Рус ёзувчиси учун аёл киши учта вазифани ўташга қодир. Уни боқади. Унинг даҳо эканига астойдил ишонади. Ва ниҳоят, аёл уни ўз ҳолига қўяди. Сирасини айтганда, кейингиси аввалги икки фазилатни инкор этмайди. Лена ҳикояларим билан қизиқмасди. Ҳатто қаерда ишлашимни ҳам дурустроқ тасаввур қилмаган бўлса керак. Фақат ёзишимни биларди…
Сергей ДОВЛАТОВ
ПОПЛИН КЎЙЛАК
«Чемодан»дан олтинчи ҳикоя
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси
Хотиним мени койийди:
— Ялқовлиги учун кўчага чиқишни хоҳламайдиган эркак билан яшаш — бориб турган ақлсизлик…
Хотиним доим муболаға қилади. Тўғри, ортиқча ташвишларни ёқтирмайман. Дуч келган нарсани ейман. Таниб бўлмайдиган алфозга келганимдагина сочимни олдираман. Аммо — бирваракайига машинкада. Яна уч ой соч олдирмаслик учун.
Соддагина қилиб айтганда, уйдан чиққим келмайди. Мени тинч қўйишларини хоҳлайман …
Болалигимда Луиза Генриховна деган энагам бўларди. У қамалишдан қўрқиб яшагани учун ҳамма нарсани пала-партиш қиларди. Бир куни Луиза Генриховна менга калта иштон кийгизди. Шунда оёқларимни битта томонига тиқиб қўйди.
Оқибатда, кун бўйи шундай юрдим.
Шунда тўрт ёшда эдим, бу воқеа яхши эсимда қолган. Нотўғри кийинтиришганини билдим. Аммо индамадим. Қайта кийинишни хоҳламадим. Ҳозир ҳам хоҳламайман.
Шунга ўхшаган кўплаб воқеалар ёдимда. Болалигимдан ортиқча ташвишлардан қочиш учун ҳамма нарсага тайёр эдим …
Бир вақтлар ниҳоятда кўп ичардим. Ва, табиийки, дуч келган ерда сандирақлаб юраверардим. Шу туфайли кўпчилик мени жуда дилкаш одам деб ўйлашарди. Холбуки, кайфим тарқалиши биланоқ бунақа дилкашликдан асар ҳам қолмасди.
Шунга қарамай, ёлғиз ўзим яшай олмасдим. Электр тўлов қоғози қаерда ётгани ёдимда турмайди. Дазмол қилишни, кир ювишни билмайман. Энг ёмони — даромадим кам.
Мен ёлғизликни афзал кўраман, аммо кимнингдир ёнида ..
Хотиним доим муболаға қилади.
— Мен билан нима учун бирга яшаётганингни биламан. Айтайми?
— Хўш, нимага экан?
— Йиғма каравот сотиб олишга эринасан!
Унга шундай жавоб беришим мумкин:
— Ўзинг-чи? Нега ўзинг йиғма каравот сотиб олмайсан? Нега энг оғир пайтларда мени ташлаб кетмадинг? Сен тўқишни, ювишни, нотаниш кишиларга тоқат қилишни, энг муҳими, кўп пул топишни биласан-ку! …
Йигирма йил олдин танишганмиз. Шу куни якшанба эканини ҳам яхши эслаб қолганман. Ўн саккизинчи февраль. Сайлов куни.
Ташвиқотчилар уйларга кириб юришарди. Иложи борича тезроқ овоз беришга чорлашарди. Мен шошилмасдим. Уч марта, умуман, сайловга бормаганман. Бу тузумдан норозилигимдан эмасди. Аниқроғи, бунақа бемаъни ишларни ёмон кўрганимдан.
Шундай қилиб, қўнғироқ жиринглади. Бўсағада— кузги камзул кийган ёшгина аёл. Кўринишидан — мактаб ўқитувчиси, демак— қари қиз. Тўғри, кўзойнаги йўқ, аммо қўлида қалин дафтар.
У дафтарга қараб, исми-шарифимни айтди.
— Ичкари киринг. Исининг. Чой ичинг, — дедим мен.
Халати остидан кўзга ташланиб турган мўъжаз оёқларига ачиниб қарайман. Бизда тананинг бу аъзосига мутлақо бефарқ муносабатда бўлишади. Бунинг устига халатига ҳам доғ теккан.
— Елена Борисовна, — таништирди қиз ўзини, — сизнинг ташвиқотчингизман… Ҳалиям овоз беришга чиқмадингиз…
Бу савол эмас, жиддий таъна эди. Мен такрорладим:
— Чой ичасизми? — Одоб юзасидан қўшиб қўйдим: — Уйда ойим бор …
Ойим боши оғриб ётарди. Бу эса унинг бақириб гапиришига халақит бермади:
— Менинг ҳолвамга қўл теккиза кўрмаларинг!
— Овоз беришга улгурамиз, — дедим мен.
Шу пайт Елена Борисовна ҳеч кутилмаган бир гапни айтиб қолди:
— Сайловлар одамни таҳқирлашдан бошқа нарса эмас. Буни биламан. Аммо мен нима қила оламан? Сизни сайловхонага олиб боришим керак. Акс ҳолда, уйга кетказишмайди.
— Тушунарли, — дейман, — фақат эҳтиёт бўлинг. Бунақа гаплар учун мақтов эшитмайсиз.
— Сизга ишонса бўлади. Мен буни дарров англадим. Солженициннинг суратини кўришим биланоқ.
— Бу Достоевский. Аммо Солженицинни ҳам ҳурмат қиламан …
Кейин камтарона нонушта қилдик. Онам бари-бир холвадан бир бўлак кесиб берди.
Суҳбатимиз, табиийки, адабиёт ҳақида кетди. Лена Гладилин ҳақида гапира бошласа, мен қайта сўрардим:
— Толя Гладилинми?
Гап Шукшинга тақалса, мен аниқлаштирардим:
— Вася Шукшинми?
Ахмадуллина ҳақида гаплаша бошлаганимизда мен хитоб қилдим:
— Беллажон!…
Кейин кўчага чиқдик. Уйлар байроқлар билан безатилганди. Қор устида конфет қоғозлари сочилиб ётарди. Қоровул Гриша жингалак жунли пальто кийиб, ясаниб олганди.
Овоз беришни хоҳламасдим. Фақат эринчоқлигимдан эмас. Елена Борисовна ёқиб қолгани учун. Уйига кетиши учун ҳаммамиз сайловга боришимиз керак …
Биз «Иваннинг болалиги» киносига тушдик. Фильм жуда яхши бўлиб, уни такаббурлик билан камсита олмасдим.
У пайтларда менга саргузашт асарлари ёқарди. Улар ҳордиқ чиқаришимга кўмак берарди.
Тарковский картиналарини эса астойдил мақтаб юрардим. Албатта, Тарковский олти йилдан бери мендан сценарий кутаётганини ҳам қўшиб қўярдим.
Кинодан чиққач, Адабиётчилар уйига бордик. Бирон-бир машҳур ёзувчини учратишимиздан умидвор эдим. Горишин дуч келиб қолса, дўстона саломлашиш мумкин эди. Сархуш Вольф билан қучоқлашиб кўришардик. Ефимов ёки Конецкий билан бир оз чақчақлашардик. Мен ёш ёзувчи ҳисобланардим. Ҳатто Гранин ҳам мени танирди.
Бир вақтлар Ленинградда машҳур одамлар кўп эди. Масалан, Чуковский, Олейников, Зошченко, Хормс ва бошқалар. Урушдан кейин улар жуда камайиб кетди. Баъзиларини нимагадир отиб юборишди, баъзилари Москвага кўчиб кетди …
Биз ресторанга кўтарилдик. Вино, бутерброд, ширинликлар буюрдик. Қуймоқ ҳам буюрмоқчи бўлдиму, ўйланиб қолдим. Акам ҳар доим: «Яхши таомларни ейишни билмайсан», деб дакки берарди.
Чўнтагимга қўл солиб, пулимни ҳисоблаб кўрдим.
Зал бўш эди. Эшик олдида нишондор Решетов китоб ўқиб ўтирарди. Ҳаддан зиёд берилганига қараганда, у ўзининг романи эди. Гаров ўйнашим мумкин, бу роман «Сизга интиламан, одамлар!» деб аталарди.
Биз ичдик. Евтушенконинг ҳаётига доир ўзим гувоҳ бўлган учта ҳодисани айтиб бердим.
Номдорлар эса келавермади. Одамлар анчагина кўпайиб қолганди. Ясама оёғини ғижирлатиб насрнавис Горянский ойна олдига борди. Пештахта олдида шоирлардан Чикин билан Штейнберг туришарди. Чикин маъқулларди:
— Ростини айтсам, Боря, сен фалсафий чекинишларни боплайсан.
— Сен эса, Дима, ички кечинмаларни яхши чизасан, — жўр бўларди Штейнберг.
Чикин билан Штейнберг машҳурлар жумласига кирмасди. Горянский эса, немис концлагерида қоровулни бўғиб ўлдиргани билан шуҳрат қозонганди.
Ёнимиздан анчагина танилган танқидчи Халупович ўтиб қолди. У менга узоқ тикилиб турди-да:
— Кечирасиз, сизни Лев Милиндерга ўхшатибман … — деди.
Биз икки юз грамм коньяк буюрдик. Пулим кам қолганди, машҳурлар эса кўринай демасди.
Келажаги порлоқ ёзувчи эканимни Елена Борисовна билолмайдиган бўлди-да!
Худди шу аснода ресторанга ёзувчи Данчковский кириб келди. Кўпчиликнинг гапига қараганда, у машҳур ёзувчилар жумласига кирарди.
Бир вақтлар Ленинградга Шкловдан икки ака-ука келиб қолишганди. Ака-укаларни Савелий ва Леонид Данчиковский деб аташарди. Улар ёзувчиликда куч синаб кўришди. Қўшиқлар, лапарлар, интермедиялар ёзишди. Дастлаб бирга ёзишарди. Кейин ҳар бири алоҳида ёза бошлади.
Бир йилдан сўнг уларнинг йўли бутунлай ажралиб кетди.
Укаси фамилиясини қисқартиришга жазм қилди. Данч деб имзо чека бошлади. Аммо жуҳудлигича қолди.
Акаси эса бошқа йўл тутди. У ҳам фамилиясини қисқартирди — фақат биргина «И» ҳарфини тушириб қолдирди. Энди у Данчковский деб имзо чекадиган бўлди. Бунинг эвазига жуҳуд эмас, руслашган полякка айланди.
Ака-укалар орасида аста-секин миллий ихтилофлар кучая борди. Улар миллий заминда кўпинча жанжаллашиб қолишарди.
— Жодугар, — бақирарди Леонид, — тиллапараст, бадмаст ароқхўр!
— Оғзингни юм, жуҳудбашара! — жавоб берарди Савелий.
Кўп ўтмай космополитларга қарши кураш бошланди. Леонидни қамоққа олишди. Бу вақтда Савелий марксизм-ленинизм институтини битираётганди.
У қалин журналларда қатнаша бошлади. Биринчи китоб босилди. Танқидчилар тилига тушди.
Аста-секин у «ленинчилар» қаторидан жой олди. Яъни битмас-туганмас Ленинноманинг яратувчиларидан бирига айланди.
Дастлаб «Володянинг болалиги» китобини ёзди. Кейин — «Симбирскдан чиққан бола» деган катта қиссаси босилди. Сўнг «Оловли ёшлик» номли икки жилдлик асарини чиқарди. Ва, ниҳоят, «Қўзғол, лаънат-ла тамғаланган!» трилогияси эълон қилинди.
Лениннинг таржимаи ҳолини тугатгач, Данчковский ёндош мавзуларга қўл урди. «Ленин ва болалар» деган китоб ёзди. Кейин «Ленин ва қишлоқ хўжалиги» сингари китоблар чиқарди. Буларнинг ҳаммаси кўплаб тилларга таржима қилинди.
Данчковский бойиб кетди. «Ҳурмат белгиси» нишони билан тақдирланди. Бу пайтга келиб, укаси вафотидан сўнг оқланди.
Данчковский мени яхши танирди, сабаби, у бир йилдан кўпроқ адабий тўгарагимизни бошқарганди.
Ана шу киши ресторанда пайдо бўлди.
Мен овозимни пасайтириб, Елена Борисовнага шивирладим:
— Яхшилаб қаранг — Данчковский… Довруғи баланд… Ленин мукофотини мўлжаллаган…
Данчковский автомат мусиқа дастгоҳидан узоқроққа — бурчакка йўналди. Ёнимиздан ўтаётганда қадамини секинлаштирди.
Мен бетакаллуф қадаҳ кўтардим. Данчковский, салом-аликсиз, чертиб гапирди:
— «Аврора»даги ҳажвиянгни ўқидим. Менимча, нажас…
Биз ресторанда соат ўн бирларгача қолиб кетдик. Сайловхона аллақачон ёпилган эди. Кейин ресторан ёпилди. Онам боши оғриб ётарди. Биз бўлсак Фонтанка қирғоғида сайр этиб юрардик.
Елена Борисовнанинг итоаткорлиги мени ҳайрон қолдирарди. Тўғрироғи, итоаткорлиги эмас, ҳаёт ҳодисаларига лоқайдлиги. Ҳамма нарса худди экранда липиллаб ўтаётгандек туюларди.
У сайлов участкасини унутганди. Ўзига юклатилган вазифани бажармаганди. Маълум бўлдики, ҳатто овоз беришга ҳам улгурмаган экан.
Буларни нима учун қилди? Тайинсиз ҳажвиялар ёзиб юрган бир киши билан оқибати номаълум муносабатлар учунгинами?
Мен ҳам, албатта, овоз бермадим. Фуқаролик бурчимни бажармадим. Мен-ку бошқача одамман. Наҳотки, бир-биримизга шунчалик ўхшасак?
Никоҳдан ўтганимизга ҳам йигирма йил бўлди. Йигирма йилдан бери орамизда ўзаро яккалик ва ҳаётга лоқайдлик ҳукмрон.
Менда-ку ишга рағбат, мақсад, хом хаёллар ва умид бор. Унда-чи? Унда фақат қизи ва лоқайдлик бор, холос.
Лена бирон нарсани инкор этгани ва баҳслашганини эслай олмайман. Лоақал бирон марта ишонч билан жарангдор қилиб: «Ҳа» ёки оғир, шафқатсиз тарзда «йўқ» деган бўлмаса керак.
Унинг ҳаёти телевизор ойнаси ортида ўтаётгандек. Кадрлар, қиёфалар, овозлар ўзгарди, эзгулик ва ёвузлик бирдек унинг изидан эргашади. Менинг севгилим эса экран томонга қараган ҳолда доим муҳим масалалар билан машғул бўлади.
Онам ухлаб қолгандир деб ўйлаб, уйга қайтдим. Елена Борисовнани «Бизникига кирайлик», деб таклиф қилмадим. Ҳатто қўлини ушлаганим ҳам йўқ.
Шунчаки уйга кириб бордик. Бу йигирма йил олдин бўлганди.
Бу йиллар давомида кўпгина дўстларимиз севишдилар, турмуш қуришдилар ва ажралишдилар. Улар бу мавзуда шеърлар ва романлар ёздилар. Бир республикадан иккинчисига кўчдилар. Ишларини, эътиқодларини, одатларини ўзгартирдилар. Диссидентлар ёки ароқхўрларга айландилар. Бировларнинг ёки ўзларининг ҳаётларига суиқасд қилдилар.
Атрофимизда гўзал, сирли оламлар пайдо бўлди ва гумбурлаб қулади. Таранг тортилган торлардек инсоний муносабатлар узилди. Бахт излаб югурган дўстларимиз қайта туғилар ва маҳв бўлишарди.
Биз-чи? Ҳаётнинг барча ёлғон ва даҳшатларига қарши биз ягона бойлигимиз — лоқайдликни кўндаланг қўяр эдик. Қумда қурилган қаср ҳеч замонда собит тура оладими? …
Ҳар иккиси ҳам қатъиятсиз бўлган одамларнинг севгиси қай даражада мустаҳкам ва ишончли бўлади? …
Мудофаага лаёқатсиз бўлса ҳам муттасил бир-бирига рақиблик қилган давлатларнинг қай бирини фаровон деб айтиш мумкин? …
Мен кўп тиражли газетада ишладим. Юз сўмга яқин маош олардим. Яна арзимаган қўшимча ҳақ. Ҳар ойда «хўжалик юритишнинг янада самарадор усул»ларини ўзлаштирганим учун қўшиладиган тўрт сўмни асло унута олмайман.
Кўпгина журналистларга ўхшаб роман ёзишни орзу қилардим. Аммо бошқа журналистлардан фарқли ўлароқ, адабиёт билан чинакамига шуғуллана бошладим. Аммо қўлёзмаларимни энг илғор журналлар ҳам қайтариб беришарди.
Ҳозир бундан фақат хурсанд бўламан. Цензура шарофати билан ўрганиш даври мен учун ўн етти йилга чўзилди. Шу йилларда босиб чиқармоқчи бўлган ҳикояларим энди жуда ғариб туюлади. Бир ҳикоям «Фаинанинг тақдири» деб номланганини эслаш кифоя.
Лена ҳикояларимни ўқимас эди. Мен ҳам таклиф қилмаганман. Унинг ўзи ташаббус кўрсатмаган.
Рус ёзувчиси учун аёл киши учта вазифани ўташга қодир. Уни боқади. Унинг даҳо эканига астойдил ишонади. Ва ниҳоят, аёл уни ўз ҳолига қўяди. Сирасини айтганда, кейингиси аввалги икки фазилатни инкор этмайди. Лена ҳикояларим билан қизиқмасди. Ҳатто қаерда ишлашимни ҳам дурустроқ тасаввур қилмаган бўлса керак. Фақат ёзишимни биларди.
Мен ҳам у ҳакда шунча нарсани билардим.
Хотиним аввал сартарошхонада ишларди. Сайлов воқеасидан кейин ишдан бўшатиб юборишди. У корректорлик қилди. Кейин, мен учун мутлақо кутилмаганда, матбаа институтини битирди. Агар янглишмасам, қандайдир спорт нашриётига ишга кирди. Мендан икки баравар кўп маош ола бошлади.
Бизни нима боғлаб туришини англаш қийин. Кўпинча фақат иш юзасидангина гаплашардик. Ҳар биримизнинг ўз дўстларимиз бор эди. Ҳатто ўқийдиган китобларимиз ҳам ҳар хил эди.
Хотиним ҳар доим ўзига яқин турган китобни ўқийди. Ва дуч келган жойдан ўқиб кетаверади.
Дастлаб бу жаҳлимни чиқарарди. Кейин қўлига нуқул яхши китоблар яқин туришига ишондим. Менда бутунлай бошқача. Агар мен дуч келган китобни очсам, албатта у «Очилган қўриқ» бўлиб чиқади …
Унда бизни нима боғлаб туради ўзи? Ва умуман инсоний яқинлик нимадан туғилади? Сирасини айтганда булар оддий нарсалар эмас.
Мисол келтирсам, менинг учта холавачча укам бор. Уччаласиям — безори ва ароқхўр. Бирини яхши кўраман, бирига лоқайд қарайман, бирини умуман танимайман.
Биз ҳам шундай яшадик — биргаликда ва ҳар биримиз алоҳида. Баъзи ҳоллардагина бир-биримизга совға берардик. Гоҳо-гоҳо: «Сенга хурсандчилик учун гул келтираман», дер эдим.
Лена жавоб берарди:
— Ҳамма нарсам бор …
Мен ҳам совға кутмасдим. Шунга ўргангандим.
Бир оилани биламан. Эри эртадан-кечгача ишларди. Хотини телевизор кўрар ва магазинма-магазин санғирди. Бунинг устига: «Марикнинг туғилган кунига тўр парда сотиб олдим, кўзинг қамашади! …» дейишдан тинмасди.
Шу тарзда тўрт йил яшадик. Кейин қизимиз — Катя туғилди. Бу кутилмаган жиддий ва мўъжизавий бир ҳодиса эди. Биз икки киши эдик, қўққисдан серҳархаша, тўполончи, ўзига ғамхўрлик талаб этувчи яна бир инсон пайдо бўлди.
Қизимизни тарбиялаганимиз йўқ, фақат яхши кўрдик. Бунинг устига беш ойлигидан бошлаб у жуда кўп касал бўларди.
Умуман, қизимиз туғилганидан кейин оилали эканимизни англадик. Катя никоҳ гувоҳномаси ўрнига ўтди.
«Аврора» журнали таҳририятига аравача билан кириб борганим эсимда. Озгина қалам ҳақим бор эди. Амалдор хоним рўйхатни очди:
— Қўл қўйинг.
Сўнг қўшиб қўйди:
—Болангиз йўқлиги учун ўн олти сўм ушлаб қолинди.
— Аммо, — дедим мен, — менинг қизим бор.
— Ундай бўлса, ҳужжат кўрсатиш керак.
— Марҳамат.
Аравачадан пушти тугунчани олдим. Уни бош бухгалтер столига авайлаб қўйдим. Шундай қилиб, ўн олти сўмни сақлаб қолганман …
Хотиним билан муносабатларимиз ўзгармади. Тўғрироғи, деярли ўзгармади. Энди шахсий лоқайдлигимиз ўрнини умумий ташвишлар эгаллади. Масалан, қизимизни бирга чўмилтирамиз …
Бир куни Лена ишга кетганди. Мен уйда ушланиб қолдим. Одатдагидек, зарур қоғозни излар эдим. Агар янглишмасам, нашриёт шартномасининг нусхасини.
Шкафларни ағдар-тўнтар қилдим. Ёзув столи ғаладонларини бирма-бир кўздан кечирдим. Ҳатто тунги қутичани ҳам очиб кўрдим.
У ерда, китоблар, журналлар, эски хатлар остида бир альбом ётарди. Жуда кичкина суратлар сақланадиган, чўнтакка жойлашиб кетадиган мўъжаз альбом. Муқовасига қабариқ кабутар тасвири туширилган ўн беш вараққа яқин қалин қоғоз …
Уни очиб кўрдим. Илк суратлар сарғайиб кетган, ғижимланган. Баъзиларининг чеккалари йиртилган. Биттасида юзлари думалоқ гўдак итни силаб турарди. Тўғрисини айтганда, силаш учун қўл чўзганди. Паҳмоқ кучукнинг қулоқлари чимирилган. Бошқасида —қўлда ясалган қўғирчоғини қучоқлаб олган олти яшар қизча, иккаласининг ҳам қиёфаси қайғули ва паришон.
Кейин мен она, ота ва қизча туширилган оилавий суратни кўрдим. Отаси узун плашда ва похол шляпада эди. Узун енгидан бармоқ учлари зўрға чиқиб турибди. Хотини елкалари кенг кофта кийган, кокилдор, юмшоқ шарф ўраган. Қизча бир томонга кескин ўгирилган. Кузги калта пальтосининг унгири очилиб қолган. Кадрдан ташқаридаги қандайдир бир нарса диққатини тортгани сезилиб турибди. Балки дайди кучукчадир. Орқада, дарахтлар орасида, Царскосельский лицейининг кунгиралари кўзга ташланади.
Бошқа суратларда сунъий табассум қилиб жиддий турган қариндошларнинг қиёфалари. Темирйўлчилар кийимидаги кекса мўйловдор, Лениннинг ҳайкали олдида турган бир хоним, мотоцикл минган ўсмир. Кейин бир денгизчи, тўғрироғи, курсант кўринди. Ҳафсала билан соқолини қиргани ҳатто суратда ҳам сезилиб турибди. Унга қўлида бир даста марваридгул ушлаган қизча тикилган.
Мактабда туширилган силлиқ расм деярли бир бетни эгаллаган. Ҳаяжондан қотиб, қаққайиб турган тўрт қатор қиёфалар. Биронтасида ҳам болаларга хос қувноқ руҳ сезилмайди.
Ўртада — бир гуруҳ ўқитувчилар. Иккитаси нишондорлар — собиқ жангчилардан бўлса керак. Улар орасида — синф раҳбари. Уни осонликча билиб олиш мумкин. Кекса кампир кулиб турган икки ўқувчининг елкасидан қучоқлаган.
Учинчи қаторда чап томонда — менинг хотиним. Биргина у аппаратга қарамаган.
Барча суратларда уни танидим. Бир гуруҳ чанғичилар орасида, колхоз кутубхонаси ёнида туширилган жажжи суратчада. Ҳатто зўрға таниш мумкин бўлган ёшлар хорининг ўнгиб кетган қоғозида.
Эзилган туфли кийган бадқовоқ қизни осонгина танидим. Ҳуснихат билан «Евпатория» деб ёзилган суратдаги арзон чўмилиш кийими кийган вояга етган қиз. Колхоз кутубхонаси ёнида калта кўйлак кийган талаба. Хотиним ҳамма ерда қайғули кўринди.
Яна бир неча варақни очдим. Қиррадор кепка кийган ёш йигитни, қўл қовуштириб турган кампирни, нотаниш балеринани кўрдим.
Қўлимга артист Яковлевнинг сурати ҳам тушди. Тўғрироғи, унинг тасвири туширилган почта қоғози. Остига чиройли хат билан: «Лена! Санъатга хизмат қилиш учун инсон бутун ҳаётини бағишлаши керак. Рафиқ Абдуллаев», деб ёзилган.
Охирги саҳифани очдим. Бирдан ҳаво етишмай қолаётгандек бўлди. Нега шундай бўлганини билолмай қолдим ҳам. Юзим қизариб кетаётганини ҳис қилиб турардим.
Мен почта маркаси катталигидаги тўртбурчак суратни кўрардим. Тор пешона, ўсиб кетган соқол ишдан ҳайдалган матадор қиёфасини эслатарди.
Бу менинг суратим эди. Агар янгилашмасам, ўтган йилги гувоҳноманики. Чеккасидаги оқ бурчагида завод муҳрининг излари кўринади.
Уч дақиқагача қимирламай ўтириб қолдим. Даҳлизда соат чиқилларди. Дераза ташқарисида компрессор гуриллайди. Лифтнинг ғийқиллаши эшитилади. Мен эса ўтирардим.
Хўш, нима бўлди ўзи? Ҳеч нарса эмас. Хотини эрининг суратини альбомига солиб қўйибди. Бу одатий ҳол.
Аммо мен қаттиқ ҳаяжон ичида қолдим. Бунинг сабабини англаш учун ўзимни қўлга олишим қийин бўлди. Демак, бўлаётган ҳамма нарса жиддий экан. Буни энди ҳис этаётган эканман, ўтган йиллар ичида қанча муҳаббатни йўқотдик ахир?!.
Нима бўлаётганини ўйлашга мажолим қолмаганди. Севги шундай куч ва қудрат бағишлаши мумкинлигини билмаган эканман.
Нуқул ўйлардим: «Ҳозирдан қўлим қалтираса, кейин нима бўлади?»
Умуман, ўзимни қўлга олдим ва ишга жўнадим…
Олти йил ўтди, хорижга кетиш бошланди. Яҳудийлар ўз тарихий ватанлари ҳақида гапирадиган бўлдилар.
Илгари етук киши учун ағдарма пўстин ва номзодлик даражаси етарли эди. Энди бунинг ёнига Исроилга даъватнома ҳам қўшилди.
Қайси зиёлини олманг, шуни орзу қиларди. Ҳатто кетишни хаёлига келтирмаса ҳам. Ҳар эҳтимолга қарши деганларидек.
Дастлаб чинакам яҳудийлар кетишди. Сўнг келиб чиқиши шубҳали фуқаролар йўлга отланди. Яна бир йилдан кейин русларга ҳам рухсат тегди. Шулар орасида бизга таниш руҳоний ота Маврикий Рикунов ҳам Исроилдан даъватнома олиб чиқиб кетди.
Шунда хотиним хорижга кетишга қарор қилди. Мен эса қолишга қарор қилдим.
Нега қолишга қарор қилдим, буни айтишим қийин. Чамаси ҳали қандайдир машьум чизиққача етиб бормагандим. Яна қандайдир ноаниқ имкониятларни синаб кўргим келгандир. Балки онгсиз ҳолатда қатағонлар сари интилгандирман. Шунақаси ҳам бўлиб туради. Турмада ётиб чиқмаган рус зиёлисининг баҳоси бир пул…
Ундаги қатьият мени лол қолдирди. Лена тобе, итоаткор туюлганди. Ҳеч кутилмаганда бундай жиддий, узил-кесил қарор.
Қўлида қизил муҳр босилган ҳорижий қоғозлар пайдо бўлди. Олдига рухсат тегмаган баджаҳл, соқолли кишилар кела бошлади. Папирос қоғозига ёзилган қўлланмаларни қолдиришди. Менга ишончсизлик билан қарашди.
Мен эса сўнгги дақиқагача ишонмадим. Ҳаммаси ишониб бўлмайдиган даражада эди. Худди Марсга саёҳатга бориладигандек.
Қасам ичаманки, сўнгги дақиқагача ишонмадим. Биламан, аммо ишонмайман. Кўпинча шундай бўлади.
Ниҳоят, лаънати дақиқа ҳам етиб келди. Ҳужжатлар расмийлаштирилган, даъватнома олинган. Катя дугоналарига конфет қоғозлари ва маркаларини тарқатиб чиқди. Фақат самолётга чипта олиш қолганди.
Онам йиғларди. Лена ўз ташвишларига кўмилиб кетганди. Мен охирги ўринга сурилиб қолгандим.
Мен илгари ҳам унинг йўлини тўсмаганман. Ҳозир эса мени ўйлайдиган аҳволда эмасди.
Ниҳоят Лена билет олгани кетди. Битта қути кўтариб келди. Ёнимга келди ва:
— Озгина пул ортиб қолганди. Бу сенга, — деди.
Қутичада ҳорижий поплин кўйлак ётарди. Агар янглишмасам, румин маҳсулоти эди.
— Майли, — дейман, — раҳмат. Яхши кўйлак, одми, аъло сифатли. Яшасин ўртоқ Чаушеску! …
Фақат уни излаб қаерга бораман?
Ростини айтсам — қаерга?!
Sergey DOVLATOV
POPLIN KO’YLAK
«Chemodan»dan oltinchi hikoya
Ortiqboy Abdullaev tarjimasi
Xotinim meni koyiydi:
— Yalqovligi uchun ko’chaga chiqishni xohlamaydigan erkak bilan yashash — borib turgan aqlsizlik…
Xotinim doim mubolag’a qiladi. To’g’ri, ortiqcha tashvishlarni yoqtirmayman. Duch kelgan narsani yeyman. Tanib bo’lmaydigan alfozga kelganimdagina sochimni oldiraman. Ammo — birvarakayiga mashinkada. Yana uch oy soch oldirmaslik uchun.
Soddagina qilib aytganda, uydan chiqqim kelmaydi. Meni tinch qo’yishlarini xohlayman …
Bolaligimda Luiza Genrixovna degan enagam bo’lardi. U qamalishdan qo’rqib yashagani uchun hamma narsani pala-partish qilardi. Bir kuni Luiza Genrixovna menga kalta ishton kiygizdi. Shunda oyoqlarimni bitta tomoniga tiqib qo’ydi.
Oqibatda, kun bo’yi shunday yurdim.
Shunda to’rt yoshda edim, bu voqea yaxshi esimda qolgan. Noto’g’ri kiyintirishganini bildim. Ammo indamadim. Qayta kiyinishni xohlamadim. Hozir ham xohlamayman.
Shunga o’xshagan ko’plab voqealar yodimda. Bolaligimdan ortiqcha tashvishlardan qochish uchun hamma narsaga tayyor edim …
Bir vaqtlar nihoyatda ko’p ichardim. Va, tabiiyki, duch kelgan yerda sandiraqlab yuraverardim. Shu tufayli ko’pchilik meni juda dilkash odam deb o’ylashardi. Xolbuki, kayfim tarqalishi bilanoq bunaqa dilkashlikdan asar ham qolmasdi.
Shunga qaramay, yolg’iz o’zim yashay olmasdim. Elektr to’lov qog’ozi qaerda yotgani yodimda turmaydi. Dazmol qilishni, kir yuvishni bilmayman. Eng yomoni — daromadim kam.
Men yolg’izlikni afzal ko’raman, ammo kimningdir yonida ..
Xotinim doim mubolag’a qiladi.
— Men bilan nima uchun birga yashayotganingni bilaman. Aytaymi?
— Xo’sh, nimaga ekan?
— Yig’ma karavot sotib olishga erinasan!
Unga shunday javob berishim mumkin:
— O’zing-chi? Nega o’zing yig’ma karavot sotib olmaysan? Nega eng og’ir paytlarda meni tashlab ketmading? Sen to’qishni, yuvishni, notanish kishilarga toqat qilishni, eng muhimi, ko’p pul topishni bilasan-ku! …
Yigirma yil oldin tanishganmiz. Shu kuni yakshanba ekanini ham yaxshi eslab qolganman. O’n sakkizinchi fevral`. Saylov kuni.
Tashviqotchilar uylarga kirib yurishardi. Iloji boricha tezroq ovoz berishga chorlashardi. Men shoshilmasdim. Uch marta, umuman, saylovga bormaganman. Bu tuzumdan noroziligimdan emasdi. Aniqrog’i, bunaqa bema’ni ishlarniyomon ko’rganimdan.
Shunday qilib, qo’ng’iroq jiringladi. Bo’sag’ada— kuzgi kamzul kiygan yoshgina ayol. Ko’rinishidan — maktab o’qituvchisi, demak— qari qiz. To’g’ri, ko’zoynagi yo’q, ammo qo’lida qalin daftar.
U daftarga qarab, ismi-sharifimni aytdi.
— Ichkari kiring. Isining. Choy iching, — dedim men.
Xalati ostidan ko’zga tashlanib turgan mo»jaz oyoqlariga achinib qarayman. Bizda tananing bu a’zosiga mutlaqo befarq munosabatda bo’lishadi. Buning ustiga xalatiga ham dog’ tekkan.
— Yelena Borisovna, — tanishtirdi qiz o’zini, — sizning tashviqotchingizman… Haliyam ovoz berishga chiqmadingiz…
Bu savol emas, jiddiy ta’na edi. Men takrorladim:
— Choy ichasizmi? — Odob yuzasidan qo’shib qo’ydim: — Uyda oyim bor …
Oyim boshi og’rib yotardi. Bu esa uning baqirib gapirishiga xalaqit bermadi:
— Mening holvamga qo’l tekkiza ko’rmalaring!
— Ovoz berishga ulguramiz, — dedim men.
Shu payt Yelena Borisovna hech kutilmagan bir gapni aytib qoldi:
— Saylovlar odamni tahqirlashdan boshqa narsa emas. Buni bilaman. Ammo men nima qila olaman? Sizni saylovxonaga olib borishim kerak. Aks holda, uyga ketkazishmaydi.
— Tushunarli, — deyman, — faqat ehtiyot bo’ling. Bunaqa gaplar uchun maqtov eshitmaysiz.
— Sizga ishonsa bo’ladi. Men buni darrov angladim. Soljenitsinning suratini ko’rishim bilanoq.
— Bu Dostoevskiy. Ammo Soljenitsinni ham hurmat qilaman …
Keyin kamtarona nonushta qildik. Onam bari-bir xolvadan bir bo’lak kesib berdi.
Suhbatimiz, tabiiyki, adabiyot haqida ketdi. Lena Gladilin haqida gapira boshlasa, men qayta so’rardim:
— Tolya Gladilinmi?
Gap Shukshinga taqalsa, men aniqlashtirardim:
— Vasya Shukshinmi?
Axmadullina haqida gaplasha boshlaganimizda men xitob qildim:
— Bellajon!…
Keyin ko’chaga chiqdik. Uylar bayroqlar bilan bezatilgandi. Qor ustida konfet qog’ozlari sochilib yotardi. Qorovul Grisha jingalak junli pal`to kiyib, yasanib olgandi.
Ovoz berishni xohlamasdim. Faqat erinchoqligimdan emas. Yelena Borisovna yoqib qolgani uchun. Uyiga ketishi uchun hammamiz saylovga borishimiz kerak …
Biz «Ivanning bolaligi» kinosiga tushdik. Fil`m juda yaxshi bo’lib, uni takabburlik bilan kamsita olmasdim.
U paytlarda menga sarguzasht asarlari yoqardi. Ular hordiq chiqarishimga ko’mak berardi.
Tarkovskiy kartinalarini esa astoydil maqtab yurardim. Albatta, Tarkovskiy olti yildan beri mendan stsenariy kutayotganini ham qo’shib qo’yardim.
Kinodan chiqqach, Adabiyotchilar uyiga bordik. Biron-bir mashhur yozuvchini uchratishimizdan umidvor edim. Gorishin duch kelib qolsa, do’stona salomlashish mumkin edi. Sarxush Vol`f bilan quchoqlashib ko’rishardik. Yefimov yoki Konetskiy bilan bir oz chaqchaqlashardik. Men yosh yozuvchi hisoblanardim. Hatto Granin ham meni tanirdi.
Bir vaqtlar Leningradda mashhur odamlar ko’p edi. Masalan, Chukovskiy, Oleynikov, Zoshchenko, Xorms va boshqalar. Urushdan keyin ular juda kamayib ketdi. Ba’zilarini nimagadir otib yuborishdi, ba’zilari
Moskvaga ko’chib ketdi …
Biz restoranga ko’tarildik. Vino, buterbrod, shirinliklar buyurdik. Quymoq ham buyurmoqchi bo’ldimu, o’ylanib qoldim. Akam har doim: «Yaxshi taomlarni yeyishni bilmaysan», deb dakki berardi.
Cho’ntagimga qo’l solib, pulimni hisoblab ko’rdim.
Zal bo’sh edi. Eshik oldida nishondor Reshetov kitob o’qib o’tirardi. Haddan ziyod berilganiga qaraganda, u o’zining romani edi. Garov o’ynashim mumkin, bu roman «Sizga intilaman, odamlar!» deb atalardi.
Biz ichdik. Yevtushenkoning hayotiga doir o’zim guvoh bo’lgan uchta hodisani aytib berdim.
Nomdorlar esa kelavermadi. Odamlar anchagina ko’payib qolgandi. Yasama oyog’ini g’ijirlatib nasrnavis Goryanskiy oyna oldiga bordi. Peshtaxta oldida shoirlardan Chikin bilan Shteynberg turishardi. Chikin ma’qullardi:
— Rostini aytsam, Borya, sen falsafiy chekinishlarni boplaysan.
— Sen esa, Dima, ichki kechinmalarni yaxshi chizasan, — jo’r bo’lardi Shteynberg.
Chikin bilan Shteynberg mashhurlar jumlasiga kirmasdi. Goryanskiy esa, nemis kontslagerida qorovulni bo’g’ib o’ldirgani bilan shuhrat qozongandi.
Yonimizdan anchagina tanilgan tanqidchi Xalupovich o’tib qoldi. U menga uzoq tikilib turdi-da:
— Kechirasiz, sizni Lev Milinderga o’xshatibman … — dedi.
Biz ikki yuz gramm kon`yak buyurdik. Pulim kam qolgandi, mashhurlar esa ko’rinay demasdi.
Kelajagi porloq yozuvchi ekanimni Yelena Borisovna bilolmaydigan bo’ldi-da!
Xuddi shu asnoda restoranga yozuvchi Danchkovskiy kirib keldi. Ko’pchilikning gapiga qaraganda, u mashhur yozuvchilar jumlasiga kirardi.
Bir vaqtlar Leningradga Shklovdan ikki aka-uka kelib qolishgandi. Aka-ukalarni Saveliy va Leonid Danchikovskiy deb atashardi. Ular yozuvchilikda kuch sinab ko’rishdi. Qo’shiqlar, laparlar, intermediyalar yozishdi. Dastlab birga yozishardi. Keyin har biri alohida yoza boshladi.
Bir yildan so’ng ularning yo’li butunlay ajralib ketdi.
Ukasi familiyasini qisqartirishga jazm qildi. Danch deb imzo cheka boshladi. Ammo juhudligicha qoldi.
Akasi esa boshqa yo’l tutdi. U ham familiyasini qisqartirdi — faqat birgina «I» harfini tushirib qoldirdi. Endi u Danchkovskiy deb imzo chekadigan bo’ldi. Buning evaziga juhud emas, ruslashgan polyakka
aylandi.
Aka-ukalar orasida asta-sekin milliy ixtiloflar kuchaya bordi. Ular milliy zaminda ko’pincha janjallashib qolishardi.
— Jodugar, — baqirardi Leonid, — tillaparast, badmast aroqxo’r!
— Og’zingni yum, juhudbashara! — javob berardi Saveliy.
Ko’p o’tmay kosmopolitlarga qarshi kurash boshlandi. Leonidni qamoqqa olishdi. Bu vaqtda Saveliy marksizm-leninizm institutini bitirayotgandi.
U qalin jurnallarda qatnasha boshladi. Birinchi kitob bosildi. Tanqidchilar tiliga tushdi.
Asta-sekin u «leninchilar» qatoridan joy oldi. Ya’ni bitmas-tuganmas Leninnomaning yaratuvchilaridan biriga aylandi.
Dastlab «Volodyaning bolaligi» kitobini yozdi. Keyin — «Simbirskdan chiqqan bola» degan katta qissasi bosildi. So’ng «Olovli yoshlik» nomli ikki jildlik asarini chiqardi. Va, nihoyat, «Qo’zg’ol, la’nat-la tamg’alangan!» trilogiyasi e’lon qilindi.
Leninning tarjimai holini tugatgach, Danchkovskiy yondosh mavzularga qo’l urdi. «Lenin va bolalar» degan kitob yozdi. Keyin «Lenin va qishloq xo’jaligi» singari kitoblar chiqardi. Bularning hammasi ko’plab tillarga tarjima qilindi.
Danchkovskiy boyib ketdi. «Hurmat belgisi» nishoni bilan taqdirlandi. Bu paytga kelib, ukasi vafotidan so’ng oqlandi.
Danchkovskiy meni yaxshi tanirdi, sababi, u bir yildan ko’proq adabiy to’garagimizni boshqargandi.
Ana shu kishi restoranda paydo bo’ldi.
Men ovozimni pasaytirib, Yelena Borisovnaga shivirladim:
— Yaxshilab qarang — Danchkovskiy… Dovrug’i baland… Lenin mukofotini mo’ljallagan…
Danchkovskiy avtomat musiqa dastgohidan uzoqroqqa — burchakka yo’naldi. Yonimizdan o’tayotganda qadamini sekinlashtirdi.
Men betakalluf qadah ko’tardim. Danchkovskiy, salom-aliksiz, chertib gapirdi:
— «Avrora»dagi hajviyangni o’qidim. Menimcha, najas…
Biz restoranda soat o’n birlargacha qolib ketdik. Saylovxona allaqachon yopilgan edi. Keyin restoran yopildi. Onam boshi og’rib yotardi. Biz bo’lsak Fontanka qirg’og’ida sayr etib yurardik.
Yelena Borisovnaning itoatkorligi meni hayron qoldirardi. To’g’rirog’i, itoatkorligi emas, hayot hodisalariga loqaydligi. Hamma narsa xuddi ekranda lipillab o’tayotgandek tuyulardi.
U saylov uchastkasini unutgandi. O’ziga yuklatilgan vazifani bajarmagandi. Ma’lum bo’ldiki, hatto ovoz berishga ham ulgurmagan ekan.
Bularni nima uchun qildi? Tayinsiz hajviyalar yozib yurgan bir kishi bilan oqibati noma’lum munosabatlar uchunginami?
Men ham, albatta, ovoz bermadim. Fuqarolik burchimni bajarmadim. Men-ku boshqacha odamman. Nahotki, bir-birimizga shunchalik o’xshasak?
Nikohdan o’tganimizga ham yigirma yil bo’ldi. Yigirma yildan beri oramizda o’zaro yakkalik va hayotga loqaydlik hukmron.
Menda-ku ishga rag’bat, maqsad, xom xayollar va umid bor. Unda-chi? Unda faqat qizi va loqaydlik bor, xolos.
Lena biron narsani inkor etgani va bahslashganini eslay olmayman. Loaqal biron marta ishonch bilan jarangdor qilib: «Ha» yoki og’ir, shafqatsiz tarzda «yo’q» degan bo’lmasa kerak.
Uning hayoti televizor oynasi ortida o’tayotgandek. Kadrlar, qiyofalar, ovozlar o’zgardi, ezgulik va yovuzlik birdek uning izidan ergashadi. Mening sevgilim esa ekran tomonga qaragan holda doim muhim masalalar bilan mashg’ul bo’ladi.
Onam uxlab qolgandir deb o’ylab, uyga qaytdim. Yelena Borisovnani «Biznikiga kiraylik», deb taklif qilmadim. Hatto qo’lini ushlaganim ham yo’q.
Shunchaki uyga kirib bordik. Bu yigirma yil oldin bo’lgandi.
Bu yillar davomida ko’pgina do’stlarimiz sevishdilar, turmush qurishdilar va ajralishdilar. Ular bu mavzuda she’rlar va romanlar yozdilar. Bir respublikadan ikkinchisiga ko’chdilar. Ishlarini, e’tiqodlarini, odatlarini o’zgartirdilar. Dissidentlar yoki aroqxo’rlarga aylandilar. Birovlarning yoki o’zlarining hayotlariga suiqasd qildilar.
Atrofimizda go’zal, sirli olamlar paydo bo’ldi va gumburlab quladi. Tarang tortilgan torlardek insoniy munosabatlar uzildi. Baxt izlab yugurgan do’stlarimiz qayta tug’ilar va mahv bo’lishardi.
Biz-chi? Hayotning barcha yolg’on va dahshatlariga qarshi biz yagona boyligimiz — loqaydlikni ko’ndalang qo’yar edik. Qumda qurilgan qasr hech zamonda sobit tura oladimi? …
Har ikkisi ham qat’iyatsiz bo’lgan odamlarning sevgisi qay darajada mustahkam va ishonchli bo’ladi? …
Mudofaaga layoqatsiz bo’lsa ham muttasil bir-biriga raqiblik qilgan davlatlarning qay birini farovon deb aytish mumkin? …
Men ko’p tirajli gazetada ishladim. Yuz so’mga yaqin maosh olardim. Yana arzimagan qo’shimcha haq. Har oyda «xo’jalik yuritishning yanada samarador usul»larini o’zlashtirganim uchun qo’shiladigan to’rt so’mni aslo unuta olmayman.
Ko’pgina jurnalistlarga o’xshab roman yozishni orzu qilardim. Ammo boshqa jurnalistlardan farqli o’laroq, adabiyot bilan chinakamiga shug’ullana boshladim. Ammo qo’lyozmalarimni eng ilg’or jurnallar ham qaytarib berishardi.
Hozir bundan faqat xursand bo’laman. Senzura sharofati bilan o’rganish davri men uchun o’n yetti yilga cho’zildi. Shu yillarda bosib chiqarmoqchi bo’lgan hikoyalarim endi juda g’arib tuyuladi. Bir hikoyam «Fainaning taqdiri» deb nomlanganini eslash kifoya.
Lena hikoyalarimni o’qimas edi. Men ham taklif qilmaganman. Uning o’zi tashabbus ko’rsatmagan.
Rus yozuvchisi uchun ayol kishi uchta vazifani o’tashga qodir. Uni boqadi. Uning daho ekaniga astoydil ishonadi. Va nihoyat, ayol uni o’z holiga qo’yadi. Sirasini aytganda, keyingisi avvalgi ikki fazilatni inkor etmaydi. Lena hikoyalarim bilan qiziqmasdi. Hatto qaerda ishlashimni ham durustroq tasavvur qilmagan bo’lsa kerak. Faqat yozishimni bilardi.
Men ham u hakda shuncha narsani bilardim.
Xotinim avval sartaroshxonada ishlardi. Saylov voqeasidan keyin ishdan bo’shatib yuborishdi. U korrektorlik qildi. Keyin, men uchun mutlaqo kutilmaganda, matbaa institutini bitirdi. Agar yanglishmasam, qandaydir sport nashriyotiga ishga kirdi. Mendan ikki baravar ko’p maosh ola boshladi.
Bizni nima bog’lab turishini anglash qiyin. Ko’pincha faqat ish yuzasidangina gaplashardik. Har birimizning o’z do’stlarimiz bor edi. Hatto o’qiydigan kitoblarimiz ham har xil edi.
Xotinim har doim o’ziga yaqin turgan kitobni o’qiydi. Va duch kelgan joydan o’qib ketaveradi.
Dastlab bu jahlimni chiqarardi. Keyin qo’liga nuqul yaxshi kitoblar yaqin turishiga ishondim. Menda butunlay boshqacha. Agar men duch kelgan kitobni ochsam, albatta u «Ochilgan qo’riq» bo’lib chiqadi …
Unda bizni nima bog’lab turadi o’zi? Va umuman insoniy yaqinlik nimadan tug’iladi? Sirasini aytganda bular oddiy narsalar emas.
Misol keltirsam, mening uchta xolavachcha ukam bor. Uchchalasiyam — bezori va aroqxo’r. Birini yaxshi ko’raman, biriga loqayd qarayman, birini umuman tanimayman.
Biz ham shunday yashadik — birgalikda va har birimiz alohida. Ba’zi hollardagina bir-birimizga sovg’a berardik. Goho-goho: «Senga xursandchilik uchun gul keltiraman», der edim.
Lena javob berardi:
— Hamma narsam bor …
Men ham sovg’a kutmasdim. Shunga o’rgangandim.
Bir oilani bilaman. Eri ertadan-kechgacha ishlardi. Xotini televizor ko’rar va magazinma-magazin sang’irdi. Buning ustiga: «Marikning tug’ilgan kuniga to’r parda sotib oldim, ko’zing qamashadi! …» deyishdan tinmasdi.
Shu tarzda to’rt yil yashadik. Keyin qizimiz — Katya tug’ildi. Bu kutilmagan jiddiy va mo»jizaviy bir hodisa edi. Biz ikki kishi edik, qo’qqisdan serharxasha, to’polonchi, o’ziga g’amxo’rlik talab etuvchi yana bir inson paydo bo’ldi.
Qizimizni tarbiyalaganimiz yo’q, faqat yaxshi ko’rdik. Buning ustiga besh oyligidan boshlab u juda ko’p kasal bo’lardi.
Umuman, qizimiz tug’ilganidan keyin oilali ekanimizni angladik. Katya nikoh guvohnomasi o’rniga o’tdi.
«Avrora» jurnali tahririyatiga aravacha bilan kirib borganim esimda. Ozgina qalam haqim bor edi. Amaldor xonim ro’yxatni ochdi:
— Qo’l qo’ying.
So’ng qo’shib qo’ydi:
—Bolangiz yo’qligi uchun o’n olti so’m ushlab qolindi.
— Ammo, — dedim men, — mening qizim bor.
— Unday bo’lsa, hujjat ko’rsatish kerak.
— Marhamat.
Aravachadan pushti tugunchani oldim. Uni bosh buxgalter stoliga avaylab qo’ydim. Shunday qilib, o’n olti so’mni saqlab qolganman …
Xotinim bilan munosabatlarimiz o’zgarmadi. To’g’rirog’i, deyarli o’zgarmadi. Endi shaxsiy loqaydligimiz o’rnini umumiy tashvishlar egalladi. Masalan, qizimizni birga cho’miltiramiz …
Bir kuni Lena ishga ketgandi. Men uyda ushlanib qoldim. Odatdagidek, zarur qog’ozni izlar edim. Agar yanglishmasam, nashriyot shartnomasining nusxasini.
Shkaflarni ag’dar-to’ntar qildim. Yozuv stoli g’aladonlarini birma-bir ko’zdan kechirdim. Hatto tungi qutichani ham ochib ko’rdim.
U yerda, kitoblar, jurnallar, eski xatlar ostida bir al`bom yotardi. Juda kichkina suratlar saqlanadigan, cho’ntakka joylashib ketadigan mo»jaz al`bom. Muqovasiga qabariq kabutar tasviri tushirilgan o’n besh varaqqa yaqin qalin qog’oz …
Uni ochib ko’rdim. Ilk suratlar sarg’ayib ketgan, g’ijimlangan. Ba’zilarining chekkalari yirtilgan. Bittasida yuzlari dumaloq go’dak itni silab turardi. To’g’risini aytganda, silash uchun qo’l cho’zgandi. Pahmoq kuchukning quloqlari chimirilgan. Boshqasida —qo’lda yasalgan qo’g’irchog’ini quchoqlab olgan olti yashar qizcha, ikkalasining ham qiyofasi qayg’uli va parishon.
Keyin men ona, ota va qizcha tushirilgan oilaviy suratni ko’rdim. Otasi uzun plashda va poxol shlyapada edi. Uzun yengidan barmoq uchlari zo’rg’a chiqib turibdi. Xotini yelkalari keng kofta kiygan, kokildor, yumshoq sharf o’ragan. Qizcha bir tomonga keskin o’girilgan. Kuzgi kalta pal`tosining ungiri ochilib qolgan. Kadrdan tashqaridagi qandaydir bir narsa diqqatini tortgani sezilib turibdi. Balki daydi kuchukchadir. Orqada, daraxtlar orasida, Sarskoselskiy litseyining kungiralari ko’zga tashlanadi.
Boshqa suratlarda sun’iy tabassum qilib jiddiy turgan qarindoshlarning qiyofalari. Temiryo’lchilar kiyimidagi keksa mo’ylovdor, Leninning haykali oldida turgan bir xonim, mototsikl mingan o’smir. Keyin bir dengizchi, to’g’rirog’i, kursant ko’rindi. Hafsala bilan soqolini qirgani hatto suratda ham sezilib turibdi. Unga qo’lida bir dasta marvaridgul ushlagan qizcha tikilgan.
Maktabda tushirilgan silliq rasm deyarli bir betni egallagan. Hayajondan qotib, qaqqayib turgan to’rt qator qiyofalar. Birontasida ham bolalarga xos quvnoq ruh sezilmaydi.
O’rtada — bir guruh o’qituvchilar. Ikkitasi nishondorlar — sobiq jangchilardan bo’lsa kerak. Ular orasida — sinf rahbari. Uni osonlikcha bilib olish mumkin. Keksa kampir kulib turgan ikki o’quvchining yelkasidan quchoqlagan.
Uchinchi qatorda chap tomonda — mening xotinim. Birgina u apparatga qaramagan.
Barcha suratlarda uni tanidim. Bir guruh chang’ichilar orasida, kolxoz kutubxonasi yonida tushirilgan jajji suratchada. Hatto zo’rg’a tanish mumkin bo’lgan yoshlar xorining o’ngib ketgan qog’ozida.
Ezilgan tufli kiygan badqovoq qizni osongina tanidim. Husnixat bilan «Yevpatoriya» deb yozilgan suratdagi arzon cho’milish kiyimi kiygan voyaga yetgan qiz. Kolxoz kutubxonasi yonida kalta ko’ylak kiygan talaba. Xotinim hamma yerda qayg’uli ko’rindi.
Yana bir necha varaqni ochdim. Qirrador kepka kiygan yosh yigitni, qo’l qovushtirib turgan kampirni, notanish balerinani ko’rdim.
Qo’limga artist Yakovlevning surati ham tushdi. To’g’rirog’i, uning tasviri tushirilgan pochta qog’ozi. Ostiga chiroyli xat bilan: «Lena! San’atga xizmat qilish uchun inson butun hayotini bag’ishlashi kerak. Rafiq Abdullaev», deb yozilgan.
Oxirgi sahifani ochdim. Birdan havo yetishmay qolayotgandek bo’ldi. Nega shunday bo’lganini bilolmay qoldim ham. Yuzim qizarib ketayotganini his qilib turardim.
Men pochta markasi kattaligidagi to’rtburchak suratni ko’rardim. Tor peshona, o’sib ketgan soqol ishdan haydalgan matador qiyofasini eslatardi.
Bu mening suratim edi. Agar yangilashmasam, o’tgan yilgi guvohnomaniki. Chekkasidagi oq burchagida zavod muhrining izlari ko’rinadi.
Uch daqiqagacha qimirlamay o’tirib qoldim. Dahlizda soat chiqillardi. Deraza tashqarisida kompressor gurillaydi. Liftning g’iyqillashi eshitiladi. Men esa o’tirardim.
Xo’sh, nima bo’ldi o’zi? Hech narsa emas. Xotini erining suratini al`bomiga solib qo’yibdi. Bu odatiy hol.
Ammo men qattiq hayajon ichida qoldim. Buning sababini anglash uchun o’zimni qo’lga olishim qiyin bo’ldi. Demak, bo’layotgan hamma narsa jiddiy ekan. Buni endi his etayotgan ekanman, o’tgan yillar ichida qancha muhabbatni yo’qotdik axir?!.
Nima bo’layotganini o’ylashga majolim qolmagandi. Sevgi shunday kuch va qudrat bag’ishlashi mumkinligini bilmagan ekanman.
Nuqul o’ylardim: «Hozirdan qo’lim qaltirasa, keyin nima bo’ladi?»
Umuman, o’zimni qo’lga oldim va ishga jo’nadim…
Olti yil o’tdi, xorijga ketish boshlandi. Yahudiylar o’z tarixiy vatanlari haqida gapiradigan bo’ldilar.
Ilgari yetuk kishi uchun ag’darma po’stin va nomzodlik darajasi yetarli edi. Endi buning yoniga Isroilga da’vatnoma ham qo’shildi.
Qaysi ziyolini olmang, shuni orzu qilardi. Hatto ketishni xayoliga keltirmasa ham. Har ehtimolga qarshi deganlaridek.
Dastlab chinakam yahudiylar ketishdi. So’ng kelib chiqishi shubhali fuqarolar yo’lga otlandi. Yana bir yildan keyin ruslarga ham ruxsat tegdi. Shular orasida bizga tanish ruhoniy ota Mavrikiy Rikunov ham Isroildan da’vatnoma olib chiqib ketdi.
Shunda xotinim xorijga ketishga qaror qildi. Men esa qolishga qaror qildim.
Nega qolishga qaror qildim, buni aytishim qiyin. Chamasi hali qandaydir mash`um chiziqqacha yetib bormagandim. Yana qandaydir noaniq imkoniyatlarni sinab ko’rgim kelgandir. Balki ongsiz holatda qatag’onlar sari intilgandirman. Shunaqasi ham bo’lib turadi. Turmada yotib chiqmagan rus ziyolisining bahosi bir pul…
Undagi qat`iyat meni lol qoldirdi. Lena tobe, itoatkor tuyulgandi. Hech kutilmaganda bunday jiddiy, uzil-kesil qaror.
Qo’lida qizil muhr bosilgan horijiy qog’ozlar paydo bo’ldi. Oldiga ruxsat tegmagan badjahl, soqolli kishilar kela boshladi. Papiros qog’oziga yozilgan qo’llanmalarni qoldirishdi. Menga ishonchsizlik bilan qarashdi.
Men esa so’nggi daqiqagacha ishonmadim. Hammasi ishonib bo’lmaydigan darajada edi. Xuddi Marsga sayohatga boriladigandek.
Qasam ichamanki, so’nggi daqiqagacha ishonmadim. Bilaman, ammo ishonmayman. Ko’pincha shunday bo’ladi.
Nihoyat, la’nati daqiqa ham yetib keldi. Hujjatlar rasmiylashtirilgan, da’vatnoma olingan. Katya dugonalariga konfet qog’ozlari va markalarini tarqatib chiqdi. Faqat samolyotga chipta olish qolgandi.
Onam yig’lardi. Lena o’z tashvishlariga ko’milib ketgandi. Men oxirgi o’ringa surilib qolgandim.
Men ilgari ham uning yo’lini to’smaganman. Hozir esa meni o’ylaydigan ahvolda emasdi.
Nihoyat Lena bilet olgani ketdi. Bitta quti ko’tarib keldi. Yonimga keldi va:
— Ozgina pul ortib qolgandi. Bu senga, — dedi.
Qutichada horijiy poplin ko’ylak yotardi. Agar yanglishmasam, rumin mahsuloti edi.
— Mayli, — deyman, — rahmat. Yaxshi ko’ylak, odmi, a’lo sifatli. Yashasin o’rtoq Chaushesku! …
Faqat uni izlab qaerga boraman?
Rostini aytsam — qaerga?!