагани
Вазирнинг хилватда ўзини ўлдиргани
Исо алайҳиссалом умматларининг амирлардан: “Орангизда валиаҳд ким?” – деб сўрагани
Амирлар ўртасида валиаҳдлик учун низо қўзғалгани
Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номи инжилда мадҳ этилгани
Исо динини ҳалок этмоқчи бўлган бошқа бир жуҳуд подшоҳи ҳақида ҳикоят
Жуҳуд подшоҳининг олов ёққани ва олов ёнига бут ўрнатиб: “Кимки бутга сиғинса, оловдан омон қолади” – дегани
Бир гўдакнинг олов ичида тилга киргани ва халқни оловга ташланишга даъват этгани
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам номини масхара қилиб тилга олган кимсанинг оғзи қийшайиб қолгани
Жуҳуд подшоҳининг оловга ғазаб қилгани
Ҳуд алайҳиссалом замонида Од қавмини ҳалок этган шамол қиссаси
Жуҳуд шоҳининг инкори ва ўз яқинлари насиҳатини қабул қилмагани
Ов ҳайвонларининг шерни таваккул қилиб, жаҳд этмасликка даъват этганлари баёнида
Шернинг ҳайвонларга жавоби ва жаҳд фойдаси ҳақида сўйлагани
Ҳайвонларнинг таваккулни жаҳддан ва касб-кор қилишдан устун қўйгани
Шернинг жаҳд ва касб-кор қилишни таваккул ва таслимдан устун қўйгани
Ҳайвонларнинг таваккулни жидду жаҳддан устун қўйгани
Шернинг жаҳдни таваккулдан устун қўйгани
Ҳайвонларнинг яна таваккулни жаҳддан устун қўйганлари
Азройил алайҳиссаломнинг бир кимсага назар солгани, ул кимсанинг қочиб, Сулаймон алайҳиссалом ҳузурига боргани ва таваккулнинг жаҳддан устунлиги, жаҳддан фойда камлиги баёни
Шернинг яна жаҳдни таваккулдан устун қўйгани ва жидду жаҳднинг фойдаларини баён қилгани
Жаҳднинг таваккулдан устун эканлиги муқаррар бўлгани
Шер олдига боришни пайсалга солгани учун ҳайвонларнинг қуёнга танбеҳ бергани
Қуённинг уларга жавоби
Қуённинг сўзларига ҳайвонларнинг эътироз билдиргани
Қуённинг ҳайвонларга жавоби
Қуённинг донолиги, илмнинг фазилат ва фойдалари баёнида
Ҳайвонларнинг қуёндан фикрини ошкор этишни талаб қилгани
Қуённинг ўз сирини ҳайвонлардан яширгани
Қуённинг макри қиссаси
Ожиз пашшанинг тор доирадаги таъвили
Кечиккан қуёндан шернинг ғазаблангани
Яна қуённинг макри баёнида
Қуённинг шер олдига етиб келгани
Қуённинг узр сўрагани
Шернинг қуёнга жавоб бергани ва у билан бирга йўлга тушгани
Қазо етганда равшан кўзлар юмилиши ҳақида Ҳудҳуд ва Сулаймон алайҳиссалом қиссаси
Ҳудҳуд даъвосига зоғнинг таъна қилгани
Зоғ таънасига Ҳудҳуднинг жавоби
Қазо кўзни пардадек тўсиб қўйганлиги боис, очиқ-ойдин тақиққа риоя қилолмаган ва таъвилини тарк этган Одам алайҳиссалом қиссаси
Қудуққа яқинлашганда, қуён шердан орқада қолгани
Шер қуёндан орқада қолганининг сабабини сўрагани
Шернинг қудуққа қараб, қуённинг ҳамда ўзининг аксини кўргани
Қуённинг: “Шер қудуққа тушиб кетди” – деб ҳайвонларга хушхабар етказгани
Ҳайвонларнинг қуён атрофини ўраб олиб, унга ҳамду сано айтганлари
Қуённинг ҳайвонларга: “Бу ҳолдан ортиқча қувонманглар”, — деб насиҳат қилгани
“Ражаъно мин-ал-жиҳоди-л-асғари ила-л-жиҳоди-л-акбари” ҳадисининг тафсири
Рум элчисининг Амирулмўминин Умар разийаллоҳу анҳу ҳузурига келгани ва у кўрсатган кароматга гувоҳ бўлгани
Рум элчисининг амирулмўминин Умар разийаллоҳу анҳуни хурмо дарахти остида ухлаб ётган ҳолда топгани
Рум элчисининг амирулмўминин Умар разийаллоҳу анҳудан сўрагани
Одам: “Раббано заламно” – деб ўз гуноҳини ўзидан кўргани ва Иблис: “Бимо ағвайтани” – деб ўз гуноҳини Ҳақ таолога тўнкагани
“Ва ҳува маъакум айнамо кунтум” оятининг тафсири
Рум элчисининг Умар разийаллоҳу анҳудан суву балчиқдан иборат вужуд бахтсизлигига нега мубтало эканлиги сабабини сўрагани
“Ман арода ан яжлиса маъаллоҳи фалияжлис маъа аҳли-т-тасаввуфи” ҳадисининг мазмуни
Тижоратга бораётган чоғида тутқун тўтиси Ҳиндистон тўтиларига салом йўллаган савдогар қиссаси
Зийрак қушларнинг илоҳий қаноти баёнида
Савдогарнинг саҳрода Ҳиндистон тўтиларини учратгани ва ўз тўтисидан хабар етказгани
Фаридуддин Аттор қаддасаллоҳу руҳаҳу сўзининг тафсири
Сеҳргарларнинг Мусо алайҳиссаломдан: “Аввал сен асо ташлайсанми?” – деб сўрагани
Савдогар ўз тўтисига Ҳиндистон тўтилари билан қандай кўришганини сўйлаб бергани
Ул тўтиларнинг ҳаракатини эшитиб, бу тўтининг қафасда жон бергани ва савдогарнинг унга нола-фарёди
Ҳаким сўзининг тафсири. Муҳаммад салаллоҳу алайҳи ва салламнинг “инна саъдан лағайурун ва ано ағйару мин саъдии валлоҳу ағйиру минни ва мин ғайратиҳи ҳаррама-л-фавоҳиша, мо заҳара минҳо ва мо батана” ҳадиси маъноси баёнида
Хожа савдогар ҳикоясига қайтиш
Савдогарнинг тўти ўлигини қафасдан олиб улоқтиргани ва тўтининг парвоз этгани
Тўтининг Хожа билан видолашгани ва учиб кетгани
Халқ таъзим қиладиган даражада машҳур бўлишнинг зарари
“Машааллоҳу кона” сўзининг тафсири
Умар разийаллоҳу анҳу замонида ночорликдан, Худо йўлида, қабристон ўртасида чанг чалган Пири Чангий достони
“Инна лираббикум фй айёми даҳрикум нафаҳотун, ало фатъарраззу лаҳо” ҳадиси баёнида
Ойиша разийаллоҳу анҳунинг Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Бугун ёмғир ёғди, сиз қабристонга бордингиз, аммо, кийимларингиз нега ҳўл бўлмади” – деб сўрагани
Ҳаким разийаллоҳу анҳу айтган ушбу байт тафсири
“Иғтаниму барда-р-рабеъи…” ҳадисининг мазмуни баёнида
Сиддиқа разийаллоҳу анҳунинг Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Бугунги ёмғирнинг сири нимада эди?” – деб сўрагани
Пири Чангий қиссасининг давоми ва унинг нажот топгалиги баёни
Умар разийаллоҳу анҳунинг тушида Ҳотиф кнга: “Давлат хазинасидан бир неча олтин олиб, қабристонда ухлаб ётган кишига элтиб бергин” – деб даъват этгани
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун махсус минбар қурганларида, жамоат йиғилиб: “Ваъз чоғида биз сенинг муборак юзингни кўролмаймиз” – дегач, ҳаннона устуннинг ҳасрат қилгани ва унинг ҳасратини Расулу саҳобалар эшитгани ҳамда Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша устун билан савол-жавоби
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам мўъжизасининг баёни, Абужаҳл алайҳилаъна қўлидаги тош бўлакларининг тилга киргани ва тош бўлаклари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Пайғамбарлиги ростлигига гувоҳлик бергани
Мутриб қиссасининг давоми. Амирулмўминин Умар разийаллоҳу анҳунинг Ҳотифдан келган садо хабарини унга етказгани
Умар разийаллоҳу анҳунинг мутриб назарини йиғи мақомидан қайтариб, борлиқда мавжуд машғуллик мақомига йўналтиргани
Ҳар куни бозор бошида: “Аллоҳумма аъти кулла мунфиқин халафан, аллоҳумма аъти кулла мумсикин талафан” – деб жар солган икки фаришта дуосининг тафсири ва ул хайр-садақа қилгувчилар ҳою ҳавас йўлининг исрофгарлари бўлмай, Ҳақ йўлида жиҳод этгувчилар эканлиги баёни
Ўз замонасида саховат бобида Ҳотам Тойдан ўзган, ўхшаши йўқ халифа қиссаси
Йўқчилик, қашшоқлик туфайли хотини жанжал кўтарган саҳройи дарвиш араб қиссаси
Муҳтож муридларнинг сохта зоҳидларга алданиши, уларни Ҳаққа етишган улуғлар деб ўйлагани, асил ва қалбаки, ўлик ва тирикнинг фарқига бормагани
Баъзан мурид сохта даъвогарга эътиқод боғлаши, шу эътиқоди туфайли шайхи тушида ҳам кўрмайдиган мақомга етиши, сув, олов унга зарар етказмай, шайхига зарар етказиши ва бундайлар жуда камлиги баёни
Саҳройи араб хотинини сабрга чорлагани, унга сабр ва қашшоқлик фазилатларини баён этгани
Хотиннинг: “Ўз йўлинг ва мақомингдан ошириб гапирма, яъни, “лима тақулуна мо ло тафъалуна?”. Гапларинг рост, аммо, сен умид ва ишонч мақомида эмассан. Мақоминг ва хулқингдан ошириб сўзлаш сенга зарар келтиради, яъни, “кабура мақтан индаллоҳа”дир – деб эрига насиҳат қилгани
Эрнинг хотинига: “Қашшоқларга паст назар, Ҳақ ишига шубҳа билан қарама, ожиз фикр, хом хаёлларингга берилиб, қашшоқлик ва қашшоқларга таъна қилмагин” – деб насиҳат қилгани
Ҳар кимнинг ҳаракати унинг эгаллаган ўрнига қараб белгиланиши ва ҳар кимни ўз вужуди доирасида кўриши, яшил шиша қуёшни яшил, қизил шиша қизил рангда кўрсатади, шишаларнинг ранги йўқолгач, оқаради. Бошқа барча шишалардан у ростгўйроқ бўлиши ва имом саналиши баёнида
Хотин эрига эътиборини қаратиб, айтган гаплари учун тавба қилгани
“Иннаҳунна яғнибна-л-оқила ва яғлибу ҳунна-л-жоҳилу” ҳадиси баёнида
Эрнинг хотин илтижосини тирикчилик талаби деб қабул қилгани ва хотин эътирозини Ҳақнинг ишорати деб билгани
Мусо ҳам, Фиръавн ҳам оғую дори, зулмату нур янглиғ Ҳақ ҳукми, иродасига тобе эканлиги, Фиравннинг: “Мени беномус айламагил” – деб хилватда ёлворгани баёнида
Раҳмсиз, бадбахт кимсаларнинг икки жаҳондан маҳрумлиги, яъни, “Ҳасара-д-дунё ва-л-охират”
Солиҳ ва Солиҳ туяси кўзларга ожиз, эгасиз бўлиб кўрингани. Ҳақ бирор лашкарни ҳалок қилмоқчи бўлса, уларнинг кўзига душманларни, гарчи қудратли, ғолиб бўлса-да, ожиз ва оз кўрсатиши, яъни, “юқалликум фй аъюуниҳим лияқзиаллоҳу амран кона мафъулан”
“Маража-л-баҳрайни ялтақийан. Байнаҳума барзахул ло ябғийан” оятининг мазмуни
Валий нимаики қилса, мурид ўшандоқ қиламан деб шаккоклик қилиши тўғри эмаслиги, ҳолва беморларга зиён қилса-да, табибга зиён қилмаслиги, совуқ ва қор узумга зарар етказмай, ҳали етилмаган ғўрага зарар келтиришининг маъноси ҳақида, яъни, “лияғфира лакаллоҳу мо тақаддама мин занбика ва мо таъаххар”
Араб ва унинг хотини можаросининг охири
Арабнинг ўз маҳбубаси хоҳишига кўнгани ҳамда: “Бу итоатимда ҳийла ва синов йўқ” – деб қасамёд қилгани
Хотиннинг эрига ризқ талаби йўлини тайинлагани ва эри уни қабул қилгани
Арабнинг биёбон оралаб Бағдодга боргани, у ерда ҳам сув танқис деб ўйлаб, бир кўзада ёмғир сувини амирулмўминунга совға қилиш учун элтгани
Арабнинг хотини ёмғир суви тўла кўзани арабларга хос тарзда кигизга ўраб тиккани ва янада ишончлироқ бўлиши учун муҳрлагани
Гадо қанчалик карам ва карим ошиғи бўлса, карим карами ҳам шунчалик гадо ошиғидир. Агар гадо сабрли бўлса, карим ул томон келгай. Аммо, гадонинг сабри – гадонинг камоли, каримнинг сабри каримнинг нуқсони эканлиги баёнида
Худога дарвишу Худога ташна ҳамда Худодан ташқарида дарвишу ўзгага ташна икки дарвиш орасидаги фарқ баёни
Халифанинг мулозимлари ва эшик соқчилари эҳтиром юзасидан саҳройи арабга пешвоз чиққани ва унинг совғасини қабул қилгани
Дунё ошиғи қуёш нури тушиб турган девор ошиғига ўхшайди, товланган бу нур девордан эмас, тўртинчи осмондаги қуёш гардишидан эканлигини англашга ҳаракат қилмаслиги, деворга бутунлай кўнгил қўйиб, қуёш ёғдулари қуёшга қайтгач, у бир умр маҳрум қолиши баёнида, яъни, “ҳила байнаҳум байна мо яштаҳуна”
Арабларнинг: “Изо занайта фазни би-л-ҳуррати ва изо сарақта фасриқи-д-дуррата” мақоли хусусида
Араб ўз ҳадясини, яъни, кўзани халифанинг хизматкорларига топширгани
Тилшунос олим ва қайиқчи можароси ҳақида ҳикоят
Халифанинг ҳадяга, яъни, кўзага эҳтиёжи бўлмаса-да, уни қабул қилгани ва арабга инъом беришни буюргани
Пирлик хислати ва унга итоат баёни
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Али карамаллоҳу важҳаҳуга: “Ҳар ким Ҳаққа ўз тоати тарзи билан яқинлашмоқ истайди, сен оқил ва хос бандалар суҳбати орқали Ҳаққа яқинлашгин, токи ҳаммадан пешқадамроқ бўлгин” – деб васият қилгани
Бир қазвинлик киши елкасига шер суратини чиздиргани, игна захмидан унга озор етиб, сўнг пушаймон бўлгани
Бўри билан тулкининг шерга хизмат юзасидан овга чиққани
Шер бўрини синаб кўриш мақсадида: “Эй, бўри, кел, олдинга ўтиб, ўлжаларни ҳаммамизга тақсимлаб бер” – дегани
Бир киши дўст эшигини тақиллатганда, ичкаридаги киши: “Ким у?” – деб сўрагани, эшик қоққан киши: “Мен” – деб жавоб бергач, ичкаридаги киши: “Сен агар “сен” бўлсанг, эшигимни очмайман, чунки, дўстларим ичра “мен” бўлган бирор кимсани танимайман, бор, жўна!” – деб жавоб бергани қиссаси
Ўлжаларни тақсимлашда одобсизлик қилгани учун, шернинг бўрини жазолагани
Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмига: “Эй, адашганлар, мен билан тортишманглар, чунки, мен билан тортишсанглар, мендаги Худо билан тортишган бўласизлар” – деб таҳдид қилгани
Кўзларини равшан айламоқ мақсадида, подшоҳлар донишманд сўфийларни ўзларига юзма-юз қилиб ўтқазгани
Юсуф алайҳиссаломнинг ҳузурига меҳмон келгани ва Юсуф алайҳиссалом ундан нодир туҳфа ва армуғон талаб этгани
Юсуф алайҳиссаломнинг меҳмони унга: “Бир кўзгу келтирдим, ҳар гал кўзгуга боқиб, гўзал чеҳрангни кўрасан ва мени эслайсан” – дегани
Ваҳий котибининг, ваҳий шуъласи унга тушгач: “Менга ҳам ваҳий келди” оятини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан илгари ўқигани ва шу боис диндан қайтгани
Балъам Боурнинг: “Мусо ва унинг қавмини улар қуршаб олган шаҳардан ноумид қайтаргин” – деб дуо қилгани ва дуоси ижобат бўлгани
Ҳорут ва Морутнинг ўз покликларига ишонгани ва олам аҳлига қўшилишни истаб, оғир синовларга дучор бўлгани
Ҳорут ва Морут қиссасининг давоми. Уларнинг инсоний дунёда ва Бобил чоҳида тортган азоб-уқубатлари
Бир карнинг бемор ётган қўшнисидан ҳол сўрагани
Улким, Қуръон оятларини илк марта бир-бирига қарама-қарши қўймиш, Иблис эди
Ҳар киши ўз ҳоли ва мастлигини жоҳиллардан пинҳон тутмоғи лозимлиги баёнида
Румликлар ва чинликларнинг наққошлик ҳамда мусаввирлик санъати бобида бир-бири билан талашиб-тортишгани
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Зайддан: “Бугун нечуксан, қандай оёққа турдинг?” – деб сўрагани ва Зайд: “Асбаҳту мўъминан эй, Расулуллоҳ!” – деб жавоб қайтаргани
Хизматкор ва қулларнинг: “Биз олиб келаётган ҳўл, шўртак меваларни еб қўйди” – деб Луқмонга туҳмат қилгани
Зайд қиссасининг давоми. Унинг Расул саллаллоҳу алайҳи ва салламга жавоби
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Зайдга: “Бу сирни керагидан ортиқ ошкор айлама ҳамда унга итоат қилгин” – дегани
Зайд ҳикоясига қайтиш
Умар разийаллоҳу анҳу замонида шаҳарга ўт тушгани
Амиралмўминин Али карамаллоҳу важҳаҳунинг юзига ёв тупургач, амирулмўминин Али қўлидаги қилични улоқтиргани
Ул кофирнинг Али карамаллоҳу важҳаҳудан: “Мендан ғолиб келсанг-да, нега қиличингни қўлдан ташладинг?” – деб сўрагани
Қўлидаги қилични ўша ҳолатда нима учун улоқтирганига амирулмўминин жавоби
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам амирулмўминин Али карамаллоҳу важҳаҳу жиловдори қулоғига: “Алининг ажали сенинг қўлингда эканлигидан сени хабардор қилдим” – дегани
Одам алайҳиссаломнинг малъун Иблис гумроҳлигидан ҳайратлангани ва кибрга берилгани
Али карамаллоҳу важҳаҳу ҳикоясига қайтиш ва унинг ўз қонхўрига мурувват кўрсатгани
Амирулмўминин Али карамаллоҳу важҳаҳунинг жиловдори: “Эй, амирулмўминин, мени ўлдир ва бу кўргуликдан қутқар” – деб ёлворгани
Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка ва Маккадан ташқарида ғалаба қозониш истаги, токи У “ад-дунёа жифатун” деган экан, фоний дунё мулкига интилиш ҳаваси эмас, балки, Оллоҳ амри эканлиги баёнида
Амирулмўминин Али карамаллоҳу важҳаҳунинг ўз суҳбатдошига: “Сен юзимга тупурган чоғингда, иззат-нафсим қўзғалиб, амалга ихлосим қолмади, сени ўлдиришимга халал берган нарса шу эди” — дегани

09

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobning yakuni
Odil Ikrom tarjimasi
06

ZAYD HIKOYASIGA QAYTISH

Topmagaysan Zaydni izlab sen bu kez,
Qochdi olgancha oyog’in qo’lga tez.

Kim erursan? Zayd o’zin topmas bu on,
Oftobdan porlagan yulduzsimon:

Bunda bor na naqshi, na undan nishon,
Na Somon Yo’liga eltguvchi somon. 3670

Bizda chekli barcha his, nutqu kalom
Shoh ilmi nuridan o’chmish tamom.

Aqlu idrok hislari ham kecha-kun,
Mavjlanib ketmish “ladayno muhzarun”.1

Kelsa tong, yuk eltmish oni o’tdi tez,
Har nihon yulduz tushar ishga u kez.

Aqlu hushsizlarga Haq hush qaytarar,
To’da-to’da, bor quloqda halqalar.

Yer tepib, qo’l silkitib aytar sano,
Jilva aylab: “Rabbano ahyaytano”.2 3675

To’zg’igan teri, suyaklar jon bitib,
Aylanib otliqqa, changlar to’zg’itib,

Talpinar yo’qlikdan ul borlik sari,
So’nggi kunda, shokiru shakkok bari.

Ko’rmaganday tortasan bosh, avvalo
Tortmagan erdingmi bosh yo’qlik aro?

Sen tirab yo’qlikka poying har safar
Der eding: “Kim ham joyimdan qo’zg’atar?”

Ko’rmading sen o’zda Rabboniy ijod,
Tutdi manglayda sochingdan, ayla yod.3 3680

Tortmaguncha to bu holdan nogahon,
Qilmas erding sen bu haqda o’y-gumon.4

Unga yo’qlik qul erur gar mangulik,
Ishlagin, ey, dev! Sulaymon bor, tirik!

Dev yasar bunda “jifonin k-aljavob”,
Jur’at etmas aytgali qarshi javob.5

Boq o’zingga, qaltirarsanmi bu dam?
Titratuvchi deb sana yo’qlikni ham.

Sen agar o’rningga chirmashsang hamon,
Talvasa, qo’rquvda qolgaysan chunon. 3685

Neki bor Haq ishqidan o’zga agar,
Jon talashmoq – garchi sen yeysan shakar.

Jon talashmoq – yo’l o’limga erta-kech,
Urmayin obihayotga qo’lni hech.

Xalq ko’zi – tuproq, mamotda har zamon,
Aylagay obihayotga yuz gumon.

Yuz gumon to’qsonga tushsin, bosh ko’tar,
Tunda yur, gar uxlasang tun ham o’tar.

Qop-qora tundan qidir ul kunni tez,
Pesha qil zulmatyoqar aqling bu kez. 3690

Qop-qora tunlarda ko’pdir ezgu nur,
Obi hayvon birla zulmat juft erur.

Uyqudan boshni ko’targaysan netib,
Necha yuz g’aflat urug’in sen ekib?

Ul o’lik uyqu, o’lik luqma — sherik,
Xoja uxlar, tungi o’g’ri ishda, lek.

Bilmagaysan senga kimlar g’ov erur,
Yerliga o’tdan yaralgan yov erur.

Suv va suv nasliga yovdir o’t tayin,
Suv olov joniga yov bo’lgandayin. 3695

Suv olovni so’ndirar, chunki, olov,
Suv va suv zuryodlariga bo’ldi yov.

So’ngra bul o’t bo’ldi shahvat o’ti ham,
Bor gunohlar ildizidir unda jam.

Tashqi o’t o’chguvsi, suv sepsang agar,
Eltadir hirs o’ti to do’zax qadar.

Sezmagay hirs o’ti suvning ta’sirin,
Ta’bida do’zax azobi yashirin.

Hirs o’ti qanday tinar? Din nuridin,
“Nurukum itfo’u nori-l-kofirin”.6 3700

So’ndirar bul o’tni ne? Haqdan jilo,
Bil Xalilning nurini sen rahnamo:7

Nafs o’ting Namrudsimon yongan sayin,
Udsimon jismingni ozod aylasin.

Hirs o’tin gar tiymasang – bo’lmas ado,
Yoqmasang – qolmaydi undan hech vaqo.

O’tga to o’tin qalarsan erta-kech,
O’t o’tin tashlashdan, ayt, o’chgaymi hech?

Gar o’tinni tortsang, o’t o’chgay tamom,
Chunki, taqvo suv separ o’tga mudom. 3705

Qay go’zal yuz bo’lgusi o’tdan qaro,
Gar elik “taqvi-l-qulub” ul yuzga to? 8

—————————————
1 – “Axir ular o’zlaridan ilgari ham Biz qancha asrlarni (avlodlarni) halok qilganimizni – o’shalar ularning oldiga (ya’ni, bu dunyoga) qaytib kelmasliklarini ko’rmadilarmi? Hech shak shubhasiz, (ularning) barchalari (Qiyomat Kunida) Bizning dargohimizga hozir qilinguvchidirlar”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 31-32-oyatlar).

“Ladayno muhzarun” – “Dargohimizda hozir qilinguvchilar”.

“Faqatgina bir dahshatli qichqiriq bo’lar-u, banogoh ularning barchalari Bizning dargohimizda hozir qilinguvchilardir”. (Qur’oni karim, “Yosin” surasi, 53-oyat).

2 – “Ular dedilar: “Parvardigoro, Sen bizlarni ikki bor o’ldirding va ikki bor tiriltirding (ya’ni, avval ona qornida o’lik – jonsiz holda yaratib, so’ngra O’zing bizlarga jon — hayot ato etding. Keyin, ajalimiz yetganda O’zing jonimizni olib – o’ldirib, Qiyomat Kunida yana tiriltirding). Bas, bizlar (hayoti dunyoda qilib o’tgan barcha) gunohlarimizni e’tirof etdik. Endi (bu do’zax azobidan) chiqishning biron yo’li bormi?” (Qur’oni karim, «Fofir» surasi, 11-oyat).

“Rabbano ahyaytano” – “Parvardigoro, Sen bizlarni tiriltirding!”.

3 – “Yo’q! Qasamki, agar u (bunday gumrohlikdan) to’xtamasa, albatta biz uni peshona sochidan – o’sha yolg’onchi, adashgan peshona sochidan tutarmiz-da (jahannamga oturmiz)!” (Qur’oni karim, «Alaq» surasi, 15-16-oyatlar).

4 – “U Bizga “Chirib bitgan suyaklarni kim ham tiriltira olur?”, deb misol keltirdi-yu, (ammo) o’zining (bir tomchi suvdan) yaralganini unutib qo’ydi! (Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: “U (chirigan suyak)larni dastlab (bir tomchi suv)dan paydo qilgan Zotning O’zi qayta tiriltirur. U (O’zi yaratgan) barcha xalqni Bilguvchidir”. (Qur’oni karim, “Yosin” surasi, 78-79-oyatlar).

5 – “Ular (Sulaymonga misdan) u xohlagan narsalarni – ibodatxonalarni, haykallarni, hovuzlar kabi (katta) laganlarni va (o’choqlarga) o’rnashgan (vazmin) qozonlarni qilib berurlar. (Ey) Dovud xonadoni, (Olloh sizlarga ato etgan bu ne’matlarning) shukronasi uchun amal-ibodat qilinglar! Bandalarim orasida shukr qilguvchi (zotlar juda) ozdir”. (Qur’oni karim, «Saba’» surasi, 13-oyat).

“Jifonin k-aljavob” – “Hovuzlar kabi laganlar”

6 – “Ular Ollohning nurini (ya’ni, Islomni) og’izlari (ya’ni, behuda gaplari) bilan o’chirmoqchi bo’lurlar. Olloh esa, garchi kofirlar istamasalar-da, O’z nurini (ya’ni, Dinini) to’la (ya’ni, har tarafga) yoyguvchidir”. (Qur’oni karim, «Saf» surasi, 8-oyat).

“Nurukum itfo’u nori-l-kofirin” – “Nuringiz kofirlar o’tini o’chirdi”

“Jahannam mo’minga deydi: “Ey, mo’min, o’taver, nuring allaqachon alangamni o’chirdi”. (Hadis).

7 – “Biz aytdik: “Ey olov, sen Ibrohim uchun salqin va omonlik bo’l!” (Qur’oni karim, «Anbiyo» surasi, 69-oyat).

8 – “(Ish) shudir. Kim Olloh qonunlarini hurmat qilsa, bas, albatta (bu hurmat) dillarning taqvodorligi sababli bo’lur”. (Qur’oni karim, «Haj» surasi, 32-oyat).

“Taqvi-l-qulub” – “Qalblarning taqvodorligi”

UMAR RAZIYALLOHU ANHU ZAMONIDA SHAHARGA O’T TUSHGANI

Yuz berib yong’in Umarning davrida,
Yondi tosh yog’och misol o’t avjida.

Qoplamish otash bino, uylar ichin,
Kuydirib qushlar qanotin ham inin.

O’t shaharning yarmini tez qamramish,
Suvni, hatto, qo’rqitib, lol aylamish.

Sirka, suv meshin olovga besabr
Sepdilar aqli rasolar birma-bir. 3710

O’t g’azabdan kengayib, bilmasdi had,
Yetdi cheksizlikdan unga kuch, madad.

Xalq Umar oldiga kelmish: “Nega, ayt,
So’nmayotir o’timiz suvdan bu payt?”.

Dedi: “Bul otash bari Haqdan kelur,
Sizda mavjud ziqnalik o’ti erur.

Sirka, suv ne? Nonni aylang siz nisor,
Ziqna bo’lmang, gar esangiz menga yor!”

Dedi xalq: “Eshik ochardik har mahal,
Biz saxovat ahlidan erdik azal!” 3715

Dedi: “Erdi rasmu odat, neki bor,
Qilmagansiz Haq uchun xayru nisor.

Kibru manmanligu noz erdi bari,
Ehtiyoj, qo’rquvu taqvodan nari!”.

Mol – urug’, sho’r yerga sochma erta-kech,
Har qaroqchin ilkiga tig’ berma hech.1

Kiynu dil ahlin mudom farq aylagin,
Xalq-la suhbatdoshni yor deb saylagin.

Har kishi o’z qavmi deb ko’p g’am yegay,
Go’l odam ishni ado qildim degay. 3720

—————————
1 – “(Qo’l ostingizdagi) aqlsiz kimsalarga (ya’ni, yosh, nodon yetimlarga) Olloh sizlar uchun turmush vositasi qilib qo’ygan mollaringizni (ya’ni, qo’llaringizdagi ularning mollarini) berib qo’ymangiz, balki ularni o’sha mollardan yedirib-kiydiring va ularga yaxshi so’zlar bilan muomala qiling!” (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 5-oyat).

AMIRULMO’MININ ALI KARRAMALLOHU VAJHAHUNING YUZIGA YOV TUPURGACH, AMIRULMO’MININ ALI QO’LIDAGI QILICHNI ULOQTIRGANI1

Sen Aliydan o’rganib sidqu amal,
Hiyladin – Haq sheri pok, bil har mahal.

Yengdi bir alpni jihod ichra shu kez,
Shamshirin qindan sug’urdi shunda tez.

Ul tupurmish so’ng Aliyning aftiga, –
Har nabiy, har avliyoning faxriga.2

Ul tupurmish yuzgakim, oyning yuzi
Sajdagohda qoshida tiz cho’kkusi.

So’ng Ali shamshirni yerga tashladi,
So’ndi shiddat, jangga bo’lgan rag’bati. 3725

Jangchini hayratga solmish bul amal,
Ham bu avfu rahmu shafqat, bemahal.

Dedi: “Boshim ustida tig’ qayrading,
Tig’ni tashlab, nega shafqat aylading?

Men-la jangdan ko’rganing afzal nadir?
Tig’ni urmoqqa nechun qilding sabr?

Ul nadir, qahringni etguvchi nihon?
So’ndi qahring, yarq etib chaqmoqsimon.

Ul nadir, aksi dilimni qamragan,
Jonim ichra shu’la paydo aylagan? 3730

Ul nadir, bul davru davrondan aziz?
Menga jon baxsh etgulik, jondan aziz?

Sen-ki Haq sheri – shijoat bobida,
Kim bilar, kimsan muruvvat bobida?

Himmating – cho’lda Muso yoygan bulut,
Armug’on etguvchi tengsiz rizqu qut.3

Ul bulut don bersa, jahd aylab chunon,
Xalq pishirgay totli aylab bolsimon.

Ul Muso yoygan bulut yozmish qanot,
Berdi zahmatsiz, shirin rizqu najot. 3735

Har tekinxo’rga karam-la himmati,
Ushbu olam uzra bayroq tikladi.

Yog’di qirq yil ichra har kun beado,4
Har umidvorlar uchun rizqu ato,

Ziqnalar so’rguncha aylab ohu dod,
Ko’kpiyoz, turfa ko’katlar, sabzavot.5

Siz agar Ahmadga ummatsiz mudom,6
To qiyomat sizga yetgay bul taom.7

Gar “abitu inda rabiy” oshkor,
“But’imu yusqiy”da rizqning ramzi bor.7 3740

Ikkilanmay bulni sen ayla qabul,
To asal, sutday tomoqdan o’tsin ul.

Ikkilanmoqdan ketar qaytib ato,
Chunki, ul ko’rgay haqiqatni xato,

Kim xato ko’rgay, zaifdir ul aql,
Juzv aql po’stdir, mag’izdir kull aql.

Sen o’zingni ayla sharh, axbornimas,
Sen mag’izni bil yomon, gulzornimas.

Ey, Ali, butkul aql, ko’zsan, axir,
Ko’rganing bir qismini menga gapir. 3745

Jonimizni qildi hilming tiyg’i chok,
Xokimizni qildi ilming suvi pok.

Ayt, axir, Haqdan bu asroru bu ish,
Haqqa xos, zero, qilichsiz o’ldirish.

Ulki, asbobsiz vujudlar Kosibi,
Naf beruvchi tuhfalarning Sohibi.

Hushni siylar may berib Ul har safar,
Ko’z, quloq qolgay bu holdan bexabar.

So’yla, ey, Arsh uzra lochin, birma-bir,
Kirdigordan ko’rganing ul dam nadir? 3750

Ko’zlaring g’ayb olamin idrok qilar,
Bunda borlarning nigohi berkilar.

Kimdir oyni ko’rgusi oshkor-ayon,
Kimgadir butkul qorong’u keng jahon.

Kim birov birdan ko’rar uch oyni ham,9
Xuddi, bo’lmish uch nafar bir joyda jam.

Uch nafarda ko’z, quloq ochiq turar,
Talpinar senga, qochib mendan ular.

Bul nigoh sehri ajib pinhona lutf:
Senga – bo’ri suvrati, menga Yusuf. 3755

O’n sakiz mingdan ziyod olam agar,
Ko’rmagay ulki zaif, xor har nazar.

Sirni ochgil, ey, Aliyi Murtazo,
Boshda ey, “su’u-l” va so’ng “husnu-l-qazo!”10

So’ylagin aqling nima topganlarin,
Yoki so’ylay menda ne tovlanganin.

Yog’di nur sendan, nechuk tutding nihon?
Yog’dirarsan shu’la so’zsiz, oysimon.

Kirsa oyning gardishi tilga agar,
Tunda kezganlarga tez yo’l ko’rsatar. 3760

Bor xatodan yuz burar, kezmas shoshib,
Bongi shayton bongini ketgay bosib.

Ersa oy gar rahnamo so’zsiz va jim,
Tilga kirsa yog’dirar nur betinim.

Sen agar ilm shahriga darvozasan,11
Hilm quyoshi singari nur sochasan.12

Bo’lgin uy, darvoza, kim – darvozasiz,
Po’st o’tib sen orqali, topsin mag’iz.

Keng ochil, rahm eshigi, sen toabad,
Unga dargoh, “mo lahu kufvan ahad”.13 3765

Darchadir har zarra, har qanday havo,
Kim bilar eshikligin, ochguncha to?

To eshikni ochmagaydir posbon,
Dil aro qo’zg’almagaydir bul gumon.

Lol qolar eshik ochilsa, shul zahot,
Ham umid, orzu qushi qoqqay qanot.

Topdi ganj vayronadan g’ofil, chunon,
Chopdi har vayronaga shundan buyon.

Topmasang darvishdan izlab injuni,
Boshqa darvishdan qidirmaysan uni. 3770

Chopsa ham yillab gumonlar ilgari,
Burnining kovagidan o’tmas nari.

Yetmagay burningga gar g’aybdan atr,
Sen burundan o’zga ne ko’rding? Gapir!

———————————
1 – G’azzoliyning “Kimyoyi saodat” asarida keltirilishicha, Ali (r.a) jangda bir kofirni yengib, o’ldirmoqqa chog’langanida, u Ali (r.a)ning yuzlariga tupuradi. So’ng Ali (r.a) bo’shashib, kofirni o’ldirish fikridan qaytadi va deydi: “Qahrim kelgach, Olloh taolo yo’lida o’ldirolmasligimdan qo’rqdim”.

2 – “Kim Odamni va uning ilmini, Nuhni va uning ehtiyotkorligini, Ibrohimni va uning beozorligini, Musoni va uning izzat-ehtiromini, Isoni va uning toat-ibodatini ko’rmoq istasa Aliga boqsin”. (Hadis).

3 – “Va bulutni ustingizga soyabon qildik hamda (osmondan) ustingizga shirinlik va bedanalar yog’dirib, “Sizlarga rizq qilib bergan pok narsalardan yenglar”, (dedik). (Bani Isroil Bizning ne’matlarimizga shukr qilmasliklari bilan) Bizga zulm qilmadilar, balki o’zlariga zulm qilguvchi bo’ldilar”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 57-oyat).

4 – “(Olloh) dedi: “Endi qirq yil mobaynida bu yer ular uchun hamrohdir. Ular Yerda (sahrolarda) adashib-uloqib yururlar. Sen bu itoatsiz qavm (qilmishi)dan mahzun bo’lmagin”. (Qur’oni karim, “Moida” surasi, 26-oyat).

5 – “Eslang: “Ey Muso, Biz bir xil taomga hech qanoat qila olmayapmiz. Parvardigoringga duo qil, bizga Yerda unib-o’sadigan sabzavotlardan, bodring, sarimsoq, mosh, piyozga o’xshagan o’simliklardan chiqarib bersin”, deganingizda u: “Yaxshi narsani past narsaga almashtirishni istaysizlarmi? Shaharga tushsangizlar so’ragan narsalaringiz turibdi-ku?”, dedi…” (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 61-oyat).

6 – “(Ey ummati Muhammad), sizlar odamlar uchun chiqarilgan millatlarning eng yaxshisi bo’ldingiz. Zero, sizlar yaxshi amalga buyurasiz, isyon – gunohdan qaytarasiz va Ollohga iymon keltirasiz. Agar ahli Kitob ham iymon keltirganda edi, o’zlari uchun yaxshi bo’lardi. Ulardan (Muhammad alayhis-salomning haq Payg’ambar ekanliklariga iymon keltirgan) mo’minlari ham bor va (lekin) ularning ko’plari itoatsiz kimsalardir”. (Qur’oni karim, “Ol-i-imron” surasi, 110-oyat).

7 – “Bu ummatni boshqa ummatlardan fazilatli qildim” (Hadis).

8 – “Sizlar menga o’xshamaysizlar. Men tunni Rabbim dargohida o’tkazaman. U meni to’yg’izar, suvga qondirar”. (Hadis).

“Abitu inda rabiy” – “Parvardigorim huzurida uxlayman”

“But’imu yusqiy” – “U meni yeb-ichiradi”

9 – “Olloh – Uchtaning (ya’ni, Olloh, Maryam, Iysoning) biridir, degan kimsalar ham aniq kofir bo’ldilar. Chunki Yagona Ilohdan (Ollohdan) boshqa biron iloh yo’qdir. Agar ular aytayotgan
gaplaridan to’xtamasalar, albatta ulardan kofir bo’lgan kimsalarni alamli azob ushlaydi”. (Qur’oni karim, “Moida” surasi, 73-oyat).

10 – “Su’u-l” – noxush. “Husnu-l-qazo” – “Xush qazo”.

11 – “Men ilmning Madinasiman, Ali esa uning eshigidir. Kim ilm istasa, shu eshik orqali kirsin”. (Hadis).

12 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), albatta Siz uchun (kofirlarning bunday ozorlariga sabr-toqat qilganingiz sababli) bitmas-tuganmas ajr mukofot bordir. Albatta Siz ulug’ Xulq ustidadirsiz”. (Qur’oni karim, “Qalam” surasi, 3-4-oyatlar).

13 – “Va lam yakul lahu kufuvan ahad” — “Va hech kim U Zotga teng emasdir”. (Qur’oni karim, «Ixlos» surasi, 4-oyat).

UL KOFIRNING ALI KARRAMALLOHU VAJHAHUDAN: “MENDAN FOLIB KELSANG-DA, NEGA QILICHINGNI QO’LDAN TASHLADING?” — DEB SO’RAGANI

(Dedi so’ng yangi musulmon, ul valiy,
Mastligu lazzat ichinda: “Ey, Aliy!) 3772/1 (Bu bayt boshqa nusxada qo’shilgan va tartib raqami buzilgan)

Ey, amirulmo’minin, so’ylay bu on,
Homila yanglig’ tirilsin tanda jon!”.

Yetti yulduz bir nafas rag’bat bilan,
Pushtga xizmat aylagay navbat bilan.

Toki olsin homila vaqt yetsa jon,
Toki yor bo’lsin quyosh ham ul zamon. 3775

Pushtni junbushga solar oftob u kez,
Baxsh etar zudlik bilan jon unga tez.

Topdi yulduzlardan ul suvrat, faqat,
To quyosh bo’lguncha bosh uzra madad.

Pusht ona qornida qanday chog’lanib,
Hurliqo oftobga qolmish bog’lanib?

Yashirin yo’l bor, bizim hisdan yiroq,
Ul falak oftobiga yo’l ko’p, biroq:

Yo’lki, undan zar topar qut begumon,
Yo’lki, undan tosh bo’lar yoqutsimon. 3780

Yo’lki, qirmiz tusga kirgay unda la’l
Yo’lki, porlab, yarqirar unda nag’al.

Yo’lki, unda mevalar ham g’arq pishar,
Yo’lki, dalda olgusi lol kimsalar.

“So’yla, ey, lochin, qanot yozgan bu choq,
Shohu shohning ilkidan olgan saboq!

So’yla, ey, ovlovchi anqo, shohga yor,
Beqo’shin qo’shinni qilgich toru mor!

Sen butun boshli jamoat, necha ming,1
So’yla, eyki, o’lja etmish lochining. 3785

Bul nechuk rahmat erur, kelgach qahr?
Ajdahoga qo’l beruvchi yo’l nadir?”

—————————
1 – “Albatta Ibrohim Ollohga itoat qilguvchi, Haq Yo’ldan toyilmagan bir peshvo – imom edi. U mushriklardan emas edi”. (Qur’oni karim, «Nahl» surasi, 120-oyat).

QO’LIDAGI QILICHNI O’SHA HOLATDA NIMA UCHUN
ULOQTIRGANIGA AMIRULMO’MININ JAVOBI

Dedi: “Tig’ urgum, agar – Haq rahnamo,
Tan emas, Haq amrini etgum bajo.

Sheriman Haqning, havaslar sherimas,
Bil, guvoh – diynimga fe’lim har nafas.

“Mo ramayta iz ramayt”1 ul jang aro,
Men – qilich, bergay quyosh zarb bexato.

“O’z”ligim lash-lushlari – yo’ldan nari,
Haqdan o’zga neki bor, yo’qlik bari. 3790

Soyadirman, boshqaruvchim – oftob,
Men – hijoblik, bo’lmagum unga hijob.

Tig’manu qilgum visol durrin ato,
Jon berib, qilmam qatl qirg’in aro.

Qon yashirmaydi tig’imning gavharin,
Siljitar yellar bulutim qandayin?

Xas emas, sabru hilm, dod tog’iman,
Tog’ni hech eltarmi dovul joyidan?

Kimni yel qo’zg’atsa, ul xas, cho’p erur,
Chunki, qarshi, zid shamollar ko’p erur. 3795

Kin yeli, qahru g’azab, shahvat yeli
Eltdi, kimki bo’lmasa toat eli.2

Tog’ erurman, borlig’im unga asos,
Yel – Uning yodi, esam gar xasga xos.

Qo’zg’atar maylimni Ul yeli, faqat,
Yo’q Ahadning ishqiday peshvo, madad.

Shoh uchun shohdir g’azab, bizga – qaram,
Men jilov soldim g’azab bo’yniga ham.

Bo’ldi hilmim tiyg’iga qahrim duchor,
Menga Haq qahrida bo’lmish lutfi yor. 3800

Nurga g’arqman, ersa ham shiftim xarob,
Bog’ga do’ndim, garchi erdim Bu Turob.

Bir sabab paydo esa qirg’in aro,
Tig’ yashirmoqlikni bildim men ravo.

To “ahabba lillah3 ul nomim manim,
Toki “abg’az lillah”4 ul komim manim,

Toki “a’to lillah”5 ehsonim manim,
Toki “amsak lillah”6i borim manim,

Mendagi bor ziqnalik, bor armug’on,
Haq uchundir, men yurarman Ul tomon.7 3805

“Lillah”8imda yo’q gumon, shak har nafas,
Bul ayon ko’rmoqdan o’zga narsamas.

Ijtihodu izlanishga boqmadim,9
Yengni Haqning etagiga bog’ladim.

Ko’rdim ul parvozni har dam men uchib,
G’ildirakni ham ko’rarman charx urib.

Yuk tashir ersam – ayon qayga qadar,
Oymanu menga quyosh yo’l ko’rsatar.

Bundan ortiq so’ylamog’im, lek, gumon,
Eltmagay ummonni daryo hech qachon. 3810

So’ylagum eltguncha toki aqlu hush,
Ayb emas, xosdir Rasulga bul yumush.10

Tingla, erkin bir guvohman, beg’araz,
Qul dalili ikki pulga arzimas.

Bor shariatda – erur gar qul guvoh,
Hukm etar chog’ o’tmagay ul iddao.

Bersa-da ming qul guvohlik kecha-kun,
Qadri yo’q bir xaschalik Qonun uchun.

Ersa kim Haq oldida shahvatga qul,
Qul va tutqun bandalardan battar ul. 3815

Xojaning bir so’zidan ozod bo’lar,
Gar yashar totlig’, taxir g’amdan o’lar.

Bo’lmagay shahvat quli hurlikka mos,
Toki yog’mas unga Haq in’omi xos.

Chohdadir ul, chohki, chohning qa’ri yo’q,
Aybi bor unda, jafoyu jabri yo’q.

Choh sari otmish o’zin ul misli o’q,
Qa’riga yetguvchi arqon menda yo’q.

Gar uzun bo’lsa, qilay to gapni kam,
Boq, jigar ne bo’pti? Qon – tosh bag’ri ham! 3820

Qay jigar qonmas, – chidamli jon emas
Fofilu badbaxtligi-chun qon emas.

Qon bo’lar bir kun, biroq, ul – foydasiz,
Bo’l u vaqt dilxunki, gar ersa aziz.

Gar guvohlik bersa qul, bo’lmas qabul,
Aql erur ulki, emas shaytonga qul.

Bo’ldi “arsalnoka shohid”11lik qabul,
Chunki, hur olam aro hur o’g’li ul.

Hur esam, qandoq qahr etgay asir?
Bunda yo’q Haq vasfidan o’zgasi, kir! 3825

Kir, seni hur aylamish fazli Uning,
Keldi ustun qahridan rahmi Uning. 12

Endi kir, bunda chekinmish xavf-xatar,
Tosh eding, kimyo seni etmish guhar.

Kufru ul xorzoridan sen yuz burib,
Yashna Hu bo’stonida gulday unib.

Sen bu – men, men esa – sen, ey, muhtaram!
Sen – Ali, ayt, o’ldiray qandoq bu dam?

Bunda sen toatdan afzal ayb etib,
Bir nafasda ko’kni ham o’tding kesib. 3830

Xush erur ul ayb-gunohkim, qildi mard,
Ayt, tikondan unmagaymi gulda barg?

Qildi qasd Ummar Rasulga, bul gunoh
So’ng qabul dargohiga ko’rsatdi roh.13

Sohir ahlin sehri-chun Fir’avnlari
Etdi jalb, mulk bo’ldi so’ng yordamlari.

Bo’lmaganda sehri birlan kufri gar,
Kim ularni Fir’avnga keltirar?

Ayt, ular ko’rgaymidi sehru aso?
Ey, gunoh ahli, gunoh – toat aro? 3835

Noumidlikdan Xudo aylar judo,
Bo’lsa gar toatga o’xshash har gunoh.14

Gar yomon a’molni qilgaydir U sof,
Qilgusi bul ishni g’iybatga xilof.15

Shul sabab, la’natlanib shaytonu shak,
So’ng hasaddan yorilar ikki bo’lak.16

Asragay har bir gunohni ul la’in,
To gunohdan bizni chohga tashlasin.

Qay gunohni ko’rsa gar toat aro,
Shul zahot ko’rgan kuni bo’lgay qaro. 3840

Marhamat, bag’rimni kerdim senga men,
Sen tupurding, sovg’a berdim senga men.

Gar jafo qilganga lutf etdim bu payt,
Chap oyog’ingga nechuk bosh qo’ygum, ayt?

Bas, vafo qilganga in’omim nadir?
Angla, boqiy mulku ganjlar ungadir.

——————————-
1 – “Bas, (ey musulmonlar), ularni sizlar o’ldirmadingiz, balki Olloh o’ldirdi. (Ey Muhammad alayhis-salom, ularning yuziga qo’lingizdagi bir siqim tuproqni) otgan paytingizda, Siz otmadingiz, balki Olloh otdi. Va (bu g’alabani Olloh) O’z tomonidan mo’minlarga chiroyli in’om bo’lsin, deb qildi. Albatta Olloh Eshitguvchi, Bilguvchidir”. (Qur’oni karim, «Anfol» surasi, 17-oyat).

“Mo ramayta iz ramayt” – “Otgan paytingda sen otmading”

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Siz o’zingizga vahiy qilingan Kitob – Qur’ondan bo’lgan (oyatlar)ni tilovat qiling va namozni to’kis ado qiling! Albatta namoz buzuqlik va yomonlikdan to’sur. Aniqki, Ollohni zikr qilmoq (barcha narsadan) ulug’roqdir. Olloh qilayotgan ishlaringizni bilib turur”. (Qur’oni karim, «Ankabut» surasi, 45-oyat).

3 – “Ahabba lilloh” – “Olloh uchun suyukli”.

“Amallarning eng afzali Olloh uchun yaxshi ko’rmoq va Olloh uchun yomon ko’rmoqdir”. (Hadis).

4 – “Abg’az lilloh” – “Ollohning qahrini keltiruvchi”.

5 – “Ato lilloh” – “Olloh yo’lida berilgan”.

6 – “Man lilloh” – “Olloh uchun to’xtatilgan”.

7 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: «Albatta namozim, ibodatlarim (ya’ni, qiladigan qurbonliklarim), hayotu mamotim butun olamlarning Parvardigori bo’lmish Olloh uchundir. U Zotning bironta sherigi yo’qdir”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 162-oyat).

8 – “Lilloh” – “Olloh uchun”

9 – Ijtihod – (g’ayrat qilish, intilish), faqih tomonidan shar’iy hukmni hosil qilish uchun barcha bilim va toqatini ishga solish. Payg’ambar (s.a.v) tirikligida u zotdan boshqa odam ijtihod qilmagan.

10 – “Biz har bir payg’ambarni (Bizning hukmlarimizni) bayon qilib berishi uchun o’z qavmining tili bilan (so’zlaydigan qilib) yuborganmiz.. So’ngra Olloh O’zi xohlagan kimsani yo’ldan ozdirur va O’zi xohlagan kishini hidoyat qilur. U Qudratli, Hikmatli Zotdir”. (Qur’oni karim, «Ibrohim» surasi, 4-oyat).

“Biz – payg’ambarlar guruhi, odamlar bilan ularning aqlu imkoni darajasida gaplashish amr etilgan”. (Hadis).

11 – “Ey Payg’ambar (alayhis-salom), darhaqiqat, Biz Sizni (Qiyomat Kunida barcha ummatlar ustida) guvohlik berguvchi, (mo’minlarga jannat haqida) xushxabar eltguvchi va (kofirlarni do’zax azobidan) ogohlantirguvchi hamda Ollohning izni-irodasi bilan U Zotga (ya’ni, Uning Diniga) da’vat qilguvchi qilib va (Haq Yo’lni kursatuvchi) nurli chiroq qilib yuborgandirmiz”. (Qur’oni karim, «Ahzob» surasi, 45-46-oyatlar).

“Arsalnoka shohid” – “Biz Sizni guvohlik berguvchi qilib yuborganmiz”

“(Ey Muhammad alayhis-salom), darhaqiqat, Biz Sizni (Qiyomat Kunida barcha ummatlar ustida) guvohlik berguvchi, (mo’minlarga jannat haqida) xushxabar eltguvchi va (u kofirlarni do’zax
azobidan) ogohlantirguvchi qilib yuborgandirmiz”. (Qur’oni karim, “Fath” surasi, 8-oyat).

12 – Olloh taolo aytadi: “G’azabimdan rahmatim g’olibdir”. (Hadis).

13 – Rivoyat qilishlaricha, dastlab Umar Muhammad (s.a.v)ni o’ldirish maqsadida u zotning uyiga yo’l oladi. Yo’lda singlisining islomni qabul qilganini eshitgach, singlisinikiga ham o’sha yovuz maqsadda boradi. Ammo, uning uyida Qur’on tilovatini eshitadi va bu holdan shu qadar ta’sirlanadiki, beixtiyor yovuz maqsadidan voz kechadi va Payg’ambar (s.a.v) huzuriga borib musulmon bo’ladi.

14-15 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Mening (turli gunoh-ma’siyatlar qilish bilan) o’z jonlariga jinoyat qilgan bandalarimga ayting: «Ollohning rahmat-marhamatidan noumid bo’lmangiz! Albatta Olloh (O’zi xohlagan bandalarining) barcha gunohlarini mag’firat qilur. Albatta Uning O’zigina Mag’firatli, Mehribondir”. (Qur’oni karim, «Zumar» surasi, 53-oyat).

“Qiyomat kunida uning uchun azob bir necha barobar qilinur va u joyda xorlangan holida mangu qolur. Magar kim tavba qilsa va iymon keltirib yaxshi amallar qilsa, bas, Olloh ana o’shalarning yomonlik — gunohlarini yaxshilik – savobga aylantirib qo’yur. Olloh Mag’firatli, Mehribon bo’lgan Zotdir”. (Qur’oni karim, «Furqon» surasi, 69- 70-oyatlar)

16 – “(Olloh) dedi: «Bas, undan (ya’ni, jannatdan chiq! Endi sen, shak-shubhasiz (Mening dargohimdan) quvilgan – mal’unsan”. (Qur’oni karim, «Hijr» surasi, 34-oyat).

PAYFAMBAR SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAM AMIRULMO’MININ ALI KARAMALLOHU VAJHAHU JILOVDORI QULOFIGA: “ALINING AJALI SENING QO’LINGDA
EKANLIGIDAN SENI XABARDOR QILDIM”1 – DEGANI

Shundayin erdirman, ul dushmanga ham,
Lutf etib, qahrim nishi, bermaydi g’am.

Dedi Payg’ambar qulimga, bir qaro
Kunda qul boshim qilar tandan judo. 3845

Aylamish ogoh Rasul Do’st vahyidan,
Oqibat o’lgum o’shal qul dastidan.

Derdi qul: “O’ldir meni sen avvalo,
Toki mendan o’tmasin bul shum xato”.

Men dedim: “Jonim qo’lingda bo’lsa chin,
Ayt, Qazo hukmini qandoq aldayin?”

Tiz bukib yolvordi qul: “Ey, mehribon!
Meni o’ldirgin, Xudo haqqi, shu on,

Toki bo’lmay oqibatda baxtqaro,
Toki jonim yonmasin jonim aro”. 3850

Unga aytdim: “Bor, qurib qolmish Qalam,2
Ul Qalam qoshingda tug’lar boshi xam.

Yo’q sira sendan g’araz yoxud ginam,
Bulni sendan ko’rmagum, hech chekma g’am.

Sen yarog’, Haq ilkida turguvchi shay,
Men nechuk Haq olatiga zid chiqay?”

So’rdi: “Unda bul qasos, ayt, ne axir?”
Dedi: “Bul ham Haqqa xosdir, xufya sir.

Fe’liga Ul e’tiroz qilsa, shu chog’,
E’tirozindan qilar barpo U bog’. 3855

E’tirozin aylagay paydo O’zi,
Lutfu qahr ichra erur tanho O’zi.

Hodisa shahri ichinda mir O’zi,
Mamlakatda moliku tadbir O’zi.

Ul agar o’z olatini sindirar,
Har siniqni yaxshiga aylantirar.

Ulki, “nansax oyatan av nunsiho,
Na’ti xayran!”3 ramzin angla, oshno!

Har shariatni qilib bekor Iloh,
O’rniga keltirdi gul, eltib giyoh. 3860

Tunda bekor aylamish kunduz ishin,
Ko’r, tabiat aqlining tovlanishin.

Bo’ldi tun kun nuridan bekor tag’in,
Toki borliq yonsin o’t sochguvchidin.

Garchi zulmat ichradir uyqu, sabot,4
Yo’qmi zulmat ichra ul obi hayot?

Poklamish zulmat aqlni kecha-kun,
Manba bo’ldi to’xtalish ohang uchun.

Zidni ziddan aylamish paydo, ayon,
Har qarolik ichra nur topmish makon. 3865

Ul Rasulning jangi sulhning mehvari,
Ul sabab – oxirzamon sulhin bari.

Kesdi yuz minglarcha bosh ul qalbi pok,
Bo’lmasin deb to jahon ahli halok.

Qirqadir shoxlarni bog’bon, yesa lat,
Tiklasin deb to nihollar ko’rku qad.

Bog’ aro yulgay quruq o’t aqli sog’,
Toki ko’rsatsin jamolin meva, bog’.

Bo’lsa tish nosog’, uzib tashlar tabib,
Ketmasin deb toki bemor qiynalib. 3870

Barcha nuqson ichra bor fazlu sabot,
Har shahidga bor fano ichra hayot.

Rizqxo’r bo’g’zi kesilgach, shul zahot,
“Yurzaquna farrihina”5 berdi tot.

Hayvonot bo’g’zi kesilganda halol,
Odamiy zot bo’g’zi ham topmish kamol.

Gar odam bo’g’zi kesilsa, ko’r, qani,
Ne berar yuz? Qil qiyos bunga ani!

So’ng uchinchi bo’g’z yaralgay, sarvati –
Haq taolo nuri birlan sharbati. 3875

Har kesilgan bo’g’z ichar sharbat, biroq,
“Ha”ga do’nmish ul, bo’lib “Yo’q”dan yiroq.

Himmati past, kaltabarmoq, to’xta, bas!
Tokay ul joning hayoti nonparast?

Chunki, tolday mevasiz bir bandasan,
Hamda oq non ortidan sharmandasan!

Jon hisin bul non uchun yo’q sabri gar,
Aylagin kimyo bilan sen misni zar.

Gar libos yuvmoqchi ersang, ey, falon,
Qurgin ul yuvg’uvchilar birla makon! 3880

Non agar ro’zangni sindirganda ham,
Tez siniqni bog’la, yuksal har qadam.

Ul qo’li bog’lar esa singanni to,
Bo’lgusi sindirgani chindan davo.

Ro’zani sindirsang, Ul der: “Kel, biroq,
Bog’lagin”. Bor senda na qo’l, na oyoq.

Sindirishga haqqi bor Ulning, axir,
Chunki, singanni tuzatgay birma-bir.

Tiksa kim, yirtishni ham bilgay, biroq,
Sotsa ne, qilgay xarid foydaliroq. 3885

Uy buzib, xoh ostin-ustin aylasin,
Bir nafasda qurgay undan afzalin.

Bitta boshni tandin ayri etsa ham,
Aylagay yuz mingta bosh paydo shu dam.

Etmasa shirkka qasosni amr U Zot,
Aytmas erdi: “Bor qasos ichra hayot”.6

Kim qilib o’z-o’zicha jur’at, axir,
Haqqa mahkum ko’ksiga tig’ sanchadir?

Chunki, har kim ham bilar, kimki basir,
O’sha qotil taqdiriga qul, asir. 3890

Ul Hukm qay boshda charx urgusi gar,
Bolasin ko’ksiga ham ul tig’ urar.

Ta’nalar qilma yomonga, bor, tiyil.
Qanchalar xorsan Hukm dominda, bil.

———————————
1 – Ali ibn Abu Tolib (taxminan 600-661) – “xulafoi roshidin” yoxud “choryorlar” deb ataluvchi dastlabki to’rt xalifaning to’rtinchisi, Muhammad (s.a.v)ning amakivachchalari va kuyovlari. Ali (k.v) 661- yilda Abdurahmon ibn Muljam as-Sorimiy degan shaxs tomonidan Kufa masjididan chiqish paytida jarohatlanadi va ikki kundan so’ng vafot etgan.

2 – “Bor mavjudot uchun Qalam qurib qolmish” (Hadis).

3 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Biz biron oyatni bekor qilsak yoki yodingizdan chiqarsak, albatta undan yaxshirog’ini yoki o’shaning mislini keltiramiz. Olloh har narsaga Qodir zot ekanini bilmadingizmi?” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 106-oyat).

“Nansax oyatan av nunsiho, na’ti xayran” – “Biz biror oyatni bekor qilsak, yoki yodimizdan chiqarsak, undan yaxshirog’ini keltiramiz”.

4 – “Biz sizlarni juft-juft qilib yaratdik. Biz uyqularingizni (badanlaringiz va asablaringiz uchun) orom qildik”. (Qur’oni karim, «Naba’» surasi, 8-9-oyatlar).

5 –– “(Ey Muhammad alayhis-salom), Olloh yo’lidagi jangda o’ldirilgan zotlarni hargiz o’lik deb o’ylamang! Yo’q, ular tiriklardir! U zotlar Olloh o’z fazlu karami bilan ularga bergan ne’matlardan xushnud hollarida bahramand bo’lmoqdalar va hali ortlaridan yetib kelmagan birodarlariga hech qanday xavfu xatar yo’qligi va g’amgin bo’lmasliklari haqida xushxabar bermoqdalar”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 169-170-oyatlar).

“Yurzaquna farrihina” – “Ne’matlardan xushnud hollarida”.

6 – “Sizlar uchun qasosda hayot bor, ey ahli donishlar! Shoyad (jinoyatlardan) saqlansangizlar”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 179-oyat).

ODAM ALAYHISSALOMNING MAL’UN IBLIS GUMROHLIGIDAN HAYRATLANGANI VA KIBRGA BERILGANI

Boqdi Odam, past nazar-la beomon,
Ul haqir, baxtiqaro Iblis tomon.

Erdi mamnun o’zidan, ham rusmidan,
Kuldi xudbinlarcha Iblis ustidan.

Berdi Haq rashki sado: “Ey, mumtoz!
Bexabarsan yoshirin sirdan biroz. 3895

To’nin Iblis teskari kiygan hamon,
Tog’ni ham tubdan qo’porgay shul zamon.

Yuzta Odam pardasin yirtish tugul,
Yuzta Iblisni musulmon aylar ul!”.

Dedi Odam: «Tavba qildim, noravo
Bunday o’yga boshqa bo’lmam mubtalo.1

“YO g’iyosa-l-mustag’isin ihdino,
L-aftixora bi-l-‘ulumi va-l-g’ino.2

Lo tuzig’ qalban hadayta bi-l-karam,
Vasrifi-s-su’ allazy xata-l-qalam”.3 3900

Jonimizni eltmasin Noxush qazo,
Etmagil poklikka yorlardan judo.

Yo’q firog’ingdan taxirroq hech vaqo,
Sen panohsan, Sendan o’zga yo’q panoh.

Lash-lushimizni lashu lushlar qirib,
Jonimizni jismimiz ketgay shilib.

Ilkimiz yerkan oyoqni to hamon,
Qolgusi qay jon panohingsiz omon?

Saqlagay jonin xatardan gar nari,
Topgani – baxtsizligu qo’rquv bari. 3905

Chunki, Jonon vasliga yetmaydi jon,
O’z ichinda toabad ko’rdir, nihon.

Bermasang yo’l, Sendan ul mahrum erur,
Jon agar Sensiz tirik, marhum erur.

Ta’na qilsang qullaringga sen qachon,
Senga bul joiz erur, ey, komron!

Oy, quyoshni g’am degan chog’ingda ham,
Sarv qaddin xam degan chog’ingda ham,

Arshu ko’kni Sen haqir bilganda ham,
Dengizu konni faqir bilganda ham, 3910

Bul qiyos bo’lgay kamolingga ravo,
Senda – komil mulki birlan bor fano.

Xavfu yo’qlikdan judosan har qadam,
Betalab, Xoliqsan ul yo’qlikka ham.

Ulki bor qilmish, bilar yiqmoqni ham,
Ul agar yirtsa, bilar tikmoqni ham.

Har kuzak bog’larni butkul kuydirar,
Yashnatib gullarni, qayta undirar:

“Ey, kuyik, chiq, poklanib qilgin navo,
Qaytadin yashnab, taratgin xush sado!” 3915

Ochdi Ul, bo’lganda ko’r nargis ko’zi
Kesdi nay bo’g’zin, tag’in chalmish O’zi.

Biz – yaralguvchi, Yaratguvchi emas,
Biz – zaif, qonguvchidirmiz har nafas.

“Men o’zim!” deb dod solarmiz qaytadan,
Chorlamas ersang, erurmiz – Ahraman.4

Gar xalosmiz Ahramandan, unga zid, –
Aylading jonlarni ko’rlikdan xarid.

Sen – asokash, har tirik jonga ravo,
Ko’r nadir, ayt, beasokash, beaso? 3920

Sendan o’zga neki bor yaxshi-yomon,
Kuydirar odamni yo otashsimon.

Kimga otash gar panohu pusht erur,
Ma’jusiy5ga aylanar, Zardusht6 erur.

“Kullu shay’in mo xalallah botilun,7
Inna fazlullohi g’aymun hotilun”.8

——————————-
1 – Keyin, Odam o’z Parvardigori tarafidan bir necha So’zlar (farmonlar) qabul qilib olgandan so’ng (Olloh) uning tavbasini qabul qildi. Albatta U tavbalarni Qabul qilguvchi Mehribon Zotdir. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 37-oyat).

2 – “YO g’iyosa-l-mustag’isin ihdino,
L-aftixora bi-l-‘ulumi va-l-g’ino” – “Ey, dodimizga mudom yetguvchi Madadkorimiz, bizni Haq yo’lga boshla, chunki, biz turfa ilm va boyligimiz bilan faxrlana olmaymiz”.

3 – (Ular ayturlar): «Parvardigoro, O’zing bizni hidoyat qilganingdan keyin – endi dillarimizni Haq Yo’ldan og’dirmagin va bizga O’z huzuringdan rahmat hadya etgin! Albatta Sengina (barcha yaxshiliklarni) hadya etguvchisan!». (Qur’oni karim, «Oli Imron» surasi, 8-oyat).

Lo tuzig’ qalban hadayta bi-l-karam,
Vasrifi-s-su’ allazy xata-l-qalam” – “Parvardigoro, O’zing bizni hidoyat qilganingdan keyin – endi dillarimizni Haq yo’ldan og’dirmagin va taqdir qalami ila bitilgan baloni bizdan yiroq ayla”.

4 – Ahraman – zardushtiylik dinida yovuzlik timsoli.

5 – Ma’jusiy – quyosh yoki olovga sig’inuvchi odam. Islom dini kelmasdan burun ajam xalqlari ma’jusiylik e’tiqodiga mansub edilar.

6 – Zardusht – qadimgi Eronda o’tparastlik dinining asosini qurgan kishi (bu din shu nom bilan mashhur bo’lgan)

7 – Bu satr – ya’ni, “kullu shay’in mo xalalloh botilun” (“Ollohdan boshqa hamma narsa botildir”), –islomgacha yashagan arab shoiri Labid ibn Rabi’iyga tegishli.

8 – “Kullu shay’in mo xalallah botilun,
Inna fazlullohi g’aymun hotilun” – “Ollohdan boshqa hamma narsa botildir, chindan ham Ollohning fazlu marhamati yomg’ir yog’diruvchi bulutdir”.

ALI KARRAMALLOHU VAJHAHU HIKOYASIGA QAYTISH VA UNING O’Z QONXO’RIGA MURUVVAT KO’RSATGANI

Qayt Aliyu unga qonxo’r yon bu on,
Hamda ul qonxo’riga lutfi tomon.

Dedi: “Yovni o’z ko’zim-la har qadam
Men ko’rarman, sochmagum qahrimni ham. 3925

Chunki, bolday xush yoqar menga ajal,
Ul Qiyomatga yopishgan har mahal.

Beajallikda ajal bizga halol,
Mulku molsiz – bizdagi bor mulku mol.

Gar o’lim – sirti, ichinda bor hayot,
Sirti – qisqa, lek, ichi bilmas mamot.

Pusht rahim ichra agar, ketmoq erur,
Yashnab, o’zni barqaror etmoq erur.

Mangulikka ishq, havas gar menda bor,
Menga “lotulqu biaydikum”dir or.1 3930

Chunki, taqiq donlari bo’lgay shirin,
Hojati bor kimga achchiq taqiqin.

Donki, mag’zu po’sti gar achchiq erur,
Makruhu achchiqligi taqiq erur.

Jonim o’lmoq donidan yayraydi to,
“Bal hum ehyoun” erur menga ravo.2

“Uqtuluniy yo siqoti lo yimo,
Inna fy qatli hayoti doimo.3

Inna fy mavti hayoti yo fato!
Kam uforiq mavtiniy hatto mato? 4 3935

Furqati lam lav takun fy zassukun,
Lam yaqul inno ilayhi roji’un”. 5

Ul erur qaytguvchi, shahr ichra tag’in,
Kelsa vahdatga bo’lingan davridin.

———————————
1 – “Olloh yo’lidagi (kurash uchun mollaringizni) sarflanglar! Va (baxillik qilish bilan) o’zingizni halokatga tashlamang! Yaxshilik qiling! Albatta Olloh yaxshilik qilguvchilarni sevadi!. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 195-oyat).

“Lotulqu biaydikum” – “O’zingizni halokatga tashlamang!”.

2 – “Va Olloh yo’lida halok bo’lgan (shahid)lar haqida: “(Bular) o’liklar”, demangiz! Yo’q, ular tiriklardir, lekin sizlar sezmaysizlar”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 154-oyat).

“Bal hum ehyoun” – “Yo’q, ular tiriklardir!”

3 – “Uqtuluniy yo siqoti lo yimo,
Inna fy qatli hayoti doimo” – “Meni malomat qilib o’ldiring, ey, ulug’lar, chindan ham mening o’limim boqiy hayotimdir!”.

4 – “Inna fy mavti hayoti yo fato!
Kam uforiq mavtiniy hatto mato?” – “Chindan ham o’limim ichra hayotim bor, ey, yigit! Qachongacha o’z Vatanimdan judodirman!?”

5 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), biror musibat kelganda: «Albatta biz Ollohning (bandalarimiz) va albatta biz U Zotga qaytguvchilarmiz», deydigan sabrli kishilarga xushxabar
bering!” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 156-oyat).

“Furqati lam lav takun fy zassukun,
Lam yaqul inno ilayhi roji’un” – “Bu olamda borligim ayriliq bo’lmaganda edi, Ul “chindan biz U Zotga qaytguvchilarmiz!” – deb aytmasdi.

AMIRULMO’MININ ALI KARRAMALLOHU VAJHAHUNING JILOVDORI: “EY, AMIRULMO’MININ, MENI O’LDIR VA BU KO’RGULIKDAN QUTQAR” — DEB
YOLVORGANI

Keldi qaytib: “Tezda o’ldir, ey, Ali,
Yo’q ko’zim mash’um u damni ko’rgali!

To’k manim qonimni, qildim men ravo,
Toki ul mahsharga bo’lmay mubtalo!”.

Men dedim: “Har zarra qonga g’arq agar,
Tig’ tutib, jonimga solsam-da xatar, 3940

Kesmagay bir tola soching ham bu dam,
Senga shul qismatni bitmish Ul qalam.

Senga, lek, homiy erurman, chekma g’am,
Xojaman ruhga, tanim etmas qaram.

Tan qadrsiz menga, kechdim bahridan,
Men usiz ham poku poklik nasliman.

Xanjaru shamshir bu – rayhonim manim,
Ham o’lim – bazmimu guldonim manim.

Ulki, tanni mag’lub etmish har nafas,
Qildimi mirlik, xalifatga havas? 3945

Sirtda davlat, rutbaga cho’zgay u qo’l,
Har amir ko’rsin, nadir to hukmu yo’l,

To amirlar joni bo’lsin bezarar,
To xalifat bog’i bersin mevalar”.

MUSTAFO SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMNING MAKKA VA MAKKADAN TASHQARIDA G’ALABA QOZONISH ISTAGI, TOKI U “AD-DUNYOA JIFATUN”1 DEGAN EKAN, FONIY
DUNYO MULKIGA INTILISH HAVASI EMAS, BALKI, OLLOH AMRI EKANLIGI BAYONIDA

Pok Rasul Makka tomon qildi yurish,
Kim atar dunyoparastlik deb bu ish?

Yetti osmon ganjidan, ulki shu choq,
Bor sinovlardan yumib ko’z o’tdi, boq.

Jon va hurlar to ko’raylik deb uni,
Qamramishlar yetti osmon ufqini. 3950

Ul uchun orolanib kelmish bari,
Unda Do’stdan o’zgaga parvo qani?

Unda Haq madhi chunon ham erdi mo’l,
Unga Haq ahli topolmas erdi yo’l.

“Loyasa’ fino nabiyyun mursalu,
Va-l-malak va-r-ruhu ayzan, fa’qilu”.2

Dedi: “Bizlar “ma zag’al”3 qarg’a emas,
Mast qilar Ul rangi,4 bog’ etmaydi mast”.

Gar aql hamda falakning ganjlari,
To Rasulga xasdayin erkan bari, 3955

Unda nedir Makkayu Shomu Iroq,
Qo’lga to olmoqni etsin ishtiyoq?

Ko’ngli kirlarga, faqat, bul shubha xos,
O’z jaholat, hirsiga etgay qiyos.

Bo’lsa kimga gar sariq oyna niqob,
Ul sariq ko’rgay quyosh nurin shu tob.

Sindirib tashla sariq, ko’k oynani,
Kim erur mard, kim erur gard, to tani.

Chang chavandoz girdida to’zgach chunon,
Changni sen Haq mardi deb qilding gumon. 3960

Dedi, ko’rgach changni Iblis: “Xok-ku bul!
Mendayin o’tpushtlidan ustunmi ul?” 5

Sen agar Haq yorlarin bilsang bashar,
Bil, bu – Iblis qoldirib ketgan nazar.

Bo’lmasang Iblisga farzand, ey, o’jar!
Senga ul itdan nechuk meros o’tar?

It emas, Haq sheridirman, haqparast,
Kimki Haq sheri, u – suvrat ichramas.

Yemish, o’lja izlar – olam sheri kim,
Izlagay Haq sheri kim – hurlik, o’lim. 3965

Har o’limda yuzta borlik ko’rsa gar,
Borlig’in parvona yanglig’ kuydirar.

Har o’lim orzusi sodiq tavqi to,
Imtihon bo’lsin juhudga bul sado.6

Dedi Ul Qur’onda: “Ey, qavmi yahud!
Barcha sodiqqa o’lim – naf, ganju qut.

Xuddi, foyda orzusi bordir, biroq,
Lek, o’lim orzusi undan yaxshiroq.

Ey, juhudlar, topgali obro’y va shon,
Tilda o’lmoq orzusin aylang bayon!7 3970

Topmadi hech bir juhud jur’at, biroq,
Tiklagan chog’da Muhammad tug’ bu chog’.

Deb: “Bu orzu tilda bersa gar sado,
Bir juhud ham qolmagay olam aro”.

Bor juhud so’ng to’plamish molu xiroj:
“Bizni sen sharmanda qilma, ey siroj!”

Ushbu so’zning so’ngi yo’qdir begumon,
Qo’lni ber menga, ko’rib Do’stni ayon!

————————————
1 – “Ad-dunya yasifatun” – “Bu dunyo – jasad” .

2 – “Loyasa’ fino nabiyyun mursalu,
Va-l-malak va-r-ruhu ayzan, fa’qilu” – “Oramizga yuborilgan Payg’ambarlarning birortasi, malaklar ham, hazrati Jabroyil (ruh) ham sig’maydi. Shundan so’ng fikr qilib ko’ringlar!”. (Bir avliyoning so’ziga ishora)

3 – “O’shanda Nilufarni o’ragan narsa (ya’ni, Olloh taoloning fayzi Ilohiysi) o’rab olgan edi. (Payg’ambarning) ko’zi (o’ngu so’lga) og’gani ham yo’q, o’z haddidan oshgani ham yo’q. Darhaqiqat, u (o’sha soatda) Parvardigorining buyuk oyatlarini (ya’ni, U Zotning qudrati Ilohiysiga dalolat qiladigan juda ko’p alomatlarni) ko’rdi”. (Qur’oni karim, «Va-n-Najm» surasi, 16-18-oyatlar).

“Ma zag’al” – “(Ko’zi) og’gani yo’q”.

4 – “Ollohning rangi-la (ranginmiz). Ollohdan ham go’zalroq rang beruvchi bormi? Bizlar Ungagina ibodat qilguvchilarmiz” (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 138-oyat).

5 – “(Shunda Olloh) dedi: “Ey iblis, Men O’z Qo’llarim bilan yaratgan narsaga – Odamga sajda qilishdan nima seni man’ qildi?! Kibru havo qildingmi, yoki sen (Odamga nisbatan) yuksak martabali zotlardan edingmi?!”. U aytdi: “Men undan yaxshiroqman. Sen meni olovdan yaratgansan, uni esa loydan yaratding”. (Olloh) dedi: “Bas, undan (ya’ni, jannatdan) chiq! Endi sen, shak-shubhassiz, (Mening dargohimdan) quvilgan mal’unsan. Va albatta to jazo (Qiyomat) Kunigacha senga Mening la’natim bo’lur”. (Qur’oni karim, «Sod» surasi, 75-78-oyatlar).

6 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: «Ey yahudiylar, agar szlar (boshqa) odamlarni emas, faqat o’zlaringizni Ollohning do’stlari deb da’vo qilsangizlar – agar (mana shu da’volaringizda) rostgo’y bo’lsangizlar – o’limni orzu qilinglar-chi?! Ular qo’llari (ya’ni, o’zlari) qilib qo’ygan ishlari (ya’ni, Tavrotda Haq Payg’ambar ekanliklari zikr qilingan Muhammad alayhis-salomni yolg’onchi qilganlari) sababli hech qachon (o’limni) orzu qila olmaslar. Olloh bunday zolim kimsalarni Bilguvchidir”. (Qur’oni karim, «Jum’a» surasi, 6-7-oyatlar).

7 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: “Agar Olloh huzurida Oxirat diyori (jannat) boshqa odamlarsiz faqat sizlarniki bo’lsa, u holda rostgo’y bo’lsangizlar, o’lishni orzu qilinglar-chi!”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 94-oyat).

AMIRULMO’MININ ALI KARRAMALLOHU VAJHAHUNING O’Z SUHBATDOSHIGA: “SEN YUZIMGA TUPURGAN CHOFINGDA, IZZAT-NAFSIM QO’ZFALIB, AMALGA IXLOSIM QOLMADI,
SENI O’LDIRISHIMGA XALAL BERGAN NARSA SHU EDI” — DEGANI

Ul amirulmo’minin unga shu on,
Dediki: “Jang paytida, ey, pahlavon, 3975

Sen yuzimga tuflagach, nafsim chunon
Qo’zg’alib, xulqimni buzdi nogahon.

Yarmi erdi Haq uchun, yarmi havo,
Haq ishiga ishtirokdir noravo.

Haq yaratgan naqsh erursan har nafas,
Haqqa sen butkul qarashli, mengamas.

Sindir Olloh naqshin, amr etsa U Zot,
Sen U Do’st billuriga Do’st toshin ot”.

Gabr eshitgach bulni, ul ko’ngli shu dam
Nurga to’ldi, kesdi so’ng zunnorni ham. 3980

Dedi: «Men ekdim jafo tuxmin chunon,
Boshqa odam deb seni qildim gumon.

Sen Ahadxo’ylik tarozu, bu – tayin,
Bor tarozular uchun, hatto, shayin.

Sen qadrdonim ekansan, aqrabo,
Sham ekansan yog’dulik – diynim aro.

Men o’shal nurli chiroqqa banda, qul,
Ayladim Haq yog’dusin sendan qabul.

Qul erurman nurli ummon mavjiga,
Qa’ridan chiqquvchi durru ganjiga. 3985

Bil ravo og’ir o’lim menga bukun,
To zamonning faxridirsan men uchun”.

Shunda ellik chog’li qavmu yorlari,
Oshiqona burdilar yuz din sari.

Qildi hilmin tiyg’i-la nechog’li zid,
Tiyg’u xalqlarni balolardan xarid!

Tiyg’i ham o’tkir po’lat tig’dan nechog’,
Balki, yuz qo’shindanam qudratliroq.

Lek, nadomatkim, bir-ikki luqma yeb,
O’y-xayoling qaynashi qolmish tinib. 3990

Bitta don Odam quyoshin tutdi tez,
Dum kabi oy nurlarin yutmish u kez.1

Lutfini ko’r bir siqim loydan, mana,
To’zg’imish oyi Surayyoday yana.

Erdi non ma’ni, yemoq foydalidek,
Bo’lsa suvrat, undagay inkorga, lek.

Xuddi, ko’k yantoqni yerkan tevalar,
Bul yemishdan topgusi lazzat, samar.

Yam-yashillik ketsa gar, qolsa qurib,
Tevalar yerkan uni cho’lda yurib. 3995

Yirtilar bo’g’zi va lunji, ey, darig’!
Bo’ldi ul ardoqlagan gul misli tig’.

Erdi non ma’ni, tikon ham ul yashil,
Qurg’agay, bo’lgay dag’al, olgach shakl.

Odating birlan uni sen bemalol
Yegan erding avval, ey, noziknihol!

Bul quruq atrin tuyib yeysan hamon,
Ma’ni zax yer-la birikkach har zamon.

Qorishib xokka, tilar bo’g’zingni, bil,
Ul giyohdan, ey, tuya, endi tiyil! 4000

Ketdi butkul qorishib tuproqqa so’z,
Bo’ldi suv loyqa, quduq og’zini to’s.

Toki, Haq suvni tiniq, sof aylasin,
Ulki, loyqa aylamish, poklar tag’in.

Sabr etar orzu ato, etmas shitob,
Qil sabr, “vallohu a’lam bi-s-savob!”2

———————————-
1 – O’rta asr astrologiyasida oy orbitasi tugunlari “Ajdaho nuqtasi”, yuqoriga yo’nalgan qismi “bosh”, pastga yo’nalgan qismi esa “ajdaho dumi” deb nomlangan. Quyosh va oy shu nuqtalarga yaqinlashsa, quyosh va oy tutilishi ro’y beradi, afsonalarga ko’ra, nurlarni tutilish jarayonida ajdaho yutadi.

2 – “Bas, (ey Muhammad alayhis-salom, kofirlarning ozor-aziyyatlariga) chiroyli sabr bilan sabr-toqat qiling! Chunki ular U (Kun)ni uzoq deb bilurlar, Biz esa uning yaqinligini bilurmiz!” (Qur’oni karim, «Maorij» surasi, 5-7-oyatlar).

BIRINCHI KITOB TUGADI

043

BIRINCHI KITOBNING MUNDARIJASI

Birinchi kitob muqaddimasi
Podshohning bemor kanizakka oshiq bo’lgani va uni davolatish uchun chora axtargani
Kanizakni davolashda hakimlar ojiz ekanligi ma’lum bo’lgani, podshohning Olloh dargohiga yuz burgani va tushida bir avliyoni ko’rgani
Tavfiq egasi Ollohdan tavfiq so’rashda har qanday holatda odob hurmatiga rioya qilishning fazli va odobsizlikning zararli oqibatlari bayonida
Shohning tushida ko’rgan avliyo bilan muloqoti
Bemorning ahvolini ko’rsin deb, shoh tabibni bemor oldiga boshlab borgani
Kanizakning dardini aniqlash uchun hakimning shohdan ularni yolg’iz qoldirishini so’ragani
Valiyning kanizak dardini aniqlagani va podshohga ma’lum qilgani
Shohning zargarni keltirish uchun Samarqandga elchilar yuborgani
Zargarning zahar berib o’ldirilishi havoyi nafs va buzuq niyat oqibati emas, balki, ilohiy ishorat ekanligi bayonida
Baqqol, uning to’tisi va to’tining do’konga moy to’kib qo’yishi haqida hikoyat
Taassubdan nasroniylarni o’ldirgan juhud podshohi haqida hikoya
Vazirning podshohga makr o’rgatgani
Vazirning nasroniylar uchun tuzgan makru hiylasi
Nasroniylarning vazir makrini qabul qilgani
Nasroniylarning vazirga itoat qilgani
Xalifaning Laylini ko’rib qolgani haqida hikoyat
Vazirning hasad qilganligi bayoni
Nasroniylarning donishmandlari vazir makrini payqab qolishgani
Shohning vazirga maxfiy xabar yo’llagani
Nasroniylarning o’n ikki guruhga bo’lingani bayoni
Makkor vazirning injil hukmlarini o’zgartirgani
Bu ixtiloflarning haqiqat yo’lida emas, suvrat yo’lida ekanligi bayonida
Vazirning makr qo’llashdagi xatosi bayoni
Iso alayhissalom qavmini yo’ldan ozdirish uchun vazirning boshqa makr o’ylab topgani
Vazirning muridlarni rad etgani
Muridlarning vazirni xilvatni tark etishga takror undagani
Vazirning: “Xilvatni tark etmayman” – deb javob bergani
Vazirning xilvat qilishiga muridlarning e’tirozi
Vazirning xilvatni tark etmay, muridlarni noumid qilgani
Vazirning har bir amirni alohida-alohida valiahd etib tayinlagani
Vazirning xilvatda o’zini o’ldirgani
Iso alayhissalom ummatlarining amirlardan: “Orangizda valiahd kim?” – deb so’ragani
Amirlar o’rtasida valiahdlik uchun nizo qo’zg’algani
Muhammad Mustafo sallallohu alayhi va sallamning nomi injilda madh etilgani
Iso dinini halok etmoqchi bo’lgan boshqa bir juhud podshohi haqida hikoyat
Juhud podshohining olov yoqqani va olov yoniga but o’rnatib: “Kimki butga sig’insa, olovdan omon qoladi” – degani
Bir go’dakning olov ichida tilga kirgani va xalqni olovga tashlanishga da’vat etgani
Muhammad sallallohu alayhi va sallam nomini masxara qilib tilga olgan kimsaning og’zi qiyshayib qolgani
Juhud podshohining olovga g’azab qilgani
Hud alayhissalom zamonida Od qavmini halok etgan shamol qissasi
Juhud shohining inkori va o’z yaqinlari nasihatini qabul qilmagani
Ov hayvonlarining sherni tavakkul qilib, jahd etmaslikka da’vat etganlari bayonida
Sherning hayvonlarga javobi va jahd foydasi haqida so’ylagani
Hayvonlarning tavakkulni jahddan va kasb-kor qilishdan ustun qo’ygani
Sherning jahd va kasb-kor qilishni tavakkul va taslimdan ustun qo’ygani
Hayvonlarning tavakkulni jiddu jahddan ustun qo’ygani
Sherning jahdni tavakkuldan ustun qo’ygani
Hayvonlarning yana tavakkulni jahddan ustun qo’yganlari
Azroyil alayhissalomning bir kimsaga nazar solgani, ul kimsaning qochib, Sulaymon alayhissalom huzuriga borgani va tavakkulning jahddan ustunligi, jahddan foyda kamligi bayoni
Sherning yana jahdni tavakkuldan ustun qo’ygani va jiddu jahdning foydalarini bayon qilgani
Jahdning tavakkuldan ustun ekanligi muqarrar bo’lgani
Sher oldiga borishni paysalga solgani uchun hayvonlarning quyonga tanbeh bergani
Quyonning ularga javobi
Quyonning so’zlariga hayvonlarning e’tiroz bildirgani
Quyonning hayvonlarga javobi
Quyonning donoligi, ilmning fazilat va foydalari bayonida
Hayvonlarning quyondan fikrini oshkor etishni talab qilgani
Quyonning o’z sirini hayvonlardan yashirgani
Quyonning makri qissasi
Ojiz pashshaning tor doiradagi ta’vili
Kechikkan quyondan sherning g’azablangani
Yana quyonning makri bayonida
Quyonning sher oldiga yetib kelgani
Quyonning uzr so’ragani
Sherning quyonga javob bergani va u bilan birga yo’lga tushgani
Qazo yetganda ravshan ko’zlar yumilishi haqida Hudhud va Sulaymon alayhissalom qissasi
Hudhud da’vosiga zog’ning ta’na qilgani
Zog’ ta’nasiga Hudhudning javobi
Qazo ko’zni pardadek to’sib qo’yganligi bois, ochiq-oydin taqiqqa rioya qilolmagan va ta’vilini tark etgan Odam alayhissalom qissasi
Quduqqa yaqinlashganda, quyon sherdan orqada qolgani
Sher quyondan orqada qolganining sababini so’ragani
Sherning quduqqa qarab, quyonning hamda o’zining aksini ko’rgani
Quyonning: “Sher quduqqa tushib ketdi” – deb hayvonlarga xushxabar yetkazgani
Hayvonlarning quyon atrofini o’rab olib, unga hamdu sano aytganlari
Quyonning hayvonlarga: “Bu holdan ortiqcha quvonmanglar”, — deb nasihat qilgani
“Raja’no min-al-jihodi-l-asg’ari ila-l-jihodi-l-akbari” hadisining tafsiri
Rum elchisining Amirulmo’minin Umar raziyallohu anhu huzuriga kelgani va u ko’rsatgan karomatga guvoh bo’lgani
Rum elchisining amirulmo’minin Umar raziyallohu anhuni xurmo daraxti ostida uxlab yotgan holda topgani
Rum elchisining amirulmo’minin Umar raziyallohu anhudan so’ragani
Odam: “Rabbano zalamno” – deb o’z gunohini o’zidan ko’rgani va Iblis: “Bimo ag’vaytani” – deb o’z gunohini Haq taologa to’nkagani
“Va huva ma’akum aynamo kuntum” oyatining tafsiri
Rum elchisining Umar raziyallohu anhudan suvu balchiqdan iborat vujud baxtsizligiga nega mubtalo ekanligi sababini so’ragani
“Man aroda an yajlisa ma’allohi faliyajlis ma’a ahli-t-tasavvufi” hadisining mazmuni
Tijoratga borayotgan chog’ida tutqun to’tisi Hindiston to’tilariga salom yo’llagan savdogar qissasi
Ziyrak qushlarning ilohiy qanoti bayonida
Savdogarning sahroda Hindiston to’tilarini uchratgani va o’z to’tisidan xabar yetkazgani
Fariduddin Attor qaddasallohu ruhahu so’zining tafsiri
Sehrgarlarning Muso alayhissalomdan: “Avval sen aso tashlaysanmi?” – deb so’ragani
Savdogar o’z to’tisiga Hindiston to’tilari bilan qanday ko’rishganini so’ylab bergani
Ul to’tilarning harakatini eshitib, bu to’tining qafasda jon bergani va savdogarning unga nola-faryodi
Hakim so’zining tafsiri. Muhammad salallohu alayhi va sallamning “inna sa’dan lag’ayurun va ano ag’yaru min sa’dii vallohu ag’yiru minni va min g’ayratihi harrama-l-favohisha, mo zahara minho va mo batana” hadisi ma’nosi bayonida
Xoja savdogar hikoyasiga qaytish
Savdogarning to’ti o’ligini qafasdan olib uloqtirgani va to’tining parvoz etgani
To’tining Xoja bilan vidolashgani va uchib ketgani
Xalq ta’zim qiladigan darajada mashhur bo’lishning zarari
“Mashaallohu kona” so’zining tafsiri
Umar raziyallohu anhu zamonida nochorlikdan, Xudo yo’lida, qabriston o’rtasida chang chalgan Piri Changiy dostoni
“Inna lirabbikum fy ayyomi dahrikum nafahotun, alo fat’arrazzu laho” hadisi bayonida
Oyisha raziyallohu anhuning Mustafo sallallohu alayhi va sallamdan: “Bugun yomg’ir yog’di, siz qabristonga bordingiz, ammo, kiyimlaringiz nega ho’l bo’lmadi” – deb so’ragani
Hakim raziyallohu anhu aytgan ushbu bayt tafsiri
“Ig’tanimu barda-r-rabe’i…” hadisining mazmuni bayonida
Siddiqa raziyallohu anhuning Mustafo sallallohu alayhi va sallamdan: “Bugungi yomg’irning siri nimada edi?” – deb so’ragani
Piri Changiy qissasining davomi va uning najot topgaligi bayoni
Umar raziyallohu anhuning tushida Hotif knga: “Davlat xazinasidan bir necha oltin olib, qabristonda uxlab yotgan kishiga eltib bergin” – deb da’vat etgani
Payg’ambar sallallohu alayhi va sallam uchun maxsus minbar qurganlarida, jamoat yig’ilib: “Va’z chog’ida biz sening muborak yuzingni ko’rolmaymiz” – degach, hannona ustunning hasrat qilgani va uning hasratini Rasulu sahobalar eshitgani hamda Mustafo sallallohu alayhi va sallamning o’sha ustun bilan savol-javobi
Payg’ambar sallallohu alayhi va sallam mo»jizasining bayoni, Abujahl alayhila’na qo’lidagi tosh bo’laklarining tilga kirgani va tosh bo’laklari Muhammad sallallohu alayhi va sallamning Payg’ambarligi rostligiga guvohlik bergani
Mutrib qissasining davomi. Amirulmo’minin Umar raziyallohu anhuning Hotifdan kelgan sado xabarini unga yetkazgani
Umar raziyallohu anhuning mutrib nazarini yig’i maqomidan qaytarib, borliqda mavjud mashg’ullik maqomiga yo’naltirgani
Har kuni bozor boshida: “Allohumma a’ti kulla munfiqin xalafan, allohumma a’ti kulla mumsikin talafan” – deb jar solgan ikki farishta duosining tafsiri va ul xayr-sadaqa qilguvchilar hoyu havas yo’lining isrofgarlari bo’lmay, Haq yo’lida jihod etguvchilar ekanligi bayoni
O’z zamonasida saxovat bobida Hotam Toydan o’zgan, o’xshashi yo’q xalifa qissasi
Yo’qchilik, qashshoqlik tufayli xotini janjal ko’targan sahroyi darvish arab qissasi
Muhtoj muridlarning soxta zohidlarga aldanishi, ularni Haqqa yetishgan ulug’lar deb o’ylagani, asil va qalbaki, o’lik va tirikning farqiga bormagani
Ba’zan murid soxta da’vogarga e’tiqod bog’lashi, shu e’tiqodi tufayli shayxi tushida ham ko’rmaydigan maqomga yetishi, suv, olov unga zarar yetkazmay, shayxiga zarar yetkazishi va bundaylar juda kamligi bayoni
Sahroyi arab xotinini sabrga chorlagani, unga sabr va qashshoqlik fazilatlarini bayon etgani
Xotinning: “O’z yo’ling va maqomingdan oshirib gapirma, ya’ni, “lima taquluna mo lo taf’aluna?”. Gaplaring rost, ammo, sen umid va ishonch maqomida emassan. Maqoming va xulqingdan oshirib so’zlash senga zarar keltiradi, ya’ni, “kabura maqtan indalloha”dir – deb eriga nasihat qilgani
Erning xotiniga: “Qashshoqlarga past nazar, Haq ishiga shubha bilan qarama, ojiz fikr, xom xayollaringga berilib, qashshoqlik va qashshoqlarga ta’na qilmagin” – deb nasihat qilgani
Har kimning harakati uning egallagan o’rniga qarab belgilanishi va har kimni o’z vujudi doirasida ko’rishi, yashil shisha quyoshni yashil, qizil shisha qizil rangda ko’rsatadi, shishalarning rangi yo’qolgach, oqaradi. Boshqa barcha shishalardan u rostgo’yroq bo’lishi va imom sanalishi bayonida
Xotin eriga e’tiborini qaratib, aytgan gaplari uchun tavba qilgani
“Innahunna yag’nibna-l-oqila va yag’libu hunna-l-johilu” hadisi bayonida
Erning xotin iltijosini tirikchilik talabi deb qabul qilgani va xotin e’tirozini Haqning ishorati deb bilgani
Muso ham, Fir’avn ham og’uyu dori, zulmatu nur yanglig’ Haq hukmi, irodasiga tobe ekanligi, Firavnning: “Meni benomus aylamagil” – deb xilvatda yolvorgani bayonida
Rahmsiz, badbaxt kimsalarning ikki jahondan mahrumligi, ya’ni, “Hasara-d-dunyo va-l-oxirat”
Solih va Solih tuyasi ko’zlarga ojiz, egasiz bo’lib ko’ringani. Haq biror lashkarni halok qilmoqchi bo’lsa, ularning ko’ziga dushmanlarni, garchi qudratli, g’olib bo’lsa-da, ojiz va oz ko’rsatishi, ya’ni, “yuqallikum fy a’yuunihim liyaqziallohu amran kona maf’ulan”
“Maraja-l-bahrayni yaltaqiyan. Baynahuma barzaxul lo yabg’iyan” oyatining mazmuni
Valiy nimaiki qilsa, murid o’shandoq qilaman deb shakkoklik qilishi to’g’ri emasligi, holva bemorlarga ziyon qilsa-da, tabibga ziyon qilmasligi, sovuq va qor uzumga zarar yetkazmay, hali yetilmagan g’o’raga zarar keltirishining ma’nosi haqida, ya’ni, “liyag’fira lakallohu mo taqaddama min zanbika va mo ta’axxar”
Arab va uning xotini mojarosining oxiri
Arabning o’z mahbubasi xohishiga ko’ngani hamda: “Bu itoatimda hiyla va sinov yo’q” – deb qasamyod qilgani
Xotinning eriga rizq talabi yo’lini tayinlagani va eri uni qabul qilgani
Arabning biyobon oralab Bag’dodga borgani, u yerda ham suv tanqis deb o’ylab, bir ko’zada yomg’ir suvini amirulmo’minunga sovg’a qilish uchun eltgani
Arabning xotini yomg’ir suvi to’la ko’zani arablarga xos tarzda kigizga o’rab tikkani va yanada ishonchliroq bo’lishi uchun muhrlagani
Gado qanchalik karam va karim oshig’i bo’lsa, karim karami ham shunchalik gado oshig’idir. Agar gado sabrli bo’lsa, karim ul tomon kelgay. Ammo, gadoning sabri – gadoning kamoli, karimning sabri karimning nuqsoni ekanligi bayonida
Xudoga darvishu Xudoga tashna hamda Xudodan tashqarida darvishu o’zgaga tashna ikki darvish orasidagi farq bayoni
Xalifaning mulozimlari va eshik soqchilari ehtirom yuzasidan sahroyi arabga peshvoz chiqqani va uning sovg’asini qabul qilgani
Dunyo oshig’i quyosh nuri tushib turgan devor oshig’iga o’xshaydi, tovlangan bu nur devordan emas, to’rtinchi osmondagi quyosh gardishidan ekanligini anglashga harakat qilmasligi, devorga butunlay ko’ngil qo’yib, quyosh yog’dulari quyoshga qaytgach, u bir umr mahrum qolishi bayonida, ya’ni, “hila baynahum bayna mo yashtahuna”
Arablarning: “Izo zanayta fazni bi-l-hurrati va izo saraqta fasriqi-d-durrata” maqoli xususida
Arab o’z hadyasini, ya’ni, ko’zani xalifaning xizmatkorlariga topshirgani
Tilshunos olim va qayiqchi mojarosi haqida hikoyat
Xalifaning hadyaga, ya’ni, ko’zaga ehtiyoji bo’lmasa-da, uni qabul qilgani va arabga in’om berishni buyurgani
Pirlik xislati va unga itoat bayoni
Payg’ambar sallallohu alayhi va sallamning Ali karamallohu vajhahuga: “Har kim Haqqa o’z toati tarzi bilan yaqinlashmoq istaydi, sen oqil va xos bandalar suhbati orqali Haqqa yaqinlashgin, toki hammadan
peshqadamroq bo’lgin” – deb vasiyat qilgani

Bir qazvinlik kishi yelkasiga sher suratini chizdirgani, igna zaxmidan unga ozor yetib, so’ng pushaymon bo’lgani
Bo’ri bilan tulkining sherga xizmat yuzasidan ovga chiqqani
Sher bo’rini sinab ko’rish maqsadida: “Ey, bo’ri, kel, oldinga o’tib, o’ljalarni hammamizga taqsimlab ber” – degani
Bir kishi do’st eshigini taqillatganda, ichkaridagi kishi: “Kim u?” – deb so’ragani, eshik qoqqan kishi: “Men” – deb javob bergach, ichkaridagi kishi: “Sen agar “sen” bo’lsang, eshigimni ochmayman, chunki, do’stlarim ichra “men” bo’lgan biror kimsani tanimayman, bor, jo’na!” – deb javob bergani qissasi
O’ljalarni taqsimlashda odobsizlik qilgani uchun, sherning bo’rini jazolagani
Nuh alayhissalomning o’z qavmiga: “Ey, adashganlar, men bilan tortishmanglar, chunki, men bilan tortishsanglar, mendagi Xudo bilan tortishgan bo’lasizlar” – deb tahdid qilgani
Ko’zlarini ravshan aylamoq maqsadida, podshohlar donishmand so’fiylarni o’zlariga yuzma-yuz qilib o’tqazgani
Yusuf alayhissalomning huzuriga mehmon kelgani va Yusuf alayhissalom undan nodir tuhfa va armug’on talab etgani
Yusuf alayhissalomning mehmoni unga: “Bir ko’zgu keltirdim, har gal ko’zguga boqib, go’zal chehrangni ko’rasan va meni eslaysan” – degani
Vahiy kotibining, vahiy shu’lasi unga tushgach: “Menga ham vahiy keldi” oyatini Payg’ambar sallallohu alayhi va sallamdan ilgari o’qigani va shu bois dindan qaytgani
Bal’am Bourning: “Muso va uning qavmini ular qurshab olgan shahardan noumid qaytargin” – deb duo qilgani va duosi ijobat bo’lgani
Horut va Morutning o’z pokliklariga ishongani va olam ahliga qo’shilishni istab, og’ir sinovlarga duchor bo’lgani
Horut va Morut qissasining davomi. Ularning insoniy dunyoda va Bobil chohida tortgan azob-uqubatlari
Bir karning bemor yotgan qo’shnisidan hol so’ragani
Ulkim, Qur’on oyatlarini ilk marta bir-biriga qarama-qarshi qo’ymish, Iblis edi
Har kishi o’z holi va mastligini johillardan pinhon tutmog’i lozimligi bayonida
Rumliklar va chinliklarning naqqoshlik hamda musavvirlik san’ati bobida bir-biri bilan talashib-tortishgani
Payg’ambar sallallohu alayhi va sallamning Zayddan: “Bugun nechuksan, qanday oyoqqa turding?” – deb so’ragani va Zayd: “Asbahtu mo»minan ey, Rasululloh!” – deb javob qaytargani
Xizmatkor va qullarning: “Biz olib kelayotgan ho’l, sho’rtak mevalarni yeb qo’ydi” – deb Luqmonga tuhmat qilgani
Zayd qissasining davomi. Uning Rasul sallallohu alayhi va sallamga javobi
Payg’ambar sallallohu alayhi va sallamning Zaydga: “Bu sirni keragidan ortiq oshkor aylama hamda unga itoat qilgin” – degani
Zayd hikoyasiga qaytish
Umar raziyallohu anhu zamonida shaharga o’t tushgani
Amiralmo’minin Ali karamallohu vajhahuning yuziga yov tupurgach, amirulmo’minin Ali qo’lidagi qilichni uloqtirgani
Ul kofirning Ali karamallohu vajhahudan: “Mendan g’olib kelsang-da, nega qilichingni qo’ldan tashlading?” – deb so’ragani
Qo’lidagi qilichni o’sha holatda nima uchun uloqtirganiga amirulmo’minin javobi
Payg’ambar sallallohu alayhi va sallam amirulmo’minin Ali karamallohu vajhahu jilovdori qulog’iga: “Alining ajali sening qo’lingda ekanligidan seni xabardor qildim” – degani
Odam alayhissalomning mal’un Iblis gumrohligidan hayratlangani va kibrga berilgani
Ali karamallohu vajhahu hikoyasiga qaytish va uning o’z qonxo’riga muruvvat ko’rsatgani
Amirulmo’minin Ali karamallohu vajhahuning jilovdori: “Ey, amirulmo’minin, meni o’ldir va bu ko’rgulikdan qutqar” – deb yolvorgani
Mustafo sallallohu alayhi va sallamning Makka va Makkadan tashqarida g’alaba qozonish istagi, toki U “ad-dunyoa jifatun” degan ekan, foniy dunyo mulkiga intilish havasi emas, balki, Olloh amri ekanligi bayonida
Amirulmo’minin Ali karamallohu vajhahuning o’z suhbatdoshiga: “Sen yuzimga tupurgan chog’ingda, izzat-nafsim qo’zg’alib, amalga ixlosim qolmadi, seni o’ldirishimga xalal bergan narsa shu edi” — degani

09

(Tashriflar: umumiy 1 063, bugungi 1)

Izoh qoldiring